Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +
II

Худди шу пайтда, шаҳар марказидан унча узоқ бўлмаган хонадонларнинг бирида қизиқ суҳбат борарди.

Юз минглаб киши яшайдиган шаҳарда шундай бўлиши табиий ҳол, албатта. Аммо мазкур хонадон соҳиби худди ўша йўқолган қиз тўғрисида гапирарди.

Аниқроғи, жумҳуриятда машҳур бўлиб кетган бир хонанда, қандайдир тўй ва қизнинг ўғирланиши тўғрисида эди суҳбат мавзуси.

– Энди гап бундай, – давом этди хонадон соҳиби ним табассум билан. Афтидан у жуда антиқа бир нарсан ўйлаган, аммо режасини ошкор қилишдан ўзини тийиб турарди. – Бир ҳафта ўтди, топишолмади, етар. Уйига қўнғироқ қилиб қизининг шу ердалигини айтамиз.

– Келади-ю, олиб кетаверадими? – норози қиёфада сўради хонадон соҳибининг жияни.

– Сабр қил! – давом этди соҳиб, – мен қизиқ бир ўйин ўйлаб қўйганман. Инсоният тарихида бўлмаган томоша! Лекин ҳозир айтмайман. Унда қизиқчилиги қолмайди.

Шундай қиламанки, хонанда… Йўқ, сабр қилинглар. Эрта тўрт-бешта дўстларимни чақираман. Шу ерда тушлик қиламиз. Ўшанда меҳмонлар ҳам, сиз ҳам томошанинг зўрини кўрасиз.

III

Хонанда айтилган пайтда етиб келди. Ҳаяжондан дағ-дағ титраганча дарвозадан кирди. Ёшгина бир йигит уни меҳмонлар ўтирган супа олдига бошлаб борди. Шовуллаб осмонга тиниқ зарралар отиб ўйнаётган фаввора олдида ўтириб суҳбатлашаётган басавлат кишиларни кўриб қўл қовуштирганча кутиб турди. Меҳмонлар гапдан тўхтаб, қадаҳларни дастурхон устига қўйишди-да, мезбонга қарашди. Хонанда аввал айтганимиздек, жумҳуриятда машҳур эди. Бу ҳол меҳмонлардан баъзиларини ўйғайсизлантирди, рубобини кўксига маҳкам босганча пойгакда музтар турган кишига ачиниб безовталана бошладилар.

Ногоҳ хонанданинг лаблари ҳаракатга келди:

– Қизим қаерда?! Соғми ўзи, тирикми? – деди титраб-қақшаб.

– Қизинг соғ, – жавоб қилди хонадон соҳиби, – ўзинг қандайсан? Гуноҳинг нималигини биласанми?

– Биламан.

– Тўғри иш қилганмидинг?

– Иложим бўлмади. Бир бечора сиздан аввалроқ хизматга айтиб қўйганди.

– Гапирма ортиқча гапни. Сен сўйган товуқни мен пат қилганман. Иложинг жуда бор эди. Сен ўзингни камбағалпарвар қилиб кўрсатмоқчи бўлдинг. Тўйда қилмаган хизматингни мана энди қиласан.

– Қизимни бир кўрсатинг аввал, кейин ўлим ишга буюрсангиз ҳам розиман. – Илтижо қилди хонанда. Титроқ бармоқлари билан кўзларидан оқаётган ёшларни артаркан, томоқ қириб қўшиқ айтишга ҳозирлик кўрди.

– Мени тошбағир деб ўйлама, – писанда қилди хонадон соҳиби, – қизинг уйингдагидан зиёд яшаяпти. Биров қўл тегизган эмас. Кўнглимда ёмонлик йўқ билсанг, аммо ўша куни жуда алам қилди…

– Қизим қаерда ўзи, олиб кетаверайми?

– Олиб кетасан. Аммо мен меҳмонларга ваъда бериб қўйганман. Сўзининг устидан чиқмаслик эр кишининг иши эмас. Ҳаммани ўзингга ўхшаган деб ўйлама.

– Қўшиқчиларимни юбордим-ку.

Мезбонлар томошанинг қандай бошланиши ва нима билан тугашини билишмас, ишқилиб охири бахайр бўлсин деб кутиб туришар, бошлиқларининг раъйига қараб бирор нарса дейишмасди.

Хонанда фурсатдан фойдаланиб қизимни кўриб қолармиканман деган умид билан атрофга аланглаб олди, ҳовлини қуршаб турган уйларнинг деразаларига кўз тикди. Оғир шоҳи пардалар қимирламас, эшиклар очилмас, ичкаридан тиқ этган товуш эшитилмасди.

– Олиб бор!

Хонадон соҳибининг товушини эшитиб хонанда қалтираб кетди. Буйруқнинг мазмунини тушунмади. Кўнглида умид ва умидсизлик бир-бирига қарши курашарди.

Нарироқда хизматга шай турган йигит хонанданинг қўлидан тутиб супадан пастга бошлади.

– Ўзинг ортингга қайт!

– Яқинроқ бораверинг, мен ҳозир курси олиб келаман, – деди йигит.

IV

Хонанда ит билан юзма-юз қолди. Жониворнинг ҳайбатидан чўчиди, аммо қизи учун ўлимга ҳам рози эди. “Майли, шу ваҳший жонивор мени ғажиб ташласин, суякларимни тилка-пора қилсин, уларнинг нияти мени итга талатиш эвазига қизимни озод қилиш бўлса ҳамма талабларини бажараман”.

Ит боғланмаганди. Шунинг учун ҳам хонанда унинг яқинига бормай анча берида тўхтади.

– Яқинроқ! – деган буйруқ бўлди супа томондан.

“Барибир эмасми, хаёлидан ўтказди хонанда, ит боғланмаган-ку, талайдиган бўлса ҳовлини айлантириб қувиб талайвермайдими?”

Буйруқ яна такрорланди.

Ит бошини кўтариб қаршисида турган кишини кўрди. Ҳид олди ва нотаниш одамнинг кўзларига тикилиб қолди.

– Бошла!

Хонанда дафъатан ўзидан нима талаб қилинаётганини тушунмади. Хаёли бошқа фикрлар билан банд эди. Супа томонга ўгирилиб қарашга юраги дов бермади. Рўпарасида турган баҳайбат махлуқнинг ташланишини кутарди.

– Чал рубобингни!

Хонанда “тирноқ”ни олиш учун секин чўнтагига қўл суқди.

Ит ҳушёр тортди.

Рубобнинг таранг тортилган тори титраб кетди, бошқа торлар жўр бўлишди, садолар бир-бирига қўшилди. Хизматкор йигит курси олиб келиб берди. Хонанда жонивордан кўз узмаган кўйи астагина ўтирди. Тиззалари қалтираб борарди.

– Шўх-шўхидан оларкансиз.

Ит безовталанди.

Инсон қўлидаги қуролдан таралаётган садолар қулоғига ёқмади. Шусиз ҳам кун иссиқ, нафас олиш қийин эди. Жонивор бу одамга қандай муносабат билдиришга билмас ва ана шу ноаниқлик туфайли қийналарди. Ортига ўгирилиб девор остидаги салқинроқ жойга қаради. “Лекин буни бегона одам чекиниш деб тушунмасмикин”. Ит хониш қилаётган одамдан кўз узмаган ҳолда нималар бўлаётганини тушунишга ҳаракат қилар, “бегона”нинг турқидан, оғзини очганча бетиним бақираётганидан ва қўлидаги қуролидан таралаётган товушлардан заррача қўрқмаётганини англатмоқчи бўлиб хўмрайиб қўйди.

Қовоқ уйди десак ҳам хато бўлмайди, чунки итлар қовоқ остидан қараб, зарур бўлганда савлат тўкиб туришни ва бу билан ким эканликларини кўрсатиб қўйишни яхши эплашади.

Умуман, кўз қарашининг ифодаларига бойлиги, таъсирчанлиги жиҳатидан итлар барча жониворлардан устун туради. Айрим ички туйғуларни кўзлар ёрдамида англатишда ҳатто одам ҳам итга тенглашолмайди, ночор қолиб сўзга мурожаат қилади. Итнинг нигоҳидаги садоқат туйғуси ана шундай – инсон учун кўз қараши орқали ифодалаб бўлмайдиган ҳиссиётдир.

Рубоб жаранглар, инсон куйларди.

Супа тарафдан хушнуд қийқириқлар эшитилди.

Ит ўрнидан қўзғалиб салгина нарига, девор тагига бориб ётди. Ўша ердан туриб бегонани кузатди. Энди унинг нигоҳида бепарволикка хос ифода бор. Жонивор хонадон учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқлигини, ўзига ҳам ҳеч ким зиён етказмоқчи эмаслигини пайқаб олганди. Фақат уйқусига халақит бермасликларини истарди. Шундай бўлса-да, бошини ерга қўйишга журъат этмади. Бу “итона хизмат”ни суиистеъмол қилиш бўларди.

Шу билан бирга нима бўлганда ҳам унинг қаршисида одам ўтирибди ва жон куйдириб қичқирмоқда, унинг қандайдир мақсади бор. Одамзодки шунчалик қийналиб турганда ит халқи бемалол ётоладими!

Хонанда куйларди.

Ит унинг хонишига қулоқ тутиб турди. Инсоннинг ноласи, таҳқирланган жоннинг қичқириқлари рубоб торларининг титроғига қўшилиб мунгли навога айланарди. Инсоннинг кўзлари юмилган, киприклари орасидан қайноқ ёш сизиб оқмоқда. Қўллари бетиним титрайди, ниманидир қидираётгандай, таянч излаётгандай гоҳ юқорига, гоҳ пастга томон ҳаракат қилади. Демак, унинг жони қаттиқ азобда. Ит буни ҳис қилди. Бундай пайтда ёрдам бериш зарурлигини ва шундай қилиш ўзининг бурчи эканлигини илғади. Ўрнидан туриб яқинроқ борди.

– Шўх-шўхидан бўлсин!

Энди хонанда ҳеч нарсани эшитмасди. Рубобнинг мунг тўла садолари қўшиқнинг ғамга қоришган оҳанги, инсон юрагин сел қилиб юборувчи кучи аланга бўлиб унинг вужудини қамраган, оламга ўт кетгани ва ана шу ўт ичида қовриларди. Аланга орасида оҳ уриб гирён бўлар ва нуридийдасини изларди. Табиийки, бундай ҳолатда супа тарафдан буйруқни эшитмади. Чўли ироқни айтди, сўнгра Сегоҳни, Чоргоҳни куйлади. У ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бунчалик жўшиб, бу қадар эзилиб қўшиқ айтмаганди. Назарида уммонлар чайқалар, тоғлар тебранарди. “Муножот”ни, “Қаро кўзим”ни айтди, сўнгра “Гиря”га ўтди.

Кўзини очиб қараб итнинг йиғлаётганини кўрди, аммо ўз кўз ёшларим бўлса керак деб гумон қилди. Аниқроғи рўпарасида турган жониворнинг итлигини унутган, уни қўшиқ таъсирида борлиқни эсдан чиқарган одам деб ўйлади.

Инсон юрагидан отилиб чиқаётган нолалар шу қадар ғамнок эдики, ит тирик жонзот сифатида буни тушунди. Одамзод бошига тушган ғамнинг улуғлигини пайқади, безовталанди, бошини кўтарди, ғингшиди, ҳурди ва ғапшинди.

Одам ҳамон йиғлар ва нола чекарди. Унинг илтижолари жониворни қаттиқ ташвишга солди, қўрқитди, сув тошқини ёки зилзила бўлиши муқаррарлигини сезгандай тумшуғини осмонга чўзди ва бор овози билан улиб юборди.

Супа тарафдан қаҳқаҳа янгради.

– Бас! Вақт тугади, тўй тамом, икки ярим соат хизмат кўрсатдинг, – деди хонадон соҳиби пастга энгашиб қараб. Сўнгра қизни олиб чиқишни буюрди.

Рубоб тарақлаб ерга тушди. Торлар бундай муомаладан ҳайратлангандай бараварига садо бердилар. Хонанданинг қўллари икки ёнга беҳол осилиб қолди.

– Дадажон!

Бу жарангдор садо дунёдаги бор шовқин-суронларни супуриб ташлади. Ота кўзини очиб қаршисида нуридийдаси турганини кўрди. Ўрнидан туролмади, ўтирган жойидан интилиб қизни беҳолгина бағрига босди. Қиз унинг қўлтиғидан олди. Ота-бола жимгина йўлга тушдилар. Ит бу манзарани ғамгин кўзлари билан бир лаҳза кузатиб турди-да, ерда ётган рубоб устидан сакраб ўтиб уларнинг ортидан эргашди:

– Замҳарир, қайт! Замҳарир!

Меҳмонлар ҳам итни чорлашарди:

– Замҳарир!..

– Замҳарир!..

ШАМА

1

… Ва мана, томди сўнгги томчи ҳам ниҳоят. Ниҳоясига етди неча миллион йил давом этган жараён. Бир варақ ёки бир неча варақ хатга сиғмайдиган туйғуларни ифодалаш учун ана шу жараён маҳсулидан фойдаланишни хаёлига ҳам келтирмаганди Вадут. Хат ёзмоқчи бўлди дастлаб. Қўлида қоғоз-қалам. Деразадаги қора пардани сидириб ташлади тонг шафағи. Қоғоз эса ҳали бокира қиз хаёлларидай оппоқ. Ўйлаб кўрса, нафақат бир неча даста қоғозга, балки ўнлаб китоб ёзса ҳам сиғмас экан айтмоқчи бўлган гаплари…Аммо пировард натижа шу бўлдики, юрагини кемириб ётган алам-изтиробларни қоғозга туширмасдан ва ёки оғзаки баён этмасдан англатиш йўлини топди тасодифан. Тасодиф эди бу чиндан ҳам. Уйидан чиққанда, Сўқарота тоғлари томон кетиб бораётганда ва ҳатто “Тангги” дарасига етганда ҳам кутмаганди бундай бўлишини.

Руҳан эзилган ва тушкун эди Вадут. Токи “Тангги” дарасига етиб боргунча роса тўрт соат юрди. Сўқарота тоғлари кўринди узоқ-узоқдан. Чўққи устида бир бўлак оппоқ қор. Ана шу нуқтага бориш ва қор устига кўксини босиб ётиш, тинчланиш ва қайтиш… бошқа ҳеч нарса сиғмасди аламнок юрагига. Ана шу мақсад билан кетаверди, қўллари орқасида. Одатда кекса кишилар шундай юрадилар. Вадут йигирма беш ёшда. Аммо шу лаҳзада ундан кексароқ бирор киши йўқ бу дунёда. Бир кечанинг таассуроти инсонни шу даражада руҳан қаритиши мумкинми? Бу ҳақда ўйлашни истамасди йигит. Умуман ўзининг мавжудлигини унутган эди унинг вужуди. Ва шу ҳолатда Сўқарота тоғлари томон кўтариб борарди унинг бўм-бўш вужудини садоқатли ва жафокаш оёқлар. Фақат хаёлнинг ғуборли хира кўзгусида мунғайиб ўтирарди бир аёл…

2

Ердан бош кўтармади аёл. Хаёл… хаёл… хаёл… Узоқ ўтирди ҳали йиғиштирилмаган тўшак четида. Бармоқлари оҳиста ғижимларди чойшаб тўрларини. Тўр тешикларидан чўғдек яшнаб кўринарди хино қўйилган тирноқлари. Ердан бош кўтармади, аммо кўриб турди ҳаммасини. Ваннахонага ўтди эр, эшитилиб турди сувнинг шовуллаши. Унинг сувлар сачратиб, совуқ сув нафасидан энтикиб, “оҳ-оҳ”лаб, “ваҳ-ваҳ”лаб, ва пишқириб ва шишиниб ювинишини истарди аёл. Бундай қилмади Вадут, наридан-бери ювинди, мисвок ҳам қилмади. Бирдан бутун дунёни зулмат қоронғулик қоплаб ҳеч ким бир-бирини кўролмай, тополмай қолишини истади шу лаҳзада аёл. Маҳкам юмди кўзларини, зулмат пардасига ўранди борлиқ, киприклари яна қайта очилганда ҳамон хона ёруғ эди…ва бор эди дунё ҳам ҳамон.

Ваннахонадан шарпасиз қадамлар билан чиқди эр. Шу кеча ва фақат бир кеча тунаган тўшаги томонга қарамади ҳам. Шундай бўлсада пайқади Олиянинг қай ҳолатда ўтирганини. “Бечора Олия” ана шундай тушкун кайфият ҳукмронлик қилди бир зум унинг руҳиятида. Ортига қайтиши, уни қучоқлаши ва бағрига тортиб иситиши, яъниким қалб меҳри билан иситиши керак эди. Бунинг ўрнига эшик томон юрди. Оҳиста ва шарпасиз ёпилди ташқи эшик ҳам. Похол шляпасини қўлида ўйнаганча қай томон юришини билмай туриб қолди бир муддат. Орадан чорак соатлар ўтганда тоғ томон кетиб борарди Вадут. Юрагини нобакор ердан баландроқ жойда туришини, тоғ шамоли сочларини тўзғитиб, тортқилаб учиришини, эгнидаги оқ сурп кўйлагини юлқилаб-юлқилаб эсишини, ичидан кўтарилаётган илиқ ва ифлос нафасни сўриб олиб, бутун вужудини муздек тоза ҳаво билан тўлдиришини хаёл қилар ва шунга интиларди унинг куйган тани.

Ўша ҳолатда узоқ ўтирди уйда қолган аёл. Хаёл… хаёл… хаёл… Эрк берди у хаёлларига. Кўзларидан оқаётган қайноқ ёшни сезмади алҳол. Нимадир қизариб кўринди ҳалқаланган ёш пардаси ортида. Чўғдек қизил. Қон! Қандай қон бу? Кошки ўзининг вужудидан оққан қон бўлса…Шошиб артди кўз ёшларини ва оёғининг хино қўйилган тирноғига кўзи тушди. Кўп нарсани эслатди унга бу қизиллик. Ғарибгина уй. Кимсасиз бир йигит. Ҳар кун келиб неча бор хабар олиб турган ўлим фариштаси. Йигитнинг суврати ҳам бор эди қизнинг буюмлари орасида. Қоши, пешонаси қилтириқдек бўйни ва шапалоқдек қулоқлари, пешонасининг икки четидан тўкила бошлаган сочи, ёноқларидаги тарам-тарам қизиллик… буларнинг ҳаммасидан аввал кўзга ташланарди унинг кўзлари. Темур эди йигитнинг номи, лекин кўзларининг одатдан ташқари катталиги ва мангу қотиб қолган мунг туфайли Лемур деб атарди ўзини. Деворда лемурнинг суврати билан ёнма-ён турарди Темурнинг суврати.

Биринчи кун унинг уйига борганида сувратларга қараб ҳайратини, таажжубини ва кулгусини яшира олмаганди қиз. Дераза тубига қўйилган ёзув столи атрофида ўтиришди юзма-юз. Суратлар қизнинг рўпарасида. Қиз ўз ихтиёри билан келмаган эди албатта. “Бор, ўша шўрликдан хабар ол” деган эди онаси. Қўшни эдилар улар ва оилада Темур тўғрисида гап бўлиб турарди деярли ҳар оқшом. Тез орада Темурга навбатдан ташқари отпуска беришди ишхонасидан. Бу нимага шама эканини тушунди йигит ва қайтиб мактабга бормади. Олияга қўшиб беришди унинг дарсларини ҳам. Кўргани келишди у раҳбарлик қилаётган еттинчи синф болалари, аммо ўқитувчи уларни уйига киритмади, дераза орқали гаплашдилар. Бир даста қизғалдоқ териб келишганди ўқувчилари. Оддий икки литрли шиша банкага солиб қўйди гулларни Темур. Ўша оқшом бандидан узилиб стол устига тушди бир неча дона гулбарг…

3

Кейинги икки кун ичида дув тўкилди гулбарглар. Бундан рамзий маъно изламади Темур. Чунки унинг ёноқларидаги қизиллик кўпайган ва буни соғайиш аломати деб умид қиларди у. Кеч кузгача дош берди унинг чириган ўпкаси. Ва ниҳоят, қон аралаш вулқондек отилиб чиқди сўнгги нафас. Олия рўмолчасини тутди унинг оғзига. Қон рўмолчадан оқиб оёқларига томчилади, қип-қизил қонга бўялди тирноқлари. “Мен уни севардимми?” Йигит дафн этилгандан кейин ана шу савол бир неча муддат қийнади уни. Ўлимидан бир кун олдин кўтаринки кайфиятда юрди Темур. “Ман наме-до-нам чи ном до-ра-а-ад” эрталабдан чошгоҳгача ҳовлисини айланиб юрди ана шу қўшиқни хиргойи қилиб. Кейин “Қора сочим ўсиб қошимга тушди” деб Ҳалима Носирова ижро этган романсни куйлади. Олия бир тавоқча палов кўтариб келганда “Бутхоналар ичра ҳеч тарсо, Бир кўрмади сен каби санамни” дея ўзича ғинғиллаб ўтирарди. Ёғоч скамейкада ёнма-ён ўтиришди улар. Темур ҳеч нарса демас, нуқул Олияга қараб жилмаярди.

– Нима гап? – сўради Олия жиддий тортиб.

– Яримта коньягим бор…

Умрининг сўнгги кунларини ва балки сўнгги соатларини яшаётган одамнинг раъйини қайтариш керакми? Ахир бу скамейкада бошқа ўтирмайди у, мана бундай беозор ва хушнуд кулмайди ҳам, оғзига қуйсангиз ҳам ичмайди коньягини…

– Ичамиз! – деди қиз муштини ҳавода силкитиб.

– Ичамиз! –Чаққон ўрнидан турди Темур. Оқ шим, оқ кўйлакда эди у. Ҳаракатланаётган бу оқлик хонага кириб кетгунча ортидан қараб турди Олия. Бир пиёла чой ичгулик вақт ўтди орадан. Ана, эшикдан аввал кичкинагина баркаш, кўйлакнинг оқ енги ва ниҳоят Темурнинг ўзи кўринди остонада. Шошиб кўзларини артди қиз. Баркашни скамейка устига қўйди-да, яна уй томон югурди. Кичкинагина журнал столчаси кўтариб чиқди бу сафар. Ҳамма нарса байрамона бўлишини хоҳларди бечора йигит.

– Яшаш қандай яхши! – деди у скамейкага жойлашиб ўтириб, столчани ўртароққа сураркан. Офтобнинг бир даста нури олма дарахтининг шохлари орасидан йўл топиб ўтиб унинг пешонасини ёритиб турарди. Жуда чиройли эди унинг оғир дарддан жафо чекаётган рангпар юзи.

– Эсингдами, дарсимга анализга кирганинг?

– Эсимда.

– Пилла теришга борганимиз-чи?

– Эсимда.

– Сенга шеър ёзиб берганим-чи?

– Эсимда.

– Алдама, шеърни йиртиб ташлаганинг-чи?

– Бунча “чи-чи”ладингиз.

Ёлғондакам аччиқланган бўлди қиз. Узоқ ўтиришди улар. Скамейкага офтоб келди. Уфққа томон оғганди кун. Баркашни кўтариб уйга киришди… Пардалар туширилган, нимқоронғу ва салқин эди уй… Ҳа, нимқоронғу эди уй. Пардалар туширилган…

4

Ана шу воқеалардан уч ой аввал совчилар келган эди Вадутнинг уйидан. Бообрў хонадон. Бир афсус сизғириб ўтди қизнинг кўнглидан. Токи никоҳ оқшомигача ичига чироқ ёқса ёришмади. Йигит билан учрашиш ва унга борини айтишга қарор қилди ниҳоят. Бундай қарорга келишдан аввал хат ёзиш мақсадида бир неча бор қоғоз-қалам олди қўлига. Аммо "Хат бошқа бировнинг қўлига тушса-чи" деган андиша ва хавотир йўл бермади бунга. Ва йигитнинг йўлини пойлади юзма-юз гаплашиш мақсадида.

– Вадут!

Атайлаб баланд овоз билан йигитнинг номини айтиб чақирди.

– Олия!? – ногаҳоний бу учрашувдан таажжубланганини яширолмади йигит. Ва унинг ёнига борди. Тикилиб қаради қизнинг синиққан юзига. Токи унаштирилгунга қадар сенсираб мурожаат қиларди Вадутга. Умуман, шаддод қизлардан эди Олия. Шу боис унга эҳтиёт бўлиб муомала қилишарди қишлоқ йигитлари. “Вадут” деб ўктам овоз билан йигитни чорлаганда ўша шаддодлик ва жасоратга таянганди афтидан, ва шу руҳий тетиклик таъсирида айтиб олмоқчи эди кўнглидаги гапларни. Энди калимага келмай қолди тили. Лабини тишлаганча жим қолди қиз.

– Сен… сиз …

– Ойингиз саломатмилар?

– Ойим?.. Ҳа, раҳмат.

– Тобингиз йўқдай?

– Бошим… бошим оғриб турибди бироз. Дорихонага чиққандим. Ҳалиги “Ринза”ми оламан деб. Учрашамиз деб ўйламагандим.

– Мен эса неча кундирки, бундай учрашувни орзу қилиб юргандим. Қаранг, астойдил орзу қилган киши етаркан орзусига…

Бошини кескин кўтариб йигитнинг юзига қаради Олия. Чарақлаб ёниб турарди унинг кўзлари. Кенг пешонасида узуқ-юлуқ, учта чизиқ. Чизиқлар орасида тер тепчиб турибди. Оғиз атрофидаги икки қават чуқур чизиқ ундаги қувноқлик, кулгуга, ҳазил-мутойибага мойилликдан ва ҳаттоки қатъиятдан нишона. Йўғон бўйни ва унда бўртиб турган томирлар… куч бор бу йигитда. Бечора Темур эса бунинг акси эди… Акси эдими? Бу дунёни ташлаб кетатуриб бир оғиз ҳам ҳаётдан нолимади. Айтишларича, тобутда ётганида ҳам лабларидаги табассум ҳамманинг эътиборини тортган. Ахир ўша табассум менинг фидойилигим туфайли эмасмиди. Мен ёритмадимми унинг қоронғу дунёсини. Ахир у табассум билан тарк этди-ку бу дунёни… Қизнинг ўйлари шу жойга етганда бир селофан халтачада дори-дармон кўтариб чиқди Вадут дорихонадан ва қизнинг қўлига тутқазаркан, деди:

– Тезроқ олиб боринг, агар онангиз тетик бўлсалар… бирор соатдан кейин чиқсангиз…

Қаршисида турган инсон нақадар бахтиёр. Дили ширин орзуларга тўла. Бу орзуларни ҳатлаб ўтолмади Олия.

– Бугун индаманг, эртага…

– Майли, онангизнинг соғлиқларига қаранг.

5

Тоғ томонга кетиб бораркан, қир устида туриб пастликка назар ташлади Вадут. Бир томон қишлоқ, иккинчи томон қабристон. Қишлоқда уйлар ҳар хил: катта-кичик, ҳашаматли, ночор ва хароб. Қабристонда деярли бир хил. Баъзилар шу ерда ҳам ўз салоҳиятларини кўрсатишга ва бошқалардан ажралиб туришга уриниб нималардир қилишган, аммо барибир умумий маҳзунлик тамғаси бор ҳаммасида. Қияликнинг бир четида кўриниб турибди Темурнинг “уйи” ҳам. Уйланмади, бола-чақа кўрмади бечора йигит. Ошиқ-мошиқ бўлиб юрмади бирорта қиз билан. Майли, жойи жаннатда бўлсин. Шундай деб беихтиёр юзига фотиҳа тортиб қўйди Вадут ва давом этди йўлда.

Тобора юқорилаб бораверди қир устидан. Алам-ангезли эди унинг туйғулари: “Ким бўлиши мумкин?” Акбарми? Сарварми? Шокирми? Балки математика ўқитувчиси Файзуллаевдир… Тўрт марта уйланган.” Йиллар арфметик прогрессия билан ўсса, унинг хотинлари геометрик прогрессия билан ўсади” дерди Темур. Сувнинг гулдуроси эшитилди қир ортига ўтгандан кейин. Тегирмон новидек тор оралиқ, сон-саноқсиз ғалдирлар, тош ҳовузчалар бўйлаб оқарди бу ерда сув. “Тангги” деб ном олган тош ўзан. Ўзаннинг ҳар иккала бети тош деворлар қуршовида. Оқар сув бунёд этган бу антиқа иншоот кеча-кундуз бир маромда гувранар, шоввалардан чуқур тош ҳовузчаларга қуйилаётган сувнинг салқини, атрофга фавворадек сачраётган майин сув зарралари ва буларнинг ҳаммаси жўровоз бўлиб куйлаётган монотон бир куйга қулоқ тутганча кўзларини маҳкам юмиб турди. Қоронғуликда яна ҳам кучайгандек бу овоз ва ундан ҳосил бўлаётган сукунат. Сув бўйида ўтириб яна бир неча бор такрорлади бу машқни. Сувга қаради. Хаёллари ҳам тўлқинларга қўшилиб оқиб кетаётгандай. Бундай ҳолатда қараб турган нарсангни аниқ кўрмайсан, шувалиб яйралиб кўринади ҳамма нарса. Ногоҳ тоғу тошларни жаранглатиб сайраб юборди тоғчумчуқ. Пастда катта бир харсанг остида одам ўтирганини пайқаб қолганди бу ҳовлиқма тоғ жарчиси. Дарани тўлдирди акс садо. Ҳушёр тортди барча жону жониворлар, ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам. Сув остида жимирлаб турган тошлар тиниқлашди. Ва чўнтак соати катталигидаги бир тош ўзига тортди Вадутнинг эътиборини. Оддий олақуроқ тошча, аммо нимадир бор унда. Сув бўйида ўтирганидан бери бир неча бор кўзи тушганди унга, мана энди нигоҳини узолмай қолди ва сира кутилмаганда ярқ этиб қишлоқнинг марказий кўчаси намоён бўлди кўз ўнгида. Ана, жимжимадор ёзувли турли кўринишдаги дўконлар ва маиший маданий корхоналар: Ана, сартарошхона. Эшиги тепасида тароқ билан устаранинг расми. Ундан йигирма қадамлар нарида қошиқ билан санчқи суврати чизилган туника лавҳа. Шу яқин ўртада ошхона борлигининг белгиси бу. Ана, Мадали бобонинг дарвозаси ёнида сим билан ихчам қилиб боғланган бир боғ хашак… Ҳар қандай саводсиз киши ҳам англайдики, бу ердан хас-хашак сотилади. Дунё халқларининг бугунгача қўлланиб келинаётган илк ёзуви… Замонавий маркетларнинг жимжимадор лавҳалари эмас, айнан ибтидоий буюм ёзуви унга нималарнидир шивирлаб тургандай. Буларнинг ҳаммаси ихтиёрсиз бир тарзда Вадутнинг шуурига урилар ва ҳеч қандай ҳиссиёт қўзғатмаса-да, сув остида жимирлаб турган олақуроқ тошча билан қандайдир боғлиқлик томони бордай туюларди. Ҳа, айнан шу қадимий буюм ёзуви ва сув остидаги тошча…

Шошқин бир ҳаракат билан ҳатто енгини ҳемаришни ҳам унутиб қўл солди муздек сувга. Худди балиқ тутгандай уни маҳкам чангаллаганча кўтарди сувдан. Ва сўради: “Нима демоқчисан?” Ана шундай савол билан қараб турди бир муддат сиртидан сув томчилаб турган маъданга. Кейин уни дастрўмолчасига ўраб чўнтагига солди ва ўрнидан туриб хаёлан хайрлашди дара билан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации