Читать книгу "Ишққа оид 40 қоида"
Истар-истамас ошхонага кирганимда, мен кўрган заҳоти ошпаз менга буйруқлар бериб ташлади.
– Пештахтани арт, ерни супур! Идишларни ювиш эсингдан чиқмасин! Ўчоқ ва деворларни артиб қўй!
Кейин сичқоннинг қопқонини текшир!
Мен сўфийлар хонақоҳига келганимга ярим йилча бўлди, ошпаз эса мени ҳамон куткилайди. Кун бўйи итдай чарчайман, у эса ўзи бераётган бу азобларни руҳий тайёргарлик деб атайди, гўёки чирк босган идишларни ювиш руҳий иш эмиш.
Гапга унча чечан бўлмаган бу одам фақат бир ҳикматни – «Озодалик – дуо билан баробар, дуогўйлик – бу тозалик демак» деган гапни тинмай такрорлайверарди.
– Агар шундай бўлса, у ҳолда Бағдоддаги барча аёллар аллақачон авлиё бўлиб кетган эканлар, – деб юбордим унга жавобан бир кун жасорат қилиб.
Ўшанда у менинг бошимга ёғоч қошиқни отиб юборган ва бор овози билан бақирган эди:
– Бундай гаплар яхшиликка олиб бормайди, бола!
Дарвиш бўлишни истасанг, мана шу ёғоч қошиқдай сўзсиз бўл. Маҳмадоналик – соликка хос фазилат эмас.
Кам гапириб, қўп ўйла!
Мен ошпазни ёмон кўрардим, лекин кўпроқ қўрқардим ундан. Ҳеч қачон буйруқларини бажармай қолдирмаган эдим. Шу бугунги кечга қадар.
Ошпаз сал чалғиган заҳоти, қизиқишдан тоқатим тоқ бўлганча, оёқ учида юриб ошхонадан чиқдим, дарбадар дарвиш ҳақида бирон бир нарса билишга қарор
қилиб, асосий меҳмонхона эшиги олдига келдим. Ким ўзи бу? Бу ерга нима учун келди? У бошқа дарвишларга ўхшамас эди. Унинг нигоҳлари ҳатто тавозе билан бош эгган вақтларида ҳам ўткир ва мустақил эди.
Эшик тирқишидан қарадим. Аввалига ҳеч нима кўринмади. Бироздан кейин кўзларим меҳмонхона нимқоронғусига кўниккач, устоз билан дарвишнинг юзларини фарқлай бошладим.
– Шамс Табризий, сендай инсонни Бағдодга нима олиб келди? – сўради устоз.
– Бизнинг шаҳримизни тушингда кўриб келдингми?
Дарвиш бош чайқади:
– Йўқ, тушимда кўриб келмадим. Менда намоёнлик содир бўлди. Мен ҳеч қачон туш кўрмайман.
– Ҳамма туш кўради, – деди мулойимлик билан Бобо Замон. – Сен балки уларни эслаб қолмассан. Лекин бу туш кўриш йўқ, дегани эмас.
– Туш кўрмайман, – ўз гапида қаттиқ турди дарвиш.
– Мен Худо билан шунга келишганман. Болалигимда мен фаришталарни кўрардим ва кўзларимга коинот сирлари очилар эди. Мен кўрганларимни ота-онамга айтардим, лекин бу уларга ёқмас эди, улар менга бошқа эртак тўқимасликни буюришди. Дўстларимга айтиб берардим, лекин улар мени хаёлпарастга чиқаришди.
Кейин кўрганларим ҳақида ўқитувчиларимга айтдим, улар ҳам шундай жавоблар қилишди. Ниҳоят, одамлар барча ғайриоддий нарсаларни туш ёки хаёл, деб ҳисоблашларини тушундим.
Кейин дарвиш худди қандайдир шовқинни эшитгандай, тўсатдан жим бўлиб қолди. Шунда ғалати иш бўлди. У ўрнидан туриб, қаддини ростлади ва мен томонга қараганича, секин-аста эшикка яқинлашди.
Гўё менинг яширинча кузатаётганим унга маълумдай эди.
Наҳотки, у эшик ортидагини кўрар экан?
Юрагим жуда қаттиқ дукилларди. Ошхонага қочиб кетишни истардим, лекин бундай қила олмасдим. Қўлларим, оёқларим, бутун танам қотиб қолгандай эди.
Эшик ортидан Шамснинг тим қора кўзлари менга қараб турарди. Мени даҳшат босди, лекин айни пайтда бутун танам бемисл кучга тўлди.
Дарвиш яқин келди, кафтини эшик дастасига қўйди, лекин ҳозир эшик очилади ва у мени ушлаб олади, деб турганимда, нимадир уни тўхтатди. Менга унинг юз ифодалари кўринмас эди ва мен уни нима учун мақсадини амалга оширмаганини тушунмадим. Биз иккимиз эшикнинг икки томонида, менга чидаб бўлмас даражада узун кўринган икки дақиқа мобайнида, шу тариқа туриб қолдик. Кейин дарвиш менга орқасини ўгирди, эшикдан нари кетди ва ўз ҳикоясини давом эттирди:
– Бироз каттароқ бўлганимдан кейин мен ҳар сафар Уни кўрганимда бу туш эмаслигини билишим учун, мендан туш кўриш қобилиятини олиб ташлашини Худодан илтижо қилиб сўрадим. У рози бўлди, шунинг учун мен буни аниқ биламан, туш кўрмайман, менга воқелик ўзи намоён бўлади.
Шамс Табризий хонанинг нариги томонидаги дераза олдида тўхтади, ташқарида ёмғир шивалаб турарди, у гапида давом этишдан олдин ёмғирга узоқ қараб турди:
– Худо мендан туш кўриш қобилиятини олди. Бироқ бунинг ўрнига У менга бошқалар кўрган тушларини тушуниш имконини берди. Мен одамларга улар кўрган тушлари маъносини тушунтираман.
Мен Бобо Замон, одатда ҳамиша менга қилганидай, унинг бундай пуч гапига ишонмаслиги ва дарвишнинг устидан кулишига амин эдим.
Аммо у бунинг ўрнига ҳурмат билан бош ирғади:
– Сен бошқаларга ўхшамайдиган кўринасан. Қани энди айт-чи, мен сен учун нима қилиб беришим мумкин.
– Билмадим. Аслида, сиз менга ўзингиз буни айтасиз, деб умид қилган эдим.
– Қандай қилиб? – ҳайрон бўлиб сўради Устоз.
– Мен қирқ йил дарбадар дарвиш бўлиб юрдим.
Табиат қонунларини тушунишни ўргандим, жамият қонунлари эса ҳамон менга қоронғу. Агар керак бўлиб қолса, мен йиртқич ҳайвон билан жанг қила оламан, бироқ инсонга зарар етказа олмайман. Мен осмондаги барча юлдуз туркумини, ўрмондаги ҳар қандай дарахтни номма-ном айтиб бера оламан ва тангри Таолонинг Ўзидан нусха олиб яратган ҳар бир инсонни очиқ китоб каби ўқий оламан.
Устоз мойчироқни ёққунича Шамс яна бироз жим қолди. Кейин давом этди:
– Қоидалардан бирида: «Сен Худони ҳамма нарсаларни ва ҳамма одамларни билиш орқали била оласан, чунки худо нафақат масжиддадир, у синагогда ҳам ёки бошқа ибодатгоҳларда ҳамдир. Аммо шунда ҳам унинг қаердалигини билишни истасанг, Уни Ўз содиқлари қалбидан изла» дейилган. Уни кўриб, тирик қолган кимса йўқ, шунингдек уни кўриб, ўлувчи ҳам йўқ. Уни топган ҳамиша Унинг билан бирга қолади.
Ғира-шира ёритилган хонада Шамс Табризий ўзи бўлганидан баланд кўринарди ва сочлари елкаларига тушиб тутарди.
– Мен кўп йиллар ўз дуоларимда Худога илтижо этиб, ўз илмимни бўлишмоғим учун суҳбатдош сўрадим. Ниҳоят Самарқанддалигимда менга намоёнлик берилди. Менга Бағдодга боришим ва у ерда мақсадим амалга ошиши мукинлиги айтилди. Менимча, сиз менга суҳбатдош бўладиган киши исмини биласиз, унинг қаерда истиқомат қилишини биласиз ва менга айтасиз, ҳозир эмас, кейинроқ бўлса ҳам айтасиз.
Секин-аста Ерга кеч тушган, лекин ой нури хонани ёритганидан кейингина мен вақт алламаҳал бўлиб қолганини пайқаган эдим. Ошпаз мени роса излаганбўлса керак. Лекин менга барибир эди. Қоидани бузаётганим менга биринчи марта яхши кўринар эди.
– Мендан қандай жавоб кутаётганингни тасаввур ҳам эта олмаяпман, – ғўнғиллаб қўйди устоз.
– Лекин ҳамон менга буни сенга очиш буюрилган бўлса, вақти-соати келганда бу менга маълум бўлишига ишонаман. Унга қадар биз билан қол. Меҳмонимиз бўл.
Буни эшитгач, дарбадар дарвиш тавозе билан таъзим қилди ва миннатдорлик билан Бобо Заминнинг қўлини ўпди. Шундан кейин устоз дарвишга ғалати савол берди:
– Сен ўзингдаги барча илмни бошқа инсонга беришга тайёрман, дединг. Сен Ҳақиқатни худди қимматбаҳо дур каби ўз кафтингда ушлаб турибсан ва уни кимгадир тақдим этишни истайсан. Лекин ўз қалбини руҳият нури учун очиш оддий инсон учун жуда мураккаб масала. Сен бунда Худога тегишли ҳуқуққа даъво
қилмоқдасан. Бунинг учун сен қандай бадал тўлай оласан?
Мен дарвишнинг берган жавобини бир умр эсимдан чиқармайман.
– Бадалига бошимни бермоқчиман.
Бутун танамда чумоли ўрмалаётгандай бўлди, титраб кетдим. Тирқишдан яна қараб, устоз ҳам мендан кам ларзага тушмаганини кўрдим.
– Балки, гаплашганимиз бугунча етарлидир, – тин олди Бобо Замин.
– Сен чарчагансан. Рухсатинг билан хизматчимизни чақирай. У ётар жойингни кўрсатсин, тоза кўрпа-тўшак ва бир пиёла сут берсин.
Шамс Табризий яна эшикка ўгирилди, у мени кўриб турганига ҳеч шубҳам қолмади. Боз устига, у нафақат ташимни, балки бутун қалбимни ҳам кўриб тургандай, ундаги ўзим ҳали билмайдиган сирларни ҳам биладигандай эди. Ҳойнаҳой, у Бобилдаги Хорут ва Морутдан Қуръон рад этган жодуларни ҳам билиб олган чиқар. Ё бўлмаса, у эшик ва девор ташқарисини кўришга қобил бўлган ғайриоддий инсоний қобилиятга эга бўлса керак. Ҳарқалай у мени қўрқитиб юборди.
– Хизматчингизни чақиришга ҳожат йўқ, – деди дарвиш овозини бироз баландлатиб.
– Мен унинг яқин ердалигини ва бизни эшитиб турганини ҳис этаяпман.
Мен шундай қаттиқ оҳ тортиб юбордимки, назаримда, бу ҳатто қабристондаги ўликларни ҳам уйғотиб юборди. Саросималикдан сакраб, қоронғу жойга беркинмоқчи бўлиб, боғ томонга отилдим. Бироқ у ерда мени кутилмаган нохушлик пойлаб турган эди.
– Шу ёқда экансанда, ярамас! – ошпазнинг овози келди менга, у қўлида супурги билан чопиб келарди.
– Бошинг балога қолди энди, бола, балога қолди!
Мен бошқа томонга сакраб қочдим ва супургига қоқилиб кетишимга оз қолди.
– Бери кел ё оёқларингни синдирайми! – кетимдан чопиб, пишиллаб бақирарди ошпаз.
Лекин мен тўхтамадим. Бунинг ўрнига ўқдай отилиб боғдан чиқиб кетдим. Кўзларимга Шамс Табризийнинг юзи кўринмай қолгунча чопавердим, эгри-бугри ёлғизоёқ йўлдан чиқиб, катта кўчага чиқдим, кейин эса катта кўча бўйлаб чопдим, чунки ҳеч тўхтай олмай қолгандим. Кўкрак қафасимда юрагим дукиллар, томоғим қуриб кетган эди, мен эса барибир чопавердим, токи тиззаларим қайрилиб, ерга ағдарилиб тушгунимча чопдим.
Элла
2008 йил, 21 май, Нортгемптон.
Дэвид қочиб қутулиб бўлмайдиган жанжал олдидан ўзига далда бера-бера азонда уйга қайтганида хотини ўз ўрнида ухлаб ётганини кўрди. Ёнида «Ширин шаккоклик» қўлёзмаси ётар ва вино ичилган бўш стакан турарди.
Ўн минутлардан кейин Элла уйғонди. Дэвиднинг ваннахонада душ қабул қилаётганидан ҳайрон бўлмади. Эри бошқа аёллар билан ўйнашишга ўйнашиши, ҳатто тунни улар билан ўтказиши ҳам мумкин эди-ю ва лекин эрталаб душни ҳамиша ўз уйида қабул қилар эди. Дэвид ётоқхонага қайтиб кирганида, унинг уйга
келмагани борасидаги тушунтиришларидан қочиш учун ўзини ухлаётганга солди.
Бир соатча ўтар-ўтмас Дэвид ва болалар ўз ишларига тарқаб кетишди ва Элла яна ошхонада ёлғиз қолди. Ҳаёт оқими яна ўзининг одатдаги ўзанига тушгандай эди. Элла ўзининг севимли «Пазандалик санъати – осон ва тез» ошпазлик китобини очди ва бир нечта рецептни ўқиб кўриб, ўзини кун бўйи иш билан банд қилиши мумкин бўлган анча мураккаб менюни танлади.
Денгиз моллюскаларидан заъфарон, кокос ва апельсин солиб тайёрланадиган ёвғон шўрва.
Қўзиқорин, хушбўй кўкатлар ва беш хил пишлоқ билан пишириладиган спагетти.
Хўшбўй олма мойи, сирка ва саримсоқпиёз шимдириб пишириладиган бузоқ қовурғалари.
Лайма сокидаги яшил ловиядан ва гулкарамдан тайёрланадиган салат.
Кейин десерт (ширинлик) танлади: илиқ шоколад суфлеси.
Элла овқат тайёрлашни яхши кўрарди. Энг оддий масаллиқлардан ширин таомлар пиширишдан у нафақат ҳузур қиларди, балки, қизиғи шуки, кайфияти ҳам кўтарилиб кетарди. Боз устига бу иш жуда аъло даражада чиқиши унга яна ҳам кўпроқ ҳузур берарди.
Бундан ташқари, овқат тайёрлаш уни тинчлантирарди ҳам. Ошхона унинг ҳаётида ўзини дунёдан ажратиб олиши ва вақт тезлигини гўё қисқартириши мумкин бўлган жойи эди. Баъзи одамлар учун интим муносабатлар шундай рол ўйнайди, фикрлар эди Элла, лекин бунинг учун икки киши бўлиши керак, ошхона учун эса фақат вақт, ишга меҳр ва масаллиқ бўлса, бас.
Телевидениедаги пазандалик дастурлари бошловчилари бу санъат кишидан руҳий илҳом ва ижодий қобилият талаб қилишини уқтирадилар. Улар ҳамиша «эксперимент» сўзини такрорлайдилар. Элла уларнинг фикрларига қўшилмайди. Экспериментни олимларга, ғаройиботларни эса рассомларга ҳавола этиш жоизроқ эмасми? Бу ерда эса анъаналарга риоя этиш ва сира ҳам эксперимент қилмаслик керак. Таом тайёрлашни билиш – бу урф-одатга ва қоидаларга риоя этиш дегани. Ҳозирги даврда аҳамияти қанчалик кам қадрланаётган бўлмасин, ошхона юмушларида уларга риоя этиш сира айб эмас.
Элла ўзининг уй юмушларини эскича юритиш одатини қадрларди. Эрталаблари бутун оила деярли ҳамиша бир вақтда нонушта қилар, дам олиш кунларини ҳамиша бир ерда ўтказишар, ҳар ойнинг биринчи якшанбасида қўшниларини тушликка (меҳмонга) чақиришарди. Дэвиднинг ўз ишидан сира вақти ортмагани учун бутун рўзғор ишлари: харажатлар, уй-рўзғорни, болаларни тартибда тутиш, уларнинг дарс тайёрлашларини кузатиб бориш – барчаси фақат Элланинг зиммасида эди. Пайшанба кунлари Элла Пазандалик клубига борарди, у ерда клуб аъзолари ўзаро пазандалик рецептларини бўлишар эдилар. Ҳар жуманинг бир неча соатини бозорда, фермерлар билан, уларнинг маҳсулотларини муҳокама қилиш ва таъмини тотиш ва тажрибаси кам ёш бекаларга маслаҳатлар бериш билан ўтказарди. Қолган нарсаларни у уйга қайтишда магазиндан олар эди.
Шанба кунлари кечқурун Дэвид Эллани ресторанга (одатда япон ресторанига) олиб борарди – шунда агар унча чарчамаган бўлишса ва унчалик маст бўлишмаса – уйга қайтишгач, бирга бўлишарди. Қисқагина ўпичлар ва эркалашлар эҳтироснинг эмас, балки шунчаки боғланишнинг ифодаси эди. Никоҳлари барқарор ва одатий тусга кирганидан кейин биргалик ўз жозибасини йўқотган эди. Улар баъзан ҳафталаб бир-бирига яқинлашмас эдилар. Элла ҳатто бир вақтлар эр-хотинлик муносабати унинг ҳаётининг муҳим қисмини ташкил этганига ҳайрон бўларди, энди эса енгил тортган, ўзини деярли эркин ҳис этарди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!