Текст книги "Яланғоч иқтисодиёт"
Автор книги: Чарльз Уилан
Жанр: Зарубежная деловая литература, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 29 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
Хўш, Мозамбикдаги истеъмолчилар фирибгарлардан Канада ёки Янги Зеландиядаги истеъмолчиларга қараганда яхшироқ ҳимояланганми? Йўқ. Тадқиқот муаллифлари давлат томонидан тартибга солиш кучлироқ бўлган мамлакатлар халқаро сифат стандартларига камроқ риоя қилишларини аниқлади. Бу мамлакатлардаги қоғозбозлик на атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга ва на фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилар экан. Шу билан бирга, керагидан ортиқ назорат тадбиркорларни ҳеч қандай тартиб бўлмаган “яширин иқтисодиёт”га ўтишга ундайди. Коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатларда бизнес очиш жуда қийин, бундан келиб чиқадиган мантиқий хулоса шуки, ортиқча назоратни ўрнатувчи қонунлар шу қонунларни киритган мансабдор шахслар учун потенциал даромад манбаидир.
Ҳиндистонда миллиарддан зиёд аҳоли яшайди ва унинг катта қисми ўта қашшоқ. Иқтисодиётни ривожлантириш ва миллионлаб фуқароларни қашшоқликдан чиқаришда таълим муҳим роль ўйнади. Хусусан, олий таълим Ҳиндистонда жадал ривожланиб бораётган ахборот технологиялари соҳасининг пайдо бўлиши ва кенгайишига ҳисса қўшди, аммо сўнгги пайтларда малакали ишчилар етишмаслиги мамлакатнинг иқтисодий ўсишини орқага тортмоқда. Шундай экан, Мумбайдаги фармацевтика коллежи талабалар сонини икки баравар ошириш учун саккиз қаватли биносидаги бўш жойдан фойдаланишга қарор қилиши, иқтисодий жиҳатдан қаралганда, катта жумбоқ эмас.
Муаммо шундаки, бу қарорни амалга ошириш коллеж маъмуриятини жиноятчиларга айлантиради. Ҳа, бу ҳа қиқат. Ҳиндистон ҳукумати ўзининг техник коллежлари учун қатъий қоидаларни жорий этган бўлиб, бу қоидалар кўпроқ талабани ўқитиш учун бўш жойлардан фойдаланиш сингари мулоҳазасиз ва хавфли амалларнинг олдини олади. Хусусан, қонунга биноан, техник коллеж ҳар бир талабага (ўқув жараёни учун етарли жой бўлишини таъминлаш мақсадида) 16 квадрат метр майдон ажратиб беришга мажбурдир. Ушбу тартибдан келиб чиққан ҳолда, К.М.Кунднани номидаги Фармацевтика коллежи биносининг энг юқори қаватидаги барча маъруза заллари бўш ва фойдаланилмаётганига қарамай, коллеж уч юздан ортиқ талабани ўқишга қабул қилолмайди.
“Wall Street Journal” нашрининг ёзишича: “Бу қонунқоидалар, шунингдек, кутубхоналар ва маъмурий биноларнинг аниқ ҳажми; профессор, доцент ва маърузачилар сони; ўқишга қабул қилинадиган талабалар квотасини ва ҳатто компьютерлар, китобу журналлар сонини ҳам белгилаб беради”8484
Geeta Anand, “India’s Colleges Battle a Thicket of Red Tape,” Wall Street Journal, November 13, 2008.
[Закрыть].
Яхшиямки, ҳукуматлар баъзан бундай қоидаларни бекор қилишади. Масалан, 2008 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи совуққонлик билан… хунук мева ва сабзавотларни қонунийлаштирди. Ўша вақтга қадар Европа бўйлаб супермаркетларда “жуда эгри, ғадир-будур ёки ғалати шаклдаги” маҳсулотларни сотиш тақиқланган эди. Европа Иттифоқининг Қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик қўмитаси бу масалани кўриб чиқаётган пайтда йигирма еттита давлатдан ўн олтитасининг вакиллари эски тақиқни сақлаб қолишга уринганини ҳисобга олсак, чеклов бекор қилиниши Европа Иттифоқи етакчилари кўрсатган сиёсий жасоратнинг ҳақиқий намунасидир.8585
Stephen Castle, “Europe Relaxes Rules on Sale of Ugly Fruits and Vegetables,” New York Times, November 13, 2008.
[Закрыть]
Буларнинг ҳаммасини ўзимдан тўқиб чиқараётганимда, қандоқ яхши бўларди-я!
Фақат салбий томонларга эътибор қаратишдан бир лаҳзага воз кечиб, давлат кўп яхшилик қилолади, деган фикрга қайтайлик. Ҳукумат қилиши керак бўлган ишларни бажарганида, бунинг харажатлари солиқларни йиғиш ҳисобидан молиялаштирилиши керак, бу эса иқтисодиётга юк. Иқтисод профессори Бёртон Малкиел буни “молия юки” деб атайди. “Молия юки” иккита илдиздан келиб чиқиши мумкин. Биринчидан, солиқлар чўнтагимиздан пулни олади, бу эса харид қувватимизни пасайтириб, фойдамизни камайтиради. Албатта, давлат миллиардлаб долларларни реактив қирувчи самолётларга сарфлаб, янги иш ўринларини яратиши мумкин, аммо биз ўша самолёт учун ўз чўнтагимиздан тўлаймиз, демак, камроқ телевизор сотиб олишимиз, камроқ хайрия қилишимиз ва камроқ саёҳат қилишимизга тўғри келади. Бу дегани, давлат аслида янги иш ўринларини яратмаяпти ‒ у шунчаки уларни қайта тақсимлаётган ёки йўқ қилаётган бўлиши мумкин. Албатта, хурсанд ишчилар ярақлаб турган самолётларни ишлаб чиқараётган улкан янги ҳарбий завод кўпроқ кўзга ташланади ва унинг соясида солиқ юки кўринмай қолади (кейинги бобларда макроиқтисодиётни муҳокама қилар эканмиз, Кейнснинг “Давлат иқтисодий пасайиш пайтида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ўсишни ошириши мумкин” деган фикрини таҳлил қилиб кўрамиз).
Иккинчидан (бу масала янада нозикроқ), солиққа тортиш оқибатида одамларнинг хатти-ҳаракатлари иқтисодиётни ёмонлаштирадиган тарзда ўзгариши мумкин ва бундан ҳукумат учун ҳеч қандай фойда бўлмайди. Барча мажбурий федерал ва штат солиқларидан ташқари ҳар бир доллар учун 50 цент миқдорида олинадиган даромад солиғи ҳақида ўйлаб кўринг. Солиқ ставкаси 50 фоизга етса, ишлаб топган ҳар бир долларини уйига олиб боришни истайдиган кишилар ишдан бўшаб кетишлари мумкин. Бундай вазиятда ҳамма ютқазади. Ишлашни ёқтирадиган одам ҳам ишдан бўшайди (ёки ишга кирмайди), устига-устак, давлат ҳам ҳеч қандай фойда ололмайди.
Иккинчи бобда таъкидлаганимиздек, иқтисодчилар солиқнинг бундай турдаги самарасиз натижага олиб келишини “икки томонлама йўқотиш” деб атайди. Бу каби ҳолатларда кимнингдир аҳволи ёмонлашиши бошқа бировнинг ҳолатини яхшилашга хизмат қилмайди. Тасаввур қилинг, ўғри уйингизга кириб, нарсаларингизни ўғирлайди; шошқалоқлик билан у нафақат пулларингизни, балки севимли оилавий фотоальбомингизни ҳам ўғирлаб кетади. Ўғирланган пуллар бўйича ҳеч қандай “икки томонлама йўқотиш” мавжуд эмас ‒ сиздан ўғирланган ҳар бир доллар ўғрининг фаровонлигини айнан бир долларга оширади (ғалати эшитилар, бироқ ахлоқ ҳақида қайғурмайдиган иқтисодчиларимизнинг кўзи билан қарасак, бу шунчаки бойликнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиши). Аммо ўғирланган фотоальбом – бу ғирт “икки томонлама йўқотиш”. Альбом ўғри учун ҳеч нарсани англатмайди. Ўғри тасодифан қўлига нима тушиб қолганини тушуниб, фотоальбомни ахлат қутисига улоқтиради. Бироқ бу сиз учун жуда улкан йўқотиш. Худди шундай, фуқароларнинг самарадорлигига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай солиқ “икки томонлама йўқотиш”га олиб келади.
Солиқлар инвестицияларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар сармоя таваккалчилик устига қурилган бўлса, аммо кутилаётган даромад 100 миллион долларни ташкил этса, тадбиркор сармояни амалга ошириши мумкин. Бироқ солиқлар туфайли даромад 60 миллион долларгача тушадиган бўлса, тадбиркор ғоядан воз кечиб қўя қолади. Кимдир унга келажакдаги даромадини 10 фоизга ошириш имконини берадиган олий ўқув юртида ўқишга маслаҳат бериши мумкин. Аммо бу сармоя одатда ҳам моддий, ҳам кетган вақт жиҳатидан жуда қимматга тушади ва солиқ тўлагандан кейин даромад олдингидан фақат 5 фоизга кўпроқ бўлади. Бу ҳолда сармоя ўзини қанчалик оқлагани савол остида қолади (укам умридаги биринчи маошини олганида, конвертни очиб, ғазаб билан бақириб юборган: “FICA дегани қандай бало бўлди?”). Ёки, масалан, қўшимча 1000 доллари бўлган оилани олайлик. Улар бу пулни нимага сарфлашни танлаши керак. Олдларида иккита танлов: катта экранли телевизор сотиб олиш ёки пулни инвестиция жамғармасига ташлаб қўйиш. Икки танлов узоқ муддатда турлича иқтисодий оқибатларга олиб келади. Агар оила сармоя киритишни танласа, уларнинг маблағлари фабрикалар қурадиган, тадқиқотлар олиб борадиган ва ходимларни қайта тайёрлайдиган фирмаларга имконият яратади. Бундай сармоялар олий таълимнинг макроэквиваленти ҳисобланади, улар узоқ истиқболда янада самарали ва бойроқ бўлишимизга хизмат қилади. Телевизор сотиб олиш бўлса айни дамдаги истеъмол ҳисобланади. У бугун бизни хурсанд қилади, аммо келажакдаги фаровонлигимизга ҳеч қандай таъсири йўқ.
Албатта, телевизорларга сарфланган маблағ телевизор ишлаб чиқарадиган корхонадаги ходимларнинг ишлашда давом этишлари учун хизмат қилади. Аммо агар ўша пуллар янги бизнесга сармоя киритиш учун ишлатилса, бошқа жойларда иш ўринлари яратилиши мумкин. Дейлик, бу сармоя лаборатория олимлари ёки қурувчиларга кўпроқ иш ўринларини яратади ва келажакда янада бойроқ бўлишимизга хизмат қилади. Бу ҳолатни коллежлар мисолида кўрамиз. Фарзандингизни олий ўқув юртига ўқишга юбориш орқали сиз профессорлар учун иш ўринларини яратасиз.8686
АҚШда коллеж университет каби бакалавр даражасини берувчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, АҚШда коллеж деганда кўпинча университет назарда тутилади. ‒ Таҳр.
[Закрыть] Худди шу пулни юқори мактабни битираётган фарзандингизга чиройли спорт автомобилини олиб бериш учун сарфлаб, автоулов ишлаб чиқарувчилар учун иш ўринларини яратасиз. Икки сценарий ўртасидаги муҳим фарқ шундаки, коллежда ўқиш ёш ав лоднинг самарадорлигини бутун умрга оширади, спорт автомобилини сотиб олиш эса йўқ. Шундай қилиб, коллежга бориш сармоя бўлса, спорт автомобилини сотиб олиш истеъмолдир (бироқ иш ёки бизнес учун машина сотиб олиш сармоя деб ҳисобланиши мумкин).
Қўшимча 1000 доллари бор оилага қайтсак. Улар бу пулни қай тарзда ишлатишади? Уларнинг қарори нимага боғлиқ? Бу инвестиция жамғармасига маблағ киритишса, солиқни чегириб ташлаганда, қанча даромад кўришларига боғлиқ. Капиталдан олинадиган фойда солиғи қанча юқори бўлса, улар шунча кам даромад олишади ва телевизор сотиб олиш варианти жозибадорроқ бўлиб кўрина бошлайди.
Солиқлар одамларни ҳам ишлашдан, ҳам сармоя киритишдан совитади. Кўпгина иқтисодчилар солиқларни пасайтириш ва назоратни юмшатиш иқтисодиётнинг самарадорликка хизмат қиладиган кучларини ишга солади, деб таъкидлайди. Бу, албатта, тўғри. “Таклиф иқтисодиёти”нинг ашаддий тарафдорлари солиқларни пасайтириш аслида давлатнинг солиқ даромадларини кўпайтириши ҳам мумкин, деб таъкидлайди, чунки солиқлар камайса, одамлар қаттиқроқ меҳнат қила бошлайди ва юқори даромад топади. Натижада солиқ ставкалари пасайтирилганига қарамай, кўпроқ солиқ тўлай бошлайди. Айнан шу ғоя Рональд Рейган президентлиги даврида солиқларни сезиларли даражада пасайтириш учун илмий асос бўлиб хизмат қилган “Лаффер эгри чизиғи” назариясининг асосини ташкил этди. 1974 йилда иқтисодчи Артур Лаффер солиқларнинг ҳажми меҳнат фаолияти ва инвестициялар кўламига шунчалик кучли салбий таъсир кўрсатадики, солиқ ставкаларини пасайтириш солиқ тушумларининг камайишига эмас, балки кўпайишига олиб келади, деган назарияни илгари сурди (айтганча, Лаффер илк бор “эгри чизиқ” назариясининг графигини бир гуруҳ журналист ва сиёсатчилар билан кечки овқат пайтида ўтирганида, ресторан салфеткасига чизган. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, бу Дик Чейннинг салфеткаси эди).8787
Nicholas Lemann, “The Quiet Man: How Dick Cheney Rose to Power,” The New Yorker, May 7, 2001.
[Закрыть] Бу фикр солиққа тортишнинг маълум бир даражасида тўғридир. Масалан, даромад солиғи 95 фоизга кўтарилса, ҳеч ким тирикчилик учун талаб қилинганидан ортиқ ишламай қўяди. Бундай вазиятда солиқ ставкасини 50 фоизгача камайтириш давлат даромадларини аниқ кўпайтиради.
Аммо шундоқ ҳам солиқ ставкалари анча паст бўлган Қўшма Штатларда бу назария ишлармикан? Рейган даврида ҳам, Жорж Буш президентлиги даврида ҳам бўлиб ўтган солиқ қисқартириш жараёнлари бу саволга “Йўқ, ишламайди” деган жавобни бериб бўлган. Иккала ҳолатда ҳам солиқларнинг сезиларли даражада камайтирилиши давлат даромадларининг кескин ўсишига олиб келмади (солиқ қисқартирилмаган ҳолда юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий ўсиш билан солиштирганда)8888
Бу ерда кичик, аммо муҳим таҳлилий жиҳат бор. Солиқ имтиёзлари давлат даромадларини кўпайтиради, деган фикрни илгари сурувчилар солиқ катта миқдорда қисқартирилганидан сўнг давлат даромадлари кўпроқ бўлишини таъкидлайди ва улар бу борада ҳақ. Аммо бу таққослаш ўринли эмас. Аслида, савол қуйидагича бўлиши лозим: солиқлар камайтирилганидан сўнг давлат тушумлари солиқ камайтирилмаган ҳолатда олинадиган тушумдан кўра юқорироқ бўладими? Бу ердаги тафовутнинг аҳамияти шуки, инфляция ва иқтисодий ўсиш солиқ даромадлари ўзгармай турган ҳолатда ҳам давлат даромадларини йилдан-йилга ошириб борувчи омиллар саналади. Масалан, солиқлар камайтирилмаганида ҳам, давлат даромадлари 5 фоизга кўтарилади, дейлик. Агар давлат даромадлари солиқ камайтирилганидан сўнг 2 фоизга кўтарилса, ҳукумат тушуми ҳақиқатан ҳам ўтган йилгига нисбатан юқори. Аммо солиқлар камайтирилмаганида, тушум кўпроқ бўларди. Агар қисқартирилган солиқ шароитидаги янги даромад миқдорига яраша харажатлар камаймаса, унда бюджет камомади пайдо бўлади.
[Закрыть], аммо бюджетнинг катта камомадига олиб келди. Рейган маъмурияти солиқларни камайтирган пайтда Лаффернинг назарияси фақат энг бадавлат америкаликлар учун ишлаганга ўхшади. Чунки айнан улар солиқлар камайтирилгандан сўнг давлат хазинасига кўпроқ пул келтира бошлашди. Бироқ бу шунчаки тасодиф бўлиши ҳам мумкин. Сўнгги ўн йилликлар давомида юқори малакали ишчиларнинг иш ҳақи барқарор ўсиб борди, чунки иқтисодиётда мушакларга эмас, балки мияга эҳтиёж кўпайди, буни 6-бобда муҳокама қиламиз. Шундай қилиб, энг бой америкаликлар кўпроқ солиқ тўлаганига сабаб уларнинг даромадлари кескин ошиб кетганлиги бўлиши мумкин, солиқлар пасайганига жавобан кўпроқ ишлай бошлашгани учун эмас.
Солиқ ставкалари бошқа мамлакатларга қараганда паст бўлган Қўшма Штатларда “талаб иқтисодиёти” пуч хаёлдир: баъзи бир алоҳида вазиятларни ҳисобга олмаганда, биз солиқларни камайтириш орқали давлат дастурларига сарфлаш учун янада кўпроқ пул топа олмаймиз. Консерватив иқтисодчилар бу нуқтаи назарга қўшилади. Ҳам Рейган, ҳам катта Жорж Буш маъмуриятида ишлаган Брус Бартлетт “талаб иқтисодиёти” камроқ даромад солиғи иқтисодий фаолиятни рағбатлантиради, деган муҳим ва оқилона ғоядан “ҳар қандай солиқ қисқартирилишлари давлат даромадларини кўпайтиради” деган ақл бовар қилмас тушунчага айлантирилганидан афсусланишини айтганди.8989
Bruce Bartlett, “How Supply-Side Economics Trickled Down,” New York Times, April 6, 2007.
[Закрыть] Сенатор Жон Маккейн 2007 йилда “National Review”га берган интервьюсида: “Ҳаммамиз биламизки, солиқларнинг камайтирилиши даромадларнинг кўпайишига хизмат қилади”, ‒ деб айтганида, Ҳарвард иқтисодчиси Грегори Мэнкью (у катта Жорж Бушнинг Иқтисодий маслаҳатчилар кенгашига раислик қилган) ўз блогида шундай мантиқий савол билан мурожаат қилган: “Агар солиқ тушумларини камайтириш даромадларни кўпайтиради, деб ҳисобласангиз, нима учун харажатларни чеклаш тарафдорисиз? Нега солиқларни камайтириш орқали маблағ тўплаб, уларни янги дастурлар учун ишлатмаймиз?”9090
Greg Mankiw’s blog, March 11, 2007.
[Закрыть] Агар ҳиссиётга берилаётгандек кўринган бўлсам, аслида ҳам шундай. Солиқ имтиёзлари ҳар доим давлат даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади, деган нотўғри тушунча давлат бюджети ҳақидаги мунозараларимизни чалкаштириб юборади ва биз йўқ жойдан пул олишимиз мумкин экан, деган хомхаёлдикка етаклайди. Сиз, албатта, иқтисодиётда бу камдан-кам юз беришини аллақачон англаб етган бўлишингиз керак. Солиқни камайтириш, шубҳасиз, кўп ижобий томонларга эга. Бу чўнтагимизда кўпроқ пул қолишига имкон беради. Бу меҳнатсеварликни ва таваккалга бой бўлган инвестициялар киритишни рағбатлантиради. Дарҳақиқат, солиқлар қисқартирилишидан кейин иқтисодий фаолликнинг ўсиши баъзи йўқотишларни қоплашга ёрдам беради. Солиқ тушумидан кесилган бир доллар ҳукумат учун 80 цент (ёки баъзи ҳолатларда 50 цент) йўқотишини англатиши мумкин, чунки ҳукумат каттароқ пирогнинг кичикроқ бўлагини олаётган бўлади.
Шунга қарамай, биз камроқ тўлаб, кўпроқ топишимиз мумкин, деган тушунча ҳали ҳам бор. Асосий сабаблардан бири шуки, бу кўпроқ тўлаб, камроқ топишдан кўра жозибалироқ. 2017 йилда Трамп маъмурияти каттагина солиқ қисқартирилишини таклиф этганида, молия вазири Стивен Мнучин ишонч билан таъкидлаган: “Бу солиқ режаси нафақат ўзини оқлайди, балки қарзларни тўлашга ҳам ёрдам беради”9191
Dylan Matthews, “Trump’s Team Says the Tax Bill Will Pay for Itself. It Won’t,” Vox, November 30, 2017.
[Закрыть]. Ваҳоланки, бундай масалалар таҳлили билан шуғулланиш ваколатига эга партиясиз агентлик бўлган Конгресс Бюджет бошқармаси ҳисобкитобларига кўра, солиқ камайтирилиши, кўшимча ўсишни ҳисоблаганда ҳам, 10 йилда бир триллион доллар йўқотишга олиб келарди. Чикаго университетининг Бус бизнес мактаби вақти-вақти билан турли қарашдаги иқтисодчилар орасида солиқларни тушириш каби долзарб мавзулар бўйича сўровномалар ўтказади. Иқтисодчилардан Конгресс кун тартибида бўлган Трампнинг солиқ режаси тўғрисида сўрашди. Уларнинг 100 фоизи бу режа қарзни кўпайтиришини айтди. 86 ёки 91 фоизи эмас ‒ ҳар бири шундай деди!9292
IGM Forum, “Tax Reform,” November 21, 2017: http:// www.igmchicago.org/surveys/tax-reform-2.
[Закрыть] Сўнгра қуйидаги сарлавҳа билан янгилик чиқди: “Трампнинг жамоаси янги солиқ қонуни ўзини оқлашини айтяпти. Лекин оқламайди”9393
Dylan Matthews, “Trump’s Team Says the Tax Bill Will Pay for Itself. It Won’t,” Vox, November 30, 2017.
[Закрыть].
Бир йил ўтар-ўтмасдан Оқ Уй “бюджет камомади кутилганидан тезроқ ўсаётгани” ва келаётган ўн йилликда федерал қарз бир триллион долларга етиши ҳақида хабар берди. Бу воқеликдан ҳайрон қолиш кўприкдан ажралган мармар бўлаги тепага эмас, пастга тушишидан ҳайратланишдек гап. Шундай бўлишини Бус бизнес мактабининг сўровномасида қатнашган ҳар бир иқтисодчи айтганди ахир!
Аниқ рақамлар билан оддий бир мисол келтирай. Дейлик, солиқ ставкаси 50 фоизни, солиқ базаси эса 100 миллион доллар. Бу ҳолда солиқ тушуми 50 миллионни ташкил қилади. Энди солиқ ставкаси 40 фоизга туширилди, дейлик. Баъзи одамлар ўз даромадларини кўпайтириш учун қўшимча бир неча соат ишлашни бошлайди, кимдир эса иккинчи ишга киради. Дейлик, солиқ базаси 110 миллион долларга кўтарилди. Давлат даромадлари энди бу каттароқ сумманинг 40 фоизи, яъни 44 миллионни ташкил этади. Олдинги иқтисодий фаолият учун пастроқ фоиз белгилаган ҳукумат маълум миқдордаги даромадларини йўқотди, аммо бу зарарнинг бир қисми янги иқтисодий фаолият учун олинадиган солиқлар ҳисобига қопланди. Агар солиқларни камайтиришган пайтда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаганида, солиқни 10 фоизга қисқартириш ҳукумат учун 10 миллион доллар даромад йўқотилишига олиб келиши мумкин эди, биз эса йўқотиш атиги 6 миллион бўлганини кўрмоқдамиз (агар солиқ кўпайтирилса, тескари манзарани кузатган бўлардик: давлат даромадларининг ўсиши умумий иқтисодий пирогнинг қисман қисқаришига олиб келарди). Солиқ мутахассислари солиқ ставкасининг пасайиши ёки ўсиши оқибатларини башорат қилишда инсонларнинг хатти-ҳаракатлари қандай иқтисодий таъсир кўрсатишини ҳисобга олишади.
Камдан-кам учрайдиган ҳолатларни ҳисобга олмасак, бепул тушлик бўлмайди. Солиқ ставкаларининг пастлиги давлат даромадлари камроқ бўлишини англатади, натижада мудофаа, бюджет балансини сақлаш, террористларни тутиш, болаларни ўқитиш ва ҳукумат одатда қиладиган бошқа вазифаларни бажариш учун ресурслар камроқ бўлади. Мана шу ерда танлаш керак. “Талаб иқтисодиёти”нинг асл мазмунидан четлашиш оқибатида “Кўпроқ давлат хизматларидан фойдаланиш учун кўпроқ солиқ тўлашимиз керакми ёки камроқ тўлашимиз ва камроқ хизматлардан фойдаланишимиз керакми?” деган муҳим интеллектуал саволдан четланиб, “Камроқ тўлаш орқали кўпроқ нарсаларга эгалик қиламиз” деган ёлғон ғояга йўл очдик. Мен чиндан ҳам бу ғоянинг ҳақиқат бўлиб чиқишини истардим. Бундан ташқари, камроқ ишлаш орқали кўпроқ бойишни ёки кўпроқ овқатланиш орқали вазн ташлашни истардим. Аммо бу истакларимнинг бирортаси амалга ошмаган.
Шунча гап айтилган бўлса-да, тан олиш керак, минимал давлат аралашуви тарафдорларининг гапларида жон бор. Солиқларнинг пасайиши кўпроқ сармоя киритилишига олиб келиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, юқори суръатдаги узоқ муддатли иқтисодий ўсишга хизмат қилади. Буни ёмон ғоя ёки фақат бойларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган сиёсат дея рад этиш эса жуда юзаки ёндашувдир. Иқтисодий пирогнинг ўсиши муҳим. Ҳаммадан ҳам кўра энг майда бўлакларга эгалик қиладиганлар учун муҳим. Иқтисодиёт секин ривожланса ёки заифлашиб борса, нейрожарроҳлар ёхуд университет профессорлари эмас, балки пўлат заводи ишчилари ва официантлар ишдан бўшатилади. Масалан, 2009 йилда молиявий инқироз туфайли юзага келган иқтисодий пасайиш пайтида Америкада камбағаллик даражаси 13 фоиздан ошди – бу сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори кўрсаткичдир.
1990-йиллар эса, аксинча, иқтисодий нарвоннинг энг пастки поғоналарида бўлганлар учун жуда муваффақиятли эди. Мичиган университети иқтисодчиси ва Билл Клинтон маъмурияти ҳузуридаги Иқтисодий маслаҳатчилар кенгашининг аъзоси Ребекка Бланк 1990-йиллардаги ёрқин иқтисодий ўсишни эслар экан, шундай дейди:
“Фикримча, 90-йиллардаги қашшоқлик билан курашувчилар учун биринчи ва энг муҳим сабоқ барқарор иқтисодий ўсиш ажойиб ҳодиса экани бўлди. Агар сиёсат касбий бандликнинг юқори ўсиши, ишсизлик даражасининг пастлиги ва иш ҳақининг юқори бўлишини таъминлай олса, бу камбағаллар учун ёрдам дастурларига сарфланган маблағ каби ёки ундан ҳам самаралироқ бўлиши мумкин. Ишга жойлашиш имконияти бўлмаса ёки иш ҳақи пасайиб борса, одамларни қашшоқликдан фақат давлат дастурлари ёрдамида олиб чиқиш ҳам молиявий томондан, ҳам сиёсий капитал нуқтаи назаридан анча қимматга тушади”.9494
Rebecca M. Blank, “Fighting Poverty: Lessons from Recent U.S. History,” Journal of Economic Perspectives, vol. 14, no. 2 (Spring 2000).
[Закрыть]
Шундай қилиб, мен икки бобда оддий савол атрофида айландим: Америка иқтисодиётида ҳукумат ўта катта роль ўйнайдими ёки аксинчами, ё меъёридами? Ниҳоят, оддий ва тушунарли жавобни айта қолай: барчаси саволни кимга беришингизга боғлиқ. Баъзи ақлли ва мулоҳазали иқтисодчилар давлатнинг кўпроқ фаоллигини кўришни истайди, бошқа ақлли ва мулоҳазали иқтисодчилар эса ҳукумат иқтисодиётга камроқ аралашишини афзал кўради, бу икки қутб орасида эса давлат аралашувининг турли даражаларини ёқлайдиганлар ҳам талай.
Баъзида мутахассислар фактлар бобида келиша олмайди. Худди тажрибали жарроҳлар томирдан қон ўтиши қийинлашган пайтда даволаш йўллари тўғрисида баҳслашгани каби. Масалан, иқтисодчилар ҳали ҳам энг кам иш ҳақини ошириш оқибатлари тўғрисида баҳслашмоқда. Назарий жиҳатдан, бу ерда альтернатив танлов мавжуд: энг кам иш ҳақининг юқорилаши туфайли баъзи ишчиларнинг даромадлари кўпаяди ва улар бундан фойда кўради. Шу билан бирга, бу айрим кам маошли ишчиларга (ёки иш топа олмаётганларга) зарар етказади, чунки компаниялар ишчиларга кўпроқ тўлашлари кераклигидан ишчилар сонини қисқартиради. Иқтисодчилар (шунингдек, бугунги рақобатчи тадқиқотлар)да энг кам иш ҳақининг ошиши сабабли қанча иш ўрни йўқолиши тўғрисида фарқли қарашлар бор. Агар энг кам ойлик иш ҳақини ошириш қўлингизда бўлса, бу паст ойлик оладиган ишчиларга ёрдам бериши ёки зарар келтиришини билишингиз жуда муҳим ҳисобланади. Вақт ўтиб, ишончли маълумотлар тўпланган ва ҳар томонлама тадқиқотлар ўтказилганидан сўнг бу саволга аниқроқ жавоб бера оламиз (қачонлардир бир сиёсий таҳлилчи менга айтганидек, статистикани кўрсатиб ёлғон гапириш осондир, аммо статистик маълумотларсиз ёлғон гапириш ундан-да осон).
Кўп ҳолларда иқтисодиёт фақат муаммоларни аниқ кўрсатиб бериб, қолгани ахлоқ, фалсафа ва сиёсатга асосланган мулоҳазаларни талаб этади – шифокор даволаш усулларини беморнинг ўзи танлашига қўйиб берганидек. Шифокор беморга кимётерапия ёрдамида 4-босқич саратонини даволаш тўғрисида батафсил тиббий маълумот беради, аммо қарор қилувчи беморнинг ўзи бўлади. Беморнинг қарори унинг сифатли ҳаёт ва узун умр ўртасидаги танловини, азобларга чидашга тайёрлиги, шунингдек, оилавий шароитини акс эттиради. Буларнинг тиббиёт ёки илм-фанга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунга қарамай, бир қарорга келиш учун профессионал тиббий маслаҳатлар зарур бўлади.
Худди шу йўсинда мен ҳукуматнинг иқтисодиётдаги ролини тушуниш учун керак бўлган асосларни келтираман.
Ҳукумат иқтисодий самарадорликни ошириш ва натижада фаровонлигимизни яхшилаш салоҳиятига эга. Давлат бозорларнинг мавжудлигини таъминлайдиган ҳуқуқий асосларини яратади ва уларни ушлаб туради. Давлат ўзимиз сотиб ололмайдиган ижтимоий неъматлар билан таъминлаш орқали бизнинг фойдамизга хизмат қилади. У ташқи таъсирларга, айниқса, атроф-муҳитга оид муаммоларни ҳал этиш орқали капитализмнинг камчиликларини юмшатади. Шундай қилиб, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини иложи борича чеклаш ғояси шунчаки нотўғри.
Ақли расо одамлар юқоридаги фикрларга қўшилиши мумкин, аммо барибир улар АҚШ ҳукуматининг иқтисодиётдаги иштирокини ошириш ёки камайтириш кераклиги борасида якдил фикрда бўлмаслиги мумкин. Ҳукумат ресурсларни ўз фуқароларининг ҳаётини яхшилаш йўлида сарфлашга қодир, деган назарияга ишониш бошқа, ҳар қандай инсон каби хатолардан холи бўлмаган Конгрессдаги сиёсатчилар давлат маблағларини айнан шу тарзда сарфлайди, деб ишониш бошқа. Лоуренс Уэлк туғилган Страсбургдаги (Шимолий Дакота штати) немисрус музейи ҳақиқатан ҳам жамият учун фойдалими? АҚШ Конгресси 1990 йилда бу музейни барпо этиш учун 500 минг доллар ажратди (кейинчалик жамоатчилик норозилиги туфайли 1991 йилда бу маблағни қайтариб олди). Ер сайёрасидан ташқарида цивилизацияларни излаш учун 100 миллион доллар сарфлаш-чи? Бошқа сайёралардаги ҳаётни излаш ижтимоий неъмат таърифига тўғри келади, чунки ҳар бир киши ўз космик кемасини қуриб, космосга чиқиб кетиши иложсиз. Шунга қарамай, кўпгина америкаликлар пуллари бошқа нарсага сарфланишини афзал кўришган бўларди, деб ўйлайман.
Юзта иқтисодчи орасида сўровнома ўтказсам, деярли барчаси бошланғич ва ўрта таълим сифати сезиларли даражада яхшиланса, мамлакатимиз учун катта иқтисодий фойда бўлишини айтарди. Аммо худди ўша иқтисодчилар халқ таълимига кўпроқ пул сарфлашимиз керакми ёки йўқ, деган саволга бир хил жавоб бермаган бўларди. Хўш, нима учун? Чунки мутахассислар мавжуд мактаб тизимини кўпроқ молиялаштириш ўқувчиларнинг келажакдаги даромадларини яхшилайдими ёки йўқми, деган масалада мутлақо фарқли фикрларни билдирган бўларди.
Ҳукуматнинг айрим ишлари иқтисодий пирог ҳажмини камайтиради, аммо жамият учун керак бўлиши мумкин. Бой одамлардан пулни олиб, уни камбағаллар фойдасига қайта тақсимлаш техник жиҳатдан “самарасиз”, чунки бу ерда солиқ юки келтириб чиқарадиган иқтисодий йўқотишни ҳисобга олсак, камбағал оилага бир долларга чек юбориш иқтисодиётга 1.25 доллар зарар келтириши мумкин. Кучли ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида юқорироқ солиқ белгилаш самарадор активлар, жумладан, инсон ресурсларига эга шахслар учун оғир юк бўлади. Бу Францияга ўхшаган баъзи мамлакатларни камбағал оилада туғилган бола учун қулай жой, интернет тадбиркори учун эса (юқори технологиялар мутахассиси учун ҳам), аксинча, ноқулай жойга айлантиради. Умуман олганда, ҳар бир одамга иқтисодий пирогнинг бир қисмини кафолатлайдиган сиёсат бу пирогнинг ўсишига тўсқинлик қилади. Қўшма Штатларда жон бошига даромад Францияникидан юқори, бироқ, шу билан бирга, Қўшма Штатларда қашшоқликда яшовчи болалар Франциядагидан кўпроқ.
Барчасини инобатга олган ҳолда айтиш лозимки, ақли расо одамлар ҳам ижтимоий харажатларнинг миқдори борасида ҳар хил фикрга эга бўлишлари мумкин. Биринчидан, улар кўпроқ тенглик учун қанча бойликдан воз кечиш лозимлиги масаласида турлича қарашга эга. АҚШ кўпгина Европа мамлакатларига қараганда бойроқ, аммо аксарият Европа давлатларида бойлик Америкадагига қараганда нисбатан адолатлироқ тақсимланган. Иккинчидан, бойлик ва тенглик ўртасидаги альтернатив танлов ҳақида гапириш энг кам таъминланган кишиларга ёрдам бериш дилеммасини ўта соддалаштириб юборяпти. Камбағал америкаликлар тақдири ҳақида қайғурадиган иқтисодчилар уларга қай тарзда ёрдам бериш кераклиги тўғрисида бир-биридан фарқли ўйлаши мумкин: ҳукуматнинг катта харажатли дастурлари, мисол учун, универсал соғлиқни сақлаш тизими билан ёрдам бериш керакми ёки иқтисодий ўсишни кучайтириб, кам даромадли америкаликларнинг иш ҳақини оширадиган йўл бўлмиш солиқларни камайтириш орқалими?
Ва ниҳоят, охиргиси: давлатнинг иқтисодиётга аралашувининг айрим кўринишлари ҳалокатли.
Қаттиққўл ҳукумат бозор иқтисодиёти учун бўйинтуруққа айланиши мумкин. Яхши ниятда амалга оширилган давлат дастурлари ва қабул қилинган қонунқоидаларнинг фойдаси харажатлардан анча камроқ бўлиши мумкин. Ёмон ниятлар эса одатда порахўр сиёсатчилар манфаатларига хизмат қиладиган қонунларнинг киритилишига олиб келади. Бу, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда тез-тез содир бўлади, бундай давлатларда ҳукуматни иқтисодиётга аралашишдан чеклаш орқали жуда яхши натижаларга эришиш мумкин. Кливленд федерал захира банкининг собиқ президенти ва бош директори Жерри Жордан таъкидлаганидек, “бой ва камбағал иқтисодиётлар ўртасидаги фарқ институтларнинг, хусусан, давлат идораларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириши ёки, аксинча, пасайтиришига боғлиқ”9595
Jerry L. Jordan, “How to Keep Growing ‘New Economies,’” Economic Commentary, Federal Reserve Bank of Cleveland, August 15, 2000.
[Закрыть].
Хулоса қилиб айтганда, ҳукумат маълум даражада жарроҳнинг скальпелига ўхшайди: бу ўткир восита яхши ёки ёмон йўлда ишлатилиши мумкин. Ундан эҳтиёткорлик билан, оқилона фойдаланиш организмнинг ўз-ўзини тиклаш қобилиятини оширади. Аммо у нотўғри қўлларга тушиб қолса ёки ҳаддан зиёд кўп фойдаланилса (гарчи энг яхши мақсадларни кўзлаган бўлса-да), жуда жиддий зарар етказиши мумкин.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?