Электронная библиотека » Чарльз Уилан » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Яланғоч иқтисодиёт"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:21


Автор книги: Чарльз Уилан


Жанр: Зарубежная деловая литература, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 29 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

4 БОБ
Ҳукумат ва иқтисодиёт II: ўша отвёрткани 500 долларга сотиб олиш ҳарбийлар учун омадли битим эди

Эҳтимол, кейинги зиёфатда дўстларингизга давлат бюрократиясининг инкор этиб бўлмайдиган хизматларини кўкка кўтариб мақташни кўзлаб тургандирсиз. Шундай бўлса, шошилмай туринг. Ҳукумат ҳақиқатан ҳам шунчалик буюк бўлганида, барча нарса ҳукумат томонидан бошқариладиган ва назорат қилинадиган давлатлар, масалан, Шимолий Корея ва Куба бугун иқтисодий ривожланишнинг марказлари бўлиши керак эди. Аммо ундай бўлмади. Гап шундаки, давлат баъзи вазифаларни яхши уддаласа, бошқаларида фожиавий хатоларга йўл қўяди. Ҳукумат ташқи таъсирлар билан боғлиқ жиддий муаммоларни муваффақиятли ҳал қилиши мумкин. Аммо бир пайтнинг ўзида мамлакат иқтисодиётини вайрон қилиши ҳам мумкин. У ўз фуқароларини энг муҳим ижтимоий неъматлар билан таъминлаши мумкин ёки улкан солиқ тушумларини мутлақо самарасиз дастурлар ва истиқболсиз лойиҳаларга сарфлаб юбориши ҳам мумкин. Давлат бойликнинг бир қисмини бойлардан камбағалларга ўтказиш орқали бойликни адолатли тақсимлаши ёки оддий фуқароларнинг пулларини олиб, сиёсатчиларга бериши мумкин. Хуллас, давлат бозор иқтисодиётининг пойдеворини қуриш ёки, аксинча, бозор фаолиятини бўғишга хизмат қилиши мумкин. Буларнинг орасидаги тафовутни илғаш қийин, чин донолик эса мана шу фарқни ажратиб олишдадир.

Президент Рональд Рейган эски бир ҳазилни айтишни ёқтирар эди. СССРда бир хоним Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган арзон автомобиль ‒ “Лада”ни сотиб олмоқчи бўлади. Сотувчи бу автоулов паст сифати билан танилганига қарамай, танқис эканини айтади. Аммо хоним айнан шу машинага буюртма бераман, деб туриб олади. Сотувчи чанг босиб кетган улкан дафтарчасини чиқариб, аёлнинг исмини узундан-узун кутиш рўйхатига қўшиб қўяди. “Икки йилдан сўнг 17 март куни келинг”, ‒ дейди сотувчи.

Хоним тақвимини очиб қарайди ва:

‒ Эрталаб келайми ёки тушдан кейинми? ‒ деб сўрайди.

‒ Нима фарқи бор? Ҳали бунга икки йил бор ахир! ‒ сотувчи жаҳл қилиб жавоб беради.

‒ Ўша куни уйимга сантехник келиши керак, ‒ дейди хоним.

Совет Иттифоқи тажрибаси бизга нимадир ўргатган бўлса, бу ҳам монополия янгиликка интилиш ёки мижоз истакларини қондириш эҳтиёжини бўғиб қўйишидир. Шунингдек, ҳукуматнинг ўзи ҳам жуда улкан монополия. Нима учун Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш идораси ходими бу қадар бепарво ва баджаҳл? Чунки шундай бўлишга имкони бор. Мижозларингизга корхонангиздан ташқари бошқа ерларда хизмат кўрсатилишига қонун рухсат бермаса, компаниянгиз ходимлари ўзларини қандай тутишарди, деб ўйлайсиз? Шубҳасиз, уларда кечгача ишлаш иштиёқи бўлмасди. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида севимли жамоасининг ўйини бўлаётган бўлса, ишга борсамми ёки уйда ўтириб ўйинни томоша қилсамми, дея иккиланиб туришлари аниқ.

Ҳукумат фаолияти кўпинча самарасиз деб таърифланади. Аслини олганда эса, давлат ташкилотлари рағ батларга яраша ишлайди. Масалан, ўша Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш идорасини олайлик. Бу муассаса ўз соҳасида монопол бўлиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ҳуқуқига эга ягона ташкилотдир. Дўстона муомала қилиш, қабул соатларини кўпайтириш, мижозларга қулайлик яратиш, навбатларни қисқартириш учун ходимлар сонини ошириш, офисни тозаликда сақлаш ёки мижоз дарчага яқинлашганда, телефон суҳбатини тўхтатиб, мижозга хизмат кўрсатиш каби ҳаракатлардан нима наф? Ахир бу ҳаракатларнинг ҳеч бири мижозлар сонини биттага ҳам кўпайтирмайди-ку! Ҳайдовчилик гувоҳномасига муҳтож бўлган киши барибир бу муассасага келади ва бу ташрифлар қанчалик ёқимсиз бўлмасин, зарур пайтларда қайта ва қайта келаверади. Албатта, бунинг ҳам чегараси бор. Хизмат кўрсатишнинг буткул расвоси чиқиб кетган бўлса, сайловчилар масъул сиёсатчиларга таъсир ўтказишлари мумкин. Аммо бу мушкул ва вақт талаб қиладиган жараён. Энди бундай ҳолатни хусусий секторда юз бериши мумкин бўлган вазият билан таққосланг. Агар севимли хитой ресторанингиздаги пештахтадан каламуш югуриб чиқиб келса, сиз (катта эҳтимол билан) у ердан овқат буюртма қилишни тўхтатасиз. Шу билан муаммо тугайди. Ресторан ё каламушлардан тозаланади, ё бизнесдан чиқиб кетади. Бироқ Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш идорасига боришдан бош тортсангиз, қамалиб кетишингиз мумкин.

Мен бир вақтлар бундай зиддиятни ўз кўзим билан кўрганман. Узоқ вақт давомида “Fidelity” инвестиция компаниясидан почта орқали чек келишини кутаётгандим (бу чек онамдан олган қарзимни тўлаш учун керак эди, онам берган қарзида қаттиқ турарди). Бир неча кун ўтсада, ҳали-ҳануз чекдан дарак йўқ эди. Қанча кўп вақт ўтса, онам берган қарзиши шунча кўпроқ сўрайверарди. Бундай вазиятда икки ташкилотдан бири – ё “Fidelity”, ё АҚШ почта хизмати айбдор эди ва ғазабим ортиб бораверди. Ниҳоят, “Fidelity” компаниясига қўнғироқ қилдим ва менга чек юборилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишларини талаб қилдим. Унча кўп бўлмаса‐да, барча активларимни “Vanguard”, “Putnam” ёки бошқа бирон-бир жамғармага ўтказишга тайёр эдим (ёки, ҳеч бўлмаганда, “Fidelity”ни шу билан қўрқитиш ҳақида ўйладим). Лекин мен билан гаплашган ходим ниҳоятда самимий бўлиб чиқди, айтишича, чек икки ҳафта олдин почта орқали юборилган экан. У ноқулайлик учун чин дилдан узр сўради. Кейин бир неча сония ичида у биринчи юборилган чекни бекор қилди ва дарров бошқасини ёзиб берди. Сўнгра яна бир бор узр сўради, аммо энди муаммони унинг компанияси туғдирмагани маълум эди.

Айбдор бу ерда почта хизмати эди. Бу ҳақда билгач, баттар ғазабландим, аммо ҳеч нарса қилмадим. Ахир нима ҳам қила олардим? Маҳаллий почта бўлими мижозларнинг шикоятларини телефон орқали қабул қилмайди. Унга хат ёзиб вақтимни кетказишни хоҳламадим (у хат ҳеч қачон етиб бормаслиги ҳам мумкин). Почтачига шикоят қилишнинг фойдаси йўқ эди ‒ у ҳеч қачон ўз хизматларининг сифати ҳақида қайғурмаган. Тахминан ҳар ойда бир марта почтачи битта манзилни адашиб ўтказиб юборади ва шу билан оилаларга етиб бориши керак бўлган барча хатлар ён қўшниларининг почта қутисига бориб тушади. Бу танқидларимдан мақсад ‒ АҚШ почта хизмати биринчи тоифадаги почта хабарларини етказиб беришда монопол эканини кўрсатиш. Буни англагандирсиз.

Юқоридаги мисолдан иккита асосий сабоқ оламиз. Биринчидан, агар хусусий сектор бу ишни бажара олмайди, деб ўйлаш учун жиддий асослар бўлмаса, ҳукумат биронбир маҳсулот ёки хизматнинг ягона етказиб берувчисига айланмаслиги керак. Ҳукумат шусиз ҳам соғлиқни сақлашдан тортиб миллий мудофаага қадар кўп соҳаларда катта майдонга эга. Мен Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш идорасини танқид қилдим, аммо шу билан бирга, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш функцияси давлатнинг қўлида қолиши кераклигини тан олишга мажбурман. Ҳайдовчилик гувоҳномаларини берувчи хусусий фирмалар хизмат кўрсатиш нархи ва сифати бўйича рақобатдош бўлишга бўлар, лекин, шу билан бирга, уларда номуносиб одамларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш орқали ҳам имкон қадар кўпроқ мижозларни жалб этишга кучли иштиёқ бўлади.

Шунга қарамай, давлат аралашмаслиги керак бўлган соҳалар кўп. Улардан бири – почта хизмати. Юз йил олдин бу бизнесни ҳукумат юритиши учун қонуний асослар бўлгандир. АҚШ Почта хизмати мамлакатнинг ривожланмаган минтақаларига хабар етказиб бериш нархларини арзонлаштириш орқали халққа билвосита ёрдам берган (унгача почта жўнатмаларини шаҳарлардан кўра чекка қишлоқларга етказиб бериш қимматроқ, аммо марка нархлари бир хил эди). Ўша пайтда технология ҳам бошқача эди. 1820 йилда бир нечта хусусий фирма мамлакатнинг исталган жойига почта хабарини етказиб беришга қодир бўлган тизимга катта сармоя киритиши амримаҳол эди (хусусий монополия давлат монополиясидан яхшироқ эмас, эҳтимол, ундан ҳам ёмонроқ). Бироқ замон ўзгарди. “FedEx” ва “UPS” каби хусусий корхоналар бутун дунё бўйлаб почта инфратузилмасини яратишга қодир эканликларини исботлашди.

Почтанинг ўртача даражада ишлаши катта иқтисодий йўқотишларга олиб келадими? Ундай бўлмаса керак. Аммо АҚШ Почта хизмати иқтисодиётнинг бошқа муҳим тармоқларини назорат қилганида, нима бўлишини тасаввур қилинг-а. Дунёнинг айрим мамлакатларида давлат металлургия корхоналари, кўмир конлари, банклар, меҳмонхоналар, авиакомпанияларни бошқаради. Натижада корхоналар соғлом рақобатнинг барча афзалликларидан маҳрум бўлади. Бунинг оқибатида эса фуқаролар азият чекади (АҚШда ҳанузгача мавжуд энг йирик давлат монополияларидан бири халқ таълими экани ҳақида ўйлаб кўринг).

Эслатиб ўтишга арзийдиган яна бир нозик нуқта бор. Давлат иқтисодиётда муҳим роль ўйнаса ҳам, йўллар ва кўприклар барпо этса ҳам, аслида бу ишларни унинг ўзи бажариши шарт эмас. Цемент қориб ишлаши керак бўлганлар давлат ходимлари бўлиши шарт эмас. Давлат янги автомагистрални режалаштириши, молиялаштириши ва уни қуришга тайёр бўлган хусусий пудратчилар ўртасида танлов ўтказиши мумкин. Агар жараён адолатли тендер ва соғлом рақобат шароитида ўтса (кўп ҳолларда бундай бўлмайди), лойиҳа энг арзон нархларда энг юқори сифат билан ишлашга қодир компания қўлига ўтади. Мухтасар айтганда, жамоат мулки бозорнинг барча имкониятларидан фойдаланиш йўли билан яратилади.

Барак Обама соғлиқни сақлашни ислоҳ қилишга бағишланган оммавий йиғилишда таъкидлаганидек, америкалик солиқ тўловчилар баъзан муҳим фарқларни эътиборсиз қолдиради. Президент куни кеча бир аёлдан хат олганини айтган. Аёл шундай деб ёзибди: “Менга давлат юритадиган соғлиқни сақлаш тизими керак эмас. Менга ижтимоий тиббий хизмат керак эмас. Ва менинг “Medicare” суғуртамга тегманг”. Кулгилиси шуки, албатта, “Medicare” соғлиқни сақлаш дастури айнан давлат дастури эканида. У 65 ёшдан ошган америкаликларга хусусий шифокорларга мурожаат қилишга имкон яратади, шифокорларнинг хизмат ҳақини эса федерал ҳукумат тўлаб беради. Ҳатто Марказий разведка бошқармаси ҳам бу ёндашувдан сабоқ олди. МРБ технологияларда илғор бўлиши керак, аммо у янгилик яратишга, ихтиролар қилишга хусусий секторчалик рағбат беролмайди. Улкан кашфиёт қилган МБР ходими олти ой ичида бир неча юз миллион долларга эга бойга айланмайди, лекин Силикон водийсидаги стартапларда бу бўлиши мумкин. Шу сабабли МРБ хусусий секторни ўз мақсадлари учун ишлатишга қарор қилди ва Конгресс ажратган маблағни стартапларга пул тикувчи “In-Q-It” номли ўз фирмасини яратишга йўналтирди (компания номидаги “Q” Жеймс Бонд учун гаджетлар яратган Q лақабли технология устасига айёрона ишора эди)7373
  John Markoff, “CIA Tries Foray into Capitalism,” New York Times, September 29, 1999.


[Закрыть]
. “In-Q-It” раҳбари ўз компаниясининг мақсадини шундай тушунтирган: “Биз ахборот технологияларини анъанавий давлат харидлари имкон берганидан кўра тезроқ агентликка етказиб берамиз”. Бошқа ҳар қандай венчур капитал компанияси сингари “In-Q-It” ҳам истиқболли янги технологияларни таклиф этадиган кичик компанияларга сармоя киритади. Агар технологиялар тижорий жиҳатдан муваффақиятли чиқса, “In-Q-It” ва у молиялаштирадиган фирмалар пул ишлайди (эҳтимол, жуда кўп пул). Шу билан бирга, Марказий разведка бошқармаси разведка маълумотини йиғиш имкониятини берадиган ҳар қандай янги технологиядан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Айтайлик, “In-Q-It” томонидан молиялаштирилган Силикон водийсидаги тадбиркор интернетдаги маълумотларни шифрлашнинг янада такомиллаштирилган усулини кашф қилди. Бу ҳар қандай электрон тижорат компанияси сотиб олишга тайёр бўлган маҳсулот сирасига киради. Лекин айнан Марказий разведка бошқармаси дунёнинг турли бурчакларидаги яширин агентлари томонидан Вашингтонга юбориладиган маълумотларни ҳимоя қилишнинг янада ишончли усулини қўлга киритади.

Хусусий сектордагилар учун ресурсларни қаерга йўналтириш кераклигини бозорлар кўрсатади. “Chicago White Sox” бейсбол жамоасининг ўйини чоғида стадионнинг марказий ўриндиқларидан бирида ўтирганимда, кўп реклама қилинган “Margarita Space Pak” қурилмасини кўтариб олган сотувчига кўзим тушди. Бу қурилма ёрдамида сотувчи турган жойида маргарита коктейлини тайёрларди. Сотувчи йигит қурилманинг рюкзак шаклидаги қисми ичида ичимликларни ара лаштирар, сўнгра тайёр маҳсулотни шланг орқали пластик стаканларга қуйиб чиқарди. Бу ажойиб технологиянинг кундек равшан ижтимоий фойдаси шунда эдики, бейсбол мухлислари энди нафақат пиводан, балки маргарита коктейлидан ҳам ўз жойларидан қимирламасдан баҳраманд бўлишлари мумкин эди. Ҳойнаҳой, “Margarita Space Pak” қурилмасини яратишда мамлакатимиздаги энг яхши муҳандислар (ноёб ресурс) ўз вақтини аямай ғайрат қилишган. Бу эса улар арзон, тоза энергия манбаини ихтиро қилиш ёки тўйиб овқатланмаган ва африкалик заиф болаларни озуқа моддалари билан таъминлашнинг яхши усулини қидиришга вақт сарфламаганини англатади. Дунё ҳақиқатан ҳам “Margarita Space Pak” қурилмасига муҳтожми? Йўқ, албатта. Уни яратган даҳо муҳандислар ўз ақл ва билимини жамият учун янада фойдалироқ мақсад учун ишлатиши мумкинми? Ҳа, мумкин. Аммо ҳамма гап шундаки, бу – менинг шахсий фикрим холос ва бу дунёни мен бошқармайман.

Давлат иқтисодиётнинг бир қисмини назорат қилса, танқис ресурслар бозор томонидан эмас, балки автократ, бюрократ ёки сиёсатчилар томонидан тақсимланади. Собиқ СССРда улкан пўлат заводлари тонналаб пўлат ишлаб чиқарарди, аммо ўртача фуқаронинг битта совун ёки сифатли ҳожатхона қоғозини сотиб олишга қурби етмасди. Дарҳақиқат, Совет Иттифоқи биринчи бўлиб космик орбитага ракета учиргани ажабланарли эмас (бу мамлакатда “Margarita Space Pak” сингари мосламани ихтиро қилишмагани ажабланарли бўлмаганидек). Оддий фуқаролар янги сабзавот ёки сифатли пайпоқ олишни афзал кўришса ҳам, Совет давлати ресурсларни космик тадқиқотлар дастурига сарфлаш тўғрисида қарор чиқариши мумкин эди. Совет бюрократларининг ресурсларни тақсимлаш тўғрисидаги баъзи қарорлари аянчли оқибатларга олиб келди. Масалан, СССР ҳукумати туғилишни назорат қилишни иқтисодий устувор йўналиш деб билмаган. Совет ҳукумати контрацепция воситалари билан барчани таъминлаши мумкин эди, ахир қитъалараро учувчи ракеталарни қуришни биладиган ҳар қандай мамлакат ҳомиладорликнинг олдини олиш таблеткалари ёки, ҳеч бўлмаганда, презервативларни ишлаб чиқаришни билади. Аммо контрацепция шунчаки совет иқтисодчилари сармоя киритишни истаган соҳа эмасди, натижада оилани режалаштиришнинг ягона усули аборт бўлиб қолди. СССРда битта туғилишга тахминан иккита аборт тўғри келган. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг Ғарбнинг контрацепция воситалари кенг тарқалди ва абортлар сони тенг ярмига қисқарди.

Аммо, тан олиш керакки, ҳатто демократик мамлакатларда ҳам сиёсатчилар баъзан ресурсларни жуда ғалати тарзда йўналтиришади. Бир технолог билан суҳбатлашиб қолган эдим, у менга юқори тезликда ҳаракатланувчи заррачалар тезлаткичини қуриш бўйича ҳукуматнинг режалари (фундаментал тадқиқотнинг яхши намунаси) ҳақида гапириб берган. Лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудда анча иш ўринлари яратилиши ва у ҳудуд федерал бюджет маблағлари билан таъминланиши кутилаётганди. Бу 1990-йилларнинг бошларида эди ва Шимолий Иллинойс ҳамда Техасдаги қайсидир ҳудуд лойиҳа учун асосий иккита номзод эди. Суҳбатдошимнинг сўзларига кўра, Иллинойс муносиброқ эди, чунки у ерда аллақачон тезлаткич қурилмаси ва катта федерал лаборатория бор эди. Бошқача айтадиган бўлсак, у ерда асосий илмий инфратузилма аллақачон мавжуд бўлиб, янги инфратузилмани қуришга ҳожат йўқ эди. Шунга қарамай, Техас танланди. “Нега?” ‒ деб сўрадим мен. Суҳбатдошим бўлса менга аҳмоққа қарагандек назар ташлади. “Чунки ўшанда катта Жорж Буш президент эди”, – деди у. Унинг нигоҳидан улкан заррача тезлаткичини Техасда жойлаштириш қарорини бошқача изоҳлаш имкони йўқдек туюларди. Охир-оқибат, АҚШ ҳукумати лойиҳага миллиард долларга яқин маблағ сарфлади ва шундан сўнг лойиҳани тўхтатди.

Хусусий сектор ресурсларни энг катта даромад келтирадиган жойга йўналтиради. Давлат эса, аксинча, сиёсий мақсадга мувофиқ бўлган жойга йўналтиради. (“Wall Street Journal”нинг биринчи саҳифасидаги сарлавҳани эслаш кифоя: “Бушни қўллаб-қувватлаган корхоналар энди ўз инвестицияларидан даромад келишини кутмоқда”.7474
  March 6, 2001.


[Закрыть]
)

Ушбу ҳолат республикачиларнинг қиммат ва фойдасиз сиёсий қарорларни амалга оширишга мойил экани билан боғлиқми? Эҳтимол. Аммо Обама даврида “JP-Morgan Chase” компанияси директори Жеймс Даймон душанба куни Вашингтонда компаниянинг илк бошқарув йиғилишини ўтказади. Махсус меҳмон сифатида Оқ Уй маъмурияти раҳбари Рам Эмануэль чақирилганди. “New York Times” ёзишича, жаноб Эмануэлнинг ташрифи давлат билан алоқаларни кўрсатганди (жаноб Даймоннинг таъбири билан айтганда, “компания бизнесининг еттинчи йўналиши”).7575
  Jackie Calmes and Louise Story, “In Washington, One Bank Chief Still Holds Sway,” New York Times, January 19, 2009.


[Закрыть]

Аслида, бунинг ёмон жойи йўқ. Сиёсат бу – зарурий, лекин номукаммал жараён ва ҳар ким ўз манфаатини кўзлашга ҳақли. Масалан, ҳарбий базалар нафақат мамлакатнинг эҳтиёжларига кўра қурилади ёки ёпилади, балки бу жараёнда АҚШ Сенати Қуролли кучлар қўмитасининг ҳам таъсири катта. Хусусий армия ташкил этиш имконияти бўлмагани учун бизда қолган энг яхши вариант шу. Бироқ иқтисодиёт сиёсат ихтиёрида қанчалик кам бўлса, шунча яхши. Масалан, нуфузли сиёсатчилар банкдан ким кредит олиши ва ким олмаслигини белгилаб бермасликлари керак. Шунга қарамай, айнан шу Хитой сингари авторитар ва ҳатто сиёсатчилар билан тадбиркорлар ўзаро келишиб иш қиладиган таниш-билишчилик капитализми билан машҳур Индонезия сингари баъзи демократик дав латларда ҳам содир бўлмоқда. Бундай мамлакатларда юқори даромад келтириш салоҳиятига эга лойиҳаларга маблағ ажратилмайди, айни пайтда президентнинг поччаси молиялаштирадиган қандайдир шубҳали лойиҳаларга бюджетдан катта пул ишлатилаверади. Бундай ҳолда истеъмолчилар икки томонлама ютқазади. Биринчидан, аслида молиялаштиришга лойиқ бўлмаган лойиҳалар омадсизликка учраганда (ёки мутлақо расво ва муваффақиятсиз лойиҳалар учун сиёсий сабабларга кўра кредит ажратган бутун бошли банк тизими аянчли аҳволга келса), истеъмолчиларнинг солиқлари ҳавога совурилади. Иккинчидан, кредит маблағлари (чекланган ресурс) арзирли лойиҳаларга сарфланмагач (янги автомобиль заводлари қурилмайди, талабалар кредит ололмайди, бизнес молиялаштирилмайди ва ҳоказо), иқтисодиёт тез ва самарали ривожланиш имкониятидан маҳрум бўлади. Натижада ресурслар бекордан-бекорга сарфланади, иқтисодиёт самарадорлиги ҳақиқий потенциалидан анча пастроққа тушади.

Ҳукумат фақатгина металлургия заводларини бошқариш ёки банк кредитларини тақсимлаш орқали иқтисодий жараёнга аралашмайди. Унинг яна бир нозик ва доимий хислати мавжуд, бу ‒ тартибга солиш. Бозорлар ишлашига сабаб ресурслар ўзининг қадрини топадиган жойларга йўналтирилишидир. Давлат назорати бу жараёнга чуқур сингиб кетган. Иқтисодиёт дарсликларида тадбиркорлар кўпроқ даромад олиш учун “йўлни кесиб ўтишади”, деб ёзилади. Ҳаётда эса ҳукумат амалдорлари бу “йўл”нинг четида туриб бож талаб қилишади ва бож тўланмаса, “йўл”ни тўсиб қўйишади. “Йўлни кесиб ўтиш”ни истаган тадбиркор лицензия олиши, автоуловидан чиқувчи газларни Транспорт вазирлигига текширтириши ёки Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматига йўлни “кесиб ўтаётган” барча ишчилар америкалик эканини исботлашига тўғри ке лиши мумкин. Бу қоидалардан баъзилари оқилона ва фойдалидир. Масалан, “тадбиркор” етти килограмм кокаинни “йўл” орқали олиб ўтмоқчи бўлганида, ҳукумат вакиллари “йўл”ни тўсиб қўйишса, бу яхши. Бироқ ҳар қандай тартибга солиш маълум миқдордаги харажатларни талаб қилади.

Ажойиб ёзувчи ва ҳукуматнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш тарафдори (газета ва журналлар саҳифаларини тўлдириб, унинг издоши бўлишга даъво қилаётганларнинг кўпчилигига қараганда анча зуккороқ мутафаккир) Милтон Фридманнинг “Капитализм ва эркинлик” номли китоби юристларнинг катта йиғилишида бўлиб ўтган иқтисодчи ва Америка Ҳуқуқшунослар ассоциацияси вакили ўртасидаги қисқа суҳбат ҳақида ҳикоя қилади.7676
  Milton Friedman, Capitalism and Freedom (Chicago: University of Chicago Press, 1982).


[Закрыть]
Иқтисодчи ҳуқуқшунослар олдида ўтириб адвокатурага қабул қилиш тартиби енгилроқ бўлиши кераклигини айтади. Унинг сўзларига кўра, кўпроқ юристларга, шу жумладан, устаси фаранг бўлмаганларига ҳам амалиёт билан шуғулланишга имкон бериш орқали адвокат хизматлари нархини пасайтириш мумкин. Ахир васиятномалар ва кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар каби баъзи юридик хизматларни амалга ошириш учун даҳо ҳуқуқшунос бўлишга ҳожат йўқ. У ўз фикрини қуйидаги ўхшатиш билан асослайди: ҳукумат ҳаммадан фақат “Cadillac” машиналарини ҳайдашни талаб қилса, бу ғирт бемаънилик бўларди. Шу онда залдаги юристлардан бири туриб, эътироз билдиради: “Мамлакатимизга “Cadillac” даражасидаги адвокатлардан бошқаси керак эмас!”

Аслида, фақат энг юқори малакали ҳуқуқшуносларни талаб қилиш альтернатив танлов тўғрисидаги иқтисодий тушунчаларга бепарво бўлишдир. Фақатгина “Cadillac” мавжуд бўлган дунёда кўпчилик одамлар умуман машина сотиб ололмайди. Демак, баъзида одамлар оддий “Toyota Corolla” ҳайдашларига имкон беришнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ.

Иқтисодиётни тартибга солиш қандай таъсир қилишининг ёрқин намунасини халқаро тажрибада кузатишимиз мумкин. 2000 йилда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган фуқароларнинг норозилик чиқишларини олайлик.7777
  Celia W. Dugger, “A Cruel Choice in New Delhi: Jobs vs. a Safer Environment,” New York Times, November 24, 2000.


[Закрыть]
Маълумки, Деҳли дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлардан биридир. Ҳиндистон Олий Суди саноатнинг атроф-муҳитга етказаётган зарари бўйича муҳим қарорни қабул қилганидан сўнг минглаб деҳлиликлар кўчага чиқиб, тажовузкорона тарзда норозилигини билдиришди. “Оломон автобусларни ёқиб юборди, тошбўрон қилди ва асосий йўлларни тўсиб қўйди”, ‒ деб хабар берган “New York Times”. Энг ажабланарлиси ‒ намойишчилар атмосферани ифлослантираётганларни қўллаб-қувватлаётган эди. Гап шундаки, Олий Суд атроф-муҳитни сезиларли даражада ифлослантираётган 90 мингга яқин кичик корхонани ёпмаганлик учун Деҳли шаҳрини судга ҳурматсизлик қилишда айблади. У фабрикаларда миллионга яқин киши ишлаган, агар фабрикалар ёпилса, ишчилар кўчада қолиб кетарди. Мақола сарлавҳаси муросага келиш қанчалик оғирлигини кўрсатиб турарди: “Деҳли қийин танлов олдида: иш ёки экологик хавфсизлик”.

Инсоният табиатга чиқариб юбораётган энг ифлос кимёвий моддалардан бири бўлмиш ДДТ-чи? У ҳақда нима дейиш мумкин? ДДТ озуқа занжиридаги мавжудотларни бирин-кетин қириб борадиган “чидамли органик заҳарловчи”дир. Бу заҳарли пестицид тақиқланиши керакми? “The Economist” журнали уни тақиқламаслик учун ишончли далил келтирган.7878
  “A Useful Poison,” The Economist, December 14, 2000.


[Закрыть]
Бугунги кунда ривожланаётган дунёнинг катта қисми безгакдан азият чекмоқда: йилига 300 миллионга яқин одам бу касалликка чалинади ва миллиондан ортиқ инсон ундан вафот этади (бу, албатта, ривожланган мамлакатларга тааллуқли эмас, чунки безгак АҚШ ва Европада ярим аср олдин йўқ қилинган. Аммо танзаниялик тадқиқотчи Уэн Килама бир вақтлар таъкидлаганидек, ҳар куни асосан болалар билан тўлдирилган еттита “Boeing 747” самолёти Килиманжаро тоғига урилиб, қулаб тушганидагина, дунё эътибор қилган бўларди. Ваҳоланки, безгак қурбонлари сони ҳам шунга тенг.7979
  “Fighting Malaria,” The Economist, May 1, 2003.


[Закрыть]

Ҳарвард иқтисодчиси Жеффри Сакснинг ҳисобкитобларга кўра, агар Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка ҳудудларида безгак 1965 йилда йўқ қилинганида, у ерлар бугунга келиб деярли уч баравар бойроқ бўларди. ДДТ масаласига қайтсак, ДДТ безгакнинг асосий тарқатувчиси бўлган чивинларни йўқ қилишнинг энг самарали воситасидир. Қолган воситалар эса нафақат самарадорликда оқсайди, балки тўрт баравар қимматга тушади ҳам. Хўш, ДДТдан фойдаланишнинг инсоният соғлиғи учун фойдаси у келтириб чиқарадиган экологик зарарларни оқлайдими?

Бир нечта эксперт гуруҳлари – “The Sierra Club”, “The Endangered Wildlife Trust”, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамғармаси ва ЖCCТ бу саволга “Ҳа”, дея жавоб беришади. Ҳа, номларни тўғри ўқидингиз, айнан шу ташкилотлар. Уларнинг барчаси ДДТни “фойдали заҳар” сифатида кўришади ва унинг камбағал мамлакатларда безгакка қарши курашиш учун самарали восита эканини тан олишади. 2000 йилда БМТ “чидамли органик заҳарловчи моддалар”ни тақиқлаш учун Жанубий Африкада 120 мамлакатдан вакилларни йиғди, бироқ делегатлар безгакка қарши курашда фойдаланиладиган ҳолларда ДДТга рухсат бериш тўғрисида келишиб олишди.8080
  “A Useful Poison,” The Economist, December 14, 2000.


[Закрыть]

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, барча қонун-қоидалар ҳам тенгликка хизмат қилмайди. Демак, давлат иқтисодиётга аралашиши керакми, деган савол ҳар доим ҳам аҳамиятга эга эмас. Кўпинча тартибга солиш тизими қай тарзда тузилиши, қоидалар қандай ишлаб чиқилиши муҳимроқ ҳисобланади. Чикаго университети иқтисодчи си ва Нобель мукофоти совриндори Гэри Беккер ёз фаслини океанга чиқиб турувчи Код бурнида ўтказади ҳамда у ерда чизиқли басс балиғини севиб тановул қилади.8181
  Gary Becker and Guity Nashat Becker, The Economics of Life (New York: McGraw-Hill, 1996)


[Закрыть]
Бу балиқ популяцияси камайиб бораётгани сабабли ҳукумат уни овлаш ҳажмига мавсумий чекловлар қўйган. Бир қарашда, Гэри Беккер бунга рози бўлиши керак, чунки у келажакда ҳам одамларда чизиқли басс ейиш имконияти бўлишини истайди.

Бироқ у “Business Week”даги мақолада ҳукумат балиқ овининг умумий ҳажмини айнан қандай чеклаши масаласини кўтарди. Ўшанда ҳукумат ҳар бир мавсум учун чизиқли басс овига квота белгиларди. Беккер шундай ёзган: “Афсуски, бу балиқчиларни назорат қилишнинг жуда самарасиз усули. Чунки квота ҳар бир одамга эмас, балки ҳамма балиқчилар учун умумий қилиб белгиланган. Натижада ҳар бир балиқчи мавсум бошидаёқ, квота тўлмасидан аввал имкон қадар кўпроқ балиқ овлашга ҳаракат қилади”. Бу вазиятда ҳамма бирдек ютқазади: мавсум бошиданоқ бозорлар балиққа тўлиб кетади ва балиқчилар арзонроқ нарх белгилашга мажбур бўлади, мавсум бошида белгиланган миқдорда чизиқли басс овланиб бўлгани туфайли истеъмолчилар мавсум ўрталаридан бошлаб умуман бу балиқни сотиб ололмайди. Бир неча йил ўтгач, Массачусетс маъмурияти тизимни ўзгартирди ва чизиқли басс балиғига умумий квота балиқчилар орасида тенг тақсимланди. Умумий ов миқдори учун белгиланган лимит сақланиб қолди, аммо энди ҳар бир балиқчи бу лимитнинг ўзига тегишли улушидан мавсумнинг исталган вақтида фойдаланиши мумкин бўлди.

Индивидуал квоталар балиқ овини хавфсизроқ ҳам қилади. Масалан, Аляскада краб тутиш илгари жамоавий квота асосида назорат қилиниб, қайиқлар йиллик режасини бир неча кунда бажариш учун овда девоналарча пойгалашарди. Краб овловчилардан бири бунга изоҳ берар экан, шундай деган: “Старт тўппончаси отилар ва ҳамма ишга киришарди. Баъзи қайиқлар ҳаддан ташқари кўп краб ортиши оқибатида ағдарилиб кетарди. Бошқаларда ишчиларни жуда узоқ вақт ишлатишарди”. Бу маслак шунақанги хавфли эдики, унга бағишлаб 2006 йилда “Қонли ов” (“Deadliest Catch”) кўрсатуви яратилди. 2006 йилда квота тизими ўзгартирилиб, ҳар бир қайиққа мавсум учун алоҳида квота белгиланди. Эндиликда крабчилар етарлича ухлаши, хавфсиз шароитда ишлаши ва хатарли об-ҳавода ишга чиқмасликлари мумкин. Бахтсиз ҳодисалар кескин камайди, краб популяцияси ҳам ҳимоя остига олинди.8282
  Les Christie, “‘Deadliest Catch’ Not So Deadly Anymore,” CNN Money, July 27, 2012.


[Закрыть]

Иқтисодчи каби фикрлашнинг сири бозорда азалдан биз билан ўйин ўйнайдиган альтернатив танловларни англай олишдир. Бозорни тартибга солиш капитал ва ишчи кучининг оқимини бузиши, маҳсулот ва хизматларнинг нархини ошириши, инновацияларга тўсқинлик қилиши ёки умуман иқтисодиётни кишанлаб қўйиши мумкин (масалан, чивинлар тирик қолишига имкон бериб). Ва бу ҳали яхши ниятда амалга оширилган назоратнинг натижаларидир. Энг ёмони, тартибга солиш шахсий манфаатлар учун кучли қуролга айланиши мумкин, бунда компаниялар сиёсий тизимни ўз фойдасига ишлатишади. Ахир рақобатчиларни ўзинг енга олмасанг, нега ҳукуматдан фойдаланиб уларни жиловлаб қўймас экансан? 1982 йилда Чикаго университети иқтисодчиси Жорж Стиглер ўз тадқиқотлари учун иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. У ўз изланишларида ишончли далиллар билан кўрсатдики, хусусий компаниялар ва касаба уюшмалари кўпинча тартибга солиш сиёсатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга интилади.

Туғилган юртим Иллинойсда бўлиб ўтган бир тартибга солиш кампанияси ҳақида айтиб берсам. Штат қонун чиқарувчиларидан маникюр ва педикюр усталари учун қаттиқроқ лицензиялаш тартибини жорий этиш талаб этилаётганди. Сизнингча, бу лоббизм кампанияси расво педикюрнинг қурбонлари томонидан бошланганми? (Педикюрдан жароҳат олган кўплаб одам Иллинойс Бош ассамблеяси зинапояларидан чўлоқланиб чиқаётганини тасаввур қилинг-а!) Ундай эмас. Бу лоббизм кампаниясини Иллинойс Косметологлари ассоциацияси курорт ва гўзаллик салонларининг манфаатини кўзлаб уюштирган. Сабаби шуки, сон-саноғи йўқ муҳожир усталар ҳам тирноқ парвариши бўйича хизматларини таклиф этаётганди, салону курортлар эса муҳожирлар билан рақобатлашишни хоҳламасди. 1990-йилларнинг охирларида маникюр салонлари атиги бир йил ичида 23 фоизга кўпайди ва чегирма нархларда ишлайдиган салонлар маникюр учун бор-йўғи 6 доллар олган бўлса, тўлиқ хизмат кўрсатувчи салонлар 25 доллар оларди. Қатъийлаштирилган лицензиялаш тартиблари, ҳар доим бўлганидек, амалдаги хизмат кўрсатувчиларга таъсир қилмас, аммо янги салон очиш чиқимларини сезиларли оширарди. Бу эса, ўз навбатида, шиддатли рақобатни чеклашга хизмат қиларди.

Милтон Фридманнинг ёзишича, 1930-йилларда шунга ўхшаш воқеа кенгроқ миқёсда содир бўлган. 1933 йилда Ҳитлер ҳокимиятга келганидан сўнг турли соҳалардаги кўплаб мутахассислар Германия ва Австриядан АҚШга кетишган. Бунга жавобан Америкадаги кўплаб профессионал соҳаларга қабул қилиш жараёнида “ижтимоий масъулият” талаблари ва тил имтиҳонлари каби тўсиқлар жорий этилди, буларнинг барчаси хизматларнинг ҳақиқий сифатига унчалик алоқадор бўлмаса-да. Фридман яна 1933 йилдан кейинги беш йил ичида Қўшма Штатларда амалиёт билан шуғулланиш лицензиясига эга хорижда ўқиган шифокорлар сони беш йил аввалги кўрсаткич билан тенг бўлганини таъкидлайди. Айтишича, агар лицензиялаш шартлари фақат қобилиятсиз шифокорларни ишга олмаслик учун мавжуд бўлганида, бундай вазият юзага келиши эҳтимолдан йироқ эди, аммо лицен зиялаш талаблари чет эллик шифокорлар сонини чеклаш учун қўлланган бўлса, бундай вазият бўлиши табиий.

Жаҳон стандартларига кўра, АҚШ иқтисодиёти нисбатан эркинроқ тарзда тартибга солинади (аммо Савдо палатаси йиғилишида бу гапингизга қулоқ солишмайди). Дарҳақиқат, ривожланаётган мамлакатларнинг ўткир муаммоси шундаки, уларнинг ҳукуматлари хусусий мулкчилик ҳуқуқларини белгилаш ва қонун устуворлигини таъминлаш каби асосий вазифаларини бажара олмай туриб бошқа турдаги қаттиқ назорат тартибларини ўрнатмоқчи бўлади. Назарий жиҳатдан, бундай назорат шакллари истеъмолчиларни фирибгарликдан ҳимоя қилиши, аҳоли соғлиғини яхшилаши ёки атроф-муҳитни муҳофаза қилиши мумкин. Шунга қарамай, иқтисодчиларнинг наздида, бу каби тартибга солиш тарзи жамият учун “ёрдам қўли” эмас, балки у коррупционер мансабдорларга хизмат қиладиган “тортиб олувчи қўл”га кўпроқ ўхшайди. Ахир талаб қилинадиган ҳукумат рухсатномалари ва лицензиялари қайси соҳада кўпаймасин, шу билан бирга мансабдорларнинг пора олиш имконияти ҳам кўпайиб бораверади.

Бир гуруҳ иқтисодчилар “ёрдам қўли” ва “тортиб олувчи қўл” масаласини ўрганиб чиқиш мақсадида етмиш беш мамлакатдаги янги бизнес очиш тартиблари, харажатлари ва бунга кетадиган вақтни таҳлил қилишди.8383
  Simeon Djankov, Rafael La Porta, Florencio Lopez-de-Silanes, and Andrei Shleifer, The Regulation of Entry, NBER Working Paper No. W7892 (National Bureau of Economic Research, September 2000).


[Закрыть]
Мамлакатлар ўртасидаги тафовутлар ҳайратланарли эди. Канадада янги бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш учун фақатгина иккита жараёндан, Боливияда эса йигирмата жараёндан ўтиш керак экан. Бизнес очиш учун талаб қилинадиган вақт Канадада икки кун бўлса, Мозамбикда олти ой. Бизнес очиш учун ҳукумат қўйган чиғириқлардан ўтишнинг чиқимлари Янги Зеландияда жон бошига ҳисобланган ЯИМнинг 0.4 фоизини, Боливияда эса жон бошига ҳисобланган ЯИМнинг 260 фоизини ташкил этаркан. Тадқиқот кўрсатишича, Вьетнам, Мозамбик, Миср ва Боливия каби камбағал мамлакатларда янги иш бошлаётган тадбиркор лицензия олиш учунгина бир ёки ҳатто икки йиллик иш ҳақига тенг маблағни сарфлашига тўғри келади (ҳали бериладиган пора ва кетадиган вақтни ҳисобга олмасак).


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 3 Оценок: 2

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации