Читать книгу "Қора қузғун"
Автор книги: Фозил Тиловатов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
58
Акмал бу яқин орада бу қадар мириқиб ухламаган эди. Эрталаб тиниқиб уйғонди. Хотини нонушта тайёрлаяпти шекилли, ошхона томондан унинг енгилгина оёқ товушлари эшитилиб турарди. У туриб, кийинди. Ваннада юз-қўлини ювиб артинаркан, кўзгудаги аксига боқиб бир фурсат туриб қолди: қизиқ ойнага қарамаганимга ҳам анча бўлибди. Қанчаданқанча одамлар билан юзма-юз бўлдим. Қувонч ва қайғуларини тинглаб ҳамсуҳбат бўлибман-у, ўзимга-ўзим қарамай қўйган эканман. Аҳён-аҳён кўзгу олдида туриб, ўз-ўзинг билан суҳбатлашсанг ёмон бўлмайди. Жобирбекни эслади. У ҳам кейинги пайтлари иш деб, хизматчилик деб оиласидан узоқлашиб борган. Корхона атрофида кечаётган қинғир ишларни сезмаган. Айниқса, Шосалимнинг кирдикорларини пайқамаган. Эр-хотин юзма-юз ўтириб дардлашмаган. Оқибати эса…
Акмал шу лаҳза хотини ҳақида ўйлади. Муносабатлари аввалгидек илиқ эмасга ўхшаб туюлди. Бир пайтлари хотинини уйқудан уйғота олмай хуноб бўларди. Ўрнидан туриб, уйқудан кўзларини оча олмай, тўшакда мудраб ўтиришларидан завқланарди. Ёшгина қизалоққа ўхшаб, «яна о-о-озгина ухлаб олай», деб ёлворишларини хуш кўрар, «шундай қилаверсангиз сиз билан гаплашмай қўяман», деб нозланишларини ёқтирар эди. Энди аҳвол тамоман бошқача. Эрталаб қачон уйғониб, тўшакдан қандай сирғалиб чиқиб кетишини ҳам сезмай қоляпти. «Ё мендан кўнгли совудимикин?» Хаёлида кечган бу ўйдан сесканиб кетди.
Нонушта учун тузалган стол устига оқ дока ёпиб қўйилган. Хотини балконда, дераза олдида кўчага қараб турарди. Аразлагандек орқасини ўгириб олган. Бу ҳолат Акмалнинг кўнглида ғимирлай бошлаган миттигина шубҳани тасдиқлагандек бўлди.
Эрининг оёқ товушини эшитиб хотини унга томон ўгирилди.
– Нонушта тайёр! Сизни кутаётгандим.
– Нонуштани қўя тур. Бир пас мана шу жойда, сен билан ёнма-ён турсам дегандим. Буни қара, кечагина қиш эди. Энди мана, ҳаммаёқ яшилликка бурканибди.
– Ҳа, бу йил қиш чўзилиб кетди.
Акмалга хотинининг гапи гинага ўхшаб туюлди. Қулоғига у: «Бу сафар ишингиз чўзилиб кетди» қабилида эштилди.
– Ҳа, қиш ҳам, иш ҳам бир оз чўзилди. – Акмал хотинининг елкасидан қучиб, бағрига тортди. – Энди ҳар қандай шароитда ҳам сени ёлғизлатиб қўймайман! Хотини унинг пинжига яна яқинроқ сурилди. Бу ҳол Акмалга боя кўзгу олдида кўнглидан кечган андишаларини айтиш имконини берди: «Назаримда, мендан қаттиқ ранжиган кўринасан» деб якунлади у гапини. Эрининг сўзларига жилмайибгина қулоқ тутган Нилуфар ёқимтой чеҳрасини унга томон ўгирди.
– Муносабатларимиздан кўнглингиз тўқ бўлсин. Ўзгаришларнинг сабаби улғаяпмиз холос!
Акмал анчадан бери таомнинг ҳам таъмини унутган эди. Шу бугун сезди. Нонушта чоғи ўғлининг ўқиши, рўзғорнинг кам-кўсти билан қизиқди. Дам олиш куни, оилавий тоғ сайрига чиқамиз, деб ваъда берди.
Унгача иш якунига етади. Бугун Худо хоҳласа, суд ҳукми ўқилади. Кийиниб ишга отланаркан, Акмал йўлакдаги ойна олдида яна бир зум тўхтади. Аксига термилиб қолди. Сочининг икки толасига оқ тушибди – энди пайқади. Хотинининг гапи ёдига тушиб жилмайди: «Ҳақиқатдан ҳам улғаяпмиз».
59
Судга келган одамлар залга сиғмай кетди. Жараён узоқ давом этди. Орқада тик туриб қолганлар ҳам ҳукм ўқилмаганга қадар тарқалишмади. Жиноят иши бўйича прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Оқловчи эса ўз ҳимоясидаги кишиларнинг жиноятларини юмшатиш учун турли важ ва сабабларни рўкач қилди. Гувоҳлар бир-бир чақирилиб, кўрсатмалари тингланди. Шу иш юзасидан судга гувоҳ сифатида таклиф этилган Наргис Сотимбойга суиқасд қилганликда айбланиб, суд залида ҳукмга тортилди. Жиноятчиларни назорат қилиб турган милиционерлар уни темир панжара билан ўралган айбдорларнинг қора курсисига ўтқизиб қўйишди. У Шосалим, Шунқор ва Қиличнинг ортида бошини қуйи эгиб, мунғайиб ўтирган опаси Фарангис ва собиқ дугонаси Сакинанинг сафидан жой олди.
Шу пайт биринчи қаторда ўтирган кекса аёл чинқириб юборди. У ёлғизгина фарзандининг ҳажрида мункайиб қолган, эрини тупроққа топшириб бу ҳаётда на қувонч, на орзу-умиди қолмаган муштипар она – Сотимбойнинг волидаси эди. Собиқ келини бўлмиш Наргис ўғлининг қотили бўлганини ҳозир билди. Буни юраги кўтара олмади. Уни суд залидан олиб чиқиб кетишди.
Ниҳоят суд ҳукм олдидан маслаҳат учун зални тарк этди. Одамлар орасида шовур-шувур кучайди. Барча жиноятга берилажак жазо ҳақида гапирарди. Қулоққа тез-тез бир жумла: «Отиш керак бу маразларни» деган гап чалинарди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳеч ким Асқар ака кичкина қизчани кўтариб кириб келганини ҳам, уни ғамдан адо бўлиб, дунёга бефарқ бўлиб қолган Гулчеҳранинг қўлига топшириб чиқиб кетганини ҳам пайқамади.
Суд залига ёш болалар киритилмагани учун Гулчеҳра уни машинада – ҳайдовчининг ёнида қолдирганди. «Ойимга бораман», деб хархаша қилаверганидан Асқар ака қизчани танаффус пайти ойисига келтириб беришга мажбур бўлган эди.
– Ойи! Ойи-ж-он бу йейда нима бўлаяпти, консейтми? – қизчасининг силкилашларидан Гулчеҳра ҳушёр тортди. – Ойи, нимага дадам кеймадийа? У киши кансейт кўймайдийайми?..
Гулчеҳра қизининг ташқарида Асқар акани роса қийнаганини фаҳмлади. Қўлида шоколад пайдо бўлибди. Ҳойнаҳой, овунсин деб Асқар ака сотиб олиб берган.
– Даданг келмайдилар, қизим! – Уни ё ўзини юпатмоқчи бўлиб сўзлади Гулчеҳра. – Дадангни ана у одам яшириб қўйган. Бизга қайтариб бермаяпти!
Қизалоқ ойиси кўрсатган томонга ўгирилиб қаради. «Ийэ, Шосалим амакиси-ку?!» Бир зум ўша томонга тикилиб қолди. Эҳтимол мурғаккина тасаввурида ўтган айрим воқеалар жонлангандир?
Ўшанда Шосалим ҳар гал дадаси билан кетаркан: «Энди мен дадангни олиб кетаман – майлими», деб сўрарди. Гулҳаё йўқ деб дадасининг оёқларини қучиб олар, Шосалим амакиси эвазига шоколад бергач эса унга рухсат этган бўларди. Гулҳаё ойисининг қўлида типирчилаб, кутилмаганда баланд овозда: «Шосам амаки, Шосам амаки» деб унга томон талпинди. Зал бирдан тинчиб ҳамманинг нигоҳи, Жобирбекнинг беваси ўтирган курсига қадалди.
– Уни амаким, дема, қизалоғим. Ҳатто аллаким ҳам дема, у алланима, алламбало!..
Гулҳаё ойисининг гапларига тушунмади. Типирчилаб унинг қучоғидан сирғалиб тушди-да, айбдорлар ўтирган томонга чопқиллади. Яқин боргач, конвойлардан чўчидими ёки темир тўсиқдан ўта олмаслигини пайқадими сал берида тақа-тақ тўхтади:
– Шосам амаки, – деди у ялинчоқ бир оҳангда, – сиз дадамни яшийиб қўйдийизми? Дадамни топиб бейинг – мана шижга шакаяд бейайми?
Қизалоқнинг кутилмаган бу илтижоси юракларни ўртагудек эди. Одамлар ичида ўтирган тошкентлик амаки – санатория боғбони ўзини тута олмади. Унинг сўзлари Шосалимга тикилган барча кўзларнинг, юраклардаги барча сўзларнинг ҳукми бўлиб янгради:
– Ҳе онангни, сен палидни! – алам ва изтиробдан уят ва андишани унутиб бўкириб юборди у. – Уйинг куйсин, қизталоқ – уйинг куйсин! Энди ҳамма боласининг дўстидан шубҳаланади-ку, мараз! Сенинг болаларинг билан энди ким ошначилик қилади, даюс?! Бу даврада қандай бош кўтариб турибсан-а, бузғун…
Амаки тутаққаниданми ёки нафаси етмадими, бир зум жим қолди-да, сўнг Акмал дафтарига кўчириб ёзган «Ром»нинг чатилгани боис тикланмаган ҳарфини ифода этувчи сўзни айтди: Қора қузғун!..
Қарши – Тошкент 2004
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
“Қора қузғун” асари кейинги даврларда детектив жанрида яратилган сара асарлар сирасига киради, десам муболаға бўлмайди. Бундай дейишга асос бор. Мазкур асарнинг республикамиздаги нуфузли нашрлардан бири бўлмиш “Ёшлик” журналида чоп этилгани ва ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олингани ҳам бунинг исботидир.
Мен муаллиф маҳоратини белгиловчи айрим жиҳатлар устида тўхталиб ўтмоқчиман. Авваламбор, шуни таъкидлаш жоизки, мазкур асар бугуннинг нафаси, эртанинг ҳаваси билан йўғрилган. Бу нима дегани? Демоқчиманки, мустақиллик замонида яшаяпмиз. Эскича қарашлар, ишга эскича ёндашувлардан воз кечяпмиз. Давр талаблари ўзгарди. Янгиланиш жараёнлари ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида сезилмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, энди ана шу янгиланиш жараёнларида фаол иштирок этаётган, мустақиллигимизни мустаҳкамлашда бунёдкорлик намунасини кўрсатаётган фидойи юртдошларимиз – “замонамиз қаҳрамонлари”нинг образини яратиш ўзбек адабиёти, шоир ва адибларимиз олдидаги асосий вазифа бўлиб турибди. Замонамиз қаҳрамонларини излаб овора бўлишнинг ҳожати йўқ. Уларни барча соҳаларда учратса бўлади. Ёзишга ҳавас ва иштиёқ бўлса бас!
Давлатшоҳ Самарқандий “Чаҳор мақола” номли асарида давлатнинг тўртта асосий устуни ҳақида сўз юритиб, улардан бири ҳуқуқни муҳофаза қилишга, жамоат тартиби, юрт осойишталигини сақлашга масъул кишилар эканини таъкидлайди. Демак, ўтмишда ҳам осойишталик посбонларига ҳурмат билан қараб келинган. Милиция ходимларининг қадимий номланишига эътибор беринг – “миршаб” – “туннинг амири” деган маънони англатади. Яъни, тун осойишталиги, асосан, унинг зиммасида. “Қора қузғун”да муаллиф ўз қаҳрамонини милициямиз сафларида хизмат қилаётган изқуварлар орасидан танлаган. Зотан, юрт тинчлиги, эл осойишталиги йўлида заҳматли фаолият юритиб келаётган милиция ходимлари орасида, асар қаҳрамони Акмал Чориев каби ўз ишининг устаси, маҳоратли ходимлар кўплаб топилади. Ана шу жиҳати билан ҳам мазкур қисса бугунги кунга ҳамнафасдир.
Ижодкорнинг бу борада маҳорат касб этиб бораётгани эса эртага бундан-да салмоқли асарлар яратиш ҳаваси билан йўғрилган. Асар тили, қаҳрамонларнинг характери, ички дунёси ҳаётий воқелар баёнида ишончли ифода этилганки, бу жиҳатлар ҳам нуктадон ўқувчиларнинг эътиборидан четда қолмайди, деб ўйлайман. Бир сўз билан айтганда, детектив жанр ихлосмандларини яна бир янги асар билан қутлайман. Китобга ошнолик ҳеч қачон кўнгилларни тарк этмасин!
Гулчеҳра МАТКАРИМОВА,Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети декани, юридик фанлари доктори