Электронная библиотека » Чарльз Уилан » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Яланғоч иқтисодиёт"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:21


Автор книги: Чарльз Уилан


Жанр: Зарубежная деловая литература, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 29 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Аслида, бу даъвонинг бир чигаллиги бор эди: суд иши 39 йил аввал қўзғатилган, суд қарор қабул қилганида эса жаноб Воҳид ҳам, жаноб Нанҳе ҳам ҳаёт эмасди (суд ишини уларнинг қариндошлари мерос қилиб олишган). Бир ҳисоб-китобга кўра, агар Ҳиндистонда шу давр мобайнида бошқа суд ишлари очилмаганида ҳам, аввал берилган даъволарни кўриб чиқиб, ҳал қилиш учун 324 йил кетарди. Гап фақатгина маъмурий жавобгарликка оид ҳолатлар ҳақида кетмаяпти. 1999 йил охирида етмиш беш ёшли бир киши Калкутта қамоқхонасидан озод қилинди. У қотиллик айблови билан қамалган ва суднинг якуний қарорини 37 йил кутган. 1999 йилда қўйиб юборилганининг сабаби шуки, унинг иши билан шуғулланган терговчи ва барча гувоҳлар у вақтга келиб вафот этганди (1963 йилда судья айбланувчини ақлдан озган деб қарор чиқарган, аммо нима учундир бу қарор бекор қилинган). Шуни билингки, ривожланаётган мамлакатлар стандартларига кўра, Ҳиндистон нисбатан яхши ҳукумат институтларига эга. Масалан, Сомалида бундай ишлар судда умуман кўриб чиқилмайди.

Бундан ташқари, ҳукумат компанияларга рақобатни йўққа чиқарадиган тарзда келишиб олишни тақиқловчи қонунларни чиқаради. Учта авиакомпаниянинг чипталар нархини белгилаш бўйича яширин келишиб олиши битта жирканч монопол компания ҳукмронлигидан яхшироқ, деб бўлмайди. Давлат институтлари капитализм ҳаракатланадиган йўлларни шакллантиради. Бу ҳақда “New York Times”нинг ташқи ишлар масалалари бўйича колумнисти Томас Фридман бир вақтлар ўз мақоласида: “АҚШ Адлия вазирлиги бир ҳафта ичида Россиядаги олигархлар ва монополистларнинг танобини тортиб қўйиши учун ўртача россиялик қанча пул беришга тайёрлигини биласизми?” – деб савол қўйганди.6969
  Thomas L. Friedman, “I Love D.C.,” New York Times, November 7, 2000, p. A29.


[Закрыть]
Томаснинг кузатувларига кўра, кўплаб чет элликлар, айниқса коррупция ботқоғига ботган ривожланаётган мамлакатлардагилар бизга ҳавас қилишар экан. Нимамизга ҳавас қилишади, дейсизми? Вашингтондаги бюрократларимизга! “Улар муассасаларимиз, судларимиз, бюрократиямиз, армиямиз ва назорат қилувчи органларимиз, жумладан, Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси, Федерал захира тизими, Федерал авиация маъмурияти, Озиқ-овқат ва дори-дармон маъмурияти, Федерал тергов бюроси, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал агентлиги, Ички даромадлар хизмати, Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати, АҚШ Патент идораси ва Фавқулодда вазиятлар бўйича федерал агентлик кабиларга ҳавас билан қарайди”, ‒ деб ёзади Томас.

Давлат яна бир муҳим роль ўйнайди: у бизга фаровонлигимизни оширадиган, ижтимоий неъматлар деб аталадиган кўплаб маҳсулотларни тақдим этади. Давлат бу ишни қилмаса, хусусий сектор аҳолини бундай маҳсулотлар билан таъминламайди. Фараз қилайлик, мен тажовузкор давлатларнинг ракеталаридан ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида ракеталарга қарши тизим сотиб олишга қарор қилдим (бу DirecTV сунъий йўлдош антеннасига ўхшайди, фақат нархи анча қиммат). Мен Этиэн исмли қўшнимга биргалашиб ушбу тизимни сотиб олишни таклиф қиламан. Қўшним бу тизим бизни, дейлик, Шимолий Корея учириши мумкин бўлган ракеталардан ҳимоя қилишини яхши билади. Лекин шунга қарамай, таклифимни рад этади. Этиэн бошқа кўплаб қўшниларим сингари тизимимдан текинга фойдаланиб қолишни истайди. Шу билан бир бирга, мен ҳам хавфсизлик тизими учун бир ўзим тўлашни истамайман. Натижада гарчи ракеталардан ҳимояланиш тизими барчамизнинг ҳаётимизни хавфсизроқ қилишини билсак-да, барибир уни сотиб олмаймиз.

Ижтимоий неъматлар икки муҳим хусусиятга эга. Биринчидан, бу неъматлар минглаб ёки миллионлаб одамларга тақдим этилганда ҳам, фойдаланувчилар учун жуда паст нархга, баъзида эса текинга тушади. Бояги ракеталарга қарши тизим ҳақида ўйлаб кўринг: агар мен террорчиларнинг ракеталарини уриб туширадиган тизим учун пул тўлаганимда, Чикагода, уйимга нисбатан яқинроқда яшайдиган миллионлаб одам ушбу тизимдан бепул фойдалана оларди. Радио сигналлари, маёқлар ёки шаҳар боғлари ҳам шундай: улар бир кишига хизмат қилса, қўшимча харажатларсиз қолган минглаб одамларга ҳам хизмат қилиши мумкин. Иккинчидан, пул тўламаганларнинг бу қулайликлардан фойдаланишига чек қўйиш жуда қийин, ҳатто имконсиздир. Кема капитанининг маёқ нуридан фойдаланишини қандай қилиб чеклаш мумкин? Кемаси ўтиб кетаётганда капитаннинг кўзларини юмиб турасизми? (“Ҳей, АҚШ флотининг “Britannica” кемасидагилар! Пойламанглар!”) Бир вақтлар Принстон университетидаги бир устозим ижтимоий неъматлар бўйича маърузасини қуйидаги сўзлар билан бошларди: “Хўш, қайси аҳмоқ радиони ўз ҳисобидан молиялаштиради?”

Бировнинг ҳисобидан молиялаштирилган хизматдан текинга фойдаланадиганлар бутун бизнеснинг расвосини чиқариши мумкин. Ёзувчи Стивен Кинг бир марта ўз янги романини ўқувчиларга интернет орқали тўғридантўғри тақдим этиб кўрмоқчи бўлган. Режага кўра, Кинг ҳар ой романнинг кейинги қисмини интернетга юклаши, ўқувчилар эса ихтиёрий тарзда бир доллардан ҳақ тўлашлари керак эди. Ёзувчи ўқувчиларнинг 75 фоизидан камроғи ихтиёрий тўловни амалга оширадиган бўлса, асар шу нуқтада тугаши, давоми ёзилмаслигини айтиб, ўқувчиларни огоҳлантирди. “Агар сиз пулни тўласангиз, романнинг давоми чиқарилади, акс ҳолда, ҳикоя шу нуқтада тугайди”, – деб ёзди у сайтида. Афсуски, натижа бундай муаммоларни ўрганувчи иқтисодчиларнинг одатий башоратларидагидек бўлди. Тез орада ҳаммаси тугади. Ўқувчиларнинг атиги 46 фоизигина сўнгги боб учун пул тўлаган, оқибатда “Фабрика” (“The Plant”) романи чала қолиб кетди.

Бу аҳолини ижтимоий неъматлар билан таъминлаш хусусий корхоналарга топшириб қўйилган чоғда учрайдиган асосий қийинчиликдир. Истеъмолчи бу турдаги товардан қанча фойда олиши ёки уни қанча кўп ишлатишидан қатъи назар компания истеъмолчини бу товар учун пул тўлашга мажбурлай олмайди (маёқ тўғрисидаги мисолимизни эсланг.) Ва ихтиёрий тўловлар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тизим эртами-кечми текинтомоқларнинг ўлжасига айланади. Қуйида баъзи мисолларни кўришингиз мумкин:

• Фундаментал тадқиқотлар. Биз фармацевтика компаниялари учун фойда келтирадиган кучли рағбатлар ва шунга ўхшаш нарсаларни аллақачон муҳокама қилиб бўлдик. Аммо барча муҳим илмий кашфиётлар дарҳол тижорийлаштирилмайди. Коинотни ўрганиш, инсон ҳужайраларининг бўлиниш механизмини аниқлаш ёки элементар зарраларни қидириш одатда сунъий йўлдош учирилишидан, ўсмаларни йўқотадиган дори ишлаб чиқарилишидан ёки экологик тозароқ энергия манбаи ихтиро қилинишидан анча олдинги босқичлар бўлади. Уларнинг аҳамиятини максимал даражада кўтариш учун тадқиқотларнинг натижалари ва ютуқларини бошқа олимлар билан бўлишиш муҳимдир. Бошқача айтганда, бир кун келиб бутун инсоният ҳаётини сезиларли яхшилаши мумкин бўлган билимларни ҳосил қилиш орқали бойиб кета олмайсиз, ҳатто аксарият ҳолларда харажатларингизни ҳам қоплай олмайсиз. Қўшма Штатлардаги энг муҳим изланишларнинг аксарияти ҳукумат томонидан (масалан, NASA ёхуд Миллий соғлиқни сақлаш институтлари агентлиги) ёки федерал бюджетдан молиялаштириладиган нотижорат муассасалар бўлмиш тадқиқот университетлари томонидан олиб борилади.

• Ҳуқуқ-тартибот идоралари. Бизда хусусий хавфсизлик фирмалари етишмовчилиги кузатилмайди: биз университетда “ёлланма полициячилар” деб атаган одамлар барга кирмоқчи бўлган йигирма ёшли пиво ичувчиларни аниқлашда жудаям ғайратли эди.7070
  АҚШда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь сотиш тақиқланган ва айрим штатларда 21 ёшга тўлмаганлар алкоголь дўконлари ёки барларга кириши мумкин эмас. ‒ Таҳр.


[Закрыть]
Бироқ уларнинг ваколатлари маълум даражада чекланган. Улар мулкингизга зарар етказилишидан ҳимоя қилади холос. Аммо улар қачондир уйингизга бостириб кириши мумкин бўлган жиноятчиларни фаол равишда қидирмайди, мексикалик наркобаронларни таъқиб қилмайди, ашаддий жиноятчилар мамлакатга кириб келишига ва фуқароларга ҳужум қилишига тўсқинлик қилмайди. Санаб ўтилганларнинг барчаси сизга ва мол-мулкингизга узоқ муддатли хавфсизликни таъминлашга имкон беради, аммо бу ерда яна ижтимоий неъматлардан бепул фойдаланиш муаммоси бор. Агар мен бундай турдаги хавфсизлик учун тўласам, мамлакатнинг бошқа фуқаролари бундан бепул фойдаланади. Шу сабабли ҳам дунёнинг барча мамлакатларида ҳуқуқ-тартиботни сақлаш бўйича аксарият вазифаларни давлат органлари ўз зиммасига олган.

• Боғлар ва очиқ майдонлар. Чикагодаги кўл қирғоқлари шаҳарнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Шаҳарга тегишли парк ва пляжлар Мичиган кўли бўйлаб тахминан 48 километрга чўзилган бўлиб, у ерларда хусусий қурилишлар тақиқланган. Агар у ерлардан жуда оқилона фойдаланилаётган бўлса (бунга ишончим комил), нега унда хусусий ер эгаси худди шундай фойдаланмаслиги керак? Ахир активнинг хусусий фирмага тегишлилиги унинг иложи борича самарали ишлатилишини кафолатлаши ҳақида юқорида айтиб ўтган эдик-ку. Агар мен 48 километрга чўзилган қирғоқбўйи ҳудудга эгалик қилсам, сармоямдан яхши даромад олиш мақсадида нима учун велосипедчилар, ролик учувчилар ва сайр ихлосмандларидан бироз ҳақ талаб қилмаслигим керак? Бунга иккита сабаб келтириш мумкин. Биринчидан, бундай улкан майдонни назорат қилиш ва ташриф буюрувчилардан ҳақ олишнинг ўзи даҳшатли логистик муаммога айланади. Бундан ҳам муҳим жиҳати шуки, бу жойларни яхши кўрадиган ва қадрлайдиган кўплаб одамлар бу ерга аслида келмайди. Улар кўп қаватли уйнинг деразасидан қараган пайтларида ёки “Lake Shore Drive” юқори тезлик йўлидан машина ҳайдаб кетаётган чоғларида кўл бўйидаги манзарадан баҳраманд бўлиши мумкин. Хусусий компаниялар эса улардан бир тийин ҳам ололмайди ва бу ҳол ҳудуднинг қийматини тушириб юборади. Қўшма Штатлардаги кўплаб табиий ресурслар тўғрисида шундай хулоса қилсак бўлади. Эҳтимол, сиз ҳеч қачон Аляскадаги Шаҳзода Уильям кўрфазида бўлмагандирсиз ва ҳеч қачон у ерга бормаслигингиз ҳам мумкин. Шунга қарамай, нефть ташувчи улкан “Exxon Valdez” кемасининг ногаҳон қояга урилиб, бутун атрофни нефть билан ифлослагани сизни бефарқ қолдирмаган бўлса керак. Давлат табиий бойликларни ҳимоя қилиш орқали умумий фаровонлигимизни оширишга хизмат қилиши мумкин.

Шубҳасиз, ижтимоий жараёнларнинг ҳаммаси ҳам ҳукумат иштирокига муҳтож эмас. Мисол учун “Википедия”нинг фаолиятини ҳеч қачон молиявий қўллаб-қувватламайдиганлар учун ҳам у жуда қулай манба бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир мактаб, черков ва маҳаллада ишдан қочмайдиган меҳнаткашлар жамоаси мавжуд бўлиб, улар жамоат учун хизмат қилишда бошқалардан кўпроқ меҳнат қилади ва ишёқмас текинтомоқлардан иборат каттагина гуруҳ бундан анча фойда кўради. Ушбу мисолларга қарамай, ҳамкорликка мажбурловчи бирон-бир механизм ишлаб турмаса, жамият аъзолари шароитларимизни яхшилаш учун етарли маблағ сарфламайди, деб ишонишимизга асосли сабаблар бор. “Википедия”ни қанча яхши кўрмай, терроризмга қарши курашишни халқ қўлига эмас, балки ўзимиз ташкил этган (ва солиқларимиз ҳисобига ишлайдиган) давлат идораси бўлмиш Федерал тергов бюросига топширишни маъқул кўраман.

Давлатнинг бошқа бир вазифаси бойликни тақсимлашдир. Баъзи фуқаролардан солиқ йиғамиз, бошқаларга эса имтиёзлар тақдим этамиз. Кўпчилик ўйлаганидан фарқли ўлароқ ҳукуматнинг аксарият имтиёзлари камбағалларга берилмайди: улар кўп ҳолларда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот дастурлари шаклида ўрта синфга берилади. Шунга қарамай, давлат Робин Гуд ролини ижро этиши учун етарлича қонуний асос мавжуд: дунёнинг баъзи ҳукуматлари, масалан, Европа мамлакатлари бу ишда анча фаол. Иқтисодиёт бунга қандай қарайди? Афсуски, иқтисодиётнинг бу ўринда айтадиган гапи кам. Даромадларни тақсимлаш билан боғлиқ энг муҳим саволлар иқтисодий эмас, балки фалсафий ёки мафкуравий жавоб талаб қилади. Қуйидаги саволга эътибор қаратинг: қайси штат яхшироқ, ҳар бир Америка фуқароси асосий эҳтиёжларни қондириш учун етарли маблағ – 30 минг доллар ишлаб топадиган штатми ёки америкаликларнинг баъзилари янада бой бўлган, бошқалари эса аянчли даражада қашшоқ бўлган, фуқароларнинг ўртача даромади эса тахминан 50 минг долларни ташкил этадиган штатми? Иккинчи вариант каттароқ иқтисодий пирогни, биринчи вариант эса кичикроқ ва нисбатан тенг бўлинган иқтисодий пирогни тасвирлайди.

Иқтисодиёт даромадларни тақсимлаш одиллиги тўғрисидаги фалсафий саволларга жавоб бериш учун ҳеч қандай воситага эга эмас. Мисол учун, иқтисодчилар Жефф Безосдан бир доллар тортиб олиниб, оч қолган болага берилса, жамиятнинг умумий фаровонлик даражаси ошишини исботлай олмайди. Аксарият одамлар эса шундай қилинса, жамият фаровонлиги кўтарилишига ишонади, аммо назарий жиҳатдан у ҳолда Жефф Безос оч бола олган фойдадан кўра кўпроқ зарар кўриши мумкин. Бу каттароқ муаммонинг энг кескин кўринишидир: биз фаровонлигимизни ўзимизга фойдали нарсалар билан ўлчаймиз, бироқ бу назарий мулоҳазаларга таянган ўлчовдир. Бу аниқ ҳисоб-китоб ўлчови эмаски, унинг кўрсаткичини аниқласак, шахслар ўртасида солиштирсак ёки бутун халқ учун ҳисоблаб чиқсак. Мисол учун, А номзод таклиф қилган солиққа тортиш схемаси мамлакатга 120 дона фойда келтиради, Б номзод кўрсатган схема эса атиги 111 дона фойда олиб келади, деб айтолмаймиз.

1998 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлган Амартия Сен берган қуйидаги саволга диққат қилинг.7171
  Amartya Sen, Development as Freedom (New York: Alfred A. Knopf, 1999).


[Закрыть]
Тасаввур қилинг, уч киши сиздан иш сўраб келди. Сизда фақат битта бўш иш ўрни бор, ишни учта номзодга тақсимлаб бериб бўлмайди ва номзодларнинг барчаси бир хил малакага эга. Мақсадингиз эса – бўш иш ўрнига бошқалардан кўра муҳтожроқ бўлган одамни ёллаш орқали дунёмизни озгина бўлса-да яхшилаш.

Уларнинг орасида биринчи номзод энг камбағали. Асосий мақсадингиз инсоният фаровонлигини ошириш бўлса, унда, эҳтимол, ишни унга топширишингиз керак. Балки, мақсадингиз бундай эмасдир. Иккинчи одам номзодларнинг орасида энг камбағали эмас, аммо энг бахтсизи. Чунки у яқинда камбағаллашиб қолган ва сира ҳам бундай шароитга одатланмаган. Ишни унга бериш орқали бахтлилик даражасидаги энг катта ўсишни таъминлайсиз.

Учинчисини на энг камбағал ва на энг бахтсиз одам деб бўлади. Аммо унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолари бор, у сурункали касалликка қарши бутун умр матонат билан курашиб келган. У ишга кирса, иш ҳақи ҳисобига тўлиқ тузалиб кетишга имкон топади. Шундай экан, бу кишига иш бериш орқали инсон ҳаётининг сифатига ниҳоятда катта таъсир кўрсатишингиз мумкин.

Хўш, кимни ишга ёллаш лозим? Кутилганидек, Нобель мукофоти совриндори Амартия Сен бу дилемма борасида қизиқарли фикрларни билдириб ўтган. Аммо энг асосийси шуки, бу муаммога ягона тўғри жавоб бериб бўлмайди. Замонавий иқтисодиётда бойликни тақсимлашга оид муаммоларнинг ҳам аниқ бир ечими йўқ, ўнгчи ёки сўлчи сиёсатчилар нима дейишса ҳам. Камбағалларни ёрдам билан таъминлашга хизмат қиладиган, аммо умумий иқтисодий ўсишни заифлаштирадиган солиқларни жорий этиш мамлакат фойдасига ишлайдими? Бу шахсий фикрга боғлиқ масала, иқтисодий билим ва тажриба бу муаммога ечим кўрсатолмайди (ҳар бир президентнинг маъмурияти ўзининг мафкуравий позицияларини қўллабқувватлайдиган иқтисодчиларни топиб олишига эътибор беринг). Либераллар (сўзнинг америкача маъноси назарда тутилмоқда) кўпинча бир фактга эътибор бермайди: иқтисодий пирог ўсишда давом этмоқда, у тенг равишда бўлинмаган бўлса-да, энг кичик бўлаклар ҳам муқаррар катталашиб бораверади. Камбағалларнинг яхши ҳаёт кечириши учун ривожланаётган дунё иқтисодий ўсишга муҳтож (халқаро савдо бунга катта ҳисса қўшади). Бор гап шу. Инкор этиб бўлмайдиган тарихий ҳақиқатлардан бири шуки, камбағалларга хизмат кўрсатишга йўналтирилган давлат сиёсати иқтисодий ўсиш маромини бузиб қўядиган бўлса, бу сиёсат самара бермаслиги ва ҳатто мамлакат иқтисодиётининг заифлашувига сабаб бўлиши мумкин.

Консерваторлар кўпинча барчамизни кўчаларга чиқишга ва иқтисодий ўсишни тезлаштиришга хизмат қиладиган ҳар қандай сиёсатни қўллаб-қувватлашга чақиришади. Бироқ бошқача сиёсатга, у иқтисодий пирогнинг ҳажмини камайтирса ҳам, (мисол учун, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ёки даромадларни қайта тақсимлаш) эргашишнинг мутлақо қонуний ва оқилона асослари борлигини инобатга олишмайди. Дарҳақиқат, баъзи далиллар кўрсатишича, фаровонлик туйғуси нафақат ҳақиқий бойлигимиз, балки нисбий бойлигимизга ҳам бориб тақалади. Бошқача айтганда, биз нафақат катта телевизорга эгалик қилишдан, балки телевизоримиз қўшниларникидан кичик бўлмаслиги ёки уларникидан каттароқ эканидан ҳам ҳузур-ҳаловат топамиз.

Шу ерда энг мунозарали саволлардан бири туғилади: давлат одамларни ўзларидан ҳимоя қилиши керакми? Жамият сизни бошқаларга таъсир қилмайдиган аҳмоқона ишларни қилишингиздан сақлаш учун маблағ сарфлаши керакми? Ёки бировга зарар етказмайдиган ҳар қандай ишингизни ўзингизга ҳавола қилиш керакми? Бу саволга жавобни фалсафадан қидириш лозимлигини тушунайлик. Бу вазиятда иқтисодиётнинг қўлидан келадиган энг яхши иш асосли қарашларни ажратиб олишдир. Муаммо ечимининг бир учи одамлар ақл-идрокли (ёки, ҳеч бўлмаганда, ҳукуматдан ақллироқ) мавжудотлар экани борасидаги ишончга бориб тақалади. Унга кўра, ҳар бир инсон ўзи учун нима яхши эканини бошқаларга қараганда яхшироқ билади. Айтайлик, сиз елим ҳидлашни ва подвал зинапояларидан пастга қараб юмалашни ёқтирсангиз, унда шундай қилинг. Фақат даволанишингиз учун кетадиган барча харажатларни ўзингиз тўлашингизни ёдда тутинг ва зинҳор елим ҳидидан маст бўлиб, рулга ўтира кўрманг.

Ечимнинг бошқа учи эса хулқ-атвор иқтисодиёти соҳасидаги олимлар тўплаган маълумотларга таянади. Унга кўра, жамият бизни ўзимизга зарар берадиган ишларни қилишимиздан чеклаши лозим. Инсон қарор қабул қилишда муайян турдаги хатоларга мойил эканини етарлича далиллар тасдиқлайди. Мисол учун, хавфхатар аҳамиятини паст баҳолаш ёки келажакни нотўғри режалаштириш кўп кузатилади. Ва амалда кўпинча бундай хатолар нафақат қарор қабул қилувчилар, балки атрофдаги бошқа одамларга ҳам таъсир қилади. Биз бу каби ҳолатларни кўчмас мулк нархларининг бирданига кескин ўзгариб кетиши ва ипотека бозоридаги тартибсизлик мисолида кўриб ўтдик.

Юқоридаги икки зиддиятли ечим орасида бўлган бошқа таклифлар ҳам бор (масалан, каска кийган ҳолатдагина елим ҳидлаб, зинадан пастга қараб юмалишингиз мумкин). Нобель мукофоти совриндори Ричард Тейлер ва Обама маъмурияти ходими Ҳарвард юридик мактаби профессори Касс Санстейн ҳаммуаллифликда ёзган “Туртки” (“Nudge”) номли машҳур китобда “либертариан патернализм” тушунчаси келтирилган бўлиб, юқорида айтилган олтин оралиқнинг қизиқарли ва амалий намунасидир. Либертариан патернализм ғоясига кўра, шахслар хулоса қилишда мунтазам хатоларга йўл қўйишади, аммо жамият уларни ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилмаслиги (либертарианлик), шунчаки тўғри йўлга йўналтириши керак (патернализм).

Тейлер ва Санстейннинг асосий фикрларидан бирига кўра, қарорларимиз кўпинча инерция натижасида амалга оширилади. Масалан, иш берувчи бизни автоматик равишда қандайдир суғурта дастурига қўшиб қўйса, бизга бошқа олтита вариант таклиф қилинган тақдирда ҳам, биз ўша суғурта дастурида қоламиз. Агар суғурта учун ўзимиз қимирлашимиз керак бўлса (масалан, фойдаларни ўрганиш, анкета тўлдириш, кадрлар билан ишлаш мавзусидаги қандайдир аҳмоқона семинарда қатнашиш ёки вақт ва куч талаб этадиган яна нимадир қилиш), биз умуман ҳеч қайси дастурга қўшилмаслигимиз мумкин. Тейлер ва Санстейн инерция (ва қарор қабул қилишдаги бошқа камчиликлар)ни ҳам фойдали йўлда ишлатишимиз мумкин, деб ҳисоблашади. Сиёсатчилар айрим инсонларнинг хатти-ҳаракатлари, масалан, пенсия учун етарлича пул жамғармаслиги ҳақида ташвишланадиган бўлса, либертариан патернализм услубини қўллаб, ҳар бир ойликдан етарли миқдордаги маблағни автоматик равишда пенсия ҳисоб варағига ушлаб қолишлари мумкин. Бошқача айтганда, “туртки” беришлари керак. Ҳар бир киши ҳар қандай вақтда хоҳлаган танловини амалга ошириши мумкин. Аммо ҳайратланарлиси шундаки, кўплаб одамлар уларга дастлаб қайси танловни кўрсатган бўлсангиз, ўша танловда собит бўлиб қолади.

Орган донорлиги каби нарсалар ҳақида гап кетганда, бу ғоя жудаям катта натижаларга олиб келиши мумкин. Масалан, Испания, Франция, Норвегия, Исроил ва бошқа кўплаб мамлакатларда орган донорлиги розилик презумпциясига кўра тартибга солинади. Яъни ўзингиз бориб, орган донорлигига рози эмаслигингизни билдириб, ҳужжатга қўл қўймагунингизгача (буни бемалол амалга ошириш мумкин), автоматик тарзда орган донори ҳисобланасиз (Америкада эса аксинча, орган донорлигига рози бўлиб, ҳужжатга қўл қўймагунингизча, орган донори бўлолмайсиз). Шундай қилиб, инерция донорлик каби жиддий масалалар ҳақида гап кетганда ҳам, муваффақиятли ишлайди. Иқтисодчиларнинг фикрига кўра, ҳар бир мамлакатнинг дин ҳамда соғлиқни сақлаш харажатлари каби хусусиятлари билан боғлиқ бўлган орган донорлиги масаласида розилик презумпцияси муҳим ижобий таъсирга эга. Масалан, Испания вафот этган инсонлардан донор сифатида фойдаланиш бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эга бўлиб, бу кўрсаткич АҚШникидан 50 фоиз юқори.7272
  Giacomo Balbinotto Neto, Ana Katarina Campelo, and Everton Nunes da Silva, “The Impact of Presumed Consent Law on Organ Donation: An Empirical Analysis from Quantile Regression for Longitudinal Data,” Berkeley Program in Law & Economics, Paper 050107–2 (2007).


[Закрыть]
Ҳақиқий либертарианлар (патерналистик либертарианлардан фарқли ўлароқ) розилик презумпцияси қонунларига қарши чиқишади, чунки бундай қонунлар сиз ўзингизни ички органларингизнинг эгаси деб белгилаш учун ҳаракат қилмагунингизгача органларингиз давлатга тегишли эканини билдиради.

Ҳукуматнинг самарали бўлиши катта аҳамият касб этади. Иқтисодиёт қанчалик мураккаблашса, давлат муассасалари шунчалик мураккаб ва доно бўлиши талаб этилади. Интернет – бунга ажойиб мисол. Хусусий сектор тармоқ иқтисодиётининг ўсиши ва ривожланиши учун двигатель вазифасини бажаради, бироқ айнан ҳукумат фирибгарликка қарши курашади, интернетдаги ўзаро алоқа ва битимларни қонуний кучга киритади, мулкка эгалик қоидаларини белгилайди (масалан, домен номлари), баҳсли масалаларни ҳал қилади ва тушимизга ҳам кирмаган бошқа муаммолар билан шуғулланади.

2001 йил 11 сентябрдаги фожиа очиқлаб берган масалалардан бири ҳукуматнинг солиқ масаласига ўта содда ёндашуви эди. Ҳукумат “солиқ тўловчилар ўз пуллари билан нима қилишни ҳукуматдан яхшироқ билишади” деб ҳисобларди. Фожиа юз берганидан сўнг бундай тушунчанинг саёзлиги маълум бўлди‐қолди. Солиқ тўловчи жисмоний шахслар разведка маълумотларини тўплай олмайди, Афғонистон тоғларигача бориб, хавфли қочоқларни таъқиб қилолмайди, биотерроризм бўйича тадқиқотлар ўтказолмайди ва самолёту аэропортларни ҳимоя қилолмайди. Албатта, давлат маошимдан пул олиб қоладиган бўлса, мен энди у пулдан фойдалана олмайман, демак, давлат олган пули эвазига қандайдир хизмат кўрсатиши керак, бу оддий ҳақиқат. Аммо яна бир ҳақиқат мавжуд: баъзи нарсалар борки, улар ҳаётимни яхшиласа-да, мен уларни сотиб ололмайман. Мен ракетага қарши мудофаа тизимини қура олмайман, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонларни ҳимоя қилолмайман, глобал исишни тўхтатолмайман, йўлларга светофорлар ўрнатолмайман, Нью-Йорк фонд биржасини тартибга сололмайман ёки божхона тўсиқларини камайтириш бўйича Хитой билан музокара олиб боролмайман. Давлат бу вазифаларни биргалашиб бажаришимизни таъминлайди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 3 Оценок: 2

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации