Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"
Автор книги: Элиф Шафак
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 15 страниц)
Ўз ҳаётининг финал босқичини у «Сўфий» сўзидаги «и» ҳарфи билан атади. У бу босқични энг қийин босқич эканига иқрор бўлди, чунки у ўзини барча ички конфликтларни бошдан кечириб бўлган деб ўйлаган, ўзини руҳан етук ва мақсадига эришган инсон деб ҳисоблаганди.
– Сўфийлар ўлишдан олдин ўлишни ўрганадилар. Ва мен қадам-бақадам барча босқичлардан ўтиб келгандим. Кейин эса, ҳаммасини аниқлаб бўлдим, деб ўйлай бошлаганимда, йўқ ердан бир аёл пайдо бўлди. У менга ёзади, мен унга жавоб ёзаман. Ҳар битта электрон хатидан кейин, нафасимни ичимга ютиб, унинг хатини кутаман. Сўзлар қиммати ҳар қачонгидан баланд бўлиб кетди. Ҳамма нарса буткул бўм-бўш экранга айланди, мен унда ҳарфлар пайдо бўлишини интизор кутаман. Кейин бирдан бу аёлни яхшироқ билгим келаётганини англайман. У билан кўпроқ вақт бирга бўлгим келади. Менга бу ҳаёт камлик қилаяпти. Мен энди ўлимдан қўрқаётганимни ва мендаги қайсидир қисм шу вақтгача мен ҳурмат қилиб келган ва мен бош эгиб келган Худога қарши исён кўтармоқчи бўлаётганини англайман.
– Лекин ҳали вақтимиз бор… – деди Элла қайта тилга кириб.
– Шифокорлар ўн олти ой дейишган, – гарчи ўзини бепарво тутишга ҳаракат қилаётган эса-да, қатъий қилиб деди Азиз.
– Улар хато қилишлари мумкин. Тўғри айтган бўлишлари ҳам мумкин. Билмайман. Қулоқ сол, Элла, мен сенга фақат ҲОЗИРни таклиф эта оламан. Менда бори шу, холос. Аслида ҳаммада ҳам шундай, ҳамма ҳам кеча ҳам эмас, келажак ҳам эмас, фақат ҳозир бор. Биз шунчаки тасаввур этишни ёқтирамиз…
Элла ерга қаради ва худди тўғри ўтиришга кучи етмаётгандай букчайиб қолди. Ожизликка қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, лекин кучи етмади, йиғлаб юборди.
– Илтимос, йиғлама. Сен мен билан Амстердамга учиб кетишингни дунёдаги ҳамма нарсадан кўпроқ истайман. Мен сенга: «Юр, дунё кезайлик. Олис мамлакатларни кўрайлик, ҳар хил одамлар билан танишайлик ва биргаликда Раббимиз яратмишларидан завқланайлик» дегим келади.
– Бу менга ёқади, – табассум қилди Элла ва худди йиғламасин деб қўлига қўғирчоқ берилган болага ўхшаб кетди. Азизнинг қовоғи солинди, ойна томонга ўгирилиб олди.
– Мен эса қўрқаман. Мен ҳатто сенга тегинишга ҳам қўрқаман, бошқа нарсаларни эса қўяверасан. Мен ўз келажагим йўқ бўлатуриб, қандай қилиб сендан мен билан бирга бўлишингни, оилангни ташлашингни сўрай оламан?
Элла елкаларини қисди, лекин барибир деди:
– Тушкун бўлишнинг нима кераги бор? Ахир сен хасталикка қарши кураша оласан-ку! Сен мен учун шундай қилишинг керак. Биз учун.
– Нима учун курашишимиз керак экан? – эътироз қилди Азиз.
– Биз ҳамиша кураш ҳақида гапирамиз
– инфляцияга, ОИТСга, ракка, коррупцияга, терроризмга, ҳатто ортиқча килограммларга қарши кураш ҳақида…
– Мен сўфий эмасман, – деди бетоқатлик билан қандайдир хириллаган бегона овозда Элла.
Хаёлидан ўзини-ўзи ўлдириб, ҳаётдан кўз юмган отаси, ундан кейинги жудолик азоблари, агар вазият бошқача бўлганда ҳаёт қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги аччиқ ва надоматли ўйлар ғизиллаб ўтди.
– Сен сўфий эмаслигингни биламан, – истеҳзоли кулди Азиз.
– Бўлишинг керак ҳам эмас. Румий бўлсанг бас. Сендан фақат шуни сўрайман.
– Нимани назарда тутаяпсан?
– Яқинда мендан, сен ўзингни Шамс деб ҳисоблайсанми, деб сўраган эдинг. Эсингдами? Сен мени унга ўхшайсан, деган эдинг. Буни эшитишдан қанчалар бахтиёр бўлсам ҳамки, лекин мен Шамс эмасман. Ўйлашимча, у анча буюк бўлган. Лекин сен Румий бўла оласан. Агар ишқ сени ишғол этишига ва сени ўзгартиришига имкон берсанг – аввал ўз борлигинг билан, кейин эса йўқлигинг билан…
– Мен шоир эмасман, – деди Элла.
– Румий ҳам шоир эмас эди. Лекин кейин бўлди.
– Тушунмаяпсан. Худо ҳақи, мен оддий уй бекасиман, уч фарзанднинг онаси! – хитоб қилди Элла ва қийналиб тин олди.
– Аслиятимиз қандай бўлса, биз шундаймиз, – шивирлади Азиз.
– Ва биз ҳаммамиз ўзгарамиз. Бу бир саёҳат. Сен шу саёҳатни амалга ошира оласан. Агар жасоратли бўлсанг ва мен ҳам жасоратли бўлсам, биз ниҳоят Коньяга бора олардик. Мен ўша ерда ўлишни истайман.
Элла хўрсинди:
– Бас қил. Азиз Эллага узоқ қараб қолди, кейин ерга қаради. Юзида бошқа ифода пайдо бўлди, овозида эса бегоналик бор эди, бу овоз худди шамол учирган япроқ каби узоқдан келаётгандай эди.
– Шунингдек, Элла, – шошмасдан деди у, – сен уйга қайтишинг мумкин. Болаларинг олдига – уйингга бор. Ўзинг ҳал қил, севгилим. Сен қайси бирини танласанг ҳам, бу менинг туйғуларимга таъсир қилмайди. Мен сени ҳамма вақт яхши кўравераман.
Ичкиликбоз Сулаймон
1248 йил, март, Конья.
Ичкилик ичмайдиганлар ичувчилар бошқа қиладиган ишлари йўқлигидан, дангасаликдан ичишади, деб ҳисоблашади. Улар ҳеч нимани тушунишмайди! Қанча кўп ичсангиз, шунча оғирлашасиз, ўзингизни ҳаракатланишга мажбурлай олмайдиган бўлиб қоласиз. Биз бутун дунё юкини ўз елкаларимизда кўтарамиз. Қаттиқ ҳолдан тойган ва ҳамма нарсадан норозилик туйган ҳолда бошимни столга қўйиб, мудраб қолибман. Ўшанда унча нохуш бир туш кўрибман. Қандайдир нотаниш кўчаларда каттакон қора буқа мени ғазаб билан қувлаётганмиш. Ундан қочиб, бозорга кирибман, бозордаги дўконлар, пештахталар ошиб, савдо қилаётганларга уриниб-суриниб, ҳамманинг жаҳлини чиқариб чопаётганмишман. Чопаётиб қандайдир ўтиш жойига дуч келдим, ўзимни ўшанга урдим, лекин у боши берк кўча экан. У ерда мамонтнинг тухуми бор экан, жуда катта, уйдек келади. Тухум бирдан майдалана бошлади, ичидан бир хунук ҳўл қуш чиқипти. Мен боши берк кўчадан чиқиб кетмоқчи бўлибман, лекин шу тоб осмонда қушнинг онаси пайдо бўлипти, гўё жўжасининг исқиртлигига мени айбдор санаб, қараб турганмиш. Кейин у осмондан пастлай бошлапти ва менга ўткир тумшуғини тақапти… Шундан кейин уйғониб кетдим.
Кўзимни очиб, стол олдида ухлаб қолганимни тушундим. Оғзим худди занглаган михнинг таъмига ўхшаган мазадан тахир бўлиб кетипти, чанқаб, ўлай деб қолибман-у, лекин қимирлагим келмас эди. Бошимни кўтармаган ҳолда қовоқхонадаги шовқинга қулоқ тутганча, яна йўқликка чўкиб кетдим. Шу орада орқамда кимлардир баҳслашаётганини эшитдим; шовқин худди асалари инидан чиқадиган овозларга ўхшаб гоҳ яқинлашар, гоҳ узоқлашарди.
Ниҳоят бу қўшни столда баҳслашиб ўтирган одамларнинг овозлари эканини илғадим. Энди уларнинг юзига қарамоқчи бўлиб тургандим, қулоғимга «қатл этиш» деган овоз эшитилиб қолди.
Аввалига буни маст одамнинг алаҳлаши бўлса керак, деб ўйладим. Қовоқхонада нималарни эшитмайсан киши, кейин эса, ўрганиб кетилганидан кейин ҳамма нарсани ҳам жиддий қабул қилавермаслик кераклигини тушунасиз. Лекин қўшни столдагилар овозларидаги алланима мени ҳушёр тортиб, тузукроқ қулоқ солишга мажбур этди. Улар ҳазиллашмаётганларини ва гап Шамс Табризийни ўлдириш ҳақида кетаётганини тушунгач, чакагим узилай деб осилиб қолди. Улар чиқиб кетган заҳоти ўзимни ухлаётганга солишдан тўхтаб, столдан ирғиб турдим.
– Христос, бу ёққа кел! Келсанг-чи тезроқ! – бақирдим мен.
– Сенга яна нима керак? – сўради чопиб келган Христос. – Нимага бақирасан? Мен эса ҳеч нима дея олмадим. Ҳатто унга ҳам айта олмадим. Қовоқхонада ўтирганларнинг ҳаммаси менга шубҳали кўринарди. Бу Шамсга қарши уюштирилаётган суиқасд бўлса-чи? Йўқ, оғизни қулфлаб, кўзни каттароқ очиш керак.
– Шунчаки, ўзим! Қорним очди, – дедим. – Менга шўрвангдан олиб кел. Саримсоқдан кўпроқ сол. Ҳушимга келиб олай! Менинг кайфиятимдаги тез ўзгаришларга одатланиб қолган Христос менга ҳайрон қараб қўйди, ортиқча савол бермади. Бирпасдан кейин яхши қайнаган ва хушбўй товуқ шўрва олиб келди. Ва мен уни шошиб ича бошладим. Бироз ўзимга келиб олгач, Шамс Табризийни излаб топиш учун кўчага отилдим. Энг олдин Румийларникига бордим. Шамс у ерда йўқ экан. Кейин мачит, мадраса, чойхона, новвойхона, ҳаммомга бордим… Ҳунармандлар кўчасининг барча бурчакларига қириб чиқдим. Ҳатто мабодо тиши оғриб қолган бўлса, кирмадимикин деб лўлининг чайласига ҳам бош суқдим. Ҳаммаёқни изладим ва вақт ўтган сайин қўрқувим ортиб борди. Ваҳимага тушиб қолдим. Кеч қолдиммикан? Ўлдириб бўлишганмикин?
Бир неча соат шу зайлда юриб, энди қаёққа боришни билмай карвонсарой томонга бурилдим, юрагим алғов-далғов бўлиб ётарди. Шунда бирдан, худди мўъжиза рўй бергандай, эшикдан икки қадам нарида Шамсга дуч келдим.
– Ассалому алайкум, Сулаймон. Сен жуда банд кўринасан? – кулимсираб сўради Шамс.
– Худога шукур! Тирик экансан! – хитоб қилдим мен ва уни қучоқлаб олдим. Шамс қўлларимдан бўшаб олгач, менга ҳайрон қараб қолди:
– Тирикман, албатта! Ё арвоҳни кўрдим деб ўйладингми? Мен жилмайиб қўйдим. Бошим оғриётган эди, бошқа вақт бўлганда-ку, тезроқ чанқовбосди қилиш ва ташвишдан нари бўлиш учун икки кўза ичган бўлардим.
– Дўстим, нима бўлди? Тузукмисан? – хавотирланиб сўради Шамс. Мен зўрға ютиниб олдим. Мен суиқасд ҳақида айтсам, у ишонмаса-чи? Балки кайфи ошганидан шундай тушунган, деб ўйлар? Бу тўғри бўлиши ҳам мумкин. Ҳозир ўзим ҳам ўзимга ишонмас эдим.
– Сени ўлдирмоқчи бўлишаяпти, – дедим мен.
– Бу одамлар кимлигини билмайман, чунки уларнинг юзларини кўрмадим. Ухлаётгандим, биласан-ку… Лекин бу туш эмас эди. Яъни туш ҳам кўраётган эдим, лекин бу туш эмас эди. Мен маст эмас эдим. Атиги икки финжон, нима деган гап… Шамс қўлини елкамга қўйди:
– Хотиржам бўл, дўстим. Мен тушунаман.
– Тушунасан?
– Ҳа. Энди жойингга қайтиб боргин-да, мен ҳақимда бошқа ташвиш қилма.
– Йўқ, йўқ! Ҳеч қаёққа бормайман. Сен ҳам бормайсан, – қаршилик қилдим мен.
– Бу жиддий одамлар эди. Сен эҳтиёт бўлишинг зарур. Румийларникига борма. Сени энг олдин ўша ердан излашади. Шамс менинг ҳолатимга эътибор бермай, жим турарди.
– Менга қулоқ сол, дарвиш, менинг уйим кичкина, лекин агар истасанг меникида қанча тургинг келса, шунча туришинг мумкин.
– Мени ўйлаганинг учун катта раҳмат, – деди Шамс.
– Лекин ҳаммамиз ҳам Худонинг даргоҳидамиз. Қоидалардан бирида айтилишича: «Дунё ҳамма нарсаларнинг ҳамма нарсаларга боғлиқлиги қонунига бўйсунади. Эзгуликнинг ҳар бир томчиси, ёмонликнинг ҳар бир бўлаги – ҳамма-ҳаммаси ўзаро боғланган. Суиқасдлардан, алданишлардан, айёрликлардан кўрмаслик керак. Кимдир сенга қопқон қўяётган бўлса, билгинки, у Худонинг иродаси билан шундай қилаяпти. Энг зўр қопқонни Унинг Ўзи қўяди. Худонинг измисиз дарахтнинг япроғи ҳам қилт этмайди. Худога тўлиқ ишон. Нимаики содир бўлмасин, унинг изнисиз бўлмайди».
Шамс шу сўзларни айтиб менга кўзини қисиб қўйди ва хайрлашиб, менга қўл силкитди. Мен унинг лой кўчадан юриб, Румийларнинг уйи томон қадам ташлаб тез кетаётганини кузатиб қолдим. Менинг огоҳлантиришимга эътибор бермади ҳам.
Қотил
1248 йил, март, Конья.
Калтафаҳмлар! Овсарлар! Уларга мен билан бирга борманглар, деб айтгандим-а. Мен доим бир ўзим ишлайман, буюртмачилар ишимга аралашишини жуда ёмон кўраман. Лекин улар дарвишнинг ғайритабиий қуввати борлигини менга пеш қилиб, ўлганини ўз кўзимиз билан кўришимиз керак, деб туриб олишди.
– Майли, – дедим охири. – Лекин дарвишингизнинг ишини тугатмагунимча, нарида турасиз. Улар «хўп» дейишди. Энди улар учта бўлишди. Иккитасини мен олдин ҳам кўрган эдим, кейинги учрашганимизда эса яна биттаси уларга қўшилипти – у ҳам ўшалардай ёш ва асабий йигит экан. Учаласи ҳам юзларини қора рўмол билан беркитиб олишганди. Менга барибир эмасдай гўё!
Ярим кечадан кейин Румийларникига келдим. Тош девордан сакраб ўтиб, ҳовлига тушдим. Буталар орасига яшириндим. Буюртма берганлар Шамс Табризий ҳар куни таҳорат олишдан олдин ҳовлида муроқаба (медитация) қилиш одати борлигини айтишган эди. Мен фақат кутиб туришим керак эди.
Ҳаво одатдагидан совуқроқ, шамол ҳам бўлаётган эди. Қўлимда ушлаб турган қиличим оғир ва совуқ, сопидаги икки коратга сотиб олган маржон безаги қўлимга қаттиқ ботарди. Ҳар эҳтимолга қарши деб ханжар ва пичоқ ҳам олганман.
Ой оч ҳаворанг парда ичида. Узоқлардан тунги ҳайвонларнинг қичқириқлари ва увиллашлари эшитилади. Шамол эсиб димоғимга атиргулнинг ширин исини уфурди. Не ажабки, мен бундан ўзимни ёмон ҳис этдим. Бу ерга келишимдан олдин ҳам кайфиятим яхши эмас эди, энди эса жудаям ёмон бўлиб кетдим.
Ширин, хушбўй атиргулнинг орқасида турар эканман, қотиллик ҳақида унутишга ва узоқ ерларга қочиб кетишга бўлган хоҳишимни сира бостира олмасдим. Лекин берган ваъдамга содиқ қолдим. Шу алфозда қанча вақт ўтганини билмайман. Қовоқларим оғирлашган, нуқул эсноқ келади. Шамол кучайди, қандайдир номаълум сабабга кўра мен ўлдирган барча одамлар ҳақидаги қоронғу ва оғриқли хотиралар ёпирилиб кела бошлади. Ҳеч қачон бундай туйғуни бошдан кечирмагандим. Ҳеч қачон ўтмишни эслаганимда бунақа асабийлашмас эдим. Тўғри, менда ўқтин-ўқтин хаёлларга бериладиган кунлар бўлиб турарди, лекин асабийлашиш?.. Ўзимга далда бериш учун ҳуштак чала бошладим, лекин бу ёрдам бермади. Орқа эшикка қараб пичирладим: «Чиқақол, Шамс. Мени узоқ кутишга мажбур қилма. Ҳовлига чиқ». Лекин бирон овоз йўқ. Бирон ҳаракат йўқ. Ҳеч нима йўқ.
Тўсатдан майдалаб ёмғир томчилай бошлади. Мен турган жойдан девор ортидаги ерлар яхши кўриниб турарди. Тез орада кучли ёмғир ёға бошлади, кўчаларда сув дарё бўлди, мен суякларимгача ҳўл бўлдим.
– Лаънат бўлсин! – дедим чидамсизлик билан.
– Лаънат бўлсин! Лаънати! Мен энди қатлни бошқа кунга кўчирмоқчи бўлиб турган эдим ҳамки, шу он томлар ва йўлларга қаттиқ урилаётган ёмғир томчиларини босиб кетадиган кескин овоз эшитилиб қолди. Кимдир ҳовлига чиқди. Бу Шамс эди. У қўлида мойчироқ кўтарганча, мен томонга юриб келарди, у мен яширинган буталардан бир неча қадам нарида тўхтади.
– Гўзал кеча, – деди у.
Мен саросимага тушдим, ўзимни зўрға босиб, хўрсиндим. Наҳотки ёлғиз бўлса? Ким биландир гаплашаяптими? Ё ўзига-ўзи гапираяптими? Ёки мен уни ҳовлида кутаётганимни билдимикин? Лекин қандай қилиб мени билиши мумкин? Бу фикрлардан бошим ёрилай дерди. Кейин миямга яна бир даҳшат фикр келиб қолди: кучли шамол ва ёмғирга қарамасдан қўлидаги чироқ қандай қилиб ёниб турипти?! Шуни ўйлаган заҳотим этим жимирлаб кетди. Шамс ҳақида тарқалган ҳар хил гап-сўзларни эсладим. Одамлар уни сеҳр-жоду қилади; шунчаки ўз кийимидаги бир нечта ипни боғлаб, одамни ҳанграйдиган эшакка ёки кўршапалакка айлантириб қўйиши мумкин, дейишарди. Тўғриси, мен ҳеч қачон бу бемаъни гапларга ишонмаганман ва ишонишни истаган ҳам эмасман, лекин Шамснинг қўлидаги ўчмайдиган чироқни кўриб, бошимдан оёғимгача титроқ турди.
– Бир вақтлар Табризда устозим бор эди, – деди Шамс чироқни ерга қўяр экан. У менга «ҳамма нарсанинг вақту соати бор», деб ўргатган эди. Бу охирги қоидалардан бири. Бу қандай қоидалар бўлди? Бу қандай жумбоқ? Мен бу жумбоқни тез ечишим керак, ё яширинган жойимдан шартта чиқишим, ёки у менга орқасини ўгиришини кутиб туришим, лекин бу кейингиси бўлиши амримаҳол. Агар у менинг шундоққина ёнида эканимни билса, беркинишдан маъно йўқ. Агар билмаса, қандай чиқишни аниқ ҳисобга олиш керак.
Шу он ҳовли девори ортига яширинган уч кишининг сояларини илғадим. Улар мен нима учун дарвишни ўлдирмаётганимни тушуна олмаётган бўлсалар керак. – Ўттиз еттинчи сонли қоида, – гапида давом этарди Шамс.
– «Худо вақтни жуда аниқ ҳисоблайди. Унинг тартиботи шунчалар аниқки, ер юзидаги барча ҳодисалар айнан ўз вақту соатида содир бўлади. Бир дақиқа олдин ҳам, бир дақиқа кейин ҳам эмас. Соат ҳамма учун бирдай юради. Ҳар бир инсоннинг севгиси ва ўлими учун аниқ вақт ажратилган».
Шундагина у айнан мен билан гаплашаётгани менга етиб борди. У шу ерда турганимни билади. У буни менҳовлига кирмасимдан олдиноқ билган. Юрагим баланд овозда уриб кетди ва атрофимда ҳаво қолмагандай бўлди. Энди беркинишда маъно йўқ эди. Гавдамни тиклаб, буталар орасидан чиқдим. Ёмғир қандай бирдан бошланган бўлса, шундай бирдан тўхтади ва сукунат чўкди. Биз – қотил ва қурбон – юзма-юз турардик, вазиятнинг даҳшатига қарамасдан, ҳаммаёқ тинч ва табиий эди.
Мен қиличимни суғурдим ва қулочкашлаб урдим, лекин дарвиш кутилмаганда қилични осон қайтарди. Яна уришга чоғландим, лекин қандайдир шовқин эшитилди, қаёқдандир тўқмоқ ва найзалар билан қуролланган олтита эркак пайдо бўлди ва дарвишга ҳужум қила кетишди. Ҳаммаси аралаш-қуралаш, ерга думалашди, кейин яна ўринларидан туриб, ҳаммаси ҳар қаёққа урила бошлади. Мен буни ҳайрат ва ғазаб билан кузатиб турдим. Ҳеч қачон менга бировни ўлдиришга пул тўлаб, ўзлари ўлдираётганларининг гувоҳи бўлмагандим.
Бу уч ёш йигитнинг сурбетлигидан шунчалар жаҳлим чиқдики, ҳатто уларни яхшилаб дўппослаб, дарвишни қутқаришга ҳам тайёр эдим. Лекин шу вақт ҳужум қилаётганлардан бири жонҳолатда бақира бошлади:
– Ёрдамга! Шоқол Бош, тез! У бизни ўлдиради! Мен яшин тезлигида қиличимни отиб, ханжарни қинидан чиқардим ва уришаётганлар томонга отилдим. Етти киши дарвишни ерга босиб туришарди, мен ханжарни унинг юрагига урдим. Фақат биргина хириллаш отилиб чиқди, дарвиш ҳатто силкинмади ҳам.
Ҳаммамиз биргаликда ажабланарли даражадаги енгил жасадни кўтардик, олиб бориб қудуққа ташладик ва шалоплаш эшитилишини кутиб турдик.
Лекин ҳеч нима эшитилмади…
– Бу нимаси? – чидай олмай деди қотиллардан бири.
– У қудуқда эмасми?
– Қудуқда, қудуқда, – уни юпатишга уринди бошқа қотил.
– У бу ёққа чиқа олмайди-ку!
Ҳамма қўрқиб кетди. Мен ҳам.
– Балки у қудуқ деворидаги бирон илгакка илиниб қолгандир? – тахмин қилди учинчиси. Бу ҳақиқатга бироз яқинроқ эди. Бўлган ҳодисага бирон бир тушунтириш бўлиши керак-ку, ахир, гарчи қудуқ деворида ҳеч қачон ҳеч қандай илгак бўлмаслигини билсак ҳам, барибир, хурсанд, бир-биримизни қучоқлаб қўйдик.
Бир-биримизнинг кўзларимизга қарамасликка ҳаракат қилиб, қанча вақт ўша ерда турганимизни билмайман. Совуқ шамол ҳовлида жигарранг япроқларни учириб юрарди. Баланд осмондаги тўқ кўк зулмат чиқаётган қуёшга ўз ўрнини бўшатаётган чоғ эди. Биз ҳовлида узоқ қолган бўлсак керак, ҳар ҳолда орқа эшик очилиб, бўсағада одам кўринмагунича турдик. Мен уни дарҳол танидим. Бу Мавлоно эди.
– Бу ким?! – қичқирди у, овозида безовталик бор эди.
– Шу ердамисан, Шамс?
Дарвишнинг исмини эшитган заҳотимиз, еттовимиз тум-тарақай қочдик. Олти киши девор ошиб ғойиб бўлди, мен эса буталар орасидан ханжаримни ахтарардим. Мен бир он ҳам тўхтамаслик кераклигини билардим, лекин бир қайрилиб қарамасликдан ўзимни тия олмадим.
Румий ҳовлига чиқаётганини, кейин чапга, қудуқ томонга бурилганини кўрдим. У кўтарилиб, қудуққа қарай бошлади ва то кўзлари қоронғуликка ўргангунича бир неча дақиқа кутиб турди. Кейин у ердан сакраб тушди, тиззалаб ўтириб қолди, кўкракларига муштлаб кетди ва қулоқни тешгудек чинқирди:
– Улар уни ўлдиришипти! Улар менинг Шамсимни ўлдиришипти! Мен девор оша сакрадим, дарвишнинг қонига беланган ханжарни ҳам унутиб шундай чопдимки, умримда бунчалик чопмаганман.
Элла
2008 йил, август, Нортгемптон.
Августнинг муаттар ва қуёшли куни. Бошқа кунларига ўхшаш кун. Элла эрта уйғониб, эри ва болалари учун нонушта тайёрлади, ҳар бирини борадиган жойларига – кимнидир ишига, кимнидир шахмат ва теннис клубига – ўз вақтида етиб боришларини назорати остига олди, кейин ошхонага қайтиб, ошпазлик китобини очди ва оиланинг кундузги овқатлари нималар бўлишини танлашга киришди.
Исмалоқли ва қўзиқоринли пюре-шўрва. Горчица майонези билан тортиладиган чиғаноқлар. Устига эстрагонли сариқ ёғ қуйилган қоврилган гребешоклар. Клюквали сабзавот салати. Гуручли ва қирғичда майдаланган пишлоқли цукини. Ровочли ва ванил кремли очиқ пирог. Ярим кун Элла тўғраш, буғлаш, қовуриш ишлари билан машғул бўлди. Ҳаммасини тайёрлаб бўлгач, энг яхши идишларни олди. Ликоплар ва салфеткаларни қўйиб чиқди, столга гул қўйди. Кейин крутонларни қовурди, салатга Ави яхши кўрганидай ёғлиқ қаймоқдан кўпроқ қўшди. Шамлар ҳам ёқиб қўймоқчи эди, лекин кейин айниди. Шундоқ яхши деб ўйлади.
Шу ишлардан кейин Элла аввалроқ тайёрлаб қўйган жомадонини олди ва уйдан чиқди. Йўлда Шамс қоидаларидан бирини шивирларди.
Ўзингдан бир нарсани сўрашнинг асло кечи йўқ:
«Ҳаётимни ўзгартиришга тайёрманми? Ўзимни ўзгартиришга тайёрманми? Ҳаётнинг ҳатто бир куни олдингисига ўхшаса, бунинг асло яхши томони йўқ. Инсон ҳар он, ҳар нафас янгиланиши керак. Янги ҳаёт бошлашнинг фақат бир усули бор: ўлимдан олдин ўлиш».
Аловиддин
1248 йил, апрель, Конья.
Шамс ҳалок бўлгандан уч ҳафта кейингина мен ўзимда жасорат топиб отам билан гаплашгани бордим. У ёлғиз ўзи кутубхонасида ҳайкалдек қимирламай қотиб ўтирарди. Фақат юзида соялар ҳаракатланарди.
– Ота, сиз билан гаплашишимга изн берасизми? У худди хаёлот уммонидан сузиб чиқаётгандай, оҳиста кўзларини юқори кўтарди, лекин ҳеч нима демади.
– Ота, сиз мени Шамсни қатл этишда қатнашган, деб ўйлаётганингизни биламан, лекин ижозатингиз билан сизни ишонтириб… Отам бирдан гапимни бўлиб, бармоғини баланд кўтарди.
– Ўғлим, сен билан мени боғлайдиган сўзлар энди қуруқ маъносиз бўлиб қолди. Мен сени эшитишни истамайман, менинг ҳам сенга айтар сўзим йўқ, – деди у.
– Илтимос, ундай деманг. Тушунтиришимга изн беринг, – илтижо қилдим мен титроқ овозда.
– Худо ҳақи, мен бундай қилмадим. Мен бу ишни қилган одамларни биламан, лекин мен қилмаганман.
– Ўғлим, – яна гапимни бўлди отам, овозидаги қайғу ўрнини совуқ хотиржамлик олган эди, гўё у даҳшатли ҳақиқатни биладигандай эди.
– Сен мен қилмадим, деяпсан, лекинг енгинг ҳошиясидаги қон қаёқдан пайдо бўлди? Титраб кетдим ва беихтиёр кийимимга қарадим. Наҳотки рост бўлса? Наҳотки қон теккан бўлса? Мен ҳошияга, кейин иккала енгимга, қўлларим ва тирноқларимга қарадим. Ҳеч қандай қон йўқ эди. Бошимни кўтариб отамнинг кўзларига кўзим тушгач, билдимки, бу қопқон эди. Отам мени усталик билан қўлга туширди. Эҳтиётсизлик қилиб, ҳошияга қараб ўзимни фош қилиб қўйдим. Тўғри. Ўша куни мен қовоқхонага борганман. Шамснинг ҳар куни кечқурун муроқаба қилиш одати борлигини қотилга мен айтганман. Кейин мен Шамс қотил билан ёмғирда суҳбатлашаётганда девордан ошиб ўтганлар билан бирга эдим. Мен уларга деворнинг қайси жойидан ўтиш қулайлигини кўрсатдим. Ҳаммамиз қотилга ишониш мумкин эмас деган қарорга келдик. Бор гап шу. Лекин уни ўлдиришда мен қатнашмадим.
Шамсга биринчи бўлиб Бейбарс ҳужум қилди, кейин унга Иршод қўшилди, кейин қолганлар ҳам қўшилишди. Улар ҳеч нима қила олмай, ваҳимага тушганларидан кейин Шоқол Бош ишни ниҳоясига етказди.
Кейин мен буларнинг ҳаммасини шунча кўп эсладимки, энди аслида нима бўлди ва нимаси ўз тасаввурим маҳсули эканини ҳам билмай қолдим. Бир неча бор Шамс қўлимиздан чиқиб, қоронғулик қаърига сингиб кетди, бу шунчалик аниқ эдики, мен ҳатто бунга деярли ишонган эдим. Гарчи Шамс ҳозир йўқ бўлса-да, ҳамма ёқда унинг излари бор. Рақсу Само, шеърият, мусиқа – мен уларни у билан бирга йўқолади деб ўйлаган барча нарсалар ҳаётимизда ўрин эгаллаб бўлган экан. Отам шоирга айланди. Шамс ҳақ гапни айтган экан. Кўзалардан бири синдирилса, иккинчиси аввалгича қолмас экан. Отам ҳамиша меҳрибон. У нафақат мусулмонларга, балки барча дин вакилларига – христианларга, яҳудийларга ва ҳатто мажусийлар (бутпарастлар)га ҳам ҳурмат билан қарайди. Ҳаётига Шамс кириб келганидан кейин эса меҳр доираси шу даража кенгайдики, ҳатто жамиятнинг энг қуйқа қатлами бўлган фоҳишалар, ичкиликбозлар, гадойлар, жиноятчиларни ҳам қамраб олди.
У ҳатто Шамснинг қотилларини ҳам севиши мумкиндир. Фақат бир одамни севишга ўзини мажбур қила олмайди – ўз ўғлини.
Султон Валад
1248 йил, сентябрь, Конья.
Камбағал-ночорлар, ичкиликбозлар, фоҳишалар, етим-есирлар, ўғрилар… У олтин ва кумушларни уларга ва жиноятчиларга улашиб берди. Ўша даҳшатли кундан буён отам жуда ўзгарди. Дард-алам уни ақлдан оздирипти, деб ўйлаяпти ҳамма. Ундан, нима қилаяпсиз, деб сўраганларга арабларнинг подшоҳи Имр-ул-Қайс тарихини гапириб берарди. Айтишича, у жуда бой ва чиройли бўлган, бир куни буларнинг ҳаммасидан воз кечиб, дарвишлик кийимини кийиб, умрининг охиригача дарбадар дунё кезган. (Имру ал-Қайс асосан араб шеърий метрикаси асосчиси cифатида кенг танилган.)
– Инсон ўз севгилисини йўқотганида шундай бўлади, – дер эди отам. – Шоҳлик унинг учун чангга айланган, дарвишлик моҳияти эса юзага чиққан. Шамс йўқ, энди мен ҳам йўқман. Мен энди устоз ҳам эмасман, имом ҳам эмасман. Мен бўм-бўшман, бўшлиқман. Бу менинг ФАНОйим, БАҚОйим ҳам шу. (Тасаввуфда фано – ўлмай туриб ўлиш; бақо – фанога эришган инсон вужудан ўлгач эришиладиган абадият, Худо билан бирлик ҳолати.)
Бир куни уйимиз эшигини, айёрлиги афтидан шундоқ кўриниб турган, бир малласоч савдогар тақиллатди. У бир вақтлар Бағдодда Шамс Табризий билан танишганини айтди. Кейин овозини пасайтириб Шамсни Ҳиндистонда кўрганини, у, қайтиб келиш учун қулай фурсат кутиб, ҳинд ашрамлари (ибодатгоҳлари)дан бирида яшириниб, муроқаба қилиб юрганини айтиб, қасам ичди.
Бундан отамнинг эси батамом оғиб қолди. У савдогардан бу хушхабар учун нима исташини сўради, у уятсиз эса ўзининг ёш болалик вақтида дарвиш бўлишни истаганини, лекин ҳаёти бошқа йўлдан кетгач, энди Румийдек буюк зотдан ўз устидаги духоба тўнини эсдалик учун олиш истаги борлигини айтди. Отам буни эшитиб, дарҳол духоба тўнини ечиб, савдогарга узатди.
– Ота, нима учун қимматбаҳо тўнингизни бу лўттибозга ечиб бердингиз, ахир ҳар бир сўзининг ёлғонлиги шундоқ кўриниб турган эди-ку? – сўрадим мен малласоч савдогар кетган заҳоти. Шунда отам менга шундай жавоб қилди:
– Сенингча, бу тўн унинг ёлғони учун жуда қимматми? Йўқ, ўғлим, мен тўнни шу ёлғон учун бердим, агар рост айтса, жонимни берган бўлардим.
Румий
1260 йил, 31 октябрь, Конья.
Вақт чопқиллаб ўтиб бораркан, оғриқли ҳолат ўрнига ҳасрат келди, ҳасрат сукут билан ўрин алмашди, сукут эса ёлғизлик билан бирга қоп-қоронғу чексиз ва чуқур уммон. Бугун Шамс билан учрашган кунимизга ўн олти йил бўлди. Ҳар йили шу санада ёлғиз ўзим қолишга ҳаракат қиламан, ҳар сафарги ёлғизлик аввалгисидан оғирроқ бўлиб бормоқда. Қирқ кунни қирқ қоида ҳақида фикрлаб ўтказдим. Ҳаммасини эсимда сақлайман, миямда ҳамиша Шамс Табризий ҳақидаги хаёллар. Кутишга бошқа мажол қолмади. Қалб нури сўнди, буткул қоронғуликда қолганим яхшироқ, деб ўйладим. Лекин атрофда ҳаммаёқ зулмат ва кўзлар дунё учун юмилганда қалб учинчи кўзи очилди. Шунда одатдаги кўзлар ички кўз билан зиддиятда эканини тушунар экан киши. Одатдаги кўзимиз ишқ кўзидай аниқ ва ўткир кўра олмайди. Ҳасратдан кейинги давр бошланди, бошқа инсон пайдо бўлади. Бунда ҳаммаёқдан севган инсонингни излайсан, ҳеч қаёқдан топа олмаётгандай бўласан. Уни сув томчисида ҳам кўрасан, баланд тўлқинларда ҳам кўрасан, мусаффо тонгги сабода ҳам кўрасан; қум устидаги мажозий чизгиларда, қуёш нурида ялтираган кичик тошларда, янги туғилган чақалоқнинг жилмайишида ва вужудингда эркин айланувчи қонда ҳам кўрасан. Ҳамонки у ҳамма ёқда экан, Шамсни энди йўқ, дейиш мумкинми? Ҳар кун, ҳар он ҳижрон ва хомушлик оғушида оҳиста айланар эканман, Шамсдан сира ажралмайман. Шамс қалбимга ҳамишаликка кўчиб ўтган. Мен шу ерда Шамснинг овозини асрайман. Бир вақтлар устоз ва мударрис бўлган мендан асар ҳам қолмаган. Ишқ барча одат ва машғулотларимни ютиб юборган. Менга энг қийин вақтда икки инсон далда бўлди – тўнғич ўғлим ва уста заргар, авлиё инсон Салоҳиддин. Ўзининг кичкинагина устахонасида тиллани болға билан ура-ура, мукаммал шаклга солаётганини кўриб, овозини эшитиб турарканман, не ажабки, айланувчи дарвишлар рақсини эслайман. Салоҳиддиннинг ўз болғаси билан тақиллатиш мароми Шамс айтган муқаддас маром билан бир хил эканини ҳис этаман…
Шу орада тўнғич ўғлим Салоҳиддиннинг қизи Фотимага уйланди. Ҳамиша порлаб турадиган ва қизиқувчан бу қиз менга Кимёни эслатади. Мен уни Қуръон ўқишга ўргатдим. Секин-аста уни яхши кўриб қолдим ва у менинг ўнг кўзимдай бўлиб қолди, синглиси Қадрия эса чап кўзим бўлди. Бир вақтлар Кимёгинам қизлар ҳам ўғил болалар каби яхши шогирд бўлишлари мумкинлигини кўрсатиб, менга муҳим нарсани ўргатган эди. Мен қизлар учун дарвишлар рақсини ўргатадиган мактаб очдим ва сўфий опа-сингилларга шу анъанани давом эттиришларини маслаҳат бердим. «Маснавий» ларни айтиб туриб ёздираётганимга ҳам тўрт йил бўлди. Унинг биринчи мисраси эрта тонгда, қуёшнинг илк нурларини кузатиб турганимда келган эди. Шундан буён шеърий мисралар тилимдан ўзидан-ўзи ёғилади. Мен уларни ёзмайман. Дастлаб Салоҳиддин ёзиб борди. Ўғлим улардан нусха кўчирди. Улар туфайли шеърлар сақланиб қолди, чунки, тўғрисини айтсам, агар мендан уларни ёддан қайта айтишни сўрасалар, мен айта олмаган бўлардим. Насрийми ёки назмийми, сўзлар тўплами менга кутилмаганда келади, кейин эса кутилмаганда яна тўхтайди, улар гўё осмонда учиб ўтаётган қушлар кабидир.
Мен поэма ижод қилаётганимда, нима ҳақида бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунчам ҳам бўлмайди. Унинг ҳажми ҳам катта ёки қисқагина бўлиши мумкин. Лекин менда ҳеч қандай режа бўлмас эди. Уни тугатганимдан кейин яна хомуш бўлиб қоламан. Жимгина юравераман. Ва энди тахаллусларимдан бири «Хомуш» бўлди. Иккинчи тахаллусим – Шамс Табризий.
Вақт биз назорат этишга ва англаб етишга улгура олмайдиган даражада тез ўтмоқда. 1258 йил Бағдод мўғулларга таслим бўлди. Мустаҳкам истеҳкомлари ва гўзаллиги мағрур, ўзини дунёнинг маркази деб эълон қилган бу шаҳар енгилди. Ўша йили Салоҳиддин вафот этди. Мен ўз дарвишларим билан бирга кўчаларда чилдирма ва най садолари остида юриб, жуда яхши маросим ўтказдик. Биз уни қувноқ куй, рақслар билан кузатдик, зеро авлиёлар у дунёга шундай кетишлари жоиз. 1260 йилга келиб мўғулларнинг шашти пасайди. Мамлуклар уларни енгишди. Кечаги ғолиблар бугун мағлуб. Барча ғолиблар ўз ғалабаларини абадий деб ўйлашади. Барча мағлублар эса ўз мағлубиятлари абадий бўлишидан қўрқишади. Ҳар икки томон ҳам бир сабабга кўра ноҳақ. Худодан бошқа ҳамма нарса ўзгаради. Салоҳиддиннинг вафотидан кейин анчагина вояга етган ва руҳият йўлидан дадил одимлай бошлаган шогирдим Хусомиддин Чалабий шеърларимни қоғозга туширадиган бўлди. Маснавийни у қоғозга туширди. У камтар инсон. Агар ундан, кимсан, деб сўрасангиз, бир он ҳам иккиланмасдан «Мен Шамс Табризийнинг камтарин издошиман», деб жавоб беради.
Ҳаммамиз ҳам қирқ, эллик, олтмиш йилликларни босиб ўтдик, ҳар ўн йиллик ўтгач, ўзимизни мукаммалроқ, тўлиқроқ ҳис эта бордик. Гарчи бу йўл ниҳоясиз эса-да, юравериш керак. Коинот ҳамиша ва чарчамай ҳаракатланади, Ер ва Ой доим айланади, уларни ким ҳаракатланишга мажбур этади? Бу сир. Биз дарвишлар шуни тушунганимиз учун, ҳатто бошқалар биз нима қилаётганимизни ва нима учун қилаётганимизни тушунмасалар ҳам, ҳамиша рақсу само қиламиз.
Биз ҳеч нимага қарамасдан – оғриқларимиз ва қайғуларимизга, қувонч ва лаззатларимизга, тезлик ва секинликка қарамасдан, якка ёки кўпчилик бўлиб рақс тушаверамиз, зеро сув оқими шундай. Буюк уйғунлик бизга нима ишора қилса, шундай рақсга тушамиз. Ҳамма ёқ ўзгаришда, аммо доира ўзгармайди.Ўттиз тўққизинчи қоида: «Қисмлар ўзгарса ҳам, бутун ўзгармайди.
Бир ярамас инсон дунёдан ўтса, бошқа ярамаси дунёга келади. Бир яхши инсон дунёни тарк этса, ўрнига бошқа яхшиси келади. Шунинг учун нафақат ҳеч нима ўзгармасдан қолмайди, балки ҳеч нима чинакамига ўзгармайди ҳам. Бир сўфий вафот этса, қаердадир бошқа ерда бошқа сўфий дунёга келади».
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.