Текст книги "Яланғоч иқтисодиёт"
Автор книги: Чарльз Уилан
Жанр: Зарубежная деловая литература, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 29 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
Шу билан бирга, чекувчилар бошқа одамларга фойда ҳам келтиради: улар ёш вафот этади. Америка ўпка уюшмаси маълумотларига кўра, ўртача чекувчи чекмайдиган инсондан етти йил олдинроқ вафот этар экан. Бинобарин, чекувчилар “Ижтимоий ҳимоя” дастури ва хусусий пенсия жамғармаларига бутун карьераси давомида пул тўлайди-ю, бунинг роҳатини кўриш учун умрлари етмай қолади. Чекмайдиганларга эса кўпроқ нафақа насиб этади. Ҳатто “Philip Morris” компаниясидагилар бундан қанча фойда олишимизни ҳисоблаб чиқишди. 2001 йилда улар Чехия тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилишди (мамлакат парламенти сигарета солиқларини ошириш масаласини кўриб чиқаётган бир пайтда). Ҳисоботда чекишдан бевақт вафот этган фуқаролар туфайли Чехия Республикасида пенсия тўловлари ва қарияларни уйжой билан таъминлашга кетадиган маблағдан йилига 28 миллион доллар тежалиши кўрсатилди. Сигаретнинг ҳукуматга келтирадиган соф фойдаси тамаки солиқларидан келадиган фойда билан қўшилиб (соғлиқни сақлаш харажатлари ҳисобга олинмаса) 148 миллион долларни ташкил этар экан.5757
“Czechs Puff Away to the Benefit of State Coffers,” United Press International, July 17, 2001.
[Закрыть]
Бозор иқтисодиёти ташқи таъсирлар билан қандай ишлайди? Баъзида ташқи таъсир оқибатида зарар кўрган соҳалар давлат томонидан тартибга солинади. АҚШ Федерал ҳукумати ҳар йили ерости сувларининг ифлосланишидан тортиб паррандачиликдаги текширувларга қадар турли-туман масалалар борасида минглаб саҳифали қонун-қоидаларни нашр этади. Ҳар бир штат ўзининг тартибга солиш тузилмаларига эга. Масалан, Калифорнияда автомобилдан чиқадиган газ бўйича қатъий мезонлар ўрнатилган. Маҳаллий ҳокимиятларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қонунлари бор. Қўшниларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаган бу қонунларга кўра, хусусий мулк эгалари хавфли, номувофиқ ёки шунчаки хунук биноларни қуриши тақиқланади. Нантакет оролида уйни бўяш учун фақат бир нечта рангдангина фойдаланишга рухсат этилган, чунки бундай чеклов бўлмаса, баъзи фаросатсиз одамлар оролнинг ўзига хослигини оёқости қиладиган неон ранглардан ҳам фойдаланиши мумкин. Мен ўзим тарихий маҳаллада яшайман. Бу ерда уйлардаги ҳар қандай ташқи ўзгариши (янги деразалар рангидан тортиб гул тувагининг катталигига қадар) қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак.
Ташқи таъсирлар муаммосини ҳал қилишда яна бир ёндашув мавжуд, баъзи ҳолларда иқтисодчилар айнан шу методни афзал кўришади. Бу – ноқонуний хаттиҳаракатларни тақиқлаш ўрнига уларга солиқ солиш. Мен “Ford Explorer” русумли машинам жамият учун хатарли эканини айтгандим. Корнел университети иқтисодчиси Роберт Франк “New York Times” газетасидаги мақоласида таъкидлаганидек, бугунги кунда одамлар орасида йўлтанламаслар билан қуролланиш пойгаси авж олган. “Ҳар қандай оила фақат ўз автомобилининг ҳажмини танлаш ҳуқуқига эга, бошқаларга нима сотиб олиш кераклигини белгилаб бера олмайди. Кичикроқ транспорт воситасини сотиб олган ҳар қандай оила “яхши қуролланмагани” учун ҳам маълум даражада хавф остида бўлади”, ‒ деб ёзади у.5858
Robert Frank, “Feeling Crash-Resistant in an SUV,” New York Times, May 16, 2000.
[Закрыть] Эҳтимол, биз “Hummer” машиналарини тақиқлашимиз керакдир? Ёки Детройтдаги заводларга фақат хавфсиз ва ёнилғи тежайдиган автоуловларни ишлаб чиқаришни мажбурий қилиб қўямизми?
Иқтисодчилар, шу жумладан, жаноб Франк ҳам бунга йўқ дейди. Йўлтанламаслар ва, умуман олганда, барча транспорт воситалари билан боғлиқ асосий муаммо шундаки, уларни ҳайдаш жуда арзонга тушади. Озиқ-овқат дўконига бориб келиш учун “Hummer”дан фойдаланишнинг хусусий чиқимлари ижтимоий чиқимлардан анча кам. Масала ечими кундек равшан ‒ нархни ошириш лозим. Жаноб Франк ёзганидек: “Баҳайбат ва табиатни ифлослантирувчи автомобилларни ҳайдаш ‒ бошқа одамларга зарар етказиши инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, муаммонинг ягона амалий ечими бундай автомобилни сотиб олмоқчи бўлганимизда, одамларга келтиражак зараримизни ҳисобга олишимиз учун ўзимизга рағбат беришдир”. Агар “Explorer” машинаси йўлларда юришининг жамият учун ҳақиқий нархи 1.6 километрга 75 центни ташкил этса-ю, автомобиль эгаси машинасини 1.6 километр масофага ҳайдаб бориш учун 50 цент сарф этса, иккала кўрсаткични тенглаштирадиган солиқ керак. Бу бензин солиғи, заҳарли газлар солиғи, автомобиль оғирлиги солиғи ёки турли солиқларнинг комбинацияси шаклида амалга оширилиши мумкин. Натижада дўконга бориш учун “Hummer” ҳайдаш аввалгидек жозибадор кўринмайди.
Лекин ҳозир биз энг ғалати жойига келдик. Дейлик, баъзи ҳайдовчилар қўшимча тўлов қилиб бўлса-да, йирик транспорт воситасини бошқаришни танлаши мумкин. Шунда уларга рухсат берилади, тўғрими? Ахир бундай улкан машиналар ҳар қандай “Mini Cooper”ни босиб, эзғилаб ташлаши мумкин, лекин уларнинг салонида девдек катта икки литрлик идишдаги ичимлик тўкилмайди ҳам! Бошқа томондан, юрак касалликларини келтириб чиқаришига қарамай, кўпчилигимиз музқаймоқ еймиз, шундай экан, ҳайдовчиларда ҳам йирик машиналар ҳайдаш танлови бўлиши лозим. Биз “Haagen-Dazs Moch Almond Fudge” музқаймоғининг ажойиб таъми билан у келтириб чиқариши мумкин бўлган касалликларни тарозига қўйиб кўрамиз ва вақти-вақти билан музқаймоқдан лаззат ланиб туришга қарор қиламиз. Албатта, музқаймоқдан бутунлай воз кечиб юбормаймиз, лекин уни кунига уч марта истеъмол қилмаймиз ҳам. Иқтисодиёт бизга, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби, атрофмуҳит билан ҳам муроса қилишимизга тўғри келишини уқтиради. Биз йўлтанламас (ёки бошқа ҳар қандай машина) ҳайдашнинг жамиятга ҳақиқий зарарларини акс эттиришимиз учун бу каби транспорт воситаларидан фойдаланиш нархини ошириб қўйишимиз лозим. Шунда ишга бориш учун “Chevy Tahoe”да 72 километр масофани босиб ўтиш арзийдими ёки йўқ, буни ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳал қилади.
Салбий ташқи таъсирларни келтириб чиқарадиган хатти-ҳаракатларни солиққа тортиш кўплаб яхши рағбатларни келтириб чиқаради. Биринчидан, бу инсонларнинг салбий хатти-ҳаракатларини чеклайди. Агар “Ford Explorer”ни ҳайдаш нархи 1.5 километр учун 75 центга кўтарилса, йўлда ушбу русумдаги машиналар сони камайиши турган гап. Шуниси муҳимки, уларни ҳайдашда давом этадиган ва бунинг учун тўлашга тайёр одамлар йўлтанламасларни жуда қадрлайдиган кишилар бўлиб, улар одатда машинани эҳтиёткорлик билан ҳайдайди. Иккинчидан, кўп ёнилғи сарфлайдиган автомобилга солинадиган солиқ бюджет даромадларини кўпайтиради, айрим транспорт воситаларини тақиқлаш эса бундай натижа бермайди. Ушбу даромадлардан глобал исишга қарши курашишнинг баъзи харажатларини қоплашда (масалан, муқобил энергия манбалари соҳасидаги тадқиқотлар учун ёки, ҳеч бўлмаганда, Тинч океандаги орол давлатлар атрофида тошқиндан ҳимоя тўғонларини қуриш учун) фойдаланиш мумкин. Ёки бу маблағдан баъзи солиқларни камайтиришда ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, даромад солиғини, чунки бу каби солиқлар аслида рағбатлантирилиши керак бўлган хаттиҳаракатларни аксинча камайтиради.
Учинчидан, солиқ оғир вазнли, кўп ёнилғи сарфлайдиган транспорт воситаларига қаратилгани сабабли Детройтдаги заводлар кўпроқ ёнилғи тежайдиган автомобилларни ишлаб чиқара бошлайди. Шунда сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Агар Вашингтон транспорт воситаларини ишлатиш нархини ошириш ўрнига 29 километрга 3.8 литрдан ортиқ ёнилғи сарфлайдиган барча автомобилларни тақиқласа, бунга жавобан Детройт, табиийки, 3.8 литр бензин билан 29 километрга яқин масофа босиб ўтадиган машиналарни катта миқдорда ишлаб чиқаради. Бугунги кунда 3.8 литр бензин билан қуёш энергияси ёрдамида 32, 45 ва ҳатто 97 километргача юрадиган машиналарни ишлаб чиқариш имкони мавжуд, аммо Детройт бундай қилмайди. Агар ёнилғи сарфига ва/ёки транспорт воситасининг оғирлигига қараб солиқ жорий этилса, мижозлар автосалонга кирганида, умуман бошқа машиналарни сотиб олишади. Автоулов ишлаб чиқарувчилари вазиятга ҳозиржавоблик билан муносабат билдиришади ва эски маҳсулотлар, масалан, “Hummer” яроқсиз саноат маҳсулотлари музейи сингари жойларга жўнатилади.
Ташқи таъсирларни солиққа тортиш идеал ечимми? Йўқ, идеалликдан анча йироқ. Юқорида келтирилган автомобиллар мисолининг ўзидаёқ бир қатор муаммоларга дуч келамиз, уларнинг орасида энг кўзга ташланиб тургани – солиқнинг айнан тўғри миқдорини белгилаш муаммоси. Олимлар глобал исиш тезлиги борасидаги саволлар у ёқда турсин, ҳатто бу ҳодиса билан боғлиқ харажатлар қанчага тушиши, “Hummer”ни 1.6 километр масофага ҳайдашнинг ўзи қанча харажат келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида ҳали ҳам муросага келишмаган. Солиқни қанча қилиб белгиласак, тўғри миқдор бўлади? 75 центми, 2.21 долларми ёки 3.07 долларми? Сиз ҳеч қачон олимлар бу саволга бир хил жавоб бериб, ҳамфикр бўладиган ҳолатни кўрмайсиз, АҚШ Конгрессини айт маса ҳам бўлади. Адолат ва тенглик муаммосини ҳам унутмаслигимиз керак. Айтганимдек, агар кўп бензин сарфлайдиган катта машиналарга солиқ солсангиз, чинакамига қадрлайдиганларгина улардан воз кечмайди ва ҳайдашда давом этади. Биз бирон-бир нарсани қанчалик қадрлашимиз унга қанча тўлашга тайёр эканимиз билан белгиланади. Бойлар эса ҳар доим бирор нарса учун бошқалардан кўра кўпроқ пул тўлаш имкониятига эга. Агар “Explorer” ҳайдаш харажати ошиб, 3.8 литр бензинга 9 доллардан тушадиган бўлса, Нантакет оролидаги пляж зиёфатларига шароб ва пишлоқ ташийдиганлар бундай машиналарда юрар, бироқ Чикагодаги баъзи пудратчилар ёғоч ва ғиштларни ташиш учун энди пикап сотиб олишга қодир бўлмайди. Бу вазиятда ким ўзининг автомобилини кўпроқ қадрлайди? (Ақлли сиёсатчилар иш ҳақи солиғи каби энг кўп ўрта синфга оғир юк бўладиган солиқларни ўрта синф учун камайтириб, йирик автомобилларга солиқ солиши ва бу орқали адолат ҳамда тенглик муаммосини ҳал қилиши мумкин. У ҳолда чикаголик пудратчи юк машинаси учун кўпроқ сарфлайди, аммо солиққа камроқ пул тўлайди.) Ва ниҳоят, шуни таъкидлаш керакки, ташқи таъсирларни топиш ва уларга солиқ солиш жараёни издан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Ҳар қандай фаолият муайян босқичда маълум ташқи таъсирларни келтириб чиқаради. Ҳар қандай ақлли таҳлилчи жамоат жойларида жудаям тор ва эластик спандекс кийимни кийиб юрадиган одамларга солиқ солиниши (қамоққа олинмаган тақдирда) кераклигини тушунади. Мен Чикагода яшайман, у ерда қишни уйидаги диванда чўзилиб ўтказган рангпар одамларнинг бутун бошли тўдалари ҳаво ҳарорати эллик даражага кўтарилиши биланоқ очиқ-сочиқ кийимларда кўчаларга чиқади. Бу томошага гувоҳ бўладиганлар қўрқиб кетиши ҳеч гап эмас ва, албатта, ёш болалар ҳеч қачон бунга гувоҳ бўлмаслиги лозим. Шунга қарамай, спандекс учун солиқ солиш унчалик самарали бўлмаса керак.
Мен асосий, жуда муҳим мавзудан четга чиқиб кетдим. Агар кимдир сизга ўз ҳолига ташлаб қўйилган бозорлар ҳар доим жамият учун фойдали натижаларга олиб келади, деб айтса, билингки, у нима деётганини ўзи ҳам тушунмайди. Фаолиятнинг хусусий ва ижтимоий харажатлари ўртасида катта фарқ борлиги туфайли фақат бозорларнинг ўзигина ҳаётимизни яхшилай олмайди. Ақлли одамлар бу каби муаммоларни ҳал қилишнинг барча воситалари ва усулларини муҳокама қилиши лозим. Бунда кўпинча давлат иштироки назарда тутилади.
Aлбатта, ҳар доим ҳам эмас. Ташқи таъсирлар доирасига у ёки бу тарзда тушиб қолган томонлар ўз хоҳишларига кўра шахсий келишувга эришишга интилиши мумкин. 1991 йилда Нобель мукофотини олган Чикаго университети иқтисодчиси Рональд Коуз бу фикрни илгари сурган. Вазият тақозо этса, ташқи таъсирлар туфайли зарар кўрган бир томон бошқа томонга ташқи таъсирлар ҳосил бўлишига олиб келадиган хатти-ҳаракатларни тўхтатиши учун пул тўлаши мумкин. Масалан, қўшним Стюарт бонго барабанини чалишга одатланиб қолганида, мен унга буни тўхтатиши ёки овози пастроқ мусиқа асбобига ўтиши учун тўлашим мумкин эди. Агар безовталигим унинг чалишдан оладиган роҳатидан кучлироқ бўлса, назарий жиҳатдан қаралганда, мен унга бонгосини қайта чалмаслик шарти билан чек ёзишим мумкин эди ва ҳолат иккаламиз учун ҳам муваффақиятли якун топарди. Буни аниқ ҳисоб-китоблар ёрдамида тушунтирай. Агар Стюарт барабан чалишдан соатига 50 долларга тенг келадиган роҳат олса ва шовқин менинг психикамга етказган зарар соатига 100 долларга тенг бўлса, унда унга 75 долларга чек ёзиб берсам, бу битим иккаламиз учун ҳам фойдали бўлади. Стюарт унга барабанга қараганда кўпроқ фойда келтирадиган нақд пулни олади, мен эса унинг жим ўтириши учун пул тўлайман, чунки сукунат менга 75 доллардан кўра қадрлироқ.
Лекин, кечирасиз-у, Стюарт шовқин кўтараётган бўлса, нега унга буни тўхтатиши учун пул тўлашим керак экан? Эҳтимол, бундай бўлмаслиги керак. Рональд Коузнинг асосий ғояларидан бири шуки, барча томонларнинг мулкка оид ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилган тақдирдагина, яъни қайси томон нимага ҳақли эканини билсагина, ташқи омиллар муаммосини шахслар ўзаро ҳал қилиб олишлари мумкин (мулкка оид ҳуқуқлар кўпинча мулкнинг ўзига қараганда анча мураккаб масалаларни ўз ичига олади, буни кейинроқ ушбу бобда муҳокама қиламиз). Стюарт ўзи хоҳлаганча шовқин қилишга ҳақлими? Мен-чи? Жимлик шароитида ишлашга ҳаққим борми? Эҳтимол, Чикагонинг қонун-қоидалари бу саволга жавоб берар (ушбу саволларга жавоб вақтга боғлиқ бўлиши мумкин: Стюарт маълум вақтгача барабан чалишга ҳақли, мен эса маълум вақтда, масалан, кечқурунлари сокинликда ўтиришга ёки ухлашга ҳақлиман).
Агар сокинликда ишлашга қонуний ҳуқуқим бўлса, тўловлар тескари тарзда тўланиши керак. Яъни Стюарт барабан чалиш учун менга пул тўлашига тўғри келади. Аммо у бундай қилмайди, чунки унинг учун барабан чалиш пул тўлашга арзимайди. Мен таъсирчан ёзувчиман, сокинлик мен учун 100 доллардан кам турмайди, шу боис Стюарт унинг шовқин-суронига дош беришим учун, ҳеч бўлмаганда, шунча миқдорда пул беришига тўғри келади. Аммо, айтганимиздек, бонго чалиш қиймати у учун атиги 50 долларга тенг. Ва шубҳасизки, у 50 долларлик қийматга эга ишни бажариш учун 100 долларга чек ёзиб бермайди. Натижада ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб сукунат шароитида ишлаш менга текинга тушади.
Бу Рональд Коузнинг иккинчи муҳим ғоясини тушунишга ёрдам беради: қайси томон биринчи бўлиб эгалик ҳуқуқини талаб қилиб чиқишидан қатъи назар, томонлар ҳар доим бир хил даражада самарали ечим (жалб қилинган барча ресурслардан энг самарали йўлда фойдаланишга имкон яратадиган ечим)га келишади. Ким кимга тўлаши фарқ қилиши мумкин холос. Мен келтирган мисолда талашилаётган ресурс – ўртамиздаги умумий девор ва ундан ўтадиган товуш тўлқинлари. Бу вазиятда товушларни тўхтатиш ресурслардан энг самарали фойдаланиш усули бўлади, чунки биз аллақачон кўриб чиққанимиздек, мен тинчлик муҳитини Стюарт ўзининг бонго чалишини қадрлашидан кўра кўпроқ қадрлайман. Агар қўшнимнинг шовқин солишга ҳаққи бўлса, мен унга шовқинни тўхтатиши учун пул тўлайман ва хотиржам ишлайман. Агар мен тинч муҳитда ишлаш ҳуқуқига эга бўлсам, унда Стюарт менга барабан чалиши учун пул тўлаши керак, аммо у буни хоҳламайди ва бу ҳолатда ҳам мен хотиржам ишлаш имкониятига эга бўламан.
Ҳаётда бу каби вазиятлар чиндан ҳам юз бериб туради. Қуйида севимли мисолимни келтираман: аҳолининг фикрига кўра, Оҳайо штатидаги электроэнергия компанияси ҳавога мол-мулк ва соғлиғига зарар етказадиган “ғалати кўк тутун” чиқараётганди. “Тоза ҳаво тўғрисида”ги қонунга биноан, шаҳарчада яшайдиган 221 нафар одам бу корхонани судга бериш ва атроф-муҳитнинг ифлосланишини тўхтатиш ҳуқуқига эга эди. “American Electric Power” компаниясида иккита танлов бор эди: 1) атмосфера ифлосланишини тўхтатиш; 2) бутун шаҳарча аҳолисига бошқа жойга кўчиб ўтиш учун пул тўлаш.5959
K atharine Q. Seelye, “Utility Buys Town It Choked, Lock, Stock and Blue Plume,” New York Times, May 13, 2002.
[Закрыть]
“New York Times” газетаси бу ҳақда: “Компания ўзи заҳарлаган шаҳарчани сотиб олмоқда”, – деб ёзганди. Компания аҳоли билан атроф-муҳит ифлосланиши бўйича компаниянинг устидан қайта судга арз қилмаслик тўғрисидаги расмий келишув тузади ва эвазига аҳолига уйларининг қийматидан тахминан уч баравар кўп миқдорда пул тўлайди. 20 миллион доллар билан электроэнергия компаниясининг том маънода барча муаммолари ҳал бўлди. Молиявий нуқтаи назардан бу мантиқий туюлган. “New York Times”нинг ёзишича, ушбу келишув бутун бошли шаҳарчани “тинчитиш”ни кўзлаган илк битим бўлган: “Ҳуқуқшунослар ва экологларнинг фикрига кўра, бу чора компанияга катта харажатлар ва жамият норозилиги билан боғлиқ суд ишларининг олдини олишга ёрдам беради”.
Рональд Коузнинг якуний хулосаси қуйидагича: томонлар ташқи таъсирларни ўзаро ҳал қилиб олишлари учун битим билан боғлиқ харажатлар (алоқадор шахсларни топишга кетадиган вақтдан тортиб келишувнинг қонуний чиқимларигача) мантиққа мувофиқ даражада паст бўлиши керак. Масалан, Стюарт билан мен ҳовлида бемалол ўтириб савдолашишимиз ва ҳеч кимнинг аралашувисиз келишиб олишимиз мумкин. “American Electric Power” компанияси ҳам икки юз йигирма битта хонадон эгалари билан шартнома туза олади. Бироқ хусусий томонлар атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилиши каби жиддий муаммоларни мустақил ҳал қила олмайди. Ҳар сафар машинага ўтирсам ва двигателни ишга туширсам, сайёрамиздаги етти миллиард одамга оз бўлса-да, зарар етказаётган бўламан. Етти миллиард инсоннинг ҳар бирига алоҳида чек ёзиш учун жуда кўп вақт керак бўлади, бунинг устига, ишга кечикаётган бўлишим мумкин (айтганча, совуқ ўлкаларда яшовчи баъзи одамлар иқлим ўзгаришидан фойда кўришади ‒ эҳтимол, улар менга пул тўлашлари керакдир). Иссиқхона газлари билан боғлиқ мулк ҳуқуқлари ҳали ҳам мавҳум. Мен ҳавога чекланмаган миқдорда карбонат ангидрид гази чиқариш ҳуқуқига эгаманми? Ёки Тинч океандаги орол давлатда яшаётган бирорта инсон мени охир-оқибат бутун мамлакатнинг сув остида қолишига олиб келиши мумкин бўлган ишлардан тўхтатиб қолиш ҳуқуқига эгами? Мана шундай зиддиятларни ҳал қилиш ҳукуматларнинг ишидир.
Келинг, энди бир қадам орқага чекинайлик. Давлат нафақат капитализмнинг камчиликларини бартараф этади, балки биринчи навбатда бозорларнинг мавжуд бўлишига имкон беради. Агар сиз чойхонада дўстларингиз даврасида ўтириб ҳукумат шунчаки бозорларга аралашмаслиги кераклиги ва шундагина бозорларнинг ўзлари бутун сайёрага фаровонлик келтириши ҳақида фикр билдирсангиз, кўпчилик дўстларингиз бошини қимирлатиб, бу фикрни маъқуллаб қўяди. Дарҳақиқат, бутун бошли сиёсий кампаниялар айнан шу ғоя асосида йўлга қўйилган. Автотранспортни рўйхатга олиш идорасида навбатда турган, қурилишга рухсат олиш учун давлат ташкилотига мурожаат қилган ёки энага солиғини тўламоқчи бўлган ҳар қандай одам ушбу ғояни қўллаб-қувватлайди. Ҳаммага ёқиб тушадиган бу чойхона гапида битта муаммо бор холос: бу ғоя нотўғри. Яхши ҳукумат бозор иқтисодиёти ишлашига имконият яратадиган ҳукуматдир. Нуқта. Ёмон ҳукумат ёки ҳукуматнинг умуман мавжуд эмаслиги капитализмни қоятошларга итаради, бу эса дунёдаги миллиардлаб одам қашшоқликда яшаётганининг сабабларидан биридир.
Аввало, давлат қоидаларни белгилайди. Ҳукумати самарали бўлмаган давлатларда ҳеч қандай шароитда эркин бозор иқтисодиёти гуллаб яшнай олмайди. Бундай жойларда энг оддий бизнесни юритиш ҳам қийин ва қиммат. Нигерия дунёдаги йирик нефть ва табиий газ захираларига эгалик қилади, аммо бу мамлакатда бизнес юритиб кўрмоқчи бўлган компаниялар “BYOI” (bring your own infrastructure ‒ ўз инфратузилмангизни олиб келинг) деб ном олган муаммога дуч келади.6060
“Here’s Hoping: A Survey of Nigeria,” The Economist, January 15, 2000.
[Закрыть] Конго Демократик Республикасининг табиий бойликлари сайёрамиздаги ҳар қандай бошқа давлатнинг табиий захираларидан кўпроқ, десак ҳам бўлади: олмос, олтин, мис, уран, сиз ҳеч қачон эшитмаган ва телефон ҳамда бошқа электроника учун зарур бўлган моддалар.6161
Jeffrey Gettleman, “Pact Would Force Out Joseph Kabila from Congo. If, of Course, He Agrees,” New York Times, January 3, 2017.
[Закрыть] Шунга қарамай, КДР дунёдаги энг камбағал давлатлардан бири бўлиб, унда тахминан ҳар ўн нафар боладан биттаси беш ёшдан ортиқ яшамайди (солиштирсак, Еврозонада6262
Еврозона ‒ евро пул бирлиги амал қиладиган давлатларни қамраб олувчи ҳудуд. ‒ Таҳр.
[Закрыть] минг нафар боладан тўрттасигина беш ёшга етмайди).6363
The World Bank, 2016: https://data.worldbank.org/indicator/SH.DYN.MORT?view=chart&year_high_desc=false.
[Закрыть] Ушбу Африка давлатларида бозор иқтисодиёти муваффақиятсизликка учрамаган, аксинча, ҳукуматлар бозор иқтисодиётини қўллаб-қувватловчи институтларни яратиш ва уларни ривожлантириш вазифасини бажаролмаган. Яқинда БМТнинг Тараққиёт дастури эълон қилган бир ҳисоботда глобал қашшоқликнинг сабаби асосан самарасиз ҳукуматлар экани таъкидлаб ўтилди. Ҳисобот муаллифларининг хулоса қилишларича, мамлакатда тўғри ва оқилона бошқарув бўлмаса, тадбиркорликка имтиёзлар бериш ва бошқа шунга ўхшаш стратегияларнинг ҳеч бири иш бермайди.6464
Barbara Crossette, “U.N. Says Bad Government Is Often the Cause of Poverty,” New York Times, April 5, 2000, p. A11.
[Закрыть]
Ҳақиқат шуки: ҳеч ким ҳакамларни ёқтирмайди, аммо уларсиз жаҳон чемпионатини ўтказиб бўлмайди. Хўш, бозор иқтисодиётининг самарали ишлаши учун қандай қоидалар мавжуд? Биринчидан, давлат мулкка оид ҳуқуқларни белгилайди ва уларни ҳимоя қилади. Сиз турли нарсаларга эгалик қиласиз: уйлар, машиналар, итлар, гольф клублари. Маълум бир чегара доирасида сиз ўз мулкингиз билан хоҳлаган ишингизни қилишингиз мумкин. Уни сотишингиз, ижарага ёки гаровга беришингиз мумкин. Энг муҳими шундаки, ўз мулкингизга сармоя киритишингиз ва бу сармоядан оладиган даромадингиз ҳам сизнинг мулкингизга айланишига шубҳа қилмасангиз бўлади. Сиз ёз бўйи маккажўхори экинини парваришлаб чиқсангиз-у, кейин қўшнингиз комбайн олиб келиб, ҳосилингизни йиғиб олса, ўзингизни қандай сезасиз? Бунақаси бўлиши мумкин эмас, дейсиз. Фақат мусиқачи бўлмасангиз. Чунки илк онлайн мусиқа сайтларининг иши юқорида айтилган қароқчи қўшниникидан фарқ қилмасди – улар мусиқачиларга ёки муаллифлик ҳуқуқига эга студияларга ҳеч нима тўламасдан одамларга ўша ижрочи ва студияларнинг тароналарини юклаб олиш имконини берган. Мусиқа саноати вакиллари бу сайтларни муаллифлик ҳуқуқини бузишгани учун судга берди ва судда ғолиб чиқди. Энди “Spotify” сингари иловалар мусиқани жойлаштиришдан аввал муаллифлар билан пулини келишишлари керак.
Таъкидлаш керакки, мулкий ҳуқуқлар фақатгина уйлар, машиналар ва шкафларимизни тўлдириб турадиган нарсалар билан боғлиқ бўлмайди. Эгалик ҳуқуқи ғоя, санъат намунаси, формула, ихтиро ва ҳатто жарроҳлик амалиётларига ҳам татбиқ этилади. Масалан, қўлингиздаги китобни олайлик. Мен матн ёзаман. Агентим уни ноширга сотади, ношир эса китобни босиб чиқариш ва тарқатиш учун шартнома тузади. Китоб хусусий дўконларда сотилади ва улар, ўз навбатида, китобнинг муаллиф томонидан имзоланган нусхасини олишга ҳаракат қиладиган оломоннинг тартибсизлигига йўл қўймаслик учун қўриқчиларни ёллашади. Ушбу жараённинг ҳар бир босқичида фақат хусусий томонлар иштирок этади. Барчаси фақат бозорда кечадиган жараёнлар бўлиб, давлат фақат оёқ остида ўралашади. Дарҳақиқат, даромадим, китобни сотганим ва ҳатто китоб учун керакли изланишларни олиб боришда кўмаклашган ёрдамчиларимга тўлаган маошимдан давлат солиқ олади, бунинг учун мен ҳукуматни лаънатлашим мумкин.
Аслида, бундай бизнес алоқаларининг барчаси бир нарса – муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонун туфайли амалга ошади. Муаллифлик ҳуқуқи тирикчилик учун ёзиш билан шуғулланадиган ҳар бир инсон учун мулкчиликнинг ўта муҳим шаклидир. Маълум вақт сарфлаб, қўлёзмани тугатганимдан сўнг ҳеч бир компания менга компенсация тўламасдан туриб ёзганларимни ўғирлаб, нашр эта олмаслигига АҚШ ҳукумати кафолат беради. Матнни дарс жараёнида ишлатиш учун нусха кўчирган ҳар қандай профессор аввал ноширга ҳақ тўлаши лозим. Аслини олганда, ҳукумат “Microsoft” дастурий таъминотининг ҳуқуқларини ҳам, “Viagra” ихтироси учун олинган патент ҳуқуқларини ҳам худди шундай тарзда ҳимоя қилади. Патент билан боғлиқ ҳолат, айниқса, жуда қизиқ, чунки кўпинча уни нотўғри тушунишади. Битта “Viagra” таблеткасининг таркибий қисмлари нархи аслида бир неча чақа туради, аммо “Pfizer” патентга эга бўлгани учун ҳам у 20 йилдан бери “Viagra” савдосида монопол. Шу сабабли ҳам компания ҳар бир таблеткани 7 доллардан сотади. ОИВ/ОИТСга қарши янги доридармон ҳамда инсон ҳаётини сақлаб қоладиганлари ҳам шундай патентларга эга ва бу маҳсулотларни сотадиган очкўз компанияларнинг нарх-навони қимматлаштириши кўпинча ижтимоий адолатсизлик сифатида эътироф этилади. Президент сайлови кампаниялари чоғида вақти-вақти билан бу “йирик фармацевтика компаниялари” роса қораланади. Агар бошқа компанияларга “Viagra” сотишга рухсат берилса ёки “Pfizer”ни дори нархини пасайтиришга мажбурлашса, нима бўлади? Шунда маҳсулотнинг нархи унинг таннархига анча яқинлашарди. Чиндан ҳам, дорилар патентланган маҳсулотлар тоифасидан чиқарилса (турли компаниялар бир хил маҳсулот ишлаб чиқариши қонунийлашса), уларнинг нархи одатда 80-90 фоизга пасаяди.
Хўш, нима учун биз “Pfizer”га “Viagra” истеъмолчиларини талашга рухсат берганмиз? Чунки “Viagra” патент билан ҳимояланмаганида эди, компания ҳеч қачон уни ихтиро қилиш ва ривожлантириш учун катта миқдордаги маблағни сарфламасди. Барча чинакам инқилобий дориларнинг ҳақиқий қиймати тадқиқот ва ишлаб чиқиш харажатлари билан белгиланади (айтайлик, экзотик дарахт пўстлоғининг доривор хусусиятларини қидириш жараёнида тропик ўрмонлардаги дарахтларни қиртишлаб чиқишади). Бу жараён шунчаки формулани ихтиро қилиб, таблеткаларни ишлаб чиқара бошлаш каби содда эмас. Дорининг қанчалик жиддийлиги ва ҳатто ҳаёт учун қанчалик хавфли бўлишидан қатъи назар ҳар қандай касалликка қарши қўлланадиган дори-дармонлар шу мураккаб жараёнда ихтиро қилинади.6565
Мен фармацевтика компаниялари бошида Африкани ОИВ ва ОИТСга қарши арзон дорилар билан таъминлашга бунчалик қарши бўлганлари сабабини сира тушуна олмайман. Бу мамлакатлар ҳеч қачон ривожланган мамлакатлардек юқори нархлар бўйича тўлай олмайди, шундай экан, компания дориларни арзон сотиш орқали эҳтимолмй фойдани чеклаётган бўлмайди. Жанубий Африка каби жойларда ё арзон дори бўлади, ё ҳеч қандай дори бўлмайди. Бу нарх дискриминациясини қўллаш учун ажойиб имконият: дориларни Кейптаунда арзонга, Нью-Йоркда эса қимматга сотиш мумкин. Нарх дискриминацияси қора бозор учун имконият яратиб бериши мумкинлиги рост ‒ Африкада арзонга олинган дорини Нью-Йоркда ноқонуний равишда қиммат нархга сотишлари мумкин. Лекин бу дунё аҳолиси учун зарурий дорилар етказилмай қолишига қараганда ҳал қилиш осонроқ бўлган муаммодир.
[Закрыть] Янги доридармонларни бозорга олиб чиқиш харажатлари ‒ ўртача ҳисобда тахминан 600 миллион долларн. Шу билан бирга, битта муваффақиятли дорига катта харажатли, бироқ муваффақиятсизлик билан тугаган кўплаб изланишлар тўғри келади. Компанияларнинг янги дори-дармонларни ишлаб чиқишга бўлган иштиёқини сўндирмасдан камбағал америкаликларни (ва бошқа ўлкалардаги камбағалларни) арзон дори воситалари билан таъминлашнинг йўли борми? Ҳа, бор ‒ янги дори ихтиро қилинганидан сўнг ҳукумат унга патент сотиб олиши мумкин. Бунинг учун давлат компания янги дори ортидан 20 йилда ишлаб топиши мумкин бўлган маблағни олдиндан тўлайди. Шундан сўнг дори воситасини сотиш ҳуқуқи давлатга ўтади ва у ўзи тўғри деб ҳисоблаган ҳар қандай нархни белгилаши мумкин бўлади. Албатта, бундай қиммат ечим янги муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, ҳукуматлар қайси дориларнинг патентларини сотиб олишлари керак? Артрит касаллиги шунчалик хавфлимикан, уни даволовчи дорини арзонлаштириш учун давлат бюджети, яъни халқнинг пулидан маблағ сарфланса? Астма-чи? У ҳақида нима дейиш мумкин? Бу саволларга қарамай, ушбу ёндашув, ҳеч бўлмаганда, иқтисодиётнинг асосларига мувофиқ келади: ҳам том маънода, ҳам мажозий маънода айтиш мумкинки, одамлар ва компанияларда ўзлари экканини ўришга кафолати бўлсагина, соҳага маблағ киритишга тайёр бўлади.
Бир куни мен мулкчилик ҳуқуқларининг мавҳумлиги иқтисодий ривожланишга қай тарзда тўсқинлик қилаётганини кўрсатувчи жуда қизиқ бир ҳолатга дуч келдим. Ўшанда “The Economist” журналига америкалик ҳиндулар ҳақида узун бир ҳикоя ёзаётгандим. Бироз вақтни ҳиндулар яшайдиган ҳудудларни кўздан кечириш билан ўтказганимдан сўнг у ерда хусусий уйлар жуда кам эканини пайқадим. Қабила аъзолари федерал ҳукумат томонидан молиялаштирилган уйларда ёки вагонларда яшар экан. Нима учун? Маълум бўлишича, ҳиндулар резервациясидаги уйни кредитга олиш жуда қийин ва баъзан умуман имконсиз, чунки у ердаги барча ерлар жамоатга тегишли. Қабила аъзосига участка берилиши мумкин, лекин ер унга эмас, балки бутун қабилага тегишли бўлиб қолаверади. Тижорат банки учун бу шуни англатадики, кўчмас мулкка оид кредит шартлари бажарилмаган тақдирда, ушбу мулкни мусодара қилиб бўлмайди (чунки мулк қабилага тегишли). Мусодара каби ёқимсиз, лекин пайти келганда, зарур бўлган жараён имконсиз экан, демак, кредит берган томонда ҳеч қандай кафолатлар бўлмайди. Вагонлар эса умуман бошқа масала ‒ улар қабила мулки эмас. Агар кредит қарзларини тўлай олмасангиз, компания хоҳлаган куни келиб, вагонингизни тортиб олиши мумкин. Бироқ одатий уйлардан фарқли ўлароқ, кўчма уйлар маҳаллий қурилиш бизнесига ҳисса қўшмайди. Улар минглаб километр узоқликдаги заводларда йиғилиб, ҳиндулар яшайдиган ерларга олиб келинади. Демак, бу жараён том ёпувчилар, ғишт терувчилар, сувоқчилар ва электрчиларни иш билан таъминламайди. Иш ўринлари эса америкалик ҳиндуларнинг резервациялари учун ҳамма нарсадан кўпроқ зарурдир.
Давлат хусусий секторда бизнес юритиш харажатларини ҳар томонлама камайтиради: контракт қонунчилиги каби ягона қонун-қоидаларни жорий қилади, фирибгарликка қарши курашади ва валюта маблағларининг нормал айланишини таъминлайди. У инфратузилмани – йўллар, кўприклар, портлар ва тўғонларни қуради ҳамда уларга қарайди, бу эса, ўз навбатида, хусусий тижоратни камхаражат қилишга ёрдам беради. Электрон тижоратга замонамизнинг мўъжизаларидан бири деб қаралиши мумкин, аммо “Amazon” сайтида тостерга буюртма берганингиздан сўнг тостер аввало тақсимот базасидан юк машинасига ортилиб, кейин эса штатлараро йўллардан сизга олиб борилишини унутманг. 1950–1960-йилларда АҚШда капиталнинг йирик қисми янги йўлларга, шу жумладан, штатлараро йўллар тармоғига сарфланди. Ва инфратузилмага киритилган бу сармоя туфайли логистика муҳим роль ўйнайдиган саноат соҳаларида катта маҳсулдорликка эришилди.6666
John G. Fernald, “Roads to Prosperity? Assessing the Link Between Public Capital and Productivity,” American Economics Review, vol. 89, no. 3 (June 1999), pp. 619–38.
[Закрыть] Товарларни уйга етказиб бериш хизматлари учун дронлар ривожланишнинг янги босқичи бўлса, улар шахсий дахлсизлигимизга хавф солмаслиги ва бир-бирига урилиб кетмаслиги учун биз мулкий ҳуқуқларга оид изчил қонунларни ишлаб чиқишимиз керак.
Бундан ташқари, самарали тартибга солиш ва назорат бозорларнинг ишончлилигини оширади. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC)нинг саъйҳаракатлари туфайли энди сиз компания ҳам, биржа савдогарлари ҳам фирибгарлик қилмаётганига ишонган ҳолда NASDAQ биржасидаги янги компаниянинг акцияларини сотиб олишингиз мумкин. Хуллас, давлат қонун устуворлиги учун жавобгардир (ривожланаётган мамлакатларда непотизм, уруғ-аймоқчилик ва қариндош-уруғчиликка таянган бошқа хулқ-атвор шакллари кенг тарқалганининг асосий сабабларидан бири қонун устуворлигининг таъминланмаганидир, ахир аниқ мажбуриятларни белгиловчи шартномалар бўлмаса, кўпинча бизнес операциялари қандайдир шахсий муносабатлар орқалигина кафолатланиши мумкин). Бир вақтлар Кливленд Федерал захира банкининг собиқ президенти Жерри Жордан оддий, аммо одатда эътибордан четда қоладиган бир ҳодиса ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашганди: ривожланган институтларимиз (хоҳ давлат институти, хоҳ хусусий институт бўлсин) бизга мутлақо бегона одамлар билан мураккаб битимлар тузишга имконият яратади. Хусусан, Жордан шундай ёзган: “Ўйлаб кўринг-а, банкдан тез-тез катта миқдорда пул олиб, умримизда кўрмаган одамларга беришимиз қанчалик ажабланарли. Ёки қимматли қоғоз савдогарлари миллионлаб долларни улар умрида бўлмаган мамлакатларда яшайдиган ва ҳаётида ҳеч қачон учратмаган одамларга беришлари ҳақида ўйлаб кўринг. Ва бу тинимсиз давом этади. Пулимизни банк ходими ўғирлашидан хавотирланмаймиз, чунки инфратузилманинг тўғри ишлашига аминмиз. Кредит картаси ёрдамида бошқа штат ёки мамлакатдаги компаниядан интернет орқали янги компакт диск ёхуд теннис ракеткасини сотиб олсак, бу товарларни бизга олиб келишларига ишонамиз, сотувчилар ҳам биз тўлов қилишимизга ишонгани каби.6767
Jerry L. Jordan, “How to Keep Growing ‘New Economies,’” Economic Commentary, Federal Reserve Bank of Cleveland, August 15, 2000.
[Закрыть]
Шекспир адвокатлардан умуман воз кечишни тавсия қилгандир, аммо у иқтисодчи эмас, драматург эди. Ҳақиқат шуки, ҳаммамиз адвокатлардан нолиймиз. Қачонгача? Бирор хато иш қилиб қўйгач, муҳтожликдан бориб, энг яхши адвокатни ёлламагунимизгача. Давлат қонунларни етарли даражада адолатли ва самарали татбиқ этади. Бу қонунлар мукаммалми? Албатта, йўқ. Америка адлия тизимини кўкка кўтариш ўрнига Ҳиндистондан мисол келтираман. Абдул Воҳид қўшниси бўлмиш Муҳаммад Нанҳе исмли сут сотувчиси устидан судга мурожаат қилади. Муҳаммад Нанҳе ҳовлисининг бир четига дренаж тизимини ўрнатади, натижада сув доимо жаноб Воҳиднинг ҳовлисига оқиб тушади. Бу жаноб Воҳидга ёқмайди, чунки у ўзининг бетонли уйига учинчи хона қўшмоқчи эди, аммо қуйилаётган сув тупроқни бузиб, пойдевор қўйилишига халақит беришидан хавотирга тушди. Ва қўшнисини судга берди. Суд жараёни 2000 йил июнь ойида Деҳли яқинида жойлашган Муродобад шаҳрида бўлиб ўтди.6868
Barry Bearak, “In India, the Wheels of Justice Hardly Move,” New York Times, June 1, 2000.
[Закрыть]
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?