Электронная библиотека » Элиф Шафак » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"


  • Текст добавлен: 11 июля 2023, 23:40


Автор книги: Элиф Шафак


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Менинг юрагим алланечук сиқилди. Кейин секин, жуда секинлик билан нафас чиқардим. Бу вазиятда қоидалардан бирини эсламай бўлармиди? «Ёлғизлик ва хилват бир хил ҳодисалар эмас. Киши ёлғиз бўлса, ўзининг тўғри йўлдалигига ўзини осон ишонтиради.

Биз учун хилват яхши, чунки бу ёлғизланиб қолишни англатмайди. Аммо сенга кўзгу бўла оладиган инсонни топиш ундан-да яхшироқ. Ёдингда бўлсинки, сен ўзингни ва ўз қалбингдаги Худони фақат бошқа инсон юрагига қараб, адашмасдан кўра оласан».

Устоз гапида давом этди:

– Менга орангиздан кимдир бу руҳий саёҳатга боришни истайдими, деган саволни беришди. Албатта, мен ўзим бунга муносиб дарвишни танлашим мумкин эди, лекин фақат бурч туфайли бу ишга киришган одам уни уддалай олмаслиги мумкин. Бу ишни ишқ туфайли ва ишқ учун бажарадиган одам керак.


Бир ёш дарвиш гапиришга рухсат сўраб деди:

– Устоз, бу олим ким ўзи?

– Мен унинг кимлигини фақат йўлга чиқиш учун хоҳиш билдирган одамгагина айта оламан.

Буни эшитгач, ҳаяжонга тушган бир қанча дарвишлар шошилинч қўл кўтаришди. Истаганлар сони тўққизта эди. Мен ҳам уларга қўшилдим, ўнта бўлдик.

Бобо Замон қўли билан ишора қилиб, ҳали гапи тугамаганини билдирди:

– Сиз қарор қабул қилмасингиздан олдин мен сизга айтадиган яна бошқа гаплар ҳам бор. Бу саёҳат жуда хатарли ва мушкул, борган одам қайтиб келиши даргумон.

Мендан бошқа ҳамма қўлини туширди.

Шунча вақт мобайнида Бобо Замон биринчи марта менинг кўзларимга қаради ва кўзларимиз учрашганида у аввалбошдаёқ мен ёлғиз ўзим кўнгилли бўлиб чиқишимни билганини тушундим.

– Шамс Табризий, – деди устоз секин ва гўё менинг номим унинг оғзига нохуш таъм бергандай аччиқли оҳангда.

– Мен сенинг қарорингни ҳурмат қиламан, лекин сен бизнинг жамиятимиз аъзоси эмассан. Сен меҳмонсан.

– Тушунмадим, нима фарқи бор.

Устоз узоқ ўйлаб, жим қолди. Кейин кутилмаганда ўрнидан турди ва яна деди:

– Ҳозирча бу гапларни қўя турамиз. Баҳор келгач, бу масалага яна қайтамиз.

Менинг қалбим исён кўтарарди. Ахир Бобо Замон мен айни шу вазифани бажариш учун Бағдодга келганимни жуда яхши биларди-ку, у эса менга тақдир қилинган бу имкониятдан мени маҳрум қилаяпти.

– Нима учун, устоз? Мен ҳозироқ йўлга тушишга тайёр турган бўлсам, нима учун кутиш керак? Менга шаҳарни ва ўша уламони отини айтсангиз бўлди, шу зумдаёқ мени бу ерда кўрмайсиз! – қичқириб юбордим мен.

Лекин устознинг жавоби, мен бу ерда у билан ёнма-ён яшаганимдан буён сира кутилмаган тарзда совуқ ва қатъий бўлди:

– Муҳокамага ўрин қолмади. Мажлис тамом.

Қиш узоқ ва совуқ келди. Боғдаги ҳамма нарсалар музлаган, менинг лабларим ҳам. Кейинги уч ўй мобайнида мен бирон сўз айтмадим. Ҳар куни узоқ сайрга чиқаман, дарахт куртак ёзармикин, дея излайман, лекин фақат қорни кўраман. Баҳорни фақат орзуда кўриш мумкин.

Дилим хира бўлса ҳам, ҳозирги кайфиятимга жуда мувофиқ келадиган: «Ҳаётингда нимаики содир бўлмасин, жуда катта бахтсизликка дуч келган чоғингда ҳам руҳингни чўктирма. Ҳатто барча эшиклар беркилиб қолган бўлса ҳамки, Худо фақат сен учун янги йўллар очади. Шукур қил! Ҳамма ишлар яхши бўладиган вақтларда шукр қилмоқ осон, албатта. Лекин сўфий берилгани учун ҳам, берилмагани учун ҳам шукур қилади», деган қоидага риоя этдим.

Ниҳоят бир куни тонгда ажиб куртакни кўриб қолдим. У мусиқийдай гўзал тароват билан қалин қорлар остидан бош кўтариб турарди. Бу ушоқдаккина гуллайдиган кичиккина йўнғичқа эди. Юрагим қувончга тўлиб кетди. Уйга қайтаётиб малласоч хизматчига дуч келдим ва у билан қувноқ саломлашдим. У мени ҳамиша индамас ва хафақон юришимга ўрганиб қолган эканми, турган жойида қотиб қолди.

– Табассум қил, болакай! – қичқирдим унга. – Кўрмаяпсанми, ахир баҳор келди?

Ўша кундан бошлаб атрофда ҳамма нарса зудлик билан ўзгара бошлади. Қор тез эрий бошлади, дарахтларда куртаклар бўрта бошлади, қушлар қайтиб келишди ва ҳаво ҳам баҳорнинг ширин хуш бўйлари билан тўлди.


Бир куни эрталаб биз яна мис қўнғироқ жарангини эшитдик. Бу сафар мен биринчи бўлиб югуриб келдим.

Ҳаммамиз яна доира ясаб ўтирдик ва устоз ИШҚ йўлининг хавфу хатаридан бошқа ҳамма нарсани биладиган ислом уламоси ҳақида гап очди. Яна ҳеч ким ўз ихтиёри билан бу инсон сари боришга хоҳиш билдирмади.

– Демак, Шамс яккаю ягона кўнгилли экан, – эълон қилди Бобо Замон баланд ва шамолники каби ингичка овоз билан. – Лекин мен қарор қабул қилиш учун кузгача кутаман.

Мен бундан ларзага тушдим. Қулоқларимга ишонмадим. Узун уч ойни кутиш билан ўтказдим, устоз эса яна олти ой кутишни талаб қиларди. Мен жуда танг

аҳволга тушдим, исён кўтардим, илтижо қилдим, лекин у рад этди.

Аммо бу сафар кутиш енгилроқ бўлишини тушунардим, чунки бундан бу ёғига ортга суриш бўлмайди.

Қишдан баҳоргача туриб бергач, мендаги оташ кузга қадар ҳам совимайди, дея қатъий айта олардим. Бобо Замоннинг бу қарори менинг ҳафсаламни пир қила олмади. Аксинча, мен дадиллашдим, қатъиятим янада кучайди. Қоидалардан яна бирида айтилганидек, «Сабр дегани нофаоллик дегани эмас. Сабр дегани оқибатни кўра олиш ва унга ишониш демакдир. Сабрнинг маъноси нимада? Тиканга қараб туриб, атиргулни кўрмоқликда; тунда бўла туриб, тонгни кўра билмоқликда. Сабрсизлик эса узоқни ва келажакни кўра билмасликдир. Худони севувчилар асло сабрни йўқотмайдилар, зеро уларга ойнинг тўлиши, тўлин ойга айланиши учун вақт кераклиги маълум».

Куз келгач, мис қўнғироқ учинчи марта жаранглади. Мен энди ҳаммаси ҳал бўлишига ишонган ҳолда, шошмасдан бордим. Устоз одатдагидан заифроқ ва рангпарроқ кўринди, гўё қуввати қолмагандек эди.

Шунга қарамасдан, у мен яна қўл кўтарганимни кўриб, юзини тескари бурмади ва қарорини орқага сурмади. У қатъият билан менга бош ирғади:

– Майли, Шамс, йўлга тайёрлан. Иншооллоҳ, эртага тонгда сен бизни тарк этасан.

Мен устознинг қўлини ўпдим. Йўлга қанча вақт кетмасин, эртами-кечми мен суҳбатдошим билан учрашурман.

Бобо Замон яккаю ёлғиз ўғлини жангга кузатаётган ота каби меҳр ва ғамгинлик билан менга кулимсиради.

Кейин зангори узун тўнининг чўнтагидан муҳрланган мактубни олди, уни менга узатиб, хонадан чиқиб кетди. Ҳамма дарвишлар унинг ортидан эргашдилар.

Ўзим ёлғиз қолгач, хат муҳрини синдирдим. Унда ўз саволларимга жавоб топдим. Шунга кўра мен Коньяга боришим ва Румий билан учрашишим керак эди.

Қувончдан юрагим қинидан чиқаёзди. Мен аввал бу исмни эшитмаган эканман. Румий балки буюк уламодир, лекин мен учун у катта жумбоқ эди.

Мен «Румий» сўзини қайта-қайта, токи бу сўз обакидандон таъмига, «сув», «нон», «сут» каби одатий сўзларга айланмагунича, тинимсиз такрорладим.

Элла

2008 йил, 22 май, Нортгемптон.

Оппоқ парёстиқ оғзидаги бемаза таъмни ва қаттиқ чарчоқ ҳиссини арита олмади. Кеч ётиш ва меъёрдан ортиқ ичиш нимага олиб келишини Элла билар эди, албатта. У ўзини ўриндан туришга, пастга тушишга, нонушта тайёрлашга, эгизаклари ва эри билан бирга нонушта столи атрофида ўтиришга мажбур этди.

Ётоқдаги ўрнига қайтиб бориш ва ухлашни қанчалик истаётган бўлмасин, бор эътиборини уларнинг ўқувчиларни мактабга олиб келаётган зўр ҳашаматли машиналар ҳақидаги суҳбатларига қаратишга уринди.


Тўсатдан Орли онасининг юзига қараб сўради:

– Ави энди опам уйга қайтмайди, деяпти, ойи, шу тўғрими?

Элла унинг овозидаги айблов оҳангини туйди.

– Тўғри эмас, албатта. Биз опанг билан жанжаллашиб қолдик, лекин биласан-ку, биз бир-биримизни яхши кўрамиз.

– Сиз Скоттга телефон қилиб, Жанетни ўз ҳолига қўйишини сўраганингиз ростми? – масхараомуз сўради Ави бу гаплардан ошкора ҳузур қиларкан.

Элла кўзларини катта очиб, эрига қаради, Дэвид бу кераксиз деталларни болаларга ўзи айтмаганини билдириш учун қошларини юқори кўтарди ва елкасини қисиб қўйди.

Элла йиллар мобайнида орттирилган тажрибаларидан келиб чиқиб, ўз овозига ҳар доимгидек қатъиятли тус берган ҳолда, болаларга насиҳат қила кетди:

– Ундай эмас. Мен Скотт билан гаплашдим, лекин ундан опангиздан воз кечишини сўраганим йўқ. Мен фақат никоҳдан ўтишга шошилмасликларини сўрадим, холос.

– Бўлмаса-чи: ким ҳам сенга уйланаман деб турган экан? – унинг гапини кесди Ави.

Бу икки тирранчаси бир-бири билан қандай чўқишишларига қулоқ соларкан, Элла асабланиб заҳархандали кулди, лекин ўша заҳоти жиддий кўриниш олди.

Лекин бу унча ўхшамади ва у болаларни эшикка кузатиб қайтаётганида ҳам лабларида бу кулгу зимдан сақланиб қолган эди.

Фақат стол ёнига қайтиб келганидан кейингина у ўзини қўйди. Ошхона худди каламушлар армияси ҳужум қилгандай ҳолатда эди. Охиригача ейилмаган тухумлар, тишлаб қолдирилган нон бўлаклари, ювуқсиз идишлар. Бунинг устига Спирит айлантириб келиши ни кутганига ортидан эргашиб юрипти. Икки финжон қаҳвани ва бир стакан мультивитаминли ичимликни ичиб олганидан кейин ҳам Элланинг кучи уни (итини) фақат бир неча минутгагина боғга олиб чиқишга кучи етди.

Уйга қайтиб келгач, телефон автожавоб берувчисининг қизил чироғи ёниб турганини кўрди. Тугмани босди ва уни беҳад хурсанд қилиб, Жанетнинг хушоҳанг овози хонани тўлдирди.

– Ойи, уйдамасмисиз?.. Шунақага ўхшайди, бўлмаса, трубкани олардингиз.

– Ҳмм… Мен сиздан жуда қаттиқ ранжиган эдим ва сизни бошқа кўргим келмай қолганди. Ҳозир бироз совидим. Йўқ, барибир, сиз нотўғри иш қилдингиз, мен буни яхши биламан. Сиз Скоттга телефон қилмаслигингиз керак эди. Лекин мен нима учун бундай қилганингизни тушунаман. Лекин қулоқ солинг, энди мени инкубаторда сақлагандай сақлашни бас қилинг. Мени тинимсиз ҳимоялашни бас қилинг!

Мени қандай бўлсам шундайимча бўлишимга қўйиб беринг, хўпми?

Элланинг кўзларига ёш қалқиди. Жанет янги туғилганида қандай бўлгани эсига тушиб кетди. Қип-қизил жиш, ожизгина, серажин, бармоқлари жуда ингичка, оғзида нафас олдирадиган трубка – бу дунёда яшашга сира мослаша олмайдигандай кўринган эди у.

Элла мурғакнинг нафаси тўхтаб қолмаса эди, яшаб кетармикин ё яшай олмасмикин, деган таҳликада неча кечаларни уйқусиз ўтказди.

– Ойи, яна бир нарсани айтай, – Жанет бир нарса эсига тушиб қолгандай деди. – Мен сизни яхши кўраман.

Элла чуқур хўрсинди. У Азизнинг мактубини эслади. Хоҳишлар дарахти унинг илтимосига жавоб қилипти-да. Ҳеч бўлмаса, қисман. Жанет телефон қилиб

бунинг бир қисмини амалга оширди. Энди қолганини Элла қилиши керак эди. У қизига қўнғироқ қилганида, у университет кутубхонасига борадиган йўлда экан.

– Қизалоғим, мен ҳаммасини эшитдим. Мени кечир, сенинг олдингда айбдорман ва кечирим сўрайман.

Бир дақиқалик, лекин хатарли сукутдан кейин Жанет жавоб қилди:

– Майли, қўяверинг, ойи.

– Йўқ, майли эмас. Мен сенинг туйғуларингни ҳурмат қилишим керак эди.

– Келинг, бу ҳақида бошқа гаплашмайлик, хўпми?

– илтимос қилди Жанет, энди уларнинг ўрни алмашиб қолгандай – Жанет онасига, онаси эса Жанетга айланиб қолгандай эди.

– Хўп, азизам.

Жанет худди ўзи ҳам Элладан сўрашга қўрқаётгандай, овозини пасайтириб шивирлади.

– Сиз ўшанда айтган бир гапингиздан мен қаттиқ ўкиниб кетдим. Бу ростми? Сиз ростдан ҳам бахтсизмисиз?

– Йўғ-е, албатта, йўқ, – шоша-пиша жавоб қилди Элла. – Учта ажойиб фарзанд кўрган бўлсам, қандай қилиб бахтсиз бўлишим мумкин?

Лекин бу жавоб Жанетни қониқтирмади.

– Мен дадам билан сизни назарда тутаяпман?

Элла нима деярини билмас эди ва тўғрисини айтишга қарор қилди.

– Даданг билан биз кўпдан бери бирга яшаймиз.

Шунча йил мобайнида аввалги оташинлик сақланиб қолармиди.

– Тушунарли, – деди Элла ва таажжубки, Элла қизи

уни чиндан ҳам тушунганини ҳис этди.

Трубкани жойига қўйгач, Элла ўзини эркин қўйди ва ишқ ҳақидаги фикрларга берилди. Тебранувчи креслосига ўрнашиб олиб хаёлга чўмди: наҳотки ҳеч нимага қарамай, унда ишқни ҳис этиш қобилияти ҳамон сақланиб қолган? Ишқ бу телба дунёда маъно излаганлар учун-ку! Аллақачонлар изламай қўйганлар учун у нимага керак?

Кеч киришини кутмасдан, Элла Азизга хат ёзди.

Қадрли Азиз (агар Сизни шундай аташим мумкин бўлса)!

Сизнинг оиламдаги рўй берган кризисни енгиб ўтишимга ёрдам берган илиқ, чин юракдан йўллаган номангиз учун раҳмат. Сиз айтганингиздай, биз қизим билан орамиздаги тушунмовчиликни енгиб ўтдик.

Сиз мен ҳақимда тўғри айтгансиз. Мен чиндан ҳам ҳамиша икки қарама-қарши ҳолат: агрессивлик ва нофаоллик орасида азоб чекаман. Гоҳо ўзим яхши кўрган одамларим ҳаётига ҳаддан зиёд аралашиб кетаман, гоҳо улар олдида ўзимни жуда ожиз ҳис этаман.

Тақдирга тан беришга келганида, мен ўзимни бунга қобиллигимни ҳеч қачон ҳис этмаганман. Тўғрисини айтсам, менда инсонни сўфий қиладиган ҳеч нима йўқ.

Шунга қарамай, мен айнан қизимнинг ишларига (тақдирига) аралашмай қўйганимдан кейингина у билан ярашганим ниҳоят ҳайратланарли ҳол. Сизга катта раҳмат. Мен ҳам Сиз учун дуо қилишни истайман, лекин мен охирги марта Худонинг эшигини қачон қоққанимни ҳам эслай олмайман, шундан буён Унинг қаерга кўчган бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур эта олмайман.

Мен сизнинг романингиздаги карвонсарой хўжайинига ўхшармиканман? Аммо хавотир олманг, мен унчалик қаҳрли эмасман. Ҳозирча ундай эмасдирман.

Сизга дўстона туйғулар ила Нортгемптондан Элла.


Мактуб

1243 йил, 19 сентябрь, Бағдоддан Қайсарига Бисмиллоҳир роҳманир раҳим!

Биродарим Саид Бурхониддин! Сизга тинч-омонлик ва Худонинг марҳамати ва баракотлари бўлсин!


Хатингизни олиб ва Ишқ йўлида аввалгидай собитлигингизни билиб жуда хурсанд бўлдим. Айни пайтда мактубингиз мени қийин вазиятга ҳам қўйди. Румийга ҳамсуҳбат излаётганингиз маълум бўлиши биланоқ, мен қандай одамни назарда тутаётганингизни тушунган эдим. Лекин нима қиларни била олмай қолдим.

Биз билан бир масканда Сизнинг таърифингизга жуда мувофиқ келадиган Шамс Табризий номли дарбадар дарвиш истиқомат қилмоқда. Шамс бу дунёда ўзига юклатилган махсус вазифаси борлигига ишонади, шу туфайли нурланган инсонга зиё бахш этмоқни истайди.

Шамс бу дунёда ўз зиммасига юклатилган махсус вазифаси борлигига ишонади, шу туфайли нурланган инсонга зиё бахш этмоқни истайди. У Худодан ўзига шогирд эмас, ҳамсуҳбат тилаб келган. Бир куни менга уни оддий одамлар қизиқтирмаслиги ҳақида гапирган эди.

У инсониятни Ҳаққа бошлаб борадиганлар билан яқинлашмоқ учун келганини айтган эди.

Сизнинг хатингизни ўқиб, Шамсга Румий билан учрашиш тақдир қилинганини англадим. Шунга қарамай, адолат барқарор бўлмоғи учун мен барча дарвишларга бир хил имкон бермоғим керак эди. Даъвогарлар бир нечта эди, лекин йўл нақадар хатарли экани маълум бўлгач, улардан фақат Шамснинг ўзи қолди. Бу қишда бўлган эди. Баҳор ва кузда ҳам бу ҳолат аввалгича қолди.

Сиз нега бунча узоқ кутганимдан ҳайрон бўлаётгандирсиз. Мен бу борада кўп ўйладим ва тўғрисини айтсам, бунга фақат бир тушунтириш бор. Шамс менинг қалбимга жуда яқин бўлиб қолган эди. Уни бундай хатарли сафарга жўнатишдан жоним оғриди.

Шамс оддий инсон эмас, буни эътиборга олинг.

Дарбадар кезиш унинг учун унча қийин бўлмаган, лекин шаҳарда қўним топиб, шаҳарликлар билан бирга яшайдиган бўлса, у, албатта, кимнингдир қитиқ патига тегиши тайин. Айни шунинг учун мен унинг биздан кетар вақтини ортга суриб келдим.

Хайрлашувдан олдин оқшомда биз Шамс билан, барглари ипак қуртларига озуқа сифатида бериладиган тут дарахтлари остида узоқ кездик. Улардан тўқилган жуда нафис енгил ипак мато менга Ишқ туйғусини эслатади. Мен пиллакорлар ипак йиртилмаслиги учун ипак қуртларини пилла ичидан тешиб чиқишларига йўл қўймасликларини, натижада улар ичкарида қолиб ҳалок бўлишларини Шамсга ҳикоя қилдим. Бир газ шундай мато учун кўплаб қуртлар ҳалок бўлишларини гапирдим.

Кеч кира бошлаган эди. Совуқ шамол эса бошлади ва мени титроқ боса бошлади.

Қарилик яқинлашган сари мен тез совуқ ейдиган бўлиб қолганман, лекин бу сафар бошқача ҳолат эди. Бунда гап бизнинг Шамс билан сўнгги бор боғда бирга сайр қилаётганимизда эди. Биз бир-биримизни бошқа кўра олмас эдик. Ҳар ҳолда бу дунёда кўриша олмаймиз. Назаримда, у ҳам буни ҳис этарди, буни мен унинг нигоҳидаги андуҳдан пайқадим.

Бугун тонг отар-отмас Шамс менинг қўлимни ўпгани ва кетмоқ учун оқ фотиҳа сўрагани қошимга келди.

Мен унинг қора сочларини кесгани ва соқолини қирганини кўриб ҳайрон бўлдим, лекин у ҳеч нима тушунтирмади, мен ҳам сўрамадим. Кетишидан олдин ипак қуртларига оид ўз тарихидан гапирди. У Румий билан иккиси Муқаддас Ишқ пилласи ичига яширишар ва фақат пишиб етилганларидан ва ажойиб ипак тўқийдиган бўл ганларидан кейингина у ердан чиқишар экан. Унга қадар эса, ипак ҳосил бўлиши учун қуртлар ўлмоғи керак экан.

Шундан кейин у Коньяга жўнаб кетди. Илоҳим, Тангри таоло уни ўз паноҳида асрасин. Мен тўғри иш қилганимни биламан ва Сиз ҳам тўғри қилдингиз. Лекин юрагим зилдай оғир ва бизнинг масканда ҳеч қачон учрамаган бу энг ғайриоддий ва мард дарвишни аллақачон соғина бошладим.

Охир-оқибат, ҳаммамиз ҳам Худонинг бандаларимиз ва ҳаммамиз ҳам Унга қайтурмиз.

Сизга ҳамиша Худо ёр бўлсин!

Бобо Замон.

Хизматчи

1243 йил, 29 сентябрь, Бағдод.

Дарвишлик осон иш эмас. Менга бу ҳақида кўпчилик айтган. Лекин бунинг учун аввал қанча чиғириқлардан ўтиш кераклигини айтишмаган. Бу ерга келганимдан бери молдай ишлайман. Кун бўйи қилган ишларимдан кейин шунчалар чарчайманки, ўринга ётганимда суяк-суякларимдан ўтиб кетган оғриқдан ухлай олмайман, оёқларим ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қизиқ, биронтаси менга бу ерда қандай муносабатда бўлишаётганини билармикин? Билган ҳолда ҳам, билмаганга олса керак. Дарвишлар ҳатто менинг исмимни ҳам билишмайди. «Янги хизматчи, – деб чақиришади улар мени. Орқаворатдан эса Малласоч жоҳил, – деб шивирлашади.

Ҳаммадан ёмони – менинг ошхонада ошпаз билан ишлашим кераклиги. Унинг юраги ўрнида юрак эмас, тош бор. У дарвишларга овқат пишириб юриш ўрнига, мўғулларнинг жангари қўшинига бош бўлишга муносиброқ бўлармиди. Унинг кимгадир яхши гап айтганини ҳам эшитмаганман. У жилмайишни ҳам билмаса керак.


Бир куни мен дарвишларнинг каттасидан, наҳотки ҳамма дарвиш бўлишдан олдин ошхонада синов хизматини ўтаса, деб сўрадим. У сирли равишда жилмайиб қўйди-да, кейин «Ҳамма эмас, фақат баъзилар» деди.

Унда нима учун мен? Нимага устоз бошқаларга қараганда мен кўпроқ қийналишимни истади? Наҳотки менинг нафсим бошқаларникидан кучлироғ-у, шунинг учун менга бунчалик оғир синов берилаётган бўлса?

Ҳар куни ҳаммадан эрта туриб, ҳовуздан сув ташиб келаман. Кейин ўчоқ ёқаман ва кунжутли лочира нон ёпаман. Эрталабга шўрва пишириш ҳам менинг вазифамга киради. Элликта одамнинг қорнини тўйғазишнинг ўзи бўлмайди. Дошқозон керак бунга. Кейин бу овқатларни ташиб олиб бориш ҳам бор. Кунчиқардан то кунботарга қадар идиш ювиш, артиш, сабзавот тўғраш, ҳовли супуриш, ўтин ёриш, тиззалаб ўтирганча эски ғичиллаб турган ошхона полини ювиш. Яна мен шарбат ва турли хил зираворлар тайёрлайман.

Сабзи ва қовоқ тузлайман. Тузни сувга тухум чўкиб кетмайдиган қилиб солиш керак. Агар бундан кўпроқ ё камроқ солиб қўйсам борми, ошпазнинг жазаваси тутиб, идишлар чилпарчин синади, мен эса ишни қайтадан бошлашим керак бўлади.

Бу ишлар орасида яна мен араб тилидаги дуоларни ҳам ўқишим керак.

Ошпаз мендан калималарни қаттиқ овозда, дона-дона қилиб айтишни талаб қилади, акс ҳолда мен сўзларни тўғри талаффуз этаётганимни пайқамай қолар эмиш. Хуллас, мен ишлайман, дуолар ўқийман, дуолар ўқийман ва ишлайман. «Ошхона ишларини қанча яхши уддаласанг, шунча эрта улғаясан, ўғлим, – дейди менга у.

– Пишир-куйдир ва бошқа юмушларни ўрганиш мобайнида қалбинг юмшайди, нафислашади».

– Бу синов қанча давом этади? – сўрадим мен бир куни.


– Минг бир кун, – деган жавоб бўлди.

– Ҳамон

Шаҳризодага ўз ҳикояларини тўқиши учун шунча кун керак бўлган бўлса, сен ҳам шу муддатда бу вазифани уддасидан чиқа олсанг керак.

Бўлмаган гап! Наҳотки мен ўша вайсақи Шаҳризодага ўхшашим керак бўлса? Бундан ташқари, унинг бор-йўқ қилган иши парёстиқларга ёнбошлаб олиб, ҳикоялар тўқишдангина иборат бўлган бўлса. Шу машаққатли иш эканми? Агар унга мен қилаётган ишлардан ҳеч бўлмаса ярмисини қилиш буюрилса, бир ҳафтага ҳам чидай олмасди. Ҳеч ким бу ишларга узоқ дош бера олмаса керак. Мен эса дош бериб келаяпман. Менга энди олти юз йигирма тўрт кун қолди.

Синовнинг дастлабки қирқ кунини мен ётиб ҳам, тик туриб ҳам бўлмайдиган жуда тор ва қоронғу ҳужрада тиз чўкиб ўтказганман. Агар тузукроқ овқат ейишни истаб қолсам, агар қоронғу ёки ёлғизликдан қўрқсам, ёки Худо асрасин-у, шаҳватим қўзғаб қолса, шифтда осиғлиқ қўнғироқни чалиб, менга маънавий ёрдам беришларини сўрашим керак эди. Лекин мен бир марта ҳам бундай қилмадим. Лекин булардан биронтаси менинг хаёлимга ҳам келмади демайман, албатта. Аммо буларнинг ҳаммаси ҳатто қимирлаб ҳам бўлмас ҳолатда ўтиришнинг олдида нима бўларди?

Узлат муддати тугаганидан кейин, мени ошхонага, ошпаз қўлида азоб чекишга жўнатишди. Азобланаяпман.

Лекин тўғрисини айтсам, уни ҳар қанча ёмон кўрмайин, бирон марта ҳам у ўрнатган тартибни бузмадим – ҳарқалай Шамс Табризий келишига қадар шундай эди. Ўша куни эса у мени тутиб олиб, тол хивичлар билан роса савалади. Кейин, жўна бу ердан, деган маънода, кавушимни тўғрилаб қўйди. Дарвишлар хонақосидан ҳеч қачон ҳеч кимни бундай савалаб, синовга дош бера олмадинг, деб бақириб, кўчага улоқтиришмаган. Уддасидан чиқа олмаганларни индамай чиқариб юбораверишган.


– Биз сени хоҳишингга қарши юриб, дарвиш қила олмаймиз, – деди ошпаз.

– Эшакнинг олдига челакда сув қўйиб, то ўзи истамагунича уни ичишга мажбур қилиб бўлмайди. Эшак буни ўзи хоҳлаши керак. Бошқа йўли йўқ.

Демак, у мени эшак деб ҳисоблар экан. Тўғрисини айтсам, агар Шамс Табризий бўлмаганида, мен ўзим ҳам аллақачон дарвишлар даргоҳидан қочворган бўлардим. Мени қизиқиш ушлаб қолган эди. Мен бундай инсонни ҳеч қачон учратмаган эдим. Ҳеч кимдан қўрқмайдиган ва ҳеч кимга бўйсунмайдиган одам. Ҳатто ошпаз ҳам уни ҳурмат қиларди. Агар бу масканда кимгадир эргашиш керак бўлса, мен ювош қари устозга эмас, фақатгина ҳеч кимдан қўрқмайдиган ва ҳеч кимга бўйсунмайдиган шу Шамсга эргашган бўлардим.

Ҳа, Шамс Табризий – ҳақиқий қаҳрамон. Уни учратгач, мен ювош дарвиш бўлмасликка қарор қилдим.

Унинг ёнида кўпроқ қолсам, худди у каби журъатли, шахдам ва бўйсунмас бўлар эдим. Куз келиб, Шамс бизни буткул ташлаб кетаётганини англаганимдан кейин, мен у билан бирга кетишга қарор қилдим.

Шу қарорга келгач, Бобо Замонни излашга тушдим ва уни чироқ нурида китоб ўқиётган ҳолда кўрдим.

– Хўш, хизматчи, сенга нима керак? – сўради у ғаши келганини яшира олмай, худди менинг кўринишимнинг ўзидаёқ кўнглини оздираётганга ўхшарди.

Шундан кейин мен иложи борича журъат билан дедим:

– Устоз, мен Шамс Табризий яқинда бизни ташлаб кетишини эшитдим. Мен у билан бирга кетишни истайман. Балки унга ҳамроҳ керакдир?

– У сенга шунчалик ёқиб қолади, деб ўйламаган эканман, – гумонсираб жавоб қилди устоз.

– Ёки сен ошхонадан қочиб қолиш учун шундай деяпсанми? Сенинг синов муддатинг ҳали тугамади. Сени ҳозир дарвиш бўлдинг деб бўлмаса керак.


– Балки Шамс билан бирга саёҳат мен учун синов бўлар? – ўзимни ҳаддан зиёд сурбетларча тутаётганимни сезган ҳолда, ўзимни тута олмай дедим мен.

Устоз ерга қараганча, хаёлга ботди. Жимлик чўзилган сари, ҳозир у мени сурбетлигим учун койиб ташлаши ва ошпазга менга тузукроқ қарашни буюриши равшанроқ бўла бошлади. Лекин устоз бундай қилмади. У менга ғамгин қараб қўйди ва бошини чайқаб деди:

– Ўғлим, назаримда, сен бу ердаги ҳаёт учун туғилмагансан. Аслида ҳам бу йўлга кирмоқчи бўлган етти дарвишдан фақат биттаси собит қолади. Назаримда,

сен дарвишликка ярамайсан ва бошқа йўлдан боришинг керакка ўхшайди. Шамсга ҳамроҳлик қилиш борасида эса, унинг ўзидан сўрашингга тўғри келади.

Шундай дегач, Устоз менга хушмуомалалик, лекин қатъият билан бош ирғади ва яна китобини ўқишга тушди.

Ҳақирлигимни сезиб, жуда хафа бўлиб кетдим, лекин шунга қарамай ўзимни бирдан эркин ҳис этдим.

Шамс

1243 йил, 30 сентябрь, Бағдод.

Тонготарга яқин мен отга минган ва йўлга тушган эдим. Фақатгина бир марта орқага қараш учун тўхтадим. Дарвишлар такяси тут дарахти шохлари орасига яширинган қуш уясига ўхшарди. Бир қанча вақт Бобо Замоннинг ҳорғин қиёфаси кўз олдимда гавдаланиб турди. Биламан, у мендан хавотир олаётган эди. Лекин мен ўзим хавотир оладиган ҳеч қандай сабаб кўрмас эдим. Ахир мен ИШҚ бағрига шўнғимоқ учун саёҳатга чиққан эдим. Қандай ёмон нарса содир бўлиши мумкин? Ахир ИШҚ (йўли)нинг ўнинчи қоидасига кўра:

«Шарқ, Ғарб, Жануб ва Шимол орасида фарқ йўқ. Қандай мақсадни кўзлашнинг ҳам аҳамияти йўқ, асосийси, саёҳат ташқарига эмас, ичкарига йўналган бўлишидир.

Шунда бутун оламни била оласан».

Мени қийинчиликлар кутиб турганини билардим, албатта, лекин уларга махсус эътибор қаратмас эдим.

Ниҳоят, тақдир мени Коньяга олиб бораётганидан хурсанд эдим. Мен сўфий эдим ва атиргулни тикони билан, ҳаётдаги қийинчиликларни ундаги қувончлар билан бирга қабул қилишга одатланган эдим. Бу эса «Она ўз боласини дунёга оғриқсиз келтира олмаслигини, ўз жони оғримасидан фарзандига ҳаёт бахш эта олмаслигини билади. Инсонда бошқача «МЕН» нинг туғилиши учун ҳам худди шундай машаққатлар зарур. Лой ҳам сопол идишга айланиши учун оловда куйиши керак. Ишқ мукаммал бўлиши учун оғриқ, азобларни бошдан кечириш керак», деган яна бир қоидадан келиб чиқади.

Дарвишлар такясидан жўнаб кетишимдан олдинги кун кечқурун, тун қоронғусидан хуш ҳаволар ва овозлар кириб келсин дея хонамнинг деразаларини очиб қўйдим. Липиллаб ёнаётган шам ёғдусида узун сочларимни кесдим. Кейин соқол-мўйловимни олдим ва қошларимни ҳам қирдим. Шуларни қилиб бўлгач, ойнага қарадим ва қиёфам анча ёришганини ва ёшарганини кўрдим.

– Олдингизда турган сафар сени аллақачон ўзгартириб юборипти, – деди устоз мен ҳузурига хайрлашгани кирганимда.

– Ваҳоланки, сафар ҳали бошлангани ҳам йўқ.

– Ҳа, тўғри, – дедим мен секингина.

– Бу менинг қирқ қоидамдан бири: «Ишқ излаш инсонни ўзгартиради. Бу йўлда киши балоғатга етмай қолмайди. Ишқ излаш бошлаган онданоқ у ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам ўзгара бошлайди».

Бобо Замон билинар-билинмас жилмайиб қўйди-да, бахмал қопланган қутичани олиб менга узатди.

Унинг ичида кумуш гардишли кўзгу, ипак дастрўмол ва мушки анбар солинган шиша идиш бор эди.


– Сафарда бу нарсалар сенга ёрдам беради. Ўрни келганида улардан фойдаланасан. Агар қатъиятингни йўқотиб қўйсанг, ойнага қара, у сенга қатъиятни қайтаради. Агар ташқи қиёфангга зарар етса, дастрўмолнинг фойдаси тегади: у сенга қалбинг софлигини эслатади.

Мушк анбарга келганда, у сенинг ҳам ички, ҳам ташқи жароҳатларингни шифолайди.

Мен бу учала нарсани меҳр билан силаб қўйдим, қутини ёпдим ва Бобо Замонга ташаккур айтдим. Бошқа гаплашадиган гап қолмаган эди.

Қуёшнинг биринчи нурлари етиб келиши биланоқ қушлар сайрай бошлаган ва дарахт навдаларидаги шудринг доначалари осилиб қолган маҳал мен отни эгарладим ва мени нима кутаётганидан бехабар, аммо Раббим тақдим этган тақдиримга ишонган ҳолда, Конья сари йўл олдим.

Элла

2008 йил, 24 май, Нортгемптон.

Бегим кунлари ҳам, байрам кунлари ҳам оиланинг биргаликда тановул қиладиган асосий вақти нонушта ҳисобланарди. Бунга чин кўнгилдан ишонган Элла ҳар куни эрталаб, шанба ва якшанбаларда ҳам энг аввал ошхонага кирарди. Нонушта яхши бўлса, бутун кун яхши ўтади, деб ўйлар эди у. Аёллар журналларида болалар ва ота-оналар уйдан ўз ҳолларича, ярим оч, ярим тўқ чиқиб кетаверадиган оилалардагига нисбатан ҳамиша биргаликда нонушта қиладиган оилаларда ҳамжиҳатлик ва уйғунлик кучлироқ бўлиши ҳақида ёзадилар. Бундан ташқари унинг тажрибаси бошқа нарсани ҳам кўрсатар эди: ҳамма ҳар хил таомни истайди, бу эса нонуштанинг одамларни ҳамжиҳат қилиши ҳақидаги тасаввурларга зид келади. Бири (Жанет) жем сурилган нон чайнаса, бошқаси (Ави) асал билан янчилган бодроқ чайнаса, учинчиси (Дэвид) омлет пишишини кутиб ўтирса, тўртинчиси ҳеч нима ейишни истамаса, бу қандай ҳамжиҳатлик бўлсин? Шунга қарамай нонуштадан муҳимроқ ҳеч нима йўқ. Шунга асосланиб Элла ҳар куни нонушта тайёрлар эди.

Лекин ўша куни эрталаб Элла ошхонага кирди ва қаҳва тайёрлаш, апельсинларни арчиш ва нондан тостлар тайёрлаш ўрнига, энг аввал столга ўтириб, ноутбукни ёқди. Кейин Азиздан хат келганини текшириб кўриш учун Интернетга кирди ва хат келганини кўриб, хурсанд бўлиб кетди.

«Азизам Элла!

Қизингиз билан муносабатингиз тикланганини билиб, жуда хурсанд бўлдим. Мен эса кеча эрта тонгда Момостенанго қишлоғидан жўнаб кетдим. Бу ерда атиги бир неча кун турган бўлсам-да, кетар вақти келганида хомушлик, ҳаттоки чинакам дилсиёҳлик ҳис этдим.

Бу мўъжазгина Гватемала қишлоқчасини яна кўришим амримаҳол, деб ўйлайман.

Ҳар сафар бирон жойдан кетаётганимда, у ерга ўзимнинг бир қисмимни ташлаб кетаётгандай бўламан. Марко Поло каби саёҳатчи бўламизми ёки бешикдан то қабргача бир жойда яшаймизми, ҳаёт фақат тузилишу ўлишлардан иборат, менимча. Ёруғ дунёда пайдо бўлар онларимиз ва бошқа дунёга кетар онларимиз. Дунёда янги инсонлар пайдо бўлишлари учун қариялар кетмоқлари керак. Сиз бу ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Момостенангодалик вақтимда мен медитация қилдим ва Сизнинг аурангизни кўришга ҳаракат қилдим. Тез орада уч рангни кўрдим – сариқ, тўқроқ сарғиш

ва босиқроқ, металлга яқинроқ товланувчи қизғиш ранглар. Балки шу ранглар Сизникидир? Улар айрим ҳолда ҳам, биргаликда ҳам чиройли.

Гватемаладаги охирги тўхташ жойим Чахул бўлади – бу сомон сувоқли уйлари бор кичкина шаҳарча. У ерлик болаларнинг кўзлари худди ҳикмат назари билан боқа ётгандай кўринади. Барча оилаларнинг аёллари гобелен (деворга осиб қўйиладиган суратли гилам) тўқишади.

Мен бир кампирдан Нортгемптонда яшайдиган бир аёл учун битта гобелен танлаб беришни илтимос қилдим.

У бироз ўйланиб турди-да, катта голенлар тўплами ичидан биттасини олди. Қасам ичиб айтаманки, у ерда камида эллик хил гобелен бор эди. Унинг танлаб берган гобеленининг ранги сариқ, тўқроқ сарғиш ва қизғиш эди.

Агар Худо яратган бу оламда мос келиб қолишлар учраб турадиган ҳодиса десак, бу мос келиб қолиш нимадан экани Сизни қизиқтирса керак, деб ўйлайман.

Бизнинг ўзаро мактублар йўллашимиз ҳам мос келиб қолиш эмасмикин, деган савол хаёлингизга келмадими?

Сизга барча эзгуликларни тилаб

Азиз

Р.S. Айтмоқчи, гобеленни Сизга почта орқали


жўнатайми? Ёки бир финжон қаҳва ичиш


учун учрашгунимизгача кутасизми?»


Элла кўзларини юмди ва ўз аурасини тасаввур этишга ҳаракат қилди. У ўзи ўйламай қўйган кўп нарсалар ёдига тушиб кетди. Энг олдин кўз олдимда пистоқи-яшил фартук таққан ва қўлида ўлчов стаканини ушлаб турган онаси гавдаланди; унинг юзи жуда рангпар, ниқоб таққан каби жонсиз эди; кейин деворларда қоғоздан ясалган ялтироқ юракчалар ва уйни худди Янги йил кечасини ўзи билан безатишга уриниб, илгакка илингандай турган отам кўринди. Ўсмирлик вақтида онасини отасининг ўлимида айбдор ҳисоблагани эсига тушди.

Балоғатга етганида, турмушга чиқсам, онамдан фарқ қилиб, эримни бахтли қиламан ва ҳеч қачон бу аҳдимдан қайтмайман деб ўзига сўз берган эди. Турмуши онасиникига ўхшамаслиги учун ҳатто эрни ҳам христианлар орасидан эмас, ўз эътиқодидагилардан танлади.

Қари онасидан нафратланмайдиган бўлгунича кўп йиллар ўтди. Охирги йилларда ораларидаги муносабат яхши томонга ўзгарган бўлса ҳамки, онаси ҳақида ўйлаганларида қалбининг тубида нимадир бор эди, шундан юраги қисиларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 3.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации