Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 21 страниц)
Осмон алвон рангда эди. Бамисоли хотинининг иштони борлиқни қоплаб олгандай. Чаппаевнинг лаблари шивирлади.
– Зардакча, ўғлим, осмонни бўябсан-а!
РАЗ ҚИЗИ
Қўлбола мусаллас тайёрлашнинг янгича усулини ўргатган эди бир танишим. Гарчи бу соҳада уқувим ҳам, қизиқишим ҳам бўлмаса-да, танишим ўргатган усулни синаб кўриш учун эмас ёки бир неча шиша текин мусалласга эга бўлиш учун ҳам эмас, азбаройи ток навдаларида чанг босиб ётган узумларга ачинганимдан худонинг неъмати исроф бўлмасин деган хаёл билан уч-тўрт челак узум уздим. Эшик ва унинг ёнидаги деразам олдида қатор ўсган ва менинг бўйрадеккина ҳовличамни бутунлай ўз тасарруфига олган ток навдаларида беҳисоб узум. Афсуски, истеъмолга деярли яроқсиз улар. Афсуски, хўраки нав эмас. Қора жанжал, ҳусайни деб сотишган эди менга бу ток кўчатларини ниҳол бозорида. Олиб келиб экдим, бир йил, икки йил кутдим, учинчи йил нишона берди. Ток гуллади. Ва кўп ўтмай мош ва нўхат катталигида ғўралар пайдо бўлди ток навдаларида. Уларга ҳар кун ўн марталаб ва балки юз марталаб қарайман, сабрим косаси лиммо-лим тўлган. Ва мана, ниҳоят июлнинг ўрталаридан бошлаб август ойининг биринчи декадасида ғўралар тўлишиб рангга кира бошлади. Сабрсизлик билан бир ғужаласини узиб чангини артдим-да, оғзимга солдим. Нордонгина сувдан, уч дона данакдан ва уларни ўраб турган пўстдан иборат эди узум доналарининг борлиғи. Балки яхши пишса бошқача бўлар деган умид билан ой охиригача кутдим ва шу давр оралиғида дамба-дам бир-икки шингил узиб таъмини татиб кўрардим. Узум ширага энди, аммо егулиги йўқ. Мана энди чумчуқлар, майналар ва ариларнинг қовоқхонасига ва балки майкадасига айланди менинг токзорим. Ана шундай кунларнинг бирида ўша танишим келиб қолди-да, бу узумнинг “Винний сорт”лигини айтиб қўлбола мусаллас тайёрлашни маслаҳат берди. Унинг айтганини қилиб узумнинг чангини ювмасдан, думчаларидан тозаламасдан идишларга бостирдим, яхшилаб эздим ва чуваралари билан тўппасини токи шарбати тугагунча сиқиб, шарбатини сиздирмасдан машрапаларга солиб оғзига шланг тиқдим-да, хамир билан ҳаво кирмайдиган қилиб беркитдим. Унинг айтганларига оғишмай амал қилиб шлангнинг иккинчи учини сув тўлдирилган бошқа бир идишга солиб қўйдим. Машрапада ачиш жараёни бошланди, шланг иккинчи идишдаги сувга онда-сонда бир-икки ҳаво пуфакчалари пуркаб қўярди. Кунлар ўтди. Бир кеча тун ярмидан оғиб, тонг оқара бошлаганда ниманингдир шарпасидан уйғониб кетдим ва сув ичиш учун ошхонага ўтдим. Одатдагидай шу ердаги стол устида турган қурилмага қарадим-у, сув тўлдирилган идиш ичида пайдо бўлиб қолган ажабтовур қурилмага кўзим тушди. Унинг нималигига ақлим етмади дафъатан. Минглаб ва балки юз минглаб қўнғир тусдаги ва бир хил катталикдаги, шаклу шамоили ҳам бир хил “ғиштчалар”. Афсонавий меъмор уларни ўзи чизган тарҳ бўйича терган ва қандайдир антиқа шакл берган.
Шиша тагида ҳосил қилинган сатҳ бепоён саҳрога монанд. Худди моҳир рассом мўйқалами билан чизилгандай. Олдинги қисмида нисбатан йирикроқ жисмлар кўзга ташланади, уфққа борган сари бу жисмлар майдалашиб қўнғир тусдаги текислик ҳосил қилган. Бутун вужудидан хаёл ва мунг ёғилиб турган ҳалиги антиқа қурилма… Қурилма десам тўғри бўлармикин? Унинг мўйлаби ҳам бор. Таг қисми саҳронинг қўнғир рангли қумлоқ сатҳига қўшилиб кетган, гўёки шу сатҳдан ўсиб чиққандай. Атрофи гир айлана учи ўткир ва осмонга томон тик юксалган ўнлаб кичикроқ тоқлардан иборат. Алоҳида қаср кўринишида улар. Ҳар бир кичик қаср орқа ва ён томони билан ўртадаги асосий иншоотга туташ. Ари инидай минглаб шинаклар, тирқишлар, деразаларда қоронғулик ва сукунат. Эътибор билан қараб иншоот қурилиши ҳали ниҳоясига етмаганини англадим. Дарҳақат, эртаси кун бино деворлари бир қадар юксалганини ва такомиллашганини кўрдим. Қаср атрофидаги майдонда ҳам янгиланиш бор. Кўзга кўринмас меъморлар туни билан ишлаган ва афсонавий иншоотнинг олд томонидан сув йўли ўтказиб, унинг устига кўтарма кўприк қурган. Сув йўли тошқин тоғ дарёси кўринишида. Шу кунларда мени ҳайратга соляпти бу антиқа қурилма. Дамба-дам унга қарайман. Баъзан кун бўйи кетолмай қоламан унинг олдидан. Худди шундай иншоотни ҳали кўрмасдан туриб “Эшнинг ғаройиб кашфиёти” деган новелламда тасвирлагандим. Бугун ана шу кашфиёт ўта фантастик кўринишда кўз ўнгимда намоён. Дунёда рўй берадиган ҳодисалар баъзан инсон шуурида аввалроқ зуҳур этиб, кейин реал борлиққа тушадигандай. Сиғими уч литрли шиша банканинг ичида унинг макони. Шакли конуссимон, яъни қаландарлар кулоҳи кўринишида. Туси – қорамтир қўнғир. Учига томон борган сари ранги бироз рангсизланиб оч қўнғир тус олади. Энг тепасида оқимтир қалпоқчаси бор. Вулқон кратерига ҳам ўхшайди ўша қалпоқча. Учи ингичка юқорига томон қайириб қўйилган. Бу жиҳатдан ўрмонда яшайдиган гномларнинг худди ўзи. Бошқа томондан қараганда шундай кўринади. Айрим пайтлар, тўғрироғи, сутканинг маълум бир қисмида (балки бу хона ҳароратининг ўзгариши билан боғлиқдир) ердан, яъни шиша банка тагидан уч сантиметрлар юқорига кўтарилганча муаллақ ҳолатда туриб қолади. Кундузи, куннинг иккинчи ярмида рўй беради бу ҳолат. Кейин пастлайди у ва ерга қўнади. Иншоотнинг ҳайратланарли яна бир томони пастдан юқорига тик кўтарилган бурмаларидир. Бир ҳафтадирки уни кузатаман. Бугун Танзилани чақириб унга ҳам кўрсатдим. Сўнгра банкани, яъни у яшаб турган оламни секин ярим доира айлантиргандим, буни пайқади иншоот. Иншоот дейиш тўғри бўлармикин, ҳаракатланиб, ҳамма нарсани: ҳаво ҳароратини ҳам, банкани оҳиста қимирлатганимни ҳам ва ҳаттоки менинг кўз қарашимни ҳам пайқаб ва мен билан муносабатга киришиб, яъниким менинг хатти-ҳаракатларимга жавоб айтиб турган жонзотни.
Бугун 27 август. Банкани кафтларим орасига олиб чамаси икки дақиқалар турганимдан сўнг менинг бундай ҳаракатимга қарши норозилик билдириб мўйлабларини йиғиштириб олди. Афтидан унинг мўйлаби бир қатор тушунчаларни ва иддаоларни, кези келганда, қандайдир ҳиссиётларни ҳам ифодалар ва мўйлабининг бундай ҳожатбарорлигидан сўз ўрнида фойдаланарди Жонзот. Бамисоли Пуаронинг мўйлабидай. Қўлимни олмай туравердим. Баландроқ кўтарилди, бурмалари орасидаги чизиқлар чуқурлашди, ҳозир шу ҳолатда қотиб турибди.
Соат 3. Тадқиқотни давом эттирмоқдаман. Диққат билан узоқ муддат ундан кўз узмай қараб, иншоотнинг билинар-билинмас силкинаётганини аниқладим. Кўзойнагим устидан яна бир кўзойнак тақиб қарагандим, (лупа йўқ эди менда) унинг вужуди майин чанг зарраларидан ташкил топгани маълум бўлди. Қанотларини ўша йиғиштириб олган кўйи ҳали ёйгани йўқ. Банкага тегиниб унинг тинчини бузганимдан пушаймонман.
Соат 3/15. Назаримда, иншоот шимол томонга бироз оғгандай. Бурмалари аниқ кўриняпти. Бошидаги қалпоқчаси ҳам бироз оқарган. Юзасини чанг босган қор қопламасига ўхшайди. Банка тубида чексиз текислик. Ундаги суюқлик эса, нимранг ва кучсиз олма шарбатини эслатади ва қўнғир туманликдай тасаввур қолдиради.
Соат 4/15. Иншоот пастлаяпти. Аммо мен уни сира ҳам иншоот дегим келмайди. Ерга қўнишига 2 сантиметр бор. Ўнг томондаги ғилдиракчаси ерга тегай деб турибди. Чап ёнида учи юқорига томон қайрилган ихчамгина этикча. Унинг устида учи ўткир учбурчак шаклидаги аллақандай мўгиз. Худди каркидоннинг шохидай. Этикча ўша мўгизни юқорига томон тепиб юборадигандай ҳолатда. Умуман, иншоот жанубга томон қадам ташлаб бораётган улкан инсонни эслатади. Бошига ташлаб олган матоҳ оёқларигача тушиб турибди. Монах. Нариги хонадан мусиқа овози эшитила бошлади. Танбур навоси. Аммо мен мусиқани дастлаб эшитмадим. Иншоотнинг ҳолатида рўй бераётган ўзгаришни кўрдим дастлаб, бунинг сабаби нима? Иншоот титраётгандай ва унинг ичида қандайдир куч ташқарига ёриб чиқишга интилиб, хона деворларига босим ўтказаётгандай. Ана шунда ҳақиқий мўъжиза рўй берди. Қаср ичи ёришди. Тепада улкан қандиллар нур сочиб турибди. Ерда ўртаси яшил, икки четида қизил ҳошияли пояндоз. Адоғи кўринмайди унинг. Пояндознинг нариги чети туманликка қўшилиб кетган. Шундай бўлса ҳам атрофга аланглаганча битта-битта босиб боравердим. Ҳамон эшитилиб турарди жозиб куй. Англадимки, мени шу куй тортиб бормоқда. Уни ким чалаётгани, қайси хонадан эшитилаётгани қизиқтирарди мени. Қаср деразаларидаги шишалар турли рангда. Шу боис поёндоз устига яшил, бинафша ранг, қизил ранглар, яъни нурлар тушиб турибди. Кўзим қамашади бу рангларнинг тиниқлигидан. Уларда ҳам чалинаётган куйнинг таъсири бор. Айниқса, яшил нурнинг четлари титраб куйнинг амплитудаси ва частотасини акс эттираётгандай. Дилимни маҳзунлик қамраб олган. Менинг дилим ҳам куйга монанд титраётганини ҳис этиб турибман. Рўпарада олтин суви югуртириб нақшланган қўш табақали эшик намоён бўлди. Тутқич балдоқлари тиллодан. Эшикнинг кесакисига узум доналари катталигида қимматбаҳо тошлар қадалган. Остонада ўз аксимни кўрдим. Биллур ойна пойимда тиниқ сувдай кўринса-да, унинг сув эмас, ойналигини билиб турардим. Лекин нима сабабдан остона биллур ойнадан ясалганига ақлим етмай туриб қолдим. Гўзал Билқис ёдимга келди. Аёллар мамлакатининг маликаси Билқис! Не-не машаққатлар билан эришганди бу гўзал ва қайсар маликага ҳазрати Сулаймон. Билқис ғоят гўзал эди, аммо мутаносиблик бирозгина бузилган эди бу қизда, мен унинг оёқларини назарда тутмоқдаман. Ривоят қилишларича, ҳар тўкисда бир қусур деганларидай, Билқиснинг оёқлари товусникига ўхшарди. Шу боис узун кўйлак кийиб юрарди. Аниқ ёдимда йўқ, Ҳазрат Сулаймон бўлсалар керак, қизнинг оёқларини кўриш учун мармар пол устини сувга бостириб қўядилар. Агар кузатган бўлсангиз, аёлларда қизиқ бир одат бор, улар тўпиққа ҳам чиқмайдиган сувдан ўтиш учун шоша-пиша кўйлаклари этагини тизза баробар кўтариб оладилар. Биллур остона ҳам шу мақсадда, яъниким ундан ўтаётган аёлларнинг оёқларини кўриш мақсадида қилинмаганмикин. Бир лаҳзалик ўйлар сўнгида чўчиб тепага қарадим. Бир бош узум. Офтобда қизара бошлаган ток новдасида осилиб турибди. Шаклан “аёл жимжилоғи” деб ном берилган узумга ўхшайди. Ҳусайни узумнинг шундай тури бор. Ва ерга қараб биллур остонада унинг аксини кўрдим. “Хуш келибсан, Неъмат Арслон!” деган майин ва маст қилувчи овоз қулоғимга чалинаркан, Бошим гангиб чор атрофга алангладим. Ва ниҳоят, овоз эгасини кўрдим. Аммо кўзларимга ишонмадим. Овоз эгаси тепада, нақ осмон буржида осилиб турган ўша бир бош узум.
– Раз қизимисан, эй соҳибжамол? – дедим овозим титраб.
– Билиб туриб нега сўрайсан?
– Исминг ғоят ёқимли, такрор ва такрор айтгим келади, шу боис сўрадим.
– Билмадим, мени ҳазрат Навоий шундай атаганлар.
– Ўқиганман, нега сени пардадар ва маккора дея таърифлаганлар? Мана эшит:
Қилма раз фарзандидин кў ҳамдаму дамсозким,
Пардадардур асру бу шоҳидвашу маккора қиз.
Қиз кўксини тўлдириб нафас олди. Яъниким хўрсинди. Бу хўрсиниқда мен маккора эмасман, аслида пардадар ҳам эмасман, мени эзиб мижиғлаб кўзага жойлаганлар шу ҳолга солганлар, деган афсус бор эди.
– Кўнглингда шубҳа қолмаслиги учун буни ўз кўзинг билан кўришинг керак.
Шундай дея йўл бошлади қиз. Хумлар қатор тизилган хона, кўзачалар ва қадаҳлар… ҳаммаси биллурдан. Ҳаммаси узум боши ва доналари, шинчалари кўринишида. “Бир ғўша узум…” Навоий бир бош узумни бир ғўша узум деб атаганлар. Яхши аниқ ва тиниқ сўз. Лекин нега Раз қизи?.. Узум билан қиз ўртасида боғлиқлик борми? Аввало ана шу фикр таъсирида, ундан кейин, қизнинг дилидаги хижилликни тарқатиш учун Ҳазрат Навоийнинг мана бу мисраларини ўқидим:
Боғбонга чун ғино айлаб насиб иҳсонинг илги,
Хўша-хўша гаҳ зумуррад, гоҳ лаъли ноб осиб раз.
Табассум жилваланди унинг лабларида ва бир лаҳза кут дегандай ишора қилиб, зумрад япроқлар ортига паналади-да, зум ўтмай қаршимда намоён бўлди. Энди лаъл рангидаги шаффоф кўйлакда турарди. Ерга тиз чўкиб унинг шабадада ҳилпираб турган этакларини ўпмоқчи бўлдим, аммо улгурмадим. Раз қизи яна ток навдалари ортига ўтди ва бу сафар қора либосда чиқиб келди. Мен эса ҳамон тиз чўккан ҳолатда турар ва беихтиёр шивирлардим: “Гўзал Қора!”, “О, Гўзал Қора!..”
– Менинг бундан ҳам чиройли кўйлакларим бор, кийиб чиқайми?..
Бу савол менга эмас, унинг ўзига берилганини англаб сукутга бордим. Раз қизи бироз ҳаяллади бу сафар ва ниҳоят, ўзидан аввал унинг этагига кўзим тушиб юрагим ҳаприқиб кетди. Таърифу тавсифга ҳам, қоғозга ҳам сиғмасди унинг эгнидаги хилъатнинг ранги: қизғиш ва қорамтир ранглар қоришмаси! Қишлоғимизда бир қиз худди шундай кийинарди. Қизил бахмал нимчаси бор эди ва бир ўрим қоп-қора сочи ана шу қизил “сайхонлик” устида тўлғаниб ётарди. Менинг назаримда катта бир мамлакат эди унинг елкаси… Ва дунёда бошқа бундай уйғунликни, рангларнинг бунчалик мутаносиб алоқасини ўйлаб топиб бўлмайди. Тагоби қорага табиат нафақат ана шундай бетакрор ранг берган, балки бетакрор таъм билан ҳам таъминлаган. Қора кишмишдай ўта ширин эмас бу узум, қанди ўртача, серсув ва хушбўй… Бу бизнинг Шаҳрисабз ва Китоб томонларда етиштириладиган, хусусан, Тагоб қишлоғида яхши ўсадиган “Тагоби Қора” эди. Бобо Занги ҳазратларининг номларига қасам ичиб айтаманки, кезиб чиқинг бутун дунёни, Вассарғами, Саперавими,Баян ширейми, мен номини билган-билмаган узумлардан татиб кўринг, лекин пировардида Тагоби Қорани қўмсаб Ўзбекистонга қайтасиз.
Абу Аъло ал-Маарий “Жаннат ҳақида мактублар” асарида май ҳақида ғазал битган ўнлаб шоирларнинг исмларини келтириб, май тўғрисида ҳаммадан ўткариб шеър ёзган шоирларнинг номларини тилга оладилар. Хаёлимга келган шу фикрлар таъсирида хумлар оралаб борардим. Кейин биз осмонга парвоз этдик. Йиқилиб тушмаслигим учун қўлимдан маҳкам ушлаб борарди Қиз. Қайтиб ерга тушганимизда тонг оқара бошлаганди. Кўзимни очиб ўзимни сиғими уч литрли машрапа олдида кўрдим. Ердан уч сера чамаси (уч сантиметр) кўтарилган кўйи муаллақ турарди қаср… Узоқ вақт таъсирланиб юрдим. Шиша ичида рўй берган жараён ҳушу фикримни қамраб олганди. Бу сирнинг тагига етиш мақсадида ўша мусаллас тайёрлашни ўргатган танишимникига бордим. Ва бўлган воқеани гапириб бердим. Бунинг ҳеч қандай мўъжизалик жойи йўқ, ачиш жараёнида ҳамиша шундай бўлади, деди бепарволик билан танишим ва мусалласнинг қандай чиққанига қизиқди. Зўр дедим гарчи татиб кўрмаган бўлсам-да мен ҳам бепарволик билан.
– Бориб олиб келишинг мумкин.
– Ўзинг-чи?
– Мен… Раз қизи билан қоламан.
– Юрагингдан урганга ўхшайди бирортаси.
Уйга қайтиб эшик тепасини ўраб олган вайишга қарадим. Ток новдаларида ғўша-ғўша узум…
…Кўп ўтмай ҳаёт тарзим ўзгариб кетди. Оилавий муаммолар сабаб бўлиб, яшаб турган уйимизни сотишга тўғри келиб қолди. Олди-сотди шартномасидан кейин бир ой рухсат беришди бизга, ана шу бир ой ичида уйни янги эгаларига бўшатиб беришимиз керак. Орадан йигирма тўққиз кун ўтганда янги хўжайин эшик олдида ҳозир бўлди. Ва эртага кўчиб келишини билдирди. Март ойининг охирлари эди ўшанда. Мен яна ўн кун муҳлат сўрадим. “Ҳали уй ололганингиз йўқми?” деди уйнинг янги соҳиби энсаси қотганини яширмай.
– Олганман.
– Унда нега ўн кун муҳлат сўраяпсиз?
– Апрелнинг биринчи декадасида ток гуллаши керак.
– Токнинг нима алоқаси бор, яъни айтмоқчиманки…
Ток гуллайди деганингизгатушунмай қолдим. Ток ҳам гуллайдими?
– Гуллайди.
– Атиргул гуллайди, ўрик гуллайди, лекин ток?.. Елка қисди суҳбатдошим.
– Ток жуда чиройли гуллайди.
– Боғимиз тўла вайиш, тонналаб узум оламиз, аммо токнинг гуллашини умримда кўрмаганман.
– Буғдойни-чи?
– Буғдой?..
– Анжирни-чи?
– Анжир гулламайди. Бу аниқ.
– Анжир жуда чиройли гуллайди.
Ақлу ҳушим жойидалигига шубҳа қилгандай бироз ўзини орқага олди суҳбатдошим. Анжирнинг митти-митти қизил гул очишини, фақат унинг гуллари инсон қалбида яширин сақланадиган энг тоза севгидай, мевасининг ичида пинҳон сақланишини бу одамга тушунтириб ўтирмадим. Биз эшик олдида туриб гаплашардик. Ҳали қуруқ чўпга ўхшаб турган, аммо вужуди ер қаъридан сўриб олаётган шарбатга тўла ток танасига ва новдаларига қараб қўйди суҳбатдошим.
…Баҳорда яна гуллади менинг токларим. Кўзга деярли чалинмайдиган чанг зарраларидай майда ва кўримсиз гуллар ҳеч кимнинг эътиборини тортмас, ва токнинг ҳам гуллаши ҳақидаги гап ҳатто эриш туюларди одамларга. Мен эса ана шу гуллар ичида… Раз қизининг ана шу гуллар ичида туғилишидан хабардор эдим. Гуллаётган ток навдаларига қарадим, вайиш тагида ўтириб Раз қизига бўлган муҳаббатимни нима биландир ифодалагим келди ва француз шоири Андре Терьенинг икки мисра шеърини таржима қилдим:
Ток навдаси гуллар бардавом
Тўламан йигирма ёшга бу оқшом.
МАҲБУСНИНГ ИККИНЧИ ҲАЁТИ
1
Ҳар доим аввал ўзини ясайди Шодия. “Аёл олдин пайдо бўлган, чунки у эркакни туғади” дейди. Ишонаман. Ҳақиқатан ҳам аёл бўлмаса эркак туғилмайди-да… Мана, Шодия ёнимда ётибди. Эгнида кўк бахмалдан нимча, сариқ шоҳидан этаги узун кўйлак, унинг остида мисқолгарди деган матоҳдан терлик. Докадек юпқа, чорхона гулли бу матоҳни ўша пайтларда мисқолгарди деб аташарди, балки ҳозир ҳам аёллар лафзида бордир бу сўз, аммо болалигим ва ўсмирлигим ўтгандан кейин бундай матоҳни қайтиб кўрмадим.
Икки дона супурги чўпи, бир дона тугма ва бир уюм олақуроқ латтадан иборат менинг вужудим. Ҳавас ва завқу шавқ билан қарайман унга. Қора тиринкадан тикилган шимим ҳам, йўл-йўл кандир кўйлагим ҳам ўзимга қуйиб қўйгандай. Фақат юзимдаги сирлилик мени бироз чўчитади. Оппоқ, жуда оқ, қордай менинг юзим. Оқ сурп устида “Х” белгиси. Бу белги икки қатор қизил, уч қатор яшил ва тўрт қатор қора ипак қатимидан иборат. Мавҳумлик ва таъқиқ аломати бор бу белгида. Агар тугма топилмаса, Шодия менинг юзимни гулхайри мунчоғидан ясайди. Биз қалдирғочкулча буталари остидаги соя-салқин уйда яшаймиз. Бу уйни ўзим қурганман. Эшик-деразаси йўқ, том тепаси очиқ, фақат уй атрофи лой девор билан ўраб олинган. Уй тўрида олақуроқ кўрпа-ёстиқлар икки қатор қилиб тахтлаб қўйилган. Бизни оҳанрабодек ўзига тортади фақат бармоқларимизгина сиғадиган бу уй.
Шодия одатдагидай бугун ҳам уйни супуриб-сидирди, нонушта ҳозирлади ва дастурхонга омин ўқилгандан кейин мени ишга кузатиб қўйди. Ишхонам икки қадам наридаги дарахт тагида. Мен сотувчиман, магазинда ишлайман. Вазифам нималигини аниқ билмаганим сабабли дарахт ортида бироз ўтираман-да уйга қайтаман. Биз «келин-куёв»миз. Тик турган ҳолда овқатланганимиздан сўнг хона ўртасида осмонга қараганча қўлларимизни кенг ёйиб ётамиз ёки хона тўридаги тахмонга суянгача тик турамиз. Шодия тугма билан супурги чўпидан эркак ва аёлни, сўнгра бир гала бола-чақаларни халқ қилган, яъни вужудга келтирган. Инсонни бунёд этиш унчалик қийин эмас: супурги чўпининг бир учига тугмани қўяди-да, бармоқлари билан қисиб ушлаганча бир парча оқ сурп билан тортиб ўрайди, одамнинг юзи шундай ясалади. Қўлни ясаш бироз қийинроқ. Юзни ва қўлни ўз ўрнига ўрнаштиргунча мен ўзимнинг “оёғимдан” тутиб тик ҳолатда ушлаб тураман. Кандир, тиринка ва сатин қийқимларидан кўйлак-иштон кийдирилганидан кейингина мен одам суровига келаман. Ва шундан кейингина эркакка айланаман.
Шодия дунёда энг латофатли «аёл». Айниқса бошга киядиган заррин қасаваси жуда маҳобатли. Унинг қўғирчоқлик ҳаётини кўзда тутяпман. (Ҳаётда эса бечорага аёл бўлиш насиб этмади). Хуллас, ўзи яратган аёлни атлас қийқимларидан тикилган кўрпачага ётқизиб қўярди-да, сўнгра мени «бунёд этарди». «Бу сен бўласан», дерди ҳали кийим киймаган ва демакки одам қиёфасига кирмаган чўпнинг учидан ушлаб туриб. Ва лабларини қимтиганча ишга киришарди. Нозиккина бармоқларининг чаққон ҳаракатига қараб турарканман, ўз шаклу шамойилимнинг чиройли чиқишини истардим. Менга «тиринка» деган дағал матоҳдан иштон кийгизарди. Оёқларимни ушлаб кўрар, этагимни кўтариб шимимни ип билан маҳкам боғлар ва ётқизиб қўярди. Сўнгра ёнимдан ўзи жой оларди. Унинг либослари майин ва чиройли, сочлари қўнғир ва мафтункор. Бошида нафармон рўмол, унинг тагида сербар қасава. Шодия бундай нарсаларни ясашга уста. Бир бўлак латтани икки қатларди-да, ўртасига қаттиқроқ қоғоз парчасини қўйиб, қўғирчоқнинг пешонасига тортиб боғлар ва устидан рўмол ташлаб қўярди. Меҳр билан безанган келиннинг қиёфаси менга Шодиянинг ўзидан ҳам жозибалироқ кўринар ва унинг ёнига жон-жон деб ётардим.
Бугун мен ҳар қачонгидан ҳам савлатлироқ ва кўркамроқман. Эгнимда ола тўн, белимда сариқ рангдаги шоҳидан белқарс, бошимда кўк матоҳдан салла, иштоним ҳам бинойидек. Биз юмшоқ тўшаклар устида қўлларимизни икки ёнга ёзганча чалқанча тушиб ётибмиз. Энди Шодия ҳам, мен ҳам йўқмиз. Фақат қўғирчоқлар бор. Биз уларни ҳаракатга солиб турувчи кучмиз, холос. Кўғирчоқларнинг ҳаёти – ҳақиқий ҳаёт. Агар биз инсонга айлансак, бизни ҳаракатга солиб турувчи қўғирчоқлар таъсирига тушиб қоламиз.
2
Ё парвардигор! Қаердаман ўзи?! Бир умр қўғирчоқ бўлиб қолсам бўлмасмиди? Ахир, менинг бошқа тилагим йўқ-ку. Битта чўп, бир дона тугма ва бир уюм латта. Ҳеч кимнинг ҳақини емайман, ҳеч кимга ҳасад қилмайман, мансаб деб елиб-югурмайман. Шунда мени ушлаб кетиша олмасди. Қўғирчоқлар учун на суд, на милиция бор. Улар ҳатто солиқ ҳам тўламайдилар.
Турманинг зах ва совуқ хонасида бурчакка тиқилганча чўнқайиб ўтирарканман, ҳаётимнинг энг бахтли лаҳзаларини эслашга уриндим. Сон-саноқсиз юзлар, башаралар, чеҳралар, афту ангорлар орасидан бир нарса ойдек балқиб кўринди. Танидим уни ва ҳаяжонланиб кетдим. Бутун вужудим “Шодия” деган сўз таъсирида яйраб, яйралиб ҳаво каби енгил тортиб, қўшилиб кетди коинот зарраларига. Мен бор овозим билан қичқирганча унга талпиндим: Шодия!.. Шодия!.. Турма деворлари шаффоф тортиб мен ҳибсдан озод бўлдим ва ўзимни гуркираб ўсиб ётган ва жўшқин гуллаган қалдирғочкулча буталари орасида кўрдим. Мен яна қўғирчоққа айландим.
… Ўша ҳолатда – гўёки осмонни бағримга босмоқчи бўлгандек – қўлларимни кенг ёйиб чалқанча ётибман. Осмон эса узоқ, тубсиз ва беғубор. Беғубор… ҳақиқатан ҳам беғуборми болаликнинг осмони?! Ёки қачонлардир кимдир айтгану ҳамон ўзгаришсиз келаётган таърифми? Шодия ҳам ёнимда худди менга ўхшаб осмонга тикилганча ётибди.
– Эртага ишга борасизми? – дейди Шодия.
Индамай бош силкийман. Инсон табиатан ялқовликка мойил. Гоҳида бирор саволга “ҳа” деб жавоб беришга ҳам эрингандай бош силкиб қўяқолади. Яна Шодиянинг овозини эшитаман:
– Қайтишда нон олиб келинг…
Хўрсиниб қўяман. Рўзғорни таъминлаш учун эр сифатида темтиниб юрганимнинг ифодаси бу. Зеро, биз нондан бошқа егуликлар ҳам бўлиши мумкинлигини ғира-шира тасаввур қилсакда, рўзғорнинг боши нон деб тушунамиз. Бироз жимликдан сўнг Шодиянинг хавотирга тўла овози эшитилади:
– Кеча… “Муаззамжоннинг пили сурати” хола келувдила…
Томоқ қириб қўяман. Бунда норозилик оҳанглари борлигини пайқайди Шодия ва индамай кутади.
– Янами?
Кўкрагим узра ёйилиб ётган сочларининг силкинишидан унинг “ҳа” маъносида бош силкиётганини англайман. Бу хола кунора келиб туради. Унинг Муаззам деган қизи бор. Картон қоғозга чизилган филнинг сувратидан бошқа бирорта жонзот уларга ҳамроҳ эмас. Бу ғариб оиланинг бор мулки ана шу фил суврати. Хола шу сувратни кўксига маҳкам босганча остонада пайдо бўлади. Боши ўнг елкасига томон эгик, вужуди қаҳратонда қолгандек қунишган, лаби титраб турибди. Шу сабабли лабларидан учаётган нимжон сўзлар ҳам титроқ:
– Холанг айлансин, Шодияжон…
Токи кўзлари намлангунча, баъзида икки томчи ёш милдираб тукилмагунча сукут қилади хола, сўнгра давом этади:
– Муаззамжоннинг пили сувратини олиб бир кафтгина ун берсанг…
Шодия ярим пиёла унни холага тутади. Хола сувратни узатади. Шодия уни олмайди. Хола ерга эгилганча йўлга тушади. Кейинги кунларда хола келмай қўйди. Охирги марта “пили суврат”ни олиб келиб бир бўлаккина нон олиб кетганди. “Муаззамжоннинг пили сувратига нима бўлдийкин” сўрадим нимадандир хавотир олаётганимни яширмай. Фили қочиб кетмадимикин? Шодия елка қисди.Бир муддат бир-биримизга тикилганча жим қолдик. Сўнгра “хабар олиб келай қани”, деганча шоша-пиша йўлга тушди ва кўп ўтмай қайтиб келди. Кўзлари жиққа ёш. Хола оламдан ўтганини англадим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.