Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Қўни-қўшнилар сўраб-суриштирилганда Илёс бобо ҳамсояси Худоёр Азимов билан узоқ вақтлардан буён ёмон муносабатда бўлиб келганлиги маълум бўлди. Аниқланишича, воқеадан бир ойча олдин икки қўшни қаттиқ жанжаллашиб қолган, қария ички ишларга қўнғироқ қилган, натижада Худоёр суд томонидан ўн кун маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Жазони ўтаб қайтгач, Азимов марҳумнинг уйига келиб, яна жанжал кўтарган, «Сен сассиқ чол энди мендан кўрадиганингни кўрасан, терингга сомон тиқаман, шу уйдан ўлигинг чиқмаса, отимни бошқа қўяман!»

деб дағдаға қилган. У билан ишлай бошладик, уйида тинтув ўтказилди. Ҳеч нарса топилмади. Унга тегишли «Матиз» мошинасининг орқа ўриндиғи тагидан латтага ўралган ошхона пичоғи топилди. Экспертиза пичоқ ва латтадаги қон доғлари марҳумга тегишли эканлигини тасдиқлади. Азимов қамоққа олинди…

– Пичоқда Худоёрнинг бармоқ излари топилдими?

– Йўқ, пичоқда ҳеч қандай бармоқ излари чиқмади.

– ДНК таҳлили-чи?

– ДНК таҳлил ҳам ҳеч нарса бермади.

– Майли, давом этинг.

– Раҳбарият тезроқ айблов хулосасини тузиб, ишни судга оширишни талаб қила бошлади. Аммо гумондор бошдан-оёқ барча айбловларни рад этиб, чол-кампирнинг ўлимига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаб келди. Бошида мен ҳам Худоёрнинг қотил эканлигига ишониб, эътирозларига жазодан қутулиш учун қилинаётган талваса сифатида қарагандим. Кейинчалик масаланинг моҳиятига кириб борган сайин унинг айбдорлигига ички ишончим сусая борди. Хаёлимда ҳақиқий жиноятчилар чекадан туриб, бизни нотўғри йўлга солишга ҳаракат қилаётгандай, ҳамма айбни айбсиз шахсга ағдариб, ўзлари жазодан қутулиб қолишни кўзлаётгандай эди.

– Бундай фикрга келишингизга бирор асосингиз борми ёки шунчаки, ички ишончми? – Санжарбек атайлаб терговчининг нозик жойига тегиб ўтди.

– Биласиз, ички ишонч ўз-ўзидан шаклланмайди, – деди Худойберди пешонасини рўмолчаси билан артиб, – биринчидан, қотиллик содир бўлган тунда Худоёр уйида бўлган, буни хотини, болалари тасдиқлайди.

– Тунги соат икки… оила аъзолари ухлаб қолган бўлиши мумкин. Иннан кейин уларнинг кўрсатмалари холислиги ҳам шубҳа остида эмасми? – атайлаб эътироз қилишда давом этди гуруҳ раҳбари.

– Бўлиши мумкин, иккинчидан, қайси аҳмоқ жиноят қуролини мошинасида сақлайди?

– Ёдидан чиққан бўлиши мумкин, яширишга улгурмагандир… Ҳарҳолда далилий ашё унинг мошинаси салонидан топилган-ку!

– Худоёр киракашлик билан шуғулланади, қотил атайлаб унинг мошинасини тўхтатиб, жиноят қуролини ўриндиқ остига яшириб, тушиб кетган бўлиши мумкин.

– Факт фактлигича қолади, ички туйғу, шубҳа-гумонни жиноят ишига тиқиб бўлмайди, – оппонент «босим»ни кучайтирди.

– Учинчидан, – қизариб-бўзариб давом этди терговчи, – ҳар иккала қотиллик бир қўлнинг иши. Аммо Худоёр шифохонага бормаган, кампирни заҳарлаш имконига эга бўлмаган… Умуман олганда, унда бемор аёлни ўлдиришга ҳеч қандай асос, мотив мавжуд эмас.

– Заҳарлаш учун шифохонага бориш шарт эмас, – Санжарбек терговчининг чидамлилигини имтиҳон қилишдан чарчамади, – унга олиб келинаётган овқатга, ичимликка заҳарли моддани қўшиб қўйиш етарли. Мотив масаласида…

– Э-э-э, Санжар ака, атайлаб қиляпсизми? Одамни «хит» қилиб ташладингиз-ку! – Худойбердининг аччиғи бурнининг учида турган экан, – ҳамма нарсага жавобингиз тайёр экан-да! Мен бор гапни айтяпман. Ишониш, ишонмаслик сизнинг ишингиз! Бу ёғига иш қўлингизда бўлади, билганингизча тергов қилаверасиз…

– Э қойил-э, – жилмайди гуруҳ раҳбари, – сизни саволга кўмиб, руҳий босимга чидамлилик даражангизни аниқламоқчи бўлдим. Бараколло, ёмон эмас, мустақил фикрлашингиз, сўзда собитлигингиз, таҳлилий ва танқидий мушоҳада юритишингиз, ҳатто қайсарлигингиз менга ёқди. Терговчининг гумондорни қандай бўлмасин айбдор деб топиб, қамоққа тиқишни эмас, балки қамоқдаги шахсни айбсизлигини исботлаб, озодликка чиқаришга ҳаракат қилишининг ўзи таҳсинга сазовор. Сафимизда шунақа терговчилар борлиги қувонарли. Раҳмат, Худойбердижон!

Орага бир муддат жимлик чўкди. Кимдир гап нима ҳақда кетаётганини тушунмай анқайиб турган бўлса, кимдир шунақа баҳолаш мезонлари борлигидан лол қолганди.

– Давом этамиз, – гуруҳ раҳбари ёш терговчига юзланди, – тушунишимча, Азимов қамоққа олиниши билан бошқа тахминлар устида олиб борилаётган ишлар тўхтаб қолган, шундайми?

– Шунақа, – бош чайқади терговчи.

– Энди кўпчиликмиз, бир неча йўналишда паралелл иш олиб боришга имконимиз бор, – гуруҳ раҳбари режасини очиқлашга тушди. – Мен бир-икки кун Худоёр билан боғлиқ ишларни охирига етказишга ҳаракат қиламан. Унинг айбсизлиги ишончли далиллар билан исботланмас экан, ҳеч ким бизга уни қамоқдан бўшатишга изн беролмайди. Сизу бизнинг ички ишончимиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Акс ҳолда, ҳақиқий қотиллар топилгунга қадар Худоёрни қамоқда сақлашга мажбур бўламиз. Биласиз, айбсиз шахснинг бир кун қамоқда ўтириши кечириб бўлмас гуноҳи азим ҳисобланади. Шу билан бирга, барча эҳтимолий тахминларни янгидан шакллантириб, уларнинг ҳар бири устида ишни жадаллаштиришимиз лозим. Ҳеч бир жиноят изсиз бўлмайди. Гап уни топа билишда. Худойбердижон, – деди гуруҳ раҳбари терговчига нигоҳини қадаб, – сиз мени жиноят тафсилотлари билан тўла таништиргач, бор кучни мавжуд тахминлар устида ишлашга ташлайсиз. Жўрабой, тезкор ходимлар сизнинг ихтиёрингизда бўлади.

– Тушунарли! – дадил жавоб қилди терговчи.

Шундан сўнг гуруҳ аъзолари, шаҳар ички ишлар бўлими тезкор вакиллари – Абдуғани Абдураҳмонов ва Фозил Темуровларнинг жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тезкор-қидирув ҳаракатларининг аҳволи ҳақидаги ахбороти эшитилди. Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўртасида вазифалар тақсимланиб, яқин бир ҳафта ичида қилинадиган тадбирлар режаси тузилди…

* * *

Куннинг иккинчи ярмида тергов гуруҳи воқеа жойини кўздан кечириш, ўша кунги даҳшатли ҳодисаларни хаёлида жонлантириш мақсадида марҳум яшаган хонадонга жўнади.

– Етиб келдик, бобой шу уйда яшаган, – Худойберди мошинасини бир қаватли, чоғроққина ҳовлининг дарвозаси олдида тўхтатди, – мана бу ҳовли Худоёр Азимовга тегишли, – деди у қўли билан чап томондаги уйга ишора қилиб. – Ён қўшни – жон қўшни деганларидай…

Йигитлардан бири эшик қўнғироғини босди. Бир оз ўтиб, эшикни бошдан-оёқ мотам либосидаги аёл очди. Абдуғани ташрифи мақсадини айтиб, меҳмонларни таништирди ва ичкарига киришга изн сўради. Аёл «Яна сенларга нима керак?» дегандай оғриниб, меҳмонларни ичкарига бошлади. Уй унча катта бўлмаса-да, шинам, озода ва тартибли эканлиги хонадон соҳибининг анчагина нозиктаъб бўлганлигини англатарди. Бир текис ишлов берилган катта-кичик мевали ва манзарали дарахтлар ҳовлига ўзгача кўрк ва фусун бағишлаб турарди.

– Ўнг ва тўр тараф қўшниларга туташ, – қўли билан кўрсатиб, таништиришга тушди Худойберди, – чап томонда кўча. Қотиллар мана бу ердан ошиб ўтган бўлиши мумкин, – деди у деворнинг ёзги ошхонага улашган қисмига ишора қилиб. – Деворнинг орқа ва олд томонида тирналган, чизилган излар қолган. Менимча, бир киши девордан ошиб тушиб, дарвозани очган ва шеригини ичкарига киритган. Қайтишда бемалол дарвоза орқали чиқиб кетган.

– Деворда соч толаси, ДНК намунаси, пойабзал излари, қўл-бармоқ излари, микрозаррачалар сақланиб қолмаган эканми?

– Йўқ, экспертлар деворнинг ҳамма жойини кўздан кечиришди, яроқли излар, микрозаррачалар топилмади.

– Яхши, ичкарига кирамиз.

Йигитлар унча баланд бўлмаган зинапоядан кўтарилиб, уй ичига киришди.

– Мана бу хона марҳум чол-кампирнинг ётоқхонаси, – терговчи чап қўлдаги каттагина хона томонга юрди. – Қотиллар ҳовлида қулай вазиятни кутиб, пойлаб турган… Қария телевизор кўриб ўтирганми ёки ухлаб қолган бўлса, оёқ товушини эшитганми, ё ҳожатга чиқмоқчи бўлганми, хонасидан ташқарига чиққан… шу пайт бошига қаттиқ зарба тушган. Чол гандираклаган, аммо йиқилмаган. Шунда иккинчи жиноятчи қариянинг орқа томонидан биқинига пичоқ санчган. Бобой мана бу ерга йиқилган, – Худойберди қўли билан йўлакни кўрсатди, – ташқарида бирортаси кўриб қолишидан чўчиб, жиноятчилар ҳушсиз ётган чолни ичкарига – айвонга судраб киришган ва овоз чиқариб, уйдагиларни уйғотиб юбормаслиги учун қалинроқ сим билан бўғишган. Гиламда, полнинг тахтасида қон излари қолган. Жони узилганига тўла ишонч ҳосил қилгач, мурдани хона деворига осилган гиламга ўраб, ертўлага олиб бориб ташлаган. Жиноятчиларнинг нега бунақа қилганини тушуниш қийин… Балки мурдани ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлгандир. Лекин кўчада кимдир кўриб қолиб, қўлга тушишидан қўрқиб, мурдани ертўлага ташлаб кетишган.

– Жиноятчилар қон изларини артиб, қилмишини яширишга ҳаракат қилганми? – қимтинибгина сўради Жўрабой.

– Шундай, шундай, – тасдиқлади Худойберди.

– Менимча, улар вақтдан ютишга ҳаракат қилган, – фикр билдирди талаба, – мурда топилгунга қадар бир-икки кун ўтиб кетишидан умидвор бўлган.

– Ўпкасини босиб олиш, жиноят изларини яшириш, яшириниш, четга чиқиб кетиш учун вақтдан ютмоқчи бўлган, демоқчисиз-да, – Санжарбек талабанинг фикрини англади.

– Шундай, – маъқуллади ёш терговчи, – маълум маънода улар мақсадларига етишган. Тахмина бобосини бирор жойга кетган бўлса керак, деган ўйда қидирмаган. Фақат кечга яқин аммасига қўнғироқ қилиб, бобосининг тонгда чиқиб кетгандан буён йўқлигини айтган. Шахина тезда етиб келиб, отасини қидиришга тушган ва мурдасини ертўладан топган.

– Яхши, сейф қаерда бўлган? – гуруҳ раҳбари ётоқхонага мўралади.

– Сейф мана бу шкафнинг ичида бўлган, – терговчи ётоқхонадаги шкафнинг эшигини очди.

– Қотиллар сейфнинг турган жойини аниқ билган шекилли, – деди гуруҳ раҳбари шкаф ичидаги темир қутига зимдан тикилиб, – нима сабабдан сейфни калити билан очмай, бузиб очишган?

– Тиқилинчда калитни излаб топишолмаган шекилли, – изоҳ берди терговчи, – воқеа жойини кўздан кечиришда калит мана бу картинанинг орқасидан чиқди, – деди у деворга осиғлик от тасвири туширилган картинани кўрсатиб.

– Сейфни нима ёрдамида бузишган? – қизиқди Жўрабой.

– Жиноятчилар ўзлари билан лом ёки шунга ўхшаш темир жисм олиб келган кўринади. Чунки уй эгасининг асбоб-анжомлари ертўлада сақланган, уларга ҳеч ким тегмаган.

– Воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси билан танишдим, – гуруҳ раҳбари ён атрофи, оёқ остига аланглаб, – анча саводли тузилган, ҳеч нарса эътибордан четда қолмаган. Қайта кўздан кечиришга ҳожат бўлмаса керак…

– Раҳмат… албатта, ҳожат йўқ, – деди Худойберди нима дейишини билмай.

– Тахминанинг хонаси қаерда? – гуруҳ раҳбари хонадан чиқиб, йўлак бўйлаб юра бошлади.

– Унинг ётоғи сал ичкарироқда, – терговчи олдинга ўтиб, йўл бошлади, – мана бу ер ошхона, бу хона меҳмонхона.

– Жиянингиз уйдами? – гуруҳ раҳбари бир чеккада ийманиб турган Шахинадан сўради.

– Йўқ, кўчага чиқиб кетганди, – деди аёл қовоғини очмай, – институтга ўқишга киришга ҳужжат тайёрлаб юрганди.

– Мана буниси Тахминанинг хонаси, – терговчи йўлакнинг охиридаги эшик олдида тўхтади ва уй бекасига қараб, «Кирсак бўладими?» деди.

– Калитни ўзи билан олиб кетган бўлса керак, – Шахина эшикка яқинлашиб, очқичини босиб кўрди, – айтдим-ку, калитни ўзи билан олиб юради… Нима, уни чақирайми?

– Майли, шарт эмас, – гуруҳ раҳбари ортига бурилди.

– Ертўлага мана бу зинапоядан тушилади, – ташқарига чиққач, Худойберди уйинг чап томонидаги кичикроқ эшик томонга юрди.

Гуруҳ аъзолари олдинма-кетин энгашиб, ертўлага тушишди. Кимдир чироқни ёқди. Зах аралаш бадбўй ҳид димоққа урилди.

– Гиламга ўралган мурда мана бу ерда бўлган, – бошловчи рўмолчаси билан бурнини беркитганча хонанинг тўридаги бурчакни кўрсатди.

– Тушунарли, – Санжарбек мурда турган жойни бир муддат кўзи билан пайпаслаб, орқага тисралди.

– Терговчи ака, – ҳовлига чиққач, Шахина гуруҳ раҳбарига яқинлашди, – шу ишни ергина ютгур Худоёр қилганмикан? Жанжаллашса – отам билан жанжаллашган, онам бечорада нима айб? Қамоқда чиригур!!!

– Биласиз, айбдорлик масаласини суд ҳал қилади, – мавҳумроқ жавоб қилди гуруҳ раҳбари, – текширяпмиз, ҳозирча бир нарса дейиш қийин.

– Бу нима деганингиз? Ахир уни қамадинглар-ку! – ҳайрона боқди аёл. – Қотил бошқа одам ҳам бўлиши мумкинми?

– Иш сизу биз ўйлагандан кўра мураккаброқ, ҳар нарса бўлиши мумкин, – Санжарбек гапни калта қилиб, кетишга чоғланди. – Жиянингиз келгач, бирга шаҳар прокуратурасига ўтасизлар, бафуржа гаплашамиз.

* * *

Кечга яқин Шахина жияни Тахминани бошлаб келди. Хонага кўхликкина, тўшдор жуссаси келишган, камон қошли, шахло кўз, жингалак соч, ёноқлари олмадай қип-қизил, бўлиқ кўкраклари қоматига ярашиқ қиз кириб келганда йигитларнинг кўзлари бир зум ўзларига бўйсунмай қолди. Қиз нигоҳлар босимига дош беролмай, ўзини аммасининг панасига олишга уринди.

– Келинглар, марҳамат, ўтиринглар, – гуруҳ раҳбари меҳмонларга жой кўрсатди. Жўрабой чаққонлик билан стол устидаги чойнакдан пиёлага чой қуйиб, узатди.

– Жияним репититордан кечроқ қайтганди, шунга сал кечикиб қолдик,– деди Шахина қимтинибгина.

– Репититорга борадими?

– Ҳа, ўқишга киришга тайёрланяпти.

– Ҳа, қиздир-ўғилдир ўқигани яхши, – гуруҳ раҳбари қизни чўчитиб юбормаслик учун гапни «узоқдан олди». – Тахмина, баҳолар қанақа? Ҳаммаси бешми?

– Раҳмат… яхши… тўрт-беш…

– Уч ҳам борми?

– Бор…

– Уч қиз болага ярашадиган баҳо эмас, – деди Санжарбек кулимсираб.

– Худо хоҳласа институтга кириб, фақат бешга ўқимоқчи, – деди амма оғзини тўлдириб.

– Унда яхши. Тахминахон, бобонгизни яхши кўрардингизми? – гуруҳ раҳбари муддаога ўтди.

– Ҳа, – аммасига бир қараб, қисқа жавоб берди қиз.

– Момонгизни-чи?

– Бувим менга ҳам она, ҳам ота эдилар…

– Айтишларича, бобонгиз сизни кўп тергар экан, шу тўғрими?

Қиз ер чизганча жим тураверди.

– Тахмина, бор гапни айтавер, тортинма, жоним, – далда берди амма.

– Сўрамасдан кўчага чиқсам, уйга кечроқ келсам уришиб берардилар, – деди қиз бироз ўйланиб туриб, – қари одам, мендан хавотир олган-да… Унақа бесабаб койимасдилар…

– Бувингиз-чи, койиб турармиди?

– Бувим тилла кампир эди. Ўзлари ҳеч қачон менга қаттиқ гапирмаган. Бобом уришган пайтларда ҳам нуқул ёнимни олардилар.

– Қотиллик юз берган машъум тунда нима бўлганлигини батафсил гапириб берсангиз.

– Ўша куни мен уйда эдим, – ҳикоясини бошлади қиз, – кечки пайт бобом кўчага чиқиб, қаергадир бориб келди. Кайфияти яхши эмасди. Шу сабабли Қадр кечасини биргаликда кутаётган дугоналаримнинг олдига боришга ҳам рухсат сўрай олмадим. Жаҳли чиққан пайтларда ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Шунга кўзига кўринмасликка ҳаракат қилдим. Кечқурин чой-пойини дамлаб, овқатини сузиб бердим. Бир ўзи овқатланди. Ўзим ошхонада тамадди қилдим. Кейин ётоқхонамга кириб кетдим. Соат тахминан ўн бирларда чироқни ўчириб, ухлашга ётдим. Бобом ҳали ухламаганди, чироғи ўчмаганди… Қадр кечаси бўлгани учун тонгга қадар ухламай чиқса керак, деган ўйга бордим… Эрталаб юз-қўлимни ювиб, ошхонага кириб, нонушта тайёрладим. Бобом чиқавермагач, ёлғиз ўзим овқатландим. Бомдоддан кейин яна уйқуга кирган бўлса керак, деган хаёлга бордим ва дарс тайёрлаш учун хонамга кириб кетдим. Соат ўн бирларга қараб кетаётган бўлса-да, бобомнинг хонаси эшиги очилмаётганидан хавотирга тушиб, секин тақиллатдим. Жавоб бўлмагач, бобом барвақт туриб, бувимнинг ёнига ёки бирор жойга иш билан кетган бўлса керак, деб ўйладим. Ҳовлига чиқиб қарасам – дарвозанинг дарчаси қулфи очиқ… Шу тариқа пешин ҳам бўлди. Тушлик тайёрлаб, кутиб ўтирдим. Аммо бобомдан дарак бўлмади. Балки ошхонада ўтирган пайтим хонасига кириб кетганини сезмай қолгандирман, деган ўйда асрга яқин яна эшигини тақиллатдим. Ҳеч қандай садо бўлмагач, хонага мўраладим… Ҳеч ким йўқ экан, ҳали ҳам қайтмабди-да, деган хаёлга бориб, изимга қайтмоқчи бўлиб турганимда хонадаги тартибсизликка кўзим тушиб қолди. Юрагимга ваҳима тушди. Шошиб ичкарига кирдим. Деворга осиғлик гилам ҳам жойида йўқ эди. Хонанинг тўрига ўтиб қарасам шкаф ичида турадиган темир сейфнинг оғзи ланг очиқ. Бобом унда бор бойлигини сақларди. Қўрқиб кетдим. Хонадан отилиб чиқиб, аммамга қўнғироқ қилдим…

– Кечаси бобонгизнинг ёнига бирортаси келмаганмиди? – савол беришга ўтди гуруҳ раҳбари.

– Йўқ, ҳеч ким келмаганди. Бобом уйга кечаси ҳеч кимни чақирмасди.

– Кечаси сиз шовқин-суронни эшитмадингизми?

– Йўқ, қотиб ухлаб қолган эканман, ҳеч нарсани эшитмабман…

– Кап-катта қиз, ёнгинасидаги хонада шунча тўз-тўпалон бўлади-ю, ҳеч нарсани эшитмаса, – луқма ташлади Худойберди.

– Бобом кечалари ҳам бир нарсаларни тақиллатиб, бузиб-тузиб юрарди… Балки шунинг учун эътибор қилмагандирман, – ўзини оқлаган бўлди қиз.

– Дарвоза эшиги илгагини ким илдирарди? – сўрашда давом қилди Санжарбек.

– Бобом… ўзи қулфлаб, ўзи очарди.

– Ўша куни дарвоза эшиги қулфи очиқ экан, дедингиз. Нима, жиноятчилар қулфни очиб, ичкарига киришганми?

– Йўғ-э, улар девордан ошиб тушган бўлса керак. Эшикни ташқаридан очиб бўлмайди. Лекин кетишда эшикдан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Чунки калит ичкарида қулфда туради.

– Бобонгизнинг душманлари бор эдими?

– Билмадим… Қўшнимиз Худоёр амакини жини суймасди. Бир марта у бобомга қўл ҳам кўтарганди… Кейин бобом уни судга бериб, ўн кунгами ё ўн беш кунгами қаматганди. Қамоқдан қайтиб келгандан кейин уйимизга келиб, бобомга роса бақирганди, «Сен сассиқ чолни терингга самон тиқаман, шу уйдан ўлигинг чиқмаса, отимни бошқа қўяман!» деб дағдаға қилганди.

– Нима, сиз қотилликни Худоёр қилган, деб ўйлайсизми? – сўради терговчи.

– Ўз оғзи билан айтганди… Шундан бошқа ким ҳам қиларди! – совуққонлик билан жавоб берди қиз.

– Бобонгизнинг у билан жанжаллашиб қолганини кўрган экансиз. Нима бўлганди? – гуруҳ раҳбари яна ташаббусни қўлга олди.

– Мошина масаласида уришиб қолганларидами?

– Ҳа, ўша кунги воқеани батафсилроқ айтиб беринг-чи.

– Худоёр амаки доимо бобомнинг жаҳлини чиқариб юрарди. Ҳовлисида болалари бақиртириб қўшиқ қўйса ҳам индамайди. Қари одамга тинғир-тинғир ёқадими? Бобом танбеҳ берса, уялмай тескарисини қиларди. Шу куни ҳам уйининг ёнида жой бўла туриб, мошинасини боғимизнинг тўғрисига – ўрикнинг соясига қўйиб кетибди. Бобом уни олдин ҳам ўрикнинг тагига мошинангни қолдирма, дарахт сўлиб қоляпти, деб кўп огоҳлантирган. Яна шу ишни қилибди-да! Любой одамнинг жаҳли чиқади-да! Чақирса, анча вақт уйидан чиқмаган. Бобомнинг асаби қўзиб, мошинасининг сигнализациясини ишлатиш учун «Матиз»нинг балонига тепган… Ғала-ғовурни эшитиб, кўчага чиқдим. Қарасам, Худоёр амаки бобомни турткилаб, кўкрагидан итариб юборди. Кекса одам юз тубан ерга йиқилди. Югуриб бориб, бобомни ердан турғиздим, усти-бошини қоқиб, уйга олиб кирдим, милиция чақирдик. Қўшнини хотини ва болалари уйига олиб кириб кетишди. Кейин суд бўлди…

– Худоёрнинг момонгиз билан муносабати қанақа эди?

– Аям беғубор инсон эдилар, – қизнинг кўзлари намланди, – биров билан иши йўқ, ҳамма билан яхши гаплашарди. Худоёр амаки билан ҳам муносабати ёмон эмасди… Лекин бобомга қўл кўтаргандан кейин аям уни ёмон кўриб қолганди. Олдида «ҳа-ҳа» деб тургани билан ортида қарғаб юрарди, «Ичи қора, писмиқ» дерди…

– Айтинг-чи, бобонгизнинг, аянгизнинг ўлимида бирор кишидан гумонингиз борми? – Санжарбек қизнинг фикрини билишга қизиқди.

– Билмадим, шу Ҳудоёр амакидан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин…

– Бобонгизнинг Худоёрдан бошқа бирортаси билан жанжаллашиб юрганини кўрганмисиз? – терговчи навбатдаги саволни берди.

– Яна битта одам уйга келганди, – ўйланиб жавоб берди қиз, – ҳовлида бироз гаплашиб тургач, бақирчақир бўп кетди. Лекин у одамни олдин кўрмаганман, танимадим.

– Улар нима хусусида тортишиб қолишди?

– Сўзининг авзойидан пул олди-берди масаласида жанжал қилишди-ёв… яна билмадим…

– Шифохонага – аянгизнинг олдига сиз ва аммангиздан бошқа тағин кимлар ҳол сўрашга борган?

– Бошқа ким ҳам борарди… Асосан бобом, аммам ва мен алмашиб қатнардик.

– Бобонгиз вафот этган куни аянгиз сизни ёнига чақиртирган экан, тўғрими?

– Ҳа, аммамдан тайинлаб юборган экан.

– Нима масалада? Сизга бирор нарса тайинладими?

– Аммамдан уйга босқинчилар тушгани, бобомни ўлдиришганини эшитиб, мендан хавотир олган экан. Шунинг учун ўзимни кўрмоқчи бўлибди. «Худога шукр, сенга зиён етмапти», деб роса йиғлади. Бобом учун роса куюнди. Ҳозирча сенга амманг қараб туради, шифохонадан эсон-омон чиқсам, ҳаммаси яхши бўлади, деб кўнглимни кўтарди.

Терговчилар яна бир қанча саволлар бериб, айрим масалаларни ойдинлаштиргач, гувоҳга рухсат беришди.

Хонада ёлғиз қолишгач, гуруҳ аъзолари тассуротлари билан ўртоқлашишга тушдилар:

– Санжар ака, – ичи қизиб турган экан шекилли, «профессор» фикр билдирди, – сизларни билмадим-у, аммо менга бу қизнинг гаплари носамимийдай туюлди. Ўзини сипойи тутгани билан, кўзи ўйнаб турибди, ҳечам яқинларидан жудо бўлган одамга ўхшамайди, Ўзича Худоёрга лой чаплашга уриндими-ей.

– Тўғри, ҳозирги ёшларнинг дунёқараши сал бошқачароқ, – изоҳ берди гуруҳ раҳбари, – улар ҳар бир нарсани бўрттириб, шишириб кўрсатишга уринишади. Ўзларининг шахсий фикрларини устун билиб, ўтказишга ҳаракат қилишади. Шу сабабдан қиз кўрган-билганларини бироз кўпиртириб гапирди. Унинг хаёлида Худоёр – қотил. Уни лойга булашга ҳаракат қилаётганининг сабаби ҳам шунда. Менимча, қиз ҳали айрилиқнинг даҳшатини тўла англаб етмаган. Ёш-да, бундан кейинги қисмати не кечишини тассаввур ҳам қилолмаяпти шекилли…

– Жўрабой ука, нима демоқчисиз? Ёшгина қиздан нимани истайсиз? Билганини айтди. Тўғри, айрим масалаларда сал ошириб юборган бўлиши мумкин. Бунга сабаб, Санжар ака айтгандай, Худоёрни қотил деб билиши. Буни тушунса бўлади. Ҳарҳолда она сути оғзидан кетмаган қизни жиноятчиларга шерик, деб ҳисобламаётгандирсиз!

– Ким қандай деб ўйлашидан, нима деб ҳисоблашидан қатъий назар биз марҳумларга яқин барча шахслардан гумонсирашга мажбурмиз, – гуруҳ раҳбари пасангини тўғри тутишга ҳаракат қилди, – бу дегани ҳатто Шахина ҳам, Тахмина ҳам шубҳадан юз фоиз холи деб бўлмаслигини англатади.

Баҳс-мунозара анчагача давом этди…

* * *

Сержант либосидаги милиция ходими хонага ўттиз беш-қирқларни қоралаган, ўрта бўйли, аммо хийлагина чайир, соч-соқоли бетартиб ўсган, юзлари сўлғин, кўзлари киртийиб қолган йигитни олиб кириб, қўлидаги кишанни ечди ва терговчининг имоси билан ташқарига чиқиб кетди.

– Худоёр ака, яхши дам олдингизми? – терговчи ўзгача лутф билан гап бошлади.

– Раҳмат, дам олиши шунақа бўлса, дамсиз ўтган маъқул, – юзини бурди айбдор. – Сиз яна ким бўлдингиз? Яхши гапириб, емаган сомсамга пул тўлатмоқчи бўлсангиз, адашасиз!

– Танишайлик, Санжарбек Раҳмоновман, Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, сизнинг ишингиз бўйича тергов гуруҳи раҳбари этиб тайинландим.

– Нима, терговчи ишдан кетдими? – деди Худоёр надомат билан.

– Нега ишдан кетар экан, бирга тергов қиламиз.

– Яхши йигит экан… битта шу бола менга ишонди. Лекин раҳбарларининг юзидан ўтолмай… қийналиб кетди. Айбсиз одамни қамашга уста бўлсангиз керак… сизни чақиришибди-да!

– Терговчининг вазифаси жиноятни фош қилиб, жазонинг муқарралигини таъминлаш, айбдорга жазо бериш масаласини ҳал қилиш учун ишни судга оширишдан иборат, – мулойимроқ бўлишга ҳаракат қилди Санжарбек. – Шахснинг айбдорлиги исботланмаса, у айбсиз ҳисобланади. Бу ҳам терговчининг вазифаси. Аммо гумон қилинаётган шахс ҳам бунда терговчига ёрдам бериши лозим. Шахснинг айбдорлигини исботлаш мураккаб иш. Шахснинг айбсизлигини исботлаш эса ундан-да, мураккаб жараён.

– Сиз нималар ҳақида гапиряпсиз тушунмайман… Унақа чиройли гаплар бизга ўхшаган аравакашлар учун эмас, – сал юмшагандай бўлди Худоёр. – Айтганларингиз рост бўлса, хе йўқ, бе йўқ жиноятчи қолиб, айбсиз одамни қамаб ўтирганларингни қандай тушунса бўлади.

– Сиз асоссиз ушлангансиз, деб айтолмайман, – жайдарироқ тушунтиришга урунди гуруҳ раҳбари, – терговда сизга шубҳа қилишга етарлича асослар бор. Илёс бобо билан муносабатларингиз азалдан ёмон бўлган, унга «Ўлдираман!» дея пўписа қилгансиз ва ниҳоят, мошинангиздан далилий ашё – қон доғлари билан пичоқ топилган. Бундай ҳолатда терговчи сизни гумондор сифатида ушлашга, қамоққа олишга санкция олишга мажбур эди. Бироқ кейинчалик терговчида сизнинг айбдорлигингизга шубҳа пайдо бўлган. Иш билан танишиб чиққач, шундай шубҳа менда ҳам туғилди. Аммо сизни қўйиб юбориш учун шубҳа, гумонларнинг ўзи етарли бўлмайди. Айбсизлигингизни исботлашимиз керак. Шу сабабли сиз менга ҳаммасини бир бошидан, ипидан игнасигича, қандай бўлса шундайлигича гаприб беришингиз, ҳеч нарсани яширмаслигингиз лозим.

– Шунда мени қўйиб юборасизми? – Худоёрнинг кўзларида умид учқунлари порлади.

– Айбсиз бўлсангиз, қўйиб юбормай нима қиламиз! Давлат номидан узр ҳам сўраймиз, даъво қилсангиз суд сизга етказилган моддий ва маънавий зарарни ҳам ундириб беради.

– Уйимга, болаларимнинг ёнига қайтсам бўлди, – чуқур «уфф» тортди айбланувчи, – менга бошқа ҳеч нарса керак эмас.

– Бошлаймизми? – гуруҳ раҳбари ҳалимдай ювош бўлиб қолган йигитга тикилди.

– Беайб қамалиш сулоламиз тақдирига тушган бобо мерос иллатми, ҳайронман! – гапни узоқдан бошлади Худоёр. – Бобом раҳматли хўжаликда сувчи бўлган экан. 1939 йилда колхоз шийпонида ўтказилган йиғилишда вилоятдан келган вакил – Соломон амакидан ўзбекча гапиришни талаб қилиб, кўпчиликнинг олдида компартия вакилини «изза« этиб, «ҳақоратлагани» учун миллатчи сифатида беш йилга қамалиб кетган экан. Отам раҳматли чўлдаги пахта етиштирувчи хўжаликлардан бирида бригадир бўлиб ишларди. 1985 йил тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтимда отам ҳам «пахта иши» бўйича «қўшиб ёзиш»да айбланиб, олти йилга қамалиб кетди. Онам шўрлик бир этак бола билан дод-войлаб қолаверди. Гдлян, Иванов каби зўравонлар бутун бир миллатни ўғри, порахўрга чиқарди. Ўқимаган, оми одам бўлсам ҳам, бир нарсага сира ақлим етмайди, йил ўн икки ой пахта даласидан нари кетмайдиган оддий бригадир қандай қилиб «қўшиб ёзсин»! Мустақиллик шарофати билан бошқалар қаторида отамиз ҳам оқланиб, уйга қайтди. Аммо касалланиб, ярим жон бўлиб қолганди. Уч йилга бормай бандаликни бажо келтирди. Бир йил ўтиб, онам ҳам вафот этди. Жўжа бирдай жон, оиланинг юки менинг гарданимга тушди… Йўқчилик илигимни чақиб қўйса-да, чидадим… Мактабни «аъло»га битиргандим. Институтга ўқишга кириш орзум ҳам саробга айланди. Хўжаликда тракторчилик қилиб, ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлиб, тўрт укамни ўқитдим, уйлантирдим, икки синлимни турмушга бердим. Ҳозир укаларим катта одам бўлиб кетишган, иккитаси институтда домла, биттаси дўхтир, биттаси солиқда ишлайди. Колхоз, совхозлар тугатилиб, тракторлар ҳам сотилиб кетди. Ғирт ишсиз бўлиб қолдим. Бир-икки йил фермерлик ҳам қилдим. Техника бўлмаса, ер шўрлаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлса, тепадан ишингга аралашиб, қадамингни ўлчаб турса, иш кетадими? Касодга учрадим. Ерни олиб қўйишди. Бор-будимни сотиб, зўрға қутулдим. Бахтимга кичик синглим оиласи билан пойтахтдан янги уй олиб, Гулистондаги уйини бизларга қолдирди. Ҳозир турган уйга ўн йил олдин кўчиб келгандик. Қишлоқдаги уйни сотиб, киракашлик қилиш мақсадида «Матиз» олдим. Кун кўриш керак-ку! Камбағални отнинг устида ҳам ит қопади, деганларидай шаҳарга келиб, ҳамсояга ёлчимадик. Ишлаб юрган пайтларда Илёс бобо табиатан қувноқ, одамохун инсон эди. Халқимиз «Аввалини бергунча, охирини берсин», деб бекорга айтмаган экан. Бу одам жуда ёмон қариди, ўта тажанг, майдагап, қитмир ва ғаламис бўлиб қолди. Арпасини хом ўрганманми, менга ўчакишиб олди. Ўтирсам – ўпоқ, турсам – сўпоқ, бўлдим…

– Нифоқнинг келиб чиқишига нима сабаб бўлган? – гуруҳ раҳбари ҳамсуҳбатини «йўлга солиш»га ҳаракат қилди.

– Ўзим ҳам ҳайронман, – ўйланиб туриб, жавоб қилди Худоёр, – бирор бир жиддий сабаб йўқ… ҳаммаси майда-чуйда аризимас нарсалар – болаларим ҳовлида сал қаттироқ гаплашса, «Ўчир!» деб ўшқиради, қўшиқ қўйса, «Уйқумни буздинг» деб бақиради, «Болаларинг, хотининг балохона деразасидан нега бизнинг ҳовлига қарайди?» деб минғирлайди… Хуллас, бу одамнинг дастидан ўз уйимизда эмин-эркин яшолмай қолдик. Ўша куни пешин пайти мошинамни кўчадаги ўрик соясида қолдириб, уйга тушлик қилишга кириб кетгандим. Энди овқатни олдимга олгандим, дарвоза таққиллаб қолди. Аёлим эшикка чиқиб-қайтиб, «Сизни қўшни чақиряпти, тез чиқаркансиз», деди. Бу сассиқ чол яна бир нарсани бошламаса гўргайди, деган хаёлда ташқарига чиқдим. На салом, на алик бор, қария «Нега манави дранталетингни менинг зардолимнинг остига қўясан!» дея ўшқириб кетди. Жанжал чиқармаслик учун қарияни жаҳл отидан туширишга, муомала билан гапиришга ҳаракат қилдим. Қўшни баттар асаби қўзиб, «Шалдироқ аравангни ол бу ердан», деб оёқ тираб туриб олди. «Ҳой бандаи-мўмин, қанақа одамсиз, мошинам сизга нима ҳалақит қиляпти, дарахтингизни еб қўядими?» десам, «Ҳа, еб қўяди, мошинангнинг моторидан чиқиб турган иссиқлик, дарахтнинг баргини қуритиб ташлайди, керак бўлса, ўзинг кўчат экиб, парваришлаб, мошинангни ўшанинг соясига қўявер», деб бақириб, «Матиз»ни оёғи билан тепишга тушди. Меникиям тутиб кетди. Ўдағайлаб, олдига бордим. Қўл кўтарсам балога қолишимни ўйлаб, шайтонга ҳай бердим. Қўлидан тортиб, мошинадан узоқлаштирмоқчи бўлдим. У бор кучи билан чираниб, қўлимдан чиқишга ҳаракат қилди. Кутилмаганда қўлимдан сирғалиб чиқиб, оёғи чалишиб, юз тубан ерга йиқилиб тушди. Турғизишга ҳаракат қилиб, дастимни чўзсам, қўлимга тепиб ташлади. Шанғиллаб, оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлаб, сўкиниб кетди. Ғала-ғовурни эшитиб, Тахмина уйдан чиқиб, бобосига ёрдам беришга шошилди. Милиция чақиришди. Йиқилганда тирсаги шилиниб кетган экан. Чоли тушмагур имонини ютиб, мени уриб йиқитди, деб туриб олди. Набираси қурғур ҳам унинг гапини тасдиқлади. Иш судга ошди. Суд ҳақиқатни аниқлаб, адолат қилса керак, деб ўйлагандим. Қайда дейсиз, баджаҳл судья мени эшитиб ҳам ўтирмади. «Отанг тенги кекса одамга қўл кўтаришга уялмайсанми?» деб дағдаға қилиб, ўн кун қамоқ жазосига ҳукм қилди. Йўқ жойдан, айбсиз айбдор бўлиб, қамалиб қолганим, эл олдида шарманда бўлганим роса алам қилди. Ўшанда ҳали бу ҳолва эканлиги, шу воқеа сабаб пешонамга бундан-да, оғир кўргиликлар тушиши хаёлимга ҳам келмаганди…

Худоёр бир муддат жимиб қолди. Ўпкаси тўлиб, кўзлари намланди. Терговчилар йигитнинг сал «совиб», ўзига келишини ўйлаб, бир муддат кутиб турдилар.

– Қамоқдан чиққач, Илёс бобонинг уйига бориб, «Сен сассиқ чол энди мендан кўрадиганингни кўрасан, терингга сомон тиқаман, шу уйдан ўлигинг чиқмаса, отимни бошқа қўяман!» деб айтганингиз ростми? – Санжарбек сўроқни давом эттирди.

– Рост, тонмайман, – Худоёрнинг қошлари чимирилди, – туҳмат билан қаматиб юборди, ўн кун бургага таланиб, захда ётдим… Одамга алам қиларкан!

– Ўшанда шунчаки, пўписа қилганмидингиз ёки чиндан ҳам, қарияни ўлдиришни режалаштирганмидингиз? – Жўрабой гуруҳ раҳбарига «Мумкинми?» деган маънода бир қараб, савол берди.

– Ие, нима деяпсиз, одам ўлдириш осон бўптими? Бир пўписа қилиб, юрагига ваҳима солиб қўймоқчи эдим… Моғор босган кўнглини жароҳатлаб, аламимни олишни ўйлагандим… Иш бунақа чаппа айланиб кетишини билганимда бу номаъқулчиликни қилармидим!

– Қотиллик содир бўлган тунда қаерда эдингиз? – гуруҳ раҳбари навбатдаги саволни берди.

– Қаерда бўлардим, уйда эдим, – айбланувчининг юзи тундлашди, – юз марта сўрадинглар, юз марта айтдим. Гапимни хотиним, болаларим тасдиқлади… яна сизларга нима керак!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации