Читать книгу "Қора қузғун"
Автор книги: Фозил Тиловатов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
37
Шосалимнинг қишлоқдаги ҳовлиси шундоққина каналнинг бўйида жойлашган бўлиб, каналнинг нариёғи кенг даштлик. Паст-баланд тепаликлар оралиғидаги тўқайзорлар қишда қуён, бўрсиқ, ёзда ўрдак овланадиган овлоқ жой.
Шосалим ҳам бир кўнгил ёзмоқчи бўлди. Жобирбек билан бўлиб, кейинги икки-уч йилда бирор марта овга чиқмади. Хотинига тухум қайнатиб, термосга чой дамлаб қўйишини тайинлади-да, Ўта мерганникига ўтиб келмоқчи бўлди.
Ўта мерган ёши саксонларни қоралаб қолган чол. Унинг асли исми Отабек. Азбаройи мерганликда тенги йўқлигидан, «ўта мерган» деган сифат номига айланган. Ёшлигида энг моҳир овчи бўлган. Мўлжални аниқ олишда унга тенг келадиган одам бўлмаган бу атрофда. Шундан, аҳён-аҳён қишлоқ чеккасидаги тўқайзорда ов қилиш учун туман, вилоят баъзан пойтахтдан келиб турадиган казо-казолар уни ҳам бирга олиб кетишарди. Ов кўнгилдагидек ўтган пайтлари Ўта мерганни бир талай совға-саломлар билан уйига кузатиб қўйишарди. У иштирок этган овларнинг завқи бўлакча бўларди. Меҳмонлар ов қилиб бир маза қилсалар, Ўта мерганнинг ўқ отиш санъатини томоша қилиб яна бир маза қилишарди. Айниқса, гулхан атрофида, қўр тузиб ўтиришган чоғлари мерганнинг қизиқ-қизиқ ҳикояларини тинглаш янаям мароқли бўларди.
– Ўта ака, ман бу тўқайзорларнинг нариёғида, «мерган дара» деган бир жой бор экан – шу жой мабодо сизнинг номингиз билан аталмаганми? – шаҳрисабзлик меҳмон Ўта мерганни саволга тутди бир гал.
– Йўқ! Лекин, бу даранинг шундай номланиши менинг бобокалонларим билан боғлиқ – деб Ўта мерган ривоятни ҳикоя қилишга тушди. – Бундан 700 йилча бурун бобокалонларимдан бири мерганликда камолот чўққисига эришган эканлар. Соҳибқирон Темурнинг назарига тушиб унинг қўшинида энг моҳир ўқчи – мерган бўлиб хизмат қилганлар. Темурнинг бир топшириғини адо этиб, бутун дунёга машҳур бўлганлари ҳақида авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга кўчиб келаётган бир ривоят ҳам бор.
Хизматчиликда Темурнинг номини тилга олиш нари турсин, уни эшитгандаёқ шипга қадар сапчиб тушадиган бу одамлар тўқайда ов маҳали Ўта мерганнинг ҳикояларидан ҳадиксирашмади. Қолаверса, Ўта мерган бирор сабаб билан бир муддат тўхтаса, давомини эшитиш иштиёқида бетоқатланиб қолишарди.
– Шундай қилиб Темур бобо Оврўпани ўзига бўйсундирибди! – дея ҳикоясида давом этди у. Давлатлар Соҳибқирон хазинасига бож-хирож тўлаб туришаркан. Бир сафар ўлпончилар қип-қизил мотам ичида қолган бир шаҳарга дуч келишибди. Бу ҳақида жаҳонгирга хабар қилишибди.
– Биз бу шаҳарни токи мотам бошидан кўтарилмагунича солиқдан озод этурмиз! – деб амр қилибди ҳукмдор. Лекин, шаҳарнинг пешволари ўта закий чиқиб қолишибди. Ҳар йили ўлпончилар келадиган пайт баланд минора тепасида қўнғироқ чалинар, одамлар дарҳол тўпланиб мотам маросими уюштиришар экан. Шу зайл шаҳар муттасил етти йил ўлпон тўламабди. Бу ҳақида Соҳибқиронга арз қилинибди. Ҳукмдор ўша шаҳар аҳолисининг бирдамлигига қойил қолиб, мийиғида кулиб шундай дебди:
– Майли, тилимиз билан қилган хатони маҳоратимиз билан тўғрилаймиз! – Бизнинг бобокалонимизни ҳузурларига чақиртириб бир топшириқ берибдилар. Кейинги сафар, бобомиз ҳам ўлпончилар сафида ўша шаҳарга қараб йўлга чиқибдилар. Минора жуда баланд жойда жойлашган бўлиб, теварак атроф узоқ-узоқ жойларгача кафтдек кўриниб тураркан. Минора тепасида пойлоқчилар доимий қоровуллик қилишар, ўлпончилар миттигина нуқта тарзида кўзга ташланиши билан бонг чалишаркан. Ўта бобом ҳали кўз илғамас узоқликдан ўқ отиб, улкан қўнғироқнинг ипларини шарт-шарт узган эканлар. Қоровуллар одамларни огоҳлантиришга улгура олмай қолибдилар. Ҳамма мерган бобомнинг маҳоратига қойил қолган ўшанда!11
Бу ривоят билан боғлиқ жой Польшанинг Краков шаҳри бўлиб ҳисобланади. Ҳозирда ҳам кравокликлар ана шу воқеани эслашади. Шаҳарнинг ўзига хос, қўнғироқ устига суворий ҳайкали тасвирланган рамзи бор. Бу ўша мерган суворий маҳоратига халқнинг улкан эътирофи.
[Закрыть]
– Мистика! Ишониш қийин! – Вилоят компартияси идеология бўлимининг бошлиғи Қўчқорбоев бош чайқаб қўйди. Ўта мерган аччиқланди:
– Ҳа, албатта, Темур миллионта одамнинг калласини кесган, дейишса – ишонасиз, аммо бу гапга ишонмайсиз…
– Ҳей, қўйсанглар-чи, шу сиёсатни! – шаҳрисабзлик амалдор, уларнинг орасига кирди, – ундан кўра ҳикоянинг давомини эшитайлик – жуда қизиқ экан!
Вилоят идеология бўлими бошлиғи Ўта мерган каби одамларни тирноғича ҳам кўрмасди. Лекин ҳозир у билан ади-бади айтишишдан тийилди. Чунки Ўта мерган шу тўпорилиги, шу чўрткесарлиги, мерганлик маҳорати туфайли марказкомнинг биринчи котиби билан ҳам бир даврада ўтирган одам эканини биларди. Шундан, аламини ичига ютди. Фақат қайтишда, ҳамроҳларига қарата: «Авваллари овга този итлар олиб чиқиларди, энди бир кўппакни судраб юриш расм бўлибди», деб киноя қилди.
Ўта мерган идеология котибининг семизликдан киртайиб қолган кўзлари, томоғининг остида халта бўлиб осилган бағбақасига жирканиб бир қараб қўйди-да, кейин ҳикоясида давом этди:
– Хуллас, ўша мерган бобомиз, қариб-қартайиб туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб келади. Кўзи ожизланиб, охир-оқибат ҳеч нимани кўрмай қолади. Лекин ов ҳавасидан воз кеча олмайди. Энди товушга қараб шарпани илғаш ва мўлжални аниқ олиш ҳадисини ўрганадилар. Бир гал ўғилларидан бири билан овга чиқадилар. Ўта мерган ҳар гал ҳикоянинг шу нуқтасига келганида маъюсланиб қоларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кўзлари ёшланиб, томоғига бир нима тиқилди. Эҳтимол, шундай кезлари ўзининг кексалик чоғини кўз олдига келтириб юраги ҳаприқиб кетса керак.
– Хуллас, дарага тошдан-тошга сакраб, ўйноқлаб юрган сайғоқларни ов қилишга боришибди. Мерган бобом фарзандига бир тошнинг устида қимирламай тур, деб тайинлабдилар-да, ўзлари теварак-атрофни қулоқ билан кузата бошлабдилар. Шу пайт ўғил нимагадир мувозанатини йўқотиб, йиқилиб тушмаслик учун овоз чиқармайдиган қилиб, иккинчи тошга сакраб ўтибди. Шу пайт «виз» этиб ўқ учибди. Оғир яраланиб, жон таслим қилаётган фарзандининг «Отажон» деган чинқириғи тоғ бағрида анча пайтгача акс-садо бериб турибди.
Мерган бобом ўқ-ёйини тошга уриб синдирибди, ёқасини чок қилиб йиғлабди. Кейин телбанамо бир аҳволда «Болам-ов, болам» деб даранинг ичига кириб кетганича, қайтиб чиқмаган экан…
Ўта мерган мана шундай хотиралар таъсириданми ёки қушуйқу пинакми, хира тортган кўзларини юмиб, ҳовлисининг кунгай томонида эски пахса деворга суянганча қимир этмай ётарди. Қадам товушларини эшитиб, бошини кўтарди:
– Ким бу?
– Мен, Шосалимман, мерган оға!
– Ҳа, сенмисан? Кел болам! – Ўта мерган бир оз ўнгланиб, меҳмонга қўл чўзди. – Кўпдан бери кўринмайсан? Ташвишинг кўпми?
– Иш кўпайиб кетди ота. Ўзингиз дурустмисиз? Ҳовлида ҳеч ким йўқ, болалар қайда?..
– Бариси далада.
– Ота, милтиғингизни сўраб келгандим. Шаҳардан нозикроқ меҳмонлар келишмоқчи эди. Бир ов қилиб яйрасак, дегандик.
Ўта мерганга жон киргандек бўлди. Ишқибоз одамлар қизиқ-да! Дармонсизланиб қолган мерган ўзгаларнинг овидан баҳра оларди. Милтиғини беради. Ўзи отишга ярамаганидан кейин бошқалар отсин-да!
– Одамга тўғрилама! – одатдагидек тайинлади мерган, милтиқни Шосалимга тутқаза туриб. – Овнинг учдан бир улушини менга олиб келишни унутма, хўпми!
38
Шосалим ўша куни овда узоқ қолиб кетди. Хотини Салима юрак ҳовучлаб эрини кутиб ухлай олмади. Тун ярмидан оққанда аллақандай ғўнғир-ғўнғир товушлар қулоғига чалиниб, ташқарига чиқди. Ҳовлисининг этагидаги эски ҳужранинг чироғи ёниқ. Эри эшик олдида папирос тутатиб турар, ичкаридагилар нима иш биландир машғул эди.
«Ўлжа каттароқ бўлганга ўхшайди, – ўзича ўйлади Салима, – гўшт тақсимлашяпти». Эркакларнинг ишига аралашгиси келмади. Қайтиб уйига кириб кетди…
Салима Шосалимларнинг хонадонига келин бўлиб тушган дамларини ўйлаб бир оз ётди. Ҳадемай эри ўртоқларини кузатиб уйга киради. Уни кутиб тургани маъқул. Лекин Шосалимдан ҳадеганда дарак бўлавермагач туриб ташқарига мўралади. Ҳужранинг чироғи ўчганди. Ҳаммаёқ жим-жит. Ҳайрон бўлди. Ичкари хонанинг эшигини очиб болаларини кўздан кечирди. Кичиги жуда бесаранжом ётади. Вақти-вақти билан устини ёпиб қўймаса, кўрпасини тепиб ташлайверади. Мижози иссиқ. Жаҳли тез – отасига ўхшайди.
Салима яна ўша воқеани эслади. Янги келин бўлиб тушган даврлари эди. Шосалим далада ишларди: тонг саҳарлаб отаси деразалари остига келиб, унинг номини айтиб чақирар, ўғлини уйғотиб ишга жўнатарди. Салима аввалига ўзини мажбур қилиб, эри билан баббаробар туриб юрди. Аммо куни бўйи уйқусираб, ҳорғин алфозда юришга сабри чидамади. Бир куни уйғонишга уйғонди-ю, аммо ўрнидан турмади. Қизиқ, Шосалим бунга оддий қаради. Ҳатто, уни безовта қилмаслик учун кўрпадан оҳиста сирғалиб чиқди. Салима келинларнинг тонг саҳарлаб уйғониши катталар чиқарган бир қоида – келинларни қийнаш учун қайноналар томонидан ўйлаб топилган бир баҳона экан, деб ўйлади. Биз ахир эрларимизга бўйсунамиз-ку?! Эрим гапирмадими – демак, саҳармардон туришим шарт эмас! «Сали, сенга ҳавасим келаяпти, – деганди дугоналаридан бири. – Ўзинг хон, ўзинг султон келин бўласан. Қайнананг йўқ – хоҳлаганингни қиласан». Йўқ, адашган экансан дугонажон. Бу чол иккита қайнонанинг ўрнини босади.
Салима шундай ўйлар ичида яна ухлаб қолибди, кимдир деразани тақиллатгандек бўлди: «қизим, туринг, вақт алламаҳал бўлди», қайнотасининг товуши эшитилди ташқаридан.
«Ҳа, овозинг ўчсин!» – Салима хоҳлаб-хоҳламай ўрнидан турди. Уйқусираганча бир муддат ўтирди. Ташқарига чиқди. Қайнотасига совуққина қилиб салом берди-да, супурги ва челакни олиб кўчага йўналди.
Бу қийноқларга қандай барҳам берсам экан? – ҳаёли шу ўй билан банд эди унинг. Одам боласининг табиати қизиқ. Баъзан иродасизлиги туфайли, бир парча нон, бир лаҳзалик ҳузур-ҳаловат учун нималардан кечвормайди, дейсиз. Салима ҳам тонгнинг ширин уйқуси деб ҳаётидаги энг катта хатога йўл қўйди.
Кечқурун овқатдан сўнг учовлари қўлбола сўрида телевизор кўриб ўтиришганида Салима дастурхонни йиғиштириб олди-да, уйга кириб кетганича қайтиб чиқмади. Шосалим ҳайрон: ахир ҳозир қизиқ бир фильм бўлади. Салима кўрмоқчи эди-ку? Тинчликмикин? Шосалим шу ҳақида отасидан сўрамоқчи бўлди-ю, лекин бир нималарни ўйлаб фикридан қайтди. Наридан бери кино кўрган бўлди-да, отаси билан хайрлашиб уйига кирди.
– Сизга бир нима бўлдими? – тескари ўгирилиб ётиб олган хотинига тегажаклик қилди у. – Ёки ари чақдими?
– Эй-й-й, қўйинг! – У белидан эрининг қўлини олиб ташлади. Хотинининг бу хатти-ҳаракатидан Шосалимнинг иззат-нафсига заҳм етди.
– Менга қаранг, нима бўлганини айтинг ёки йиғиштиринг бу томошани! Агар росмана жиркансангиз… – Унинг овози кескин, ҳукми қатъий эди. – Бундан кейин ҳеч қачон мени худди жиркангандек силтаб ташламанг – уқдингизми?..
Шосалимнинг қони қайнаган, оғир-оғир нафас оларди. Салима бир оз ошириб юборганини сезди. Ўрнидан туриб эрининг елкасига осилди.
– Мен сиздан жирканар эканманми? Ахир, бутун қишлоқ қизлари менга ҳавас қилишади-ку! – Шосалимнинг бирдан кўпчиб кетган қони тезгина совиди.
– Нима бўлганини айтарсиз энди? – Салиманинг сукут сақлаб туришидан унинг кўксида яна шубҳаю гумонлар ғимирлай бошлади. Шосалим қишлоқнинг олди йигитларидан бири эканини яхши биларди. Кучли, хушсурат йигит эди. Биргина камчилиги қашшоқ яшашарди. Ана шу томондан ожиз эканини англарди. Ёшлигида бу нарса уни ҳеч қачон ташвишлантирмаганди. Отаонаси камсуқумгина инсонлар – уларни шу ҳолича севар, ардоқларди. Шу пайтгача уларнинг камбағаллигини ҳеч ким унинг юзига солмаганди, ҳали устидан кулмаганди. Бу 10-синфда ўқиб юрган кезлари содир бўлди.
«Очиқ дарс»да ким бўлсам экан, деган мавзуда суҳбат қуришганди. Ҳар ким ўзи танлаган касби ҳақида гапирди. Навбат Шосалимга келганида синфдаги олифта Толиб гап қистирди.
– Шосалим, сен айтмасанг ҳам биламиз – қурувчи бўласан! – Синфхонанинг ҳар жой-ҳар жойидан «пиқ-пиқ» кулги эшитилди.
– Нега энди, қурувчи, мен заводда ишлайман!
– Нима, отангни касбини қилмоқчи эмасмисан? Отанг ахир қурувчи-ку!
Болалар яна кулишди. Шосалим эса на Толибнинг илмоқли гапларини, на болаларнинг кулгиларини тушунмай боши қотганди. Агар танаффусга қўнғироқ чалинмаганда, баҳс нима билан тугашини ҳеч ким билмасди.
– Толиб! – сабри чидамади Шосалимнинг, – отамнинг нима иш қилишини мен биламанми – сен? Бояги кинояларингга балки изоҳ берарсан – кулиш бўлса бирга кулишайлик!
Толиб айни шундай вазиятни кутганди. Ҳамманинг нигоҳи ҳозир уларда. Синфнинг энг олди қизи Салимани ўзига оғдириб олган Шосалимни руҳан синдириш учун бундан қулайроқ вақт бўлмаса керак.
– Кулишайлик, дейсанми? – заҳарханда қилди Толиб. – Бизга қўшилишиб кулиша олармикансан? Отангни қурувчи, деганим… Отанг кечки пайтлари одамларнинг уйида ҳожатхона қазиб юришидан хабаринг бўлмаса керак!
– Ёлғон! Ёлғон айтаяпсан, – Толибнинг ёқасидан маҳкам чангаллаб силкилади у. Болалар дарҳол уларни ажратиб қўйишди.
– Ёлғон гапириб менга зарил кептими. Кеча отанг бизга чиройли бир ҳожатхона қуриб бердилар. Текинга эмас албатта.
Шосалим ортиқ бир сўз демади. Йиғламсираганча отилиб синфхонадан чиқиб кетди.
Кечки овқат маҳали ота тунд қиёфада ўтарган ўғлининг кўнглини кўтармоқчи бўлдими, энасига қараб: «Насиб этса, яқин кунларда ўғлингга битта велосипед обераман», – деди. У ўғлининг шодликдан ирғишлаб кетишини кутганди. Бундай бўлмади. Аксинча, Шосалимнинг боши янаям қуйи эгилди:
– Керак эмас, – деди у эшитилар-эшитилмас.
– Нима? Керак эмас? – ҳайрон бўлди энаси. Ахир, шу матоҳни деб ҳоли-жонимга қўймайсан-ку болам!
– Керак эмас, дедимми – менга ҳеч нарса керак эмас: велосипед ҳам, кийим-бош ҳам – ҳеч нарса керак эмас!
Ота-она Шосалимнинг дабдурустдан бунчалик тутақиб кетишидан ҳангу манг бўлиб қолишди.
– Мен сизлардан ҳеч нарса сўрамайман. Менга ҳеч нарса керак эмас. Фақат, дадам энди ҳеч кимникига бориб, ҳожатхона қурмасалар бўлгани!
Шосалим шарт ўрнидан турди-да, йиғлаганча уйга кириб кетди. Шу-шу унинг юрагида колхоз бухгалтерининг ўғли Толиб туфайли туғилган нафрат ўсибулғайиб, ўзига тўқ кишиларга нисбатан қаҳр-ғазаб, ҳасад туйғуларига айланди. Энди ҳар бир пулдор одам унинг кўзига Толиб қиёфасида намоён бўлар, Шосалим жон-жон деб бу қиёфани моматалоқ қилишга тайёр эди…
Ҳозир у шуларни ўйлади. Салима айни шу тобда, рўзғордаги етишмовчиликлардан нолийдигандек, дасти қисқалигидан зорланадигандек туюлди.
– Эрталаб дилим сиёҳ бўлди, – ийманибгина сўз бошлади Салима, – отангиз мени уйғотмоқчи бўлиб уйга кирибдилар. Ич кийимда ётгандим, устим очиқ қолган экан. Бирам уялиб кетдим, отам бўлса тикилии-и-иб турибдилар…
Шосалимнинг юраги санчгандек бўлди. Ҳозироқ бориб, отаси билан орани очиқ қилишга тайёр турарди, аммо… «наҳотки, отам ўз келинига шунчалик ҳирс билан боққан бўлса? Ахир бу шармандалик-ку! Одам ҳам шунчалик паст кетиши мумкинми? Балки, Салимага шундай туюлгандир!» Шосалимнинг кўзига уйқу келмади. Тонггача ана шундай изтироблар ичида тўлғониб чиқди. Эрталаб барвақт туриб ташқарига чиқди. Отаси одатича ҳассасини тўқиллатиб шу томонга келмоқда экан.
– Шосалим, турдингми болам?!
– Ҳа, хўрозга ўхшаб ликонгламасангиз ҳам бўларди.
Кутилмаган бу гапдан ота тош қотди:
– Бу нима деганинг, ўғлим?
– Хўроз мен қичқирмасам, тонг отмайди деб ўйларкан! Сиз ҳам энди бизни таъқиб қилишни бас қилсангиз бўларди. Сизсиз ҳам уйғона оламиз! – зарда қилди Шосалим.
Отанинг кўнгли ранжиди. Аммо нима ҳам қила оларди. Ҳозир оиланинг боқувчиси у. Унга бўйсуниш лозим. «Балки, унга ҳалиям ёш боладек муносабат қилаётганим эриш туюлаётгандир?» – ўйлади ота. Аста бурилиб кетаркан: «Тўғри айтасан ўғлим, энди аралашмаганим бўлсин!» – деди.
– Келинингизни ҳам тинч қўйинг! – отасининг ортидан бақирди Шосалим.
Ўша куни отаси ҳужрасидан чиқмади. Салиманинг ҳатто тушлик олиб киришга ҳам юзи чидамади. Кечқурун эри келгач эса, уни отасидан хабар олишга ундади. Шосалим ҳужрадан ўқдек учиб чиқди:
– Сали! – Бутун вужуди қалтирарди унинг. – Отам ўлиб қолибдилар-ку!..
Ҳақиқатдан ҳам ота ўз тўшагида бир даста пулни маҳкам сиққанча жон таслим қилганди. Пулни болаларига бермоқчи бўлган ҳойнаҳой. Салима қилиб қўйган ишидан кейинчалик кўп бор афсусланди, аммо энди таассуф чекмоқдан не фойда?! Отадан қолган пулларни эса олишди. Отани шу пуллар ҳисобидан кўмишди. Шу пуллар ҳисобидан шаҳарга кўчиб кетишди. Ушалмаган армонлари ушалди. Бу пуллар отанинг узоқ йиллар ҳожатхона қазиш эвазига йиққан бисоти экани Шосалимнинг хаёлига ҳам келмади.
39
Сакина эшикни очиб остонада нотаниш бир йигитни кўриб, аввалига мижозларданмикан, деб ўйлади. Чақирилмаган меҳмоннинг милициядан эканини билгач, ранги оқариб кетди. Лаблари пирпираб, «Менда нима ишингиз бор – қонунга хилоф бир иш қилганим йўқ» деди елкалари титраб.
– Қўрқманг, қўрқманг! – тинчлантирди уни Акмал. – Мен бор-йўғи бир масалада сиз билан суҳбатлашмоқчи эдим. Уч-тўрт саволим бор холос. Агар рухсат этсангиз…
Сакина эс-ҳушини йиғиб олди. Эшик олдида гаплашиш ўзи учун ҳам фойдали эмаслигини фаҳмлади: қўшнилар ўтиб-қайтиб туришибди, ҳар нечук…
– Киринг! – Сакина ўзини четга олиб, йўл бўшатди.
– Сиз мана бу кишини танийсизми? – Акмал унга Жобирбекнинг суратини кўрсатди.
– Йўқ!
– А, Жобирбек исмли кишини-чи?
– Танийман, у лўттибозни! – Сакина юзини буриштирди.
– Мана бу мактубни сиз ёзгансиз – дастхатингизни танияпсизми?
– Ҳа. Ўша лўттибозни боплаб бир таъзирини бериш учун қилганман бу ишни.
– Турган гапки, сизни бу ишга кимдир ундаган. Ўша кишилар кимлар эди – танимайсизми мабодо?
– Йўқ. Кўрсам танийман. Улар икки киши эди. Ҳалол бир одамнинг вакиллари бўлиб келишган экан, – Сакина шу сўзларни айтиб, бирдан тутақа бошлади. – Шу ишнинг охири вой эканини ўша пайтдаёқ кўнглим сезганди-я. Нафсим қурсин! Қуриб кетсин ўша лўттивоз ҳам… бир бошимга шунча ғавғо керакмиди?
Сакина изтироб ичида, қалтирай бошлаган қўллари билан Акмалнинг билагидан тутди:
– Ўртоқ терговчи, мени қийнаманг. Ҳамма саволларингизга жавоб бераман. Фақат, тушунтириб беринг – нима гап? Нима воқеалар содир бўлаяпти ўзи?
Акмал бир зум жим қолди. Нималарнидир мулоҳаза қилиб кўрди. Кейин қатъий бир қарорга келиб сўз бошлади:
– Майли, сизга айтсам бўлади. Сиз Жобирбек сифатида таниган одам аслида у эмас. Жобирбек мана бу одам! – Акмал бояги суратни кўрсатди ҳайратдан оғзи очилиб қолган Сакинага. – Мана шу одам бундан тўрт ойча бурун изсиз йўқолган. Бу жиноятга сиз билган Жобирбекнинг алоқаси бор, деган фараз бор.
Сакина бегуноҳ бир одамни шунча сўкиб, қарғаб юргани учун ўзини-ўзи айблай бошлаганди. Акмал унга юзланди:
– Энди менга анави сирли шахс билан боғлиқ барча тафсилотларингизни сўзлаб берсангиз. Кейин мен сизга ҳикоянинг давомини айтаман. Ўшанда қанчалар гўл бўлганингизни, неча бор чув тушганингизни билиб оласиз.
Сакина бўлиб ўтган воқеаларни сўзлар экан, Акмал тафсилотларнинг айрим жойларини дафтарчасига ёзиб борди. Сакина сўзини тугатгач Акмал мийиғида кулимсираб қўйди:
– Қойил! Нақ тартанак уяси. Чигал, аммо моҳирона тўқилган режа.
Шундан сўнг ҳеч нимага тушуна олмай, гарангсиб турган Сакинага бир ҳақиқатни англатиб қўйди. Шунинг ўзи унга бор ҳақиқатни англаши учун кифоя эди. Ҳақиқатдан ҳам Сакина Фарангис ва Наргиснинг опа-сингил экани-ю, Жобирбек ниқоби остида яширинган шахс Наргиснинг жазмани бўлганини билиб, эсидан оғиб қолишига оз қолди. Акмал Сакинанинг ҳушини йиғиб олишини кутиб турди. Кейин унга қараб кулиб қўйди.
– Телефонингиздан фойдалансам бўладими?
– Бемалол, бемалол! – Сакина уни телефон турган бурчакка бошлаб борди. Йўл-йўлакай эса, «вой аблаҳэй, вой лўттибозлар-эй. Роса боплашибди-ку, а мени!» деб минғирлади у. Акмал майор Нурхўжаевга телефон қилди. Иш битгани, бугуноқ учиб боришини маълум қилиб, гўшакни жойига қўйди. Кейин Сакинага юзланиб, «Кийининг, мен билан кетасиз», деди кутилмаганда. Сакина бу таклифдан довдираб қолди:
– Мен? Нега?
– Биринчидан, хавфсизлигингиз учун. Қолаверса, бу ишда сўнгги сўзни сиз айтасиз…
Иккита номаълум шахс Сакинанинг эшигини тақиллата бошлаган чоғ улар ўтирган самолёт осмонга кўтарилиб бўлганди…
40
Шосалимнинг ёшлигидан юрагида чандиқ бўлиб қолган бир дарди бор эди. Ногаҳон ана шу ярага тегиб кетсанг бас, у оғриқнинг зўридан анчагача ўзига кела олмай юрарди. Унинг энг ожиз жойи, оғриқ нуқтаси ҳам шу эди. Инсон боласида азал-азалдан бир-биридан устун бўлишга, ё зўри, ё зари билан бир-бирини камситишга мойиллик қусури мавжуд. Икки курашчи қанот ёзиб майдонга тушса, турган гапки иккаласи ҳам ўлибтирилиб ғолиблик учун олишади. Иккиси ҳам рақибимнинг курагини ерга боссам, дейди. Ҳатто, рақибни даст кўтариб, боши узра юксалтирган полвоннинг пировард мақсади, уни чирпирак қилиб ерга улоқтиришдан иборат бўлади. Атрофда қий-чув кўтариб турган оломонни айтмайсизми. Давранинг икки томонида ҳам кураш қизийди: туйғулар жанги, эҳтирослар кураши! Ҳар икки гуруҳ ўз полвонининг қўли баланд келишини истайди. Шавқу завқ борасида рақиблардан устун бўлгиси келади. Хулласки, қайси томонга қараманг ана шу манзаранинг гувоҳи бўласиз: пули кўп, бисоти мўл одамнинг аукционда ошиғи олчи, билими зўр, идроки беназир олимнинг фанда омади чопиб бораверади.
Шосалим ўзидан тўқроқ, ўзидан устунроқ кишиларнинг ҳаммасидан ҳам, ҳамиша нафратланавермасди. Токи, унинг «таги паст»лигини юзига солишмаса, ўша оғриқ нуқтасига тегишмаса – бировга зарари тегмасди ҳисоб. Кези келганда ташаббусини, бирда кучи, бирда билимини ишга солиб, шунинг эвазига оладиган насибаси билан кифояланиб юраверарди. Жобирбек билан муносабатлари ҳам ана шу асосда қурилганди. У Жобирбек танг аҳволда қолганида ёрдамини аямади, Жобирбек ўз навбатида уни яхшигина сийлади. Жобирбек уни ўзига яқин олди, у муносиб тиргак бўлишга тиришди, садоқат билан хизмат қилди.
Дўстидек азиз, укасидек яқин бўлиб қолган Шосалимнинг хизматларини бирда кифтини қоқиб, бирда бошини силаб, яна бирда қўлини сиқиб келаётган Жобирбек бир гал билиб-билмай унинг оғриқ нуқтасига тегиб кетди.
Ўшанда Жобирбек хонасида иккита нотаниш кўринишидан бадавлат, басавлат нусхалар билан нима ҳақдадир қизишиб, баҳслашиб турарди. Мавзу жиддий, ҳар икки томон бир тўхтамга кела олмагани асабларнинг таранг тортилгани-ю, юзларининг бўғриқиб кетганлигидан кўриниб турарди.
– Жобирбек, ҳалиям кеч эмас – шартимизга кўнинг, – узун бўйли, кампирдаҳан меҳмон, ҳамсуҳбатини сўнгги бор кўндиришга ҳаракат қилди. У гарчи оҳиста сўзласа-да, гапларида таҳдид оҳангги сезилиб турарди. – Ихтироингизни ўзимизда қўллаб нима топасиз? Шоншуҳратми? Молу давлатми? Иккиси ҳам сиз учун сароб бўлиб чиқади – мени айтди дерсиз. Қолаверса, шуҳратни шундоқ қўлингизга тутқазиб қўядиган валламат йўқ бизнинг жамиятда. Ёки Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сига ўхшаб бир ҳовуч сариқ чақага баҳоланади ишларингиз…
– Шунинг учун Фақирбек акамнинг айтганларига кўнинг, – насиҳатга тушди, ҳўкиздек бақувват, сочини тап-тақир қилиб қирдирган Шотир исмли шериги. – Ихтироингизни хорижга сотсак, – у нотўғри гапирмадимми, дегандай Фақирбекка кўз қирини ташлади, хўжайиннинг юзида бирон-бир ўзгариш аломати сезилмагач, гапида давом этди, – биласизми, хорижликлар бу ихтиро учун қанча тўлашади? Давлатдан оладиганингиздан минг маротаба кўп ҳақ оласиз.
Жобирбек пулни муқаддас билувчи; Худоси ҳам, каъбаси ҳам пул бўлган бу кишиларга оддий бир ҳақиқатни – Ватан, эл-юрт олдидаги бурч каби тушунчаларни англата олмаслигига кўзи етганди. Шундан суҳбатга батамом нуқта қўйишга қарор қилди.
– Жаноблар узр! Бу давлат идораси. Бунда қонунқоида, бўйсуниш лозим бўлган интизом мавжуд. Мавзуга бошқа қайтмаганимиз маъқул. Чунки, менинг бу борадаги қарорим қатъий. Уни ҳеч ким ва ҳеч нима ўзгартира олмайди…
Шу пайт эшик зарб билан очилиб Шосалим отилиб кирди. Унинг бемаврид ташрифи, устига-устак директорнинг кабинетига ётоқхонасига киргандек эшикни тақиллатмай, рухсат сўрамай кириши Жобирбекка сал оғир ботди. Мана бу одамларнинг олдида изза бўлгандек сезди ўзини: «Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор, – дилидан ўй кечди унинг. – Тавба! Одам боласи нега бунақа экан-а? Бир оз пули кўпайиб ёки обрўйи ошса – ҳар қандай чегарани босиб ўтиш мукин, деб ўйлайди».
– Жобирбек, сизда ишим бор!.. Кечиктириб бўлмайдиган иш… – Унинг қизарган-бўзарган афту ангори, гарчи масала жиддий эканидан дарак берса ҳам, Жобирбек Шосалимнинг шошқалоқлигидан ростдан ранжиди. Меҳмонлари туришга тараддудланиб қолишганди. Жобирбек, ҳозир деди-да, Шосалимга юзланди:
– Дунёда битмайдиган иш йўқ. Фақат, ҳамма ишнинг ўз мавриди бор. Наполеон бир найнов генаралига. «Сиз мендан баланд эмассиз, узунсиз холос», дегани каби, келинг ҳар бир нарсани мавридида қилайлик. Мен ҳозир меҳмонларни кузатиб олай. Сиз билан кейин гаплашамиз, майлими?
Бу Шосалимга очиқдан-очиқ, чиқиб туринг, дегани эди. Боя тақсимот бўлими бошлиғидан енгилгина зарба еб бир оз гандираклаб қолган Шосалим, ҳозирги зарбадан батамом ўзини йўқотиб қўйди…