Читать книгу "Қора қузғун"
Автор книги: Фозил Тиловатов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
26
Фуқороча кийинган икки нотаниш кишининг – Акмал уларнинг ички ишлар вазирлигидан эканини йиғин сўнгида билади – бугунги ташрифи ҳам аслида шаҳар аҳолиси орасида тарқаб кетган турли миш-мишларнинг олдини олиш, тергов-қидирув ишлари билан танишиб, жараённи тезлаштиришга қаратилган эди.
Шаҳарда уч ойдирки ҳамманинг оғзида шу гап эди. Ҳар ким бу воқеани ўзича талқин қилар, ҳар куни янгидан-янги тахминлар тўқиларди: кимдир Жобирбекнинг тақдирига азбаройи қайғурганидан, кимдир эрмакка ўчлигидан, кимдир ўта қизиқувчанлигидан, хуллас, ҳеч ким бу мавзуни четлаб ўтолмасди. Аввалига одамлар Жобирбек чет элга қочиб кетганмиш сингари миш-мишларга сайлов пайти юзага қалқиб чиққан бир жувоннинг мактубида унинг чўнтагида иккита паспорт кўрганлиги айтилган маълумотни дастак қилиб сўзлаб юрдилар. Кейин «ихтиросини чет элга сотгани учун қамалган эмиш», деган фаразлар тарқади. Хуллас, шаҳар кунда бир янги маълумот эшитарди, фаразлар бисёр, фақат Жобирбекдан дарак йўқ эди.
– Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди, – шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг хонасига эрталабдан бери танча қуриб олган меҳмонларнинг бири деворга осиғлик соатга бир қараб олди-да, барчага қарата деди: – Токи масалага ойдинлик киритиб, ишни охирига етказмас эканмиз, миш-мишлар ортиб бораверади. Билингки, бундай асоссиз миш-мишлар терговни ҳам чалғитиши мумкин.
Майор Нурхўжаев меҳмоннинг охирги гапидан бир оз саросималаниб қолди. Акмал ҳам уни «Миш-мишларга чалғиб, тергов ҳаракатларини охирига етказа олмаяпсизлар» қабилида тушинди. Фақат, меҳмон фикрини давомини айта бошлаганидагина бир оз тинчланишиб, ҳатто билинар-билинмас табассум билан бирбирларига қараб олишди.
– Умумий тергов ҳаракатлари натижаларидан қониқиш ҳосил қилдик, – деди у ҳамроҳига юзланиб. Иккинчи меҳмон, боши билан тасдиқ ишорасини бергач, давом этди. – Бу ҳақда вазирга етказамиз, Чориевнинг таклифини ҳам эртагаёқ генерал ҳузурида кўриб чиқамиз. Балки, ёрдамга иккита яхши ходим жўнатармиз.
Акмал шундагина меҳмонлар ички ишлар вазирлигидан эканини фаҳмлади. Ўзини шу пайтгача, худди болаларча тутгандай ҳис этди. Бирдан жиддий тортди. Лекин, ич-ичидан хурсанд эди у. Чунки, вазирлик вакиллари унинг ишидан қониққанликларини айтишди. Таклифларини маъқуллашди. Айниқса, Акмалнинг таклифини генерал ҳузурида кўриб чиқамиз, дегани жуда ёқди. Ахир, генералнинг назарига тушиш – бу ҳазилакам гап эмас!
Эртаси куни Тошкентдан иккита ходим етиб келди. Майор Нурхўжаев хонасида Акмал ва бояги ходимлар иштирокида ҳаракат режаси тузилди. Қидирув ишлари поёнига етгунга қадар режанинг махфийлиги сир тутиладиган бўлди.
27
Эрталаб гаражга келган Асқар ака заводга вақтинчалик Шосалим директор этиб тайинланганини эшитиб ҳайрон қолди: «Шосалим – директор?» – ақли шошиб қолди бу янгиликдан. Ахир, Шосалим директор бўлади, деб ким ҳам ўйлаганди!? Кейинги бир неча йил мобайнида, у умуман заводдан узоқлашганди. Уни Жобирбекнинг шахсий ҳайдовчиси сифатида танишарди одамлар. Қизиқ замон бўлди-да, – ўйлади Асқар ака – бир умбалоқ ошсанг-у, директор бўлиб қолсанг! Омад деганлари шу бўлса керак? Бир ҳисобдан шуниси ҳам яхши. Синашта одам!» Асқар аканинг кўнглидан оғриқли бир фикр кечди: «Наҳотки, Жобирбек шу кўйи жим-жит бўлиб кетса!? Қандай яхши киши эди-я! Унга қанча-қанча ёрдамлар қилганди. Институтда ўқиётган қизига шартнома пулларини ўтказиб бериб турарди. Ўғлини уйлантирганда тўй харажатларига қарашворганди. Эй, Худо, қайда бўлса ҳам омон бўлсин ишқилиб!», – юзига фотиҳа тортди у. Кейин машинани ўт олдирди-да, ташқарига ҳайдади.
Чиқаверишда уни диспетчер хотин тўхтатди:
– Аскар, тû мед осмотр прошел?
– Да, брось Нина, отпусти меня! – Шу расмиятчиликни одатдагидек четлаб ўтмоқчи бўлди у.
– В этот раз серезно! Аскар, иди время не теряй!
Асқар ака Нинани ҳеч қачон бундай жиддий қиёфада кўрмаганди. Шундан вазият бошқачароқ эканини, ҳатто директорнинг ҳайдовчиси бўлса ҳам, қоидага бўйсуниши лозимлигини фаҳмлади: «Оббо, Шосалимэй! Тартибни остонадан бошлабди – ёмон эмас. Интизом – яхши!»
Асқар ака машинани чеккага чиқариб тўхтатди. Кейин кўрикдан ўтиш учун, тиббий кўрик хонасига қараб кетди.
«Асабларингиз жойида эмас!» – дейишди унга. Бирикки ҳафта ҳордиқ олиши кераклигини айтиб машинадан четлатишди. Машинани эса вақтинча Илҳомжон деган янги ҳайдовчи йигит ҳайдаб турадиган бўлди.
Асқар акани шифокорларнинг кутилмаган хулосаси танг қолдирди. Бир кўнгли норозилик билдирмоқчи бўлди-ю, «балки Шосалим ўзига синашта одамни ҳайдовчиликка олгандир», деб фикридан қайтди. Бўйсунишдан ўзга чораси қолмаганди. Фақат машинасига бир оз ачинди: «Ёш йигит, устига-устак тажрибасиз, машинани асраб минсин-да ишқилиб!» – ташвишланди у.
Шосалимнинг тиббий кўрикка алоқаси йўқ эди, аслида. Ҳайдовчиларнинг алмаштирилишидан-ку, умуман бехабар эди. У бугун эрталаб эртачи ўрнидан туриб, уст-бошини тузатишга киришди: оқ кўйлак кийди, рангли галстук тақди. Костюм-шим, қора туфлида у биббинойи директор бўлди-қолди. Ўзини ойнага солиб, «Одамни одам қиладиган усти-бош экан-да!» деди. Ўзига-ўзи суқланиб турганди, телефон жиринглаб қолди.
– Табриклайман!..
Шосалим бу товушни эшитди дегунча, қарама-қарши ҳислар орасида муаллақ қолар: на қувонар, на қайғура оларди. Ана шу товуш соҳиби туфайли у бугун хаёлига келмаган юксак мартабага эришди. Аммо бу товуш унга кун сайин тубанлашиб бораётганлигини ҳам эслатиб турарди. Ҳозир ҳам худди ана шундай ҳолатга тушди:
– Раҳмат! – зўрға жавоб қилди у.
– Нима, хафамисан? – сўради сирли овоз.
– Йўқ! Аксинча!
– Шосалим, унутма! Сенинг номзодингни тасдиқлатиш менга осон кечмади. Мана, энди директорсан. Бардам бўл! Заводдаги ишлар ўз йўлида – сенсиз ҳам завод ишлайверади. Шартимиз эсингдан чиқмасин – уқдингми?
Шосалим «Уқдим» дейишга ҳам улгурмай қолди. Қўнғироқ қилган сирли товуш соҳиби гўшакни қўйиб қўйди.
28
Гулчеҳра тунни мижжа қоқмай ўтказди. Ранги рўйи бир аҳвол, қизчасининг соғлиғидан хавотирда эди. Кейинги кунларда, тўрт ёшли Гулҳаё кечқурунлари алаҳсиб чиқадиган одат чиқари. Уйқусида гапиради: «дада кетманг, дадажон!», деб йиғламсираб уйғониб кетарди у. Кейин бир муддат ўпкасини боса олмай, хўрсиниб-хўрсиниб йиғларди-да, яна ухлаб қоларди.
– Эй Худо, гуноҳларимни кечир! – зорланиб нола қиларди шундай кезлари Гулчеҳра, айрилиқ дамлари кун сайин катталашиб бораётганидан маъюсланиб. – Эримга қилган аччиқларим, зардаю зардобларим учун ўзимни жазола! Норасидаларимга раҳминг келсин, эй Аллоҳ! Дадасини болаларимнинг бошига қайтар. Ўтинаман сандан!..
Эрининг тўсатдан ғойиб бўлиб қолгани Гулчеҳрага дастлаб унчалик таъсир қилмади: «Ўлиб кетмайдими? Усиз ҳам куним ўтади!» – алам ва изтиробларини кўнглидан кечган шу совуқ сўзда ифода этди у. Кейин ҳафта-ўн кун ўтиб, жазманлари билан улоқ чопишиб ҳолдан тойган айғир эри қайтганида айтиш учун, аччиқтизиқ гаплардан жумлалар тузиб юрди. У нимагадир эрининг йўқолиб қолганига ишонмас, буларнинг бари Жобирбек томонидан ўйлаб топилган ҳийла – тошкентлик жазманлари билан узоқроқ муддат, олисроқ бир жойга бориб келиш учун тузилган режа бўлиб туюларди.
Орадан кунлар, ҳафталар ўта бошлади. Одамларнинг бирда ачиниш, бирда очиқдан-очиқ ҳақоратомуз боқишлари қалбини чил-чил синдирарди. Айниқса, ўғли Қодирбек ва қизи Гулҳаёнинг дадасини сўраб берган саволларига жавоб топа олмай қийналарди. Назарида, Жобирбекнинг йўқолиб қолишига ҳамма уни айблаётгандек бўлиб туюларди. Нигоҳлар таъқибидан қочишга уринар, аммо яширинган жой топа олмасди. Кейин фаҳмларди-ки, у ўзини-ўзи таъқиб қилмоқда эди. Шундай кезлари йиғлар, илтижо қилар, қани энди фойдаси бўлса: «Сизни уйдан бездирдим, бегим! Жонинггиздан тўйдирдим: мендан аразлаб қаерларда юрибсиз ахир? Минг бор узр, келинг пойингизни кўзларимга суртай – қайти-и-и-нг!»… Юрагини қоплаб ётган музлар эриб, кўзларидан сел бўлиб оқарди унинг.
Шосалимнинг вақтинчалик директор этиб тайинлангани-ю, Асқар аканинг ўрнига бошқа бир йигитнинг ҳолаҳвол сўраб кела бошлагани – аввалига уни бир оз тинчлантирди: «Демак, буларнинг бари вақтинчалик, эримнинг топилишига ҳали ишонч бор. Ҳар қалай, остонамиздан оёқларини узишмаяпти-ку!» – умидланарди у.
Янги ҳайдовчи Илҳомжон ҳақиқатдан ҳам Жобирбекнинг остонасидан нари кетмасди. У туну кун шу атрофда айланиб юрар, Жобирбек хонадонининг юмушларини бажариб туришга масъул этиб тайинланганди. Шу билан бир қаторда, унинг бу хонадон билан боғлиқ амалга ошириши лозим бўлган махфий юмушлари бор эдики, энди ана шу хусусида сўз юритамиз.
Гулчеҳра қайнатасига Қодирбек орқали кечки овқат чиқарганди, у «бобомнинг тоблари қочиб қопти» деган хабар олиб келди. Гулчеҳра дарҳол Илҳомжонга телефон қилиб, отани касалхонага олиб бориб қўйишини сўради.
Мурод Шомуродовични юраги бир оз безовта қилган экан. Ранги докадек оқариб кетган бу саркаш қария, хасталикнинг оғриқ азобларига миқ этмай дош берарди. Уни ЭКГ қилишди, сўнг обдан текширишди.
– Касали жиддий эмас, бир ҳафтага ётқизамиз, – деди шифокор, Илҳомжонга унинг кийим-бошлари солинган пакетни тутқаза туриб. – Ҳаммаси жойига тушиб кетади!
Эртаси куни қайнатасини кўргани Гулчеҳра келди. Ота келини билан совуққина бош ирғаб саломлашди-ю, аммо набираларига боқиб юзлари ёришиб кетди. Болалар ҳам қийқиришиб унинг қучоғига отдилар ўзларини. Гулчеҳра бир-бирларини кўрганда бир муддат бутун оламни унутиб юборадиган бу уч болакайни холи қолдириб ташқарига чиқди-да, сўнг врачнинг ҳузурига кирди.
Врач Шомуродовлар хонадонидан тушган бу беморга алоҳида эътибор қаратган, ЭКГ натижалари, анализ хулосалари, рентген маълумотларини шахсан ўзи назорат қилиб борарди. Муолажани ўз зиммасига олганди. Бу оиланинг аввалдан шаҳарда катта мавқе тутишини, ҳозир ҳам барчанинг диққат-эътиборида эканини яхши биларди. У хонасига Гулчеҳра Шомуродовна кириб келганида ўрнидан сапчиб туриб, алоҳида мулозамат кўрсатиб қаршилади. Эри туфайли бошларига тушган ташвишга ҳамдардлик билдирган бўлди. Кейин Жобирбек ҳақида янгиликлар бор-йўқлиги билан қизиқди.
– Нажот, авваламбор Худодан, – маъюсланди Гулчеҳра,– қолаверса, орган қидираяпти. Қариндош-уруғлар ҳам тинч ўтиришгани йўқ. Бир томони Тожикистон, Москва, ҳатто Малайзиягача бориб келишди – дараклари чиқмаяпти.
– Ажабо, бутун бошли одам бирданига йўқ бўлиб қолса! Қизиқ! – врач лабини чўччайтириб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди. – Қаёққа кетган бўлиши мумкин?
Врач билан бу мавзуда суҳбат қурмоққа Гулчеҳрада хоҳиш йўқ эди. «Қаёққа кетган бўлиши мумкин?» Ҳозир ҳамма шу саволнинг атрофида айланарди; фақат, кимдир азбаройи унинг ечимини топа олмай қийналар, кимдир бу ташвиш барчанинг ташвиши бўлиб қолгани-ю, ўзи ҳам шундан мустасно эмаслигини кўрсатиш учунгина шу савол атрофида кезишарди. Бу ечимсиз савол бугун барчани қизиқтираётганини Гулчеҳра биларди. У яна бир нарсани яхши биларди-ки, бир тоифа одамлар жавобнинг фақат ижобий бўлишини хоҳлашар, яна бир тоифа одамлар эса, оқибат қандай бўлишидан қатъи назар, саволга жавоб топсалар бас – врач ана шу тоифадан эди. Аммо Гулчеҳра яна бир тоифа одамлар борлигини, улар юрак ҳовучлаб, шу савол жумбоқлигича қолишини истаб, нола-ю илтижолар қилиб яшаётганини билмасди. Шунинг учун ҳам врачнинг бемаъни саволига истар-истамай жавоб қиларкан:
– Қаёққа кетган бўлсалар ҳам омон бўлсалар, бас! – деди гапни қисқа қилиб. Кейин, «соғ-саломат қайтгунларича, оиламизни бус-бутун сақлаб туришимиз керак!» – деб мавзуни ўзгартирди у.
– Отамнинг аҳволлари қалай? Илҳомжоннинг айтишига қараганда, хавотирга ўрин йўқ эмиш – шундайми?..
– Ҳа, ота бардам! Фақат биласизми?..
Врач ўзининг шахсий мулоҳазаларини тиббий кўрик натижалари сифатида айтиш ўринлимикин, деган уй билан бир муддат жимиб қолди. Бу қисқа муддатлик сукут Гулчеҳранинг безовталанишига сабаб бўлганини кўргач эса уни тинчлантирди:
– Биласизми, Гулчеҳра Шомуродовна! Қайнатангиз соппа-соғлар. Анализлар шуни кўрсатаяпти. Аммо у кишининг юрагида зардоб йиғилган. Бу кучли бир ҳаяжон билан кўздан йиғи бўлиб портлаб чиқиб кетса ажаб эмас. Эҳтимол, соғинчдандир!..
Гулчеҳра, врачнинг гапларини эшитаркан, қайнотасининг доимо бирдек – тош қотган қиёфасини кўз олдига келтирди. Суҳбатдошининг «Эҳтимол, Жобирбек топилиб келиб қолса – шу воқеа рўй берар?» деган саволнамо гапига, эҳтимол деб жавоб қилган бўлди. Унинг ичида эса, «эҳтимолдан йироқ бу» деган уй кечди.
29
Гулчеҳра бу хонадонга келин бўлиб тушган кезларини аҳён-аҳён эслаб турарди. Бирда ширин, бирда аччиқ хотиралар билан ёдга оларди ўша кунларни. Дастлаб, Шомуродовлар хонадонидан совчи келганини эшитиб, дугоналарининг унга ҳавас билан қарашларидан сархуш бўлиб юрди. Кейин Жобирбекни кўрди. Танишди. Кўркамгина, маданиятли бу йигитга кўнгил қўйди. Ширин-ширин орзулар қанотида парвоз қилиб юрди. Тўйдан кейин қайнанаси Гулсум аянинг меҳрибонликларидан кўнгли ийиб кетган чоғлари, бирин-кетин икки фарзанд туғилганида Жобирбек хўроздек диконглаб оламга сиғмай қувонган пайтлари – ҳаётидан масрурлик ҳиссини туйди. Фақат, тўнғич фарзандининг ўлимидан кейин, одамови бўлиб қолган қайнатасига нисбатан, қалбининг аллақайси бир ерида тушуниксиз бир ҳис яшарди. У хотинидан бошқа биров билан деярли гаплашмайдиган, қувончни ҳам, қайғуни ҳам бир хил – бепарво қаршилайдиган бу одамга қандай муомала қилишни, қай тахлит муносабатда бўлишни билмай қийналарди. Бир гал энди келин бўлиб тушган чоғлари қайнатасига рўбарў келди. Шарт ўзини чеккага олди-да, таомилга кўра таъзим бажо қилди:
– Ассалому алайкум, отажон!
Шомуродов бир муддат келини бўлмиш оиланинг бу янги аъзосига қараб жойида қотди. Эшитилар-эшитилмас қилиб: «Воалайкум ассалом, бахтли бўлинг!» деди-да, йўлида давом этди.
«Менга гапирдилар!» – қувончдан терисига сиғмай кетди у. Аммо хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Шушу қайнатасидан бошқа бирорта ҳам сўз эшитмади. Бир сафар қайнонасига юрагини ёрди:
– Отам бизни унчалик хушламайдилар. Яхши гапириб эркалатмасалар ҳам, нуқул тергаб, койиб турсалар ҳам рози эдим – овозларини эшитиб турсак бас эди!
Гулсум ая оғир ўйга ботди: «Болам, – дея гап бошлади кейин у, – отангиздан ранжимангизлар! У кишининг дарди ёлғиз менга ва Худога аён. Сизлар бунга асло эътибор қилманглар – хўбми?» – Гулсум ая фақат икковларига тегишли номсиз бу дардни дастурхон қилмади. Шу дард билан оламдан ўтди бечора.
Жобирбек ўзи билан отаси ўртасида тилмочлик қилган, шу икки қарама-қарши соҳилни бирлаштириб турган – кўприк вазифасини ўтаган онаизорининг ҳурматини қилди. Қозон-қозон ош тарқатди элга. Казо-казо дин пешволарини чорлаб, онасининг ҳақига дуойи фотиҳалар ўқитди. Йил маъракасида қабрининг устига даҳма қурдирди – қабрни бетонлаб, чиройли қора мармар билан безади.
Жобирбек отам даҳмани кўриб кўнгли ийирмикин деб ўйлаганди. Бундай бўлиб чиқмади. Қабр бошига келган ота, унсизгина йиғлади. Совуқ мармар тошни силаб-сийпаларкан, нуқул «чакки бўлибди» дегандек бошини чайқади. Жобирбек ҳайрон: отасининг қилиқларидан тутақар, аммо ўзини-ўзи босишга куч топарди. Чунки, отаси ҳамиша ҳақ бўлиб чиқарди.
Бир куни Гулчеҳранинг тушига қайнонаси кирди. Марҳума тўшакда ётиб Гулчеҳрага илтижо қилармиш: «Болам, бунча мени қалин қилиб ўраб-чирмадиларинг. Кўрпаларни олиб, устимни енгиллатинглар – нафасим сиқилиб кетяпти-ку!»
Гулчеҳра тушини эрига айтган эди Жобирбек индамади. Бу туш бир неча бор такрорланди. Бир гал унинг ўзи ҳам шунга ўхшаш бир туш кўрди. Шундан сўнг ишчиларни олиб бориб, онасининг қабри устидан бетон ва мармар тошларни қўпартириб ташлади. Шундан кейингина арвоҳ уларни безовта қилмайдиган бўлди.
30
1964 йили Қарши чўлини ўзлаштириш ҳаракати бошланди. Тарихда мисли кўрилмаган ишлар рўй бера бошлади. Амударёнинг сувини 123 метр баландликка кўтариб берадиган олтита насос станцияси қуриб ишга туширилди. Чўлга обиҳаёт келди. Поёнсиз саҳро улкан қурилиш майдонига айланди. Мамлакат аҳамиятига молик бу вазифаларни бажариш, минг-минг гектарлаб қўриқ ерларни ўзлаштириш, янги типдаги турар жой манзилларини барпо этиш учун барча куч ва имкониятлар шу ишга сафарбар этилди. Бир қатор завод ва корхоналар ишга туширилди. Ана шулардан бири, тўғрироғи энг йириги – бетон заводи эди. Заводга шу соҳанинг ёш мутахассиси, маҳаллий раҳбар Мурод Шомуродов директор этиб тайинланди.
Мурод Шомуродов ўз даврининг ватанпарвар кишиси эди. У астойдил бел боғлаб ишга киришди. Ҳафталаб уйга келмас, янгитдан ташкил этилаётган «совхоз»лар учун турар-жой манзиллари қуриш билан банд бўларди. Уни «чўл бургути» деб аташарди. Ҳақиқатан ҳам бургутга ўхшарди: ушлаган жойини узиб оладиган шартаки одам эди у.
Шомуродовнинг уйига кўп бормаслигининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди. Кўз очиб кўргани, суюкли Шоҳсанами бир неча ойдан бери хасталаниб, тўшакка михланиб қолган. Муродбек унинг шундоққина кўз ўнгида қовжираб бораётганини кўриб ўртанарди. Ўзини иш билан овутар, ғойибдан: «Шоҳсанам оёққа туриб кетди», деган хушхабар келишидан умидланар эди. Бир кун уйидагилар уни чақиртиришди. Қайнонаси раҳматли унга остонада пешвоз чиқди.
– Болам, Шоҳсанам сизга муҳим бир гап айтмоқчи, – кўзларига ёш олди кампир. – Нима деса, хўб денг болам! Ўтинаман сиздан – биз ҳаммамиз шунга кўндик!..
«Шоҳсанам нима демоқчи?» Муродбек ўйлаб ўйига етолмасди: «Қанақа муҳим гапи бўлиши мумкин?» Шоҳсанамнинг бошида ўтириб, уйғонишини кутди. Дарвоқе, Қодирбек кўринмайди? – аланглади у ёқ-бу ёққа. Ўғлига кўзи тушмагач, холаларидан бири олиб кетган бўлса керак, деган хулосага келди. Шу пайт қўлига Шоҳсанамнинг совуққина бармоғи текканини пайқади. Кўзлари хотинининг нурсизланиб қолган нигоҳлари билан тўқнашди. Шоҳсанам зўрма-зўраки жилмайишга ҳаракат қилди.
– Келмайсиз, бевафо!?
Муродбек умри бино бўлиб, бу қадар самимий гина эшитмаганди. Бу қадар беғараз, ёқимли ранжишни кўрмаганди. Кўзлари ёшланди:
– Агар менга қолса, ёнингдан сира ҳам жилмаган бўлардим, жоним!
– Биламан, – Шоҳсанам унинг хижолат тортишини хоҳламади. – Отам билан энамга ўзим айтган эдим. Менга боғланиб қолмаслигингиз керак. Иш билан овуниб юрганингиз маъқул!
Муродбек Шоҳсанамнинг тўзғиб кетган сочларини тўғрилаб қўйди.
– Менга бир гап айтмоқчи эмишсан?
Шоҳсанамнинг кўзидан бир томчи ёш юзига думалаб тушди-да, оғзининг бурчига бориб тўхтади. Бемор қуруқшаб қолган лабларини ҳўлламоқ бўлдими, тили билан ўша бир қатра сувни артиб олиб лабларини намлади.
– Мен энди тузалмайман, тўрам!
– Ундоқ дема – ноумид шайтон! – унинг гапини шарт кесди Муродбек.
– Менинг куним битган! – Бояги гапини бошқа бир жумлада такрорлади Шоҳсанам. Кўзларини эрига тикди: «Сиздан бир ўтинчим бор!» Унинг синиқ нигоҳида ана шу ўтинч, ана шу илтижо савол аломатида акс этди.
– Айтганимни қиласизми?
Муродбек ҳозир шу дамда, шу лаҳзада Шоҳсанам «ўл» деса, ўлишга тайёр эди. Шунинг учун ўйлаб-нетиб ўтирмай «ҳа» деди.
– Уйланинг!
– Нима? – Муродбек ток ургандек бир сапчиб тушди, қулоқларига ишонмади. Бу борада, шубҳага асос бўладиган бирон иш қилмаганди. Бировга нолинган одам эмасди. Иш билан овуниб, турмушидаги кемтикни билдирмай келаётганди.
– Шоҳсанам, нималар деяпсан? Менга сендан бошқа ҳеч ким керак эмас!
– Биламан! – Шоҳсанам унинг қўлини меҳр билан силаб қўйди. – Шунинг учун ҳам кўзим очиқлигида уйлансангиз, дейман. Гулсумга уйланинг!..
– Гулсумга? – Муродбек эсидан оғаёзди. Бу қандай томоша ахир? Гулсум Шоҳсанамнинг синглиси-ку! Ҳали ўн гулидан бири очилмаган қизалоқ. Ўзининг орзу ҳаваси, кўнгил майллари бор, ахир! Ўғлимизга муносиб оналик қилади деб, Гулсумнинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмаслик, бу ўта худбинлик-ку! – деб ўйлади у ичида.
Муродбек ана шу мулоҳазаларини ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлганди, Шоҳсанам уни тўхтатди. Хотинининг кейинги гапи барчасидан ошиб тушди.
– Гулсумнинг сизда кўнгли бор!..
У кўзида порлаган ёшларни кўрсатмаслик учунми ёки ўзи айтган «ҳақиқат»нинг тахир таъмини ҳазм қилишга қийналдими, бошини ўгириб юзини яшириб олди: «Менга қолса – Қодирбек ўксимаса бас!»
Муродбек бошқа бир сўз демади. Бу фикр унгача ҳам роса чиғириқдан ўтгани, оила даврасида обдан муҳокама қилиниб, кейин унга ҳавола этилгани аниқ эди. Қайнсинглиси Гулсумнинг Қодирбекни олиб қаёққадир кетгани-ю, қайнотасининг қораси кўринмаётгани, айниқса, муштипар онанинг «биз ҳаммамиз шунга рози» деган сўзлари шундай хулоса чиқаришга асос берарди.
– Ўтинаман, йўқ деманг! – илтижо қилди Шоҳсанам. – Ёлғиз ёдгорим Қодирбек учун сўрайман – Гулсумга уйланинг!
Муродбек ўпкасини боса олмади. Унсиз йиғлади, кейин розилигини билдириб, Шоҳсанамнинг қўлларини сиқиб қўйди.
31
Илҳомжон ўша куни Муродбек Шомуродовични касалхонага жойлаштириб қайтгач, уст-бошини ташлаб чиқиш баҳонасида Жобирбекнинг уйи орқали отанинг ҳовлисига ўтди. Марҳума Гулсум аянинг бурчакдаги ҳужрасини титиб кўриши лозим. Шубҳа уйғотмаслик ва эҳтиёткорлик юзасидан қўл фонарини ёқиб ҳужрага кирди. Барча бурчакларни титкилаб чиқди. Айтарлик, эътиборга лойиқ бир нима топмади ҳисоб. Ҳафсаласи пир бўлди. Шу пайт уйнинг бурчагига ўрнатилган голланд печкаси унинг нигоҳини ўзига тортди.
– Қизиқ, – деди у металлни чертиб кўраркан. – Ҳужра деворининг нариги томонида – Муродбек ота яшаб турган уй, аммо, у хонада голланд печнинг ярмини кўрмагандим. Қолаверса, томда тутун чиқадиган мўри ҳам йўқ. Демак, бу ўзига хос сейф бўлиши керак? – Илҳомжон эгилиб печнинг эшикчасини очди-да, ичкарига қўл суқди. Қўли аллақандай қаттиқ бир нарсага тегди. Фонарини тўғрилаб эгилиб, ўтхонанинг ичкарисига қаради – калит тешигини кўрди. Кейин ҳар қандай қулфни оча оладиган махсус мосламани олди. Уни калит тешигига тиқиб, аста-секин ўлчамларини мослаб, қулфнинг тилсимларини очиб борди. Сўнгги операцияни бажариб бўлган эди ҳамки, «ширқ» этган товуш чиқди – голланд печнинг қоқ ўртасида тирқиш пайдо бўлганди. Илҳомжон уни тортиб очди. Сейфдан иккита папка, тўрт юз минг америка доллари ва беш юз минг сўм ўзбек сўми чиқди. Илҳомжон ҳаммасини катта салафан халтага солди. Кейин сейфни ҳозирча очиқ қолдириб, аввал уйни, кейин ҳовлини тарк этди.
Эртаси куни эрталаб белгиланган вақтдан бир оз эртачироқ Жобирбекникига келди. Гулчеҳра қўнғироқ қилганди. Касалхонага ўтиб келмоқчи экан.
– Тайёрланиб туринг, мен ҳозир! – Илҳомжон қўлидаги пакетни кўтариб кўрсатди Гулчеҳрага. – Амакининг уст-бошларини уйларига қўйиб чиқай.
Гулчеҳра ишонди, чунки у Илҳомжоннинг худди шу юмуш билан кеча отанинг ҳовлисига кириб чиққанидан бехабар эди-да.
Илҳомжон ҳужрага кириб олиб келган нарсаларини сейфга жойлаштирди-да, бояги усул билан уни яна қулфлади. Қайтиб чиққанида Гулчеҳра икки боласи билан йўлга тайёр туришганди.