Читать книгу "Қора қузғун"
Автор книги: Фозил Тиловатов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
41
Меҳмонлар Жобирбекнинг ташқаригача кузатиб чиқишига унашмади. «Бир ҳисобдан шуниси ҳам маъқулдир», ўйлади Жобирбек. Ортиқча такаллуфга арзигулик муносабат йўқ эди ўртада. Шунинг учун қабулхонадаёқ хайр-хўшлашди. Кейин котибасидан сўради:
– Шосалим нега қизишиб юрибди? Нима масалада келган экан – билмадингизми?
Котиба ҳар икки саволга ҳам елка қисиб «билмадим» деган маънода жавоб қилгач, Жобирбек:
– Топинг, ҳузуримга кирсин! – деди-да, хонасига кириб кетди.
Агар шу фурсатда Шосалим топила қолганида эди, Жобирбек вазиятдан келиб чиқиб оғирроқ гапириб юборгани учун ундан узр сўраган бўларди, эҳтимол. Аммо излаганлар уни топа олмадилар.
Шосалим ўзини-ўзи топа олмай, нима қилишини билмай машинасининг ёнида тош қотиб турарди. Хаёлларга шу қадар ғарқ бўлгандики, бояги меҳмонлар унга яқин келганлирини ҳам сезмай қолди.
– Ҳа, иним? – Шосалим чўчиб улар томонга ўгирилди. Шу дамда ҳеч кимни кўришга тоқати йўқ эди. Кўзи қонга тўлиб, бу вазиятдан чиқишнинг йўлини изларди.
– Авзоингиз чатоқ-ку! – Рафиқбек уни яна гапга солмоқчи бўлди. Кейин шотирига қараб, маъноли қилиб кўз қисиб қўйди: – Дўстингдан топ, деганлари шу бўлади!
Шосалим ноилож қолганди. Тўлиб кетган юрагини ёришдан бошқа чораси йўқлигини пайқади: «Ҳарҳолда бегона кишига ўхшамайди, акс ҳолда Жобирбек билан дўстлигини қайдан билади?» – ўйлади Шосалим.
– Қишлоқдан келишган экан. Икки кундан бери навбат кутиб туришибди. Мендан илтимос қилишувди. Шу заводда ишласам-у, директорнинг энг яқин дўсти бўлиб, бир машинани навбатсиз ўтказиб юбора олмасам – алам қиларкан одамга!
– Шуми муаммо? – Рафиқбек Шотирга «бор бажар» деган маънода ишора қилди.
– Машинанинг рақами қанақа? – сўради Шотир. Шосалим муаммосини бу йўл билан ечишни истамаса-да, бошқа иложи йўқлигидан истар-истамай вазиятга бўйсунди.
– 19–65 КФА…
Шотир катта дарвоза томонга кетгач, Рафиқбек Шосалимни йўл бўйидаги қуюқ дарахтлар билан қопланган боғнинг ичкари томонига етаклади. Атрофдаги ғалағовур, машиналарнинг шовқин-сурони бемалол гаплашишга халақит берарди.
– Камина бир нарсага сираям тушуна олмай таажжубдаман, – узоқдан гап бошлади Рафиқбек. – Сиз салкам директор даражасидаги одамсиз. Башарти, заводда ўз таъсирингиз бўлиши керак. Нега энди оддийгина бир тақсимот бўлимининг бошлиғи оддийгина бир илтимосингизни бажармайди? Сизни тан олмаслик директорни тан олмаслик билан тенг-ку! Шундай эмасми?
Рафиқбекнинг мулоҳазалари ўринли эди. Шосалим унинг фикр юритишига мафтун бўлиб қолганди. Рафиқбек туфайли ўзи ҳеч қачон ўйламаган бир ҳақиқатни англагандек бўлди.
– Кўзингизни каттароқ очиб, ҳушёр бўлмасангиз мана шундай итнинг орқа оёғи бўлиб қолаверасиз. Агар қўпол ўхшатиш қилган бўлсам, узр!
– Ҳечқиси йўқ. Сиз айни ҳақиқатни сўзлаяпсиз! – суҳбатдошининг узрини қабул қилди Шосалим. – Демак, менга ортиқча ҳуқуқ бермаслик ташаббуси Жобирбекдан чиққан. Шунинг учун ҳам менга ҳамма унинг дўсти деб эмас, оддий бир шофёр деб муомала қилар экан-да! Кетаман, мана машинаси ҳам бошидан қолсин!
– Қизишманг, иним! – тинчлантирди уни Рафиқбек. – Боя Наполеоннинг воқеасини ҳам бежиз мисол қилмади. Бу, мен сени ўзимга яқин олганим билан сен мендан пастсан – ҳаддингни бил, дегани эди. Шуни фаҳмладингизми?
Шосалим бунга эътибор қилмаганди. Ўша тобда ўзини тингламагани, эшикдан қувиб солгани учун ранжиганди. Энди ўйлаб қараса, дўст дегани роса ҳақорат ҳам қилган экан-ку! Хафачилиги икки ҳисса ошди унинг. Икки ўртада дўстлик ришталари узилгани аниқ эди. Шосалим бундан буён нима қилишини, қандай йўл тутишни билмасди. Шу боис жон куйдириб, унинг ташвишини қилаётган Рафиқбекдан нажот истади.
– Энди нима қилсам? Нима маслаҳат берасиз?
– Аввал менинг бир саволимга жавоб беринг – деди Рафиқбек унинг саволини ҳозирча жавобсиз қолдириб. – Айтинг-чи, Жобирбекнинг сизни ўзига яқин олиши нимадан – қариндошингизми у?
– Йўқ!
Шосалим бундан бир неча йил муқаддам цехда ёнғин содир бўлганидаги воқеани сўзлаб берди.
– Ана кўрдингизми? Монстрни, ахир ўзингиз – мана шу қўлларингиз билан яратиб қўйган экансиз-ку! У бўлса сизнинг дастингизни қисқа қилиб қўйибди. – Рафиқбек, унинг аҳволига ачингандай бўлиб, бош чайқади-да, гапини давом эттирди: Роса гўл экансиз, биродар ахир у сиз каби ташаббускор одамни, қайсиким шу ташаббускорлиги орқасидан амал пиллапояларидан юксалиши мумкин бўлган одамни ўз йўлидан олиб ташлабди. Устамонлигини кўринг – ўзига шофёр қилиб жиловда сақлаб юрибди. Қойил, сиз ташлаган пойдевор устига ўзига мустаҳкам қўрғон қуриб олибди, валломат!
Шосалимнинг кўзи мошдек очилди. Аммо энди кеч. Энди бундан буён нима қилишини – қандай йўл тутиши лозимлигини ўйлаши керак.
– Энди, аввал қандай муносабатда бўлсангиз – ўшандай давом эттираверасиз алоқаларни. Аммо, каллани ишлатсангиз, ўз ҳаққингизни ажратиб оласиз. Дўстингиз сиздан қандай фойдаланган бўлса, сиз ҳам шундай йўл тутинг. Бу «ўз қалпоғини ўзига кийдириш, ўз қўли билан ўзини бўғиш», дейилади.
Шу пайт дарахтлар орасидан Шотирнинг қораси кўринди. Ёнида қишлоқдошлари ҳам келишмоқда эди. Рафиқбек бу одми одамлар Шосалимга келаётганини билиб ўзини чеккага олди. Улар билан саломлашишни ҳам ўзига эп кўрмади. Бу ҳам бир ҳисобдан яхши бўлди: «Кўриб қўйишсин, Шосалим қандай одамлар билан ҳамсуҳбат эканини!» Ёшликдаги синфдоши ва рақиби, ҳозирда тумандаги қурилиш ташкилотида таъминотчи бўлиб ишлаётган Толиб кела солиб, унинг қўлини маҳкам сиқди:
– Раҳмат, жўра! Мушкулимизни осон қилдинг. Борганингда кир – қуюқ зиёфат биздан. Сен биланфахрланамиз…
Боядан бери дили хуфтон бўлиб турган Шосалимнинг чеҳраси бир оз ёришди. Бу Толибнинг устидан қозонган мутлақ ғалабаси эди. Ана шу ғалаба учун у Рафиқбекка қуллуқ қилишга-да тайёр эди шу дамда. Шундай бўлди ҳам: у Рафиқбек ғояларининг қулига айланди.
42
Салима эрталаб эрини ишга жўнатиб, рўзғор юмушларига шўнғиб кетди. Аввал шаҳарда яшаган кезлари ўзини жуда носоғлом сезарди. Чордеворнинг ичида роса сиқиларди. Қишлоқ-қишлоқ-да, барибир. Рўзғор – ғор. Иш дегани бошидан ошиб ётибди. Аммо чарчашга қўл тегмайди. Ҳаммасини ўзи бажариши керак. Эри кўчадан ортмайди. Энди заводга директор бўлганидан берику, рўзғордаги эркакбоп ишлар ҳам унинг зиммасида. Салима ҳовли бурчагидаги ҳувиллаб қолган катак олдида бир пас тўхтади: «Шу катакни кенгайтириб беринг» деб бир ҳафтадан бери жаврайман – фойдаси йўқ – ўзим енг шимармасам бўлмайди».
Салима шуларни ўйлаб турганди, дарвоза олдига машина келиб тўхтади: «Волга». Эримнинг бундай эртачи қайтадиган одатлари йўқ эди-ку?» Салима бир оз безовталаниб дарвозага томон юра бошланганди, у ёқдан иккита нотаниш йигит остона ҳатлаб ичкарига киришди.
– Ассалому алайкум, янга! Мен Илҳомжон – Шосалим аканинг шофёриман. Мана мардикор ёллаб келдим, уйда озгина юмуш бор дегандилар.
– Ҳа, келинглар, келинглар. Ҳозир чой дамлайман!
– Ташвиш қилманг, янга. Мен боришим керак. Сиз мана бу кишига ишни кўрсатсангиз бас…
– Исмингиз нима ука?
– Шокир! – Илҳомжонни жўнатиб ичкарига кирган Салима мардикор йигитни катак томон бошларкан, уни гапга тутди. – Акангиз, ҳе йўқ, бе йўқ қуёнларимни Ўта мерганга обориб берибдилар. Тавба, нега деб сўрасам гапирмайдилар. Ўта мерганни танийсизми?
– Йўқ. Мен бу ерлик эмасман.
– Ҳа, бир чол-да! Ёшлигида мерган ўтган. Овчи. Ҳозир қариб-қартайиб қолган. Милтиғини ижарага бериб туради. Акангиз яхши ов қиладилар. Ўша куни нима жин урди-ю, эрталабгача ҳеч нима овлай олмабдилар шекилли, қуёнларимизни милтиқ эвазига бериб юборибдилар. Қуёнлар болаларнинг эрмаги эди. Қуён оберасиз, деб бошимни қотиришяпти. Мана шу катакни кенгайтириб, қуён боқишга мослаб берсангиз.
Салиманинг табиатидаги қусурлардан бири – бировга бир нима демоқчи бўлса гапни бир қир наридан айлантириб келарди. Мана ҳозир ҳам бир оғиз топшириққа шунча изоҳ. Қуёнхона қуриб беринг деса бўлади-ку, оддийгина қилиб, мардикорга тафсилотларнинг нима қизиғи бор?
– Майли. Сиз ишингизни қилаверинг, янга! – Шокир енг шимариб ишга киришди.
– Нима керак бўлса мана бу жойдан олаверасиз, – Салима омборхонага ишора қилди. Тахта дейсизми, мих, цемент – ҳаммаси бор.
Шокир ишга тушаркан, вақт топиб Ўта мерганникига ўтиб келишни дилига тугиб қўйди…
43
Шосалим эрталабга мажлис чақириб қўйганди. Цехларнинг бошлиқлари, лаборатория, автобаза ва бошқа бўлим раҳбарлари унинг кабинетида тўпланишган – белгиланган муддатдан ярим соат ўтса ҳамки ундан дарак йўқ эди. Одамлар бетоқат бўла бошладилар. Ҳамманинг ўз ҳудудида иши бор, ахир. Фавқулодда иши чиқиб қолган бўлса, қўнғироқ қилиб айтиб қўймайдими? Ёки тоби қочиб қолдимикан? У ҳолда ҳам огоҳлантириши лозим…
Директорни кечикишига бошқа сабаб бор эди. У туни бўйи мижжа қоқмай тўлғаниб чиққанидан, тонгга яқин ухлаб қолганди. Уйқудан бир оз тиниқиб турди. Турди-ю, эрталаб мажлис чақириб қўйгани ёдига тушди. Апил-тапил кийиниб кўчага отилди. Машинаси ҳадеганда ўт олмай, бир оз хуноб бўлди.
– Ҳа, палакат! – рулни асабий силтади у. – Омадсизлик бир келса, қўшалоқ бўлиб келавераркан! Шошилганда «лабай» топилмайди, деб шуни айтадилар.
– Машинасини қулфлаб, катта йўлга чиқди – такси ушлаб, заводга ҳайдашини айтди. Йўлда кечаги даҳшатли воқеа яна хотирасида жонлана бошлади. Ўша бир жуфт қонталаш кўзлар уни тушида ҳам, ҳушида ҳам таъқиб этишдан тўхтамасди. Кеча ҳам шу ҳол юз берди…
Шосалим режа бўйича Қилич билан Шунқорни Тошкентга жўнатди. Уларнинг вазифаси Сакинани кўздан йўқотиш эди.
– Пулни аяманглар: Москвагами, Грознийгами кетсин, ғойиб бўлса бас, – таъкидлади Шосалим шотирларига.
– Унамаса-чи?
– Унамаса? – Шосалим Шунқорга қаттиқ тикилди. Бу нигоҳда «Ўзинг билмайсанми?» деган писанда бор эди. Қилич «босс» нима демоқчи эканини фаҳмлаб:
– Кўнглингиз тўқ бўлсин, хўжайин! – деди бир оз ялтоқланиб. – Фақат пичоқни тозалаш учун «қоғоз»ни мўлроқ берсангиз бўлгани.
– Бу ёғидан хотирингиз жам бўлсин! Анави жувон гапга кирмаса, унга аталган пуллар ҳам ўзингизга қолади.
– У энди ҳеч қачон гапга кирмайди! – иршайди Шунқор.
Бир йўла ҳам элчи, ҳам қотил сифатида танланган бу икки шахс эрталабки рейс билан Тошкентга қараб учди. Кечга бориб Шосалим режанинг иккинчи қисмини бажаришга киришди. Отанинг чоғроққина ҳовлисига кириш унча қийин кечмади. Эҳ-ҳе, неча йиллик умри ана шу ҳовли билан боғлиқ-ку! Ҳовли бурчагидаги ҳужрадеккина хона ҳам унга таниш. Фақат голланд печнинг сирини ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.
Шосалим эҳтиёткорлик юзасидан хона эшигини юқорига кўтариб очди. Шундай қилса, ғийқилламайди. Кейин ўзини ичкарига олди-да, эшикни яна ўша йўл билан ёпди. Қўл фонарини ёқиб печни обдан пайпаслаб чиқди. Эгилиб ўтхонасига мўралади. Шунда тилсимга ечим топганини фаҳмлади:
– Пишиқлигини қара! Буни ҳеч ким сейф деб ўйламайди, – хаёлидан ўтказди у. – Мен ҳам шунга ўхшаган… йўқ, йўқ, – фикридан қайтди у, – умуман ўхшаши йўқ бир сейф ясаттиришим керак.
Шосалим ўтхонадан калитнинг тешигини бармоқлари билан пайпаслаб топди-да, унга калитни ўрнатди. Ўнгга икки марта бураганди: печнинг ўрта қисмидан «тирс» этган товуш эшитилди. «Бўлди! Ҳаммаси тугади. Жобирбек салтанати қулади!» Шосалим бундан бир йилча муқаддам бошлаган азоб билан кечган курашга бугун сўнгги нуқта қўйиши лозим. Ҳозир мана сейфни очади-да, керакли ҳужжатларни қўлга киритади. Уни буюртмачиларга топширса, шотирлари Сакинани гумдон қилса – ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолади. Шундан кейин унинг мушугини «пишт» дейдиган одам бўлмайди бу дунёда…
Шосалим печкада пайдо бўлган тирқишга бармоғини тиқиб, ўзига қараб тортганди, сейфнинг эшиги очилди. Музлатгичга ўхшатиб ясалган экан: эшик очилиши билан ичкарида «чирт» этиб чироқ ёнди. Шосалим чўчиб тушди. У сейф тўридаги кўзгуда ўзининг аксини кўрганди. Кейин апил-тапил сейфдаги барча қоғозларни, папкаларни ўзи билан олиб келган сумкага жойлади-да, сейфни қулфлаб, ташқарига йўналди.
Ҳаммаси силлиқ кетаётганди. Ойнавандли айвон ёнидан ўтаётиб, беихтиёр деразага қаради. Ойнадан ўзи томон тикилган бир жуфт кўзни кўрди. Даҳшатдан бақириб юборишига оз қолди. Шундан сўнг ҳовлидан қандай чиққанини ҳам, микрарайондаги уйига қай тахлит етиб келганнини ҳам эслай олмади. Тонггача яна тунги лампанинг хира ёғдусида, деворда катта кўланка ясаб, кетма-кет сигарета тутатиб чиқди. Унга алам қиладигани, тирик одам борки, йўлига ғов бўлса бартараф этишга қодир эди. Аммо, арвоҳнинг бир жуфт қонталаш кўзлари таъқибидан қочишга жой топа олмай қийналарди. Илло, бу қийноқлар дўзах азоби билан тенг эди.
44
Шокир тушгача қуёнхона учун жой тайёрлади. Аввалги катакни бузиб, темирини-темирга, чўпини-чўпга ажратди. Кейин қуёнхонанинг остки тупроқ ишлари билан машғул бўлди. Белигача чуқурликда ҳовузга ўхшатиб ўра қазиди. Ости ва ён атрофларини яхшилаб мустаҳкам қилмаса – қуёнлар ёмон, илма-тешик қилиб юборади, азаматлар. Иш билан бўлиб, кун тепасига келиб қолганини ҳам сезмай қопти. Тепадан шивалаб тупроқ тўкилгандек бўлди. Бошини кўтарганди, қазиб чиқарилган тупроқ уюми устида бири етти, бири тўққиз ёшлар атрофидаги икки болакайни кўрди.
– Салом азаматлар, ёрдамга келдингларми?
– Йўўқ! Биз ёрдамга келмадик, – болаларнинг каттароғи Шокирнинг саволини жиддий қабул қилган шекилли, ташрифи ҳақида батафсил маълумот беришга киришди. – Аям айтдила, овқат тайёр бўпти… Тушлик қилиб оларкансиз.
Бола шу гапни айтиб кетишга чоғланди: «Юр, Асқар!» – Укасининг эса кетгиси йўқ эди. Каттаси укасини қўярда-қўймай кетишга ундади. Ахийри, кўндира олмагач, юзига бир тарсаки туширди. Асқар қўлидаги бир парча нонни ерга отиб юборди-да, ўтириб олиб чинқириб йиғлашга тушди. Ҳовли томондан Салиманинг овози эшитилди:
– Баҳодир, ҳой яшшамагур! Яна укангни чирқиратяпсанми?
Шокир хандақдан чиқиб, кичкина Асқарни овутишга тушди. Агар йиғламаса қизиқ-қизиқ ҳикоялар, эртаклар айтиб беришга ваъда берди. Асқар йиғидан тўхтади.
– Қачон айтиб беясиз? – сўради у. – Агай айдасангиз яна йиғяйман!
– Шокир унинг болаларча содда сўзларидан кулди.
– Мана ҳозир айтиб бераман. Ҳобил билан Қобил қиссаси: қадим-қадимда ер юзида биттагина одам бўлган экан. Бутун ер юзида биргина хотини билан яшар экан…
– Хотини одаммасканми? – уларга яқин келиб эртакка қулоқ тутиб турган Баҳодир луқма ташлади. Шокир боланинг дабдуруст берган саволидан довдираб қолди. Қисса бошидаги хатосини тузатишга ҳаракат қилди:
– Ўша танҳо одам хотин олибди ва ер юзида одам сони иккита бўлибди. Кетма-кет иккита ўғил туғилибди.
– Одам сони тўртта бўлибди, – яна гап қистирди Баҳодир.
– Баракалла, – Шокир Баҳодирнинг математик қобилиятини мақтаб қўйди. Кейин ҳикоясида давом этди: – Болаларининг бирига Ҳобил деб, иккинчисига Қобил деб исм қўйибдилар. Улар улғайиб вояга етибдилар. Ҳобил ақлли, меҳнаткаш экан-у, Қобил танбал, ишёқмас бўлиб улғайибди. Бутун борлиқ, дарахтлар, гуллар, қушлар, осмон, юлдузлар – бари-бари Ҳобилни мақтаб, унга тасаннолар айтишаркан. Қобилни эса тилга ҳам олишмас экан: чунки у гулларни пайхон қилиб, дарахтларни синдириб, қушларга тош отиб юрарканда!
Баҳодир бўйнига тақиб олган «рогатка»сига бир қараб олди-да, кейин кўринмасин учун айлантириб орқасига ўтказиб қўйди.
– Қобил ҳамиша Ҳобилнинг шуҳратига ҳасад қиларкан. Бир куни у Ҳобилни жарга итариб юборибди. Энди Ҳобил йўқ, ҳамма мени мақтайди, деб ўйлабди у. Аксинча бўлибди. Қаерга бормасин ҳамма ундан жирканар, қотил деб маломат тошини отаркан. Қобил қилган ишидан пушаймон бўлибди. Афсус-надомат чекибди – аммо кеч бўлган экан.
Мана, сизлар ҳам ака-ука иноқ бўлингизлар! – Шокир Асқар улоқтирган нонни ердан олиб, пуфлаб тупроққа беланган жойларини тозалади. Кейин Асқарни кўтариб олди:
– Қани кетдик азаматлар, энди биргаликда тушлик қиламиз…
45
Шосалим «тунги ов»дан қайтгач анчайин ҳаяжонини боса олмади. Аъзойи бадани қалтирарди. Унинг ана шу дир-дир титраётган танаси бугун ҳавас қилса арзугулик ҳаётга эришган: қўлини қайга узатса етарди. Пойқадамига барча эшиклар очиқ, уст-боши энг қимматбаҳо либослар билан безалган. Сиртдан қараганда бир танага зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё эди. Фақат, юраги безовта – ҳаловат йўқ эди дилида.
Шосалимнинг ўша қотиллик юз берган тундан бери уйқуси беҳузур. Овқатнинг таъмини йўқотганди. Юксак мартаба, жарақ-жарақ пул, обрў-эътибор илинжида Жобирбекка зимдан чоҳ қазиб юрган чоғлари ҳозиргидан кўра бахтиёрроқ эди. Ундан ҳам аввалроқ дўстига беғараз хизмат қилиб юрган кезлари турмуши аъло эди. Аввалига «ҳамма ишлар битиб, қарзлар узилгач – юрак ором топади», деб ўзини алдаб юрди. Мана бугун ана шу қийноқларга батамом нуқта қўяман, деб ўйлаганди. Аммо Жобирбекнинг беозор кўзлари уни таъқиб этишдан тўхтайдиган эмас. У юксалдим деб роса тубанлашганини – сирли бир ўпқонга қулаб бораётганини фаҳмлай бошлаганди. У воқеликдан кўз юмиб, тақдирига қасдма-қасд бардош билан яшашга қанчалар чиранмасин, кун сайин кучи тугаб, қуввати сўниб бораётганини ҳис қилмоқда эди.
Қизиқ! Ёвуз ният билан гугурт чақсанг бас, уни алангалатмоқ учун ўтинчилар кўпайишиб қоларкан. «Кўр кўрни қоронғида топади», деганлари шумикин?! Шу боисдан ҳам ёмонлик кетидан ёмонлик туғилиб келавераркан-да! Ахир… Эҳтимол, Жобирбекка нисбатан кўнглимда ғараз ғимирлаган ўша дамларда Рафиқбек учраб қолмаганида, воқеалар бу тарзда ривожланмаган бўлармиди?.. Мана бу гўрсўхталар-чи? Қаёқдан ҳам топила қолди? – Шосалим Қилич билан Шунқорни эслади. Пул деганда ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган нусхалар. Бириси ана шу иллати учун милициядан қувилган, бириси биб-бинойи дўхтирлик касбини қилмай, ялоқхўрлик йўлини тутганди. Уларни ёвузлик бирлаштирди. Мўмай даромад топиш йўлидаги мақсад уюштирди. Айниқса, Қилич бу йўлда ҳеч нимадан тап тортмасди.
Шосалим Қилич билан танишган илк кезларини хотирлади. Нимадир юмуш билан Тошкентга учганди ўшанда. Аэропортдан такси кира қилди. Таксичи йигит анчайин одамохун чиқиб қолди. Қизиқ-қизиқ воқеаларни сўзлади. То юмушларини битиргунча, бирга юриши мумкинлигини айтиб, ана унақа «холис» хизматларни ҳам таклиф этди.
Кечгача бирга бўлишди. Ишлар тугагач, Қилич Шосалимни уйига бошлаб борди. Кўпқаватли уйда тураркан. Хотини Фарангис кўҳликкана жувон экан. Очиқ юз билан қаршилади меҳмонни. Янги, оҳори тўкилмаган сочиқ тутди. Кейин бир пасда дастурхон тузади. Шосалим қуруқ бўлмасин деб йўл-йўлакай бозорга тушиб чиққанди. Фарангис ана шу маҳсулотлардан шунақанги таомлар тайёрладики, мазаси Шосалимнинг оғзида қолди.
Қилич барваста, полвонкелбат йигит эди. Милиция формасида тушган расмларида шунақанги салобатли кўринардики, мана бу ширакайф бўлиб алжираб қолган кишига ўхшамасди сира.
– Милициядан нега кетдингиз? Одамлар бу соҳага ишга ўта олмай хуноб бўлиб юришади-ку! – Шосалим овқат чайнаб туриб Қилични гапга тутди. У саволга тўғридан-тўғри жавоб бермади. Қўлидаги қадаҳни бўшатди-да, ароқнинг аччиқлигиданми ёки саволнинг тахирлигидан – юзи буришиб кетди.
– Во, орқам, деган экан бир киши. – Қилич, газакка қўл узатаркан, ҳам ароқнинг аччиғини, ҳам саволнинг тахирини бир йўла босишга тутинди. – Орқамиз бўлганида, ока ҳозир ишлаб юрган бўлардик. Бирор-бир район милисасининг началниги бўлган бўлардим эҳтимол…
Агар Қиличнинг милициядан кетиши ҳақиқатдан ҳам шу важдан бўлса, саволга қониқарли жавоб бўлди. Аммо, у асл сабабини яширди. Қинғирлиги туфайли мундиридан мосиво бўлганини сўзламади. У сайлгоҳларда, сўлим масканларда севишган йигит-қизларни уят ишлар устида қўлга тушириб, «бизнес» қилганини айтмади. Жамоат тартибини бузганликда айбланган йигитқизлар бургутнинг чангалига тушган мусичадеккина бўлиб қолишар, кейин қўрқув ва саросима ичра бундай шармандали вазиятлардан чиқиш чорасини ахтаришарди. Эҳ-ҳе, бир кунда неча бир шунақа жуфтлик унинг тўрига илинмасди…
Фарангис қўлида бўш ликопча билан кириб келди-да, эрининг олдида тўпланиб қолган пўчоқларни тозалади. Сўнгра Шосалим томонга ўтди. Эгилиб пўчоқларни оларкан унга нағма ҳаракатлар қила бошлади. Тасодифга ўхшамасди бу. Чунки бирмас иккиуч марта такрорланди бу ҳол. Шосалимнинг суяклари юмшаб кетди. Эри кўрмаяптимикин, деган ўй билан Қиличга кўз қирини ташлади. Унинг парвойи палак эди.
– Фарангис, кел, сен ҳам ўтир, – деди Қилич хотинининг борлигини худди энди пайқаб қолгандек. Фарангис эрини юқорироқ чиқарди-да, ўзи Шосалимнинг рўпарасига ўтирди. Меҳмонга мулозамат юзасиданми унга чиройли бир табассум ҳадя этди.
– Олиб туринг! – қип-қизил қилиб қовурилган товуқни унга томон сурди Фарангис. Шосалим гўштни олишга олди-ю, уни оғзига сола олмади. Қўли ҳавода муаллақ қолди. Эти ширин жунжикди. Аста Қилич томонга кўз ташлади: «Пайқаб қолса-я!» Фарангис эса даврада эри ўтирганини хаёлига ҳам келтирмасди. Стол остидан чиройли, бежирим оёқларини узатиб, меҳмоннинг тиззасини сийпалади. Шосалимнинг пешонасидан тер чиқиб кетди. Юраги нотекис ура бошлади. Нафаси тиқилди. Эркаклиги жунбишга кела бошлаган эди ҳамки, жувон оёқларини йиғиштириб олди.
– Қандай, мазза қилдингизми?
Шосалим нима дейишини билмай дудуқланиб қолди.
– Ман мазза қилдим локин! – ўзини стул суянчиғига ташлаб кекириб қўйди Қилич. – Товуқнинг оёғини боплабсан!
– Сизга-чи? Сизга ҳам оёқ ёқдими?
– Қайси оёқ?..
Фарангис «қўлингиздаги» дегандек имо қилди-да, кейин муғамбирона кулиб қўйди. Шосалим Фарангиснинг ўйноқи кўзларига дош бера олмай, нигоҳини олиб қочди. Муғамбирона саволига ҳам жавоб бериши қийин кечди. Эшитилар-эшитилмас қилиб:
– Оёққа… Оёғингизга гап йўқ! – деди.