Электронная библиотека » Аҳрор Аҳмедов » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Кўҳинур"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Аҳрор Аҳмедов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Учинчи боб

1547 йилда Бобурнинг олмоси Ҳумоюн қўлидан кетганига уч йил тўлмасдан олмос Эрондан Ҳиндистон жанубидаги Деккан музофоти ҳудудига ўтди. Деккан 1347–1518 йилларда мавжуд бўлган буюк Бахмонийлар салтанатининг парчаланиб кетиши натижасида ҳосил бўлган мамлакат эди. У бешта хонликдан иборат бўлиб, Аҳмаднагар, Бедар, Берар, Бижапур ва Голконда вилоятларини ўз ичига олган эди.

Савол туғилади: наҳотки Бобурнинг олмосини Эрон шоҳи Тахмасп Аҳмаднагар ҳокими Бурхон Низомшоҳга ҳадя қилган бўлса? Ўта хасис ва очкўз Тахмасп бу бебаҳо олмосни Эрондан жуда узоқда жойлашган кичик бир хонлик эгасига осонликча ҳадя қилганига ишонгинг келмайди. Эҳтимол, бошқа эътиқод вакилларини шиа мазҳабига жалб қилиш учун интилиш молиявий манфаатлардан устун келгандир.

Бижапур ва Голконда ҳокимларга эргашиб, Бурхон Низомшоҳ ҳам шиалик мазҳабини қабул қилди ва жума намозларида ўн икки имом билан бир қаторда Шоҳ Тахмасп номини ҳам қўшиб хутба ўқишга фармон берди. Бунинг устига, тахти устига тўшалган, Бағдод халифасининг рамзи бўлмиш қора рангдаги қопламани олиб ташлаб, унинг ўрнига шиа имомлари ихлос қиладиган ранг – янги, зангори шуъла сочиб турадиган мато билан қоплаттирди. Ўз эътиқодини шу даражада ўзгартириш билан наҳотки у шунчалик бебаҳо ҳадяга лойиқ иш кўрсатган бўлса?

Олмоснинг қандай қилиб Эрондан Декканга келиб қолиш тарихи Голконда ҳокимининг Эрон шоҳи саройига элчи қилиб юборилган Кўр Шоҳ исмли кишининг хотираномасида баён қилинган. Бу қўлёзма Лондондаги Индиан Оффис кутубхонасида сақланмоқда. Мутахассислар томонидан қиммати «дунё аҳолисини икки ярим кун давомида боқишга етадиган» олмос ҳақида гапириб, Кўр Шоҳ шундай деб қўшимча қилади: «Шоҳ ҳазратларининг назарида бу олмоснинг қиммати унчалик юқори ҳисобланмас эди. Ниҳоят, Худонинг хоҳиши билан Шоҳ Тахмасп бу олмосни Маҳтар Жамол исми билан танилган Оға Ислом деган киши орқали Деккан ҳукмдори Низомшоҳга совға сифатида юборди».

Афсуски, Кўр Шоҳга ўз ҳикоясини тўлалигича якунлаш насиб қилмади, кўп ўтмай у оламдан ўтди. Хайриятки, ўша даврга тегишли муаллифи номаълум бўлган яна бир қўлёзма топилди. Бу қўлёзма Маҳтар Жамолнинг Эрондан Декканга келиши ҳақида бир оз маълумот берса-да, лекин унда олмоснинг тақдири ҳақида сўз юритилмаган. Ўша манбада айтилишича, Эрон элчиси Тахмасп томонидан Бурхон Низомшоҳга хат билан бирга совғалар ҳам жўнатган. Аҳмаднагарга келгач, у хатни эгасига топширган, лекин кейинроқ айрим ноўрин ҳаракатлари туфайли Тахмаспнинг қаҳрига учраган.

Айтишларича, Маҳтар Жамол олмосни Низомшоҳга топшириш ўрнига, уни Вижайянагарда бир харидорга сотиб юбориб, пулини ҳамёнга жойлаган. Бу жинояти учун Тахмасп уни ҳибсга олишга буйруқ берган. Лекин Маҳтар Жамолнинг одамлари уни вақтида огоҳлантиришга улгуришган ва у таъқибчилардан қутулиб қолган.

Воқеалар шу тарзда рўй берган бўлиши мумкин. Чунки Аҳмаднагар Вижайянагардан унчалик узоқ эмас эди. У Кришна дарёси қирғоқларидан тортиб то Каня Кумари бурни деган жойгача чўзилиб кетган улкан ҳудудни эгаллаган Ҳинди хонлигининг марказий шаҳри эди. Бу хонлик 1336 йилда ташкил этилган бўлиб 1556 йилгача мусулмонларнинг бу мамлакатга бостириб киришига қарши муҳим ҳимоя девори сифатида хизмат қилган.

Вижайянагарда жуда кўп олмос конлари бўлиб, қимматбаҳо тошлар бозори ҳам мана шу ерда эди. Асосий олмос конлари Кришна дарёсининг шимолий қирғоғидаги Курнўл ва Анантапур деган ҳудудларда жойлашган эди. Конлар бу ердан топилган вазни 20 мангелин, яъни 25 каратдан ортиқ бўлган тошлар-ни подшоҳ хазинасига топшириш шарти билан ижарага берилган эди. Афтидан, бундай тошларнинг сони шу қадар кўп эдики, ҳатто Вижайянагардаги даҳшатли жангдан кейин ҳам подшоҳ ихтиёрида бир сандиқ тўла олмос қолган эди. У олмослардан бирини подшоҳ тантанали маросимларда иштирок этганда отининг ёлига қадаб қўйилар эди. Бу олмос Вижайянагарни талон-тарож қилишганда Бижапур ҳукмдорининг қўлига тушиб қолган эди. Унинг ғайри табиий ҳажми ва товланиши «Decades» (Ўн йилликлар) деб номланган китоб муаллифи, португалиялик Диого до Коуто ва унинг ватандоши Доктор Гарсиа дэ Орта каби тарихчиларнинг диққатини ўзига тортган эди.

Доктор Гарсиа Ортанинг «Оддий ва мураккаб нарсалар ҳақида португалча суҳбат» номли китоби 1563 йилда Ҳиндистоннинг португаллар босиб олган Гоа оролида чоп этилган бўлиб, бу Ҳиндистонда нашр қилинган биринчи китоб ҳисобланади. Доктор Гарсианинг хабар беришича, унга бир ишончли киши Вижайянагарда бир неча йил аввал ҳажми товуқ тухумича келадиган бир олмосни кўрганини айтган экан. Афсуски, у бу олмоснинг вазни ҳақида ҳеч нарса демаган. Бироқ ўз кўзлари билан кўрган учта олмоснинг вазнини аниқ айтиб берган. Улар 120, 140 ва 250 мангелин, яъни 150, 175 ва 312,5 карат ҳажмда бўлган.

Қимматбаҳо тошларнинг вазнини ўлчаш учун Ҳиндистоннинг турли ҳудудларида турлича ўлчов бирликлари қўлланилганини эътиборга оладиган бўлсак, юқорида зикр этилган, «ҳажми товуқ тухумидек келадиган», яъни 175 каратли олмос Бобурнинг олмоси бўлиши мумкин, унинг вазни 186 карат эди.

Ҳар ҳолда, Бобур олмосининг саргузаштлари изи кейинги юз йилдан ортиқ муддат давомида турли тахмин ва чигалликлар орасида мавҳум бир ҳолатга келиб қолди. Энди воқеалар ривожини ўн еттинчи аср ўрталарида, кутилмаганда Ҳумоюннинг чевараси бўлмиш Шоҳ Жаҳон саройида қайта учратгунимизча сабр қилиб турамиз.

Бу воқеа ака-ука шаҳзодаларнинг бобурийлар салтанатини ўзаро бўлиб олиш учун олиб борган биродаркушлик уруши арафасида рўй берган эди. Ўшанда воқеалар рўй берадиган саҳна, яъни шимолий Ҳиндистон катта ўзгаришларни ўз бошидан кечираётган эди.

Ҳумоюннинг Ҳиндистон тахтига иккинчи бор чиқиши биринчисидан ҳам қисқа вақт давом этди.

Тахтни қайта эгаллаганига олти ой ҳам тўлмай, 1556 йилнинг 24 январь, жума куни, умрида омад ва омадсизликларнинг барчаси билан юзлашган бу ҳукмдор ачинарли бир вазиятда ёруғ олам билан видолашди.

Айтишларича, ўша куни у Деҳлидаги «Пурана қила» деб номланган мажмуада қизил ғиштдан қурилган Шер Мандал деб аталган саккиз бурчакли бинода жойлашган кутубхонада бўлган экан. Бир неча беклари ва Гужаратдан келган турк адмирали Саидали Раис билан бўлган узоқ суҳбатдан сўнг у тоза ҳаводан нафас олиш учун юқори қаватга кўтарилган ва қўшни масжид олдида тўпланган фуқароларининг таъзимини қабул қилган.

Хуфтон намозини адо этиш учун кутубхонага қайтаётиб, айланма пиллапоянинг ўртасига келганда кутилмаганда муаззиннинг азон чақириғини эшитиб қолди. Азоннинг ҳурматига итоат қилиб ўтириш учун тиззасини букканда унинг оёғи узун чопони этакларига ўралашиб қолади ва қўлидаги асо пиллапоя зинасига сирғалиб тушиб кетади, натижада у мувозанатини йўқотиб, зинапояга боши билан йиқилиб, қаттиқ жароҳат олади. Икки кун ўтгач, бу жароҳат устун келиб, ҳаёт билан видолашади.

Ҳумоюннинг ўн уч яшарлик ўғли шаҳзода Акбар ўша кунлари бек аткаси Байрамхон билан Панжоб томонларда Шершоҳ Сурнинг меросхўри Искандаршоҳ сурнинг қўшинларини қувиб юрган эди. Байрамхонга «Хони-хонон» унвони берилиб, у Акбар мирзога «оталиқ» ёки «бек атка» этиб тайинланган эди.

Турк адмирали Саидали Раиснинг таклифига биноан Ҳумоюннинг вафоти Акбар мирзони тахт меросхўри деб расман эълон қилингунча сир сақлашга қарор қилинди. Деҳли аҳолисининг гумон ва мишмишларига йўл қўймаслик учун жуссаси ва юзи Ҳумоюнга ўхшаган Мулла Ваққосий деган кишини шоҳона кийинтириб, ҳар куни тонгда фуқаролар олдига саломга чиқариб турдилар. Ниҳоят, пойтахт хавфсизлиги тўла таъминлангач, 1556 йилнинг 12 февраль куни жума намозида янги ҳукмдор Жалолиддин Муҳаммад Акбар номига хутба ўқилди.

Отаси вафотидан сўнг Ҳиндистон подшоси деб эълон қилинган ёш шаҳзода Акбарнинг тақдирига бобурий подшоҳларнинг энг буюги бўлиши ёзиб қўйилган эди.

1560 йилда, ўн саккиз ёшга етганда у Байрамхоннинг тобора авжига чиқаётган назоратидан халос бўлди ва уни Маккага ҳаж сафарига боришга буюрди. Албатта, ҳар бир эътиқодли мусулмон ҳаж қилишни орзу қилади, бироқ Акбарнинг Байрамхонни кутилмаганда ҳажга бориши зарурлиги ҳақидаги буйруқ оҳанги Акбар ҳузурида бундан буён Байрамхоннинг хизматига зарурат йўқлигини билдирар эди. Байрамхоннинг гумашталари бу буйруққа итоат этмасликка даъват қилдилар, бироқ бу эътирозга ҳеч ким қулоқ тутмади. Байрамхон ҳам ўзининг бобурийлар сулоласига бўлган садоқатига соя соладиган бирон чора қўллашни истамади.

Шунга қарамай, у ҳаж сафарига отланганда карвон Гужаратга етганда уни сирли равишда қатл қилдилар. Унинг тўрт ёшли Абдураҳим исмли ўғлини Акбар ўз тарбиясига олди. У келажакда машҳур саркарда ва олим бўлиб етишди ва Акбарнинг саройдаги тўққизта ҳамнафас дўстлари – «саройнинг тўққиз гавҳари» даврасидан жой олди. Унинг яқин дўстлари қаторида Жайпур вилояти махарожаси (ҳокими) Ман Сингҳ, Акбарнинг шахсий котиби ва «Акбарнома» асари муаллифи Абулфазл, гвалиорлик машҳур ҳофиз Миён Тансенлар бор эди.

Акбар одамни лол қолдирадиган юксак қобилияти ва хотираси туфайли жуда катта билим эгаси бўлиб етишди. Унинг отасидан мерос қолган ноёб қўлёзмалар кутубхонаси бор эди. У Хофиз Шерозий ва Жалолиддин Румий асарларини тинглашни ёқтирар ва эшитганини ёдда сақлаб қолиш хусусияти яхши ривожланган эди.

Янги ҳукмдор сиёсат соҳасида ҳам зийраклик ва зукколик билан иш юритар ва ўзининг моҳир маъмур эканини намойиш этарди. Унинг бу хислатлари отасидан мерос қолган мўъжаз бир ўлкани улкан империяга айлантирди.

Бу мақсадга эришиш учун у мамлакат аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилувчи маҳаллий ҳиндларнинг қалбига йўл очди, уларнинг ишончини қозона олди, бошқарув маъмурияти ва ҳарбий лавозимларга уларнинг кўпчилигини жалб қилди, натижада уларнинг подшоҳга садоқатини кўтаринкилик билан олқишлади.

Дастлаб у ражпут маликаси – Жайпур вилояти рожаси Бхагван Даснинг қизига уйланди ва Тодар Мал каби бир неча ҳинди мансабдорларини сарой бошқарувидаги муҳим лавозимларга тайинлади. Тодар Мал молия вазири этиб тайинлангач, унга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги солиқлар тизимида ислоҳотлар ўтказиш тайинланди. Ундан сўнг мусулмон бўлмаган фуқаролардан олинадиган «жузъя» солиғи ва ҳаж зиёратига борадиганлардан олинадиган солиқлар бекор қилиниб, ҳинди солиқ тўловчиларнинг юки анча енгиллаштирилди. У ер ислоҳоти ва Шершоҳ Сур маъмуриятидан қолган ўлчов бирликларини ҳам ислоҳ қилдирди. Уларни ҳозир «Тодар Малдан қолган бирликлар» деб аташади.

Тодар Мал салтанатда олиб бориладиган ҳисобкитоб ишларини сарой тили бўлмиш форсийда олиб боришни йўлга қўйди ва ҳиндиларнинг ҳам мусулмонлар билан баравар юқори мартабага эришишлари учун форс тилини ўрганишларига йўл очиб берди.

Акбарнинг очиқ кўнгиллилиги унинг диний қарашларга нисбатан бағрикенглигида кенгроқ намоён бўлди. Ёшлигида ва кейинроқ дўсти Абулфазлдан ўрганган фалсафий билимлари асосида у форсийда яратилган диний-мистик қарашларни ислоҳ қилиб, ўзининг «Дини илоҳий» деган назариясини яратди. Бу назария салтанат ҳудудида томир отган диний ақидалар ва фалсафий қарашларни умумлаштириб, улардаги ижобий жиҳатларни бир мақсадга йўналтирди.

Акбарнинг бу ҳаракатлари унинг мусулмон фуқаро ларига маъқул бўлмади. Уларнинг фикрича, гўёки Акбар кўпроқ ҳиндиларга ён босиб, мусулмонларни камситгандек туюлди. Эмишки, гўё мусулмонларга ўз фарзандларининг исмини Муҳаммад деб аташларига ҳам рухсат бермаган эмиш. Шунингдек, араб тилини ўрганишни ҳам гўё чеклаб, ҳижрий тақвимни тенгкунлик таомилига асосланган милодий тақвим билан алмаштиришни тавсия қилган эмиш. Шу муносабат билан Эрондаги каби Наврўз байрамини нишонлаш йўлга қўйилди. Ҳиндистонда баҳорги тенгкунлик ҳиндларнинг «Миина базар» деб аталган байрамига тўғри келади. Бу байрам сарой ҳудудидаги кенг майсазорда ташкил қилиниб, унда сарой аъёнларининг аёллари савдогар хотинлар қиёфасига кириб, юзларидаги пардаларини очиб, дўконда савдо қилишади ва бу билан бу ерга киришга рухсат берилган эркакларнинг эътиборини ўзларига жалб қиладилар.

Акбарнинг «Дини илоҳий» назарияси узоқ яшамади. Уни ўзлаштирганлар сони ҳам кўп эмас эди. Лекин шуниси аниқки, у шу йўл билан диний ва этник рақобатдаги тарқоқ гуруҳларни бирлаштириб, оз муддатга бўлса ҳам бир бутун миллатни, яхлит мамлакатни ярата олди.

Акбар 1605 йилда вафот этган пайтда унинг салтанати чегаралари ғарбда Қандаҳордан шарқда Бенгал бўғозигача, шимолда Кашмир водийсидан марказий Ҳиндистондаги Нармада дарёси қирғоқларигача ястаниб ётарди. У Деккан (санскрит тилидаги «Дакшин» – сўзидан ясалиб, «жануб» маъносини англатади) музофотидаги сиёсий вазиятга аралашиб, жуда тўғри иш қилган эди.

У жанубдан келадиган хавфнинг олдини олиш учун шимолий Ҳиндистон ва Деккан ўрталигида жойлашган Тапти дарёси воҳасидаги аҳолиси ёввойисифат Хондеш вилоятини ўз мулкига қўшиб олди. Аҳмаднагар ва Берор вилоятларини ҳам ўзига бўйсундирди. Акбарнинг шиддат билан атроф ўлкаларни босиб олишини кўриб ваҳимага тушган, аҳолиси шиа мазҳабига мансуб бўлган Бижапур ва Голконда вилоятлари ҳокимлари унга эҳтиром билдириб, ўлпон тўлаб туришга рози бўлдилар.

Яқиндагина отаси ихтиёрида бўлган ва бой берилган бебаҳо олмос у бошқариб турган Деккан ҳудудида эканидан Акбар албатта, бехабар қолган бўлиши мумкин.

Акбарнинг хотинлари кўп бўлса ҳам, фарзандлари турмади. Диний эътиқодидан кўра иримчилиги кучлироқ бўлган Акбар бола кўриш мақсадида Агранинг ғарбида ўттиз беш километрлик масофада жойлашган Секри қишлоғида дарвешона ҳаёт кечираётган мўйсафид Шайх Салим Чиштийга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Сўфийлик тариқатининг Чиштия оқимига мансуб бу авлиёсифат одам Акбарнинг тилаги ижобат бўлишини ва яқин орада у бир эмас, учта ўғил кўришини башорат қилди. 1569 йилда унинг башорати ижобат бўлди. Унинг хотини Жайпур маликаси Жодха Бай Акбарга ўғил туғиб берди. Шаҳзоданинг исмини авлиё Салим Чиштий шарафига Салим деб қўйдилар. Келаси йили Акбар бошқа хотинларидан яна икки ўғил кўрди. Уларга Мурод ва Дониёл деб исм қўйдилар.

Келгусида Жаҳонгир номи билан танилган ўғли шаҳзода Салимнинг дунёга келиши муносабати билан Акбар авлиё Салим Чиштий яшайдиган Секри қишлоғидаги қирга гўзал бир шаҳар бунёд эттирди ва уни «Фатеҳпур Секри» (Ғолиблар шаҳри) деб атади. Бу шаҳар қурилиши ўн тўрт йил давом этди ва 1585 йилгача салтанат пойтахти вазифасини бажарди. Ундан кейин пойтахт яна Аграга кўчирилди. Акбардан кейин тахтга чиққан шаҳзодалар Секрида турмади-лар ва шаҳар ҳозиргача ўша бунёд этилган пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай кўринишда сақланиб қолган. Унинг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири улкан масжидга кираверишдаги очиқ майдонда, Шайх Салим Чиштий мақбараси рўпарасида қад кўтариб турибди.

Акбар ҳаётининг сўнгги йилларида унинг арзанда ўғли Салим бир неча бор отасига қарши исён кўтарди. У шу даражада такаббур ва шафқатсиз эдики, отасининг яқин дўсти, маслакдоши, аллома Абулфазлни шафқатсизларча ўлдиртириб юборди. Давлат манфаати ва келажагини ўйлаб Акбар ўғлининг бу қалтис ҳаракатини ноилож кечирди ва умрининг охирида, 1605 йилнинг октябрь ойида уни тахт вориси деб эълон қилди. Подшоҳ бу вақтда оғир ичбуруғ хасталигидан азият чекарди. Кейинчалик Салим кўрсатган шафқатсизлик намуналари бобурийлар салтанатининг инқирозга юз тутиши ва парчаланиб кетишининг асосий сабабларидан бўлган тахт учун биродаркушлик жанглари оқибатида мамлакат қонга беланди.

Жаҳонгир отаси вафотидан сўнг ўттиз олти ёшида тахтга чиқди. Акбарнинг биографиясини чуқур ўрганган тарихчи Винсент Смитнинг ёзишича, «Жаҳонгир сиймосида мулойимлик ва шафқатсизлик, адолат ва ғирромлик, аслзодалик ва қўполлик, донолик ва болалик аломатларини кузатиш мумкин» эди.

Унинг ҳукмдорлик даври катта ўғли шаҳзода Хусравнинг ўзига қарши исёни билан бошланиб, кейинчалик Шоҳ Жаҳон номи билан тахтга чиққан учинчи ўғли шаҳзода Хуррам исёни билан тугади. Шундай қилиб Жаҳонгир ўзи қазиган чоҳга ўзи йиқилди.

Шаҳзода Хусравнинг онаси ҳам Жаҳонгирнинг онаси каби ражпут маликаларидан, яъни Жайпур вилояти ҳокимининг қизи эди. Жаҳонгир ҳали шаҳзода Салим эканида, яъни тахтга ўтирмасидан аввал ўғли Хусрав билан тахт илинжида ўзаро ғанимлик муносабатларида эди. (Чунки ўғли Салимнинг хурмача қилиқларидан безор бўлган Акбаршоҳ невараси шаҳзода Хусравни валиаҳд сифатида ўз ўрнига тахтга ўтқазиш ниятида бўлганини Салим сезиб қолган эди. Изоҳ бизники – Ғ.С.) Шаҳзода Хусрав билими ва яхши тарбияси билан сарой аъёнлари ўртасида катта ҳурматга сазовор бўлган ва унинг тарафдорлари Жаҳонгирнинг такаббурлигидан безор бўлиб Хусравнинг номзодини қўллаб-қувватлар эдилар. Айниқса, Акбарнинг дўсти ва яқин маслаҳатчиси Абулфазл ҳам шаҳзода Хусравнинг яқин маслакдоши эди. Шу боис ҳам Салимнинг хуфёна буйруғи билан уни қатл қилган эдилар.

Тахтни эгаллагандан кейин Жаҳонгир ўғли Хусравнинг тарафдорларини гўё афв этгандай бўлди ва уни қўллаб-қувватлаганларнинг гуноҳидан кечди. Лекин бу ҳол ёш шаҳзодани отасига қарши яна бош кўтаришдан қайтармади. У Панжобга қочиб бориб, у ерда қўшин тўплади ва Лахўр томонга юриш бошлади. Бу унинг тахт учун курашининг бошланиши эди. Бироқ шаҳзоданинг ҳаракатлари беҳуда эди, орадан кўп ўтмай, пойтахт қўшинлари унинг умидларини пучга чиқарди.

Жаҳонгир исёнчилардан шафқатсизларча ўч олди. Аввало уларнинг сардорлари бўлмиш Ҳусайнбек ва Абдураҳим каби Хусравнинг энг садоқатли дўстларини жазолашга қарор қилди ва «бу икки ярамасни ҳўкиз ва эшак терисига ўраб, эшакка тескари миндириб шаҳар бўйлаб сазойи қилиш»га буйруқ берди. «Боши билан ҳўкиз терисига ўралган Ҳусайнбек тўрт соатга чидади ва тери қуригач, нафаси қисилиб ўлди. Эшак терисига ўралган Абдураҳим бир амаллаб омон қолди», деб ёзади Жаҳонгир ўз хотираномасида.

Қолган исёнчиларни саройдан чиқариб, шаҳар дарвозасигача кўчанинг иккала юзига қурилган дорларга осиб ўлдирди. Шундан сўнг у бу даҳшатли манзарани исёнкор ўғлига кўрсатиб қўйди. Орадан бир йил ўтгач, шаҳзода Хусрав яна отасига қарши исён кўтарди. Бу сафар подшоҳ ўғлининг кўзларига мил тортишни буюрди. Бу иш буюрилган ижрочининг Хусравга раҳми келиб, унинг кўриш қобилиятини бир оз бўлса-да, сақлаб қолиш ниятида бу ишни авайлаб бажарди.

Жаҳонгир Хусравни қўллаб-қувватлаган, унга молиявий ёрдам кўрсатган сикхларнинг бешинчи авлиёси «Гранд Соҳиб» номли муқаддас китоб муаллифи гуру Аржунни ҳам жазога тортди. Сикхизм 1460–1538 йилларда панжоблик савдогарнинг ўғли авлиё гуру Нанак томонидан яратилган диний назария бўлиб, бу китобда муаллиф ҳиндиизм билан ислом дини ўртасидаги ўзаро боғлиқликни изоҳлаб берган. Маъбудга сиғинишни қоралаб, Нанак кўпгина саводли мусулмонларни ўз ғоясига кўндириб олди ва инсонлар бир-бирига ҳамиша биродар сифатида қараши лозим, деган фикрини ҳиндилардаги кишиларни турли касталарга ажратиш ғоясига карама-қарши қўйди. Бу билан у оддий ҳинд фуқароларининг кўпчилигини ўз динига оғдириб олишга эришган эди.

Гуру Аржуннинг диндорлар орасидаги юқори мавқеини эътиборга олиб, уни катта миқдорда жарима тўлашга мажбур қилдилар. Жаримани тўлашдан бош тортганидан кейин уни ўлимга маҳкум этдилар.

Жаҳонгирнинг ҳаёти ва ҳукмдорик фаолиятида 1611 йилда Меҳринисо исмли бир аёлга уйланиши билан кескин ўзгариш юз берди. Бу аёл Акбаршоҳ саройида ўзининг омадини синаб кўриш учун келган эронлик кишининг қизи бўлган эди.

Тарихчилар орасида кенг тарқалган бир фикрга кўра, Жаҳонгир Меҳринисони саройнинг аёллар яшайдиган қисми – «занона»да тасодифан кўриб қолиб, унга ишқи тушиб қолган эмиш. Бизнингча, афсуски, бу тўқима гап. Аслида Меҳринисо ўзининг ҳамюрти, Шерафғон лақаби билан танилган Алиқулибек деган кишига турмушга чиққан. Акбаршоҳ Алиқулибекка Бенгалиядан бир мулк ер (жоғир) ажратиб берган.

Бенгалияга кетгандан сўнг кўп ўтмай Алиқулибек ўзини мустақил сезиб, подшоҳ фармонларини бажаришдан бўйин товлай бошлади. Бундан ғазабланган Жаҳонгир ўзининг кўкалдошини жўнатиб, Алиқули-бекни ҳибсга олиб Аграга олиб келишни буюрди. Қизиққон эроний подшоҳ вакилларига қаттиқ қаршилик кўрсатди ва ўртада бўлиб ўтган тўс-тўполонда кўкалдош уни чопиб ташлади. Унинг бева қолган хотини ва қизи Лодила бегимни Аграга олиб келиб Акбаршоҳнинг бева қолган хотинларидан бирига хизматкор қилиб бердилар.

Бу ерда анчагача Меҳринисо бировнинг назарига тушмай бир чеккада юрди. Ўша давр тарихчилардан бирининг ёзишича, «Пешонасига дунё маликаси бўлиш ёзилгани боис бир куни унга подшоҳ Жаҳонгирнинг назари тушиб қолди. Унинг гўзаллиги шу даражада мафтункор эдики, дарҳол подшоҳ уни ҳарамга олди».

Унинг эгаллаган мақоми ва атрофдагиларга таъсири кундан-кун орта бошлади. Дастлаб унинг исмини «Нур маҳал» (Сарой чироғи) деб атадилар, кейинроқ «Нур Жаҳон» (Олам чироғи) деб ўзгартирдилар. Унинг қариндош-уруғлари ва яқин кишилари бошидан совға-саломлар сочилди. Юқори мартабалар тортиқ қилинди. Унинг номи билан тилла тангалар зарб этилди. «Подшоҳ Жаҳонгирнинг фармонига биноан Нур Жаҳон (Малика бегим)нинг акси туширилган тилла танганинг қадри юз баравар ошиб кетди». Сарой девонида чиқариладиган фармонларда ҳам унинг исми подшоҳ исми билан ёнма-ён ёзиладиган бўлди.

Ҳаётдан завқланиш, маишатпарастлик Аврангзебдан бошқа барча бобурий ҳукмдорлар фаолиятида кўзга ташланади. Жаҳонгир эса улар орасида энг юқори мавқеда туради. Шароб ва маъжун ортидан қувиб у салтанат бошқарувидаги масъулиятини ҳам аста-секин хотини зиммасига юклаб қўйди. У кўпинча ҳукмдорликни «бир сир (бир кило) шароб ва ярим сир гўшт парчасига алмаштириб олган»ини такрорлаб турарди.

1608 йилда капитан Уильям Хоукинс Ҳиндистоннинг Сурат шаҳрига келди. У Англия қироли Жеймс I дан Жаҳонгирга ҳат олиб келди. Унда бир неча йил аввал қиролича Елизавета I имзолаган хартияга асо-сан, Ҳиндистон билан савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйишга ёрдам кўрсатиш сўралган эди. Бобурийлар саройига маҳкам ўрнашиб олган португалларга бу иш маъқул кўринмади ва Хоукинснинг подшоҳ ҳузурига киришига анчагача тўсқинлик қилдилар. Бироқ Хоукинс уларнинг найрангларига чап бериб, бир амаллаб подшоҳ қабулида бўлди. У Жаҳонгирнинг кўнглига усталик билан йўл топдики, Жаҳонгир унга махсус унвон ва кўпгина имтиёзлар ҳам берди. Хоукинс подшоҳнинг маишатпарастлик билан ўтадиган базмларида фаол қатнашадиган бўлди. У уч йил Аграда турди ва 1615 йилда унинг ўрнига бошқа элчи – Уильям Эдвардс келди. У ҳам қирол Жеймс I дан бобурий ҳукмдорга хат олиб келган эди. Бир йилдан кейин Эдвардснинг ўрнига Англия қиролининг фавқулодда ва мухтор элчиси Томас Рoй келди.

Бир куни кечқурун Жаҳонгир Томас Ройни ундаги бир портретни кўриш баҳонаси билан ўзининг хос хонасига чақиртирди. Бу ҳақда Томас Рой шундай ёзади: «Кечқурун соат ўнда подшоҳ менинг ётоқхонада ётган жойимга одам юборибди. Тушунишимча, у мендаги портрет ҳақида хабар топган эди, лекин уларни мен подшоҳга кўрсатмаган эдим. У мендаги портретларни кўрсатишимни сўраган, ҳатто унга совға қилмасам ҳам, улардан бир нусха кўчиртириб, хотинларига совға қилиш ниятида эканини билдириб одам жўнатган эди. Мен ўрнимдан туриб портретни олиб унинг ҳузурига бордим. У оёқларини чордона қилиб дуру гавҳарлар билан қопланган кичикроқ бир тахтда ўтирар эди. Рўпарасидаги соф тилладан ишланган стол устида қимматбаҳо тошлар билан безатилган элликта тарелка турар эди; баъзилари катта ва сербезак, баъзилари эса кичикроқ ва кам безакли эди. Подшоҳнинг ҳар иккала тарафида энг қимматбаҳо кийимларга бурканган сарой аъёнлари ўтирар эди. Подшоҳ уларга кўзаларга тўлдирилган турли хил майлардан тортинмай ичиб ўтиришга буюрди.

Мен подшоҳнинг рўпарасига келганимда у мендан суратни сўради ва мен унга иккита портрет кўр-сатдим. У суратлардан бирига ҳайрон бўлиб тикилиб турди ва у суратдаги ким эканини сўради. Кейин у қуйида ўтирганлар устига икки коса тўла қимматбаҳо қизил тошларни сепиб юборди. Қолганлар устига эса икки катта коса тўла ичи бўш бодом шаклидаги олтин ва кумушларни сочиб юборди.

Мен сарой аъёнлари сингари сочилган дуру гавҳарларни шошиб териб олишни ўзимга эп кўрмадим. Чунки шоҳ ёнида ўтирган шаҳзода ҳам бу ҳаракатдан ўзини тийиб ўтирарди. Майдан кетма-кет ичиб ўтириб, подшоҳ бошқаларни ҳам майхўрликка ундади, созандалар ва раққосаларга бир неча тўп қимматбаҳо матолар бериб, кийимлари, белбоғлари ва саллаларини янгилаб олишни буюрди.

Қайин оғаси Асафхон ва яна икки ёши улуғ кишилардан ташқари Шоҳ ҳазратлари ва сарой аъёнлари турли даражада мастлик қиёфасига кирдилар. Подшоҳ кайфдан ўзини бошқара олмай қолгач, уйқуга кетди. Базм иштирокчилари аста-секин тарқалдилар».

Жаҳонгир маишат кетидан қувиш билан отабоболаридан мерос қолган улкан салтанат қудратига путур етказишини тасаввур ҳам қилмасди. Бундан унумли фойдаланган хотини Нур Жаҳон отаси «Эътимод-уд-давла» (Давлат таянчи) мақомидаги бош вазир Мирзо Ғиёсбек ва акаси, бош хазинабон Асафхон билан бош қўшиб, салтанат бошқарувидаги барча ваколатларни ўз қўлига олди.

Асафхоннинг қизи Аржуманд бону 1612 йилда шаҳзода Хуррамга турмушга узатилди. Хуррам Ражастон ва Деккан учун олиб борилган ҳарбий юришларда катта жасорат кўрсатгани учун отаси унга «Шоҳ Жаҳон» унвонини берди. Бошқа бобурий шаҳзодалар сингари Хуррам ҳам тахт сари интилиб, ниҳоят, уни қўлга киритди. Бу борада Нур Жаҳон жиян-куёвини қўллаб-қувватлади, чунки ўша пайтда уларнинг манфаатлари бир-бирига мос тушарди.

Бироқ қизи Лодила бегим Жаҳонгирнинг Хуррам билан бир онадан – Марвар маликаси рани Жагат Ҳуссейндан туғилган кичик ўғли Шаҳриёрга никоҳлангандан кейин Нур Жаҳон ўз куёви Шаҳриёрни тахтга чиқариш пайига тушиб қолган эди. Шу боис Нур Жаҳон билан Хуррам (Шоҳ Жаҳон)нинг ўртасига совуқлик туша бошлади.

Отасининг соғлиги кундан-кун ёмонлаша борган сари Хуррам саройдан узоқлашмасликка интиларди. Чунки отаси вафот этгудай бўлса, дарҳол тахтни эгаллаш зарурати бор эди. Укаларидан яна бири шаҳзода Парвез бўлиб, у ичкиликка берилган эди ва Аллоҳободда туриб Биҳар вилоятини бошқарар эди. Шаҳзода Шаҳриёр эса лапашанг ва ношуд ўғил бўлган эди. Кўзига мил тортилиб, чала кўрадиган бўлиб қолган катта шаҳзода Хусравнинг назарий жиҳатдан тахтга даво қилиш ҳуқуқи бўлмаса ҳам, ҳалиям саройда унинг тарафдорлари ва қўллабқувватловчилари бор эди.

1620 йилда Хуррамга Деккан вилоятидаги тартибсизликларга барҳам бериш вазифаси топширилди. У чала кўр акаси шаҳзода Хусравни ўзи билан бирга олиб кетиш шарти билан бу юришга рози бўлди. Орадан икки йил ўтгач, Хусравнинг ичбуруғ хасталигидан азият чекиб вафот этгани эълон қилинди. Бу маълумот Жаҳонгирнинг «Тузуки Жаҳонгири» деб номланган хотираномасида қайд қилинган. Аслида эса омадсиз шаҳзода Хусрав Бурхонпур қалъасидаги зиндонда Хуррамнинг одамлари томонидан заҳарлаб ўлдирилган эди.

Рақибидан қутулиб, янги ғалабасини нишонлагач, Лаҳўрда отаси билан учрашмоқчи бўлиб турган Хуррамга эронийлар қамал қилган Қандаҳорни озод қилиш ҳақида буйруқ келиб қолди. Бу Хуррамни саройдан иложи борича узоқроқда тутиб туриш учун Нур Жаҳон ўйлаб топган қабиҳ режа эканини англаган Хуррам бир неча ҳафтагача иккиланиб турди.

Шу нуқтага келганда Жаҳонгир билан Хуррам ўртасидаги муносабатлар таранглаша бошлади. Шаҳзода отасидан Дўлпур шаҳрини ўзига берилган мулкка қўшиб олиш ҳақида илтимос қилди. Орадан бир оз вақт ўтгач, илтимоси қабул қилинганини тушу-ниб Хуррам бекларидан бирини кичикроқ навкарлар гуруҳи билан Дўлпурни эгаллаш мақсадида у ерга юборди. Бироқ бу гуруҳ Дўлпурга келганда шаҳар дарвозаси олдида Шаҳриёрнинг одамлари соқчилик қилиб турган эди. Ўртада қаттиқ жанг бўлди, ҳар иккала тарафдан кўпчилик ҳалок бўлди, Шаҳриёрнинг навкарларидан анчагина одам яраланди.

Ушбу нохуш хабар саройга етиб бориши билан Жаҳонгир Хуррамга тегишли барча жогирларни, ҳатто анъанавий тарзда шаҳзодага берилган Ҳисор-Феруз вилоятини ҳам тортиб олиш ҳақида фармон берди. Унинг барча мулки Шаҳриёрга олиб берилиши буюрилган эди. Бунинг устига, Қандаҳорнинг эронийлар қўлига ўтиб қолганидан бехабар Шаҳриёрни Қандаҳорга борадиган қўшинга лашкарбоши этиб тайинлади. Жаҳонгир бу ютқизиқни тан олгиси келмас эди. У Биҳар вилояти ҳокими шаҳзода Парвезни иложи борича кўпроқ қўшин тўплаб, фавқулодда Қандаҳорга юриш қилишга буйруқ берди.

Бу орада Хуррам отасига қарши исён кўтарди ва Деккан, Гужарат ва Малва вилоятлари мусулмон лашкарбошиларининг қўллаб-қувватлашлари билан Аграга юриш бошлади. Улар орасида Акбаршоҳ тарбиясини олган (марҳум Байрамхоннинг ўғли) Абдураҳим хони-хонон ҳам бор эди.

Бу ҳол Нур Жаҳонни довдиратиб қўйди. Жаҳонгирнинг яқинда бўлиб ўтган астма касали хуружи натижасида усиз ҳам сусайиб қолган соғлиги ёмонлаша бошлаган, яқин орада вафот этиши мумкин эди. Унинг яқин маслаҳатчиси ва ҳимоячиси Эътимод-уддавла отаси ҳам бир йил аввал оламдан ўтган эди. Акаси Асафхон эса ўз куёви шаҳзода Хуррамга ён босиб, синглиси Нур Жаҳонга рақиблик қилиши табиий эди.

Исёнкор шаҳзодага қарши ёлғиз ҳаракат қилишдан чўчиган Нур Жаҳон Кобул ҳокими Маҳобатхонга ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Маҳобатхон мусулмон бўлса ҳам, ражпутлар унга маъбудга сиғингандай сиғинишар, беш минг кишилик ражпут қўшини уни ҳимоя қилиб турарди. 1623 йил январда унга янги ҳарбий мансаб берилиб, шаҳзода Парвезнинг қўл остида етти минг суворийдан иборат салтанат қўшинига қўмондонлик қилиш ҳуқуқи топширилди.

Ҳар иккала рақобатдаги қўшин Деҳли жанубида юзлашганда Хуррамнинг лашкари катта талафотга учради. Шаҳзода қочди, Маҳобатхон унинг кетидан қолмай қувди. Шу тарзда улар икки йил давомида Ражастон, Деккан, Орисса ва Бенгал вилоятлари ҳудуди бўйлаб сичқон-мушук каби бекинмачоқ ўйнадилар. Ниҳоят, бўлажак подшоҳ Жаҳонгир Деккан вилоятида хотини ва болалари билан бошпана топди. У отасининг вафотигача ўша ерда истиқомат қилди. Бу орада ўғиллари Доро Шукуҳ ва Аврангзебни гаров сифатида отаси ҳузурига жўнатиб, ўзининг яхши ниятда эканини исботлади ва шу тариқа отаси билан ярашгандай бўлди.

Эндигина Шоҳ Жаҳон (Хуррам)нинг исёни бостирилган ҳам эдики, Жаҳонгир саройи устида яна қора булутлар пайдо бўла бошлади. Маҳобатхоннинг ҳарбий ҳаракатларда эришган ғалабаси Нур Жаҳон билан унинг акаси Асафхоннинг ҳасадини қўзғатди. Маҳобатхоннинг исёнчи Хуррамни қувиб юриш да вомида Бенгалияда қўлга олинган филларни подшоҳ ихтиёрига топширмасдан ўзлаштириб олганликда айблаб, уни Жаҳонгир орқали саройга чақиртирдилар.

Бу ҳаракатнинг заминида ўзига қарши қаратилган қора ният борлигини сезган Маҳобатхон буйруқни бажаришдан бош тортди ва ушбу режа муаллифларига қарши ҳаракат бошлади. Нур Жаҳон ва акасининг башарасини очиб ташлаш учун подшоҳга қарши давлат тўнтариши режаси муваффақиятсизликка учрагандан сўнг Маҳобатхон афв этилди. Чунки унинг яна қандайдир ҳаракатлар билан отаси ва атрофдагилар учун ташвиш туғдириш иштиёқида юрган Хуррамнинг попугини пасайтириб қўйиш учун хизмати зарур бўлиб қолган эди. Бироқ бу сафар Маҳобатхон шаҳзода Хуррамга ён босиш ниятида бўлди. Бу билан унинг ҳаракатларини камситмоқчи бўлганлардан ошкора қасос олишни мақсад қилиб қўйган эди. Бу орада узоқ давом этган ичкиликбозликдан жигари жиддий хасталикка учраган шаҳзода Парвез вафот этди. Лекин тор доираларда уни Хуррам заҳарлаган, деган миш-мишлар тарқалди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации