Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"
Автор книги: Элиф Шафак
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 15 страниц)
Бегуноҳлар эса кўприкдан ўтиб кетишларини, мевазор боғлари, ширин сувлари ва гўзал фаришталари бор жаннатга тушишларини айтадилар. Фанатларнинг тасаввурларига шу манзара муҳрланган. Уларнинг дунёвий ҳаёт қаршисидаги қўрқувлари, қилган ишларининг жазоси ҳақидаги қўрқувлари шу қадар каттаки, ўзларини оқлашга бўлган уринишлари йўлида Худони ҳам эсларидан чиқарадилар! Нахотки улар қирқ қоиданинг ушбу қоидасини билмайдилар? «Дўзах ҲОЗИРда ва ШУ ЕРДАдир. Жаннат ҳам шундай. Дўзахдан қўрқиш ва жаннатни орзу қилиш керак эмас, зеро дўзах ҳам, жаннат ҳам ҳамиша инсон қалбида. Қачон ишқ бизга нузул этса, демак, биз жаннатдамиз. Қачон нафратлансак, ҳасад қилсак ёки жанг қилсак, демак, биз дўзах ўтида ёнаётирмиз». Йигирма бешинчи қоидада шундай дейилган. Инсон виждони унинг гуноҳларини кўрсатганидаги азоблар дўзахдан қўрқинчлироқ эмасми? Ўзидан сўранг. У сизга дўзах нималигини айтади. Инсонда аҳёнда Худо билан тўлиқ мувофиқликда яшаётганини билганидаги бахт туйғусидан гўзалроқ жаннат борми? Ўзидан сўранг. У сизга жаннат нималигини айта олади. Ҳамон ҳозирги ондаёқ Худонинг ҳаётимизда бор ё йўқлигини тўлиқ била олсак, ўлимдан кейинги олам, тасаввурдаги келажак ҳақида безовталикнинг нима кераги бор? Дўзах ҳақида ўйга толишлар ва жаннат таъмалари сўфийларга хос эмас, шунинг учун улар Худони соф ҳолда ва безовталикларсиз, доғи ҳасратларсиз ҳақиқий (беминнат) ишқ билан севадилар.
Ишқ сабабдир. Ишқ мақсаддир. Ва Худога муҳаббатинг кучли бўлса, унинг барча яратмишларини ҳам улар У туфайли яралганликларини ва У туфайли яшаётганларини билганинг учун севсанг, бошқа ҳеч ниманинг аҳамияти қолмайди. Бунда ҳеч қандай «мен» га ўрин қолмайди. Бутун вужудинг билан сенинг бутун борлиғинг бўлган ҲЕЧ НИМАга йўналасан.
Эртаси куни биз Румий билан шулар ҳақида ўйлар эканмиз, у кўзини юмди ва бирдан шу сатрларни айтди:
Ваҳ, менга Машриқ надир, Мағриб надир,
Балки кўкларга учармен, бари бир.
Унда бўлмас эрса гар Сендан нишон,
Ҳеч эрур менга бу умри жовидон.
Румий ўзини шоир деб ҳисобламайди. Лекин у ҳақиқий шоир. Зўр шоир! У энди ўзини шоир сифатида кашф этмоқда. Ҳа, Румий ҳақли. У на Машриққа ва на Мағрибга тегишли. У Ишқ Салтанатига тегишли. У Севгилиси (Раҳмон)га тегишли.
ТЎРТИНЧИ ҚИСМ ОЛОВ
(Зарарли нарсалар вайрон қилади ва йўқ қилади)
Ичкиликбоз Cулаймон
1246 йил, февраль, Конья.
Одатда, мен маст бўлсам, хаёлпараст бўлиб қоламан, буюк Румийнинг карвонсаройга кириб келаётганини кўриб, ўзимни чимчилаб кўрдим. Лекин рўё йўқ бўлмади.
– Ҳой, Христос, менга нима ичирдинг? – қичқирдим мен.
– Кейинги финжондаги қандай май эди? Агар менга нима кўринаётганини айтсам, асло ишонмайсан.
– Жим бўл, аҳмоқ, – шивирлади орқамда ўтирган кимдир.
Мен бу ким эканини билиш учун орқага қарадим, қарасам, ҳамма, жумладан, Христос ҳам, эшикдан кўз узмай қараб туришарди. Ҳамма жим қотган, ҳатто карвонсаройнинг шу ердаги ити ҳам вовулламай, ерга қапишиб қолипти. Эрон гиламлари билан савдо қиладиган савдогар ҳам ўзи ашула деб ўйлайдиган аҳмоқона куйларини айтишдан тўхтаган. Айни пайт у ўтирган ўриндиғидан сакраб турди ва одатда маст одамлар ўзларини ҳушёр кўрсатиш учун қилганларидай, юзига жиддий ифода бериш учун бошини баланд кўтарди.
Жимликни Христос бузди.
– Хуш келибсиз, Мавлоно, – деди у иложи борича ҳаммадан ортиқ илтифот кўрсатишга уриниб.
– Ташрифингиз мен учун шараф. Хизмат?
Мен чиндан ҳам Румийни кўраётганимни англаганимдан кейин ҳам икки марта кўзимни қисдим.
– Раҳмат, – жавоб қилди Румий кенг, лекин кучсизроқ жилмайиб.
– Мен май харид қилмоқчи эдим.
Бечора Христоснинг ҳатто чакаги осилиб қолди.
Ўзига келгач, Румийни менинг ёнимдаги тасодифан бўш қолган курсига ўтиришга таклиф қилди.
– Ассалому алайкум, – саломлашди мен билан Румий ўтирган заҳоти.
Мен ҳам у билан саломлашдим ва бир-икки оғиз ширин сўз қўшгандай ҳам бўлдим, лекин Румий уларни қанчалик тўғри илғагани номаълум. Сиртдан қараганда сокин, қимматбаҳо либосларида Румий, майхонанинг доимий мижозларидан кескин ажралиб турарди.
Мен Румий томонга чўзилдим, паст овозда шивирлаб сўрадим:
– Гапим қўпол кўринса, кечиринг, лекин сиздайин инсон бу ерда нима қилиб юрипти?
– Сўфийлик синовини топшираяпман, – жавоб қилди Румий, худди бизлар яқин дўст бўлиб қолгандай менга кўз қисиб.
– Мендаги шон-шарафдан асар ҳам қолмасин учун Шамс мени шу ёқларга юборди.
– Шу яхшими?
Румий кулиб юборди.
– Бу қандай қарашга боғлиқ. Баъзан ўзлигингни қутқариш учун барча аввалги боғланишларни йўқ қилиш керак. Агар ўз оиламизга, жамиятдаги ўрнимизга, ҳатто ўз йўлимиз (мактабимиз) ёки мачитимизга ўта боғланиб қолишимиз Худо билан бевосита боғланишимизга халал берса, бу боғланишлардан воз кечиш керак бўлади.
Мен Румийни тўғри тушунганимга унчалик ишончим йўқ эди, лекин у берган тушунтириш менга оқилона бўлиб туюлди. Мен сўфийларни ҳар доим бироз девонасифат, ҳар хил телбаликларга қодир, лекин ёрқин ва қизиқарли инсонлар деб ҳисоблар эдим.
Энди Румий мен томонга чўзилди ва у ҳам шивирлаб сўради:
– Сиз ҳам қўполлигим учун кечиринг-у, лекин юзингиздаги чандиқ қандай пайдо бўлган?
– Бунинг қизиқ жойи йўқ. Кечаси уйимга кетаётганимда миршабларга дуч келиб қолдим, улар мени ўларли қилиб дўппослашди.
– Нима учун? – астойдил қайғуриб сўради Румий.
– Чунки май ичган эдим, – дедим, айни шу пайт Христос Румий олдига қўйиб кетган кўзаларни кўрсатиб.
Румий бош чайқади. Аввалига у шундай бўлиши мумкинлигига унча ишонқирамади, кейин менга дўстона жилмайиб қўйди. Бу билан суҳбатимиз тугамади.
Биз нон билан эчки сутидан тайёрланган пишлоқ чайнаб ўтирганча, эътиқод, дўстлик ҳақида ва бошқа, мен анча илгарилари унутиб юборган, ҳозир эса мен хурсанд бўлиб тўкиб солган бошқа масалаларни муҳокама қилиб ўтирдик.
Қуёш ботар-ботмас Румий уйига кетишга чоғланди. Қовоқхонадагиларнинг ҳаммаси у билан хайрлашиш учун ўринларидан туришди. Ғаройиб томоша!
– Лекин сиз бизга нима учун май ичиш тақиқланганини айтмасдан кета олмайсиз, – дедим мен.
Христос ардоқли меҳмонни хафа қилиб қўйишимдан хавотир олиб, қовоғини уйганча шошилди:
– Жим бўл, Сулаймон. Нима учун сўраяпсан?
– Тўғрисида, – Румийдан кўз узмасдан гапимда туриб олдим мен. – Мана сиз бизни кўрдингиз. Биз ёмон одамлар эканмизми? Ваҳоланки, бизни ҳамма ёмонотлиқ қилади. Агар биз тинч юрсак ва ҳеч кимга халал бермасак, майхўрлик қилишимизнинг нимаси ёмон, менга шуни айтинг?
Бурчакдаги ойна очиқ бўлишига қарамай бу катта хона қоронғу ва нам эди. Ҳамма Румий нима дейишини кутиб турарди. Мен ҳамма унинг жавобини қизиқиб кутаётганини кўриб турардим. Румий хаёлчан, хомуш ва тамомила ҳушёр эди. Ва у шундай деди:
Гар майхўр қалбида бўлса эзгулик,
Май кайфи яширмас, яшира олмас.
Лек бўлса гар унда зарра ёвузлик,
Қанча ичса ҳамки, май-ла ювилмас.
Шунинг-чун, эй дўстлар, ичмаслик керак…
Биз ҳаммамиз мамнун ҳолда, узоқ вақт унинг сўзларидаги маънони тушунишга уриниб жим қолдик.
– Дўстларим, майни унчалик безарар деб бўлмайди, – деди Румий, лекин энди бошқачароқ, ишончлироқ ва қатъийроқ қилиб. – У инсондаги жамики энг ёмон нарсаларни юзага олиб чиқади. Биз ундан узоқроқ туришимиз кераклигига шубҳа қилмайман. Ўзимиздаги иллатлар учун майни айбламаслик керак. Киши ўзидаги такаббурлик ва бошқа иллатларга қарши курашиши керак. Мана шу муҳимроқ. Охир-оқибат ким ичишни истаса, ичаверади, истамаса, ичмайди. Биз ўз масъулиятимизни ўзгаларга юкламаслигимиз керак. Дин ҳеч кимни ҳеч нимага мажбур этмайди.
Баъзилар уни маъқуллаб бошларини ирғитишди.
Мен эса донишмандликни қадаҳ билан шарафлаш керак, деган ишонч билан май солинган финжонимни кўтардим.
– Сиз яхши инсонсиз, сизда улкан юрак бор, – дедим мен. – Сизнинг юриш-туришингиз ҳақида ким нима деяётганининг аҳамияти йўқ, у одамларнинг қандай вайсақилигини ҳаммадан яхши мен биламан, лекин ҳамон бу ерга биз билан тенгма-тенг суҳбатлашгани келибсиз, демак, сиз жуда зўр ваъзхонсиз.
Румий менга дўстона қараб қўйди. Кейин лабига ҳам теккизмаган икки кўзачадаги майни олди, кечки нимқоронғулик қаърида кўздан ғойиб бўлди.
Аловуддин
1246 йил, февраль, Конья.
Кейинги уч ҳафтани эртаю кеч отамдан фақат бир нарсани – Кимёни менга никоҳлаб беришини сўрашни ўйлаб ўтказдим, лекин буни айтгани ўзимда сира жасорат топмадим. У билан соатлаб хаёлан суҳбатлашдим, ўйлаб қўйган жумлаларимни унга такрор-такрор айтиб, дурустроқ тушунтириш йўлларини изладим.
У билдириши мумкин бўлган барча эътирозлар учун менда жавоблар бор эди. Агар мени Кимё билан акасингилсизлар деса, мен у билан туғишган ака-сингил эмаслигимизни эслатаман. Отам Кимёни жуда яхши кўришини билганим учун, агар биз никоҳлансак, у бизникидан қаёққадир чиқиб кетмаслигини, доимо биз билан бирга яшаши яхшилигини айтмоқчи эдим.
Ҳаммасини ўйлаб қўйган, фақат отам билан ёлғиз қола олмаётгандим.
Аммо бир куни кечқурун унга тўқнаш келиб қолдим, лекин бу қулай фурсат эмас экан. Ошналарим билан учрашмоқчи бўлиб энди уйдан чиқай деб турганимда, кўчадан икки кўза май кўтариб, отам кириб келаётган экан.
Мен турган жойимда қотиб қолдим:
– Ота, қўлингиздаги нима?
– Ҳа, буми! – жавоб берди у сира хижолат бўлмасдан.
– Бу май, ўғлим.
– Нима?! – бақирдим мен.
– Буюк Мавлоно шунчалар ўзгариб кетиптилар! Энди май ичар эканларми?
– Ўзингни бос, – деган овоз келди орқа томондан.
Бу Шамс эди. У мендан кўз узмай қараб турарди.
– Одам ўз отаси билан шундай гаплашадими? Ундан қовоқхонага бориб келишни мен илтимос қилган эдим.
– Мен бу гапдан негадир ҳайрон қолмадим? – дедим мен, пичингимни яшира олмай.
Шамс хафа бўлса ҳамки, билдирмади чоғи.
– Аловуддин, биз буни муҳокама этишимиз мумкин, – деди у пинагини бузмай.
– Фақат кўзларингни жаҳл тўсиб қўймаса бўлгани.
Кейин бошини ёнига эгиб, менга қалбимни жиловлаш борасида маслаҳат берди.
– Қоидалардан бирида шундай дейилган, – деди у: эътиқодинг мустаҳкам бўлишини истасанг, қалбингни юмшат. Эътиқодинг бамисоли қоятош, сен эса пардан-да юмшоқ бўлмоғинг керак. Биз дуч келадиган кўплаб ҳодисалар – хасталик, бахтсизлик, жудолик, қўрқинч кабилар – бизни ўз муҳокамаларимизда худбинлик ва кескинликни камайтиришга, одамларга нисбатан ҳамдардроқ ва меҳрибонроқ бўлишга ўргатади. Баъзилар бу дарслардан сабоқ олиб юмшайдилар, бошқалар эса, аксинча, аввалгидан ҳам қаттиқроқ бўла борадилар. Ҳаққа яқинлашмоқнинг ягона йўли – ўз қалбингни очмоқликдир, токи у барча инсонларни қамраб олсин ва унда яна ИШҚ учун жой бўлсин.
– Сиз жим турсангиз яхшироқ бўлар эди, – дедим унинг нутқига жавобан.
– Маст дарвиш гапининг менга алоқаси йўқ.
– Аловуддин, уят! – гапга аралашди отам.
Мен ростдан уялиб кетдим, лекин кечиккан эдим.
Кейинги пайтлар отам мени кўп жиғибийрон қилганларини эсладим-у, яна бадтар тутоқиб кетдим.
– Сен мендан ростдан ҳам нафратланишингга шубҳа қилмайман, – деди Шамс.
– Лекин сен бир он бўлса ҳам отангни яхши кўрмай қолмайсан-ку! Наҳотки, уни ранжитаётганингни кўрмаётган бўлсанг?
– Сиз эса бизларнинг ҳаммамизни ҳалок қилаётганингизни наҳотки кўрмаётган бўлсангиз?
Эвоҳ, шундан кейин отам лабларини маҳкам қисиб ва ўнг қўлини баланд кўтариб менга ташланди. Ҳозир у мени уради, деб ўйладим. Лекин ундай қилмади, мен эса эс-ҳушимни йўқотдим.
– Сен мени шарманда қилдинг, – деди отам мен томонга қарамай.
Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Юзимни бошқа ёққа бурдим ва кутилмаганда Кимё билан юзма-юз бўлиб қолдим. У бурчак ортида қанча турди ва нималарни
кўрди экан? Кўзларида қўрқув бор эди. У ҳаммасини эшитганмикин?
Отам уйланмоқчи бўлиб турган қизим олдида мени бундай ерга уришидан орланиб кетдим. Томоғимга нимадир тиқилди, оғзим тахир бўлиб кетди. Атрофимда ҳамма нарса гир айланар, ҳаммаёқ вайрон бўлаётгандай кўринарди.
Уйда бошқа қолгим келмай, тўнимни олдим-у, Шамсни итара солиб, ўзимни ташқарига отдим – Кимёдан ҳам нари, қолган ҳаммадан ҳам нари, узоқ-узоқларга отилдим.
Шамс
1246 йил, июнь, Конья.
Бу мияси йўқ шаҳар аҳли само рақсини шаккоклик деяпти. Уларга қулоқ солсангиз, Худо ҳар бир нарсани ўз мусиқаси билан яратишга яратган, лекин яратгач,
Ўзи бу мусиқани эшитишни тақиқлаган бўлиб чиқади. Наҳотки улар табиатдаги ҳар бир нарса куйлаб турганини тушунишмаса? Ахир коинотдаги ҳар бир нарсанинг ўз муайян мақоми бор: юракнинг уришида, қушлар қанотларининг силкинишларида, тунда шамолнинг деразага урилишида, темирчи дастгоҳида металлдан чиққан овозида, булар ҳаммаси ҳали туғилмаган болани она қорнидалигидаёқ қуршаб туради… Бу буюк мусиқанинг яралишида дунёдаги барча нарсалар бор эҳтирослари ва ўз ихтиёрлари билан қатнашади.
Айланувчи дарвишлар рақси – бу чексиз занжирнинг бир бўғими. Бу Уммон сувининг бир томчисида бутун уммон гавдалангани каби гўё.
Томошадан бир неча соат олдин биз Румий билан муроқаба қилиш учун ҳеч ким йўқ хонага кирдик. Томошада қатнашадиган олти дарвиш ҳам биз билан бирга эди. Ҳаммамиз таҳорат олиб, дуо қилдик. Кейин тайёрлаб қўйилган кийимларимизни кийдик. Биз қандай кийимлар кийишимизни анча олдин келишиб олган, энг оддий матоларни танлаган эдик. Мис рангидаги қалпоқлар қабр тошлари рангини, узун оқ юбкалар кафан рангини, қора ёпинғичлар қабр рангини мажози эди. Бизнинг рақсимиз сўфийларнинг «мен» ҳақидаги тасаввурларини ифодалар эди.
Саҳнага чиқишдан олдин Румий деди:
Билувчи йўқ энди ва у фақат туйғуларни қолдириб кетди, Фақат олти йўналишни тушунмоқ бизга қолди.
Шу тарзда биз тайёр бўлдик. Энг олдин най чалинди. Кейин Румий само азончиси ролини ижро этиш учун саҳнага чиқди. Кейин бирин-кетин дарвишлар
ҳам бошларини камтарона эгиб чиқишди. Энг охири шайх чиқиши керак эди. Мен қатъий равишда бу ролни ўйнашдан бош тортдим, Румий эса шу ролни ўйнашимни қаттиқ сўрайверди.
Кейин Ҳофиз Қуръондан ердаги белгилар ҳақида оятлар ўқилди.
Ундан кейин най ва рубоб овозлари остида тавоф оҳанги янгради.
Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай, Айрилиқлардин шикоят айлагай.
Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар, Нолишимдин эл ҳама ўртандилар.
Олдин биринчи дарвиш ўзини Худога топшириб, айлана бошлади, либосининг этаклари оҳиста шитирларди. Тез орада биз ҳаммамиз айлана бошладик,
нафақат биз ўзимиз, балки томошабинлар ҳам Бир Бутунлик ҳолатига етмагунимизча айландик. Осмонлардан ниманики қабул қилсак, ерга, Худодан олганларимизни одамларга узата бошладик. Бизлар Ошиқни Маъшуқ билан бирлаштирувчи занжир бўлдик. Мусиқа тўхтаганидан кейин ҳаммамиз бир вақтда коинотнинг асосий қувватлари бўлмиш олов, шамол, тупроқ ва сувга, шунингдек, бешинчи унсур бўлмиш бўшлиққа таъзим қилдик.
Томошадан кейин Кайхусрав билан менинг орамда бўлиб ўтган ҳодисадан афсусланмайман. Лекин ҳар ҳолда Румийни қийин аҳволга солиб қўйганимдан
ноқулайлик ҳис этаяпман. Дунёвий қудрат эгаларидан тегадиган имтиёзлар ва раҳнамоликларга ўрганган Румий ҳеч қачон ҳукмдордан бунчалик узоқлашмаган эди. Аммо энди у ҳеч бўлмаса, оддий одамлар қандай яшашларини – ҳукмдор табақа билан кўпчилик халқ орасидаги деворнинг нақадар баландлигини ҳис эта олади.
Шунинг билан бирга, англашимча, менинг Коньяда бўлиш муддатим ҳам қисқариб бормоқда.
Ишқ ва дўстлик ҳар сафар кутилмаган ўзгаришларнинг сабабчиси бўлади. Агар биз ишқни туйгунимизга қадар қандай бўлган бўлсак, шундайлигимизча қоладиган бўлсак, демак, бу ишқ етарлича кучли эмас экан.
Поэзия, мусиқа ва рақс сирларига ошно бўлиш Румийнинг шахсида содир бўлган ўзгаришларга хотима бўлди. У илгари шеъриятни инкор этган, ўқувчиларига дарс бераётганида ё и ҳамшаҳарлари хутбасини тинглаганларида ўз овозидан завқланиб юрган олим ва ваъзхон эди. Энди эса, гарчи ўзи буни ҳали ҳақиқий англаб етмаган бўлса ҳамки, шоирга айланди. Менга келсак, мен ҳам ўзгардим ва ҳамон ўзгараяпман. Мен борлиқдан Ҳеч нимага ўтиш йўлидаман. Бир даврдан бошқасига, ҳаётдан ўлимга.
Бизнинг дўстлигимиз Худонинг лутфи, марҳамати бўлди. Биз бирга мутлоқ тўлиқ ҳаёт бахтидан завқландик, гуллаб-яшнадик, қувончга тўлдик, пишиб етилдик.
Бобо Замоннинг бир вақтлар айтган гаплари эсимда: дунёни ўз ипаги билан қойил қолдириш учун ипак қурти ўлиши керак. Томошабинлар кетишгач, Румий билан тўлиқ сокинликда ўтирар эканмиз, бизнинг Румий билан бирга ўтказаётган вақтимиз ўз ниҳоясига етганини англадим. Биз бирга бўла олдик ва биргаликда борлиқ нақадар гўзал бўлиши мумкинлигини ўз бошимиздан кечирдик; биз икки кўзгу бир-бирини акс эттиргандаги чексизлик нималигини англадик. Аммо «Қалби оғримаганда Ишқ бўлмайди», деган қадимги мақолдан ҳам қочиб қутулиб бўлмайди.
Элла
2008 йил, 29 июнь, Нортгемптон.
Азизнинг: «Ҳар қандай кутилмаган ҳодиса фақат инсон ўз ичидан тайёр бўлгандагина содир бўлади»,
деган фикри Эллага баҳс учун ўрин қолдирмайдиган фикр бўлиб туюлган эди. Лекин ҳозир у бу ҳодисага сира тайёр эмас эди: Азиз Элла билан кўришиш учун Бостонга келипти.
Якшанба куни кечқурун Рубинштейнлар оиласи кечки овқат тановули учун стол атрофига ўтирганларида Элла ўз телефонига СМС келганига эътибор берди. Пазандачилик клубидаги танишлардан биронтаси бўлса керак, деб ўйлаб, дарров ўқимади, бунинг ўрнига столга ўзининг махсус тайёрлаган таоми: қовурилган картошка, пиёз ва жигарранг гуруч билан ичига асал солиб пиширилган ўрдакни тортди. Ўрдакни столга қўйганида, ҳаммалари ҳайратдан бир силкинишди. Ҳатто яқинда Скоттни янги дугонаси билан кўриб қолгани учун руҳий тушкунлик ҳолатида юрган Жанет ҳам.
Кечки овқат чўзилиб кетди. Ювиқсиз идишларни идиш ювгич машинага солганидан ва шоколадли музқаймоқни тортганидан кейингина, Элланинг миясига хатни ўқиш вақти келгани ҳақидаги фикр келди.
Салом, Элла.
Мен ҳозир «Смитсон» журнали топшириғи билан Бостондаман. Ҳозиргина учиб келдим. Сен билан учрашишни истайман. «Оникс» да бўламан. Кутаман.
Азиз.
Элла телефонни қўйди, ўзини ноқулай ҳис этиб, стол ёнига ўтирди.
– Хабар келдими? – сўради Дэвид ликопдан бош кўтариб.
– Ҳа, Мишелдан, – осонгина ёлғон тўқиди Элла. Дэвид азоб чекаётган кўриниш олиб, юзини ўгирди, кейин сочиқни яхшилаб тахлай бошлади.
– Тушунарли, – деди у.
Элла эрининг унга ишонмаганини билиб турарди, лекин ўзининг сира шубҳаланмаётгани ва виждони ҳам қийналмаётгани қизиқ эди. У ҳеч тутилмасдан, хотиржам овозда деди:
– Мишель агентликда эртага эрталаб келгуси йил каталоги борасида мажлис бўлишини хабар қилди. У мажлисда мен ҳам бўлишимни хоҳлаяпти.
– Албатта, албатта, – деди Дэвид, Элла унинг яна ишонмаганини тушунди.
– Мен сени эртага эрталаб олиб бориб қўйишим мумкин, – деди Дэвид.
– Фақат бир нечта мижозимни бошқа вақтга кўчирсам бўлгани.
Элла ўтакаси ёрилиб эрига қаради. У нима қилмоқчи? Наҳотки, болаларнинг кўз олдида жанжал чиқармоқчи?
– Ёмон бўлмас эди, – жавоб қилди Элла, ўзини табассум қилишга мажбурлаб.
– Лекин унда эрталаб соат еттигача уйдан чиқишимизга тўғри келади. Мишель мен билан мажлисга қадар гаплашиб олмоқчи экан.
– Унда бўлмас экан, – хитоб қилди отасининг бундай вақтли уйқудан туришни ёқтирмаслигини яхши билган Орли.
– Дадам асло бундай эрта турмайди!
Элла ва Дэвид бир-бирларидан кўз узмай қараб туришарди.
– Тўғри айтдинг, – деди ниҳоят, қизининг гапини маъқуллаб Дэвид.
Гарчи ўзининг қизариб кетганини сезиб турган бўлса ҳам, Элла енгил нафас олди. Лекин шу билан бирга у ўзига қатъият ва қувват қуйилганини ҳис этарди.
– Айтмоқчи, ҳозир эрта-ку! Бугун бориб турсам ҳам бўлади.
Эрталаб Бостонга етиб бориш ва Азиз билан нонушта қилиш ҳақидаги хаёлдан Элланинг юраги тез уриб кетди. Лекин эртагача ҳам кута олмас, уни ҳозироқ кўргиси келарди. Бостонгача икки соатлик йўл, лекин бу уни тўхтата олмас эди. У уни деб Амстердамдан келди, бу ерда эса атиги икки соат – нима деган гап.
– Соат ўнда Бостонда бўламан ва эртага эртароқ туриб, мажлисдан олдин Мишель билан гаплашгани агентликка кираман.
Дэвид гапира бошлаши учун абадий вақт керакдай туюлиб кетди. Элла унинг кўзларини – ўз хотинини бошқа эркакка кетишининг олдини олиш имконияти
йўқ бўлган эрнинг кўзларини зимдан кузатиб турар эди.
– Бостондаги уйимизда ётиб қоламан, – деди Элла хушчақчақлик билан болаларга қараб, аслида эса эрига мурожаат қилмоқда эди. Учрашаётган кишиси билан ўзи орасида жисмоний боғланиш бўлмаслигини унга билдирмоқчи эди.
Дэвид қўлида вино финжони билан столдан турди ва Эллага жилмайди.
– Майли, азизам, – деди у. – Эртароқ бориб туриш яхши бўлади, деб ўйласанг, борақол.
– Ана холос, ойижон, мен бўлсам бугун математикадан менга ёрдам берасиз, деб ўйловдим, – нолиди Ави.
– Эсимда, болажон, кел, шу ишни эртага кўчирайлик.
– Ойимни ўз ҳолига қўй, – деди масхараомуз Орли.
– Бир умр унинг этагига осилиб яшамайсан-ку!
Авининг қовоқ-тумшуғи осилиб кетди, лекин ҳеч нима демади. Орли онасининг тарафини олиб гапирди.
Жанетга эса барибир эди. Элла телефонини ола солиб, ётоқхонасига югурди. Эшикни ёпар-ёпмас, каравотига ётиб олиб, Азизга хабар ёза бошлади.
«Келганингга ишона олмаяпман. Икки соатда «Оникс» да бўламан».
Элла деярли саросимада хабари жўнаб кетишини кузатиб турди. Нима қилаяпти ўзи? Лекин ўйлашга вақт йўқ эди. Бугунги кеча ҳақида афсус чекиш учун
ҳали вақти бўлади. Ҳозир эса шошилиш керак. Йигирма дақиқа ичида у душ қабул қилди, сочларини қуритди, тишларини ювди, кўйлак танлади, биринчи, иккинчи, учинчи кўйлакларни кийиб кўрди, сочини турмаклади, озроқ пардоз қилди, ўн саккиз ёшга тўлганида Рут бувиси совға қилган кичкина зиракларини тақди, яна кўйлак алмаштирди. Кейин чуқур хўрсиниб қўйиб, атир сепди. Яшасин Кельвин Кляйн! Бу шиша шу кунни кутиб неча вақт ваннахонада турганини Худо билади.
Дэвидга атир ҳиди ҳеч қачон ёқмаган. У аёлдан ванил ёки аллақандай ўсимлик иси эмас, аёл иси келиши керак, дерди. Лекин Элла европаликлар бу борада бошқача фикрда бўлишса керак, деб ўйлади.
Тайёргарликни тугатгач, Элла ўзини кўзгуда диққат билан кузатди. Нима учун У келишини олдинроқ хабар қилмади? Буни билса эди, гўзаллик салонига, сартарошхонага борарди, балки соч турмагини ўзгартирарди. У Азизга ёқмаса, нима бўлади? Ораларида ҳеч нима бўлмаса ва у Бостонга келганига афсус чекса-чи?
Лекин шу он Эллага ўзининг соғлом фикрлаши қайтди. Нима учун у ўз ташқи қиёфасини ўзгартириши керак? Ораларида бирон нарса пайдо бўладими ё йўқми, бунинг нима фарқи бор? Бу одам билан муносабатлар бўлиши мумкин эмас. Элланинг оиласи бор. Ўз ҳаёти бор. Унинг бутун ҳаёти шу ерда ўтган, келажаги ҳам шу ерда. Ўзининг аҳмоқона фикрларидан жаҳли чиқиб, уларни гўё ўчириб ташлади, бироз енгил тортди.
Соат чорак кам саккизда Элла болаларни ўпиб, уларга хайрли тун тилади ва уйдан чиқди. Дэвид ҳеч қаерда кўринмади.
Ўз машинасига яқинлашганида, бошида биронта ҳам фикр йўқ эди, лекин юраги дукиллаб урарди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.