Текст книги "Рақамли қалъа"
Автор книги: Дэн Браун
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
Саккизинчи боб
Қўшалоқ моторли Learjet 60 самолёти ниҳоят офтобда қизиб ётган учиш йўлкасига қўнди. Деразадан ташқарида ястаниб ётган испан текисликларига қараб ўйга чўмган йигит радиокарнайдан чиққан хириллаган овоздан чўчиб тушди.
– Жаноб Беккер, етиб келдик. Тайёргарлик кўринг.
Беккер эриниб ўрнидан турди, керишди ва жомадонини қидириб атрофга аланглади. Сўнг шошганидан жомадон олишга ҳам улгурмагани ёдига тушди. Беккерга сафар жуда қисқа муддат давом этишини айтишгани сабаб кийим-кечакларини йиғиштириш хаёлига ҳам келмаганди.
Орадан бир неча сония ўтгач, учувчи пайдо бўлди ва самолёт эшигини очди. Беккер стакандаги наъматак шарбатини охиригача сипқориб, костюмини қўлга олганча эшикка отланди.
Чиқаётган маҳали учувчи йигитни тўхтатди, кўкрак чўнтагидан жигарранг конверт олиб, унга тутқазди ва деди:
– Буни сизга етказишга кўрсатма олганман, марҳамат, жаноб.
Беккер бироз ажабланиб, конвертни очди. Унинг ичида бир даста қизғиш банкноталарни кўриб ҳайрати баттар ошди.
– Бу нимаси…?
– Маҳаллий валюта, жаноб, – илтифот билан тушунтирди учувчи.
– Буни биламан, – дудуқланиб гапирди Беккер, – бироқ… жудаям кўп-ку… Менга такси учун пул керак холос, узоғи билан бир неча соат бўламан бу ерда. Бир неча минг долларга арзигулик иш қилишимга ишонмайман.
– Мен фақат буйруқни бажардим, жаноб.
Учувчи шундай дегач, хайрлашгандек бош силкиди ва ўгирилиб, кабинасига равона бўлди.
Беккер бир муддат нима қилишни билмасдан туриб қолди, сўнг учоқ зинасидан пастга йўналди, йўл-йўлакай конвертни чўнтагига солиб қўйди. Пастга тушгач, қўлидаги костюмини елкасига ташлаганча ангарни кесиб ўтиб, терминал томонга юрди. Воқеалар ғалати тарзда кечаётгани йигитнинг юрагига бироз ғулғула солса-да, у хаёлидан шубҳа-гумонларни қувишга ҳаракат қилди. «Узоғи билан бир неча соат бўламан холос бу ерда. Шундан сўнг Сьюзаннинг ёнига қайтаман. Эртагаёқ саёҳатга жўнаб кетамиз». Шу сўзларни ичида тинмай такрорлаб, ўзини овутишга уринаётган йигит олдинда уни нималар кутаётганидан бутунлай бехабар эди.
Тўққизинчи боб
МХА Криптография бўлимининг тизим хавфсизлиги бўйича техник мутахассиси Фил Чатрукян кеча унутиб қолдирган ҳужжатларини олиш учун йўл-йўлакай Криптога кириб ўтмоқчи бўлди. Бўлимга кириб, ўз иш жойи – тизим хавфсизлиги назорати лабораториясига киргач, Фил ички инстинкт билан ишлар жойида эмаслигини ҳис қилди. Трансхабарнинг ички ишлаш жараёнини акс эттириб турувчи мониторнинг олди бўм-бўш, экраннинг ўзи эса ўчириб қўйилганди.
Чатрукян овоз чиқариб чақирди:
– Ким бор?
Бироқ ҳеч қандай жавоб бўлмади. Лабораторияда тирик жондан асар ҳам йўқ эди.
Эндигина йигирма уч баҳорни қаршилаган Чатрукян Криптода иш бошлаганига узоқ муддат бўлмаган бўлса-да, қоидаларни яхши ўзлаштирганди. Бўлимда ҳамиша тизим хавфсизлиги мутахассисларидан бир киши навбатчи бўлиб қолиши зарур эди. Айниқса, шанба ва якшанба кунлари криптографларнинг деярли ҳаммаси дам олгани сабаб навбатчилик кучайтириларди.
Фил зудлик билан мониторни ёқди, кейин навбатчилар рўйхати ёзилган тахтага қараб юрди. Рўйхатни текшираркан, баланд овозда сўради:
– Бугун ким навбатчи?
Жадвалга кўра, яқинда иш бошлаган Сейденберг исмли янги ходим бугун навбатчиликда туриши керак. Чатрукян бўм-бўш лабораторияга назар ташлаб, қовоғини уйди. Жин урсин, қаерга гумдон бўлдийкин бу бола?!
Монитор ёнишини кузата туриб Филнинг хаёлига Стратмор келди. Залдан ўтаётганида Фил командор хонасининг пардалари туширилганига эътибор қилганди, бу эса шефнинг ҳануз иш жойида эканини билдирарди. Стратмор барча криптографлардан шанба куни дам олишини талаб қилса-да, ўзи бир йилда 365 кун ишлайдиганга ўхшарди.
Агар Стратмор лабораториянинг қаровсиз қолганини билса борми, Сейденберг иши билан хайрлашишига тўғри келади. Тезроқ унга қўнғироқ қилиб, нима гаплигини билишим керак, деб ўйлади Фил. Тизим хавфсизлиги бўлимида ишловчи ходимларда ёзилмаган бир қонун бор эди – оғир вазиятларда улар бир-бирларини қўллаб, ишкал чиққан тақдирда бир-бирининг айбини яширарди. Крипто бўлимидаги юқори табақа вакиллари криптографлар ҳисобланса, лаборатория ишчиларига ўрта синф сифатида қараларди. Бу икки гуруҳ ўртасида баъзан келишмовчиликлар чиқиб турарди. Мана шундай ҳолатлар сабаб техник ходимлар уюшиб ишлашга ўрганишганди.
Чатрукян қўл телефонидан Сейденбернинг рақамини терди, лекин гўшакни ҳеч ким кўтармади. Яна икки марта қайта қилган қўнғироғи жавобсиз қолгач, нима қилишни ўйлаб атрофга аланглади. Фил тўлиқ ишга тушган мониторни кўриб қотиб қолди. У қулоғидаги телефон аппаратини оҳиста пастга туширди, оғзини ланг очганча, мониторга яқинлашди. Техник мутахассис сифатида саккиз ойдан бери фаолият юритаётган йигит олдин ҳеч қачон экрандаги ҳолатга дуч келмаганди.
Ишлаш вақти: 15:17:21
«Ўн беш соат ва ўн етти дақиқа?» Филнинг нафаси ичига тушиб кетди. Бўлиши мумкин эмас!
Балки нотўғри ишга туширилгандир деган гумонда қалтироқ қўли билан экранни ўчириб, қайта ёқди. Бироқ рақамлар камаймасдан, аксинча, ортиб бораётганди.
Чатрукяннинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Тизим хавфсизлик назорати ходимларига атиги биттагина мажбурият юкланганди, у ҳам бўлса Трансхабарни «тоза» сақлаш, вирус тушишига йўл қўймаслик. Машина ўн беш соатдан бери ишлаяптими, демак, унга вирус тушган. Қандайдир ифлос файл Трансхабарнинг ичига кириб олиб, дастурларда носозлик келтириб чиқаряпти.
Вазиятни таҳлил қилган йигит бир зумда лабораториянинг қаровсиз ташлаб кетилганини ҳам, экранларнинг ўчирилганини ҳам, Сейденбергга қўнғироқ қилиши зарурлигини ҳам эсдан чиқариб, ҳақиқий техник мутахассис каби вазиятни қўлга олишга киришди. Зудлик билан компьютерга ўтириб, охирги қирқ саккиз соат ичида Трансхабарга киритилган барча файллар рўйхатини текшира бошлади.
Қандай қилиб зарарланган файл машинанинг ичига кириши мумкин? Наҳотки ҳимоя фильтрлари вирусни ўтказиб юборган бўлса… Филнинг ичидан саволлар гирдоби қайнаб келарди.
Эҳтиёт чораси сифатида Трансхабарга Gauntlet номли дастур ўрнатилган бўлиб, у хавфли вируслар, зарарли файлларни аниқлаб, машина ичкарисига киритмайдиган фильтр вазифасини бажарарди. Gauntlet ўзига хавфли туюлган файлларни қабул қилмасди ва улар одатда қўлда текшириларди. Баъзи-баъзида Gauntlet зарарсиз файлларни ҳам рад этарди, улар фильтрлар олдин дуч келмаган дастурлаш тилида тузилгани бунга сабаб бўларди. Шундай ҳолларда тизим хавфсизлиги назорати ходимлари янги файл тузилган дастурни Gauntlet’даги мавжуд рўйхатга қўшгач, фильтрлар ҳеч қандай муаммосиз уни қабул қиларди.
«Фильтрлардан айланиб ўтиш йўлини топишдимикин?», – йигитнинг хаёли ҳар кўчага кириб чиқаётганди.
Компьютер вируслари касаллик тарқатувчи вируслар каби хилма-хил бўлади. Уларнинг асосий мақсади мезбон танага жойлашиб олиб, унинг ўрнини эгаллашга қаратилади.
Ҳозирги ҳолатда мезбон – Трансхабар эди.
Gauntlet қанчалик қудратли фильтр бўлмасин, эртами-кечми вируслар билан боғлиқ муаммо юз бериши муқаррар эди. Чунки МХА очкўз хўрандадек бутун дунё бўйлаб ўзгаларга тегишли рақамли хабарларни катта ўлчамда тўхтовсиз қабул қиларди. Бегона маълумотларга кўз югуртириш эса палапартиш жинсий алоқага ўхшайди; ҳимояланганмисан ёки йўқми, фарқи йўқ, қачондир ўзингга касаллик юқтириб олишинг аниқ.
Шуларни ўйлай-ўйлай Чатрукян олдидаги рўйхатни текшириб чиқди. Натижа унинг бошини баттар қотириб қўйди. Gauntlet ҳеч қандай ғайриоддий файлни ўтказиб юбормаганди, бу эса Трансхабарда вирус йўқ дегани эди.
«Жин урсин! Ҳаммаёқ тоза! Аммо нима сабабдан кодни топиш бунчалик кўп вақт оляпти?!»
Фил бўм-бўш хонада уни гўё кимдир эшитадигандек овоз чиқариб сўради.
«Стратморга бу ҳақда хабар беришим керак.
Лекин ваҳима кўтарган бўлиб қолмайманми? Олдин Трансхабарни вирусга қарши текшириб кўришим лозим. Стратмор ҳам шу ишни буюрган бўларди барибир».
Шу фикрда йигит вирус текширувчи дастурни ишга туширди. Бу дастур Трансхабарни тўлиқ кўздан кечириши учун ўн беш дақиқадан ортиқ вақт талаб қилинарди. Йигит ўзини босишга уринаркан, монитордан кўзини узмай шивирлади: «Қани болакай, тезроқ бўл! Дадажонингга ҳаммаси жойида эканлигини айтақол!»
Сиртида шундай деса-да, ич-ичидан Фил ҳаммаси жойида эмаслигини ҳис қиларди. У улкан машинанинг ичида жуда ғалати ишлар бўлаётганини сезиб турарди.
Ўнинчи боб
– Энзай Танкадо ўлди? – Сьюзан қулоқларига ишонмади. – Сиз ўлдирдингизми уни? Лекин айтдингизку…
– Унинг ўлимида бизнинг қўлимиз йўқ. Танкадо юрак хуружидан вафот этибди, – ишонтирди Стратмор. – Бугун эрталаб Comint’дан қўнғироқ бўлди. Уларнинг компьютери Севилья полицияси маҳкамасида Танкадонинг исмига дуч келган. Чуқурроқ текширувлар натижасида унинг ўлими тафсилотларини аниқлашган.
Сьюзан командорнинг сўзларига ишонқирамай гапирди:
– Юрак хуружи? Ўттиз ёшда-я?
– Ўттиз икки, – аниқлик киритди шеф. – Унда туғма юрак етишмовчилиги бўлган.
– Бу ҳақда эшитмаган эканман, – ғудранди қиз.
– МХА касаллик тарихи ҳақида мақтанадиган жой эмаслигини Танкадо яхши билган.
Сьюзан тасодифларга ишонмасди. Ҳозир ҳам йигитнинг ўлими шунчаки тасодиф эканлигини қабул қилолмаётганди. Наҳотки юрак хасталиги уни шу зайлда ҳаётдан олиб кетса? Жудаям ишонарли…
Стратмор елка қисди:
– Шундоғам қувватсиз юракка Испаниядаги иссиқ ҳаво салбий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, Рақамли қалъа машмашаси… уни ҳолдан тойдирган бўлса эҳтимол…
Қиз бир муддат сукутга чўмди. Юзага келтирган муаммоларига қарамай, даҳо криптографнинг оламдан ўтиши унинг қалбини ўртаб юборди. Бу криптография олами учун улкан йўқотиш эди. Стратморнинг сезилар-сезилмас қувонч аралаш овози қизнинг ҳасратини тарқатиб юборди:
– Бўлиб ўтган шунча кўнгилсизликлар ичида қалбимга умид бағишлаган нарса Танкадонинг саёҳати давомида ёлғиз экани бўлди. Унинг ҳамтовоғи ҳали шеригининг ўлимидан хабар топмагани бизнинг имкониятларимизни кўпайтиради. Испан ҳукумати вазиятни иложи борича узоқроқ сир сақлашга ваъда берди.
Стратмор гапдан тўхтаб, қизга яқинлашди, кўзларини унга қадаб, қатъият билан деди:
– Мен кўзга кўринмас шерикни иложи борича тезроқ топишим керак, акс ҳолда у Танкадонинг вафотидан хабар топиб, бутун ишни чиппакка чиқаради. Сени бугун чақиришимдан мақсад ҳам шу – ёрдамингга муҳтожман.
Сьюзан командорнинг сўнгги гапларидан чалкашиб кетди. Энзай Танкадонинг қазо қилиши МХАнинг кўпчиб турган муаммосини ҳал қилмадими? Яна нега керак кимнидир қидириб, ишни чигаллаштириш?
– Жаноб, агар ҳукумат унинг ўлими юрак хуружидан экани ҳақида баёнот берса, Танкадонинг ҳамкори унинг вафотига МХА жавобгар эмаслигини билади. Бу билан биз дордан қутулиб қоламиз-ку.
– МХА жавобгар эмас? – Стратмор аламли кулди. – МХАни шантаж қилишга журъат этган кимса бироз вақт ўтиб ўлик топилса, бунга бизни жавобгар қилишмайдими? Бошқаларни қўятур, ҳарҳолда, Танкадонинг сирли дўсти бундай ўйламаслиги аниқ, гаров ўйнашим мумкин! Нима бўлсаям, айбдор биз бўлиб қолаверамиз.
У гапиришдан тўхтаб, қиздан сўради:
– Танкадонинг ўлганини айтганимда хаёлингга келган илк фикр қандай эди?
Қовоғини уйиб олган қиз зўрға жавоб берди:
– Мен ҳам МХА уни тинчитган деб ўйладим.
– Ана кўрдингми? – деди Стратмор тантанавор оҳангда. – Ўрта Шарқ узра бешта Rayolit сунъий йўлдошини ўрнатишга қурбимиз етишини билган одамлар бир тўда испан полициячисини Танкадонинг ўлими сабабини яшириб, ёлғон маълумот беришга кўндиришга ҳам қодир эканимизни яхши билади.
Сьюзан уф тортди. Танкадо ўлган, айбсиз айбдор эса МХА.
– Унинг шеригини топа оламизми ўзи?
– Менимча ҳа. Бизда унга олиб борадиган из бор. Танкадо кўп маротаба ҳамкор билан ишлаётгани ҳақида эълон қилган. Ўйлашимча, шу орқали йигит дастурлаш билан шуғулланувчи фирмаларни калитга эгалик қилиш илинжида ўзига зиён етказишдан қайтармоқчи бўлган. Агар ғирром ўйин бўлса, унинг шериги калитни дарҳол тарқатиб юборади, натижада барча компаниялар текин дастурга биринчи бўлиб эгалик қилиш учун мусобақалашишга тушиб кетади.
– Ақлли қарор, – Танкадонинг фикрини қўллади Сьюзан.
Стратмор давом этди:
– Баъзан омма олдида Танкадо шеригининг исмини айтиб ўтган. Уни Шимолий Дакота деб атаган.
– Шимолий Дакота? Қалбаки исм эканлиги кўриниб турибди.
– Тўғри. Исм ҳақиқий эмас. Аммо мен эҳтиёткорлик юзасидан Шимолий Дакотани интернетдан қидириб кўрдим. У ерда Шимолий Дакота исмли шахс ҳақида бирор арзирли маълумот топмасам-да, шу номдаги электрон почтага дуч келдим. Унчалик ишонқирамасдан аккаунтни текшириб кўрдим. Унинг ичида Энзай Танкадодан келган хабарлар тўлиб-тошганини кўргандан кейин эса ақлдан озай дедим. Танкадонинг хабарларида Рақамли қалъа, МХАни шантаж қилиш ҳақидаги режалари очиқчасига ёзилганди.
Сьюзан Стратморга шубҳаланиб қаради. Командор бунчалик осон алданиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмасди.
– Жаноб, – ниҳоят эътироз билдирди у, – Танкадо МХА ҳар қандай электрон хатни осонлик билан ўқий олишини жуда яхши тушунган, у ҳеч қачон интернетдан мактуб ёзиш воситаси сифатида фойдаланмасди. Бу қопқон. Энзай Танкадо сиз қидиришингизни била туриб Шимолий Дакотани қўшқўллаб тутқазди. У сиз топишни истаган хабарларнигина юборган сохта почтага. Бу очиқ-ойдин қўйилган қопқон. – яна таъкидлади қиз.
– Ажойиб инстинктинг бор, – Стратморнинг бироз жаҳли чиқди. – Айрим нарсаларни ҳисобга олмаганда албатта. Гап шундаки, мен Шимолий Дакота номли ҳеч нарса тополмадим. Мен дуч келган аккаунт ShDakota ники остига яширилганди.
Сьюзан қошини чимирди:
– Хўш, нима қилибди? Танкадо ниятингизга етмагунингизча бир нечта вариантларни синаб кўришингизни тахмин қилган. ShDakota’ни текшириб кўришингиз аниқ эди.
– Бўлиши мумкин, – деди Стратмор хотиржамлик билан ва қоғозга нималарнидир ёзиб, қизга тутқазди. – Лекин мана бунга нима дейсан?
Қиз қоғозни ўқиди ва шу заҳотиёқ командор нимага шаъма қилётганини англади. Қоғозда Шимолий Дакотанинг электрон почта манзили ёзилган эди.
Сьюзаннинг эътиборини манзил ўртасидаги ARA ҳарфлари тортди. ARA Америка рақамли анонимлари деган маънони берарди. ARA жуда машҳур махфий сервер эди.
Аноним серверлар интернет фойдаланувчилар ўртасида кенг тарқалган бўлиб, улардан ўз шахсларини сир сақлашда фойдаланишарди. Пул эвазига бу компаниялар хабар жўнатувчи ва қабул қилувчи ўртасида туриб, мактубнинг кимдан келаётганини яшириб берарди. Бу рақамланган почта қутисидан фойдаланишга ўхшайди. Фойдаланувчи исми-шарифини ва манзилини ошкор этмасдан туриб ҳам мактубларни юбориб, қабул қилиши мумкин. Шахс юборган мактубни қабул қилиб олган компания унга қалбаки исм кийдириб, қабул қилувчига йўналтириб беради. Бундай фирмаларнинг барчаси мижозлари билан тузган шартномага кўра уларнинг шахсий маълумотларини бир умр сир сақлаш мажбуриятини олади.
– Албатта, бу аниқ далил эмас, лекин шубҳаланишга арзийди, – деди Стратмор.
– Айтмоқчсизки, Танкадо Шимолий Дакотани қидириб қолишларидан чўчимаган, чунки унинг исми ва манзили ARA томонидан яширилган, қидирганлар барибир тополмайди деб ўйлаган, шундайми?
– Худди шундай, азизам.
Сьюзан бир неча сония ўйланиб қолди, сўнг сўради:
– ARA асосан АҚШ ҳудудида фаолият юритади. Шимолий Дакота қаердадир яқин атрофда бўлиши мумкин деб ўйлайсизми?
Стратмор елка қисди:
– Бўлиши мумкин. Икки калит сўзни географик жиҳатдан бир-биридан узоқда сақлаш яхши ғоя.
Сьюзан командорнинг гапларига қўшилди.
– Шимолий Дакота… – қиз ўйга чўмди. – Нима сабабдан айнан АҚШ штатларидан бирининг номи аноним исм қилиб танланган? Нега айнан Шимолий Дакота? Нега Вашингтон, Нью-Йорк, Калифорния эмас? Қизиқ… – сўнг овоз чиқариб сўради: – Бу анонимнинг Танкадога ёзган хабарларида нима дейилган экан?
– Бундан хабарим йўқ. Cоминт фақатгина Танкадодан чиқувчи хабарларни ушлаган. У қабул қилган мактублардан бехабармиз.
Сьюзаннинг юрагини шубҳа тарк этмаётганди.
– Бу тузоқ бўлиши мумкин, жаноб, – такрорлади у.
Стратморнинг қошлари чимирилди:
– Қанақасига?
– Жуда оддий! Танкадо ҳеч ким фойдаланмайдиган ўлик аккаунтга сохта электрон хабарларни атайдан юборган. Хабарларни ўқиб, уларни яхшилаб ҳимоялаган, ҳақиқатан ҳам ҳамтовоғи бор деб ўйлашимизга эришмоқчи бўлган. Билишимча, АҚШда унинг бирорта ҳам яқин кишиси йўқ эди. Унинг характерини ҳисобга олсак, аслида Танкадо ёлғиз ишлаётган бўлиши эҳтимолга яқинроқ.
Сьюзаннинг гапларини эшитиб, Стратмор қиқирлаб кулиб юборди:
– Ишонса бўлади. Лекин сен бир нарсани ҳисобга олмаяпсан. Танкадо Шимолий Дакотага мактубни ўзининг доимий электрон манзилидан юбормаган. Аксинча, ўзи бир вақтлар ўқиган Дошиша университетининг серверидан фойдаланиб, яширин аккаунт очган ва ёзишмаларда ўшандан фойдаланган. Ўзинг ўйлаб кўр… Агар Танкадо уни топишимизни истаган бўлса, нима учун махфий почта манзилидан фойдаланди?
Сьюзан саволга ўйлаб ўтирмай жавоб берди:
– Бу иши орқали у электрон почтасининг ишончлилигини таъминламоқчи бўлган холос. Чунки Танкадо қўйган тузоқдан шубҳаланиб қолишингиздан қўрққан.
– Сен аслида криптограф эмас, шахсий детектив бўлишинг керак эди, – Стратмор қизнинг фикрларини эшитиб кулиб юборди, сўнг тушунтиришга киришди. – Фикрингда жон бор. Бироқ гап шундаки, Танкадо юборган ҳеч бир мактуб жавобсиз қолмайди. Танкадо ёзади, Шимолий Дакота жавоб қайтаради. Агар ShDakota ўлик аккаунт бўлганда эди, ундан жавоб мактуби келмаган бўларди.
Сьюзан қошларини чимирди:
– Яхши, тушунарли. Шу омиллар сабаб Шимолий Дакота ортида ҳақиқий, реал шахс турибди деб ўйлаяпсизми?
– Шундай деб қўрқаман. Нима бўлса ҳам, биз уни тезлик билан топишимиз керак. Унинг изига тушганимизни пайқаб қолса борми, ҳаммаси тамом бўлади.
Қиз нима учун Стратмор уни бугун чақирганини энди тушуниб етди.
– Тахмин қилишга рухсат беринг… – деди у. – Сиз мени ARA’нинг маълумотлар базасини бузиб кириб, Шимолий Дакотанинг асл шахсини аниқлашимни истайсиз.
Командорнинг юзи ёришиб кетди, у қизга табассум ҳадя қилди:
– Сен менинг фикримни ўқидинг, Флетчер хоним. Ҳозир менга фақат сен ва Изқувар ёрдам бера олади.
Бир йил аввал, Оқ Уйдаги юқори мартабали бир амалдор ARA фирмаларидан бирининг аноним манзилидан фойдаланиб ёзилган таҳдидли мактублар қабул қилишни бошлади ва МХАдан хатларни юбораётган одамни топишни сўраб мурожаат қилди. МХАнинг ўртада анонимликни таъминлаб турган компанияни воқеа юзасидан сўроқ қилиб, фойдаланувчининг асл шахсини аниқлашга ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққи бўлса-да, улар ортиқча машмашаларсиз Сьюзан яратган Изқувар дастуридан фойдаланишни маъқул кўрди. Қиз Изқуварни компания серверига жойлаштириб қўйиб, мижозларнинг ҳақиқий манзили ва исми-шарифини аниқлаши мумкин эди. Изқувар керакли маълумотни топиб, МХАга юборарди ва из қолдирмасдан ўзини ўзи парчалаб ташларди. Изқувар яратилгандан сўнг, Америка рақамли анонимлари агентлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш МХА учун писта пўчоғига айланганди. Айни вақтда Стратмор Изқувар орқали Шимолий Дакотанинг кимлигини аниқлашни мақсад қилганди.
– Сен топа оласанми уни? – сўради командор қиздан.
– Албатта. Муаммо бўлиши мумкин эмас. Нега олдинроқ чақирмадингиз мени?
– Ростини айтганда, – Стратмор овозини пастлатди, – бирор кимсанинг бу ҳақда хабар топишини истамагандим. Шу сабаб Изқуварни ўзим ишга туширишга уриниб кўрдим. Бироқ, жин урсин, уни янгича гибрид тилда ёзганинг сабаб бошқаришга тишим ўтмади. Натижада сенга қўнғироқ қилиб, дам олиш кунингни барбод қилишга журъат этдим.
Стратмор ясама жаҳл қилди. Буни эшитиб, Сьюзан кулиб юборди. Ҳақиқатда ҳам, Стратмор ақлли криптограф дастурчи бўлса-да, унинг репертуари бошланғич алгоритмлар билан чекланиб қолганди. Сьюзан Изқуварни яратишда эса энг замонавий Limbo дастурлаш тилидан фойдаланганди. Нима сабабдан Стратмор Изқуварни ишга туширишда муаммоларга дуч келганини тушуниш қийин эмасди. Сьюзан кула-кула:
– Ўзим қарайман Изқуварга. Терминалда бўламан, жаноб, – деди ва кетишга чоғланди.
– Тахминан қанча вақт кетиши мумкин бунга? – сабрсизлик билан сўради шеф.
Қиз тўхтади, ўйлаб туриб, жавоб қайтарди:
– Хўш… Бу Шимолий Дакотанинг қаерда эканига боғлиқ. Агар у АҚШ ҳудудида бўлса, сервер орқали унинг банк рақами, кредит картаси ҳақида маълумот олишимга бир соат вақт кетади. Мабодо мамлакат ташқарисида бўлса, уни топишим бироз кўп муддат талаб қилади. –у жилмайиб қўшиб қўйди: – Шимолий Дакотани фош этганимдан кейин уёғи сизга боғлиқ.
Стратмор «уёғи» нима бўлишини жуда яхши биларди. Стратмор бошчилигидаги МХА ҳужумчилари жамоаси Шимолий Дакотанинг уйига қурол билан бостириб кириб, уни ҳибсга олади. Командорнинг шахсан ўзи лаънати алгоритмнинг калитини топиб, парча-парча қилиб ташлайди, шундан кейин Рақамли қалъа бир умр очиб бўлмас кераксиз матоҳга айланади.
– Изқуварни эҳтиёткорлик билан юбор, – шоширди қизни Стратмор. – Агар Шимолий Дакота унинг изидан тушганимизни сезиб қолса, ваҳимага тушади ва калитни олиб, ғойиб бўлади.
– Албатта, жаноб, – Стратморни тинчлантирди қиз. – Шимолий Дакота уни топганимизни сезмай ҳам қолади.
Стратмор ҳорғин оҳангда миннатдорлик билдирди:
– Раҳмат, Сьюзан.
Қиз жавоб ўрнига дўстона табассум қилди. Стратморнинг шундай қалтис вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймаганига ичида қойил қолди. Шефнинг айнан мана шу совуққонлиги, энг мушкул ҳолатда ҳам муаммони ҳал этишга қодирлиги унинг бугунги куч-қудратга эришишига сабаб бўлган омиллардан асосийси эканига Сьюзан бугун яна бир бор амин бўлди.
Қиз ўрнидан туриб, эшик томон юраркан, пастда, залнинг қоқ марказида ғуввилаб ишлаб ётган Трансхабарга нигоҳ ташлади. Тезроқ Шимолий Дакотани топишларини сўраб чин кўнгилдан дуо қилди.
– Дарвоқе, – бир нарса ёдига тушгандек, шеф Сьюзанни ўзига қаратди. – Шимолий Дакотани қанча тез аниқласанг, шунча тез Смоки Маунтин тоғларига, саёҳатга жўнаб кетасан.
Қиз юриб кетаётган жойида музлаб қолди. «Смоки Маунтин? Саёҳат? Мен бу ҳақда командорга ҳеч қачон айтмагандимку… Наҳотки МХА менинг телефонимни эшитаётган бўлса?» У жаҳл аралаш савол назари билан Стратморга ўгирилди.
– Бугун тонгда Девид билан гаплашгандим. Саёҳат ҳақида у айтди, – айбдор оҳангда изоҳ берди Стратмор. – Беккер режангиз кечикишидан жаҳлинг чиқишидан хавотирда эди.
Сьюзан бутунлай карахтланиб қолди ва ҳайрат билан сўради:
– Нима? Сиз эрталаб Девид билан гаплашдингизми?
– Ие, хабаринг йўқмиди ҳали? – ажабланди Стратмор. – Мен Девидга кўрсатма беришим керак эди.
– Кўрсатма? Нима ҳақда кўрсатма?
– Унинг сафари ҳақида кўрсатма. Мен Девидни Испанияга жўнатдим.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?