Электронная библиотека » Исокжон Нишонов » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:00


Автор книги: Исокжон Нишонов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Энди бизга рухсат берасиз, Ризобек. Қайтишимиз лозим.

– Бу кеча қолинглар, азиз меҳмоним бўлинглар!

– Хўжайин кутмоқда. Бизга Саид яшаётган уйнинг қаердалигини айтинг?!

– Яхшиси ўзим сизларни бошлаб бораман! – деди Ризо. Йигитлар ўринларидан туришди.

…Саидга уй маъқул келганди. Зерикиб қолмаслик мақсадида дайдиб юрган енгил табиатли аёллардан бирини бошлаб келди. Музлаткичда егулик ва ичимликлар муҳайё эди. Улар ечиниб, бирбирларининг пинжига кириб ичишди. Тезда кайфлари ошди. Қўнғироқ жиринглаганда Саид чўмилиш хонасида ювинаётганди. Эшикни аёл очди. Йигитлар ичкарига киришди.

– Саид қани?! – улардан бири аёлни бурчакка қисиб сўради.

– Ювиняпти, – зўрға тили айланиб жавоб қилди аёл.

Йигитлар чўмилиш хонасига ўтишди. Саидни ялангоч ҳолда судраб чиқишди. Булар Мирхолдорнинг югурдаклари эканлигини билди. Қўли орқага қайрилган Саид машинага ўтираётганда кўзи Ризога тушди. У ҳеч нарса билмагандек, тишларини кавлаб, ўзининг машинасида ялпайиб ўтирарди.

– Хоин, барибир итлигингни қипсанда, ифлос! Унутма, ўлмасам бир кун ёнингга қайтиб келаман. Оёғингдан осиб, қонингни ичмасам онамнинг сути ҳаром бўлсин!

Ризо бу сўзларни эшитса ҳам парво қилмади:

– Аввал ўз жонингни ўйла, мишиқи! Сени курортга олиб кетишаётгани йўқ. Тавба қилиш ўрнига қонимни ичмоқчи бўляпсанми? Кўрамиз, ким кимнинг қонини ичаркин? – минғирлади Ризо.

Йигитлар жўнаб кетишди. Ризо «Жигули» ортидан бир зум қараб қолди. Кутилмаганда юрагини ваҳима босди. «Ишқилиб қочириб юборишмасинда», деган фикр дилидан ўтди.

* * *

Саидни Мирхолдорнинг олдига олиб келишди.

– Мен сени сўроқ-савол қилишни истамайман, – деди Мирхолдор ғазабдан тишларини ғичирлатиб. – Ўз жазоинг ўзинг билан. Лекин бир гапни айтиб қўяй. Сен номардлик қилдинг, Ғаффорни ўлдириб қочдинг!

– Хўжайин, – ўзини қандай жазо кутаётганини кўз ўнгига келтириб, қўрқувдан дағ-дағ титраётган Саид Мирхолдорнинг гапини кесди. – Мен… мен қочиш мақсадида уни ўлдирмадим. Сув сўрагандим, Ғаффор юзимга қараб чоптирди. Жаҳл устида…

– Мен боя сен билан гаплашишни истамайман, девдим. – Мирхолдор ташқарига қараб қичқирди. – Шавкат!

Ичкарига барзанги йигит кирди.

– Басалла!

Шавкат Саиднинг кўз ёшларига, ялинибёлворишларига қулоқ солмай, ташқарига судради. Йўл-йўлакай елкасига илиб олган қўшотарни қўлига олиб, қўндоғи билан уриб борди. Чодир ёнида қумга санчилган белкуракни олишни ҳам унутмади. Саид Шавкат уни қаёққа олиб кетаётганини билганди. Шу сабабли тобора узоқлашиб бораётган чодир томонга қараб қичқирарди, Мирхолдорнинг афв этишини сўрарди.

– Тавба қилдим, хўжайин, бу гал кечиринг, бир кунингизга яраб қоламан!!.

– Юм оғзингни, сотқин, энди нариги дунёда тавба қиласан. Бу ёруғ оламда сенинг тавбаларингни қабул қиладиган ҳам, эшитадиган ҳам одам қолмаган. Қани, имилламай илдамроқ юр! Акс ҳолда қўндоқ билан бошингни иккига бўлиб қўяман, – дея қўлидаги милтиқни силтаб қўярди Шавкат. Саид зарба тушишидан, кўзига қон тўлган бу кимса ҳақиқатдан ҳам бошини ёриб қўйишидан чўчиб, тепаликка тирмашиб чиқарди. Бақиришлари, кўз ёшлари, тавбалари-ю ялиниб-ёлворишлари билан чодир ичида қолган Мирхолдорнинг юрагида зиғирча меҳр-шафқат уйғотолмаслигини тушунди. Энди у қўлларини кўкка чўзиб Худога тавалло қиларди. Фақат угина ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигига ишонарди. «О, Яратган эгам, мўъжизангни кўрсат, туҳматларнинг қурбони бўлаётган бандангга раҳм қил. Уни мана шу дўзахдек саҳрода ўлиб кетишидан ўзинг асра! Бундан кейинги умримни фақат сенга тоат-ибодатда ўтказишга қасам ичаман. Ноумид қилма, илтижоларимни инобатга ол, ё Тангрим».

Улар бархандан ошиб ўтишди. Мирхолдорнинг чодири кўринмай қолди. Шавкат тўхтади. У ўзи учун қулай жойни топганди. Саиднинг олдига куракни улоқтирди.

– Ўзинг сиғадиган, қўл-оёғинг торлик қилмайдиган лаҳад ковла! – буюрди милтиқнинг учини Саиднинг кўкрагига тираб. – Имилламай, тезроқ қимирла, акс ҳолда гўр қазишингни ҳам кутмай, пешонангга бир жуфт ўқни жойлаб, ўлигингни қуш-у қумурсқаларга ташлаб кетвораман!

– Шавкат, – ялинувчан оҳангда илтижо қилди Саид.

– Юм оғзингни, сен билан гаплашиш ман қилинган!

Саид ноилож куракни олди ва қабр қазий бошлади. Шавкат четроққа бориб, пастаккина янтоқнинг соясига ёнбошлаб, милтиқнинг учини Саидга тўғрилаб, уни тезроқ ишлашга ундаб ўтирарди. «Қизиқ, деб ўйларди у. Одам ўлишини билиб, ўзи учун қабр кавласа-я? Ҳозир Саиднинг кўнглидан нималар кечяптийкин? Жасади қум тагида қолиб кетади. Шу билан номи ўчади».

– Шавкат!

– Юм оғзингни! Имиллама, тезроқ ишла, кун исияпти! Кутишга тоқатим йўқ. Қорним очган!

Саиднинг ҳам қорни очганди. Қўлидаги куракни зўрға кўтарарди. Ковлаган чуқурга ёнбошдан шовуллаб қум тушарди, иши унмасди. Бундан Шавкатнинг ғазаби тошар, оғзига келган сўзлар билан Саидни бўралаб сўкарди.

– Ён томонни кенг ол. Шундай қилсанг қум тушмайди. Чуқур бўлиши шарт эмас, тизза бўйи кифоя. Муҳими ўлигинг кўринмаса, сасиган ис атроф-теваракка тарқалмаса бас!

Қора терга ботган, юрак-бағри эзилиб адо бўлган Саид юм-юм йиғларди. Юзидаги терга кўзларидаги шашқатор ёшлар қўшилиб кетарди. Кўйлаги жиққа ҳўл бўлганди. Қуруқшаб қолган, қум зарралари ёпишган қонсиз лаблари ҳамон титрарди. Болалигида ота-онасидан эшитган, хотирасида муҳрланиб қолган, бироқ кейинги ўн йил ичида бирор маротаба тилига олмай унутилиб бораётган дуоларни такрорларди. Қандайдир мўъжиза рўй бериб, жони омон қолишини Худодан тиларди. Қаршисидаги бераҳм, бағритош Шавкатдан ўзга кимса бўлмаган поёнсиз саҳрода унинг жонини фақат Тангри ўзининг кутилмаган мўъжизаси билан сақлаб қолиши мумкинлигига ишонарди.

Шавкатнинг сабри чидамади. Қуёш тепалаб бораётганлиги учун янтоқнинг сояси кичрайиб офтобда қолганди. У ўрнидан турди. Саиднинг тепасига келди. Чуқурни айланиб кўрди.

– Менимча, бўлади, шу ерга сиғасан! – деди.

– Яна бироз ковлай, ҳеч бўлмаса тизза бўйи бўлсин! – ўлишни истамаган Саид бу гапни ҳам йиғлаб, ҳам қийналиб айтди. Кўнглинингбир четидаги липиллаб турган бояги умид ҳали ҳам сўнмаганди.

Қуёш порлаб турса, осмонда тўрғайлар қанот қоқиб, бири олиб, бошқаси қўйиб сайраб учса, қум устида бўлса-да, янтоқ, явшонлар гуркираб ўсиб турса, кимнинг ўлгиси келарди? Ким ҳам ўз инонихтиёри билан ўзини ўққа тутиб берарди? Бирдан хаёлига Ризо келди. «Қонингни ичмасам, онамнинг берган сути ҳаром бўлсин», деб ичган қасами қулоқлари остида жаранглади. «Наҳотки, ўч олмай ўлиб кетсам», деб ўйлади. У белкуракни қумга санчиб, қаддини ростлаб, Шавкатга юзланди.

– Сенга бир гап айтиш эсимдан чиқибди, – деди юзидаги тер ва кўз ёшларини кафти билан сидириб ташларкан.

– Яна нима дейсан? – беписандлик билан тўнғиллади Шавкат.

– Амирхонни ким ўлдирганини биламан!

– Қайси Амирхонни? Мен бунақа одамни танимайман!

Саиднинг ҳафсаи пир бўлди.

– Мирхолдорга айтиб қўй, Амирхонни Ризо ўлдиртирган!

– Бунинг менга қизиғи йўқ, – Саиднинг сўзини кесиб деди Шавкат. – Вақтни чўзмай тезроқ қимирла. Ҳеч қандай баҳоналар, ҳеч қандай сабаблар сенинг бошингда айланиб турган ажал шарпасини ҳайдаёлмайди. Менимча қазиган чуқуринг бўлади.

Шавкат чуқурга қараб, уч-тўрт қадам нари кетди. Узоқроқдан отгани дуруст. Устига қон сачрамайди. Шавкат милтиқнинг тепкисини орқага қайирди.

– Шавкат! – сўнгги бор илтижо қилди Саид, аммо шу заҳотиёқ томоғи ғиппа бўғилиб гапини тугатолмади. У ҳўнграб йиғлаб юборди. Елкасидан юк босиб тургандек қадди букилиб, қум устига ўтириб қолди. Отаётган одамга қараш оғир эди. Қўллари билан юзини чангаллаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Бу хуноба ёшлар, бу илтижолар Шавкатнинг қалбидаги қаҳр музини эритолмагани каби қароридан ҳам қайтармади. У милтиқнинг қўндоғини елкасига тираб, бир кўзини юмиб, Саиднинг пешонасини нишонга олди. Унинг вужуди кўзга айланганди. Ортидаги одамнинг ҳаракатларини, ҳатто қўллари тепкига борганини ҳам ҳис этиб турарди. У ёшлардан ачишган кўзларини юмиб олди. Ўкирикни ҳам ичига ютди. Тишларини тишларига босиб, ўқ овозини кутди. Бир, икки, уч… Негадир милтиқ жим эди. Кутилмаганда Шавкатнинг чинқириғи қулоғини тешиб юбораёзди. Саид ортига қарашга улгурмади, бирин-кетин икки ўқ товуши янгради. «Нега тегмади? Нишонни хато олдими?», ўйлади Саид. У ортига бурилди. Шавкат ҳамон қичқирарди, бир метрлар чамасидаги эчкиэмар гоҳ сакраб, гоҳ пишқириб, тишларини кўрсатиб, унга ҳамла қиларди. Милтиқдаги иккита ўқни отиб бўлганди, бошқа патрон қолмаганди. Саид Худо зорига етганини билди. Шавкат ўзини эчкиэмарнинг ҳужумидан ҳимоя қилиш билан овора бўлиб турганида, у пастлик томон чопди. Шавкатнинг жон ҳолатда қичқирганига қулоқ солмади.

– Саи.. и.. ддд!!!

* * *

Аэропортда «Аниса»ни жиноят қидирув бўлимининг ходимлари тўхтатиб қолишди.

– Ҳужжатларингизни кўрсатсангиз? – деди улардан бири.

«Аниса» паспортини кўрсатди. Изқувар бир паспортдаги суратга, бир қизнинг ўзига тикилди. Кейин йигитлардан бири чўнтагидан фотосуратни олиб, унга солиштирди. Суратдаги қиз билан «Аниса» бир-бирларига жуда ўхшашлигидан ҳайрон қолишди.

– Бизни кечиринг, сизни қидирувдаги бир аёлга ўхшатдик, – узр сўради йигитлардан бири.

– Ҳечқиси йўқ, одам одамга ўхшайди-да, – «Аниса» ҳаяжонланаётганини билдирмасликка уринди ва айни пайтда отасининг «бир-икки кун сабр қил, кейин кетарсан», деган сўзига қулоқ солмаганидан афсусланди.

Қидирув бўлими ходими паспортни эгасига қайтариш асносида, унинг юзига диққат билан боқди. Изқуварнинг пигоҳи ҳужжат эгасининг юзидаги киши пайқаш қийин бўлган белгиларни илғаб олди. Расмдаги қизнинг чап юзида бир миллиметрча чандиғи борлиги, бурнининг ялпоқлиги, қулоғининг чўзинчоқлиги унда шубҳа уйғотганди. Аммо рўпарасида турган аёлнинг юзида бундай белгилар йўқ эди.

– Мумкин бўлса, қўшни хонага чиқиб турсангиз, паспортингизни текширувдан ўтказиб олсак, – деди изқувар. «Аниса» айтилган хонага ўтди.

– Темиртош, паспорт эгаси менда шубҳа уйғотмоқда, – деди изқувар шеригига. – Назаримда, ҳужжат бошқа одамники. Юзларидаги белгилар ўхшамаяпти!

Темиртош ҳужжатни олди ва ундаги расмга синчиқлаб қаради. Ҳақиқатдан ҳам тафовут бор эди.

– Паспорт олишда эски суратини бергандир-да.

– Ҳужжатни олганига икки йил бўлган.

– Алёна шу эмасмикин?

– Паспортини компьютерга сол!

Темиртош компьютерни очди. Алёнанинг расмини топди. Суратлар таққосланди.

Ҳақиқатдан ҳам улар бир-бирига ўхшаса-да, пешонасининг кенглиги, қулоқ ва бурун қисмлари уларнинг бошқа одам эканлигини билдириб турарди.

– Аниса паспортни Қарагандадан олган. Назаримда, у Алёна исмли қиёфадошининг паспортидан фойдаланаётган бўлиши мумкин.

– Қараганда билан боғлан, Аниса тўғрисида маълумот сўра. Мен шаҳар ички ишлар бўлимига хабар қиламан.

– Алёна ўз ихтиёри билан олдимизга келди, – деди шаҳар ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисмидаги зобит. – У ҳозир терговчининг хонасида кўрсатма беряпти.

– Биз ҳам Алёнага ўхшаш аёлни қўлга олдик. Илтимос, қидирувдаги аёлнинг паспортини синчиклаб текшириб кўрсаларинг. Улар қиёфадош.

– Самолётнинг учишига қанча вақт бор? – сўради навбатчилик қисмидаги зобит.

– Бир соат.

– Унда «Аниса»ни идорага олиб келсаларинг. Уларни юзма-юз қилишимиз ҳам лозим.

Темиртош гумондор аёлни шаҳар милиция бўлимига боришини айтганида, «Аниса» бунга рози бўлмади.

– Менинг самолётга чиптам бор. Бир соатдан сўнг учишим керак. Москвада мени яқинларим кутишмоқца.

– Улгурасиз, – деди Темиртош. – Самолёт сизсиз парвоз қилмайди.

Барибир «Аниса» розилик бермай туриб олди.

– Бундай қилишга ҳаққингиз йўқ. Устингиздан прокурорга арз қиламан.

– Биз сизни бир жиноятчи аёл билан юзлаштирмоқчимиз, бу билан сиз терговга ёрдам берган бўласиз, – аёлни кўндиролмаганидан хуноб бўларди Темиртош. Борамиз-у дарров орқага қайтамиз! Билиб қўйинг, агар бош тортгудек бўлсангиз, самолётдан ҳам қолиб кетасиз.

«Аниса» ноилож уларнинг талабига рози бўлди. Тергов хонасига киришганда «Алёна» терговчининг рўпарасида ўтириб, унинг саволларига жавоб берарди. Бу орада терговчи паспорт бўлимидан Анисанинг ҳужжатларини олдириб келганди. У аёлларнинг бир-бирига ўхшашлигидан лол қолди.

– Сизлар бир-бирингизни танийсизларми? – сўради терговчи.

Улар бир хил жавоб қилишди.

– Йўқ!

– Жиноятни қайси бирларингиз содир этгансизлар?

– Мен, – жавоб қилди ёлланган аёл.

– Мени паспортдаги суратлар таажжубга солмоқда. Назаримда ҳужжат олаётганларингда расмларинг алмашиб қолмаганми?

– Одамнинг қиёфаси бир кунда минг маротаба ўзгариб, тусланиб туради., – жавоб қилди «Аниса». – Айбдор айбига иқрор бўляпти. Мени ушлаб туришга ҳаққингиз йўқ. Самолётдан кечикяпман.

– Ҳа, айбдор қилмишига иқрор бўляпти. Сизни ушлаб туришга ҳаққимиз йўқ, – деди терговчи.

– Унда мени аэропортга …

«Аниса» гапини тугатолмади. Телефон жиринглаб қолди. Терговчи узр, дегандек бармоғини лабига босиб, гўшакни кўтарди.

– Эшитаман. Шундаймн, қайси Барон? Пионерский кўчасидаги… Ҳозир етиб бораман!

– Отамга нима бўлибди? – деган сўз кутилмаганда

«Аниса»нинг оғзидан чиқиб кетди. Терговчи унга юзланди.

– Отангиз одам ўлдирибди? – деди у аёлга юзланиб.

– Бўлиши мумкин эмас? – деди ранги-қути докадек оқариб кетган қиз.

– Афсуски, менга шундай маълумот беришди.

«Аниса» бошқа гапирмади. У ўзини фош қилиб қўйганди.

* * *

Барон ўзида йўқ хурсанд эди. Қоплоннинг олдида юзи ёруғ бўлди. Бир неча кундан бери юрагини азоблаётган ғашлик ўрнини шодлик эгаллаганди. У уйига яхши кайфиятда қайтарди. Кеча кўпроқ ичиб қўйгани учун бошида енгил оғриқ турганди. Очлик ва ташналик уни ошхонага етаклади. Кекса лўли ўзига қулай жой топиб ўтирди. Кўнгли тусаган таомларни буюрди. Чолнинг иштаҳаси шу қадар очилиб кетганди-ки, хизматкорга бир йўла уч хил таом буюрди. Олдидаги овқатларни кўрган одам уни бир ўзи еб тугатишига ишонгиси келмасди. Икки юз граммча ароқ унга камлик қилди, кейин яна шунча буюрди. Ичкиликдан сўнг дили сархуш тортди. Қорни тўйгач ҳам уйига ошиқмади. Шошилишга ҳожат йўқ эди. Барча ташвишлари ортда қолди. Қизи ҳозир Москвага учиб кетган. Аниса мелисахонада. Терговчини қийнаб ўтирмайди. Одам ўлдирганини тан олади, ҳужжатларга имзо чекиб беради. Қарабсизки, суд ўн йилгами, ўн беш йилгами озодликдан маҳрум қилади. Алёнаси эса бошқа ном билан яна қучоғида яшайди.

Барон уйига жўнади. Икки чақиримли масофа қолганди. Кўнгли пиёда юришни тусаб қолди. У шу қадар бахтиёр, шу қадар қувноқ эди-ки, ҳатто ёнидан ўтиб бораётган йўловчиларга ҳам аҳамият бермай, ўзи билган, кеча оқшом Анастасия билан рақсга тушиб, куйлаган қўшиғини хиргойи қилиб борарди. Қўшиқ унинг танасидаги чарчоқни қувиб чиқарарди. Куйлаганида хаёлида Анастасиянинг дилбар жамоли намоён бўларди.

Барон ширин орзу ва ўй-хаёллар оғушида уйига етиб келди. Ичкарига кирмасидан юрагини ёмон ҳовур босди. Ҳовлида нимадир бўлгандек туюлди. Кенг дунё бирданига зулмат ичида қолгандек туюлди. Барон қадамини илдамлатди. Остонадан ўтиши биланоқ совуқ манзарага кўзи тушди.

– Витя, Володя! – Барон овозини баланд кўтариб, хизматкорларини чақирди. Унинг шарпасини эшитган заҳоти ҳозиру-нозйр бўладиган хизматкорлардан жавоб қайтмади.

– Витя, Володя!! – боягидан қаттиқроқ бақириб ўз хонасига кириб борди лўли чол.

Ичкаридаги манзара ташқаридагидан баттар даҳшатли эди. Буюмлар остин-устун бўлиб, оёқлари остида ётарди. Бароннинг кўз олдини зулмат қоплади. Шошиб хонасига кириб борди. Темир сандиқни очиқ ҳолда кўриб, додлаб юборди. Пуллар ва тилла тақинчоқлар жойида кўринмасди. Бароннинг боши айланиб, ерга йиқилди. Бироқ ҳушидан кетмаган ва ўзини йўқотмаганди. Мушт бўлиб тугилган қўллари билан ерни муштлаб ётар экан, бирдан хаёлига чақиндек урилган фикрдан ўрнидан ирғиб турди. «Ўғрилар узоққа кетолмаган», деб ўйлади.

Барон шаҳардаги танишларига қўнғироқ қилди ва хизматкорларининг қиёфаларини уларга айтиб, тутишни буюрди.

– Улар мени бор – будимни шилиб кетишди, бири оқсоқ, чап оёғини судраб босади. Иккинчисининг бўйи паст, тепа сочи йўқ, билагида Витя деган ёзув бор!

Барча лўлилар оёққа туришди.

* * *

Бу пайтда Володя билан Витя тезроқ шаҳардан чиқиб кетишга шошиларди. Киракаш машиналардан бирини тўхтатишди. – Бизни чегарагача ташлаб қўй! – деди Володя ҳайдовчига. – Қанча тўлайсизлар? – Оғзингга сиққанини! – Юз доллардан! – Чегарадан ўтказиб қўйиш шарти билан! – Унда яна юз доллардан қўшасизлар. Тортишиб ўтирадиган пайт эмасди. Бошқа вақт бўлганида, айниқса, Володя ҳайдовчини арзимаган пулга кўндирган бўларди. Ҳозир эса унинг амрига итоат этишга мажбур, дақиқалар ғанимат. Тезроқ шаҳардан чиқиб кетишлари лозим. Акс ҳолда ҳаммаси остин-устун бўлиб кетиши мумкин. Барон уйга қайтган ва ичкаридаги манзарани кўрган бўлса, мелисага хабар берган бўлиши ҳам мумкин. Қароқчилар ўзларини машина ичига уришди. – Тезроқ ҳайда! – буюрди Володя. – Биз маросимга кетяпмиз, кечикмай етиб боришимиз керак! Машина жойидан қўзғалганида ўғриларнинг кўнгли хотиржам тортиб, ўзларини эмин-эркин ҳис этишди.

Бор-будидан айрилган Барон беҳол ва бемажол ҳолда йиғлаб ётарди. У ўз одамларига хабар берганига икки соатдан ўтган бўлса-да, ҳеч ким телефон қилмади. Кекса лўлининг бутун диққати телефонга қаратилганди. Ниҳоят, у жиринглади.

– Бутун шаҳарни кезиб чиқдик. Аммо хизматкорларингга кўзимиз тушмади. Одамларимиз қидиришни давом этгиришмоқаа. Назаримда, улар аллақачон шаҳардан чиқиб кетишган бўлса керак!

– Унда бошқа шаҳарлардаги лўлиларга ҳам хабар қилинглар! Улар топилмаса, мени тириклай қабрга тиқасизлар!

Бирин-кетин телефон жиринглай бошлади. Мамлакатнинг турли бурчакларидан қўнғироқ қилаётган лўлилар ўғриларни топишолмаётганини афсус билан маълум қилишарди. Барон умидини узди. Йиллаб терган, кўз қорачиғидек асраб-авайлаган бойликларидан жудо бўлганига ишонч ҳосил қилди. У бир неча соат ичида қариб қолгандек, бели букилиб, узоқ вақт тўшакка дард чеккан бемор аҳволига тушиб қолганди. Ўрнидан туришга ҳам мажоли қолмаганди. Кекса лўли ўзининг яқинлари даврасида ҳамиша бир сўзни айтишни ёқтирарди. «Пул одамни яшартиради, семиртиради, қувонтиради». Пулсизлик инсонни қандай азобларга гирифтор қилишини, кафансиз қабрга тиқишини эса бугун ҳис этди.

Эрталабгача ҳеч ким телефон қилмади. Барон эса қимирламай, кўзларини юммай, тонг оттирди. Ёзилиш мақсадида ўрнидан турди. Ташқарига чиққанида эшик очилиб, икки нотаниш лўли кириб келди. Барон уларни танимади. «Кўнгил сўраб келишаётган бўлса керак-да», деган фикр хаёлидан кечди. Қария улар билан гаплашишни истамади. Ҳожатхона томон юрар экан, лўлилардан бири уни чақирди.

– Барон, суюнчини олиб чиқ!

Чолнинг юраги тўхтаб қолаёзди. «Наҳотки, ушлашган бўлишса», дея ўйлади.

– Қани улар? Менга кўрсатинг уларни?! – чол эшик олдида турган лўлилар томон чопди. Шу пайт эшик очилиб, яна икки лўли Витя билан Володянинг қўлларидан судраб киришди. Уларнинг елкаларида Баронга таниш йўл сумкалари бор эди. Гарчи бойликлари қайтганига ишонган бўлса-да, Бароннинг ғазаби босилмади. У қутурган йиртқич каби хизматкорларига ташланди.

– Нонимни еб, тузимни ялаб, мени таладингми, қаззоблар!! Қайси гуноҳим, қайси ёмонлигим учун шу ишни қилдиларинг?! – Барон биринчи бўлиб Витянинг бўйнидан бўғди. Унинг жаҳли келганида, асаблари тутиб қолганида, ўзини бошқара олмасди, нима қилаётганини ҳам идрок этолмасди. У танасидаги бутун кучни қўлига тўплаб, деворга тираниб турган Витянинг бўйнидан бўғарди. Хизматкорнинг ранги кўкариб, нафаси ичига тушиб, оғзидан кўпик келиб, бир-икки типирчилаб, кўзлари тепага битиб қолди. Барон унинг ингичка бўйнидан қўлини олганида, Витя ерга йиқилди. Қария бунга аҳамият бермади. У шундай жаҳл, шундай қаҳр билан Володянинг бўйнига ёпишди. Бироқ у хўжайиннинг ғазабидан қутулиш мақсадида бир оғиз сўзни айтишга улгурди.

– Ҳамид.. – У бошқа гапиролмади. Ҳамиднинг номини тилга олиши ҳам хўжайиннинг қаҳридан туширмади. Барон унинг нима демоқчилигига қизиқмади ҳам. Бақувват, узун бармоқлари хизматкорнинг бўйнига паншахадек санчилганди. Нафас олиш йўллари тўсилганди. Бир зумда рангиқути гезариб, кўзлари соққасидан ирғиб чиқиб, оғзидан кўпик келиб, ерга қулади. Барон жаҳл устида ҳар икки хизматкорини ўлдириб қўйганини бир неча дақиқа ўтгач, таранглашган асаблари бўшашиб, ўзига келгандан кейингина билди.

* * *

Эллик минг доллар Ризога тинчлик бермасди. «Ишқилиб аҳмоқ Баҳром аҳдидан қайтмасинда», деб қўрқарди. Баҳром ўша куниёқ ғамини еб қўйганди. Шаҳарнинг казо-казо бойларига қўнғироқ қилиб, пулни тўплаганди. Ризо идорасига келиб, Борини чақириб, уни Олма-Отага жўнашини айтди.

– Аҳмад нима бўлади? Олдин уни бир ёқлик қилайлик, – деди.

– У қўлимизда, ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Аввал биз Ҳамидни тинчитайлик. Ҳозироқ бориб, изига туш. Бароннинг кўзига чалинма. Ўзингни танитмай, Ҳамидни басарлаб, изингга қайт.

– Бу иш зарурми? – пулдан бехабар Бори кутилмаганда бошлиғининг аҳди ўзгариб қолганидан ҳайрон эди.

– Менга савол берма. Топшириқни бажар!

Бори Олма-Отага жўнади. Ризо яна Баҳромга қўнғироқ қилди.

– Ваъдангда турибсанми ёки айниб қолдингми, ит?

– Нега айний? – деди Баҳром. – Ичимни ит тирнаяпти, кечалари ухламаяпман.

– Ваъда қилинган нарсанинг ғамини едингми?

– Ҳаммаси тайёр. Топшириқ бажарилган заҳоти ўзим қўлингизга топшираман!

– О, кучайибсан-да?

– Ваъда улуғ нарса, хўжайин!

Ризо Борининг йўлига кўз тикарди. Уни тезроқ қайтишини кутарди. Юрагини пул ёндирарди. Уни қўлга киритса, Қоплонни синдиради, комбинатни сотиб олади. Корхона қўлга ўтса, шаҳарда обрўси, мавқеи кўтарилади. Аммо вақт имиллаб ўтарди, бундан Ризонинг юраги ёрилиб кетадигандек типирчиларди.

Ва ниҳоят Бори қайтди.

– Кўринишингдан бўрига ўхшайсан, – деди хўжайин уни қарши олар экан.

– Худо ишимни ўнглади, хўжайин? – деди тантанавор оҳангда Бори. – Иш сиз ўйлагандан ҳам осонроқ ҳал бўлди

– Гапир, нима қилдинг? Баронга кўринмадингми? – хушхабарни тезроқ эшитишга шошиларди Ризо.

– Бароннинг уйини осон топдим. Сиз чизиб берган схема бўйича бордим. Аммо ўша куни лўлининг уйини мелиса босган экан!

– Нима, Ҳамидни ўлдирмадингми? – қовоқ-тумшуғи осилиб кетган Ризо унинг сўзини кесди.

– Аввал гапимни охиригача эшитинг, – деди Бори қўл силтаб.

– Хуллас, мен етиб борганимда мелисалар Бароннинг қўлига кишан солиб, машинага ўтказишаётган экан. Панада туриб кузатдим. Мелисалар уйининг эшикларини ҳам печатлашди. Қўшниларидан «Нима гап, нега Баронни ушлашди?», деб сўрадим. «Хизматкорларини ўлдириб қўйибди», деди улар. «Қайси хизматкорларини?» деб яна қизикдим. «Уйидаги хизматкорларинида. Нонкўрлар чолнинг бойлигини ўғирлашган экан», деб жавоб қилишди қўшнилари.

– Ҳамид ҳам бор эканми, уни сўрадингми?! – бетоқатланган Ризонинг кўнгли жойига тушмасди.

– Сўрадим, хўжайин, бир ўзбек ҳам Бароннинг хизматини қиларди, ўшаниям ўлдирибдими, деб сўрадим. Улар «ҳа» деб жавоб қилишди. Кейин сиздан суюнчи олиш мақсадида изимга қайтдим!

– Менга далил, исбот керак, Бори! – Ризо безовталаниб асабийлашди.

Бори ёнини ковлади. Чўнтагидан букланган газетани олиб, хўжайинга узатди.

– Бароннинг қотиллиги тўғрисида шу газстада ёзишган.

Ризо газетани варақлади. Катга ҳарфлар билан «Барон хизматкорларини нега ўлдирди?» деган мақолага кўзи тушди. Аммо унда ўлган одамларнинг исми-шарифи кўрсатилмаганди. Бу билан Баҳромни ишонтириш мумкинми? Ишонади, ахир учрашганларида Ҳамиднинг хизматкор бўлиб ишлаётганини эшитган. Қолаверса, бундай ўғирлик унинг қўлидан келишига ҳам ишонади? Газета исбот ва далил ўрнини босади. Ахир унга ёлғон нарсаларни ёзишмайди-ку!

Ҳамид Бароннинг бойликларини ўғирламоқчи бўлган, лўли чол буни сезиб қолган ва аччиқ устида ўлдирган! Қойил, эллик минг доллар чўнтагимда!

– Қанақа эллик минг? – ҳайрон бўлди Бори.

Ризо бу сўз ихтиёрсиз оғзидан чиқиб кетганини тушунди.

– Бориб дамингни ол, – деди Борша. – Керак бўлганингда ўзим чақиртираман!

Ризо гўшакни кўтарди. Баҳромга қўнғироқ қилди.

– Топшириқ бажарилди, пулни тайёрлайвер!

– Йўғ-е, мунча тез? – ишонқирамади Баҳром.

– Биз тезкорлик билан ишлаймиз-да!

– Сўзингизни исботлайдиган далил-исбот борми?

– Ҳужжатим бор, йигит!

– Кечки пайт «Ал-машриқ» ресторанида кўришамиз! – жавоб қилди Баҳром.

Ризо анчадан бери бугунгидек қувонмаганди. У қўлларини қарсиллатиб, эллик мингни бир неча бор тилига олиб, хона ичида айланди. Эшик очилиб, Шарофатнинг кириб келганини ҳам пайқамади.

– Мумкинми, Ризобек? – аёл остонада туриб изн сўради.

– Эй, киринг опа, киринг? – Анчадан бери бундай ширин сўз эшитмаган жувон ичкарига кирди.

– Хўш, қандай шамол учирди? Менинг хурсандчилигимга шодлик қўшадиган қандай янгилик келтирдингиз? Қоплон нима қиляпти? Ҳалиям топганини қурилишга чаплаб юрибдими?

Шарофат қизининг ўқишига ўтказиладиган контракт пули масаласида келганди. Лекин муҳим хабар айтмай, ундан пул ундириб бўлмаслигини тушунарди. Гапни қулоғига чалинган янгиликдан бошлади.

– Қосим билан Элёр Олма-Отага кетишувди.

Бугун қайтишди.

– Яна Бароннинг ёнига пул сўраб боришгандирда? – жилмайди Ризо.

– Бунисини билмадим-у, аммо кимни олиб келишганини аниқладим.

– Ким экан? – Шарофатни эрмаклагандек сўради Ризо.

– Бир гал айтгандим сизга, анови нефть база бошлиғининг мошинасини минадиган йигит бор эли-ку, оти қурғур…

– Ҳамид! – бирдан жиддийлашди Ризо.

– Ҳа, ўша Ҳамидни олиб келишди.

– Ёлғон! – Ризо ўрнидан туриб кетди.

– Кўзим билан кўрдим, иним! – Шарофатнинг овози қалтираб чикди. Келтирган янгилиги Ризога ёқмаганлигини кейин билди.

– Ҳамид ўлган!

– Астағфуруллоҳ, ундай деманг, Ризожон. У ҳозир Қоплоннинг хонасида ўтирибди. Ўз кўзим билан кўрдим – а…

Ризонинг қути ўчди.

– Алдаяпсан?

– Сизни алдаган тилимга куйдирги чиқсин, иним!

«Бой ота»нинг вужуди қизиди. Зарб билан столни муштлади. Чойнак ерга учиб тушди.

– Менга қара, кампир, агар алдаган бўлсанг, тилингни юрагингга қўшиб суғуриб оламан!

Шарофатни қалтироқ босди.

– Нега ишонмаяпсиз, Ризобек?

– Ҳамидни илгари кўрганмидинг? Афти қанақа экан?

– Узун бўй, қотмадан келган, қирғий бурун. қошлари қора, кўзлари қисиқ. – Шарофат Ризога кўзи билан кўрган одамининг қиёфасини сўз билан тасвирлаб берди. Унинг ишонмасликдан ўзга иложи қолмади.

– Менга қара, кампир! Агар бу гапни мендан бошқа одамга гуллайдиган бўлсанг, тилингни кесиб оламан!

– Вой, нималар деяпсиз, иним…

– Ҳозир тўғри уйингга бор, бировга кўринма, ҳеч ким билан гаплашма, тушундингми? Икки кундан кейин олдимга келасан! Шарофат ичкаридан чиққунича шошиб қолди.

Ризо соатига боқди. Учрашадиган вақтга ҳали икки соат бор эди. Нима бўлса бўлди? Энди орқага қайтиш йўқ. Қўлидан пулни олгунича Қоплон уни тутиб келганини милицияга ёки Баҳромга билдирмай турса бас.

Бу пайтда Баҳром тоқатсизлик билан вақт ўтишини кутарди.

* * *

Машина силжиганидан сўнг Ҳамид ёнидагилар Қоплоннинг одамлари эканлигини билганди. Лекин нима сабабдан айнан унинг одамлари тутиб кетишаётганини тушунмай ҳайрон эди. Қочишни кўп ўйлади, аммо икки йигитнинг ўртасида кетаётгани бунга имкон бермасди. Ҳамёнидаги бойликларни сумкага жойлаб қўйгани ва улар Бароннинг уйида қолганидан эса ичи ёнарди. Мабодо ёнини титиб қолишганида ва ўша бойликларни топиб олишганида, шу ернинг ўзидаёқ Барон унинг жонини суғуриб оларди.

Йўлда машинани ҳеч ким тўсмади. Чегарадан ўтишаётганида ҳам пастга тушишмади. Ҳужжатларини кўриб, ўтказиб юборишди. Ниҳоят, шаҳарга етиб келишди. Шуҳрат Шарифович уни иккинчи қаватга олиб чикди. Қовоқлари салқиган, кўзлари бироз қисилган йигитнинг хонасига киришди. Бу Қоплон эканлигини Ҳамид билди.

– Олдингда битга йўл бор, – деди Қоплон. – Ёлғон гапирсанг, алдасанг ўзингга жабр қиласан. Ҳаётингни фақат ҳақиқат сақлаб қолади.

– Нима истайсиз? – минғирлади Ҳамид.

– Ризо ва Баҳром тўғрисида билганларингни рўйи-рост гапиришингни!

– Мени ҳам битта илтимосим бор?

– Гапир?

– Мени милициянинг қўлига топширмасликка сўз беринг?

Қоплон Ҳамиднинг бундай шарт қўйишидан айблари етарли эканлигини билди.

– Аввал гапларингни эшитай, кейин ўйлаб кўраман.

Қоплоннинг жавоби унинг қўрқувдан музлаган юрагида умид уйғотмади.

– Мен ўз бошлиғимни ўлдириб қочганман! – деди кўзларини ерга тикиб.

– Унинг хотини билан болаларини ким ўлдирган?

– Буни билмайман.

– Баҳромни нега ўлдирдинг?

– Қарзим кўп эди, сўрайвериб, жонимга тегиб кетди…

– Гапингдан ёлғоннинг иси келяпти!

– Қасам ичаман!

Қоплон Ҳамиднинг ўйнаб турган кўзларига тикилар экан, ниманидир яшираётганини кўнгли сезди.

– Шундай де? Сен бошлиғингни бошқа мақсадда ўлдиргансан!

– Уни қандай ўлдирганим билан нима ишингиз бор? Қотиллигимни тан оляпман-ку, яна нима истайсиз?

– Ҳақиқатни айтишингни истагандим. Афсуски, алдадинг!

Ҳамид сўзида туриб олди. «Бошлиғим ўлиб кетган, гувоҳ йўқ», деб ўйларди.

– Гапимга ишонинг, – деди у кўзларини бақрайтириб. – Баҳромни мен ўлдирдим. Бошига темир билан уриб, сувга ташлаб юборганман. Бошқа айбим йўқ!

– Унда бир янгиликни эшитиб қўй, сен ўлди, деган Баҳром тирик!

Ҳамид турган жойида музлаб қолди.

– Алдаяпсиз, – деди заиф товушда.

– Ёлғон гапиришга одатланмаганман!

Қоплон телефон рақамларини терди. Гўшакни Ҳамиднинг қўлига тутқазди. Қўнғироқ қилинаётган томондан овоз келди.

– Алло эшитаман. Ким бу?!

Қоплон телефонни узиб қўйди. Ҳамид хўжайинини овозидан таниди. У боягидан баттар яхлаб кетди.

– Энди ростини айтарсан?

Ҳамиднинг олдида ҳақиқатни гапиришдан ўзга йўл қолмаганди… Қоплон мудҳиш ҳикоя тугагунча бир неча дона сигаретани чекиб ташлади. Охири чидамай, Ҳамиднинг ёқасидан тутди.

– Мана шу айбинг учун менинг икки одамим ҳалиям терговда азоб чекиб ётибди!

Ҳамид ўзининг ҳимоя қиладиган барча йўллар беркилганини билди. Омон қолишнинг иложи борми? Қандай қилиб бўлмасин, Қоплоннинг қўлидан чиқиб, бу ердан ғойиб бўлиш мумкин? Унинг хаёлига чўнтагининг четида қолиб кетган бриллиант келди. Унинг қийматини биларди.

– Сиздан жонимни сотиб олмоқчиман, – деди сирли жилмайиб.

Қоплон Ҳамидга ўқрайиб боқди. Бу орада у бриллиантни стол устига қўйишга улгурганди.

– Қаердан олдинг буни?

Қоплон бриллиантни қўлига олганида, Ҳамид хурсанд бўлди ва юрагида умид учқуни ёнди. Лекин саволдан довдираб қолди.

– Узумини енг-у…

– Қаердан олдинг?!

Ҳамид «Тилла йигит»нинг важоҳатидан қўрқиб кетди. Нима дейишни билмади. Такрор ёлғон гапиришни истамади. Шериклари билан Бароннинг уйидаги бойликларни талаганлигини гапириб берди. Қоплоннинг бир ғазаби икки бўлди.

– Ҳали у ерда ўғирлик ҳам қилдингми, номард?! Ўлдираман!!

Шуҳрат Шарифович уни зўрға ушлаб қолди.

– Назаримда сиз Ҳамид билан гаплашиб бўлдингиз, энди мени ундан сўрайдиган бир-иккита гапларим бор, – деди Ҳамидни бир четга тортиб.

Ҳамид бироздан кейин ўзига келди.

– Ризонинг одамларини яхши танийсанми?

– Ҳаммасини эмас, баъзиларини.

Шуҳрат Шарифович Қоплоннинг ҳовлисидан топиб олган сигарета қутисини унга кўрсатди.

– Бундай сигаретани кимлар чекади?

– Ризо.

– Яна кимлар?

Ҳамид ўйланиб турди ва шу он эслади.

– Нодир!

Шуҳрат Шарифович Қоплон билан кўз уриштириб олди.

– Бошқа яна ким чекади?

– Ҳеч ким!

– Сен буни аниқ биласанми?

– Уларга сигаретани мен келтириб берардим…

– Тушунарли! – Шуҳрат Шарифович ниманидир эслади…

* * *

Қоплон ўзи учун мавҳум бўлган айрим нарсаларга аниқлик киритиш мақсадида Баҳром билан учрашишга қарор қилди. Хотинининг ўлимида у терговчига «Бу ишда Қоплоннинг одамларининг қўли бор», деган кўрсатма берганди. Унинг бу гапи шаҳарда турли миш-мишларнинг болалашига сабаб бўлганди. Баҳром нимага асосланиб, аёли билан болаларининг ўлимида уни ва одамларини айблаганини ҳозир ҳам тушунолмасди. Мана, қотил аниқланди. Хўш, Баҳром буни тан олармикин?

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации