Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 21

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ТЕТИС ДЕНГИЗИ ХИЛХОНАСИДА

1

…Кейин дастурхон атрофида юзма-юз ўтирдик. Қорним оч. Бибиўлмас олиб кирган бир товоқ шавлани бош кўтармай еб битирдим. Мудрай-мудрай икки пиёла чой ичдим ва қизнинг: “Нариги хонага жой солиб қўйганман” деган товушини мудроқ ичра илғадим-да, аранг ўрнимдан турдим. Аммо ҳали ҳеч ким томонидан очилмаган бошқа бир хонада эди менинг бутун фикру зикрим. Хаёлимнинг бир четида бурама қулфни тезроқ очиб хонага кириш истаги бўй кўрсатиб турган бўлса-да, уйқу зўрлик қилди. Кун бўйи оёқда туриб обдан толиққан эдим. Бундан ташқари, бобом томонидан табу эълон қилинган эшикни тунда очиш ножоиз. Ким билсин у ерда нима бор! Йўқ, сабрим чидамади. Гарчи ашаддий меланхолик бўлсам-да, худди сангвиниклардай ҳаракатга келдим. Мудроқни енгиб, шаҳд билан ўрнимдан турдим-да, дадил қадамлар билан эшикка тақалиб бордим ва қулф тешигига калитни солиб, аввал ўнг томонга, сўнгра чап томонга бурай бошладим. Бибиўлмас чироқ пилигини кўтарди ва эшикка яқинроқ тутди. Неча йиллар давомида бундай тазйиқни кўрмаган қулф бироз қаршилик кўрсатди. Охиригача буралди калит ва таслим бўлганини билдириб "шилқ" этган товуш берди қора қулф. Кафтимни эшик сиртига босиб оҳиста итардим. Аслида бунча ҳаяжон ва бундай эҳтиёткорлик ортиқча экан. Девор тубига тақаб қўйилган симкаравотни ҳисобга олмаганда бўм-бўш эди хона. Ортимга ўгрилиб қарадим. Таажжубланганини яширмади Бибиўлмас, елка қисди ва аввал оёғининг учи билан сўнгра ишонмагандай бармоқлари билан ерни сийпалаб қўрди. Қалин чанг кўрпаси тагидан қўнғир тусдаги мойбўёқ ярқираб кўринди. Шарпа тўғрисидаги Бибиўлмаснинг ваҳимаси ёдимга тушиб кулиб юбордим. Ва “Қани шарпа?” дегандай қизга қарадим. Аммо Бибиўлмас менинг кулгумни эшитмас ва ҳаттоки менинг борлигимни ҳам унутгандай хонанинг қоронғу бурчагига тикилиб қолганди.

Дераза йўқлиги ва хона нимқоронғулиги сабабли тахтаполнинг ғарбий бурчагида антиқа шакллар чизилганини дастлаб иккаламиз ҳам пайқамаган эканмиз. Бир қарашда бу чизгилар араб ёзувига ўхшарди.

– Чироқни яқинроқ олиб келинг, Бибиўлмас, – дедим чизгилардан кўз узмай. Хона ёришди ва чанг қатлами устида қолдирилган излар энди аниқ кўринди. Ва мен сира қийналмай “Шуур” деган сўзни ўқидим. Шу билан бирга бу чизмалар қандайдир жониворнинг излари эканлигини англадим. Унинг ёнида ва ундан сал нарироқда ҳам шундай излар. Фақат кейингиси аниқ, афтидан шу кеча ёки ўтган кеча балки кундузи қолдирилгани кўриниб турарди.

– Илон!

– Қани? Қаерда! – Овозим ўзимга бегона туюлди.

– Ана!

Ҳа. Деворлар туташган бурчакдаги қора тешикда ялтираб турарди икки дона қора мунчоқ. Этим жимирлаб сочларим вағиллаб кўтарилганини англадим. Айри тилини қора яшиндай бир икки ўйнатди-ю, ин ичига ўзини олди жонивор. Биз бир-биримизга қараганча бир муддат жим қолдик. Қизнинг овози эшитилди ниҳоят:

– Уй илони… зарар еткизмайди. Шундай дейишади одамлар.

– Йўқ, илон – илон-да, барибир.

Қизнинг қаршилик кўрсатганига қарамай, тахта полни қўпаришга жазм қилдим. Сафдошларини огоҳлантирмоқчидек “қийқ-қийқ” этиб нолиш қилганча суғрилиб чиқди дастлабки мих. Билмадим, тахта пол остидан илонни тутиб ўлдирмоқчи эдимми, ёки уни уйдан қувиб чиқармоқчи эдимми, ё бўлмаса, кўнглимда бошқа бир мақсад ҳам бормиди, тахталарни бирин-кетин кўчириб олаётганимда бу тўғрида жиддийроқ ўйламасдим. Чуқурликни ёритдим қизнинг қўлидан чироқни олиб. Упадек майин кукунсимон тупроқ. Оддий ҳол бу. Шундай бўлади узоқ йиллар ёруғлик кўрмаган ернинг тупроғи. Илондан дарак йўқ. Хонанинг бошқа узоқроқ бурчагида ётган бўлса керак. Иккиланиб қолдим. Тахталарнинг ҳаммасини қўпориб олиш ҳам малол келар, бир илонни деб хонани вайрон қилиш… бундан ташқари, пол тагидан илонни топишга кўзим етмасди. Илондай муғомбир жонивор, мана мен, ўлдир деб ўзини тутиб бермас. Ҳеч шубҳасиз қаердадир унинг ташқи оламга чиқиб кетадиган тешиги ҳам бор. Мумкин эмас бусиз.

– Илон бор жойда хазина бор дейишади…

Хаёлим бўлинди. Энди нима қилдик дегандай ортимга ўгрилиб Бибиўлмасга қарарканман, қаттиқ тарақлаган товушдан сесканиб кетиб ўзимни беихтиёр четга олдим. Ранги бўздай оқариб кетганди Бибиўлмаснинг ҳам.

– Қўрқманг, михсуғиргич тушиб кетган экан.

Унга далда бўлмади менинг бу таскиним. Кучли ҳаяжон билан шивирлади қиз:

– Пастда нимадир бор!..

Дарҳақиқат, тупроқ устига тушган жисм бундай товуш чиқармайди-ку. Модомики шундай экан, пастда темир ёки тош бор. Тахтапол тагида бекорга турмайди бундай жисмлар.

– Чироқни ушланг! – Ҳаяжондан титраб чиқди овозим. Ва мен шу ҳаяжон таъсирида илондан ҳам қўрқмай сакраб пастга тушдим. Оёғим остида қандайдир қаттиқ жисм. “Мана энди кун кўрасан, Султон Остон!” Хонада ёлғиз бўлганимда балки бу гапни бор овозим билан ҳавога пуркаб юборган бўлардим. Қиз чироқни тутганча яқинроқ келди.

– Нимадир бор бу ерда!

– Бўлиши мумкин…

– Хазина топсак-чи?

Майингина қиқирлаб қўйди Бибиўлмас ва тахтапол тагини яхшироқ ёритиш учун чўнқайиб ўтириб чироқ тутган қўлини пастга томон чўзди. Турган жойимда тиззаларимни букиб уч-тўрт марта силкиниб кўрдим. Мустаҳкам турарди оёғим остидаги жисм… Олтин тўла сандиқ.

– Чиқинг, совқотиб кетдингиз…

– Нима, олтин ҳалқани хоҳламайсанми, забаржад кўзли узук таққинг келмайдими?

Маҳзун табассум ўйнади қизнинг лабларида. Ва титроқ товуш билан деди:

– Совуқ …

2

Менинг ҳам этим жунжикиб борарди. Аммо оёғим остидаги “дунё” бутун борлиғимни жозиб куч билан ўзига тортиб турардики, унинг нималигини билмасдан туриб бу ердан бир қадам ҳам жилишни истамасдим. Шу мақсадда баланд сакраб, билмадим, қувониб кетганимданми, болаларча ўйинқароқлик билан баланд сакрадим ва бор оғирлигим билан гурсиллаб ерга тушарканман, оёқ остидаги нималиги номаълум жисм ўрнидан кўчиб шиддат билан пастга тушаётганини фаҳмлаб бутун вужудим билан тепага томон талпиндим, тахтаполнинг қўпорилган четиними, қизнинг қўлиними тутмоқчидек қўлларимни юқорига чўздим. Аммо бу пайтда ернинг юза сатҳидан қарийб йигирма қулочлар узоқлашгандим. Бибиўлмаснинг "Ака, ака!" деган қичқириғи элас-элас қулоғимга чалинди. Ва милтираб турган чироқ нури миттигина юлдузга, хира сухога айланиб, охири тамом кўринмай қолди… Йўқ, пастга тушиш тезлигимиз мен ўйлаганчалик шиддатли эмас. Зулмат қоронғулик бир неча бор ёруғ нурли қаватлар билан алмашинди. Гўёки қуёш қора булутлар орасидан гоҳ кўриниб, гоҳ яна булутлар бағрига шўнғиётгандай. Гарчи ҳолатим бад ва ғусса беҳад бўлса-да, “Лисон ут-тайр”да Навоий таърифлаган водийлардан ўтиб бораётгандайман. Ҳа, бунга шубҳа йўқ. Чунки тубанга тушиб борганим сари ҳолатим ҳам атрофдаги манзараларга қараб ўзгармоқда. Мана Талаб водийси, мана Ихтилоф водийси. Мана Муҳаббат водийси… Аччиқ туз ҳиди… Ва ниҳоят мана “Маърифат водийси”. Илм одами бўлганлигим сабабли бу водийда узоқ қолиб кетдим. Узоқ кездим ва умрим охиригача шу водийнинг асири бўлиб қолишим кераклигини тушундим. Аммо йўл шу қадар оғир, шунчалик чалкаш ва беҳисоб кўринишга эга эдики, бошим гангиб йўл четидаги бир тош устига ўтириб қолдим. "Эй фарзанд, ўрнингдан қўп!" деган садо етди қулоғимга ва ақлимни йиғиштириб олиб рўпарамда турган нуроний бир зотни кўрдим. Шу қадар улуғвор эдики, ул зотнинг сиймоси беихтиёр этакларини олиб кўзларимга сурта бошладим. Қўлларидаги ҳасса билан туртиб мени адам водийсига томон итқитиб юбормасалар деган хавотир билан бош кўтариб нуроний юзларига қарашга журъат этдим. Ва англадимки, Шаҳрисабзда, Оқсарой олдида кўрганим шу киши эди.

"Сизни танийдурман, Пирим", дедим кўзларимдан жола жола ёш тўкиб.

– Қайдан танийдурсиз? – дедилар лабларидаги нимтабассум билан.

– Сиз қалам билан дунёни олган улуғ шоир ҳазрат Навоий бўладурсиз.

– Кўп бўлдими бу водийга қадам қўйганингизга?

– Беш ёшимдан буён оввораи сарсон кезаман. Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йил эди. Балки етти ёшда бўлгандирман. Бир китобнинг муқовасида сизнинг сувратингизни кўриб қолдиму, ажрала олмадим шу китобдан. Афсуски, китоб эгаси бермади уни менга. Сотаман деди. Уч сўмга баҳолади китобни. Бобомнинг олдиларига бордим. Тоғам Абдурашид, онам Нусратбиби ва бобом китобхонлик қилиб ўтиришарди. Бобомнинг кўзларида ёш. Ғазал ўқирдилар бобом:

 
“Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас…”
 

Улуғ Пир қадларини бирозгина эгиб юзимга қарадилар ва шунда саллаларининг печи елкаларидан сирғалиб тушиб юзимни силаб ўтди. Энтикиб қолдим. Шамолида учиб кетаётгандай бўлиб, этакларидан маҳкам тутдим. Гувраниб эсаётган шамол шиддати ҳар лаҳзада ожиз вужудимни юлқиб олиб тубсизлик, қаърига итқитиб юборадигандай. Шунда қўлимдан маҳкам тутдилар ва ўрнимдан туришимга даъват этдилар.

– Сизни Шаҳрисабзда, Оқсарой олдида кўргандим, – улуғ Пир дедим ўша ажойиб учрашув кўз олдимда гавдаланаркан.

– Бошга бир ташвиш тушиб, Самарқандга ўтишда бир неча муддат Шаҳрисабзда бўлганман. Абу Саид Хуросондек кенг ва улуғ мамлакатни ўз ҳукмига оларкан, каминани сиғдирмагандай қилди. “Сиз шу қадар улуғсизки, дунёга сиғмайсиз” дегим келди, аммо тилимни тийдим. Пифагорнинг “Гапирма, тингла” деган ўгити ёдимга тушиб жим қолдим. Ва қулоқ тутдим.

– Билгилки, ишқ водийсидан кейин Маърифат водийси келади. Бу жойнинг ниҳоятда бепоён бир даштдан иборатлигига кўз ташла. Атрофга ишора қилиб сукутга бордилар улуғ Пир. Биз турган макон ҳақиқатан ҳам чексиз, ҳад-ҳудудсиз эди, беқиёс бир ваҳм ичра жим қотганча атрофга назар солдим.

– Кимки бу водийга кирса, у ердаги аҳволнинг ихтилофли эканини кўради. Бу жой шундай бир водийдирки, уни юз туман, минг турли йўллар кесиб ўтади. Модомики шундай экан, устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомда йўрғалайди ва йўлдан адашади.

– Шу водийда сайр этиб унинг сирларидан воқиф бўлишни истайман, улуғ Пир.

Шунда Ҳазрат Навоий қўлимдан тутдилар ва саллаларининг узун печини кўкракларидан олиб, елкалари оша орқага ташлаб катта-катта қадамлар билан йўл бошладилар. Йўллар жуда кўп эди ва бири иккинчисига ўхшамасди. Бутун ва бўлак ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам шу ерда мавжудлигини аранг илғагандай бўлдим.

– Қара, разм сол. Тараққиёт ҳам, таназзул ҳам шу жойда муқобил турганини кўр, эй фарзанд. Дилингдаги айрим ножўя иддаоларни чиқариб ташла.

Қарадим. Юз туман йўловчи беқарор бир тарзда ҳар бири ўзга бир йўлдан кетиб бораётганини кўрдим, аммо бунинг сирига фаҳмим етмади.

– Уларнинг ҳар бири ўзи кетаётган йўл билан фахрланади. Ва шу йўлни тўғри деб ўйлайди. Ҳар бири йўлни ўз йўли томон буради. Бири хуш тутган йўлни иккинчиси хоҳламайди. Ҳар бирининг кўзига ўзиники яхши кўринади. Бошқасини эса назарига илмайди. Қара, кўраяпсанми, пашша ҳам фил ҳам унда йўловчи. Жаброил ҳам учади, Мусо ҳам, Фиръавн ҳам унда йўловчи. Аммо билгилки, уларнинг иккаласи бирдек эмас.

Шу аснода ҳаво ларзага келиб гувранган овозлар таратганча учиб келаётган кишиларга назарим тушди ва титраб-қақшаганча Пирнинг қўлларидан маҳкам тутиб савол айлашга журъат этдим: Учиб келаётганларнинг бири зулмат билан ўралган, иккинчиси нурга ғарқ ҳолатда эди.

– Уларнинг бирлари, яъни нур бўлиб порлаб келаётгани Аҳмад, зулмат пардасига чўлғангани Абу Жаҳлдир. Ажабланма, бу ерда барча яхши-ёмон сайр этади. Унда мўмин ҳам, кофир ҳам йўловчидир.

3

Яна йўлда давом этдик. Худди Вергелий Дантенинг қўлидан тутиб дўзах қаватларидан олиб ўтаётгандай. Улкан бутхона намоён бўлганда кун кечга томон оғганди. Тоқи осмонга тегиб турган бутхонанинг ярми нурга, ярми қоронғуликка чўлғанган. У ерда мингларча кишилар ўз маъбудларига талпиниб ётардилар. Чўнтагимни кавлаб қалин жилдли дафтаримни олдим. Дафтарнинг ички бетида шу бутхонанинг расми бор эди. Ўзим чизгандим уни. Улуғ Пир вараққа бирров назар солдилар.

– “Сабъаи сайёр”да тасвирлаганингиз бўйича чизганман, ҳазрат, – дедим ва достондан қуйидаги парчани ёд айтдим:

 
Бор дурур тоғ ичинда бир кишвар
Кишвар аҳли отин дебон Китвар.
Анда бутхонаи дурур олий
Рифъат ичра спеҳр тимсоли
Етибон кўкка тоқининг боши
Тош ила ҳам ичию тоши.
Ичию тоши сарба сар тасвир
Жонвар шакли тортилиб бир бир.
Ҳар киши анда айласа манзил
Бўлур анда ғариб иш ҳосил.
 

“Дуруст” дедилар бир оғиз. Юзларига қараб кайфиятлари қандайлигини англамадим. Маъбудга талпиниб ётган кишилар ҳам Ҳазрат айтганларидек, ўзлари танлаган йўлни тўғрилигига ишонардилар. Бу ҳолат яққол аксланиб турарди уларнинг маҳзун чеҳраларида. Бошқа бир томондан эса “Иллоллоҳ” деган овоз келарди”. Бунда иш зиддиятли булмасдан иложи йўқ. Чунки йўлларнинг ўзи ана шундай бир-бирига хилофдир. Агар гадо ёки подшоҳ бўлсин, уларнинг ҳар бири ўзга йўл билан сулукни адо этади”.

Маълум фурсат ўтиб Шиддат билан эсаётган шамол оқимига дуч келдик. Ҳамма ёқ тўс-тўполон. Истиғно булутидан ёғган ёмғир сели юз туман оламни олиб кетгудек. Денгизлар бир қатра томчи бўлиб кўринади. Ён-веримга даҳшат ичра қарарканман, шерни тутиб еётган чумолига кўзим тушиб бутун вужудим билан титраб, қалтирай бошладим. “Қўрқма бу истиғно водийсининг аломатларидур” дедилар улуғ Пир ва таскин оҳангида давом этдилар: Кўрдингми, бу ернинг чумолилари шер билан овқатланади, пашшаси эса филни ов қилишга қодир. Бу ерда катта бир иқлимни забт этган шоҳ ҳам оддий гадога тенгдир. Қотиллик тиғи бунда ўзининг юз минг кишилик қўшини билан саф тортиб туради. Қоқум терисидан тикилган қимматбаҳо кийимлар назар-писанд қилинмайди. Кўкни ютиб юборишга қодир аждаҳо эса Биби Марямнинг нозик ипи билан баробар.

Кейин биз Намрудни беадад пашша талаб ётганини кўрдик. Бошқа томонда Халил алайҳиссалом ўтни чечакка айлантириш билан машғул. Икки елкасидан икки илон ўсиб чиққан Заххоки морон ёш болаларни сўйиб жигарини илонларга едирмоқда. Жуда оғир эди бундай манзараларга қараш. Яхши ҳамки, Ҳазрат Исонинг нурли чеҳраси намоён бўлиб, биз ул зотнинг ўликка жон киргизиш мўъжизасини томоша қилдик. “Бу ерда юз туман қуёш йўқолиб кетса ҳам осмонда бир зарра кам бўлгандай гап. Агар ерга юз туман чуқур денгиз сингиб кетганда ҳам сен уни бир қатра ғойиб бўлди деб сана”. Пирнинг сўзларини тингларканман, Ер юзида бундан беш юз миллион йил муқаддам мавжуд бўлган ва кейинчалик ер қаърига сингиб кетган Тетис денгизини эсладим. Мен Тетис денгизи хилхонасида турардим. Даврнинг шиддатли шамоллари орасидан улуғ Пирнинг овозлари баралла эшитилди:

 
Навосиз улуснинг навосози бўл,
Навоий ёмон бўлса сен яхши бўл.
 

Улуғ Пир айтган ўгит мени бу юртга сафарбар этган ғаюр мақсадни чилпарчин қилиб ташлади! “Энди нима қилдик, ота?!” дея ҳайқирдим. Ва энди ҳибсдаги отамни эзгулик йўли билан озод этишга аҳд қилдим. Зиндон панжараси ортидан мунгли мўраларди жафокаш отам.

… Бундан беш юз миллион йил муқаддам ўз ҳудудини ҳозир биз яшаб турган қуруқлик минтақаларига бўшатиб бериб узлатга чекинган Тетис денгизи хилхонасида рўй бермоқда эди бу ҳолатлар.

ТИРКАШГА АТАЛГАН УЙ

Ҳовлининг бир четида (ошхона эшигига яқинроқ, ошхона девори билан қўшнига қарашли ҳовли девори туташган жойда) ер сатҳининг қабариб турганини кўрди Тиркаш. Бамисоли хамир кўпчигандай, ё бўлмаса, танадан чипқон чиқаётгандай. Худди шу жойда, ошхона эшигидан икки қадам нарида туриб писта чаққан ва ҳовлида донлаб юрган қушларнинг ҳаракатларини томоша қилганди куни кеча. Кафтидан бир неча дона писта тушиб кетгани ва ерга эгилганча уларни териб олаётиб писта доналари сочилиб ётган ерга эътибор қилгани сабабли яхши ёдида қолган бу жой. Салгина нарироқда резина қувур, қадимий кўза синиғи, ер лой пайти ботиб қолган бир бўлак латта… Ўшанда теп-текис эди ернинг сатҳи. Зарангдек қотиб ётарди. Мана бугун эрталаб туриб ҳовлини айланиб югураркан, (спортчи эди Тиркаш) ногоҳ кўзи қорамтир эгри-бугри чизиқларга тушди. Ер қабарган ва унинг усти ёрила бошлаган. Демак, нимадир ўсиб, кўтарилиб келяпти тупроқ тагидан хулоса қилди Тиркаш ва қўлнинг кафтидек катталикдаги ерга нима сабабдан бунчалик эътибор берганига ажабланганча югуришни давом эттирди. Қўшни вилоятга жўнаб кетди орадан уч кун ўтиб. Ва мусобақадан дили хуфтон бўлиб қайтди. Ҳар доим юқори ўринларни эгаллаб келаётган йигитнинг бу сафар сафнинг охирида келиши ўрин ҳам ололмагани устоз тринерлар учун ҳам кутилмаган ҳол.

Каравотга чўзилганча муҳокамага берилди Тиркаш. "Агар ўша ер сатҳидаги қабариқ жойга ва унинг устидаги қора ёриқларга эътибор бермаганимда бундай бўлмасди". Умрида биринчи марта ирим-сиримларга берилганидан бироз хижолат тортди, бўлмағур хаёлларни қувиш учун ўрнидан туриб бошини совуқ сувда ювди. Ва сочиқ билан артинишни ҳам унутиб “Ҳозир, ҳозир” деганча ташқарига отилди. Атрофга аланглади. Ҳовли бўм-бўш. Ювиниб олгандан кейин ҳовли бурчагидаги ҳалиги қабариқ жойга қарамоқчи эди аслида, шу ҳақда ўйлаганди юзини совунлаётганда. Аммо ўйи ҳали поёнига етмай ташқи эшикнинг шошқин тарзда тақиллашини эшитди. Ва мана, сочларидан сув томчилаб ҳовли ўртасида турибди, қўлида сочиқ. Ошхона томон юрди шу ҳолатда Тиркаш. Ва эгилиб ерга қаради. Ўзгариш бор: Ер сатҳи анчагина кўтарилган, қабариқ атрофида қизғиш ҳалқа ҳосил бўлган ва қора чизиқлар катталашган.

Эртаси куни машғулотлар бошланишидан олдин синчиклаб қаради унинг юзига тренирларнинг ҳар иккаласи ҳам. Чарчоқлик сезди машғулот пайтида Тиркаш. Ва кўз ўнгига келди ҳовлидаги ўша ҳолат. Ўша қора чизиқлар, ўша теграси қизғиш ҳалқа билан иҳоталанган қабариқ жой. Дилида тезроқ уйга қайтиш ва қабариқни кўздан кечириш истаги. Йўлда оддийгина бир бино эътиборини тортди. Темир панжаралар билан ўраб олинган ҳовли ва қатор уйлар. Оқ хилъатли кишилар. Ҳовлида одам кўп. Уларнинг юзларига қаради Тиркаш ва яна қабариқни эслади. Ҳовлида гўё одамлар эмас, кўзга чалинмас бир мунг кезиб юргандай. Кадамларини тезлатди азбаройи бу ердан тезроқ узоқлашиш учун. Ҳовлига кираркан, уй эшигини очишга шошилмади, ошхона тарафга ўтди ва аниқ кўрди, қабариқ усти ёрилган, ёриқ ичида алланарсанинг қўнғиртоб учи… Аввал тик турган ҳолатда, сўнгра ерга чўнқайиб ўтирганча кузатди тупроқ сатҳидан ажралиб ва кўтарилиб чиқаётган мавжудотни. Қўрқув ва ваҳима оралади юрагига. Сабабсиз қўрқув…

Машғулотларга бормай қўйди Тиркаш. Уч ой ўтди орадан. Шу давр ичида канда қилмади кузатувни. Гоҳида узоқ-узоқ ўтириб қоладиган бўлди ўша мавжудот олдида. Хонасига кириб каравотига чўзилганда ҳам ўша қўнғиртоб юмшоқ ва жирканч нарса тарк этмасди унинг хаёлини. Шундай кунларнинг бирида тренирнинг ўзи кириб келди ҳовлига. Маслаҳат берди, дўхтирларга кўриниш керак экан. Атрофи панжара билан ўраб олинган бино, ҳовлидаги ғамгин одамлар, ранги синиққан ва тушкун чеҳралар… Индамай ўтиб кетди бино олдидан. Қаерга боришни билмагани ҳолда кечгача кезиб юрди шаҳар кўчаларини. Кейин дорихонага кириб шиша девор ортидаги шишачалар, қутичалар ва турли кўринишдаги ўрамаларни кўздан кечириб ёзувларини ўқиди. Узлуксиз кириб-чиқиб туришарди бу ерга одамлар. Кўчанинг шу бетида қаторасига ўн еттита дорихона. Ҳаммаси эртадан-кечгача ва баъзилари бутун тун давомида харидорлар билан тирбанд. “Бемор кўп” хаёлидан ўтказди Тиркаш. Касаллик кўп, дорилар ҳам кўп. “Сульфо-камфо-каин” деган дори номини ўқиб табассум югурди лабларига. Хусусан, дори номига қўшилган охирги сўз унга жуда маъқул бўлди; “каин”. Яна нима кераклигини сўради дорихоначи аёл. Аммо Тиркашнинг хаёли ҳамон қаин билан банд бўлганлиги сабабли жавоб бермади. Ташқарига чиққанида сепалай бошлаганди куз ёмғири. Мана энди Ғурумтепа… (биринчи марта дабдурустдан тилига келди бу калима)… шиддат билан ўсиб чиқади. Ёмғирда ер юмшайди ва Ғурумтепанинг ҳаракати тезлашади. Ғурумтепа… Ҳақиқатан ҳам тупроқ остидан бўй кўрсатаётган хилқат ғурум-ғурум кўринишда, нўхат ва мош катталигидаги доначалардан иборат. Йўл-йўлакай дори қутичаси ичидаги қоғозни ўқиб кўриб яна қутича устига қаради. Каиндан бошқа ҳеч нарса, шишачадаги суюқлик ҳам, қутичаси ҳам, дорига берилган таъриф ҳам керак эмасди унга. Дори учун тўлаган пулига бироз ачиниб турган бўлса-да, "Каин" таскин бермоқда эди. Кимнинг асари эди “Каин?” Узоқ ўйлади, ёдига келмади. Ва охири бир қарорга келди: Каин – бу шайтон. Аммо вужудида сим-сим давом этаётган оғриқ бу хаёлларни бир лаҳзада қувиб чиқарди унинг миясидан, ўзининг муваққат ҳукмронлигини ўрнатди. Мана уйининг дарвозаси. Остонадан нариси ҳовли. Ҳеч нарса экилмаган. Тиркашнинг деҳқончилиги – спорт. Югуриш бўйича чемпионликка интилади. Ҳовли – стадион. Эртаси куни яна келди тренири ва дўхтурларга бир кўринишни маслаҳат берди. Шарт эмас, ўтиб кетади деган қарор устуворлик қилиб, тренир кетгандан кейин майкачан бўлиб югуришга чиқди. Ҳовлининг айланаси эллик метрнинг нари-бериси. Йигирма давра айланиб чопса минг метр. Тиркаш танлаган асосий дистанция бу. Айнан шу масофа бўйича чемпион бўлиши керак. Эшик олдидан ошхонагача қирқ қадам. Ана шу масофа охирида Ғурумтепа. Югуриб келаркан ўша жойга қарамасликка интилди Тиркаш ва Ғурумтепани айланиб ўтди. Шундай қилди иккинчи, учинчи доираларда ҳам. Аммо тўртинчи доирада сабри чидамади, қаради ва қўрқиб кетди. Ғурумтепа ердан қарийб бир бармоқ бўйи кўтарилган ва худди қизил гувалалардан тикланган миттигина иншоотдай қад ростлаб турарди. Эртаси куни ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб Ғурумтепа олдида ўтирди. Ичида оғриқ кучайди.(Йил бошидан бери бор эди бу оғриқ) Кўнгли беҳузур, руҳи тушкун. Ерга эгилиб бармоғининг учини теккизиб кўрди ғалати “қурилма”га ва азбаройи ғижинганидан кўнгли беҳузур бўлди. Бунча таъвия бўлмаса бу ифлос деган фикр билан нари кетди, аммо узоққа боролмади, ўзига чорларди уни Ғурумтепа. Қўнғир, юмшоқ, ғурум-ғурум…

Орадан яна уч кун ўтиб дўхтирга бориш ниятида кўчага чиқди Тиркаш. Мана, рўпарасида қора темир панжаралар билан ўраб олинган муассаса. Тўрт, беш қаватли бинолар. Улар орасида бир ва икки қаватли уйлар ҳам бор. Оқ халатли кишиларга мўлтираб қарашади одамлар. Оқ халатлилар эса ҳеч кимга қарамай у ёқдан-бу ёққа ўтишади шошқин қадамлар билан. Қабулхона олдида навбатда турди Тиркаш. Одамлар одатдан ташқари камгап ва тушкун бу қароргоҳда. Ниҳоят, врач қабулидан чиқаркан, шу ерда дарахтлар тагида ўтирган, эшиклар олдида навбатда турган, ҳовли бўйлаб мақсадсиз ҳаракатланаётган одамларнинг афт-ангорига ўхшаб қолди унинг ҳам юзи ва бутун қиёфаси. Барча таҳлил натижаларини кўриб хулоса чиқарди врач ва унинг оғзидан ўлимдан ҳам даҳшатлироқ сўз отилиб чиқди: “Рак!”. Аҳволнинг ночорлигини тушунтирди врач. Рак бутун организмга тарқалган, яъни тиббиёт тили билан айтганда метазтаз берган. "Метастаз!" жуда салобатли, жарангдор, залворли бу сўз. Метастаз… шунчалик залворли эдики, қадди букилди Тиркашнинг, тиззаларида майин тўлқинли титроқ. Кўнгли айний бошлаганини ҳис қилиб йўлдан четга ўтди ва бир дарахт панасида чўнқайди. Химиявий терапия, дори-дармон, лазер нури билан куйдириш ҳам бефойда энди. Унинг йўлланмасига ўлим тамғаси босилган. Инсондай қудратли жонзот наҳотки танасидаги қандайдир ҳужайраларнинг қўзғолонига қарши бирон-бир чора тополмаса. Тиббиёт ўзича нималарнидир тавсия қилади, даволаш курслари белгилайди. Аммо булар ҳаммаси сувда чўкаётган одамнинг ожизона типирчилашидай гап. Кимдир Ойга тушиб унинг тупроғида из қолдирган, бошқа бир инсон Марсга учиш арафасида. Неча миллион ёруғлик йили узоқлигидаги масофани “Ҳаббл” ёрдамида кўриб, тадқиқот қилмоқда яна бошқа бир инсон… Дарвоқе, Метастазио итальян бастакори. Жуда машҳур композитор. Нега бундай ном берди экан унга ота-она. Шундай хаёллар оғушида уйига етиб келди Тиркаш. Ҳовли бурчагидаги қабариқ ер энди бор бўй-басти билан кўзга ташланиб турибди.

Кунлар ўтиб унинг атрофини кавлаб кўриш истаги дафъатан пайдо бўлганда, анча ўзини олдириб қўйганди Тиркаш, шундай бўлса ҳам истагини амалга ошириш учун ўрнидан қўзғалди ва теша билан қуролланганча ҳовлига чиқди. Ерга тиз чўкиб зарангдай қаттиқ ерни кавлашга киришди. Ўша куни “Иншоот” атрофини ярим қаричлар чуқурликда айлана ҳосил қилиб кавлади. Томирлар ҳали чуқурда. Иншоотнинг қизғиш қўнғир танаси ғурум-ғурум. Уч кун урингандан кейин дастлабки решалар кўринди. Улар ҳам қўнғир тусда бўлиб, чувалчангдек юмшоқ ва жирканч. Бир ой ўтди орадан. Тиркашнинг тешаси тиним билмай ишлар, аммо ҳар томонга тарвақайлаб кетган томирларнинг учи кўринмасди. Ғазабини босолмай иншоот асосига зарба берди ва унинг ер устидаги қисмини қўпориб олиб ташлади. Енгиллашгандай сезди ўзини. Бир-икки давра югурди ҳам ҳовлини айланиб. Теша билан ишлашни давом эттириб шунга амин бўлдики, бу ўлим дарахтининг томири ерости бўйлаб чор атрофга тарқалган ва тупроқ тагида нимаики мавжуд бўлса, ҳаммасини қамраб ва ўраб олган. Остонада ўтириб узоқ ўйлади Тиркаш, ўрнидан туриб этагини қоқди, дарвозадан чиқиб боши оғган томонга йўл олди.

Майдалаб ёғарди куз ёмғири. Пальтосининг ёқасини кўтариб олганча кетаверди қай томон бораётганини билмай ва бу ҳақда ўйламай. Улкан бир шаҳар намоён бўлди кўз ўнгида. Сукунат бағридаги шаҳар. Бир хилдаги тупроқ томли уйлар… қувониб кетди Тиркаш. Шаҳарнинг шимолий минтақасида, бошқа уйлар каби шимолдан жанубга томон узаниб турган ғарибгина бир кулба остонасига қадам қўяркан, кўнгли хотиржам тортди. Жони ором олиб, тиниқ тортди руҳи ҳам.

Тиркашга аталган эди бу уй. Ҳа, фақатгина Тиркашнинг ўзига аталган. Ҳеч қандай рақам билан белгиланмаган, манзил-маконининг номи ёзилмаган, эшиги ҳам, деразаси ҳам йўқ, ёруғ дунё алолосидан, ҳою ҳавасидан батамом холи эди бу уй.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации