Текст книги "Маъсума"
Автор книги: Исажон Султон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
ТЎРТИНЧИ БОБ
Улуғлар йиғини бўлмаган кунларда ҳам Абдувоҳид қори хонадонидан одам аримайди.
Аввал “Шўрои исломия”нинг раиси бўлмиш бу нуроний киши эндиликда “Маҳкамаи шаръия”га имом-хатиб қилиб сайланган, гоҳ Самарқандга, гоҳ Сайрамга, гоҳ Ўрусияга сафарга кетганида, меҳмонхона Маъсуманинг қайниси Олтойнинг дўстлари билан тўлади. У бир аломат, жонсарак йигит бўлиб, шеърлар ёзар, ўз исми Боисхон бўлиб, Олтой – лақаби экан. Маъсума бунинг маъносини сўраган эди, Олтой керилиб:
– Эҳ, лақаб эмас, тахаллус-ку! – деди. – Истеъдод эгалари, зиёлилар ўзларига шунақа махсус ном танлаб олишади. Бу тахаллусни менга устозим Абдурауф қори88
Шоир, олим ва таржимон Абдурауф Фитрат, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган.
[Закрыть] танлаб берганлар! Олтой нималигини биласизми? У бепоён ўрмонлар, инсон қадами етмаган қарағайзорлару арчазорлар макони бўлмиш турк ўлкасидир.
Олтойнинг ўғри-чапанилардан ҳам, шоиру зиёлилардан ҳам, сермулозамат муллаваччалардан ҳам таниш-билиши мўл, ўзи эса бориб турган янгиликчи йигит бўлиб, отасидан яшириб попирис ҳам чекади. Эскичиларни “қадимчи” деб атар, улар ҳақида сўз кетса, масхара қилишини қўймасди. Гоҳида Маъсумага дунё воқеаларини сўзлаб берар, баъзан эса саволга ҳам тутиб қоларди:
– Сиз янги ҳукуматга ишониш керак деб ўйлайсизми ё йўқми?
– Билмасам…
– Янги ҳукумат камбағалга қайишади! Халқнинг қонини сўриб ётган бой-боёни, уламоси, тўрасидан йўқсул ҳақини олиб беради. Янгиликларни олиб келиб, халқнинг қўлига тутқазади. Ана, трактўр ҳам келди. Уни нималигини айтган эдим-а? Айропланни-чи? Билсангиз, бу ишларнинг барини кўчада юрган автомобилнинг матўридай нарсалар бажаради. Чархпалакка уласангиз, сув чиқаради. Омочга қўшсангиз, ер ҳайдайди. Қанот тақиб қўйсангиз, парвоз ҳам қилади. Эҳ-ҳе, келажакда яна нима ишлар бўлмайди дейсиз?
Маъсума Олтойнинг баландпарвоз ҳикояларини тинглай-тинглай, пайраҳалардан қолган кулни куракча билан олиб, кул чуқурига элтиб ташлади. Қайтиб келиб, янги пайраҳалардан самовар тагига ёқди. Сариқ-қизил заиф аланга пайдо бўлиб, аста қувватланди. Олтой чўнқайиб, попирисини ёндириб олди-да, тушунтиришда давом этди:
– Бизларнинг ҳар биримиз олмон ундоқ, фаранг мундоқ тараққий этибди, деб жар солишни яхши кўрамиз, аммо ўша тараққиётга эришиш учун ҳеч нима қилмаймиз. Гап сотамиз, холос! Ўзимизни мамлакат тақдирига жон куйдиргандек кўрсатсак ҳам, аслида маишатни яхши кўрамиз, зиёфатларни еб, бир-биримизга мақтаниб, олиймақом иморатларимиз, дулдул отларимиз, дабдабали тўйларимиз билан кериламиз. Бундай янгиликларни халққа ким етказади? Мен бу айтганларимнинг барини шеърга соламан, газетга бостираман. Боситхон акамнинг бир дўсти театр очибди, унга пьеса ёзиб бераман, авомга етказаман!
– Билиб қўйинг, халқимизнинг кўзи очилди, энди олдингидек яшай олмайди! – деб хитоб қилди у ҳаяжон билан. – Қаранг, дунё таноб-таноб ерларни мошина билан ҳайдамоқда. Ермойи қазиб олиб, у билан кемаларини, буғмошинларини юрғизмоқда. Олмон кофири урушда осмон вопурини99
Вопур – кема.
[Закрыть] кўтармиш, ўқ ўтмас кажавасига икки ўқчи миниб олиб, ердаги аскарларни тинмай қирармиш. Эндиликда фабрика-завўдлар қурилади, тўнлар, дўппилар, бўз-алак кийим-кечаклар, тўшак-кўрпалар – бари завўдлардан чиқади. Ҳа, ҳаёт ўзгариб кетади! Фабрикани ишчиси уйига келиб, биз сингари меҳнатга уринмайди, бемалол чойини ичиб, оёғини узатиб ётади, ё бўлмаса хонимчаси билан қўлтиқлашиб, томошага боради!
Олтой жўшиб яна анча гапларни сўзлади, кейин янги ёзган шеърини ўқиб берди:
Қоч – бўшат йўлни,
Сол резинга – трубани,
Бос – сув, шор-шор!
Ўт ўчди,
Юрт ҳалокатдан қутулди.
Чиғир-чиғир…
Маъсума бунақа шеърни энди эшитиши эди. “Қошинг қаро, кўзинг қаро” дегандай ғазалларга қулоғи ўргангани учун, ҳайрон бўлиб:
– Бу қанақа шеър? – деб сўради.
– Янги замон шеъри! – деб жавоб қилди Олтой. – Ўт ўчирувчилар меҳнати ҳақида. Қаранг: “Қоч, бўшат йўлни”, чунки ўт ўчириш мошинаси келмоқда. Резин қувурга сувни солиб бос, шор-шор қилиб қуй! Ана, ўт ўчди, юрт қутулиб қолди. Чиғир-чиғир қилиб, резин ичакни ўраб қўй… Қалай экан? “Ишқингда ўлдим-куйдим” деган ғазаллар замони тугаб битди, ҳатто уларда ишлатилган сўзлар ҳам тарих қаърига улоқтирилди. Энди бутунлай бошқа замон келади!
Сўнг Маъсумага қараб:
– Қанақа замон деб сўрамайсизми?
– Қанақа замон? – деб сўради Маъсума, кулгиси келиб.
– Яп-янги замон! – деб жавоб қилди Олтой, гердайиб.
– Аввалги шоирлар эрон, форс, араб адабиётидан ва уларнинг сарой таъсиридан қутила олмаганлар. Инқилоб бизнинг сарой ва унинг думи бўлмиш эски адабиётимизни шакл-қиёфа ва мундарижалари билан яксон қилиб, ўрнига янги адабиёт туғдирди!
Шундай деб, у қўйнидан газет чиқарди.
– Мана буни эшитинг! Шоир ўлка аҳволини билдириш учун ўйлаб топган усулига боқинг!
Ўйноқ қизча, эркин-эркин ўйнаб ол,
Эрта-индин эркинг қўлдан кетадир.
Эркаланиб бир-икки кун қувнаб қол,
Эрка кўнглинг ҳасратларга ботадир.
Нурлар сочиб ўйнаб турган кўзларинг
Эрта-индин ғам ёши-ла тўладир.
Севинч порлаб, кулиб турган юзларинг
Дард остида сап-сарғайиб сўладир.
Кўксингдаги эрк чечагин бой бериб,
Эрта-индин мотам гулин тақарсан.
Қўлингдаги бахт чолғусин синдириб,
Қайғу-алам ўчоғида ёқарсан.
Табиатда яшнаб турган юзингга
Эрта-индин манҳус ўртук тутарсан.
Ана сўнгра қоп-қоронғу зиндонда
Йиғлаб-сиқтаб ўлимингни кутарсан.
Боёқиш қиз, эркаланиб ўйнаб ол,
Эркаланиб бир-икки кун қувнаб қол 1010
Боту шеъри.
[Закрыть].
– Муни бир қизгинага ёзилган деб ўйладингизми?
Асло йўқ. “Эркли қизча” дегани бир ўхшатиш, ўлкамизни назарда тутгандир. Эски тузумга қайтсак ҳам, жоҳиллигимизча қолсак ҳам ҳалокатга учраймиз демоқда шоир.
Олтой қўлларини ҳаволатиб-ҳаволатиб, яна аллақанча нарсаларни сўзлади. Янги замона театрда хотинлар томоша кўрсатишига рухсат берармиш. Эркак-аёл тенг бўлармиш. Уфа татарлари, Боку мусулмонлари шундай қилишибди. Олам тинимсиз ўзгараётганмиш. Чунончи, олмон кофири замбаракли ўзиюрар қўрғон ясаганмиш, юра-юра ўт сочармиш. Исвич1111
Исвич – Швеция.
[Закрыть] тарафларда олимлар кемага ўтириб, дунёнинг охирига етиб боришганмиш, у ерда йил бир кеча-кундуздан иборат бўлиб, кеча ҳам, кундуз ҳам олти ой давом этармиш.
БЕШИНЧИ БОБ
Бунча киши орасида замонага энг ярашиғлиси – йигитларнинг сарвари Боситхон эди, албатта.
Боситхоннинг ёр-дўстлари ҳуда-беҳудага сўзлайвермайдиган кишилар бўлиб, энг ёқтиргани – мошранг дўппи, тўқ яшил майда қавима тўн кийиб юрадиган ингичка мўйловли адиб Жулқунбой, “Андижоннинг андиси” – қўнғиз мўйловли Абдуҳамид Чўлпон, Зиё Саид ва Элбек эди.
Яна Ғафур деган ошнаси ҳам бўлиб, у чапани, кўнглига нима келса шуни қиладиган эрка йигит, йиғинларга онда-сонда келар, келганида гоҳ ашула айтиб, гоҳ ҳазил-ҳузил билан даврани қизитиб юборарди. У қатнашган йиғинларда алламаҳалгача завқли қий-чувлар, кулгилар тинмасди.
– Бу Ғафур деганлари шоир бўлмаса, Эски шаҳарнинг безориси бўларди, – деб таърифларди уни Боситхон. – Бир қарасанг, пиёзфурушнинг олдига ўтириб олиб сабзавот сотган, яна бир қарасанг, ҳасипчилар қаторида ўтирган чиқади. Чорсуда катта бир йиғин бўлаётган экан, карнай-сурнайчиларни саф қилиб тизишибди. “Ваға-вағ” бошланганида Ғафур нима қилибди денг? Қуванинг қайнар анорини олиб, ўшаларнинг олдида карсиллатиб ея бошлабди. “Вағ-вуғ” қилиб турган карнайларнинг овози пасайиб, “ғит-ғит”лаб қолибди. Ахийри бир ёши каттароқ карнайчи Ғафурни олдига солиб чунон қувлабдики!
– Э тавба, нега қувлабди?
– Мен ҳам шуни айтаман-да! Сувини оқизиб карсиллатиб анор еса, карнайчининг иштаҳаси очилиб, лунжи сўлакка лим тўлиб, карнайини чалолмай қолар экан!
Маъсума ҳам шоирнинг қилиғига қотиб-қотиб кулди.
– Тавба, ҳақиқатан ҳам роса безори шоир эканми?
– Йўқ, унинг ғайрати ичига сиғмай, тўлиб-тошиб туради, безориликлари шундан. Нима қилса ҳам, Қўрғонтегининг боласи-да. Уни қўятуринг, мен сизга бир совға олиб келдим. Уйда болалар билан ўтириб, зерикиб қолманг, дедим.
– Нима экан у?
Боситхон меҳмонхонага чиқиб, у ердан бир даста китоб ва газеталар билан қайтиб келди.
– Газет-жўрноллар, – деди ичидагиларни бирма-бир чиқариб. – Мана булар эса китоблар. Қаранг, Лев Толстой, Николай Гогол, Лермонтов…
Маъсума китобларни қўлига олиб, бир-бир варақлаб кўрди.
– Биринчи бўлиб албатта Лев Толстойни ўқинг, – дейди Боситхон. – Падари бузрук Тулада сургунда эканликларида у одам билан кўришиб-сўзлашган, вафот этганида жанозасига ҳам борган эканлар. Динимизга ҳурмати шоён баланд, ҳар қандай ақлли кишининг борар манзили исломдир, деб айтган экан.
– Наҳотки, мусулмон бўлган бўлса? – деб сўради Маъсума, ишонқирамай.
– Йўқ, ундай эмас. Аммо черков уни даҳрий деб эълон қилгани аниқ. Ким билсин, яна бир неча йил яшаганида, шаҳодат келтирган бўлармиди…
– Тилла совға қилганингизда ҳам бунчалар суюнмаган бўлардим, – деди Маъсума, китобларни авайлаб токчага қўяр экан. – Мен буларни албатта ўқиб чиқаман…
* * *
Бир куни Боситхон кечки таомдан сўнг ичкарига кирди-ю, “Отам билан муҳим бир нарсани гаплашиб олишим керак” деб анча иккиланиб ўтирди.
– Нима экан у муҳим суҳбат? – деб сўради Маъсума.
– Акмал амаким янги ҳукуматда катта бир лавозимга тайинланди, менга “келиб ёнимда ишла” деб айтяпти, – жавоб қилди Боситхон. – Ишласам ишлайвераман-ку, аммо падаримизнинг розилигини қандай қилиб олсак экан?
– Қайдам… Балки хўп дерлар?
– У киши Акмал амаким ўрис хотинга уйланганларидан1212
Акмал Икромовнинг турмуш ўртоғи Евгения Зелькина. Ер ишлари комиссарлиги бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган, эри қатағон қилинганидан сўнг, 1938 йилда отиб ташланган.
[Закрыть] буён аразлаб юрибдилар, – деди Боситхон. – Ҳамма гапни ҳам айтавермайдилар, ким билсин, кўнгилларида нималар бор экан…
Шундай деб тараддудлана-тараддудлана ота ҳовлисига чиқиб, узоқ вақт қолиб кетди. Қайтиб келганида, авзойидан ҳалиям тараддуди кетмагани билиниб турарди.
– Иш ўзимизга қолди, – деди у, хўрсиниб, ёстиқни қўлтиғига тортиб, ёнбошлаб. – Қиблагоҳ кўп гапларни гапирдилар. Дедиларки, “Сен ҳам, молинг ҳам ота-онангникидир” қавлига мувофиқ, сиздан ҳар нарсани талаб қилсам ҳаққимдир. Бироқ юрт қайғуси билан бирга, фарзанд қайғуси ҳам бошимга келишини истамайман. Тез орада ҳаётимдаги энг улуғ вазифани бажаришга жўнайман, балки бу умримнинг энг хайрли иши бўлса, айблариму гуноҳларимни ювиб юборса ажабмас.
Мен кўп йиллар халқнинг хизматини қилдим, халойиқ талабини ҳукуматга, ҳукумат талабини халққа етказиб, қўлимдан келганича мўминлар ҳаётини яхшилашга уриндим. Муросаю мадора йўлини энг тўғри йўл деб билдим.
Аммо ҳаёт сизникидир. Шу сабабли, аввалги тутумларингизга қарши бўлмаганимдек, бу ишингизга ҳам бир нима демайман. Сизга ёлғиз насиҳатим бўлади, холос. Қаерда ишласангиз ҳам халқнинг ёнини олинг, раиятга нафи тегадиган ишлар қилинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам имонингизни сақлаб қолинг, токи Яратган Парвардигор ҳузурига ёруғ юз билан боринг. Сизга бошқа сўзим йўқ. Овмин, Оллоҳу акбар…”
Маъсума қайнотасининг тушкун гапларига ҳайрон қолди. Ҳар доим оғир-вазмин, донишманд қиблагоҳ фарзандларидан ранжиганмикин, ранжиган бўлса, нима учун очиқ-ойдин сўзламабди? Бундай бўлиши эҳтимолдан узоқ, чунки Боситхон ҳам, Боисхон ҳам қорининг ҳурмат-иззатини жуда баланд тутишар, оғзидан чиққанини муҳайё қилишга тиришишарди.
– Падаримиз айниқса, яқин дўсти, ҳазрат Яссавий авлоди Маҳмудхўжа қори1313
Маҳмудхўжа Беҳбудий, қизиллар фитнаси сабабли 1919 йилда қатл қилинган.
[Закрыть] қатл қилингач, тушкунликка тушиб қолдилар, – деб жавоб қилди Боситхон. – Эҳ-ҳе, бунинг тарихи узоқ. Гоҳо ўйлаб қоламан: энди бундай кишилар қайтиб туғилмаса керак. У киши ҳам, дўстлари ҳам эл-юрт учун молу жонларидан кечган табаррук одамлар…
Шундай деб, у Абдувоҳид қори ҳаётига оид тафсилотларни сўзлаб берди:
– Қиблагоҳ ҳам, у кишининг сафдошлари ҳам юртимиз умумжаҳон тараққиётидан орқада қолиб кетаётганини мулоҳаза қилиб, ўлкани ислоҳ қилиш зарур деган қарорга анча аввал келишган эди.
Авваллари сира кўрилмаган янгиликларни ҳаётга шу зотлар олиб келишди. Бу кишилар миллий адабиётни яратишди. Миллат, ватан деган тушунчалар шулар туфайли пайдо бўлди. Эҳ-ҳе, нималар қилишмади улар? Бунча ғайрат, бунча фидойилик, бунча қалб қўри… Янги усул мактабларини очишди. Мактабларга дарс китоблари керак-ку? Шу сабабли ўзлари дарсликлар ёзишди, ўзлари миллий матбаа очишди, унда дарсликлар билан бирга, газета-журналлар ҳам босиладиган бўлди. Миллат ойдинлари газета-журналлар, янги усул мактаблар, турли кутубхонаю қироатхоналар, театр гуруҳлари тузиб, шулар теграсида жамланишди. Бунча ишга маблағни қаердан топишди денг? Сармоядорлар, тагли-тугли кишилар болаларининг ризқи ҳисобланмиш ақчаларини шу ишга тикдилар. Ҳатто дов-дастгоҳини сотиб хайрия қилганлари ҳам бор.
Билсангиз, айни шу кишилар халқимизни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолишди!
Эвазига падаримиз бошига не кунлар келмади дейсиз? Бир маҳаллар у киши Ўрусиянинг Давлат думасига аъзоликка сайланган эдилар. Тошкент, Чимкент ва бошқа жойларнинг халқи номидан, мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқи поймол этилмаслиги ҳақидаги талабномани ўша думага олиб бориб топширганлари учун, оқпошшо у кишини Тула деган жойга сургун қилди. Айни эллик ёшида қиблагоҳ тўрт йил сургунда бўлди.
Бу орада Ўрусияда февраль инқилоби рўй берди. Туркий халқларни бирлаштириш ғояси ўртага чиқди. Қиблагоҳ ва Мунаввар қори бошчилигида «Шўрои Исломия» жамияти тузилди. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд, татар, туркман каби туркий халқларни бирлаштириб, шу асосда давлат қуриш масаласи бўй кўрсата борди. Ўрусия ҳеч қачон мустақиллик бермаслигини сезгач, қозоқ ва бошқирд етакчилари Туркистонга келиб, бизнинг оталаримизга қўшилдилар.
Шунда қизиллар халқнинг куч-қудратидан қўрқиб кетишди. Қонли урушлар бошланди. Орадан йил ўтиб-ўтмай, Туркистон Мухторияти қизил қонига бўялди. Қонхўр ҳукумат жаҳон урушида Туркияда кўрган талафотининг аламини Қўқондан олди, дашноқлар келиб, Қўқонни қонга ботирди. Жадидлар шунда ҳам ўзларини йўқотиб қўйишмади, айримлари исёнчилар сафига, бошқалари яширин миллий ташкилотларга қўшилишган бўлса, баъзилари янги ҳукумат идораларида ишлашга мажбур бўлишди.
Сизга бултурги ишни ҳам айтиб берай. Бултур кузда Бокуда Шарқ халқлари қурултойи чақирилди. Қурултой тугагач, туркистонлик қирқ аъзо ўзаро кенгашиб, Туркистонда қизилларга қарши ташвиқот ишларини авж олдиришга ва Шўро инқилобининг уч йиллиги кунида умумхалқ қўзғолони кўтаришга ахд қилишди. Афсуски, уларнинг бу режаси амалга ошмай қолди.
Уларнинг фаолияти энди бошқача йўсинда давом этди. Мактаб таълими, ҳунар, санъатдан ташқари, ҳарбий машқлар билан шуғулланиб, шўроларга асосий зарба берувчи куч сифатида «Турон кучи», «Турк кучи», «Темур», «Изчилар», «Лочин» каби гуруҳлар тузилди. Аммо шўролар Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини тамомила бостиришга аҳд қилган эдилар. Ўша йилиёқ бу гуруҳлар фаолияти тугатилиб, аъзолари ҳибсга олинди.
Фарғона ва Тошкентдаги мағлубиятлар оталаримизнинг умидларини сўндира олмади. Улар Бухоро етакчилари билан кенгашиб, Бухоро жадид тараққийпарварлар фирқасини тузишди. Фирқа дастурига кўра, давлатни жумҳур-раис ва мажлис бошқариши керак эди.
– Бу табаррук зотлар мана шундай ўт-олов орасидан ўтиб келдилар. Мен шундай кишига фарзанд эканимдан бошим осмонга етгудек фахрланаман, ўл десалар ўлиб, қол десалар қоламан! – деди Боситхон. – Ким билсин, ҳозирги суҳбатда қиблагоҳ нималарни ўйладилару қай бирини айтиб, қай бирини айтмади эканлар… Акмал амаким Боисхонни ҳам Маориф вазирлигига ишга келсин, деган эдилар. Нима қилсам, у кишининг кўнглини ранжитиб қўймас эканман, деб жоним ҳалак…
Маъсума нафақат Абдувоҳид қорининг, балки умум миллат ҳаётининг бундай тафсилотларини билмас эди.
– Менинг бу ишларга ақлим етмайди, аммо мен ҳам кечагидек турмушни ёқламайман, – деди. – Болалигимда кўрган-кечирганларимни эсласам, ҳали ҳам юрагим орқага тортиб кетади. Сиз кўп кишилар билан сўзлашасиз, янгиликлардан хабардорсиз. У янгиликларда мен бир ёмонлик кўрмайман. Янги ҳаёт, сиз айтгандай, ажойиб бўладиган бўлса, нима учун унга интилмаслик керак?
– Шундай… – деди Боситхон. – Эндиликда бир-биримизга қанот бўлиб, янги турмушга қадам қўямиз. Бошга не кун келса, бирга кўрамиз…
– Унда… мени театрга олиб бораман, деб ваъда берган эдингиз. Қачон ваъдангизнинг устидан чиқасиз?
– Ваъдага албатта вафо қилингайдир! – деб жавоб қилди Боситхон. – Яна бир-икки кун сабр қилатуринг, бу ишлар поёнига етсин, тузукми?
Тун ярим бўлган эди. Уйқуга ётдилар. Маъсума ўттизинчи чироқни пуфлаб ўчирган эди, лампамойнинг сассиқ иси бурқсиб кетди. “Ўлсин, қачон бу уйларга тўк келар экан” деб, деразани очиб шамоллатди-да, уйқу зўрлик қилиб, кўзи илинди.
* * *
Аслида Боситхон отаси билан бўлиб ўтган суҳбатнинг айрим тафсилотларини Маъсумага айтмади.
Абдувоҳид қори ўғлига кексаларга хос босиқлик билан насиҳат қилди:
– Юрагимнинг мадори ўғлим! – деди салмоқлаб. – Кўриб турганингиздек, юрт бошига фалокат ёпирилди. Мустамлакачилар ҳамма ёқни шафқатсизлик билан эгалламоқда. Хўжанддан Хивагача бўлган жойлардаги минглаб киши юртга босқинчи келди деб, не қиларини билмай кўзини мўлтиратиб турибди. Аммо бу фалокатнинг бошқа бир кўлами борки, босқиндан ҳам ваҳшийроқ, хатарлироқдир.
Авваллари юртимизда бўлиб ўтган жангу жадаллар мусулмонлар орасида бўлар эди. Ҳукмдорлар ўзгаргани, мулклар бир қўлдан иккинчи қўлга ўтгани билан, у қўл – мўмин қўли, у салтанат – мўминлар салтанати эди.
Бу сафаргиси мусибатнинг ўзгинаси, чунки устимизга ғайридинлар эмас, даҳрийлар бостириб келди.
Бизлар ёшларимизга “Бу омонат дунёга ҳирс қўймаслик керак, киши умри зотан бир тутам, холос”, деб таълим бердик. Кишиларимиз ҳам, бекларимиз ҳам сўзимизга қулоқ тутдилар. Аммо бизлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўгитларини унутдик, ватан имон-эътиқодимизнинг қўрғони эканини эсдан чиқариб қўйдик, дунё ва охират посангисини тенг тутмадик.
Эндиликда халқнинг маълум бир муддат қулликка юзланишидан қўрқмайман, балки руҳи ер билан битта бўлиб, асл шижоатию матонатини йўқотиб қўйишидан қўрқаман. Сиз айтган янгичиларнинг ройишидан одам хавотирга тушгулик. Юртни сақлаб қолишга уриниб жувонмарг бўлиб кетганларга бир воҳ десам, босқинчига қарши урушга отланган навжувонларимизга минг воҳ дейман, афсуски, қўлимдан бир нима келмайди.
– Мен кексайиб қолдим, ажалим етса, иншооллоҳ, имоним билан кетсам дейман! – деди Абдувоҳид қори. – Кексалар олдин, ёшлар кейин кетиши ҳаёт қонуниятидир. Бизлар ўтган йилларда ўз давлатимиз бўлсин деб кўп уриндик. Оқпошшо урушдан чиққанидан сўнг заифлашганидан фойдаланиб, ҳурриятимизни ажратиб олсак, кўзимизнинг оқу қорасидай эъзозлайдиган давлатимиз бўлади деб хаёл қилдик. Шунда нафақат биздай кишилар, балки халқ ҳам молу жонини юрт равнақига тикади, бир жону бир тан бўлиб тараққий этамиз ва ниҳоят, эл фаровон яшайди, деб ўйладик. Афсуски, Тангри таоло бу неъматни бизга раво кўрмади…
– Мужтаҳидлар ҳар юз йилда бир янгиланиш бўлишига дуо қилганларини биласиз! – деди у. – Парвардигор бандаларига ўта меҳрлидир. Эл бошига келган бу фалокатда ҳалок бўлганлар шаҳид, қолганлар мазлум бўлиб, ҳаётида давом этса-да, охир-оқибатда катта ажр-мукофотлар борлигига шубҳам йўқ. Шоядки, у мужтаҳидларнинг дуоси юз йилда эмас, эртароқ мустажоб бўлса.
– Мен сизга каззоб Мусайлима ҳақида айтганмидим? – деб сўради ўғлидан. Боситхон “Йўқ” дегач, давом этди: – Мусайлима Ямома ўлкасида, арабнинг Бани Ҳанифа қабиласидан чиқди.
У маҳаллар одамлар “Худо ўз элчиларини юбориши мўъжиза билан исботланади” деб ишонарди. Мусайлима бир қанча ҳийлалар ишлатди, чунончи, аввалдан сиркада ивитиб қўйилган тухумни шишага киргизди, паррандаларнинг қанотларини қирқиб, кейин уларга ўзларига мослаб пат улади. Ямома аҳли унга имон келтиришди. Шунда каззоб Мусайлима коинот сарвари Муҳаммад Алайҳиссаломга шундай мактуб юборди:
“Худонинг элчиси Мусайлимадан худонинг элчиси Муҳаммадга. Сенга салом. Аммо баъд, мен сенга шерик қилиндим. Ернинг ярми бизники, ярми Қурайшникидир.”
Коинот сарвари Мусайлимага шундай жавоб йўллади:
“Тангри таолонинг пайғамбари Муҳаммаддан каззоб Мусайлимага! Салом тўғри йўлдан юрган кишига бўлсин! Аммо баъд, Ер Аллоҳу акбарникидир. Уни бандаларидан ўзи хоҳлаган кишига беради. Оқибатда яхшилик тақводорларникидир”.
Бу ўринда сўз Мусайлима ҳақида эмас, балки жоним қурбон бўлгур Тангри расулининг жавобидадир. Пайғамбарнинг сўзидан кўп хулосалар олса бўлади. Эътибор қилинг: салом тўғри йўлдаги кишигадир. Ер юзи Тангри таолоникидир. Яхшилик диёнатлиларгадир. Замона қанчалар тусланмасин, бу қоидалар ўзгаргани йўқ.
Шу сабабли, янги ишингизга бир шарт билан: халққа маърифат тарқатиш, илмга ошно этиш, эл-улус ва раиятга сидқидилдан хизмат қилиш шарти билан рухсат бераман. Билинг, бундан бу ёғига халқ тамомила мазлумдир! Мазлумнинг дуоси эса доимо мустажоб. Яна билингки, бу наинки бир шарт, балки падарингизнинг сизга васияти ҳамдир.
Қиблагоҳининг бу сўзларини тинглаб, Боситхоннинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Отасининг елкаларидан тутиб, нуроний юзига юзини босиб, уни қучоқлаб:
– Албатта, адажон! Сиз айтгандай қиламан! – деди бутун вужуди титраб.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?