Текст книги "Жаллод аёл"
Автор книги: Наби Джалолиддин
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]
Ошхонадан пичоқ ўғирладим. Энди ўзимга ҳеч кимни яқинлаштирмасликка аҳд қилдим. Бунинг учун албатта ҳимояланишим керак, акс ҳолда, қалтис пайтда ожиз қолишим мумкин. Пичоқни туни билан тошга ишқаб чиқдим, сувлаб-сувлаб қайрадим. Ишонсангиз, бирор марта уйқу тортиб кўзларим юмилмади. Аксинча, вужудим тетиклашиб, қалбу шууримда қатъият пайдо бўлиб борди. Тонгга яқин қўлимдаги оддий ошпичоқнинг тиғи шу қадар ўткирлашдики, билагимга шунчаки сирпасам тукларимни қира олди. Бош бармоғимни текизгандим, тилишига оз қолди. Чироқ нурида йилтираганида, юрагимда олов ёнгандай бўлиб, дастасини маҳкам чангалладим.
«Мана энди мендан кўрасанлар!» дедим тишларим орасидан ириллагандай.
Шу-шу пичоқни латтага ўраб, ёнимда олиб юришни одат қилдим.
Турдининг қилмишидан уч кун ўтиб, Ринат рўпара келди. Ҳеч нарса бўлмагандай иршаяди денг.
– Намунча кўринмай кетдинг, миттигинам? – деди кўзларини сузиб.
Унга пастдан қаттиқ тикилдим.
– Ҳа, нима бўлди? – сўради гўё ўтган ишлардан буткул бехабардай. – Бошқачасан?
Нигоҳимдаги нафрат зиёдалашди. Бундан Ринат хиёл эсанкиради.
– Ҳа, уми?.. – дея кўзларини яширишга уриниб, талмовсиради. – Ҳеч нарса қилмайди-ку, жиннивой! Турдиям сени яхши кўради. Қолаверса… – Нигоҳимга тўқнаш келиб, бўшашди.
Мен унга ҳамон шунақаям тикилардимки, шу ернинг ўзида ғажиб ташлашга тайёр эдим.
– Кечир, – деди у ерга қараб, – маст эдим, билмай қолдим!
Демак, баридан олдиндан хабардор.
Пичоқнинг тиғини очиб, атрофдагилар кўрмаслиги учун унга яқинроқ келдим-да, қорнига тирадим. Тавба, шундай забардаст йигитнинг ранги дув оқариб кетди, чамаси, кўзларимдаги ғазаб ва нафратдан ўзини йўқотди.
– Менга қара, ит! – дедим йиртқич ириллашида. – Бундан буён ёнимга яқин йўласанг, ўлдираман! Тушундингми? – дея пичоқни нуқдим.
У «их» деб силтаниб, ўзини нари тортди. Пичоқ этига ботган экан, лаҳзада кўйлагида қон туси кўринди.
– Энди эса йўқол! – дедим-да, ортимга қайрилдим…
Шунчалик журъат топа олганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдим, ичимга сиғмасдим, вужудимни мислсиз ҳузур сийпаларди. Ринатнинг сўнгги кепатасини эсласам завқим келаверарди. Бундан кучимга куч қўшиларди. Демак, энди навбат Турдига!..
Узоқ пойламадим: бир куни кечга томон омборга кираётганини кўрдим-у, ортидан югурдим. Ичкарилаб, эшикни ҳалқаладим. Турди мени кўриб, айниқса, ҳаракатларимни ўзича тушуниб, завқланди шекилли, ошкора суюлди:
– Ҳмм, ёқиб қолдими? – дея яқинлашди. – Дарров қайтарамиз-да. – Нафрат тўла нигоҳимга кўзи тушиб, таққа тўхтади. – Нима истайсан? – сўради овози хиёл титраб.
Мен олдингидек жим тикилиб туравердим.
– Агар бирор бемаза ишни мўлжаллаган бўлсанг, ўзингга қийин бўлади, мишиқи! – деди кўзлари олайиб, лекин хавотирлана бошлагани аниқ эди.
Ундан ғазаб ва нафрат тўла нигоҳимни узмасдим.
– Менга қара, мараз! – дедим тишларим орасидан. – Сени урушда қатнашган, одам бўлса керак, деб ўйлардим. Афсуски, ҳайвон экансан!
– Ҳай-ҳай, оғзингга қараб гапир! – дея қаддини ростлади. – Ҳозир сени!..
Пичоқни чиқариб, ўқталдим.
– Агар менга яна бирор марта яқинлашсанг, ўлдираман! – деб пичоқни сермадим.
– Ҳей, ўзингни бос! – деб ўнг қўлини чўзганди, пичоқ солдим. Билагининг орқасини кўндалангига бир неча энли жойини тилиб юборди. Шариллаб қон оқди. Даҳшатдан кўзлари олайиб кетди. – Эйй, нима қиляпсан?! – дея жароҳатини чангаллади.
– Агар ғиринг деб овоз чиқарсанг, – дерканман, важоҳат билан унга яқинлашавердим, – каллангни оламан! – Пичоқни силтагандим, ортига тисланди. – Ё директорга айтиб, шармандангни чиқараман! Энди менга барибир!
– Ундай қилма, Жела! – У бирдан суст кетиб, ёлворишга тушди – Бола-чақам бор!.. Мени кечир!.. Энди сенга озор бермайман, ишон!
Бошимни мағрур кўтариб, унга ғолибона боқдим.
– Ифлос! – дедим нафрат билан. – Тфу!.. – ортимга қайрилиб, эшикни очдим. Бир нарса эсимга тушгандай тағин унга ўгирилиб, Ринат совға қилган рўмолни ирғитдим – Боғлавол! Жароҳатидан тўхтовсиз қон оқарди.
Ташқарига чиқиб, енгил нафас олдим. Мен буткул ғалаба қилгандим. Аммо шу-шу эркак зотини ёмон кўриб қолдим…
9
Мен ўзгаргандим, лекин буни тўла тушунмасдим, англамасдим. Юрагим гўё тош қотиб борарди-ю, ўзимга ишончим ортаётгандек эди. Яшашни истардим ва яшашим кераклигини ҳис этардим, бироқ тутгулик (таянч) нуқтани тополмасдим. Аҳдим, қасдим аён эди, ўз тақдиримга ҳукмни ҳам чиқариб бўлгандим, аммо қандай ижро этишга ақлим етмасди. Нима бўлганда ҳам энди мен ютқазишни истамасдим. Чунки жимит бошим бир бор бўлса-да, ғалабани туйиб улгурди. Буёғига ортга йўл йўқ! Шу қадар совуққон бўлиб борардимки, гоҳо ақлим шошиб қоларди: дарсларни нуқтасидан нуқтасигача аниқ-тиниқ бажарар, тенг-тўшларимни қўйинг, ҳатто муаллимларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб, зимдан назорат қилардим. Дунёга, ҳаётга, ўзимга талабим шу қадар ортиб борарди. Мен мисоли борлиқ билан курашга чоғлангандим…
«Детдом»га давлат хавфсизлик хизматидан, ички ишлардан, ҳарбий идоралардан меҳмонлар келиб туришарди. Улар гоҳо ҳамма билан бирваракай, гоҳо якка-якка суҳбатлар қилишарди. Қайси касбларни хоҳлашимизни сўрашар, орада ўзларининг соҳаларига яхши кадрлар жуда-жуда кераклигини (Балки ростдан ҳам шундайдир) беозоргина тиқиштириб ҳам ўтишарди. Энди ўйласам, бизни қизиқтиришган экан-да. Чунки ўсмирлар одатда осмонларда учиб юришар, албатта, ҳаммадан зўр, айниқса, етимлар, бахтли ва тўкис бўлишни исташади-ку. Улар шуни ҳисобга олишган дейман-да. У даврларда давлатнинг махфий хизматларига асосан ота-онасиз, қариндош-уруғлари йўқ ёки уларни билмайдиган ёшларни олишган. Махфийлик – бу миясида узвийлик йўқ одам дегани. Бундай шуурга ҳар қандай маълумотни жойлаш ёки вақтида олиб ташлаш мумкин. Буни йиллар оша тушуниб етганман, албатта. Лекин унда…
Бир куни улар яна келишди. Умумий ва алоҳида суҳбатлар бўлди. Эл қатори кийимдаги, наздимда, Ринат тенги бирови (Аниқки, ўзбек эмасди, улар ўзбекларга ишонишмасди) мен билан ҳам гаплашди. Олдинига ўзича меҳрибонлик қилган бўлиб, ҳол-аҳволимни сўради.
– Ўқишларинг яхшими?
– Яхши, – дея унинг устидан кулган бўлиб у ён-бу ён тебрандим.
– Баҳоларинг қалай? – У аслида менинг қандай ўқишимни яхши билган ёки кейин билиб олгани аниқ эди.
– Фақат «беш»!
– Ким бўлишни истайсан?
– Сизга ўхшашни! – дедим кўзларига чақчайиб ва бу гапим чин эди.
– Нима?! – деб юборди у хиёл қўзғалиб. Назаримда, бунақа жавобни кутмаганди шекилли.
Унинг кўзига тик боқдим-да, дедим:
– Сизга ўхшаб одамларни саралашни ва ҳукм чиқаришни истайман!
(Йиллар оша ўйлайман: ўша ходим менинг журъатим ва қатъиятимдан ҳайратга тушганмиди ёки ўзларига муносиб кадр топилганданми? Бу, балки инсон тақдири инсон учун бир пуллигидандир.)
Бир муддат ўзини ўнглашга уринганини сездим. Ниҳоят:
– Ўйлайманки, ниятингга, албатта, етасан, – деди-да, дафтарини ёпиб, ўрнидан турди.
У алдамаган экан. 1955 йилнинг баҳорида, «детдом»имиз раҳбарияти шахсий ҳужжатларимни Украинанинг Харьков шаҳридаги Олий милиция мактабига жўнатди. Ёзда у ёқдан қоғоз келди: ўқишга имтиёзли қабул қилинибман, сентябрда дарслар бошланар экан. Мен на хурсанд бўлдим, на хафа, ҳаммаси шундай кечиши керакдек бепарво эдим. Аммо директоримиз бош барча ходимлар ўқувчиларни сафга тизиб, олий ўқув юртига битирувчилар орасида биринчи бўлиб, яна-тағин имтиёзли кирганим билан мени тантанали равишда табриклашди, гуллар, совғалар беришди. Бу аҳдим сари ташланган илк қадамларим эди, шунинг учун юрагимда совуқ бир ғалаба нашидаси ғимирлаганини сездим, лекин ташимга чиқармадим.
Қизиғи кейин бўлди. Ринат билан Турди мени кўрганда хавфсираб, ҳатто қўрқиб қарайдиган, гоҳо ўзларини олиб қочадиган одат чиқаришди. Бу менга куч бағишларди, борлиғим ловуллаб, жимит бошим осмонларга етгудай юксаларди. Мен яна ғолиб бўлгандим. Демак, эркак зоти ожиз ва нотавон бир мавжудот экан, уни ер билан яксон қилиш, ҳар нафасини тарозидан ўтказиш, охир-оқибат мажақлаб ташлаш мумкин! Ҳа, мен уларни йўқ қиламан! Шундай йўқ қиламанки!.. Ўша пайтларда қалбимда кечган ҳузурни, қасос оловини сиз тасаввур ҳам этолмайсиз!..
Август охири кечаларининг бирида акам ва Настя учаламиз жам бўлдик. Тун бўйи шеърлар ўқидик, гитара чалиб, қўшиқ айтдик, болалик, келажак ҳақида гаплашдик. Ўзимизда йўқ бахтиёр эдик. Лёня билан Настя бир-бирларини қаттиқ севишларидан таъсирландим, хурсанд бўлдим. Аммо мен акамдан бошқа барча эркакларни ёмон кўриб қолгандим. Тавба, тонг отгунча ухламабмиз-а!.. Эртасига темир йўл вокзалига чиқдик. Иккиси мени кўз ёшлар ила кузатиб қолишди. Лекин бу ҳеч нарсасиз кишиларнинг нималаргадир эришганидаги тонгдай соф севинч ва соғинчнинг илгарилаган ёшлари эди.
10
Харьковда ҳаёт осуда эди. Асосан оппоқ кийинган одамлар турмуш ташвишлари билан елиб-югурсалар-да, юз-кўзларида бахтиёрлик. Уруш тугаганига ўн йил бўлган, аммо асоратлари мудом сезилади: бомбаларда портлаган, нураган бинолар, ўпирилган деворлар, ҳарбийлар ёки қўлсиз, оёқсиз кишилар юракларни бир силтаб қўяр, одамлар барини унутишга уринаётганини пайқаш мумкин. Чунки бу ерда фашистлар билан қақшатқич жанглар кечган, қанча-қанча бегуноҳлар қирилган… Сиз буларни мендан яхшироқ биласиз, ўғлим, фикримча…
Бизга бир хил кийим, ётоқхона беришди. Курсимизда икки қиз эдик: шеригим Катя (Екатерина) асли харьковлик. Ота-онасию яқинларини худди Настяники каби фашистлар ўлдиришган экан. Унинг қолиши ҳам ғаройиб – суюкли эчкисини айлантириб юриб, четроқдаги катта дарахт тагида ухлаб қолганмиш. Шу сабаб немислар уни кўришмаганмиш. Бу гапни Катянинг ўзи тўқиганми, дейман-да, ахир унда кичкина бўлган-ку. Балки биров айтиб бергандир, тағин ким билади.
Катя иккимиз бир хонага жойлашдик. У очиққина, чиройлигина эди. Аввалига менинг феъл-атворимни унча тушунмади, балки парво қилмадими. Кейин эса… Иккимиз ҳам бир-биримиздан ҳуснли қизлар бўлсак, шунча йигит гап отмай ёки мундайроқ айтганда, тегажоғлик қилмай қўядими! Бу Катяга ёқарди шекилли, уларнинг қилиқларини кўпам оғир олмас, ҳатто ўзларига яраша жавоб қайтариб, апоқ-чапоқлашиб, кулиб кетаверарди. Мен эса бошқача эдим. Йигитлар буни қаёқданам билишсин, қолаверса, ёшлик ҳамиша ўз ишини қилади-ку: бир-иккиси бирин-сирин менга ҳам гап ташлаб кўришди. Эркак зотининг муносабатини қўйинг, турқини кўришга ҳам тоқатим етмасди. Уларни шунақаям итариб ташладимки, бунақа муомалани кутиш тугул, важоҳатимни кўриб, ҳайратдан ёқа тутишгандир. Айниқса, нигоҳимдаги маъно… Баъзан ойна олдида кўзларимга боқиб, ўзимнинг ҳам юрагим орқага тортиб кетарди. Шу-шу кўпчилик мендан нари юрадиган бўлди.
Шаҳар менга ёқди. Дастлаб ўқув юртидан ташқарига чиқишга жуда кам рухсат бериларди. Биринчи курсдаёқ одамовилигим янада ортди. Барча менга ғалатироқ қарарди, англардим, бироқ парво қилмасдим. Ичимдаги ўтни, кучни ва ўша аҳдимни кимга ҳам айтай ёки ким ҳам унга бардош бера олади?! Совуққонлигимдан гоҳо ўзим ҳам қўрқиб кетардим, бошқаларнинг аҳволини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Сабоқлар қатъий интизомда ва тартибли олиб бориларди – шуниси менинг жону дилим эди. Барча фанларни, ҳеч бир қийинчиликсиз, гўё ош-нон егандай ўзлаштирардим. Ҳарбий эмасмизми, менга шу қўл келарди: барчаси бошқарув асосида – буйруқ берилди, бажардинг, тегишли саволга жавоб қайтардинг, тамом. Шу муҳим эмасми, ахир! Муаллимларимизнинг кўпчилиги уруш қатнашчилари. Уларнинг ҳаракатларида ҳаётга ташналик сезилса-да, аёллар ва умуман турмуш маъносида, ортиқча гап-сўз қилишмайди, жиддий ва самимий муносабатда бўлишади. Ишонинг, у пайтларда одоб-ахлоқ деганлари доим амалда эди ва бу одамларнинг оддийгина ҳаёт тарзига айланганди.
Катя билан эл қатори яшаб юрдик. Лекин бир куни қўққисдан хонага кириб келди-да, шартта елкаларимдан тутиб, бирпас кўзларимга қаттиқ тикилди. Сўнг стулга ўтқазиб, ўзи ҳам рўпарамга чўкди. Анчагача овоз чиқармади. Мен-ку ҳамиша гум-гурсман, дилдошу сирдошларим – акам билан Настя ёнимда бўлмагач, кимга ҳам ёрилай?! Индамаслигим қулай туюлар ва бундан қалбим ҳаловат топарди.
– Менга қара, Жела, – деди ниҳоят Катя мулойим овозда. Унинг кўзлари намли эди. – Ота-онасиз қолган биргина сенми? Ахир ҳозир Совет Иттифоқидаги болаларнинг ярмидан кўпи етим-ку?! Нега бунақасан?!
– Қанақа? – сўрадим ундан-да, озорсиз боқиб. Айни дамда уни қучоқлаб, бағримга босгим, йиғлаб, дардимни тўкиб солгим келарди. Афсуски, унда ожизлашиб, қатъиятимга путур етади, барча қатори одамга айланаман.
Товушимдаги босиқлик аксил таъсир қилди шекилли, у энди бўғриқди:
– Бу нима деганинг?!
Мени тушунолмаслигини сезсам-да, негадир очиғини айтдим:
– Катя, биз хизматдошмиз, ўртоқмиз! Хафа бўлмагин-у… Масалан, сен одам ўлдира оласанми?!..
У сапчиб кетди.
– Нима?!.. – Туси дув оқарди. Ахир бу жиноятчилар, бандитлар билан қаттиқ кураш кетаётган ва «партия»нинг янги даври бошланаётган пайт эди-да. Катя бошқача – бахтли ҳаётга яқинлашаётган ва уни қўлдан чиқаришни истамаётган инсон алпозида ўзини йўқотди шекилли.
Менинг хотиржамлигим янада ортди:
– Нега ҳайрон бўласан?!.. Одам ўлдириш қўлингдан келадими-йўқми?!
– Мен фашист эмасман! – дея у шу қадар жиддийлашиб, тумтайдики, бу ростликмиди, ўзимни қандай тутишни билолмай қолдим. Эсанкирамадим, йўқ, фақат шундайин беғубор қизнинг кўнглига озор бериб қўйишдан, уни гардлашдан қўрқдим, шекилли. Ахир у мени ҳеч қачон тушунмаган-ку ва бундан буёғига ҳам тушунолмаса керак.
– Мен ҳам, – дедим-у, бирдан Настянинг латта қўғирчоғи кўз олдимга келди. – Қўғирчоғинг борми?
– Нима? – деб юборди ҳамон аразидан айрилолмаётган Катя ҳайратдан кўзлари олайиб. Шунинг ортидан «мабодо жинни-пиннимасмисан» дегандай бақрайди.
– Тошкентда ўртоғим бор эди, – дедим «Кел, бирпас ўтирайлик» маъносида, – ўзи Россия томонлардан. Бизга эвакуация қилинганди. Ғирт етимча. Унинг латта қўғирчоғи бўларди, жуда-жуда яхши кўрарди. Ҳозир шу эсимга тушиб кетди.
Катянинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, «хайрият-ей» дегандай нафас чиқарди.
– Ўртоғинг ҳозир қаерда? – сўради эски қадрдондай самимий овозда.
– Ким? – дея ўсмоқчиладим ва бу билан уни ўз ҳолига қайтариб, ўзимга яқинлаштирмоқчи бўлдим.
– Ўша ўртоғинг-да! – У мени хаёли чалғиди деб ўйлади.
– Ҳа, Настями?
– Исми Настями?
– Ҳмм.
– Хўш, у ҳозир қаерда?
– Тошкентда.
– Қўғирчоғи-чи?
– Уям Тошкентда, – дедим-да, жилмайдим.
Катя ҳазилимни тушунди шекилли, тиржайиб елкамга туртди.
Лекин менинг сирим сирлигича, ҳатто ўта сирлигича қолди.
11
Биринчи босқич умумий фанлар ва соҳанинг назариясини ўрганиш билан ўтди. Тартиб-интизому кийим-бошни ҳисобга олмаганда, эл қатори ўқув юртларидан фарқланмасди. Желага эса қатъий қоидалар, ҳамма нарсанинг ўз вақтида бажарилиши ёқарди, йўқ, балки унга ишонч бағишларди. Эрталаб олтию ўттизда бадантарбия қилиш учун сафланишганида яйраб кетарди: енгил кийимда сочини силкитиб сакрашларини айтинг. Уйқуга кеч ётганликларидан ҳали уйғониб улгурмаган баъзи йигитларнинг норози минғир-минғирлари, тетикларининг ҳазил-ҳузуллари унинг учун фарқсиз эди. Катя бўлса, беихтиёр унга тақлид қилиб қоларди.
Эрталабки жисмоний машқлар баҳона кейинги пайтда Желанинг хушторлари кўпая бошлаганди. Бирови тиржаяди, бошқаси ҳиринглайди, билар-билмас суйкаладиганлари ҳам, мунглироқ, балки маънолироқ боқгувчилари ҳам бор. Лекин буларга эътиборсиз, тўғрироғи, писандсиз эди. Бу унинг музаффарият сари одимларимиди?!..
Жела гўзал, ёқимтой эди. Бироқ нигоҳига йўлиққанки одам ўзини бир қават териси шилиниб тушгандай ҳис этарди. Мана шу унинг ҳаёт мувозанатимиди, чунки эркакларнинг довдираб, эсанкираб қолганини сезганида, ич-ичидан ғалаба нашидасини, вужудига қувват инаётганини туярди.
Отиш машғулоти бўйича инструктор бор эди – капитан. Баланд бетон деворли қўрғонда мерганликни ўргатарди. Ўзи келишган, аммо қаттиққўл. Ҳатто ундайларнинг ҳам гўзаллик қошида довдираши, суст кетиши аниқ. Капитан сездирмасликка минг уринмасин, ҳаракатлари барибир ошкор этиб қўярди. Одатда тўппонча отишни курсантга яқин келиб, қўлларидан, елкаларидан ушлаб-нетиб, қаддини қандай тутишини ҳисобга олган ҳолда машқ қилдирилади. Йигитлар-ку – муаммо эмас, туртиб, силтаб, ҳатто ўнг келганида бўралаб сўкиб ташлаш ҳам мумкин. Қизлар энди бошқа масала. Унинг устига, бу курсдаги икки қиз бири-биридан чиройли бўлса!
Капитан Желанинг тўппончали ўнг қўлини нишонга тўғрилаб, елкаларини пайпаслаб, қаддини ростларкан, зимдан оппоқ бўйнига, қоп-қора майсадек киприкларига, жилвали қошлару лабларига қараб-қараб қўярди-да, танида чумоли ўрмалагандай хуш ёқарди. Нишон тахтага ёпиштирилган (Ахир атроф бетон девор-ку), доиралари рақамланган. Жела унинг ҳаракатларига парво ҳам қилмай (У эркак зотини биргина қиёфада кўрарди-да), ҳар сафар ўқини фақат ўнинчи айланага текизарди. Ҳамма оғзи очилиб томоша қиларди.
Жела еттита ўқнинг барини «аъло»га отди. Тумшуғи қизиган тўппончани инструкторга бераркан:
– Қанийди, шу нишон ўрнида одам, бирор эркакми бўлса, – деди шунчаки гапираётгандай.
– Нима?! – дея кўзлари чақнади капитаннинг.
– Ахир биз тирик жиноятчилар билан курашамиз-ку! – Желанинг нигоҳида совуқ хотиржамлик собит эди. – Балки уларни отишга тўғри келар. Нега ҳайрон бўласиз?! – деди капитаннинг ҳайрат тўла нигоҳига боқиб. – Жиноятчилар, «Мана отинглар», деб ўзларига нишон қоғозини ёпиштириб олишмайди-ку! Кейин тирик одамни отишни ҳам ўрганишимиз керак-да!
– Тўғри, – деди капитан хиёл бўшашиб, олислардан келаётгандай товушда. – Лекин биз одам ота-ота келар манзилимиз шу бўлди. Илойим, сизларга бу кўргилик буюрмасин!
Жела хотиржам эди.
– Сиз урушни назарда тутяпсиз-да, а? – дея ортда турган кўпчилик сари сурилди. – Урушнинг бўлмагани яхши-ии, аммо отувга ҳукм этилган ёмо-оон жиноятчилар бор-ку! Улар эса фақат эркаклар! Уларни отиш керак, албатта!
Ўқ овозлари тинганидан унинг гапини ҳамма эшитди. Балки ҳеч ким қўрқмаган ёки чўчимагандир, аммо барча бу ғалати одамнинг кейинги ҳаракатларини кутарди.
– Хван, сен яхши курсантсан, – деди капитан ҳолатни юмшатиш учун. – Машқни аълога бажардинг, қойил!
Жела бирдан у томон сапчиди.
– Чап қўлда отишга ҳам рухсат этинг, ўртоқ капитан! – деди тўппончага ошиқиб.
– Отставить, курсант! – деб юборди инструктор беихтиёр, ахир у ҳарбий, буйруқ беришдан бошқа қандай нажоткори бор! – Бу энди сенга нега керак бўлиб қолди?!
Жела пинак бузмай деди:
– Мен икки қўлим, оёқларим, кўзларимда ҳам фақат отишни истайман!
Барча ҳайратда қотди…
– Нега унақа қилдинг? – дея сўради кечқурун Катя.
– Қанақа? – Жела ўртоғининг нима ҳақида сўраётганини чиндан ҳам тушунмади.
– Нима қанақа?! – тутоқди Катя унинг совуққонлигидан эсанкирагандай. – Одамларни шунчалар ёмон кўрасанми, Жела?!
– Мен одамларни эмас, эркакларни ёмон кўраман! – деди қиз тишлари орасидан, кўзларини олайтириб. Сўнг ёқимли жилмайди. – Юр, яхшиси, ташқарида айланиб келамиз. Бу ерларнинг оқшоми бағоят чиройли бўларкан!
Катя унга қўрқув ва ҳайрат ила бақрайиб турарди.
– Ҳозир ташқарига чиқсанг, – деди Катя гўё ўзига ўзи гапираётгандай нигоҳи паришонлашиб, – ҳамма қочиб кетади! Сен одам эмассан, Жела!.. Сен… Сен!..
Жела шарақлаб кулиб юборди.
– Мен телбаман! – дея ўзини каравотига отди-да, тортмаси устидаги семиз китобни олиб, очди. Ҳузурли ҳиринглади. – Ундан кўра мазза қилиб «Телба»ни ўқийман. Сен эса, ўртоқжон, айланиб кел. Фақат ҳаммани қочириб юборма!..
Катя анграйганича тош қотди…
Ўша кунлари Желани, ҳеч кутилмаганда, мактаб бошлиғи йўқлаб қолди. Лекин у на ҳайрон бўлди, на ҳаяжонланди ва ёки на хавотирланди. Шундай бўлишини билгандай, қабулхонага хотиржам кириб борди. У ерда хушсурат кичик лейтенант, бошлиқнинг ёрдамчиси бўлса керак, столдаги қоғозларни пайпасларди.
– Ўртоқ кичик лейтенант, – дея қўлини чаккасига тақаб, жарангдор овозда ҳисобот берди Жела. – Курсант Хван мактаб бошлиғининг буйруғига биноан етиб келди!
Ёрдамчи уч-тўртта варақни текислаш учун столга ураркан, негадир хиёл жилмайди-да, кўзлари ёқимли сузилди.
– А-аа, курсант Хван, эшитганмиз-эшитганмиз, – дея раҳбарнинг хонасига кириб кетди.
Кўп ўтмай, қайтиб чиқди-да, икки қаватли эшикнинг биринчисини ланг очиб:
– Киришингиз мумкин, – деди.
Жела пилоткаси (бош кийими) ни ечиб, қоидага биноан буклади-да, чап погонининг остига тиқди, сўнг шаҳдам қадамлар билан ичкари кирди. Ортидан эшик ёпилганини эшитди. Қаддини ғоз тутиб:
– Ўртоқ полковник!.. – дейиши ҳамоно, улкан столнинг тўрида ўтирган йирик жуссали бошлиқ «кераги йўқ» қабилида қўл силтади-да, хона бўйлаб терилган стулларнинг ўнг тарафдаги бирига ўтиришга имо қилди.
Жела қаддини тик тутганча омонат чўкди.
Хона кенг эди. Полковникнинг уруш қатнашчиси эканлиги аниқ, чунки чап кўксида турли орден ва медалларни англатувчи нишонлар кўзни қамаштиргудай ялтирарди.
Столнинг олдидан бўртган «бурни»нинг сўл ёғида оқ-сариқдан келган майор ўтирарди.
Мактаб бошлиғи нигоҳини ерга қадаган курсант қизга бирпас зимдан тикилди.
– Мана, бизнинг Хван қанақа экан, – деди ниҳоят жилмайиб. – Жимитдайсану қизим!
Жела ҳам илжайди, лекин бу нигоҳига юқмади. Бошлиқнинг «қизим» дегани эса дил торини чертмай қўймади.
– Таниш, – дея ёнидаги майорга ишора қилди полковник, – бу киши менинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосарим, яъни «замполит»имиз. Энди у сенинг энг яқин кишингга айланади. Негалигини кейин унинг ўзи бафуржа тушунтириб беради. Хуллас, гап бундай…
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?