Текст книги "Мени ёлғиз қолдирма"
Автор книги: Зеус Кабадайи
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
МЕНИ РУҲСИЗ ҚОЛДИРДИНГ
Сен билан нимани бўлиша олмадик? Нима қилдимки, мени ўлдирдинг? Эркак бўлганим учунми? Кучим етади, дея бунга қўл урдингми? Бу кун менинг ғамимда онам йиғлаяпти. Аслида мен сени қандай севиб қолдим? Ичингда йиртқич борлигини нега кўра олмадим?
Мени ўлдирганингдан сўнг ҳеч пушаймон бўлмадингми? Мен у аёлни севар эдим, унга ошиқ эдим; энди эса у мен учун йўқ демадимми? Инсон севганидан қандай воз кечиши мумкин? Қанақасига бунақа тошюрак бўлдинг?
Ўзимни мудофаа қилолмаяпман, дея шу қадар ғаддор бўласанми?
Майли, мени ўлдирдинг, лекин оиламни, онамни ҳеч ўйламадингми? У ўлса, онаси ҳам ўлади, демадингми?
Отам-чи? Ота учун фарзанд нима эканлигини сен мендан ҳам яхши биласан. Мени ўлдиргандан сўнг, сенингча, отам қандай ҳолга тушди? Унинг ўрнига ўзингни қўйиб, бир ўйлаб кўрсанг бўларди… Улғайтир, катта қил, мактабга юбор, кўз қорачиғидай асра, кейин бўлса, бир аблаҳ келсинда, уни ўлдирсин…
Бу сенга ёқадими?
Фарзандинг ўлса, қай ҳолга тушардинг?
Ишончим комилки, отамнинг ҳоли абгор…
Сен мендан воз кечдинг. Бу ҳаётда мени ярим йўлда ташлаб кетдинг.
Энди ўзингни одам дейсанми? Сен ҳам одам бўлдинг-у!
Агар одамман, дея олсанг, қаддингни ур…
Ҳанузгача ўзингча шундай деётган бўлсанг, кошки тирик бўлсам-у, башарангга тупурсам!
Аммо тупура олмайман!
Чунки мени ўлдирдинг!
Чунки мени кемтик қилиб кетдинг!
Баъзи одамларда бўлмаган
покиза қалбинг бор
Ўшандай қол!
Бировнинг йўриғига юришга мажбур
эмассан.
Якка-ёлғиз қолсанг-да, ўз-ўзингча,
борингча жуда
гўзалсан
ЁЛҒИЗ ТАШЛАБ КЕТДИНГ
Мени ёлғиз ташлаб кетдинг. Ҳолбуки, мен бир умр бирга яшаймиз, деб ўйлаган эдим. Орзуларимиз эсингдами? Мен эслайман ва ўзимни осмон устимга ағдарилиб, пароканда бўлгандай ёлғиз ҳис қиламан…
Масалан, мендан кейин бошқа бировга «Сени севаман» дея олдингми? Ёки бошқа биров сенга шундай дедими? У билан иккимиздай яқин бўла олдингми?
Сенсиз не қилганимни билмайман.
Энди кунларим олдингидай нурафшон эмас.
Энди ёлғизлик билан ошноман ва «энди» дейишдан воз кеча олмайман.
Чунки ўзимни бу дунёда ортиқча ҳис қилмоқдаман…
Атрофимдагилар сени сўрайди: қаерда, қандай, ким билан ва ҳоказо. Аслида ўзим сендан шуларни сўрашим керак: қаердасан, қандайсан, ким билансан? Бир-биримизни шунчалик ўрташимизга ҳожат бормиди?
Севгилим, устимдан неча-неча қора булутлар кечиб ўтди, аммо юрагимга бир томчи ёмғир тушгани йўқ, ичимдаги ёнғин кулга айланмади.
Гўё бутун дунёда шамол эсмоқда, бу шамоллар мени учириб юборай дейди, лекин мени ёндираётган оташни ўчира олмайди… Мен эриб битаётгандайман…
Бу орада мени ҳеч соғиндингми? Масалан, сени қучишимни, ўпишимни, эрталабданоқ яхши хабарлар айтишимни… Буни ҳеч ўйладингми? Келганимни била туриб, нега излаб келмадинг?
Соғинганингда қидириб топган бўлур эдинг.
Ҳаммасини бир томонга қўявер, лекин мен сени жуда соғиндим.
Шуни билки, сени соғиндим.
Энг кўп – ифорингни…
Ҳаётда нималардир тескарисига кетмоқда, аммо қандай бўлсам, ҳалигача ўшандайман, тўғриман. Нега тўғриман, буни ўзим ҳам билмайман. Кутишдан бўлса керак… Одам кутаверади, кутаверади, лекин ўша кутган поезди ҳеч келмайди. Аслида кўпдан-кўп поездлар келади, лекин тушганлар орасида сен йўқсан…
Энди воз кечдим, кутмайман.
Мен бу поезддан ҳеч ким тушмаслигини истайман. Ўша поезд мени олиб кетсин. Кутиш ва топиш бўлмайдиган ерларга олиб кетсин, сендан узоқларга олиб кетсин мени.
Аслида сен мен учун ўша поезднинг ўзгинаси эдинг, аммо мени олиб кетмадинг. Сен мени бегона бекатда тушириб қолдирдинг ва йўлингда давом этдинг.
Сендан «Мени нега севмай қўйдинг?» дея сўрамадим.
Мен севгига лойиқ эмасманми? Туйғуларим сенга етарли бўлмадими? Хоҳлаганларингни сенга бермадимми? Ичимда саволлар бисёр. Ярим йўлда қолиш туйғуси ана шундай бўлар экан. Кўнглингдаги жавобсиз қолган саволлар каби ҳикоянг ҳам ярим қолар экан.
Сўрайсан, аммо жавоб йўқ.
Кутасан, аммо ташриф йўқ.
Ўзи ростдан ҳам мени севганмидинг?
Мен бир-биримизни севамиз деб ўйлардим. Фақат мен шундай деб ўйлаган бўлсам керак…
Одам дегани севганини ташлаб кетадими? Кетар экан.
Сени севиш дунёдаги энг аҳмоқона иш эканини билдим.
Охиригача бир-бирини севмас экан, нега унда севишиш керак? Бу аҳмоқлик, севгилим…
Аммо инкор этолмайман. Бу йўлга ўзим хоҳлаб кирдим. Қандайдир ёлғон борлигини сезардим; балки ўзим била-кўра туриб бу ёлғонга, қалбимдаги севгига ишондим, сенга ишончим ниҳоясиз эди.
Бўлмади.
Энди бир бўшлиқни қучоқлагандайман.
Пушаймонманми? Асло! Севаманми? Сўнггига қадар.
Кел, десанг келаманми? Келолмайман.
Чунки бир марта ярим йўлда ташлаб кетдинг. Одам дегани бир бутун бўлишдан воз кечадими? Воз кечар экан…
Нега? Чунки сен мени севмайсан. Одам дегани «Бир бутун бўламиз» дея севмаган кишисининг ёнига бориши мумкинми? Ёки бориши керакми? Менимча, бормайди, яъни бормаслиги даркор…
Ишқ бор, аммо ғурур ҳам бор. Ишқда ғурур бўладими, дейишинг мумкин севгилим. Бўлади!
Ҳа, сени қаттиқ яхши кўрган, сен учун ўлимга тайёр бўлган бўлишим мумкин; кетайлик десанг, кетган, қолайлик десанг, қолган бўлардим. Аммо сен менга «Энди сени севмайман, билганингдан қолма», дединг. Кечагина «Сенсиз ўлиб қоламан» деган одам бугун «Менсиз яшайвер», демоқда.
Дейишинг мумкин, бунга ҳаққинг бор. Қалбингдан нелар ўтмоқда – билмайман, аммо мен сендан розиман.
Юрагимга тош боғлаб кетмоқдаман ва фақат сени севаман, дейман. «Сени севаман, севгилим». «Кошки бундай бўлмаса эди», демайман, яхшиям шундай бўлди.
Менга не бўлди?
Ярим йўлда қолдим…
Мени
аросатда
қолдириб
кетдинг
МЕН УЧУН НИМАДИР ҚИЛ
Мен бутун умрим мобайнида ўзгалар учун ишладим, ҳаракат қилдим. Хўш, бу одамлар мен учун нима қилишди? Ҳеч нарса!.. Ҳаммага яхши бўлсин, сиқилмасин, дея умримни бағишладим. Яхшими, очми, тўқми, қаердалар, нима қилаётирлар… Мана шуларни ўйлаган мен бўлдим. Лекин энди, кел, кўр, мен йиқилдим, лекин мени турғазиш учун ҳеч ким қўлини узатгани йўқ.
Ташқаридан қараганда жуда кучли кўринаманми? Ажабо, одамлар мени енгилмас, юраги тошдан бўлса керак, деб ўйлайдиларми?
Ҳаётда ҳамма нарсани кўрингани каби деб ўйлаш энг катта хатодир. Ҳақиқий қобилият – кўринмаганни, одам қалбининг тўрида пинҳон туйғуларни сезишдир. Бирор кишини билмоқчи бўлсангиз, унинг ҳақиқий ҳис-туйғуларини кашф этишга ғайрат қилинг. Акс ҳолда бутун муносабатлар юзаки бўлади, юзаки муносабатлар эса бир муддатдан сўнг йўқ бўлиб кетади. Бу табиат қонуни!
Қачондир мен йиқиламан ва ўрнимдан тура олмайман. Қўл узатмасангиз ҳам майли, жуда бўлмаганида узоқдан: «Қани тур, буни уддалайсан!», денг, мен шунга ҳам розиман. Инсоннинг унга ишонадиган одамлар бор эканини билишининг ўзи катта неъмат, катта кучдир. Буни қадрлайдиган кишиларингиздан меҳрингизни дариғ тутманг. Вақти келганида севгингизни ҳам, қўллаб-қувватлашингизни ҳам билдириб қўйинг.
Одамлар лоқайд экан, уларга ёқиш учун ҳаракат қилишдан жуда чарчадим…
Масалан, бир дўстим бор эди. Бир куни рўпарасига ўтириб, «Охирига қадар бирга бўламизми?» деб сўрадим. У: «Пулинг бўлмаса ҳам менга барибир, сен билан бир майизни бўлишишга-да тайёрман», дея жавоб берган эди. Орадан бир йил ўтди. Хўш, нима бўлди, дейсизми?
Ўша суҳбатдан кейин бир йил ўтган ва пулсиз қолган куним эди. Танишларимдан бироз қарз олдим. Чунки овқатланиш, кейин кинога киришга келишган эдик. Албатта, булар учун пул керак… Кейин башанг кийиндим, сочларимни текислатдим, устимга чиройли кўйлак ва қора жинси шим кийдим. Таксига чиқиб, унинг уйига йўл олдим. Етиб боргач, пастдан туриб қўнғироқ қилдим ва кутаётганимни айтдим.
У ҳам сартарошга борган, сочларини текислатган эди. Зинапоядан худди дўконлардаги менекенларга ўхшаб тушиб келди. Қучоқлашиб кўришганимиздан кейин унга юзландим: «Азизим, сенга бир гап айтаман, лекин хафа бўлиш йўқ!» Шу заҳотиёқ нима бўлганини сўради, мен ҳам жавоб бердим: «Сен билан режа тузган эдик, аммо менда бир чақа ҳам пул йўқ. Мени кечир».
Ниятим – уни синамоқ эди. Ҳар ҳолда орадан вақт ўтган эди. Узундан-узоқ бир йил…
Менга бир муддат ҳайрон бўлиб қараб турди ва кейин: «Уф-ф! Айтсанг бўлмасмиди? Унда нега бунчалик тайёргарлик кўрдим?!» деди. Кўзларига тикилиб, «Майли, битта-яримта тешиккулча ермиз унда», дедим.
Шундай дейишим билан дунё остин-устин бўлиб кетди. Қушлар учмай қўйди, шамол эсмади. Кўзларида афсус-надоматдан бошқа нарса кўрмадим ва ўша ернинг ўзида, ўша куни, ўша сонияда у билан алоқани уздим.
Инсонларга ёқиш ҳақиқатан ҳам кўп мушкул иш. Кўп ғайрат, кўп ҳаракат, интилиш тақозо этади бу. Аммо буларнинг ҳаммаси айни вақтда бор куч-қувватингни, ғайратингни сарфлаш демакдир. Қанча куч-қувват сарфлаган бўлсанг-да, уларнинг назарида заррача қадр-қимматга эга бўла олмайсан…
Ўйлайманки, улар ҳам бор кучимизни сўриб, ёнимизда борини сарфлаб чарчамасалар керак. Тугаб-битишимизни истамасликлари эса – биздан фойдаланишда давом этишни хоҳлаганлари учун бўлса керак.
Ичимдаги овоз доим мени огоҳлантиради, энг мушкул пайтларимда ҳам сўзлашдан тўхтамайди:
«Бу ҳаётда кўп нарсани кўрдик, бошдан кечирдик, ҳеч нарса бизни енгиб, йиқа олмади.
Булар йиқармиди?
Кўп қийин бўлади!»
Чўнтагимда бор-йўғи бир неча чақа қолган вақтлари ҳам остонасига борар, сени севаман дер ва уйимга пиёда қайтар эдим. У менинг ҳолимга қаради дегунча юз-кўзимда истеҳзоли табассум пайдо бўларди.
Майли, бу муҳим эмас…
Мен шунда ҳам табассумимдан воз кеча олмайман. Ҳаёт гўзалликларига ишонишдан асло чекинмайман.
Муҳими – севмоқ, севилмоқ, ҳаракат қилмоқ. Бошқаси шиширилган пуфак. Қанчалик юқорига кўтарилмасин, барибир ёрилади, албатта, ёрилади…
Мен чин туйғуларни ахтаришдан ва бир куни ўша туйғуларни топишдан асло воз кечмайман.
Қалбингни яралаган
одамлардан узоқлаш
Маълум муддатдан сўнг,
ҳануз ёлғиз бўлсанг, демак,
керагича узоққа
кетибсан
Бир гапга қаттиқ ишонаман:
«Етимдан яхши сўзингни аяма,
кўрга чиройли кўринаман,
деб уринма»
Чарчайсан!
ТАНИШИШ ТУРЛИ ХИЛ, АЙРИЛИҚ ЖАФОСИ ЎХШАШ
Ҳеч нарсани билмоқчи эмасдим. Ҳеч нарса билмаслик яхшироқ. Чунончи, ошиқ бўлишни, ишқ нима эканини билишни истамас эдим. Жуда бўлмаганида жафо чекмаган бўлардим. Тушунсангчи, ҳозиргача ҳеч ошиқ бўлмадинг, лекин охироқибат бир яхши кишини топасан, ошиқ бўлиб, бирга умргузаронлик қиласан. Бу жуда ғаройиб орзу, шундай эмасми?
Баъзилар «Ошиқ бўлиш яхши», дейишади. Мен ҳам шу фикрдаман. Ошиқлик бир марта бўлсин, бўлганида ҳам ҳақиқий бўлсин! Шамолда у ёқдан бу ёққа учадиган бир парча қоғоздек бўлишни хоҳламайман. Ҳаётимга кириқб келган киши билан гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа судралдим. Уст-бошим кир бўлди. Ташлаб кетилган киши бошқа бировга ишониши мумкинми?
Эҳтиёжсиз яшашдан яхшиси йўқ. Бошқа кишига озор бермайсан.
Суймаган инсон билан яшаяпсан, дейлик, сен унинг олдида ўзингни гуноҳкор сезмайсанми? Мен гуноҳ орттиришдан ҳам, афсус-надомат че кишдан ҳам қўрқадиган бўлиб қолдим. Бу балки ўзимдан кўра кўпроқ бошқаларни ўйлаганимдан бўлса керак.
Энг яхшиси – ҳеч нарса билмаслик. Айниқса, мени севмаслигини билишни истамасдим. Буни қара-я, умрингнинг ҳар дақиқасини унга бағишлайсан ва охирида у сени ҳеч севмаган бўлиб чиқади.
Буни билиш инсонни қаттиқ азобга солади.
Мен азобландим, боз устига жуда азобландим.
Иккимизнинг биргина ўхшаш жиҳатимиз, тўғрироғи, сен билан менинг, ҳатто бутун дунёнинг ўхшашлиги: танишувлар турли хил, айрилиқ жафоси эса ўхшаш.
Сен севгилинг билан қаҳвахонада, интернетда ёки кўча-кўйда танишган бўлишинг мумкин. Бошқа замонда, бошқа маконда, бошқача шароитда турмуш кечирган бўлишингиз мумкин. Лекин айрилган вақтингиз… Севгилимиз бизни ташлаб кетган он… Ана шунда айни ҳис-туйғуларни бошдан кечирамиз.
Танишувлар турли хил, аммо айрилиқ жафоси ўхшаш. Шу боисдан сен ҳам, мен ҳам бир-биримизни шунчалик яхши тушунамиз. Шу боисдан денгиз соҳилида ўтирган вақтимизда, ҳатто ютина олмаймиз. Ютина олсак-да, жафолар гирдобида қоламиз. Соатлаб ўйга чўмамиз, хотиралар денгизига ғарқ бўламиз.
Нафасимни ичимга ютиб, сени бағримга босишни ва «Кел, елкамга бош қўйиб йиғла», дейишни шунчалар истар эдимки… Лекин сен барибир мени ёнингда деб ҳис қил, хўпми? Ҳа, шу лаҳзада ёнингда бўлмаслигим мумкин, аммо бу ёнингда эмасман, деган маънони англатмайди. Биламан, якка-ю ягонам, кошки шу паллада мен ҳам ҳеч нарса билмасайдим, деяпсан. Кошки билмасайдик. Лекин сен билан мен ишқни охиригача биламиз ва умримизнинг охиригача шундай бўлиб қолади. Умримизнинг сўнгигача бунинг жабрини чекамиз.
Буни ҳис қилмаганлар борми?
Бор.
Бўлмайдими?
Дунёда севги нималигини билмайдиган миллионлаб инсонлар бор. Лекин сен билан мен бу тоифага кирмаймиз. Ҳамиша севамиз. Жафосини тортсак-да, кулишни ҳам биламиз. Севгининг энг аччиқ онларини ҳам биламиз, бу севги кучи билан ҳаётда олға қадам ташлашни ҳам биламиз. Чунки сен билан мен мана шунақамиз, бу бизнинг ўзлигимиздир.
Севамиз, севиламиз. Бошқалар каби бўлолмаймиз. Ўйин ўйнамаймиз, ниқоб тақмаймиз.
Нима ҳам қилардик, ўзимизни зўрлаб севдира олмаймиз…
Биз ярим йўлда кемтик қолганларданмиз…
Якка-якка қолдик, лекин гўзалмиз…
Доим гўзал бўлганмиз.
Йўқотсак нима бўлади?
Биз буларни билган, бошимиздан ўтказган ҳолда нусрат қозонишни ўргандик, буни унутма!
ҲАЛИЯМ УМИДИМ БОР
Баъзан қайсидир танишингни яхши инсон дейсан, лекин бундай бўлавермайди. Айниқса, энди танишган кимсага бутун бошдан кечирганларини ипидан игнасигача айтиб берадиган даражада аҳмоқ бўлиш мумкинми? Бўлиши мумкин… Ўша менман.
Буни нега қилганимни ўзим ҳам билмайман. Аммо ягона билганим – шуни жуда истаганимдир. Кулишлари ғоят латиф эди; таъриф ҳам қилолмайдиган бир ҳиссиётга асир бўлдим, алдандим.
Бошқасига кўнгил берган одамга кишан бўласиз, холос. Кўнглида ким – билмайман, аммо кўнгли ва кулишларининг қийматини ўзи ҳам билмагани аниқ.
Мен хоҳламаганманми? Табиийки, хоҳлар эдим. Лекин ҳаёт унчалик оддий эмас. Одамда бир мартагина бўлса ҳам, имкон бўлмоғи даркор. Нима, яъни кимдир чиқиб, «мен келдим» дейиши ва унга ошиқ бўлишим керакмиди? Бу шунчаки ҳазил, лекин комедия эмас.
Шундай бўлса-да, ўйлаш, орзу қилиш нақадар яхши. Кошки шундай бўлсайди?! «Келдим» десайди, мен ҳам «Хуш келибсан» десайдим ва у билан бирга бўлсайдим. Ҳеч қачон бундай бўлмайдими? Бировни кўриб қолсаг-у, у бизни шартта севиб қолса. Биз ҳам уни севиб қолсак, ҳар не бўлса қилсак, унинг ҳар нарсаси бўлсак…
Бўлмайдими? Менимча, бўлади…
Нега бўлмаслиги керак? Мен ҳалиям умидворман.
Кеча нималар ҳақида сўзлаган эдим? Ҳамма нарса ҳақида, десаммикан… Бобом, катта бобом, онам ҳақида… Демак, биргина кулимсираш кишининг ичига борини тўкиб ташлашига сабаб бўлар экан. Бу орада «Бошингни оғритган бўлсам, узр сўрайман» дедим. У бўлса, «Ҳаммаси жойида, мен ҳам тинглашни яхши кўраман», деган эди. Тинглади ҳам… Лекин, ўйлайманки, эшитганлари унга ёқмади. Яхши бўлиш ва севгига орзуманд бўлмоқ нақадар ёмон экан, эҳ, билсангиз эди.
Инсон кимгадир ичидаги борини тўкиб солишни хоҳлайди. Айтишни ва кейин айтгани учун пушаймон бўлмасликни истайди.
Одатда ўзимга савол берардим: пул муҳимми ёки севги? Доим пул дейдиган ўзим, бугун негадир «ишқ» дедим. Чунки ўн уч йил бир аёлни сев, унга «эркам» де, кейин эса уни унутиб юбор! Роппа-роса ўн уч йил, сўнгра унут! Кейин келгин-да, бир кечада айни туйғуларни ҳис қил… Аҳмоқ! Яна айтаман: аҳмоқман!
Бугун тўхтамай югуришни хоҳладим, аммо, афсуски, қўлимдаги оғир юклар сабабли югура олмадим. Уриниб кўргандим, юрагим бўғзимга келди.
Шуни тушундимки, шугина ишни ҳам уддалай олмас эканман.
Кимсасиз бир ғарибдай атрофга алангладим. Билдимки, ҳеч кимим йўқ. Танишларимнинг айтганлари тўғри экан: мен бу дунёга ёлғиз ўтиш учун келганман. Нега? Чунки ҳаммага валдирайверадиган одам ошиқ бўлолмайди. Ҳам ошиқ бўлади, ҳам жафо ҳақда лоф урадими? Жуда бўлмағур гап.
Биламан, сен ҳам мен каби ёлғизсан. Шу лаҳзада буни ўқир экансан, мен ҳам ёлғиз ўтаман, дейсан. Йўқ, ягонам, сен ёлғиз ўтмайсан. Сен жуда бахтли бўласан. Ҳатто бир куни оила қурасан, болаларинг бўлади. Қачондир сенга «Қара-я, фалончи ўлибди», дейишади. Сен: «Фалончи бошқалар айтмаган гапларни айтар эди, одамларнинг овози эди», дейсан. Ягонам, билганим шуки, сени шоҳона ҳаёт кутмоқда. Қидирган одамингни топасан ва жуда бахтиёр бўласан.
Баъзан ҳаётда шунақа бўлади; мен тўлашим керак бўлган бадални сиз тўлайсиз, бошқача эмас.
Сени севаман, унутма, хўпми?
Энди ўрнингдан тур, мен учун бир финжон қаҳва ич.
Осмонга боқ ва у ерда ўз гўзаллигингни кўр.
Осмон каби мусаффо умр кечир.
Бунга ишон.
Буни унутма.
КЕТСАНГ…
Кетсанг кемтик бўлиб қоламан, бутун бўлишдан воз кечаман.
Кетиб қолишингдан жуда қўрқаман. Сени шу қадар яхши кўраманки, буни тасаввур ҳам қилолмайсан.
Одам севган кишисининг кўзига тикилди дегунча йиғлагиси келадими? Бошқаларни билмадим-у, менинг йиғлагим келади. Нега, биласанми? Бир куни кетиб қолишингни билганим учун!
Баъзан вақт тўхтаб қолгандай бўлади, хўрсинаман. Қалбингда қолишни жуда хоҳлайман, бу рўёдан уйғонишни ҳеч истамайман.
Лекин биламан…
Сен мени сени севганимдай севмайсан.
Сендан бир қизим бўлишини жуда хоҳлаган эдим. Билмайман, ана шундай ўйладим, буни ичичимдан жуда кучли ҳис қилган эдим.
Сенга ўхшашини, сендай бўлишини хоҳлар эдим…
Сендай бўлсинки, қизимни биров сени севганимдай севсин, хотиржам бўлай.
Чунки бир куни қўл силтаб, бизни ташлаб кетасан, мана шуни ўйлайман.
Бу менинг хаёлим, холос, қўрқма. Буларнинг ҳаммаси сени севганим учун. Одам севгани ҳақида орзу қилади. Мен ҳам шундай қилдим. Сен ҳақда хаёл сурдим. Бу айбми? Менимча, айб эмас…
Чунки сен дунёнинг энг ўзига хос одамисан. Шуни билатуриб сени қандай йўқотишим мумкин? Мана шуни билмайман.
Йўқотишни истамайман…
Сен кетсанг, ярим-ёрти бўлиб қоламан, бутун бўлишдан воз кечаман.
Масалан, сен менинг йўқлигимни ҳеч ўйлайсанми?
Мен бўлмасам, бошқаси билан бўлармидинг?
Бошқани мени севгандай сева олармидинг?
Ўзгага менга боққанингдай боқишингдан, менга табассум қилганингдай жилмайишингдан қўрқаман…
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо буларни кўришни хоҳламайман.
Ҳақиқатан ҳам сенинг кўп жиҳатларингни кўрмаган эканман.
Масалан, менга ёлғон сўзлашларингни…
Бошқасини севишингни.
Қаердан билдим? Телефонингдан.
Биласанми, инсон ўзини тамоман бошқача кўради.
Гўё шу лаҳзаларда сенга ортиқча бўлиб қолганимдай…
Бутун дунёдан ташқарига чиқариб ташлангандай…
Кошки айтмаган бўлсанг. «Севмайман», деганингни кечираман, лекин кошки «Уни кўрдим дегунча кўнглим айнийди», демаган бўлсанг.
Ана шундай деганингни ўқидим дегунча, дарҳол ўзимни кўзгуга солдим.
Мен ўзимга боққач, кўнглим айнимади, лекин сеники айниган эмиш.
Одам дегани севмаган кишиси билан қандай яқин бўлиши мумкин?
Мени нега ўпдинг?
Нега қучоқладинг?
Жуда бўлмаганида «Кет» десанг бўларди-ку!
Кет деганингда мен кетган, сени безовта қилмаган бўлар эдим.
Ҳеч бўлмаганида мени унинг олдида ранжитмасайдинг.
Кошки бирга бўлиш ниятида бировни алдаб, ўзганинг олдида мени маҳв қилмасайдинг.
Энг кўп мана шундан уялдим. Аммо ўргандим. Мени маҳв қилишингга, ранжитишингга, хафа қилишингга ўргандим.
Энди нима бўлади, дейсанми? Сени унутаман, албатта. Менга бир нарса дейишингга ҳожат йўқ.
Ҳаёт ғалати, бу телефон деган матоҳ одамни ҳам яқинлаштирар, ҳам узоқлаштирар экан. Кўнглингни айнитганим учун узр сўрайман. Сен хижолат бўлма, ҳожати йўқ.
Мен учун чўнг қоя эдинг. Суяндим, лекин устимга йиқилдинг.
Сендаги суратларимни йўқотсанг, хурсанд бўлардим.
Чунки улар ёнишини кутаётган бир қоғоз парчасидир…
Балки кемтик қолгандирман,
лекин ёлғон яшамадим
На ўзимга, на сенга ёлғон сўзладим
Шуниси менга кифоя
Ҳақиқий севгига ёлғон аралаштирилса,
хиёнатга айланади
Ўзига ўзи хиёнат қилган одамнинг
косаси оқармайди
НЕ ҚИЛСАЛАР…
Не қилсалар қилсинлар, лекин мени енга олмайдилар!
Бир зулмат ичида эканингни ўйлаётган бўлсанг, ёруғликка чиқадиган вақтинг келганини биласан, шундай эмасми?
Биласан…
Аслида зулмат ҳам яқин дўстинг, ҳам душманинг бўлар.
Иккови ҳам бир-бирига ўхшайди.
Узоқ яқин бўлса, ҳаётнинг тоти бўлармиди?
Баъзан қуёшга боқиб, салом дейиш ҳам керак.
Ҳам ҳаётга, ҳам зулматга…
Зулмат жавоб бермаган тақдирда ҳам ёлғиз эмаслигингни англайсан.
Яна биласанми, ёлғизлик сени тарк қилмайди.
Ёлғизлик ҳамиша сенинг ва менинг ҳаётимиз бир парчасидир.
Севиб қолсак, ёлғизлик доим чекинади.
Севги дегани ошиқ бўлмоқ, кетмоқ, азоб тортмоқ учун яралган. Мен кўп азоб тортдим ва биламанки, сен ҳам…
Масалан, неча километр узоққа кетиб, у ерда қолишни хоҳлаганмидинг?
Ёлғиз ўзинг, кимсасиз…
Масалан, ҳеч ҳадиксирамай «сени севаман» дейишинг керак. Ич-ичингдан тошиб чиққан ҳиссиётларни яширмай, ўртада кераксиз гаплар айтмай…
Нега ҳадиксирайсан? Барибир, кетади-ку. Гап ичингда қолиб кетмайди.
Бу гапларни ёзар эканман, баъзан ерга йиқилишни хоҳлайман. Аммо сен биласанки, ерга тушиш гоҳо бир умр давом этади. Мавҳумлик кишини чарчатади, заифлаштиради. Узун деб билган йўлинг қанчалик қисқа бўлса, шунчалик яхши.
Ўзимга нуқул мана шу гапни такрорлайман: не қилсалар қилсинлар, нақадар чирансинлар, мени енга олмайдилар.
Сени ҳам… Сени ҳам енга олмайдилар. Бунга ишон!
Ҳатто енгилсак ҳам, йўқотсак ҳам «жуда чиройли йўқотдик», деймиз.
Йўқотиш ҳам гўзалдир.
Сени ўзлигингга, уни ҳам ўзлигига қайтаради.
Энди сендан кетган инсон фақат унинг ёнига кетиши мумкин. Қайтиб келмайди ва турган жойингда маҳзун қолаверасан.
Қолган жойингда жим турма, дейман.
Овозинг борича ҳайқир!
Филдай бўл.
Капалакдек завқлан.
Эрта бўлмайдигандек яша.
Эрта бўлмаслиги мумкин, қуёш қайтиб чиқмас эҳтимол.
Қоронғида ҳам севикли бўлиш мумкин.
Балки ишқ зулматдан иборатдир…
Баъзан кўргиликларни бошга тушганида англайсан…
Жонинг бўғзингга келади ва ўлишни хоҳлаб қоласан.
Ҳеч ким бир томчи сув ҳам бермайди. Улар истаган ягона нарса – сенинг қийинчилик гирдобида қолишингдир.
Саҳро ўртасида ташна қолиб, сув ичишни хоҳлайсан-ку…
Худди ҳамма нарсани унутганинг, лекин отангдан еган илк шапалоқни унутмаганинг каби…
Худди ана шунга ўхшайди.
Оёғимизни қўлга олиб қочмоқчи бўлсак, на бир уловимиз, на йўлимиз бор.
Кетган жойингда ҳузур-ҳаловат топмаслигингни билган ҳолда барибир ўша ерга кетишни хоҳлармидинг?
Мен бўлсам, фақат боришни истамаганим учун ярим йўлдан қайтган бўлардим.
Чунки у ерга кетсам ва борган жойимда уни унута олмасам, турган жойимда ерга чўкиб, осмону фалакни томоша қилганим беҳроқ.
Лекин ҳеч бир вақт қалбим осмончалик мусаффо бўлмайди.
Биласанми, менинг энг қўрққаним – бўғилишдир.
Афсуски, умримнинг ўн йилини бўғилган ҳолда ўтказдим.
Ҳар куни нафасимни ичимга ютиб, дераза олдида ўтириб, келишингни пойладим. Турмасдан, зерикмасдан, чарчамасдан кутдим.
Келдими?
Келди.
Севдими?
Йўқ…
Унутдимми?
Унутдим…
Энди мен яна зулмат қўйнида ўтириб осмонни томоша қиларкан, чиқмайдиган қуёшни орзу қилишни, бўғилишни истамайман.
Энг яхшиси – турмоқ.
Турмоқ бўғилишдан яхши.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?