Текст книги "Кўҳинур"
Автор книги: Аҳрор Аҳмедов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 16 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Орадан бир неча йил ўтгач, Шоҳ Жаҳоннинг кичик ўғли отасидан тахтни тортиб олгандан сўнг ўз ҳаракатларини оқламоқчи бўлиб, унга шундай мазмунда хат йўллаган эди: «Сизга нисбатан ҳеч қандай ёмонлик қилмаган бўлсалар ҳам, тахтга чиқишингиздан аввал сиз ўлимга маҳкум этган ака-укаларингиз Хусрав ва Парвезнинг хотирасига қандай қарайсиз?»
1627 йилда Жаҳонгир одати бўйича ёзни ўтказиб келиш учун Лаҳўрдан чиқиб, Кашмир томонга йўл олди. Ўша йили у ёқтирадиган Кашмир ҳавоси ҳам унинг соғлигига сезиларли ёрдам бермади. Аксинча, шундай соф тоғ ҳавоси ҳам унинг нафас қисиш хасталиги (астма) хуружи олдида ҳеч нарса қила олмади. У кундан-кун ҳолсизланиб кучдан қолди, май билан маъжун ейишни ҳам тарк қилди.
Ўша йили кузда шоҳона карвон Кашмир билан Панжобни ажратиб турадиган тоғ тизмаларидан ошиб тушаётган пайтда Жаҳонгирнинг бирдан кийик овлагиси келиб қолди. Ўшанда кийикларни шоҳ рўпарасига ҳайдаб берадиган хизматкорлардан бири кутилмаганда хавфли жарликка қулаб кетди. Унинг аянчли тақдири шоҳнинг кўнглига оғир ботди, натижада руҳи азобланиб, соғлиги баттар ёмонлаша бошлади. Бу фалокатда у ўзининг куни битгани ҳақидаги башоратни кўргандай бўлди. 1627 йил 28 октябрь куни карвон Кашмир воҳасидаги Бхимбар деган жойга келганда ўша башорат қилинган ўлим ғолиб келди. Жаҳонгирнинг жасадини Лаҳўрдан бир неча километр наридаги Рави дарёси қирғоғида жойлашган, Шоҳдара деб аталган шинамгина боққа дафн қилдилар.
Жаҳонгирнинг Ҳиндистон тараққиётига қўшган ҳиссаси унинг санъат намояндаларига кўрсатган ғамхўрлиги ва ҳомийлиги бўлди. Унинг ҳукмронлиги даврида миниатюра санъати ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди. Ўзи эса бадиий услуби жиҳатидан бобокалони қолдирган «Бобурнома»чалик бўлмаса ҳам, ҳар қалай, айрим маълумотлари ҳақиқий баён қилинган «Тузуки Жаҳонгири» дея номланган хотиранома қолдирди. Масалан, у отасининг яқин дўсти, маслаҳатчиси ва ҳаммаслаги бўлган аллома Абулфазлни қатл этиш саҳнасини ростгўйлик билан тан олиб баён қилган. Бобокалони Бобуршоҳ сингари у ҳам табиат гўзаллигига ошуфта эди.
Жаҳонгирнинг ҳукмронлик йиллари португалларнинг Ҳиндистонга таъсири сусайган ва Англия билан Ҳиндистон ҳукуматларининг ўзаро яқинлашуви кучайган даврга тўғри келди.
1497 йилдан буён Васко да Гама Яхши Ният бурни деб номланган ҳудудни кесиб ўтиб, Малабар қирғоқларидаги Каликат деган жойда Португалия байроғини тиккандан буён португаллар бошқа Европа мамлакатлари ҳукуматларининг ғашини келтириб, Осиё узра бўладиган савдо-сотиқ ишларида хўжайинлик қилишарди. Ўн олтинчи аср охирига келиб, вазият дастлаб Голландия фойдасига, кейинроқ Англия фойдасига ўзгара бошлади. 1580–1640 йилларда Испания Португалияни босиб олгач, диний қарашларнинг қарама-қаршилиги туфайли улар 1622 йилда Эрон шоҳи Шоҳ Аббос томонидан Форс қўлтиғидаги Хўрмуз оролидан қувиб чиқарилди.
Бу орада Жаҳонгирнинг вафотидан кейин Нур Жаҳон ўша пайтда Лаҳўрда турган куёви, шаҳзода Шаҳриёрга хуфёна хат жўнатиб, зудлик билан тахтни эгаллашга чорлади.
Шаҳриёр қалъага яшириб қўйилган хазиналарни тезда олиб, сарой аъёнлари ва маҳаллий мансабдорларга улашиб берди ва уларнинг садоқатига ишонч ҳосил қилгач, ўзини подшоҳ деб эълон қилди.
Бироқ Шаҳриёр Асафхоннинг имкониятларини ҳи соб га олмай адашган эди. Асафхон очиқдан-очиқ ўз куёв ўғли бўлмиш шаҳзода Хуррамни тахтга чи қа риш иштиёқи билан ёнарди. Синглиси Нур Жаҳон Шаҳриёрнинг режаларидан қувониб юрган кун лар да Асафхон эҳтиёт чорасини кўриб, Нур Жаҳон ни ҳибсга олди ва уни уй қамоғига ўтқазиб қўйди. Кейин қўлидаги белгили узугини чопарга бериб, уни тезда Декканда турган Хуррамга етказишни тайинлади. Ёзилган хатда Хуррамни саройда бўлиб ўтган воқеалардан хабардор қилди ва зудлик билан пойтахтга етиб келишини тайинлади. Бу орада сарой бошқарувида бўшлиқ ҳосил бўлмаслиги учун яқинда вафот этган катта шаҳзода Хусравнинг ўғли Довар Бахшни вақтинчалик подшоҳ деб эълон қилди. Темурийлар удумига кўра, отаси вафот этган шаҳзода тахт вориси бўлиши лозим эди.
Шаҳриёрнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, Асафхоннинг лашкари унинг қўшинини қириб ташлади, ўзи эса Лаҳўр қалъасидаги ҳарамга кириб яширинишга мажбур бўлди. Асафхон хизматидаги бичилган қул уни ўша ердан тутиб олиб чиқди ва ҳибсга олиниб, тахтга даъвогарлик қила олмаслиги учун кўзига мил тортилди.
Асафхоннинг хатини олгани замоноқ Хуррам қайинотасига хат ёзиб, «Акаси Хусравнинг ҳеч кимга кераги йўқ ўғли Довар Бахшни, укаси Шаҳриёрни ҳамда шаҳзода Дониёлнинг болаларини нариги дунёга жўнатишни тайинлади».
1628 йилнинг 28 январида Хуррам пойтахт дарвозаси олдида пайдо бўлди. Уни қайинотаси қучоқ очиб кутиб олди ва ўзининг қилган ишларидан Хуррамни хабардор қилиб, унинг қалбини қувончга тўлдирди. Асафхоннинг хабарига қараганда, Хуррамнинг тахтга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган укалари, жиянлари ва бошқа кичик шаҳзода қариндошлари ҳаммаси эрта тонгда Агра қалъасидаги зиндонда қатл этишга тайёрлаб қўйилган эди.
Мунажжимлар Хуррамнинг қалъага кириб, тож кийиб, ўзини Шоҳ Жаҳон номи билан подшоҳ деб расман эълон қилиши учун муносиб кунни танлаб бергунларича бир неча кун кутишига тўғри келди.
Бу маросим у энди ўттиз олти ёшини нишонлашидан бир ой ўтгандан кейин, энди қирчиллама йигит бўлганда, 1628 йилнинг 4 февралида бўлиб ўтди.
Нур Жаҳон Лаҳўрда қолди. Ўртадаги гиналарни унутиб, Шоҳ Жаҳон унга яхшигина нафақа тайинлади. У 1645 йилда етмиш икки ёшида вафот этди ва Шоҳдара қабристонидаги эри ва акасининг қабри ёнига ҳаётлигида ўзи танлаб қўйган жойга дафн қилинди. Кейинроқ унинг ёлғиз қизи, омадсиз Шаҳриёрнинг беваси Лодила бегимни ҳам ўша мақбара ичига кўмдилар.
Агар Акбарни бобурий шоҳларнинг энг буюги сифатида тан олсалар, Шоҳ Жаҳонни энг машҳур бобурийлардан деб ҳисоблаш мумкин. Унинг отасига қарши кўтарган исёнлари, ўз қариндошларига қилган шафқатсиз муомаласига қарамасдан у тарихда ўчмас ном қолдирди. У суюкли маликаси, Мумтоз маҳал номи билан оламга танилган Аржуманд бонуга атаб ўлмас меъморий обида – Тож маҳал мақбарасининг бунёдкоридир.
Шоҳ Жаҳон малика Аржуманд бонуни Миина бозор маросимида учратиб қолган эди. Ўшанда Аржуманд эндигина ўн тўрт ёшга тўлган эди. Уларнинг унаштирилиши отаси подшоҳ Жаҳонгирнинг келини қўлига тақиб қўйган сержило узук билан муҳрлаб қўйилган эди. Орадан беш йил ўтгач, 1612 йил 12 апрелда уларнинг тўй маросими бўлиб ўтди.
Ўша кундан буён Аржуманд бону Шоҳ Жаҳоннинг барча сафар ва ҳарбий юришларида, омадли ва омадсиз кунларида ажралмас йўлдошига айланиб қолган эди. Агар у узоқроқ умр кўрганида эрининг ҳаётини янада ёрқинроқ қилган, умрининг охирида юз берган аянчли кўргиликларида унга малҳам бўлган бўлар эди. Лекин тақдир унинг пешонасига бошқача ҳаёт насиб этган экан. 1631 йилнинг 7 июнида, эрининг тахтга чиққанига эндигина тўрт йил тўлганда у ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтираётиб ҳаёт билан видолашди. Болаларидан еттитаси тирик қолди: тўрт ўғли – Доро Шукуҳ (1615), Шоҳ Шужо (1616), Аврангзеб (1618), Мурод Бахш (1624) ва уч қизи – Жаҳоноро (1614), Равшаноро (1624) ва Гавҳароро (1631). Тарих унутиб қўйган Гавҳарородан ташқари барча фарзандлари келажакда «Кўҳинур» атрофида рўй берган воқеаларда иштирок этишган.
Тўртинчи боб
Шоҳ Жаҳон ўзининг Ҳиндистонда мисли кўрилмаган гўзал, лекин фалокатларга тўла ҳукмдорлик даврини бошлар экан, ўша пайтда Муҳаммад Саид исмли келишган бир эроний бола Исфахонда камтарона умргузаронлик қилар эди. Бобурнинг олмоси бир куни уларнинг тақдирини бирлаштириб қўйишини улар хаёлига ҳам келтиришмасди.
Муҳаммад Саиднинг келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Айтишларича, у 1591 йилда Исфахонда туғилган экан. Унинг отаси қўшни Ардистон шаҳридан бўлиб, нефт савдоси билан шуғулланадиган савдогар экан. Ўз замонаси учун ўта билимли ва қобилиятли бўлган Муҳаммад Саид шарқона одат бўйича ота касби билан машғул бўлиш ўрнига ўзининг мустақил ҳаётини йўлга қўйди. У тадбиркорлик билан ҳамма нарсани ўз қўли ва ўз кучи билан яратди. Таълим тизими Қуръонга асосланган ва аслзодалар учун мўлжалланган мактаблар ҳам бера олмайдиган билимларни ўз ақл-идроки билан ўзлаштириб олди.
Ўн олти ёшга тўлганда Исфахондаги олмос билан савдо қиладиган бир савдогар хизматига кирди. У эроний жанговор отларни Голкондага олиб бориб сотиб, уларни олмосга алмаштириш билан шуғулланар эди.
Деккан музофотида Бахмонийлар султонлигига ва шимолий Ҳиндистонда Бобурийлар салтанатига асос солингандан буён Ҳиндистон ярим ороли кўплаб эронийлар диққатини ўзига жалб қила бошлади. Улар ўз омади ва тақдирини синаб кўриш учун бу ўлкага оқиб кела бошлади. Бу ердаги Аҳмаднагар, Бижапур ва Голконда хонликлари мустақилликни қўлга киритиб, диний эътиқод борасида шиа мазҳабини қабул қилганидан кейин эронийлар орзу-умидларининг рўёбга чиқиши учун қулай шароит яратилди.
Муҳаммад Саид ҳаётининг дастлабки йиллари ҳақидаги маълумот тарих қаърига сингиб кетган. 1630 йилда у Голкондада истиқомат қиларди. Ўшанда у ўттиз тўққиз ёшда эди. У бу ўлкага эроний отларни Голконда олмосига алмаштириб кетиш учун келган савдогар хўжайини билан келганди.
Ёши бир жойга бориб қолганига қарамай Муҳаммад Саид Голкондадаги заргарлар маҳалласидаги дўкондорларга шогирдликка тушди. Ҳозир бу маҳалла хароба уйлардан ташкил топган чанг кўчалардан иборат бўлиб қолган. Орадан кўп ўтмай Муҳаммад Саид маҳаллий олмос конларидан бирига хўжайинлик қила бошлади. Шундан сўнг саройда муҳим лавозимлардан бирини эгалламагунча тиниб-тинчимади.
1634 йилда Муҳаммад Саидни сарой архивига масъул ходим этиб тайинладилар. Бу унчалик муҳим лавозим бўлмаса ҳам, ҳарқалай, саройда бўлаётган ишларнинг сир-асроридан хабардор бўлиб туриш ва молия вазири Шайх Муҳаммад ибн Хатуннинг ишончини қозониш имконини берар эди. У киши ҳам асли эронлик бўлиб, лавозимига кўра халқ орасида Амир Жумла ёхуд Мир Жумла номи билан танилган эди. Кейинроқ уни Эрондаги сафавийлар саройига Голконда элчиси сифатида юбордилар.
Орадан икки йил ўтгач, Муҳаммад Саидни Мачилитпатнам портига доруға этиб тайинладилар. Бу порт Кришна дарёсининг шимолий қирғоғида Бенгал бўғозида жойлашган бўлиб, энг муҳим денгизга чиқиш йўли ҳисобланар эди. Бу йўл орқали чит, мебелбоп газламалар ва пахтадан тўқилган матолар катта ҳажмда Ява оролининг ғарбий қирғоғидаги Голланд Ост-Индия компаниясига ва бошқа Осиё бозорларига экспорт қилинар эди.
Муҳаммад Саиднинг Мачилипатнам ва Теленгана вилоятидаги Муҳаммаднагар қалъаси доруғаси сифатидаги хизматлари унинг хўжайинларига маъқул тушди ва 1637 йил баҳорида уни саройга чақиртирдилар. Йигирма биринчи июнь куни у Голконда ҳукмдори Султон Абдулло Қутбшоҳ учун аталган мўл совғасаломлар билан Голкондага келди. Улар орасида Шри Ланкадан келтирилган ва чиройли ёпинчиқлар билан безатилган филлар, Хитой ва Европадан келтирилган ноёб буюмлар ҳам бор эди. Султон уни мамнуният ва саховат билан қабул қилди. Унинг ташкилотчилик қобилияти ва уддабуронлигидан хабар топгач, уни «Сараи-хейл» лавозимига тайинлади. Бу мансаб, аслида қабила бошлиғи маъносида қўлланилса ҳам, унинг эгасига бир қанча фуқаролик ва ҳарбий ишларда юксак масъулият юкланар ва унинг сарой аъёнлари қаторида иззат-эътиборда туришига ҳуқуқ берар эди.
Муҳаммад Саиднинг пойтахтда қиладиган асосий иши она-малика Ҳаётбахш бегим учун тўрт қаватдан иборат муҳташам қаср қуришдан иборат бўлди. Эгасини ҳайратда қолдириб, бу бино бир йилга қолмай қуриб битказилди.
Агар Ҳиндистонда узоқ яшаган венециялик мишмишчи сайёҳ Николо Мануччининг гапи рост бўлса, «ёши ўтиб қолган бўлса ҳам гўзаллигини тўла сақлаб қола олган она-малика ана шу иштиёқманд эроний билан иш битирар эди». Шу тарзда Муҳаммад Саид саройдаги қудратли аъёнлардан бирига айланди.
Британиянинг Голкондадаги Ост-Индия компаниясининг вакили Эндрю Коганнинг таъкидлашича, «Сараи-Хейл» аслида бутун салтанат бўйлаб ўз ҳукмини ўтказар эди». Молия вазири Шайх Муҳаммад ибн Хатун пешво ёхуд бош вазир лавозимига тайинлангач, унинг ўрнига Муҳаммад Саид молия вазири этиб тайинланди. Деккан тарихини синчиклаб ўрганган тарихчи фикрига қараганда, ҳокимиятдаги бу алмашув 1643 йил 18 июнда бўлиб ўтган эди.
Энди Амир Жумла (Мир Жумла) мансаби билан танилган Муҳаммад Саид Карнатака (Майсор) қалъасини босиб олди ва шу қалъага доруға этиб тайинланди. Шундан сўнг унинг омади ва қудрати чегара билмас даражада кун сайин орта борди. Унинг Голкондада ўзининг саховатпешалиги билан ўз томонига оғдириб олган тўрт минг кишилик қўшини, уларнинг амир ва бекларидан ташқари, яна беш минг отлиқ аскар, йигирма минг кишилик пиёда аскар, инглиз, француз ва итальян тўпчилари хизмат қиладиган олий даражадаги маҳоратли тўпчилар армияси, уч юз нафар жангчи филлар ва тўрт юз-беш юз бошдан иборат жангчи туялар армияси бор эди.
Франциялик сайёҳ ва заргар Жан Баптист Тавениер ўзининг Ҳиндистонга тўртинчи марта келишида 1652 йил сентябрь ойида Ҳайдаробод жанубидаги Гуддапа туманида жойлашган Гандикота қалъасида Мир Жумла билан учрашди. Бу қалъани Мир Жумла яқинда қўлга киритган эди. Ҳар томондан пасттекислик билан ўралган бу қалъа ҳозир тоғ қоялари қуршовида қолиб, вайронага айланган. Унга фақат тик қоялар оралаб ўтадиган тор сўқмоқ орқалигина чиқиш мумкин. Қоялар тубидан Пеннер дарёси оқиб ўтади.
3 сентябрь куни Тавениер ва унинг Ду Жардин исмли ҳамроҳи молия вазири қабулида бўлдилар. Мачилипатнамда истиқомат қиладиган аҳоли каби европаликлар вазирни «навоб» деб атайдилар. Вазир уларни жуда илиқ қабул қилди, ҳол-аҳвол сўраб, жойлашган манзили, ўзлари ва отларининг озиқ-овқат билан қай даражада таъминлангани билан қизиқди. Шундан сўнг савдо-сотиқ масаласига ўтилди.
Қимматбаҳо тошлар савдоси фақат Мир Жумла орқали амалга оширилишини Тавениер яхши биларди. Бу ҳақда у шундай деб ёзади: «Биз унга султон учун аталган ноёб молларимиз борлигини, лекин уларни Мир Жумлага кўрсатмасдан туриб султон ҳузурига олиб боришни маъқул кўрмаганимизни айтдик. Чунки султон Мир Жумланинг маслаҳатисиз ҳеч қандай қимматбаҳо нарса сотиб олмаслигини яхши билардик. Ҳар ҳолда, вазирнинг ҳурматини ўрнига қўйишни маъқул кўрдик. Вазир биздан мамнун бўлиб, бизни хушбўй барглар билан сийлади ва биз у билан хайрлашиб, шаҳарга йўл олдик».
Эртаси куни Тавениер Голконда султонига сотиш мақсадида олиб келган ноёб молларини Мир Жумла-га кўрсатиш учун яна унинг ҳузурига борди. Француз савдогарининг моллари асосан, нок шаклидаги марваридлардан иборат бўлиб, уларнинг энг кичиги 24 каратга тенг эди. Муҳаммад Саид уларни мутахассис сифатида синчиклаб кўздан кечирди, қўл остидаги заргарларга ҳам кўрсатди, уларнинг нарх-навоси билан қизиқиб, эгаларига қайтариб берди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, заргар Тавениер вазир билан бўлган учрашув натижаларини сабрсизлик билан кутиб турган бир пайтда уни яна Мир Жумла ҳузурига чақиртирдилар. Унинг ҳузурига киришганда навоб ўрнидан туриб, уларни такаллуф билан ёнидаги юмшоқ кўрпачага ўтиришга таклиф қилди. Кейин унга олиб келишган бешта олмос парчалари билан тўлдирилган халталарни меҳмонлар олдига қўйиб, очди. «Уларнинг барчаси текис ва ясси шаклдаги олмос парчалари эди. Уларнинг ранги тўқроқ ва ҳажми жуда кичик эди. Уларнинг вазни бир ёки ярим каратдан ошмас эди. Икки каратлилари жуда кам эди, бироқ ранги жуда тиниқ эди».
Мир Жумла меҳмонлардан бу қимматбаҳо тошлар уларнинг мамлакатида харидоргирми ёки йўқми экани билан қизиқди. Тавениер унга, агар уларнинг ранги оқ ва тиниқ бўлганда эди, европаликларга маъқул бўлишини айтди.
Ўн бешинчи сентябрь куни эрталаб соат еттида улар яна учрашдилар. Тавениер ичкарига кирганда Мир Жумла иш билан банд эди. Навоб яланг оёқларини чалиштириб, гўзал эроний гилам устида чордона қурган ҳолда ўтирар, унинг ёнида икки мунший тиз чўкиб ўтирар эди. Муҳаммад Саид чап қўли билан бир даста қоғоз ушлаб турар эди. У гоҳ оёқлари остидаги, гоҳ қўлидаги хатлардан бириккитасини олиб, уларга бериладиган жавобларни ёнидаги муншийларга айтиб ёздирарди. Жавоб хатлари ёзиб бўлингач, уларни муншийларга ўқитиб, эшитиб кўрди ва уларга муҳр босиб, мамлакатнинг тўрт тарафига жўнатиш ҳақида буйруқ берди.
Тавениер Мир Жумланинг адлия ишларини адо этишига ҳам гувоҳ бўлди. Соқчи тўрт жиноятчи жазо ҳукмини кутиб эшик олдида турганини маълум қилганда, Мир Жумла хаёлга чўмган ҳолда ўтирар эди. У ярим соат мобайнида бу хабарга эътибор қилмай, хатларни ўқиш ва уларга жавоб ёздириш билан банд бўлди. Ниҳоят, кутилмаганда, у жиноятчиларни олиб киришга буйруқ берди. Жиноятчилар қилган гуноҳларини тан олгандан кейин у яна ярим соат чамаси ёзилган жавоб хатлари ҳақида ҳаёлга чўмди. Бу орада унинг қўл остидаги бир неча ҳарбий мансабдорлар унга таъзимга кирдилар. Улар тавозе билан бажо келтирган таъзимга Мир Жумла бош ирғаб жавоб берди. Кейин у содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлади. Жиноятчилардан бири бировнинг уйига бостириб кириб, она ва уч болани пичоқлаб ўлдирган экан. Вазир унга нисбатан оёқ ва қўлларини чопиб ташлаб, жасадини йўл бўйига ташлаб қўйиш ҳақида ҳукм чиқарди. Улардан яна бири ўғирлик қилган экан. Унинг ичак-чавоғини ағдариб, хандаққа ташлаш ҳақида ҳукм чиқарилди. Яна қолган икки жиноятчининг айби янада даҳшатли бўлгани учун уларни калласи танидан жудо қилиниши ҳақида буйруқ берилди.
Мир Жумла одатда, нонуштани эрталаб соат ўнда қилар эди. Меҳмонлар билан хайрлашаётиб, уларни нонуштага таклиф қилди. Сўнгра уларга Голкондага кетишга рухсат берди ва у ерга етиб боришлари биланоқ у ердаги ўғли Муҳаммад Амин билан боғланишни тайинлади. Муҳаммад Амин унинг саройдаги шахсий вакили эди.
Карнатака вилояти ҳокими сифатида у 24.000 квадрат километр ҳажмдаги ҳудудда ҳукм юритар ва 400000 ҳуун (ўн олтинчи асрда Декканда қўлланилган пул бирлиги) маош оларди. Голкондадаги машҳур олмос конлари унинг назоратида турар эди. Султоннинг назарига тушиб қолишдан чўчиб у кўп конларни бошқа шахслар номига расмийлаштириб бошқарар эди. Айтишларича, унда 20 ман (11,6 кило) олмос бор эди. Конларни бошқариш низоми бўйича кондан чиққан катта ҳажмдаги олмослар Голконда ҳукмдори Абдулло Кутбшоҳга берилиши лозим бўлса-да, Мир Жумла уларнинг энг чиройлиларини ўзига олиб, қолганларини султон Қутбшоҳга жўнатар эди.
Мир Жумланинг кўпгина кемалари ҳам бўлиб, уларни Мачилиптнамда доруға эканида қўлга киритган эди. Шу боис ҳам у Голконданинг жанубий Осиё ва Форс қўлтиғи йўналишидаги давлатлар билан бўладиган савдо-сотиқ ишларини ҳам назорат қилиб турарди. Европалик савдогарлар навобнинг қудратидан чўчиб, унга ёқиш учун совға-саломлар жўнатиб туришарди.
Португалия волийси, олмослар ошиғи Дон Фелип Маскаренхас Мир Жумланинг эътиборини қозониш учун унга такаллуф қилди ва, мабодо унинг омади юришмай қолса, Португалия ҳамиша уни қўллабқувватлашга тайёр эканини билдирди. Британиянинг Ост-Индия компанияси Бенгал бўғози ҳудудидан бир оз кенгроқ ҳудудни Британия ихтиёрига бериш эвазига Голкондани янги замбараклар билан таъминлаб турди. Бу алоқалардан ғурурланиб кетган Мир Жумла ўз тасарруфидаги кучларни ишга солиб, ҳиндиларнинг ибодатхоналарини бузиб, Карнатака аҳолиси – нинг олтин ва олмосларини тортиб олиш, хазинасини яшириб ерга кўмганларни ўлимга маҳкум этишда давом этди.
Бунинг устига у юқорироқ лавозимга кўтарилиш иштиёқи билан ёнарди. Бош вазир ёхуд пешво Шайх Муҳаммад ибн Хотун вафотидан сўнг у бу лавозимни кўзлаб ҳаракат қиларди. Ҳадеганда бу ниятига эришиш имконияти бўлавермагач, Британия манбаларининг қайд этишича, у босиб олган ерларни ўзлаштиришга киришди. Ост-Индия компанияси вакилининг ёзишича, «Агар унинг режалари амалга ошгудай бўлса, у хожаси Султон Абдулло Қутбшоҳ билан баравар мавқега эга бўлган бўлар эди». Бошқа манбаларнинг таъкидлашича, Мир Жумла қолган умрини Маккада ўтказиш учун ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган эди.
Табиийки, Мир Жумланинг қудрати ортиб, омаднинг унга ҳаддан ташқари кулиб боқиши унинг хожаси, Голконда султони Абдулло Қутбшоҳнинг ҳасадини қўзғатди. 1654 йилда бу икки қўчқор жанжаллашиб қолди. Ҳайдарободга чақиртирилган Мир Жумла ўзига қарши фитна уюштирилганини сезиб қолди ва бунга истамайгина рози бўлди. Тавениернинг ёзишича, Қутбшоҳ Мир Жумлани заҳарлаб ўлдириш ёхуд кўзига мил тортиш пайида бўлган эди. Бироқ ўғли, эҳтимол, она-малика томонидан ўз вақтида огоҳлантирилган Мир Жумла қочиб қолди ва ўз юртига кетди.
Шу воқеадан кейин Мир Жумла ўзига ҳамкорлар қидира бошлади. Шу мақсадда у Бижапур султони ва Деккан музофоти волийси шаҳзода Аврангзеб билан яширин музокаралар олиб бора бошлади. Бобурий подшоҳларнинг Деккандаги сиёсати Мир Жумланинг ва, албатта, у орқали Бобур олмосининг келажак тақдирига таъсир ўтказишдан иборат эди.
Тож кийиб тахтга чиқиш маросими ўтиб, Бунделкҳанддаги исёнлар бостирилгач, Шоҳ Жаҳон ва унинг оила аъзолари Аграда тинч ҳаёт кечира бошлаган бир пайтда Деккандан янги бир ташвишли хабар келди. Бундан ўн йил аввал подшоҳ бу ҳудудда бир оз тартиб ўрнатган бўлса ҳам, Деккан бобурийлар давлатига қарши фитна ва исёнлар ўчоғига айланиб қолган эди. Бу сафар Аҳмаднагар подшосининг фатвоси ва ҳомийлиги остида Декканнинг собиқ ҳокими Хони Жаҳон Лўдий томонидан исён кўтарилган эди. Исёнчилар бошлиғининг таъзирини бериш ва Аҳмаднагар хонлигида тартиб ўрнатиш мақсадида Шоҳ Жаҳон улкан қўшинга ўзи бош бўлиб Декканга юриш бошлади.
1629 йилнинг декабрь ойида у Аградан чиқиб, Бурхонпур томон йўл олди. Ҳомиладорлик муддатининг охирги ойлари бўлишига қарамай, суюкли маликаси Мумтоз Маҳал ўжарлик билан унга ҳамроҳ бўлди. Хони Жаҳон Лўдийга қарши юриш 1631 йил январь ойида исёнкорнинг ўлими билан якунланди. Унинг ҳомийси ва ҳамроҳи, Аҳмаднагар ҳокимининг тақдири эса, икки йилдан кейин унинг янги пойтахти Давлатободни ва унга қарашли ҳудудни бобурийлар давлати таркибига қўшиб олиш ва мамлакат ҳукмдорини ҳибсга олиб, Гувалиёр қалъасидаги зиндонга ташлаш билан якунланди.
Энди Шоҳ Жаҳоннинг тақдирида мусибатли кунлар бошланди. 1631 йил 7 июнь куни у навбатдаги ўн тўртинчи фарзанди туғилишини кутиб юрган кунларда унга зудлик билан ҳомиладор маликаси Мумтоз Маҳал ётган жойга етиб келиши ҳақида хабар келди. Маликанинг эндигина кўзи ёриган бўлиб, янги туғилган чақалоқнинг жаранглаган йиғиси унинг соғлом туғилганлигидан дарак берарди. Лекин малика Мумтоз Маҳал ички қон кетишдан азият чекиб, ўлим тўшагида ётарди. Шоҳ Жаҳон у ётган кўшк ёнига ўтириб, кўзлари тўла ёш билан маликанинг қўлларини ушлаб силади. Малика эшитиларэшитилмас синиқ оҳангда эридан болалари ва кекса ота-онасига яхши қарашни илтимос қилди. Сўнгра эрининг юз тасвирини гўё ўзи билан бирга олиб кетаётгандай, унга узоқ тикилиб турди ва: «…қуёш чиқишидан уч соат аввал», – деди. Унинг жасадини дастлаб Тапти дарёси қирғоғидаги Зайнобод деган жойга қўйдилар ва сўнгра Аграга олиб келиб, келгусида Тож Маҳал мақбараси қуриладиган ерга дафн қилдилар.
1636 йилнинг бошларида Шоҳ Жаҳоннинг яна Деккан музофотига қайтиб боришига тўғри келди. Бир томондан, у ерга қўйиб келган ваколатли шахсларнинг ношудлиги туфайли, иккинчи томондан, унинг бошига тушган мусибатли кунлардан фойдаланиб, Голконда ва Бижапур султонлари Аҳмаднагарнинг бобурийлар давлатига қўшиб олинган ҳудудларини қайтариб олиш мақсадида ўз кучларини бирлаштирдилар. Бунинг устига, маратҳаларнинг қудрати тобора ортиб бораётгани Шоҳ Жаҳон сал-танатига таҳдид солаётган эди. Уларнинг сардори Шажи Бонсле ўша атрофдаги стратегик жиҳатдан муҳим бўлган бир неча қалъаларни қўлга киритиб, унинг енгил отлиқлар кавалерияси бобурийлар қўшини қароргоҳига ҳужум уюштириб турган эди.
1636 йилнинг 21 февралида бобурийлар давлатининг Деккандаги янги пойтахти бўлмиш Давлатободга етиб келгач, Жаҳонгир ўзи бошлаб келган лашкарни ҳар бири ўн беш минг жангчидан иборат бўлган уч қисмга ажратди. Агар Бижапур ва Голконда султонлари Шоҳ Жаҳоннинг шартларини қабул қилишдан бош тортса, бу қўшин уларни бир зарб билан жанг майдонидан супуриб ташлашга қодир эди. Саккиз минг кишидан иборат тўртинчи қисм лашкар эса маратха отлиқларининг ҳужумини қайтариб туриши режалаштирилган эди.
Бундай жиддий тайёргарлик Ҳайдарободни ваҳимага сола бошлади. Голконда султони Абдулло Қутбшоҳ Шоҳ Жаҳоннинг шартларини дарҳол қабул қилиб, унга йилига 200000 хун (бир хун тўрт рупийга тенг – Ғ.С.) миқдорида ўлпон тўлаб туришга рози бўлди. Бундан ташқари жума намозида Эрон шоҳининг номи ўрнига Шоҳ Жаҳон номига хутба ўқиладиган ва зарб қилинажак танга пулларда ҳам Эрон шоҳининг номи Шоҳ Жаҳон номи билан алмаштириладиган бўлди.
Бижапур султони эса ўз шаънини сақлаб қолиш мақсадида Шоҳ Жаҳон қўшинига қаттиқ қаршилик кўрсатди. Голконда қалъасини қамал қилиш учун юборилган қўшин учга ажратилиб, Бижапурга ҳужум бошлади. Ваҳимага тушган Бижапур султони қалъага олиб борадиган йўлларни сувга бостириб юбориш мақсадида Шоҳпур кўли юқорисидаги тўғонни бузиб ташлашга буюрди. Жангдан чарчаган Шоҳ Жаҳон султоннинг бу ҳаракатидан чўчиб, у билан муроса қилишга қарор қилди. Аҳмаднагар давлатининг аввалги ҳудудининг ярмини бериш шарти билан Бижапурга мустақиллик берди.
Ўғли Аврангзебга ўн минг отлиқ аскарга лашкарбошилик қилиш ҳуқуқини бериб, уни Деккан музофотига Ҳиндистон шоҳининг волийси этиб тайинлади. Ўшанда Аврангзеб эндигина ўн саккиз ёшга тўлган эди. Бу пайтда у Бунделкҳанддаги жангларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, отасининг ҳурматини қозонган эди.
Шоҳ Жаҳон ўғлининг жасорати учун бу серташвиш ўлканинг тақдирини ўзига хос мукофот сифатида топширган эди.
Шоҳ Жаҳоннинг бундай тадбирни танлашининг бошқа салбий, биз учун қоронғи бўлган жиҳатлари ҳам бор эди. Ўзининг шахсий тажрибасидан билардики, бобурий шаҳзодалар орасида бир-бирига нисбатан ҳурмат эмас, балки отасининг тахтини эгаллаш мақсадида туғилаётган нафрат туйғуси кучли эди. Ака-укалар ўртасидаги ўзаро ғанимлик ўзининг ёшлигини заҳарлагани боис, у бундай муносабатнинг ўғиллари орасида ривожланишига йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир ўғлини бир вилоятга волий этиб тайинлаб, уларни саройдан нарида сақлашни одат қилган эди. Катта ўғли Доро Шукуҳ бундан мустасно эди. Унга тахт вориси, валиаҳд сифатида қарар ва бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ авайлар эди. Тўнғич ўғлининг ихтиёрига Оллоҳобод, Мўлтон ва Панжоб вилоятлари билан бирга, ўн икки минг отлиқ аскарга қўмондонлик қилиш ҳуқуқини ҳам берди. Унинг қўл остидаги суворийлар сони яқин орада йигирма минг нафарга етказилиши мўлжалланмоқда эди. Доро Шукуҳга бу вилоятларни ўз ишончли кишиси орқали бошқаришга ҳам рухсат берилган эди. Унга бўлган бундай меҳрибончилик, албатта, ота меҳридан узоқда бўлган бошқа ўғиллари – Шоҳ Шужо, Мурод Бахш ва айниқса, Аврангзебнинг ҳасадини қўзғатиб юборди. Ана шундай адолатсизлик асосида тақсимланган ота меҳри ака-ука шаҳзодалар орасидаги муросасиз нафрат ўтини янада алангалатди.
Француз файласуфи ва сайёҳи Франсуа Бернье ҳам Мануччи ва Тавениер каби Шоҳ Жаҳон саройи-да анча вақт истиқомат қилган. У шаҳзодалар ҳақида шундай хотираларни ёзиб қолдирган: «Доронинг табиатида яхши хислатлар кўп эди, суҳбатлашганда жуда зийрак, эътиборли ва ҳозиржавоб бўлиб, ўзи ҳақида жуда юқори фикрда эди; бирон масалани ҳал қилишда бировнинг маслаҳатига муҳтож эмас эди, ҳар қандай муаммони ўзининг ақл-заковати билан ҳал қилишига ишончи комил эди. Унга маслаҳат бермоқчи бўлганларга истеҳзо билан қарар ва укаларининг фитналари ҳақида уни огоҳлантирмоқчи бўлганларни жеркиб ташлар эди. Бунинг устига, феъли жиззаки, атрофдагиларга пўписа қилишга мойил, айрим масалаларда шаккоклик ҳам қилар, лекин ғазаби камдан-кам сезилар эди».
«Аврангзебнинг табиатида Доро Шукуҳ сиймосида кўзга ташланадиган соддалик ва хаёлбандлик сезилмасди. Лекин ўзига садоқат ва маҳорат билан хизмат қиладиган ишончли дўстларни танлаш ва уларнинг фаолиятига аниқ баҳо беришга эга эди. У эҳтиёткор, маккор, нозик дидли, бироқ иккиюзламачиликдан моҳирлик билан фойдаланадиган киши эди. У дунёвий ҳашамат ва маишатга нафрат билан қараб иш тутарди. Ҳатто Деккан музофотига волий этиб тайинланганда ҳам, у ўзини фақат тоат-ибодатга бағишласа кўнгли ўрнига тушадиган ва умрининг охирини дарвешона ҳаёт кечириб ўтказадиган зоҳид инсон сифатида намоён этишга ҳаракат қилди».
Аврангзеб қалбининг тубида яширинган қора ниятларни фақат Доро Шукуҳгина сеза оларди. У «…укалари ичида ўзини ўта тақводор қилиб кўрсатадиган, лекин бизнингча, ғоят мутаассиб бўлган кичик иниси унинг шубҳаларини аланга олдириши ва ташвишга солиши ҳақида ўзининг яқин дўстларига кўп гапирар эди».
Аврангзеб мутаассибми ёки йўқми, биз бу хусусда бирор нарса дейишимиз қийин, бироқ у диний имон-эътиқоди ўта кучли, диний руҳдан ташқари бошқа нарсани тан олмайдиган ақидапараст эди. У анчадан буён унутилиб кетган ёки унутилаётган ис-лом аҳкомларига қайтишни ўзига шиор қилиб олган тақводор шахс эди.
Доро Шукуҳ эса бобокалони Акбаршоҳ сингари динларга бағрикенглик билан муносабатда бўлган ҳур фикрли киши эди. Ўзининг «Мажмуа-ул-баҳрайн» (Икки уммоннинг қўшилиши) деб номланган китобида ҳинд фалсафаси билан ислом ақидаларининг ўхшаш томонларини кўрсатишга ҳаракат қилган эди. Эътиқод борасидаги изланишлари уни ҳатто католиклар диний назариясини ҳам ўрганишга олиб келди. Бу борада у Деҳлидаги иезуитлар миссияси вакили, фламандиялик руҳоний Генри Бузей билан яқинлашиб, ундан сабоқ ҳам олди ва унинг дўстига айланиб қолди.
1644 йилнинг апрель ойида Аврангзеб тўсатдан Деккандан чиқиб, Аграга йўл олди. Синглиси Жаҳоноро кўйлаги шамдондан чиққан алангадан оловланиб, жиддий жароҳат олган эди. Онасининг вафотидан кейин у отаси Шоҳ Жаҳонга ва катта акаси Доро Шукуҳга ўз таъсирини ўтказиб турадиган саройдаги биринчи малика мавқеида эди.
Аврангзеб отасининг рухсатисиз шошилинч суратда Декканни тарк этиши турли миш-мишларга ва подшоҳнинг ғазабига сабаб бўлди.
Адолат юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, подшоҳ томонидан топшириладиган бундай вазифалар муддати одатда уч йилдан ошмасди, бироқ Аврангзеб саккиз йилдан буён Декканда, ўзига хос сургунда турарди. Бу давр ичида у ўзини давлатни бошқариш қобилияти кучли маъмур эканини исботлади ва унинг қўл остидаги вилоятлар халқини фаровонлик ва тинчлик билан таъминлай олди. Бу ҳол уни Декканни ташлаб кетишига сабаб эмас эди. Салтанат пойтахтида қолган рақиби, акаси Доро Шукуҳнинг подшоҳ отасига бўлган таъсири кун сайин ортиб борар, бу эса Аврангзебга тинчлик бермас, уни борган сари ташвишга солар эди.
Аврангзебнинг исён деса ҳам бўлаверадиган ўзбошимчалиги унга қимматга тушди. Унинг ҳаракатидан ғазабга келган подшоҳ ота уни барча унвонларидан маҳрум қилди ва унга ажратилган мулк (жогир)ларни давлат ихтиёрига олиб қўйди.
Синглиси Жаҳоноронинг ўртага тушиб воситачилик қилиши туфайли подшоҳ унинг гуноҳларини кечирди ва бу сафар ўзининг шахсий илтимосига кўра яна Декканга қайтариб жўнатилди.
Аврангзеб Асафхоннинг ўрнига тайинланган бош вазир Саъдуллохон ҳузурига кириб, шундай илтимос қилди: «Мени имкони борича саройдан узоқроқ жойга жўнатинглар, бу ерда мен осойишталик ва оромимни йўқотдим».
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?