Электронная библиотека » Элиф Шафак » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"


  • Текст добавлен: 11 июля 2023, 23:40


Автор книги: Элиф Шафак


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Элиф ШАФАҚ
Ишққа оид қирқ қоида

Роман

МУҚАДДИМА

Дарёга тош отсангиз, у сувнинг қаерига ва қан дай тушганини била олмайсиз. Жуда нари борса, сувнинг бети бироз жимирлаганини кўришингиз мумкин; балки оқим шовқини остидан келган заифгина шалоплашни эшитишингиз мумкиндир. Вассалом. Тош кўлга отилса, натижаси анча кўринарли бўлади. Сокин сувнинг тинчи бузилиб кетади. Отилган тош бориб тушган жойдан тўлқинланиш бошланади, ойнадек сокин кўл юзи жимирлаб, мавж уриб кетади.

Тўлқинлар қирғоққа қадар етиб келади ва анча вақтгача тинчланиш бўлмайди.

Тош дарёга отилса, дарё бунга пинагини ҳам бузмай, ўзининг баҳаловат оқимида давом этаверади. Лекин кўлга отилган тош уни буткул ўзгартириши мумкин.

Элла Рубинштейннинг қирқ йиллик ҳаёти ана шундай сокин кўлнинг сатҳи каби эди – у эртага нима бўлишини олдиндан айтиб бериш мумкин бўлган одатлардан, майда-чуйда кундалик эҳтиёжлар ва уларни қондириш ташвишларидангина ташкил топган эди. Эҳтимол, кимгадир бундай ҳаёт жуда саёз (тор) ва зерикарли кўриниши мумкиндир, лекин бундай ҳаёт ўзининг жонига тегмаган эди. Кейинги йигирма йил мобайнида кечган ҳаётида унинг барча истак-хоҳишлари, барча муаммолари ва уларнинг ечимлари, ҳаттоки дугоналари ҳам – ҳамма-ҳаммаси турмушга чиққан аёлнинг ҳаёт тарзига мувофиқ тарзда шартланган эди. Эри Дэвид ўз ишининг устаси бўлган дантист (тиш шифокори) бўлиб, кўп ишлар ва топиш-тутиши яхшигина эди. Улар ни ўзаро телбаларча эҳтирос боғлаб турмаган эса-да, миссис Рубинштейн (Элла) йигирма йиллик биргаликда кечирилган узоқ турмушдан кейин бундан ортиғини кутиб бўлмаслигини ҳамиша тан олар эди. Ахир никоҳни эҳтирос эмас, балки ундан анча муҳим бўлган бошқа нарсалар – бир-бирларини тушуниш, ўзаро боғлиқлик, қадрлаш, кечиримли бўлиш кабилар сақлаб туради. Буларга нисбатан олганда севги иккинчи даражали бўлиб қолади. Эҳтирослар фақат романларда ёки кинофильмларда яхши кўринади.

Элланинг ҳаётида фарзандлари, коллеж талабаси бўлган фусункор катта қизи Жанет ҳамда ўсмир-эгизаклари Орли билан Ави энг биринчи ўринни эгаллашади. Оилада яна Спирит номли ўн икки ёшли тилларанг ретривер зотли ит ҳам яшайди, Элла у билан кўп йиллар мобайнида эрталаблари сайрга чиқиб келган ва ит унга қувноқ дўст бўлиб келган эди. Ҳозир Спирит қариб, оғир бўлиб қолган, қулоғи эшитмай қолган ва кўзи ҳам деярли кўрмайди. Унинг ҳаёти якунига етиб бораяпти, лекин Элла бу ҳақида ўйлашни истамайди.

Рубинштейнлар оиласи Массачусетс штатида, Нортгемптонда, қиролича Виктория давридан қолган, таъмирлашни талаб қиладиган, лекин чиройли катта уйда яшайдилар. Унда деразалари катта-катта бешта ётоқхона, учта ваннахона, учта машина сиғадиган гараж ва ҳаммасидан зўри боғдаги жакузи (бассейн ваннаси) эди.

Рубинштейнлар ўз ҳаётларини, автомобилларини, нафақаларини, банкдаги маблағларини, шунингдек, ўзлари яшаётган уйдан ташқари Бостондаги ҳашаматли квартираларини ва Родос оролидаги данғиллама уйларини ҳам суғурта қилган эдилар. Буларнинг ҳаммасига етиш Элла ва Дэвид учун осон бўлмаган эди.

Уйда пиширилган пирогнинг иси келиб турадиган кенггина, яхши мебеллар билан жиҳозланган, катта оилага мўлжалланган бу уй балки кимларгадир оддий

бир нарса бўлиб кўринар. Лекин Рубинштейнлар учун бундай эмас эди. Улар учун буларнинг ҳаммаси рисоладагидай ҳаётнинг белгиси эди. Улар ўзларининг никоҳдаги ҳаётларини (турмушларини) бир-бирларига мувофиқлашган тарзда қурган ва ўзларининг барча, деярли барча истакларини амалга оширган эдилар.

Энг кейинги Валентин кунига (севишганлар байрамига) Дэвид Эллага юрак шаклидаги бриллиант шокилали тақинчоқ совға қилганди. Ундаги карточкага «Менинг ёқимтой Элламга – ювош характерли, кенг феълли ва фаришта каби сабру тоқатли аёлга. Мени бўлганимча қабул қилганинг учун сенга раҳмат. Менинг хотиним бўлганинг учун сенга раҳмат. Сенинг Дэвидинг» деган ёзув ёздирилган эди.

Элла Дэвидга айтмаса ҳамки, ушбу ёзувни ўқиганида ўзи учун ёзиладиган некролог (таъзиянома)ни кўргандай бўлган эди. «Мен ўлганимда мана шундай ёзишар экан-да», деб ўйлаган эди у. Агар ҳаққоний бўлсалар, яна бир неча жумлани қўшишлари мумкин эди:

«Элла ўз ҳаётини эри ва фарзандларига парвона бўлиб яшаш билангина ўтказди ва ўз ҳолича яшаш нималигини унутди. У оқимга қарши сузадиганлардан

бўлмаган эди. Ҳатто дамлайдиган қаҳвасининг навини алмаштириш ҳам унинг учун деярли қаҳрамонликдай бўлар эди». Ва ҳеч ким, ҳатто Элланинг ўзи ҳам, нима учун 2008 йилнинг охирларига келиб йигирма йиллик никоҳдан кейин, ажрашиш учун ариза берганини тушуна олмади.

Сабаби севги эди.

Улар (cевишларидан олдин) бошқа-бошқа шаҳарларда яшаётган эдилар. Ҳаттоки бошқа қитъаларда эдилар. Уларни нафақат ораларидаги масофа ажратарди, уларнинг ўзлари ҳам худди тун билан кун каби жуда ҳар хил эдилар. Уларнинг ҳаётий принциплари шу даражада турлича эдики, бир-бирларини яхши кўриш у ёқда турсин, ҳатто бир-бирларининг ёнларида туришга ҳам тоқат қила олмас даражада эдилар. Лекин бўлар иш бўлди. Ва бу шунчалар тез содир бўлдики, Элланинг уни англаш ва ундан ҳимояланиш учун вақти ҳам бўлмади, агар севгидан ҳимояланиш мумкин бўлса, албатта.

Севги Элланинг юрагига том маънода ёриб кирган эди – унинг сокин ҳаёт кўлига қаердандир тўсатдан ва ҳеч қандай такаллуфсиз отилган тош каби эди у.

Элла

2008 йил, 17 май, Нортгемптон.

Ошхона деразаси ортида баҳор қуёши нур сочиб турган тонгда қушлар баралла сайрашар эди. Кейинчалик Элла (ўз ҳаётида) содир бўлган бу ҳодисани хаёлан жуда кўп марта миридан-сиригача қайта тиклашга уринаркан, охир-оқибат бу унинг учун энди хотира бўлмай қолди ва уни давом этаётгандай ҳис этадиган бўлди.

Якшанба куни одатда биргаликда ва кечроқ қилинадиган нонуштага бутун оила аъзолари хурсандчилик билан йиғилиб, стол атрофига жойлашган эдилар. Эри ўз ликопчасига қовурилган товуқ оёғини солди. Ави пичоқ ва санчқини ўйнатар эди, унинг эгизак синглиси Орли эса – кунига 650 калориядан иборат – ўз парҳезини бузмаслик учун ютаётган ҳар битта луқумини санаб ўтирар эди. Яқинларидаги Маунт-Холиок Коллежининг биринчи курсида ўқиётган Жанет нонга қаймоқли пишлоқ суртарди ва ўз хаёллари ғарқ бўлиб кетгандай кўринарди. Унинг ёнида қариндошларининг ўзи пиширган машҳур мармар торти билан сийлаш учун келган, кейин улар билан бирга нонушта қилишга қолган Эстер хола ўтирар эди. Элла бугунга жуда кўп ишларни режалаштирган эди, шунга қарамай у столдан туришга шошмай ўтирарди. Кейинги пайтларда бутун оила йиғилиб, бир стол атрофида ўтирадиган ҳоллар унча кўп бўлмаётган эди ва Элла оилани бирлаштирадиган бундай қулай имкониятни бой бермаслик керак, деб ҳисобларди.

– Эстер, Элла сенга бир ажойиб янгилиги борлигини айтдими? – сўради дабдурустдан Дэвид.

– У ўзига ажойиб иш топди.

Гарчи Элланинг инглиз адабиёти бўйича бакалаврлик даражаси бор ва ўқишни жуда яхши кўрса ҳамки, коллежни битирганидан кейин ишлари унча яхши юришмаган эди: аёллар журналларида нашр этиш учун ёзиладиган кичик-кичик мақолаларни таҳрир этиш, кам сонли китоб клублари билан ҳамкорлик қилиш ва онда-сонда маҳаллий газеталар учун рецензиялар ёзиб туришдан нарига ўта олмаган эди. Бир вақтлар эса Элла таниқли танқидчи бўлишни орзу қилган эди, кейин ҳаёт унга бошқа йўл танлаганини тан олди ва сон-саноқсиз уй ишларига буткул ғарқ бўлиб кетган онага айланди.

Уч боланинг онаси, эрли хотин, ити ва уй хизматчиси бор аёл сифатида у бир он ҳам тиним билмас эди.

Бахтига тирикчилик учун пул топиш ташвиши ҳам йўқ эди. Тўғри, Смит Коллежида у билан бирга ўқиган дугоналари Элла танлаган йўлни маъқулламас эдилар, лекин унинг ўзи уй ишлари билан астойдил шуғулланар ва эри билан биргаликда эришган барча нарсалар учун тақдиридан хурсанд эди. Боз устига китоб ўқишни ҳамон жуда севарди.

Аммо кейинги бир неча йил мобайнида Элланинг ҳаёти ўзгара бошлаган эди. Болалари улғая бошлаган ва оналарининг тинимсиз парваришига муҳтож эмасликларини англатишга урина бошлаган эдилар. Бўш вақти кўпайгани учун Элла энди иш топишга ҳаракат қилса, тўғри бўлишини ўйлаб қолган эди. Дэвид хотинини қўллаб-қувватлади. Тўғриси, бу ҳақида қанча кўп гаплашилган бўлса ҳамки, у унчалик шошилмас, ишга таклифлар ҳам унча кўп тушмас эди. Таклиф тушиб, суҳбатдан ўтиш вақти келганда эса, иш берувчиларга ёшроқ ва тажрибалироқ кимдир керак экани маълум бўлар эди. Ўзининг рад этилишларидан саросимага тушган ва бироз қўрққан Элла иш қидиришдан воз кечиб қўя қолган ва бу ишларнинг ҳаммасини йиғиштириб, ўз ҳолига ташлаб қўйган эди.

Шунга қарамасдан 2008 йилнинг май ойида, ўзининг қирқ ёшга тўлишидан олдин у бирдан марказий ибораси (офиси) Бостонда жойлашган адабиёт агентлигидан таклиф олган эди. Аслида эса эри ўз клиентларидан бири воситасида, бу унинг жазманларидан бири бўлса ҳам ажабмас, унга шу ишни топиб берган эди.

– Э, йўқ, бу шунчаки, унча арзирли гап эмас, – тушунтира бошлади Эстер холага Элла.

– Мен фақат адабиёт агенти учун ўқийман, холос, у ҳам бўлса, тўлиқ иш кунини қамрамайди.

Лекин Дэвид Элланинг ўз ишини камситишга уринишига қатъиян йўл қўймади.

– Йўқ, бу таниқли агентлик, – уқтирди у хотинини қўзғатишга ҳаракат қилар экан ва бундан натижа чиқмаганидан кейин, ўзи тушунтиришда давом этди.

– Бу бообрў иш, Эстер. Бошқа ассистентларни ҳам кўрсангиз эди! Ҳаммалари энг яхши коллежларни битиришган! Фақатгина Элла кўп йил уйда ўтириб қолган. Энди эса унинг ҳам тузуккина обрўси бўлади!

«Наҳотки эри юрагининг туб ерида унинг карьера қила олмаганида ўзини айбдор ҳисоблар экан?» деб ўйлади Элла. Ёки виждони уни ўз хотинига қилган хиёнатлари учун тинчлик бермаяптимикин? Унинг бу ишда нега бунчалик ташаббус кўрсатаётганининг сабабини у бошқача тушуна олмас эди.

– Мен буни дадиллик деб атайман. Биз онамиз билан фахрланамиз, – кулимсираб, ўз гапини якунлади Дэвид.

– У мақсадига етади. У ҳар доим шунақа бўлган, – деди Эстер хола ҳаяжон билан, наздида жияни ҳозироқ столдан турадигандай ва ўз қариндошларини бутунлай ташлаб чиқиб кетадигандай эди.

Ҳаммалари Эллага меҳрли нигоҳ билан қараб турардилар. Ҳатто Ави ҳам истеҳзоли гап қилишдан ўзини тийиб турарди, ўзининг ташқи қиёфасидан бошқаси хаёлига келтиролмайдиган Орли ҳам ўйлаб қолган эди. Элла бу онларни юқори баҳолади, лекин ажабланарлиси, бирдан авваллари ўзига нотаниш бўлган чексиз бўшлиқ борлигини ҳис этди. У стол атрофида бошланган бу суҳбат мавзусини кимдир ўзгартиришини истаб қолганди.

Элланинг катта қизи Жанет худди уни эшитгандай, тўсатдан гапга аралашди:

– Менда ҳам яхши янгилик бор.

Ҳамма ўгирилиб унга қаради…

– Биз Скотт билан турмуш қуришга аҳд қилдик, – эълон қилди Жанет. – О, нима демоқчи бўлаётганингизни тушуниб турибман! Биз ҳали ёшмиз, ҳали коллежни ҳам битирмаганмиз ва ҳоказолар. Лекин биз иккимиз ҳам ўзимизнинг бундай ўзгаришга тайёр ҳис этаётганимизни тушунишингиз керак.

Ошхонадаги стол атрофига оғир жимлик чўкди.

Ҳозиргина ҳаммаларини бирлаштирган илиқлик ва меҳрибонлик туйғуси бир зумда ўчди. Орли билан Арли бир-бирларига ҳайрон нигоҳ ташлашди, Эстер хола эса олма шарбати солинган стаканни қўлида сиққанича тошдай қотди. Дэвид иштаҳаси хиппа бўғилган каби санчқисини қўйди ва оч рангли қўй кўзларини қисиб Жанетга шундай тикилиб қарадики, бурчакларида кулимсирагандаги каби чуқур ажинлар пайдо бўлди. Лекин у кулмаётган эди. Юзи худди бир ҳўплам сиркани ичиб юборган каби бужмайиб кетган эди.

– Қойил-э! Мен бўлсам хурсанд бўласизлар, деб умид қилгандим, бунинг ўрнига муздеккина душ қабул қилгандек бўлдим, – деди чўзилибгина Жанет.

– Сен ҳозиргина турмушга чиқмоқчиман дединг, – деди Дэвид қизи айтган хабарни унга эслатгандай.

– Дада, биз бироз шошаётганимизни биламан, лекин кеча Скотт менга никоҳдан ўтишни таклиф қилди

ва мен рози бўлдим.

– Лекин нима учун? – сўради Элла.

Элла Жанетнинг нигоҳидан ўзининг бутунлай бошқача савол берган бўлиши кераклигини англади.

– Чунки мен уни севсам керак, деб ўйлайман, – ёш болага тушунтиргандай ҳомийларча оҳангда жавоб берди Жанет.

– Азизам, мен нима учун бунчалик шошилинч, деб сўрамоқчи эдим? – тушунтирди Элла.

– Сен ҳомиладормисан?

Эстер хола стулда тинмай қимирларди, ҳамма унинг хижолат чекаётганини ҳис этди. Бироздан кейин у чўнтагидан кислоталанишга қарши тавсия этилган таблеткасини олди ва чайнай бошлади.

– Мен тоға бўлар эканман, – ҳиринглади Ави.

Элла Жанетнинг қўлини ушлади ва уни майингина силади.

– Сен бизга тўғрисини айтишинг мумкин. Сен ахир буни биласан, тўғрими? Нимаики содир бўлмасин, биз сенинг тарафингдамиз.

– Ойи, илтимос, бас қилинг, – деди уни кесиб Жанет, қўлини тортиб оларкан. – Ҳеч қандай ҳомиладорлик йўқ. Сиз мени гангитиб ташладингиз-ку!

– Мен сенга ёрдам бермоқчиман, холос, – босиқлик билан деди Элла, гарчи бу унча осон кечмаётган эса-да.

– Мени шу зайл хафа қилиб, ёрдам бермоқчимисиз? Биз Скотт билан фақатгина шу сабабдан турмуш қурмоқчи бўлишяпти, деб ўйлаётганингиз очиқ-ойдин

кўриниб турипти! Каллангизга мен уни қаттиқ севганим учун бу йигитга турмушга чиқишни истаётганим ҳақидаги хаёл келмадими? Биз саккиз ойдан буён учрашиб юрибмиз.

Элла ўзини кинояли кулгудан тўхтата олмади:

– Ҳа, албатта, саккиз ой-а! Ва сен уни энди ўзингни беш бармоғингдай яхши билиб олдинг. Мана биз даданг билан йигирма йил бирга яшадик ва ҳалигача

бир-биримизни унчалик тушунмадик. Саккиз ой – жиддий муносабатлар ўрнатиш учун жуда қисқа муддат!

– Худо дунёни олти кунда яратган, – орага суқилди Ави, лекин қариндошларининг совуқ қарашларини кўриб жим бўлди.

Дэвид орадаги таранг вазият тобора ўсиб бораётганини ҳис этаркан, катта қизидан кўзларини узмай ўтирарди.

– Жонгинам, – қовоғини уйганча деди у, – ойинг фақат учрашиб туриш бошқа, турмуш қуриб яшаш бутунлай бошқа нарсалар эканини айтмоқчи эди.

– Лекин, дада, биз бир умр учрашиб туришимиз керак, деб ўйламассиз ахир?

– Очиғини айтсам, – деди оғир хўрсиниб Элла, – биз сени бошқа биров билан топишишингни истардик.

Жиддий муносабатлар қуриш учун иккингиз ҳам жуда ёшлик қиласиз.

– Мен ҳозир нимани ўйлаб қолганимни сизга айтайми, ойи? – деди Жанет одатдаги қувноқ овозига сира ўхшамайдиган ғамгин овозда.

– Сиз ўз қўрқувларингиз ҳақида гапиряпсиз, деб ўйлаб қолдим. Бироқ агар сиз жуда ёш турмушга чиққан ва ҳозирги менинг ёшимда мени туққан бўлсангиз, бу менинг ҳам сиз каби хато иш қилаётганимни билдирмайди.

Элланинг юзи қизи гўё юзига тарсаки туширгандай қизариб кетди. У ўзининг муддатдан олдин туғруқ билан тугаган оғир кўтарган ҳомиладорликни ҳамон

унутмаган эди. Кейин эса бу боланинг парвариши шундай катта куч-қувват талаб қилган эдики, фақат олти йил ўтганидан кейингина у кейинги ҳомиладорликка журъат эта олган эди.

– Азизам, биз сени Скотт билан учрашаётганингни билганимизда сен учун хурсанд бўлгандик, – эҳтиёткорлик билан суҳбат тактикасини ўзгартирмоқчи бўлди Дэвид.

– У яхши бола. Лекин университетни битирганингдан кейин сен қандай ўзгаришинг мумкин, буни олдиндан билиб бўладими? Ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин.

Жанет гўё унинг бу гапини инобатга олгандай, оҳиста бош силкиб қўйди.

– Скотт яҳудий бўлмагани учун шундай деяпсизларми?

Қизининг сўзларига ишонмай, Дэвиднинг кўзлари чақчайиб кетди. У ҳамиша ўзининг эркин қарашлари билан ғурурланарди ва ирқчилик, динлар, жинслар орасидаги тенглик ва шу каби масалалар ҳақида гап кетганда ўзини доимо олиб қочар эди.

Лекин Жанет қатъиятли эди. Онасига ўгирилиб деди:

– Менинг кўзимга тик қараб айтинг-чи, агар Скотт Хорун исмли яҳудий бўлганида ҳам, сизда худди шундай эътироз бўлармиди?

Жанетнинг овозида шунчалар катта алам ва киноя бор эдики, Элла ҳатто унинг юрагида нималар кечаётгани ҳақида ўйлашга ҳам қўрқарди.

– Жонгинам, гарчи бу сенга ёқмаса ҳам, сенга чин дилдан гапирай. Мен ёш бўлиш, севиш қанчалар ёқимли эканини биламан. Ишон, мен ҳам буни биламан. Лекин ўз доирангдан бўлмаган одамга турмушга чиқиш жуда хатарли. Биз сенинг ота-онанг сифатида сен тўғри иш қилаётганингга ишонч ҳосил қилишни истаймиз, холос.

– Сизлар тўғри деб ҳисоблайдиган ишлар мен учун ҳам тўғри бўлади, деб ҳисоблайсизларми?

Бу саволдан Элла бир қадар хижолат тортди. У хўрсиниб қўйди ва худди боши қаттиқ оғриётгандай ўз пешонасини силади.

– Ойи, мен уни севаман. Сиз буни бироз бўлса ҳам тушунасизми? Сиз «севги» сўзи нимани билдиришини эсингиздан чиқариб қўймаганмисиз? Скоттни кўрган заҳотим, юрагим тез уриб кетади. Мен усиз яшай олмайман.

Элла қизининг туйғулари устидан кулишни истамаса-да, беихтиёр кинояли товуш билан «ҳмм» деб юборди. Ўзига тушунарли бўлмаган аллақандай сабабларга кўра у қаттиқ асабийлашарди. У Жанет билан авваллари ҳам кўп марта жанжаллашиб туришарди, лекин бугун Элла одатдагидан анча жиддий, шу пайтгача ўзи учун нотаниш алланима билан тўқнаш келиб қолганини туйди.

– Ойи, сиз қачон бўлмасин севгини бошдан кечирганмисиз? – сўради Жанет, унинг гапириш оҳангида

камситувчи ишора аниқ жаранглаб турарди.

– Бас қил! Осмонларда учиб юрганинг етарлидир, ерга туш энди. Сен ҳаддан зиёд…

– Элла керакли сўз ахтарган каби деразага қаради.

– Сен ҳаддан зиёд романтиксан, – деди ниҳоят тўғри сўзни топиб.

– Бунинг нимаси ёмон экан? – хафа бўлиб сўради Жанет.

«Чиндан ҳам, романтик бўлишнинг нимаси ёмон? – хаёлан қизининг гапини маъқуллади Элла. – Бу нима учун бирдан менинг ғашимни келтириб қолди?» Ўз хаёлларида пайдо бўлган саволларга жавоб беришга ожиз қолган Элла ҳамон бўш келмасдан ўз гапида турарди.


– Азизам, қулоқ сол, сен қайси асрда яшаётганингни биласанми? Сен ҳозирги аёллар ўзлари севган эркакка турмушга чиқмаслигини бу ёшгина бошчангга қуйиб олгин. Турмуш қуриш вақти-соати келганида улар яхши ота бўладиган ва ҳаётда ишончли жуфт бўла оладиган эркакларни танлайдилар. Севги ёқимли туйғу, лекин у келади ва кетади ҳам.

Шу гапни айтиб бўлгач, Элла эрига ўгирилди. Эри худди сув ичида ҳаракатланаётгандай секинлик билан бармоқларини ўзаро чирмаштирди ва худди биринчи марта кўраётган каби хотинига қараб қолди.

– Сиз нима учун бундай деяётганингизни мен тушунаман, – деди Жанет.

– Сизни менинг бахтимга ва ёшлигимга рашкингиз келяпти. Сиз мени бир бебахт уй бекасига айлантиришни хоҳлайсиз. Ойи, сиз мени ўзингизга ўхшашимни истайсиз.

Элла қорни остида ғалати оғриқ турганини ҳис этди. Наҳотки у бахтсиз уй бекаси бўлса? Никоҳ қопқонига тушиб қолган ўрта ёшли бир онахонманми?

Наҳотки фарзандлари уни шундай қабул қилаётирлар?

Эри ҳамми? Дўстлар, қўни-қўшнилар-чи? У туйқусдан ҳамма унга яширинча ачинаётганини ҳис этди ва бу

ҳиссиёт шунчалар кескин эдики, Элланинг ҳатто нафаси қайтиб кетаёзди.

– Сен ойингдан кечирим сўрашинг керак, – деди

Дэвид хўмрайганча қизи томонга ўгирилиб қараб.

– Майли. Кечирим сўрашнинг кераги йўқ, – деди

Элла ғамгинлик билан.

Жанет онасига зимдан масхараомуз нигоҳ ташлади, стулини ортга сурди, салфеткани столга отди ва ошхонадан чиқиб кетди. Орли ва Ави ҳам, балки уни қўллаганлари учунми ёки катталарнинг гапларидан зерикиб кетганлари учунми, шу заҳоти опалари кетидан эргашишди. Эстер хола эса охирги таблеткасини чайнаркан, ноаниқ алланималарни валдирарди.


Дэвид билан Элла орага чўккан хатарли тарангликни ҳис этганча стол атрофида ўтирардилар. Элла ўзини беҳузур ҳис этарди: у бу таранглик энди Жанет билан боғлиқ эмаслигини сезиб турарди.

Дэвид яқинда столга ташлаган санчқисини қўлига олиб, уни зўраки диққат билан томоша қила бошлади.

– Сен севган одамингга турмушга чиқмаган экансан, деб хулоса чиқаришим керакми мен энди?

– О, илтимос, қўй, мен мутлақо буни назарда тутмадим.

– Унда нимани назарда тутдинг? – кўзини санчқидан узмаганча сўради Дэвид.

– Менга турмушга чиқишингни сўраганимда, мени севганинг учун розилик берганингни ҳис этгандай бўлган эдим.

– Сени севардим… ўшанда, – деб юборда Элла вақтида ўзини тўхтата олмай қолиб.

– Ва қачондан бошлаб мени севмай қўйдинг? – совуққонлик билан сўрашда давом этди Дэвид.

Элла худди биринчи марта кўраётгандай эрига ҳайрон бўлиб қаради. Мен уни қачондан бошлаб севмай қолдим? У ҳеч қачон ўзига-ўзи бундай саволни бермаганди. У жавоб беришни истарди, лекин керакли сўзларни топа олмас эди. Элла ўзи ва эри болалар ҳақида эмас, кўпроқ ўзаро муносабатлари ҳақида ташвиш чекишлари кераклигини юрагининг туб-тубида англаб турарди, бунинг ўрнига улар ҳамиша ўзлари учун осон бўлган ишни қилиб келишган – ўз ҳаётларини ўз ҳолига ташлаб қўйишган эди. Мутаассиб ҳаёт ўз гирдобига тортиб олган эди.

Элла ўз табиатининг бир қисмига айланиб бўлган, ўзининг одатдаги ҳолатига айланган ҳасратни тийиб тура олмай, йиғлаб юборди. Дэвид аламдийда кўриниш олиб юзини ўгирди. Иккаласи ҳам бундай йиғидан нафратланишарди. Дэвид Элланинг йиғисига қандай нафрат билан қараса, Элла ҳам унинг олдида йиғлашдан шундай нафратланарди. Бахтларига телефон қўнғироғи жиринглаб қолиб, иккисини ҳам кейинги савол-жавоблардан тўхтатиб қолди.

Трубкани Дэвид олди:

– Салом… Ҳа, у ёнимда. Ҳозир, шошмай туринг.

Элла ўзини тутиб олишга ҳаракат қилиб трубкани олди ва худди кайфияти зўр одам каби гаплаша бошлади:

– Ҳа. Бу менман.

– Салом. Мен Мишелман. Дам олиш куни безовта қилаётганим учун иккингиздан ҳам узр сўрайман, – сайраб кетди ёшгина аёл овози.

– Лекин кеча Стив мендан сиз билан боғланишимни илтимос қилган эди, менинг эсимдан чиқиб кетган экан. Сиз қўлёзма устида ишлашни бошладингизми?

– Э… – нафасини ростлади Элла, ўз хизмат бурчи

борлиги унинг эсига эндигина тушган эди.

Адабиёт агентлиги томонидан унга берилган биринчи топшириқ бир европалик номаълум ёзувчининг асарини ўқиб чиқиш, ундан кейин жуда муфассал ҳисобот ёзишдан иборат эди.

– Унга айтинг, хотиржам бўлсин. Мен ўқишни бошладим, – деди ёлғон гапириб Элла. У биринчи вазифадаёқ Мишелнинг ҳафсаласини пир қилишни сира истамас эди.

– Жуда соз. Сизга ёқяптими?

– Элла фикрларини йиғиб олишга ҳаракат қилиб, бироз жим қолди. У ҳали қўлёзмани қўлига ҳам олмаган, унинг марказида «Ислом дунёсининг Шекспири»

ҳисобланувчи машҳур мистик-шоир Румий образи турган тарихий роман эканини биларди, холос. (Бунда гап «Девон» лирик фалсафий трактатининг, сўфизм таълимоти асосий ғояларини қамраб олинган «Маънавий маснавий» поэмаларининг муаллифи бўлган таниқли сўфий-шоир Жалолиддин Румий (1207–1273) ҳақида кетмоқда).

– У… жуда мистик кўриняпти, – деди мавзуни тезроқ ёпиш учун овозига ҳазиломуз оҳанг бериб.

– Тўғри, – деди у шашти тушган овозда. – Менга қаранг. Балки ҳисобот ёзишингиз учун сизга биз ўйлаганимиздан кўпроқ вақт керакмикин…

Шу пайт Мишелнинг овози ғойиб бўлиб, бошқа ноаниқ овозлар эшитила бошлади.

Элла Мишелнинг бир вақтнинг ўзида бир қанча иш қилаётганини – электрон почтани текшираётганини, ўз ҳаммуаллифларидан бирининг ҳисоботини ўқиётганини, сэндвич еяётганини, тирноқларини силлиқлаётганини ва шуларни қилатуриб, телефонда ҳам гаплашаётганини – кўз олдига келтирди.

– Эшитаяпсизми? – сўради Мишел бир дақиқадан кейин.

– Ҳа, ҳа.

– Яхши. Билсангиз эди, менинг уйим нақд жиннихонанинг ўзи. Мен чиқиб кетаяпман. Шунчаки эсингизда турсин, сизни уч ҳафта вақтингиз бор.

– Эсимда, – шартта кесди Элла, ўзига ишонган одамдай кўрсатишни истар эди у.

– Улгураман.

Аслида эса Элланинг ўзида қўлёзмани баҳолашга хоҳиши бор ёки йўқлигига унчалик ишонч йўқ эди.

Бошида у шошилган ва ўзига ишонган эди. Номаълум муаллифнинг нашр этилмаган романини биринчи бўлиб ўқиш, гарчи муаллиф тақдирида унча катта

бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда муайян роль ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги фикр уни ҳаяжонлантирган эди. Энди эса диққатини ўз ҳаётидан шунчалик узоқ бўлган сўфизмга ва узоқ ўн учинчи асрга бура олишига шубҳаланарди.

Мишел унинг шубҳасини сезгандай эди.

– Сизни нимадир безовта қилаяптими? – сўради у.

– Жавоб бўлмагач, қатъиятлироқ сўради.

– Сиз менга очиғини айтишингиз мумкин.


Бироз жим турганидан кейин, Элла Мишелга тўғрисини айтишга қарор қилди:

– Шунчаки мен тарихий романга диққатимни тўплай олишимга унчалик ишона олмаяпман. Румий ва шунга оид нарсалар мен учун қизиқарли, лекин улар менга буткул нотаниш. Балки менга бошқа бирон нарсани – оддийроқ романни берарсиз.

– Ишга ғалати ёндошиш, – тўнғиллади Мишел.

– Сиз тасаввур эта оладиган муҳитга оид китоблар билан ишлаш осонроқ, деб ўйлайсизми? Бўлмаган гап!

Шу штатда яшаётганингиз учун фақат Массачусетсга оид қўлёзмаларни ўқишингиз керак экан-да.

– Мен буни назарда тутмагандим… – деди Элла ва шу заҳоти бугун бу иборани жуда кўп ишлатганини англади. У эрим бунга эътибор бермадимикин, дея эрига ўгирилди, лекин Дэвиднинг юзидан ҳеч нимани англаб бўлмади.

– Биз одатда ўз ҳаётимизга сира алоқаси бўлмаган китобларни ўқиймиз. Ишимиз шундай. Бу ҳафта менга аввал Теҳронда ишратхона эгаси бўлган ва мамлакатдан қочишга мажбур бўлган эронлик аёлнинг китобини ўқишимга тўғри келди. Унга ёзган китобингни Эрон агентлигига юбор, дейишим керакмиди?

– Йўқ, албатта, – ғўлдиради Элла ўзини аҳмоқона ва шунинг билан бирга айбдор ҳис этаркан.

– Ҳақиқий адабиётнинг кучи одамларни ва континентларни бирлаштира олишида эмасми?

– Ҳа, тўғри айтдингиз. Менинг гапларимни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Менинг ҳисоботим келишилган муддатда столингиз устида бўлади, – деди Элла, ўзига аҳмоқ бир таъвиядай қараган Мишелдан ҳам, бунга йўл қўйиб берган ўзидан ҳам нафратланаркан.

– Жуда соз, шундай бўлсин, – чўзиб деди Мишел.

– Мени тўғри тушунинг, лекин ўрнингизни эгаллашни хоҳлайдиган ўнлаб оламлар ҳам борлигини унутма сангиз яхшироқ бўларди. Айтмоқчи, улардан кўплари сиздан икки баробар ёш ҳам. Уларнинг афзаллиги бор, деб ўйлайман.

Элла телефон трубкасини жойига қўйиб қараганида Дэвид уни диққат билан кузатаётганини кўрди.

Афтидан у ўзаро муносабатларини аниқлашни келган жойидан давом этишини кутаётган эди.

Кейин, кечга яқин, Элла уйга кираверишдаги айвонда ўзи яхши кўрган тебранувчи ўриндиқда ўтирар ва Нортгемптон осмонида тўқ сарғиш-қизғиш нурланиб ботаётган қуёшни кузатарди. Осмон қўл чўзиб, тегса бўладиган даражада яқин кўринарди. Элланинг фикру хаёли яна одатдаги йўналишга тушди: Орли тузук овқатланмаяпти. Авининг баҳолари унча яхши эмас.

Спирит қувватсизланиб бораяпти. Жанетнинг никоҳ ҳақидаги режаси, Дэвиднинг яширин ишқий юришлари, севги туйғусининг йўқлиги… Элла кундалик ҳаётидаги мана шу кўнгилсизликларнинг барчасини фикран кўздан кечириб, миясидаги тегишли ғаладонларга жойлади ва кейинроқ очиш учун яхшилаб беркитди.

Шундан кейин конвертдан қўлёзмани олди ва худди вазнини ўлчаётгандай кафтларида бироз ушлаб турди. Муаллиф роман номини конверт устига кўк рангли сиёҳда «Ширин шаккоклик» деб ёзган эди.

Агентликдагилар Эллага муаллиф ҳақида ҳеч ким ҳеч нима билмаслигини – бу Голландияда яшовчи қандайдир А.3. Захара эканини айтишган эди. Қўлёзма агентликка Амстердамдан жўнатилган, конверт ичида яна устки томони турли – пушти, сариқ, қизил рангли лолаларнинг суврати туширилган почта карточкаси ҳам бор эди. Карточканинг орқа томонига эса чиройли дастхат билан қуйидаги сатрлар ёзилган эди:

Қадрли сэр /мадам!

Сизга Амстердамдан салом йўллайман. Мен Сизга юбораётган тарихий воқеа Кичик Осиёдаги Конья шаҳрида содир бўлган. Лекин шахсан мен унинг ҳозир

учун ҳам, барча мамлакатлар, маданиятлар ва асрлар учун ҳам долзарб эканига ишонаман.

Умид қиламанки, ўз даврининг жуда буюк шоири ва ислом руҳиятининг йўлбошчиси сифатида ҳурматга сазовор бўлган Румийни бутун ҳаёти турли жанжаллар ва можаролар билан тўла табризлик дарвиш Шамс билан боғлаган ҳайратланарли ришталар ҳақидаги бу тарихий ва мистик роман, «Ширин шаккоклик» ни ўқиб чиқишга вақтингиз топилади.

Ҳамиша муҳаббат Сизга ёр бўлсин ва Сизни ҳамиша муҳаббат қуршаб турсин.

А.3. Захара

Элла айнан мана шу сатрлар адабиёт агентлигини қизиқтириб қўйганини англади. Лекин ҳаваскор-ёзувчининг қўлёзмасини ўқишга Стивнинг вақти йўқ эди, шунинг учун уни ўз ўринбосари Мишелга берган, Мишел эса ўз навбатида уни янги ассистент (Элла)га берган эди. «Ширин шаккоклик» шу зайлда Элланинг қўлига келиб тушган эди.

Элла у вақтда бу китоб унинг нафақат биринчи иши бўлишини, балки ўзининг бутун ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Захаранинг қўлёзмаси унинг тақдирини ўзгартириб юборишини тасаввур этмаган эди.

Элла биринчи бетни очди. Муаллиф ҳақидаги маълумотномани ўқиди:

«А.3. Захара олам бўйлаб саёҳатга чиқмаган вақтларида Амстердамда ўз китоблари, мушуклари ва тошбақалари қуршовида яшайди». «Ширин шаккоклик»

– Захаранинг биринчи романи ва бу охиргиси бўлиши ҳам мумкин. Зотан унинг ёзувчи касбини эгаллаш нияти йўқ ва бу китоб унинг буюк файласуф, мутасаввиф ва шоир Румий ва унинг қуёши (Бунда «Шамс» исмининг луғавий маъноси «қуёш» эканига ҳам, Шамс Табризийнинг Румий ҳаётида ўйнаган ролига ҳам ишора жо бўлган) Шамс Табризийга бўлган фавқулоддаги мафтунлиги ва муҳаббати ҳосиласидир.

Элланинг кўзи қуйироқда турган, унга ҳайратомуз даражада жуда таниш туюлган қуйидаги сатрларга тушди: «Баъзиларнинг фикрлари акси ўлароқ, севги (ишқ) фақат кутилмаганда келадиган ва тез кетадиган ширин туйғугина эмас».

Ўқиган нарсаси шу бугун эрталаб нонушта вақтида ўзининг катта қизига айтган гапига шунчалар зид эдики, Элланинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У бир

зум қотиб қолди, кейин ғалати мистик туйғудан сесканиб кетди: қандайдир бир куч ёки ўзи боғланиб қолган бу муаллиф, у ким бўлса ҳамки, назарида уни кузатаётгандай эди. Балки китобни у биринчи бўлиб ким ўқишини олдиндан билиб ёзгандай эди. Романни ёзганида уни кўзда тутгандай эди. Аллақандай тушунарсиз сабабга кўра Эллани безовталик ва ҳаяжон қамраб олди.

«Жуда кўп кўрсаткичларга кўра, йигирма биринчи аср ўн учинчи асрдан унча катта фарқ қилмайди. Ҳар иккисининг ҳам тарихига динлараро мисли кўрилмаган нифоқлар, маданиятлараро тушунмовчиликлар, ҳимояланмаганлик ва нариги дунёдан қўрқув ҳислари бирдай хосдир. Бундай вақтларда ишқ туйғуси одамларга ҳар қачонгидан кўпроқ керак».

Бирдан салқин ва кучли шамол туриб, эшик олдига дарахтларнинг тўкилган япроқларини сочди. Қуёш горизонт ортига ўтган ва теварак-атроф зерикарли ва ғамнок бўлиб қолди.

«Ишқ ҳаётнинг моҳияти ва мақсадидир. Румий бизга эслатганидай, у ҳаммани, ҳатто ундан ўзини сақловчиларни ҳам, «романтик» сўзига салбий маъно берувчиларни ҳам забт этади».


Элла бу сатрларни ўқир экан: «Эртами ёки кечми ишқ ҳаммани, ҳатто Нортгемптондаги Элла Рубинштейн номли ўрта яшар уй бекасини ҳам забт этади» дея ўқигандай бўлди.

Унинг ички туйғуси қўлёзмани ўқишдан тўхташга, Мишелга қўнғироқ қилиб, бу роман ҳақида ёзмаслигини айтишга ундар эди. Бунинг ўрнига Элла оғир хўрсиниб қўйди, кейинги саҳифани очди ва ўқий бошлади.


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 3.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации