Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +
5

Жонҳолатда “а-а-а-а!“ деб қичқириб юборади одатда, одам бундай ҳолатда. Ёки бемажолгина инграниб ерга қулайди. Шундай қилган бўлсам керак мен ҳам. Қанча муддат ётганимни билмайман, этим жунжикиб, нафасим бўғзимга тиқилиб ўзимга келдим. Ва ётган жойимдан очиқ қолган тўсиқ томонга қарадим. Каравотда ботартиб қалаштирилган оппоқ суякларини намойиш этганча бор бўйича чўзилиб ётарди одам скелети… Язон эди бу! Ҳа, ҳа, бунга шубҳа йўқ. Қочоқ Язон бутун умр ана шу ертўлада одамлардан яшириниб яшаган, шу жойда вафот этган. Айрим белгиларга қараганда унинг ўлганига кўп йиллар бўлган кўринади. Шунга қарамай, чангу ғубордан тоза эди скелет.

Титраб-қақшаб турдим ўрнимдан. Ва зинага суянганча бу хунук ва даҳшатли манзарага энди бироз хотиржам ҳолатда қарадим. Ёнида занглаб кетган бешотар милтиқ. Девордаги михга сафархалта илинган. Эвоҳ, қандай мўъжиза бу! Жасад ёнидаги тумбочка устида яшнаб турарди бир тўп ёронгул! Лоларанг, лоладай қип-қизил ёронгул! Ҳайратомуз эди бу ҳолат. Скелет, милтиқ ва ёронгул. Ишонмайсиз, албатта менинг бу гапларимга. Қоронғида ҳеч қандай гиёҳ яшай олмаслиги ҳаммага аён. Аммо гул барқ уриб очилиб турибдими, демак, бунинг йўлини қилган хонадон соҳибаси. Назаримда, ҳар кун, кундузи гулни ўзининг хонасидаги ёруғ жойда сақлаган, парваришлаган ва фақат тундагина уни олиб кириб, жасад ёнига қўйган. Афтидан, Алпак момо аввал, қизлик пайтида тирик Язонни, сўнгра аёллик дамларида ўлик Язонни, кампир бўлиб қолганида унинг жасадини ва ниҳоят, токи ўлимигача қоқсуяк скелетини садоқат ва меҳру муҳаббат билан парваришлаган. Узоқ йиллар давомида Язон яхши кўрадиган (шундай деб тахмин қиламан) ёронгулни қайта-қайта экиб ўстирган. Чамамда, бу гулда (балки язон бўлгани учун) қандайдир рамзийлик кўрган. Балки бу гул язон бўлгани учун ҳам, ўлик Язон олдига тирик язонни қўйган. Сен тириксан, мана, яшнаб турибсан, куну тун менга ҳамроҳ ва ҳамнафассан, деган мазмунда уни мунтазам равишда жасад ёнига қўйишдан таскин топгандир балки, унинг кўнгли.

Қанчалик ночор ҳолатда бўлмай, момонинг овози қулоғимга чалинди. Ўша майин ва эркаловчи оҳанг. Ари қанотининг визиллашидай қатор келадиган титроқ “З” товушлари. Бир дам қулоқ тутдим ва мен ҳам худди аввалгидек ихтиёрсиз равишда ва балки ўзим истамаган ҳолда ва худди ўша оҳангда минғирлаб хиргойи қила бошлаганимни пайқаб қолдим:

 
Қўй келади қўзи билан язонгул,
Бир-бирининг изи билан язонгул…
 

ИСКАР

1

Итимни Искар деб номлашим ҳеч кимни ажаблантирмади. Одатий ҳол: Итлар дунёни асосан, бурни орқали англайди. Етти минг хилдан зиёд ҳидни аниқ билади ҳар бир ит. Яна олти минг хил ҳидни қиёслаб билади. Бундан ташқари бир ярим миллион ҳидни бир-биридан фарқлай олади. Искаш – бу ҳидлаш. Аммо мен “Искар” замирида хавфли бир адоватни яширмоқчи бўлган эдим. Кимга қаратилган эди менинг шахсий адоватим, қандай яширин фикр бор эди унинг замирида? Бу ҳақда ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Инсоният тарихида душмандан ўч олиш учун итлардан фойдаланиш ҳоллари кўп бўлган ва улар хилма-хил тарзда амалга оширилган. Искардан шу мақсадда фойдаланиш аввалдан ўйланган режа бўлмай, дабдурустдан хаёлимга келиб қолган кўнгилга таскин берувчи ҳолат эди, аслида.

Тўғрисини айтганда, ит мен учун ортиқча даҳмаза. Умр бўйи жамғарган бойлигим ўғри учун бир тийинга қиммат: китоблар, китоблар ва қоғозлар… Модомики шундай экан, ит сақлашга эҳтиёжим йўқ. Аммо нима ҳам бўлди-ю бошим айланиб, фикрим тўзғиб “Барахолька” бозорида бир итга харидор бўлдим. Кўзлари кўкимтир, чағирроқ, яъни бир неча хил ранглар қоришмаси бор унинг қорачиғида. Мени мафтун этган нарса бу эмас. Одатда одамлар гўзалликни юксак қадрлайдилар, чиройли аёл, чиройли гул, чиройли либос… менда ҳам бир пайтлар шунга мойиллик бор эди. Кейинчалик – дунё нималигини тушуна бошлаганимдан кейин дидим ўзгарди ва унда ижобий сифат кўринишлари рўй берди: хунуклик, таъвиялик ва ёки юмшоқроқ қилиб айтганда, кўримсизликда ҳам инсон эътиборига молик унсурлар кўплигини кашф этдим. Мен сотиб олган ит таъвияликнинг юксак намунаси. Жониворнинг чақчайган кўзи юрагимга ваҳима солади. Одатда, итларнинг кўзида илтижо ва садоқат барқ уриб туради. Искар бундан мустасно. Ҳукмронлик, ўч, таъма, зуғум ва мен номини билмайдиган яна аллақандай ифодаларни кўраман унинг кўзларида. О, Аллоҳим, бу антиқа жонзотни инсон қилиб яратмаганингга беадад шукр!

Кейинги кунларда уни кузата туриб, кўзларида ва эгри тумшуғида геноцидлик белгилари ҳам борлигини кашф этдим. Тиши уч қатор! Гўё темирни ҳам ғажиб ташлашга тайёр. Юрагимга ваҳима солиш учун тишларини атайлаб менга кўрсатади. Бу ҳеч нарсани англатмайдими сизга!?

2

Ит сотиб олиш мутлақо хаёлимда йўқ эди, аслида. Якшанба куни турли жониворларга тўлиб кетадиган Чирчиқ бозорида шунчаки оралаб юрардим. Такрор айтаманки, бирорта жонивор сотиб олиш ниятида эмасдим. Баъзида мутлақо хаёлига келмаган нарсага қўл уради инсон. Атрофдаги кишиларнинг нигоҳими, самодан қуйилиб келган қандайдир босимми ёки кимнингдир кўз қарашими шунга ундайди. Бозор оралаб борарканман, турли уй ҳайвонлари сотиладиган жойдан қушлар бозори томон ўтиб кетаётиб, ногоҳ қандайдир куч мени таъқиб этаётганини ҳис этдиму антиқа ранглар қоришмаси шууримга урилди ва ортимга ўгирилиб қарадим ва… ва уни кўрдим. Эти суягига ёпишган, жағига бемалол пичоқ қайраса бўладиган қоқсуяк одамнинг ўнг ёнида чўнқайган ҳолатда, ёнма-ён турарди. Бўйнида занжир, занжирнинг бир учи эгасининг қўлида. Яқинлашиб бориб сўрадим:

– Сизникими?

Бош чайқаб “йўқ”, деган ифодани билдирди қоқсуяк одам.

– Сотасизми?

Тасдиқ маъносида бош силкиди бу сафар менга умид билан қараркан:

– Номи нима?

– Билмайман, – биринчи марта сўз орқали фикрини билдирди ит сотувчи.

– Ўзингизники бўлмаса… эгаси даъво қилиб келса…

– Олаверинг, эгаси йўқ. Дайди ит. Ўзи келиб қолган эди, менга кераги йўқ. Қиммат сўрамайман.

– Қанча дейсиз?

– Бир нима беринг-да, олиб кетаверинг.

– Оти нима? – қайта сўрадим нимадандир гумонсирагандай.

– Кимсон.

– Кимсон?! Нега, Кимсон? Кимёга қандай алоқаси бор бу жониворнинг?

– Ўзимнинг алоқам бор. Кимсон кукунидан турли буюмларга ранг бераман. Бир куни дўконимда ўз ишим билан машғул эдим, бу жонивор кириб келди, оғзида кимсон билан ишланган ликобча…

Гап шу нуқтага келганда оғзини кенг очиб эснади ит ва қандайдир овоз ҳам чиқарди, беихтиёр сесканиб кетдим. Уч қатор эди унинг тишлари ва назаримда жуда мустаҳкам эди. Юнглари ҳам бошқача. Жигарранг, савсани, сариқ ва корамтир-қўнғир.

– Суллони бор экан, – дедим итнинг оёғига ишора қилиб.

Балиқ тутадиган қармоқдек қайрилиб ерга ботиб турарди тўпиғидаги тирноғи. Бундай итлар хосиятли ҳисобланади ва жуда қадрланади.

– Суллони бор, ҳар қандай бўрини таппа босади, итлар эса умуман дош бермайди бунга. Мен сизга айтсам…

Кимёгарнинг гапи оғзида қолди. Қаттиқ ириллаб орқа оёқлари билан тупроқни тўзғитиб ота бошлади ит. Оғир занжирнинг куч билан бир неча бор силкиланиши ва “молчать!” деган кескин буйруқдан тинчиди, ва мен чўнтак кавладим. Қўлимга илинганини санамай узатдим, Кимёгар ҳам санамай олди. Катта каналнинг темир кўпригидан ўтиб соҳил бўйлаб борарканман, итнинг безовталанаётганини пайқаб, занжирни маҳкамроқ тутдим. Биздан йигирма қадамча олдинда бораётган аёл томон интиларди Кимсон. Сабабини тушунмадим. Бўйчангина аёл, ёши ўттизларда, белида тилло рангдаги камари қуёш нурида ярқирайди, сумкачасининг занжири ҳам шу рангда. Олтин тақинчоқ олишга қурби етмаса, шу металл рангига мос арзонгаров буюмлар билан ўзларини овутадилар аёллар. Занжирни куч билан силкилаб тортиб “молчать!” дея қичқирдим.

3

Итнинг баъзи бир хатти-ҳаракатларини кузатиб юриб уни ўзимдан узоқроқда тутишга қарор қилдим ва ҳовлининг ошхона билан омборхона оралиғидаги кўздан панароқ бурчагига олиб бориб боғлаб қўйдим. Шу орада Қашқадарё вилоятининг тоғли бир қишлоғига боришга тўғри келиб қолди. Ҳар эҳтимолга қарши уч-тўрт кунга етадиган нон-сувини ғамлаб итнинг олдига қўйдим-да, овозимга бир талай ғамгин оҳангларни жойлаб, астойдил хайрлашдим. Ёлғиз одам ит сақлаши керак. Энг вафодор ва садоқатли дўст, агар билсангиз, ит деган жонивор. Ёлғизлик ғами елкадан зилдек босганда, итнинг кўзига қараш таскин беради.

Бизнинг ёзувчиларимиз от ва ит ҳақида ёзишни яхши кўрадилар, аммо уларнинг барча ўйлаб топган топилдиқлари итлар учун туҳмат ва ҳақорат. Эмишки, бир ит қайнаб турган қозондан бир бўлак гўштни олиб кетганмиш. Эмишки, ит вафо, хотин жафо эмиш. Албатта, Искарни мустасно қилганда кейинги гапда бир қадар ҳақиқат бор. Гапларимнинг сўровидан итни ёқтирмаслигим сезилиб тургандай кўринади. Аслида, Есениннинг “Итлар ахир укаларимиз” деган гапига қўшиламан. Хуллас, Қашқадарё сафари олдидан вафодор дўстим билан хайрлашдим: “Соғ бўл, Искар! Қайтгунимча уйни сенга, сени худога топширдим”, дедим йиғламсираб. Бошини кўтариб қаради жонивор. Бир неча кунга ташлаб кетаётганимни билди ва мен илк бор унинг кўзларида илтижо ва мунг қалқиб турганини кўрдим. Шунда унинг қайси зотдан тарқалгани тўғрисида ўйладим. Терьерлардан эмас, тойтерьер, эдилтерьер, сеттер, доглардан эмас. Питбулга бироз ўхшашлиги бордай. Ўзимизнинг маҳаллий зот бўрибосарларга ёки руслар “дворняжка” дейдиган оддий ҳовли итларига мутлақо ўхшамайди. Нима бўлганда ҳам уни ёлғиз ташлаб кетаётганимга астойдил ачина бошладим. Ҳатто кўзларим бироз намланди ҳам. Қишлоққа бормасам бўлмасди, тўй бўлганда бошқа гап, таъзияга бормаслик мусулмон одамига тўғри келмайди. Тоғлик дўстимнинг онаси қазо қилган… Уч кунни мўлжаллаган эдим, бошқа фотиҳалик жойлар ҳам чиқиб қолиб бир ҳафтага чўзилди менинг мажбурий саёҳатим. Тоғ қишлоқларида суҳбат асосан ит ва от ҳақида бўларкан. Ит ҳамиша бўрига қарши қўйилиб, мутлақо ишончсиз афсоналар ҳам тўқиларкан. (Уларни баён қилиб ўтирмайман) Ит неча кунгача оч ва сувсиз яшай олиши тўғрисида қариялардан сўрадим. “ Э ётаверади”, деган гапдан таскин топдим. Бир ҳафтадан кейин уйга қайтарканман, дарвозадан бош суқишим билан оралиқ томонга қарадим. Ит кўринмади, чақирдим: Искар! Искар! Жавоб бўлмади. Балки девор тубида ётгандир деган фикрим асоссизлигини билиб турган бўлсам-да, шошқин қадамлар билан оралиқ томон юрдим. Маҳаллий халқ “постромка” деб атайдиган тасмасимон, қалин ва мустаҳкам ип ерда узала тушиб ётарди. Юриш-туриши осон бўлсин деб, занжирини ечиб ташлаб постромкага боғлаганимга пушаймон бўлдим. Даҳлиз эшиги ланг очиқ. У ерда бобомдан қолган иккита жез примусдан бошқа ҳеч нарса йўқлиги сабабли, эшикни ёпгандим-у аммо қулфламагандим. Оёқ остида ўроқ-болға шакли туширилган сариқ тугмага кўзим тушди. Аскарликдан кийиб қайтган мундиримда шунақа тугмалар бўларди. Хизмат давридан хотира сифатида ташлаб юбормагандим ҳарбий кийимларимни, деворда осиғлиқ турарди. Ичкарига қадам қўйиб, ҳушим бошимдан учди. Даҳлиз ўртасида бир уюм тупроқ. Девор тубида эса тандирнинг оғзидек тешик қорайиб турибди. Каламуш бор экан-да, деган фикрдан этим жунжикиб кетди. Тешик катта, тупроқ мўл. Йўқ, бу каламушларнинг иши эмас. Примуслар ҳам йўқолиб қолганди. Хона ичида мени нималар кутаётганини тахминлаганча бир дам туриб қолдим. Дарҳақиқат, ичкарида ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб ётарди. Гилам устида солдатлик мундирим. Парча-парча қилиб ташланган. Бирорта тугмаси йўқ. Девордаги медалларим ва стол устида турадиган қаламдоним йўқлигини кўриб, ўғрининг жуда майдакашлиги, унча қиммат бўлмаган нарсаларни олиб кетганлиги энсамни қотирди. Ваҳоланки, йўқолган нарсалардан анча қиммат турадиган патгилам ва болғиндордаги сандиқ ўз ўрнида. Яна қандай ўзгаришлар бўлганлигини аниқлаш мақсадида, деворларга ва токчаларга қайта-қайта қарадим. Қани спорт мусобақаларида олган “олтин медал”ларим? Қани онамдан қолган мис баркашим? Мис чойдишим қани? Стол устига эгилганча йўқолган буюмлар рўйхатини туздим. Бундан бирон-бир мақсадни кўзлаганим йўқ, шунчаки… аммо рўйхатга қайта кўз югуртирарканман, ўғирланган нарсаларнинг ҳаммаси олов рангидалигини англадим.

4

Ярим тунда деразадан қараб ҳовлининг узоқ бурчагида алланарсанинг ҳаракатланаётганини кўрдим. Ой сутдай ойдин. Бундай тунлар яхши ухлай олмайман, оғир хаёллар бостириб келаверади. Анча муддат кўз узолмай, кузатдим ўша нарсани. Нарса эмас, албатта, тирик жонзот. У менинг итим Искар. Йўқолиб қолган эди, демак қайтиб келибди. Эрталаб туриб ўша жойни қарайман. Қани, нималар қилган экан бу ақлли жонивор! Баъзи бир итларнинг “қаро кун” учун озиқовқат ғамлаб, тупроқ тагига кўмиб қўядиган одатлари борлигини биламан. Искар ҳам бирор жойдан суяк топиб олган бўлса, кўмиб қўяётгандир деган хаёл билан яна тўшакка кирдим. Эркаланишни билмайди менинг итим, у ҳамиша жиддий ва босиқ. Гўё ҳовлида бор ҳамма нарса унинг мулки, ҳатто менинг ўзим ҳам. Шу сабабли, муносабатларимиз ёмонроқ.

Тонгда туриб, ҳали ювинмасимдан ҳовли бурчагига томон юрдим. Буталаб ўсган олча дарахтининг тагидан бир неча жойни кавлаган эди ит. Ўзи эса ҳеч қаерда кўринмасди. Нарироқда ҳам яна икки-уч жойнинг тупроғи тўзғиб турибди. Маълум бўлдики, захира омборлари анчагина. Уйнинг соярав ёнбошини, қазноқ ортини қараб Искарни топа олмадим. Айни муддао эди бу. Сирдан хабардорлигимни мутлақо билмаслиги керак. Супринди олиш учун ишлатиладиган тунука куракчани олиб чиқиб, тупроғи ҳали намини йўқотмаган тепачани мўлжалга олдим. Бошқа “омборхона”ларга нисбатан анчагина катта эди буниси. Ҳозир дафинани топиб оламиз, деган хушнуд фикр билан ишга киришдим. Хушнудлигимнинг боиси шундаки, тупроқ остидан топиладиган нарсанинг нималигига қараб, Искарнинг аслида “кимлигини” билмоқчиман. Куракчанинг учи қаттиқ бир нарсага тақалди. Ва тупроқни суриб ташлашим билан нимадир ярқираб кўринди. Шошқин ҳаракатлар билан уни тупроқ тагидан чиқариб олдим. Ажабо! Биласизми нима эди қўлда ушлаб турганим? Горн! Ҳа, мактаб ўқувчилари, аниқроғи, пионерлар чаладиган Горн! Қаердан топди экан буни? Ахир ҳозир икки минг ўн бешинчи йил. Пионер, комсомол деган тасаввурлар ёши улуғ кишилар онгида ҳам хиралашиб қолган, ёшлар эса тасаввур ҳам қила олмайдилар. Топилдиқнинг сиртини енгим билан артиб тозалаб, унинг овоз ҳосил қиладиган учини лабларимга босдим ва қаттиқ пуфладим. “Ғат-ғат”, “ғат-ғат” этган овоз таралди. Шу садо остида шахдам қадам ташлаб даҳлиз остонасигача бордим ва ортга қайтдим. Бир пайтлар ўнинчи синфни битириб, вожатий бўлиб ишлаганман. Валя деган ўрис қиз менинг ёрдамчим эди. Ундан гўзал хилқат йўқ эди шаҳарчамизда. Валя Позднякова! Оилада уч қиз… Валя билан иккаламиз пионерларнинг бўйнига лоларанг галстук боғлаб қўярдик ва горн чалишни ўргатардик…

5

Майли, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас, бир лаҳзалик хаёллар арсадидан озод бўлиб, қўлимда бамисоли олтиндай ярқираб турган жисмга қарадим. Қанчалар ҳаяжонланганимни айтиб ўтирмайман. Болалик, ўсмирлик ва хусусан, йигитлик лаҳзалари бамисоли қора булут бағридаги сув билан олов. Чақинлар чақнаб, қалбингда момақалдироқлар садо беради у даврларни ёдга олсанг. Горн, яна янгради горн! О, қанчалар тантана бор унинг овозида. Ногоҳ борлиққа қайтдим ва саволлар гирдобида қолдим: Искар горнни қаердан олди? Нега кўмди? Горн егулик ҳам эмас, суяк ҳам эмас. Совет даврини ёдга солувчи бундай нарсаларни ҳозир ҳатто музейлардан ҳам топиб бўлмаса керак. Лекин буни қарангки, Искар топибди уни. Наҳотки, ўтмишни қўмсаётган бўлса?! Сиёсат ҳам, мафкура ҳам, ё бирон-бир диний эътиқод ҳам йўқ-ку унинг онгида. Онгнинг ўзи борми лоақал унда!?

Горнни олча шохига илиб қўйиб, иккинчи чуқурни кавладим. Мана, қаерда экан менинг мис баркашим! Тупроқ остидан чиқариб олиб, бута тагига қўйдим уни ва бирин-кетин бошқа дафиналарни ҳам ёруғликка чиқардим. Мана, бобом Мулла Тўрабойдан қолган бузуқ примуслар, мана менинг медалларим, мис чойдишим, бронзадан ишланган ҳўкиз ҳайкалчам ва бир ҳовуч жез тугма… Дарвоқе, айтишга ҳам истиҳола қилиб турибман. Чуқурларнинг бирида чалқанча ётган одам қиёфасини кўриб, бир муддат ўзимга келолмай қолдим. Пролетариат доҳийсининг бронза ҳайкалчаси! Дарҳол қайта кўмдим уни. Тунда кавлаб олиш мақсадида қайта кўмдим. Ҳатто қуёшдан ҳам гумонсирардим. Бошқа буюмларнинг ҳаммасини бир жойга тўпладим. Ерда чўнқайиб ўтириб, хаёлга толдим. Оловдай ловулларди қуёш нурида топилмалар. Олтин рангида эди уларнинг ҳаммаси. Олтин рангида… олтиндай… олтин… ногоҳ миямга урилган умумлашма бебурдлиги билан ва айни пайтда инсон ҳаётига хослиги билан энг ақли заиф одамни ҳам ҳайратга соларди. Хулоса қилдим:

… Олтинга ўч эди Искар!

6

Шу билан ниҳоясига етиши керак эди ит билан боғлиқ воқеа. Кимсон буюмларни олиб хонага киришим ва уларни маҳкам яшириб қўйишим керак. Балки сандиққа солиб қулф урарман. Искар тунда келиб дафиналаридан хабар олади, балки яна кимсон буюмлардан топиб келар… Шунда хазинаси йўқолганини кўради-ю, юраги орқасига тортиб кетади. “Эвоҳ!” – деб пешонасига бир шапати уради-да, аразлаб кетиб қолади. Фикрим ўзимга ёқиб мириқиб кулдим. Хуллас, лабимда зуҳур этган кулги нишонаси ҳали тугамай дарвозада бўйчан бир одам пайдо бўлди. Бошида кигиз шляпа, эгнида узун жигарранг плаш. Дафъатан мени кўрмади, эшигимга, деразаларимга қараб туриб энгак қашлади, кейин бўйинбоғини тўғрилаб олиб бир неча қадам босди-ю, олча соясида ёнбошлаб ётган кишини кўриб турган жойида қотди:

– Э, бу томонда эдингизми, тақсирим!?

– Қайси қусурларимга ишора қиляпсиз?

– Сизда қусур нима қилсин? Сиз…

– Тақсир, қусурли дегани эмасми?

– О, сизга беш кетаман, коллега!

– Ҳозир кетсангиз ҳам хафа бўлмайман.

Қўполроқ гап қилишимнинг боиси бор. Саксонинчи йил охирларида бир неча илғор фикрли журналстлар бамаслаҳат газетамизнинг номини ўзгартириб “Коммунизм байроғи” деган титулни олиб ташлаган эдик. Сўз эркинлигини қўмсаб қилган ишимиз қимматга тушди. “Бирликчи” деган тамға билан бизни ишдан ҳайдашди. Хуллас, бошимизга оғир кунлар тушди, таъқиб, тазйиқ… Ана шундай оғир кунларда бу одам турли йиғинларда бизнинг устимиздан кулиб “Путури кетган бандалар” деган сарлавҳа билан мақола ҳам ёзди. Мана, энди биз олча дарахти олдида юзма-юз турибмиз. Мендан нигоҳини узиб атрофга аланглади чақирилмаган меҳмоним ва ногоҳ олча шохига осиб қўйилган ялтироқ олтинранг буюмга кўзи тушди. Бўғзидан ғаройиб товушлар чиқариб дам горнга, дам менга қаради. Уни тамом эсанкиратиб қўйди горн. Мисли кўрилмаган шаккоклик ва ҳатто оғир жиноят устида мени қўлга туширганига ишониб, бундан қувонмоқда эди Партинов. Хаёлидан ўтаётган фикрларни англаб турардим. Шу лаҳзада битта ёки иккита шоҳид керак эди унга. Мени судга бериш, қаматиб юбориш учун исбот талаб қилинарди, албатта. Бир дам лол қолди ва ниҳоят тилга келди:

– Шунингизни бир кунга бериб турасизми?

– Нимани? – сўрадим атай ўзимни тушунмаганга солиб.

– Горн дейишармиди… шуни-да, – қўли билан дарахт томонга ишора қилди Партинов. (Шундай эди унинг фамилияси) Менга қизиқ туюлмоқда эди унинг мақсади. Беҳад ҳаяжонланаётгани сабабли бўйинбоғи титраб турарди, оламшумул кашфиёт олдида турган олим ҳолатида эди.

– Нима қиласиз уни?

Бир дамлик сукутдан фойдаланиб, дарҳол жавоб қайтарди:

– Неварачага бир кўрсатиб, мана биз пионер бўлганмиз, мана бу горн, ана шуни чалиб саф тортардик, деб…

– Олинг!

Қулоқларига ишонмади Партинов. Эшитганим ростми дегандай, кўзларимга тикилди. Мен эса бошқа нарсанинг ташвишини қилардим. Пролетариат доҳийси оёғидаги туфлининг бир чети учбурчак шаклида кўриниб турарди. Шошилишда чуқурроқ кўммаган эканман.

– Олаверинг! – дедим ундан осонроқ қутулиш мақсадида ва секин ён томон сурилиб, гавдам билан доҳийни тўсдим.

Кимсон буюмлар устидан сакраб ўтди Партинов ва горнга қўл чўзди. Бунчалик осон ён берганим ажаблантирди, албатта уни, аммо сабабини ўйлаб ўтиришга фурсати йўқ эди. Горнни олди-ю қўлтиғига урганча, дарвоза томон одимлади.

Орадан икки ҳафта ўтиб, туман газетасида “Ўтмишни қўмсаш” деган мақола босилди. Горннинг расми ҳам ашёвий далил сифатида берилган эди. Инсофи борнинг баракаси бор деганларидек, исму фамилиямни кўрсатмабди. Балки кейинги йилларда бир қатор асарларим нашр этилганлигини юзхотир қилгандир.

Шундай қилиб, Искарни ҳам, компартиянинг ашаддий мухлиси ва маддоҳи Партиновни ҳам қайтиб кўрмадим. Горнни нима сабабдан ҳеч эътирозсиз бериб юборганим Сизни ажаблантириши табиий. Юқорида салгина шама қилиб ўтган эдим, балки тушунарли бўлмагандир, балки тирноқ орасидан кир излайдиган одамлар ҳам нималаргадир интилиб, катта орзулар қанотида яшайдилар деган хулосани амалда исботламоқ учун шундай қилгандирман.

Тўғрисини айтсам, бундай ожиз одамларга раҳмим келади.

Худди кимсон буюмларга ўхшайди улар.

ҒАВВОСЛИК МАКТАБИ

1

Етти йил бедарак кетган ўғилнинг остонада пайдо бўлиб қолиши отани ҳам қувонтирди, ҳам чўчитди. “Қоплонмисан?!” овоз берди ота бағрини кенг очиб. Улар қучоқлашиб кўришдилар. Ҳадемай шодон қийқириқларга тўлди кенг ҳовли. Эски ариқни лойқадан тозалаётган тўққиз нафар ўсмирча иш қуролларини ариқ бўйида қолдириб, гўё уяси бузилган арилардай тўзғиб келиб Қоплонни ўртага олишди. Уларни бирбир қучди ака. Аввал ҳаммадан олдинда турган етти ёшли болани бағрига босди ва сўради:

– Ким бўлди бу полвон?

– Кетмон, – жавоб қилди ота.

– Ҳимм… ўхшаб турибди, – дея ғўлдираб қўйди ака боланинг дўнг пешонасига ишора қилиб, сўнгра тўққиз ёшли Фармонни қучоғига олди, ундан кейин сепкилдор Уммонга бағрини очди. Ёши каттароқ ўсмирчалар навбат кутиб турардилар: Олдинда уч эгизак: Алпон, Талпон ва Ғуфрон ёнма-ён, орқароқда эса хўппасемиз Каппон ва баҳор офтобида қорайиб кетган мускулдор Сиртлон. Бу иккаласини ҳам қучди ака ва ҳаммадан кейинда турган ўн беш ёшли Саксонни боши узра даст кўтариб, тегирмон паррагидай айлантирди. Онаси билан қўл бериб кўришди. Синглиси Гулфон билан Нолоннинг бошини силаб қўйди.

– Қани, қаерлардан сўраймиз? – деди ота кўнглидаги хавотирни тезроқ бартараф этиш мақсадида. – Кўп изладик сени…

– Ҳунарли бўлиб қайтдим, – жавоб қилди Қоплон.

– Ҳунарли кас хор бўлмас, бу ишинг яхши. Мактабда ўқитувчилар “Ўғлингиз одам бўлмайди”, деб дашном беришарди менга, мана энди юзим ёруғ бўладигандай, – деди ота ўғлининг норғул гавдасига завқ билан қараркан.

– Қайси ҳунарни эгалладинг?

– Ғаввослик.

Қошлари чимирилди отанинг. Тамом ҳайратда қолишди укалар бу сирли сўздан. Она бу сўзни ичида такрорлаб кўриб маъносига етмадими, эрига кўз тикди. Гулфон бўлса ҳеч нарсани эшитмас, дугоналаримдан қайси бири акамга мос келаркин, деган хаёлга маҳлиё бўлиб турарди.

– Шундай мактаб бораканми? – сўради ота бир неча сония давом этган жимликдан сўнг.

– Хусусий мактаб, – жавоб қилди Қоплон пинжига тиқилиб ўтирган Кетмончанинг бошини силай туриб. Кейин чап ёнида ўтирган Алпоннинг елка суякларини ғижимлаб кўриб, норози бош чайқади ва Ғуфроннинг қоқсуяк билагидан икки бармоғи билан тутиб юқорига кўтарди, юзидаги аянчли ифода билан отасига қаради, Уммон билан Саксонга қараб юзи буришиб кетди. Ва ниҳоят отасининг орқасидан эгилиб қараб, акасини кузатаётган Сиртлонда тўхтади унинг назари. Ва хулоса қилди:

– Аталаполвонлар!

Изза бўлиб ерга қарашди укалар. Фақат каратэ мусобақаларига қатнашиб юрган Чўпонгина кўксини кериб қад ростлаб ўтирарди. Унга кўзи тушган ака дастурхон оша қўл чўзиб, уканинг кўкрагига қаттиқ чертди. Чертки зарбидан ортига қулаётиб оёғи билан дастурхон устида турган чойнакни тепиб юборди Чўпон.

– Каратэни яхши ўрганибсан, – дея истеҳзо қилди Қоплон бегемотникидай кенг ияги билан чойнакка ишора қилиб. Ҳамжиҳатлик билан кулди оила. Умумий хурсандчиликдан фойдаланиб, масалага ойдинлик киритишни ўйлади ота ва сўради:

– Сен таълим олган мактаб қаерда ўзи?

Бир дам жим қолди ўғил, ҳарбий сирни очгиси келмасди. Шу боис, гапни одатдагидай қисқа қилди:

– Бизнинг юртимизда эмас.

Отанинг шубҳаси ортди, шу менинг ўғлиммикан ўзи, деган таҳлика оралади кўнглига. Кун кечга томон оға бошлаганди бу пайтда. Ёлғиз ўзи боғ айланиб олмазорни кўздан кечирди Қоплон. Дарахтлар панасига ўтиб телефонда ким биландир гаплашаётгани отанинг шубҳасини янада кучайтирди. Авжи баҳор эди. Олмалар гуллаган, арилар ғувиллайди. Оиланинг бирорта аъзоси унга ҳамроҳлик қилишга ботинмади. Боғда сайр қилиб юрган инсоннинг келбати ҳар қандай кишини ҳайиқтирарди зотан. Қоплон дарахтларнинг гуллаганини пайқамади десак, ёки ариларнинг ғувиллашини эшитмади, десак ҳақиқатни бузиб кўрсатган бўлардик, кўрди ҳаммасини, эшитди, гуллар ҳидини ҳам туйди, аммо бутун фикри-ёди бошқа нарсада бўлганлиги сабабли, буларга эътибор бериб ўтирмади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации