Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 18

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 18 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +
3

Орадан кўп йиллар ўтгандан кейин энтикиб; шошилиб, борлиқни унутиб бордим ўша дарахт олдига яна. Ҳамон ўша қиёфада, шохларини кенг ёйиб, новдаларини кўкка чўзиб, шабадада енгилгина шовуллаб турарди бизни дўстлаштирган Қорадўлана. Қадрдоним, дугонагинам! Бормисан? Омонмисан?! Тиканларингни баданларимга санч, санч! Санчавер, чидайман. Ва… мана бундай қиламан, мана бундай! Кўксимга… дарахт танасининг ғадир-будир пўстлоғи, қачонлардир кесиб ташланган новданинг теграси ғурра бўлиб қолган кўзи ва ғуддалари қаттиқ ботди кўксимга. Бор кучим билан қучдим унинг серчизиқ ва серажин, реша-реша танасини. Кўксимга чуқурроқ ботди унинг тиканлари. О, нақадар ҳузурбахш эди бу азоблар.

Оқшом қоронғусида қайтдим хонамга, ғамхонамга. Нимчам чўнтагида бир кафт дўлана. Гулдор чинни ликобчага солиб қўйдим уларни. Нўхат катталигида қорамтир-қўнғир дўланалар. Электр чироқнинг нури ликобчани ва унинг ичидаги дўлана доналарини кўраётгандай, нур толаларини улар томон йўллаётгандай, ва улар устидан, майин, сарғиш ипак қатимларини тортаётгандай. Бир донасини қўлимга олиб ёруғликка тутиб қарадим: Сирти силлиқ, бир томонида игнанинг учидай ингичка думчаси, иккинчи учида дўлана этига чуқур ботган парпари шаклдаги бурунчаси бор. Оғзимга солдим. Ширинлиги ҳам, нордонлиги ҳам нимтатир. “Қорадўланани кўп ема, оғзингдан қорасув келади” дердилар онам раҳматли.

Кейин яна бир неча марта бордим унинг ҳузурига.

… Кеч куз эди сўнгги марта борганимда. Қуриган хашаклар устида қиров. Арғувон либосин ташлаган алволилару зардолулар ҳам. Қишловга ҳозирлик кўрмоқда эди менинг “дугонам”. Биз, одамлар қиш келаверса қалин кийимларимизни кийиб оламиз, эшик туйнукларни совуқ кирмайдиган қилиб беркитамиз. Дарахтлар эса аксинча, яланғоч ҳолда кутиб оладилар аёзларнинг қаҳру заҳрини. Қорадўлана ҳам атрофдаги барча дарахтлар каби япроқ ташлаган бўлса-да, новдаларда шиғилдай дўланалар қизариб турибди. Болаликда худди шундай маржоним бўларди, ҳавас билан қарашарди дугоналарим…

4

… Она дўлана пойида бўйи уч-тўрт қаричлар чамаси ёш ниҳол. Аввал “дугонам”га қарадим, сўнгра ёш ниҳол пойига тиз чўкдим. Бармоқларим билан нозик танасини силадим. Сертикангина. Ҳали ёш бўлишига қарамасдан тиканлари мустаҳкам, қаттиқ, ўзини ҳимоя қилишга ярайди. Уйга қайтиб сенга айтиб бердим буларнинг ҳаммасини. Албатта ёдингга келди ўша илк учрашув. Эриш туюлмади сенга гапларим. Қучоқлаб бағримга босгим келди сени, аммо атрофга кўз югуртирарканман,бундай қилмасликка, токи тун чўккунча сабр қилишга кўндирдим ўзимни. Чунки чор атрофда кўзлар, кўзлар… Бизни кузатиб турган кўзлар, кўрганларига юз чандон қўшиб сўз отадиган тиллар, турли ғийбатларни ўйлаб топадиган миялар бор. Буларнинг ҳаммаси ҳар жиҳатдан соғлом, ақлли, тартиб-интизомли одамлар вужудида мавжуд. Ҳар бир ишни ўйлаб, ўз мақсадларига бўйсундириб қиладилар улар. Шунинг учун ҳам менинг юриш-туришимдан куладилар улар. Фақат сен тушунасан менинг қалбимни. Мана, ниҳоят жийдалар гуллаб, далада тунайдиган вақт ҳам келди. Баҳорнинг ана шундай жонбахш илиққина оқшомларидан бирида супага жой қилдим. Иккита янги кўрпачани ёнма-ён тўшаб, иккита ёстиқ қўйдим. Кўрпачалар устига оқ чойшаб ташлаб, кўрпача қатига, ўзим ётишни мўлжаллаган тарафга бир бўлаккина оқ сурпни қистириб қўйиб сенга қарадим. Жойга киришдан аввал олдингга бордим. Йигирма бир ёшда эдим ўшанда. Оқ сурп кўйлакдаман, бизнинг суҳбатимиз унчалик қовушмасди гоҳида. Шундай бўлса ҳам олдингга борардим ҳар оқшом.

Бир кеча Санобар исмли дугонам ёнимда тунаб қолди. Ярим тунда унинг безовталанаётгани ва нимадандир норози бўлиб, уйқусирагандай тушуниксиз сўзларни айтаётганини эшитдим ва қулоқ тутдим. Ҳеч нарса англамадим. Тинимсиз шовулларди ҳовлидаги бир туп терак. Пайқадим албатта, унинг нимадандир норози бўлаётганини. “Бир кеча минг кеча эмас” дедим шивирлаган овозда. Барибир кўнмади ва шовуллайверди. Илк бор аразладим шунда ундан. Ва тескари томонга, дугонам ётган тарафга ўгрилиб олдим “мана бўлмаса” деб.

– Бу терагинг уйқу бермади менга, – деди эрта билан дугонам ёстиқдан бош кўтараркан. Ва нима учундир оҳиста шовуллаб ва тебраниб турган дарахтга қараб қолди. Мен ҳам қарадим унга, яъни сенга.

– Етти йилдан бери аҳвол шу, – дедим нолигансимон.

Ахир эридан шикоят қилишни яхши кўришади-ку аёллар. Хаёлимга келган бу фикр ёқмади ўзимга. Мен бундай қилолмаслигимни, эримдан ҳеч қачон нолий олмаслигимни айтмадим дугонамга.

– Ҳовлинг атрофини девор билан ўраб олсанг бўлармиди… – деди дугонам хайрлашиб йўлга тушаркан. Шундай қилиш зарурлигини кўпдан бери ўйлардим ўзим ҳам. Аммо бу ердан катта йўл ўтиши тўғрисидаги гаплардан иккиланиб қўлим бормасди ишга. Қора чодирини борлиқ узра ёйди қора тун. Юлдузлар чарақлай бошлади кўкда ва ҳадемай тун маликаси ой ҳам кўринди. Аммо мен ойсиз зим-зиё тунларни хуш кўраман. Шундай бўлса ҳам бордим ҳузурингга энтикиб, тўлиқиб ва бағрим ёниб. Ойга қарадим ва секингина сенинг соянгга яшириндим. Енгилгина, ёқаси очиқ кўйлакдаман.

5

… Бундан етти йил аввал ҳам худди шундай кўйлак кийиб чиққандим учрашувга. Кўча муюлишидаги кўприкча устида турардинг ёлғиз ўзинг. Нигоҳинг сувда, балки сув сатҳида олтин заврақчадай қалқиб турган ойга қараётгандирсан. Хаёлингни бўлишга журъат этмай бир дам қараб турдим. Пайқадинг мени ва ердан бош кўтариб мен томон юрдинг. Кўришмадинг, ҳеч нарса демадинг, икки қўллаб иккала билагимдан тутдинг ва беозоргина сиқиб қўйдинг. Гарчи беозоргина, ва енгилгина, қисқа муддатли бўлса-да, суягимгача ўтди бармоқларингдаги куч. Кўзларим юмилиб кетди ҳузурдан. Қани энди бир умр шу ҳолатда ушлаб, шу ҳолатда қисиб турсанг билакларимни.

Биринчи марта учрашувимиз эмасди бу. Шунга қарамай, гарча ҳар оқшом учрашиб турган бўлсак-да, сен сокин ва хотиржам эдинг, босиқ ва балки совуққон эдинг сен. Кўприк устига томон кўтарилдик. Романлардан ўқиганларимга ўхшамасди бизнинг учрашувларимиз. Келажакдаги ҳаётимиз, қурадиган янги уйимиз, туғилажак фарзандларимиз тўғрисида суҳбатлашмасдик биз. “Сувни яратгани учун Худога шукур” дединг босиқ, паст ва хаёлчан бир овоз билан кўприк устида тўхтаб. Қандайдир шубҳа оралагандай бўлди кўнглим ичра. “Нега севги тўғрисида гапирмайди бу одам?” Бошқа яна кўплаб саволлар бор эди бу саволнинг қатида. Худди юзлаб хивичлардан тўқилгандай эди бу шубҳа саватчаси. “Мени тушунишингни истайман”, дединг яна бироздан кейин. Нима деб жавоб қилишни билмай сукут қилдим ва юзингга қараганча индамай туравердим. Бу гап ортида тоғдек залворли бошқа гаплар ҳам борлигини сезиб қолдим дафъатан. Ва шундай бўлди ҳам, юрагим товонимгача тушиб кетгандай бўлди кейинги гапингдан. “Менга хотин керак эмас” деганингни… Ҳа, аниқ эшитдим бу гапни. Тиззаларим қалтираётгани ва бундан эгнимдаги шоҳи кўйлакнинг этакларида титроқ тураётганини билдирмаслик учун кўприк панжарасига тирадим тиззаларимни. Яна такрорладинг шу даҳшатли сўзларни:

– Менга хотин керак эмас…

– Ихтиёрингиз …

– Чунки сени севаман.

– Бунча сирли гапларингиз, – дедим бироз ўзимга келиб.

– Сенга уйланишимга йўл қўймайди бу севги.

– Ундай бўлса… никоҳсиз яшаймиз дейсизми?

– Нималар деяпсан!

– Мен бечора бир етим қизман. Эпим ҳам, сепим ҳам йўқ. Шундай бўлгач…

Кулдинг. Ҳеч қачон овоз чиқариб кулмасдинг. Шунинг учун ҳам “Ғамзунук” дерди сени дугоналарим. Бу умумхалқ тилида меланхоликка тўғри келади.

– Шу ғамзунукка тегсанг, зерикиб ўлиб кетасан, дерди Шодия.

– Телевизор бор-ку, – ҳазил қилган бўларди Олмосой.

6

Мен шуларни эслардим, сен эса ҳамон кулардинг. Овозсиз эди сенинг кулгинг. Кекса чоллардай булкиллаб кулардинг. Хайрият дедим ва шунга ҳам қувониб кетдим. Ва шу қувонч қутқусида дедим:

– Менга дўлана териб берганингизда бошқача эдингиз.

– Юрагимда бу ҳиссиёт йўқ эди ҳали у пайтда.

– Қайси ҳиссиёт?– сўрадим, “севги” деган сўзни яна бир марта эшитиш учун умидвор бўлиб. Аммо такрор эшитмадим бу сўзни. Оҳиста шивирлади сенинг лабларинг:

– Ишқ…

Камдан-кам ишлатиларди бу сўз. Ва эришроқ туюларди бироз. “Деди қай чоғдин ўлдинг ишқ аро маст” дегим келди, аммо ўрни эмасди. Сўрадим:

– Энди-чи?

– Энди бор.

– Қачондан бери?

– Қора дўлана терганимиз, ўша оқшом, қўлларингни кўтариб юқорига интилишинг, нимчангдаги уч бармоқ аранг сиғадиган кистачанг… Бўйнингни ўраб турган бир шода мунчоқ… Қизил эди, гуруч шаклида эди ўша қизил мунчоқлар… Кўксинг кўринмаслиги учун кўйлак ёқасига оддий сим тўғнагич қадалган эди. Кейин рўмолинг… уни томоқбоши қилиб ўрагандинг. Қулоғи оғриган бўлса керак деб ўйлагандим. Хаёлда… Ҳар томон кетади хаёл дегани.

– Ё товба! Буларнинг севгига нима алоқаси бор?

– Айтолмайман, аммо сени эслаганда айнан шу ҳолатлар кўз ўнгимдан ўтаверади ва яна… мана, университетдаги ишимни ҳам ташлаб келдим. Илмий ишимдан кўра сен қимматлироқ туюлдинг.

– “Қимматлироқ” денг-а…

7

Индамадинг. Айтган гапингни таҳрир қилишга йўқ эди ҳушинг, афтидан. Кейин биз хайрлашдик. Кузатиб қўйдинг мени уйгача. Терак тагида турдик бир неча муддат. Кафтингни тирадинг дарахт танасига. “Бу мен”, дединг терак танасига шапатинг билан беозоргина уриб қўйиб. Бу гапингга эътибор бермаганимни пайқадинг. Дарҳақиқат, шунчаки айтилган, омади гап деб қараганим ёдимда. “Ҳа, бу мен!” дединг яна ва бу сафар ҳар бир сўзни таъкид билан, урғу бериб, оғир ва хаёлчан тарзда ифода этдинг. Нақ терак тепасида турарди энди тўлин ой. Мен ойга қарар ва “Менга хотин керак эмас” деган гапингни ўзимча муҳокама қилардим. Сира кутилмаганда жаҳлим қўзиди ва хаёлимда айланиб турган саволни шартта юзингга солдим:

– Хотин керак бўлмаса, нега бошимни айлантириб юрибсиз?

– Чунки сени севаман.

– Аммо уйланишдан қўрқасиз.

– Қўрқаман.

– Фф-у!

– Бунинг сабаблари кўп.

Гапнинг давомини кутиб нафасимни ичимга ютганча юзингга тикилдим ва аламзада овоз билан дедим:

– Энг гўзал севги ҳижрондаги севгидир.

Хулоса ҳам, эътироф ҳам эмасди менинг гапим. Оддий кесатиқ эди. Ўша оқшом уйга қайтиб стол устида турган сувратингга қарадим. Юзингдаги ифода кўприк устида айтган гапларинг билан ҳамоҳанг, гўё ҳар бир сўз ҳиссиётга айланиб юзингга ўз тасвирини қолдирган. Алланарсанинг ҳидидан кўнглинг айниб нафас ололмай турганга ўхшайсан. Йўл бўйида ўлиб ётган жонивор олдидан шундай қиёфада ўтади одатда одам. Бошингни бироз ўнг томонга буриб ва ўша томонга эгилиброқ турибсан, иккала қўлинг билан белингдаги қайишни маҳкам ушлаган ҳолда. Сенинг азалий одатинг ва энг яхши кўрган туришинг – шу.

8

Эртаси куни бир қучоқ гул кўтариб келдинг. Номсиз ва хокисор дала гуллари. Бурнинг учида гул оталигидан тўзғиган сариқ гулчанг. Гулбарг ичидаги оналик шу чанг туфайли авлод қолдиради. Инсон ҳаётининг давомийлиги ҳам худди шу тарзда кечади. Бу рамзийликни сенга айтмадим. “Гулга булбул қўнибди”, деб қўяқолдим. Тушундинг ва бармоқларинг билан юзингни, оғиз-бурнинг атрофини артган бўлдинг. Иккаламиз овқатланган пайтларимизда мабодо лабимда ёки иягимда бирор зарра овқат қолдиғини кўрсанг шу гапни айтардинг.

Гулдонга солиб қўйдим гулларни. “Яхши қол, мен қайтаман” дединг. Шу пайт қаттиқ шамол қўзғалиб терак шохлари силкина бошлади, япроқлар чапак чалар, новдалар бир-бирини савалар, ҳатто теракнинг танаси ҳам шамол зарбига қарши туролмай тебранаётганга ўхшарди. Биз бир бўлак рангдор матонинг тобора юқорилаб учиб бораётганига қараб турардик. Дайди шамол уни ҳавода силкилаганча теракнинг нақ тепадаги шохига олиб бориб ўради. Мен эса тўзғиб кетган сочларимни кафтларим билан қулоқларим устига маҳкам босиб терак шохига илинган рўмолимга қарардим ва бу ажойиб ҳодисадан завқланганча қийқириб кулардим. Ҳаёти бир зайлда кечаётган киши учун шундай оддийгина воқеалар ҳам баъзан завқли туюлади. Ногоҳ таққа тўхтади шамол. Ўз ишини бажариб хотиржам тортган одамдай. Рўмолим эса терак учида қип-қизил байроқдай кўринарди.

– Бу рашк,– дединг хаёлчан бир тарзда. – Мен ўз-ўзимдан рашк қиляпман.

– Шундай бўлиши ҳам мумкинми?

– Тушунмаяпсан фикримни. Мен рўмолингга эга бўлгани учун теракдан рашк қиляпман. Терак эса менинг ўзим. Диққат билан қара унга. Танасидан шохларига томон шиддат билан оқаётган дарёни кўрасан. Агар бутун вужудинг билан қулоқ тутсанг унинг гувранишини ҳам эшитасан. Ернинг чуқур қаватларидан оқиб келяпти бу дарё. Муздек роҳатбахш унинг суви. Жазирама иссиқда ҳам терак танасига юзингни ёки пешонангни боссанг унинг салқинидан ором оласан. Бошинг оғриётган бўлса, таққа қолади унинг оғриғи. Вужудингда тўпланиб қолиб, танингни қиздираётган, зириллатаётган ва руҳингга малол етказаётган қандайдир номсиз хилтдан халос бўласан.

9

Ҳеч қандай эътирозсиз тинглаб турдим гапларингни ва яна ўша, қачонлардир ўзинг айтган сўз шууримга урилди: “Шизофреник”. Шизофрениклар, тутқаноқлар, ақли ноқислар, тентаклару овдалар ва бошқалар бор бу ҳаётда. Бир домламиз кўп гапирарди бу ҳақда ва ҳар томонлама тартиб-интизомли одамлар инсониятга ҳеч нарса бергани йўқ. Ҳамма буюк асарларни ақли ноқислар яратган деб туриб олар ва кўплаб буюк ақл эгаларининг номларини бармоқ букиб санаб кўрсатарди. “Модомики шундай экан, деярди пировардида, инсон маънавияти учун ҳеч нарса бермайдиган интизомли, тартиб-қоида рамкасидан чиқмайдиган кишилар аслида шезофреник, шизофрениклар эса соғ”. Кулардик бу домламизнинг гапларидан. Ва мана, ҳаётимда сенга дуч келдим. Сен эса шизофрениксан. Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмайман. Сен ёзяпсан ва ҳар бир асарингда ўзингга ўхшаган кишилар ҳаётини тасвирлаяпсан. Назаримда ҳақиқий ҳаётдан кўра асарларингда тасвирланган ҳаёт сен учун қадрли ва завқли. Сен яратган Қурбоно ҳам, Товашаров ҳам сенинг ўзинг. Бешим, Тиркашкруннер, Фурузон, Беимкон… барчасида сенга хос нималардир бор. Қани энди мен ҳам ҳақиқий ҳаётда эмас, балки рўёда мавжуд бўлсам. Биз хаёлот оламида учрашсак…

10

Мана, етти йилдан бери биргамиз. Шу вақт орасида фақат икки ёки уч марта енгимга қўл теккиздинг ва бир мартагина билагимдан ушладинг. Бутун вужудинг билан менга талпиниб турганингни сезардим, аммо сен оғир-оғир ҳансирашдан, офтобда эриётган мумдай юмшашдан ва маҳзун тортишдан нарисига ўтмадинг, бунчалар журъатсиз бўлмаса бу одам деб ўйлардим. Бир марта яна ўша кўприк устида турганимизда елкам билан секингина сенга суяндим. Ой ойдин эди. Жийда гулларининг ҳидини уфириб турарди баҳор эпкини. Қизларнинг майингина ва беозоргина, ҳаё пардасига ўранган кулгусидай эшитиларди ариқдан оқаётган сувнинг шовури. Менга ўзгача таъсир этди бу ҳолат ва вужудимдан сирқиб чиқаётган шўртоб сув томчи-томчи бўлиб ариқ сувига тома бошлади. Оёқларимдан мадор кетиб елкангга қаттиқроқ суяндим. Кўзларимни юмдим, ҳавода парвоз этиб бораётгандай сездим ўзимни. Қўлларингда кўтариб борардинг менинг беҳол вужудимни. Маҳкам қучдим қўлларим билан бўйнингдан. Терак тагига келиб тўхтадинг ва мени ерга туширдинг. “Бу мен”, дединг кафтингни теракнинг оппоқ танасига қўйиб. – Бу мен… Бу мен…

11

Бу бизнинг сўнгги учрашувимиз бўлди. Шундан кейин қайтиб сени кўрмадим. Фақт бир кеча ёмғир шивалаб ёғаётган тунда ниманингдир шарпасини пайқаб дераза олдига бордим. Терак тагида кимдир турарди. Очиб юбордим деразани ва бор овозим билан қичқирдим:

– Маҳ-ка-а-а-м!!!

Шовуллаб ёмғир тизимлари қуйилди дераза рапига. “Маҳкам!..” дедим энди оғир йўл юриб толиққан одамдай ҳорғинлик билан. Аслида ички нидо эди менинг чорловларим. Дарахт танасига қапишиб турган вужуд аста-секин тана ичига кириб кетганини аниқ кўрдим. Кириб кетмади, дарахт танасига сингиб кетди. Ҳа, рўё эмасди бу. Эрталаб турганимда ёмғир тинган, осмон ложувард рангда, бутун борлиқ ювилган ва тоза эди. Шошиб терак тагига бордим. Кафтимни унинг танасига босганча атрофини айландим. Изларинг қолмадимикин деб ерга қарадим. Ҳеч қандай нишона қолдирмабсан. Теракка қарадим бирон-бир белги топиш мақсадида. Қора чизиқлар, тилим-тилим шакллар, нуқталар бор эди унинг оппоқ сиртида. Аммо сенинг дарахт танасига сингиб кетганингдан нишона эмасди булар.

Орадан бир ҳафта ўтиб автобус бекатининг бетон деворида сувратингни кўрдим. Тагида бедарак йўқолганинг тўғрисида эълон бор эди. Жадал юриб милиция идорасига бордим. Аввал навбатчига учрашдим, кейин қандайдир лейтенантга, ундан кейин милиция майорига фикримни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бедарак йўқолмаганлигини билардим ва сенинг қаердалигинг ҳам фақатгина менга маълум эди. Шубҳаланиб қаради менга майор ва бораверинг текшириб кўрамиз деди. Орадан икки кун ўтиб икки нафар милиция ходими терак тагида турганини кўрдим. Дарахт тепасида илиниб турган рўмолимни кўрсатиб бу иш жамият тартиб-қоидаларига мос эмаслигини ва уни дарҳол олиб ташлаш зарурлигини уқдириб чиқиб кетишди. Кейин кўп шамоллар, қор, ёмғирлар бўлди, аммо сен рўмолимни табиат кучларига ҳам, жамиятга ҳам, раиятга ҳам бергинг келмасди.

12

… Тунда биз яна учрашдик. Энди қараб турмадим ва қўлларимни кенг ёйиб сени бағримга олдим. О, нақадар ширин эди висол онлари. Энди сени бемалол қучар ва эркалардим. Бир кеча оппоқ ички кўйлакда бордим олдингга. Ички кўйлак, ёқаси кенг ва очиқ. Тўлиқиб ва таъсирланиб, энтикиб турган кўксимни кўкрагингга маҳкам босдим. Шу қадар маҳкам босдимки, эрталаб қарасам танангдаги ғуддалар кўксимга ботиб кетибди. Анор доналаридай дона-дона қон доғларини кўрдим кўксимда. Шилиниб, тилиниб кетган эди менинг кўкрагим. Аммо ҳузурдан ва самовий бир лаззатдан бошқа ҳеч нарсани сезганим йўқ. Кунлар ўтаверди шу тақлид. Ва ниҳоят, етиб келди айрилиқ онлари ҳам. Шоир Амир Худойберди айтганидай:

 
Дарахтларга қарайман,
Дарахтларга қийин.
Қушларга қарайман
Қушларга қийин.
Ва чўчиб ўзимга қарайман
Одамларга ҳам қийин.
 
13

Сенга ҳам, менга ҳам, баланд шохда илиниб ётган рўмолга ҳам қийин. Ҳар қанча қийин бўлса ҳам кўникиб яшардик, зотан кўникиш инсонга хос иш. Аммо бир поэмада айтилганидек, “Қора куним келди беомон”, Трактор моторининг кучли гулдуросидан уйғониб кетдим. Уч-тўрт киши ҳай-ҳайлашиб терак танасига тўқима сим арқон боғлаб, теракни… яъни… сени… трактор билан тортмоқда эдилар. Эшикдан чиқишга ҳам қаноат қилмай деразадан ўзимни ташладим. Қутқазиб қолишим керак эди сени. Ва мен парпарон уриб; сочларим тўзғиб, ўз жўжаларини қийғирдан ҳимоя қилишга отланган она товуқдек кўксим билан сени тўсдим. Аммо бу ҳолни кўрмади тракторчи ва чираниб олға интилди девдай кучли темир нақлиёт. Узоқлашиб борардилар сенинг белингга занжир боғлаган кишилар. Сени маҳкам қучоқлаганча бутун вужудим кучга тўлиб қаршилик кўрсатдим. Сен ҳам бўш келмаётгандинг. Аммо шу пайт “Чувв!” этган товуш эшитилди ва кейин нима бўлганини билолмадим. Кўзимни очганимда бегона бир киши каравотим ёнида бош эгиб ўтирганини кўрдим. Эртаси кун яна келди ўша одам. Ва гинахонлик қилди: “Ўзингиздан ўтди. Ким айтди сизга терак тагида турсин деб. Занжирнинг узилиб кетишини мен каердан билай. Трактор силкиниб кетди, бориб қарасам қонга беланиб ётибсиз…Жонингиздан ҳам азизмиди ўша дарахт?”

Индамадим.

Терак менинг эрим эканлигини қаердан билишсин, менинг сир-синоатимдан бехабар одамлар.

ЎЧ

I

Ит бошини кўтариб қараб рўпарасида бегона одам турганини кўрди. Эслашга ҳаракат қилди: ҳовлидан кун бўйи одам узилмас, ҳар хил қиёфадаги кишилар келиб-кетишар, вужудидан тер ҳиди ёки ароқ билан атирнинг қоришиқ бўйи анқиб турган зотларни кўравериб қари кўппакда хонадонни ёт одамлардан қўриқлаш ҳисси сусайиб кетганди. Қарилик, ҳар доим тўйиб овқат ейиш ва емак қидириш ташвишидан озод бўлиш жониворни итликдан чиқарган ва тўрт оёқли беозор бир махлуққа айлантиргандики, энди у ҳеч нарсанинг қайғусини қилмас, нафақат одам, балки ҳовлига бўри ёки бошқа бир дарранда кирса, унинг музофотида кезиб юрса, ҳатто олдига қўйилган овқатга шерик бўлса ҳам индамасди. Хуллас, қари кўппак тасарруфидаги “итона салтанат” ҳаммага баробар, ҳамма учун очиқ эди. Шу боисдан эринибгина бош кўтарди-да, қаршисида турган кишига “хўш, хизмат” дегандек қаради. Одам деб ном олган ва вужудини ҳамиша латтага ўраб юрадиган икки оёқли хилқат индамай тураверди.

Ит ороми бузилганидан норози бўлди.

Ҳаво иссиқ, қуёш беаёв қздирар, томнинг сояси девор тубига томон тобора қисқариб борар ва нафас олиш қийинлашарди. Бундай пайт оғизни очиш, тилни осилтириш, ҳалихлаш зарур. Бу нафас олишни енгиллаштиради, нимаси биландир иссиқни енгишга ёрдам беради.

Одам ҳам итга қаради. Сергакланди. Ҳар эҳтимолга қарши ҳужумни даф этишга чоғланди. Жонивор жуда баҳайбат ва баджаҳл кўринарди. Оғзи катта, лабларининг чети қопағон итларникидек қорайиб турибди. Оёқлари бақувват, бўйни йўғон, танаси юнгдор, кўкраги кенг, қулоқлари кесилган. Ҳатто думининг калта қирқилгани, чўммоқлиги ҳам назаридан четда қолмади.

Орадаги масофа ўн қадамлар бор.

Ит ҳалихлади. Оғзидан оққан сўлак оёғига томди. Йўқ, қутуриш белгиси эмасди бу.

Итлар иссиқда ҳамиша шундай қилишади. Одам буни билиши керак.

– Яқинроқ!

Одам яна бир-икки қадам босди. Нигоҳи итнинг кўзига тушаркан қўрқуви ортди.

Кўнглидан кўп гаплар ўтди: “Агар ит ташланиб қолса нима қиламан? Қайси тарафга қочиш маъқул? Барибир етиб олади. Етиб олса қаеримдан тишлайди? Болдиримдан, сонимдан, думбамдан олади. Йиқиламан. Шунда унинг тишлари кекирдагимга ботади.

Қўлим билан ҳимоялана оламанми? Албатта, қўл билан-да. Қўл ва оёқни қаттиқ сермаш, тепиш ва дод солиш билан. Аммо бу уят, мени кузатиб туришибди. Қани ҳалиги тош?

Ерга эгилиб ўшани олиш керакмиди… Балки қаршилик кўрсатмай мардлик билан унга ўзимни топширишим, бутунлай ғажиб ташламагунча ғинг деб овоз чиқармаслигим керакдир. Унда қизим нима бўлади? Уни уйга олиб кетишим керак-ку. Ахир катта қувонч-ку бу!”

Одам учун кўп нарса номаълум эди. Кўз қири билан бир неча қадам нарида қолган тошга қарамоқчи бўлди, аммо нигоҳини итнинг кўзларидан узолмади. Бундай пайтда ҳатто бемаврид киприк қоқиш ҳам масалани ҳал қилади. Қўлни қимирлатиш, орқага чекиниш, овоз чиқариш ҳалокат билан баробар.

– Яна ҳам яқинроқ!

Одам буйруқни бажаришдан чўчир, бажармаса қизидан ажралиб қолишдан қўрқарди. Ана шу бир-биридан устун икки ҳис ўртасида муаллақ туриб қолди.

Итнинг ҳаловати бузилди. Ўрнидан туриб соянинг қуюқроғига бориб ётгиси келди.

Лекин қаршисида сўзсиз қотиб турган “бегона”нинг ниятини англамасдан туриб бундай қилолмасди. Бу одам ҳар кун келиб-кетадиган басавлат, беғам ва беэътибор кишиларга ўхшамаслиги: шовқин-суронли, ҳазилкаш ва шўх йигитлардан, оёқлари нозик бўлса-да, эркакларга қараганда ерни қаттиқ-қаттиқ тепкилаб, қарсиллатиб қадам ташлайдиган назокатли қиёфалардан фарқ қилиши билан эмас, балки нигоҳидаги мақсаднинг ноаниқлиги билан жониворни иккилантириб қўйганди.

Ит ҳалихлашдан тўхтади. Тилини тортиб олди, оғзини юмди. Қаршисида турган кишининг нигоҳида одатдан ташқари нимадир бор. Аниқлаш керак. Бунинг учун ит энг ўткир, энг ишончли, ҳеч маҳал доғда қолдирмайдиган қуролини, яъни бурнини ишга солади, ҳид олади. Оғзини очиб, тилни осилтириб турган ҳолда оламни тутиб кетган минглаб ҳидлар орасидан зарурини ажратиб олиш мумкин эмас.

Одам итнинг авзойи ўзгарганини пайқади.

Жонивор бурун карракларини кериб қоп-қора тумшуғини одамга тўғрилади. Унинг ўта сезгир, энг заиф ҳидни ҳам илғаб олишга қодир минглаб доначалардан ташкил топган ҳўл тумшуғи титраб кетди. “Ҳа, бу одам нотаниш, аввал сира келмаган, бегона”.

Ҳаво дим, қилт этган шамол йўқ ва шу қадар иссиқ эдики, ит ҳид олишдан тўхтаб яна оғзини очди, тилини осилтириб ҳалихлади. Боши,танаси, қорни силкиниб турар, нафас олганида “лах-лах, лах-лах” деган овоз эшитиларди. Ҳидлаб кўриш билан кишининг кимлигини аниқлаш мумкин, аммо унинг ниятини билиш учун кўзига қараш керак.

Ит одамнинг кўзларига тикилиб тураверди.

– Яқинроқ!

Буйруқни бажариш шартлигини тушунди одам. Қизи кўзига кўринди. Даҳшатли туюлган махлуқ туфайли вужудини қамраган қўрқув ҳисси орасида қолиб хиралашган қиёфа тиниқ тортди. Қиз йиғлар, отасини чорлаб ёрдам сўрар ва илтижо қиларди:

– Ота! Отажон! Қутқаринг!

– Қизим! Қизгинам!

Одамда содир бўлаётган ўзгаришнинг моҳиятини тушунмаса-да, унинг юзи ва кўзларидаги ифодада душманлик нияти йўқлигини англади ит.

Қиз йиғларди.

Бир ҳафтадан буён йиғлар, нола қилар, отасини чорлар ва ундан ёрдам сўрарди. Бир ҳафтадирки, отанинг ичига чироқ ёқса ёримайди, хонадон қайғуда. Ака-укалар, қариндош-уруғлар ҳар тарафга чопишди, сўраб-суриштирмаган жойлари қолмади. Дарёдан кўрдилар, кўлга бордилар, ички ишлар бўлимига хабар бердилар, қизгинанинг сувратини рўзномада бостириб, дарагини етказганга катта пул ваъда қилиб кутдилар. Ота яккаю ягона фарзандидан жонини ҳам аямасди.

Бир ҳафта ичида она тоза соб бўлди. Ҳар кун фолга югуравериб ҳолдан тойди. Эрига мўлтираб қарар, йиғлар, қарғар ва даъват этарди. Бутунлай ётиб қолишидан олдин таваккал деб лўли аёлнинг олдига борди. Фолчи косадаги сувга бир чигит пахтани бураб ташлади-да, ром очишга киришди: “Иқболингдан кўрайми, аҳволингдан кўрайми? О, кўзимга кўринди, кўнглимга аён бўлди”.

Онанинг кўнглида умид учқунлари милтираб кетди. Йўқолган қизини кўзи билан кўриб турган ва ҳадемай топиб берадиган фолбинга халақит қилмаслик учун нафасини ичига ютиб қулоқ тутди.

– Ана дарвозаси, мана эшиги…

Она фолбин айтган “эшик ва деразани” кўриш учун косага энгашди. Коса ичидан қизи кўриниб қоладигандек ёки сув париси каби сузиб чиқадигандек сувга тикилди.

Эр-хотин тунларни мижжа қоқмай ўтказишди. Хаёлга минг хил ўй, минг хил ҳолат келади: Кимдир қизни ечинтирар, кимдир қўрқитар, кимдир ифлос ниятини амалга оширмоқчи бўларди. Она оҳ урар, ота кўз ёшларини ичига ютганча зўр бериб ўйлар, дўсту душманларини кўз ўнгига келтирар, таниш-нотаниш уйлар, ҳовлилар ёнидан ўтаётганида қизининг йиғлаётган, дод солаётган овози эшитилгандай бўларди.

Бир ҳафта давомида телефоннинг қулоғи тинмади. Ота дўстларига, она дугоналарига сим қоқишди. Бундай пайт ҳар лаҳзада эшик тақиллаётгандай, телефондан “Суюнчи беринг, қизингиз топилди!” деган овоз эшитилиб қоладигандек ёки эшик ланг очилиб остонада Адлиянинг ўзи пайдо бўладигандай туюлаверади. Кутавериб она касал бўлиб қолди, "Тез ёрдам" чақиришди. Дўхтирлар юрагида кескин ўзгариш борлигини айтиб шифохонага олиб кетишди. Уйда отанинг ёлғиз ўзи. Энди бемалол йиғлаши, ўзини уриши, сочини юлиши, оҳ тортиши мумкин. Дастлаб шундай қилди, кейин хонада у ёқдан-бу ёққа юрганча ўйлай бошлади. Қизининг суврати берилган рўзномани қўлига олди, ўқиди:

“Адлия Чўянова, ёши ўн учда. Оқ-сариқдан келган, кулча юзли, сочи қўнғир, бурни пучуқроқ, бўйи бир метру эллик етти сантиметр. Эгнида атлас кўйлак, оёғида тумшуғи оқ, боғичи қора ёзги бошмоқ…” Ота қизнинг сувратига тикилди, жилмайиб турибди, кўзларида майингина табассум аралаш илтижо бор.

Суврат устига икки томчи ёш томди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации