Электронная библиотека » Фозил Тиловатов » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Қора қузғун"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 19:20


Автор книги: Фозил Тиловатов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

19

Гоҳ у иш билан, гоҳ бошқа бир юмуш билан Тошкентга қатнашга тўғри келарди. Кейинги пайтлари йўл азоби сезила бошлади: «Толиқиб қолаяпман, ҳалитдан!»

Жобирбек машинанинг орқа ўриндиғида, ёнидаги юмшоқ ёстиқчага ёнбошлаганча хаёл суриб борарди. Ташвишлар ҳам кўпайиб кетди. Тавба! «Катта йўлнинг катта бўлар муаммолари», деб тўғри айтишган экан. На уйда ҳаловат бор, на ишда тиним. Бир томондан муваффақиятларга эришиб завқланасан киши, бошқа бир томондан дилни хира қиладиган ишлар.

Айниқса, бир ой бурун сайловлар даврида Муҳтарам Калоновичдек одамнинг тарафдорлари тарқатган бўҳтон ақлга сиғмайди. Наҳотки, одам боласи бир-бирига шу қадар разиллик қила олса?! Айниқса, Муҳтарам Калоновичнинг сайловчилар билан бўлган учрашувда қандайдир уйдирма мактубни пеш қилиб, мени ёмон отлиқ қилмоқчи бўлгани шундай одамга муносиб иш бўлмади. Ҳалиям, сайловчиларимга раҳмат. Ким қаёққа юр деса, эргашиб кетадиганлардан эмас. Айниқса, анави ўқитувчи амаки созлади-да!

Жобирбек Сакинадан номаълум одамлар ёздириб олиб, ўқувчиларимиз учун анчадан буён нотаниш қолиб келаётган бир нусха Муҳтарам Калоновичнинг кабинетига келтириб пуллаган мактубни сайловчиларга ўқиб берилгач, мунозара учун минбарга чиққан кекса мактаб ўқитувчисининг сўзларини эслади.

– Мен адабиёт ўқитувчисиман, – дея ўзини таништирганди у. – Мавзу бериб, ўқувчиларимга иншо ёздираман. Текшираман. Баҳолайман! Энг яхшиларини кўпчиликка ўқиб бераман. Муҳтарам Калонович, мени кечиринг-у, қўлингиздаги мактуб сизнинг ўз ўқувчингизга ёздирган иншойингиз бўлса керак. Мавзуни ўзингиз берган бўлсангиз керак!..

Мажлис аҳлига айни шу гап керак бўлиб турган экан, гулдурос қарсак чалиб юборишди.

«Шундай чоғлари Гулчеҳра менга таянч бўладими десам, унинг муносабати тамоман тушунарсиз. Кейинги пайтлари болаларнинг ҳам юриш-туришлари ўзгарган. Гулчеҳра таъсир ўтказаяпти назаримда. Лекин, нега? Нима учун?» Айниқса, ўтган гал Тошкентдан қайтганидаги ҳолат уни тамоман лол қилди. Гулчеҳра унга қовоғини солиб салом бергани ҳолда, Шосалимга жилмайибгина «Яхшимисиз?» деди. Болалар-чи, дадам келдилар деб эмас, Шосалим амаким келдилар, деб кўчадан югуришиб киришганида, Жобирбекнинг ичидан бир нима «чирт» этиб узилгандек бўлди.

Жобирбек хаёлида кечган ёмон бир ўйдан сапчиб тушди. Бамайлихотир рул бошқариб бораётган Шосалимга шубҳали нигоҳ ташлади. Кейин ўз ишидан ўзи уялиб кетди: «Унда нима гуноҳ! У бечора ўз ишини қилаяпти. Гулчеҳрани янга деб ҳурмат қилиши, болаларимни амакидек яхши кўриши табиий-ку! Айб ўзимда, иш деб, отамнинг кўнглини юмшатаман деб оиламдан эътиборимни, меҳримни аяганга ўхшайман! Бунга чек қўяман, албатта!»

У рўзғори шундоққина кўз ўнгида эски девордек нураб бораётганини кўриб турарди. Фақат уни таъмирлашга, сақлаб қолишига ишонгани ҳолда ҳозирча вақт топмаётганди. Ҳозир ҳам қатъий бир қарорга кела олмади.

20

Гулчеҳра намунали оила фарзанди эди. Дилидагини ҳадеганда тилига чиқаравермасди. Ўзи билан ўзи куйиб, жизғанак бўлиб юраверарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Эрига дардини дастурхон қилиб ёзса, эътирозларини айтса бўларди. Гарчи, эрининг ишидан кўнгли дарз кетган, энди уни тиклаб бўлмаслиги кундек равшан бўлса ҳам тўлиб кетган юрагини бир оз бўшатиб олиши мумкин эди! Йўқ! У яна жим. Сўз демас: киноя-ю кесатиқларини, зардаю иддаоларини нигоҳларида жамлаб отгани-отган. Жобирбек эса бу каби сирли боқишлар тилсимини еча олмай хуноб эди.

Ўша нотаниш жувон қўнғироқ қилган кунлари сиқилиб юрган Гулчеҳра ота-онасини кўргани борди. Қанчалик яширмасин, онаси унинг руҳи тушган; ичида бир дард борлигини сезди.

– Рўзғоринг тинчми ўзи, қизим? – сўради она безовталаниб. Гулчеҳра шу жойда ўзини тутиб тура олмади. Бир неча кундан бери сассиз йиғлаётган юракнинг сирини кўзлари фош этиб қўйди! Онаси унинг дардларини тинглагач, қизини юпатди:

– Бу ҳар бир аёлнинг бошида бор қисмат! Эркак киши уйдан етти қадам узоқлашдими, бўйдоқ ҳисобланади. Шунга кўникишинг керак! Биз-ку, оддий одамлармиз, ҳатто пайғамбаримизнинг хонадонларида ҳам шундай можаро бўлган.

– Қандай можаро? – Гулчеҳра ажабланиб онасига боқди.

– Ҳазрати Алининг хотини Фотима онамиз биласан пайғамбаримизнинг қизлари бўлган. Эрлари устиларига хотин олмоқчи бўлганларида, ичларига бир қалтироқ кирибди. Бу ҳақда оналарига, оналари оталарига айтибдилар. Шунда пайғамбаримиз (с.а.в.): «қизинг чиқиб дарахтни қучсин, қалтироғи қолади», деган эканлар. Фотима онамиз, ўшанда бир улкан теракни қучган эканлар-у, қалтироғлари теракка ўтган, дейишади. Шунинг учун теракнинг барглари шамол бўлмаса ҳам шитирлаб тебраниб туради.

Ривоят Гулчеҳрага бир оз бўлса-да таскин берди. Онасининг сўзларидан тасалли топиб, уйга қайтди, хиёнатни кечирди ҳам. Лекин, эрига кўзи тушди, дегунча, унинг ўзга бир аёлга хотинининг ҳиссизлигини сўзлаб турган ҳолатини кўз олдига келтирар, ўз-ўзидан хомуш тортар, истамаса ҳам эридан жиркана бошларди: «Наҳотки, унита олмасам?» Бот-бот ўзига ана шу саволни берар, ахир бунақада бирга яшашдан маъно йўқку, дея даҳшатга тушарди. Сўнгра онаси сўзлаб берган бошқа бир ривоятни эсларди.

«Одам билан чўчқа дўстлашишибди. Чўчқа дўстини уйига меҳмонга чақирибди. Дастурхон ёзиб, топгантутганини олдига қўйибди. Кейин бир оз мақтов олиш илинжида, қандай, деб сўрабди.

– Ҳаммаси яхши, гап йўқ! – дебди одам. – Фақат, уйинг бир оз сассиқ экан.

Одамнинг нонкўрлигидан чўчқа жаҳлланибди. Зиёфат муштлашув билан тугаб, чўчқанинг боши ёрилибди. Дўстлик ришталари узилиб узоқ вақт юз кўрмас бўлиб кетишибди. Йиллар ўтиб алоқалар яна тикланибди. Энди одам уни уйига чорлабди. Меҳмон қилибди. Кейин хижолат ичра сўрабди:

– Дўстим, бир вақтлар бошингни ёриб қўйгандим. Жароҳатинг битиб кетдими?

– Жароҳат-ку, битиб кетди, аммо, – дея оғир хўрсинибди чўчқа, – уйинг сассиқ деганинг ҳеч эсимдан чиқмайди».

Гулчеҳра баъзан эрининг суратини қўлига олиб, «Азизим, нима қилиб қўйдингиз ахир? Хиёнатингизни кечирдим, аммо, – ўкириб-ўкириб йиғларди у: «Фуф, сассиқ, деганингизни унутолмайман, унута олмаяпман!»

21

Шосалим Жобирбекнинг яна бир сиридан воқиф ягона киши эди. Ўтган йили марказий газеталардан бирининг мухбири заводга келганди. Жобирбек билан суҳбатлашди. Нималарнидир ён дафтарчасига ёзиб олган бўлди. Мулоқот асносида, «ҳаммаёқни бетонлаштириб юборибсиз-ку, табиат қўйнига ҳам чиқиб турасизми?», деб сўради. Жобирбек бундай илмоқли гапларни тезда фаҳмларди. Дарҳол, тоғли Яккабоғ оромгоҳларидан бирида дастурхон тузашларини буюрди. Завод цехларини айланиб чиқишгач эса, мухбир қизни бир пиёла чойга таклиф этди.

Тоққа Шосалимнинг машинасида чиқишди. Зиёфат қизигандан қизиди. Даврада Жобирбек, мухбир ва Шосалимдан ташқари яна икки киши бор эди. Улардан бири қўрада шашлик пиширарди. Иккинчиси эса қозонда гўшт қовуриб турар, дастурхондаги таомларни янгилаш ва бошқа майда-чуйда юмушлар ҳам уларнинг зиммасида эди.

Шосалим ўртада ўтириб қадаҳларни тўлатар, гоҳ директорни мақтаб, гоҳ мухбирни алқаб «тост» сўзларди. Зиёфат авжида, каллалар ҳам қизиб, ўртага уят латифалар ҳам аралаша бошлади.

– Роса қизиб кетдим, – деди қиз, катта пиёлани Шосалимга узатиб. – Менга муздеккина сув беринг!

– Чалоп тайёрлаб бера қолай, иссиқнинг тафтини олади! – деди Шосалим, қизнинг жавобини ҳам олмай, чалоп тайёрлашга тутинаркан.

– Чалоп? У нима? – қизиқсинди қиз.

Шунда Жобирбек бир ичакузди латифа айтиб, барчани кулдирди.

Мухбир қиз ҳам латифанамо бу ҳикоядан қотиб-қотиб кулди. Қийқириқлар латифага, латифалар қадаҳларга уланиб кетди. Эртаси куни тонгда Жобирбек зилзамбил калласини кўтариб, ўзини илк бор нотаниш тўшакда кўрди. Бир неча кун ўзидан-ўзи жирканиб юрди. Бир икки ой ўтиб, ўша кўнгилсиз воқеани энди-энди унута бошлаганди, Тошкентдан мухбир қиз қўнғироқ қилиб қолди.

– Жобир ака, нима иш қилиб қўйдингиз? Мен сизга ишониб тоққа чиқиш ҳақидаги таклифингизни қабул қилгандим! – Қизнинг иддаоларидан Жобирбек ёмон бир иш қилиб қўйганини фаҳмлади. Аммо, ҳеч нимани эслай олмади. – Биламан, кайфингиз баланд эди, – нолишда давом этди қиз, – мен роса қаршилик қилдим. Кучим етмади! – у энди йиғламсираб ҳиқиллай бошлади, – юзим шувут бўлди, Жобирбек ака!.. Сиз ҳузурингизга борган ҳамма аёлларни шундай қиласизми?

Жобирбекнинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Тили калимага келмади – қовоқ арига ўхшаб нимадир деб ғўнғинлади:

– Кечиринг, кайфчилик-да!

– Мен сизни айбламайман, йигитчиликда бўлади. Тушунаман. Қолаверса, ўзимдан ҳам ўтди. Тоққа чиқмаслигим керак эди. Мен-ку, барисини унутмоқчи эдим, аммо…

– Нима, аммо?

– Бола!..

Жобирбекнинг кўз олди қоронғилашиб кетди. Боши арининг уясидек ғувиллар, хаёлида ечимсиз саволлар чарх урарди: «Энди Гулчеҳранинг юзига қандай қарайман? Болаларимнинг-чи? Лекин, муштипар қизни бу аҳволда қолдириб бўлмайди, болани ҳам!»

Орадан бир неча кун ўтиб, Шосалимни Тошкентга жўнатди…

22

Жобирбек кейинги пайтлари хотинидаги ўзгаришни пайқаб Гулчеҳра ўша воқеадан хабар топдимикин, деб чўчиб юрарди. Агар хабар топган бўлса, кимдан деган савол қийнарди уни: «Бу ишлар бости-бости бўлиб кетганига анча бўлди. Наҳотки жабрини бир умр тортсам!?» Жобирбек ўз-ўзини айблашдан чарчамас, «ўша норасиданинг уволига қолдим», деб қийналарди у.

Ўшанда Шосалим Тошкентдан «қиз ҳомиладан кечибди» деган хабарни олиб келганди. Жобирбек бир ҳисобда қувонганди. Ҳатто, операция чоғида жарроҳ қизни бир умрга майиб қилиб қўйганини, энди биргина орзуси Тошкентдан бир ҳовли сотиб олиб – шунда беташвишгина яшамоқчи эканини айтиб юборганда ҳам унчалик оғринмади.

Ишни батамом бости-бости қилиш учун Шосалимни яна Тошкентга жўнатди. У зиёфатда хизматда бўлган икки танишини бу сафар йўлга ҳамроҳ қилиб олди. Ахир 50 минг доллар билан якка-ёлғиз йўлга чиқиб бўларканми?

Агар шу воқеа бўлмаганида, Жобирбек Гулчеҳра билан аллақачон гаплашиб олган бўларди. Муносабатларини ойдинлаштиришни кечиктириб келаётгани ҳам шундан. Бир кўнгли воқеани бошдан-оёқ сўзлаб берсам, мени тушунармикан, деб ўйлар, бир кўнгли ич-ичида шу кўнгилсиз воқеага асло қайтмасам, ҳеч қачон эсламасам, дерди. Яна мушоҳадага бериларди: «Воқеадан уч кишигина воқифмиз – мен, Шосалим ва қиз. Хотиним уч кишининг биридан эшитиши мумкин, холос. Мен айтганим йўқ. Нима деб айтаман, ахир? Шосалим? У айтмайди – унақа пасткаш эмас у. Демак, биргина у қоляпти. Лекин, олганини олди-ку? Ками бўлса мендан сўраши керак! Йўқ, йўқ, имоним комилки, Гулчеҳранинг хафаланганлигига бошқа сабаб бор! Қандай сабаб? Билмайман, уф-ф-ф!»

Ана шундай кечинмалар оғушида янги бозор қурилишни айланиб чиққач уст-бошини қоқди-да, машинаси томон кетаётганди, рўпарасидан бир лўли хотин чиқиб қолди.

– Ман санга бир фол очай, сан эшитгин! О-о-о, руҳинг безовта, кўзларингда дард, ўйингда ҳаловат йўқ! Чарчагансан болама, чарчагансан! Бер, атаганингни – бер! Ман санга бир фол очай.

Жобирбек табиатан ромга ҳам, ромчиларга ҳам ишонмасди. Аммо, ҳозир беихтиёр ўзини ромчининг измига топширди. Санамай пул берди. Кейин унинг лўлича жаврашларига астойдил қулоқ тутиб турди.

– Бургутнинг бачаси экансан, чумчуққа ўхшаб яшайсан, тартанак уясига илашгансан…

Ўша ёндафтарчадан, бизга таниш жумлалар. Жобирбекнинг кулгиси қистади: «Илон, чаён, тартанак, чумчуқ. Нима бало, ромчиси тушмагур, зоология ўқитувчиси бўлганми, дейман!»

Бир оздан сўнг машинада кетиб бораркан, ром тафсилоти ўта маънили экан, деган хулосага келди. Ёдимдан кўтарилиб кетмасин, деб ёндафтарчасини олди-да, сўзларини қисқартириб-қисқартириб, ўзи тушинадиган тарзда қоғозга тушириб қўйди.

Жобирбек бу бошқотирмадан бирор маъно уққанми, йўқми – билмадиг-у, аммо Акмал жиноят ишини очишда, калаванинг учини айни шу ром тафсилотларидан топгандек бўлди.

23

Акмал тергов ишларининг бориши ҳақида шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи майор Нурхўжаевни хабардор қилиб турарди. Бугун ҳам ҳар галгидек хонада уни майор Нурхўжаев, яна фуқороча кийимда икки киши кутиб туришган экан.

– Акмал Чориев. – Уни бояги икки нотаниш меҳмонга таништирди Нурхўжаев. – Мазкур жиноят иши юзасидан қидирув-тергов ишларини олиб бораяпти. – Акмалга юзланди-да: «қилинган ишлар юзасидан батафсил маълумот берсангиз», деди.

Акмал жиноят ишига оид тафсилотлар тиркалган папкадаги ҳужжатларни бир неча нусхада кўпайтирганди. Даврадагиларга биттадан тарқатиб чиқди. Сўнг сиз билан биз юқорида кўрган тафсилотларни бирмабир баён этишга киришди. Тинглагувчилардан ана у иккитаси бу пайт Акмал берган тергов ҳужжатларини синчиклаб кўздан кечирмоқда эди. Сиртдан қараганда, Акмал билан қизиқмай қўйишгандек, унинг сўзларига эътибор беришмаётгандек туюларди. Акмал бир оз хижолат тортди. «Эҳтимол, уларга халақит бераётгандирман», деб ўйлади ичида. Кейин ҳужжатлар билан яхшилаб танишиб олишлари учун имкон яратмоқ учун бир муддат сўзлашдан тўхтади. Бояги кишилар «нега тўхтадингиз» дегандек «ялт» этиб унга қарашди. Акмал сўзини давом эттириши лозимлигини англаб, воқеалар ривожини тўхтаган жойидан давом этди, меҳмонлар яна қоғозларга эгилишди.

Акмал бир пайтнинг ўзида ҳам ёзиб, ҳам суҳбатдошини тинглашга қодир бўлган қадимги юнон файласуфи Цицерон ҳақида ўқиганди. Ҳозир, шундай қобилият соҳиби бўлган анави кишиларни кўриб, ҳаваси қўзиди. Хаёлида: «Ҳойнаҳой миллий хавфсизлик хизматидан бўлишса керак!», деган ўй кечди.

Меҳмонлар тергов-қидирув тафсилотлари билан танишиб бўлишгач, ниҳоят ҳужжатлардан бош кўтаришди. Тўрда майор Нурхўжаевга яқинроқ турган, сийрак сочли кўзойнак таққани давра аҳлига бир кўз югуртириб чиқди-да, ҳаммага тегишли дегандек, ўртага савол ташлади.

– Тўпланган маълумотлардан келиб чиқиб, кимда қандай мулоҳаза бор – марҳамат!

Майор Нурхўжаев яна Акмалга юзланди:

– Биз ишнинг боришини кунда мулоҳаза қилиб борамиз. Вазият ҳозирча тўлалигича ойдинлашгани йўқ. Лекин, Чориевнинг айрим хулосаларига умид боғлаш мумкин, деб ўйлайман.

– Бошлиқ шу сўзларни айтаркан, Акмалга «айт» деган маънода бош ирғаб қўйди. Рухсат бўлгач, Акмал қидирув ишлари асносида воқеаларнинг ўзи учун сирли бўлиб туюлган учта муҳим нуқтаси ҳақидаги фикрларини ўртага ташлади.

24

Тергов давомида Акмал маълумот олишга муваффақ бўлмаган якаю ягона одам, Жобирбекнинг отаси Мурод Шомуродович бўлди. Табиатан камгап бу одам, катта ўғли Қодирбекнинг фожеали ўлимидан кейин тамоман узлатга чекинган, ўзининг кичкинагина ҳовлисида охиратини кутиб яшаб келарди.

Акмал унинг ҳузурига бир неча бор ташриф буюрди. Аммо, бирорта ҳам саволига жавоб олишга муваффақ бўлмади. Худди «Соқов рицар»нинг ўзгинаси, нурсиз кўзларини бир нуқтага тикканича, «миқ» этмай тураверди: «қизиқ, шунақа одам ҳам бўларкан-да!» Мурод Шомуродович ҳақида ўйлаганида Акмал бир нимани тушунмасди: «Хўш, Қодирбек унинг тўнғич ўғли бўлган. Лекин, Жобирбек ҳам ўғли-ку! Майли катта ўғлидан айрилди, тақдир! Аммо, кичик ўғлидан тирик ажралиб турибди-ку! Ахир тўнғичига бўлган меҳру муҳаббати кичигига кўчиши керак эмасмиди?.. Бунчалар ҳам қаҳри қаттиқ бўлмаса!? Ахир, тўнғичига шунча йил мотам тутиб келаётган отани, кенжа ўғлининг дом-дараксиз ғойиб бўлиши, наҳотки заррача ташвишлантирмаса?»

Акмал бу ишларда балки ўзининг қўли бордир деган хаёлга ҳам борди. Лекин, дарҳол бу фикрдан қайтди. Агар шунга ўхшаш сабаблар билан айб тақаладиган бўлса, кўпчиликдан шубҳа қилишга асос етарли эди. Масалан, Муҳтарам Калонович сайлов туфайли Жобирбекдан панд еди. Адоватлашиб қолди. Тўғри, Муҳтарам Калонович Жобирбек йўқолишидан икки-уч кун бурун бандаликни бажо келтирди. Лекин, унинг тириклик чоғи тузган режасини гумашталари охирига етказган бўлиши мумкин-ку! Ёки, мана хотини – Гулчеҳра! Кейинги бир йил ичида нуқул эрига ўлим тилаб келган. Жаҳлланган кезлари болаларига «Ҳув, етимча қолгурлар» деб ўшқириб берганини қўшнилари бир неча бор эшитишган экан.

Шуларни ўйлаб, Акмал шошма-шошарлик билан хулоса чиқаришдан тийилар, санамай саккиз демасликка ҳаракат қиларди. У отанинг ҳузурига сўнгги бор келганида, Жобирбекнинг данғиллама ҳовлиси этагидаги эшик орқали уникига ўтганди. Қайтишда яна шу йўлдан қайтди. Усти айвонча қилиб ёпилган, чиройли қилиб безатилган каровотда Гулчеҳрани аллақандай қоғоз парчаларини ёйиб, термилиб турган ҳолда кўрди. Бир оз ўнғайсизланди. Шунчаки ўтиб кетишни эп кўрмай, томоқ қириб қўйди. Гулчеҳра бир оз ўйчан, намчил кўзларини ердан кўтариб, унга томон ўгирилди.

– Узр, янга! Мен отанинг ҳузурларига келгандим! – нариги ҳовлига ишора қилди у. – Ирим қилиб, келган йўлимдан қайтган куним эди!

– Ҳечқиси йўқ, хизматдаги одамсиз! – Гулчеҳра қоғоз парчаларини кафти билан яширмоқчи бўлди. Агар шундай қилмаганида, Акмал эҳтимол ҳозироқ бу ҳовлини тарк этган бўларди. Энди эса, мана шу майда-майда қийқимлардан иборат бир парча қоғоз унинг эътиборини ўзига тортганди.

– Янга, азбаройи қизиқувчанлигим учун узр сўрайман, аввало. Термилиб турганингиз, у қанақа варақ. Агар Жобирбекка алоқадор қоғоз бўлса – танишсам дегандим. Гулчеҳранинг авзойи ўзгарди.

– Бу, бизнинг шахсий муносабатларимизга тегишли бир хат. Унинг ишга алоқаси йўқ чиқар?!..

– Шундай бўлган тақдирда ҳам, рухсат беринг кўрай! – Акмал яқинроқ келиб қўлини узатди. Жувон ноилож қолганди. Ўзи учун аччиқ – аламли бу мактубни элга овоза қилиб баттар мулзам бўлишни истамас, аммо ҳозир уни терговчига беришдан ўзга чораси қолмаганди: – Анави, тошкентлик жазманининг хати. Тошкентга кета туриб унутиб қолдирганми ёки атайин, – Гулчеҳра кўзларига ёш олди, – аламдан йиртиб ташлагандим».

Акмал кутилмаган топилмадан ҳаяжонланиб кетди. Бу мактуб сайлов даврида бир марта юзага қалқиб чиққан-у, шу билан эътибордан четда қолган – Сакина Хаджиева исмли аёлнинг тилидан битилган мактуб эди. Кейинчалик суриштирувлар даврида Акмал ана шу хат билан қизиққан, аммо топа олмагач, уни «Муҳтарам Калонович ўзи билан гўрга олиб кетган» деган хулосага келиб, бу далилдан тамоман умидини узган эди.

– Бу мактуб Жобирбекка қандай тушиб қолганини билмайсизми? – Гулчеҳра, терговчи мактубга ўзгача бир назар билан қараётганини кўриб, ҳушёр тортди:

– Муҳтарам Калонович берган бўлиши керак!

– Муҳтарам Калонович?

– Ҳа! Ўлимлари олдидан эримни чақиртирган эдилар!

Акмал миясига қуюлиб келаётган саволларга жавоб топмоғи лозим эди. Энди саволлар ечимсиз қолмаслиги аниқ, қолаверса, қўлида тилсимлар калити турибди.

– Янга, рухсат берсангиз, қоғозларни маълум бир муддатга олиб кетсам.

– Бутунасига олақолинг! Бир ҳисобдан кўзимдан нари бўлгани дуруст! – розилик билдирди Гулчеҳра.

25

Акмал аввалига гапни нимадан бошлашни билмай каловланиб қолди. У шу туришда нуфузли олимлар қаршисида номзодлик ишини ҳимоя қилаётган аспирантдек ҳис қилди ўзини. Назарида хулосалари ўта жўн, эътиборга молик эмасдек туюлди. «Қабул қилишмаса-я», деган бир ҳадик кўксини кемира бошлади. Кейин орқага йўл йўқлигини фаҳмлади. Фикрини Гулчеҳрадан ўша мактубни олган нуқтадан бошлаб баён қилишга киришди:

– Воқеалар ривожининг учта энг муҳим нуқтасига эътиборингизни қаратмоқчиман: биринчидан, Муҳтарам Калонович ўлими олдидан сайловдаги ашаддий рақиби – Жобирбекка уни ёмон отлиқ қилишда дастак бўлган мактубни топширган. Нима учун? деган табиий бир савол туғилади. Назаримда, умрининг сўнгги дамлари виждони олдида ўзини оқламоқчи бўлган. Иккинчидан, Жобирбек эртаси куниёқ, марҳумни кўмиш маросимидан кейин шошилинч равишда Тошкент сафарига отланган. Пойтахтга кетаётгани маълум, аммо пансионатга бораётганини ҳеч ким билмаган. Нега? Бизнинг тахминимизча, у ўзини безовта қилишларини хоҳламаган. Унинг танҳо ўзи, гувоҳларсиз бажариши лозим бўлган қандайдир юмушлари бўлган.

Учинчи нуқта шуки, ҳамиша Тошкентга Шосалим билан бирга бориб келиб юрган Жобирбек бу сафар уни ҳамроҳ қилмаган. Сирли сафари ҳақида, ҳаттоки энг яқин дўстига ҳам ҳеч нима демаган. Хуллас, биз барча чигал жумбоқларнинг ечими – мана шу мактубда деб ўйлаймиз.

Акмал сўзини тугатгач, ҳадиксираб даврадагиларга кўз ташлади. Уни эшитиб турган меҳмонлар қуйи эгилган ўйчан бошларини кўтардилар. Юзлари ёришганини кўриб Акмал енгил нафас олди. Қуйироқда ўтирган ингичка мўйлови ўзига ярашиб турган йигит луқма ташлади:

– Таклифингиз?

– Иккита нуқтада доимий назорат ўрнатишни таклиф қиламан. Биринчиси – Жобирбекнинг уйи орқали қариянинг ҳовлисини; иккинчиси – Шосалимнинг қишлоқдаги уйини доимий кузатувга олишимиз лозим.

– Асос? – кўзойнакли киши юзланди унга.

– Асосим шуки, Жобирбек билан отаси ўртасида узоқ вақтдан бери зиддият мавжуд бўлган. Бу ҳақда ҳамма билади. Ота ўғли билан деярли сўрашмай, сўзлашмай ҳам қўйган. Аммо, Жобирбек отасининг ҳолидан хабар олишни канда қилмаган. Кунда-кунора кириб турган. Фаразимча, у фақатгина шу мақсадда кирмаган. Жобирбекнинг жони ана шу ҳовлида яширинган бўлиши керак!..

– Бойлиги, демоқчисиз-да? – Майор Нурхўжаев унинг сўзига аниқлик киритди.

– Бу балки пулдир, балки ихтиро, – деди Акмал, Зулфиқоровнинг сўзларини эслаб. Хуллас, бу энг бехавотир жой. Ҳеч ким шубҳа қилмайди. Кар ва соқовга айланган ота эса билиб-билмай, улкан илонга ўхшаб ўғлининг бисотини қўриқлаб ётибди.

– Жобирбекнинг Шосалимсиз иш битирмоқчи бўлгани эса, бу икки ўртада зиддият пайдо бўлганининг белгиси бўлиши керак. Балки, у жон қушчасига ҳамла қилмоқчи бўлган илонни қўйнида асраб юрганини пайқаб қолгандир. Уни даф этмоқ учун аввало, тартанак уясига чувалашиб қолган оёқларини бўшатиб олмоғи лозимлигини англагандир. Шунинг учун ҳам унинг Тошкентга сўнгги сафаридан кўзлаган мақсади: биринчидан, мана бу мактубни битган жувонни топиш; иккинчидан, мухбир қизни учратиш бўлган, деган эҳтимолимиз бор.

– Муқаддам берилган маълумотларга кўра, мухбир қиз билан орани очиқ қилган эди-ку? У яна нимага керак бўлиб қолдийкин? – кетма-кет саволга тутди уни вилоят ички ишлар бошқармасидан келган вакил.

– Жобирбекнинг хизмат машинасида Асқар ака деган амаки ҳайдовчилик қилади. У киши бир воқеани сўзлаб бердилар. Айтишларига қараганда, Жобирбек Тошкентга кетмасидан икки-уч кун бурун завод меҳмонхонасида телевизор томоша қила туриб алланарсадан жуда дарғазаб бўлиб кетган. Шосалимни сўраттирган. Уни излаб топиша олмаган. Бир оз ҳовури босилгач эса, бу масалага ортиқ қайтмаган.

Биз Тошкент телевидениеси билан боғландик. Асқар ака тусмоллаб айтган соатларда қандай кўрсатувлар эфирга чиққанини аниқладик. Дастурларни кўчиртириб келдик. Ногиронлар куни муносабати билан берилган бир лавҳада бундан бир йилча бурун мухбир сифатида заводга келиб кетган жувон намойиш этилган бўлиб чиқди. Кўрганлар уни танишди. Иккита ногирон боласи бор экан. Эҳтимол, ўшаларни деб шундай ишга қўл ургандир.

Жобирбек ҳам ўша куни ана шу лавҳани кўриб тутақиб кетган, чамаси. Шосалимни излаб қолиши ҳам шундан бўлиши керак! Чунки қиз билан боғлиқ можарони бости-бости қилиш учун эллик минг доллар пулни Тошкентга Шосалим олиб бориб берганди-да. Демак, шубҳа туғилган: ё қиз Шосалимни алдаган, ёки Шосалим Жобирбекни чув туширган.

Шосалим сўроқ пайти: «Жобирбек пулни хотиним кўрмасин деб, отасининг дарвозаси томонидан чиқариб берди» – деган эди. Бу эса Жобирбекнинг бисоти отасининг ҳовлисида эканидан, Шосалим бундан бохабар эканидан далолат беради.

Вазирлик вакили кўзидан кўзойнагини олиб, дастрўмолчаси билан унинг шишаларини тозалай бошлади. Бир муддат нималарнидир мулоҳаза қилиб турди. Кейин:

– Жобирбек мактубни айнан Муҳтарам Калоновичдан олгани тасдиқланганми? – дея, дона-дона қилиб сўради.

– Йўқ! Жобирбек билан Муҳтарам Калонович палатада ёлғиз бўлишган. Марҳумнинг хотини айтишича, Жобирбек кетгач эрининг ҳузурига кирганида, уни кўзлари жиққа ёш ҳолида кўрган.

– Ҳм-м-м, қизиқ! – Вазирлик вакили яна кўзойнагини тақиб олди. – Жудаям қизиқ! – Кейин Нурхўжаевга юзланди у.

– Бу ишни тезроқ охирига етказиш керак. Одамлар орасида миш-миш гапларнинг урчиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Шундоқ ҳам, бир-икки куракда турмайдиган узунқулоқ гаплар тарқаб кетибди. Ишни тезлаштириш учун сизларда ҳамма имконият бор, деб ўйлайман. Кадрлар масаласида-ку, – у Акмалга ишора қилди, – гапирмасак ҳам бўлади. Фақат, маневр учун мутахассис керак бўлса – марҳамат!

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации