Электронная библиотека » Амина Шенликўғли » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Лўли"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Амина Шенликўғли


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Серпил онасини бир амаллаб кўндириб, дугонаси билан кўчага чиқди. Оқкўнгил одамларни алдаш жуда осон. Шўрлик аёл қизнинг гапига чиппа-чин ишонди. Серпил билан Само файтончилар кўчасидан чиқмасдан, лўлилигидан нафратланадиган Салимага дуч келишди. Салима ҳам Серпилнинг онаси сингари лўли бўлгани учун эри томонидан кўчага қувилган бир хотин эди. У лўлиларни таҳқирлашларидан эмас, руҳан ўзидан, ўз наслидан, лўлигидан нафратланар, ўзининг лўли эканига асло кўниколмасди.

У Самонинг ташвишидан хабардор бўлса-да, ҳеч нарсани билмагандек сўради:

– Ҳа, қизлар, йўл бўлсин? Учрашувгами, дейман? – Қизлар бир-бирига қараб қолишди. Аёл давом этди: – Эҳтиёт бўлинглар. Сизлар лўлисиз. Севгилингиз бўлса, ундан яшириб ўтирманг. Масалан, мен лўли бўлмасам ҳам, мени кўпчилик лўли деб ўйларди. Эҳ, ўшанда қайнонам, қайнотам менга нималар қилишганини билсангиз эди. Мен кўрганларимни сен кўрмагин, Саможон!

Само шошилиб турган бўлса-да, тажрибага эҳтиёжи бор эди.

– Бир куни ёнингизга келсак, бошингиздан ўтганларни айтиб берасиз, хўпми?

Салиманинг ичи тўлиб тошган, кимгадир дардини дастурхон қилгиси келарди.

– Албатта, бугун тушдан кейин келинглар унда.

Само ҳам тушдан кейинги фурсатни кутадиган ҳолатда эмасди. Салима ҳам аҳволни тушунган, «Йигитинг билан мени таништир, сенга муносибми, йўқми, фарқлай оламан», деганди. Само ҳам тажрибаси бор, дея, Серпилни уйига юборган, ёнига Салима опасини олганди. У тушунарди. Ҳарқалай табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб.

Куз кунлари эди.

Шиддатли шамол дарахт шохларини кескин силкитар, дераза ойналарини аёвсиз саваларди. Учрашув жойига боришаркан, Салиманинг юзи совқота бошлади. Икки дугона ўз ирқи туфайли чекаётган азиятлар уни қаттиқ ташвишга солганди. Самога бирор баҳона айтиб, ортга қайтмоқчи ҳам бўлди, чунки уларнинг йиғлаб туришларини кўрмоқчи эмасди.

– Само, мен қайтсам бўладими? Жуда ҳам совқотдим.

Само тараддудланди:

– Салима опа, сизга ишониб, Серпилни ҳам уйига қайтариб юбордим. У билан учрашгандан сўнг, эҳтимол, жуда тушкунликка тушсам-чи? Ким менга тасалли беради? Юраверинг. Мени бунақа оғир дамда ёлғиз қолдирманг. – У кўз ёши билан давом этди. – Ўзи оёғим тортмай турибди. Опажон, мен ўляпман, ахир. Сиз мени тушунмаяпсиз.

Салима «бўпти, борамиз» деган чоғда улар аллақачон манзилга етиб келишганди. Меҳмет уларни қарши олди. Мук тушиб ўтирган йигит уларни кўриши билан оёққа турди. Йигит ва қиз бир-бирининг юзига қарай олмас, фақат унсиз йиғлашарди. Ниҳоят, бу сассиз саҳнани Салима бузди:

– Шундоғ тураверасизларми? Тезроқ гаплашиб олинглар, кетайлик. Бу қанақа мотам?

– Бундан ортиқ мотам бўладими? Мен Самосиз қандай яшайман? Уни болалигимдан бери севаман. – Йигит бошига муштлаб давом этди. – Аллоҳим, бу нима кўргилик? Ўзинг мададкоримиз бўл!

Сўнг Меҳмет Самога ўгирилди:

– Жоним, нега буни менга аввалроқ айтмадинг? Нега?

Қиз Меҳметнинг юзига истиҳола билан аранг қарай олди.

– Менга уйланмайсан, деб қўрққандим. Нима қилай, сени йўқотишни истамадим. Лекин қўлимда бир китоб бор. Уни икки йил аввал ўқигандим. Ҳозир қайтадан ўқияпман. Унда бир йигит ўз қабиласида мавжуд бўлган қатъий тақиқларга қарамай, ўзи севган қизга уйланади. Уни ўлим жазоси кутарди. Сенда ҳам ўшандай юрак, жасорат бор деб ўйлаб, сенга ёздим. Сен эса, «мен розиман, аммо динимизда рухсат йўқ», деяпсан. Осон эмас. Албатта, сен учун ҳам, мен учун ҳам бунинг катта масъулияти бор. Аммо…

Қизнинг тараддудини кўрган Салима ташаббусни қўлига олди:

– Менга қара, Само! Жаҳлимни чиқаряпсан. Ҳатто ўз қизини сотадиган гажилар ҳам сендек тортинмайди, хижолат чекмайди. Сен нимадан уяляпсан? Агар сен ўзингни шунақа ерга ураварсанг, бошқалар бошига кўтарармиди?

Салима ғалати аёл эди, гоҳида ўзини ҳам бошқаролмай қоларди. Бирданига ўзи ҳам қавмини яшириб юриши эсига тушди… Ўзини лаънатлаб давом этди.

– Нимага бунақамиз, билмадим. Сизлар гаплашаверинглар. Мен нарироқда кутиб тураман. Мен кўз ёшларни кўришга тоқат қилолмайман.

Меҳмет ҳамон йиғидан тўхтамаганди:

– Жоним, нимага буни менга айтдинг? Нимага? Сенсиз нима қиламан? Шуни ўйламадингми?

Само йиғи аралаш қичқирди:

– Нима фарқи бор? Нима ўзгарди? Сўрама, дедим-ку, Меҳмет, бошим шунақа оғрияптики, ҳеч нарсани ўйлолмаяпман. Онангга айтмадингми?

– Айтдим. Улар ҳам роса хафа бўлишди. Мусулмонлар лўлига уйланиши мумкин эмасмиш. Уйдагилар, йиғиштир карам шўрвангни, дейишди. Лекин… айтишга осон! Ўзимни қўйишга жой тополмаяпман. Сендан айрилгим келмаяпти. Бу мумкин эмас. Илтимос, мени тушун, бир чорасини топармиз.

Чорасизлик ичида қолган Меҳмет ҳар қандай ишга ҳозир эди. Мияси лўққиллаб оғрирди. Бирданига эсига нимадир тушдими, кўзлари чарақлаб кетди:

– Бўлди, топдим. Унда мен ҳам лўлига айланаман. Сен рад этмасанг, бўлгани. Мен лўли бўлсам, муаммо ҳал бўлади-қўяди. Ҳеч ким қабул қилмайдиган бўлса, сен билан бирга қочамиз.

Йигитнинг кўз ёшлари қизнинг юрагига найзадек ботарди. Икки ёш бир қарорга келди. Меҳмет лўли бўлади! Лекин қандай қилиб? Иккиси ҳам шу ҳақда бош қотирарди. Илмсиз жамиятнинг илмсиз болалари бир хатони қўйиб, иккинчисига ўтишмоқда эди.

Бир томондан Меҳмет билан Салима, бошқа тарафдан Само билан Серпил кейинги кунлари лўли бўлмаган бир инсоннинг қандай қилиб лўли бўлиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришарди. Кимдан сўрашса, «Бунақасини биринчи эшитишим», деб турарди. Уларнинг ҳар тўрталаси қўлларидан ҳеч нарса келмаслигидан қайғуга ботишарди. Салима Самонинг дардини англагани учун уни юпатишга киришди:

– Шу ерда бир қарама-қаршилик бордек. Ўғри лўлилар билан лўли бўлмаган ўғриларнинг қиз олиб, қиз бермаслигини тушунса бўлади. Лекин яхши лўлиларнинг қизини нима учун яхши бир оила келин қилмаслиги керак. Боз устига қиз дурустгина бўлса?

Улар ўзлари тўғри деб билган ҳар нарсани бир-бирларига айтишарди. Шу тариқа ичларидаги исён оловини ўчиришга уринишарди. Аммо, ҳар не қилишмасин, ҳаракат нуқталари хато бўлгани учун улар боши берк кўчада эдилар. Бир қадам ҳам олдинга юра олишмас, очиқ кўчага қандай кириш мумкинлигини ҳам билишмасди.

Салима билан Само, ниҳоят, хайрлашишди. Салима уйига қайтаркан, боши ғувилларди. «Лўли бўлишнинг имкони бўлса, мен ҳам лўли бўламан», деган гапини у ҳеч ҳам унутолмасди. Ажрашган эри тушди ёдига. У хотинининг лўли қавмидан эканини билгач, унга бўлган муҳаббатидан асар ҳам қолмаганди!

Уйига яқинлашганида, шом азони эшитила бошлаганди. Азон овози келган тарафга қараганида, баланд миноралар кўзга ташланди. Бир муддат минораларга термилиб қолди. Ўзи сезмаган ҳолда минғирлади.

– Модомики, бизни ёқтирмас экан…

Бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди. У ҳам нотўғри «фатво»ни эшитган, унинг юрагида яширин бир ғазаб вужудга келганди. Дафъатан бир қўрқувни ҳис этиб, шаккок ўйларни миясидан қувишга уринди. Қатъий қарорга келди: эртага Само билан бирга бирор мулланинг ёнига бориб, бу масалага аниқлик киритади. Зотан, бир-бирини жондан ортиқ севган икки инсон мавҳум бир сабабга кўра ажрашиб кетишини у истамасди. Унга ҳеч ким ёрдам қилмасди, аммо у бошқаларга ёрдамлашарди.

Само ўша кечаси ухламади. Салимани кўриши билан хурсанд бўлиб, у томонга отилди.

– Кел, опажоним, сен менга ҳозир жуда ҳам кераксан.

Салима шивирлаб жавоб берди:

– Юр, бир имомга бориб, бу масалани яхшилаб ўрганамиз. Бу масала менинг ҳам иззат-нафсимга тегяпти. Меҳметга ҳам жуда ичим ачиди.

Само онасини аранг кўндирди. Салиманинг таъсири остида ундан рухсат олди. Кўчага чиққанларида Само Салимадан сўради:

– Нега фақат Меҳметга ичингиз ачишади? Мен одам эмасманми? Аслида менга кўпроқ ачинишингиз керак эмасмиди?

Салима қадамларини тезлатиб, жавоб берди:

– Сен унинг устунроқ кўринадиган ирқига кириш учун уриняпсан. Аммо у сени ўйлаб, сенинг камситилиб келинаётган қавмингга киришни истаяпти. Фарқини сезяпсанми? Шу сабабли кўпроқ унга ачиняпман, дедим. Аҳволини кўрмадингми?

Қайси мавзуда сўз бошлашса, гап бориб, Меҳметга тақаларди.

Салима таксига ўтирган пайтларида, сут қайнатаётган қозоннинг тагини ўчирмагани эсига тушди. Само билан бирга уйига бораётган Салима гапира-гапира эшикни очди. Салиманинг уйига бир неча марта кирган Само уйнинг қанчалик тозалигига эътибор қаратди. Уйдан озодалик ва покизалик уфуриб турарди. Ҳолбуки, ташқарида Салимани кўпчилик «фаросатсиз аёл» деб маломат қиларди.

Ўтирар-ўтирмас, Само сўз бошлади:

– Салима опа, бошингиздан ўтганларни айтиб бермоқчи эдингиз, ҳозир айни вақти.

Салима закий аёл эди. Кулимсираб жавоб берди:

– Сен менинг ўтмишимга эмас, ўз келажагингга қизиқяпсан, тўғрими? – Бош чайқаб сўзида давом этди. – Майли, айтаман. Мен кўрганларни сен кўрма, қизим. Олдинроқ билганимда эди, ўз қавмингдан бошқасига кўнгил қўйма, дердим.

Само унинг сўзини бўлди:

– Сиз ўз кечмишингизни айтиб беринг, қарорни мен ўзим чиқараман. Сизнинг аҳволингиз ҳам меникига ўхшайдими йўқми, шуни билмоқчиман.

Аёл бир хўрсиниб олди-да, давом этди:

– Довуд билан бир-биримизни севардик. Оила қурдик. Кошки, унга тегмасам эди. Тириклай гўрга тиқишди мени. Эрим сал жаҳли чиқса «айб ўзимда, лўлининг қизига уйланмаслигим керак эди», деб туриб оларди. Эҳ, буларни ҳечам унутолмайман. Уйга бирор меҳмон келадиган бўлса, менинг лўлилигим очилиб қолмасин деб ўзларини ҳар куйга солишарди. – Аёлнинг эсига нимадир тушдими, дарров, тузатиш киритди. – Ўзи мен лўли эмасман. Гаччоман.

Самонинг жаҳли чиқди:

– Гаччо деган сўзни биздан бошқалар ишлатмайди-ку? Нега ўзингизни сир тутасиз? Ўзингиз лўлиларни камситиб турибсиз-ку, бошқалардан яна ҳурмат кутасиз-а? Ҳатто ўғри ҳам, ғар ҳам, қўшмачи ҳам ўзининг кимлигини тан олади. Ўз боласини сотганлар ҳам қилмишидан уялмайди. Лекин биз, биз уяламиз, холос.

Салима афсус билан Самога ўгирилди.

– Албатта, уяламиз. Бизникилар ўғрилик қилишади, одамларни алдашади, фол очиб, найранг ишлатишади. Қани, лўлилар орасидан чиққан бирорта доктор, бирорта депутат борми?

Само лўли эканлиги сабаб мактабга олинмаган болаларни эслади:

– Қаердан ҳам бўлсин? Ахир лўлининг боласи бўлгани учун мактабга қабул қилишмаса, улардан қанақасига доктор чиқсин? Ўғри ва фирибгарлар бошқа миллатларда ҳам бор. Депутатлар ҳам бор, аммо уларнинг кўпчилиги ўз наслини сир тутади. Мана, Тепажиқ маҳалласига бир қаранг, қанчаси ўғрилик қилади? Уларнинг тўқсон фоизи очидан ўлса ҳам бировнинг нонига кўз олайтирмайди. Аммо ҳаммасига ўғрига қилинадиган муомалани қилишади. Истанбулда Драман, Қосимпошо, Тўпхона ва Султон маҳаллаларида ҳам лўлилар яшайди. Улар орасида яхши одамлар, асл инсонлар кўп. Уйларига кирсангиз ёғ тушса ялагудек. Ҳаммаси виждонли, ҳалол одамлар. Аммо уларга неча киши ишонаркин? У ерда менинг қариндошларим, танишларим бор. Аммо улар ўзларини худди қилган жинояти учун қочиб юрган жиноятчидек тутишади.

Само ичидан тошиб келаётган ғазабини тутолмай оёққа қалқди:

– Бунақа ноҳақлик қачонгача? Мен ишга киришаман. Ўйлаганим сари қаҳрим келяпти.

Яна нималарнидир гапирмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди. Салимага ўгирилди.

– Қўй буларни, кейин нималар бўлганини айт!

– Кейин менинг лўлилигимдан…

Аёл бирдан каловланди. Кейин ўзини қўлга олиб, давом этди:

– Менинг лўлилигимдан шунчалар уялишар эдики, қаерга боришса, мени ўзлари билан олиб юрмайдиган бўлишди. Эрим ҳам мен билан юришга ор қиларди. Бир пайтлар «сенсиз яшолмайман» деб юрган одам йўқолган, ўрнига бошқаси келганди. Жуда ғазабнок эдим. Аёл киши учун ўлимдан-да ёмони – бу ўз эри томонидан камситилишини билишдир. Имконим бўлганида, бутун дунёга ёлворардим, «илтимос, ўз аёлингизни хўрламанг», деб. Мен уни қанчалар севардим. Мени ёқтирмаслигини билгач, ҳисларим елга соврилди. Ҳар куни «Ё Раббим, нима учун мени лўли қилиб яратдинг?» деб тавалло қилардим.

Бир куни эримнинг пули йўқолди. «Бу уйда шу пайтга қадар ҳеч кимнинг пули йўқолмаган», деди эрим юзимга тик боқиб. Мендан шубҳаланаётганини сездим.

– Нега бунақа қараяпсиз? Мен умримда ўғирлик қилмаганман. Мендан шубҳаланманг, – дедим.

Гапимга қулоқ солармиди? Бутун оила қарор чиқариб бўлганди. Ўғрилик фақат лўлиларгагина тегишлидек, «сендан бошқаси олиши мумкин эмас, бизнинг оиладан ҳали ўғри чиқмаган, биз асил оиламиз», деб туриб олишди.

– Аслида менинг оилам асил, – дедим йиғлаб. – Агар сиз менинг онамнинг ўрнида бўлганингизда, билмадим, нималар қилардингиз. Онам ҳали келинлик пайтида отам одам ўлдириб, қамалди. Онам ўн етти йил номусини асраб, гул сотиб тирикчилик қилди. Бизни ҳам номусли қилиб тарбиялади. Кўчага чиқса ясаниб чиқмасди. Бегона эркаклар у ҳақда ёмон хаёлларга боришига йўл бермасди. Бундан ортиқ асил оила яна қаерда бор, деб фарёд солдим.

Само ўзини қўлга олганди.

– Қойил. Салима опа, Барака топинг. Анча хотиржам тортдим.

Аёлнинг кўзлари ёшга тўлиб, олдига қаради:

– Аммо фойдаси бўлмади. Улар ўз билганларидан қолишмади. Мени ўғирламаган пул учун ўғрига чиқаришди. Аҳмоқлигим сабабли, барибир тишимни тишимга босдим. Чунки эрим мени севмаса ҳам, мен эримни севардим. – Салима хоним кўз ёшларини тиёлмай изтиробли ҳикоясини давом эттирарди. – Қизиғи, ҳамон уни унутолганим йўқ. Аҳмоқман, ростдан ҳам. Шу сабабли ҳалиям эрга тегмадим… Кунларнинг бирида унинг кўйлагини дазмоллаб тургандим. Ўзига айтолмаган гапларимни кўйлагига айтиш билан овора эдим. Эшик тақиллади. Почтачи келган экан. Эримдан ажрашиш ҳақидаги ҳужжат келган. Турган еримда қотиб қолдим. Ўзимга келганимда кўйлагим ёниб, олов таглик тахтага ҳам ўтган, уйни тутун қоплаган эди. Кўп ўтмай ўзи ҳам келди. Кўзлари қип-қизариб кетганди.

– Нима бўлди, – деб сўради. Ҳаммасини айтиб бердим. У курсига ўтираркан, пешонасини қашлаб, жавоб берди:

– Нима қилай, Салима? Ҳамма, айниқса, яқинларим тинимсиз мен билан тортишадиган бўлишди. Одамлар орасида бош кўтаролмай қолдим.

Ўша куни кечқурун уч қаватли уйимизнинг учинчи қаватидан ўзимни ташладим. Аммо ажалим етмаган экан. Ўлмай қолдим. Мени касалхонага олиб кетишди. Бир ой ётдим. Касалхонадан чиқиб, қайтиб у уйга бормадим. Касалхонада ҳам у эрим эканини айтишга ор қилгани учун, бир танишим деган экан. Шундан кейин ҳам унинг уйига бора олармидим? Суд қарори билан ажрашдик. Қисқаси, емаган сомса учун пул тўладим. Биргина айбим – ўзим истамаган қавмга мансублигим эди. Ҳа, бу аччиқ, жуда ҳам аччиқ бадал эди. Яна нималарни айтсам бўларкин? Шунинг учун азизим, ҳеч қачон сенинг лўли эканингни билмаган гаччоларга эрга тегма. Улар ўзларини биздан устун кўриб, хўрлашади. Муттасил ерга уришади. Худди ўзлари истаган онадан туғилиб қолишгандек.

* * *

Имомга бориш учун йўлга чиққанларини негадир унутиб қўйган Само Салимани диққат билан тинглаб, ўз қарорини маълум қилганди. Меҳмет «ўламан Саттор» деса-да, унга тегмаслик ҳақида ўйларди. Аммо бу иш унинг қўлидан келадими-йўқми, ўзи ҳам билмасди. Чунки у туйғуларига қарши чиқолмасди.

Улар ислом нима эканлиги билинган бир оламда, исломни тилга олган ҳар бир кимса мулла деб эълон қилинадиган мамлакатда яшарди. Ниҳоят, улар бир сохта муллани ҳам топишди. Ҳақиқий устозга етолмасликнинг бадалини улар ҳам тўлашлари лозим эди.

Домла уларни сиполик билан қарши олди:

– Қани, келинг, ўтиринг-чи? Нима дардингиз бор?

Салима ва Само бир-бирига қараб қолишди.

Само бир бошдан ҳамма гапни айтиб бергач, сўради:

– Сиз айтинг, устоз, бизнинг гуноҳимиз нима? Ахир лўли бўлиб туғилишни биз истамаган эдикку? Шунақамасми?

Домла бошини чайқаб жавоб берди:

– Тўғри, бу сизнинг ихтиёрингиздаги масала эмас. Тақдирингиз шунақа экан. Тақдирни ўзгартириб бўлмайди.

Само тўлиб турган эди:

– Биз нима қилайлик, тақсир? Бизга уйланиш мумкин эмасми?

Домла қироат билан давом этди:

– Уйланишми? Лўлиларга-я? Асло… бу асло жоиз эмас! Ҳеч бир мусулмон лўлига уйланиши мумкин эмас.

– Лўли мусулмон бўлса ҳамми?

Исломни фақатгина эртак китоблар орқали ўқиб ўрганган жоҳил домла ўз фатволарини давом эттирди:

– Лўлидан мусулмон чиқарканми? Улар лаънатланган қавм. Истасалар ҳам мусумон бўла олишмайди. Аввал яҳудийликни қабул қилиши, кейин эса битта ғиштни баданига ишқалаб, то у тамом бўлгунича чўмилиши керак.

Само йиғламсираб ўз эътирозини давом эттирди:

– Ахир ғиштни минг йил баданга ишқаласа ҳам у тамом бўлмаслиги маълум-ку? Ахир биз мусулмон бўлишни истасак, нима учун яҳудийликни қабул қилишимиз, нима учун баданимизга ғишт ишқалашимиз керак? Бир одам гуноҳга қўл урганлар ҳам ҳеч қанақа ғишт ишқаламасдан, мусулмон бўлишади-ку? Нега биз бўлолмас эканмиз?

Халқ домла деб билган жоҳил яна «донолик»ни давом эттирди:

– Сиз лўлимиз деманг, тамом вассалом, синглим. Ахир тақдирингиз шундай бўлса, нима ҳам қилардингиз?

Само Аллоҳнинг бундай ҳукм чиқаришига ишонмаслиги боис, сўради:

– Лекин бу қандай адолатсизлик? Аллоҳ бундай ҳукм чиқариши мумкин эмас! Балки хато қилаётган бўлманг!

Домла файласуфона турқ билан ўрнидан туриб, кутубхонасига йўл олди.

– Тўхтанг, тўхтанг! Мен ўзимча гапираётганим йўқ. Мана ўша манбалар! Истасангиз шулардан ўқиб бераман.

Домла Қора Довуд муаллифлигидаги китобни олди. Орифлик ила тўғри ва нотўғри маълумотлар билан тўлиб тошган, Қора Довуд томонидан шарҳланган «Далойили Хойрот» китобини варақлашга тушди. Шу аснода ўз-ўзича ғудранарди:

– Қаерда қолди-я? Ҳа-а, эсимга тушди. Ҳазрати Иброҳим қиссасида эди. – Бир муддат варақларни аралаштириб, худди пойгада ғалаба қозонган отдек кишнади. – Мана, топдим. Бу эски китобда ёлғон гаплар бўлиши мумкин эмас. Мана, шунинг ичидан топамиз ҳозир.

Самонинг юраги тўхтаб қолгудек эди. Мулла эса алоҳида ихлос билан Ҳазрати Иброҳим қиссасини ўқишга тутинди. Тезлик билан битта бўлимни тугатиб бўлгач, ўзи қидирган жойини топди.

– Мана, мана бу ерини эшитинг: Иброҳим алайҳиссаломни кофирлар ясаган манжаниқ тоши устига ўтқаздилар. Аммо тош жойидан силжимади. Шу орада шайтон етиб келди ва кофирларга маслаҳат берди. Давомини мана шу манбадан ўқиймиз.

«Шайтон орага кирди.

– Эй Намруд, бир эркак ва аёлни олиб кел. Манжаниқнинг қаршисида ҳамманинг кўз ўнгида зино қилсинлар!

Намрўд бу ишни қила оладиган эркак ва аёлни топишни буюрди. Бироқ ҳеч ким бу шармандали ишга рози бўлмади. Аммо бир ака-сингил шу ишни қилишга розилик билдиришди. Акасининг исми Лў, синглисининг исми Ли эди. Ака-сингиллар бутун халойиқнинг кўз ўнгида ана шу разолатга қўл уришди. Ўша ерда бу ҳолга гувоҳ бўлган аҳли жамоат бу ака-сингилга лаънат ёғдиришди. Кейин улардан тарқаган фарзандларга Лў-Лининг болалари деб от қўйдилар».

Домла китобни ўқиб бўлиши билан яна қаршисидаги меҳмонларга юзланди:

– Ана, кўрдингизми? Буларни мен ўйлаб топганим йўқ. Китобда шунақа ёзилган.

Само яна исён кўтарди:

– Бу китоб Аллоҳнинг каломи эмас-ку? Ёлғон бўлиши мумкин эмасми? Буни ёзган одам шу ҳодисани ўз кўзи билан кўрибдими? Қуръони Каримда ҳам шу ҳодиса тилга олинганми? Ҳадиси шарифда-чи?

Домла оғир-оғир жавоб берди:

– Азизим, бу китобни профессорлар, баъзи илоҳиёт муаллимлари таржима қилишган. Ёлғон бўлганида, улар бунақа туҳмат гапларни таржима қилишмасди. Лоақал таржима қилиш пайтида, шу ёлғон қисмни чиқариб ташлашарди.

Самонинг кўз ёшлари бошқа, Самонинг кўз ёшлари яна бошқа нарсалар учун оқарди.

Само ҳиқиллаганча, эшик томон юрди:

– Майли, кетдик. Мен ҳали бу масалани суриштираман. Кўрамиз, Қуръонда ҳам шунақа гаплар бормикин? Мен фақат Аллоҳга ишонаман. Икки бемаза ака-сингилнинг хатоси учун бегуноҳ одамлар то қиёматга қадар азият чекишлари мумкин эмас.

Орадан кунлар ўтди. Бу орада Меҳмет ва Самонинг муносабатлари ҳам совиб бўлганди. Само ҳам бу масалага ортиқ эътибор бермай қўйди.

Бир куни газетада чиқан бир хабар Серпилнинг эътиборини тортди. Унинг бутун фикризикри хонанда бўлиш эди. У хабарни қайта-қайта ўқиб чиқди.

«ТИКОФИШ» Санъаткорлар уюшмаси қўшиқлар танловини ўтказмоқда. Бу танлов бутун Туркия миқёсида бўлиб ўтади.

Серпил ўз олдида бир мақсад қўйганди. Бу танловда у, албатта, қатнашади. У бола боқишдан чарчаганди. Қолаверса, у онасининг дардини ҳам яхши тушунарди. У энди онасининг орзуларини амалга оширишни орзу қиларди. Серпил билмаса ҳам, шайтон ва болаларни оч қолганларга ҳар доим ҳаром йўлларни тарғиб этарди.

У газетада чиққан эълонни қирқиб, чўнтагига солиб қўйди. Дераза олдига келиб, ташқарига қаради. Босиб ўтган йўлларни кўз олдига келтирди. Ҳар куни хонанда бўлиш ҳақида орзу қиларкан, «Пайғамбаримиз бунга нима деркин?» деган андишага борар, орзуларидан воз кечмоқчи бўларди.

Онасига қўшиқчи бўлиш орзуси ҳақида сўз очгиси келар, аммо тўғридан-тўғри гапиришга юраги дов бермасди. Танлов ҳақида хабар топгач, Самонинг дарди ҳақида бош қотиришни тўхтатди. Қўшиниларидан бирининг келишини кутди. Чунки улар онасини қандай кўндиришни билишарди.

Кутганидек бўлиб чиқди. Қўшниларникидан келган икки меҳмон аёлга ўз орзусини маълум қилгач, улар Серпилга жасорат бахш этишди.

Серпил аввал онасига қаради, кейин гап бошлади:

– Она! Газетада эълон чиқибди. Қўшиқлар танлови бўларкан, шунга қатнашмоқчиман. Илтимос, рад қилмасангиз. Майлими, она? Сизни бу оғир меҳнатлардан қутқармоқчиман.

Эгилиб ер супураётган аёл турган ерида тошдек қотди. Супургисини шарт-шарт ерга уриб, ғазаб билан қизига қаради.

– Жинни бўлдингми? Акаларинг икковимизни ҳам сўйиб ташлашади.

Серпил ёлворишга тушди:

– Онажон, мен сизни биламан! Истасангиз уларни ҳам кўндира оласиз. Сизнинг қўлингиз ва тилингиздан қушлар қочиб кетолмайди.

Шафиқа хоним қизини эшитишни ҳам истамасди:

– Икки дунёда ҳам рози бўлишмайди. Мен уларни яхши биламан!

Яхшилик йўлида маслаҳат берувчилар топилмайдиган дунёда Аллоҳ изн бермаган масалада маслаҳатчилар ҳам тез топилади. Қўшни хотинлар Серпилдан хавотир олишар, қўлларидан келган ишни қилишарди:

– Шу қадар гўзал овоз увол бўлиб кетаверадими? Аллоҳдан қўрқинг, Шафиқа хоним, қизингизга зиён қилманг!

Нариги аёл ҳам уни кўндиришга уринди:

– Бу қиз ҳали саҳнага бир чиқсин! Бизнинг қизимиз қанақа қўшиқлар айта олишини ҳали олам билади. Биздан чиққан қўшиқчилар қанақа қиздиришади. Булбулларимиз бизни қандай ғурурга тўлдиради. Серпилни ҳам улардан нимаси кам? Серпилнинг овози уларникидан ҳам чиройли-ку? Эҳ, синглим, синглим. Сен бу қизнинг йўлига тўғаноқ бўлма!

Ҳар калладан ҳар хаёл чиқади. Бу масала Шафиқа хонимнинг ҳам миясида айланиб турарди. Аммо у ўғилларидан қўрқарди, холос.

Серпил кунлар давомида онасини кўндиришга уринди. У лўлиларнинг қўлидан нималар келиши мумкинлигини кўрсатмоқчи эди.

– Она, биз камбағалликдан қутуламиз. Сиз рози бўлсангиз бўлди. Илтимос, онажон!

Шафиқа қизига ўз қарорини баён қиларкан, асабийлашганди.

– Бўпти, бўпти, акаларингга айтаман. Агар улар рози бўлишса, борасан.

Оқшом тушганида, ўғиллари ишдан қайтиши билан она шу мавзуда оғиз очди. Ҳасан бу таклифдан қаттиқ ранжиди:

– Мутлақо бўлмайди. Мен қўшиқчилар қандай машҳур бўлишларини яхши биламан. Уларнинг жуда оз қисми бузилмай туриб санъаткор бўлади.

Шафиқа хоним ниҳоят бу ишнинг ҳам хийласини топди:

– Ўғлим, асабийлашма. Уни ёлғизлатиб қўймаймиз-ку? Сен борасан, биз борамиз. Тоғанг ёнида бўлади. Танлов аёллар ўртасида бўларкан-ку?

Ҳасан ҳали у пайтлар исломнинг амрларидан тўла хабардор эмасди. Шу сабабли тез рози бўлди. Серпил Тепажиқдаги тўйларда ҳам қўшиқ айтиб юрарди. Тўй мажлислари ва казион орасида унча катта фарқ бўлмасди. Оммавий маданият кўзларни қамаштириб қўйганди.

Серпил танлов ҳайъатига мурожаат этаркан, танлов қачон бўлиб ўтишини ҳам суриштирди.

Сўнгги кун Серпилнинг қовоқлари шишган, ҳарорати баланд, анча тоби қочиб қолганди. Уни кўриш учун келган дугоналари билан аранг саломлашарди:

– Манави тескариликни қаранг! Танловга қатнашаман деганимда бу касалга йўлиқдим. Ажабо! Менинг қўшиқчи бўлишим Аллоҳга хуш келмаётганмикин? Кейин бирдан У бизни ёқтирмаслиги эсимга тушди. «У бизни ёқтирмаса, унга нима фарқи бор?» дея танловга қатнашмоқчи эдим.

Дугоналари ҳаяжондан ўзларини қўярга жой топа олишмасди. Исломга умуман алоқаси бўлмаган ҳукмларни ўйлаб топишарди:

– Бунақа нарсаларни хаёлингга ҳам келтирма! Қўшиқчилик айб эмас-ку? Кўнглинг тоза бўлса, бўлди-да!

Ҳали пайти келиб, йиллар оша, бу талқинлар яна унинг оёғи остидан чиқиб қолишини у ҳам билмасди.

Эртаси куни катта ҳаяжон билан ҳозирликлар ниҳоясига етганди. Афсуски, Серпил танловда ютиб чиқолмаслигини аллақачон англаб бўлганди.

Томоғи ҳамон оғрир, овози ҳам дағаллашиб қолганди. Майлига, ҳатто енгилса ҳам қатнашиши керак. Ётоғида шуларни ўйлаб ётаркан, олдига Само келди. Қўлида бир варақ мактуб, Серпилга ўқиб бермоқчи эди. Фақат Серпилнинг ҳамма ўртоқларини танимасди. Ҳар қалай қўшни маҳалладан бўлишса керак. Серпил Самонинг дардини тушунганди. Ғамгинлик билан Самодан узр сўради.

– Айбга буюрмайсан, Само, сени ўз ҳолингга ташлаб қўйдим. Бу танловда, албатта, қатнашишим керак. Манави гаплар мени қаттиқ эзди. Сиз ўйлагандек эмас. – Кейин ўртоқларига қаради. – Сен билан ёлғиз гаплаша оламизми?

У ҳали сўзини тугатмасдан туриб, қизчалар ўринларидан туриб кетишди. Серпил ёстиқдан бошини узиб, ўтириб олди.

– Энди хатнинг қаеридан ўқимоқчи бўлсанг ўқи. Кейин менинг ҳам сенга айтадиган гапларим бор.

Само Меҳметдан келган мактубни ўқий бошлади:

«Севиклигим Само!

Кечаю кундуз сени ўйлаганим сабабли охирги ўн кун ичида ухлолмадим. «Лайли ва Мажнун»даги Лайлининг ҳам, Мажнуннинг ҳам доғини ўзим чекяпман. «Лайлининг дарди сенга қолдими, мен борман-ку», дейишинг мумкин. Айбга буюрма, азизам! Мени кечир, аммо сен мендек ёнаётганинг йўқ. Менчалик ўртанмаслигингни изтироб ила кўриб турибман.

Мен сенга «лўли бўлиб, қочайлик», дегандим, сен ҳали ҳам менга жавоб бермадинг. Сен мени тушунмаяпсанми, Само? Мен сенсиз яшаёлмайман. Нега менга аниқ жавоб айтмаяпсан? Телефон ҳам қилмайсан? Хўп, уйда телефонни бошқа биров кўтаради, ҳам дейлик. Лекин уйингдагилар ҳеч уйдан ташқари чиқишмайдими? Улар ҳатто ҳожатга ҳам боришмайдими? Телефон қилиш учун бир дақиқа ҳам вақтинг йўқми?

Ошиқ жасоратли бўлади, дейишади. Сен қанақа ошиқсанки, ҳеч нарсага журъатинг етмайди? Сен мени севмайсанми, Само? Сен мени тушунмайсанми? Мени таниёлмадингми? Нега ҳаракатсиз турибсан?

Қара, сендан ўтиниб сўраяпман, юр, қочиб кетайлик. Мен ўзим оч қолсам ҳам сени боқа оламан. Ўзим емасам ҳам сенга едираман. Менга ишонмайсанми? Мен лўлиликни қабул қилсам, никоҳимиз ҳам бўлади. Сендан аниқ бир жавоб бўлмагани учун мен ҳам лўли бўлиш учун нималар кераклигини ўрганолмаяпман. Илтимос, мен билан қочиш ниятинг бўлса, бу ҳақда албатта менга хабар бер. Бўлмаса жинни бўлишим ҳеч гап эмас. Илтимос, мени тушунишга ҳаракат қил. Агар шундай давом этаверса, мени жиннихонадан топасан…»

Мактуб худди олов бўлиб ёндирарди. Само шошиб қолди. Йиғламсираб Серпилдан сўради:

– Сен менга ёрдам бер, илтимос. Аҳволимни кўриб турибсан. Домладан сўрадик, «бўлмайди», деди. Буни унга қандай тушунтирамиз? Кўряпсан, девоналарча севиб қолган. Кошки муҳаббати бошқаларникига ўхшаса? Ҳозир бунақа аҳволга тушиб ўтирмасди.

Серпил қийналиб гапираётгани учун саволларга имкон қадар қисқароқ жавоб беришга уринарди.

– Менга қара, Саможон! Сени яхши тушунаман. Биласан, эртага менинг танловим бор. Шу танлов ўтиб олсин, бу масалани амаллаб ҳал қиламиз. Меҳметнинг оиласи билан гаплашаман. Сен унга битта яхши мактуб ёзиб ҳаммасини тушунтир. Мендан ҳам хавотир олма, бўптими? Етарлича эътибор беролмадим. Лекин менинг ҳам ўзимга яраша дардим бор. Мени ҳам севадиганлар бор. Биласан, маҳаллада менинг бир севгилим бор. Лекин совчи юбормаяпти. Оиламдагилар бошқа бировга бериб юборишади, деб ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Бир тарафдан танлов ҳаяжони. Танлов ўтиши билан бу масалада атрофлича гаплашамиз. Энди сен бор. Уйингдагилар кутиб қолишмасин. Мен сени излаб топаман.

Икки дугона келишиб олишди. Умид ва тасалли тополган Само Серпилга шифо тилаб, ўрнидан турди.

Серпил ёлғиз қолганида, бир муддат Меҳметнинг кўз ёшларини ўйлаб, ўз хаёлларига берилди. Агар овози тузалса, эртага танловда ғолиб чиқишига ишонарди. Агар ғолиб чиқса, ҳаммаси бошқача бўлади. Ана шундай ширин хаёлларда уйқуга кетган Серпил тушларида ҳам саҳнани кўрди, қаршисида Само ва Меҳмет йиғлаб туришарди.

* * *

Танлов бошланган, издиҳом ўтаётган бинонинг ичи тумонат одамга тўла эди. Серпил аввал ҳакамларни кўздан кечирди. Кейин бошловчига қаради. Бошловчи Измирнинг энг машҳур сухандонларидан бири Гўкхан Гўзайдин эди. Уни кўриши билан жасоратга тўлди. «Демак, бу тадбир ёшларни алдаб аврашга қаратилган бемаъни томоша эмас», деб ўйлади. Аммо у фирибгарларнинг қўлидан ҳар иш келиши, ҳатто машҳур сухандонларни, ўз оталарини ҳам ўйинга тикиб юборишларини у ҳали тушунмасди.

Ҳакамлар ҳайъати орасидан бирор бир танишини қидирмоқчидек узоқ тикилди. Собиқ депутат Рушту Шардағ ва Парла Шенолнинг отаси бор эди уларнинг орасида. Бастакор Шаҳин Шенол ҳам улар билан бирга эди.

Казинодан бери келмайдиган тепажиқликлар уни ўртага олиб, насиҳат қилишарди. Шу ерда Ойша, Туркон, Тулай, Алев, Зейнеп ҳам бор эди. Серпил нима дейишни билмасди. Шайтоний йўлда шайтоннинг ўзи уларга ўз ёрдамчиларини юбориб турарди.

Танлов кечга яқин бошланганида, саҳнага чиққанлар билан тортишган ёшлар сафи ҳам сийраклашганди. Серпилнинг дугоналари ҳам шу тортишувларни муҳокама қилишарди.

– Мана бу ердан дугонамиз чиқади, лекин унда ўша кутилаётган овоз йўқ, мана, кўрасизлар!

Ёшлар бетоқатлик билан танлов иштирокчисининг саҳнага чиқишини кутишарди. Серпилнинг дугоналари ҳам уни кўришлари билан шовқин-суронлари икки карра кўтарилди.

– Анави қизми? Ҳа… ўша, ўша-ку? Унинг турган-битгани истеъдод, овоз бўлса…

Бошқа бири гапни ҳазил тарафга буришга уринди:

– Ҳа, дугонамизга айтиб қўйиш керак, яна овозини эшитиб ҳушимиздан кетиб қолмайлик.

Серпил ҳамма гапни эшитса-да, индамай турарди. Овози ҳам бироз очилганди. Умиди уйғонди. Дугоналарнинг гаплари унга оғир ботгани учун муттасил тарзда томоқ оғриғига қарши дорилар қабул қилар, шу сабабли бўлса керак, томоғи анча юмшаганди. Шу пайтда онаси ҳам уйида ястаниб ўтирганча, саҳнада томоқ йиртаётган хонандаларга қараб «Ҳали шошмай туринглар, қизим чиқсин, кўрсатиб қўяди», дерди. Ўнтача иштирокчи ўз қўшиқларини куйлаб бўлганидан кейин навбат Серпилга келди. Олд томонда ўтирган ёшлар ҳамон бояги мавзуни давом эттиришарди.

Серпил саҳнага илк қадамини қўяркан, аввал «бисмиллоҳ», демоқчи бўлди. Аммо «Аллоҳга хуш келмайдиган ишни унинг оти билан бошлашим тўғри бўлармикин?» дея, фикридан қайтди. Созандалар ҳамон қўлларидаги чолғуларни созлашар, Серпил эса ўз орзулари билан маст эди. У тезроқ қўлига микрофон беришларини кутарди. Мана, ниҳоят, у қўшиқ бошлади:

 
Оқшом тушди, ғамга ботдим мен яна,
Кўзларинг рангини соғиндим, мана,
Кел, моҳтобим, кел, севгилим, кела қол,
Кўзларинг рангини соғиндим, яна.
 

Залда қилт этган товуш йўқ. Серпил ҳакамлар ҳайъатига қараган пайтида улар ҳам сеҳрлангандек саҳнага тикилиб ўтиришарди. Қўшиқ тугаши билан ҳамма ёқни олқишлар босиб кетди. Ҳакамлар танлов якунларини айта бошлашди. Томошабинлар Гўкхан Гўзайдиннинг оғзига қараб ўтиришарди.

– Биринчи ўрин соҳиби – ёш хонанда Серпил!

Серпилнинг дугоналари у томон талпинар, уни олқишлашарди. Ташқарига чиққан пайтида севинч ва табриклар давом этарди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации