Электронная библиотека » Дэн Браун » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Рақамли қалъа"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Дэн Браун


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Йигирманчи боб

Дастлаб қурилганида ўрта мактаб вазифасини бажарган Салюд клиникасининг аҳволи ҳавас қилгудек эмасди. Ғиштдан барпо этилган узун, бир қаватли бинодаги катта деразалар ва занг босган панжараларга нохуш назар ташлаган Девид нураб кетган зинадан кўтарилиб, кириш эшигига йўналди. Пешоб ҳиди анқиб турган касалхонанинг бир неча ўн метрга чўзилган энсиз, ним қоронғу коридори йўлкаси ваҳимали туюлиб, Ҳолливуд фильмларидаги қўрқинчли саҳналарни ёдига солди, эти увушганча йўлакнинг охирига тез-тез юриб етиб келди. Чап томонидаги қия очиқ эшикни итариб, ичкарига қаради; хонада териси суягига ёпишган қари бемор аёл тувакка ўтириб ҳожат чиқармоқда эди.

– Ажойиб, – тўнғиллади Девид эшикни ёпиб. – Қабулхона қаерда экан?

Қаерга боришини билмай боши қотиб турган йигитнинг қулоғига залнинг бошқа бурчагидан одамларнинг товуши чалиниб, ўша томонга юрди, бироз ўтгач, олдидан чиққан ойнаванд эшикдаги «Бош қабулхона» деган ёзувни ўқиб, кўнгли ёришиб кетди. Ичкаридан келаётган бақир-чақир овозлардан ажабланиб эшикни очди, бош суқди-ю, ҳафсаласи пир бўлди. Қабулхонада ўнтадан ошиқ одам тўпланиб, навбат кутиб турарди, уларнинг барчаси дардини бараварига айтиб, бақириб, қий-чув кўтарган, хона бурчагидаги курсида ўтирган навбатчи ходим ғазабланган беморларни тинчлантиролмай овора эди. Девид кўнгилчанлик қиладиган бўлса туни билан бу ерда ишини битиролмасдан қолиб кетишини сезди, вазиятни бир дақиқа таҳлил қилгач, хаёлига ажойиб фикр келди.

– Con permiso! – буйруқ оҳангида қичқирди йигит қўли билан одамлар орасини ёриб ўтаркан.

– ¿Dónde está el teléfono? – сўради йигит оҳангини ўзгартирмай. Навбатчи ходим унга қараб, индамасдан қўшалоқ эшикни кўрсатди ва яна ўз иши билан банд бўлди. Девид эшикдан ичкарига ўзини урди ва жуда катта хонага кириб қолди. Бу ер олдин спорт зали вазифасини ўтаганини деворларга осиб қўйилган баскетбол савати айтиб турарди. Полга маҳкамланган пастак койкаларда ўнлаб беморлар ётқизилган эди. Залнинг нариги бурчагидаги алмисоқдан қолган телефон автоматига кўзи тушди ва у томонга қараб юрди, йўл-йўлакай ҳамширага табассум ҳадя қилиб, чўнтагини кавлади. Таксидан қайтган етмиш беш песета иккита маҳаллий қўнғироқни амалга ошириш учун етарди. Гўшакни қўлига олиб, клиниканинг бош офиси рақамини билиш учун маълумотлар бюросига қўнғироқ қилди. Бир неча сониядан кейин ўзига керакли маълумотга эга бўлди.

Қайси мамлакатда бўлишидан қатъий назар, барча офисларда бир ҳақиқат бор эди: тинимсиз жиринглаётган телефон котибаларнинг асабини шу даражада бузадики, қўнғироққа жавоб бериш учун барча ишини ташлаб бўлса ҳам етиб келишади. Беккер клиника бош офисининг рақамини тераркан, бугуннинг ўзида билаги синиши ва бош чайқалиши билан касалхонага келган канадалик сайёҳнинг маълумотномасини топишга кўп вақт кетмаслигига ишончи комил эди. Котиба дуч келган нотаниш одамга беморнинг шахсий маълумотларини очиқ-ойдин айтишга иккиланишини ҳисобга олиб, Девид бунинг чорасини ҳам топиб қўйганди.

Телефон жиринглай бошлади. Узундан-узоқ давом этган ўн тўққиз гудокдан кейин котибанинг жаҳлдор овози эшитилди:

– Салюд халқ клиникаси эшитади.

Беккер французча-америкача оҳанг испан тилида гап бошлади:

– Мен Девид Беккер бўламан. Сизни Канада элчихонасидан безовта қиляпмиз. Фуқароларимиздан бири бугун шифохонангизда кўрикдан ўтган экан. Элчихона беморга суғурта масаласи бўйича боғланиши учун унинг маълумотлари зарур бизга.

– Яхши, – деди аёл. – Мен маълумотномани элчихонага душанба куни юбораман.

– Зудлик билан бугун ахборот қўлимизда бўлиши керак, бу жуда ҳам муҳим! – босим ўтказди йигит.

– Иложи йўқ, – жаҳл қилди аёл. – Ишим бошимдан ошиб ётибди.

Беккер иложи борича овозига расмий тус беришга интилди:

– Бу кечиктириб бўлмас масала. Сайёҳнинг билаги синиб, бошидан жароҳат олган ва унга бугун, эрталабки соатларда муолажа кўрсатилган. Унинг маълумотномаси энг тепада турган бўлиши керак.

Йигит эҳтиёжини аниқ тушунтириш ва котибани саросимага солиб қўйиш мақсадида овозини йўғонлаштирди.

Лекин котиба Беккернинг айтганини қилиш ўрнига худбин америкаликни қарғаганича гўшакни тарақлатиб илиб қўйди.

Йигитнинг қовоғи уйилиб, телефонни жойига осди. Аслида Девидни чўчитаётган нарса туни билан касалхонада қолиш эмас, балки вақтининг беҳудага сарфланаётгани эди – канадалик ҳозир ҳар қаерда бўлиши мумкин, балки у ватанига қайтишга қарор қилгандир, балки узукни сотиб юбормоқчидир… Ҳар дақиқа ғанимат… Беккер ўзини қўлга олиб, қатъият билан яна рақам теришга киришди, гўшакни қулоғига тутиб, орқасидаги деворга суянди. Нариги тарафдан қўнғироққа жавоб бўлишини кутганича эринчоқлик билан зални ва беморларни кўздан кечира бошлади. Битта гудок… Иккита гудок… Учта…

Тўсатдан Девидни чақмоқ ургандек бўлди. Кескин қайрилиб, гўшакни жойига қўйди. Кейин ўгирилиб, кўз олдидаги манзарадан ҳанг-манг бўлиб қолди. Унинг рўпарасидаги койкада қават-қават уйилган эски ёстиқларга суяниб ўнг қўлига янги гипс боғланган ёши улуғ эркак ётарди.

Йигирма биринчи боб

Ниҳоят Токуген Нуматака интизорлик билан кутаётган қўнғироқ бўлди. Лекин америкаликнинг гўшакдан эшитилган овози асабий жаранглади.

– Жаноб Нуматака, бир дақиқа гаплаша оламан холос.

– Яхши. Ишонаманки, иккала калит сўз ҳам ҳозир қўлингизда, шундай эмасми?

– Режаларимиз бироз кечикди, – жавоб берди америкалик.

– Бу қабул қилинмайди! – эътироз билдирди Нуматака. – Бугун кун ботгунча калитлар қўлимда бўлишига ваъда бергансиз.

– Кичик муаммо чиқди.

– Танкадо ўлдими?

– Ҳа, – деди овоз. – Менинг одамим жаноб Танкадони йўқ қилди. Бироқ калит сўзни қўлга киритишда муваффақиятсизликка учради. Танкадо ўлимидан олдин уни бериб юборибди. Сайёҳга.

– Жин урсин сизни! – бақириб юборди Нуматака воқеалар ривожини эшитиб. – Қандай ҳаддингиз сиғди ваъда…

– Ўзингизни босинг, – тинчлантирди уни америкалик. – Ишончингиз комил бўлсин, йўқолган калит сўз топилиши биланоқ Рақамли қалъа сизники бўлади.

– Лекин ундан нусха олишлари мумкин, – Нуматаканинг юрагига ваҳима оралади.

– Калитга нигоҳи тушган одам, ким бўлишидан қатъий назар, йўқ қилинади.

Ўртага узоқ жимлик тишди. Ниҳоят Нуматака сўради:

– Калит қаерда ҳозир?

– Сиз билишингиз керак бўлган ягона нарса шуки, калит сўз албатта топилади. Бошқаси билан ишингиз бўлмасин.

– Нега бунчалик ишоняпсиз бунга?

– Чунки калитни қидираётган битта мен эмасман. Америка разведкаси йўқолган калитдан хабар топиб, уни излаш учун Девид Беккер исмли одамни юборибди.

– Қаердан биласиз буни?

– Бунинг сизга алоқаси йўқ.

Нуматака уни тўхтатди:

– Агар жаноб Беккер калитни сиздан олдин топса…

– Менинг одамим уни тортиб олади.

– Ундан кейинчи?

– Кейин нима бўлиши сизни ўйлантирмасин, – деди америкалик совуқ оҳангда. – Жаноб Беккер калитни топиши биланоқ уни ажойиб мукофот билан тақдирлаймиз.

Йигирма иккинчи боб

Девид Беккер ҳаяжон ичра койкага яқинлашди ва унда ухлаб ётган қариянинг юзига тикилди. Ўнг қўли гипс билан маҳкамлаб ташланган чол тахминан олтмиш беш – етмиш ёшларда эди. Унинг қордек оппоқ сочлари тартиб билан бир тарафга текис таралган, пешонасининг ўртасидаги катта кўкимтир шиш ўнг кўзи томон ёйилганди.

Лейтенант айтган кичкина ғурра шуми, деб ўйлади Девид суҳбатдошининг гапини эслаб. Йигит қариянинг бармоқларини текширди. У ерда ҳеч қандай узук йўқ эди.

– Жаноб? – у беморнинг қўлини оҳиста қимирлатди. – Кечирасиз мени… Жаноб?

Қария қимир этмади.

Беккер энди баландроқ овозда чақирди:

– Жаноб!

– Qu’est-ce… Quelle heure est, – бемор уйғонди, кўзларини секин очиб, Беккерга юзланди. Афтидан, безовта қилишганидан хурсанд эмасди. – Qu’est-ce-que vous voulez?”

Ажойиб! Франко-канадалик! Беккер унга илжайиб қаради:

– Бир дақиқа вақтингизни олсам майлими?

Беккер француз тилини мукаммал билса-да, қария унча яхши билмайдиган инглиз тилида гапирди. Сайёҳни етти ёт бегона одамга узукни қўшқўллаб топширишга ишонтириш бироз айёрлик талаб қиларди.

Бемор ўзига келиб, нима бўлаётганини англаб олгунча анча вақт ўтди. У атрофини бир сидра кўздан кечирди, сўнг соғ қўлининг бармоқларини кўтариб, оппоқ мўйлабини текислади ва ниҳоят ингичка овозда тилга кирди:

– Сизга нима керак?

– Жаноб, – деди Беккер кар одамга гапираётган мисоли ҳар бир сўзини дона-дона қилиб. – Сизга берадиган бир нечта саволим бор эди.

Қариянинг юзида аччиқланиш аломатлари пайдо бўлди, у қошини кериб сўради:

– Бирор муаммо борми?

Сайёҳ инглиз тилида бенуқсон гапираётганини кўриб Беккернинг қовоғи уйилди, овозини жиддийлаштириб деди:

– Безовта қилганим учун узр. Мабодо сиз бугун Испан майдонида бўлмадингизми?

Чолнинг кўзлари қисилди:

– Сиз шаҳар кенгашидан келдингизми?

– Йўқ, мен аслида…

– Туризм қўмитасиданмисиз?

– Йўқ, мен…

– Менга қаранг, сиз нима учун бу ерга келганингизни яхши биламан. – Қария ўрнидан туришга уринди. – Мени қўрқита олмайсиз. Мен ўз фикримни минг марта айтдим – камина, Пьер Клушар, дунёни қандай бўлса шундайлигича ёзаман. Сизларнинг баъзи сайёҳлик китобчаларингиз менинг ёзганларимни хаспўшлаши мумкин, Montreal Times эмас!

– Кечирасиз, жаноб, менимча сиз ҳалиям____

– Merde alors! Ҳаммасига ақлим етиб турибди, – қичқирди қария қоқсуяк бармоқларини Девидга қарата силкитганича. Унинг овози залда акс-садо берди: – Сиз биринчиси эмассиз, уқдингизми? Улар Мулен Ружда ҳам, Браунс саройида ҳам, Лагосда ҳам оғзимни ёпишга уринишганди. Лекин матбуотда нима чоп этилганини биласизми? Ҳақиқат! Мен татиган энг расво таом! Мен кўрган энг бадбўй ванна! Ҳамда умрим давомида учратган энг кўримсиз соҳил! Мен ҳаммасини очиқ-ойдин ёзганман, ҳа-ҳа, очиқ-ойдин! Ўқувчиларим барчасини билиши зарур!

Қария баланд овозда бақириб гапиргани боис қўшни каравотдаги беморлар ўрнидан туриб, нима бўлаётганини кузатишга киришганди. Беккер асабийлашиб, ҳамширани қидирди; чол шу кетишда давом этса, беморни безовта қилгани учун йигитнинг думини тугишлари аниқ эди.

Қария бўлса вайсашда давом этарди:

– Бефаросат зобит мени мотоциклга чиқишга мажбур қилди! Аҳволимга қаранг! – у шикастланган қўлини кўтаришга уринди. – Энди қайси қўл билан ёзаман мақолани? Ҳаммаси учун жавоб берасизлар ҳали.

– Жаноб, мен…

– Қария Клушар қирқ уч йилдан бери саёҳат қилади, лекин бу энг расво, энг ноқулай сафар бўлди! Мана бу жойга қаранг! Сиз менинг шарҳимни…

– Жаноб, – тоқати тоқ бўлган Девид чолнинг гапини чўрт кесди. – Менга шарҳингизнинг умуман қизиғи йўқ. Мен Канада консуллик идорасидан келдим, аҳволингиздан хабар олгани.

Девиднинг сўзларидан кейин залга ўлик сукунат чўкди. Қария ўрнидан қўзғалмай шубҳа билан йигитга тикилди.

Беккер таваккал қилиб, гапида давом этди:

– Мен сизга ёрдам кўрсатиш мақсадида ташриф буюрдим.

Узоқ жимликдан кейин канадалик тилга кирди:

– Сиз консулликданмисиз? – чолнинг овози мулойимлашганини сезиш қийин эмасди.

Беккер бош ирғади.

– Демак, сиз ёзажак мақолам масаласида келмагансиз?

– Йўқ, жаноб.

Пьер Клушар дами чиққан пуфакдек сўлжайиб, ёстиғига яхшироқ ўрнашиб олди.

– Мен ўйлабманки, сиз шаҳар идорасидансиз деб… Оғзимни ёпгани юборишган деб… –деди у хижолатли товушда, кейин жиддийлашиб сўради: – Гап мақола ҳақида эмас экан, келишингиздан мақсад нима?

Яхши савол, ўйлади Девид кўз олдига Смоки Маунтин манзараларини келтираркан. У ёлғон гапирди:

– Шунчаки, норасмий дипломатик ҳурмат юзасидан.

Қария ажабланди:

– Дипломатик ҳурмат?

– Шундай, жаноб. Сиздек ҳурматли шахс Канада ҳукумати ўз фуқароларини мамлакат чегараларидан ташқарида ҳам ҳимоя қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилишидан хабардор бўлса керак. Айниқса, – овозини пастлатди йигит, – айниқса айрим ривожланмаган давлатларда кўнгилсизликка учраган фуқароларимиз ҳолидан хабар олиш бизнинг бурчимиз.

Клушарнинг юзига табассум ёйилди:

– Ҳа, албатта… Бу жуда ёқимли.

– Сиз Канада фуқаросисиз, шундайми?

– Ҳа, албатта. Сизга жаҳл қилганим жуда бемаъни иш бўлди-да, мени афв этгайсиз. Мени шундай аҳволга солишган… ўзингиз тушуниб тургандирсиз… – айбдор оҳангда шоша-пиша кечирим сўради қария.

– Хижолат бўлманг жаноб, машҳур бўлиш осонмас, буни тушунаман.

– Асти гапирманг, – хўрсинди Клушар ва кўзлари билан атрофга ирганиб қаради. – Мана бу ташландиқхонани кўринг. Улар мени мазах қилгандек бу ерда туни билан олиб қолишга қарор қилишди.

Беккер ҳам кўз қирини ташлаб, ҳамдардлик билдирди:

– Ростданам, жудаям расво жой экан. Эртароқ келолмаганим учун кечиринг.

– Келишингиздан бехабар эдим.

Девид мавзуни бошқа ёққа бурди:

– Бошингиз ёмон ғурра бўлган кўринади. Оғрияптими?

– Ростини айтсам, унчалик эмас. Аммо билагим… қаттиқ шикастланган кўринади, оғриқ тинчлик бермаяпти. Аҳмоқ полициячи! Қайси калласи билан менинг ёшимдаги одамни мотоциклга чиқарди… Буни кечириб бўлмайди!

– Сизга бирор нарса керакми? Дори-дармон ёки тоза кийим? Мен олиб келишим мумкин, – таклиф қилди Беккер.

Клушар берилаётган эътибордан мамнунлигини яширмай жилмайди:

– Хўш… – бир муддат ўйга толиб, бўйнини чўзди, бошини ўнгдан чапга буриб, деди: – Яна битта ёстиқ бўлса ёмон бўлмасди… Агар малол келмаса.

– Бемалол, ҳозир тўғрилаймиз. – Беккер қўшни койкадаги ёстиқни олиб, Клушар қулайроқ ётишига имконият яратди.

Қария хурсанд бўлиб, нафас чиқарди:

– Анча яхши… Миннатдорман.

– Pas du tout, – жавоб қайтарди йигит.

– Ооо! – қадрдон француз тилини эшитиб, Клушарнинг юзи ёришиб кетди. – Демак, сиз тараққий топган дунё тилида гапира оласиз, шундайми?

– Шундай десаям бўлади, – Девид бироз хижолат тортди.

– Ажойиб! – хитоб қилди қария мағрурланиб. – Мен ёзган мақолалар АҚШда чоп этилади, шунинг учун инглиз тили мен учун биринчи ўринда, аммо французча юрагимда яшайди!

– Кўриниб турибди, – илжайди Девид ва Клушарнинг каравоти четига ўтирди. – Энди, жаноб Клушар, менга айтингчи, сиздек одам нима учун айнан бунақа қаровсиз клиникага келди? Севильяда анча яхши касалхоналар ҳам борку.

Бўлиб ўтган воқеалар қайта ёдига тушиб, қариянинг яна фиғони фалакка чиқди:

– Анави зобит… У мени мотоциклдан йиқитиб юборди, кейин бир ўзимни қонга беланган аҳволимда ташлаб кетди… Зўрға судралиб етиб келдим бу ерга.

– Зобит яхшироқ жойга олиб боришни таклиф қилмадими?

– Лаънати мотоциклидами? Раҳмат, керак эмас!

– Ўзи нима бўлганди эрталаб?

– Мен тафсилотларни лейтенантга айтиб бердим.

– Мен зобит билан гаплашдим ва…

– Умид қиламанки, сиз у тўнка зобитга ҳайфсан эълон қилгансиз, – Девиднинг гапини бўлди Клушар.

Йигит бош силкиди:

– Бир эмас, бир нечта!

– Жуда яхши бўпти, – илжайди қария қувончини яширмай.

– Жаноб Клушар, – илтифот билан деди Беккер чўнтагидан блокнот ва ручка чиқарар экан. – Мен шаҳар кенгашига расман шикоятнома тайёрламоқчиман. Ёрдам берасизми? Сиздек обрўли одамнинг гувоҳлигини рад этиб бўлмайди.

Клушарнинг кўнгли кўтарилди. Ўрнидан туриб, Девиднинг ёнига ўтирди.

– Нимага энди… Албатта… Бажонидил кўрсатма бераман.

– Яхши, келинг, бугун эрталабдан бошлайлик. Менга бўлиб ўтган бахтсиз ҳодиса ҳақида айтиб берсангиз.

Қария чуқур хўрсинди:

– Жуда қайғули иш бўлди. Бечора осиёлик ўзидан-ўзи қулаб тушди, мен унга ёрдам беришга ҳаракат қилдим – фойда бўлмади.

– Унинг юрагини массаж қилдингизми?

Клушар уялиб кетди:

– Мен… ҳалиги… Юрак массажидан қандай фойдаланишни билмайман… Шунга дарҳол тез ёрдам чақирдим.

Беккернинг кўзи олдига Танкадонинг кўкрагида қолиб кетган кўкимтир из келди.

– Шифокорлар юрак массажидан фойдаландими?

– Албатта йўқ, – кулди Клушар. – Аллақачон ўлиб бўлган одамни турткилашдан нима наф? Йигитча тез ёрдам машинаси етиб келишидан анча олдин бандаликни бажо келтириб бўлганди. Шифокорлар унинг пульсини текширди, замбилга ортди ва мени довдир зобит билан ёлғиз қолдириб, жўнаб кетди.

«Жуда қизиқ, – ўйлади Девид. – Гематома ниманинг изи бўлиши мумкин у ҳолда?»

Кейин эса, вақтини ортиқча хаёлларга кетказмасликка уриниб, сўроқ қилишда давом этди:

– Узукчи?

Клушар ажабланди:

– Лейтенант сизга узук ҳақида айтдими?

– Аҳа, айтиб берди.

– Ростданми? – ҳайратланди қария, сўнг жаврай кетди: – Мен пандавақи лейтенант ҳикоямга ишонмади деб ўйловдим. У жуда жиддий қўполлик қилди – худди-ки мен ёлғон гапираётгандек. Лекин айтиб берганларим чин эди. Мен доим аниқ гапиришим билан фахрланиб келганман.

– Узук қаерда ҳозир? – сўради Девид сабрсизланиб.

Клушар унинг гапини эшитмагандек сўзида давом этарди:

– Рости, жудаям ғалати буюм экан. Айниқса ҳарфлар… Мен умримда учратмаган тилга ўхшайди…

– Япончадир балки?

– Аниқ ундай эмас.

– Яхшилаб қарадингизми ўзи?

– Албатта, азизим! Йигитга ёрдам бераман деб чўккалаганимда у нуқул бармоқларини юзимга ниқтайверди. Бечора ўлими олдидан узукни менга беришни истаган экан. Ҳанузгача унинг қўллари хаёлимдан кетмаяпти – жуда даҳшатли…

– Узукни олганингиздан кейин нима бўлди?

Клушарнинг кўзлари кенг очилди:

– Узукни олганингиздан кейин, – такрорлади у ажабланиб. – Ким айтди сизга узукни олди деб? Анави телба зобитми?

Беккер сўзсиз бош ирғади.

Қария тутаб кетди:

– Билардим у жинни мени эшитмаётганини! Мана қора миш-мишлар қандай бошланади! Мен зобитга айтдимки, япон йигит узукни берди – лекин менга эмас! Мен ўлаётган одамдан икки дунёда ҳам бирор нарса олмайман! Ё парвардигор! Шунчалигам бемаънилик бўладими? – тинмай вайсарди у.

Беккернинг кўнгли нохушликни сезди.

– Тушунмадим, узук сиздамасми?

– Албатта менда эмас!

Йигитнинг ичи шувиллаб кетди.

– Ундай бўлса, кимда?

Клушар унга жаҳл аралаш деди:

– Кимда дейсизми? Немисда. Узукни немис олган!

Беккернинг кўзлари тиниб кетди:

– Немис? Қайси немис?

– Қайси бўларди, паркдаги немис! Мен зобитга у ҳақда айтиб бердим. Мен узукдан воз кечдим, лекин ярамас фашист уни олди.

Беккер ручка ва қоғозни пастга туширди. Томоша тугаганди. Ҳафсаласи пир бўлиб сўради:

– Демак узук немисда, шундайми?

– Худди шундай.

– У қаерга кетди?

– Худо билади. Мен полицияга қўнғироқ қилиш учун югурдим. Ортга қайтганимда эса немис кетиб бўлганди.

– Унинг кимлигини биласизми?

– Қандайдир сайёҳ эди.

– Ишончингиз комилми?

– Сайёҳлик менинг касбим-ку, – ўқрайди Клушар Девиднинг унга ишонмаганидан аччиғи чиқиб. – Мен одам сайёҳ эканини бир қарашдаёқ фарқлай оламан. Немис ва унинг қиз дугонаси боғда сайр қилиб юришганди.

Девид чалкашиб кетди:

– Қиз дугонаси? Немис билан бирга кимдир бормиди?

Қария бош силкиди:

– Жуда келишган, қизил сочли аёл ҳамроҳлик қилаётганди унга… Ҳойнаҳой пул эвазига.

– Пул эвазига? – йигит ҳанг-манг бўлиб қолди. – Немис билан юрган аёл фоҳиша эди демоқчимисиз?

Фоҳиша сўзини эшитиб Клушарнинг юзи буришди.

– Ҳмм, шундай десаям бўлади, фақат фоҳиша жуда қўпол жаранглайди-да.

– Бироқ… Зобит бу ҳақда…

– Албатта индамайди! Чунки мен аёл ҳақида унга ғинг деганим йўқ, – йигитнинг гапини илиб кетди қария. – Фоҳишалар жиноятчи эмас – уларга ўғрилардек қўпол муомала қилишлари нотўғри…

Девид ҳануз енгил шок ҳолатида эди.

– У ерда яна кимдир бормиди?

– Йўқ, фақат учаламиз эдик, ҳаво иссиқ бўлгани учун ҳамма ўзини соя-салқинга урганди.

– Аёлнинг фоҳиша эканига аминмисиз? – қайта сўради йигит.

– Икки юз фоиз! Ҳеч қайси чиройли аёл ўша немисдақа бадбашара маҳлуқ билан бирга бўлмайди – агар яхши ҳақ тўланмаса. Немис бақалоқ эди, тахминан уч юз фунтча тош босса керак, бунинг устига, оғзидан тинимсиз қўпол сўзлар чиқарди, сўкинишдан тўхтамасди. Қизилсоч хонимнинг билагидан маҳкам тутиб юрарди, худди у қочиб кетаётгандай. Ҳойнаҳой атиги уч юз доллар эвазига дам олиш кунларини бирга ўтказишга кўнган бўлса керак… Аслида бечора осиёлик эмас, ўша фашист нариги дунёга равона бўлиши керак эди, – қария жаврай-жаврай ниҳоят тўхтади. Беккер ўрнидан турди.

– Унинг исмини биласизми?

Клушар бир дақиқа ўйлаб, бош чайқади:

– Билмайман.

Билагидаги оғриқ кучайиб кетди шекилли, инграб юборди. Девид қариянинг жойига ётишига ёрдамлашди. Клушар бошини ёстиққа қўйгач, кўзларини юмиб, тин олди, пешонасини силади. Суҳбат уни толиқтириб қўйганди.

Беккер унга қараб туриб чуқур уҳ тортди, ич-ичидан хўрсиниш келди. Узукни топиш учун қилган шунча ҳаракати бежиз кетганига ачинди. Командор Стратморни бу янгилик хурсанд қилмаслиги аниқ. Йигит ўйлаб кўриб, бошқа усулни синаб кўришга ҳаракат қилди.

– Жаноб Клушар, мен немис ва унинг дугонасидан ҳам кўрсатма олмоқчиман. Нима деб ўйлайсиз, улар қаерда туради?

Клушарнинг кўзлари юмуқ, нафас олиши сокинлашганди.

– Наҳотки ҳеч нарса? Ҳеч йўқ қизнинг исми эсизда қолгандир?

Жим-житлик.

Клушар ўнг чаккасини ишқалади, бироз безовталаниб, қалтироқ овозда деди:

– Яхши… йўқ… а… ишонмайман…

Беккер чолнинг устига эгилди:

– Ҳаммаси жойидами, жаноб?

Қария бошини енгил қимирлатди:

– Ҳа… яхши… шунчаки… чарчадим шекилли…

– Ўйлаб кўринг, жаноб Клушар, – шоширди уни Беккер. – Бу жуда муҳим.

Клушар сесканиб тушди, нигоҳини базўр йигитга қарата:

– Мен билмайман… аёл… немис чақиряпти… – деди-ю, яна кўзлари юмилди.

– Унинг исми нима, жаноб?

– Мен эслолмайман… рост… – пичирлади қария.

– Ўйланг, – Беккер Клушарнинг қўлидан тутди. – Ухламанг, жаноб, ҳозир уйқунинг ўрни эмас! Консуллик ҳужжатлари тўлиқ ёзилиши зарур. Сизнинг ҳикоянгизни бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари билан мутаҳкамлашим керак. Уларни топиш учун қандай ёрдам…

Клушар йигитни эшитмаётган эди.

– Жаноб Клушар, сиз эслашингиз керак, ҳозироқ, жаноб! – йигит қариянинг елкасини силкий бошлади ва тўсатдан баланд овозда гапираётганини, каравотдаги беморлар ўрнидан туриб унга қараётганини эслаб қолди. Шуни кутиб тургандек, залнинг кириш эшигидан ҳамширанинг қораси кўринди, у Девид томон кела бошлади.

– Жано-о-б, жавоб беринг, ҳозироқ!

– Немис аёлнинг исми…

– Нима деди исмини? – шоширди Девид, чолнинг бошини кўтариб, юзига шапатилади.

Клушарнинг кўзлари бир лаҳзага очилди.

– Унинг исми…

– Қария, ухламанг, жавоб беринг!

– Дю… – базўр пичирлади қария.

– Дю? Аёлнинг исми Дю эдими? – Беккер қулоғини чолнинг оғзига яқинлаштирди. Бу орада ҳамшира уларга яқинлашиб қолганди, афтидан, беморни безовта қилгани учун нотаниш йигитдан жаҳли чиққанди.

Қария инқиллади.

– Немис… чақирди… – унинг виширлаган овозини ҳатто беш сантиметр узоқдан ҳам эшитишнинг иложи йўқ эди.

Каравотга етишига ўн қадам қолган ҳамшира испан тилида алланималар деб Беккерга бақира кетди. Йигит парво қилмади. Унинг бутун диққати чолнинг оғзида эди. Сўнгги марта беморни силкитаётганида ҳамшира етиб келди. Бақувват аёл Беккернинг елкасидан ушлаб орқага итқитиб юборган замон қариянинг оғзидан сўнгги сўз учиб чиқди. Девид у нима деганини эшитмаган бўлса ҳам, чолнинг лаб ҳаракатига қараб туриб қайси сўзни талаффуз қилганини тушунди – «шабнам томчиси».

Ҳамшира сўкинганча Беккерни эшик томон судраб кета бошлади.

«Шабнам томчиси – шабнам томчиси?» – ҳайрон бўлди йигит. Бу яна қанақа исм бўлди? Девид билагидан маҳкам ушлаб олган ҳамширани силтаб, охирги марта койкада ором олаётган Клушарга ўгирилди.

– Шабнам томчиси? Ишончингиз комилми, жаноб?

Жавоб бўлмади. Қария қаттиқ уйқуга кетган эди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации