Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"
Автор книги: Элиф Шафак
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 15 страниц)
– Ойи!.. Осмонлардан ерга тушинг! Ойижон!
Элла орқасидан келаётган ҳингир-ҳингир кулишлар ва пичирлашларни эшитди. Ўгирилиб қараб тўрт жуфт кўз ўзига таажжубланиб қараб турганини кўрди. Орли, Ави, Жанет ва Дэвид нонушта қилиш учун пастга тушишган ва энди ёнига келиб унга ғаройиб ажойиботни кўриб қолгандай қараб туришарди. Афтидан улар унинг эътибор беришини анчагина кутган кўринишади.
– Ҳаммага хайрли тонг, – деди жилмайганча Элла.
– Нима учун биз кириб келганимизни билмадингиз? – сўради Орли, ажабланганини яшира олмасдан.
– Сен ўз компьютеринг билан жуда банд эдинг, – деди Дэвид хотинига қарамасдан.
Элла унинг кўз қарашини кузатди вва ноутбук экранидаги Азиз З.Захаранинг электрон хатига кўзи тушди. Элла бир он ҳам кутмасдан, ҳатто дастурни беркитиш кераклиги ҳам эсидан чиқиб, қомпьютер қопқоғини ёпиб қўйди.
– Мен агентлик учун ҳали кўп ўқишим керак, – тушунтирди Элла. – Ҳисобот устида ишлаётган эдим.
– Нотўғри! Сиз почтани ўқиётган эдингиз, – жуда жиддий оҳангда деди Ави.
Нима учун бу ўсмирлар ҳамма ёққа бурунларини суқаверар эканлар-а? Элла нима дейиш ҳақида ўйланиб қолди, лекин унинг бахтига бошқаларни бу билан ишлари йўқ эди. Улар нонушта ахтариб, бошқа томонга қараётган эдилар.
Ниҳоят Орли Эллага қаради ва ҳаммани қизиқтириб турган саволни берди:
– Ойижон, сизга нима бўлди? Ахир нонушта тайёрламабсиз-ку!
Элла ҳам столга ўгирилиб қаради ва ҳамма кўриб турган нарсани кўрди: қаҳва ҳам, омлет ҳам, маймунжон мевасидан тайёрланган шарбат ҳам йўқ эди.
Нима бўлди ўзи, ўйларди Элла, қандай қилиб нонушта тайёрлашни эсидан чиқариб қўйди?
ИККИНЧИ ҚИСМ СУВ
(Ҳодисалар сув каби оқувчан, ўзгарувчан ва келажакда нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмас)
Румий
1244 йил, 15 октябрь, Конья
Қоп-қоронғу осмонда ярқираган тўлин ой худди каттакон дурга ўхшайди. Ётган жойимдан турдим ва ой нури ёғилиб турган ҳовлига очиғлиқ деразадан ташқарига қарадим. Лекин бу гўзал манзара ҳам юрагимнинг дукиллаб уриши ва қўлларимдаги титроқни боса олмади.
– Нима бўлди, афандим. Яна ўша тушни кўрдингизми? – шивирлаб сўради хотиним. – Сув келтириб берайми?
Мен уни тинчлантиришга уриндим. Ухласин, барибир, менга ёрдам бера олмайди. Тушлар – ҳаётимизнинг бир қисми ва улар Худонинг иродаси билан кўрилади.
Бундан ташқари, кейинги қирқ кундан буён мен айнан ўша тушни кўришимда қандайдир сабаб бўлиши керак.
Тушнинг бошланиши ҳар доим ҳар хил эди, эҳтимол, мен ўзим уни турли томондан кўраётгандирман.
Танишдай кўринган, лекин аввал сира кўрмаганим гиламли хонада Қуръон ўқиётганимни кўрардим. Рўпарамда баланд бўйли, озғин, гавдасини ғоз тутган ва юзлари кўринмаётган дарвиш ўтиради. У қўлида бешта шамли қандилни тутиб, мен ўқишим учун ёритиб туради.
Сал туриб дарвишга нималарни ўқиётганимни кўрсатишни истаб, бошимни кўтараман ва шундан кейингина ёритаётган нарса қандил эмас, одамнинг қўли эканини кўриб даҳшатга тушаман. У рўпарамда ўнг қўлини кўтариб туради ва ҳар битта бармоғи худди оловдек ёнади.
Мени ваҳима босарди ва сув излай бошлардим.
Оловни ўчириш учун кийимларимни ечиб дарвишнинг устига ёпардим. Кийимларни олганимда эса, дарвиш ўз ўрнига ёниб турган шамни қолдириб, ўзи ғойиб бўлган бўларди. Кейин мен уйнинг ҳар томонидан дарвишни қидиришга тушаман, ҳар бурчакдан уни ахтараман, кейин ёрқин-сариқ атиргуллар очилиб турган ҳовлига чопиб чиқаман. Дарвишни чақираман, лекин у ҳеч қаерда кўринмайди.
– Маҳбубим, қайт. Қаёққа ғойиб бўлдинг? Ва ниҳоят, ғайришуурий куч мени етаклаб қудуқ ёнига олиб боради ва мен чуқурдаги қора сувга қарайман.
Аввалига ҳеч нима кўринмайди, лекин кейинроқ ой чиқади ва қудуқ остидан икки қора кўз унутилмас андуҳ ила менга қараб турганини кўраман.
– Улар ўлдиришипти уни! – бақиради ёнимда кимдир. Балки бу менинг ўзимдирман. Кучли изтироб оғриғидан ўзим бақирган бўлсам керак.
Мен бақиравераман, бақиравераман, токи хотиним мени маҳкам қучоқлаб, бағрига босмагунча бақираман:
– Афандим. Яна ўша тушни кўрдингизми? – шивирлаб сўрайди ҳар сафар хотиним.
Кира[3]3
Радий Фишнинг Жамол Камол таржимасидаги «Жалолиддин Румий» асаридаги «Кира – хотун».
[Закрыть] ухлаб қолганидан кейин ҳовлига чиқдим.
Назаримда кўрган тушим туш эмас, айни ҳозир бўлган ҳодиса эди ва ҳамон мен билан, мени ваҳимага солиб турипти. Кеча жуда сокин; қудуқни кўрдим-у, баданим жимирлаб кетди, лекин барибир унинг ёнига ўтирдим ва тунги шабада дарахт шохларини майин шитирлатишига қулоқ тутдим.
Бундай дамларда мени ҳамиша андуҳ босади. Бунинг сабабини билмайман: ҳаётда бажарадиган ишларим жуда кўп, ҳамиша ўзим учун энг қадрли билган ишларим билан бандман: илм олиш, эзгуликни таниш ва Худога эътиқодни ўзларига сингдиришлари учун уларга ёрдам бериш иқтидори берилган менга.
Ўттиз етти ёшимда мен Худодан сўраганимдан ортиғини олдим. Мен калом, фиқҳ илмларини ўргандим ва муқаддас ғайб илмлари – пайғамбарлар, авлиёлар
ва олимлар эгаллаган илмлар – сирларини билишга бағишландим. Раҳматли отам бошчилигида, давримизнинг энг яхши устозларидан таълим олиб, Худо менинг зиммамга юклаган мажбуриятни англаб, кўп ишламоқдаман.
Зиммамга Худодан келган ваҳийларни Унинг халқи орасида тарқатиш вазифаси юклатилгани ва Унинг халқига тўғрини нотўғридан ажратишни ўргатишим туфайли мени Унинг Ўзи ёрлақаган, дейди одатда кекса устозим Саид Бурхониддин.
Мен кўп йиллардан буён мадрасада таълим бераман, бошқа олимлар билан баҳс юритаман, шогирдларимга ўргатаман, ўзим калом ва ҳадисларни ўрганаман ва ҳар жумада шаҳарнинг энг катта масжидида имомлик қиламан. Муридларим саноғини йўқотиб қўйганимга ҳам кўп бўлди. Одамлар нотиқлик санъатимни шарафлаётганларини ва менинг сўзларим уларга энг зарур вақтда ёрдам бериб, ҳаётларини ўзгартираётганини эшитиш ёқимли эди.
Оила аъзоларим томонидан севилган ва яхши дўстлар билан тақдирланганман. Биринчи хотинимнинг қазо қилиши мен учун оғир зарба бўлган ва мен энди
сира уйланмайман, деб ўйлаган эдим. Лекин шунга қарамай уйландим ва Кира туфайли яна ҳаётимда муҳаб бат, қувонч топдим. Ҳозир иккала ўғлим ҳам катта бўлиб қолишган, мен уларнинг бир-бирларига ўхшамасликларидан ҳайрон бўламан. Улар мисоли бир тупроққа экилган, ўша битта қуёшдан баҳра олаётган, ёнма-ён ўсаётган, лекин тамомила бошқа-бошқа уруғлар.
Мен улар билан, шунингдек, жуда иқтидорли асранди қизим билан ифтихор қиламан. Хулласи калом, мен бахтли инсонман, ўз хусусий ҳаётимда ҳам, ижтимоий ҳаётимда ҳам бирдай бахтлиман.
Лекин нима учун ичимда кун сайин зилдай оғирлашиб бораётган бўшлиқни ҳис этаяпман? Бу худди бир касаллик каби жонимни кемиряпти ва қаёққа бормай, мени қўйиб юбормаяпти. У худди очофат ювош каламушга ўхшайди.
Шамс
1244 йил, октябрь, Конья.
Ҳеч бир ташқи сабабсиз – фақат шу шаҳарда яшаган ва яшаётган, таниш ва нотаниш азиз-авлиёларга таъзим қилиш учунгина – бу нотаниш шаҳар дарвозаси қаршисида тўхтадим. Ҳаётимда сира ҳам азиз-авлиёлар руҳларидан оқ фотиҳа тиламасдан янги жойга кирмаганман.
Бу жой мусулмонларга тегишлими, христианларгами ёки яҳудийларгами, аҳамиятсиз бўлган. Авлиёлар оддий инсонлар орасидаги бундай тафовут доирасидан ташқари (юқори) туришларига ишонаман. Авлиёлар барчаники.
Алқисса, Коньяни биринчи бор узоқдан кўришим биланоқ, ҳар доимгидай таъзим бажо қилдим. Лекин менга жавобан ҳар сафаргидек фотиҳа бериш ўрнига, улар худди мозор устидаги тош каби жимжитлик сақладилар. Мен иккинчи марта ва бу сафар баландроқ овозда улардан фотиҳа сўрадим. Яна жимжитлик. Шунда тушундим: улар эшитиб туришган эди. Фақат фотиҳа бергилари келмаяпти.
– Айтинг, айбим нимада? – сўрадим мен шамолдан, қаёққа эсаётган бўлса шу ёқдагиларга саволимни етказсин учун.
Шамол тез орада жавоб олиб келди:
– О, дарвиш, бу шаҳарда сен икки бир-бирига қарама-қарши ҳолга дуч келасан. Мусаффо ишққа ва ашаддий нафратга. Биз сени огоҳ этмоқдамиз. Шунга қарамай, ўз қарорингдан қайтмасанг, таваккал қил.
– Огоҳлантиришингиз сира шарт эмас эди, – дедим мен. – Соф ишқни учратишнинг ўзи менга етарди.
Бу сўзларимдан кейин Конья авлиёлари менга фотиҳаларини бердилар. Аммо мен дарҳол шаҳарга киришни истамадим. Отим ўтлаб юргунича, эман дарахти остида ўтириб, узоқдан шаҳардаги биноларнинг ташқи кўринишларини томоша қилдим. Миноралар қуёш нурлари остида ярақлаб турарди. Ора-сира итлар вовуллар, эшаклар ҳанграб қўяр, болалар кулгиси эшитилар, савдогарлар бақир-чақир қилишарди – оддий шаҳарга хос шовқин-сурон эди бу. Қизиқ, бу ёпиқ эшиклар ва панжараланган деразалар ортига қандай қувонч ва андуҳлар яширинган экан? Дарбадар дарвиш сифатида бу янги ҳаёт бўсағасида ўзимни бир қадар ноқулай ҳис этар эдим, лекин шунда қуйидаги муҳим қоидани эсладим:
«Йўлингда учрайдиган тўсиқларга қаршилик қилма. Ҳаёт ўз ўзанида оқишига қўйиб бер. Ҳаётинг ўзгариб кетса, бундан дилинг вайрон бўлмасин. Ўтмиш келажакдан яхшилигини қаёқдан биласан?»
– Ассалому алайкум, дарвиш, – деган дўстона овоз мени хаёлот оламидан чиқариб олди.
Ўгирилиб қараб, узун мўйловли деҳқонни кўрдим.
У ҳар дақиқа ўлиб қолиши мумкин бўлган қовурғалари санаса бўладиган озғин буқага қўшилган аравада кетарди.
– Ваалайкум ассалом! Аллоҳ сиздан рози бўлсин! – жавоб бердим мен.
– Нима учун бу ерда ёлғиз ўтирибсиз? Йўл юриб чарчадингизми? Истасангиз, бирга кетайлик.
Мен кулимсирадим:
– Раҳмат, мен, яхшиси, буқангизга юк бўлмасдан, пиёда кетаман.
– Менинг буқамни камситдингизми? – деди хафаланиб деҳқон. У қари ва ҳолсиз бўлгани билан мен учун қадрли.
Деҳқоннинг сўзларидан ҳушёр тортдим. Ўрнимдан ирғиб туриб, таъзим қилдим. Ўзинг ҳам Худо яратган бу оламнинг кичик бир зарраси бўлатуриб, У яратган жонзотларга, бу инсон бўладими ё ҳайвонми, барибир, нечук бундай беписандлик қилдинг?
Деҳқоннинг чеҳрасига бир лаҳза ишончсизлик соя солди. Унинг юзида бир фурсат ҳеч ниманинг ифодаси бўлмади, менинг кулаётган ё кулмаётганимни била олмай қолган эди гўё.
– Умримда бунақаси бўлмаган, – деди кейин ҳушига келиб ва менга хушнуд жилмайди.
– Ҳеч ким ҳўкизингиздан узр сўрамаганми?
– Бу ҳам. Мен ўзимдан ҳеч ким ҳеч қачон узр сўрамагани ҳақида ўйлаётган эдим. Одатда мен кечирим сўрайман. Ҳатто бошқалар менга адолатсизлик қилсалар ҳам, кечиримни ҳамиша мен сўрайман.
Унинг сўзлари мени маҳзун қилди.
– Қуръонда барчамиз ва ҳар биримиз ягона ва энг яхши шакл асосида яратилганимиз айтилган. Бу қоидалардан бири, – дедим секингина.
– Қанақа қоида? – сўради деҳқон.
– «Худо ҳамиша сен билан машғул. Ҳар бир инсон Худонинг яратмишидир ва у секин-аста, лекин оғиш масдан баркамоллашиш сари ҳаракатланади. Бизлар
Худонинг тугалланган яратиқлари эмасмиз, биз тўлиқ мукаммаллик иштиёқидаги яратиқлармиз. Худо ҳар биримиз билан алоҳида ишлайди, зеро инсоният – ҳар бир қисмнинг умумиятда муҳим ўрни борлигини билгувчи буюк меъмор санъатининг асаридир».
– Сиз ҳам бу ерга хутбани тинглаш учун келдингизми? – қизиқиб сўради деҳқон. – Одам жуда кўп бўладиганга ўхшайди. У жуда машҳур.
Менинг юрагим қинидан чиқаёзди: гап ким ҳақида кетаётганини тушундим.
– Айтинг-чи, Румий маърузаларида ўзига хос нима бор?
Деҳқон ҳеч нима демасдан осмонга тикилди. Унинг фикрлари қаерлардадир узоқларда учаётганмиди ёки умуман учмаётганмиди, билиб бўлмайди.
– Мен қишлоқдан келаяпман, у ерда ҳаёт жуда оғир, – деди у ниҳоят. Олдин очарчилик бўлди, кейин мўғуллар. Улар ўз йўлида учраган қишлоқни талон-торож қилишди ва ёндиришди. Лекин шаҳарларда бундан ҳам ёмон бўлди. Улар Арзурумни, Сивесни, Қайсарийни босиб олишди, ҳамма эркакларни қириб ташлашди ва аёлларни ўзлари билан олиб кетишди. Мен-ку уйим ва хотинимни йўқотмадим. Лекин ҳаловатимни шундай йўқотдимки, бир дақиқа ҳам тинчлик бўлмаяпти.
– Бунга Румийнинг қандай алоқаси бор? – сўрадим мен.
Деҳқон кўзларини ҳўкизи томонга қаратди ва ўша бир тахлитдаги овозда деди:
– Румий хутбасини эшитганда, барча ғам-қайғулар тарқаб кетади, – деяпти ҳамма.
– Сиз билан Коньяга борганим бўлсин, – дедим мен.
– Йўлда Румий ҳақида гапириб берасиз.
Мен отимни аравага боғладим ва ўзим деҳқоннинг ёнига ўтирдим ва бу қўшимча юк ҳўкизга сира билин маганини сезиб, хурсанд бўлдим. У оёқларини аввалгидай бир маромда қўйганча секин кетаверди. Деҳқон менга нон билан эчки пишлоғидан узатди. Биз овқатланиб, тамадди қилиб кетдик. Шу тариқа мен кўм-кўк осмонда чарақлаб турган қуёш ва шаҳар авлиёларининг диққат-эътибори остида Коньяга кириб келдим.
– Саломат бўлинг, биродарим, – дедим мен аравадан тушиб ва отимни ечиб олдим.
– Худо хоҳласа, намозда кўришгунимизча! – деди жавобан деҳқон.
Мен бош ирғадим ва хайрлашиб қўлимни кўтариб қўйдим.
– Иншооллоҳ.
Гарчи хутбага жуда боргим келаётган эса-да – ахир Румий билан учрашиш оташин орзуйим эди – лекин энг олдин шаҳарни айланишга ва одамлар машҳур хатиб ҳақида нималар дейишларини эшитишга қарор қилдим. Ўз кўзларим билан кўришдан олдин унга бошқаларнинг – яхши ва ёмоннинг, яхши кўрадиган ва яхши кўрмайдиганларнинг кўзлари билан қарагим келди.
Тиланчи Ҳасан
1244 йил, 17 октябрь, Конья.
Аросат азобини «муқаддас азоб» деб аташ телбаликдир. Мен моховман. Мен ўликларга ҳам, тирикларга ҳам бегонаман. Оналар тўполончи болаларига мени кўрсатиб қўрқитишади, ўсмирлар менга тош отишади.
Ҳунармандлар бало чақирмасин деб мени ҳайдаб солишади, ҳомиладорлар ҳомилага зарари етмасин дея мендан юз буришади. Ўзим ҳам улардан нари юришга ҳаракат қилишимни одамлар билишмайди.
Бошланишида тери ўзгаради, қалинлашади ва қораяди. Кейин тизза, елка, қўлларда ва юз терисида турли катталикда ва ачиган тухумнинг рангида ямоққа ўхшаш шакллар пайдо бўлади. Улар ачишади ва қичи шади, кейин оғриқлар камаяди, аниқроғи, бунга кўникиш ҳосил бўлса керак. «Ямоқлар» катталашиб боради, уларда жирканч пуфаклар пайдо бўлади.
Муайян вақтдан кейин қўллар чангакка ўхшаб қолади, юз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади. Энди яқин қолган чоғи, кўзларим юмилиб қолаяпти. Кўз ёшларим ва сўлагим тинимсиз оқаяпти. Қўлимдаги тирноқларим тўкилиб бўлган. Лекин сочларим тўкилмагани қизиқ. Балки бунинг учун ўзимни бахтли ҳисобласам ҳам бўлар.
Айтишларига қараганда, Оврупода моховларни шаҳарга киритишмас экан. Бу ерда бизларни шаҳарга киритишади, лекин қўнғироқ чалиб, одамларни огоҳлантириб юришимиз керак. Бизга яна садақа сўрашга рухсат берилган, бу яхши, акс ҳолда очликдан ўлиш мумкин. Биз доимо ё садақа сўраб, ё дуо ўқиб юрамиз. Худо бизга эътибор бериши даргумон, лекин одамлар нимагадир эътибор беради деб ҳисоблашади.
Шунинг учун биздан жиркансалар ҳамки, ҳақларига дуо қилишимизни сўрашади. Касаллар, ногиронлар ва қариялар учун дуо сўрайдилар. Бунинг учун улар яхши ҳақ тўлашади ва кўп овқат беришади. Кўча-кўйларда моховларга итдан бадтар ёмон муносабатда бўлишади, лекин ўлим ва чорасизлик ҳукм сураётган хонадонларда бизни худди султонларни кутгандай кутишади, меҳмон қилишади.
Мени дуо ўқиб қўйиш учун чақирганларида, бошимни эгаман-да, худди Худога илтижо қилаётгандай, бир нечта тушунарсиз арабча сўзларни пичирлайман.
Билганим шу – кўрсатиш холос, шунинг учун Худо мени эшитмайди деб ўйлайман.
Тиланчиликда даромад кўп эмас, лекин мен шунга қаноат қилишни маъқул кўраман. Тиланчилик учун энг яхши кун – жума; фақат Рамазонда эмас, чунки Рамазонда шундоқ ҳам бутун бир ой беташвиш яшаш мумкин. Арафа куни кўп пул ишлаб олиш мумкин. Бу куни, аввал қилган ва кейин қилиши мумкин бўлган гуноҳларига тавба қилиш учун, ҳатто энг зиқна кишилар ҳам саховатли бўлиб кетишади. Йилда бир марта одамлар тиланчиларга орқа ўгирмайдилар. Аксинча уларни ўзлари ахтариб юришади, қанча бахтсиз бўлсалар, шунча яхши. Бу куни шаҳарликларнинг саховатлари шунчалик ошиб-тошиб кетадики, улар нафақат кўп садақа беришади, ҳатто бизларни деярли самимий яхши кўриб кетишади ҳам.
Мана бугун ҳам сердаромад бўладиган кўринади, чунки Румий ўзининг навбатдаги хутбасини ўқишга келади. Масжид ичига одам тўлиб бўлган. Ичкарига
сиғмаганлар ҳовлида туришипти. Биз ва киссавурларга пул топиш учун жуда қулай имконият. Ҳаммаси мана шу ерда.
Мен масжиднинг шундоққина тўғрисида, заранг дарахтига суяниб ўтирибман. Ҳаводан яқинлашиб келаётган, узоқдаги боғларнинг хуш бўйлари билан аралашиб кетган ёмғир иси келиб турипти. Олдимда идишим турипти. Бошқа биродарларимдам фарқли ўлароқ, мен ҳеч қачон ҳеч нима сўрамайман. Мохов одам нолимаслиги ва ҳаётининг оғирлиги ёки соғлиғининг ёмонлигини достон қилавермаслиги керак. Одамларга юзини кўрсатса етарли, ҳамма сўзлардан етиб ортади. Шунинг учун мен юзимни очаман ва жим ўтиравераман.
Бир соат ўтар-ўтмас идишда танга турган бўлади.
Ҳаммаси майда чақалар. Мен эса қуёш, шер ва ярим ой тасвири туширилган олтин тангага интизорман.
Раҳматли Аловуддин Кайкубод пулларнинг эркин айланишига рухсат бергандан бери, италия флоринлари у ёқда турсин, ҳатто Қоҳира ва Бағдод халифатлари ҳукмдорларининг пуллари ҳам бизда бошқа пуллар билан бирга айланадиган бўлди. Ҳокимият қабул қилди; шаҳар тиланчилари ҳам шундай қилишди.
Чақалар билан бирга менинг тиззаларимга зарангнинг бир неча япроқлари ҳам тушди. Заранг ўзининг қизил ва тилларанг япроқларини менга худди садақа
ташлаётгандай тўкарди. Шунда ногаҳон мен билан дарахт орасида қандайдир умумият борлигини равшан ҳис этдим. Дарахт кузда япроқларини тўка-тўка ўлар экан, касалининг охирги босқичида ўз вужуди аъзоларини бирин-сирин йўқотиб бораётган моховга ўхшайди.
Мен мисоли заранг дарахтиман. Терим, оёқ-қўлларим, юзим – ҳаммаси чириб тушаяпти. Ҳар куни вужудимдан бир қисмини йўқотиб бораяпман. Лекин зарангдан фарқли ўлароқ, мен баҳорда қайта жонланмайман. Йўқотганларим қайта тикланмайди. Одамлар менга қараганларида, мен илгари қандай бўлганимни кўришмайди, йўқолганини кўришади, холос. Идишимга танга ташлаётганларида худди касалим юқиб қолаётгандай, қўрқиб кўзларимга қарамасликка ҳаракат қилишади.
Мен улар учун ўғри ва қотилдан ҳам ёмонроқман. Бу жиноятчиларнинг қилган ишлари қанчалик жирканч бўлмасин, уларга худди йўқ одамдай қарамайдилар. Вақти келиб мен буни тушундим: менга қараганларида, улар ўлимни кўрардилар. Улар ўлимни кўришдан, уни жуда яқиндан ва жуда хунук қиёфада кўришдан қўрқадилар.
Тўсатдан оломон ичида ғала-ғовур бошланди. Кимдир: «У келаяпти! У келаяпти!» деб қичқираётганини эшитдим. Румий сутдай оппоқ отда яқинлашиб келарди. У келиштириб тикилган, тилларанг япроқлар ва жавоҳирлар билан бежалган каҳрабо рангли чакмон кийиб олган эди. Унинг қадди тик ва кўриниши мағрур эди. У донишманд ва улуғвор эди, ортидан бир тўда мухлислари эргашиб келаётган эдилар. У олимдан кўра кўпроқ ҳукмдорга – шамол, олов, сув ва тупроқлар ҳукмдорига ўхшарди. Ҳатто оти ҳам баланд эди ва худди ўзига ноёб инсонни олиб келиш насиб этганини тушунгандай мағрур эди.
Идишдаги чақаларимни йиғиштириб олиб, юзимни фақат ярми очиқ қоладиган қилиб ўрадим-да, масжидга кирдим. Ичкарида одамлар тиқилиб турардилар, ўтириш ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Лекин моховлик ҳолатининг ўзича бир «яхши» томони ҳам бор: мен ҳамиша ўзимга ўтириш учун жой топа олардим, чунки ҳеч кимнинг мен билан бирга ўтиргиси келмайди.
– Оға-иниларим, – гап бошлади Румий жуда яхши машқ қилдирилган овоз билан.
– Бепоён осмон бизнинг нақадар кичиклигимиз ва аҳамиятсизлигимиз ҳақидаги ўй-хаёлларга олиб келади. Ичингиздан баъзи бировлар: «Шу ожизлигим билан Худонинг қошида менинг аҳамиятим қанча бўлиши мумкин?» деб сўрашлари мумкин. Менинг билишимча, бу савол вақти-вақти билан кўпчиликни безовта қилиб келади. Бугунги маърузамда мен бу саволга бир нечта жавоблар бермоқчиман.
Мен биринчи қаторда Румийнинг икки ўғли – раҳматли чиройли онасига жуда ўхшайди дейишадиган Султон Валад ва юз ифодалари серҳаракат ҳамда ажабланарли даражада айёр кўзли кичик ўғли Аловуддин – ўтирганларини кўрдим. Улар ўз оталари билан фахрланаётганлари шундоққина билиниб турипти.
– Шунинг учун Қуръонда «Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди» дейилган. (33-«Аҳзоб» сурасининг 72-оятида)
Румий ғалати гапирарди, худди илмли одамларга гапираётгандай. Кейин у Худо ҳақида гапира бошлади. У Худони узоқ осмонларда эмас, балки ҳаммамизнинг ёнимизда, ҳар биримиз билан бирга деб айтди. Бизни Худога яқинлаштирадиган нарса айнан бизларнинг бу дунёда чекаётган азобу уқубатларимиз, деди Румий.
– Мана, қўлларингиз, улар ҳамиша очилиб, ёпилиб (ҳаракатланиб) туради. Бундай бўлмаганида, улар қотиб қолган бўлар эди. Иккала қўлингиз мукаммал мувозанатда ва мутаносибликда, худди қушнинг қанотлари каби. Энг кўзга кўринмас ҳаракатда ҳам Худонинг кўринмас борлиги мавжуд.
Бошида унинг гаплари менга ёқди. Юрагимга илиқлик югурди. Лекин кўп ўтмай юрагимда шундай ғазаб тўлқини кўтарилдики, нафас ололмай қолдим.
Азобу уқубатлар ҳақида Румий нимани ҳам биларди?
Аслзода бўлиб туғилган бўлса, катта меросга эга бўлса ва ҳаётнинг орқа томонини сира кўрмаган бўлса. Унинг биринчи хотини вафот этгани маълум, лекин ҳақиқий мусибатни бошдан кечирганига менда ишонч йўқ эди.
У кумуш қошиқларда овқат ейиш учун туғилган, иззатли одамлар даврасида ўсиб улғайган, энг таниқли устозлардан таълим олган, ҳамиша севимли, ардоқли, эркатой бўлган – азобу уқубатлар ҳақида гапиришига йўл бўлсин?
Нимага Худо бундай адолатсиз? Менга камбағаллик, касаллик, оғриқни берди; Румийга эса бойлик, муваффақият ва донишмандликни. У ўзидаги обрўэътибори ва шоҳона виқори билан бу дунёга, ҳеч бўлмаса, бу шаҳарга тааллуқли эмасдай эди. Мен одамларни қўрқитмаслик учун юзимни яшириб юришимга тўғри келади, у эса худди олмосдай ярақлайди. Қизиқ, у менинг ўрнимда бўлиб қолса, қандай бўларди? Бир кун келиб ўзининг бу буюк даражасидан тушиб кетиши мумкинлигини ҳеч хаёлига келтирганмикин? Атиги бир кунга бўлса ҳам жамиятдан мосуво бўлиб яшаш қандай бўлишини тасаввур этганмикин? Агар Худо унга менинг ҳаётим билан яшашни буюрган бўлганида, у буюк Румий бўла олармиди? Шунда мен иккаламизнинг орамиздаги фарқ унчалик катта эмаслигини англадим.
Тобора ўсиб ва чуқурлашиб бораётган норозилик мендаги дастлабки мафтунлик ҳиссини ҳайдаб чиқарди. Қалбимда ранж-алам билан ўрнимдан турдим ва
чиқиб кетдим. Одамлар нима учун кўпчилик жуда орзу қилган бундай хутбадан чиқиб кетаётганимни тушунмай, қизиқиб менга қарашарди.
Шамс
1244 йил, 17 октябрь, Конья.
Деҳқон билан хайрлашганимиздан сўнг энг олдин ўзим ва отим учун бошпана ахтаришга тушдим. Карвонсаройда менга тўртта хонани кўрсатишди, мен энг
камтаронасини танладим. Менга кўрпа-тўшак, шипиллаб ёниб турадиган эски мойчироқ ва бош қўярга ёстиқ ўрнига офтобда куйдирилган бир ғишт бўлса бас эди.
Шу билан бирга хонам деразасидан шаҳарнинг то тепаликларга қадар ажойиб манзараси кўриниб турарди.
Биринчи навбатда шу ишни тугатгач, бу ерда турли динлар ва тилларнинг қарор топганига ҳайрон бўла-бўла, кўчаларни кезишга тушдим. Йўлимда машшоқ-лўлиларни, араб саёҳатчиларини, христиан зиёратчиларини, яҳудий савдогарларни, буддавий руҳонийларни, оврупо трубадурларини, эрон ҳунармандларини, хитой акробатларини, илон ўйнатувчи ҳиндларни, зардуштий сеҳргарларни, юнон файласуфларини учратдим. Қуллар сотилувчи бозорда териси сутга чайқаб олингандай оппоқ аёлларга ва қуёшда қорайган гавдали бичилган қулларга кўзим тушди.
Бозорда бир соқол олиш билан бирга қортиқ билан қон олувчи сартарошларни, юмалоқ шишалари билан башорат қилувчиларни ва олов ютадиган масхарабозларни кўрдим. Зиёратчилар Қуддусдан келаётган эдилар, дайдилар эса, тушунишимча, сарбадорлар қўшинидан қочиб келган аскарлар эди, улар венеция, франк, саксон, юнон, форс, турк, курд, арман, яҳудий ва мен билмайдиган аллақандай тилларда гаплашардилар.
Ораларидаги тафовут кўплигига қарамай, уларнинг барчасида аллақандай ноетуклик борлиги тасаввури юзага келарди, наздимда, Уста ишни ярим йўлда тўхтатган-у, ҳар бири чала қолгандай эди гўё.
Шаҳар Бобилни эслатарди. Ҳамма ёқ ҳаракатда.
Мен бу бетартиб ҳаракатларнинг қоқ ўртасида ва атрофимдаги одамларни кузатар эканман, яна бир олтин қоидани эсладим: «Мукаммал, бенуқсон ва беайб Худони севиш жуда осон. Аммо қисқа умр кечирувчи ўз биродарингни барча нуқсон ва камчиликлари билан севмоқ мушкул. Инсон севишга қобил зот экани эсингизда бўлсин. Севгисиз ҳикмат йўқдир. Эсингизда бўлсинки, агар биз Худонинг яратмишларни сева олмасак, Худони ҳам чинакамига сева олмаймиз ва била олмаймиз».
Мен ҳар хил ёшдаги ҳунармандлар ўзларининг тор, қоронғу устахоналарида меҳнат қилаётган тор кўчаларда айланиб юрдим. Ва ҳамма ёқда одамлар Румий ҳақида гапирар эдилар.
Қизиқ, унинг ўзи бунчалик машҳурликни қандай ҳис этар экан? Бу унинг «мен» ига таъсир кўрсатганмикин? Хаёлга ботганча, Румий хутба ўқиётган масжиддан нари кетдим. Шаҳар манзараси секин-аста ўзгарди.
Шимол томондаги уйлар анча эски, боғларнинг деворлари қисман вайрон бўлган, болалар анча сершовқин ва серҳаракат эдилар. Ҳидлар ҳам ўзгарди, анча чучмалллашди; бу ерда сассиқ саримсоқнинг иси кучлироқ эди. Охирида мен ҳавода уч хил ис: тер иси, атир-упа иси ва ҳирс иси кучли анқиётган кўчага келиб қолдим.
Тош ётқизилган кўча охирида деворларига бамбукдан тиргак тираб қўйилган ва томи ўт-ўланлар билан ёпилган ярим вайрона уй бор эди. Уй олдида бир нечта аёл гаплашиб туришарди. Улар яқинлашаётганимни кўриб, қизиқсиниб, ё ҳайрон бўлгандай, ёки хурсанд бўлгандай, менга қараб қолишди. Мен турли ранг ва кўринишдаги атиргуллар очилиб ётган боғга эътибор бердим. Уларга ким қараши мени қизиқтириб қўйди.
Жавобини узоқ кутишга тўғри келмади. Боғга яқинлашган заҳотим уйнинг эшиги ланг очилди ва баланд бўйли, бағбақалари катта, жудаям семиз аёл чиқиб келди. Кўзларини қисса, улар атрофдаги ёғ ҳалқалари ичида кўринмай кетарди. Устки лаби юқорисида юпқа қора мўйлов борлигини пайқадим. Қаршимда ярим аёл-ярим эркак турганини пайқашим учун бироз вақт кетди.
– Нима керак? – шубҳаланиб сўради у мендан.
Унинг қиёфаси тез ўзгарувчан эди; бир қарашда бу – аёлнинг юзи бўлса, кейинги қарашда эркакнинг юзига айланарди.
Мен ўзимни танитдим, кейин унинг исмини сўрадим, лекин эркак-аёл саволимни четлаб ўтди.
– Бу сендеклар келадиган жой эмас, – худди пашша ҳайдагандай менга қўл силкитди бу аёл-эркак.
– Нимага?
– Бу ер исловотхоналигини кўрмаяпсанми? Сен шаҳватга бўйсунмасликка қарор қилган дарвиш эмасмисан? Одамлар мени гуноҳга ботган, деб ўйлашади,
мен эса хайру садақалар қиламан ва Рамазон ойида эшикларни ёпаман. Ва ҳозир сени ҳам гуноҳдан халос этяпман. Биздан нари юр. Бу шаҳарнинг энг бузуқ жойи бўлади.
– Бузуқлик инсондан ташқарида эмас, унинг ичида бўлади, – эътироз билдирдим мен.
– Қоидада шундай дейилган.
– Нима ҳақида гапираяпсан? – қағиллади аёл-эркак.
– Қирқ қоидадан биттаси шу ҳақида, – тушунтирмоқчи бўлдим мен.
– «Асосий кир инсоннинг ичида бўлади. Қолган барча кирларни ювса кетади. Фақат бир кирни тоза сув билан ювиб кетказиб бўлмайди, бу қалбларни кемирувчи нафрат ва ўта мутаассиблик кири, юрагингни фақат ишқ поклай олади».
– Сиз дарвишлар, ҳаммангизнинг эсингиз жойида эмас. Бу ерга ҳар хил мижоз келади. Лекин дарвиш қачон келиши мумкин? Фақат қурбақанинг соқоли чиққанда! Агар мен сени бу ерга киритсам, Худо ҳамма ёғимизни ер билан битта қилади ва ўзини Худога бағишлаган кишини йўлдан оздирганимиз учун бизга тавқилаънат юборади.
Мен ўзимни тўхтатолмай, кулиб юбордим:
– Бу фикрлар қаёқдан келган ўзи? Худо, сизнингча, осмонда ўтириб олиб, ўзига ёқмаган ишларни қилувчи кишиларга қурвақаю тошлар ёғдириб турадиган сержаҳл қабила бошими?
Исловотхона эгаси мўйловининг учини ўзига тортди ва менга хўмрайиб қаради.
– Кирмайман, хавотир олма, – дедим мен.
– Менга шунчаки атиргулларингиз жуда ёқди.
– Ҳа, шунақами. Бу мендаги қизлардан бирининг иши. Чўл Атиргулининг.
У қўли билан ишратхонада яшовчи аёллар орасида ўтирган ёш аёлни кўрсатди. Унинг териси садафранг,
бодомқовоқ қора кўзларига ғам соя солган аёл эди. У жуда чиройли эди. Мен унга қараб, ўзгариш жараёнини бошдан кечираётганини ҳис этдим.
Шундан кейин ҳеч ким эшитмаслиги учун бекага секин шивирладим:
– Бу яхши қиз. Ва кунлардан бир кун у Худони излаб, сафарга чиқади. Унинг тақдирига сизнинг уйингизни бутунлай ташлаб кетиш битилган. Шу кун келганда сиз уни тўхтатиб қолишга ҳаракат қилманг.
У ҳайратдан қотиб қолди, кейин шанғиллаб ташлади:
– Сен бу ерда нималарни алжираяпсан? Қизларга қандай муомала қилишни менга ўргатма! Яхшиликча кет бу ердан. Йўқса, ҳозир Шоқолбошни чақираман!
– Бу ким бўлди?
– Уни билмаганинг яхши, менга ишонавер, – деди
аёл-эркак, сўзларини тасдиғи ўлароқ, менга қўлларини пеш қиларкан.
Бу нотаниш исмни эшитаётиб титраб кетдим, лекин қўрқинч тезда ўтиб кетди.
– Хўп, энди менинг кетар вақтим бўлди, – дедим мен.
– Лекин ҳали қайтаман, шунинг учун мени яна кўрганингизда ҳайрон бўлманг. Чунки мен, гарчи кўз ва қалблари ташқи дунё учун ёпиқ бўлса ҳамки, бутун умрини жойнамоз устида букчайганича ўтказадиган дарвишлар тоифасидан эмасман. Улар юзаки Қуръонни ўқисалар, мен ниш уриб ўсаётган ўсимликлардаги, учиб юрган қушлардаги ички Қуръонни ўқийман.
Одамлар қалбига яширинган жонли Қуръонни ўқийман.
– Одамларни ўқийман, деяпсанми? – хохолаб қўйди у. – Бўлмағур нарсаларни валдираяпсан!
– Ҳар бир инсон мисоли очиқ китоб, ҳар биримиз жонли Қуръонмиз. Худони изламоқлик, хоҳ у фоҳиша бўлсин, хоҳ авлиё, ҳар бир инсон қалбида жо бўлган. Ҳар бир инсон қалбида туғилгандан бошлаб ИШҚ яшайди ва у очилмоқни истайди. Қирқ қоидадан бири айни шу ҳақидадир: «Бутун коинот инсонда – сенда жо бўлган. Атрофингда нималарни кўраётган бўлсанг, ҳатто сен нафратланадиган, ёқтирмайдиган одамлар ҳам, – ҳаммаси ўзингда жо бўлган. Шунинг учун шайтонни ташқаридан излама. Иблис ўзимизнинг ичимизда яширинган. Агар сен чин ўзлигингни била олсанг, ўзингдаги нурли ва қоронғу томонларингни кўра олсанг, энг юксак англашга эришасан. Ҳар бир инсон, хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ ё аёл, ўзлигини била олса, Худони ҳам билади».
Қўлларини қўкрагига қовуштириб олган аёл-эркак олдинга сурилди ва менга таҳдидли тикилди:
– Фоҳишаларга таълим берувчи дарвиш! Эҳтиёт бўл, ўз аҳмоқона таълимотинг билан бу ердагиларнинг юрагига ғулғула солишингга мен йўл қўйиб берар
эканманми. Яхшиси, жўна бу ердан! Агар жўнамасанг, қасам ичиб айтаманки, Шоқолбош бу узун тилингни узиб олади ва мен уни ямламай ютаман.
Элла
2008 йил, 28 май, Нортгемптон.
Кейинги вақтларда Элла уйқудан ғамгин уйғонадиган бўлиб қолди. У ҳали ўзи тайёр бўлмаган ҳолда, ҳаётининг қандайдир босқичини босиб ўтгандай ҳис этарди. Ошхонада кофе қайнагунича стол тортмасидан қиладиган ишлари рўйхатини олди ва қайта кўриб чиқди.
Мен қирқ ёшга тўлмасимдан олдин қуйидаги ишларни қилишим керак:
Ўтказадиган вақтимни тартибга солиш, иложи борича режали бўлиш ва вақтни беҳуда сарфламаслик керак. Янги кундалик дафтар сотиб олиш. (Бажарилди) Овқатга минераллар ва антиоксидантлар қўшишим керак. (Бажарилди) Ажинлар ҳақида ўйлаш. Альфа-гидроксидли кислоталарни синаб кўриш ва янги «L’Oreal» кремидан фойдаланишни бошлаш. (Бажарилди) Уй деворларига ёпиштирилган гулқоғозларни алмаштириш, янги ўсимликлар ва ёстиқлар сотиб олиш.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.