Текст книги "Қадр кечасидаги қотиллик"
Автор книги: Комил Синдаров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
– Яхши, – Жўрабойнинг жавобдан кўнгли тўлгани сезилиб турарди, – бахтингизга кўз тегмасин, илоё!
– Раҳмат.
– Бундан олдинги шанба, якшанба, душанба кунлари қаерда бўлганингизни, нималар қилганингизни, кимлар билан учрашганингизни, буни кимлар тасдиқлашини бир бошидан тартиб билан ёзиб берсангиз, – деди Жўрабой гувоҳнинг олдига қоғоз-қалам қўя туриб.
– Бу нимага керак? Ҳаммасини айтдим-ку, – анқайди Фарҳод.
– Тартиби шунақа, – изқувар изоҳ берди, – сизни шубҳадан холи қилиш учун керак бўлади. Ёзганларингизни текшириб кўрамиз, алибиларингиз тўғри чиқса, бўлди, сизни қайта безовта қилмаймиз.
– Майли, эслаганимча ёзаман, хатга тушдинг ўтга тушдинг, бўлмаса бўлгани! – гувоҳ қўлига қалам олди.
Шу куннинг ўзида бир пайтлар Илёс дўхтирдан жабр кўрган иккинчи шахс – Ҳамза Ўктамов сўроққа чақирилди. Ўттиз бешларни қоралаган, қўллари меҳнатдан қаварган, юзлари офтобдан қорайган, мускуллари бўртиб чиққан барзанги йигит хонага кириб келиши билан салом-аликни ҳам нася қилиб, тергов гуруҳи аъзоларига «ёпишиб кетди»:
– Тинчликми, мени нимага чақирдинглар?
– Ҳарҳолда меҳмондорчиликка эмас! – Фозилнинг юзи тундлашди. – Ўтириб, сал ўпкангизни босиб олинг! Биринчидан, прокуратурага бесабаб чақиртирилмайди, иккинчидан, бу ерда саволни сиз эмас, биз берамиз. Учинчидан…
– Фозил ака, майли қўйинг, – «профессор» устозидан ўрганган ноёб усулни қўллашга ҳаракат қилди.
– Ҳамза ака гувоҳ сифатида чақирилиш сабабини билишга ҳақли. Айтамиз: сизни Муллажоновнинг қотиллик иши бўйича гувоҳ сифатида чақиртирганмиз.
– Ким экан у?
– Вилоят болалар шифохонасида жарроҳ бўлиб ишлаган. Бундан саккиз йил муқаддам сизнинг ўғлингизни операция қилган.
– Ҳа, анави муттаҳам, одамхўр врачми? Отини нима дедингиз?
– Илёс дўхтир.
– Нима, у ўлганми? – сергакланди Ҳамза.
– Тўғрироғи, ўлдириб кетишган. Сиз у кишини охирги марта қачон кўргандингиз?
– Э шунақами? Жойи жаннатда бўлсин, деб айтолмайман, тилим бормайди. Аллоҳ одил, ҳар ким гуноҳу савобига яраша ажрини ҳам, жазосини ҳам олади! У муттаҳам аллақачон жаҳаннам оловида куйиб, кул бўлган бўлса ажабмас! – деди йигит совуққонлик билан. Унинг аламзада эканлиги гап-сўзидан сезилиб турарди.
– Марҳумлар ҳақида ёмон гапириш дуруст эмас, – «профессор» атайлаб «олов»га «керосин» сепди.
– Тўғри, бу нақл инсонлар хусусида! Лекин у аблаҳ одам-подам эмас, ҳайвоннинг ўзгинаси!
– Уни қачон кўргандингиз? – саволни такрорлади Жўрабой.
– Икки ойми, уч ойми олдин бозорда кўриб қолгандим, – деди гувоҳ тўзиб кетган сочини пайпаслаб. – Сал кайфим бор эди, отасиниям, энасиниям қолдирмай буруқситиб сўкиб ташладим. Ғинг деёлмай думини тугуб, қочиб қолди, орқаси шилта-да! Ланъатини қандай ер кўтариб юрганига ҳайронман!
– Ҳамза ака, ўғлингизнинг ўлимида врачларнинг, хусусан, жаррох Илёс Муллажоновнинг айби бор, деб ҳисоблайсизми? – Жўрабой гувоҳни мунозарага чорлади.
– Конечно, Аброржон ўладиган бола эмасди, – йигитнинг кўзида билинар-билинмас ёш йилтиради, – полвон бола эди, ўз оёғи билан борганди… Шу жаллодларга ишонган ўзим аҳмоқман. «Ҳеч қандай қийинчилик жойи йўқ, бирпасда отдай қилиб юборамиз» деса, чув тушиб ўтирибман-да! Буларнинг дарди пул эканлигини қаердан билай! Раз қўлингдан келмас экан, «Биз бунақа опрерацияни қилолмаймиз, чет элга олиб боринг», деб ростини айтмайсанми? Молимни, жонимни сотиб бўлса-да, Ҳиндистонгами, Россиягами, ундан наригами олиб бормасмидим! Одамнинг ҳаёти ўйинчоқ эмас-ку! Ўша мараздан неча марта «Хавфли жойи йўқми, яхши чиқадими?» деб сўрадим-а! Одамларга ўхшаб бешта-олтита, жилла қурса иккита боланг бўлса майлийди! Ёлғиз фарзанднинг иши оғир бўларкан. Доимо «Асраган кўзга чўп кирар, деган мақолдан чўчиб юрардим. Бировлардан «Фалончининг ёлғиз боласи ўлиб қолибди», деган гапни эшитсам, қўрқувдан юрагим ҳаприқиб кетарди… Қалбим сезган экан. Аброржон касал бўлгач, хавотирим янада кучайди. Шу сабабли дўхтирга Худонинг зорини қилдим, хавфли эмасми, жарроҳлик муваффақиятли чиқадими, деб минг марта сўрадим. Кўзини лўқ қилиб, алдади! Буларнинг дарди бошқа экан! Улар учун одам ҳаётининг бир чақалик қадри йўқ экан. Кўзга суртган дилбандимни тортиб олди, оиламни хонавайрон қилди, ҳаётимни жаҳаннамга айлантирди, умид чироғимни ўчирди. Бу ҳайвонларни оёғидан оссанг, савобга қоласан!
– Нима, ундан кейин бошқа фарзандли бўлмадингизларми? – Жўрабой йигитга ачинганиданми ёки унинг ички дунёсига киришни ўйлабми, қизиқсинди.
– Фарзандли бўлганимизда қанийди, – оғир хўрсиниб, дардини достон қилишда давом этди йигит. – Аброржонни туғишда аёлим бир ўлимдан қолганди, Худонинг Ўзи уни қайтариб берганди. Аммо бошқа фарзандли бўлиш бахтидан жудо бўлганди… Аброржон бизни ташлаб кетгандан сўнг ҳаётимиздан мазмун йўқолди. Айниқса, хотин кишига қийин бўларкан. Бечора жиннисифат бўлиб қолди. Уни ҳаётга қайтаришга қанча ҳаракат қилмай, қўлимдан ҳеч нарса келмади, уринишларим фойда бермади. Бир куни икки энлик хат ёзиб, онасиникига кетиб қолди ва бошқа уйга қайтиб келмади. Ортидан излаб бордим. Афсуски, кечикибман: Туркияга ишлашга кетиб қолибди. Онасининг айтишича, ўша ёқда бир бадавлат оилада энага бўлиб ишлаётган эмиш…
– Ўзингиз уйландингизми? – «ҳикоя»нинг давомини эшитишга қизиқди Жўрабой.
– Бир эмас, икки марта. Биринчи бахт – бахт, қолганлари бадбахт, деб бекорга айтишмас экан. Раънонинг ўрнини ҳеч бири босолмади. Бири бевафо, бошқаси қаллоб чиқди… Ҳозир эса сўққабошман! Топган пулимга ичаман, эртани ўйламайман, бировлар ҳақида қайғуриб, бошимни қотириб ўтирмайман. Хуллас, ҳаётдан безиган, яшашдан чарчаган, ҳамма нарсадан умидини узган, тамом бўлган нотавон бандаман. Менга энди бирибир! Дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетмайдими? Оламни сув босмайдими? Аммо ҳеч кимдан тилим қисиқ эмас! Бировдан муттаҳамчилик жойим йўқ! Так что… сизлардан ҳам қўрқмайман! Хоҳласанглар қаманглар, хоҳласанглар отинглар!
– Ҳамза ака, бахт ва бахтсизлик ҳамиша ёнма-ён юради, – Жўрабой ўзидан ёши анчагина катта кишига қандай далда беришни билмай қийналарди, – ҳали ҳаёт олдинда, ҳаммаси изга тушиб кетади. Жиндеккина бахтсизликдан бунақа тушкунликка тушиб ўтиришингиз яхши эмас! Олий маълумотли бўлсангиз…
– Эй ука, гапиришга осон, сиз фарзанд доғи нима эканлигини қайдан биласиз? Ягона нуридийдасидан ажралмаган одам бундай бахтсизликни ҳис қилиши жуда қийин… Қўйинг шу гапларни! Мени овутишга ҳаракат қилманг, бефойда!
– Ҳамза ака, миянгизга ўғлингиз учун Илёс дўхтирдан қасос олиш режаси келганми? – Жўрабой масалани сал бошқачароқ қўйди.
– Йўқ, унақа бемаъни хаёл калламга келмаган, – ўйланиб жавоб қилди гувоҳ, – дўхтирни ўлдирсам, болам гўрдан тирилиб келармиди? Тўғриси, қилмишига яраша жазосини беришни Аллоҳдан сўрагандим… Худога топширгандим!
– Сиз ўтган шанба, якшанба кунлари қаерда эдингиз? – Жўрабой гувоҳга қоғоз-қалам узатди. – Бир бошидан батафсил ёзиб чиқсангиз. Ҳеч нарса ёдингиздан чиқмасин. Гапларингизни кимлар тасдиқлашини ҳам кўрсатиб ўтинг.
– Демак, қотилликни мендан кўряпсизлар? – хулоса қилди Ҳамза. – Тўғри, асосларинг бор… Текшириб кўринглар. Шу ишни сен қилгансан, десанглар, қамалишга ҳам тайёрман. Менинг йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаган…
* * *
Терговчиларнинг хавотири тўғри чиқди. Кечга яқин Явғош бошқа рақамдан синфдоши Давроннинг укаси Савронга қўнғироқ қилиб, телефонни акасига беришни илтимос қилди. Гўшак Давронга теккач, одатий салом-алик ва сўрашишдан сўнг Явғош дардини очди:
– Ўртоқ, бир масалада ёрдаминг керак…
– Айтавер ўртоқ, қўлимдан келса жоним билан…
– Агар сени прокуратурадан чақириб, «Явғошга Россияга кетиши учун пул қарз берганмисан?» деб сўрашса, «ҳа» дегин.
– Т-и-н-ч-л-и-к-м-и ў-р-т-о-қ? Бу ёлғоннинг нима кераги бор? – дудуқланди Даврон.
– Шунақа десанг бўлди, бошқа сендан ҳеч нарса сўрашмайди.
– Ўртоқ, тушунтириброқ гапирсанг-чи! Нима бўлди, нега сени прокуратурага чақиришди?
– Чақиргани йўқ, телефон қилишди, – изоҳ беришга қийналди Явғош, – «Россияга кетишга пулни қаердан олдинг?» деб сўроққа тутишди. Шошганимдан Даврондан олгандим, деб айтиб юборибман. Гапимиз бир ердан чиқсин, деб сендан илтимос қилаётгандим.
– Тушунмаяпман, нима, пулни бирор жойдан ўғирлаб олганмидинг? – деди Даврон таажжуби ошиб.
– Қаердан ўғирлайман, қизиқмисан ўртоқ! Проста пулни қаердан олганимни терговчиларга айтишнинг иложи йўқ… нима, десам экан… Кейин сенга ҳаммасини тушунтириб бераман… ҳозир вручать қилиб турмасанг бўлмайди.
– Хўп майли, сенга қанча қарз берганман ўзи?
– Минг доллар, десанг бўлди. Гапимиз бир жойдан чиқса, ҳеч нарса қилишолмайди.
– Хўп, лекин сен шунча долларни қаердан олгансан деса, нима қиламан, ўртоқ? Бу томонини ҳам ўйлаганмисан? – деди Даврон иккиланиб.
– Эйй, сўрамас! Сўраб қолса, йиғиб юрган пулларим бор эди, дейсан. Бирор нарса ўйлаб топарсан, ўртоқ! – деди Явғош ялинганнамо.
– Менга қара, Ява, тўғрисини айтиб қўя қолсанг бўлмасмиди? – ҳадиксирашда давом этди Даврон. – Нима қиласан, ўзингниям, мениям ташвишга қўйиб.
– Эйй жўражон, бунча таранг қилдинг, ҳозирча тўғрисини айтиб бўлмайди, дедим-ку! Унақа сен ўйлаганчалик ёмон иш эмас, ишон! Просто вазият шунақа бўлиб қолди. Кейин сенга ўзим ҳаммасини тушунтириб бераман.
– Билмадим, жўражон! Сенга яхшилик қиламан деб, бошим балога қолмаса бўлгани! Сен у ёқдасан, мен эса шу ерда!
– Бунча ялинтирдинг, ўртоқ! Мендаям қолиб кетмас, фойдам тегиб қолар!
– Бўпти, дўстинг учун заҳар ют, деган экан машойихлар! Келишингда бирор нарса олиб келарсан! – деди Даврон юмшаб.
– Албатта, совғанинг каттаси сеники бўлади!
Йигитлар яна алланималар ҳақида валақлашиб,хайр-хўшлашгач, Санжарбек телефон сўзлашувини эшитиб ўтирган гуруҳ аъзоларига деди:
– Хўш, бунга нима дейсизлар? Явғош яшираётган «сир» нима бўлиши мумкин?
– Бу хумпар чолни ўлдирган-ўлдирмаган деёлмайман-у, аммо унинг пулини олгани аниқ, – тахмин қилди Фозил.
– Э, бу ёғи қандоқ бўлди? – Жўрабой эътироз қилди. – Чолнинг пулини олган бошқа, ўлдирган бошқами?
– Мен унақа демоқчи эмасман, – изқувар фикрини асослашга уринди, – йигит қарияни қўрқитиб пулини олган бўлиши мумкин. Шунинг учун пулни қаердан олганлигини айтолмай эртак тўқиб ётибди.
– Қотиллик билан босқинчилик жиноятлари тасодифан бир пайтга тўғри келиб қолган демоқчисиз-да! – деди гуруҳ раҳбари кесатиб. – Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир, дейишади. Сал ҳақиқатга яқинроқ келайлик…
– Менимча, Явғош кимнингдир сирини яширишга ҳаракат қиляпти, – анчадан бери вазиятни жимгина кузатиб ўтирган Худойберди фикр билдирди. – Бу боланинг совуққонлик билан икки кишини ўлдиришига ишониш қийин. Қолаверса, унда қотиллик содир қилишга арзигулик сабаб ҳам йўқ.
– Сабабсиз қотиллик қилинмайди, – Фозил гап қўшди, – Явғошга келсак, одамнинг оласи ичида бўлади… Чўзиб нима қилдик, Давронни сўроқ қилсак, ҳаммаси ойдинлашади. «Ява»ни Россиядан олдириб, қамоққа олсак, ўзи ҳаммасини айтиб беради.
– Яшанг, ўзи бу томонда биттасини асоссиз қамаб ўтирибмиз, иккинчиси етмай турганди, – деди Худойберди изқуварнинг елкасига қоқиб.
– Майли, ҳозирча фол очмай турайлик-чи, – гуруҳ раҳбари мунозарага якун ясади, – Даврон билан ишлаб қўрайлик, Явғошнинг телефон қўнғироқлари таҳлили ва пеленгациясини ўрганиб чиқайлик, яшираётган «сири»ни очайлик.
Шу пайт изқуварлардан бири узун бўйли, қорачадан келган, содда ва ҳуркаккина йигитни хонага бошлаб кирди.
– Даврон Мардиев жаноблари шу киши бўладилар, – изқувар гувоҳни таништирди.
– Келинг, ўтиринг, – гуруҳ раҳбари қўрқувдан кўзлари жавдираб турган йигитга жой кўрсатди.
– Явғош Тиркашевни танийсизми? – терговчи мақсадга кўчди.
– Т-а-н-и-й-м-а-н… с-и-н-ф-д-о-ш-и-м бўлади, – дудуқланди гувоҳ.
– Уни қачон кўргансиз ёки телефонда гаплашгансиз?
– Россияга кетишидан олдин гаплашгандим, ўн-ўн беш кун бўлди-ёв, – деди йигит қизариб.
– Ўшандан бери телефонда ҳам гаплашмадингларми?
– Йўқ, телефон қилмади…
– У ўзининг кўрсатмасида сиздан минг доллар қарз олганлигини айтган, шу тўғрими? – деди Санжарбек қаршисидаги йигитга зимдан тикилиб.
– Тўғри, Россияга кетиш учун қарз сўраганди, – кўзини опқочди Даврон.
– Бердингизми?
– Ҳа, нима қилай, Россияда ишлаб, қарзингни ойма-ой узаман деганди, – бироз дадилланди йигит.
– Сиз минг долларни қаердан олгандингиз? – терговчи атайлаб гувоҳ кутиб турган саволни берди.
– Анча пайтдан бери йиғиб юрган пулларим бор эди, – тўтидай «сайради» Даврон.
– Шунақами? – терговчи кулимсираб, стол устидаги жажигина магнитафон тугмачасини босди. Аппаратдан Явғош билан Давроннинг телефондаги сўзлашуви жаранглади. Таниш овоз ва таниш жумлаларни эшитиб, йигит қулоғигача қизариб кетди. Оёқ-қўли қалтираб, нима деярини билмай, шумшайиб қолди.
– Хўш, бунга нима дейсиз? – деди терговчи магнитафонни стол устидан четга суриб. – Давронжон, бор гапни айтишингизга тўғри келади. Биз ҳаммасидан хабардормиз. Қани, бир бошидан гапиринг-чи.
– Ява… Явғош илтимос қилганди… ялиниб туриб олди… йўқ деёлмадим, – деди йигит терговчининг юмшоқ муомаласидан сал ўзига келиб, – унга ҳеч қанақа қарз бермаганман.
– Явғош Россияга кетишдан олдин сиздан қарз сўраганмиди?
– Сўраганди, акангдан бўлсаям олиб бериб тур, деганди. Ўзингда йўқ – оламда йўқ, топиб беролмагандим.
– Явғош пулни кимдан олган бўлиши мумкин?
– Бунисини билмадим. Боя эшитдингизлар-ку, бир неча марта сўраб кўрдим, айтмади, кейин тушунтираб бераман, деб қутулди.
– Нима, деб ўйлайсиз, Явғош бирортасини тунаган бўлиши мумкинми?
– Йўғ-э, Ява унақа йигит эмас… яхши одам… Бировнинг ҳаққига хиёнат қиладиган боламас… Бирортасидан фоизга бўлсаям қарз кўтарган бўлса керак-да!
– Қарз кўтарса, унга мана бу бемаъни «театр»нинг нима ҳожати бор? Буни яширишдан кимга фойда?
– Билмадим, менга ҳам айтгиси келмади-ку, бировга ваъда қилган жойи бордир…
– Явғошнинг Кореяга бориш учун Илёс дўхтирдан қарз олганидан хабарингиз борми? – гуруҳ раҳбари бошқа томондан «ёриб кириш»га ҳаракат қилди.
– Хабарим бор. Бечора фирибгарнинг қўлига тушиб, роса азобланганди. Яхшиям отаси мол-ҳолини сотиб, қарзини узди. Бўлмаса, дўхтирдан ўлиб қутуларди…
– Балки бу сафар ҳам дўхтирдан қарз олгандир, – деди терговчи ҳеч нарсани билмайдигандай.
– Неча марта сўради, бермади-да! – деди Даврон соддалик билан. – Дўхтир жини суймаган одамни олдига йўлатмаскан. Ява биринчи қарзини узолмай, раҳматли билан роса сан-манга борганди-да! Шу сабабли тилла берсанг ҳам сенга қарз бермайман, деб туриб олди.
– Балки Явғош бирортаси орқали дўхтирдан қарз олгандир, – бошқача тахминни илгари сурди терговчи.
– Тушунмадим, у нима деганингиз? – ҳайрон бўлди гувоҳ.
– Дўхтир қарз бермагач, Явғош бирорта дўстини унинг олдига қарз сўрашга киритган. Дўхтир пулнинг кимга олинаётганини билмасдан қарз берган. Кейин дўсти пулни Явғошга келтириб берган.
– Билмадим, бирор кишининг бу ишга рози бўлишига ишониш қийин… Бир томони Илёс миянғи… бошқа томонда Россияга ишлашга кетаётган одам… Қарз вақтида қайтмаса боши қанақа ғалвага қолишини ҳис қиладиган одам бу ишга қўл урмаслиги аниқ.
– Балки Явғош яшираётган «сир» шудир? – Жўрабой мантиқни ишга солди, – ёрдам берган ўртоғини ноқулай аҳволга солишни хоҳламаётгандир.
– Дўхтир ҳаёт бўлганда сиз айтаётган тахмин ўринли бўларди. Явғош дўхтир «сир»дан хабар топиб, дўстини сиқувга олишидан чўчиган бўларди…
– Нима деб ўйлайсиз, сизнингча, Явғошга ким қарз бериши мумкин? – Санжарбек саволни такрорлади. – Дўстлари, қариндош-уруғлари орасида шунақа валламат киши борми?
– Минг доллар кичкина пул эмас, – бошини қашлади Даврон, – ойликка кун кўрадиган одам бунча пулни бир йилда ҳам тополмайди. Жўралар ўртасида қўли ҳали бунақа катта пул кўрганлари йўқ. Қариндошларининг ичида ҳам бировга ёрдам қилишга қодирлари борлигини билмайман, ўзлари қўл учида кун кўришади.
– Балки танишларингиз орасида фоизга пул берадиганлари бордир? – эзғилаб сўрашда давом этди терговчи.
– Эшитмаган эканман. Бўлганда ҳам Россияга таваккал қилиб, иш қидириб кетаётган «гастербайтер»га ким ҳам фоизга қарз берарди.
Гуруҳ раҳбари яна бир қанча саволлар бериб, сўроқни якунлади. Гувоҳга кетишга изн бераркан, тайинлади:
– Давронжон, сиздан бир илтимос бўлади. Дўстингиз қўнғироқ қилса, «Прокуратурага чақиришди, «Явғошга қарз берганмисан?» деб сўрашди, мен келишанимиздай «ҳа» деб жавоб бердим, ҳаммаси жойида», деб айтиб қўясиз, майлими?
– Майли, – деди йигит жовдираб.
– Телефон қўнғироқларингизни эшитиб туришимиз ёдингиздан чиқмасин-а, йигит! – ҳар эҳтимолга қарши огоҳлантирди Фозил.
* * *
Кун бўйи турфа хил тергов ҳаракатлари, таҳлил ва маълумотлар ишлови билан толиққан Санжарбек бошини кресло болишига қўйиб, кўзини юмганча бир муддат тин олмоқчи бўлди. Ҳеч нарсани ўйламасликка, ўзини бўш тутиб, миясига, кўзига дам беришга ҳаракат қилди. Қаёқда дейсиз! Юрак уришдан чарчамагани каби мия ҳам ўйлашдан, мушоҳида қилишдан, фикрлашдан бир он бўлса ҳам тўхтамас экан. Ҳатто тунда одам ухлаган пайтда ҳам мия ишлашда давом этади. Бошқаларни билмади-ю, аммо уники шунақа – тунда ҳам ором олмайди. Кун бўйи қабул қилган ва минг бора чиғириқдан ўтказган ахборотлар, ўй-хаёллар тунда яна қайта «ишлов»дан ўтади. Ҳаммада ҳам шунақа бўлмаса керак. Бировларда ўй-ташвиш бўлмайди, боқибеғам бўлади. Тунлари уларнинг мияси роса мириқиб дам олса керак-ов! Йўғ-э, ташвишсиз киши бормикан! Барчанинг ҳам ўзига яраша муаммоси, дарди бўлади…
Шу пайт эшик қаттиқ тақиллаб, остонада Худойберди кўринди.
– Э, Санжар ака, узр, дам олаётгандингизми? Тақиллатсам эшитмадингиз.
– Келинг, келинг, хаёл қурғур олиб кетибди, – деди Санжарбек керилиб.
– Абдужалил Абдумавлоновни олиб келгандим. Кеча Олматадан қайтган экан.
– Кирсин, биргаликда сўроқ қиламиз, – гуруҳ раҳбари сочларига тароқ солди. Худойберди эшикни очиб, йўлакда турган кишига «киринг» ишорасини қилди. Хонага қир-қирқ беш ёшлардаги тўладан келган бўлса-да, чаққонгина, қора ширғай, қалин қошли, картошка бурун киши кириб келди.
– Ассалому алайкум, – қўли кўксида салом берди у.
Расмий танишув ва одатий саволлардан сўнг гуруҳ раҳбари муддаога кўчди:
– Абдужалил ака, сизни чақиртиришимиз сабабини биласизми?
– Терговчи ука айтгандай бўлди… Илёс дўхтир масаласидами?
– Сиз у кишини танирмидингиз? – арқонни узоқроқ ташлади гуруҳ раҳбари.
– Албатта, бир зарурият юзасидан танишиб қолгандик, – китоблардагидек такаллуф билан такаллум қилишга ҳаракат қилди йигит, – қисматдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Кейинчалик шу одам билан танишган кунимга ланъатлар айтгим келди. Эйй… энди бу гаплардан нима фойда, бўлар иш бўлиб, бўёғи синди! Қамалиш бўлса, қамалиб чиқдик… Бу одам ҳам омонатини топширибди…
– Абдужалил ака, келинг бир бошидан гаплашайлик, – терговчи гувоҳни «жиловлаб», ўз йўлига солишни кўнглига тугди. – Илёс дўхтир билан қачон, қандай танишгансиз, нимага ундан қарз сўрагансиз, кейин нима бўлган, барчасини бошидан батафсил гапириб берсангиз.
– Яхши, бошидан бўлса, бошидан-да, – гувоҳ чуқур хўрсиниб, гап бошлади, – бир умр давлат ишида ишлаб, бирим икки бўлмади. Беш-олти йил Россияда тентираб, «гасербайтерлик»ни ҳам адо этиб келдим. Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилгач, айрим тенгқурларим қатори мен ҳам бизнесда ўзимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Банкдан каттагина кредит олиб, Хитойдан мева шарбати ишлаб чиқарадиган линия олиб келтирдим. Қишлоқ жойда нима кўп – мева-чева кўп. Ёзда деярли текин бўлади, арзимаган пулга сотиб олиб, шарбат тайёрланса, яхшигина даромад қилиш мумкин. Тез орада ишимиз юришиб кетди. Уч йилга қолмай банкдан олган қарзимиздан қутулиб, даромад ола бошладик. Топган пулимизнинг бир қисмини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, бир қисмини хайрия мақсадларида – камбағал оилаларга тарқатдик. Қора кунларда керак бўлиб қолар деб, уч-тўрт сўмни чўнтакка солиб қўйишни ҳам ўйламабмиз… Ишимиз яхшигина кетиб турган бир пайтда корхонамизга қизиқувчилар ҳам пайдо бўлиб қолди…
Гувоҳ «айтаверайми?» дегандай терговчиларга қараб қўйди.
– Кейин-чи, кейин нима бўлди? – гуруҳ раҳбари гувоҳни бемалол гапиришга ундади.
– Бир куни офисимга нотаниш йигит кириб келди. Жуда қуюқ сўрашди. Ўзини беозор, сипойи ва меҳрибон кўрсатиб, ҳол-аҳвол сўради, муаммолар бор-йўқлиги билан қизиқди, ҳеч ким хафа қилмаяптими, деб суриштирди. Туманнингми, вилоятнингми каттаконларидан бўлса керак, деб ўйладим. Сўнг у гапни айлантириб-айлантириб, ўзини «элчи» эканлигини, элчига ўлим йўқлигини, бир ҳурматли зотнинг топшириғи бўйича келганини айтиб, дардини очиқлади. Нимаймиш, ўша «зоти шариф»нинг ишқи бизнинг корхонага тушиб қолганмиш. Инсоф билан берган пулини олиб, корхонани унинг номига хатлаб беришим шарт эмиш! Тутоқиб кетдим, «элчи»ни сўкиб-сўкиб, хонадан қувиб солдим. «Ўзингизга қаранг ака, «катта»нинг жаҳлини чиқарманг, оқибати ёмон бўлади!» деди у кета туриб. «Хэ ўша каттангниям, сениям…» деб ошириб сўкдим. Бир-икки кун кўнглим ғаш бўлиб юрди. Банкда раҳбар бўлиб ишлайдиган танишимдан маслаҳат сўрадим. «Эййй ака, чакки қилибсиз, инсоф билан пулини бераман деган бўлса, рози бўлганингиз яхшимиди», деди у гапимни охиригача тинглаб бўлгач. «Нима, шаҳар бедарвозами, қонун йўқми, хоҳлаган одам кўнглига келган номаъқулчиликни қилаверадими?» дедим зардам қайнаб. «Ҳокимга, прокурорга, миллий хавфсизликка бораман, арз қиламан», дедим. «Ака, нима деяпсиз, ўша арз қилмоқчи бўлганларингиз бу ишнинг тепасида турган бўлса, додингизни кимга айтасиз?» деди банкир бақрайиб. Юрагим тўхтаб қолай деди… Шунча машаққатлар эвазига барпо қилган корхонамни йўқотиб қўйишдан қўрқиб кетдим. Банкирнинг гапига ишонгим келмади, унчаликка боришмас, қонундан қўрқишар, деган хаёлга бордим… Орадан тўрт-беш кун ўтиб, бояги «совчи» яна олдимга келди. «Каттага «салом»ингизни етказдим, аммо у сизни кечирди. Фақат энди шартлари сал оғирлашди», деди у безрайиб. Мен у нима ҳақида гапираётганини тушунмасам-да, ёмон балога йўлиққанимни ҳис қилиб турардим. «Сотиб оламан деса, кўнмадингиз, энди корхонани текин ташлаб кетишингизга тўғри келади, эвазига у муҳтарам зот қамалмай қолишингизни кафолатлайдиган бўлди», деди у беписандлик билан елкамга қоқиб. Тутоқиб кетдим, уриб ўлдириб ташлагим келди. Янаям шайтонга ҳай бердим. Бу ярамас газандаларнинг қўлидан ҳар нарса келиши мумкин. Оқибатини ўйлаб, муомила қилишга ҳаракат қилдим. Қарасам, ҳеч нарсага кўнадиган эмас. Сўнг устиларингдан тепага, прокуратурага, хавфсизликка ёзаман, деб қўрқитиб ҳам кўрдим. Қўрқиш қаёқда, парвойи фалак, «Ундан каттасига ёзмайсанми?» деди юзини без қилиб… Хуллас, у бетамиз корхонадан кўч-кўронимни олиб кетиб, бўшатиб қўйишга икки кун вақт бериб, қайтиб кетди. Нима қилишимни билмай қолдим. Таниш-билишларга маслаҳат солдим. Бири «Корхонани берма, қўлидан бало ҳам келмайди» деса, бошқа бири «Бу муштумзўрлар билан ҳазиллашиб бўлмайди, мол-ҳолингдан айрилганинг етмагандай, қаматиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас», дея ваҳима қилишди. Яқинда шунга ўхшаш воқеалар уларнинг танишлари билан ҳам юз берганини, уларнинг таклифига кўнмагани учун бор будидан айрилиб, камига қамалиб кетганини мисол қилиб айтишди. Одамга алам қилар экан. Шунча йиллар не-не машаққатлар билан мисқоллаб йиққан бойлигингни, бола-чақангнинг ҳалол ризқини ўроқда йўқ, хирмонда йўқ, қайси бир ҳароми қароқчиларча тортиб олса!!! Додингни кимга айтасан! Ётиб қолганча – отиб қолиш керак. Бўлиб ўтган воқеаларни батафсил баён этиб, вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғига шикоят ёздим, мени ва оиламни зўравонлардан ҳимоя қилишларини илтимос қилдим… Икки кун ўтиб «элчи» куйган калладай тиржайиб, хонамга кириб келди:
– Яхши гапга тушунмайдиган қанақа ғалчасан! – деди у мошинаси калитини бармоғида ўйнатиб. Мен ёзган шикоятларим иш берар деган умидда вақтдан ютиш, вазиятни чигаллаштирмаслик мақсадида ер чизиб туравердим.
– Яхшиликни билмайдиган нонкўр бола экансан-ку! – деди у истеҳзоли кулиб. – Ма, мана бу дийдиёларингни бир жойингга тиқиб қўй! – у қўлидаги қоғозларни майда-майдалаб, юзимга отди. Не кўз билан кўрайки, ўзим ёзган шикоятлар ерда сочилиб ётибди. Хўрлигим келиб кетди. Бир бошга бир ўлим! Стол устидаги чойнак билан уриб бошини қатиғини чиқаргим келди… Яна болаларимни, оиламни ўйлаб, шайтонга ҳай бердим.
– Нима, арз қилсам, кимдир менга ёрдамга келади, деб ўйладингми? – деди у тепамга келиб, – Худонг ҳам олдингга тушолмайди, тушундингми? – деди у юзимга шаппатлаб. Қўлини уриб, ўзимни четга олдим.
– «Катта» сенга имкон берди, фойдаланмадинг! Майли, қишлоқдан, камбағалдан чиққан бола экан деб, раҳм қилмоқчи бўлди, унамадинг! Андишанинг отини қўрқоқ билдинг! Аризабозлик қилиб, устимизга мағзава ағдармоқчи бўлдинг! Энди ўзингдан кўр! Тўрва-халтангни тайёрлайвер! Камида ўн йилга «борса келмас»га кетасан. «Жаслиқ»77
Сиёсий маҳбуслар ва ўта оғир жиноятчилар жазо ўтайдиган қамоқхона.
[Закрыть] деган жаханнамнинг тўридан сенга жой таёрлаб қўйишибди…
– Мен оддий бир тадбиркорман, қонунни бузганим йўқ, бузмоқчи ҳам эмасман. Нима учун қамашлари мумкин? – дедим зардам қайнаб.
– Нима учун, дейсанми? Бунча гўл бўлмасанг, хом калла! – ёқимсиз тиржайди «элчи». – Давлат мулкини жуда кўп миқдорда ўмариб келаётганинг ёлғонми?
– Қанақа давлат мулки? Хусусий тадбиркор бўлсам… корхонамнинг давлатга ҳеч қанақа алоқаси йўқ-ку, – дедим хунобим ошиб.
– Эҳа, шунақами? Унда давлатга солиқ тўлашдан бўйин товлагансан! Фақат ўз чўнтагингни ўйлагансан, бу ҳам ёлғонми? – деди «элчи» шунақа нарсаларга ақли етаётганидан керилиб.
– Кечирасиз, бу номерингиз ҳам ўтмайди, – дедим стол устидаги ҳисоботларни унинг олдига суриб, – солиқларни ошириб-тошириб тўлаб қўйганман. Мана, режа тўлмай турибди, деб солиқчилар илтимос қилишди, кейинги икки ойнинг ҳам солиқларини тўлаб қўйганман. Давлат мендан қарз бўлиб турибди.
– Э, шунақами? Қойил! Тўғри ишлаганман, қонунни бузмаганман де? – деди у кесатиб. – Жуда яхши! Ўзингни гўлликка солиб турганинг билан жуда пухтага ўхшайсан! Аммо, айтиб қўяй, бизникилар аяб ўтиришмайди. Қулоғингни қоқдингми, тамом, қамашга сабаб топишади! Айтгандай, банкдан кредит олганинг ҳам ёлғонми?
– Йўқ, нега ёлғон бўларкан, қарз олганим рост. Лекин қарзни тийин-тийинигача вақтида қайтарганман, муаммо йўқ, – дедим кўзимни лўқ қилиб.
– Қайтаргансан, қайтаргансан, қайтармай қаерга борардинг! Бироқ қарз олиш учун банкирларга пора берганингни унутган кўринасан, а лаббай! – миясига келган фикрдан «элчи»нинг кўзлари чақнаб кетди.
– Мен ҳеч кимга, ҳеч қачон пора бермаганман! – дедим шалвираб.
– Э, каллаварам, порасиз қайси аҳмоқ сенга кредит беради? Эсинг жойидами? Қаерда яшаётганингни унутиб қўйдингми? Бекорга мушук офтобга чиққанини эшитганмисан? Вой афанди-ей!
– Бориб ўша банкирларингиздан сўранг, керак бўлса юзлаштиринг, кимга пора берган эканман, айтсин! – дедим ишонч билан.
– Эййй товуқ мия, ҳозир любой банкирни чақириб, шу одамдан пора олганман деб ёзиб бер дея, кетига икки тепсак, дарров ариза ёзиб беради. Керак бўлса, гувоҳлар ҳам топилади! Сен нима деб алжираяпсан!
– Туҳматнинг умри калта бўлади! Ҳақиқат букилади, аммо синмайди, – дейишдан бошқа гап тополмадим.
– Эй, сўтакбой, булар ҳали ҳаммаси эмас, – мақтанишда давом этди «элчи», – сенга ўхшаган бетгачопарларни қамашга сабаблар тиқилиб ётибди. Керак бўлса, 1999 йилги Тошкентдаги портлашларда, 2004 йилги Андижон вақеаларида «террорчиларга фаол ёрдам берганинг»ни исботлаймиз!
– Мен у пайтларда Россияда эдим, ишлашга кетгандим, – ўзимни оқлашга уриндим.
– Унда жудаям яхши, чет элда туриб, террорчиларни қўллагансан, уларни молиявий таъминлаб тургансан! Бу ҳам камлик қилса, уйингдан диний варақа, наша, ўқ, қурол чиқади. Керак бўлса, автомат топамиз, билдингми? Қамаш бизга иш эмас! Ўзинг ҳамма айбни бўйнингга олиб, қамашимизни илтимос қиласан. Ахир сен болаларингни, хотинингни яхши кўрасан-ку! Уларга бирор зиён-заҳмат етишини хоҳламайсан-ку, шундайми? – деди у гўнгга тўйган хўроздай шақшайиб. Ичимни ит тирнаётган эса-да, индамай туравердим. Бу пакана маразнинг бўйи бир қарич бўлса-да, юраги отнинг калласидай эканидан ҳайрон қолдим. Ҳеч нарсадан тап тортмай гапиришидан ишонган одами кети тегирмон айлантирадиган, ҳар нарсага қодир қудратли шахс эканлигини ҳис қилдим. Шу сабабли у билан тиллашиб, аҳволимни баттар оғирлаштиришдан, айниқса, болаларимга зарар етишидан чўчидим.
– Ўзингга қўйса, ҳеч нарсадан тап тортмаслигинг аниқ, – жим туриб, итоаткорлик байроғини кўтарганим учун у овоз тўнини сал пасайтирди, – ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай инсоннинг бўш жойи оиласи, аҳли аёли, болалари бўлади. Так что, оиланг, болаларинг сен учун ҳам азиз. Уларни тақдирини ўйлашга мажбурсан…
– Нима қилишим керак, мендан нимани хоҳлайсизлар? – дедим попугим пасайиб.
– Ия, боядан бери қулоғингга ноғора чаляпманми? – сохта жилмайди пакана. – Эртага корхонангни биз айтган одамнинг номига ўтказиб берасан, бўлди, тўрт томонинг қибла, кетаверасан! Сен бизни, биз сени танимаймиз!
– Пулини тўлаб берасизларми? – дедим тақдирга тан бериб.
– Ия, эсинг жойидами? – пакананинг совуқ башараси янада тундлашди. – Бунча ғалча бўлмасанг! Пулини тўлайдиган бўлсак, сен билан сичқон-мушик ўйнаб ўтиришимизнинг нима кераги бор эди! Бошида «шеф» инсоф билан ҳақини тўлаб, сотиб олмоқчи бўлганда ўзинг унамадинг! Камига у муҳтарам зотни ҳақорат қилиб, жаҳлини чиқардинг! Айб ўзингда! Энди гуноҳингни ювишинг керак. Корхонани у кишига ҳадя қилишинг…
– Қанақа ҳадя?! – мен ўзимни тутиб туролмадим. – Нима, сенлар катта холамнинг эримисанлар ё ошиб тошиб ётган давлатим борми? Пешонамда шу цехдан бошқа давлатим бўлмаса, туҳфага бало борми?!! Пешона терим билан йиллар давомида орттирган давлатимни бериб юборсам болаларим, оиламнинг ризқига хиёнат қилган бўлмайманми?
– Буни олдинроқ ўйлашинг керак эди, – деди у совуққонлик билан, – энди кеч, ҳукм ўқилди, шикоятга ўрин йўқ.
– Ўғри бўл, ғар бўл – инсофли бўл! Сизларда заррача бўлса-да диёнат, инсоф борми? – чидаб туролмадим.
– Ияя, сен болани овсар десам, ғирт бебурд ҳам экансан-ку! Ҳозиргина «хўп» деб тургандинг, бир айланиб, ўзингни тентакликка солиб турибсан! Такрор айтаман: «шеф» сенга инсоф қилиб, қамоқдан олиб қолмоқчи! Шу икки чақага қиммат цехинг ҳаётингга арзийдими? Қамалиб кетсанг, сенга цехнинг ҳам кераги бўлмайди-ку!
– Ҳеч бўлмаса ярим пулини беринглар, – дедим ялинганнамо, – болаларимнинг ризқини…
– Йиғиштир-эй, – бақириб берди «пакана», – нима, бу ер сенга картошка бозорми, савдо қиласан! Очиқда қолаётганингга шукр қилмайсанми?! Ишларсан… бир амаллаб кунинг ўтар! Болаларинг ҳам очидан ўлмас! Катта срок олиб кетсанг, ана унда болаларинг бир бурда нонга зор, кўчада қолишади! Аёлинг чиройли бўлса керак… у нима қилади?
– Илтимос, аёлимга, болаларимга тил теккизманг! – бақириб бердим мен.
– Ана, кўрдингми, дод деганингни ўзинг сезмай қоляпсан! Ўзини ҳурмат қилган одамнинг нозик жойи хотини, болалари бўлади. Мен огоҳлантиряпман, холос… ҳаммаси ўзингга боғлиқ!
– Ака, пешона терим билан топган давлатимни ҳеч бўлмаса учдан бир нархини бериб олинглар, майли қолганига розиман, – дедим юрагим ачишиб.
– Эййй, яхшиликни билмаган эшак! Энди ўзингдан кўр! – «пакана» қўлини силтаб, тез-тез одимлаб кета бошлади.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?