Электронная библиотека » Элиф Шафак » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"


  • Текст добавлен: 11 июля 2023, 23:40


Автор книги: Элиф Шафак


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Менимча, биз ҳаммамиз ҳам Худо билан шартлашиб олганмиз. Ҳар ҳолда, мен учун шундай бўлган.

Сўфийликка қадам қўйганимда Худога кучим етганича ҳамма эзгуликларни қилишга ваъда берганман.

Мен ҳаётда ўзим тушуна олмайдиган нарсалар борлигини қабул қиламан. Менга нарсаларнинг фақат айрим қисмлари, бўлаклари кўринади, холос, лекин БУТУН режа менинг тафаккурим доирасига сиғмайди. Сиз мени диндор деб ҳисоблаяпсиз. Лекин ундай эмас.

Мен спиритуалистман, бу эса бошқа нарса. Диндорлик билан руҳонийлик (спиритуализм) орасида катта фарқ бор. Бизнинг давримизда улар орасидаги жарлик мислсиз чуқурлашиб кетган.

Атрофимдаги жараёнларни кузатар эканман, ҳамиша қийин ҳолатда бўламан. Биз, бир томондан, индивидуумнинг (айрим олинган шахснинг) Худодан, ҳокимиятдан, жамиятдан эркин эканига ва нарсалар устидан ҳукм юрита олишига ишонамиз, аммо ишончимиз ортган сари тобора ўз ичимизда беркиниб (чекланиб) бораяпмиз, дунё эса тобора моддийлашиб бораяпти.


Иккинчи томондан эса, бутун инсониятда руҳийлик жиҳати тобора ортмоқда. Биз узоқ вақтлар мобайнида тафаккурга (АҚЛГА) таяниб яшаб келдик, энди эса унинг ЧЕГАРАСИ борлигини англашимизга тўғри келадиган давр келганга ўхшайди. Бизнинг давримизда худди Ўрта асрларда бўлгани каби, руҳий портлаш содир бўлаётгани кузатилаяпти. Ғарбда тобора кўпчилик одамлар ўзларининг серғалва ҳаётларида руҳиятлари учун ички майдон ажратишга ҳаракат қилмоқдалар.

Гарчи уларнинг ниятлари эзгулик эса-да, лекин амалга ошириш воситалари кўпинча тўғри эмас. Руҳият эски овқатга қўшиш мумкин бўлган янги зиравор каби эмас.

Яъни у тубдан янгиланишсиз, ўз ҳаётимизга шунчаки қўшиб қўйишимиз мумкин бўлган нарса эмас.

Мен Сизнинг пазандачиликни яхши кўришингизни биламан. Сиз Шамснинг, бутун олам буюк бир нарса пиширилаётган каттакон дошқозондир, деган гапидан хабардормисиз? Унда нима пиширилаётгани бизга ҳозирча номаълум. Лекин биз нимаики қилсак, ҳис этсак ва ўйласак, ҳаммаси шу қайнатма таркибига киради.

Ва биз ўзимиздан бу қозонга нима солаётганимизни сўрашимиз керак. Хафагарчилигимизни, қаҳру ғазабларимизни, жаҳлимизни қўшмаяпмизми? Ёки бу қозонга Ишқимизни (меҳру муҳаббатимизни) ва мутаносиблик, уйғунликларимизни қўша олаяпмизмикин?

Сизга келганда-чи, азизам Элла, инсоният пишираётган бу таомга Сиз нима қўшаяпман деб ўйлайсиз?

Мен ўзим, Сиз ҳақингизда ўйлаган вақтимда, чуқур табассумимни қўшаяпман.

Сизга меҳру муҳаббат ила,

Азиз.

УЧИНЧИ ҚИСМ ШАМОЛ

(…ҳаракатдаги, бир жойдан бошқасина кўчиб турадиган нарсалар шубҳа остида бўладилар)

Фанат 1244 йил, 19 октябрь, Конья.

Очиқ деразадан эшитилаётган итларнинг зўр бериб вовуллаши менга сира уйқу бермади. Улар уйга кирмоқчи бўлаётган ўғри ёки кўчадан ўтаётган ифлос ичкиликбозни пайқадимикин, деган хаёлда тўшакдан туриб ўтирдим. Одам ўз ўрнида бемалол ухлай олмайдиган бўлиб қолипти энди. Ҳамма ёқда ёқалашувлар ва бузуқликлар. Илгари бундай эмас эди. Атиги бир неча йил аввал бу шаҳар яшаш учун энг хавфсиз эди. Хулқий бузилишнинг бою камбағалга, ёшу қарига бирдай юқумли бўлган ва тўсатдан пайдо бўлиб, ҳамма ёққа тарқаладиган жирканч юқумли касалликдан фарқи йўқ.

Шаҳримиз бугун шундай ҳолатда. Агар мадрасада ўз ўрним бўлмаганида эди, онда-сонда бўлса ҳам уйдан чиқиб туришга журъат топа олмаган бўлармидим. Раббимга шукурлар бўлсинки, шаҳар жамоаси манфаатларини ўз манфаатларидан устун кўрадиган ва эртаю кеч Коньяда тартиб сақланишига хизмат қиладиган одамлар бор. Жияним Бейбарс шулардан бири. Биз у билан фахрланамиз. Шундай кечки пайт жиноятчи, разил ва ичкиликбоз кишилар юрадиган вақт, Бейбарс ўзининг қоровул-ўртоқлари билан бизни ҳимоя қилиб юрипти.


Акам бевақт вафот этгач, мен унинг ўғлига васий бўлгандим. Ёш ва қатъиятли Бейбарс қоровуллик қила бошлаганига ярим йил ҳам бўлди. Бейбарс бу ишга менинг мударрислигим туфайли эришди, деган ғийбатлар ҳам бўлди. Бўлмағур гап! Бейбарс ўзи жуда кучли ва умуман, унда бу иш учун керакли ҳамма нарса бор. Ундан жуда яхши аскар чиқиши мумкин эди. У Қуддусга боришни ва салибчиларга қарши жанг қилишни истаган эди, лекин биз хотиним билан Бейбарс энди улғайиб қолди ва оилали бўладиган вақти келди, деган қарорга келдик.

– Ўғлим, сен бизга шу ерда кераксан, – дедим мен. – Бу ерда ҳам жанг қилишинг керак бўлган одамлар бор. Тўғриси ҳам шу. Айни ўша куни эрталаб мен хотинимга биз жуда оғир вақтларда яшаётганимизни айтгандим. Ҳар куни бирон янги фожиа ҳақида эшитиб турардик.

Мўғуллар шиддат билан бостириб келиши, салибчиларнинг ғалаба қилишлари, шаҳар ва қишлоқлар бирин-кетин ғайридинлар тажовузи қурбонига айланиши, барчасига сохта мусулмонлар, яъни сўзда бор-у, амалда йўқ мусулмонлар айбдор. Одамлар Худо билан боғланишни йўқотган заҳоти йўлдан тоядилар. Мўғуллар гуноҳларимиз учун бизга жазо сифатида юборилган. Гап мўғулларда эмас, бунинг ўрнига зилзила, очарчилик ёки тўфон бўлиши ҳам мумкин эди.

Биз сабабни билгунимизча ва тавба қилмагунимизча, яна қанча бахтсизликларни бошдан кечиришимиз керак экан? Бир кун осмондан ёмғир ўрнига тош ёғишини ўйласам, қўрқиб кетаман. Кун келиб – ва бу кун узоқ эмасга ҳам ўхшайди – ҳаммамиз Од ва Самуд қавмлари сингари ер юзидан супуриб ташланиши мумкин. Боз устига сўфийлар. Улардан ҳам яхшилик кутиб бўлмайди. Мўмин мусулмоннинг ақли бовар қилмайдиган нарсалар ҳақида гапириб, ўзларини мусулмон деб аташга қандай журъат қилишар экан? Ўзларининг аҳмоқона қарашларини баён эта туриб, яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) номларини тилга олганларини эшитганимда томирларимда қоним қайнайди. Уларнинг айтишларича, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) учун эътиқодсизларга қарши жанг қилиш кишининг ўз нафсига қарши жанг қилишига нисбатан кичик жиҳод эмиш. Инсон дунёга келганидан буён жанг олиб бориши керак бўлган яккаю ягона душман нафс, деб ҳисоблашади сўфийлар. Бу гап чиройли эшитилади, аммо қизиғи шундаки, ислом душманларига қарши жанг олиб боришда бу қандай ёрдам берар экан?

Сўфийлар бундан ҳам бадтарини айтишади – шариат – йўлдаги бир босқич, холос, дейишади улар. Қизиқ, бу қандай босқич экан? Бу ҳам етмагандай, яна маърифатли инсонни дастлабки босқичдаги қоидалар билан чеклаб қўйиш мумкин эмас, деб даъво ҳам қилишади. Уларга ўзлари юқори босқичга эришган деб ҳисоблаш ёқади, шунинг учун ўзларини шариат қонунларига бўйсунмасликлари мумкин деб ҳисоблашади. Улар май ичишади, рақс тушишади, шеър ёзишади, расм чизишади ва улар учун бу ишлар ШАРИАТ ҳукмларини бажаришдан муҳимроқ эмиш. Шунингдек, уларнинг фикрича, исломда юқори ва қуйи нуфузларга ажратиш йўқ бўлгани учун ҳар бир инсон

Худони фақат ўзи англамоғи керак. Бир қарашда бу беғараз гапга ўхшайди, лекин бунинг ортида динда нуфузларга бўйсуниш бўлмаслиги керак, деган нарса яширинган!

Сўфийларга қулоқ солсангиз, Қуръонда жуда кўп ноаниқ мажозлар, сирли ишоралар бор дейишади ҳам. Уларнинг фикрича, муқаддас китобдаги ҳар бир сўз оят ва бутун матннинг сон қимматига мутаносиб экан; улар Худонинг пайғомини оддий ва тушунарли ўқишни қийинлаштирадиган ишларни қиладилар. Баъзи сўфийлар ҳатто инсонни «гапирувчи Қуръон» деб ҳам аташади. Ахир бу шаккоклик бўлмай, нима?

Яна дарбадар юрувчи дарвишлар ҳам бор – улар ҳам беҳаловат мусулмонлар. Қаландарлар, Ҳайдарийлар, камийлар – турли-туман номлари бор. Улар ҳаммадан ҳам ёмон. Бир жойда ўтира олмайдиган одамдан нимани кутиш мумкин? Кишида бирон бир жамоага тегишлилик ҳисси бўлмаса, у худди шамолда учган қуруқ япроқ каби ҳар қандай йўналишда «учиши» осон-ку! Ва у шаксиз шайтоннинг макрига учрайди.

Файласуфлар ҳам сўфийлардан тузукроқ эмас. Улар ўзларининг чекланган тафаккурлари билан чексиз оламни билиш мумкин деб ўйлашади. Мен сўфийлар билан файласуфлар ўзаро келишувда эканликларини кўрсатадиган бир ҳикояни биламан. Бир куни файласуф билан дарвиш учрашишипти ва улар бир-бирларига жуда ўхшар эканлар. Улар кун бўйи гаплашишипти, гаплари бир-бирларига айнан мувофиқ экан. Ниҳоят, хайрлашганларидан кейин, файласуф суҳбат ҳақида: «У мен билган нарсаларни тушунади», деган экан. Сўфий эса: «Мен тушунган нарсаларни у билади», деган экан.

Демак, сўфий тушунаман, деб ўйлайди, файласуф эса биламан, деб ўйлайди. Мен эса улар ҳеч нимани тушунишмайди ва билишмайди, деб ўйлайман. Наҳотки оддий, чекланган бандалар ўзлари учун мумкин бўлганидан ортиғини била олмасликларини ва тушуна олмасликларини англашлари қийин бўлса? Бандаси фақатгина Худонинг борлигини англай олади, холос. Бўлди. Бизнинг вазифамиз Худонинг таълимотини талқин этиш эмас, унга бўйсунишдир.

Бейбарс уйга қайтганида, у билан шулар ҳақида гаплашамиз. Шунга одатланганмиз. Ҳар куни кечаси қоровулликдан кейин хотиним тайёрлаб олиб кирган шўрвасини ичади ва биз дунёда нималар бўлаётгани ҳақида гаплашамиз. Унинг иштаҳа билан овқат ейиши менга ёқади. У кучли бўлиши керак. Шижоатли ёш йигитга бизнинг худобехабарлар шаҳримизда қиладиган иш кўп.


Шамс

1244 йил, 30 октябрь, Конья.

Румий билан учрашув арафасидаги уйқусиз тунда карвонсарой меҳмонхонасидаги ўз хонамнинг айвончасида ўтирибман. Худо яратган коинотнинг буюклигини ҳис этиб, қалбим завққа тўлган. Қаёққа қараманг, ҳаммаёқда Уни кўрасиз ва Уни топасиз.

Шу бугун ўзим учратган кишиларни эсладим – тиланчини, фоҳишани, ичкиликбозни. Ҳаёт мушкулотлари ва Ундан бегоналашув туфайли азоб чекаётган оддий инсонларни. Ўзларининг фил суягидан ясалган қасрларида яшовчи файласуфлар бу одамларга эътибор бермайдилар. Қизиқ, Румий ҳам шундайлардан эмасмикин? Агар шундай бўлса, мен уни бу бебахтлар билан боғлайман.

Шаҳар аста-секин уйқуга чўмди. Ҳатто тунда ухламайдиган ҳайвонлар ҳам тун сокинлигини бузишга журъат эта олмайдиган вақт бошланди. Бундай дамларда мени мислсиз қайғу чулғаб олади ва шаҳар сукунатига қулоқ соламан. Ёпиқ эшиклар ортида нималар бўлаётганини ва агар бу йўлни эмас, бошқа йўлни танлаганимда нималар бўлиши мумкинлигини билиш менга қизиқарли. Лекин менда танлаш бўлмаган. Йўлнинг ўзи мени танлаган. Мен бир ривоятни эслайман. «Бир дарбадар дарвиш бегоналарни ёқтирмайдиган шаҳарга келиб қолипти. «Кет, – деб қичқиришипти унга. – Сени бу ерда ҳеч ким танимайди!» Дарвиш эса уларга хотиржам жавоб берипти: «Тўғри, лекин мен ўзимни танийман ва ишонтириб айтаманки, агар бунинг акси бўлса ёмон бўларди».

Ҳамон мен ўзимни билибман, демак, ҳаммаси яхши бўлади. Ўзини билган Худони билади. Ой нури мени ёритди. Енгилгина ёмғир ёғди, у мисоли ипак рўмолнинг тегиши каби майин эди. Бунинг учун Худога шукрона айтдим ва барча ишларимда ўзимни унинг азму иродасига топширдим. Яна ҳаётнинг мўртлиги ва қисқалиги ҳақида ўйлаб кетдим ва яна бир қоидани эсладим: «Ҳаёт бизга омонатга берилган. Ва бу дунё фақат тақлидлар, ҳақиқий воқеликни қайта тиклашга уринишлардан иборатдир.

Ўйинчоқни ҳақиқий деб қабул қилиш фақат ёш бола учун табиий. Шунга қарамай, катталар ҳам ё ўйинга берилиб кетишади, ё қадрига етмай уни синдиришади, кейин эса ташлаб ҳам юборишади. Ҳаётда ҳаддан ошишларга йўл қўймаслик керак, чунки бу ички мувозанатни бузади». Сўфийлар ҳаддан ошишларга қарши туришади. Сўфийлар ўз фикрларида ва хатти-ҳаракатларида ҳамиша вазмин. Эрта тонгда катта масжидга бораман ва Румийнинг хутбасини тинглайман. У буюк хотиб бўлса керак, ҳар ҳолда шаҳар аҳли шу фикрда. Гарчи ваъзхоннинг санъати тингловчиларига боғлиқ бўлса-да, Румий нутқида юлиб ташланиши керак бўлган бегона ўтлар ҳам кўп бўлса керак. Ўзига нима керак бўлса ёки ёқса, шуни танлаб олиш тингловчи ихтиёрида. Агар чаманзорда чиройли гуллар очилиб турган бўлса, тиканли ўсимликларга ким ҳам эътибор берарди. Лекин айнан шулардан шифобахш дорилар тайёрланиши ҳақиқатдир.

Ишқ чаманзорида ҳам аҳвол шундай эмасми? Агар ишқда фақат гўзаллик кўрилса-ю, мушкулотларга кўз юмилса, бу чин ишқ бўлармиди? Яхшидан лаззатланиш, ёмонни четлаб ўтиш осон. Лекин бунинг акси бўлиши ҳам мумкин. Ҳақиқий муаммо – яхшини ҳам, ёмонни ҳам сева олишда ва бу яхши билан бирга ёмонни ҳам қабуллаш учун эмас, балки ишқни бутунлигича қабул қилиш учун керак.

Яна бир кун ўтди, мен ўз дўстим билан ташишимга жуда яқин қолди. Ухлай олмаяпман.

О, Румий!

Мени кўрганингда таний олармикинсан?

Мени танигин!


Румий

1244 йил, 31 октябрь, Конья.

Шамс Табризийни учратган кунимга шукроналар бўлсин! Бу Ақраб ойининг сўнгги куни бўлиб, куз ўтиб кетаётганини билдирувчи салқинлик тушган ва шамол одатдагидан кучлироқ эса бошлаган эди.

Масжидда, одатдагидек, кўп одам тўпланган. Кўпчилик олдида хутба ўқиганимда, одамларнинг юзларига унча эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Қаршимдаги тингловчиларни турли қиёфаларда гавдаланган омма деб эмас, яхлит битта одам деб тасаввур этаман. Ҳар ҳафта мени тинглаш учун юзлаб одамлар келади, лекин мен фақат битта одам билан сўзлашаман – қалби сўзларимга акс садо бераётган ва мени ҳаммадан яхши биладиган битта одам билан. Масжиддан қайтишда мени отим кутиб туради. Унинг ёллари таралган, тилла ва кумуш қўнғироқчалар қўшиб ўрилган. От юрганда уларнинг жиринглаши менга ёқади. Лекин атрофимда одамлар кўплигидан жуда секин юришга тўғри келади. Отим сомон томли кулбаларни ортда қолдириб, бир маромда қадам ташлаяпти. Арз қилувчиларнинг чақириқлари болаларнинг бақир-чақирлари ва тиланчиларнинг нолаю фиғонлари билан аралашиб кетган. Уларнинг кўпчилиги дуоталаблар, бошқалари эса шунчаки бирга юришни истовчилар. Лекин менга жуда катта умид билан келганлар ҳам бор. Улар мени шифо бахш эта олади ёки ёмон назарлардан халос этади, деб ўйлашади. Уларни кўриш менга азоб беради. Ахир мен пайғамбар эмасман ва донишманд ҳам эмасман, наҳот тушунишмаса? Мўъжиза кўрсатишга кучим етмаслигини нега тушунишмайди?

Муюлишга етгач ва «Ширинликлар савдоси» меҳмонхонасига яқин келиб қолганимизда менга кўзларини тикканча, омма орасини ёриб, мен томон келаётган дарбадар дарвишга кўзим тушди. Унинг ҳаракатлари чаққон ва аниқ эди, назаримда, ундан ўзига бўлган ишонч ёғилиб турарди. Сочлари йўқ. Соқоли йўқ. Қоши йўқ. Аммо гарчи чеҳраси очиқ эса-да, юзидан ҳеч нимани ўқиб бўлмас эди.

Унинг ташқи кўриниши мени қизиқтириб қўйди. Узоқ йиллар мобайнида мен Коньяда Худо излаб юрган турли дарвишлардан кўпини кўрганман. Баъзилари баданларига расм чизган, кўпчилиги қулоқлари, бурунларига сирға таққан бўлади; улар баданларига «ғалати» ёзувлар ёзишни ёқтиришарди. Баъзилари соч ўстиришарди, баъзилари эса тақир қилиб қиришарди.

Баъзилари ҳатто тиллари ва кўкракларини тешган бўлишади. Бу дарвишни кўрганимда унинг ташқи кўринишидан ҳайрон бўлмадим. Мени унинг тим қора кўзлари ҳайратга солди. У бутун борлиғимга сингиб кираётган нигоҳини мендан узмаган ҳолда, йўл ўртасига туриб олди ва нафақат бизнинг юришимизни, балки вақтнинг ўзини ҳам тўхтатишни истагандай, қўлларини баланд кўтарди. Мени кимдир бир туртгандай бўлди. Миниб турган отим безовталанди ва гоҳ бошини кўтариб, гоҳ тушириб кишнай бошлади. Мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, лекин от ўзимнинг ҳам асабланаётганимни ҳис қилаётгандай эди.

Дарвиш сакраб ирғишлаётган от ёнига келди ва қулоғига нималарнидир секин пичирлади. От оғир нафас ола бошлади, лекин дарвиш бир қўл силтаган эди, ўша заҳоти тинчланди. Оломон ҳаяжонда тўлқинланди ва мен кимдир «Афсун!» деганини эшитдим.

Дарвиш ҳеч кимга эътибор бермасдан, қизиқсиниб мени кузатар эди.

– Эй, Машриқу Мағрибга таниқли буюк олим, мен таърифингизни кўп эшитаман, шунинг учун бугун қошингизга келдим, агар рухсат этсангиз сиздан сўрайдиган бир саволим бор эди.

– Сўранг, – дедим мен секингина.

– Аммо сиз аввал отдан тушсангиз ва мен тургандай ерда турсангиз яхши бўларди.

Дарвишнинг бу гапи мени шунчалар таажжублантирдики, ҳатто бир неча дақиқа унга бирон сўз ҳам айта олмадим. Ён атрофдаги одамлар эса орқага тислангандай бўлишди. Ҳеч ким менга бундай илтимос билан мурожаат қилишга журъат эта олмаган эди.

Юзим қизариб кетди ва зўриқишдан ичимда ҳамма нарса таранг тортилди, аммо ўзимни тутиб олишга ва отдан тушишга кучим етди. Бу вақт ичида дарвиш орқасини ўгирди ва нари кета бошлади.

– Ҳой, илтимос, шошманг! – чақирдим мен унинг орқасидан етиб оларканман. – Мен саволингизни эшитишни истайман. Дарвиш тўхтади ва менга бурилиб, илк бора табассум қилди.

– Яхши. Унда айтинг, ким устун деб ўйлайсиз,

Муҳаммад пайғамбарми ёки сўфий Бистомийми?

– Бу не савол бўлди! – хитоб қилдим мен. – Қандай қилиб Пайғамбар (с.а.в.)ни аллақандай сўфий билан солиштириш мумкин?

Яқинимизга қизиқувчилар зичроқ тўпланди, лекин дарвиш уларни умуман парвойига илмади. У менинг қиёфамни янада эътиборлироқ ўргана туриб, бояги саволини такрорлади:

– Илтимос, яхшироқ ўйлаб кўринг. Ахир нима учун

Муҳаммад (с.а.в.) «Юрагимни занг босиб, эгамнинг олдида ҳар куни етмиш карра тавба қиламан», дейди-ю,

Боязид эса: «Мен ўзимдаги ҳар нечук қусурлардан халос топдим. Жисмимда Худодан бўлак ҳеч нарса қолмади», – деб бонг уради?

Менинг юрагим ҳапқириб кетди. Бу нотаниш кимса дағалликка дағал эди-ю, аммо анойилардан эмас эди. Афтидан, у ҳам мен бош қотирган масалада, яъни ҳақиқатнинг мустақиллигию, билимларнинг нисбийлиги хусусида бош қотирган кўринади.

– Сиз нима демоқчи эканингизни тушундим, – дедим мен, – овозимдаги титроқни яширмасдан. – Нима учунлигини мен сизга айтаман, зеро гарчи Бистомийнинг сўзларида ифтихор бор эса-да, уларда беқиёс буюклик йўқ.

– Давом этинг.

– Гап шундаки, Худонинг меҳру муҳаббати – бепоён уммон ва ҳар бир инсон ундан иложи борича кўп сув олишга интилади. Аммо кун ниҳоясида олинган сув идишнинг сиғимига боғлиқлиги маълум бўлади.

Буларни гапираётганимда дарвишнинг юзида содир бўлаётган ўзгаришлар мендан пинҳон қолмади: аввал сезилар-сезилмас истеҳзо, ундан менинг ҳақлигимни тан олиш, суҳбатдоши сўзларида ўз фикрларини таниш ифодаси бўлган майин табассумга ўтишга қадар.


Бистомийнинг идиши нисбатан унча катта бўлмаган ва бу унинг чанқови қониши учун етарли бўлган, – давом этдим мен. – У ўзича бахтли бўлган. Ва унинг ўз муқаддаслигини англагани жуда соз, лекин шунда ҳам у билан Худо орасида у босиб ўтилмаган катта масофа бор. Худо сайлаган Пайғамбар (с.а.в.)нинг идишлари эса беқиёс катта ҳажмли бўлган. Шунинг учун ҳам

Худо у зотдан: «Биз сенинг қалбингни очмадикми?» деб сўраган. Ул зотнинг қалблари кенгайтирилган, идишлари катта бўлган, чанқовлари тобора ортиб бораверган. Ва «Биз Сени билишимиз керак бўлганчалик била олмаймиз» деб бежиз айтмаганлар. Гарчи ул зот У ҳақида ҳеч ким билмаганларни билган бўлсалар ҳам. Дарвишнинг юзи табассумдан ёришиб кетди. У бош ирғитди ва менга ташаккур билдирди. Кейин чуқур миннатдорлик белгиси ўлароқ қўлини кўксига қўйди ва бирмунча вақт шу ҳолатда турди. Кўзларимиз яна учрашганда, мен унинг кўзларидаги меҳрни пайқадим.

Мен олис атрофга қарадим. Шаҳар, йилнинг одатдаги шу фаслига мувофиқ равишда кумуш-дур рангида эди. Оёқларимиз остида қуриган япроқлар айланарди. Дарвиш менга қизиқсиниб қараб турарди, ботаётган қуёш нурида бир дақиқагина унинг асалранг аураси кўриниб кетгандай бўлди менга. У менга одоб билан таъзим қилди. Мен ҳам унга таъзим қилдим. Биз бир-биримиз билан юзма-юз қанча туриб қолганимизни билмайман. Осмон бинафшаранг тусга кирди. Охири бизни кузатиб турган оломон безовталана бошлади. Ҳамшаҳарларим менинг кимгадир таъзим қилганимни шу чоққача кўришмаган эди, қаёқдаги оддий дарбадар дарвишга таъзим қилганим эса энг яқин дўстларимдан тортиб хийлагина кўпчиликнинг жиғига тегди чоғи.

Дарвиш муҳитдаги таранглашувни пайқади чоғи. – Сизни мухлисларингиз билан бирга қолдириб, кетар вақтим бўлган кўринади, – деди у ипакдек майин овозда ва деярли шивирлаб.

– Шошманг, – илтимос қилдим мен. – Илтимос, кетманг. Қолинг! Унинг юзидан лип этиб хаёлчанлик ифодаси ўтди, лаблари ниманидир айтишни истагандай жуфтланди, лекин айта олмади ёки айтиши мумкин эмас эди, шекилли. Ва мен шу дақиқа қаердандир унинг менга бермоқчи бўлган саволини илғадим: «Буюк хотиб, Сиздан сўрасак-чи? Сизнинг идишингиз сиғими қанчалик катта?» Бошқа айтиладиган гап қолмаган эди. Сўзга ўрин йўқ эди. Мен дарвиш сари бир қадам юрдим, кейин унга шунчалик яқин келдимки, ҳатто тим қора кўзларидаги тилларанг томчиларни ҳам кўрдим. Мени тўсатдан ғалати туйғу чулғаб олди: назаримда, бу онларни биринчи марта бошдан кечирмаётган эдим. Бу нафақат биринчи, балки ҳатто ўнинчи марта ҳам эмас эди. Мен хотирамни титкилай бошладим. Юзи ёпиқ, баланд бўйли, озғин, бармоқлари ёнадиган киши. Ва ниҳоят англадим. Рўпарамда турган дарвиш, ўша мен ўз тушларимда кўрган одамнинг ўзи эди. Ва мен ўзимга керакли одамни топганимни тушундим. Лекин бахтдан қувониш ўрнига қўрқувдан титраб кетдим.


Элла

2008 йил, 8 июнь, Нортгемптон.

Эллани ўзининг Азиз билан ёзишувларида ҳамон ҳайрон қоларли нарса – бу аввало ёзишувларнинг ўзи, деган хулосага келди. Улар барча жиҳатларда бир-бирларидан катта фарқ қилар эдилар ва мактубларнинг бунча тез алмашинуви ғалати эди. Азиз унинг учун ҳар бўлаги бирма-бир тўлдириб бориладиган «пазл» каби эди.

Навбатдаги ҳар бир мактуб яхлит манзарада ўз ўрнини эгаллаб борарди. У манзарани ҳали тўлиқ кўрмаган, лекин нима учунлигини билмай туриб ҳам, ўзи хат ёзишаётган бу номаълум инсонда бир қанча муҳим нарсаларни кашф этган эди. Азизнинг блогидан унга Азизнинг касби фотограф экани, дунёнинг энг олис чеккаларига бориб келишни ўз уйи ёнидаги боғга сайрга чиқиб келишдай табиий, деб ҳисоблайдиган оташин саёҳатчи экани маълум бўлди. Табиатан тиниб-тинчимас кўчманчи бу инсон қаерга – Cибиргами, Шанхайгами, Калкуттагами, Касабланкагами – бормасин, ҳаммаси унга ўз уйидек эди. Орқасида рюкзаги ва қўлида флейтаси (найсимон музика асбоби) билан саёҳат қиларкан, Элла харитада зўрға топадиган ерларда ҳам ўзига дўстлар топарди.

На қаттиққўл чегарачилар, на виза беришни истамайдиган ҳукуматлар, на экзотик (узоқ мамлакатлардаги) паразитлар, на еб бўлмас таомлар, на ўғрилар – ҳеч нима – Азизни дунёнинг барча томонларига саёҳатга бориш йўлини тўса олмас эди.


Элла Азизни бошқариб бўлмас шаршарага ўхшатди. Элла ўз уйидан бир қадам ташқарига чиқишга ҳам қўрқса, у ҳаммаёқни портлата оладиган табиат эгаси эди. Агар Элла янги иш бошлашга шошмайдиган ва ўзида журъат топа олмайдиган одам бўлса, у, аксинча, олдин ишни қилиб, кейин пушаймон бўлиши мумкин эди, агар пушаймон бўлса, албатта. Гарчи Азизда ғоявийлик ва оташинлик кучли эса-да, у чинакамига тирик, ҳаётий инсон эди.

Элла ўзини либерал-демократ деб, гарчи сенагога бормаса-да, яҳудий динига мансуб деб, гўшт емайдиган парҳезкор деб ҳисоблар эди. Ўз ички дунёсини, ҳаётининг барча муҳим паллаларини, худди ўз хонадонини қандай тартиблаштирган бўлса шундай яхшилаб ва ботартиб қилиб, тушунчаларга ажратиб чиққан эди.

Қолаверса, унингча ҳозирги даврда ҳам, олдинги даврларда ҳам дунёдаги, диндаги асосий муаммо бир динни бошқасидан афзал ўринга қўйилишида эди. У фанатизмдан нафратланарди, лекин юрагининг тубида ислом фанатларини бошқаларнинг барчасидан ёмонроқ ҳисобларди. Азизнинг эса маънавияти юксаклиги аниқ ва диндорлиги ҳам равшан эди. У 1979 йили исломни қабул қилган бўлиб, буни «Карим Абдулла Жаббордан кейин ва Кэт Стивенсдан олдин» қилганини ҳазил аралаш тан олар эди. (Карим Абдулла Жаббор, туғилгандаги исми

– Фердинанд Льюис Алсиндор, 1947 йил туғилган – таниқли америка баскетболисти.) Баскетбол тарихида энг яхши ўйинчилардан бири бўлган, деб ҳисобланади. (Кэт Стивенс – туғилгандаги исми Стивен Деметр Гиоргиу, 1978 йил туғилган. Исломни қабул қилгач, исми Юсуф Ислом, деб ўзгартирилган инглиз шоири ва ашулачиси.) Лекин бу унинг турли мамлакатлардаги ҳар хил динларга сиғинувчи одамлар билан муносабатда бўлишига ва уларнинг ҳаммаларини «Илоҳ ҳузуридаги ўз ёру биродарлари» дея эълон қилишига халал бермас эди.

Инсонпарварлик қарашлари ёрқин, қатъий пацифист (урушга қарши турувчи) Азиз динлар орасидаги фарқ, моҳиятан фақат «лингвистик (яъни тилларнинг турлилиги билан боғлиқ) муаммо» деб билади. Тил ҳақиқатни ёритишдан кўра кўпроқ беркитади ва натижада одамлар бир-бирларини тушуна олмайдилар, деб ҳисоблайди.

Тушунмовчиликлар билан йўғрилган бу дунёда ҳеч бир суҳбатдошга қатъий ишониб бўлмайди, чунки энг кучли ишонч остида ҳам тушунмовчиликлар тўлиб ётган бўлиши мумкин. Азиз ва Элла вақтнинг турли минтақаларида яшашади. Ва бу луғавий маънода ҳам, мажозий маънода ҳам шундай эди. Элла учун вақт аввало келажакни билдирарди. Унинг ҳаётида келгуси вақтларга – келаси йилга, келаси ойга, эртага, ҳаттоки кейинги соатга оид режалар муҳим ўрин эгаллайди. Масалан, магазинга ёки устахонага бориш кабиларни Элла олдиндан белгилаб қўяди ва ҳамиша сумкасида устахоналарнинг иш соатлари ва сотиб олиниши керак бўлган нарсаларнинг рўйхатларини бўлади.

Азиз учун эса вақт фақат ҲОЗИР кўринишида мавжуд, қолган ҳаммаси сароб. Шунинг учун у ишқ «эртага оид режа» билан ёки «кечаги кун хотираси» билан сира боғлиқ эмас, деган қатъий фикрда эди. Ишқ фақат шу ерда ва фақат ҳозир бор бўлиши мумкин. Дастлабки электрон хатларидан бири якунида у: «Мен сўфийман, ҲОЗИРнинг фарзандиман» деб ёзган эди. «Ўз фикрларида жуда кўп вақтини ўтмишга ва ундан ҳам кўпини келажакка бағишлайдиган, аммо ҳеч қачон ҲОЗИРда яшамайдиган аёл учун бу сўзлар ғалати туйилади», – деб жавоб берган эди унга ўшанда Элла.


Аловуддин

1244 йил, 16 декабрь, Конья.

Ўртоқларим билан кийик овига кетгандик, шунинг учун дарвиш отамнинг йўлини тўсиб чиққанида мен шаҳарда эмас эдим. Эртаси куни қайтган эдим. Шу вақт ичида отамнинг Шамс Табризий билан учрашувлари тилларда достон бўлипти. Бу дарвиш ким ўзи, нима учун Румийдек аллома унга шунчалик жиддий муносабатда бўлди ва унга ҳатто таъзим ҳам қилди, дея одамлар ҳайрон эдилар. Болалигимдан бошқа одамларнинг отамга тиз чўкканларини кўришга ўрганганман, лекин отамнинг шоҳ ёки буюк вазирдан бошқа кимгадир тиз букиб таъзим қилишини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Шунинг учун сира ёлғон гапирмайдиган ва ҳеч нимани бўрттириб гапирмайдиган ўгай онам бутун воқеани бошидан охиригача рўй рост ҳикоя қилиб бермагунича, бу гапларга ишонмадим. Хуллас, гап-сўзлар рост экан. Шамс Табризий деган дарбадар дарвиш чиндан ҳам тумонат одамлар орасида отамга савол берган экан ва энг ажабланарлиси, у энди бизнинг уйимизда дам олаётган эди.

Томдан тараша тушгандай, ҳаётимизга кириб келган бу бегона одам ким ўзи? Мен уни ўз кўзларим билан кўрмоқчи бўлдим ва Кирадан сўрадим:

– Қани ўша киши?

– Ўзингни бос, – пичирлади хавотир билан Кира. – Отанг дарвиш билан кутубхонада ўтиришипти. Бизга уларнинг овозлари эшитиларди-ю, лекин сўзларини илғаб бўлмас эди. Кутубхона эшигини очмоқчи бўлиб интилдим, лекин Кира мени тўхтатди:

– Менимса, сабр қилишингга тўғри келади. Улар ҳеч ким безовта қилмаслигини илтимос қилганлар.

Отам билан дарвиш кун бўйи кутубхонадан чиқишмади. Эртаси куни ҳам шундай бўлди. Улар нима ҳақида бунчалик узоқ гаплашаётган бўлишлари мумкин? Отамдек инсон билан бу оддий дарвиш орасида қандай яқинлик бўлиши мумкин? Бир ҳафта, икки ҳафта ўтди. Ҳар куни эрталаб Кира нонушта тайёрлар ва патнисда кутубхона эшиги ёнига қўйиб кетар эди. Уларга ҳар қанча тансиқ таом таклиф қилинмасин, эрталаб бир бурда нон ва кечқурун бир пиёла эчки сутидан бошқасини рад этишарди.

Шу вақт мобайнида менинг кўнглимга қандайдир нохуш хаёллар келар эди. Эртаю кеч кутубхонага бир қараш учун йўл қидирардим. Улар эшикни бирдан очибқолишса, менинг яширинча гапларига қулоқ солиб турганимни билиб қолишса, нима бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам ўтирмасдан, бутун вақтимни ўша ерда, нималарни гаплашаётганларини билишга уриниб ўтказдим. Лекин аниқ гаплар ўрнига фақат ғўнғиллаган овозлар келарди. Ичкарини кўра олмас эдим ҳам. Пардалар тортиб қўйилгани учун у ер ғира-шира кўринарди, холос. Бир куни Кира мени кутубхона олдида шу алфозда кўриб қолди, лекин ҳеч нима демади. Лекин бу сафар у уйда нималар бўлаётганини мендан ҳам кўра кўпроқ билгиси келаётгани аниқ эди. Аёллар одатда ўз табиатларидаги қизиқувчанликни узоқ тийиб тура олмайдилар.

Акам Султан Валад менинг эшик олдида гап пойлаб турганимни кўриб қолгач, буткул бошқача муносабатда бўлди. Қаттиқ хўмрайди ва менга кўзларидан ўт чақнатиб қаради.

– Одамлар ортидан, айниқса, ўз отамиз ортидан пойлашга қандай ҳаддинг сиғди, – таъна қилди у. Мен елка қисдим.

– Ака, тўғрисини айтинг, наҳотки сиз отамизнинг бутун вақтларини қаёқдаги бегона одам билан ўтказаётганларидан безовталанмаётган бўлсангиз? Ўз оилаларини буткул унутганларига бир ойдан ошди. Бу сизни хафа қилмаяптими?

– Отамиз бизни унутмайдилар, – жавоб қилди акам.

– Улар Шамс Табризийдек дўст топдилар. Сен эса, ёш боладай ҳиқиллагунча, отам учун хурсанд бўлсанг яхши бўлар эди. Агар сен уни чиндан яхши кўрсанг, албатта. Фақат акам шундай гапларни айта олади. Лекин мен унинг ғаройиб феълига ўрганиб қолганман ва ундан хафа бўлмадим. Султан Валад ҳамиша итоаткор бола бўлган, оиламиз, қўни-қўшниларимиз ва табиийки, отамиз учун ҳам суюкли.

Отам ва дарвиш кутубхонамизга бекилиб олганларидан кейин қирқ кун ўтгач, ғалати ғайриоддий ҳодиса юз берди. Мен кейинги вақтда одатланганимдай, эшик ортида гап пойлаб турардим. Бирдан сукунат чўкди ва мен кутилмаганда бу сукунатда дарвишнинг овозини аниқ эшитдим:

– Биз бу ерда суҳбатлашаётганимизга қирқ кун бўлди. Ҳар куни Ишқнинг қирқ қоидасидан бирини муҳокама қилдик. Ва энди кутубхонани тарк этсак яхши бўларди, деб ўйлайман. Иккимизнинг бу ерга бекиниб олганимиз сенинг яқинларингни хафа қилаётган бўлиши керак.

– Хавотир олманг, – эътироз қилди отам. – Хотиним ва ўғилларим менинг бекилишим сабабини тушунадиган кап-катта одамлар.

– Хотинингиз ҳақида мен ҳеч нима билмайман, лекин ўғилларингиз худди тун билан кун каби бир-бирларидан жуда фарқ қилишади. Катта ўғлингиз сизга итоатли, лекин кичигининг туйғулари бошқача, деб қўрқаман. Унинг қалбини алам ва ҳасад қорайтирган.

Жаҳлдан қоним бошимга урилди. Мени ҳатто бир марта ҳам кўрмай туриб, мен ҳақимда бундай дейишга қандай ҳадди сиғди?

– У мени билмайди, деб ўйлайди, лекин мен уни биламан, – давом этди бироз сукутдан кейин дарвиш. – У мени эшик тирқишидан кузатаётганида, мен ҳам уни кузатдим.

Орқам муздек бўлиб жимирлаб кетди ва сочларим тик турди. Ҳеч нима ўйлаб ўтирмай, эшикни силтаб очдим ва кутубхонага кириб келдим. Отамнинг кўзлари ҳайратдан дум-думалоқ бўлиб кетди, лекин тез орада ҳайратнинг ўрнини ғазаб эгаллади.

– Аловуддин, сен жинни бўлдингми? Бизни безовта қилишга қандай журъат этдинг?

– Сиз аввал ундан нима учун мен ҳақимда бундай деганини нега сўрамайсиз? – хитоб қилдим мен.

Отам бир сўз ҳам айтмади. У менинг бу ердалигим елкасига оғир юк бўлиб тушгандай, менга қараб турар ва оғир нафас оларди.

– Ота, илтимос. Кира сизни кўришни истайди. Шогирдларингиз ҳам. Нимага сиз қандайдир ифлос дарвишни деб сизни яхши кўрадиган оламлардан юз ўгираяпсиз?

Шу сўзларни айтдим-у, ўша заҳоти айтганимга пушаймон бўлдим, лекин жуда кеч бўлган эди. Отам менга қараб турар ва унинг кўзларида мендан кўнгли қолгани кўриниб турарди. Мен ҳеч қачон уни бу алфозда кўрмаган эдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 3.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации