Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"
Автор книги: Элиф Шафак
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 15 страниц)
Бизнинг динимиз – ишқ дини. Бизлар юрак занжирлари билан ўзаро боғланганмиз. Занжирнинг бир бўлаги узилса, унинг ўрнига бошқа жойда яна бир бўлак келади. Шамс Табризий вафот этганидан кейин бошқа жойда, бошқа ёшда, бошқа «Шамс» пайдо бўлади. Исмлар ўзгаради, одамлар келиб ва кетиб туришади, лекин моҳият ўшандайича қолади.
Элла
2009 йил, 7 сентябрь, Конья.
Уни ноодатий овозлар бирдан уйғотиб юборганида, унинг каравоти ёнига қўйилган креслода ухлаётган эди. Элла кўзларини очиб, қулоқ солди. Қоронғуда кимдир нотаниш сўзларни айтарди. У кўчада одамларни намозга чақиришаётганини (азон айтилаётганини) дарров илғамаган эди. Янги кун бошланмоқда эди. Лекин у бу кун нимагадир барҳам беришини ҳис этарди. Азонни биринчи марта эшитган ҳар қандай одамдан сўрасангиз, у ҳам айни шу гапни айтади. Бу чақириқ ҳам гўзал, ҳам сирли. Лекин унда одамда қандайдир қўрқув уйғотадиган алланима ҳам бор. Ишққа ўхшаш нимадир.
Элла шу овоздан титраб, уйғониб кетди. Қоронғуда бир неча бор кўзларини тез-тез қисиб, ниҳоят, бу овоз ташқаридан келаётганини англади. Элла ўзининг Массачусетсда эмаслигини дарров англай олмаган эди. У эри ва уч фарзанди билан яшаб келган кенггина уй бошқа ҳаётида – узоқ ва туманли ўтмишида – қолган эди, у гўё умуман бўлмагандай, ҳақиқий ҳаёти эмас, балки эртакдай бўлиб қолган эди.
Ҳа, бу ер Массачусетс эмас. У ҳозир заминнинг бошқа қисмида, Туркияда, Конья шаҳрининг шифохонасида эди. Ва ҳозир у бир текис нафас олишини эшитиб турган эркак унинг йигирма йиллик эри эмас, балки ўтган йилнинг серқуёш ёзида уни деб эридан қочиб кетган севгилиси эди.
«Наҳотки келажаги йўқ эркакни деб эрингни ташлаб кетсанг? – деб унга бир хил савол беришарди ҳамма дугоналари ва қўни-қўшнилари.
– Болалар нима бўлади? Улар сени кечиришармикин?» Элла стол устидаги кечки чироқни ёқди, унинг илиқ ва сарғиш ёруғида ўзи ухлаб қолган бир неча соат ичида ҳеч қандай ўзгариш бўлган-бўлмаганини билиш учун атрофга назар солди. У ўзи кўрган шифохоналар палаталари ичида энг кичкинаси эди; аслида у шифохона палаталарини унча кўп кўрмаган ҳам эди. Каравот хонанинг деярли ҳаммасини эгаллаган эди. Каравотдан ташқари хонада ёғоч шкаф, кичкина квадрат шаклидаги столча, стул, бўш ваза, турли дорилар солинган патнис, ёнида эса шу саёҳатга чиқишларидан олдин Азиз ўқиётган «Мен ва Румий» деган Шамснинг китоби ҳам бор эди.
Улар тўрт кун олдин Коньяга келишган эди ва биринчи кунларини оддий туристлардан ҳеч фарқ қилмай ўтказишган эди: ёдгорликлар, музейлар, археология қазилмаларини кўришди, миллий таомларни татиб кўришди ва ҳаммасини фотосуратга туширишди. Кечаги кунга қадар ҳаммаси яхши эди. Ресторанда овқатланаётган вақтларида бирдан Азиз йиқилди, уни ўша ердаги энг яқин шифохонага олиб боришга тўғри келди. Шундан буён Элла ундан нари кетмаc ва нимани кутаётганини ўзи билмагани ҳолда, гарчи умид бўлмаса ҳам, Ўзи жуда кеч туҳфа этган севгилисини ўзидан тортиб олаётган Худо билан қаттиқ баҳслаша-баҳслаша кутарди.
– Севгилим, ухлаяпсанми? – шивирлаб сўради Элла. У Азизни безовта қилишни истамасди, лекин у Эллага ҳушёр ҳолда керак эди. Жавоб бўлмади, фақат нафас мароми ўзгарди.
– Ухламаяпсанми? – қаттиқроқ шивирлаб яна сўради Элла.
– Ухламаяпман, – секин жавоб берди Азиз.
– Сен нимага ухламаяпсан?
– Эрталабки ибодат… – деди секин Элла, гўё бу билан ҳамма нарсани тушунтириш мумкиндай: унинг соғлиғи ёмонлашганини ҳам, ўзининг уни йўқотишдан қўрқаётганини ҳам, ўзининг телбаларча севгисини ҳам. Азиз каравотда Элладан кўз узмай ўтириб олди. Лампанинг енгил ёруғида оқ ёстиқлар фонида унинг чиройли юзи оппоқ оқариб турарди, шунга қарамай, унда қувват, ҳатто абадийлик намоён эди.
– Эрталабки ибодат бошқача, – шивирлади Азиз.
– Мусулмонлар ҳар куни адо этадиган беш вақт намоз орасида тонгги намоз энг асосийлиги ва энг самимийлигини биласанми?
– Нима учун?
– Чунки, менимча, одамнинг уйқуси бўлинади, бу эса унга ёқмайди. Биз ухлашни афзал кўрамиз. Шунинг учун эрталабки намозда бошқа намозларда бўлмаган «Ухлашдан ибодат афзал» деган сатр бор.
«Лекин, барибир, иккаламизга ҳам бироз ухлаган яхшироқмиди, – ўйлади Элла.
– Агар биз бирга ухлай олсак эди». У енгилгина, осуда уйқуни – ўзидаги оғриқни босадиган кўп йиллик буткул донг қотирадиган уйқуни орзу қилаётган эди.
Бирмунча вақтдан кейин азон тугади. Охирги сас тўхтагач, дунёга чидаб бўлмас жимжитлик чўкди. Улар бир йил бирга бўлишган эди. Бир йиллик ишқ. Бу вақтнинг катта қисмида Азиз саёҳат учун етарлича куч-қувватга эга бўлган эди, лекин кейинги икки ҳафта аҳволи ёмонлашди.
Элла унинг яна уйқуга кетаётганини кузатиб турди, унинг сокин ва жуда қадрли чеҳрасига термулди. Уни қўрқув қамраб олди. Оғир хўрсиниб, палатадан чиқди. Деворлари яшилга бўялган йўлаклардан юриб, қари ва ёш, эркак ва аёл ҳар турли одамлар тузалаётган ва вафот этаётган палаталар, бўлимлардан ўтиб, йўлак бўйлаб юриб кетди. Элла ўзига қизиқсиниб қараётганларни эътибор бермасликка ҳаракат қиларди, лекин оқиш сочлари ва мовий кўзлари унинг бегоналигини кўрсатиб турарди. У ҳеч қачон ўзини бунчалик ёт ҳис этмаган эди.
Бир неча дақиқадан кейин Элла шифохона боғида фонтан ёнида ўтирарди. Бу ерда фариштанинг кичик ҳайкалчаси бор эди ва сув остида бир нечта кумуш танга – кимларнингдир орзу-истаклари нишонаси бўлиб – йилтираб ётарди. Элла чўнтакларини кавлади, лекин алланималар ёзилган қоғозчалардан бошқа ҳеч нима топмади. У ёқ-бу ёққа қараб, яқин орада бир неча текис қора тошчаларга кўзи тушди. Улардан бирини олди ва кўзларини юмиб, орзусини, гарчи ушалмаслигини билса ҳамки, овоз чиқармай айтиб, тошни фонтанга отди. Тошча фонтан деворига урилди, четга, тўппа-тўғри фариштанинг тиззасига бориб тушди.
«Азиз шу ерда бўлганида эди, – хаёл қилди Элла, – бу бир ниманинг белгиси эканини билган бўлар эди». Ярим соатлардан кейин палатага қайтиб, у ерда шифокор ва ҳамшира борлигини кўрди. Азиз боши билан чойшабга ўраб қўйилган… У кетди… Азизни ўзининг севимли инсони Румий каби Коньяга дафн этишди. У бирон бир икир-чикирни унутмасликка ҳаракат қилиб, дафн маросимини ўтказишга эътибор қаратди. Эски қабристонда катта магнолия дарахти остида қабр учун жой топди. Кейин дафн маросимида най чалишга розилик берган сўфий машшоқларни излаб топди, Азизнинг барча мамлакатларидаги дўстларига, дафн маросимига таклиф этиб, электрон хабарлар ёзди. Элла узоқ мамлакатлардан, ҳаттоки Кейптаун, Санкт-Петербург, Муршидобад, Сан-Паулудан кўпчилик одамлар келганидан мамнун бўлди. Улар орасида Азизнинг фотограф ҳамкасблари, асранди фарзандлари, шунингдек, олимлар, журналистлар, ёзувчилар, раққослар, ҳайкалтарошлар, бизнесменлар, фермерлар, уй бекалари бор эди.
Маросим илиқ ва хушкайфиятлар билан ўтди, унда барча дин, мазҳаб вакиллари қатнашди. Улар, унинг ўз истагига биноан, маросимни байрам қилиб ўтказишди. Болалар беташвиш ўйинлар қилишди. Мексикалик шоир ўзларининг урфларига биноан ҳаммага «pan de los muertos» (ўлганлар учун нон деб аталган ейиладиган нарса) улашиб чиқди, Азизнинг шотландиялик дўсти эса ҳеч ким ўлимга қўрқиш керак бўлган ҳодиса, деб ҳисобламаслиги учун ҳамманинг устидан гул япроқларини сочиб чиқди. Маросимни кузатган кўзлари синовчан ва самимий табассумли шу ерлик қари букчайган чол бу маросимни, кўп асрлар аввал Коньяда Мавлоно учун ўтказилган дафн маросимини ҳисобга олмаганда, энг девонавор маросим деб айтди.
Дафн маросимидан кейин икки кун ўтгач, ниҳоят ёлғиз қолган Элла ёнидан ўтаётган оилавий жуфтликларни, унга нимадир тиқиштиришни истаган дўкондорлар ва кўчалардаги сотувчиларни кузатиб юриб шаҳарни айланди. Ҳамма одамлар кўзлари йиғидан қизариб кетган америкалик аёлга тикилиб қарашарди. У бу ерда бегона эди. Тўғриси, у ҳамма ёқда ҳам бегона эди.
Номерга қайтиб, отелдан чиқиш ва аэропортга йўл олишдан олдин Элла жакетини ечиб, шафтолиранг ангор жунидан тикилган свитерини кийди. Болалари орасида фақат биттасига, унинг ўз туйғуларига бўйсуниш истагини қўллаб-қувватлаган Жанетга телефон қилди. Орли билан Ави ҳамон у билан гаплашишни истамас эдилар.
– Ойи! Аҳволингиз қандай? – самимий жонкуярлик билан сўради Жанет. Элла гўё қизи уни кўриб тургандек жилмайди. Кейин зўрға эшитиладиган қилиб деди:
– Азиз вафот этди.
– Оҳ, ойижон, сиз билан ҳамдардман. Қисқа жимлик чўкди, ҳар иккиси ҳам яна нима дейиш кераклигини ўйлашарди. Жимликни Жанет бузди.
– Ойижон, уйга қайтасизми? Элла ўйга толди. Қизининг сўзларида айтилмаган саволлар бор эди: у ўзаро бир-бировларини айблаш ва хафалашувлар тугунига айланиб бўлган никоҳни бекор қилиш жараёнидан воз кечиб, Нортгемптонга, эрига қайтадими? У нима қилмоқчи? Унинг пули ҳам, иши ҳам йўқ эди. Лекин у инглиз тилидан дарс бериши, журналда ишлаши, ҳатто омади келса, албатта, бирон жойда яхши муҳаррир бўлиб кетиши ҳам мумкин. Элла бир зумгина кўзини юмиб, яқин орада ўзини шоду хуррам ва ўзига ишонган қиёфада бўла олишини тасаввур этди. Унинг ҳали шу вақтга қадар фақат ўз кучига ишониб яшашига тўғри келмаган эди, лекин, не ажабки, у ўзини ёлғиз қолган деб ҳис этмаётган эди.
– Қизалоғим, сени жуда соғиндим, – деди у. – Уканг ва синглингни ҳам соғиндим. Мени кўргани келасанми?
– Албатта, ойижон… биз борамиз… Лекин сиз нима қилмоқчисиз? Ростдан ҳам бу ерга қайтишни истамайсизми?
– Мен Амстердамга бораман, – жавоб қилди Элла.
– У ерда деразалари каналларга қараган кичик-кичик квартиралар ижарага берилади. Пулим бунга етади. Яна велосипедда учишни ўрганишим керак. Бошқасини ҳали билмайман… Режалаштиришни истамайман, азизам. Бир кун билан, ҳозирнинг ўзи билан яшамоқчиман. Кўрайлик-чи, нима бўлар экан? Бу Қоидалардан бири, агар тушунсанг?
– Ойи, бу қанақа қоида? Нима деяпсиз? Элла дераза ёнига келди ва ажабтовур тиниқ кўмкўк ложувард осмонга қаради.
– Бу қирқинчи қоида, – деди секин Элла. – «Ишқ бўлмаса, ҳаёт ҳам керак эмас. Ишқнинг қай хилини изласам экан – руҳийсиними ё жисмонийсиними, илоҳийсиними ёки дунёвийсиними, ғарбга хосиними ёки шарққа хосиними, деб ўзингдан сўрама… Ажратишлар яна бошқа ажратишларга олиб келади… Ишқнинг хос номи йўқ. У қандай бор бўлса, шундайича бор – оддий ва соф туйғу. Ишқ оби ҳаётдир. Ошиқлик эса олов. Олов сувга ошиқ бўлган чоғда бутун коинот буткул бошқача айлана бошлайди».
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.