Электронная библиотека » Исажон Султон » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Маъсума"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Исажон Султон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ОЛТИНЧИ БОБ

Маъсума етти-саккиз яшарлигида, Ўлмас келинойи хонадони ёнидаги ҳовлига бир ўрис эр-хотин кўчиб келишган эди. Улар тиниб-тинчимас, меҳнаткаш кишилар бўлиб, эри консерва заводида, хотини эса ҳамшира бўлиб ишлар экан. Уларнинг Дуня деган бир қизалоғи бўлиб, эр-хотин ишга кетишганида Маъсума ўша қизалоқ билан ҳар хил ўйинлар ўйнарди. Ўлмас келинойи икки ўрим сочи тилларанг, юзи сепкилли, мовий кўзли у қизчадан исмини сўраган эди, жавобни эшитиб, “Вой тавба, Дунё экан-да” деди, шу билан қизгинанинг исми Дунёхон бўлиб кетди. Ўйинлари – ҳаммомпиш, хола-холакаси, тўптош, санамачоқ бўлиб, “холакаси”да гўё уйга меҳмон келиб қолар, қизалоқлар соатлаб “меҳмон кутиш” билан банд бўлишарди. Тўптош – митти тошчаларни ҳар хил вазиятларда бармоқ орасида тутиб туриш ўйини эди. Ўша ҳамшира хотин қизи билан бирга Маъсумага ҳам ўрисча ўқиш-ёзишни ўргатди. Бу жуда қизиқ машғулот бўлиб чиқди, аммо орадан бир йил ўтар-ўтмас, нима сабабдандир улар ўз юртига кўчиб кетишди-ю, Маъсуманинг ўрисча хат-саводи чиққани қолди.

Шунинг учун русча китоблар Маъсумага ёт эмас эди. Бироқ Толстойнинг китобини ўқий бошлаганида жуда қийналди: шунақа сўзлар учрардики, уларни Маъсума умри бино бўлиб эшитмаган эди. Шундай бўлса-да, билмаган сўзларига ўзича маъно юклаб, ўқишда давом этаверди.

Китоблар ўзга дунёларни ҳосил қиларди. Асарни ўқиб чиққач, хаёлида бутун бошли бир давр, одамлар, қиёфалар, тутумлар, сиймолар пайдо бўлиб қолганига ҳайратланарди. Ҳатто асар қаҳрамонлари яшайдиган ёки ишлайдиган жойлар тасвири ҳам аниқ-таниқ, мисол учун, Катюша Маслова яшайдиган уй, унинг эски ёғоч ғўлалари, кичкина дераза ва шиша идишдаги сўлий бошлаган сариқ гуллар, қаҳратон қиш ва мудроқ ўрмон манзаралари худди эртакка ўхшарди.

Бу асарни Маъсума бир қиз ҳаётига зомин бўлган амалдорнинг қилмишлари ҳақида деб ўйлаган эди, бироқ онгида яна бошқа тушунчалар пайдо бўлганига ҳайрон қолди.

Буларни Боситхонга сўзлаб берган эди, у:

– Эҳ-ҳе, китобларни фавқулодда ҳис қилар экансиз-ку? – деди ҳайрон бўлиб. – Мен фақат мазмунига қарайман, ундаги гапнинг моҳиятинигина оламан. Айтинг-чи, қандай бўлади бу?

– Мен ўша кишининг ўзига айланиб қолгандай бўламан, – жавоб қилди Маъсума. – Ундаги воқеалар орасидан ўтиб бораман, худди ўзим ўша ҳаётни яшаётган бўламан.

Шундай деб, у “Тирилиш”да Катюша Маслованинг тор хонасидаги сўлғин сариқ гуллар воқеасини айтиб берди.

– Такрор ўқияпман-у, ўша манзарани учратмайман, денг. Қайта-қайта варақладим: йўқ! Роса ўзимга ёқарди-да, оппоқ парда тутилган кичкина дераза рафидаги сўлғин сариқ чечаклар… Кейин билсам, у гулларни китобга ўзим “қўшиб” қўйган эканман.

– Сизда айрича бир қобилият борга ўхшайди, – деди Боситхон, ҳайрон бўлиб. – Тўғрисини айтсам, институтда ўқишингизни, вақт-соати келиб, мактабда болаларга тарбия беришингизни хаёл қилар эдим-у, аммо бунчалигини билмабман. Ёки ўзингизда шунга ўхшаш бир китоб ёзиш иштиёқи борми?

– Эҳ-ҳе, китобга йўл бўлсин! – кулди Маъсума. – Мен шунчаки, ўта ҳиссиётли бўлсам керак. Аммо сиз айтганингиздек, замона ўзгаришини, ҳамма шод-хуррам яшашини истайман. Менга ўхшаганлар қанча бўлсин экан? Қиз-жувонлар етти қават девор орасида, орзу-армонлари билан ўтиб кетавермасин дейману бу ўйларим тўғрими-нотўғрими, ўзим ҳам билолмайман.

– Мен эртагаёқ Оға билан учрашаман! – деди Боситхон. – Ҳақиқатан ҳам, сиз санъаткорлар орасида бўлишингиз керак экан. Истеъдодингизни қадрига етмай, маломатларга қолиб кетишни истамайман. Аксинча, юзага чиқишига кўмаклашаман. Шояд, шунда марҳаматингизга сазовор бўлсам.

Маъсума қараса, Боситхон ҳазиломуз, баландпарвоз сўзлай бошлабди.

– Э, боринг-э! – деб, юзини бурди-да, барибир Боситхоннинг сўзлари ёқиб, жилмайиб қўйди.

* * *

Эрталаб Ўлмас келинойи келди.

Маъсуманинг тўнғичи Ботирхон бу пайтда алпанг-талпанг юрадиган бўлиб қолган, кичиги Шавкатхон эса дардмандроқ, салга ғингшиб, чириллаб йиғлайвергани учун уни кўмакка чақирган эди. Ўлмас келинойи яна йиғига тутинган Шавкатхонни аллалаб бир оз ўтирди-да, кейин:

– Ошхонангни қара-чи, жимжилоқдай думба ёғи топилармикин? – деди.

Кечагина Абдувоҳид қорининг муридлари бозордан қўйнинг бир нимтасини бердириб юборишган, у ҳозир омборхонада бўзга ўроғлиқ ҳолда осилиб турарди. Маъсума бориб, керагини кесиб келди.

Ўлмас келинойи бир нимани ҳовончада эзиб, кукун тайёрлаб қўйган экан, уни думба ёғ устига сепди-да, докага ўраб, Шавкатхоннинг оғзига солган эди, гўдак миқ-миқ сўра бошлади.

– Сен қиз, сутингни баракаси озга ўхшайди, яхши-яхши овқат еб юр. Қара, ичи бузилибди, мева еган бўлсанг ҳойнаҳой? – койиди уни Ўлмас келинойи.

– Ҳа, кеча оғзимни суви келиб, шафтоли еб олувдим, – тан олди Маъсума.

– Эмизикли гўдагинг бор, нафсингни тийсанг бўлмайдими? – Шундай деб, Ўлмас келинойи тамшана-тамшана ухлаб қолган Шавкатхонни ўринга ётқизди-да, “Сенинг ўзингга ҳам қўй ёғида лочира пишириб бермасам бўлмайди чоғи” деб ўчоқ бошига йўналаётган эди, ташқи ҳовлидан Олтойнинг “Келинойи” деган овози эшитилди. Ўлмас келинойи шошиб юзини беркитди, Маъсума ҳам рўмолини бошига солиб, ички ҳовли эшигини очди.

– Бугун пешиндан кейин ўртоқларим келишади, – деди Олтой. – Аммо сиз қозон-товоқ осиб овора бўлманг, кўча бошидаги чойхонага норин буюриб қўйганман. Чой-пойга қараб турсангиз бўлди.

Маъсума бош ирғаб, меҳмонхонага чиқди-да, тўшакларни қоқиб, қайтадан солди. Дераза тавақаларини очиб шамоллатиб, сувсиз самоварни тўлдириб, остига ўт ёқди.

Айтилган пайтда узун-қисқа бўлиб олти-етти киши кириб келди. Олтой хурсанд, бир гапириб ўн кулар, ичкарида қизғин суҳбат бўларди. Туйнукчадан пешма-пеш чой киритилди. Ичкаридагилар баланд овозда баҳслашишар, кимларнингдир шеър ўқигани эшитиларди. Бир соатлар ўтиб-ўтмай, биров кўча эшикни қаттиқ-қаттиқ урди. Олтой югуриб чиқди-да, дастурхонга ўралган каттакон тоғорани ошхонага олиб кириб, устини очган эди, норин иси бурқираб кетди.

– Иккита катта лаганга солаверинг, туйнукдан бериб юборарсиз, – деди Олтой, тоқатсизланиб. – Ўзингиз ҳам еб олинг!

Зиёфат анчагача давом этди. Қаҳқаҳалар, кулгилар тиниб-тинмай, янгиси бошланарди. Кимдир чолғу чалиб, қўшиқ айтди. Сўнг баланд овозда яна шеърлар ўқилди.

Олтой ўртоқларини кузатгач, Маъсуманинг ёнига келиб, унга миннатдорлик билдирди-да:

– Қаранг-а, Туркистон зиёлиларининг уч авлоди бизнинг сулолада жамулжам! Мунаввар қори, Авлоний, устозим Абдурауф Фитрат, Тавалло, Зиё афанди… Булар падаримиз теварагидаги мўътабар кишилар. Ҳамзахон, Жулқунбой, Чўлпон, Сўфизодалар акамнинг улфатлари. Меникилар эса, “Қизил қалам” тўгарагининг ғайрати ичига сиғмай турган ёшлари. Олов бўлиб ёнувчи Боту, содда-баёв Миртемир, яна Ойбек, Уйғун, Ҳамид, Ойдин, Эминжон деганларимиз ҳам бор, – давом этди у. – Мен сизга бугунги зиёфат сабабини айтдимми? – деб сўради.

– Хайр, айтмадингиз,

– Ахир, ҳукуматга ишга кирдим-ку?

– Вой, қайси вазифага?

– Маориф вазирлигига! – керилди Олтой. – Энди барча шаҳар қишлоқларда янги мактаблар, саводсизликни битириш синфлари очилади. Устозларимиз бойларни инсофга чақириб, янги усул мактаблари очайлик деб жонлари ҳалак, бир иш чиқаролмай юришган эди. Мана, ҳукумат бу ишни ўз қўлига олди.

– Энди Туркистон ё йўқ бўлади, ё бор бўлиб, янги давлатга айланиб ўз йўлида давом этади, – деди у жўшиб. – Аммо ҳеч қачон эски даврларга қайтилмайди. Эски тузум халққа вафо қилолмайди. Янги замона кучли, фанларни мукаммал эгаллашни талаб қилади. Бизлар шу йўлни тутмасак, тараққиётдан ортда қолиб, жоҳиллик занжиридан чиқолмай юраберамиз. Хўш, ўзингиз қайси томондасиз, қай бирига ён босасиз? – сўради у қизиқиб.

– Менга оддий, тинчгина, бахтли ҳаёт бўлса бас! – деб жавоб қилди Маъсума. – Ким ҳукумат бўлса бўлаверсин, одамлар бир бурда нонини бола-чақаси билан тинчгина еб ўтирса кифоя. Аммо кечагидек қашшоқ, йўқсул кунлар келмасин. Қаранг, ҳаёт яхшиланиб қолди. Мен кичкиналигимда бундай эмас эди, отам шўрлик нон топаман деб, саҳардан шомгача аллақаерларда ишлаб келарди.

– Боситхон акам сизни етарлича ўқитмабди. Сиёсий саводингиз чала экан, – ҳафсаласи пир бўлди Олтойнинг. – Ҳай майли, гуркираб оққан ҳаётнинг ўзи сизни йўлга солиб қўяди.

ЕТТИНЧИ БОБ

Икки-уч кун ўтиб, Боситхон шод кириб келди:

– Суюнчи берасизми? Янгилик бор.

– Суюнчи янгиликдан кейин бўлмасмиди?

– Йўқ-йўқ, сиз олдиндан бераверинг.

Маъсума:

– Мана сизга суюнчи, – деб атрофига аланглаб, эрига ўнг бетини тутди. Боситхон уни енгилгина ўпиб қўйиб:

– Сизга Оға деган дўстимни айтган эдим-а? – деб сўради.

– Ҳа, бир-икки тилга олган эдингиз.

– Унинг исми Маннон, биз Оға деб атаймиз. Онасининг қорнидан “театр” деб туғилган. Ана ўша дўстим билан кеча кўришиб, гаплашдим. Сизни театрга келсин, деди. Мана, кўрдингизми, ваъдамнинг устидан чиқдим.

Маъсума суюниб кетди.

– Оға “Турон” деган янги гуруҳ тузди. Ғулом Зафарий деган бир оғамизнинг “Ҳалима” деган томошасини қўймоқчи. Ундаги аёл кишини эркаклардан ким ўйнашига бошим қотиб турувди, агар Маъсума хоним театрга иқтидорли бўлсалар, яна ўзлари ҳам кўнсалар, Ҳалима рўлини берсак жуда боп иш бўларди, деди. Балки омадингиз чопиб, саҳнага чиқадиган ўша актёр сиз бўларсиз? Оғанинг режалари мўл, Ҳамзахоннинг “Бой ила батрак” томошасини ҳам қўймоқчи бўлиб юрибди.

– Ҳамзахон ким?

– Эҳ-ҳе, сиз уни билмасангиз яхши, – деб кулиб юборди Боисхон. – Ўт-олов бўлиб ёниб турадиган ватанпарвар шоир, драмалар ҳам ёзади, бир ерда муқим ўтира олмай, қадам-бақадам юрт кезади. Жадидликнинг энг ашаддий тарафдорларидан, миллатсеварлардан. “Яша, Шўро” деган бир шеъри бор, жуда машҳур, – деб, шеърни ёддан ўқиди:

 
Яша Шўро, яша Шўро, сен яшайдурғон замон,
Ишчи ўғли, шуҳратингдан балқисин рўйи жаҳон…
 

– Қанақа шўро? – яна тушунмади Маъсума.

– Қиблагоҳ раислик қилган Шўрои исломия-да, – деб жавоб қилди Боситхон. – Гоҳида уни ўзгартириб, “Яша, Турон” деб ҳам айтиб юрадилар. Ҳай, эртага сизни Оға олдига олиб борай, бир гаплашинг.

– Юзимни очиб боравераманми? – деб сўради Маъсума, ўйланиб.

– Аслида, юзингизни пешанадан ияккача тўсмасангиз ҳам бўлади. Паранжи-чачвонни ўйламанг, унинг иши бошқа, – жавоб қилди Боситхон.

– Барибирам ғалати-да, – деди иккиланиб Маъсума. – Маҳалла-кўйдагиларнинг кўзи тушса…

– Эҳ-ҳе, паранжи-чачвон ичида не ишлар бўлишини билсангиз, ечиб отар эдингиз! – деди Боситхон. – Бизлар кўп йиллардан буён ташдан яхши кўринишга ўрганиб қолдик, ичкари эса чириб бузилгандир. Мисол учун, уйимизнинг ташини бўяб, меҳмонхонамизни дабдабали қилиб безаймиз, аммо ички ҳовлини кўрсангиз, ҳолига маймун йиғлайди. Бошқа ишларда ҳам шундаймиз, тузук-қуруқ ибодат қилмаймиз, аммо жума билан таровиҳга шошамиз. Масжидда калишни чап оёғидан кийганни маломат қиламиз, ўзимиз эса имонни унутиб, мўмин молини еймиз. Сиз қўяберинг, бу театр деганлари халқни ҳолатини кўрсатиб бериб, уни ислоҳотга чорласин. Сизга бир гап айтайми? – деди у, хотинига яқинроқ келиб, икки елкасидан тутиб. – Мен роса ўйлаб, бир тўхтамга келдим. Яъни, янги ҳукуматга ишонишга қарор қилдим. У туфайли жаҳолатдан қутулиб олсак, қолганига Худо пошшо!

– Раҳмат сизга, – деди Маъсума миннатдор бўлиб. Кейин меҳр тўла кўзлари билан эрига қараб: – Мен бир етимча қиз эдим, назарингиз тушиб, менга ишониб кўнгил қўйдингиз. Энди театрга боришимга ҳам кўниб, халойиқнинг маломатини елкангизга оляпсиз. Сиздан минг-минг розиман!

– Эҳ-ҳе, ёмон жойга эмас, театрга боряпсиз-ку, мунча шикоят?

– Тўғри, аммо у ерда менга ёмон хотин рўлини ўйна десалар-чи?

– У ёмон хотин сиз эмассиз-ку? Сиз гўё ойина каби бўласиз, халойиққа ҳаётнинг турли вазиятларни кўрсатасиз. Халқни зиёга чорлайсиз. Кишилар сизга қараб, ўз ҳолатларни англаб олгайлар.

Маъсума “Тўғри, ҳаётда бўладиган қанчадан-қанча ишларни ўшандай бўлмасин деб кўрсатиб бериш қайтанга яхши-ку, одамлар ҳам вақти-соати келиб тушуниб олишар” деб ўйлади, эрининг сўзларига ишониб.

САККИЗИНЧИ БОБ

Эртасига Маъсума эрталабданоқ тайёргарликни бошлаб юборди. Театрга бормоқ учун қандай кийинса? Кейин ўзининг аҳволига кулди: гўё бир қанча уст-боши бор-у, қайси бирини танлай деб ўйланишини кўринг! Узун кўйлаги устидан камзулини кийиб, сочбоғини танғиб, қора рўмолини бошига ташлаб, томоғигача ўраб олди.

Эр-хотин Хадрагача пиёда кетишди. Хадрага етиб боришгач, ўтиб кетаётган бир извошни тўхтатишди. Извошчи – ола тўн кийган чақмоқ мўйловли йигит, жужунча камзул, қора пўрим этикли Боситхонни янги бойлардан деб ўйлади чоғи, ўтиб кетган еридан извошини буриб келди.

Маъсума ҳаётининг эртак қисми бошлангандек эди гўё.

Извош ғирчиллаб, енгил силкиниб юриб борарди. Чиройли кажавасида ўтирган икки ёшга ўтган-кетган бошини буриб қараб қоларди. Янгичилар ёки ўрислар ўз йўлига, аммо бир мусулмон киши заифаси билан извошда юриши ҳар доим ҳам кўрилавермайди-да. Ўрдага бораверишдаги кенг-мўл кўчадан юра-юра, тош кўприкдан ўтилгач, Янги шаҳарга кириб боришди.

Янги шаҳар кўчалари кенг, аммо дарахт оз, биноларининг оралари очиқ, кўпчилиги бир қаватли, киравериши равоқли, тош устунли уйлар эди. Иморатларнинг қурилиши ҳам фарқли: атрофида кенг-мўл майдон қолдириб тикланган, баъзилари болохонали, ғишт теришидан тортиб, нақшигача бошқача. Баъзиларининг устунида ёки пештоқида бўртма шер ёки бургут тасвири ҳам кўринади. Бошига айлана гардиш қўндириб олган ўрис хотинлар болаларини етаклаб, аста сайр қилишади.

Боситхон извошни икки устунли, баланд эшикли катта бир бинога етмасдан тўхтатиб, ҳақини тўлади-да, иморатни кўрсатиб:

– Театр биноси мана шу, – деди. – Унинг қизиқ тарихи бор. Бундан ўттиз йил аввал Тифлисдан Цинцадзе бир гуржи тижоратчи Тошкентга кўчиб келиб, шу ерни сотиб олиб, “Оврупа” ва “Белвю” номли иккита муҳташам меҳмонхона қурган. Келувчи-кетувчилар буларни энг олий меҳмонхоналар деб билишган. Униям қўятуринг, ўша пайтдаги ҳукуматга хат ёзиб, театр қураман деб хархаша қилган. Ҳукумат рози бўлмагач, зеро, тужжор ҳам ўзига етгудай ўжар ва мағрур эди, агар сиз кўнмасангиз, ўзим қураман деб, шартта “Оврупа”ни сотгану мана шу ярим театр-ярим цирк биносини қуришни бошлаб юборган. Бир неча йил ичида бино битгач, аввалига масхарабозлар, ҳуққабозлар, дорбозлар, тақлидчилар ўйин кўрсатган, танга ерга тушмас даражада кўп одам келган, дейдилар.

Яна бир неча йил ўтиб, ўша тиниб-тинчимас гуржи керакли ускуналарини олиб келиб, одамларга кино кўрсатишни йўлга қўйган. Сўнг бинога “Колизей” деб янги ном бериб, тамомила театрга айлантирган. Падаримизнинг дўсти Абдулла қори1414
  Абдулла Авлоний.


[Закрыть]
Маҳмудхўжа қорининг1515
  Маҳмудхўжа Беҳбудий.


[Закрыть]
“Падаркуш” томошасини биринчи марта шу бинода халққа кўрсатган, ундаги бой рўлини унинг ўзи ўйнаган экан.

Тиниб-тинчимас гуржи шундай қилганки, масалан, кеч соат олтида кино кўрсатилса, саккизда ҳуққабозу кўзбойлағичлар, тунги соат ўн бирдан кейин курашчилар мусобақалари ҳам бўлган.

Инқилоб рўй бергач, янги ҳукумат “Колизей”ни тортиб олган. Гуржининг тақдири эса аянчли тугаган: уни исми-шарифи ўхшаш бўлган бир оқпошшо зобити билан адаштириб, қамоққа олиб отиб ташлашган. Кейинчалик ҳақиқий жиноятчи топилганида, ҳукм янглиш бўлганини билиб қолишиб, униям отиб ташлашган. Ишқилиб, нима бўлганида ҳам, телба у гуржидан шундай ажойиб бино хотира бўлиб қолган…

– Бечора, – деди Маъсума, бошини бир ёнга эгиб, эрининг ҳикоясини тинглай-тинглай одимларкан. – Жуда яхши одам бўлган шекилли.

Боситхон унга ҳайрон бўлиб қаради:

– Ҳалигача одамларни билмайсиз-а? Тўлиғича яхши ёки тамомила ёмон одам бўлмайди. Бир ишига қараб яхши десангиз, бошқасига қараб ёмон дейсиз. Уни эса, тузалмас хаёлпараст бўлган дейишади. Йўқса, Тифлисдай жойдан келиб, бундан икки минг йил олдин қадимги Юнонистон императори қурдирган иншоотни Тошкентда барпо қилиш кимнинг хаёлига келибди?

Боситхон яна аллақанча сўзларни сўзлаган бўларди, бироқ манзилга етиб қолишди. У Маъсуманинг қўлидан тутганча ортиқ қўйвормади, учбурчак равоқ остидаги баланд эшик ёнига келиб, кираверишдаги курсида ўтирган татар қоровулдан бир нималарни сўради. Қоровул қўли билан чап томонни кўрсатгач, “Юраберинг” деб уни ичкарига бошлади.

Чап томонда зина бор экан, ундан юқори кўтарилдилар. Қалашиб ётган ашқал-дашқаллар орасидан ўтиб, эшик-деразаси очиқ, бўёқ иси анқиб турган кенг даҳлизга киришди. Боситхон “Бир оз кутиб турақолинг, мен Оғани излаб топай” деб, нимқоронғи йўлакдан бинонинг бошқа томонига қараб кетди.

Маъсума хона янги бўялибди шекилли деб ўйлаб янглишибди: бўёқ иси баъзилари деворга осиғлиқ, баъзилари шундоққина полга ёйиб қўйилган маромнома, яъни афишалардан келаётган экан.

Маъсума унда шундай ёзувларни кўрди:


Тошкандли мусулмон ёшлари ҳам театру ҳаваскорлари ва Хўжанд ёшларининг иштироки ила испиктакллар

МАРОМНОМА
БИРИНЧИ ЎЙИНДА:
“ПАДАРКУШ”
ёхуд ўқумаган боланинг ҳоли,
Туркистон маишатидан олинган уч парда, тўрт манзарали холи фожиадур
Иштирок этувчилар: А. Авлоний, З. Асомиддинхўжа ўғли, Ш. Иноят ўғли, З. Юнус ўғли, М. Карим ўғли, С. Асомиддинхўжа ўғли, С. Салим ўғли, С. Қори, А. Эркабой ўғли, К.Хўжаев, Х. Эрмуҳаммад ўғли ва бошқалар
Режиссур: Н. Асомиддинхўжа ўғли

ИККИНЧИ ЎЙИНДА:
“ТЎЙ”
Туркистон маишатидан олинган икки пардали фожиадур.
Иштирок этувчилар: юқоридагилар

УЧИНЧИ ЎЙИНДА
“БАДБАХТ КЕЛИН”
Иштирок этувчилар: юқоридагилар
Томоша кеч соат саккиз яримда бошланади

Унинг ёнидаги маромномада эса бошқа ўйин ҳақида сўз борар эди:

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА
10 майда
МАРОМНОМА
А.Ф.МУСТАФИ асари
ҚОТИЛ КАРИМА
Беш пардалик даҳшатлик фожиа
Танаффус вақтларида ерлик мусулмон созандаларидан Абдуллоҳ Раҳимбой ўғлининг раҳбарлигида миллий маршлар ўйналиб турадур
Ўйин бошланадур: кеч соат саккизда
Масъул мудир: Абдулла Авлоний

Театрда бу кунда шунақа томошалар қўйилар эканда, деб санасига қараса, йўқ, бир қанча йил бурунги эски афиша экан.

Маъсума бошқа қоғозларга ҳам разм солиб чиқиб, уларнинг сиёсий плакатлар эканини кўрди. Бўёқ иси шулардан келар эди. Бирида билаклари бақувват бир ишчи йигит черков хочи, Биби Марям ҳайкалига қўшиб бир қанча кишиларни белкуракда чуқурга улоқтирмоқда, ишчининг ён томонига катта-катта қилиб “Ҳаммаси ахлатга!” деб ёзиб қўйилибди. Яна бири “Ёш пионерлар қонунлари” дейилибди, остида эса ўша қонунлар қаторлаштириб ёзилибди. “Ишчи синфи манфаатларини қаттиқ ҳимоя қилиш”, “Деҳқонларнинг ягона кооператив жабҳаси!”, “Империалистларнинг хомхаёлларига энг яхши жавоб” деганида эса, янги қурилган бинонинг ўткир учли қуббалари қандайдир капиталистнинг кафтига санчилиб турибди, остига “Саноатлаштиришни кучайтириш” деб ёзилибди. Семиздан-семиз кишилар, тилла занжирлар, нақшли китоблар ва яна хоч сурати, ундан тепада эса гул-гул яшнаб турган эр-хотин болға билан уларни яксон қилаётгани, “Динга қарши кураш – социализм учун кураш”, ундан кейингиларнинг барида қурол, қурол, қурол… Елкасига ўқ тўла тасма осиб, қўлида найзали милтиқ тутган эр-хотин “Қизил армия – пролетар инқилоби ҳимоячиси” деб хитоб қилиб турарди.

“Душман Москвани – совет Россияси юрагини забт этмоқчи! Олға, ўртоқлар!”

“Танаффуссиз ҳафталик! Худосизлар – фабрикада!”

Ярми йиртиқ бир плакат ҳам бор экан, унинг юқори қисмида кўзлари ғалати ёниб турган бир эр-хотин, бири болға, бири ўроқ тутиб турибди, пастроқда яна ўша – кўзлари ғалати йўқсуллар оломони, остига катта-катта ҳарфларда шеър битилибди:

Қўзғол, лаънат-ла тамғаланган,
Қуллар ва очлар дунёси!

Қадам товушлари эшитилиб, хонага Боситхон билан бирга қалин сочлари тепага таралган, қуюқ қошли бир одам кириб келди. Боситхон Маъсумани унга таништирди:

– Мана, Оғажон, мен сизга айтган келинингиз Маъсума шу бўлади.

– Хуш келибсиз! – бош ирғади Оға, самимий жилмайиб. – Боситхон инимиз театрга ҳавасингиз борлигини айтган эдилар. Эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Катта режалар билан иш бошлаганмиз.

Оға Маъсумадан қайси спектаклларни кўрганини, қайси китобларни ўқиганини, театрга қандай қилиб қизиқиб қолганини сўраб-суриштирди. Маъсума болалик чоғи отаси билан кўчма театр томошасини кўрганини, ундаги қўшиқларни ёдлаб олганини айтганида, пешанасини тириштириб бироз ўйланиб турди-да:

– Ҳа, эсладим. Озар сайёр театрини айтяпсиз! – деди хурсанд бўлиб. – Узайр Ҳожибейлининг “Лайли ва Мажнун” операси. Жуда машҳур опера.

Маъсума опера нималигини билмас эди.

– Опера бу – ичида қўшиқлари бор томоша, – деб тушунтирди Оға. – Унинг бир неча турлари бор, вақт-соати билан ўрганиб оласиз. Энди, айбга буюрмасангиз, сиздан бир илтимос, ўша ёдлаб олган қўшиғингизни айтиб берсангиз.

Маъсума Боситхонга қараган эди, у рухсат бериб бош ирғади. Маъсума қўшиқни пастроқ овозда бошлаган эди, Оға тўхтатди:

– Мен сизнинг овозингиз даражасини билмоқчиман. Бемалол, баралла айтаверинг.

Оға бошини бир ёнга буриб, қўлини қулоғига қўйиб тингларди. Бирданига чеҳраси ёришиб:

– Сизни Худо етказди! – деди. – Биринчи ўзбек актрисаси! Миллий театримизнинг илк қалдирғочи келди кулбамизга! Бизга айни дамда спектаклларимизда қиз-жувонлар рўлини ўйнайдиган бир аёл жуда зарур бўлиб турган эди. Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” спектаклига узукка кўз қўйгандай мос тушасиз.

Шундан сўнг қўлларини силкита-силкита, “Ҳалима”нинг воқеасини қисқача тушунтириб берди.

– Ҳалима деган қиз билан Неъматжон деган йигит бир-бирига кўнгил қўйган бўлади. Аммо шарти кетиб, парти қолган бир бой Ҳалимани ўзига тўртинчи хотин қилиб олмоқчи. Ҳалиманинг отаси ҳам бунга рози, чунки бойдан фойдаланиб, мол-дунёсини орттириш ниятида. Хуллас, Ҳалимани бойга турмушга берадилар. Аммо Ҳалима бундай тақдирга кўникишни истамай, ўзини ўлдиради.

– Ҳаётда бор воқеа экан, – деди Маъсума, унинг сўзларини тасдиқлаб, эсига Тўти момонинг эрининг қилмишлари келиб.

– Бундан кўзланган мақсад аслида бойнинг инсофсиз эканини кўрсатмоқ, йўқсулни алдаб-сулдаб, борини шилиб олганини маълум қилмоқдир. Мен сизга қай ҳолатларга киришингизни айтаман. Мисол учун, хаёл қилинг, рўпарангизда қорни катта, қари бир бой ўтирибди. Сиз бир йўқсулнинг қизи, сизни бу бойга хотинликка бермоқчилар. Қандай ҳолатга тушасиз?

– Мен ҳам ўзимни ўлдираман! – деди Маъсума, қатъият билан.

Оға ҳам, Боситхон ҳам кулиб юборишди.

– Аксарият қизлар ота-онасини ўйлаганидан, адолатсиз никоҳга рози бўлишади. Халқ орасида бундай ҳолатлар оз дейсизми? Аксинча, кўп, жуда ҳам кўп. Аммо ўзни ўлдирмоқни театрда кўрсатсак, вазиятдан қутулишнинг йўли шу бўлиб қолгайдир, – деди Маннон Уйғур. – Ваҳоланки, бой инсофга келса эди, қанчадан-қанча қизларнинг умри хазон бўлиб кетмасди. Бундай вазиятда бой инсофли бўлса, Ҳалиманинг ўз тенги билан бахтини топишини кўрсатиш керак бўлади.

Оға жавондаги дафтар-китоблар орасидан қалин бир дафтарни олиб унга берди-да, “Шуни ўқиб, Ҳалимани тасаввур қилинг, сўзларини ёд олинг. Яна келганингизда, саҳнада машқ қилиб кўрамиз” деди, сўнг:

– Энди юринглар, сизларни жамоа билан таништирай, – деб, уларни бояги тор йўлаклардан бошлаб бориб, баланд, залворли бир эшикни очган эди, ҳайҳотдай томоша залига кириб қолишди. У ерда бир қанча киши ниманингдир устида қизғин баҳслашар эдилар.

– Сизлар йўқсул мўмин-мусулмонлар тарафини олмай, шўролар томонига ўтиб кетдингиз! – дер эди чувак юзли бир киши. – Бу билан уларга ёрдам бериб, жабрдийда ватанни мустамлакачиларга қўшқўллаб топширдингиз. Орадан эллик-юз йил ўтиб, бу куннинг воқеаларини келгуси авлодлар мулоҳаза қилиб, тутумларингизнинг сабабини сўрасалар, нима деб жавоб қиласиз?

Йўл-йўл тўн кийган, қўқон дўппили, келишимли киши эса, унинг сўзларини бўлиб:

– Сиз Қўқонда гилоснинг қандай пайванд қилишларини биласизми? – деб сўради. – Бир йиллик жайдари олча кўчатининг бағрини ёриб, унга сара гилос новдаси суқиб қўйилади. Агар пайванд тутиб кетса, сара гилос новдаси олчанинг ёввойи кучи туфайли гуркираб ўсиб, таъмию шакли мутлақо бошқача мева беради.

– Бу мавзуга гилоснинг нима дахли бор?

– Мен ҳам шуни айтаман-да. Сиз тараққийнинг бундан бошқа бирон йўли бор деб ўйлайсизми? Бўлса айтинг, биз ҳам ўшани қилайлик.

– Мен барибирам сизларни оқлаймайман! Бу йўлнинг охири қип-қизил қиёмат!

Дўппили киши тўпдан айрилиб, Боситхон билан Маннон Уйғур ёнига келди-да, улар билан кўришиб:

– Мени маъзур тутинг, тез Самарқандга жўнаб кетишим керак экан. Келганимда сўзлашармиз, – деб, тез-тез юриб ташқарига йўналди.

– Шошманг, сизга яна бир гапим бор, – деб, чувак юзли киши ҳам унинг ортидан эргашди.

Боситхон Маъсумага эгилиб:

– Ҳамза Ҳакимзода шу киши бўлади, – деб шивирлади. – Арабча билан форсчани сувдай билади, йигирма уч ёшида ҳажга бориб, бир қанча ўлкаларни кезиб келган, тараққийпарвар адиб. Қўқонда янги усул мактаблар очиб, энди ундай мактабларни Самарқанду Бухорода ҳам очмоқчи…

– Ўртоқлар, бир дақиқага! – Оға унинг сўзини бўлиб, қолганларга мурожаат қилди. – Жамоамизга бир малика қўшилиш арафасида. Бу киши санъатга ҳавасли ёшларимиздан, қадрдон дўстимиз Боситхон Қориевнинг аёллари Маъсума хоним!

Театрдагилар бирин-кетин саломлашишди. Эркаклар бараварига Маъсумага қараб қолишди.

– Бу йигит Етим Бобожон ўғли, энг ишонган ўхшатгувчиларимиздан, ҳар қандай рўлларни ўйнайберадилар.

Ўрта бўйли, қошлари пайваста, кўй кўзли миқти киши жилмайиб саломлашди.

– Бу эса Аброр Ҳидоят ўғли, қадди ингичка, ўзи ўспирин бўлгани учун хотинча либос кийдириб, қиз-жувонлар рўлини ҳам ўйнатмоқдамиз. “Ҳалима”ни шу йигитча ўйнаган.

Жингалак сочли, узунчоқ оқ юзли, қуралай кўз, қошлари калта йигит бош ирғаб.

– Ҳалимадан айриладиган бўлибман-да, – деди самимий жилмайиб. – Майли-майли, ҳечқиси йўқ. Ҳалима бўлмаса, Жамила бор-ку?

– Ҳалимани билиб олдингиз. Жамила эса, Ҳамзахон ёзган томошанинг қаҳрамони. Кўнглингизга бир гап келмасин, иккала томошанинг ҳам воқеаси бир-бирига ўхшаш, Аброр шуни айтяпти, – деди Маннон Уйғур, Аброрга кўрсаткич бармоғи билан пўписа қилиб, сўнг койиб берди: – Эркалигингни биз кўтарамиз. Катталар олдида ўзингни тийишни қачон ўрганасан?

– Узр, минг бор тавба қилдим, – музтар бўлиб, қўлини кўксига қўйди “айбдор”.

Оға Маъсумага юзланди:

– Мен сизга “Ҳалима”нинг матнини бераман, ўқиб, унинг қандай қиз эканини тасаввур қилиб олганингиздан сўнг, саҳналарни машқ қила бошлаймиз.

– Қачонгача ўқиб келишим керак?

– Эртагача!

Маъсума Оғани ҳазиллашяпти деб ўйлаган эди, қараса, жиддий турибди.

– Йўғ-э, икки-уч кунда ўқиб битирсам керак.

– Майли, яна бир кун қўшиб берамиз, – шундай деб, Оға ёндош хонага қараб:

– Азиз! – деб чақирган эди, ўрта бўйли, кўринишидан камгап, юзи ифодасиз бир киши кириб, саломлашди. Оға Маъсумани унга таништирди-да, яна келганида театр, саҳна ва саҳна орти ҳақида тушунтириш беришини тайинлади. Боситхон:

– Бу одам ким? – деб сўраган эди, Оға:

– Азиз Собиров, директоримизнинг ўринбосари. Бир оз қўрсроқ, аммо ўз ишини қойилмақом адо этадиган, фидойи киши! – деб жавоб қилди.

Эр-хотин театрдагилар билан хайрлашиб, уйларига қайтишди. Вақт шом бўлиб қолган, Эски шаҳарда ҳар ерҳар ерда фонуслар ёниб турар, дарахтларнинг тархи ҳали зулмат қоплаб улгурмаган само тоқида қорайиб кўринарди. Лекин Маъсуманинг кўнгли кундуздай ёп-ёруғ эди.

– Худди чароғон бир оламга тушиб қолгандек бўлдим, – деди у, эри била ёнма-ён одимларкан. – Ҳақиқатан ҳам ҳаётимнинг мазмуни, тақдиримга ёзилган юмуш шу шекилли!

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации