Электронная библиотека » Абдукарим Усмонхужаев » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Энг яхши даво"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Абдукарим Усмонхужаев


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

АСАБИЙ ТАРАНГЛИККА ҚАРШИ ҲИДЛАР

Руҳияти бузилган, асаблари таранглашган беморларни хушбўй ҳидлар билан даволашга уриниш қадим замонлардан буён қўлланилиб келмоқда. Райҳон, раъно каби ҳиди ўткир гиёҳларни руҳи бузила бошлаган беморлар ётган хонага киритиб қўйганлар, уларнинг кўзини қувнатадиган воситалар—чиройли очилган гуллар, каштанлар уй ичига илиб қўйилган. Уларнинг таомига ҳам гиёҳлар кўп қўшилган. Айниқса, ароматерапия, ҳозирги вақтда бутун дунёда кенг қўлланилмоқда. Асабни тинчлантирувчи хушбўй гиёҳлар бизнинг ўлкамизда мўл-кўл, фақат уни топиб фойдаланилса, бўлди.

Салбий ҳис-туйғулар ҳаддан ошиб кетганини сезсангиз райҳон, хушбўй ноклар, ёронгул, долчин, сарв дарахтларининг барги ва гулларини топиб ҳидланг, хонангизга осиб қўйинг.

Қаттиқ чарчаганингизни сезсангиз пўртахол (апельсин), ёронгул, туринж (лимон), қораарча, ялпиз ҳидланг.

Бош оғриғи, асаб толиқишидарайҳон, қалампирмунчоқ (чиннигул), туринж, ялпиз ҳидланг, уларга қараб ўтиринг.

Уйқусизликдарайҳон, ёсумангули, арпабодиён, долчинни ҳидланг.

Ақлий толиқишдарайҳон, ялпиз, тизимгул, қораарча, жамбил ҳидланг.

Хотира сусайганида райҳон, қалампирмунчоқ, атиргул, хушбўй олмалар ҳидланг, таомга қўшиб тановул қилинг.

Толиқишдарайҳон, тизимгул, долчин, занжабил ҳидланади, чойга ёки таомга ҳам қўшилади.

Асаб бузилишида—арпабодиён, ванилин, тоғрайҳон, лавзей ҳидланади.

Йиғлоқиликдагрейфрут, тоғрайҳон, лаванда, сандал ҳидланг.

Ваҳимага тушган одамарпабодиён, пўртахол, атиргул ҳидласин, уларни еса ҳам бўлади.

Руҳий азобланишда пўртахол, долчин, миртагул, ялпиз, оққарағай, атиргул, мармарак ҳидлансин.

Тунда даҳшатга тушиш, қўрқувлар юз берсаарпабодиён, пўртахол, атиргул ва сандал ҳиди ҳидлансин.

Терида асабий тарангликлар оқибатида доғлар пайдо бўлсагрейфрут, лимонўт, атиргул, мойчечак ҳидлансин.

Соч тўкилишида грейфрут, занжабил, қарағай, мармарак, эвкалипт ҳидланса, фойда беради.

Қизил қон томирлари босими ошганда ёронгул, туринж, қораарча, шивит ҳидланади, дамлаб ичилади.

Юрак уриши тезлашганда (тахикардия) арпабодиён, ялпиз, лавандалар ҳидланади.

Юракда оғриқ турсаёронгул, лаванда, иланг-иланг, ялпиз, розмарин олмаси ҳидланади.

Ошқозон оғриғидаарпабодиён, ялпиз, йирик нок, тизимгул, сарв барги, райҳон, атиргул, қалампирмунчоқ, қарағай, арпабодиён ҳидланади.

Қонда қанд моддаси ошсаёронгул, грейфрут, туринж, қораарча, эвкалиптни ҳидлаш ёрдам беради.

Мушаклар тиришишидатизимгул, қалампирмунчоқ, тоғрайҳон, занжабил, долчин, ялпиз, мойчечак, розмарин ҳидланг.

Вужуднинг ҳимоя кучлари заифлашганда арпабодиён, қалампирмунчоқ, тоғрайҳон, арча шохлари, қарағай, долчин, туринж, ялпиз, норанж (мандарин), миртагул, қораарча, оққарағай, розмарин, мойчечак, тоғжамбил, эвкалипт шохлари Сизга қувват беради.

Энг қўрқоқ жонивор ҳисобланган қуённинг буйракусти безлари, асосан адреналин ишлаб чиқаради, ваҳший ҳайвонларники эса – норадреналин ишлаб чиқаради. Бунақа аломатлар одамларда ҳам учрайди. Масалан, йили шер бўлган одамда ҳиссиётли асабий таранглик пайтида кўп миқдорда норадреналин ишлаб чиқарилади. Бунақа одамлар асабий таранглик вазиятларида ўзларини жуда бардам тутадилар, ўзларини йўқотиб қўймай, дарҳол чора-тадбир кўришга киришиб кетадилар. Уларда ички имконият захираси кучли бўлади. Бунақа одамларни «Шердек юраги бор», дейишади. Бу турдаги одамлар оддий, бир маромда кечадиган ҳаётга тоқат қилолмайдилар, уларга доимо ўз кучларини сарф қиладиган вазиятлар керак бўлади. Уларга маслаҳатимиз: ҳар куни иложи борича тоза ҳавода кўпроқ юринг, далага, қишлоққа боринг, тоққа чиқинг, истироҳат боғларида аста-секин яёв юриб сайр қилинг. Ўрмонларда, сердарахт жойларда ҳаво манфий ионлар билан бой бўлади, бу ҳаво Сиздаги асаб таранглигини пасайтиради, тинчлантиради.

«Қуёнсифат» одамлар яхши ишлайдилар, яхши дам оладилар, аммо фавқулодда бир ҳолат юз бергудек бўлса, ўзларини йўқотиб қўядилар. Улар фикрларини бир жойга тўплашлари ва тетикланишлари учун уйда бир шаршара ҳосил қилишлари лозим бўлади. Бу шаршара уйдаги мусбат ионларни йўқотади. Бу мусбат ионлар одамни паришонхотир, бўшанг қилиб қўяди. Муздай сувни бор босими билан оқизиб қўйиш керак. Сув оқими қўлювгич чаноғи четларига урилиб оқаётганида, унинг яқинида, ярим метр (50 см) масофада ўтирилади. Сув зарралари бутун атрофни қоплайди, ҳаммаёққа сачрайди. Унинг олдида ўтирган одам ўзини кучли, бақувват ҳис қилади.

Вулқон одам—бу одамларда ҳамма ҳис-туйғулар бирга қўшилиб келади. Уларда хавф-хатар гормони ҳам, барқарорлик гормонлари ҳам етарлича бўлади. Улар ҳис-туйғу жиҳатдан беқарор бўладилар, воқеа-ҳодисаларга дадил жавоб қайтарадилар, кайфиятлари кескин ўзгариб туради ва улардан ҳар нарса кутиш мумкин. Агар ана шу хусусиятлар кимда бўлса, бу инсоннинг уйида доимо паст овозда ёқимли мусиқа янграб турсин. Мусиқа асаб бузилишларини бир мувозанатга солади.

ОММАВИЙ ВАҚТ ТАРАНГЛИГИ

АҚШ Саломатлик ва касбий хавфсизлик Миллий институтининг берган маълумотларига кўра, 46 фоиз америкалик иш вақтига ҳар ҳафтада 40 соат вақт сарфласа, 45 фоизи иш вақтидан ташқари ҳам кўпроқ ишлашга мажбур экан.

Америкаликлар бутун умрлари давомида юриб кетаётган поездга сакраб чиқар ва ҳали тўхтамаган поезддан сакраб тушиб қолар экан. Ҳозирги оммавий вақт танглигидан бутун олам қийналмоқда.

Эрталаб ишга шошилиш, сўнг уйга ошиқиш, уй ишларини қилиб улгуришга шошиб-пишиш сабабли одамлар етарлича ҳордиқ чиқара олмайдилар, севган ишлари билан шуғуллана олмайдилар, болалар тарбиясига ҳам вақт кам ажратилади. Иши дурустроқ бўлганлар ишидан ажралиб қолишдан қўрқиб, раҳбарига ёқиш учун кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар.

Бозор иқтисодиёти домига илинганлар қишин-ёзин чангтўзонга тўлган, ёзда тандирдек қизиб кетадиган, қишда қаҳратон совуқ бўладиган бозорларда ўтирадилар. У ердаги шовқин-сурон, бақир-чақирлар, қўпол муомалалар асабни тез орада ишдан чиқаради. Бозорда қанча кўп ўтирса, савдоси ва фойдаси кўп бўлишига ишонган «бизнесчи» дам олиш нималигини ҳам унутади.

Қадимги жамоа тузумида одамлар ўзлари учун ов қилганлар. Қулдорлик даврида уларнинг эгалари қамчи остида ишлашга мажбур қилган. Феодализм даврида очлик мажбур қилган. Эндиги даврда ҳам худди ана шу эҳтиёж, яхшироқ яшаш истаги уларни дам олмай ишлашга мажбур қилмоқда. Ишлаш мажбурияти одамларни ўз домига шунчалик қаттиқ тортганки, улар ҳатто еб-ичишдан орттирган тақдирларида ҳам қониқмайдилар. Яна ва яна ишлайверадилар. Ҳакимлар ва руҳшунослар одамлардаги хавфли бу одатни майпарастликка тенглаштирмоқдалар.

Бир журналда ҳазилми-чинми қилиб: «Меҳнат одамни маймунга айлантиради», деб ёзишган эди. Ҳар бир ҳазилнинг остида оз бўлса-да, ҳақиқат ётади. Чунки одамларнинг ҳаётида ишдан бошқа ўзига тортадиган ҳеч нарса қолмагандек. Фақат ишхонада кўпчилик ўзини енгил ҳис қилади, кўнгли ёзилади, одам қаторига қўшилгандек бўлади. Аммо ҳамма нарсада ҳам меъёр ва чегара бўлади. Иш, меҳнат тирикчиликнинг энг асосий манбаи бўлиши билан бир қаторда, асабий тарангликнинг ҳам энг асосий ўчоғи ҳисобланади.

Хориж олимларининг аниқлашларича, ишдан энг кўп азоб чекадиганлар ва асабий тарангликка мубтало бўлгувчилар: шахтёрлар, учувчилар, полиция ходимлари, журналистлар, стоматологлар экан.

Асабий таранглик хавфи камроқ бўлган касблар: ўқитувчилик, сотувчилик, муҳандислик ва ҳисобчилик, дастурловчилик, банк хизматида банд бўлмоқлик экан.

Ишдаги асабий тарангликлар руҳонийлар, астрономлар, музей ходимлари ва кутубхоначиларда камроқ экан.

Қизиқарли ва ижодий иш одамнинг ҳаётини чўзади. Британия тиббиёт журнали муаллифлари: «Зерикарли ва аҳамияти кам бўлган ишлар одамни ўлдиради», деб ҳисоблашади.

Инфарктга энг кўп олиб келадиган касблар: швейцарлик, котибалик ва почтачилик экан. Улар ўзларича ҳеч қандай ташаббус кўрсатолмайдилар, ўз имкониятларини ҳаётга жорий қилолмай қийналадилар.

Бу хасталикларга учрамаслик учун ўз вақтингизни соатдақиқаларга бўлиб чиқманг. Кун тартиби тузманг, ҳадеб ишга ўзингизни ураверманг. Ўз қалбингизга, қизиқишларингизга қулоқ солинг, ўзингиз учун ҳам вақт ажратинг. Минг ишлаганингиз билан бари бир эҳтиёжларингизнинг барини қондиролмайсиз. Эҳтиёж ҳеч қачон адо бўлмайди. Инсон умри эса жуда қисқа. Бунчалик куч-ғайратни сарфлаб ишлайверишнинг фойдаси йўқ экан.

Энди юзага келган асабий тарангликдан қутулишнинг иложини ўйлаш керак. Бўшашиш машқлари, аутотренинглар ёки бирор хил дори-дармонлар бундай ҳолларда кам фойда беради. Машқлардан кейин бир оз дам олиб улгурмай, яна ишга чопиш ҳамма муолажани йўққа чиқаради. Бунинг энг ишончли воситаси—иш кунини бир ёки икки соатга қисқартиришдир. Агар иш кунини қисқартириш, дам олиш ниятларингиз бошлиқларга ёқмаса, унда бошқа иш қидиринг. Чунки бир куни йиқилиб қолсангиз, бошлиғингиз Сизни боқолмайди ҳам, оилангизни таъминлай олмайди ҳам. Яна битта Сизга ўхшаганини топиб олади. Сиз эса дабдурустдан ногирон бўлиб қоласиз.

Бизда бир йилда бир марта таътилга чиқиш умумий бир қоида бўлиб қолган. Олимларнинг ҳисоблаб чиқишларича, йил давомида тинмай меҳнат қилган одамнинг бир йилда бир марта дам олиши етарли эмас экан. Ўн бир ой давомида сарф бўлган куч-ғайрат ва асабни бир ойда тиклаш қийин экан.

Кўпинча таътилга чиққан одамлар, айниқса аёллар, йил давомида иш кўплиги учун битмай қолган ишларини тугатишни мўлжаллайдилар. Тўй қилиб оладилар, қурилаётган уйнинг кам-кўстини битирадилар ва ҳоказо. Ҳатто ишдагидан баттар толиқиб қоладилар.

Ҳамма идораларда ҳар хил миллат одамлари меҳнат қиладилар. Йил давомида чала қолган ишларини битириб олиш учун таътилга чиқаётганларнинг кўпчилигини ўзбеклар, яъни маҳаллий миллат вакиллари ташкил қилади. Бошқа миллат вакилларига бу ташвишлар тааллуқли эмасдек. Улар бирор байрамми, таътил кунларими бўлиб қолса, дарҳол шаҳар ташқарисидаги жойларга йўл оладилар ва мазза қилиб дам олиб келадилар. Бу соҳада улардан ўрнак олса арзийди.

Ҳаётдан завқ ола билинг. Ҳаётда ҳамма жойда ҳам ўзини, нафсини тийиб юришнинг ҳожати йўқ. Ўзини ҳамма нарсадан қисадиган одамлар ҳаётдан завқ олиб, роҳатланишни билмайдиган иродасиз шахслардир.

Учинчи минг йилликда бу фикр энди оммавий ташхисга айланиб кетмоқда. Олимларнинг фикрича, дунёда аввал номаълум бўлган руҳий бузилишлар авж олмоқда. Бу ерда гап иш ва ижтимоий асабий тарангликларнинг доимий ҳамроҳи бўлган ташхис– ангедония ҳақида кетмоқда. «Ангедония» юнонча сўз бўлиб, у «норозилик», «қониқмаслик», деган маънони англатади. Бу хасталик аввало ҳаётдан баҳра олишни билмайдиган, бутун борлиғи билан ишига, хизматига муккасидан кетган одамларга ёпишади. Бутун борлиғи билан меҳнатга шўнғиб кетган одамлар мол-дунё ташвишида ҳамма нарсани унутадилар. Кўзларига иш ва пулдан бошқа нарса кўринмайди. Аммо истаган бойлигини қўлга киритиб бўлгач, ундан завқ олишга қурбилари етмай қолади.

Умр бўйи кўп пул топдим, лекин бу пуллар дардларга дармон бўлмади. Ҳолбуки ҳаётнинг завқи, яшашнинг гашти оддий кўринган нарсаларда бўлади. Масалан, эрталаб Сизни ҳеч ким уйғотмайди. Ишга бормайсиз. Хоҳлаган вақтингизгача тўшакда чўзилиб мазза қилиб ётасиз. Кўнглингиз тинч, хотиржам, ҳар қандай ташвишдан холи. Агар то тушгача шундай тинч ётсангиз, беҳисоб бойликни қўлга киритгандек ҳузур қиласиз. Ҳақиқий бахт—бу тинчлик-хотиржамликда, роҳат-фароғатда бўлади. Касалманд шоҳдан соғлом гадо бахтлироқдир, дейдилар. Ҳақиқий бахт энг оддий кўринган одатлар, қизиқишларда бўлади. Агар Сизда аввал мавжуд бўлган бирорта қизиқиш ҳали ҳамон сўнмаган экан, демак Сиз ҳали ангедония домига тушмабсиз. Бир вақтлар ҳаётингизнинг мазмунидек ҳисобланган балиқ овими, китоб ўқишми, бирор жониворга меҳр кўрсатишми ёки бошқа эрмаклардан совиб кетмаган бўлсангиз, демак ҳали асабларингиз бутун экан, бойликка интилиш, амал эгаллаш дарди Сизни бутунлай банд этиб улгурмабди.

Кўпинча оммавий ахборот воситалари орқали ёши улғайиб қолган одамларнинг спорт билан шуғулланиб юриши, эшкак эшишлари, узоқ юртларга саёҳатга чиқишлари ёки футболга жуда қизиқишларини кўриб, ҳавасингиз келади. Шунча куч-ғайратни улар қаердан оларкинлар, деб ҳайрон қолади, киши. Бошқа бирлари, ўзлари ёқтирган овқатларни ёки янгича усулда пиширилган бирор таомни татиб кўриш учун маблағини аямайди. Яшашнинг роҳати мазали таомда, деб биладилар. Ҳузур-ҳаловатлари учун пулни аямай сочадилар. Ҳаётдан лаззатланиш учун ҳамма нарсани қиладилар. Бунақа одамлар ўзларини жуда бахтли, деб ҳис этадилар, ҳаммадан узоқроқ умр кўрадилар, қанчалик кўп меҳнат қилсалар ҳам сира чарчамайдилар. Асаблари ҳам бузилмайди.

Бунга мисол тариқасида нефть қироли Жон Рокфеллерни олсак. Нефть бизнеси бўйича у 900 млн доллар миқдорида бойлик тўплаганидан кейин (1913 йил), 58 ёшида ишдан кетди ва қолган қирқ йилини ҳузур-ҳаловат ва маишатда ўтказди.

Ёки, автомобиль империяси қироли ҳисобланган Генри Форд танбал, ялқовлиги билан ҳаммага машҳур эди. У кун бўйи иш кабинетидаги кенг нимкатда ялпайиб ётар эди. Аммо автомобиль оламини бошқариш унга қийинлик қилмас эди. Машҳур рассом Пабло Пикассо ҳам тамаки чекиш ва аёлларни севишни 90 ёшдан ошганда ҳам тўхтатмади. Бунақа мисолларни кўплаб келтирса бўлади. Демак иш билан бирга ўзига ёққан машғулотни қўшиб олиб борилса, ишдан ва ҳаётдан бир вақтнинг ўзида лаззатланиш мумкин экан. Севган ишини ташламаса, мажбурий хизмат ҳам чарчатмас экан.

Узоқ юртларга саёҳат қилишни истамайдиган одам кам топилса керак. Албатта ҳаммада бундай истак бўлсада имконияти етишмайди. Иссиқ ўлкаларда бўлишни истасангиз ўша ўлка манзараси акс эттирилган расмларни деворга осиб қўйинг, уйингизга норжил(кокос), анбаҳ (манго), банан каби меваларнинг ҳидини берадиган атирларни сепиб чиқинг. Ўзингизни ўша ўлкада юргандек ҳис қиласиз.

ШОКОЛАДНИНГ ШАРОФАТИ

Узоқ вақтлардан буён бизга ҳакимлар шоколад ейиш, айниқса, кўп ейиш соғлиққа зарар қилиши, қон босимини кўтариб, уйқусизликка дучор қилишини таъкидлаб келишган. Ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижасида, шоколаднинг асаб таранглигини тушириши, одамнинг кайфиятини кўтариши, куч-қувватини тиклашини аниқладилар. Хориждаги кўплаб шифохоналарда балчиқ, сув ўтлари ва маъданли тузлар билан даволашнинг ўрнига шоколаддан фойдаланмоқдалар.

Шоколад таркибида мавжуд бўлган магний вужуднинг асабий тарангликларга чидамлилигини оширади, руҳий азобланишларга қарши туради, хотирани яхшилайди, иммунитетни кучайтиради,дейишади япон олимлари. Япон ҳакимлари беморларга шамоллашнинг олдини олиш ва баҳорги толиқишлардан сақланиш учун шоколад ейишни тавсия қиладилар. Бир кунда камида 25—50 г шоколад еб турган одам саратон ва ярали касалликларга учрамас экан.

«Шоколад инфаркт ва инсультдан қутқазади, уларга сабаб бўлган кучли изтироблардан халос қилади», деб айтган эди профессор Карл Кинг Калифорниядаги кардиологлар анжуманида. Бу олимнинг уқтиришича, шоколадни доимий равишда истеъмол қилиб туриш қон пластинкалари—тромбоцитлар фаолиятини мўътадиллаштирар экан. Унинг таркибида мавжуд бўлган, флавоноидлар гуруҳидаги биологик фаол моддалар уларнинг ёпишиб қолишига ва юрак ҳамда миянинг қон томирларида тиқинлар ҳосил бўлишига тўсқинлик қиларкан. Бу борада у аспириннинг вазифасини бажаради. Аммо ундан мазасининг ширинлиги ва тескари таъсирлари йўқлиги билан фарқ қилади.

Бу маъруза бутун дунё олимлари орасида катта шовшувга сабаб бўлди. Демак, шоколад қон томирларини атеросклероздан асрайди. Атеросклерозга олиб келувчи узоқ давом этадиган асабий тарангликлардан қон томирларини ҳимоя қилади. Бу маҳсулот таркибига кирувчи эфир ёғлари артерия қон томирлари деворларида холестериннинг тўпланиб қолишига тўсқинлик қилади. АҚШ кимёгарлар жамияти 15 йил давомида ҳар куни 3—4 бўлак шоколад еб юрган 1854 та одамни кузатиб бордилар. Улар бошқа тажриба гуруҳига киритилган ва шоколад берилмаган гуруҳдагиларга қараганда юрак-қон томири, онкологик касалликларга 5 марта кам дучор бўлишган.

Англия тадқиқотчилари бирлашмаси офисида «Бахтли бўлай десанг, музқаймоқ егин!»—деган шиор осиб қўйилган. Музқаймоқ мияни серотонин ишлаб чиқишга мажбур қилади. Мазкур серотонин вужудни асабий тарангликдан ҳимоя қилади ва кайфиятни кўтаради. Музқаймоқ еб турувчи инсонлар ҳаётдан лаззатланишни биладилар ва кам касал бўладилар.

«40 г жигарранг шоколад танани бўшаштиради, унинг таъсири худди қизил вино таъсиридек бўлади»,—дейишади фаранг олимлари. Уларнинг айтишича, шоколад қон томирларини мустаҳкамлар, юрак уришини бир маромга келтирар, қизил қон томирлари босимини туширар экан. 200 г шоколад тахтачасида 30 мг кофеин бор. Унинг қорамтир навлари А ва В дармондорилари, калий, кальций, фосфор, темирга жуда бой экан.

«Аччиқ навли шоколад асаб туфайли йиғилиб қолган ортиқча вазндан халос қилади», дейди стокгольмлик профессор Свен Ларсен. Бу олим семиз мижозларини шоколадли парҳезга ўтказади. Аммо унинг айтишича, ҳамма шоколад ҳам оздиравермас экан. Ёғни эритиб, йўқотишга фақат таркибида умуман шакар бўлмаган, қорамтир ва ҳеч қанақа мағизи бўлмаганлари ярар экан. Ҳатто кўпгина қўшиқчилар ҳам сал вазнлари оша бошласа, дарҳол шоколадли парҳезга ўтар эканлар.

Канадалик стоматологлар эса: «Шоколад милклар ва тишларни асабий тарангликдан юзага келадиган бузилишлардан сақлайди», дейишади. Ҳамма тишлари бутун бўлишини истаган одам шакарсиз, аччиқ шоколад есин. Унинг таркибидаги какао тишларни юпқа қатлам билан қоплайди ва бу билан тишларда тош йиғилишининг олдини олади, тиш эмалини сақлайди.

«Бир тахта шоколад 6 та виагра хапдориси ўрнига ўтар экан», дейишади олмон сексопатологлари. «Асабий таранглик ҳуснбузар тоштиради, шоколад уларни йўқотади», дейди америкалик дерматолог Фредрик Фулто.

Олий ҳимматлилик ва андишалилик меъёрида бўлсин. Хушмуомалалик бошқа, «юмшоқ супургилик», ланжлик бошқа.

Сиз иш қидираяпсиз. Рекламадаги мақтовларга ишониб, ўша манзилга келдингиз. Бу ердаги иш тартиби бутунлай бошқача экан. Иш куни узун, маоши кам, иш кўлами бир нечта ходимга етади. Иш шартларини эшитиб, кўнглингиз қолган бўлса ҳам, ўрнингиздан туриб: «Кечирасиз, менга бу тўғри келмайди», деб қайтиб кетиш ўрнига, жон куйдириб тушунтираётган, сизни шу жойга ишга киришингизни истаётган суҳбатдошингиздан андиша қиласиз. Қисилиб ўтираверасиз. Охирида: «Ўйлаб кўраман», деб телефон рақамингизни қолдириб кетасиз. Уйга келиб бирданига рад этмаганингиз учун ўзингиздан хафа бўлиб, ҳар бир телефон қўнғироғидан юрагингиз орзиқиб юрасиз. Бирор жойга ишга кирасиз. Сизнинг андишангизни кўрган ҳамкасбларингиз аввалига илтимос тариқасида, кейинчалик буйруқ тарзида ҳамма хизматларни бўйнингизга илиб қўйишади. Сиз «йўқ», деб айтолмай, ич-ичингиздан ўзингизни кемириб юраверасиз.

Олимларнинг ҳисоблашларича, ҳозиргача мавжуд бўлган хасталикларнинг 80 фоизидан ортиғи беморнинг асабий таранглик ҳолатига боғлиқ бўлар экан. Бунга шу беморларнинг ўзлари ёқтирмаган, хира пашшадек жонга тегадиган суҳбатдошлари билан муомала қилишга мажбур бўлганликлари экан. Ўзингизга ёқмаган одам билан одоб ва андиша юзасидан муомала қилиш умрни 15—20 йилга қисқартирар ва саломатликка путур етказар экан. Кимдир бировнинг кўнгли оғримасин, норози бўлмасин, деб унга ўзининг асаблари, вақти ва соғлиғини қурбон қилиши, ўша бировнинг кўнглига қараб, қайнаб турган ғазабини босиши ва хушмуомалалик билан суҳбатлашиши «иккиюзламачиликнинг энг оддий ва энг кўп учрайдиган шакли» бўлиб, у шу одамда ўз-ўзидан норозилик, нотинчлик, руҳий азобланиш ҳиссини уйғотади. Ҳамма учун бирдек яхши бўлиш, ҳаммага бирдек ёқишга интилиб, Сиз ўз танангизда аъзоларнинг қарама-қаршилигини пайдо қиласиз. Сизнинг онгингиз ва ҳис-туйғуингиз ўзаро рақобатга киради. Соғлиғингизни ҳимоя қилишга вегетатив асаб системаси ва эндокрин тизими ишга киришади. Улар, юқорида айтганимиздек, ички аъзолар, моддалар алмашинуви ва бошқа ҳаёт учун муҳим бўлган жараёнларни бошқаради. Агар Сизнинг онгингиз қалбингиз билан келишиб ишламаса, вегетатив ва эндокрин тартиби бузилади ва натижада вужуд фаолиятининг бузилишлари юзага келади. Уларнинг энг кенг тарқалгани—асабийликдир.

Нохуш ҳиссиётлар, энг аввало кам қаршилик кўрсатувчи соҳадан: бош, қорин, мушаклар, бўғимлар, оёқ-қўллар ва юракдан бошланади. Бу аъзолар тузалмас хасталикка учрамаслиги учун илож топинг. Пушкин айтганидек: «Бу дунёда бахт йўқ, аммо ором ва ирода бор». Бу оддий кўринган жумлада саломатлик ибораси яширингандир. Бахтга эришмаган одам бу дунёдаги бошқа роҳат ва фароғатлардан баҳраманд бўлсин, бу олам лаззатларидан ўзини бебаҳра қилмай, ўз ҳис-туйғуларини бошқарсин, ўз-ўзини бошқаришни билсин, бошқа одамлар билан муносабатини йўлга қўйсин ва табиат билан уйғунликда яшасин. Бу шартлар бузилиши билан касалликлар ҳужуми бошланади.

Одоб ва андиша ҳам керак, аммо фақат уни тушунган одамлар билан хушмуомалада бўлинг. Андишани тушунмай, елкангизга миниб оладиганларга ўзингизни, соғлиғингизни қурбон қилманг. Хушмуомалалик билан рад жавоби беришни ҳам билинг. Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди! Сиз бошқаларнинг кўнглини ўйласангиз, Сизни ким ўйлайди? Ҳар кимнинг ўз муаммолари ўзига етиб ортади, бошқаларники эса ортиқча!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации