Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"
Автор книги: Элиф Шафак
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 15 страниц)
(Бажарилди)
Ўз ҳаётимни, ҳаётий қадриятларим ва қарашларимни баҳолаш. (Ярим бажарилди)
Тановул этадиган овқатларим рўйхатидан (рационимдан) гўштни олиб ташлаш, ҳар ҳафта учун соғломлаштирувчи таомнома тузиш, ўз вужудимга эътибор
қаратиш. (Ярим бажарилди)
Румий шеърларини ўқишни бошлаш. (Бажарилди)
Болаларни бродвей мюзиклига олиб бориш. (Бажарилди)
Ошпазлик китобини тузишни бошлаш. (Бажарилмади)
Ишққа юрагимни очиш!!!
Элла ўз рўйхатидаги ўнинчи бандга тикилганча, қимирламай турарди. У бу сатрларни ёзганида нимани назарда тутганини ўзи ҳам билмас эди. Нимани ўйлапти у? «Ширин шаккоклик» ни берилиб ўқишим оқибати бўлса керак, – шивирлади у гўё ўзига-ўзи изоҳ бергандай. Кейинги пайтда ўзининг севги ҳақида ўқтин-ўқтин ўйлаётганини пайқади.
«Қадрли Азиз!
Бугун менинг туғилган куним! Мен ўзимни қандайдир даврга етиб келгандай ҳис этмоқдаман. Қирқ ёш инсон, айниқса, аёл ҳаётининг муҳим палласи, дейишади. Шунингдек, қирқ ёш – бу яна ўттиз ёш демакдир (олтмиш ёш эса – яна қирқ ёш демак) дейишади ҳам, лекин, менимча, бу ерда бўрттириб юборилган. Яъни, биз ўзимизни алдаб қўймоқчимизми? Қирқ дегани бу қирқ-да ахир! Менга «нималардир» келиб қўшилди – билим, ҳикматлар, албатта, ажинлар ва сочларнинг оқлари ҳам.
Авваллари туғилган кунларимда ўзимни бахтли ҳис этар эдим, бугун тонгда эса юрагимда оғир туйғу билан ва ўзининг эрталабки қаҳвасини ҳали ичмаган одам учун ҳаддан зиёд мураккаблик қиладиган саволлар билан уйғондим. Шу пайтгача яшаб келаётган ҳаёт тарзимни ўзгартиришни истайманми ё йўқми, ўзим ҳам билмайман.
Шу боисдан қўрқиб кетдим. «Ҳа» ҳам, «йўқ» ҳам бирдай даҳшатли натижаларга олиб келса, нима бўлади?
Балки шунинг ўзи саволимга жавобдир?
Сизга эҳтиром ила
Элла.
P.S. Хатим унча қувноқ чиқмагани учун узр сўрайман.
Нима учун бугун ўзимни бундай ҳис этаётганимни билолмаяпман.
Сабаби йўқдай кўринади. (Ёшим қирққа тўлиб бўлганини ҳисобга олмаганда,
албатта. Бу балки ўрта ёшга хос кризис, деб аталган
нарса бўлса керак)»
«Қадрли Элла!
Таваллуд кунингиз билан табриклайман! Қирқ ёш – эркак киши учун ҳам, аёл учун ҳам энг гўзал ёш. Сўфийлар қирқ сонини юқорироқ поғонага кўтарилишни ва руҳан уйғонишни ифодаловчи мажоз, деб ҳисоблашларини Сиз балки биларсиз? Аза тутганимизда, у қирқ кун давом этади. Чақалоқ туғилса, унинг янги ҳаётга кўникиши учун қирқ кун керак бўлади. Агар севиб қолгандек бўлсак, ўз ҳиссиётимизга иқрор бўлишимиз учун ҳам қирқ кун керак. Оламни сув босиши, сув Аввалги ҳаёт тарзининг ювиб ташланиши, барча ёвузликларни тозалаб ва одамларга такроран янги ҳаёт бошлаш имконияти берилмоғи учун бутун Оламни қирқ кун давомида сув босган. Ислом фалсафасига кўра инсон билан Худо орасида қирқ поғона бор. Исо (а.с.) қирқ кечаю қирқ кундуз чўлга узлат этганлар. Муҳаммад (с.а.в.)га пайғамбарликлари ҳақидаги ваҳий келганида қирқ ёшда бўлганлар. Будда қирқ кун жўка дарахти остида медитация (зикр) қилган. Шамснинг қирқ қоидаси ҳақида эса айтмасам ҳам бўлади.
Сиз янги ишингизни қирқ ёшингизда олдингиз ва бу янги ҳаёт бошланишидан нишона!
Шундай қилиб, Сиз жуда хайрли ёшга кирдингиз. Муборак бўлсин! Ва ёшингиз ортганидан хафа бўлманг. Ҳеч қандай ажин ва оқарган соч қирқ сонининг қувватига таъсир эта олмайди!
Сизга эзгу тилаклар ила
Азиз.»
Чўл атиргули, фоҳиша
1244 йил,17 октябрь, Конья Исловотхоналар кўп асрлардан буён бор. Мен каби аёллар ҳам. Лекин бошқа нарсалар мени таажжублантиради. Нима учун фоҳишалардан нафратланаман, деб юрадиган инсонлар фоҳиша ўз ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлса, бунга жон-жаҳдлари билан қаршилик қилишади. Улар худди бизларнинг шу аҳволга тушганимизга ачинганларини айтадилар-у, айни пайтда, ҳамон шу аҳволга тушган эканмиз, ўша ерда қолаверганимиз маъқул, деяётгандай бўлишади. Нима учун бундай?
Мен бир нарсани тушундим: баъзи одамлар бошқа одамларнинг бахтсизлиги ҳисобига яшашади, бундайларга ер юзида бир бахтсизнинг камайиши ёқмайди.
Улар нима десалар ва нима қилсалар қилаверсинлар, мен эса бир кунмас бир кун фоҳишахонадан кетаман.
Эрталаб бирдан-бир тилак билан уйғондим – буюк Румий хутбасини тинглаш тилаги. Агар бекага буни айтсам ва бориб келиш учун рухсат сўрасам, у мени масхара қилиб кулиши турган гап.
– Қачондан буён фоҳиша масжидга борадиган бўлипти? – деган бўлар эди у, юмалоқ юзи тўқ қизарганча кулиб.
Шунинг учун мен ёлғон ишлатдим. Соқолсиз дарвиш кетганидан кейин, бека ҳайратдан довдираб қолгандай кўринди ва мен тушундимки, бундан қулайроқ вақт топилмайди. Кимдир уни саросимага солиб қўйса, у ҳамиша одатдагидан хушфеълроқ бўлиб қолади. Ва мен унга бозорга боришим ва баъзи майда-чуйда топшириқларни бажаришим зарурлигини айтдим. У менга ишонди. Тўққиз йиллик оғир заҳматларимдан кейин у менга ишонди.
– Фақат бир шарт билан, – деди у.
– Сезам сен билан бирга боради.
Бу менинг таъбимни хира қилмади. Сезам яхши. Бу ёш боланикидай ақли бор йирик жуссали жуда соддадил эркак ишончли ва беғубор эди. Унинг бундай аёвсиз дунёда қандай жон сақлаб юргани мен учун ғаройиб сир эди. Ҳеч ким унинг ўз исми нималигини билмас эди; балки ўзи ҳам билмаса керак. У кунжутдан тайёрланадиган сезам деган ҳолвани жудаям яхши кўргани туфайли, биз уни Сезам деб чақирардик. Фоҳишалардан биронтаси бир ерга бориши керак бўлиб қолса, Сезам ҳамиша соядай кузатиб борар эди. Сезам мен орзу қилишим мумкин бўлган энг яхши тансоқчи эди.
Шу тариқа биз боғлар орасидан ўтган чанг йўлдан юриб кетдик. Биринчи чорраҳага етганимизда мен Сезамдан кутиб туришини илтимос қилдим, ўзим эса буталар орасига аввал яшириб қўйилган тўрвадан эркаклар кийимини олдим.
Эркакча кийим кийиш мен ўйлаганимдан қийинроқ экан. Олдин, билиниб қолмаслиги учун юпқа бўйинбоғ билан кўкракларимни боғладим. Кейин қопдай
келадиган кўйлак ва иштонни, тўқ қизил рангли камзул кийдим ва саллани бошимга ўрнатдим. Ниҳоят, араб саёҳатчисига ўхшаб кўриниш учун юзимнинг ярмини бўйинбоғ билан беркитдим.
Сезамнинг ёнига қайтиб келганимда, у ҳайратдан титраб кетди.
– Кетдик, – дедим мен, у ўрнидан қимирламай турганини кўриб, юзимни очдим.
– Наҳотки мени танимаётган бўлсанг, қадрдон?
– Бу сенмисан, Чўл атиргули?! – худди қўрқиб кетган болалардай, кафтини оғзига босиб, хитоб қилди Сезам.
– Нимага бунақа кийиниб олдинг?
– Сир сақлай оласанми?
Сезам бош силкитди ва ҳаяжондан кўзлари думалоқ бўлиб кетди.
– Ҳа, яхши, – шивирладим мен. – Биз масжидга кетаяпмиз. Лекин сен буни бекага айтмаслигинг керак.
Сезам титраб кетди:
– Йўқ, йўқ. Биз бозорга кетаяпмиз.
– Тўғри, қадрдон, кейин бозорга борамиз. Аммо олдин буюк Румийни тинглаймиз.
Сезам қўрқиб кетган эди, лекин мен бошқача бўлиши мумкин эмаслигини олдиндан билардим.
– Илтимос, бу менга жуда ҳам зарур. Агар гапимга кирсанг ва бу ҳақида ҳеч кимга айтмасанг, мен сенга каттакон ҳолва олиб бераман.
– Ҳолва, – тилини тақиллатиб, мамнуният билан такрорлади Сезам, гўё шу сўзнинг ўзиёқ унинг оғзини ширинлик билан тўлдиргандай.
Биз жума кунлари Румий хутба ўқийдиган масжид сари йўл олдик.
Мен Никея[4]4
Тушунтириш: ҳозирги Туркиянинг шимоли-ғарбидаги Изник шаҳри.
[Закрыть] шаҳри яқинидаги қишлоқчада туғилганман. Онам ҳамиша: «Сен тўғри жойда туғилгансан, лекин нотўғри юлдуз остида туғилганмикансан, деган хавотирдаман», – дерди. Ёмон вақтлар эди. Ҳамиша таҳликали гап-сўзлар юрарди. Энг олдин салибчилар қайтиб келаётганлари ҳақидаги гаплар юрарди. Уларнинг Константинополда (ҳозирги Истамбулда) қилган даҳшатли ишлари, уйларни талаганлари, бутлар, черковлар ва бутхоналарни йўқ қилганлари ҳақида. Кейин Салжуқийларнинг босқинлари. Салжуқий қўшинлар ҳақидаги шов-шувлар тугар-тугамас, мўғулларнинг йиртқичликлари ҳақидаги ҳикоялар. Истилочиларнинг номлари ўзгарар эди, холос, лекин истилочилар томонидан ўлдирилиш қўрқуви сира йўқолмас эди.
Ота-онам новвойчилик қилишар ва эътиқодли христианлардан эдилар. Болаликдан қолган илк хотираларимдан бири янги ёпилган ноннинг иси. Ота-онам бой эмас эдилар. Болаликдаёқ буни тушунардим. Лекин ночор ҳам эмас эдик. Садақа сўраб уйимизга келганларнинг кўз қарашлари қандай бўлишини кўрганман. Ҳар кеча ухлашдан олдин қорним оч ҳолда ухлашга ётмаётганим учун Худога шукроналар айтардим. Мен у билан худди ўз дўстим билан гаплашаётгандай гаплашардим.
Ҳа, у вақтлар Худо чиндан ҳам менинг дўстим эди. Мен етти ёшга тўлганимда онам ҳомиладор бўлди. Бугун ортга қараб, унинг болалари бир неча тушиб қолган бўлса керак, деб ўйлаб қоламан, лекин у вақтларда мен ҳеч нимани тушунмас эдим. Мен шунчалик содда эдимки, болалар қаёқдан пайдо бўлади, деб сўрашса, Худо уларни юмшоқ ширин хамирдан ёпади, деб жавоб берардим.
Худо онам учун яратган кичкинтой жуда катта эканми, онамнинг қорни тез орада жуда катта ва қаттиқ бўлиб қолди. Онам зўрға ҳаракатланарди. Доя хотин бу сувнинг кўплигидан деган эди, лекин ҳеч ким бунинг хатарини кўрмас эди.
Қоринда бир эмас, учта бола борлиги на онамнинг ва на доя хотиннинг хаёлига келмаган экан. Ва ҳаммаси ўғил экан. Укаларим онамнинг қорнида ёқалашиб қолишипти. Биттаси иккинчисини киндиги билан бўғиб қўйипти, иккинчиси эса худди бунинг учун қасд олгандай йўлни тўсиб қўйиб, у иккитасининг туғилишига йўл қўймай турипти. Онам тўрт кун азоб чекди. Биз эртаю кеч, то буткул жим бўлиб қолмагунча унинг қичқириқларини эшитиб турдик.
Доя хотин онамни қутқара олмади, лекин укаларимни қутқариш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди.
Қайчи билан қорнини қийди ва болаларни чиқариб олди. Лекин фақат биттаси тирик қолди. Укам шундай туғилган эди. Онамнинг ўлими учун отам уни кечира олмади, ҳатто уни чўқинтирганларида ҳам кўргани келмади.
Онам ўлди, отам эса бадқовоқ, камгап одамга айланди, бундан менинг ҳаётим ҳам ўзгариб кетди. Отам новвойчилик ишини эплай олмай қолди. Секин-аста
харидорларни йўқота бошладик. Камбағал бўлиб қолиш ва садақа сўраб юришдан қўрқиб мен кулчаларни тўшагимга беркитардим, нонлар қотиб қолар ва моғор босиб, еб бўлмайдиган бўлиб қоларди. Аммо укам айниқса кўп азоб чекарди. Мен ҳеч бўлмаса авваллари меҳр ва эркалашлар нималигини кўрган эдим. Унда эса булардан асар ҳам бўлмади. Унга қилаётган муомалаларини кўриш қўрқинчли эди, лекин мен юрагимнинг тубида отамнинг қаҳри менга эмас, укамга қаратилаётганидан деярли хурсанд эдим ва шукур қилардим.
Афсуски, укамни ҳимоя қилиш учун менда жасорат етмаган эди. Агар етганида эди, ҳаммаси бошқача бўлиши ва мен исловотхонага тушмаган бўлишим мумкин эди. Афсуски, ҳеч нимани олдиндан кўриб бўлмайди.
Бир йилдан кейин отам яна уйланди. Укам ҳаётидаги бор ўзгариш шу бўлдики, илгари фақат отам унга зуғум қилган бўлса, энди ўгай онам ҳам унга қўшилган эди. Укам вақти-вақти билан уйдан қочиб кетарди. У тобора қўпол бўлиб борар, атрофига ҳам тобора жаҳлдор дўстлар тўпланар эди. Бир куни отам уни чалажон қилиб урди. Шундан кейин укамда тузатиб бўлмас ўзгариш юз берди. Кўз қарашларида илгари бўлмаган совуқлик пайдо бўлди. Унинг бир нарсани режалаштираётганига сира шубҳам йўқ эди, лекин юрагида қандай режани сақлаб юрганини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Билганимда, балки фожианинг олдини олган бўлар эдим.
Бу баҳорда содир бўлди. Бир куни эрталаб отам ва ўгай онамни ўлик ҳолда топишди. Улар каламушдори билан заҳарланган эдилар. Бу нарса маълум бўлган
заҳоти ҳамма гумонлар укамга тушди. Сўроқ қилишлар бошланди ва у уйдан қочиб кетди. Менинг оила аъзоларимдан ҳеч ким қолмади. Ҳамон онамнинг исини туйиб турган уйимда яшашга бошқа чидай олмасдан, хотиралар азоб бераётган новвойхонада ишлашга кучим етмасдан, эндиликда менинг яккаю ёлғиз қариндошим бўлиб қолган қариқиз холамникига Константинополга кетишга қарор қилдим. Ўшанда ўн уч ёшга тўлган эдим.
Константинополга соябонли ёлланма аравада кетишга қарор қилдим, йўловчилар орасида мен энг ёши эдим ва саёҳатда мени ҳеч ким кузатиб бормаётган эди. Бир неча соат ўтар-ўтмас ўғрилар тўдаси йўлимизни тўсди. Улар ҳамма нарсамизни – cафар қутиларимиз, кийимларимиз, пойафзалларимиз, белбоғлар ва тақинчоқларимиз, ҳаттоки аравакашнинг емишигача олиб қўйишди. Менда уларга берадиган ҳеч нима йўқлиги учун, менга зарар етказа олмаслигига ишонган ҳолда, бир четда жим турардим. Лекин энди кетмоқчи бўлиб туришганида уларнинг бошлиғи бирдан менга ўгирилиб сўради:
– Сен иффатингни йўқотмаганмисан, кичкинтой?
Мен қип-қизариб кетиб, бундай андишасиз саволга жавоб беришдан бош тортдим. Қизариб кетиб, унинг саволига жавоб бериб бўлганимдан ўзим бехабар эдим.
– Кетдик! – қичқирди қароқчилар бошлиғи. – Отларни ва қизчани олинглар!
Мен йиғлаб-сиқтадим ва қаршилик қилдим, лекин йўловчилардан ҳеч бири менга ёрдам бермади. Қароқчилар мени ўрмон чакалакзорига судраб олиб кетишди, у ерда қишлоқ борлигини кўриб ҳайрон бўлдим. У ерда аёллар ва болалар бор эди. Ҳамма ёқда ўрдаклар, эчкилар, чўчқалар айланиб юришарди. Бу ҳақиқий қишлоқ эди, фақат аҳолиси жиноятчилардан иборат эди.
Мен тез орада уларга нима учун иффатли қиз керак бўлиб қолганини тушундим. Уларнинг бошлиғи узоқ вақтдан бери қандайдир оғир асаб касаллиги билан
оғриган экан. Кўп вақтдан бери тўшакдан тура олмайдиган бўлиб қолган ва бутун баданини қизил доғлар қоплаган экан. Шунда кимдир агар иффатли қиз билан алоқа қилса, бу касаллик у қизга ўтиб, ўзи тузалиши ва мусаффоланиши мумкинлигига уни ишонтирипти.
Ҳаётимда шундай ҳодисалар борки, уларни эслашни истамайман. Масалан, ўрмондаги ҳаётни. Ҳатто ҳозир ҳам хотираларимда бу ҳаётим учун жой йўқ.
Фақат қарағайлар ҳақида ўйлайман. Ўша вақтлар мен кўп вақтимни бир ўзим қарағайлар остида ўтириб ва қишлоқ аёлларининг гапларига қулоқ солиб ўтказар эдим, улардан кўпчилиги қароқчиларнинг хотинлари ва қизлари эди. У ерда ўз ихтиёрлари билан келган фоҳишалар ҳам бор эди. Улар нима учун қочиб кетмаслигини мен сира тушунмас эдим, ўзим эса фақат шу ҳақида тинимсиз ўйлардим.
Ўрмон ичидан кўпинча аслзодаларнинг соябон аравалари ҳам ўтиб турар эди. Токи бу араваларнинг аравакашлари жиноятчиларга катта гаров беришлари ва бехавотир ўтиб кетишлари учун товон тўлашларини фаҳмлаб олмагунимча, бу сирнинг тагига ета олмай юрдим. Шуни тушунганимдан бошлаб, режамни пишита бошладим. Бир куни катта шаҳарга кетаётган аравани тўхтатиб, ҳайдовчидан мени олиб кетишини сўраб ёлбордим, лекин у, менда пул йўқлигини била туриб, жуда катта пул сўради. Шундан кейин мен бунинг ҳақини ўзимда бор ягона йўл билан тўладим.
Фақат анча вақтдан кейин, Константинополга келгач, ўрмондаги фоҳишалар нима учун қочиб кетишга уринмасликлари сабабини англаб етдим. Шаҳар ўрмондан бадтар экан. Шаҳар яна ҳам аёвсизроқ экан.
Мен қари холамни изламай қўя қолдим. Иффатимни йўқотганимдан кейин бу тўппа-тўғри ҳаёт кечириб келаётган қариндошим мени қабул қилишни истармиди.
Мен фақат ўзимга умид боғлашим мумкин эди. Шаҳар кўп ўтмай руҳимни синдирди ва вужудимни булғади.
Ўзим кутмаган ҳолда буткул бошқа – қаҳру ғазаб, зўрлик, дағаллик ва касалликлар дунёсига – ўтиб қолдим.
Мен токи ҳайз кўра олмайдиган даражада заифлашмагунимча ва бошқа фарзанд кўрмайдиган бўлиб қолмагунимча кетма-кет бир қанча марта бола олдирдим.
Мен шундай нарсаларни кўришимга тўғри келдики, уларни айтиш учун сўз топилмайди. Шаҳардан кетгач мен аскарлар, кўзбойлоғич (циркчи)лар, лўлилар
билан бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрдим. Кейин мени Шоқолбош деб аташадиган одам топиб олди ва Коньядаги исловотхонага олиб келди. Токи кўринишим яхши экан, беканинг ўтмишим билан иши йўқ.
Унга ҳомиладор бўла олмаслигим ёқди, чунки бу томондан мураккаблик бўлмайди. Бепуштлигим туфайли у менга Чўл номини берди, кейин «чўл» исмини бироз безаш учун Атиргул исмини қўшиб қўйди. Менга ҳам бу исм ёқди, чунки атиргулларни жуда яхши кўраман.
Эътиқод ҳақида эса шундай ўйлайман: у мен анча илгари сайр қилиб юрган ва ифоридан баҳра олган, аммо эшиги мен учун аллақачон ёпилган атиргулли
боғга ўхшайди. Лекин мен яна Худо дўстим бўлишини истайман. Ва боғ атрофида айланиб, унга кирадиган эшикни излаяпман.
Мен Сезам билан масжидга яқин келганимизда, кўзларимга ишонмай қолдим. Турли ёшдаги эркаклар, ҳатто анъанага кўра, аёлларники бўлган жойларни ҳам қолдирмасдан ҳамма жойни эгаллаб олган эдилар. Мен энди кетмоқчи бўлиб турган эдим, лекин ўз жойидан турган ва чиқиб кетишга шайланган тиланчини кўриб қолдим.
Мана шу тариқа мен эркаклар тўла масжидга кирдим ва буюк Румий хутбасига қулоқ тутдим. Бу ерда бўлган мусулмонлар ўз ораларида аёл киши, айниқса, фоҳиша турганини билиб қолсалар, нима бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр хаёлимнинг бир четидан ҳам ўтмади. Мен ўзимни унутиб Румийни тинглардим.
– Худо азобу уқубатларни қувончлар ёрқинроқ бўлиши учун яратган, – дер эди Румий. – Ҳар қандай нарса ўзининг қарама-қарши томони воситасида ёрқинлашади. Худонинг эса қарама-қаршиси йўқ. Шунинг учун у биздан яшириндир.
Румий маърузасини ўқиркан, овози тобора баландроқ ва кучлироқ чиқарди, худди тоғлардан оқиб тушаётган, қорлар эриган сари тўлиб тошаётган жилға каби эди.
– Пастдаги ерга қаранг ва тепадаги осмонга қаранг. Ердаги барча ҳолатлар сув ва қуруқликка, тинчлик ва уруш ҳолатларига ўхшайди. Атрофингизда нимаики
содир бўлмасин, бу қаҳру ғазаб бўладими ёки мўминликми, ёлғонми ёки алдашми, ҳеч бирини Худо бежиз яратмайди.
Маърузани тинглар эканман, мен ҳамма нарса фақат бир мақсадга хизмат қилишини англадим. Онамнинг қисматига тушган ҳомиладорлик, укамнинг ёлғиз хўрланиши, ҳатто отам ва ўгай онамнинг ўлдирилиши, ўрмондаги даҳшатли ҳаёт, мен Константинопол кўчаларида кўрган разолат – булар барчаси менинг ҳаётим эди. Бу барча машаққатлар ортида қандайдир анча муҳим бўлган алланима турар эди. Мен бунинг нималигини ҳозирча тушунмас эдим, лекин бутун қалбим билан ҳис этардим. Ўша куни одам лиқ тўла масжидда Румийни тинглар эканман, худди аллақандай сокинлик булути менга тушиб келаётгандай туйиларди ва ўзимни худди нон ёпаётган онамни кўргандай яхши ҳис этар ва хотиржам эдим.
Тиланчи Ҳасан
1244 йил, 17 октябрь, Конья.
Жаҳлдан тушишга ҳаракат қила-қила заранг остида ўтирардим. Азоб нималиги ҳақида ўзининг ҳеч қандай аниқ тасаввури йўқ Румийнинг баландпарвоз нутқидан жаҳлим чиқмаслиги мушкул эди. Миноранинг сояси кўчани қоплади. Гоҳ мудраб, гоҳ ўтган-кетганни кузатиб ўтирар эканман, илгарилари сира кўрмаган дарвиш эътиборимни тортди. У қора жанда кийган, қўлида узун ҳасса, бесоқол, қулоғида юпқа кумуш сирға бўлиб, бошқа фуқароларга ўхшамагани учун
эътиборни тортмаслиги мумкин ҳам эмас эди.
У у ёқ-бу ёққа қаради ва дарҳол мени пайқади. Лекин одатда моховни кўриб қолиб, ўша заҳоти тескарига ўгириладиган бошқа одамлардан фарқ қилиб, қўлини кўксига қўйди ва эски қадрдондай менга таъзим қилди. Бу мени шунчалик ҳайратга солдики, бу ҳаракат орқамда турган кимгадир бўлса керак, деб ўйлаб ўгирилиб қарадим. Аммо орқада ҳеч ким йўқ эди. Хижолатга тушган, довдираган ҳолда мен ҳам қўлимни кўксимга қўйиб, дарвишнинг таъзимига жавоб қилдим.
У шошмасдан мен томонга юрди. Мен, дарвиш идишимга бир нечта чақа ташлар ёки нон берар, деган ўйда кўзларимни пастга қаратдим. Аммо бунинг ўрнига у қаршимда тиз чўкди.
– Ассалому алайкум, – деди у.
– Ваалайкум ассалом, дарвиш, – жавоб бердим мен ва тўсатдан хириллаб қолган овозимни ўзим танимай қолдим. Ким биландир гаплашиш учун имкон бўлмай қолганига кўп бўлган эди ва мен ўз овозим қандайлигини деярли унутган эдим.
Дарвиш ўзини Шамс Табризий деб таништирди ва менинг исмимни сўради.
Мен кулиб юбордим:
– Мендай одамга исм нимага керак?
– Ҳар бир инсоннинг ўз исми бор, – эътироз қилди дарвиш.
– Аллоҳнинг исмларини санаб тугатиб бўлмайди. Биз улардан фақат тўқсон тўққизтасини биламиз. Ҳамон Худонинг исми шунча кўп экан, унинг халифаси бўлган одам – қандай қилиб исмсиз бўлсин?
136
– Бир вақтлар менинг онам ва хотиним бор эдилар
ва улар мени Ҳасан деб чақирар эдилар.
– Демак, исмингиз Ҳасан, – бошини силкитди дарвиш. Кейин мени ҳайрон қилиб, кумуш кўзгуни узатди. – Олинг. Буни менга Бағдодда бир яхши одам берган эди, лекин бу мендан кўра сизга керакроқ. Бу сизга Худо ўз ичингизда эканини эслатиб туради.
Мен жавоб беришга улгурмасимдан, ғалати шовқин-сурон бошланиб қолди. Аввалига мен масжидда ўғрини тутиб олишган бўлса керак, деб ўйладим. Лекин шовқин тобора кучайиб борарди. Ёмонроқ кори ҳол бўлган кўринади. Ҳеч қандай ўғрини деб бунчалик шовқин кўтарилмайди.
Тез орада ҳаммаси равшан бўлди. Масжидга аёл киши кирипти ва оддий аёл эмас, эркак кийимини кийиб олган ҳаммага таниқли фоҳиша кирипти. Эркаклар
бақира-чақира уни ташқарига олиб чиқишди:
– Алдоқчини саваланг! Фоҳишани саваланг!
Қутурган оломон кўчага отилиб чиқди. Мен эркак кишининг кийимидаги ёш аёлни кўрдим. Унинг юзи докадай оқариб кетган, кўзларида даҳшат қотиб қолган эди. Ва омма ичига тушиб қолиб, унинг қисмига айланган одам қанчалик ўзгариб кетишига ҳамиша лол қолардим. Ҳеч қачон биров билан муштлашмаган
оддий одамлар – ҳунармандлар, савдогарлар, дастёрлар – омма ичига тушиб, йиртқич ҳайвонга айланиб қолишарди. Омманинг ҳукми ҳам одатий ҳол эди ва у ҳамиша мурдани ҳамма кўрадиган жойга осиб қўйиш билан якун топарди.
– Шўрлик, – пичирладим мен Шамс Табризийга ўгирилар эканман, лекин у аллақачон ёнимда йўқ эди.
Мен дарвишни худди осмонга отилган ёниб турган камон ўқи каби оломон ичига отилиб кирганини кўрдим. Буни кўриб мен ҳам сакраб турдим ва кетидан отилдим.
Оммага етиб олгач, Шамс ҳассасини мисоли туғ каби кўтарди ва бор кучи билан бақирди:
– Тўхтанглар, одамлар! Тўхтанг!
Довдираб қолган одамлар бирдан жим бўлиб қолишди ва ҳайрат билан дарвишга тикилишди.
– Уялмайсизларми! – ҳассасини ерга уриб бақирди у яна. – Ўттиз эркак бир аёлга қарши-я! Шу адолатданми?
– У адолатга лойиқ эмас, – деди тўртбурчак юзли гавдали ва афтидан ғазабдан кўзига ҳеч нима кўринмай қолган бир киши.
Афтидан бу одам ўзини-ўзи оломонга бошлиқ қилиб сайлаган кўринади. Мен уни дарров танидим. Бу шаҳардаги барча тиланчилар яхши танийдиган ва беаёвлиги, хасислиги туфайли ҳаммалари қўрқадиган Бейбарс исмли қоровул эди.
– Бу аёл эркакча кийиниб олиб, мусулмонларни адаштириб, масжидга кирган.
– Сен уни масжидга киргани учун жазолаш керак, демоқчимисан? Масжидга кириш жиноятми? – масхараомуз сўради Шамс Табризий.
Саволни эшитиб, ҳамма жим бўлиб қолди. Бундай фикр ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.
– Бу аёл фоҳиша! – оломон орасидан яна кимдир бақирди, – муқаддас даргоҳда унга жой йўқ!
Оломонни қайта ёндириб юбориш учун шу етарли бўлди.
– Фоҳиша! Фоҳиша! – бақиришди бир неча овоз бараварига.
– Фоҳишани бир ёқли қиламиз!
Худди буйруққа бўйсунган каби қандайдир йигитча бир сакраб, аёлнинг бошидаги салласини олиб ташлашга уринди. У саллани тортган эди, салла ечилиб
кетди ва аёлнинг узун сарғиш сочлари қуёшда ярақлаб, тўлқинланиб елкаларига тушди. «Жиноятчи» аёлнинг ҳусну жамолини кўриб, ҳамманинг нафаси ичига тушиб кетди.
Одамларни ҳайратга солган, туйғуларнинг қоришиб кетганини тушунди, шекилли, Шамс ҳамон ҳассасини силкитганича, оломонга яна ҳам яқинроқ келди.
– Биродарлар, аниқлаб олинг! Сиз бу аёлдан нафратланасизми ёки уни истайсизми?
Дарвиш шундай деб аёлнинг қўлидан ушлаб, ўзига тортди. Аёл худди ёш қизча онасининг этаги ортига яширинган каби унинг орқасига беркинди.
– Сен катта хато қилаяпсан, – деди баланд овозда тўдабоши. – Сен бу шаҳарда бегонасан ва бизнинг қоидаларимизни билмайсан. Бизнинг йўлимизда турма.
Яна кимдир гапга аралашди:
– Сен қандай дарвишсан ўзи? Фоҳишани ҳимоя қилишдан бошқа қиладиган ишинг йўқми?
Шамс, гўё савол ўйлантириб қўйгандай, бир зум жим қолди. У ҳеч қандай ҳиссиётга берилмай, сокин турарди.
– Орангизда аёл киши борлигини қандай билдингиз? – тўсатдан сўради у.
– Ё сиз масжидга намоз ўқиш учун эмас, атрофдагиларни томоша қилиш учун келасизми? Агар сиз ўзингизни кўрсатмоқчи бўлганингиздай шунчалик художўй экансиз, сиз бу аёл ҳатто яланғоч бўлса ҳам қарамаган бўлар эдингиз. Энди ортингизга қайтиб боринг-да, астойдил ибодат қилишга ҳаракат қилинг.
Кўчага ноқулай жимжитлик чўкди. Шамол ердаги хазонларни супурарди ва менга бир зум улар фақат менинг ёнимда ҳаракатланаётгандай туюлди.
– Боринг! Масжидга қайтинг! – деди Шамс ва худди пашшаларни ҳайдаётган каби ҳассасини силкитди.
Ҳамма ҳам унинг айтганини қилавермади, лекин ҳамма чекинди ва ишонқирамай, ҳайрат ичида нима бўлишини кутганча, икки қадам нари сурилишди. Кимдир, қайтиш керакмикин, деб ўйлагандай, масжидга қараб қўйди. Айни шу дақиқада аёл жасорат қилди ва дарвишнинг ортидан чиқди. Худди қуёндай чаққонлик билан оёқ учида ўгирилди ва малла сочларини силкитганча, энг яқиндаги муюлишга кириб ғойиб бўлди.
Икки эркак унинг ортидан қувмоққа шайланишди, лекин Шамс Табризий уларнинг йўлини тўсди, уларнинг олдида ҳассасини шундай катта куч билан силкитдики, иккиси ҳам қоқилиб кетишди ва ерга ағдарилиб тушишди. Йўловчилар буни кўриб, кула бошлашди, мен ҳам тоза кулдим.
Довдираб қолган ва ҳайратга тушган эркаклар ўринларидан туришди, лекин бу вақтда фоҳишанинг изи ҳам ўчиб бўлган ва дарвиш ҳам ишини битириб кетаётган эди.
Ичкиликбоз Сулаймон
1244 йил, 17 октябрь, Конья.
Қовоқхонада қаттиқ ухлаб қолибман. Кўчадан қулоқни қоматга келтиргудек қаттиқ овозлар кела бошлаганида уйғониб кетдим.
– Нима бўлди? – сўрадим кўзимни очиб.
– Мўғуллар бостириб келаяптими?
Саволимга жавобан кулгу эшитилди. Ўгирилиб қараб, қовоқхонанинг кунда-шунда мижозларидан бир нечтаси мени масхаралаб кўрсатаётганларини кўрдим.
Ифлос ҳаромилар!
– Қўрқма, қари пиёниста! – қичқирди қовоқхона эгаси Христос.
– Мўғулларга сенинг нима керагинг бор? Румий ўтиб кетаётипти ўзининг мухлислари қўшини билан.
Мен дераза ёнига бордим ва ташқарига қарадим.
Христос тўғри айтган экан. Шогирдлар ва мухлислар ҳис-ҳаяжон остида тўлқинланиб «Аллоҳ акбар! Аллоҳ акбар!» дея қичқирганларича Румийни тантанавор кузатиб ўтаётган эдилар. Румий улардан баландда, оқ отида савлат тўкиб ўтирарди. Воиздан қувват ва қатъият таралиб турарди. Мен деразани очдим ва бошимни чиқариб, оломонни кузата бошладим. Ниҳоят оломон шиллиққурт тезлигида ҳаракат қилганча, қовоқхонага етиб келди. Баъзи одамлар қўл узатсам етгудек жуда яқин масофага келиб қолишди. Шу пайт бирдан миямга ажойиб фикр келди. Биронтасини бошидан салласини тортиб олса нима бўларкин?
Мен Христос орқасини қашиганида фойдаланадиган таёқни олдим ва иложи борича қаттиқроқ чўзилиб, биронтасининг салласини тортиб олишга уриндим.
Мақсадга етай деб қолганимда, бир киши тасодифан бошини кўтарди ва мени кўриб қолди.
– Ассалому алайкум, – cаломлашдим у билан оғзим қулоққа етгудай сохта табассум билан.
– Мусулмон киши қовоқхонада! Уят! – бақирди у.
– Май ичиш шайтон васвасасига қулоқ солиш эканини билмайсанми?
Мен унга жавоб бериш учун энди оғиз очаётган эдим, лекин бир сўз айтишга ҳам улгурмадим, бошимга нимадир қаттиқ урилди. Кимдир бошимга тош отганини тушундим. Агар охирги онда бошимни тортиб олишга улгурмаганимда, бош суягим синган бўларди.
Тош очиқ ойнадан кирди ва менинг орқамда ўтирган форс савдогари ўтирган стол устига тушди. Қаттиқ маст бўлгани учун савдогар ҳеч нимани тушунмади,
тошни қўлига олиб, худди у осмондан юборилган хабардай кузата бошлади.
– Сулаймон, деразани бекит ва столингга қайт! – қаттиқ бақирди Христос ва овози хириллаб қолди.
– Нима қилганларини кўрдингми? – сўрадим мен столимга қайтаётиб.
– Кимдир тош отди. Мени ўлдириб қўйишлари мумкин эди!
Христос бир қошини кўтарди.
– Кечирасан-у, лекин сен нимани кутган эдинг?
Мусулмон одамни қовоқхонада кўрса, жирканадиган одамлар борлигини билмасмидинг? Сен эса маст ҳолда, лавлагидай қип-қизил бурнинг билан, яна ойнага бош суқасан!
– Нима бўпти? – тутилиб дедим мен.
– Мен одам эмасманми?
Христос, қўй, бунақа аразчи бўлма, дегандай, елкамни қоқиб қўйди.
– Биласанми, мен диндан айни шунинг учун нафратланаман. Ҳар қандайидан ҳам! Диндорлар Худони ҳамиша ўзлари билан бирга деб билишади ва шунинг учун ўзларини ҳаммадан афзал ҳисоблашади.
Христос жавоб бермади. У диндор эди, лекин шу билан бирга у мижозларини тинчлантиришни биладиган уддабурон хўжайин ҳам эди, шунинг учун менга яна бир идишда қизил май олиб келди ва уни қандай ташналик билан симираётганимни кўз узмай кузатиб турди.
– Нима учун бу дунёда май ичиш тақиқланган-у, у дунёда май ваъда қилинган, тушунмайман, – дедим мен.
– Агар шунақа ёмон бўлса, нима учун жаннатда ичишга рухсат берилади?
– Саволлар, саволлар… – қўлларини тепага кўтариб дўнғиллади Христос.
– Қачон қарама, савол берганинг-берган. Сен бирон нимани шунчаки ишонч билан қабул қила оласанми ўзи?
– Бўлмаса-чи? Ахир биз одаммиз ва бизга мия шунинг учун берилганми, шундай эмасми?
– Сулаймон, сени анчадан бери биламан. Сен нафақат кўпдан бери қовоқхонамга келадиган мижозимсан. Сен менинг дўстимсан. Шунинг учун сендан хавотир оламан.
– Майли, ҳечқиси йўқ…
– Сен яхши одамсан, – гапимни бўлди Христос.
– Лекин тилинг бир кун эмас, бир куни сени балога гирифтор қилади. Мен ана шундан хавотирдаман. Коньяда ҳар хил одам яшайди. Ва улардан баъзилари май ичадиган мусулмон ҳақида яхши фикрда бўлмасликлари сир эмас. Сен эҳтиёткор бўлишни ўрганишинг керак.
Одатингни яширишни ўрган ва ортиқча гапирма.
Мен кулдим:
– Балки сенинг гапларингни Хайёмнинг шеърлари билан якунлармиз?
Христос хўрсинди, менинг гапимни эшитган форс савдогари эса хушчақчақлик билан хитоб қилди:
– Тўппа-тўғри! Биз Хайём шеърларини истаймиз.
Бошқа мижозлар ҳам унга қўшилишди ва ҳаммалари менга чапак чалишди. Қизишиб кетганимдан стол устига сакраб чиқдим ва шеър ўқий бошладим:
Дерлар: жаннатда ҳур, кавсар бўлармиш,
Ариқ тўла май, сут, шакар бўлармиш.
– Тўғри, – қичқирди форс.
– Шундай дейилган, шундай!
Қадаҳни тўлдириб, қўлгинамга бер,
Минг насиядан бир нақд хуштор бўлармиш.
Кўп йиллик шаробхўрлигим даврида ниманидир ўрганган бўлсам, бу ҳам бўлса, ҳар кимнинг ҳар хил ичишидир. Бир одамни билардим, у ҳар куни бир катта кўза май ичарди, лекин сира ғамга ботмас эди, ашула айтар, кайф қилар, кейин эрталабгача ухларди. Лекин шунақаларни ҳам кўрдимки, жуда оз ичган бўлсалар ҳам қутуриб кетишарди. Шароб ўшанинг ўзи, лекин бир одам хурсанд бўлди, бошқаси ёвуз, уришқоқ бўлиб қолади, шундай бўлгач, шаробда нима айб?
Шу дамга қул бўлай, соқий айтсаки:
Бир қадаҳ майим бор, бўл менга ҳамдам.
Яна қарсаклар чалинди. Ҳатто Христос ҳам уларга қўшилди. Коньянинг яҳудийлар маҳалласидаги насронийнинг қовоқхонасида турли эътиқод кишилари қадаҳларни кўтардилар ва ҳатто ўзимиз бир-биримизни севмасак ва кечирмасак-да, ҳаммамизни севувчи ва кечирувчи Худога мадҳиялар ўқидик.
Элла
2008 йил, 31 май, Нортгемптон.
«Ҳушёр бўл, фалокатни ўтказиб юборма, – деб ўқиган эди Элла бир сайтда. – Кўйлакларини синчиклаб текшир, лаб бўёғи тегмаганми ва нотаниш атирнинг иси келмаяптими?»
Буни Элла Рубинштейн биринчи марта «Эринг сенга хиёнат қилаётганини қандай аниқлашинг мумкин?» номли сайтга кирганида кўрган эди.
Элла эрига жанжал қилишни истамас эди. Ҳар галгидай, кечаси уйга келмаган эридан қаёқда бўлганини сўрамади. Кейинги кунларда у асосан «Ширин шаккоклик» ни ўқиш билан машғул бўлди, бу иш унга индамай юриши учун баҳона бўлди. У изтиробда бўлгани учун одатдагидан секин ўқирди. Ўқиётганлари унга ёқаётган эди, лекин ҳар сафар Шамснинг янги қоидаси муносабати билан, ўз ҳаёти тобора чигаллашаётганини ҳам ҳис этаётган эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.