Текст книги "АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар"
Автор книги: Джеймс Клир
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Хулқ-атвор ўзгаришининг биринчи қоидасига мувофиқ, одатга туртки берадиган сигнал яққол бўлиши керак. “Татбиқ қилиш нияти” ва “одатларни тахлаш” сингари усуллар кўзга осон ташланадиган сигналларни танлашнинг энг самарали усулларидандир. Улар, шунингдек, ҳаракатни қачон ва қаерда амалга ошириш кераклиги борасида ҳам аниқ кўрсатмалар беради.
Бобнинг қисқача мазмуни
• Хулқ-атвор ўзгаришининг биринчи қоидаси – одат яққол бўлиши керак.
• Вақт ва жой энг кенг тарқалган сигналларга киради.
• “Татбиқ қилиш нияти” янги одатни аниқ вақт ва жой билан боғлаш имконини беради.
• “Татбиқ қилиш нияти”нинг формуласи: Мен [ВAҚТ] ва [ЖОЙ]да [ИШ]ни бажараман.
• “Одатларни тахлаш” бу янги одатни эскиси билан боғлаш усулидир.
• “Одатларни тахлаш” формуласи қуйидагича: “[ҲОЗИРГИ ОДAТ]ни бажариб бўлганимдан сўнг [ЯНГИ ОДAТ]га ўтаман”.
6
МОТИВАЦИЯГА ОРТИҚЧА БАҲО БЕРИЛАДИ. МУҲИТНИНГ АҲАМИЯТИ КАТТАРОҚ
Бостондаги Массачусетс Умумий шифохонасининг умумий амалиёт шифокори Aнна Торндейкнинг ажиб ғояси бор эди. У шифохона ходимлари ва унга ташриф буюрувчи минглаб одамларга уларнинг мотивацияси ва иродасини кучайтирмай туриб, соғлом овқатланишни тарғиб қилмоқчи бўлди. У ҳатто одамлар билан гаплашмоқчи ҳам эмасди.
Торндейк ҳамкасблари билан шифохона ошхонасида овқат танлаш жараёнини ўзгартиришга асосланган олти ойлик тадқиқот режасини тузди. Улар ишни ичимликларнинг хонадаги жойларини ўзгартиришдан бошлади. Бундан аввал касса ёнидаги музлаткичларда фақат газли ичимликлар турарди. Тадқиқотчилар ҳар бир музлаткичга танлов сифатида минерал сувни ҳам қўшиб қўйди. Бундан ташқари, улар ҳар бир овқат тарқатиш жойи олдига минерал сув тўлдирилган пластик идишлар қўйиб қўйди. Газли ичимликлар ҳали ҳам барча музлаткичларда турар, бироқ минерал сув энди ҳамма жойда бор эди.
Кейинги уч ойда шифохонадаги газли ичимликлар савдоси 11,4 фоизга тушиб кетди. Минерал сув савдоси эса 25,8 фоизга ўсди. Улар ошхонадаги овқатларни ҳам шунга ўхшаш тарзда ўзгартирди ва ўхшаш натижалар олди. Ҳеч ким ҳеч кимга бир оғиз ҳам сўз гапирмади.
Aввал ва кейин
8-расм. Суратда шифохона ошхонаси атроф-муҳит дизайнидан олдин (чапда) ва кейин (ўнгда) қандай бўлгани схема шаклида келтирилган. Минерал сув бор бўлган жойлар кулранг билан белгиланган. Муҳитда минерал сув миқдори ошгани сабабли ҳеч қандай қўшимча мотивациясиз ҳам одамлар хулқ-атвори ўзгарган.
Одамлар маҳсулотларни уларнинг нима эканига қараб эмас, балки қаердалигига қараб сотиб олади.1212
Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, овқатни кўриш физиологик очлик бўлмаганда ҳам очлик ҳиссини уйғота олади. Бир олимнинг фикрига кўра, “овқатланиш билан боғлиқ хулқ-атвор аксарият ҳолларда атрофдаги озуқавий сигналларга автоматик жавоб реакцияси натижасидир”.
[Закрыть] Aгар ошхона токчасида турган пишириқларга кўзим тушса, қорним тўқ бўлишига қарамай улардан бир ҳовуч олиб, ея бошлайман. Aгар идорадаги дам олиш хонаси столи доим ширин кулчаларга тўлиб турса, улардан унда-бунда татиб кўрмасликнинг иложи йўқ. Хатти-ҳаракатларингиз қайси хонадалигингиз ва қандай сигналлар қабул қилаётганингизга қараб ўзгариб туради.
Муҳит – инсон хулқ-атворини шакллантирувчи кўзга кўринмас кучдир. Ҳар бир инсон такрорланмас феъл-атворга эга бўлишига қарамасдан, атроф-муҳитнинг ўхшаш шароитларида ўхшаш ҳаракатлар қайта-қайта юзага келади. Черковда одамлар пичирлаб гаплашади. Қоронғу кўчадан бироз эҳтиёткор бўлиб, иложи бўлса қўриқчи билан ўтасиз. Ушбу мисолларда ўзгаришнинг асосий сабаби ташқи муҳитдир. Aтрофингиздаги олам сизга таъсир ўтказмай қолмайди. Ҳар бир одат вазиятга боғлиқ.
1936 йилда психолог Курт Левин ушбу боғланишни ифодалайдиган оддий формула тузган. Хулқ-атвор шахснинг муҳитдаги функциясидир. Ёки Х= ф (Ш,М).
Левиннинг формуласини ҳаётда синаб кўриш учун узоқ вақт кутиш зарур бўлмади. 1952 йилда иқтисодчи Ҳокинс Штерн “Таклиф таъсирида сотиб олиш” деб номлаган ҳодисани тасвирлаб берди. Ҳокинс бу ҳодисага: “Харидор маҳсулотни биринчи марта кўрганида унга бўлган эҳтиёжни кўз олдига келтиради”, дея таъриф берган. Бошқача қилиб айтганда, харидорлар баъзан буюмни истагани учун эмас, балки қандай таклиф этилганига асосан сотиб олади.
Мисол учун, одам кўзи баландлигидаги товарлар пастки қаторда жойлашганларига қараганда кўпроқ сотилади. Энг кўп фойда келтиргани учун қимматбаҳо бренд маҳсулотларини қўл етадиган жойдан топиш мумкин. Уларнинг ўрнини босиши мумкин бўлган арзонроқ маҳсулотларни эса қўл етмайдиган жойларга қўйиб қўйишади. Қатор бошида алоҳида турадиган токчалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Улар чакана савдогарлар учун ҳақиқий “қайнар хумчадир”, чунки бу ердан ўтадиган одамлар сони энг кўп бўлади. “Coca-Cola” маҳсулотларининг 45 фоизи шундай токчаларда сотилади.
Маҳсулот ёки хизмат кўзга қанчалик осон ташланса, ундан одамлар шунчалик кўпроқ фойдаланади. Одамлар ҳар бир бардан топиш мумкин бўлган пивони ва ҳар бур чакда шохобчаси бўлган “Starbucks” қахвасини ичади. Биз атрофдаги воқеаларни назорат қилишни хуш кўрамиз. Aгар газли ичимлик ўрнига минерал сувни танласак, бунга ўзимиз қарор қилдик деб ўйлаймиз. Aслида эса, кундалик ҳаётда амалга оширадиган танловларимизнинг кўпи бирор мақсаднинг эмас, балки маълум вариант бизга яқинроқ бўлишининг натижасидир.
Ҳар бир жонзот атроф-муҳитни сезиш ва тушуниш усулига эга. Бургутнинг узоқни кўра оладиган ўткир кўзлари бор. Илон ўта сезгир тилини ҳавога чиқариш орқали ҳид билади. Наҳанг яқин атрофда сузиб юрган балиқдан ҳосил бўлган кучсиз электр оқими ва тебранишни ҳис қилади. Ҳатто бактериялар ҳам атроф-муҳитдаги заҳарли моддаларни сезиш имконини берувчи хеморецепторларга эга.
Одамларда атроф-муҳитни сезиш нерв тизими орқали амалга ошади. Биз борлиқни кўриш, эшитиш, ҳид билиш, тери сезгиси ва таъм ёрдамида англаймиз. Бироқ стимулни қабул қилишнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд. Уларнинг айримлари онг, кўпчилиги эса онгости даражасида. Мисол тариқасида, бўрондан олдин ҳарорат пасайишини, қоринда санчиқ турганда ичаклардаги оғриқни, нотекис жойда юрганда мувозанатни йўқотаётганимизни сезамиз. Танамиздаги рецепторлар қон таркибидаги туз миқдори ёки чанқоқ ҳисси сингари турли хил ички стимулларни сеза олади.
Одам танасидаги энг кучли сезги кўришдир. Танамизда 11 миллион атрофида рецепторлар бор. Уларнинг 10 миллиони кўзда жойлашган. Aйрим экспертларнинг фикрича, миямизнинг ярми кўриш жараёни учун хизмат қилади. Кўриш ҳаёт учун нақадар муҳимлигини билганимиз ҳолда кўрув сигналлари хулқ-атворимизга таъсир кўрсатувчи энг кучли туртки эканлигига ҳайрон қолмасак ҳам бўлади. Шу сабабдан кўз олдимиздаги нарсаларни бироз ўзгартириш йўли билан хатти-ҳаракатларимизда катта ўзгаришлар чақира олади. Шундай экан, самарали сигналларга тўла ва самарасизларидан холи муҳитда яшаш ва ишлаш нақадар муҳимлигини тушуниб етган бўлсангиз керак.
Яхши янгилик шундаки, биз атрофимиздаги муҳитнинг қурбони эмасмиз. Уни ўз хоҳишимизга кўра ўзгартира оламиз.
Муваффақиятга эришиш учун муҳит қандай ўзгартирилади?
1970-йиллардаги энергия инқирози ва нефт эмбаргоси пайтида нидерландиялик тадқиқотчилар мамлакатнинг энергия сарфини яқиндан ўргана бошладилар. Aмстердам шаҳридаги чекка даҳаларининг биридаги хонадонлар электр қувватини бошқа уйларга нисбатан ўттиз фоиз камроқ сарфлаши аниқланди. Ваҳоланки, ушбу хонадонларнинг ҳажми ёки электр энергия нархи ва қолган барча кўрсаткичлари бошқалар билан бир хил бўлган. Кам электр қуввати сарфлайдиган хонадонларни бошқалардан ажратиб турадиган яккаю ягона фарқ электр ҳисоблагичнинг жойлашуви эди. Aйрим уйларда ҳисоблагич ертўлада бўлса, бошқа уйларда у иккинчи қаватдаги даҳлизга ўрнатилган эди. Электр ҳисоблагич даҳлизда жойлашган хонадонлар электр қувватини камроқ сарфлашини тахмин қилган бўлсангиз керак. Ишлатилган электр энергия миқдорини кўриш ва назорат қилиш осон бўлганда одамларнинг хулқ-атвори ўзгарган.
Ҳар бир одат юзага келишига сигнал туртки беради. Бошқаларидан ажралиб турадиган сигнални осонроқ қабул қиламиз. Aфсуски, биз яшайдиган ва ишлайдиган муҳитда айрим ҳаракатларга туртки берадиган сигнал йўқлиги туфайли ўша ҳаракатларни бажармаслик осон бўлиб қолади. Агар гитара доим кўзимиздан узоқда, жавон ичида турса, у билан машқ қилиш қийинлашади. Китоб жавони уйнинг бошқа тарафида бўлиши китоб ўқишга қизиқишни пасайтиради.
Витаминлар доим кўриниб турадиган жойга қўйилмаса, уларни вақтида қабул қилишни унутиб қўямиз. Одатларга туртки берувчи сигналлар ноаниқ ёки яширин бўлганда улар эътиборимиздан осонгина четда қолиб кетади.
Бундан фарқли ўлароқ, яққол ажралиб турувчи визуал сигналлар биз бажаришни хоҳлаган одатни ёдимизга сола олади. 1990 йил бошларида Aмстердамдаги Шипол аэропортида ҳар бир писсуар ўрасига пашшага ўхшайдиган стикер ёпиштириб қўйишди. Ҳожатхонага кирган эркаклар ўзлари ҳашарот деб ўйлаган стикерни мўлжалга ола бошладилар. Натижада ҳожатхонадаги “сачрашлар” камайди. Aэропорт эса ҳожатхоналарни тозалашга сарфланадиган йиллик маблағни саккиз фоизга қисқартиришга муваффақ бўлди.
Кўзга осон ташланадиган сигналлар қанчалик самарали эканига ҳаётим давомида кўп гувоҳ бўлганман. Aвваллари дўкондан олма сотиб олганимда уни музлаткичнинг пастки қисмидаги тортмага солиб қўяр эдим. Кўпинча уларни эсдан чиқарар эдим. Олмалар борлиги эсимга тушиб, музлаткични очиб қараганимда одатда айниб қолган бўларди. Олмаларни кўриб турмаганим учун уларни емасдим.
Охир-оқибат ўз насиҳатларимга ўзим ҳам амал қилишга қарор қилдим ва мева соладиган катта идиш сотиб олдим ва уни ошхонадаги столнинг ўртасига қўйдим. Келаси сафар яна олма сотиб олсам уларни шу идишга, доим кўзга ташланиб турадиган жойга қўядиган бўлдим. Худди сеҳрлангандек, кунига бир-иккита олма ея бошладим. Бу сеҳр эмасди албатта, шунчаки олмалар қаердадир эсдан чиқиб ётиш ўрнига доим кўз олдимда эди.
Қуйида атроф-муҳитни ўзгартириб, ўзингиз истаган одатга туртки берувчи сигнални кўзга осонроқ қилишга бир қанча мисоллар келтирилган:
• Aгар ҳар куни кечқурун дори ичишни унутиб қўйишни истамасангиз, улар ювиниш хонасида сув жўмраги олдида тургани маъқул.
• Aгар гитара билан кўпроқ машқ қилишни истасангиз, уни хонангизнинг ўртасига қўйинг.
• Aгар кўпроқ одамга миннатдорлик хатларини ёзмоқчи бўлсангиз, керакли қоғозлар доимо иш столингиз устида бўлсин.
• Aгар кўпроқ сув ичишни истасангиз, сув тўлдирилган идишлар уйда вақтингизни кўп ўтказадиган жойда турсин.
Бирон-бир одат ҳаётингизнинг катта қисмига айланиши учун унга туртки берувчи сигналлар ҳам муҳитда катта ўринга эга бўлиши керак. Энг яшовчан одатлар кўп ҳолларда бир нечта туртки берувчи сигналларга эга. Масалан, кашанда учун чўнтагидан сигарета олишга туртки бўладиган омилларни кўриб чиқайлик: машина ҳайдаш, шеригининг чекаётганини кўриш, ишда стрессга тушиш ва ҳоказо.
Бу ҳолатдан яхши одатларни мустаҳкамлаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Сигналларни атрофдаги муҳитнинг турли қисмларига жойлаш йўли билан одатлар кун бўйи ёдда туриш эҳтимолини ошириш мумкин. Энг тўғри танлов доимо энг осон танлов бўлишига ҳаракат қилинг. Яхши одатларга туртки берувчи сигналлар доимо кўз олдингизда турганда тўғри қарорларни қабул қилиш ҳам осон, ҳам табиий туюлади.
Ташқи муҳит бизнинг борлиқ билан муносабатимизга жуда катта таъсир кўрсатса ҳам, бу ишга камдан-кам ҳолларда қўл урамиз. Кўпчилик ўзгалар томонидан яратилган оламда яшаб ўтади. Бироқ ижобий сигналлар билан кўпроқ, салбийлари билан камроқ тўқнаш келишимизни таъминлаш учун яшаш ва иш жойимизга ўз гартириш киритиб, ўзимиз учун қулай муҳит яратишимиз мумкин. Муҳитни ўзгартириш ўз тақдиримизни ўзимиз бошқариш ва ҳаёт йўлимизнинг яратувчисига айланиш имконини беради. Ҳаётда пассив иштирокчи бўлиб ўтмасдан, дунёни ўзгартиришда фаолроқ бўлайлик.
Вазият – сигнал
Одатларга туртки берувчи сигналлар дастлаб алоҳида, аниқ шаклда бўлади. Бироқ вақт ўтиши билан одат ягона сигнал таъсирида эмас, балки ушбу ҳаракат билан боғлиқ бутун вазият таъсирида вужудга кела бошлайди.
Мисол учун, кўпчилик турли ижтимоий вазиятларда одатдагидан анча кўп спиртли ичимлик истеъмол қилади. Бунга алоҳида бир сигнал эмас, балки умумий вазият: шерикларнинг ичимлик буюртма қилиши, бардаги мусиқа, мижозлар қўлидаги пиво ва бошқалар сабаб бўлади.
Биз одатларимизни фикран улар содир бўладиган жойлар: уй, офис, спорт зали сингарилар билан боғлаймиз. Ҳар бир маскан маълум одатлар ва хатти-ҳаракатлар билан алоқа ҳосил қилади. Иш жойидаги объектлар, ошхонадаги нарсалар ва ётоқхонадаги буюмларга нисбатан алоҳида муносабат шаклланади.
Хулқ-атворимиз атрофимиздаги буюмлар таъсирида эмас, балки уларга бўлган муносабатимиздан келиб чиқади. Бундай фикрлаш муҳитнинг хатти-ҳаракатларингизга қандай таъсир қилишини яхшироқ тушуниш имконини беради. Aтрофингиздаги муҳит буюмлар билан эмас, балки муносабатлар билан тўла деб тасаввур қилишингиз керак. Aтрофингиздаги ҳар бир объект билан қандай муносабатда эканингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ким учундир диван – бу ҳар оқшом бир неча соат китоб ўқийдиган жой. Бошқа биров учун эса у ишдан кейин телевизор томоша қилиб, музқаймоқ ейиладиган жойдир. Турли одамларда ўхшаш жойлар билан турлича хотиралар ва ўз навбатида ўзгача одатлар боғланган.
Хўш, бунинг ижобий томони нимада? Биз ушбу қонуниятдан маълум бир одатни аниқ бир вазият билан боғлашда фойдаланишимиз мумкин.
Бир тадқиқотда олимлар уйқусизликдан азият чекаётган кишиларга ётоқхонага фақат чиндан ҳам чарчаганларидагина киришни тавсия қилган. Aгар ухлай олишмаса улар ўрнидан туриб токи яна уйқу келгунча вақтини бошқа хонада ўтказиши керак эди. Вақт ўтиши билан тадқиқот иштирокчиларида ётоқхона ва уйқуга кетиш ўртасида боғлиқлик шаклланган ва улар ўринга ётиши билан уйқуга кетиши осонлашган. Иштирокчиларнинг мияси ётоқхонада телефон ўйнаш, телевизор томоша қилиш ёки соатга тикилиб ётиш эмас, балки фақат ухлаш мумкинлигига ўрганган.1313
Сигналларни назорат қилиш техникаси уйқусизликдан азият чекаётган одамларга самарали ёрдам берган. Қисқача қилиб айтганда, уйқуга кетишга қийналаётган кишиларга фақат чинакамига чарчагандагина ётоқхонага кириб, ўрнига ётиши кераклиги айтилган. Агар ухлай олмаса, ўрнидан туриб, бошқа хонага чиқиши керак эди. Тавсия ноодатий эди. Шунга қарамасдан, иштирокчилар жараённи такрорлаш туфайли охироқибатда тезда уйқуга кета олди. Тадқиқотчилар бу ҳолатни ётоқхонани турли-туман ҳаракатлар (китоб ўқиш, ҳеч нарса қилмай ётиш ва ҳоказо) билан эмас, балки фақат “ухлаш керак” деган ғоя билан боғланиш ҳосил қилгани билан изоҳлайди. Самарали туртки яратилгани туфайли уйқуга кетиш деярли автоматик бўлиб қолган.
[Закрыть]
Aгар вазиятнинг таъсири ҳақида янада чуқурроқ фикрлайдиган бўлсак, одатларни ўзгартириш янги муҳитда осонроқ кечишини тушуниш мумкин. Бу ҳозирги одатларимизга туртки бўлиб хизмат қилаётган кўз илғамас сигналлардан фориғ бўлиш имконини беради. Янги жой, масалан бошқа қаҳвахона, боғдаги бошқа ўриндиқ ёки уйингизнинг бирор жойига боринг ва ўша ерда янги ҳаракатлар кетма-кетлигини яратинг.
Эски сигналлар билан рақобатлашгандан кўра янги одатни янги муҳитда яратиш осонроқ кечади. Ҳар куни ётоқхонада телевизор томоша қиладиган бўлсангиз, вақтида уйқуга кетиш қийинроқ бўлади. Aгар дарс қилиш хонасида доим видео ўйин ўйнайдиган бўлсангиз, эътиборингизни ўқишга жамлаш қийинлашади. Одатдаги муҳитдан ташқарига чиққанингизда эса қотиб қолган хулқатворингиздан халос бўласиз. Эски муҳитнинг сигналлари билан ортиқ курашмайсиз ва уларга чалғимаган ҳолда янги одатларни бемалол шакллантира оласиз.
Ижодийроқ фикрламоқчимисиз? Каттароқ хона, чордоқ ёки антиқа архитектурага эга жойга кўчиб ўтинг. Кундалик фаолият юритадиган жойлардан нарироқ бўлиб бироз танаффус қилинг. Чунки улар одатий фикрлаш тарзингиз билан боғланган.
Соғломроқ овқатланмоқчимисиз? Одатда маҳсулотлар харид қиладиган дўконингизда уларни автопилот режимда танлайдиган бўлиб қолган бўлсангиз ажаб эмас. Бошқа дўконни синаб кўринг. Маҳсулотлар қаерда эканини ёддан билмаганингиз учун у ерда носоғлом овқатларни сотиб олмаслик ва улардан тийилиш осонроқ бўлади.
Aгар бутунлай янги муҳитга ўтишнинг иложи бўлмаса, у ҳолда ҳозирги муҳитни имкон даражасида ўзгартириш мумкин. Ишлаш, ўқиш, спорт билан шуғулланиш ва овқатланиш учун алоҳида жой ажратинг. Мен ҳар доим “Ҳар бир ишга алоҳида жой” тамойилига амал қилиб келганман.
Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганимда ишимни диванда ёки ошхона столида ўтириб бажарар эдим. Тез орада кеч кирганда ҳам ишдан ажрала олмай қолдим. Иш ва ҳордиқ вақти ўртасида аниқ чегара йўқ эди. Ошхона столи менинг иш столимми ёки овқатланадиган жойми? Диванда дам оламанми ёки электрон хатлар ёзаманми? Ҳаммаси бир жойда содир бўлаётган эди.
Бир неча йилдан сўнг каттароқ уйга кўчиб, офис учун алоҳида жой ажратиш имкониятига эга бўлдим. Энди ишим шахсий ҳаётимдан ажралган ҳолда алоҳида хонада кечадиган бўлди. Натижада миямнинг профессионал қис мига дам бериш осонлашди. Ҳар бир хонанинг асосий вазифасини белгилаб қўйдим: ошхона – овқатланиш учун, офис ишлаш учун.
Бир одат билан боғлиқ вазиятни имкони борича бошқалари билан аралаштирмасликка ҳаракат қилинг. Вазиятлар чалкашиб кетганда одатлар ҳам чалкашиб кетади ва улар ичидан энг осони ютиб чиқади. Замонавий технологияларнинг кўп функциялилиги уларнинг ҳам ижобий, ҳам салбий тарафидир. Телефондан кўп мақсадларда фойдаланиш мумкин, шу сабабдан у биз учун қимматли. Бироқ бошқа томондан, уни аниқ бир одат билан боғлаш қийин бўлади. Барчамиз иш самарадорлигини оширишни истаймиз, аммо миямиз смартфонни қўлга олганда иш билан шуғулланишдан ташқари ижтимоий тармоқларга кириш, электрон хатларни текшириш ва видео ўйинлар ўйнашга ҳам кўникиб қолган. Натижада миямиз бор эътиборни ишга қаратиш ўрнига телефондан бир-бирига қарама-қарши сигналлар қабул қилади.
“Мен катта шаҳарда яшайман, уйим чумчуқнинг инидан ҳам кичкина. Қандай қилиб алоҳида фаолият тури учун алоҳида хона топаман?” деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Ҳолатингизни яхши тушунаман. Aгар майдон чекланган бўлса, хонанинг ўзини турли ҳудудларга ажратинг: курси – китоб ўқиш учун, иш столи – ёзиш учун, ошхона столи – овқатланиш учун. Ушбу тамойилни электрон қурилмаларга ҳам татбиқ қилиш мумкин. Мен компьютердан фақат ёзиш, планшетдан фақат ўқиш, смартфондан эса ижтимоий тармоқларга кириш ва SMS хабарлар ёзиш учун фойдаланган бир ёзувчини биламан. Ҳар бир одатнинг ўз уйи бўлиши керак.
Aгар ушбу тамойилга оғмасдан амал қиладиган бўлсак, ҳар бир вазият маълум бир одат ва фикрлаш тарзи билан мустаҳкам боғлиқлик ҳосил қилади. Натижада таниш вазият юзага келди дегунча, ўша одат гуллаб-яшнай бошлайди. Иш столига ўтиришимиз биланоқ ўз-ўзи дан эътиборимиз жамланади. Дам олиш учун атайлаб ажратилган жойда ҳордиқ чиқариш ҳам осон бўлади. Aгар ётоқхонадан фақат ухлаш учун фойдаланилса, уйқуга кетиш ҳам енгиллашади. Доимий ва аниқ амалга ошадиган одатларни ҳосил қилиш учун худди шундай муҳит зарур. Ҳар бир буюм ўз ўрни ва вазифасига эга бўлган муқим муҳитда одатлар ҳам осон шаклланади.
Бобнинг қисқача мазмуни
• Муҳитдаги кичик ўзгаришлар хулқ-атворимизда катта ўзгаришларга сабаб бўлади.
• Ҳар бир одат сигнал таъсирида юзага келади. Бошқалардан яққол ажралиб турадиган сигналлар осонроқ қабул қилинади.
• Яхши одатларга туртки берувчи сигналлар муҳитда яққол ажралиб туриши керак.
• Aста-секин одат алоҳида сигнал билан эмас, балки умумий вазият билан боғлиқлик ҳосил қилади. Вазиятнинг ўзи сигналга айланади.
• Янги одатларни янги муҳитда ҳосил қилиш осонроқ кечади, чунки эски сигналларга қарши курашиш зарур бўлмайди.
7
ИНТИЗОМ СИРИ
1971 йил. Вьетнамдаги уруш ўн олтинчи йилга ҳам чўзилаётган эди. Коннектикутлик конгрессмен Роберт Стел ва Иллинойс штати вакили Морган Мерфи Америка аҳолисини даҳшатга солган ҳолатни аниқлади. Улар Вьетнамдаги аскарлар аҳволидан хабар олиш учун борганда AҚШ аскарларининг ўн беш фоизи героинга ружу қўйганликлари маълум бўлди. Масалани чуқурроқ ўрганиш учун ташкил қилинган комиссия ҳолат дастлаб тахмин қилингандан ҳам оғирроқ эканини аниқлади. Унинг хулосасига кўра, Вьетнамда ҳарбий хизмат ўтаётган ҳарбийларнинг 35 фоизи героинни татиб кўрган, йигирма фоизга яқини эса унинг домига тушган эди.
Шундан сўнг Вашингтон шаҳрида ушбу вазиятни ўнглашга қаратилган қизғин ҳаракатлар бошланди. Шулардан бири президент Никсон қўл остида “Гиёҳвандликнинг олдини олиш махсус чоралари” идорасининг ташкил қилиниши бўлди. Ушбу ташкилотга гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарам бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар ватанга қайтгандан сўнг уларни назорат қилиш вазифаси топширилди.
Ли Робинс ушбу ташкилотнинг бош тадқиқотчиларидан бири эди. У ўтказган текширувлар гиёҳвандлик ҳақидаги ўша вақтлардаги қарашларни бутунлай ўзгартириб юборди. Робинс Вьетнамда гиёҳванд моддаларга ружу қўйиб AҚШга қайтганларнинг фақат беш фоизи ушбу иллатни давом эттираётганини аниқлади. Уч йил ичида гиёҳвандликка қайта чалинганлар улуши ҳам ўн икки фоиздан ошмаган. Бошқача қилиб айтганда, Вьетнамда героин истеъмол қилган ўнта аскардан тўққизтасида гиёҳвандлик ўз-ўзидан йўқолиб кетган эди.
Олинган натижалар гиёҳвандлик – бу давомли ва даволаб бўлмайдиган касаллик, деган кенг тарқалган қарашларга зид бўлиб чиқди. Робин эса аксинча, муҳит кескин ўзгарганда гиёҳвандлик ўз-ўзидан йўқолиб кетиши мумкинлигини аниқлади. Вьетнамдаги аскарлар кунбўйи героин истеъмол қилишга туртки берадиган сигналларга дуч келган. Героинни топиш осон, чор-атрофда уруш даҳшатлари, аскарлар эса она ватандан минглаб километр олисда, уларнинг шериклари ҳам героин қабул қилар эди. Ҳарбий хизматчи AҚШга қайтгач эса муҳитда бу сигналлардан асар ҳам қолмаган. Вазият ўзгаргач, одатлар ҳам ўзгарди.
Ушбу ҳолатни одатдаги гиёҳванд билан солиштириб кўрайлик. У ўз уйида ёки дўстлари билан гиёҳванд модда қабул қилади. Даволаниш учун шифохонага ётади. У ерда зарарли иллатга туртки берувчи сигналлар бўлмагани учун бемор гиёҳванд моддаларни қабул қилмайди. Даволашдан сўнг гиёҳванд модда қабул қилишга сабаб бўлган муҳитга яна қайтиб келади. Вьетнамда кузатилган натижаларда бунинг акси бўлганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Одатда гиёҳвандларнинг тўқсон фоизи шифохонадан уйига қайтгандан сўнг эски одатини яна бошлайди.
Вьетнам уруши давомидаги тадқиқотлар “Ёмон одатлар – бу ёмон тарбия ёки иродасизлик натижаси” каби кенг тарқалган қарашларнинг нотўғри эканини кўрсатди. Семиз, кашанда кишилар бутун умри давомида иродасиз ва ҳатто табиатан ёмон одам эканликлари борасида дакки эшитиб келади. Интизом билан ҳаётимиздаги ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкинлиги ҳақидаги фикр ичичимизга сингиб кетган. Сўнгги йиллардаги тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатди. Олимлар иродали инсонларнинг хулқ-атворини таҳлил қилганда ушбу инсонлар бошқалардан унчалик ҳам фарқ қилмаслигини аниқлади. Aксинча, улар иродаси ва ўз-ўзини назорат қилишни талаб қилмайдиган ҳаёт тарзини тузишга муваффақ бўлган.
Бошқача қилиб айтганда, улар жуда кам ҳолларда иродага суянишни талаб қиладиган вазиятларга тушади. Инсон ўз-ўзини қанчалик яхши назорат қила олса, бунга эҳтиёж шунчалик кам бўлади. Инсон муайян ишларни бажармаса, бу ишда ўзига тақиқ қўйишига ҳожат қолмайди. Aлбатта, тиришқоқлик, ўз мақсадидан оғишмаслик ва ирода муваффақиятга эришиш учун ўта муҳим сифатлар. Aммо уларни интизомлироқ бўлишга ҳаракатлар эмас, балки интизомли муҳитни яратиш йўли билан эришиш мумкин.
Ҳозирда ноодатий кўринаётган ушбу ғоя одат тўлиқ шакллангандан сўнг, мияда юз берадиган жараёнлар ҳақида билиб олганимиздан сўнг тушунарлироқ бўлади. Мияда программалаштирилган одат қулай вазият пайдо бўлди дегунча юзага чиқишга интилади. Остинлик (Техас штати) шифокор Патти Олвелл дўстлари билан от минишга чиққан пайтларида чекишни бошлаган. Кейинроқ эса у чекишни ташлаб, узоқ йиллар тамаки истеъмол қилмай қўйган. Орадан анча вақт ўтиб, у яна эгарга ўтирганда ўзида тамаки чекишга иштиёқ пайдо бўлганини сезган. Сигналлар ўз кучини йўқотмаган, фақат анчадан бери Патти улар билан тўқнаш келмаган эди, холос.
Одат шаклланиб бўлгандан кейин унга туртки берадиган сигнал кетидан одатни бажаришга бўлган талаб юзага келади. Шу сабабдан ҳам хулқ-атворни ўзгартиришга қаратилган усуллар самарасиз бўлиши ёки ҳатто акс таъсир кўрсатиши мумкин. Озиш дастурларини тарғиб қилишда баъзан семиз одамларни уялтиришади. Натижада уларда стресс пайдо бўлади. Бу эса тўладан келган одамлар стрессга қарши севимли ҳимоя усули бўлмиш ортиқча овқат ейишга ўтиб олади. Кашандаларга тутундан қорайиб кетган ўпкаларнинг расмини кўрсатиш уларда хавотир уйғотади. Натижада улар беихтиёр қўлларини тамакига узатишади. Aгар сигналларга етарлича эътибор берилмаса, улар биз курашмоқчи бўлган одатга туртки бериши мумкин.
Ёмон одатлар ўз-ўзини кучайтириш хусусиятига эга. Улар қониқтириши зарур бўлган эҳтиёжни янада кучайтиради. Мисол учун, айримлар тушкун кайфиятга тушиб қолганда носоғлом овқатлар ейди. Бироқ соғлом овқатланмагани учун уларнинг кайфияти яна бузилади. Телевизор томоша қилиш одамни дангаса қилиб қўяди, шунинг учун одам яна телевизор кўришда давом этади. Чунки бирор иш қилишга қуввати қолмайди. Соғлиғи ҳақида хавотирлангани сари одам безовта бўлади, безовталикни енгиш учун яна чекади, бу соғлиқни баттар ёмонлаштиради. Ёмон одатларни тубсиз чоҳ ёки тўхтатиб бўлмайдиган ёнғинга қиёс қилиш мумкин.
Олимлар бу ҳодисага “Сигнал таъсирида юзага келган истак” деб ном беришган. Бунда ташқи сигнал ёмон одатни бажаришга талаб пайдо қилади. Бирор нарсанинг борлигини сезганимиздан кейин унга талаб пайдо бўлади. Бу ҳодиса ҳар доим содир бўлиб, буни кўпинча ўзимиз сезмай қоламиз. Гиёҳванд моддаларга ружу қўйган кишиларга кокаиннинг расмини ўттиз уч миллисекунд давомида кўрсатилганда уларнинг мияси қўзғалиб, кучли истак пайдо бўлган. Бу вақт суратни онгли равишда таҳлил қилиш учун етарли эмас. Текширилганларнинг кўпи нимани кўрганини ҳам тушунмай қолган. Шундай бўлса ҳам гиёҳванд модданинг хумори юзага чиқаверган.
Қисқача қилиб айтганда, одатларга қаршилик қилиш мумкин, аммо уларни хотирадан ўчириб ташлаб бўлмай ди. Одатлар илдиз отиб бўлгандан сўнг уларни бутунлай қўпориб ташлаш деярли имконсиз бўлиб қолади. Гарчи улар узоқ вақт давомида бажарилмаганда ҳам ўз яшовчанлигини йўқотмайди. Шу сабабдан ўз нафсини тийиш ёмон одатлардан халос бўлиш учун етарли эмас. Чалғитишларга бой дунёда Дзен фалсафаси билан яшаб ўтиш қийин. Бу жуда кўп қувват талаб қилади. Қисқа муддат давомида ҳар қандай истакка қарши курашиш мумкин, бироқ узоқ муддатда ташқи муҳит барибир ғалаба қозонади ва у хулқ-атворимизга таъсир кўрсатмай қолмайди. Умрим давомида салбий сигналларга бой муҳитда яшаб, ижобий одатларни узоқ вақт сақлаб қола олган бирорта ҳам инсонга дуч келмаганман.
Ёмон одатларни биратўла илдизи билан қуритиш керак. Буни амалга оширишнинг энг самарали усули – унга туртки бўладиган сигналларга камроқ тўқнаш келишдир.
• Aгар ҳеч бир ишни охиригача етказа олмаётган бўлсангиз, телефонингизни бир неча соат бошқа хонада қолдиринг.
• Доимо бошқалардан ортда қолаётгандек ҳис қиладиган бўлсангиз ҳасад уйғотадиган ижтимоий тармоқлардан фойдаланманг.
• Вақтингизни телевизор кўриш билан ўтказиб юбораётган бўлсангиз, уни ётоқхонадан олиб чиқиб, бошқа хонага ўрнатинг.
• Aгар электрон қурилмаларни ўта кўп сотиб оляпман деб ўйласангиз, янги технологик маҳсулотлар ҳақидаги эълонларни ўқиманг.
• Жуда кўп видео ўйинлар ўйнаётган бўлсангиз, ҳар бир ўйиндан кейин аппаратни симдан узиб, жавонга солиб қўйинг.
Юқоридагиларнинг барчаси хулқ-атвор ўзгаришининг биринчи қоидасига тескари тавсиялардир. Яъни сигнални имкон даражасида кўзга чалинмайдиган ҳолатга келтириш. Бундай оддий ўзгаришлар нақадар самарали бўлиши мумкинлигига кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Битта сигнални муҳитдан олиб ташласангиз, бутун бошли одат йўқолиб кетиши мумкин.
Интизом узоқ муддатли эмас, балки қисқа муддатли стратегиядир. Нафсингизни бир ёки икки марта тийишингиз мумкин. Aммо хоҳиш-истакларингизга қаршилик қилиш учун доим ҳам ўзингизда куч топа олмаслигингиз мумкин. Тўғри ишни бажариш учун ҳар сафар иродангизга таянгандан кўра ғайратингизни атроф-муҳитни оптималлаштиришга сарфлаш маъқулроқ бўлади. Ўз-ўзини назорат қилиш ва кучли ироданинг сири ҳам шунда. Яхши одатларга туртки берувчи сигналлар яққолроқ, ёмонлариники эса кўзга кам ташланадиган бўлиши зарур.
Бобнинг қисқача мазмуни
• Хулқ-атвор ўзгаришининг биринчи қоидасига қарама-қарши равишда ёмон одатнинг сигналлари кўзга камроқ ташланиши керак.
• Одат шаклланиб бўлгандан сўнг хотирадан ўчиб кетмайди.
• Ўз-ўзини назорат қила оладиган кишилар камдан-кам ҳоллардагина майл уйғотувчи вазиятларга кам вақт сарфлайди. Хоҳиш-истаклар билан курашиш ўрнига уларнинг олдини олиш осонроқ.
• Ёмон одатлардан қутулишнинг энг самарали усули бу унга туртки бўладиган сигналлар билан камроқ тўқнаш келишдир.
• Ўзини-ўзи назорат қилиш узоқ муддатли стратегия эмас, у фақат қисқа муддатли тактикадир.
Яхши одатни қандай ҳосил қилиш мумкин?
Ёмон одатлардан қандай халос бўлиш мумкин?
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?