Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Ишлаган даврида мижозлар билан нифоқлашиш ҳолатлари бўлмаганмикан? – гуруҳ раҳбари шогирдини мақсад сари йўлаллашга уринди.

– Азамат Шарипович иккита шундай ҳолатни эслади, – талаба ён дафтарини очиб, ахборот беришда давом этди, – биринчиси, қария нафақага чиқишидан сал олдинроқ юз берган. Ўшанда кекса жарроҳ бир оиланинг кўзга суртган ягона фарзандининг ўлимига сабаб бўлган. Катта жанжал кўтарилган. Бир неча киши интизомий жазога тортилган. Шифохона архивида бир кун ўтириб, ўша жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ тиббий ҳужжатларни топдик. Иккинчи воқеа эса сал олдинроқ содир бўлган. Унда бир пулдор, бойвачча одамнинг етти ёшли қизчаси операциядан чиқмай қолган. Қизчанинг отаси алам устида дўхтирларни уриб, даб-даласини чиқариб ташлаган. Илёс бобо ҳам калтакланган. Милиция чақирилиб, ҳужжат тўпланган. Аммо жабрланувчилар давосидан воз кечганлиги боис ҳужжатлар судга чиқарилмаган. Бу масалага доир тиббий ҳужжатларни ҳам архивдан олдик.

– Яхши, яна нималарни аниқладинглар?

– Ҳозирча шу…

– Энди нима қилмоқчисизлар?

– Рухсат берсангиз, шу икки ҳолат устида ишлаб…

– Рухсат, – гапни қисқа қилди Санжарбек, – ҳар иккала жарроҳлик амалиёти бўйича мавжуд тиббий ҳужжатлар асосида мутахассисларнинг хулосасини олиш лозим. Юқори турувчи идоралардан, ички ишлардан, прокуратура ва суддан масалага дахлдор ҳужжатларни талаб қилиб олиш керак. Худойберди қўли бўшагач, сизларга қўшилади.

– Санжар ака, орадан анча йиллар ўтиб кетган, – журъатсизлик билан гап бошлади анча пайтдан бери жим ўтирган Фозил, – жабрланувчиларнинг қалбидаги жароҳат излари аллақачон битиб кетган бўлса керак. Ўч оладиган одам ўша пайтда – қизиғида оларди-да! Шунча вақт жим юрган одамнинг бирдан қасос олгиси келиб қолганига нима сабаб бўлиши мумкин? Бу ишдан бирор нарса чиқиши даргумон-ов… Вақтни бекорга ўтказмайлик дейман-да!

– Хавотирингиз ўринли, – гуруҳ раҳбари ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди, – Жиззахда бир банкирнинг қотиллиги билан боғлиқ ишни тергов қилгандик. Ёшгина қиз ота-онаси учун банкирдан ўч олишни дилига тугади. Аммо институтни битириб, турмуш қургач, бахтли дамлардан сармаст бўлиб, қасос олиш режасидан воз кечади. Банкирни жазолашни Яратганнинг ўзига ҳавола қилиб қўяди. Орадан етти йил вақт ўтиб, фарзандли бўлолмаган аёл турмушдан ажралишга мажбур бўлади. Ҳаётнинг яна бир қақшатгич зарбасига учраган ожиза барча бахтсизликлари бош сабабчиси бўлган банкирдан қонли имтиҳо олишга аҳд қилади ва бу ишни жуда маҳорат билан уддалайди. Қиссадан ҳисса шуки, инсон қалбида қасос ўти сусайиши мумкин, бироқ ҳеч қачон ўчмайди. Кун келиб, хира чўғ яна оловланиб қолиши мумкин… Шу сабабли иккиланишга ҳожат йўқ.

– Тушунарлими? – Жўрабой «айтмаганмидим» дегандай изқуварга маъноли қаради.

– Энди тушунарли бўлди! – бўш келмади изқувар. – Гапиришни ҳам билиш керак-да!

– Жўрабой, Фозилжон, – гуруҳ раҳбари ҳазил-ҳузул билан чиқиб кетаётган йигитларни тўхтатди, – фарзандларидан жудо бўлган ота-оналар ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш лозим. Кулфат уларга қандай таъсир қилган, турмуш тарзида қандай ўзгаришлар бўлган, бахтсизликни унутиб, ҳаётга қайтишга сабру бардошлари етганми, айни пайтда ҳаётлари изга тушиб кетганми, кайфиятлари қандай, деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинглар.

Йигитлар чиқиб кетгач, Санжарбек қалин жиноят ишини варақлашга тушди: «Худоёрни бир четга суриб, бошқа тахминлар устида жиддийроқ, тизимлироқ ишлаш керакмиди? Хўш, бу одамнинг айбсизлигини исботладик ҳам дейлик, бу терговга нима беради? Қотил топилиб қолармиди? Аммо ҳақиқий қотил қўлга олинса, унинг айбдорлик масаласи ўз-ўзидан барҳам топган бўларди… Хўш, менинг ўрнимда Фахриддин Каримович бўлганда қандай йўл тутган бўларди? Албатта, ишни гумондорнинг қотилликка дахли йўқлигини исботлашдан бошлаган бўларди. Менда қандайдир иккиланиш бор, устоз сира иккиланмаган, дадил қарор қабул қилган бўларди. Устозга ўхшашга ҳаракат қилганим, у кишининг инсоний принципларига риоя этишни шогирдлик бурчим деб қараганим учун Худоёрнинг масаласини бирламчи ўринга қўйиб тургандайман. Фахриддин Каримович эса бу ишни ҳеч қандай мажбуриятларсиз, чин дилдан қиларди. Инсон ҳуқуқларини, адолатни ҳар нарсадан устун қўярди. Шундай инсоннинг ўзи бугун ҳақ-ҳуқуқсиз, адолатсизлик қурбонига айланиб, кўзидан осилиб, қамоқда ётгани нақадар аянчли… Аллоҳ ҳар бир бандасига сабру жамил ато этсин! Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ… Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлиб қолар».

* * *

«Худоёр юки»дан қутулган Худойберди мавжуд барча тахминларни ақл чиғириғидан ўтказар экан, хаёлида қотилликка пул, бойлик сабаб бўлган, деган шубҳа устуворлик касб эта бошлади. Тўғри-да, асосий жиноятлар қонунсиз бойлик орттириш мақсадида содир этилади. Йўқса, қарияларни ўлдириш кимга ҳам керак бўларди? Қариянинг сейфида ўн минг доллардан ортиқроқ пул бўлган. Бундан кимдир хабар топган. Терговчи марҳумнинг қўни-қўшнилари, таниш-билишларини қайтадан сўроқ қилар экан, шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди. Буни қарангки, омад оёқ остидан чиқди. Отахон билан тўй-маъракаларга бирга юрадиган Юнус бобо терговчининг саволларига жавоб бера туриб, бир гапни айтиб қолди:

– Илёс диёнатли, мард одам эди-ю, аммо дини исломдан бехабар киши эди. Кейинги пайтларда бировларга фоизга пул бериб, бойлик орттириш йўлига ўтиб олди. Ҳой бандаи мўмин, йиғиштир бу одатингни, судхўрлик мусулмончиликда ҳаром қилинган, деб роса гапирдим. Билганидан қолмади. Мана, оқибати, ўлди-кетди.

– Кимларга пул қарз берганди? – эҳтиёткорлик билан сўрашда давом этди терговчи.

– Отни қаерга бойлайин, деса «Тилимга боғла, тилимга», деган ривоятни эшитганмисиз? – қариянинг қисиқ кўзлари каттароқ очилди. – Айтмайман, дегандим, ичимга сиғдиролмадим, бехосдан оғзимдан чиқиб кетди. Энди «Кимдан?» «Нимадан?» деб куйдирасизлар. Кейин у бечораларни ҳам чақириб, бошини қотирасизлар. Эшитганлар нима деб ўйлайди, болам!

– Отахон, гап қотиллик ҳақида кетяпти, – терговчи ётиғи билан тушунтиришга уринди. – Сиз марҳумнинг энг яқин ошнаси бўлгансиз. Жиноятчилар очиқда маза қилиб юрса-ю, сиз тилингизни тийиб, жим турсангиз виждонингиз қийналмайдими? Дўстингиз гўрида тик турмайдими?

– Гапларинг тўғри, болам, – тан берди гувоҳ, – одамларнинг сассиқ гапи ҳам ёмон-да! Майли, гапирса гапирар, ишларингга нафимиз тегса бўлди-да! Раҳматли бунақа ишларини ҳеч кимга сездирмасди, уйидагилардан ҳам, таниш-билишлардан ҳам сир сақлаб юрарди. Менга ҳам унча-мунча сир бой бермасди. Бир сафар муаммога учраб қолиб, сиқилганидан юрагини очиб қолганди…

– Хўш, хўш, қанақа муоммога учраган экан? – терговчининг бутун вужуди қулоққа айланди.

– Ўтган йили тирамода боёвутлик Расулми, Жалилми деган тадбиркор йигитга беш минг кўкидан фоизга пул берган экан. Бошида келишилган фоизларни тўлаб турган тадбиркор касодга учраб қолганми, ишқилиб, қарзини вақтида қайтаролмай қолган. Раҳматли ичи тор одам эмасми, роса хуноби ошиб юрди. Камига, бояқиш қамалиб қолганини айтмайсизми… Ўшанда шўрлик дарди ичига сиғмай, менга ёрилиб қолганди-да!

– Кейин нима бўлди? Қарзини қайтариб олдими?

– Қаердан қайтаради? Қарзни олган баччағар ўн йилга қамалган бўлса! Илёс нима қиларини билмай, Жалилнинг хотини, укаларининг олдига роса қатнади. Улар ҳам нима қилсин, «Кечирасиз, биз ҳеч нарсани билмаймиз, қўл қўлни танийди, қамоқдан чиқса, ўзидан сўрарсиз», дейишибди. Шумшайиб қайтиб келди. Пулга тошдай қаттиқ одам эмасми, бечора ўлиб қолай деди. Ориқлаб-тирриқлаб, буришиб-тиришиб кетди. Орқасидан қайси гўрдаги қамохонага ҳам бориб келди. Ҳарҳолда Жалил «Бор ишингни қил, ҳайда эшагингни», демапти, мард кетибди: «Худо хоҳласа яқинда қамоқдан чақаман, уйимни сотиб бўлса ҳам пулингизни қайтараман», дебди. Шундан кейин сал ўзига кеп, одамбашара бўп қолди.

– Жалил қамоқдан чиқдими? Қарзни қайтардими?

– Бу ёғидан хабарим йўқ, – деди мўйсафид соқолини силаб, – тобим қочиб, охирги пайтларда ошнам билан кўришолмай қолдик. Кейин манави ишлар бўп кетди…

– Жалилнинг турар жойи, фамилиясини биласизми?

– Йўқ билмайман. Ўзининг она тўпидан, тоғанома33
  Шевада узоқроқ тоға маъносида.


[Закрыть]
бўлади, дегандай бўлганди.

– Илёс бобо яна кимларга қарз берган? – терговчи навбатдаги саволни берди.

– Тағин… ўзимизнинг маҳалладаги Тиркаш чўтирнинг боласига ҳам берганидан хабарим бор, – деди чол ўйланиб туриб, – лекин у сал судраб, жанжал билан бўлса-да, қайтариб берганди. Одамларга ҳам ҳайронсан. Қарз олаётганда мард кетиб, бераётганда номардга айланиб қолишади. Яхшиям Тиркаш чўтир диёнатли, инсофли одам. Мол-ҳолини сотиб бўлса-да, боласининг қарзини узди.

– Йигитнинг исмини биласизми?

– Эй болам, оти ёдимда қолибдими? Баъзида ўз невараларимнинг отини эсдан чиқариб қўяман-ку!

– Уларга неча фоизда, қанча қарз берганди?

– Адашмасам, уч минг доллар, ойига ўн фоиз қўшимчаси билан.

– Уч мингдан ўн фоиз дегани уч юз доллар бўлади, – ўзича ҳисоблашга тушди терговчи, – уч ойда тўққиз юз, қарийб минг долларни ташкил қилади. Ошнангиз бу пулларни нимага сарфларди? Унинг бирор бир берадиган жойи бормиди?

– Бировдан овуштаси бор-йўқлигини билмайман. Бу ёғи менга қоронғи, – чол негадир кўзини олиб қочди. – Пул кимга ортиқчалик қилган, рўзғор деган ғор бор, қанча ташисанг ҳам ютиб кетаверади.

– Оиласи санжобгина бўлган, бекорга пул сарфламаган, ҳашамга берилмаган одам бўлса…

– Гапингиз тўғри, раҳматлининг чўнтагидан бир сўм «йиғлаб» чиқарди. Лекин ўзига яраша эҳтиёжлари бўлгандир-да!

– Яна кимлар билан олди-берди қилган, бир эслаб кўринг-чи.

– Бошқасини билмайман, болам! Билганларим шулар.

– Қариянинг аёлларга муносабати қанақа эди? – терговчи масалага нозик томондан ёндошишга уринди.

– Етмишни қоралаган одам… аёлларга муносабати қанақа бўларди? Ёшлигида бирортаси билан гаплашса гаплашиб юргандир. Менга бу мавзуда умуман сўз очмаган. Аммо раҳматли кампирини жуда яхши кўрарди. Олдида бақириб-чақиргани билан кетидан оғзидан бол томиб мақтарди. Унга гард юқтиргиси келмасди. Ҳа энди, Зеби кампир ҳам шунга арзийдиган аёл эди-да!

– Айтишларича, раҳматли чол ёлғиз қизи, ўғлидан қолган ягона ёдгори – набираси билан унчалик яхши муносабатда бўлмаган экан-а? Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?

– Шу гапларга ишониб ўтирибсизми? – кулди қария, – қайси ота ўз фарзанду аржумандини ёмон кўради, ёмонлик соғинади? Илёс уларни ҳам жонидан яхши кўрарди. Одам кексайганда кўнгли нозик бўлиб, ёш боладай аразлайдиган, бўлар-бўлмасга хафа бўладиган, ҳуда-буҳуда бақирадиган, инжиқ бўлиб қоларкан. Ёшлар буни тушунармиди? Ота-онаси танбеҳ берса, койиса, мени ёмон кўради, деб ўйлаб, ота-онасидан ранжиб юришади.

– Юнус ота, сизга раҳмат, катта ёрдам қилдингиз, – терговчи сўроқни якунлади.

– Майли болам, сенга ҳам раҳмат! – отахон ўрнидан қўзғалди. – Бу ишга шунчалик киришган экансизлар, Аллоҳ насиб қилса қотилни топасизлар деб умид қиламан.

– Албатта, ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламиз, – камторона жавоб қилди терговчи.

* * *

– Бобойи тушмагур судхўрлик билан шуғулланган, денг, – хулоса қилди Санжарбек ҳамкасбининг ахборотини эшитиб. – Бу жуда муҳим янгилик! Судхўрлик ёмон иллат, оқибати фожиага олиб келади. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга44
  Иван Криловнинг «Бўри билан қўзичоқ» масаладан.


[Закрыть]
. Қарз олган йигитлар топилдими?

– Абдужалилни топдик. Қамоқдан чиққанига бир ой бўлибди.

– Шунақа денг, – деди гуруҳ раҳбари ўйга толиб, – ҳозир қаерда экан?

– Ўн кун олдин Олматага бизнес иши билан кетган. Хотинининг айтишича, бугун-эрта қайтиб қоларкан. Шунинг учун телефонда гаплашиб ўтирмадим.

– Яхши, йигитларга топшириқ беринг, у ҳақда батафсилроқ маълумот тўпласин. Ҳарҳолда қамоқ кўрган одам… Қарзни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида шу ишга қўл урган бўлиши ҳам мумкин.

– Хўп, Илёс чол билан ораларида олди-бердиси бўлган экан, кампирни ўлдириш унга нимага керак бўлиши мумкин? – гуруҳ раҳбарининг тахминига шубҳа билдирди терговчи.

– Уларнинг орасида нималар бўлганини аниқ билмаймиз-ку, – изоҳ берди Санжарбек, – ўртага пул аралашган, Жалил қамалиб кетган… Масала биз ўйлагандан кўра чигалроқ бўлиши мумкин! Хўш, иккинчи йигит нима бўлди?

– Бахтга қарши, Тиркаш чўтир, эйй кечирасиз, Тиркаш аканинг ўғли – Явғошни ҳам уйидан тополмадик. У ҳам яқиндагина ишлаш учун Воронежга кетган экан.

– Воронежга… қачон? – Санжарбек ток ургандай сакраб ўрнидан туриб кетди.

– Ҳа, Воронежга. Қотилликдан икки кун ўтиб, Тошкентга кетган. Отасининг айтиши қараганда, қўлида поездга чиптаси бўлган. Вокзал маъмуриятига сўровнома юбордик, аниғи эртага маълум бўлади.

– Явғош деганлари қанақа одам экан? Наҳотки, у арзимаган пул учун шундай разилликка борган бўлса!

– Изқуварлар у ҳақидаги маълумотларни тўплашаяпти. Ҳозир отасини сўроққа олиб келишади.

– Мен бир нарсага тушунмаяпман, – бошини қашилади гуруҳ раҳбари, – Тиркаш ака Явғошнинг қарзини қайтарган, низо бартараф қилинган бўлса, жанжал нимадан чиққан?

– Билмадим, Тиркаш ота билан телефонда гаплашдим, сўраш ноқулай бўлди.

Эшик тақиллаб, хонага етмиш-етмиш беш ёшлардаги чўққи соқол, юзлари шудгорлаб ташлангандай чўтир, дороз чол важоҳат билан кириб келди.

– Қайси биринг Худойберди? – томдан тараша тушгандай сўради қария.

– Ассалому алайкум, – йигитлар ўрнидан ирғиб туриб, меҳмонга жой кўрсатди, – мен Худойберди, келинг отахон, ўтиринг!

Терговчи вазиятни юмшатиш учун чой қуйиб, узатди. Мўйсафид ўриндиққа маҳкамроқ ўрнашиб, чойдан ҳўплади.

– Нега чақирдинг? Нима ишинг бор? – деди чол ўзига ярашиқли дағаллик билан.

– Отахон, ишларингиз яхшими? Уйдагилар…

– Бизлар бир нафақахўр бўлсак, ишнинг бари сизларда-да! Нимага чақирдинглар?

– Мен тергов гуруҳи раҳбари Санжар Раҳмоновман, бу киши гуруҳ аъзоси, терговчи Худойбердижон… Маҳаллангиздаги Илёс бобонинг қотиллик иши бўйича…

– Чолнинг ўлимига менинг нима алоқам бор? Мени нимага чақирдинглар? – тўтидай бир гапни такрорлади чол.

– Ўғлингиз Явғош қаерда? – терговчи масаланинг учини чиқаришга мажбур бўлди.

– Россияга кетган… Н-и-м-а, ў-ғ-л-и-м-дан к-ў-р-я-пс-и-з-л-а-р-ми? – деди чол гезариб.

– Явғош Илёс бободан қарзга пул олган экан-а? – мақсадга кўчди Санжарбек.

– Ҳа, олганди… вақтида қайтариб беролмади, – тўнғиллади қария, – лекин мен қийналиб бўлса-да, қарзни тийин-тийинигача қайтариб берганман-ку!

– Хабаримиз бор, хабаримиз бор, – гуруҳ раҳбари гувоҳнинг чакагини очишга ҳаракат қилди, – ўзи ўғлингиз нима мақсадда қарз кўтарганди?

– Ким ҳам яхши кунидан фоизга қарз кўтарарди, – беҳафсала ҳикоясини бошлади «меҳмон». – Бу маҳмодона бола мактабни битиргандан «Корея касали»га мубтало бўлди. Нима, у ёқда пишириб қўйибдими ё пул кўчада сочилиб ётибдими, тушунмайман. Кореяга кетишга ҳужжат йиғаман, тест топшираман, деб икки йил Тошкентга қатнаб, сарсон бўлди. У ўлгурга ҳам ҳаммани олавермаса керак-да! Ҳали у, ҳали бу деб қайтаради. Бир пайти «Пул керак!» деб ҳовлиқиб кеп қолди. Пулни нима қиласан, десам, биттаси ишимни тўғрилаб бермоқчи, шусиз Кореяга кетолмас эканман, деб бошимни қотириб ташлади. Қанча, десам, икки минг кўкидан дейди-я! Шунча пулинг бўлса, Кореяда нима қиласан, бир тирлик55
  Шевада тирикчилик маъносида.


[Закрыть]
ни шу ерда қилса ҳам бўлади-ку! Йўқ, бу болага гап уқтириб бўлмади. Кетмасам бўлмайди, бу ерда қачонгача итнинг орқа оёғи бўлиб юраман, у ёқда жўраларим кутяпти, деб жон-ҳолимга қўймади. Икки минг кўкидан озмунча пулми? Шунча пулни қаердан топаман, битимни сотаманми? Бор, қаердан топсанг шу ердан топ, мени тинч қўй, деб қувиб ҳайдадим. Бахтга қарши, бола тушмагур айланиб-айланиб, Илёс дўхтирга тўғри бўлибди-да! Қаердан эшитган, билмадим, дўхтир қурғур судхўрлик билан шуғулланаркан. Одамларга нима бўляпти, сира тушуниб бўлмайди, на бандадан, на Худодан қўрқади! Дўхтирни айтаман-да, ишлаб юрганда туппа-тузук одам эди, қариб, мияси айнаб қолганми, судхўрликни одат қилганини қаранг! Хуллас, боласи тушмагур дўхтирдан катта фоизга қарз кўтарган. Пулни олиб, Тошкентга чопган. Меҳнат вазирлигида ишлайдиган бир Мамасиддиқ деган одамга берган. У қиззиғор ҳам фирибгарликнинг тоза машқини олганлардан экан, эрта кел, индин кел, деб роса сарсон қилиб юрди. Бола фақир бўзчининг мокисидай Тошкентга қатнади. Бора-бора бояги баччағар телефонларни ҳам кўтармай қўйди. Кейин билсак у батайин вазирликда ишламас экан, содда одамларни лақиллатиб, пулини олиб, фирибгарлик билан шуғулланаркан. Бир йилча ўша бемазанинг ортидан қувиб, вақт ўтказдик. Мен ҳам бир неча марта уйига излаб бордим. Топишнинг иложи бўлмади. Бу ёқда Илёс дўхтир пулни фоизлари билан қачон қайтарасан, деб тўполонни бошлади. Икки ўтнинг орасида қолиб кетдик. «Ўзинг пиширган ошни айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ўзинг е!» деб ўғлимга бақирдим. Қарасам, боласи тушмагур жиннига ўхшаб, тентираб қолди. Ўзини бир бало қилиб қўймасайди, деб қўрқиб кетдим. Мол кетса кетсин, обрў кетмасин, деганларидай ҳовлидаги бор мол-ҳолни бозорга чиқариб, сотдим. Етмаганига пенсия пулимни қўшдим. Пластик карточкамда унча-мунча пул тўпланиб қолган экан. Фақат пластик картадан пул ечиш қийин бўлди. Шаҳарга чиқиб, пластик картадаги бор пулни банкдан йигирма фоиз зарарига нақдлаштириб келдим… Хуллас, амал-тақал қилиб, ўғлимни қиёмат қарздан фориғ қилдим. Омон бошга мол топилар, жонимиз соғ бўлсин!

– Отахон, ҳозир Явғош қаерда? – Санжарбек гувоҳни тўхтатишга мажбур бўлди.

– Айтдим-ку, бу ҳам бир касаллик экан-да, болам, – отахон кўзини юмгунча давом қилди, – бу ёшларни ўзимизнинг ер кўтармай қолганми, нуқул четга талпинади. Фармон буви айтмоқчи, хўрозқанд четники дейишса ётиб ялашади-я66
  Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» асари бош қаҳромони назарда тутилмоқда.


[Закрыть]
. Бизнинг қулоқсиз ҳам «Корея балоси» ёпилгач, «Россияга кетаман»лаб қолди. Яна ўша муаммо… пул йўқ. Йўл учун ҳам отни калласидай харажат керак, ашула айтганга чипта бермайди-ку! Бемаза бола юзига куя суртиб, тағин ўша текинхўрнинг олдига борибди-да! Илёс «Осмон узилиб тушса ҳам сен болага қарз бермайман», деган. Явғош ялинган, ёлворган, «Россияда пул ишлаб, қарзимни фоизлари билан узаман», деб қарияни ишонтиришга ҳаракат қилган. Йўқ, оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидай дўхтир «Қўлим билан бериб, оёғим билан ортингдан қувиб юраманми, энди сенга бир тийин ҳам қарз бермайман», деб қувиб солган. Тўғри қилган! Энди қарзидан қутулолмай қолса, менда ҳам бозорда ҳайдаб соладиган мол-ҳол йўқ, ахир!

– Явғош қачон жўнаб кетганди?

– Ўн беш кунча бўлиб қолди-ёв, ўтган душанба куни эди шекилли…

– Пулни қаердан топган бўлса? – терговчи чуқурлаша борди.

– Бу ёшларга гап таъсир қиладими? Яна бирортасидан қарз кўтаргандир-да! Дўғлашимни билади-да, бу сафар менга айтиб ҳам ўтирмади.

– Балки онасига айтгандир?

– Йўқ, онаси ҳам ҳеч нарсадан бехабар. Боласи тушмагур бунақа гапларни онасига ҳам айтмайди.

– Балки бирортасиникига қатнаб юрганини кўргандирсиз? – гуруҳ раҳбари ҳижжалаб сўрашда давом этди.

– Йўқ, ҳозирги замонда биров бировга қарз берадими? Ё заринг ё зўринг бўлсин экан. Бунақа ялангоёққа қарз берадиган аҳмоқ бормикан? Қизиқсиз-а, болам!

– Балки дўхтирни қарз бермагани учун… ҳалигидай қилиб, сейфдаги бор пулини олиб кетдимикан, нима дейсиз?

– Ҳой-ҳой, бола, оғзингга қараб гапир! Нима, қотилликни Явғошга тўнкамоқчимисанлар! – чолнинг қовоғи уюлиб, мушти тугилди. – Менинг боламнинг қўлидан одам ўлдириш у ёқда турсин, чумчуқ сўйиш ҳам келмайди. Айтдим-а, нима булар менга осилиб қолди, деб. Гап бу ёқда экан-да! Қотилни тополмай, энди бир бечорани уйини куйдирмоқчи бўляпсанларми? Камбағални отнинг устида ҳам ит қопади, деганлари рост экан-да!

– Отахон, ҳеч ким ҳеч кимнинг уйини куйдирмоқчи эмас, – гуруҳ раҳбари муаммо чиқармасликка уринди, – қотиллик ҳали очилмади, биз марҳум билан мулоқатда бўлган барчани текшириб кўришга мажбурмиз. Агар ўғлингизнинг бу ишларга алоқаси бўлмаса, тўрт томони қибла, кетаверади.

– Бунақа гапларни кўп эшитганман, – деди қария сал важоҳатдан тушиб, – одамни қармоққа бир илинтириб олсанглар бўлди, ўлиб қутулмаса, тириклай қутулиб бўпти!

– Бобо, биз сизга ҳеч нарсани исботлашга бурчли эмасмиз, – деди терговчи энсаси қотиб, – бошқалар қаторида гумон Явғошга ҳам тушиб турибди. Охиригача текшириб кўришга мажбурмиз. Бизга аччиқ қилмасдан ҳақиқатни аниқлашга ёрдам қилсангиз яхши бўларди.

– Хўп, майли, инсофни ўзларинггга берсин! – бироз ҳовуридан тушгандай бўлди чол, – унақа ёмон одамга ўхшамайсизлар… Мендан нима истайсизлар?

– Саволларимизга тўғри жавоб бериб турсангиз бўлди, – Худойберди ўрнидан туриб, гувоҳга яқинлашди, – сиз ҳам ўғлингизни тезроқ шубҳадан холи бўлишини истайсиз-ку, шундайми?

– Шундай, шундай…

– Воқеа содир бўлган шанба куни ўғлингиз қаерда эди?

– Тошкентга душанба куни кетганди, – эслашга ҳаракат қилди гувоҳ, – шанба, якшанба кунлари уйда эди чоғи. Жума куни у-бу харид қилиш учун Тошкентга бориб келди… Бозор куни кузатиш учун опалари, жиянлари уйга келганди, ош қилишди…

– Балки опалари, поччаларидан қарз кўтаргандир? – гуруҳ раҳбари жавобсиз қолаётган саволга ечим топишга ҳаракат қиларди.

– Ҳай билмадим-ов, ўзлари қўл учида кун кўришади…

– Явғош етиб боргач, қўнғироқ қилдими?

– Ҳа, икки-уч марта гаплашдик, яхши етиб борибди, қурилишга ишга жойлашибди.

– Воронежда уни бирор киши кутиб олдими?

– Ҳамсоянинг икки боласи уч-тўрт йилдан бери ўша ёқда, шулар чақирган-да!

– Қўшнингизнинг исми нимайди?

– Боймирза Чўлиев, бозорда тирлик қилади.

– Явғошнинг телефон рақамини берсангиз, ўзимиз гаплашиб кўрардик.

Чол чўнтагидан белига резина боғич ўралган кичкина эски телефонни чиқариб, ковлай бошлади:

– Ҳа, мана, – қария кўзларини сал қисиб, телефонга термилди, – кўз ўлгур ҳам унча газламай қўйган… қўшув етти тўрт юз етмиш уч, икки юз олтмиш беш, олмиш етти, саксон тўрт, шу рақамдан чиққанди.

– Отахон, сизга раҳмат, – гуруҳ раҳбари гувоҳни кузатиш учун ўрнидан турди, – безовталик учун узр!

– Майли болам, сизларга ишондим-а, – деди қария эшикдан чиқа туриб, – қўнғиз ҳам боласини оппоғим дейди, аммо менинг болам сизлар ўйлаган одам эмас. Ҳали текшириб кўриб, ўзларингиз ҳам амин бўласизлар.

Гувоҳ чиқиб кетгач, гуруҳ раҳбари уяли хизмат телефонидан Воронежга қўнғироқ қилди ва ҳамкасби ҳам эшитиши учун «динамик» тугмачасини босди:

– Ало, эшитаман, ким бу? – Явғош нотаниш рақамни кўриб, талмовсиради.

– Ассалому алайкум, – Санжарбек одоб билан гап бошлади, – сизни Гулистондан терговчи Раҳмонов безовта қиляпти.

– Тушунмадим… ака… тинчликми?

– Телефон рақамингизни Тиркаш бободан олдик. Яхши жойлашиб олдингизми?

– Раҳмат… отам ёнингиздами? – йигит падарининг отини эшитиб, бироз дадилланди.

– Йўқ, ҳозиргина чиқиб кетди… Явғошжон, сизга бир-иккита саволимиз бор эди?

– Майли, сўранг, нима масалада…

– Илёс бобонинг қотиллиги хусусида.

– Бу ёққа келишимдан бир-икки кун олдин дўхтир бобони кимдир ўлдириб кетганини эшитгандим. Ким қилган экан? – қизиқсинди Явғош.

– Ундан сиз ҳам фоизга қарз олган экансиз-а? – гуруҳ раҳбари атайлаб мавҳумроқ савол берди.

– Ҳа, олгандим… кейин қайтариб ҳам берганман… нима… – йигитнинг овози қалтираб кетди.

– Хабаримиз бор, отангиз айтиб берди. Воронежга кетишдан олдин ҳам қарз сўраган экансиз, тўғрими?

– Тўғри, сўрагандим, лекин бермади.

– Нима учун, нега бермаганди?

– Олдин олган қарзимни вақтида қайтара олмаганим учун менга ишонмай қўйган-да! Бошқа нима бўларди…

– Унда Россияга кетиш учун пулни қаердан олдингиз?

– Ў-з-и-м а-н-ч-а-д-а-н б-е-р-и й-и-ғ-и-н-и-б ю-рг-а-н-д-и-м, – чайналди йигит.

– Явғошжон, ёлғон гапирманг, сизда бир тийин ҳам бўлмаган, отангиз ҳам пул бермаган! Маблағни қаердан топдингиз? – саволни такрорлади терговчи.

– …

– Укажон, гап қотиллик ҳақида кетяпти, – соддароқ тушунтиришга ҳаракат қилди гуруҳ раҳбари, – ростини айтишга мажбурсиз. Йўқса, сизга тушиб турган шубҳа ортиб кетади.

– Нима, қотилликни мендан кўряпсизларми? – Явғош боядан бери тили учида турган гапни айтишга жазм қилди.

– Бирламчи, Илёс бобо билан ўрталарингда қарз сабаб азалдан нифоқ бўлган, иккинчидан, у сизга қарз бермай иззат-нафсингизга теккан, учинчидан, сиз унда пул борлигини билгансиз, сизга пул зарур бўлган, тўртинчидан, сиз сафар учун маблағни қаердан топганлигингизни айтмасдан, терговни чалғитишга ҳаракат қиляпсиз… айтаверайми? Ана кўрдингизми, сиздан шубҳаланишга қанча асос бор.

– Лекин мен… мен… ҳеч кимни…

– Явғош, пулни қаердан олганингизни айтинг! – терговчининг овоз тони кўтарилди.

– Йиғиб юрган пулларим бор эди, бир қисмини ўртоғимдан олдим…

– Ўртоғингизнинг фамилияси, исми?

– Э-э-э ака, уни аралаштириб нима қиласизлар… пул бериб, балога қолсинми?

– Нега балога қолар экан, сўраб кўрамиз, гапингизни тасдиқласа, бўлди, масала ечилади, – терговчи гумондор билан тил топишга уринди.

– Шундай дейсиз-да! Кейин долларни қаердан олгансан, деб у бечорани судра-судра қиласизлар.

– Явғош, сиз қизиқ одам экансиз-ку, – терговчининг жаҳли чиқди, – ўзингизни ўйласангиз-чи! Сизда пул бўлмаган, лекин харажат қилгансиз, пулни кимдан олганлигингизни айтмаяпсиз, терговда Илёс бобони сиз тунаш мақсадида ўлдиргансиз, деб ҳисоблашга тўла асос бўлади. Ора йўлда Зебинисо кампирни ҳам заҳарлашнинг уддасидан чиққансиз. Вақти ҳам тўғри келаяпти, кейин қочиб қолишга ҳам улгургансиз…

– Э а-к-а, о-ғ-з-и-н-г-и-з-г-а қ-а-р-а-б гапиринг-э, – йигитнинг капалаги учиб кетгани сезилиб турарди, – жиноятчини тополмай, менга ёпишяпсизларми?

– Йўқ, билсангиз, биз сизни шубҳадан холи қилишни ўйлаяпмиз, аксинча, сиз ўз бошингизни кундага тутяпсиз, – бўш келмади Худойберди.

– Хўп, пулни кимдан олганимни айтсам, қутуламанми? – гўшакдан йигитнинг зардали овози жаранглади.

– Айтинг!

– Даврон деган синфдошимдан олгандим.

– Фамилияси, манзили.

– Собиров, Навоий кўчаси 46-уйда яшайди.

– Яхши, энди шанба, якшанба, душанба кунлари қаерларда, кимлар билан бўлганингизни, нима қилганингизни, гапларингизни кимлар тасдиқлаши мумкинлигини бир бошидан эслашга ҳаракат қилинг. Агар барчасини эслаш қийин бўлса, бир вароқ қоғозга хронологик тарзда ёзиб чиқинг. Биз бирон соатдан сўнг яна қўнғироқ қиламиз. Ҳозирча хайр!

– Майли, нима десанглар шу, – беихтиёр рози бўлди Явғош.

Гўшакни ўрнига қўйгач, гуруҳ раҳбари ҳамкасбининг фикрини билишга қизиқди:

– Хўш, жаноб терговчи, бу йигит тўғрисида нима дейсиз? Унинг гапларига ишонса бўладими?

– Ўзини кўрмасдан хулоса чиқариш мураккаб иш, – эҳтиёткорлик билан фикр билдирди Худойберди. – Хаёлимда ниманидир яширишга ҳаракат қилаётгандай, нимадандир ҳадиксираётгандай. Бу ерда бир сир борга ўхшайди… Унинг Даврон билан телефон сўзлашувларини эшитсак, анчагина масалага ойдинлик киритган бўлардик.

– Унда нимага қараб турибсиз, ташкил қилинг, – жилмайди гуруҳ раҳбари, – ҳали замон Явғош Давронни огоҳлантириш учун алоқага чиқса керак.

– Тушунарли, – ёш терговчи «операция»ни ташкиллаштириш учун шошилинч хонадан чиқди.

* * *

«Жўрабой-Фозил» кичик гуруҳи Илёс дўхтир операция қилган ва ўлим билан тугаган икки ҳолат бўйича экспертиза хулосаси ва мутахассислар маслаҳатини олгач, жабрланувчилар ҳақида анчагина маълумотларни тўплашга мувофиқ бўлдилар. Шундан кейингина «қуролланган» ҳолда бундан анча йиллар олдин юз берган оғриқли ва мудҳиш воқеалар хусусида марҳум болаларнинг ота-оналари ва яқинлари билан суҳбатлашишга жазм этдилар.

– Фарҳод ака, ярангизни янгилаётганимиз учун узр, – одатий салом-аликдан сўнг Жўрабой савол-жавобга ўтди, – бундан етти йил муқаддам қизингиз Зарина Илёс дўхтир томонидан ўтказилган жарроҳлик амалиётида вафот этган экан. Ўша воқеалар хусусида сўрамоқчи эдик.

– Уффф… нима қиламиз, шугина жажжи қизалоқ пешонамизга сиғмади, – деди гувоҳ ранги докадай оқариб. – Эҳ, Зарина, Зарина… фариштагинам… бизларни куйдириб кетди… Онаси бечора адои тамом бўлди…

– Қизингизнинг ўлимида дўхтирларнинг, хусусан, Илёс дўхтирнинг айби бор деб ҳисоблайсизми? – Жўрабой эҳтиёткорлик билан мавзуга яқинлаша борди.

– Илёс деганлари анави оқ соч жарроҳми?

– Ҳа, жарроҳликни ўша киши ўтказган экан.

– Дўхтир дегани қўлидан келмайдиган ишни қиламан, деб катта кетиши керак эмас-да, – оғриниб давом этди Фарҳод. – Операциядан олдин қайта-қайта сўрадим-а, «Хавфли жойи йўқми, таваккал қилмаяпмизми, балки операцияни чет элда қилдирармиз», деб. Бу касофат дўхтир «Ўша хорижлик қилган ишни биз ҳам уддалаймиз», дея катта кетди. Одамнинг ҳаёти билан ўйнашиб бўладими? Ўзим ҳам ғафлатда қолдим… Бу қари тулкининг гапига кирмасам бўларкан. Германия ёки Ҳиндистонга олиб борганимда, Заринам эрта ҳазон бўлмасмиди? Ҳозир ўн тўрт ёшга кирган бўларди…

– Аммо биз тиббий ҳужжатлар билан танишиб чиқдик, экспертиза хулосасини олдик, жарроҳлик амалиёти тўғри ўтказилган, врач хатога йўл қўймаган экан.

– Менга қаранглар, энди бу гаплардан нима фойда? – гувоҳнинг юзи тиришди. – Шунча вақтдан кейин… тушунмадим, ўзи бу масалани нега қўзғаяпсизлар? Ё бирортаси шикоят ёзганми?

– Ҳеч ким шикоят ёзмаган, – Жўрабой тушунтириш беришга мажбур бўлди, – ўша дўхтирни ўлдириб кетишган.

– Эҳа, шунақами? Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! – дуо қилди гувоҳ.

– Орадан шунча вақт ўтиб кетган бўлса-да, миянгизга дўхтирдан ўч олиш фикри келмаганми?

– Эҳа, масала бу ёқда экан-да! – гувоҳ гап нимадалигини англади шекилли, сочлари тикрайди. – Қотилликни мендан кўряпсизларми?

– Фарҳод ака, хафа бўлманг, ишимиз шунақа, – изқувар вазиятни юмшатмоқчи бўлди, – қотиллик очилмас экан, Илёс дўхтир билан боғлиқ барча ҳолатларни текшириб кўришга мажбурмиз. Шу сабабли саволларимизга батафсил жавоб бериб, ҳақиқатни аниқлашда бизга ёрдам қилишингиз лозим. Акс ҳолда, бекорга вақт йўқотганимиз қолади…

– Хўп, мендан нимани хоҳлайсизлар? – деди гувоҳ попуги пасайиб.

– Сиз дўхтирни охирги марта қачон кўргандингиз?

– Ўша воқеадан кейин уни умуман кўрганим йўқ, – беҳафсала жавоб қилди гувоҳ. – Тўғри, ўшанда ғазабим қўзғаб, бошқалар қаторида Илёс дўхтирга ҳам бир-икки мушт туширдим. Одамлар ажратмаганда, ўлдириб қўйишим ҳам мумкин эди. Лекин кейинчалик ўзимга келгач, нотўғри қилганимни тушуниб, афсусландим. Дўхтир устимдан органга шикоят қилса, керак деб ўйлагандим. Йўқ, у ҳам мард экан. Шикоятбозлик қилиб юрмади.

– Ўша пайти ёки кейинчалик қизингиз учун дўхтирни жазолаш ҳақида ўйлаганмисиз? – саволни бошқачароқ шаклда такрорлади Жўрабой.

– Тўғрисини айтайми?

– Албатта.

– Зарина бош фарзандимиз эди, – қандайдир дард билан сўз очди гувоҳ, – аёлим у туғилгунча бир марта, туғилгандан кейин икки марта ҳомиласини йўқотганди. Турмуш ўртоғим холамнинг қизи бўлгани учун эр-хотин бошқа фарзанд кўролмасликдан қўрқиб юрардик. Зарина вафот этгач, юрагимиздаги ҳадик яна ошди. Аллоҳдан тирноққа зор қилма, деб ўтиниб сўрадик. Бир йил ўтиб, хотиним яна иккиқат бўлди. Аммо хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Ҳомила яна тушиб қолди. Мен-ку бир амаллаб чидадим. Хотиним адои тамом бўлди, эс-хушидан айрилиб, ётиб қолди. Ўшанда илк бор оилам бошига тушган бундай бахтсизликлар учун дўхтирлардан ўч олиш фикри миямда чарх ура бошлади. Биринчи навбатда, кўз олдимга ёлғон ваъдалар билан қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирган Илёс дўхтир келди. Режамни аёлимга айтдим. Шўрлик онаизорнинг кўнгли шундан оз бўлса-да, таскин топар деб ўйлагандим. Йўқ, адашган эканман, у мутлақо қарши бўлди. «Нима, уларни ўлдирсангиз қизимиз қайтиб келармиди, одамга жон бериш ҳам, жонини олиш ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади, гуноҳи азимга ботиб нима қиласиз, шунча бахтсизлигимиз камми, сиз ҳам қамалиб кетсангиз, мен бир ўзим бу дунёда нима қиламан, шунча молу давлат кимга қолади?» деб йиғлаб туриб олди. Ўйлаб кўрсам аёлим ҳақ… Орадан яна бир йил ўтиб, ўғил фарзандли бўлдик. Муродимиз ҳосил бўлганидан суюниб, унга Муроджон деб исм қўйдик. Яратганнинг карами билан кейин Хасан-Зуҳра фарзандларимиз дунёга келди… Сабр таги сариқ олтин, деганлари рост экан. Аллоҳга шукр, ҳозир бахтимиз бут, ҳаётимиз тўкис, давлатимиз зиёда… так что, юракдаги алам ўти аллақачон сўниб кетган. Ҳеч кимдан қасос олишга асосимиз ҳам, сабабимиз ҳам йўқ. Қолаверса, шундай бахт ато этган Худога шак келтиришдан қўрқамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации