Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
3
Қулф ва калитининг шақир-шуқиридан ўзимга келдим. Темир эшик даранглаб очилди. Икки нафар миршаб мени суриб-сургалаб коридорга олиб чиқди. Ҳар иккала томони темир эшиклар ва панжаралардан иборат нимқоронғу даҳлиз бўйлаб бордик. Елкасида погони бор икки киши ўтирарди хонада. Пешоналарида қизил юлдуз. Саволга тутишди.
– Отинг нима?
– Остон.
– Фамилиянг?..
– Султонов.
– Неча йилга қамалгансан?
– Етти йилга.
– Нима гуноҳ қилгансан?
– Магазиндан, давлат магазинидан нон ўғирлаган, – жавоб берди менинг ўрнимга турма бошлиғи.
– Ўзим учун эмас, очдан ўлаётган бир бечора аёл учун… Эри фронтда эди.
– Кимнинг магазинидан?
– Ўзим ишлардим ўша магазинда.
– Ҳимм… растрата!
– Шундай, – жавоб қилди яна менинг ўрнимдан турма бошлиғи. – Етти тийин камомади бор…
Кейин мени ҳовлига олиб чиқишди. Бу ерда юзга яқин, балки ундан-да кўп одам саф тортиб турарди. Темирйўл вокзалида ҳам тумонат одам. Ҳаммаси қамоқхона кийимида. Биз узоқ йўл босдик. Қаерга олиб боришаётганини ҳеч ким билмасди. Поезддан тушиб солдатлар қуршовида пиёда кетдик. Ҳамма ёқ оппоқ қор. Бутун вужудим титрарди совуқ қаҳридан. Ниҳоят бир тепалик олдида тўхташга буйруқ берилди. Шу ерда тепаликни айлантириб окоп ва траншиялар кавлашга киришдик. Тун тинч ўтди, аммо тонг отиши билан уфқда қорайиб душман аскарлари кўринди. Ва ҳадемай тепаликка томон бостириб келаверишди улар. Шунда бизни окоплардан қувиб чиқаришди ўзимизникилар. “Олға” деган буйруқ бўлди. Қўлларимиздаги бел ва пишангларни ўқталганча югура кетдик… Бамисоли қўрқинчли туш. Визиллаб учарди ўқлар, ингранганча йиқиларди одамлар. Мен ҳам йиқилдим… Юзтубан ётибман. Жароҳатим у қадар оғир эмас шекилли. Шундай бўлса ҳам индамай ётавердим. Ажнабий бақириқ-чақириқлар. “Халт” деган биргина сўз ёдимда қолди. Кимдир этиги билан қаттиқ туртди ва қичқирди “Ауфштейн! Ауфштейн!” Хавф-хатар туғилганда ҳатто тулки ҳам ўзини ўлганга солади. Индамай ётавердим. Ўлган деб ўйлади шекилли устимдан босиб-янчиб ўтиб кетди бир гуруҳ солдат. Секин бошимни кўтаргандим йигирма қадамча нарида турган офицерга кўзим тушди. Қўлида тўппонча. Ҳеч шубҳасиз, мени пайқади ва тириклигимни ҳам билди. “Швайн!” дея дарғазаб бўлди немис офицери ва тўппончасини ўқталганча мен томон кела бошлади. Ажойиб бир фикр миямга келди шу лаҳзада. Барибир ўламан. Орадаги масофа тўрт-беш метрлар қолганда ўрнимдан сакраб турдим. Ва қўлимни олдинга чўзиб, бор ғазабимни овозимга жойлаб баланд овоз билан қичқирдим:
– Хай Итлиғ-ғғ!
Бир дам довдираб қолди офицер. Гитлерга соғлиқ тилаб турган кишини отиб ташлаш керакми – йўқми, шу ҳақда ўйларди афтидан. Ва ниҳоят, пошналарини қарсиллатиб бир-бирига урганча шошиб жавоб қилди:
– Хайл!..
Ўнг қўлида қурол борлиги сабабли шошилинчда чап қўлини кўтаргани ва бундай ҳаракат билан қонунни бузгани ёдига тушиб ғазаб билан вишиллади.
– Швайн!
– Ахтунг, панцер фрфлокт! – дея ҳайқирдим бор овозим билан. Аммо бу сўзлардан бирортасининг ҳам маъносини билмасдим. Чўчиб атрофга аланглади офицер. Ҳақиқатан ҳам бақириқ-чақириқлар авжига чиқиб, чанг-тўзон ва қора тутун борлиқни қоплаб, тепалик ортидан қаторлашиб келаётган танклар кўринди. Ўзбекона таъриф билан айтганда ит эгасини танимасди. Олиб кетишди мени автомат қўндоғи билан турткилаганча. Аввал машинада, сўнгра поездда бегона юрт томон кетиб борардим. Тили, қиёфаси, дунёқараши, борингки, туриш-турмуши бутунлай бошқача одамлар. Мускуллари ўйнаб турган баҳайбат бир немис қабул қилиб олди мени. Бу ер дала ҳовли эди афтидан. Дарахтзор, баланд девор, бир томони ўрмон. … Мана, уч ойдирки, шу ерда чўчқа боқаман. Бу бадхўр жониворлар учун бирорта тилнинг қадри ҳам, аҳамияти ҳам йўқ. Шундай бўлса-да “швайн, швайн, халт!” дейман уларга қараб. Немис кулади. Ва “гут-гут”лаганча сигарета тутатади. Ишимдан мамнун. “Якши” деб қўяди ҳар замон. Биламанки, ҳаётим шунинг қўлида. Ишлаб турган одам ҳамманинг кўзига яхши кўринади. Ана шу ақидага амал қиламан. Тинмайман. Ҳамма жой саранжом-саришта. Орадан яна бир ой ўтиб Ханс мени уйига олиб кетди.
4
Ўзим ҳам, меҳнатим ҳам унга маъқул бўлганини тушундим. Дарвозадан киришимиз билан бир гуруҳ ёш аёлларга кўзим тушди. Унча ёмон эмасди кўринишим. Ханс меҳнат ҳақимга пойафзал ва костюм олиб берган. Шу боис аёллар олдида унчалик хижолат чекмадим. Улар зўр қизиқиш билан кузатарди мени. Афтидан Ханс уйига хабар қилган, уйидагилар ва қўни-қўшнилар асир тушган “қизил солдат” ни кўриш иштиёқида тўпланган эдилар. Ханс аёллар олдидан мени намойишкорона олиб ўтаркан, қармоғига энг катта лаққа балиқ илинган овчи қиёфасига киргани назаримдан четда қолмади. Бадавлат одам эди афтидан, менинг соҳибим. Иккаламиз боғни айланиб томоша қилдик. Олмалар ширага кира бошлаган. Аммо узумлар ҳали хом. Молхонани ҳам кўрсатди менга. Қарийб ўн бешйигирма қорамол жойлашадиган оғилда фақат битта ҳўкиз боғлаб қўйилган. Вазни ҳам чамамда бирор тонна бор. “Ҳаммаси сеники, ҳатто Астерий ҳам”, деди Ханс бақувват қўли билан ҳўкизга ишора қилиб. Назаримда немислар ҳазилга у қадар уста эмас. Ханснинг ҳазили ҳам жиддийроқ туюлди менга. Бу тилда сўзлар шиддатли, товушлар кескин, талаффуз аниқ. Душман билан немис тилида гаплашмоқ керак деб бекорга айтилмаган. Шунга қарамай, Гёте ва Шиллернинг шеърларидаги нафосат ва нозикликни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Яна бир жиҳати борки, немисларда буюк олим ҳам, буюк шоир ҳам ҳамиша муштини ишга солишга тайёр. Шарқона тавозе ва яна нимадир йўқдай бу халқда. Тилининг кескинлиги ҳам шунданми деб ўйлайман. Хуллас, энди менинг катта боғим ва катта ҳўкизим бор. Ва лафзимда фикримни тушунтиришга етгулик немисча сўзим бор. Ханснинг юзига қараб уруш тарозуси қай томон оғаётганини англашга уринаман. Ёнига яқинлаштирмайди мени Астерий (ҳўкизнинг оти шундай). “Шар” дейишади бизнинг Мираки томонларда бунақа жониворларни. Билмадим, қандай ўйинлар кўрсатаркин мабодо ечилиб кетгудек бўлса бу шохдор жонивор.
Бир ойдан кўпроқ вақт ўтди орадан. 21 июль. Бекамиз Аглаида хонимнинг таваллуд куни. Боғ ўртасидаги ўтлоқда зиёфат дастурхони ҳозирланди. Меҳмонлар қарийб йигирма киши бор. Ханс ва бир мункайган чолдан бошқа ҳаммаси аёллар. Оқшом палласи жой талашаётган майналардек чуғурлашарди улар дастурхон атрофида ўтириб. Бу пайтда мен дарахт устида туриб олма терардим. Ногоҳ оғил эшиги қарсиллаганча очилиб кетди ва Астерийнинг баҳайбат шохли боши кўринди. Ўтлоқ саҳнида ўтирган одамларни кўрди жонивор ва ўйноқлаганча шиддат билан югуриб кела бошлади. Чор тарафга қочди саросимага тушиб қолган меҳмонлар. Шу келишда базм столини тагидан шохи билан илиб осмонга кўтарди ҳўкиз. Ва идиш-товоқларнинг жаранг-журинги садоси остида олға югурди. Қий-чув кўтарганча паноҳ истаб уй томон қочиб боришарди аёллар ва болалар. Шохи атрофини ва пешонасини охир бурчагига, занжир боғланган қозиққа ёки бошқа бирор учли нарсага ишқалаш одати бор бу жониворларнинг. Астерий ҳам занжир сиқувидан озурда бўлган ва қичиётган шохларининг тубини ана шундай ишқалайвериб занзир ҳалқасини узиб юборган ёки бўшатган эди афтидан. Хуллас, Астерий қочиб бораётган издиҳом орасидан Ханснинг ўн уч ёшли қизини танлаган ва қизнинг лоларанг юбкасидан бошқа ҳеч нарса кўринмасди унинг кўзига. Қиз қаттиқ чинқирганча мен олма тераётган дарахт тагидан жонҳолатда югуриб ўтди. Кўзи қонга тўлган Астерий уни таъқиб этиб келарди ҳамон. Қиз қочиб бораётган томонда эса нажот эшиги берк. Қўшни уйнинг баланд деворидан ошиб ўтиш иложсиз. Астерий ҳадемай унга етади ва қудратли шохлари билан… Ногоҳ унинг рўпарасида ҳайҳайлаганча Ханс пайдо бўлди. Аммо шу лаҳзада нафақат филдай Ханс, балки африка фили бўлса ҳам шохига илиб отишдан қайтмасди Астерий. Шундай бўлди ҳам. Бир ҳамла билан йўлидаги тўсиқни итқитиб ташлаб, қизил юбка томон йўлини давом эттирди. Оний лаҳзаларда рўй берди бу воқеа. Ва мен нима қилаётганимни ўзим ҳам англамаган ҳолда дарахт шохидан ерга сакрадим, балки йиқилиб тушгандирман. Мана, ҳўкиз Астерий ва одам Остон юзма-юз. Оёқларини ерга тиради шиддат билан югуриб келаётган Астерий ва рўпарасида турган жонзотнинг кимлигини, нималигини, кучини ва бошқа жиҳатларини аниқлаб олиш учун таққа тўхтаб, ногоҳ осмондан тушган жонзотга қараганча бир зум қотиб қолди. Албатта унинг ўйлаб олиши учун бир дақиқа эмас, балки бир сония етарли. Шундан кейин шохи билан илиб осмонга отади мени ва яна йўлида давом этади. Албатта бундай паллада энг машҳур испан матадори ҳам ҳеч нарса қилолмас ва унинг қўлидаги пичоғию қизил латтаси ўзининг қонига беланган бўларди. Оёғини ерга тираганча бошини баланд кўтарди Астерий, қаттиқ пишқирди. Ва мени мўлжалга олди. Бу лаҳза Астерий учун ҳеч нарса, аммо мен учун жуда қимматли. Қочишга улгурмайман. Ўзимни бир ёнга ташлаб йиқилиб қолишга улгурган тақдиримда ҳам Сафина омон қолмайди. Сафинанинг ўлими – менинг ўлимим. Шундай ҳолат юз берса, мен ҳам тирик қолмайман. Ханс мени омон қўймайди. Чунки Астерийга қараш менинг ихтиёримга топширилган. Унинг занжирини мендан бошқа яна ким ечиб қўйиши ва бу қизиқ томошани ҳўкизбоқардан бошқа ким ҳам уюштириши мумкин!? Ана шу фикрлар миямда яшин тезлигида чарх ураркан, қўлим ҳам яшин тезлигида ҳаракатга келди ва мен икки бармоғим билан Астерийнинг бурун каррагидан тутдим. Ва қаттиқ қисдим. Агар билсангиз, ҳўкизларнинг Ахиллес товони, яъни энг заиф жойи бурун карраги. Мен ҳеч қачон бундай қилиб кўрмагандим, аммо қассоб амакимнинг шу йўл билан ҳар қандай ҳўкизни бўйсундиришини кўп марта кўргандим. Бошини илкис кўтарганча тек қотди Астерий. Биринчи бўлиб Ханс ўзига келди ва қандай мўъжиза рўй берганини билиш учун ўрнидан туриб қўрқа-писа биз томонга бир неча қадам қўйди. Англадимки, қўлимнинг ҳар қандай нозик ҳаракатига ҳам бўйсунади энди бу баҳайбат махлуқ. Ва мен тантанавор бир алпозда ҳўкиз бошини Ханс томон бурдим. Ранги оқариб кетди унинг ва беихтиёр ортга тисарилди. Энди уй деворининг ташқи бурчаги билан зинапоя ортида тўпланишган ва беркинган жойларидан мўралашарди аёллар. Мен Астерийни оғил томон етакладим ва майса билан қопланган ҳовли бўйлаб тантанавор қиёфада аёллар ёнидан олиб ўтдим. Оғилдан чиқишим билан меҳмонлар ва хонадон соҳиблари даврасига тушиб қолдим. Ханс ҳамон титраб-қақшаётган қизини қучоқлаб турар ва унга тинчлантирувчи қандайдир суюқлик ичирарди.
– Сиз испанмисиз? – сўради ўттиз ёшлардаги латофатли бир хоним табассум билан. Қўрқувдан ўтакаси ёрилаёзган оломоннинг биринчи саволи шу бўлди.
– Найн, их бин узбекиш, – жавоб қилдим нафақат қутирган ҳўкиз устидан, балки бу оломон устидан ҳам тўла ғалабага эришганимни ҳис этиб немис тилида.
– Ўзбекларда сеҳргарлар кўпми?
– Матадорлар-чи?
– Балки сиз бирон-бир дуо ўқигандирсиз?
– Қандай дуо ўқидингиз?
– Астерий сизни тушундими?
– Агар Астерий яна чиқиб келса, шундай қила оласизми?
Бу саволдан кейин гўё Астерий яна чиқиб келадигандай қўрқув билан ҳамма оғил томонга қаради.
– Я, я, – деб оғил томон юра бошлагандим, “найн, найн” деганча бир аёл мени маҳкам қучоқлаб олди. Кейин бирдан хурсандчилик бошланиб кетди. Ханс столларни яна жойига ўрнатди ва қайтадан дастурхон ҳозирланди. Энди мен давра тўрида Аглаида хонимнинг ёнида ўтирардим…
5
Уч йил ўтди орадан. Сафина энди ўн етти ёшда. Уруш тугаган. Сафинанинг амакиси, яъни мени асирга олган офицер жангдан қайтмади. Унинг русларга асир тушганлиги ҳақидаги хабар Хансни ва унинг оиласини чуқур қайғуга солди. “Бўлар иш бўлди, энди сен укам ўрнида укамсан ва Ҳерманнинг хонасида яшайсан”, деди кунлардан бир кун Ханс. Жуда ноқулай сездим ўзимни ва бу таклифга рози бўлмадим. Ҳерман яшаган хонани унинг уй музейига айлантиришди. Кейин билсам, Ҳерман дурустгина шоир экан, унинг ёзган шеърларини ўқиб таъсирландим ва баъзиларини ўзбек тилига таржима қилиб Сафинага ўқиб бердим. Бизнинг тилимиздаги “ҳаё” деган сўз қизга жуда ёқиб қолди. Бунча майин, бунча оҳангдор дея қайта-қайта такрорлар ва бу сўз маъносини сўрарди. Афсуски, немис тилида бу сўз мазмунини меъёрига етказиб тушунтира олмадим. Шундай бўлса-да, мени кўрдими, худди саломлашгандай “ҳаё-ё-ё” деб қўядиган бўлди қизгина. Немисларда ҳам худди бизникидай “ҳ” товуши бор. Шу сабабли бу сўзни жуда чиройли қилиб айтарди Сафина. Бўлиққина, сербурим ва серчизиқ ҳамда ҳиссиётга тўла ва жуда сезгир лаблари худди ҳуштак чалаётгандай йиғрилар, қошлари ҳам муҳаббат мавсумида рақс тушаётган қора илончалардай бир-бирига яқинлашиб бош кўтарганча титраб турарди. Одатда биз боғдаги баҳайбат дуб соясида ўтирар ва турли мавзуларда суҳбатлашардик. Ана шундай суҳбатларнинг бирида яна ўзбеклар тўғрисида сўраб қолди. Бизнинг қизларимиз кўпроқ қизиқтирарди уни:
– Ўзбек қизлари қандай бўлади, кимга ўхшайди?
– Сенга. “Ҳаё” деганда худди бизнинг қизларга ўхшаб кетасан.
– Ибо десам-чи?
– Ўхшайсан.
– Ноз десам-чи?
– Ўхшайсан.
– Таманно десам-чи?
– Бўлиб айтма. “Таманно” де…
Аммо қулоқ солмасди у ва аёллар аффектига, одатига юз ифодасига хос сўзларни сўрайверарди. “Иффат”, “фироқ”, “карашма” каби сўзларни қийналиб бўлса ҳам талаффуз қилар ва аёллар руҳий ҳолатини ифодаловчи сўзларнинг бу қадар кўплигидан ҳайратланарди ҳам. Кўп ақлли ва билимли эди қизгина. Боғ адоғида сайр қилиб юриб ногоҳ қалдирғочкулча бутасига дуч келиб қолдим бир куни. “Қалдирғочкулча! Қалдирғочкулча!!” деган нидо отилиб чиқди бўғзимдан ва мен ёввойи гиёҳ пойига тиз чўкдим. Ёнимда Сафина борлигини тамом унутгандим шу лаҳзада. Тамом ёлғиз эдим. Қалдирғочкулчани бағримга босдим, унинг бинафшарангга мойил гулларини беқарор бир тарзда ҳидлай бошладим. Вужудимдан сирқиб келаётган ҳиссиётлар қайноқ ёшга айланиб кўзларимдан оқаётганини сезмасдим.
– Нима бўлди сенга, Остон?! – ҳаяжонини босолмай қичқириб юборди Сафина.
Гул бутасини яна ҳам маҳкамроқ қучоқладим мен.
– Остон !.. Остон!.. Остон!.. – дея елкамдан қучар ва вужудимни гул бутасидан ажратиб олмоқчидек силкиларди қизгина. Индамай ўрнимдан турдим. Қизга қарашга юзим чидамади. Ўнғайсизландим. Ва тескари қараганча муштларим билан кўзларимни ишқалаб туравердим. Кейин анча жойгача индамай бордик.
– Нима бўлди? Нега йиғладинг? – дея яна сўроққа тутди Сафина.
– Сенга тушунтира олмайман, – дедим чуқур хўрсиниб.
6
Қандай қилиб унга тушунтирсам деб ўйлаб юрдим. Бизда ҳам шунақа гиёҳ ўсади, болаликда унинг тагида ўтириб ўйнардик, қўғирчоқлар ясардик, қалдирғочкулча уруғидан мунчоқлар қилиб, қўғирчоқларимиз бўйнига тақи б қўярдик десам, ўша кунги ҳолатимни оқламайди ва қизнинг кўнглида ғубор қолади. Ана шундай хаёллар билан бир куни оғилхона бурчагида ўтириб қўғирчоқ ясашга киришдим. Латта-путта қийқимлари кўп эди бу ерда. Жуда чиройли чиқди қўғирчоқ. Аёл кўринишида, кийимлари пўрим, бошида бинафшаранг қасава, унинг устидан сариқ шоҳи рўмол. Этаги узун парпари кўйлаги ва қора ҳошия тутилган кенг енги айниқса жозибали. Белида заррин камар… Эртага қўғирчоқни унга совға қиламан. Дарвоқе, эрта унинг сўнгги имтиҳони. Ўлкашуносликми ёки музейшуносликми бўйича университетга имтиҳон топширяпти. Туни билан хонасида чироқ ўчмади. Нурафшон деразага қарай-қарай ухлаб қолибман. Эрталаб уйғонганимда Сафина шаҳарга жўнаб кетганди. Орадан уч кун ўтиб қайтди. Бутун оила уни табрикладик, шунда мен бошқалар олдида совғамни топширишга журъат этмадим ва қулай фурсат кутдим. Боғ адоғида хилват гўша бор. Чирмовиқ гуллар билан ўралган яшил томча. Сафинанинг севимли гўшаси. Хонадон аҳлига шубҳа туғдирмаслик учун ҳадеганда у ерга боравермасдим. Астерийга ўт олиб келиш баҳонасида ёлғизоёқ йўлак бўйлаб яшил томча томон юрдим. Ёғоч скамейкада ўтирарди у. Кўзлари юмиқ, киприклари ёйилган қуш қанотидай бўлиб юзига соя солиб турибди. Қизил чорхона матоҳдан тикилган кўйлагини скамейкага ёйиб ташлаган… Шарпамни пайқаб кўзларини очди ва илкис ўрнидан турди. Нимадандир қаттиқ ҳаяжонланарди. Худди кўзларини юмиб хаёлига келтирган ҳолат энди рўпарасида тургандай. Қиз худди мени бағрига босмоқчи бўлгандек қучоғини кенг ёйди-ю, бунга журъати етмагандай яна жойига ўтириб олди.
– Сафина, сенга совғам бор…
Киприклари пирпираб кетди унинг ва савол назари билан кўзларимга тикилди.
– Мана!
– Вой. Ажинача! Ажиначагинам!
Қўлимдан олди қўғирчоқни ва бағрига босди. Кейин ўзидан узоқроқ тутиб қаради.
– Қаердан олдинг, – деди таажжубланганини яширмай.
– Ясадим.
– Ростданми? Ўзинг ясадингми?
– Ҳа, – Мен учунми?
Бош силкиб тасдиқладим.
– Оти нима бу ажиначанинг?
Қўғирчоққа ном қўйиш ҳақида ўйлаб кўрмагандим. Нима деяримни билмай тараддудландим. Турли-туман исмлар келди хаёлимга, аммо улардан мосини танлашим қийин кечди. Ва бироз давом этган сукутдан кейин қўғирчоқнинг номини айтдим.
– Шодия.
– Шодия?.. – Йўқ, Ажинача бўлақолсин… – деди Сафина ўтингансимон.
– Хоҳишинг…
Майса устига чўзала тушиб парпираб нур таратаётган деразага қараб ётдим. Шу сонияда унинг нима қилаётгани, нималарни ўйлаётгани ва қандай ҳолатда турганини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилар ва жўшқин хаёлларга берилардим. Ниҳоят дераза пардасида навниҳол қомати акс этди унинг. Қўлида ниманидир тутиб турибди. Юрагим ҳаприқиб ўрнимдан туриб кетдим. Қўғирчоқ! Ўша мен совға қилган қўғирчоқ! Сафина қўғирчоқни дам бағрига босар, дам унинг либосларини силаб-сийпалар, дам кўкси устига қўйиб боласини овутаётган онадек у ён-бу ёнга тебранарди. Лабларининг ҳаракатига қараганда алла ҳам айтмоқда эди афтидан…
7
… Шундан кейин орадан кўп йиллар ўтди. Германиядан қайтганимдан кейин яна қамашди мени. Яна қийноқлар ва сўроқлар… Гапнинг қисқаси, 1955 йили озодликка чиқдим. Қишлоқлар қиёфаси ҳам, ҳаёт ҳам тамом ўзгариб кетибди. Ҳеч ким танимади мени. Қишлоқ қабристони атрофида айланиб юрган бир қариядан Шодиянинг қабрини сўрадим. Биз майсалар гуркираб ўсиб ётган кичкина тупроқ тепача олдида тўхтадик
– Мана шу.
– Янглишмаяпсизми?
– Аниқ биламан. Уни қабрга қўйишаётганда отамнинг орқасидан эргашиб келгандим. Қўлимдаги тол чўпни олиб белги бўлсин деб қабр бошига қадаб қўйгандилар отам. Мана ўша чўп кап-катта дарахт бўлибди.
– Нега “бўлибди” дейсиз, ўзингиз бу ерлик эмасмисиз?
– Аслида шу қишлоқликман. Урушдан олдинроқ қамалиб кетгандим.
– Қандай айб билан?
– Ёмон вақтлар эди, очарчилик… Дўконда ишлардим. Бир аёлга бир кафт ун билан бир бўлак нон берганим учун растрата қилиб қамаб юборишган…
– “Муаззамжоннинг фили суврати” дейишмасмиди ўша аёлни?
– Ҳа, шундай дейишарди.
– Балки сиз Султон Остондирсиз?
Чол менга қизиқсиниб қаради. Ва индамай қўйнидан бир уюм латта олиб қабр тепасидаги тошга суяб қўйди. Қарасам, чиройлигина қилиб ясалган қўғирчоқ. Мен Сафинага ясаб берган қўғирчоқнинг айнан ўзи! Мен ҳам шундай қилдим. Қўғирчоқлар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшарди. Бўйи-басти ҳам, қийимлари ҳам…
Ногоҳ қулф-калитнинг шақир-шуқиридан ўзимга келдим. Темир эшик даранглаб очилди ва назоратчининг погонли елкаси кўринди.
… Неча йиллардан бери турманинг зах камерасида ётган маҳбуснинг хаёлига нималар келмайди дейсиз…
ЎЗГА ЎЛЧАМДАГИ ИШҚ
1
Биз тирикликнинг бошқа-бошқа ўлчамли оламида яшаётганимиз сабабли бир ёстиққа бош қўйиш имконидан маҳруммиз. Шундай бўлса ҳам етти йил бирга бўлдик. Никоҳсиз яшаш ножоиз. Буни сен тушунмайсан. Балки билмайсан ўз исмингни ҳам. Одамларга хос урфу одатлар сенга бегона. Шунга қарамай, бир йўлини қилиб никоҳ ўқитиш пайида бўлдим. Ким бажаради бу ишни, ким бўйнига олади? Дунё тарихида бундай бўлмаган. Маломат тошлари ёғилишидан қўрқаман. Аммо ҳамма нарсанинг йўли бор.
“Тонг сўфиси” деб атаганлар қуёшни ҳазрат Навоий. Айни муддао эди биз учун бу гап. Сўфи бўлсангиз бизни никоҳлаб қўйинг дедим қуёшга қараб илтижо оҳангида. Кейин ёнма-ён турдик биз бир неча муддат. Ўраб-чирмаб олганди қуёш нурлари бизни. Аслида, илк бор учрашганимиздаёқ тақдиримиз қўшилганилигини ва бизни ҳеч ким аҳдимиздан қайтаролмаслигини пайқаганман.
Одам қиёфасида эдинг ўшанда сен. Яъни никоҳ ўқитишимиздан олдин. Кейин бошқа ўлчамга ўтдинг. Бундай дейишим балки нотўғридир. Биз ер устида бир ҳаводан нафас олиб, шу ернинг сувини ичиб яшардик, қуёш нурларидан баҳраманд бўлиб яшардик. Фақат энди сен жамиятни, сиёсатни ва одамзот наслига тааллуқли бўлган тартиб-қоидаларни тан олмас, уларни тушунмас ва уларга нисбатан бефарқ эдинг. Аммо мени инсон наслидан эканлигимни билардинг, ҳузурингга борсам бутун вужудинг билан менга томон талпинаётганингни, майин-майин шивирлаб ўз тилингда алёр айтаётганингни билардим. Эшитиб турардим сенинг овозингни. Бундай эврилишдан аввал одам қиёфасида эдинг сен. Барча одамлардай росмана одам эдинг. Шу билан бирга ҳеч кимга ўхшамасдинг.
2
… Қуёш ботар маҳал пахтазор этагидаги зовур бўйида учрашдик. Эгнингда енгилгина яккақат “ветровка”. Қора рангда. Оппоқ ва бақувват бўйнинг билан ветровканинг парпариланган ёқаси бир-бирининг рангини янада тиниқлаштириб кўрсатади. Шамолда силкиниб, соат кафгиридай тебраниб ҳилпираб турарди шоҳи бўйинбоғинг. Юзингга кўчаётгандай бўйинбоғнинг алвон ранги. Гўё бу манзара завқу шавқидан сармастдай шамолда силкиниб пичоқ қайрашар ва шиғирлашарди қамишлар, оғир-оғир тебраниб қўйишарди маллабош лухлар. Ва “Бригадирист”, “бригадирист” деб сайрарди қаергадир яшириниб олган, исми ҳам, жисми ҳам менга номаълум бир қуш.
Оқшом палласи сўнгги этак пахтамни шийпонга кўтариб чиқиб тарозига қўйишим керак, аммо унгача қоронғи тушиб қолишини ўйладим ва касалманд дугонамнинг ўтинчи ёдимга тушиб, пахта тўла этакни эгат охирида қолдирдим-да, лух ва бўйчан қамишлар ўсиб ётган, шўроб сувли зовур томон юрдим. Бир ҳовуч қорадўлана териб кетмоқчи бўлиб шошилиб борарканман, зовур бўйидаги тупроқ тепачада ўтирган кишини кўриб иккиланиб турдим бир дам. Ортга қайтмадим. Ботиб бормоқда эди куз қуёши. Шошилганча қорадўлана дарахти томон бордим. Шунда сен тепача устида туриб қад ростладинг ва мен томон юрдинг. Мен эса дўлана шохига интилардим. Беҳудага сакрардим. Нимчам кистасида бир кафтгина дўлана. Бу оз. Яна бироз термоқчиман. Шунга интиқ дала шийпонида ётган бечорагина касалманд дугонам. Қора дўлана юрак хасталигига даво деган ақида билан яшайди бечора.
Шунда сен рўпарамда тўхтадинг, бўйим етмаган шохни эгиб тутқаздинг қўлимга, мен эса шоша-пиша маржондай тизилган қизғиш-қорамтир доналарни сидириб олар ва бир-биримизга бақамти турганимизни биров кўриб қолмаятимикин деган хавотир билан атрофга аланглардим ва шошилардим. Дугоналарим пахта тўла этакларни кўтарганча тизилишиб торгина ёлғизоёқ йўлдан шийпон томон кетиб боришар, узоқдан қараганда оппоқ гуручсимон уруғини ташиб кетаётган чумолилар карвонини эслатарди уларнинг қатор бўлиб тизилиб бориши. Сен эса яна ҳам баландроқдаги новдага интилдинг ва бир кафт дўлана териб менга тутдинг. Қўлингдан қай тарзда олишни билмай саросималандим. Ҳа, жуда-жуда шошилардим. Қоронғу тушмоқда эди пахтазор узра. Шунда сен қўлимдан тутдинг ва терган дўланангни ҳовучимга жойларкансан, сўрадинг:
– Нима қиласиз буни?
– Бир дугонам айтганди… – дедим товушим титраб.
– Дугонангиз нима қилади?
– Ейди.
Иккаламиз ҳам кулиб юбордик. “Ейди” деган сўз шу дамда кулгули туюлди менга ҳам. Ва мен эгат адоғида қолган этагим томон шошилдим. Ортимдан келдинг. Бўю бастинг “Алпомиш” достонидаги алплардай узун, бақувват. Индамай этакни олдинг елкамдан. Ва худди Алпомишдай катта-катта қадамлар билан кетавердинг индамай, ортингга ҳам қарамай. Шийпонгача бордим ортингдан. Билмасдим ўшанда ҳали сен университет талабаларининг раҳбари эканлигингни. Атрофингни ўспирин йигит-қизлар ўраб олгандан кейин ва улар “домла” деб мурожаат қила бошлаганларидан кейин англадим буни.
Кўп марта учрашдик кейин биз. Ҳаётимиз қанчалар қийин бўлмасин, терим мавсумининг тугаб қолишини истамасдим. Кун бўйи икки букилиб пахта териш, пахта тўлдирилган зил-замбил этакларни даладан шийпонгача кўтариб бориш оғир туюлмасди. Вужудимдаги кучлардан бошқа яна қандайдир ташқи куч бор эдики, тоғдек юкни ҳам кўтаришга мойил сезардим ўзимни. Аслида ташқарида эмас, юрагимнинг ичида эди ўша куч…
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?