Текст книги "Ишққа оид 40 қоида"
Автор книги: Элиф Шафак
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 15 страниц)
Болалари ёнидалигида ҳаммасини одатдагидай қилиб кўрсатар эди, лекин Дэвид билан ёлғиз қолганларида Элла эрининг ўзига қизиқиш билан қараб турганини кўрарди. Назарида у қандай хотин ўз эрининг кечаси қаёқларда маишат қилиб юрганини сўрамаслиги мумкинлигини тушунишни истаётгандай эди.
Элла эса ўзини шунга жавобан хатти-ҳаракат қилишга мажбур қилиши мумкин бўлган ҳеч нарсани эшитишни истамас эди. Хатти-ҳаракат қилиш нима дегани ўзи?
Эрининг хулқи-атворини қанча кам ўйласа, эри ҳақида шунча кам фикрлар эди – ҳарқалай, унга шундай туюларди. Одамлар билимсизликни афзал кўрганлари бежиз эмас. Билмаслигинг – бахтинг.
Рубинштейнларнинг бир текисдаги ҳаёт оқими фақат бир марта бузилган эди. Бу Рождествода (Исо пайғамбарнинг туғилган кунига бағишланган байрам кунида), уларнинг почта қутисига маҳаллий меҳмонхонадан Дэвид учун йўлланган реклама муносабати билан бўлган эди. Унда мижоз ҳуқуқларини ҳимоялаш хизматидан мунтазам фойдаланувчи сифатида Дэвидга меҳмонхона хизмати ёққан ё ёқмаганини билиш исталган эди. Элла хатни барча алоқа қоғозлари устига қўйиб, столда қолдирди, ўша куни кечқурун эри хатни қандай олиши ва очишини кузатиб турди.
– Мижозларнинг фикрларини таҳлил этишаётган экан. Энди шу етмай турган эди, – деган эди Дэвид зўр бериб ўзини жилмаяётганга соларкан.
– Ўтган йили ўша ерда конференция ўтказилган эди. Улар конференциянинг барча қатнашчиларини ҳам ўз мижозлари рўйхатига қўшиб юборишганга ўхшайди.
Элла эрига ишонди. Ҳар ҳолда масаланинг оилани сақлаб қолиш ва ўз ҳаётида ҳеч нимани ўзгартирмасликка оид қисмида. Бошқа қисми эса ишончсиз қолди.
Шу кейинги қисми Эллани меҳмонхона телефони номерини ахтариб топишга ва қўнғироқ қилиб, ўзи шундоқ ҳам биладиган жавобни эшитишга йўналтирди: на бу йил ва на ўтган йил меҳмонхонада стоматологлар конференцияси ўтказилмаган эди.
Элла ич-ичидан ўзини койир эди. Кейинги ўн йил мобайнида унинг ақлига ақл қўшилмади ва лекин вазнига вазн қўшиларди. Ортган ҳар бир фунт баробарида ўзидаги ишқий ҳаёт интенсивлиги ҳам камая борди. Гарчи пазандачилик курсларида ўзидан кўпроқ ва яхшироқ овқат тайёрлайдиган, ўзидан икки баравар озғин аёллар ҳам қатнашиб келаётган бўлишса ҳамки, бу курслар ҳам бу борада янги қийинчиликлар туғдирди.
Ўтмишига назар соларкан, Элла ўзини ҳамиша интизом доирасида тутиб келганини англарди. Ҳеч қачон ўғил болалар билан наша чекмаган, ҳеч қачон уни барлардан ҳайдаб чиқаришмаган; ҳеч қачон жанжал-тўполон қилмаган, онасини алдамаган, ўсмирлигида йигитлар билан ўпишмаган эди. Атрофидаги барча қизлар абортлар қилдиришганида ёки бола туғиб, уни аллақаёқларга топшириб юришганида, буларнинг ҳаммасини худди телевизорда Эфиопиядаги очликка тааллуқли дастурни томоша қилаётгандай кузатди.
Бу ишлар Эллани хафа қилар эди, лекин шу бахтсиз инсонлар билан бир дунёда яшаётгани ҳақидаги фикр унинг хаёлига асло келмас эди.
Ҳатто ўсмирлик ёшида ҳам Элла ўтиришларга бормас эди. У нотаниш одамлар билан олди-қочди гаплар қилиб, ҳазиллашиб юриш ўрнига яхши китоб билан уйда ўтиришни афзал кўрарди.
– Элладан ибрат олсанг бўлмайдими? – дейишар эди оналар қизларига.
– Қарагин, у сира ҳам ҳеч қандай мушкул аҳволга тушмаган.
Оналари Эллани ибрат қилиб кўрсатсалар, болалари, аксинча, уни бефаросат деб ҳисоблашар эди. Бир куни бирга ўқийдиган синфдоши унга:
– Сенинг айбинг нималигини биласанми? Сен ҳаддан ортиқ жиддийсан. Сен билан ўлгудай зерикиб кетади одам, – деган эди.
Элла унинг гапини диққат билан эшитган ва бу ҳақида ўйлаб кўришини айтган эди.
Шундан буён кўп йиллар ўтган бўлса ҳамки, унинг ҳатто соч турмаги ҳам ўзгармаган эди – асал рангидаги узун ва тўғри сочларини ё елкаларига тушириб
юрарди, ёки бир тутам қилиб боғлаб қўярди. Лабларига бироз ранг беришини ва қовоқларини, қизининг айтишича, кўзларининг кўклигини бўрттириш ўрнига, яширадиган қилиб яшил қалам билан бироз бўяшини ҳисобга олмаганда, пардозга ҳам унча қизиқмас эди.
Умуман олганда, Элла ўзида нималардир етишмаслигини тусмол қилар эди. Гоҳо ўз гапида қаттиқ турадиган ва беандиша бўлиб кетиши мумкин эди (масалан, Жанетнинг никоҳ борасидаги режаларига муносабатида), гоҳо эса жуда пассив ва юввош эди (масалан, эрининг хулқу атворига муносабатида). Гўё иккита Элла бордай эди: бири ўз атрофидагиларни қаттиқ назорат қилар эди, иккинчиси уларга сўзсиз бўйсунар эди. Ва афсуски! Улардан қай бири қачон амал қилишини айтиб бера олмас эди.
Лекин буларнинг ҳаммасини кузатиб юрадиган ва ўз вақту соатини кутаётган учинчи Элла ҳам бор эди.
Айни мана шу Элла ўзининг буткул соқов ҳолатида қолиб кетгани, аммо ўзининг деярли бўғиб ташланган бу «мен» и ортида ғазаб ва исён тўлқини кўтарилаётгани ҳақида гапирар эди. Агар ишлар шу зайлда кетса, огоҳлантирар эди учинчи Элла, у, албатта, портлайди.
Ва бошқа ҳеч нима қилиб бўлмайдиган бўлади.
Майнинг сўнгги кунлари шулар ҳақида ўйларкан, Элла қачонлардан буён қилмай қўйган ишини қилди.
Дуо ўқий бошлади. Худодан ўзини буткул қамраб оладиган Ишқ насиб этишини ёки Ишқсизликдан азоб чекмаслиги учун ҳамма нарсага бефарқ қилиб қўйишини илтижо қилиб сўради.
– Ўтиниб сўрайман, қай бирини раво кўрсанг, шунисини қил, фақат тезроқ қил, – у бироз ўйлаб турди-да,
яна қўшимча қилди. – Балки мен аллақачон қирққа тўлганимни унутган бўлсанг керак. Ва Ўзинг кўриб турибсанки, мен бу ишни сира уддалай олмаяпман
Чўл атиргули, фоҳиша
1244 йил, 17 октябрь, Конья.
Тор кўча бўйлаб ортга қарашдан ҳам қўрққанча, бор кучим билан чопдим. Бозорга етганимда ўпкаларим оловдек ёнарди. Ҳушимдан кетаёзиб, деворга суяндим. Шундагина атрофга қарашга жасорат топдим.
Ҳайрат ва қувонч билан изимдан фақат битта одам чопиб келаётганини кўрдим. Бу Сезам эди. Нафаси бўғилган, жаҳли чиққан ва нима учун менинг Конья кўчалари бўйлаб бундай телбаларча чопганимни сўрай ҳам олмасдан, ҳолсиз қўлларини осилтирганча ёнимда тўхтади.
Ҳаммаси шунчалик тез бўлган эдики, мен фақат бозорга етиб келганимдан кейингина, бу қандай бўлганини тушуниб етдим. Масжидда дунёдаги ҳамма нарсани унутиб, Румийнинг ҳикматларга тўла хутбасини эшитиб ўтирган эдим. Шундай ўтирган эканманки, ёнгинамда ўтирган ёш йигитча менинг юзимни ўраб турган матонинг учини тасодифан босиб олганига ҳам эътибор қилмабман. Мен буни сезиб улгурмасимдан саллам ён томонга оғиб кетиб, юзим ва сочларим очилиб қолган эди. Дарҳол матони тортиб, салламни тўғрилаб, ҳеч ким ҳеч нима пайқаб қолмаганига ишонч ҳосил қилиб ваъзни эшитишда давом этдим. Лекин шу заҳоти биринчи қатордаги бир киши иржайиб қараб турганига кўзим тушди. Юзи тўртбурчак, қиррабурун, оғзи қулоғига етгудек бўлиб кулиб турарди. Бу Бейбарс эди.
Бизнинг ишратхона мижозлари ичида энг ярамаси шу Бейбарс эди, қизлардан ҳеч бири у билан бирга бўлишни исташмас эди. Баъзи эркаклар фоҳишаларни ёқтириш билан бир вақтда, уларни қаттиқ хафа қилишни ҳам яхши кўришади. Бейбарс шундайлардан эди.
Ҳамиша беҳаё ҳазиллар қиларди. Бир марта қизлардан бирини шундай урган эдики, ҳатто пулни жуда яхши кўрадиган бекамиз ҳам уни ҳайдаб солган ва бошқа бу ернинг остонасига яқин келмасликни буюрган эди.
Лекин у бир эмас, яна кўп марта келаверган эди.
Бир неча ой шу тарзда қатнаган эди. Лекин кейин қандайдир номаълум сабабга кўра, ишратхонамизга келмай қолган ва биз у ҳақида бошқа ҳеч нима эшитмаган эдик. Ҳозир эса соқол ўстирипти, энг биринчи қаторда ҳақиқий мусулмон қиёфасида ўтирипти, фақат кўзлари аввалгидай жирканч йилтирар эди.
Мен дарҳол юзимни ўгирдим, лекин кечиккан эдим. Бейбарс таниб қолди. Ўз ёнида ўтирган одамга пичирлаб нималардир деди, кейин иккиси ҳам менга қарашди. Ундан кейин мени яна кимгадир кўрсатишди ва масжиддаги ҳамма эркаклар бирин-кетин ўгирилиб, менга қарай бошлашди. Мен қип-қизариб кетаётганимни сездим. Қўрққанимдан юрагим тез урарди, лекин ўрнимдан қўзғала олмас эдим. Гўё атрофдагилардан мени яшира оладигандай ва балони даф эта оладигандай кўзларимни юмиб олдим. Кўзларимни очганимда Бейбарс ўтирганларни итар-ситар қилганча мен томонга келарди. Мен сапчиб эшик томон отилдим, лекин зич ўтирган эркаклар орасида бўлганим учун тез қоча олмасдим. Бейбарс эса мен томон сакраб яқинлашарди ва шунчалик яқин келиб қолдики, ҳатто нафасини ҳис этдим. Кейин у қўлимни маҳкам ушлади ва тишлари орасидан гапириб деди:
– Бу ерда фоҳиша нима қилаяпти? Сенда уят йўқ экан!
– Илтимос… илтимос, мени қўйиб юбор, – дея ғўлдирадим мен, лекин у эшитмади ҳам, менимча.
Шериги ҳам унга қўшилди. Кучли, қўрқинчли, такаббур, ўзининг ҳақлигига қаттиқ ишонган эркаклар ғазаб билан менга ҳақоратлар ёғдира кетишди. Бошқа
ён атрофдагилар ҳам шовқинга ўгирилиб қарай бошлашди. Бир неча одам буларни тартибга чақиришга уриниб кўришди, лекин ҳеч ким уларга қулоқ солмади.
Мени ташқарига судраб чиқишаётганларида ҳеч қандай қаршилик кўрсатмадим. Кўчага чиққанда атиги бир дақиқа, агар энг ёмон нарса бошланса, Сезам қочишимга ёрдам беради деган умид милтиллади. Лекин масжид ичида ваъзчига ҳурмат юзасидан ўзларини тийиб турган ва мени урмаган одамлар кўчада ўзларини бемалол қўя олишларини англадим.
Ҳаётимда кўп ишларни бошдан кечирганман, лекин ҳеч қачон бунчалик ночор аҳволга тушмаган эдим.
Жуда узоқ йиллар шубҳа-гумонлар остида юриб биринчи марта Худо сари биринчи қадамни қўйсам-у, Унинг жавоби шу бўлдими? Мени даргоҳидан қувиб чиқарди!
– У ёққа бормаслигим керак экан, – дедим Сезамга ва ўз овозимни ўзим танимай қолдим.
– Ҳа, улар ҳам ўзларича ҳақли. Масжидда ҳам, Унинг бошқа даргоҳларида ҳам фоҳишага нима бор?!
– Ундай дема!
Буни ким айтганини билиш учун ўгирилдим ва кўзларимга ишонмадим. Бу ўша бесоқол дарбадар дарвиш эди. Сезам уни қайта кўриб турганидан жуда хурсанд, оғзи қулоғида куларди. Мен унинг қўлларини ўпиш учун интилдим, лекин у мени тўхтатди:
– Ундай қилма, илтимос.
– Лекин миннатдорлигимни қандай изҳор этай?
Мени ўлимдан сақлаб қолдингиз.
У бефарқларча елкаларини қисди.
– Сен мендан ҳеч нима қарздор эмассан, – деди дарвиш.
– Биз фақатгина Унинг олдида ҳаммаси учун қарздормиз.
У менга ўзини Шамс Табризий дея таништирди, кейин ғалати нарсаларни гапириб кетди:
– Баъзи инсонлар ажойиб аура (руҳий қувват ранги) билан туғилишади, лекин кейинчалик бу ранг хиралашади. Менимча, сен ҳам шундайлардансан. Бир вақтлар сенинг ауранг сариқ ва пуштиранг холли оқ лолагулникидан ҳам тиниқроқ бўлган, лекин бирмунча вақтдан кейин у ўзгарган. Энди унинг ранги оч жигарранг бўлиб қолган. Наҳотки олдинги ҳолатингга қайтишни истамасанг?
Мен нима дейишни билмай, унга қараб қолдим.
– Сенинг ауранг аввалги рангини йўқотган, чунки узоқ вақт мобайнида сенга ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам ифлос фоҳиша, деб қараб келишган.
– Мен ростдан ҳам ифлосман, – дедим лабларимни бир-бирига босиб. – Мен қандай йўл билан тирикчилик қилишимни билмайсизми?
– Қулоқ сол, бир нарсани ҳикоя қилиб берай, – деди Шамс.
Бир куни фоҳиша дайди итнинг ёнидан ўтиб кетаётган экан. Ит бечора жазирамада чанқовдан қаттиқ азоб чекаётган экан. Фоҳиша яқин орадаги қудуққа бориб оёғидаги кавушини ечиб, сув солиб итнинг чанқоғини қондирипти. Кейин ўз йўлидан кетипти. Эртаси куни
у сўфийни учратипти, у буюк донишманд экан. У аёлнинг қўлини ўпипти. Аёл ҳайрон бўлипти. Сўфий аёлдаги итга бўлган раҳмдиллик чин қалбдан бўлганини ва бу унинг барча гуноҳларидан кучли эканини ва уларнинг барчасини ўша заҳоти ювиб юборганини айтипти.
Мен Шамснинг нима ҳақида гапираётганини тушуниб турардим, лекин негадир унга ишонмас эдим.
– Мен ҳатто Коньядаги барча итларнинг қорнини тўйғазсам ҳам, гуноҳларимни ювиш учун етарли бўлмайди, – дедим мен.
– Сен буни била олмайсан, буни фақат Худо билади.
Нима, сени масжиддан ҳайдаб чиқарган эркакларни Худога ўзингдан кўра яқинроқ, деб ҳисоблайсанми?
– Агар улар Худога яқин бўлмасалар, – дедим мен ишонқирамай, – буни уларга ким айтади? Сенми?
Дарвиш бош чайқади:
– Йўқ, бу тўғри келмайди. Сен ўзинг уларга айтишинг керак.
– Улар мени эшитишади, деб ўйлайсанми? Улар мендан нафратланишади-ку!
– Улар эшитишади, – деди қатъий қилиб Шамс Табризий. – Чунки «мен» деган тушунча бўлмагани каби «улар» деган тушунча ҳам йўқ. Бутун олам, ундаги ҳамма нарсалар ўзаро боғланган. Биз – юзта ёки мингта ҳар хил мавжудотлар эмасмиз. Биз ҳаммамиз Бир бутунмиз.
Мен унинг ўз фикрини тушунтириб беришини кутиб турардим, лекин бунинг ўрнига деди:
– Қирқ қоиданинг биттаси шу. «Агар одамларнинг сенга муносабатлари ўзгарсин десанг, аввал ўзингнинг ўзингга муносабатингни ўзгартир. Ўзинг ўзингни чин қалбдан севишни ўрганмагунингча, сени ҳеч ким сева олмайди. Лекин бунга эришганингдан кейин ҳам одамлар сенга қарши отадиган барча тиканлардан миннатдор бўлишинг керак. Зеро, бу сенинг яқин орада атиргуллар ичига тушмоғингдан нишонадур». Дарвиш бироз вақт жим қолди. – Агар ўз қадрингни ўзинг билмасанг, бошқалар сенинг қадрингни қандай билсин?
Унга бир оғиз сўз айта олмадим, лекин мен фаҳмига ета олмаган бир нарсага маҳкам ёпишиб олган эдим. Мен билан бирга бўлган эркакларни эслаб кетдим – уларнинг ҳидларини, қўлларини, ўша вақт… қандай бақиришларини… Ювошгина йигитчаларнинг махлуққа айланиб кетишларини ва махлуққа ўхшаганларнинг ювош болаларга айланиб қолишларини кўрганман. Аёллар билан бирга бўлганида унга туфлайдиган бир эркакни ҳам эсладим.
– Ифлос, – деган эди у менинг юзимга туфлаб, – ифлос фоҳиша. Энди мана бу дарвиш менга баҳор жилғасидай мусаффолигимни уқтирмоқчи бўлаяпти. Бу худди аччиқ ҳазилга ўхшайди. Мен кулишга ҳаракат қилдим, лекин ҳўнграб йиғлаб юборишимга сал қолди.
– Ўтмиш – бу гирдоб. Агар унинг ҳозирни ўз соясида қолдиришига йўл қўйиб берсанг, у сени ўз тубига тортиб кетади, – деди Шамс худди менинг фикрларимни ўқигандай. – Вақт – бор-йўғи сароб. Сен ҳозирги дамда яшашни ўрганишинг керак. Фақат ҳозирги он аҳамиятга эга. Шу гапларни айта туриб у ички чўнтагидан ипак рўмол олди.
– Буни ол, – деди у. – Бағдодда бир яхши киши буни менга берган эди, лекин у мендан кўра сенга кўпроқ керак. У сенга юрагинг тозалигини ва қалбингда Худо борлигини эслатиб туради.
Шуларни айтгач, дарвиш ҳассасини қўлига олди ва кетиш учун ўрнидан турди.
– Лекин сен аввал фоҳишахонадан кетишинг зарур.
– Қандай қилиб? Қаёққа бораман.
– Бу муаммо эмас, – деди Шамс кўзлари чақнаб.
– Мен сенга кўрсатган йўл бехавотир. Сен бунинг ўрнига энг биринчи қўядиган қадаминг ҳақида ўйла. Энг қийини шу. Лекин биринчи қадамни қўйган заҳотинг қолгани ўз-ўзидан бўлади. Оқимда сузма, оқимнинг ўзи бўл.
Мен бош силкитдим. Шамсдан ҳеч нима сўраш керак эмас эди. Бу унинг навбатдаги қоидаси эканини тушунган эдим.
Ичкиликбоз Сулаймон
1244 йил, 17 октябрь, Конья.
Ҳазил-ҳузул ва майхўрлик қила-қила қовоқхонада ярим кечагача ўтирдим, кейин охирги қадаҳни кўтардим ва уйимга жўнадим.
– Мен нима деганим эсингда турсин, – деди хайрлаша туриб Христос, ортимдан қўл силкитиб қоларкан.
– Тилингга эҳтиёт бўл.
Мен ҳақимда қайғурадиган дўстим борлигидан ўзимни бахтиёр ҳис этиб, унга бош силкитдим. Лекин қоронғу, бўм-бўш кўчага чиқан заҳотим мени чарчоқ босди ва йўлга бир кўза май ола чиқмаганимга ачиндим.
Бошмоқларимнинг тош йўлга урилишидан эшитилаётган овозлар ҳамоҳанглигида Румий ортидан эргашган одамлар ҳақида хаёл сурардим. Уларнинг кўзларида ёнган нафратни эслаб даҳшатга тушардим. Мен дунёда ёмон кўрадиган фақат бир нарса бор, у ҳам бўлса риёкорлик эди. Узоқ йиллар мобайнида бу одамлар мени шунчалик ҳақоратлаб келдиларки, буни эслашнинг ўзидаёқ баданим жимирлаб кетади.
Мен буни эсламасликка ҳаракат қилиб борардим ва тор кўчага бурилдим. Шох-бутоқлари қалин ўсган дарахтлар туфайли бу ер яна ҳам қоронғуроқ эди. Боз устига ой ҳам тўсатдан булутлар ортига беркиниб, мени зим-зиё зулмат остида қолдирди. Тасодифан мен томонга келаётган икки қоровулни кўриб қолдим.
– Ассалому алайкум, – ғўлдирадим мен, вужудимни чулғаб олаётган қўрқувни беркитиш учун меъёрдан ортиқроқ хушчақчақлик билан.
Қоровуллар саломимга жавоб қайтаришмади. Бунинг ўрнига бемаҳалда кўчада нима қилиб юрганимни сўрашди.
– Кетаяпман, – чўзилиб дедим мен.
Биз узоқлардан фақат итларнинг вовуллашлари эшитилиб турган сокинликда бирга турардик. Қоровуллардан бири ҳидлаб кўрди.
– Ундан қўланса ҳид келяпти, – деди у нафрат билан.
– Ҳа, ундан шароб ҳиди анқияпти, – тасдиқлади унинг гапини иккинчиси. Мен агар бироз ҳазил қилсам ҳеч нима бўлмас деб ўйладим.
– Хавотир олманг. Бу ҳид мажозий, холос, чунки мусулмонларга фақат мажозий майни ичишга рухсат берилган, шунинг учун бу ҳид ҳам фақат мажозий.
– Бу нима деб валдираяпти? – тўнғиллади биринчи қоровул.
Шу пайт атрофни нафис оқ нури билан ёритиб ой булут ортидан чиқди. Энди унинг юзини кўрдим. Агар совуқ қараши ва ёқимсиз иржайиши бўлмаганида, уни хушрўй деса ҳам бўлар эди.
– Бемаҳалда кўчада нима қилиб юрибсан? – саволини такрорлади қоровул.
– Қаёқдан келаяпсан ва қаёққа кетаяпсан?
Бу ёғига мен чидай олмадим: – Ўғлим, сен мендан ҳаддан зиёд мураккаб нарсаларни сўраяпсан. Жавобини билганимда эди, бу оламда мавжудлигимиз сирларини очган бўлардим.
– Устимдан куляпсанми, ҳайвон? – бўкирди қоровул ва мен бирон нарсани фаҳмига етишга улгурмасимдан қамчиси билан ҳавони савалади.
Бу шунчаки хўжакўрсинга қилинган ҳаракат эди, шунинг учун ўзимни тутиб тура олмадим ва «ҳмм» деб юбордим. Шунда у қамчиси билан кўкрагимга туширди. Шундай кучли, дабдурустдан ва оғритиб урдики, натижада мен мувозанатни йўқотдим ва оёқда тура олмай қалқиб кетдим.
– Бу сенга одобдан сабоқ бўлади, – деди қоровул қамчисини бир қўлидан иккинчисига олиб ўйнатаркан, – ичкиликбозлик мусулмон учун энг катта гуноҳ эканини билмайсанми?
Бошим оғриқдан ёрилгудек оғриётган ва оғзимда ўз қонимнинг илиқ таъмини туйиб турган бўлсам-да, ўғлим тенги ёш йигит мени кўчанинг қоқ ўртасида савалаганига ишона олмай турардим.
– Ур, урақол мени, – бақиришга ҳаракат қилдим мен.
– Агар Худонинг жаннати сендақалар учун бўлса, унда мен дўзахда ёнганим яхшироқ!
Қоровулнинг ғазаби қайнаб мени савалай кетди.
Мен юзимни қўлларим билан тўсдим, лекин фойдаси бўлмади. Бир эски ашула эсимга тушиб қолиб, ёрилган лабларим билан хиргойи қила бошладим. Аҳволим қанчалар оғирлигини билдирмаслик учун ҳар сафар қамчи тушган сари овозимни янада баландлатиб ашула айтардим.
Бир бўса тортиқ эт, эй ёр, ишқи оташим, Лабинг шаробидан қуйгил, айлансин бошим.
Лекин бу қоровулнинг ғазабини фақат кучайтираётган эди. Қанча баланд овозда куйласам, у мени шунча қаттиқроқ урарди. Бир одам ичига шунча ғазаб жо бўлиши сира хаёлимга келмаган эди.
– Етади, Бейбарс! – қўрқиб кетган иккинчи қоровулнинг овозини эшитдим мен. – Тўхта!
Савалаш қандай тўсатдан бошланган бўлса, шундай тўсатдан тўхтади. Мен уларнинг кетидан нимадир айтишни истар эдим, лекин оғзим тўла қон бўлгани
учун бирон сўз айта олмадим. Қорним оғрирди ва нима бўлаётганимни тушунишга улгурмаёқ қайд қилиб юбордим.
– Сен тамом бўлган одамсан, – деди менга Бейбарс.
– Лекин мен қилган бу иш учун сен мени эмас, ўзингни айблашинг керак.
Қоровуллар менга орқаларини ўгиришди ва қоронғу томонга юриб кетишди.
Ерда қанча ётганимни билмайман. Балки икки дақиқа ўтгандир ё балки кечаси билан ётгандирман.
Вақтнинг маъноси, умуман, барча нарсаларнинг маъноси қолмаган эди. Мени қоронғуда қолдириб, Ой ҳам яна булутлар ортига беркинган эди. Мен ҳаёт билан ўлим орасида эдим ва энди менга ҳаммаси барибир эди.
Кейин карахтлик ҳолати ўтиб кетди ва қаттиқ оғриқ бошланди. Оғриқ тўлқин каби чайқалиб келарди, бошим гувилларди, бутун вужудим мисоли оловда ёнарди. Ва мен яраланган ҳайвон каби увиллаб юбордим.
Ҳушимдан кетдим, шекилли. Ўзимга келганимда, иштоним ҳўл ва ундан сийдик ҳиди анқирди. Бутун танам қаттиқ оғрирди. Худодан ё жонимни олишини, ёки май ичишга имкон беришини илтижо қила бошладим ва шунда яқинлашиб келаётган қадам товушларини эшитдим. Юрагим шошилинч уриб кетди. Бу ким бўлди? Кўчада юрган болаларданми?
Ўғрими? Ё қотилми? Аммо ўйлаб қолдим: Нимадан қўрқаяпман ўзи? Шу ҳолатимдан ёмони бўлмайди-ку ахир!
Қоронғуликдан баланд бўйли озғин бесоқол дарвиш чиқиб кела бошлади. Ёнимга чўкиб менинг ўтиришимга ёрдам берди. Ўзини Шамс Табризий эканини айтди ва менинг исмимни сўради.
– Коньялик Ичкиликбоз Сулаймон хизматингизда, – дедим мен, уриб синдирилган тишимни туфлаб ташлаб.
– Танишганимиздан хурсандман.
– Ҳамма ёғингиз қон, – деди Шамс юзимдаги қонни артаркан. – Қон фақат ташқарига эмас, ичкарига ҳам оқаяпти.
У шундай деб чўнтагидан кумуш сувдон олди.
– Яраларингизга суртинг. Бағдодлик бир яхши инсон менга берган эди, лекин ҳозир бу сизга мендан кўра кўпроқ керак. Лекин сиз ичкаридаги жароҳатларингиз ташқаридагиларга қараганда чуқурроқлигини ва кўпроқ азоб беришини билишингиз керак. Яна бу сизга Худо ичингизда эканини ҳам эслатиб туради.
– Раҳмат, – ғўлдирадим мен дарвишнинг яхшилигидан таъсирланиб кетиб. – Бу… қоровул… У мени савалади. У мени шунга лойиқсан деди.
Шу сўзларни айтар эканман, овозимда болаларга хос йиғлоқи мунг ва кимдир мени тинчлантириши ва овутишига бўлган кучли истак борлигидан ўзим лол қолдим.
Шамс Табризий бош чайқади:
– Уларнинг бундай қилишга ҳақлари йўқ эди. Ҳар бир инсон ўз авлиёлик йўлини ўзи танлайди. Шундай қоида бор: «Биз ҳаммамиз Унинг ўзидан нусха олиб ва ўзига монанд қилиб яратилганмиз, аммо шунинг билан бирга, ҳаммамиз ҳар турли қилиб ва бир-биримизга ўхшамайдиган қилиб яратилганмиз. Иккита бир хил одам йўқ. Иккиси бир маромда тепувчи юрак йўқ. Агар Худо барча одамлар бир хил бўлишини истаса, уларни бир хил қилиб яратган бўлар эди. Шунинг учун бошқа инсонларга ҳурматсизлик билан қараш ва уларга ўз фикрини мажбурлаб қабул қилдириш, Худонинг режасига ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишни билдиради».
– Ёқимли гап, – дедим овозим шунча тез қайта тикланганидан ҳайратга тушар эканман. – Наҳотки сўфийларда Худо борасида ҳеч қандай шубҳали масалалар бўлмаса?
Шамс жилмайди:
– Бор, албатта, лекин шубҳаларнинг борлиги ёмон эмас. Уларнинг борлиги инсон тириклигини ва ўз ҳақиқатини излаётганини англатади.
У деярли қироат билан худди китоб ўқиётгандай гапирарди.
– Боз устига инсон бир ондаёқ эътиқодли бўлиб қолмайди. У ўзини эътиқодли деб ўйлайди, кейин ҳаётида уни эътиқоддан қайтарадиган ҳодиса рўй бериб қолади, кейин яна эътиқодга қайтади, кейин уни яна йўқотади ва ҳ.к. Биз ҳаётни муайян даражада тушуниб етмагунимизча, иккиланиб юрамиз. Бошқачасига олдинга силжий олмаймиз. Лекин ҳар бир қадамимиз бизни Ҳақиқатга яқинлаштириб боради.
– Агар Христос сени эшитса, тилингга эҳтиёт бўл, деган бўларди, – дедим мен. – У ҳар гапни ҳаммага ҳам айтиб бўлавермайди, деб ҳисоблайди.
– Ҳа, майли, у ҳам ўзича ҳақли, – кулди Шамс ва ўрнидан турди. – Туринг, мен сизнинг уйингизга кузатиб қўяман. Ҳали жароҳатларингизга қараш керак, яна ухлаб олсангиз ҳам ортиқча бўлмайди.
У менинг туришимга ёрдам берди, лекин мен юра олмадим. Шундан кейин дарвиш ҳеч иккиланмасдан, худди ҳеч қандай оғирлиги йўқ нарсани кўтаргандай мени даст кўтариб, опичлаб олди.
– Сизни огоҳлантирай, мендан сассиқ ис анқияпти, – дедим мен уялганча ғўлдираб.
– Ҳечқиси йўқ, Сулаймон, хижолат бўлманг.
Дарвиш, қонга беланганимни, сийдик ва қусуқ ҳиди келаётганини гўё пайқамаётгандай, мени чуқур уйқуга чўмган Коньянинг уйлари ва кулбалари орасидан ўтган тор кўчалари бўйлаб кўтариб кетди. Фақат итлар боғларнинг деворлари ортидан зўр бериб вовуллашарди.
– Мени ҳамиша сўфийлар поэзиясидаги майга муносабат қизиқтирар эди, – дедим мен. – Сўфийлар майни реал маънода тушунадиларми ёки мажозий маънодами?
– Нима фарқи бор, дўстим? – сўради Шамс, уйимга етганда мени ерга қўяр экан.
– Буни тушунтирадиган ўз қоидаси бор: «Чин эътиқодли инсон майхонага кирса, майхона унинг учун ибодатхонага айланади, ичкиликбоз ибодатхонага кирса, ибодатхона майхонага айланади. Барча ишларимизда энг асосийси қалбдир.
Сўфийлар инсон ҳақида ташқи кўринишига қараб ҳукм чиқармайдилар. Сўфий кимнидир кўрмоқчи бўлса, кўзларини юмади, лекин учинчи – ичкарини кўрадиган – кўзини очади».
Бу узоқ кундан ва оғир тундан кейин уйда ёлғиз қолиб, содир бўлган ҳодисалар ҳақида ўйлаб кетдим.
Мен оғир аҳволда эдим, аммо қалбимнинг энг тубидаги бахтиёр сокинликни ҳис этардим. Бир дақиқа мен бу ҳолатни тутиб ололдим ва уни бошқа қўйиб юбормасликка аҳд қилдим. Мен Худо борлигини ва У мени яхши кўришини англадим.
Қизиғи шунда эдики, гарчи савалаб ташланган эсам-да, оғриқ азобини ортиқ ҳис этмас эдим.
Элла
2008 йил, 3 июнь, Нортгемптон.
Пляж томондан очиқ дераза орқали кириб келаётган ашула овозларига, уй ёнидан ўтаётган машиналар ва қуёшда тобланишга улгурган талабалар шовқинига беихтиёр қулоқ соларкан, беташвиш ёшларни кузатиш билан бирга Элла беихтиёр кейинги кунларда содир бўлган ҳодисаларни ҳам хаёлидан ўтказарди. Биринчидан, ити ошхонада ўлиб қолганини кўрди. Гарчи бунга тайёр туриши кераклигини ўзига кўп марта айтган эсада, у нафақат чинакам қайғуни бошдан кечирди – унда ўзининг ҳимоясизлиги ва ёлғизланиб қолгани туйғуси ҳам пайдо бўлди. Иккинчидан, Элла Орлида булемия касаллиги борлигини ва барча синфдошлари буни аллақачон билишларини билди. Элла бунинг учун ўзини шунчалар айбдор ҳис этардики, ҳатто кичик қизига яқин бўла олганидан ва ўзида оналик туйғуси борлигидан ҳам шубҳаланиб қолди. Айбдорлик ҳиссини-ку у биринчи марта туяётгани йўқ эди, аммо ўзининг оналик туйғусига шубҳа унда биринчи марта пайдо бўлиши эди.
Шу вақт ичида Элла Азиз 3. Захара билан жуда кўп электрон мактублар алмашишди. Баъзан бир кунда икки-учта, баъзан эса ҳатто бешта хат бўлиб кетар эди. Элла ҳамма нарса ҳақида ёзаверар эди ва шуниси ажабланарли эдики, у ҳам сира канда қилмай бетўхтов жавоб қайтарарди. Қаёқдан вақт топар экан? У Азиз билан хат ёзишувларга жуда тез ўрганиб қолди ва қулай вақт келди дегунча биринчи ўринда почтани текширарди – энг олдин эрталаб туриб, кейин нонуштадан кейин, кейин эрталабки сайрдан қайтгач ва ланч (иккинчи нонуштани) тайёрлай туриб ва ҳатто интернет-кафега бирровга кирганида ҳам. Ҳатто телевизор кўраётганида ҳам, пазандалик клубидаги машғулотлар вақтида ҳам, телефонда гаплашатуриб ҳам ёки эгизаклари суҳбатига қулоқ солиб туриб ҳам, ҳамиша ноутбукини тиззасида олиб ўтирар эди. Азиздан янги хат келмаган вақтларда Элла эскиларини қайта ўқир, навбатдаги янги хатни кўрган заҳоти эса ҳар сафар қувончини яшира олмас ва чеҳрасида уятчан табассум пайдо бўлар эди.
Бир текис, осуда кечаётган ҳаёт ўтмишда қолганини тушуниши учун Эллага унча кўп вақт керак бўлмади. Унинг ҳаётида сир пайдо бўлган эди. Ва бу унга ёқарди.
Азиз оз билан қаноатланадиганлардан эмас эди.
Қалб қонунларига бўйсунмайдиган, кунгабоқар қуёшга очилгани ва интилгани каби, ишқ учун очилмайдиган ва унга бўйсунмайдиганларни тирик одамлар ҳисобига қўшмас эди. (Тирик бўлмаганлар ҳисобига ўзи ҳам кириши мумкинлиги Элланинг хаёлига келмас эди.) Азиз об-ҳаво ҳақида ёки яқинда кўрган фильми ҳақида ёзмас эди. У анча муҳим нарсалар ҳақида: ҳаёт, ўлим ва албатта, ишқ ҳақида ёзарди. Элла ўз туйғуларини, айниқса, бегоналарга ошкор намоён этадиганлардан эмас эди, лекин жуда йиғилиб кетган ва оғриқли туйғуларини ниҳоят тўкиб солиши учун унга айнан бегона керак бўлгандир ҳам.
Гарчи уларнинг ёзишмаларида ёқтиришга ўхшаш нимадир бор бўлса ҳамки, Элланинг назарида, бу буткул беғубор нарса эди. Виртуал ишва бўлса нима қилипти?
Шу ёзишмалар баҳонасида Элла турмушга чиққач, буткул йўқотилган қадру қимматидан озгинаси бўлса ҳам қайтишини умид қиларди. Азиз, аёл киши ўзининг ўзига ҳурматини йўқотмаган ҳолда, севиш мумкин бўлган эркакка ўхшар эди. Балки у ҳам ўрта ёшли америка аёлида ўзини қизиқтирадиган ниманидир топгандир.
Кибермайдон айбдорлик ҳиссини туймасдан (бу Эллага маъқул эди, зеро у бусиз ҳам айбдорлик ҳиссини ҳаддан зиёд кўп туюб келган эди) ишва қилиш ва ҳеч қандай хавф-хатарсиз cаргузашт бошдан кечириш (ҳеч қандай саргузашт бошдан кечирмаган Элла буни жуда истар эди) имконини берар эди. Бу тақиқланган ва лекин бехатар мева эди.
Балки, эри бор, уч боланинг онаси бўлмиш аёлнинг номаълум кишига ёзаётган яширин хатларини шаккоклик деб ҳисоблаш мумкиндир ҳам. Аммо бу муносабатларнинг платонча (фақат хаёлий) табиатга эга эканини ҳисобга олинса, дея хулоса қиларди Элла, бу ширин шаккоклик эди.
Элла
2008 йил, 5 июнь, Нортгемптон.
Қадрли Азиз!
Хатларингиздан бирида киши ўз ҳаётини оқилона назорат қила олиши ғояси уммонда сузиб юрган балиқнинг шу уммонни назорат қилишга уриниши каби
бўлмағур (абсурд) ғоя, деб ёзган эдингиз. Мен Сизнинг «Кутганимиз амалга ошмаган ҳолларда ўзликни билиш ҳақидаги фикр умидларнинг пучга чиқиши ва ихлоснинг қайтиши оқибати бўлади» деган жумлангиз ҳақида кўп ўйладим.
Лекин тан олишим керак: менга ҳаётни назорат қилиш ёқади. Ҳар ҳолда, мени яхши билган одамлар мен ҳақимда шундай дейишади. Сўнгги вақтларга қадар мен жуда қаттиққўл она бўлиб келганман. Менинг қоидаларим кўп (ва улар агар ишонсангиз, сўфийларнинг қоидаларидай унча ёқимли эмас), уларда ҳеч кимга ён босиш ўқ. Бир куни катта қизим мени болалар ҳаётини кавлаштиришда ва ҳар бир фикрларидан ва истакларидан гуноҳ ахтаришимда айблади.
Эсингиздами, бир ашула бор эи. Мен уни ёқтирмас эдим. «Нима бўлади, нима бўлади?» – бу менинг йўлим эмас, чунки мен оқим бўйлаб суза олмайман. Биламан, Сиз диндорсиз, мен эса – йўқ. Гарчи бизнинг оиладагилар ҳаммамиз шанба кунлари байрам қилсак ҳамки, мен ҳатто ўзимнинг охирги марта қачон ибодат қилганимни ҳам эслай олмайман. Йўқ, эсладим. Икки кун олдин ошхонада ибодат қилган эдим. Аммо бу ҳисобга кирмайди, чунки у ибодатдан кўра шикоятга кўпроқ ўхшарди.
Анча илгари, коллежда ўқиётганимда, шарқ динларига жуда қизиқиб қолгандим ва буддизм, дзен-буддизм ҳақида кўп ўқигандим. Ҳатто ғаройиботлар шайдоси бўлган бир дугонам билан ҳиндларнинг ашрамида (диний-мистик таълим мактабида) бир ой яшаш режасини ҳам тузган эдик, лекин бу қизиқиш узоққа бормаган эди. Бу қанчалик қизиқарли кўринмасин, лекин ҳозирги ҳаёт нуқтаи назаридан қараганда уни қабул қилиб бўлмайди. Шундан буён мен бу борадаги фикримни ўзгартирмадим.
Менинг динга бўлган бу муносабатим Сизни хафа қилмайди, деб умид қиламан. Буни Сизга бефарқ бўлмаган инсоннинг шунчаки очиқ фикри деб қаранг.
Сизга самимият билан
Элла.
Азизам Элла!
Хатингиз менга Амстердамдалигимда, Малавига кетай деб турганимда етиб келди.
Менга ОИТС авжига чиққан ва болаларнинг асосий қисми етимлар бўлиб қолган қишлоқ аҳолиси фотосуратларини олиш топшириғини беришди. Агар бирон ҳодиса халал бермаса, тўрт кундан кейин қайтаман.
Кўрамиз.
Мен бу ҳолни назорат қила олармидим? Асло! Аммо эртагаёқ боғланиш бўлиши учун ўша ердан туриб Интернетга кириш йўлини ахтараман. Сўфийлар бешинчи элементни (унсурни, яъни борлиқ асосида ётувчи тўрт унсурдан – cув, ҳаво, олов ва тупроқдан кейинги унсурни) бўшлиқ деб атайдилар. Бу биз оддий одамлар учун тушунарсиз ва назорат қилиб бўлмайдиган муқаддас унсур, лекин биз уни ҳамиша англай оламиз. Агар «нофаоллик» деганда инсоннинг ҳаётда мутлақо ҳеч нима қилмаслиги ва ҳаётга жиддий интилмаслиги назарда тутилса, мен бундай «нофаол» лик ғоясига ишонмайман. Лекин мен бешинчи унсурга бўлган эътиқодга ишонаман.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.