Текст книги "Қора қузғун"
Автор книги: Фозил Тиловатов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
11
Жобирбек масаласи институт жамоаси ўртасида муҳокама қилинадиган бўлди. Отасини чақиришди. Комсомол комитетининг секретарига Жобирбек масаласини ёшлар ташкилотининг йиғилишида кўриб чиқиб, институт умумий йиғилишига тақдимнома киритиш топшириғи берилди. Хуллас, айблов мавсуми бошланди.
– Мен ҳеч қандай йиғилишга бормайман! – аламидан бўғилгудек бўлиб бақирди ота, телеграммани олиб кирган хотинига қараб. Ҳайдашсин! Унинг жазоси шу!…
Ноиложликдан «пиқ-пиқ» йиғлай бошлаган онасини, тўнғич ўғил Қодирбек юпатди: «Дадамдан ҳафа бўлманг. Мен бориб кела қоламан!»
У ўша кеч машинасида Тошкентга жўнади. Борди; мажлисда қатнашди. Вазиятни юмшата олди. Жобирбек жамоадан расман кечирим сўради. Ректорат унга нисбатан, ҳайфсан билан чекланди. Ҳамма нарса ўз жойига қайтди, фақат Қодирбек шу кетганича уйга қайтмади. Тўғрироғи, уйга қайта туриб, Бахмал довонида машинаси ҳалокатга учради.
12
Акмал пансионатда қилиши лозим бўлган барча ишларни қилиб бўлгач, ортга қайтди. Тошкентдаги қидирув айтарлик натижа бермади. Калаванинг учи топилармикин, деб қилган барча уринишлари зое кетди. Шосалимнинг ёрдамида Жобирбекни таниган, билган одамлар билан ўтказган суҳбатлари ҳам бесамар бўлди. Ҳеч ким шубҳага асос бўладиган бирор-бир ҳолатни кўрмаган, гумонга сабаб бўлгудек бирон-бир сўзни эшитмаган.
«Тавба! Бутун бошли бир одам йўқолса-ю, ҳеч қандай из қолмаса. Буғланиб кетмагандир, ҳарқалай!» Суҳбат, сўровлар асносида Акмалнинг хаёлида нуқул ана шу каби саволлар чарх урарди. У бу саволларга жавоб топа олмай қийналар, аммо қачондир бу чигалларни ечишига ишонарди.
Қаршига қайтиб келгач, қидирув-тергов ишларини Жобирбекнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари, уни таниган, билган одамларни сўроқ қилиш билан давом эттирди. Том-том маълумотлар йиғди. Иш устида, маҳалла-куйда, тўй-ўчарларда ким билан гаплашган, ким билан чаплашган – барча-барчасини текширди. Заводлар уюшмасининг раиси Зулфиқоровни айниқса, алоҳида назорат остига олди.
– Мендан шубҳа қилишлари табиий, – деди Зулфиқоров ҳузурига ташриф буюрган терговчини, очиқ юз билан қарши олиб. – Чунки ҳамма билади – Жобирбек кейинги пайтларда ишбилармонлиги, ташаббускорлиги билан менинг ўрнимга номзод сифатида кўриниб қолганди.
Одамлар шивирлашиб юрган гапларни Зулфиқоров очиқдан-очиқ тан олиб гапираётгани Акмални бир оз таажжублантирди. «Ҳушёр бўлиш керак, Зулфиқоровни «қари тулки» дейишлари бежиз эмасга ўхшайди», – деб ўйлади Акмал.
– Одамлар гапираверади! – Зулфиқоров чой кўтариб кирган котибаси чойнакни қўйиб чиқиб кетгунча жим турди-да, сўнг фикрини давом эттирди: Билмаганлари учун ҳам гапиришади. Шунинг учун мен улардан хафа бўлмайман.
– Агар ташрифим билан сизни ранжитган бўлсам, узр! – ўнғайсизланди терговчи, кекса одамнинг ёзғиришларидан безовталаниб. – Мен ҳам айнан шу томонини ўйлаб ўзим ҳузурингизга келгандим.
– Аксинча, мен сизнинг чақиришингизни кутгандим. Ҳаттоки, бунга тайёрлангандим ҳам.
– Тайёрлангандингиз?
– Ҳа, тайёрлангандим!
Зулфиқоров ўрнидан туриб, иш столи тортмасидан бир китоб, бир тахлам газеталарни олди-да, келтириб Акмалнинг ёнига қўйди.
– Мана бу китобни Жобирбек ўтган йили чоп эттирганди. Мана бу газеталарда унинг бир қанча мақолалари босилиб чиққан. Биласизми, у кўприксозликда бетон конструкциялардан фойдаланишнинг янги бир усулини ихтиро қилган.
Акмал киноларда, бадиий асарларда олимларнинг кашфиётлари туфайли қандай кўргуликларга дучор бўлганликлари ҳақидаги воқеаларни кўп кўрган, кўп ўқиганди. Зулфиқоровнинг ҳикояси ўша томонга сирғалиб бораётгандек туюлди унга. Шундан ҳожати бўлмаса ҳам, ҳамсуҳбатига луқма ташлашдан ўзини тия олмади:
– Ихтиро!
– Ҳа, чинакам ихтиро! Унинг иқтисодий самарадорлигини айтмайсизми? Биласизми, авваллари биз кўприклар қурганимизда, бетон плиталарни бир-бирига тақаб қўярдик. Устига асфалт ётқизардик. Оқибатда кўп ўтмай плиталар бириккан жойдан асфалт дарз кетарди. Тирқишлардан қор ва ёмғир суви сизиб, бир жиҳатдан йўл сифати бузилса, яна бир жиҳати, машиналар қатнови ҳаракат ҳавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатарди. Жобирбек ана шу плиталарнинг орасида бўшлиқ қолдириб, юмшоқ резина маҳсулотлари билан тўлдириб, кейин асфалт ётқизиш таклифини киритди. Тажрибада синаб кўрилди. Натижа кутилгандан ҳам аъло!
– Агар сизни тўғри тушунган бўлсам, Жобирбекнинг сирли ғойиб бўлиши билан мана шу ихтиро ўртасида боғлиқлик бор, демоқчисиз?
– Ҳам ҳа, ҳам йўқ!
«Зулфиқоров кўпни кўрган одам. Фаолияти давомида кимлар билан мулоқот қилмаган у. Ҳамсуҳбатини Амуга олиб бориб, сув ичкизмай қайтариб келадиганлар хилидан. Ҳозир ҳам шу ўйинни ўйнамаяптимикин?» Акмалнинг кўксида шубҳа ғимирлай бошлади.
– Кечирасиз, сизни тушунмадим?
– Мени тушуниш қийин. Яккаю ягона тушунган одам Жобирбек эди. – Зулфиқоров оғир «уф» тортиб хўрсинди. – Сиз мана буларга қаранг!
Акмал китоб ва газеталарнинг Зулфиқоров кўрсатган жойларини кўздан кечирди: «Азиз устозим, маслаҳатчим ва суянчиғим Зулфиқоровга! Ҳурмат ва эҳтиром ила…»
Бу ҳар бир мақола сарлавҳаси ёнида Жобирбекнинг ўз қўли билан ёзилган дасхати эди. Бу Жобирбекнинг иши юзасидан Зулфиқоровга нисбатан туғиладиган ҳар қандай шубҳани йўққа чиқарадиган асос. Ёки аксинча. Акмал калласида кечган бу каби мулоҳазаларни, кейинчалик тергов ҳужжатларига қуйдагича жумлаларда ифода этди: «Бу аччиқ ҳақиқат ёки ширингина ҳийла!»
13
Гулчеҳранинг Жобирбек билан биргаликдаги ҳаёти болдан-да тотли кечиб келарди. Икки фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб тинч оилада тотув яшашарди. Гулчеҳра гоҳ-гоҳи ўз бахтидан масрур бўлиб, ширин хаёлларга берилар, келишган, уддабурон, топармон-тутармон эри; бири-биридан ширин фарзандларининг сувратига боқиб: «Мен дунёдаги энг бахтли аёлман!» – деб мағрурланарди. Шундай кезлари оёғи ердан узилиб, еттинчи фалакда сузиб юргандек сезарди ўзини.
Бир йил муқаддам нима бўлди-ю, икки ўртадаги меҳр ришталари узилди. Ораларидан қора мушук ўтди. Жобирбек уйдан безиди. Гулчеҳра жиззаки бир аёлга айланди. Эрини ҳар гал Тошкентга сафарга жўнатаётганида очиқ юз билан кузатиб, очиқ чеҳра билан кутиб олувчи хотин энди хайрлашиш ўрнига аччиқ-тизиқ гаплар билан тузлар, қайтганида киноя ва кесатиқ аралаш заҳар сочиб қаршилайдиган одат чиқарди.
– Нима бўляпти ўзи? – Жобирбек шу саволга дуч келса, ўзини тубсиз ўпқонга қулагандек сезарди: на кўкдан, на заминдан қўним топмас, ноиложликдан бу ҳақда ўйламасликка уринарди. Аммо бу безбет ўйлар хаёлига сўраб-нетмай кириб келаверарди: «Хотинига нима етишмаяпти ўзи?! Истагани муҳайё бўлса! Эрка, тантиқ бўлиб боряпти кундан-кун. Ношукур банда!».
Тиланчи узатилган кафтига бир нима ташламагунингча, ҳузурингдан нари кетмагани каби, Жобирбекнинг хотини ҳақидаги ўй-фикрлари ҳам сира тарк этмасди. Кўнглини безовта қилиб турган шилқим саволларни даф этишга жавоб топа олмай қийналарди. Тўғри, Гулчеҳранинг ҳеч нимадан ками йўқ. Егани олдида, емагани ортида. Рўзғор ташвишлари, бичиштикиш, мол-ҳол, супир-сидир сингари юмушларни унутганига ҳам анча бўлди. Бу ишларни ҳизматчилар бажаришарди. Гулчеҳра фақат бир нарсага зориқиш сезарди, холос. Барча аёл зотига хос бўлган табиий бир ҳол: у ўз умр йўлдошидаги вафодорлик, муҳаббатни йўқотишни асло истамайди. На зебу зийнат, на дабдабаю асъаса унинг ўрнини боса олмайди. Агар жуфтида шу хислатни туймаса сабабини ахтаради. Агар оила равнақи, рўзғор ташвишлари бўлса чидайди, кўникади. Башарти, у буларни ҳеч ким билан бўлишишини хоҳламайди…
Гулчеҳра бир йил муқаддам қандайдир жувон қўнғироқ қилган ўша кундан бери ҳаловатини йўқотди. Қулоқлари остида ўша масхаромуз овоз, аёллик шаънини таҳқирловчи сўзлар кетмай қолди:
– Вой, қанақа аёлсиз, Гулчеҳра опа! – худдики дугоналардай самимий гап бошлаганди у. – Эрингизни сал совутиб, попугини пасайтириб жўнатсангиз-чи, Тошкентга. Нақ зилзила-я!
– Сиз кимсиз? – эри ҳақида айтилаётган «мақтов»дан гангиб қолган Гулчеҳранинг топган гапи шу бўлди. – Телефон рақамини теришда янглишмадингизми, ишқилиб?
– Вой, Жобирбек акамнинг уйларими шу?
– Ҳа-а, шу!
– Мен эрингизнинг жазманиман! Сизга жоним ачиганидан телефон қиляпман. Оилаларингиз бузилмасин, дейман. Кеча Жобирбек акамдан, «бунча аёлга ўчсиз», десам, улар дардларини ёрдилар: «Жоним, хотиним бор, аммо у жонсиз тарашанинг ўзи. Мен эсам атомнинг кучи билан ўтин ёриб юрибман», дедилар. Опажон, ўзингизга қаранг. Бўянинг! Агар, лозим бўлса, бириккита ишқий амаллар бор – ўргатаман!»
Нотаниш рақибасининг қолган гапларини тинглашга Гулчеҳра ўзида куч топа олмади. Гўшакни шахд билан отиб юборди. Ўтириб, роса йиғлади! Ўша куни илк бора бекаму кўстдек туюлган, аммо алдовлари билан уни шу кунгача лақиллатиб келган ҳаётга лаънатлар ўқиди. Кўнглида эрига нисбатан бир адоват уйғонди.
14
Сакина қилар ишни қилиб қўйди-ю, кўнгли бир оз оғриди. Минг қилса ҳам аёл-да, қанчалар рост бўлмасин, беозор бир хотиннинг кўнглини ранжитгани чакки бўлди. Гўшакни жойига қўйиб, тўшакда ялпайиб ётган эркакка ўгирилди:
– Кўнглингиз жойига тушдими?..
Аёлнинг кайфиятидаги ўзгаришдан довдираб қолган эркак, қошларини чимирганча ўрнидан турмоқчи бўлган жазманининг билагидан тутиб тўхтатди.
– Жоним?
– Шу қилиб юрган гуноҳим учун ҳали дўзахда жавоб бераман. Буниси энди ортиқча! – бургутнинг чангалидан қутилмоқчи бўлган полапондек типирчилади у. Эркак ўзини оқламоққа тушди:
– Кечиринг, кечиринг мени жоним! – Кейин бир оз маъюсланди. Жувонда ачиниш ҳиссини уйғотмоқчи бўлди: Мени ҳам тушунинг-да, ахир! Нима қилай, ўзим айта олмасам? Ўртага одам солишга мажбур бўлдим. Ҳаммаси яхшиликка-ку! Мақсадим, сиздек офатижон бўлсин дейман. Тарашадек ётавермасдан, алангалансин, ёнсин дейман!
Жувон «ялт» этиб унга қаради. Бу нигоҳдан кўп маъно уқиш мумкин эди. Бу қарашларда, «ҳали сен мени ёнди, деб ўйлаяпсанми? Сенга ўхшаган ҳар бир бойваччанинг оғушида ёнаверсам – куйиб кул бўламанку! Сен аланга деб ўйлаган бу ёнишлар, аслида ясама, ичим тутунга тўлиб кетганини қайдан ҳам биласан? Сен каби овсарларнинг пулини шилиб олиш учун ёлғондакам ёниб, ёлғондакам чирсиллаётганимни тушунишга сенга йўл бўлсин!» деган ҳақиқат учқунлари бор эди. Эркак уни англамади. У ортиқ шакаргуфторликка ҳожат қолмаганини пайқаб, ваннага томон кетаркан: «Чўнтагимда бир даста пул бор! Сизга аталган!» – «ол», деган маънода курсининг суянчиғига ташланган костюмига ишора қилди.
Жувон аввалига пулни олгиси келмади. Ҳали ҳам қилиб қўйган ножўя ишини ўйлаб, гарангсиб турарди: «Бечорада нима айб?» дерди ичида бир овоз уни қийноқ-қистовга олиб: «Сен ахир бу муҳораба майдонига, фақатгина ўзингни қалқон қилиш учунгина тушгансан – унутма! Қоидани бузиб нима қиласан? Эркакларнинг найзасига қалқонингни тутиб юравермайсанми – бир беозор аёлга тиғ санчганинг нимаси?»
Бўлар иш бўлди, деган хулосага келди у, охиратим куйгани аниқ, кунлигим кўймасин ҳартугул, дея пулни олишга қарор қилди.
Костюмнинг ён чўнтагидан иккита паспорт чиқди. Ҳужжатнинг бири Жобирбекники, иккинчиси бошқа бир кишининг номида эди. Паспортларни жойига қўяркан, «бунақа одамлар нафақат хотинига хиёнат қилиб, бошқа тўшакка киришдан қайтмайди, ўзига хиёнат қилишдан, бошқа ном, бошқа қиёфага киришдан ҳам тойишмайди!», – деган ўй кечди хаёлидан. Кейин, менга барибир эмасми, деди-да, нариги чўнтакдан бир боғлам пулни олиб, сумкачасига солди. Тез-тез кийинди. Стол устидаги қоғозга шоша-пиша бир нималарни ёзди ва хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, меҳмонхонани тарк этди.
Ваннадан елкасига сочиқ ташлаб чиқиб келган эркак, жувоннинг кетиб қолганига таажжубланмади. Энди уни ё кўради, ё кўрмайди. Кейин стол устидаги хатга кўзи тушди. Унда катта-катта ҳарфлар билан:
– Яхши ёниш учун, эркакда бир оз чўғ, жиччагина тафт бўлиши керак, ака! – деб ёзилганди. Эркак, суюқоёқ жувоннинг таъсирчан чиқиб қолганиданми ёки тузиб қўйган режаси бўйича яна бир иш силлиққина амалга ошганиданми, хандон отиб кулиб юборди. Хатни парча-парча қилиб ахлат челакка ташлай туриб эса;
– Бу гапни Жобирбек акангга айт, жонидан! – деди.
15
Гулчеҳра ўша куни илк бор Тошкент сафаридан қайтган эрининг истиқболига пешвоз чиқмади. Совғасаломларни қўлтиқлаб уйга кирган эрига истар-истамайгина салом берди. «Тан-жонинг соғми» деб берган саволига эса: «тарашадай тиришиб ётибман», деб бемаъни бир жавоб қайтарди. Жобирбек тушунмади, аммо ўйлаб ўтирадиган вақт эмас. Кўприксозлик бошқармасига чақиртиришибди. Германиядан мутахассислар келадиган экан. Унинг лойиҳаси билан танишишмоқчи эмиш. Шу сабабли у уйда узоқ қолмади. Телефондан хизмат машинасини чақиртирди-да, кўчага чиқди.
Жобирбекдан рухсат бўлгач, машинани ўқдек учириб уйи томон кетиб бораётган Шосалимнинг қўл телефони жиринглаб қолди. «Оббо, – деди у тезликни бир оз пасайтириб, – уйга етиб боролмайдиганга ўхшайман».
Аммо у йўлдан қайтмади, қўнғироқ қилган Жобирбек эмас, Гулчеҳра экан.
– Тинчликми, янга?
– Салимжон, сиздан бир нимани сўрасам!..
Гулчеҳра нимадандир иймангандай жим бўлиб қолди. Фикридан қайтди чамаси.
– Сўрайверинг янга!
– Сиз акангиз билан ҳамиша биргасиз. Кеча кечқурун Тошкентда у киши билан бир жойдамидинглар?
Шосалим нима дейишини билмай қолди. Гулчеҳранинг эри ҳақида биринчи марта сўраб-суриштириши: «Нима десамикин?» Борини бор ҳолича гапиргани маъқул. Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўймасин тағин.
– Ҳа кечгача бирга эдим. Кейин меҳмонхонада қолдириб, бир икки юмушларимни битириб келдим.
– Ёлғиз ўзлариними?
– Ҳа!
– Қайси меҳмонхонада?
– «Қурувчилар»да.
– Мабодо сизда ўша меҳмонхонанинг телефон номери йўқми?
Шосалимда телефон рақами бор эди. Аммо, бермади. Ишкалга аралашмагани маъқул. «Йўқ» дейишдан кўра бошқа усул қўллади.
– Маълумотлар бюросидан сўраб берайми?
– Йўқ! Майли ўзим сўраб оларман. Фақат сиздан илтимос, бу ҳақда акангизга гапириб юрмасангиз!..
Шосалим телефонни ўчириб, уловига «газ» берди. Машинанинг овози унинг сўзларини босиб кетди:
– «Ўзингиз айтмасангиз, Шосалим бошини тиғга тутадиган аҳмоқ эмас, янгажон!»
16
Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида «тендер» йиғилиши бўлиб ўтди. Унда воҳанинг бир неча ҳудудларида қурилиши мўлжалланган янги кўприк иншоотларининг лойиҳалари танловга қўйилди. Вилоят ҳокими ва марказдан келган казо-казолар «тендер» ғолиби бўлган лойиҳа муаллифи Жобирбекни самимий қутлашди. Шу пайт ҳоким кўприксозлик бошқармаси бошлиғига луқма ташлади:
– Ҳа, Муҳтарам Калонович! Нега қарсак чалмаяпсиз? Оғзингиздагини олдириб қўйганингизга хафамисиз ё? Ишлаш керак, ишлаш!..
Муҳтарам Калонович китоб жавонида турган ўша ҳолат акс этган фотосуратга боқиб, ўша воқеани яна бир карра хаёлидан ўтказди: «Бу жинқарча яна йўлимга ғов бўлди: вилоят кенгашига муқобил номзодлар эмишмиз. Тавба! Ким ўйлаб топди шу муқобилликни, билмайман! Бир камим энди шу бола билан беллашмаганим қолди. Янгилик яратган бўлса, яратгандир. Нима бўпти? Дунёда қанчадан-қанча олим кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўжизаларни ихтиро қилаяпти. Бирортасиям вилоят кенгашига… дарвоқе, ҳамма жойда ҳар хил аталадику, сенатгами ёки думагами ураётгани йўқ-ку, ўзини!?»
Агар телефон жиринглаб қолмаганида, Муҳтарам Калонович кимсасиз ҳайҳотдек кабинетда ҳали анча вақт қоққан қозиқдек туриб қолган бўларди. Залворли столини айланиб ўтиб, ҳашаматли креслосига чўкдида, истар-истамай гўшакни кўтарди.
– Ким бу?
– Муҳтарам Калонович, гўшакни ўзингиз кўтарганингиз яхши бўлди. Сизда муҳим ишим бор эди.
– Қабул куни шанбада! Рўйхатга ёзилинг марҳамат, гаплашамиз!
У яна нимадир демоқчи эди, бояги киши унинг сўзини бўлди.
– Бу сизнинг фойдангизга, сайлов масаласида.
Муҳтарам Калоновичга айни шу кунларда сайлов масаласи бош масала бўлиб турар, чамаси телефон қилган одам буни жуда яхши биларди. Узоқдан қўнғироқ қилмаган шекилли, рухсат бўлгач, кўп ўтмай кабинет эшигидан унинг боши кўринди.
Муҳтарам Калонович ҳамма нарсани кутган бўлиши мумкин, аммо буни кутмаганди. Шул боис ҳам кутилмаган бу ташриф уни довдиратиб қўйди: «Сиз?» – деди у меҳмонни ёнидаги курсига таклиф этаркан.
– Ҳа, кўриб турганингиздек, мен!
– Мен билан қайси муҳим масалада гаплашмоқчи эдингиз?
– Сайловдаги рақибингиз Жобирбек масаласида, – деди бояги кимса, «рақибингиз» сўзига алоҳида урғу бериб. Кейин қўшиб қўйди, – Сизнинг фойдангизга, албатта!..
17
Сакина ўзини излаб келган нотаниш кишилар билан аввалига учрашишни истамади. Бугун дам оладиган куни. «Лоақал, бир кун эркаксиз яшайин, изн беринглар, барака топгурлар!» – деди у телефон гўшагини қўйишга чоғланаркан.
– Биз сиз ўйлаган масалада эмас, балки бошқа бир мақсадда сиз билан учрашмоқчимиз.
– Бошқа масалада? – ҳайрон бўлди у. – Менинг шундан бошқа иш қўлимдан келмайди.
– Шундан сўнг, келганлар Жобирбек ҳақида гаплашмоқчи эканликларини билиб, кўришишга рози бўлди.
– Келинглар! Манзилимми? «… – 193», деб у нотаниш меҳмонларни уйига таклиф қилди.
– Жобирбекнинг номини эшитса хотинларнинг иштонбоғи ечилиб кетадиган бўлибди. – Киноя қилди Сакинанинг чоғроққина ошхонасидан жой олган икки меҳмоннинг бири. – Мана, сиз ҳам биз билан учрашишни хоҳламай турган эдингиз, унинг номини эшитишингиз билан қарорингиз ўзгарди қўйди.
– Жобирбекнинг бу фронтда ҳам машҳур эканини билмаган эканмиз, – масхаромуз жилмайди иккинчи меҳмон, чой дамлашга тутинган Сакинанинг калта кўйлаги остидан кўриниб турган оппоқ, силлиқ сонига ишора қилиб!
– Ўша муттаҳамнинг номи ўчсин, – жиғи бийрони чиқди Сакинанинг.
– Ий-е, тинчликми? У киши вилоятимизнинг нуфузли катта амалдорларидан – ҳурматлари зўр! – Атайин уни олқаган бўлди иккинчи киши.
– Бир гал ишрат қилгандек. Ҳотамтойлик қилиб қўлимга бир даста пул тутқазди. Ўшандаёқ кўнглим сезганди-я, олмасам бўларкан. Ясама экан пуллари.
– Йўғ-э, наҳотки? У кишининг шунақа қилиқлари ҳам бор эканми ҳали? – росмана ҳайратланган бўлди иккала меҳмон.
– Вой, сизни алдаб фойда топаманми? – Сакина чой қўйиб узатаркан, ҳикоясини давом эттирди: Пулларни «кўк»ига алмаштирмоқчи бўлиб, яхшиям банкда ишлайдиган дугонамга борган эканман. Акс ҳолда, войбўй, шармандаликни кўринг эди!
– Ҳай майли, муддаога кўчайлик, – жиддийлашди Сакина, – манда нима ишларингиз бор эди?
– Биласизми, ўша Жобирбек деганлари ҳақиқатан ҳам бузуқи бир муттаҳам одам! Лекин… лекин, нимагадир шу кунларда ошиғи олчи. Меҳмонларнинг бири сўзлари Сакинага қандай таъсир қилаётганини билмоқ учун бир муддат жимиб қолди. Кейин чой ҳўплади. Қараса, Сакинанинг вужуди қулоқ. Давом этди:
– Шу одам бир акахонимизнинг йўлига ғов бўлиб, сайловга халақит беряпти. Шунга бир оз ёрдамингиз керак.
– Очиқроқ сўзлайверинг, нима қилиб беришим мумкин?
– Битта мактуб ёзиб берсангиз, тилга кирди меҳмонларнинг иккинчиси, – ўша ишрат кечаси билан боғлиқ воқеаларни, ясама пул ҳақида ҳам.
Сакина ўша куни Жобирбек хотинига телефон қилдиргани учун бир хафа бўлган бўлса, берган пуллари сохта чиққани учун хафалиги очиқдан-очиқ адоватга айланганди. Шундан, у бир оз иккиланди-ю, лекин таклифга кўнди. Хатни бошлашга бошлади-да, кейин бир нимани эслаб, таққа ёзишдан тўхтади. Эркаклар саросималаниб қолишди.
– Бунинг менга зарари тегмайдими?
– Ишонтириб айтаманки, йўқ! Бу фақатгина унинг ўзига кўрсатилади. Номзодини сайловдан олса, бас! Шундан кейин бу хатнинг бир чақалик қиймати қолмайди.
– Унгача-чи? – Сакинанинг қочирими ўринли бўлди. Шу кез меҳмонларнинг бири: «Ҳа-я, унутибман» – дедида, юз долларлик қоғоздан учтасини столнинг устига чиқариб қўйди. Сакина меҳмонларни кузатаркан яна бир нима эсига тушди.
– Дарвоқе, телефонимни кимдан олдингизлар?
Эркаклар аввалига бир-бирларига қараб жилмайишди. Сўнг бири: «Сиз билган Жобирбекдан!» – деди. Сакина тушунмай, елкасини қисди. Кейин «менга барибир эмасми», деди-да, эшигини ёпиб олди.
18
Жобирбек Шосалимни дўст деб ғоят қадрларди. У вилоят марказидан узоқроқда ўсиб улғайди. Оилада ёлғиз ўғил бўлгани сабабли ҳарбий хизматни Қаршида ўтади. Кейин маълум бир муддат қишлоғига кетди. Уйланди. Отасининг қирқини ўтказиб, эр-хотин шаҳарга кўчишди. Бетон заводига ишга кирди. Ўшанда Жобирбек цех бошлиғи, Шосалим унинг қўл остида оддий ишчи бўлиб ишларди.
Бир сабаб бўлди-ю, Жобирбекнинг меҳрини қозонди у. Ўшанда кечки пайт цехда электр симларининг қисқа уланишидан ёнғин чиқди. Иш вақти тугаган бўлишига қарамай одамлар кўпланишиб ўтни ўчиришга муваффақ бўлдилар. Оловни-ку, ўчиришга ўчиришди, лекин эртага цехга комиссия келиши керак эди. Бу аҳволда цех бошлиғининг ҳолига вой: камида қаттиқ ҳайфсан олиши турган гап. Шунда унинг жонига Шосалим оро кирди:
– Оғайнилар, – деди у ишчиларга қарата, – цехнинг обрўйи ўзимизнинг обрўйимиз. Агар бир кечанинг баҳридан ўтсак, ҳамма нарсани жой-жойига қўйишимиз мумкин. Мен кечга қоламан, ким таклифимни қўллабқувватласа – қолсин; хоҳламаганлардан ранжиш йўқ.
Жобирбекнинг кўзига Шосалим шу лаҳзаларда нажот қалъаси бўлиб кўринганди. Ўзи бундоқ таклифни ўла қолса киритишга журъат этмас; ўзининг обрўйи учун ишчиларни кечки сменада ишлата олмасди. Аммо, бу ташаббусни оддий ишчи йигитнинг кўтаргани айни муддао бўлди. Кимдир истаб, кимдир истамай, лекин ҳамма ўша кеча цехда ишлаб чиқди. Жобирбек эрталабга яқин, ҳамма ишлар қилиб бўлингач, барчани кечқурун уйида кутажагини айтиб зиёфатга чорлади.
Меҳмондорчилик жуда қуюқ бўлди. Жобирбек кундузи келган комиссия цех фаолиятини юқори баҳолаганини айтиб, барчага миннатдорчилигини билдирди: «сизнинг бу фидойиликларингизни ҳеч қачон унутмайман» деди. Кейин уйига кириб тугунча қилиб боғланган ўнта чопон кўтариб чиқди. «Қўйинг-қўйинг» дейишларига қарамай барчага тўн улашди. Меҳмонлар кетар чоғи, ҳамма билан қучоқлашиб хайрлашаркан Шосалимнинг енгидан тортди-да: «Сиз бир муддатга қолинг» – деди шивирлаган ҳолда.
Шундан кейин бу каби ҳолатлар кўп бор такрорланди. Жобирбек ҳар бир ютуққа эришганида, мансаб пиллапояларига кўтарилганида қадрдон жамоасини зиёфатга чорлаб, ҳар гал меҳмонларни кузата туриб Шосалимни алоҳида олиб қоларди. Заводга директор бўлган куни ҳам шундай бўлди. Меҳмонлардан ажралиб, ҳовлига қайтиб киришгач Жобирбек унинг тирсагидан тутиб, ҳовли чеккасида усти березент билан ёпиб қўйилган машинанинг ёнига етаклаб борди. Кейин чўнтагидан калитини чиқазиб, унинг кафтига қўйди.
– Машина муборак бўлсин!
– Менгами? – Шосалим росмана ҳайратдан довдираб қолди.
– Бу ҳали ҳаммаси эмас! – Жобирбек энди уни зиёфат столи томонга етаклади. – Эртадан бошлаб хизмат машиналаримдан бирини қабул қиласиз – ўнг қўлим бўласиз. Узоқ сафарларга, айрим шахсий ишларда ҳамроҳлик қиласиз.
Шосалимнинг бошига омад қуши, тўғрироғи омаднинг эгизак қушлари қўнганди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?