Читать книгу "Қора қузғун"
Автор книги: Фозил Тиловатов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
32
Шосалимнинг биринчи иш куни телефон орқали табрикларни қабул қилиш, шахсан ташриф буюрганларни кутиш ва кузатиш билан кечди. Айрим нозикроқ меҳмонларни махсус хонада, чиройли тузалган дастурхон атрофида қабул қилди. Қутловларнинг кети кўринмас: Шосалим бу одамларнинг кўпчилигини танимас, ўз навбатида ўзи ҳам бу даврада унчалик таниқли эмасди.
Бу одамлар қизиқ бир тоифага мансуб кишилар эди. Уларнинг назарига тушиш ҳам, назаридан қолиш ҳам осон. Улар сени мартабанг туфайли танишади, мавқеинг учун қадрлашади. Илло, вазифадан кетган кунинг батамом унитишади. Бу одамларнинг даврасидан тулки каби ҳийлакор бўлсанг жой топасан, бўридай бешафқат бўлсанг – ўрин эгаллайсан. Эшакдай хизматларини қилсанг қўним топасан. Аммо, оддийгина бир одам бўлиб бу сафда юришинг қийин кечади.
Шосалим ҳозирча бу сирлардан воқиф эмасди. Айни шу дамларда бутун дунё унинг теграсидан айланаётгандек, бутун олам унга томон тортилаётгандек – ўзини чексиз имкониятлар соҳибидек тутмоқда эди.
Эртаси куни ишхонага кела солиб, ходимлар бўлими бошлиғи Нафиса Жаҳонгировани ҳузурига чақиртирди.
– Менга штатлар жадвали бўйича ходимлар рўйхатини тайёрлаб берсангиз. Кейин келаси ойнинг биринчи чоршанбасидан аттестация ўтказилиши ҳақидаги буйруқ лойиҳасини тайёрланг.
Шосалим шу қадар совуқ, расмий оҳангда гапирдики, Нафиса уни куни кеча ҳазиллашиб, чақчақлашиб юрган Шосалимга ўхшатмади: «Товба, наҳотки одам шунчалар тез ўзгарса?» – деб ҳайрон бўлди. Кейин бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, Шосалим: – «Аттестация ҳаммага бирдек тааллуқли!» – деди кескин, эътирозга ўрин қолмайдиган қилиб. Сўнг боядан бери турган жойида қоққан қозиқдай туриб қолган Нафисага бир оз мулойимлик билан, фавқулодда бундай қарорга келишининг сабабини тушунтирган бўлди: «Нафисахон, шундай қилмасак бўлмайди. Заводда меҳнат интизоми жудаям бўшашиб кетган. Сабабини ўзингиз биласиз, Жобирбекнинг кўнгилчанглигидан фойдаланиб корхонада текинтомоқ қаланғи-қасанғилар кўпайиб кетди!»
Шосалим аттестация баҳонасида жини суймайдиган уч-тўртта одамни, тўғрироғи Жобирбекка тегишли одамларнинг думини тугишни мақсад қилган – шу йўл билан ўзининг ким эканини ҳам кўрсатиб қўймоқчи эди. Бу кишиларни заводда «Жобирбекнинг одамлари» деб аташарди. Бир мунча имтиёзга эга эди улар. Шосалим айни шу одамлар билан чиқиша олмай юрарди. Зиддиятлар кескинлашган дамлари ҳам Шосалим жаҳлини ичига ютар, Жобирбекнинг ҳурмати учун кескин чоралар кўришдан ўзини тийиб келарди.
«Жобирбекнинг одамлари» аслида унга етти ёт бегона кишилар эди. Жобирбек қайда бир чор-ночор кун кечираётган хонадонни кўрса, дарҳол шу оиладан бировни заводга ишга таклиф қилар, яхшигина маош тайин қилиб, рўзғорини бутлашга имкон яратиб берарди. Юқоридаги кишилар ҳам турли даврларда Жобирбекнинг муруввати туфайли заводда қўним топишган, аста-секин завод шароитига мослашиб, корхона атрофида кечадиган товламачилик, умуммулкни ўғирлаб сотиш, мижозга навбатсиз хизмат кўрсатиш эвазига чойчақа ундириш, лимитда белгиланганидан ортиқча маҳсулот бериш сингари ноқонуний ишларга аралашиб, ўз улушларини ундириб юришарди. Мўмай даромад эса рўзғорга ҳам, аҳён-аҳён уюштириладиган базми жамшидларга ҳам етиб ортарди. Шосалим дастлаб улар билан улфатчилик қилиб юрди. Кейинчалик бир воқеа сабаб бўлди-ю, у бу даврадан оёғини тортди. Ўшанда бир оз ширакайф бўлиб қолган анави пакана Алимбек гандираклаганича ўрнидан турди-да:
– Ҳамма қадаҳлар тўлдирилсин, – деб амр қилди. Кейин эса даврадагиларга бир ҳақиқатни англатмоқчи бўлиб нутқ ирод қилди: «Олинглар! Барчамизнинг валий-й-й-ней-й-й-матимиз Жобир Бех акамни соғлиқлари учун ишамиз. Биз ҳаммамиз у кишининг оёқларини ўпсах арзийди!»
У мувозанатини йўқотиб, мункиб кетмаганида, ҳали узоқ гапирган бўларди, эҳтимол. Боши билан дастурхон устига муккасидан кетган Алимбекни ёнидагилар ушлаб қолишди. Қадаҳлар бўшатилди.
– Қизиқ! – Шосалим давра аҳлига ажабланиб қарай бошлади. – Ахир, куни кеча чориғини судраб, завод эшигидан ийманибгина кириб келган болалар мана шулар эмасми? Илк мояна олганларида, пулнинг чўғи баландлигини кўриб шошиб қолган: «Кассир адашмадимикин ишқилиб? Ортиқчасини қайтар, деб қолмасмикин» деган ҳадик-хавотирда иш куни тугашини безовталаниб кутган, кейин уйларига шамолдай учиб, оиладагилари билан тўлиб-тошган ҳаяжонларини баҳам кўрган ўша соддадил йигитлар қани?
Шосалим даврадагиларнинг жойлашиш тартибига разм солди. Аввал эътибор бермаган экан. Кечагина бир тўп бўлиб чекиш майдончасидами ёки ошхонада тўпланишиб турадиган бу жамоада тенглик йўқолганди. Табақаланиш бошланганди: энди базмларда Алимбек, Тоҳир найнов, Носир ва Шуҳратлар давранинг тўрини ишғол қиладиган, ташаббус шулардан бошланиб бошқалар уларга эргашадиган бўлибди. Табақаланиш, уларнинг заводда тутган мавқеларининг баланд-пастлигидан эмасди, аммо. Бу даврада кимнинг қайси жойда ўтириши, завод атрофида кечадиган мўмай даромад манбаи – «олди-берди» пойгаларидаги иштироки: кимнинг қанча ўлжа топаётгани билан белгиланарди. Устамонликда эса анави тўртта даврабоши қолган барча қурдошларини ортда қолдирганди. Давра ва йиғинларда бошқалар уларни олқишлар, мақтар, бу жамоада тилёғламалилик, алдов, ясама тавозе сингари муносабатлар одат тусига кира бошлаганди.
Бу гал ҳам базм одатий тарзда бошланиб, анъанавий суратда давом этаётганди. Бирда Алимбекнинг ишбилармонлиги, бирда Тоҳирнинг олғирлиги, Шуҳратнинг маҳорати-ю, Носирнинг «жасорати» тилга олинди. Кейин оғизларда кўпирган мана шу кўпик мақтовлар бир пиёла ароқ билан ювилиб, тозарган оғиз бўшлиқлари яна кўпиришга тайёр қилинарди.
Тоҳир найнов Алимбекнинг қулоғига эгилиб нимадир деди. Шу лаҳза Алимбек боядан бери ароққа қўл урмай ўтирган Шосалимга «ялт» этиб қаради: найновнинг шубҳаси ўринли! – дилидан ўтказди у. Вазиятни бир оз ўз измига солмоқчи бўлиб, юқоридаги нутқини баён қилмоқ учун ўрнидан турганди у ҳали.
Қадаҳлар бўшатилгач Тоҳир найнов Алимбек билан маъноли кўз уриштириб олди. Синовчан кўзларини Шосалимга тикди:
– Сиз олмайсизми? – Шосалимнинг олдидаги давра бошланганидан бери қўл урилмаган қадаҳга ишора қилди у.
– Йўқ, мен ичмайман йигитлар! – даврабошиларнинг кўнглида кечаётган ғалаёнлардан бехабар Шосалим, қуруққина қилиб жавоб қилди.
– Нега? Сабабини билсак бўладими? – Саволда кишини таҳқирлайдиган бир оҳанг бор эди. Шосалим шунда ҳушёр тортди: қараса ҳамма унга қаҳрли нигоҳ билан боқаяпти. У «аввалги сафар ичганимда, Жобирбек сезиб қолиб роса танбеҳ берганди» деб ростини айтиши ёки бошқа бир сабабни рўкач қилиб вазиятдан чиқиши мумкин эди. Аммо, у бундай қилмади.
– Сабаби оддий, ичмайман, вассалом! – деди у жўнгина қилиб.
– Жобирбек акамнинг соғлиғи учун ҳам ичмайсизми?
– Йўқ!
Даврадагилар саросималаниб қолишди. Носир сариқ тутақиб кетди:
– Вей, Шосалим ака, қорнингиз тўйиб қолдими? Ўзингиз ҳам шу одамнинг орқасидан кар-р-рил-лаб юрибсиз. Сиз ҳам у кишининг оёғини…
Бир камим сенларга ҳисобот беришим қолувди, – ўйлади Шосалим. – Қолаверса, сенлар унинг оёғини ўпаверинглар – мен эмас! Шу лаҳза кўксида уни аҳён-аҳён безовта қилиб турадиган бир оғриқ уйғонди. Жобирбекдан гинаси йўқ; у дўст сифатида ҳурматини жойига қўйиб келарди. Аммо, заводдагилар унинг қора ўтмишини билганлари учун ҳам, унга Жобирбекнинг дўсти, деб эмас, унинг шахсий ҳайдовчиси деб қарашарди. Алам қиларди! У ҳамиша барчага бир ҳақиқатни англатмоқ истагида ёнарди. Ҳозир шунинг мавриди келган кўринади.
– Жобирбек – менинг дўстим! Сенлар эса унинг малайисизлар. – Шосалим ўзи томон қараб турган қаҳрли нигоҳларга нафрат кўзларини қадади. – Сенлар унинг оёғини ўпсаларинг арзийди, чунки у сенларни одам сафига қўшди. Мен бўлсам унга келган балога кўксимни қалқон қилганман. Агар ўшанда мен бўлмасам, ҳозир Жобирбек бу ўринда бўлмасди!
Шосалим ғолибона қиёфада даврадан чиқиб кетди. Бошқалар оғзини очганча уни кузатиб қолишди. Мағлублик алами чидаб бўлмас даражада эди, аммо кўникишдан бошқа иложлари қолмаган эди. Чунки улар бугун Шосалим билан Жобирбекни боғлаб турган ип, ўзлари ўйлагандан анча мустаҳкам ва пишиқ эканини англаб етишганди.
33
Шосалим директорнинг курсисига ялпайиб ўтирганча бир ойдан кейин ана шу ялангоёқ рақибларининг қизариб-бўзариб завод дарвозасидан чиқиб кетишларини кўз олдига келтирди: «Зап иш бўлади-да!» Ўйлаган режасининг пухталигидан завқланиб мазза қилди у.
Қабулхонага тапур-тупур қилиб ўн чоғли одам киради. Шосалим ғала-ғовурни эшитиб тугмачани босади. Котиба киради. Ортидан бояги норози қиёфалар кўринади. Шосалим ҳеч нимадан бехабар одамдай сўрайди: «Нима тўполон?»
– Ўртоқ директор! Мана бу – бир гуруҳ безорилар сизнинг ҳузурингизга бостириб киришмоқчи, – котиба қулочини ёзиб, танаси билан эшикни тўсиб, ортидаги оламонни ичкарига киритмасликка ҳаракат қилади.
– Қўйсангизчи, Мунаввар опа! Булар безорилар эмас, ўзимизнинг ишчиларимиз–ку! – дейди у бошлиқларга хос бағрикенглик билан. Кейин: «қўйворинг уларни, киришсин бемалол, арзлари бўлса эшитай!» – деб келганларга юзланади:
– Хўш, хизмат?
– Биз ишсиз қолдик! Энди нима қиламиз? – чувуллашади улар.
– Нега ишсиз қоласизлар? Ким сизларни вазифангиздан маҳрум қилди? Камина, масалан бу ҳақда ҳозир эшитиб турибман.
– Бизни аттестациядан ўтказишмади! – ғалаён қилади улар.
– Ҳа-а-а, аттестацияданми? Аттестациядан бировни биров ўтказмайди. Ҳар ким ўз билими, малакаси билан ўтади бу имтиҳондан, – дейди у уларни очиқдан-очиқ масхаралаб.
– Энди нима бўлади? Иложи йўқми? – мулзам бўлган тўда бир поғона паст тушиб, ялиниш оҳангида сўзлай бошлайди.
– Мен нима ҳам қила олардим? – атай камтарин ва хокисор тутади у ўзини адолатлик раҳбар эканини кўрсатиб. Кейин: «Аттестация комиссиясининг ишига аралашишга менинг ҳаққим йўқ», деб бояги тўполончиларни ҳайдаб юборади.
Шосалим ана шу воқеа рўй берадиган фурсатни кўз олдига келтириб яна бир карра завқланди. Бу кайфичоғлик боя Наргиснинг телефонидан кейин пайдо бўлган дилхираликни бир оз босгандек бўлди-ю, аммо батамом йўқотмади. Шу пайт эшикдан кимнингдир боши кўринди.
– Мумкинми?
– Киравер! Кел ўтир! Менда ишинг борми?
– Мен ҳайдовчингизман. Икки кун бўлди, «Волга» ни қабул қилганимга!
– Асқар ака-чи?
– Тиббий кўрикда шифокорлар рухсат этишмабди, шекилли.
– Бир ҳисобда яхши бўпти! – ўйлади Шосалим. Асқар ака ҳар қалай Шосалимни бир ҳайдовчи сифатида билгувчилардан. Шунинг учун ҳам уни сўраттирмаётганди. Кейин ўзининг янги ҳайдовчисига синчиклаб разм солди. Ёши, бўлса 25-26 ларда. Елкалари кенг – шуғулланган бўлса керак. Сочини калта қилиб олган, тоза-озода кийинишидан – олифталиги аён.
– Отинг нима? – сўради Шосалим, ҳалиям кўзлари билан унинг суратини чизаркан.
– Илҳомжон!
– Жобирбекнинг хонадонидан хабарлашиб турибсанми? У ёқда нима гаплар? Мана бу ишлар билан бўлиб, ўн кунча бўлди бора олмадим.
– Хабар олиб турибман. Кеча отани касалхонага ётқиздик.
– Шосалим бу хабардан тараддудланиб қолди.
– Кеча дедингми? Ҳм-м-м, нима қипти отага?
– Дўхтирлар юрак дейишаяпти, менимча – асаб! Ота бечора ўғлини ўйлайвериб эсини йўқотиб қўйган кўринади.
– Яна нима бўлди?
Илҳомжон Шосалимга бир оз яқин сурилди-да, овозини бир парда пастлаб гапида давом этди:
– Кеча касалхонага олиб кетаётганимда ота ўзини ғалати тутди. Нуқул бурчакдаги ҳужрани кўрсатиб: «У ёққа ҳеч кимни киритма. Печ қизиб ётипти – куйдиради!» деб алаҳлади роса.
– Нима? – Шосалим савол беришга бериб қўйди-ю, калласига қуйилиб келган бир фикрдан саросималаниб қолди: «Калаванинг учи топилди! – ўйлади у. – Нега шу нарса аввалроқ хаёлимга келмади-а? Ахир, Гулсум аянинг хонасида катта голланд печ бор-ку! Унда олов ёнганини ҳеч ҳам эслай олмайман. Муштипар аёл, қачон ҳол-аҳвол сўрагани кирсам, сандалида ўтирган бўларди. Демак!..»
– Бўпти, ишингни давом эттиравер. Агар керак бўлиб қолсанг гараждан ўзим чақиртираман. Ҳозирча Жобирбекнинг хонадонидан хабар олиб тур! – Шосалим Илҳомжоннинг ортидан кузатиб турди-да, эшик ёпилиши билан телефонга қўл чўзди. Шоша-пиша аллақандай рақамни терди. Нариги томондан жавоб бўлгач, «Қилич, бу кеч менинг шаҳардаги уйимда учрашайлик – гап бор, деди. Кейин «Шунқор ҳам келсин», деб тайинлади.
34
Акмал «Қурувчилар» меҳмонхонасидан Жобирбек ҳақида маълумот сўраган иккинчи киши бўлиб чиқди. Меҳмонхона ходимаси унинг суратини кўриб дарров таниди.
Бу одамнинг шахси билан яна ким қизиққанди? – сўради ундан Акмал.
– Кимлигини билмайман-у, ҳарҳолда аёл киши эди, – жавоб қилди у.
– Нималарни сўраганди?
– Шу одамнинг бизнинг меҳмонхонамизда тунаган-тунамаганлигини, тунаган бўлса ким билан бўлганлигини сўраганди. Мен мижозларни қайд қилиш китобида фақат унинг номи борлигини, аммо белгиланган муддатгача меҳмони бўлгани ҳақида маълумот бергандим.
Бу, ҳойнаҳой Гулчеҳра бўлса керак! – дилидан ўтказди Акмал. Айрим ноаниқликларга ойдинлик киритиш учун меҳмонхона ходимасини яна саволга тутди:
– Меҳмонхонага кунда юзлаб одам кириб чиқади. Уларнинг ҳаммаси ҳам хотирада сақланиб қолавермайди. Айнан Жобирбек билан боғлиқ воқеаларнинг аниқтиниқ ёдингизда қолганига сабаб нима – шуни тушунтириб берсангиз?
Жувон бирдан қизариб кетди. Боши қуйи эгилди. Бармоқлари билан куйлагининг шокилаларини ўйнаб, оҳиста гап бошлади:
– Биласизми, жудаям кўзга яқин йигит эди у. Кўркам, хушбичим, устига-устак пули кўп эди. Бизнинг меҳмонхонамизга бунақа одамлар камдан-кам келишади. – Жувон бир муддат жимиб қолди.
– Шунинг ўзими?
Жувон терговчининг саволига дарҳол жавоб қилмади. Ўша хушбичим, хушсурат йигитга ўзида ҳам майл бўлганини, маълум бир муддат Жобирбекнинг ишқий саргузаштлари туфайли мўмайгина даромад олиб келганини рўйи рост тан олди.
– У менга ҳам ёқарди, – деди у аста ийманиб.
Акмал аввалига Фарангисни эркин қўйди. У ҳам терговчининг қулоғига лағмон илган бўлиб роса обқочди. Рад қилиб бўлмас далилларни рўкач қилгач эса, ранги бўзариб довдираб қолди. Ўзини бир умр кузатув остида бўлгандек ҳис қилди. Қўрқувдан дағ-дағ қалтирар, вазиятни фикр қилмоққа ожиз эди у. Терговчи шу қадар кўп маълумотларни қаердан ва кимдан олганини билолмай боши қотганди.
– Энди Сакина ҳақида сўзлаб беринг! – қайтарилган қарталарни бир-бир очишда давом этди Акмал. Сакинанинг номини эшитиб жувон батамом таслим бўлди. Бутун вужудини қалтироқ босди.
– Мени қамашадими? – йиғламсиради у.
– Йўқ, аммо жазо муқаррар! Терговга берган ёрдамингиз эса айбингизни бир мунча юмшатади.
Акмалнинг сўзлари далда бўлиб, Фарангис бир оз тинчланди. У энди ҳамтовоқларининг қайиғида қола олмаслигини, бу тешик тоғора узоққа сузишга ярамай қолганини пайқади. Сўнг кўз ёшларини артиб, ўзини бир оз тузатган бўлди-да:
– Айтаман, ҳаммасини айтаман! – деди.
35
Акмал Тошкентга келгунга қадар гувоҳларнинг кўрсатмалари, воқеага алоқадор бошқа ҳужжатларни обдан ўрганиб чиқди. Гулчеҳра билан Шосалимни сўроқ қилганида бир воқеанинг икки хил талқин қилиниши унинг эътиборини ўзига жалб этди.
Гулчеҳранинг айтишича, Жобирбек билан ўрталаридаги араз эрининг жазмани қўнғироқ қилган кундан бошланган:
– Эримнинг ҳадеб Тошкентга қатнашидан, жазмани бор, деб шубҳа қилардим, – деди у. Шундан сўнг Гулчеҳра табиатига зид равишда эрининг қадамини таъқиб этишга тушади. Ўша қўнғироқ бўлган кеча эрининг қаерда тунаганини ва ким билан бўлганини билиш учун Шосалимга қўнғироқ қилади.
«Қурувчилар» меҳмонхонасига кузатиб қўйдим, – қабилида жавоб қилади Шосалим. Ўзининг айтишича, дабдуруст берилган саволдан довдираб қолган. «Чунки Жобирбек фақат «Интурист»да жойлашарди, – деди у сўроқ пайти. – «Қурувчилар»га аҳён-аҳён хуфёна кўнгил ёзишга бориб турарди. Аммо, унинг ишрат қиладиган жононларини, рости гап, танимайман».
Акмал, дастлаб «Интурист» меҳмонхонасининг мижозлар қайд қилинадиган китобини текширди. Жобирбек қўноқ бўлган саналарни ён дафтарчасига ёзиб олди. Кейин «Қурувчилар»ни излаб топди. Бундаги дафтар билан «Интурист» дан олган саналарни солиштирди. Аксари мос келди. Лекин «Қурувчилар»да «Интурист»да қайд этилмаган саналар ҳам бор эди. Яна бир ҳол уни қизиқтирди. Бу – Жобирбекнинг «Қурувчилар»да тўхтаган кунлари нуқул Фарангиснинг навбатчилик кунларига тўғри келгани эди.
– Хўш, агар Шосалим дўстининг сирини тўсатдан берилган саволдан довдираб қолиб айтиб қўйди ҳам, дейлик, – шошилмасдан, теран мулоҳаза қилмоққа ҳаракат қиларди Акмал. – Жобирбек арзон-гаров меҳмонхонани ишрат мақсадида танлаган – хўп. Меҳмонхонанинг, тўғрироғи Фарангиснинг «холис хизмат»лари учун мўмайгина пул бериб тургани ҳолда, мижозларни қайд этиш дафтарига исм-шарифини аниқ-тиниқ қилиб ёздириб қўйиши-ю, меҳмонхона хизматчиси нимагадир бу «учрашув»ларни хаспўшлаш ўрнига унинг исмишарифи ёнига очиқ-ошкора «плюсь бир» деган ёзувни тиркаб қўйгани мантиққа тўғри келмасди.
Акмал Жобирбекнинг «Қурувчилар»да тунаган кунлари нуқул Фарангиснинг навбатчилик кунларига тўғри келганидан шубҳаланиб уни кузата бошлаганди. «Калаванинг учи» шу жувонда эканини ички бир овоз тасдиқлаб турарди. Дастлаб, кузатувлар унчалик натижа бермади. Фарангис ишдан чиқиб тўғри уйига чопарди. Йўл-йўлакай дўкондан ул-бул харид қиларди, холос. Қўшниларидан бири уни муштипар бир аёл сифатида таърифлади. Яхши баҳо берди. Кейин бир нимада шубҳаландими, Акмалга ёвқараш қилди:
– Шошма, сен ўзи нима учун бу хонадон билан қизиқиб қолдинг? Кимсан ўзи? – Ёши ўтинқираб қолган амаки жуссасига ярашмаган бир шашт билан хезланди ҳамсуҳбатига. Акмал нима дейишини билмай бир оз каловланиб қолди. Таваккал: «Шу хонадон билан тақдиримни боғлаш ниятим бор», деб юборди. Амаки тинчланди. Ҳатто, аввалгисидан ҳам мулойимлашди.
– Ҳа, боласи тушмагур, ҳойнаҳой Наргисга тўр ташлаган кўринасан?!
– Тавба, Наргис ким бўлдийкин? – Акмал шу ўй, ясама уялиш, зўраки табассум билан амакига «тасдиқ» маъносида бош ирғаб қўйди. Ҳозир таваккалчиликдан бошқа чораси йўқ эди унинг.
– Наргис, барака топгур яхши қиз! Опасига меҳрибон!
«Ҳа, Наргис Фарангиснинг синглиси экан-да? – Акмалнинг чеҳраси ёришиб кетди. – Ҳойнаҳой, опаси билан турса керак?!»
– Сиз Наргисга кўз ташлаганимни қаердан билдингиз, ўта синчков экансиз ота! – Акмал оғзининг таноби қочиб, ҳамсуҳбатини мақтаган бўлди. Мақсади, кўплаб маълумот олишини кўзлаганди. Ота мақтовга парво ҳам қилмади.
– Шу хонадон билан тақдирингни боғламоқчи экансан, албатта Наргисни мўлжал қиласан-да. Анови тўнка эр билан умри хазон бўлган Фарангисни танламагандирсан, ҳарҳолда? Ёки… – У қалин ўсган қошлари орасидан унга синчиклаб қаради. – Ёки ногирон болаларига оталик қилмоқчимисан?
Акмал нима деб жавоб беришни билмай қолди. «Ҳа» демаслиги аниқ, аммо «йўқ» дейишга ҳам иккиланиб қолди: «Чоли тушмагур, меҳр-мурувватсиз одам экансан» деб дағдаға қилмасин, ишқилиб.
– Энди, яхшими-ёмонми ўз оиласи бор! – Ўйлайўйлай топган гапи шу бўлди Акмалнинг. Аммо, суҳбатнинг боришидан қониқмоқда эди у. Фарангис ҳақида анчайин маълумот олишга улгурганди. «Демак, тўнкага ўхшаган эри, қари қиз синглиси ва ногирон болалари бор экан» – хаёлан Фарангиснинг турмушини чамалади у. Кейин суҳбатдоши – кекса амаки билан хайрлашиб, ундан узоқлашаркан, хотирасига муҳрланган учта сўзни ён дафтарчасига тушириб қўйди: Тўнка эр? Қари қиз сингил? Ногирон болалар?..
36
«Қурилиш-тижорат банк»ини топиш унча қийин кечмади. Наргис ана шу банкда ишларди. Акмал атайин пайт пойлаб ишга чиқмайдиган куни уни сўраб борди.
– Сиз Наргиснинг кими бўласиз? – қатор қилиб терилган компьютерлар қаршисида ўтирган қизлардан бири, қошларини маъноли учириб сўради ундан. Акмал атрофдаги қизлар ҳам бир-бирлари билан сирли-сирли кўз уриштирганларини, кейин қулоқлари динг бўлиб, унинг жавобига муштоқ туришганини кўриб атай овозини бир парда пастлаб гапирди.
– Мен, танишиман!
– Узоқ? Яқин? – шўхлигини қўймасди қиз.
– Бунинг нима аҳамияти бор?
– Ҳа, энди сизга – бегона бир эркакка, ўн гулидан бир гули очилмаган бокира бир қиз ҳақида бирон-бир маълумот бериш учун шахсингизни билишим керакми, йўқми? – бўш келмади у. Қизлар унинг сўзамоллигидан яйрашарди. Шу пайт биттаси луқма ташлади:
– Танишлар масаласида, жа-а-а омади чопган-да, Наргиснинг!
– Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, учинчиси ажаб эмаски қовушиш бўлса-а? – гапга аралашди қизларнинг яна бири.
– Фу-у-у, – деди боя луқма ташлаган қиз, – анави завод директори сўраб келганида ҳам шундоқ фол очган эдиларинг. Қорасини ҳам кўрсатмай кетди.
– Сан қатдан биласан – балки учрашиб юргандир? – Тескари қараб ўтирган қизлардан бири ўгирилди-да, Акмалга кўзи тушиши билан, ножўя гапириб қўйдим дегандек, бошини чайқаб-чайқаб яна ишида давом этди.
– Ман сизларга айтсам, – ёши каттароқ жувон икки қўлини ёнга чўзиб керишди, – эр дегани «баръер» дегани. Кони ташвиш. Наргис тўғри қилди.
Даврадагилар Акмални унутиб қўйишганди гўё. Ўзлари билан ўзлари баҳсга киришиб кетишди. Акмал эса бир чеккада барчани бирма-бир кузатиб, суҳбатнинг мағзини чақиб турарди. Агар Акмал бошқа бир мақсадда келганида, ўртадаги гап-сўзлардан ранжиган бўларди, эҳтимол. Ҳозир эса айни шу каби мулоҳазалар унинг мақсадига мос эди. Бу пайт бояги керишиб гап бошлаган хотин қўли ишга бормай, ёнидагиларга гап уқтириш билан машғул эди.
– Шундай жойга ишга киритиб қўйди. Ками кўстига қарашиб турибди. Бир гал бир хотин билан 100 минг сўм юбортирган экан. Роса мақтанганди – эсларингдами? Ҳар ой юз минг, ёмон эмас-а? Яна нима қилсин бечора? Бу ношукур яна янги танишлар орттириб юрибди. Кўз дегани тўймас экан-да, тавба!
Акмал Наргисни яқиндан таниш учун, айни шу аёл билан гаплашиши лозимлигини пайқади: «Кўп нарсани биладиган кўринади. Афтидан, сирдоши бўлса керак. Наргисга ҳасад қилаётгани шундоқ гап-сўзларидан билиниб турибди».
Кечки соат 18:00 да Акмал унга ишхона остонасида пешвоз чиқди. Кичикроқ бир кафега таклиф қилди: «Самимий, дўстона ўтирамиз, ножўя ҳаракат, ёмон ният йўқ», – деди жувонни чўчитмаслик учун.
– Ундай бўлса бормайман, – ҳазил аралаш эркаланди жувон. Малика, деб қўл узатди. – Сизники-чи?
– Акмал!
Малика ўша ўтиришда роса очилиб ёзилди. Наргиснинг қошига учиб келган бахт қуши ўзининг бошига қўнмоқчи бўлиб турганидан – севинчи ичига сиғмай кетаётганини яшира олмади. У ҳали Акмалнинг ким эканини билмас, аммо турқи-тароватидан катта бир корхонанинг раҳбари бўлса керак, деган гумонда эди. Акмал шу ўтиришда Наргис ҳақида кўпдан-кўп маълумотларга эга бўлди: Жобирбек кейинроқ унга уйланмоқчи эканини, ҳозирданоқ пойтахтнинг энг марказ жойидан 30000 долларлик ҳовли жой сотиб олганини, уйни Наргиснинг номига расмийлаштирганини – барча-барчасини гапириб берди. Анчайин ўтириб қолишибди, кўчага чиқишганида кеч тушиб, шаҳар сон-саноқсиз чироқлар шуъласига бурканганди. Акмал Маликанинг манзилини ёзиб олди. Малика келажак ҳақидаги орзуларига шу кеч илк қадам қўйишни кўзлаб турарди. Уйга кузатса, бир амаллаб ичкарига таклиф қиламан – у ёғи минг бир кеча, деб мақсадини дилига тугиб улгурганди. Аммо, Акмал у билан шу ерда хайрлашишни маъқул топди. Малика буни кеч англади. Акмал такси ҳайдовчисига йўлкира бериб, «Бу кишини уйларига обориб қўйинг», деганида росмана саросималаниб қолди. Апил-тапил машина ойнасини туширдида: «Яна қачон келасиз – яна учрашамизми?» – деб сўради.
– Энди келмасам керак, аммо зарур бўлиб қолсангиз, албатта чақиртираман, – деди.
Малика уни яхши англай олмади. Ҳафсаласи пир бўлиб, «ҳамма эркаклар бир гўр» деди-да, машина ўриндиғига яхшилаб ўрнашиб олди. «Майли, бир кафе, текин транспорт фойдага қолди-ку!» деб ўз-ўзига таскин берган бўлди. Боя эртакнамо ҳаётга қўл чўзган жувон, одатий ҳаётнинг кичкина бир туҳфаси билан ҳам кифояланди.