Электронная библиотека » Генри Форд » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Менинг ҳаётим"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Генри Форд


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

V БОБ
Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш

Агар вақтни 10 фоиз тежаш ёки ишлаб чиқаришни 10 фоиз ошириш усули бўлса, бу усулдан воз кечиш 10 фоиз қўшимча солиқ тўлаш билан баробардир. Кишининг вақти соатига 50 цент қийматга эга дейлик, шунда уни 10 фоиз тежаш 5 цент фойда келтиради. Агар осмонўпар бинонинг эгаси даромадини 10 фоизга ошира олса, шу фойдасининг ярмини буни амалга оширишни ўргатган инсонга жон деб берган бўларди. Нега у осмонўпар бино қуради? Чунки муайян материалларни муайян тарзда қўллаш муайян кенгликни тежаш имконини беради ва шу билан ижарадан даромадни кўпайтиради. Ўттиз қаватли бино беш қаватли бинодан кўпроқ пойдевор ва ер талаб қилмайди. Аммо беш қаватли уй соҳибининг даромади йигирма беш қаватли уй эгасиникидан кам бўлиши шубҳасиз.

Агар ўн икки минг ишчининг ҳар бири кунига ўн қадам кам юрса, 50 мил юриш учун кетадиган куч ва масофа тежалади.

Булар ишлаб чиқариш бўйича тамойилларимдир, ҳаммаси амалда иш берарди. Аввал биз малакали усталарни ишга олдик. Ишлаб чиқаришни кенгайтирганимизда уста етишмай қолиши у ёқда турсин, балки кўп устага ҳожат йўқлиги аён бўлди. Шу ўринда янги тамойил шаклланди. Унга кейинроқ тўлиқ тўхталаман.

Тан олишимиз керак, яхши яшаш учун ҳамма одам жисмонан бўлмаса-да, ақлан бирдек истеъдодли эмас. Яъни, ҳамма ҳам эҳтиёжи бор нарсаларга алиштириш учун ўзи мустақил маҳсулот ярата олмайди. Баъзан “Форд” малакага эътибор бермайди, деган гапларни эшитиб қоламан. Асло ундай эмас. Биз учун маҳорат муҳим. Биз юқори малакали кадрларни режалаш, бошқарув ва ускуналар қуришга сафарбар этамиз. Уларнинг малакаси жисмоний меҳнат ходимлари фойдасига ишлайди. Буни бироздан сўнг кенгроқ тушунтираман.

Инсонлар ақлининг нотенглигини тан олайлик. Агар ҳар бир иш маҳорат талаб қилаверса, ишлаб чиқариш умуман юришмасди. Бизга керакли миқдордаги малакали ишчиларни юз йилда ҳам тўплаб бўлмайди. Қўл меҳнати қиладиган миллионта ишчи кунлик ишлаб чиқаришимизни ҳатто қисман қондирмайди. Қолаверса, миллионлаб ишчиларни бошқарувчи одам топилиши ҳам даргумон. Бундан ташқари, миллионта мустақил қўл яратган маҳсулот қимматлашиб, уни сотиб олишга аксарият кишиларнинг қурби етмайди. Майли, тегишлича бошқариладиган ва ишини мувофиқлаштира олган шунча инсонлар жамоасини тасаввур қилдик ҳам дейлик, хўш, уларни сиғдирадиган бино қандай бўлиши керак? Улардан нечтаси ишлаб чиқариш эмас, бошқалар тайёрлаган маҳсулотларни у ёқдан-бу ёққа ташиш билан банд бўларди? Бундай шароитда кунига 10–20 центдан зиёд иш ҳақи тўлай олмасдик. Бир нарсани тушунинг, маошни иш берувчи тўламайди, у фақат пулларни бошқаради, холос. Маошни маҳсулот тўлайди. Бошқарувчи эса ишлаб чиқаришни ташкил этади ва маҳсулот маош тўлашга қобил бўлади.

Ишлаб чиқаришнинг тежамкор услублари бирданига пайдо бўлмаган. Улар ҳам худди автомобиль қисмларини мустақил тайёрлашни ўрганган каби босқичма-босқич юзага келди. “Model T” ўзимиз тўлалигича йиққан илк автомашина эди. Тежамкорлик қисмларни йиғишдан бошланди ва кейин ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларига кўчди. Энди бизда етарлича техник мутахассислар мавжуд, бироқ улар автомобилни йиғмайди, аксинча, бошқаларнинг ишини қулайлаштиради. Бизнинг малакали хизматчиларимиз тажриба ўтказиш, техникани бошқариш, станокларни қуриш ва эҳтиёт қисм андазаларини яратиш билан машғул. Улар қўл ишини аъло бажаради, шу боис уларнинг қимматли вақти ва кучини машина уддалайдиган юмушларга сарфлаш хато бўлади. Бизга илк келган ишчиларнинг катта қисми тажрибасиз, улар вазифасини бир неча соат ёки бир неча кун давомида ўрганади. Шу вақт ичида улардан нима кутаётганимизни тушуна олмаса, улар билан хайрлашамиз. Уларнинг аксарияти хорижликлар бўлиб, ишга қабул қилишдан олдин улардан бор-йўғи бир нарсани – фабрикада эгаллайдиган ўрнини оқлашини истаймиз. Ишчилар жуда ҳам кучли бўлиши шарт эмас. Бизда, очиғи, жисмоний қувват талаб этувчи ишлар ҳам, уч яшар бола уддалайдиган вазифалар ҳам топилади.

Техник жараёнларга батафсил тўхталмасдан, ишлаб чиқаришимиз қандай ривожланиб, ҳар бир ўзгариш қай кетма-кетликда кечишини кўрсатиб бўлмайди. Бунинг умуман имкони борлигини ҳам билмайман, чунки ҳар куни нимадир юз беради ва ҳеч ким ҳамма нарсани ҳисоблаб юролмайди. Таваккалига яқинда жорий этилган баъзи ўзгаришларни олайлик. Уларга қараб, яқин келажакда дунёда ҳамма тўғри йўлга тушса, нималар содир бўлишини, ҳозир маҳсулотларга ортиқча пул сарфлаётганимизни, маошимиз керагидан қанчалик озлигини, ҳали биз тадқиқ этадиган майдон поёнсиз эканини билиш мумкин. Форд мотор компанияси ҳозирча бу майдоннинг бир қисмини очди, холос.

“Форд” машинаси, тахминан, 5000 қисмдан иборат, жумладан, унга винтлар, бурама мих ва ҳоказолар киради. Уларнинг айримлари анча ҳажмдор бўлса, бошқалари, аксинча, ҳатто соат механизмларидек келади. Авваллари машинани ерда йиғардик, ишчилар зарур қисмларни бир чеккадан олиб келишарди – гўёки уй қураётгандай эдик. Қисмлар ўзимиздан чиқа бошлагач, ўз-ўзидан ҳар бир қисм учун махсус бўлим очилди ва кўп ҳолларда бир ишчи унча катта бўлмаган бир қисмни тайёрлашга ўтди. Ишлаб чиқариш кўламининг кенгайиши тез орада янги логистик ва технологик схемаларни тақозо этди, чунки ишчилар бир-бирларига халақит бермаслиги керак эди. Янги иш бошлаганлар кўп вақтни материаллар ҳамда ускуналарни излаш ва ташишга сарфлайди, шунинг учун кам ҳақ олади, зеро уларнинг ташиш ва излашга кетган соатларига катта ҳақ тўланмайди.

Бизнинг илк ютуғимиз шунда бўлдики, ишни ишчиларнинг олдига олиб келдик, аксини қилмадик. Бугун аксар жараёнларга нисбатан иккита асосий тамойилни қўллаймиз: ҳеч қачон ишчини бир қадамдан ортиқ юришга мажбурламаслик ва ҳеч қачон уни бошқа томонга қайрилишига йўл қўймаслик.

Йиғиш жараёнида риоя этилиши шарт тамойилларга кўра:

1. Асбоб-ускуналарни ва ишчиларни бажарилажак ишлар кетма‐кетлигида шундай жойлаштирингки, токи ҳар бир таркибий қисм якунга қадар иложи борича кам масофа босиб ўтсин.

2. Ташувчи воситаларидан шундай фойдаланингки, вазифасини якунлагач ишчи қисмни доим бир ерга қўйсин, бу жой унга жуда қулай бўлиши лозим. Бир қисмни бошқа ишчига жўнатишда имкон қадар гравитация кучидан фойдаланинг.

3. Қисмларни қулай вақт оралиғида етказиб бериш ва олиб кетиш учун конвейердан фойдаланинг.

Агар бу қоидаларга аниқ риоя этилса, ишчининг ақлий ва жисмоний қувват сарфи минимал даражага тушади. У фақат битта жараённи ўзгармас ҳолатда амалга ошириши кифоя.

Шасси йиғиш, оддий кўз билан қараса, энг қизиқарли, шу қатори энг муҳим жараёндир. Ҳозир биз қисмларни йиғиш учун тақсимлаш жойига юборамиз.

Тахминан, 1913 йил 1 апрелида биз синов тариқасида илк ҳаракатланувчи йиғиш конвейерини ишга туширдик. Унда биз магнето – двигателларда электр учқуни ҳосил қиладиган асбобни йиғдик. Бу тажрибани биз дастлаб кичикроқ ҳажмда ўтказдик. Ўзимиз учун янгича ишлаб чиқариш усулини очгач, кескин ўзгаришларга киришамиз, аммо олдин, у ростдан ҳам аввалги услублардан яхши эканига ишонч ҳосил қилмоғимиз зарур.

Менимча, у дунёдаги биринчи йиғиш конвейери эди. Уни ясаш ғояси чикаголик қассоблар гўштни майдалаб узатадиган сурилувчи тасмаларни кўргач пайдо бўлганди. Бутун йиғиш жараёни битта ишчининг қўлида бўлган вақтларда, у тўққиз соатлик иш куни мобайнида ўттиз бештадан то қирқ бештагача магнето йиға оларди, яъни битта магнетони йиғиш учун йигирма беш дақиқа вақт сарфланарди. Кейинчалик унинг иши йигирма тўққизта алоҳида операцияга ажратилди ва шу туфайли йиғиш вақти ўн уч дақиқа ва ўн сонияга қисқарди. 1914 йил биз конвейер баландлигини саккиз дюймга кўтардик ва сарфланадиган вақт етти дақиқага тушди. Кейинги тажрибаларимиз натижасида вақтни беш дақиқага қисқартирдик. Қисқаси, илмий изланишлар шарофати билан ишчига у олдин қобил бўлганидан кўра тўрт марта кўп иш бажариш имкони яратилди. Моторни йиғишни ҳам аввал бир ишчи бажарар эди ва биз энди уни қирқ саккизта алоҳида жараёнга ажратдик, бу ходимларнинг самарадорлигини уч баробарга оширди. Орадан ҳеч қанча ўтмай шассини ҳам шу йўсинда йиғишга киришдик.

Битта шассини стационар тарзда йиғиш ўртача (энг яхши вазиятда) ўн икки соат-у саккиз дақиқа вақт оларди. Биз шассини чиғир ва арқон ёрдамида 76 метр масофага силжитишни синаб кўрдик. У билан бирга олтита ишчи ҳам ҳаракатланар ва шу йўсин йўлда тайёрлаб қўйилган эҳтиёт қисмларни йиғиб борарди. Ҳали номукаммал бу жараён йиғиш вақтини беш соат-у эллик дақиқага қисқартирди. 1914 йилнинг бошида биз конвейерни баландроққа кўтардик. Энди ишчилар операцияларни тик турганча бажара бошлади. Битта линия ердан 26.75 дюйм, бошқаси 24.5 дюйм тепада, яъни ишчиларнинг бўйига монанд эди. Конвейер ишчининг қўллари баландлиги даражасида жойлашгани ва жараённинг кейинги бўлинишлари натижасида ҳар бир ишчи аввалгидан кам ҳаракат бажарадиган бўлди, йиғиш вақти бир соат-у ўттиз уч дақиқага тушди. Ўшанда фақат шасси конвейерда йиғилиб, кузов Ҳайленд парки, Жон Р. кўчасидаги заводларимизда ўрнатилган бўлса, ҳозир бутун автомашина конвейерда жамланади.

Ҳаммаси ҳикоя қилаётганимдай тез ва силлиқ ўтибди, деб ўйламаслик керак. Биз конвейер тезлигини узоқ ўргандик.

Магнето конвейери аввал дақиқасига 60 дюйм тезликда ҳаракатланди. Бу жуда тез эди. Кейин дақиқасига 18 дюйм тезликни синаб кўрдик. Бу жуда секин бўлди. Ниҳоят бир дақиқада 44 дюйм тезликни ўрнатдик. Бу ерда баъзи муҳим шартларга риоя қилиш лозим: биринчидан, бирорта ишчи шошилмаслиги керак – унга етарли, аммо ортиқча вақт берилмаган. Шассини йиғиш жараёнида эришилган ҳайратланарли ютуқлар бизга ишлаб чиқариш жараёнини буткул қайта ташкиллаш ва барча йиғиш цехларида механик линияларини ўрнатишга туртки берди. Биз ҳар бир цех учун алоҳида мувофиқ тезлик ўрнатдик. Масалан, шасси йиғув конвейери дақиқасига 1.8 метр; олдинги ўқни йиғиш конвейери 148 дюйм тезликда юради. Шассини йиғишда қирқ саккизта турли операциялар бажарилади, бу тегишлича тўхташ сони демакдир. Ишчиларнинг биринчи гуруҳи шассининг синчига тўртта қопламани ўрнатади; мотор ўнинчи бекатда ўз ўрнига мустаҳкамланади ва ҳоказо. Бир хил ишчилар битта ёки иккита қўл ҳаракатини бажаради, бошқалари эса кўпроқ. Вазифаси бирор қисмни жойлаштириш бўлган ишчи уни мустаҳкамламайди – гоҳида қисм бир неча опе рациялардан кейин тўлиқ ўрнатилиши мумкин. Шундай қилиб, болтни ўрнатадиган ишчи айни пайтда гайкани бурамайди; гайкани ўрнаштирган ишчи уни мустаҳкамламайди. 34-операцияда олдиндан ёғланган моторга бензин қуйилади; 44-операцияда радиаторга сув тўлдирилади, 45-операцияда автомашина тайёр ҳолда Жон-Р. кўчасига чиқади.

Албатта, мотор ҳам шу тахлит йиғилади. 1913 йил октябрда бу операция 9.9 иш соатини банд қилар эди. Олти ойдан сўнг, йиғув конвейери туфайли бу вақт 5.9 иш соатига келтирилди. Заводимизда ҳар бир қисм ҳаракатдадир: у инсоннинг бўйидан баланддаги катта занжирларга осилган ҳолда ўрнатиш жойига қараб силжиб боради ёки ўз оғирлиги билан йўлаклар бўйлаб ҳаракатланади. Асосийси, материаллар қўлда кўтарилмайди ёки ташилмайди. Улар керакли жойга Форд шассиларига ўрнатилган аравачаларда етказилади, бу аравачалар шу қадар ҳаракатчан ва қайишқоқки, йўлаклар бўйлаб исталган йўналишда юра олади. Ҳеч қайси ишчи ташиш билан боғлиқ юмуш бажармайди. Буни бошқа, алоҳида бўлим амалга оширади.

Биз иш бошлаганимизда бутун автомобилни битта фабрикада йиғар эдик. Кейин қисмларни ўзимиз ишлаб чиқара бошладик ва муайян қисмни тайёрлашга ихтисослашган цехлар ташкил этдик. Ҳозирги пайтда муайян цех фақат битта қисмни чиқаради ёки йиғади. Цехларимизнинг ҳар бири мўъжаз фабрикага айланган. Бир қисм деталлар заводга хомашё ёки қуйма сифатида келтирилади, бу ерда махсус ускуналар ёки иситиш қурилмаларида ишлов берилади ёхуд бирор ихтисослашган цехдан ўтади ҳамда тайёр маҳсулотга айланади. Ишлаб чиқаришнинг дастлабки даврида турли цехлар бир-бирига яқин жойлашган ва бу ташишни енгиллаштирарди. Мен ҳали қатъий ва ҳар томонлама ажратишни ўйламагандим, аммо ишлаб чиқариш ўсгани ва цехлар сони кўпайгани сари бутун автомобиль эмас, қисмлар ишлаб чиқарадиган заводга айландик. Кейин биз яна бир кашфиёт қилдик: ҳамма қисмларни битта заводда ишлаб чиқариш шарт эмас экан. Умуман, бу кашфиёт эмасди – мен иш бошлаганда моторни ҳам, машинанинг 90 фоиз қисмларини ҳам сотиб олардим. Қисмларни ўзимиз ишлаб чиқара бошлаганда эса, бизга уларнинг битта заводда ишлаб чиқарилиши табиий кўринганди, бутун автомобилнинг битта том остида ишлаб чиқарилиши афзалдай гўё. Кейинроқ буткул тескари хулосага келдик. Агар келгусида улкан заводларни фақатгина айрим қисмларга ўта катта эҳтиёж пайдо бўлгандагина қуришимиз мумкин. Умид қиламанки, вақти келиб Ҳайленд паркидаги заводимиз бир ёки иккита жараённи бажариш билан чекланади. Қисмлар эса Ривер-Ружда қуйилади. Шундай қилиб, биз босқичма-босқич аввал бошлаган еримизга қайтмоқдамиз, ягона фарқ, аввалгидай бошқалардан қисмларни сотиб олиш ўрнига, ўзимиз ўзимизга етказиб берамиз, холос.

Юз бераётган ҳодисалар бизга узоқни кўзлаган истиқболли хулосалар чиқариш имконини беради. Стандартлаштириш ва меҳнатни тақсимлашга асосланган саноат бутунича битта катта заводда жойлашиши шарт эмас. Заводдаги ишчилар кўпи билан 1000–500 кишидан ошмаслиги керак. Бу бир вақтнинг ўзида иккита қийин масалани ҳал этиш имконини беради: ишчиларни заводга олиб келиш ва ортга қайтариш ҳамда уларни муносиб яшаш жойи билан таъминлаш, ҳозирги улкан ишлаб чиқариш жойларидаги каби нотабиий каталакларда яшашига йўл қўймаслик.

Ҳайленд паркида энди 500 та (аввал бор-йўғи 180 дона эди), Пикет-авенюдаги заводда 18 цех бор. Бундан автомашина қисмларини тайёрлашда қанчалар илгарилаб кетганимиз кўринади.

Биз деярли ҳар ҳафта бирор ускунани ёки жараённи янгилаймиз, такомиллаштирамиз ёки ишлаб чиқариш технологиясига ўзгартириш киритамиз. Гоҳида бу тузатишларимиз “энг яхши ишлаб чиқариш усули” ҳисобланган жараёнларга ҳам татбиқ этилади. Ёдимда, бир гал машинасозлик заводининг эгасини чақириб, соатига 200 та ашё чиқарадиган ўзига хос ускуна яратишни муҳокама қилдик.

– Бу, эҳтимол, хато гап бўлса керак, – деди тадбиркор ўшанда. – Сиз кунига 200 дона демоқчидирсиз. Соатига 200 детал тайёрлайдиган машина йўқ.

Компаниямиз ходими шунақа қурилмани лойиҳалаган муҳандисни чақириб келди. Муҳандис тадбиркорга батафсил сўзлаб берди.

– Бунинг асло иложи йўқ, – деди мулойимлик ила тадбиркор жавобан. – Бунақа машиналар ҳаётда мавжуд эмас!

– Мавжуд эмас? – хитоб қилди муҳандис. – Агар мен билан биринчи қаватга тушсангиз, сизга уни ишлаётганини кўрсатаман. Биз ўзимиз шунақа қурилмани ясадик, бунинг иложи борлигини кўришни истадик. Энди бизга шу каби қурилмадан яна бир нечтаси керак.

Биз ўз тажрибаларимизни махсус қайдномаларда ёзиб бормаймиз. Ишбошилар ва цех раҳбарлари қайси иш қандай бўлгани, натижа бермаган тажрибаларни ким бажарганини ёдда тутади. Амалга ошмаган тажрибаларни жамлаб юрсангиз, қўлингизда муваффақиятсизликларнинг узун рўйхати ҳосил бўлади. Синчковлик билан ҳужжатлаштиришнинг фожиаси шундаки, тез орада синаб кўришингиз учун ҳеч вақо қолмайди. Ваҳоланки, икки киши бир хил тажриба ўтказиб, турли натижага эришиши мумкин.

Бизга чўян қуйишда занжир усулимиздан фойдаланиб бўлмаслигини айтишди. Англашимча, бир қатор тажрибалар ҳужжатлаштирилган ҳам эди. Аммо биз буни уддаладик. Буни амалга оширган инсон аввалги тажрибалардан бехабар ёки эътиборсиз бўлган. Худди шу тариқа, бизга қайноқ метални эритиш ўчоқларидан бевосита қолипларга қуйиш иложсизлигини исботламоқчи бўлишди. Одатда металл аввал улкан чўмичларга тушади ва бир қадар совутилади, қолипларга қуйишдан олдин яна иситилади. Бироқ биз Ривер-Руждаги фабрикамизда метални эритиш қозонларидан қолипларга бевосита олиб қуямиз.

Бизда “эксперт”лар йўқ. Биз ҳатто ўзини “эксперт” ҳисоблаганларнинг бир нечтасидан воз кечганмиз, чунки ишининг устаси ўзини ҳамма нарсани биладигандай тутмайди. Ишнинг кўзини биладиган одам қилинган ишлардан кўра қилиниши лозим ишларни кўради, шунинг учун тинимсиз олдинга интилади, қўл қовуштириб кун ўтказмайди. Бу олдинга интилиш эса ўз кучига ишонч бағишлайди ва вақт ўтиши билан ҳеч нарса имконсиз эмаслиги ойдинлашади. “Эксперт”ларга ишонсанг, кўп нарса иложсиздек туюлаверади.

Мен имконсиз ишнинг ўзи йўқ деб биламан. “Бу имконсиз”, дея ишонч билан айта оладиган билимли одамни кўрмадим. Тажриба ва техник таълим инсон дунёқарашини кенгайтириши ва иложсиз нарсалар сонини қисқартириши шарт. Афсуски, ҳамиша ҳам бундай бўлмайди. Аксарият ҳолларда техник таълим ва тажриба фақат ўтмишдаги омадсизликларни далил қилиб кўрсатади. Шу муваффақиятсизликларни жиддий тадқиқ этиш ўрнига, “билағон”лар муваффақиятнинг йўлини тўсади. Шундай “обрўли эксперт”ларнинг бири дод солади: “Бунинг иложи йўқ”, бир тўда бемулоҳаза издошлари ўйламасдан унга жўровоз бўлади: “Йўқ, асло бунинг иложи йўқ!”

Мана, металл қуйишни олайлик. Қуйиш жараёнида ҳамиша анча материал исроф бўларди. Бундан ташқари, темирчилик шу қадар қадимий касбки, унинг ўз анъаналари бор. Бу эскиликларга ёпишиб олганлар қаршисида ҳар қандай ўзгариш катта машаққат билан амалга оширилади. Бир “обрўли” чилангар тажрибаларимизни бошламасдан олдин шундай баёнот берди: кимки бир йил ичида металл қуйиш билан боғлиқ харажатларни қисқартираман деса, у ёлғончидир.

Металл қуйиш цехимиз бошқаларники билан деярли бир хил эди. 1910 йил илк “Model Т”” учун цилиндрларимизни қуйганимизда, ҳаммасини қўлда бажаргандик. Човгунлар ва аравалар кенг қўлланарди. Бизда малакали ва малакасиз кўплаб ишчилар, чилангарлар бор эди. Ҳозир тахминан, 5 фоиз юқори малакали қолиплаш усталаримиз бор, холос. Қолган 95 фоиз ишчиларимиз малакасиз, яъни улар бор-йўғи битта ҳаракатни билса етарли, бунга икки кун ичида исталган нўноқни ўргатиб олса бўлади. Қуйиш механизациялашган.

Қуйилиши керак ҳар бир қисм учун алоҳида бўлимлар ишлайди, бу эса режада акс этади. Зарурий техника айнан шу қисмни қуйишга мослаб созланади, буни амалга оширадиган ишчилар фақат битта доимий такрорланадиган ҳаракатни бажаради. Ҳар бир бўлим изчил оралиқларда қолип учун платформачалар ўрнатилган осма конвейердан ташкил топади. Техник тафсилотларга тўхталмай айтишим керакки, шаклларни тайёрлаш платформалар ҳаракатланаётганда юз беради. Металл қолипга қуйилгач, олдинга силжийди ва шу қолип то охирги бекатга боргунча, етарли даражада совийди, автоматик тарзда тозаланади, қайта ишланади ва йиғилади. Айни пайтда платформа янги юкни олиб келиш учун олдинга ҳаракатини давом эттиради.

Бошқа бир мисол – поршенни йиғиш. Эски тизимга кўра бу жараён атиги уч дақиқа олгани боис, унга алоҳида эътибор шарт эмасдек туюлади. Дастлаб буни бажариш учун иккита стол атрофида йигирма саккиз киши ишларди. Тўққиз соатлик иш куни мобайнида ишчилар атиги 175 поршенни йиғар, яъни битта поршенни йиғиш учун уч дақиқа ва беш сония вақт кетарди. Уларнинг ортидан ҳеч ким назорат қилмагани туфайли моторни йиғиш вақтида аксарият поршенлар яроқсиз ясалгани маълум бўларди. Жараён, умуман олганда, бошдан охир жуда оддий эди. Ишчи поршеннинг валигини чиқариб, мой суртар, шатун ва валикни яна жойига жойлаштирар, битта бурамани олдинга тортиб, иккинчисини мустаҳкамлагач иш битарди. Катта уста буларнинг барини диққат билан ўрганиб, нега бу ишга уч дақиқа сарфланишини аниқлай олмади. Шунда у барча ҳаракатларни қўлда хронометр билан таҳлил қилди ва тўққиз соатли иш кунининг тўрт соати юриш билан ўтиши ойдинлашди. Ишчилар ҳеч қаерга кетмасди, шунчаки у ёки бу детални олиш ва тайёрини жойига қўйиш учун бўзчининг мокисидек қатнашга мажбур бўларди, холос. Жараён вақтида ҳар бир ишчи саккизта турли ҳаракатларни амалга оширарди. Шундан сўнг уста янги режа таклиф этди, у бутун жараённи уч қисмга ажратиб, дастгоҳга сургич ўрнатди, ҳар икки томонига учтадан ишчини жойлаштирди ва охирига битта назоратчини қўйди. Энди ишчилар аввалги ҳаракатларининг учдан бирини, яъни ўрнидан қўзғалмасдан ишларди. Мазкур жараён билан банд ишчиларнинг сони йигирма саккизтадан ўн тўрттага тушди. Йигирма саккизта одамнинг бир кунда энг кўп ишлаб чиқарган поршенлари сони 175 дона бўлса, бугун етти киши саккиз соатлик иш кунида 2600 та маҳсулот ишлаб чиқаради. Бунинг нақадар самарали бўлгани кундек равшан!

Авваллари орқа ўқни лаклашга анчагина вақт кетган. Ўқ қўл билан сирланган лак тўла идишга ботириларди. Бунинг учун икки киши бир қанча амалларни бажарар эди. Энди бу ишни биз ихтиро этган ва қурган ўзига хос ускуна ёрдамида бир киши бемалол уддалайди. У ўқни осма ҳаракатланувчи занжирга боғласа кифоя, ускунанинг ўзи уни бўёқли идишга олиб боради. Иккита тутқич ушлаб турувчи қисқичларни идишга ўрнатилган ўқнинг бўйни томон суради, бўёқ тўла идиш 1.8 метр юқорига кўтарилади ва ўқ лакка ботирилади, кейин бўёқли идиш пастга туширилади, ўқ эса қуритиш ўчоғи томон йўналади. Бу жараён ўн уч сония вақт олади, холос.

Радиатор – бундан мураккаброқ иш, уни кавшарлаш ишчидан маҳорат талаб қилади. Ундаги 95 дона қувурчани қўлда мослаш ва кавшарлашга узоқ вақт сарфланади. Бу иш учун маҳорат ва сабр керак эди. Ҳозир буларнинг барини битта машина бажаради ва у саккиз соатлик иш куни мобайнида 1200 та радиатор ишлаб чиқаради. Тайёр радиаторлар автоматик тарзда оловли ўчоққа солиниб, кавшарланади. Бунинг учун на чилангар ва на малакали ишчиларга эҳтиёж бор.

Авваллари биз устки қопламанинг қисмларини қопламанинг ўзига пневматик болғалар ёрдамида бириктирар эдик, ўшанда бундай болғалар янги кашфиёт саналарди. Болғани ушлаб туриш учун олти киши лозим эди. Ва яна олти киши қоплама атрофида турар, жараён мобайнида атрофга чидаб бўлмас шовқин тарқаларди. Энди эса битта автоматик болға битта одам назоратида ўн икки киши кунбўйи қиладиган ишдан беш баробар кўп ишни бажаради.

Пикет-авенюдаги заводда цилиндр қўйиш вақтида то тайёр бўлгунча қарийб 1200 метр масофани босиб ўтарди, ҳозир эса 90 метрдан сал кўпроқ ҳаракатланади.

Ҳозир бизда материаллар қўлда ишланмайди, умуман бирор жараён қўлда бажарилмайди. Агар техника ишлатиш мумкин бўлса, ишлатамиз. Биз қўл меҳнатини арзон ва фойдали деб ҳисобламаймиз. Айни пайтда ускуналаримизнинг 10 фоизи махсус техника бўлиб, қолган ҳаммаси ўзимиз ишга мослаштирган оддий дастгоҳлардир. Барча аслаҳаларимиз жуда ихчам жойлаштирилган: заводларимизда бир квадрат метр ерни дунёдаги исталган заводдагидан кўра кўп техника банд қилади. Бекор ётган бўш ер ишлаб чиқариш учун ортиқча харажатдир ва бизга бунинг кераги йўқ. Шунга қарамай, жойдан танқислигимиз йўқ, ҳар бир ишчи учун етарлича – оз ҳам, кўп ҳам бўлмаган жой бор. Вазифаларни тақсимлаш, ҳаракатланувчи ускуналардан фойдаланиш ишлаб чиқаришдаги омад калити. Шунингдек, қисмларни ишлаб чиқариш осон бўлиши учун содда лойиҳалаш ҳам ёддан чиқмаслиги керак. Тежамкорлик-чи? Натижалар ҳайратланарли: агар ҳозирги ишлаб чиқаришимизда битта автомобиль учун 1903 йилдагидек ишчи ёллаганимизда (гап фақат йиғувчи ходимлар ҳақида боряпти), бугун заводларимизда 200 000 киши меҳнат қилиши керак бўларди. Айни дамда, кунига 4000 автомобилни ишлаб чиқарамиз ва ишчиларимиз сони 50 000га бормайди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации