Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
МУАЛЛАҚ ФАЛСАФА
“Хасактут” бекатида одам кам бўлади. Айниқса, саратон палласи қуёш ловуллаб қиздираётган қоқ туш маҳали бу ерда камдан-кам киши машина кутади. Шунинг учунми баъзан автобуслар тўхтамай ўтиб кетаверади. Ҳар хил ҳайдовчи бор-да, баъзилари ёнилғини тежайман деб шундай қилса, бошқа бири вақтни қизғанади. Бугун ҳам шундай бўлди. Бекатда тўхтамай ўтиб кетди узоқ кутилган автобус. Бетон деворнинг торгина соясида паналаб турган икки йўловчи югуриб чиқиб “ҳай-ҳай”лаганча қолишди. Менимча, бу сафар ҳайдовчи ёнилғини ёки вақтни тежашдан кўра шу иссиқда машинани тўхтатишдан эринди. Балки сояда девор ортида турган йўловчиларни пайқамагандир, ёки бўлмаса, манзилга тезроқ етиб бориб салқинлаб олишни қўмсаб шундай қилгандир. Одатда бундай пайтда ҳайдовчи ҳали бекатга яқинлашмасдан “Тушадиган борми?” деб сўрайди, ҳеч кимдан садо чиқмаса, бунинг устига бекатда одам қораси кўринмаса машинасини тўхтатиб ўтирмайди. Хусусан, одамни лоҳас қиладиган бугунгидек дим ҳавода ортиқча ҳаракат қилиш кимга ҳам ёқарди.
Ҳа, ҳаво ҳеч қачон бунчалик исиб кетмаганди. Ҳарорат гўё қуёшдан эмас, балки қорайиб чўзилиб ётган асфальтдан, йўл четида чатнаб ётган тошлардан, ва қовжираб қолган оловранг хас-хашаклардан ва бекатнинг бетон деворларидан кўтарилаётгандай. Агар эътибор қилган бўлсангиз, одамнинг жаҳли жуда тез чиқади бундай пайтда, арзимас нарсага ҳам ловуллаб кетиши ҳеч гап эмас. Ахир асаб деган нарса борда одамда. Ваҳоланки бундай жазирамада асаб нималигини билмайдиган бензин ёки хас-хашаклар ҳам бўлар-бўлмасга жаҳли чиқадиган одамдай лоп этиб олов олади-ку.
Автобусдан қолиб кетган икки йўловчи ҳам ана шундай ҳолатга тушди.
– Худонинг қаҳрига йўлиқ! – деди улардан бири.
– Аблаҳ, – деб қўйди иккинчиси. Сўнгра бараварига соатларига қарашди улар. Йўловчиларнинг неча муддат автобус кутишганини айтолмайман, аммо қуйидаги сўзлашувдан кейин улар бир-бирига шу пайтгача дурустроқ қарамагани ва гап қотишмагани маълум бўлди. Айтгандай, улар бир-бирига худди икки томчи сувдай ўхшаш: иккаласи ҳам бақалоққина, дўмбоққина, миқти гавдали, бироз қорин қўйган кишилар.
– Мана, худонгиз ҳам ҳеч нарса қилолмади, – деди улардан бири.
– Худо меники эмас, ҳамманики, – деди иккинчиси.
– Сиз диндормисиз?
– Қайдан олдингиз бу гапни?
– Ҳадеб худони тилга оляпсиз-ку.
– Кечирадилар, шу ерда турганимдан бери фақат икки марта худони тилга олдим.
– Ўзи икки оғиз гапирдингиз, ҳар икки гапда ҳам худони қўшдингизми, демак…
– Хўш, нима бўпти худони қўшсам! – астойдил жаҳлланди биринчи йўловчи.
– Ҳеч нарса. Сиз диндормисиз деб сўрадим, холос.
– Диндорман, хўш яна нима дейдилар!? Менинг ўз диним, ўзим кашф қилган худоим бор.
Аччиқ билан айтилган бу гап иккинчи йўловчини бироз шаштидан туширди. Шундай бўлса-да ўзича тўнғиллаб қўйди:
– Йўқ худодан нима наф?
– Худо бор!
– Қани? Хўш, қани? Кўрсатсинлар, исбот керак.
– Исботлайман ҳам.
Биринчи йўловчи худди шу атрофдан худони топиб бермоқчи бўлган кишидек ён-верига аланглади. Дарвоқе, бу одам аслида ташқи кўринишидан диндорга унчалик ўхшамасди. Тўғри, сочини устарада тоза қирдириб, озодагина ола дўппи кийиб олганлиги, қироат билан гапириши, ундан ташқари юз-кўзидаги аллақандай ифодалар, гарчи салла чопони бўлмаса ҳам бир қарашда диндан хабардор кишидай тасаввур қолдирса-да, оёғидаги баланд пошнали тумшуғи ингичка туфлиси ва пойчаси торроқ, чет эл фирмасининг тамғаси босилган ва бронза занжирчалари осилиб турган жинси шими, қўлидаги ихчамгина “дипломат”ига қараган киши бундай деб ўйламасди. Аниқроғи, унинг белдан юқориси диндор, белидан пасти эса динсиз деган тасаввур колдирарди кишида. Хуллас, юқорида айтганимиздек, худонинг мавжудлигини исботлаш учун атрофга аланглади у ва нарироққа бориб йўл четидаги хас-хашакларга тикилиб турди. Сўнгра яна тўрт-беш қадам юриб ерга энгашди. Қўллари билан тиззасига таянганча бир зум қотиб қолди. Бу пайтда масхараомуз бош лиқиллатиб турарди унинг ҳамроҳи. Бу одамнинг орқага силлиқ таралган ўсиқ сочи ҳам бош ҳаракатига монанд силкинарди. Ички бир кулгидан зўриқиб асабий қийшайиб кетганди лаблари. Худди шу пайт биринчи йўловчи ўша эгилган кўйи туриб “бу ёққа” деб имлади қўллари билан. Бироз иккиланди иккинчи йўловчи. Бу одам соғми ёки бироз тўқсон тўққизроқми деган хаёл билан тараддудланди, ҳатто бундан кейин қандай йўл тутиши кераклигини ўйлаб эҳтиёт чораларини кўришга шайланди. Биринчи йўловчи энди ортига ўгрилиб қараб, бу ёққа келинг деди. Иккинчи йўловчи бошини қаттиқ бир силкиб истеҳзо билан “хих” деган овоз чиқардию тўпидан ажралиб қулоғи устига тушган сочини тўғрилаб қўйганча тураверди. Офтоб тиккага келиб аёвсиз қиздира бошлади. Уларнинг ўрнида ҳар қандай бошқа киши бўлганда тортишувни бас қилган ва ўзини девор соясига олиб автобус келишини жимгина кутаверган бўларди. Аммо тасодифни қарангки, бу йўловчиларнинг ҳар иккиси ҳам бир хил дардга мубтало бўлиб, тортишув деса томдан ташлайдиган, енгиб чиқмагунча қўймайдиган кишилар тоифасидан эди.
Биринчи йўловчи ўз маҳалласида, жамоасида ёки бўлмаса тўй маъракаларда бўладиган тортишув баҳсларда ҳамиша устун келиб юрган киши эди. Энг муҳими, у ғолибликка кўникиб қолганди. Буни қарангки, иккинчи йўловчи ҳам худди шу тоифадаги кишилар жумласидан экан. Хуллас, тақдир бугун уларни ана шу хилват гўшада учраштириб қўйган ва ажримини кутаётгандек эди.
– Бу ёққа келсинлар! – иккинчи марта чақирди биринчи йўловчи. Ҳамон тараддудланиб турган ҳамроҳига ўгрилиб. Шиддат билан унинг устига бостириб борди иккинчи йўловчи. Афтидан у бир қарорга келганди.
– Хўш!
– Мана.
– Нима “мана?”
– Кўрмаяпсизми?
Ажабланиб елка қисди иккинчи йўловчи. Ғужғон ўйнаётган чумолилардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди хаслар орасида. Унинг ғазабини қўзғатди бу ҳол.
– Калака қилманг, ўртоқ, – деди ғазаб билан.
– Калака эмас, исбот қилмоқчиман.
Азбаройи жаҳли чиққанидан кўкариб кетди иккинчи йўловчи. Жазирама офтоб тиғида тургани ҳолда қаҳратонда қолгандай қалтирай бошлади. Шунча катта давраларда ҳеч кимга гап бермаган, айниқса, худонинг йўқлигини кучли далиллар билан исботлаб ташлаган кишини қандайдир тайинсиз бир йўловчи масхаралаб ўтирса-я!
– Исбот?! Чумолини худо деб-а!
Бу гап пировардида заҳарханда кулги янгради.
– Нега чумоли бўлсин?
Ажабланди янги дин кашфиётчиси ҳамроҳининг жаҳли чиққани сари хотиржам тортиб. Унинг энг севимли усули эди бу. Тажрибадан шу нарса маълумки, тортишувда кимнинг кўпроқ жаҳли чиқса, ўша киши енгилади. Жаҳл келса ақл кетар деганларидек, пойма-пой гапириб мантиқни йўқотади. Афтидан, буни яхши биларди янги дин кашфиётчиси.
– Чумоли худо эмас, – давом этди у, – худо мен.
– Инсон коинотда кичкина худо!
Ҳайқириб юборди иккинчи йўловчи.
– Тўғри, сиз “Фауст”ни ўқиган экансиз, лекин Гётенинг фикрига тўғридан-тўғри, кўр-кўрона ёпишиб олиш билан худо борлигини исботлаёлмайсиз. Гёте, маълумотингизга кўра, инсонни худо дейиш билан унинг қудратига нисбат берган, инсон кучли, яратувчи, бошқа махлуқларни бошқариш имкониятига қодир дегани бу. Қолаверса, инсонни улуғлашдай шунчаки бир гап бу. Аммо булар ҳаммаси нисбий, инсоннинг кучи ҳам, қудрати ҳам нисбий.
– Жуда соз, билдик, сиз Эйнштейнни ўқиган экансиз.
Рақибига тақлид приёмига ўтди биринчи йўловчи. – Нисбийлик назариясини ёдлаб олибсиз. Майли, сиз сари ҳам борайлик, мен худо борлигини ана шу сиз айтган назария бўйича исботласам тан берасизми!?
Шундай деб қаддини ростлади биринчи йўловчи. Унинг рақиби эса сал эгилганча зарбани кутар, унинг афти эса худди чучкириб юбормоқчи бўлаётгандек бир алпозда.
– Исботласинлар аввал.
– Мана сизга исбот!
Локланган туфли ердан даст кўтарилди-да, ҳавода муаллақ туриб қолди, сўнгра нақ чумолилар ғужғон уриб ётган жойга босилди. Янги дин кашфиётчиси энди иккинчи оёғини кўтариб турган жойида бир айланди ва бир қадам орқага олди ўзини. Жинси шимнинг бронза занжирлари шилдираб кетди. Юзлаб чумоли эзилиб қолди уя оғзида.
– Кўрдингизми?
Ҳеч нарса тушунмади иккинчи йўловчи. Ва сўради:
– Шуми худо ва нисбийлик назарияси? – Ҳафсаласи пир бўлиб қўл силтади. Бундай бўлишини сира кутмаганди. Ва ҳали енгилмаганини ҳам шу сўз билан англатди.
– Бунда жуда катта мантиқ бор. Сиз айтган нисбийлик ҳам, мен айтган худо ҳам бор. Агар мана шу жониворларда мабодо худо деган тушунча бўлса, улар ҳам худонинг борлигига ишонса, ҳозир мен қилган ишни, ҳеч шубҳасиз, худодан кўришди. Чунки мен чумолиларга нисбатан шунчалик каттаманки, минглаб жониворнинг нима билан машғуллигини тепадан туриб бемалол кузата оламан, улар эса аксинча мени пайқамайдилар. Ва бу ногаҳоний фалокатни худо томонидан юборилганига шубҳа ҳам қилишмайди. Яна такрор айтаманки, агар шу жониворларда ҳам худо деган тушунча бўлса…
– Маъзур тутадилар ундай бўлса…
Аммо янги дин кашфиётчиси рақибининг сўзини бўлди.
– Ундай бўлса, шундай деб янги куч билан ҳужумга ўтди. – Шуни унутмангки, ўртоқ, ўзингиз айтганингиздек, дунёда ҳамма нарса нисбий. Мана шу ҳозир ўлган чумолиларнинг баданида, ҳатто оёқлари ва мўйлабларида алоҳида бир дунё, алоҳида бир мавжудотлар олами ҳаёт кечиради. Улар чумолиларга нисбатан бир неча минг ва ҳатто миллион марта кичикдир ва улар ўзлари ҳаёт кечираётган чумолиларнинг бошини ер курраси деб билса ҳам ажаб эмас. Ўз навбатида ана шу микробларнинг вужудида ҳам яна бошқа оламлар ва “одамлар” мавжуд бўлиши мумкин. Мана сизга нисбийлик назарияси.
– Бундан чиқди одам худо эканда, сизнингча.
– Нисбатан.
– Яхши, одам чумолига ва унинг мўйлабида яшаётган мавжудотларга нисбатан худо экан, унда қани одамга нисбатан худо ролини ўйновчи куч? Мана сизу мен турибмиз, ҳамма нарсани кўряпмиз, мушоҳада қиляпмиз, атрофимизда ҳеч қандай худодан дарак йўқ. Шахсан мен худонинг сизникига ўхшаш ялтироқ туфлисини кўрмаяпман.
– Кўрмайсиз ҳам!
– Демак, худо йўқ, турли предметлар бор ва улар бирламчи, худо эса инсон миясининг маҳсули.
– Кўрмайсиз ҳам!
Рақибининг гапини назар-писанд қилмай, товушини бир парда кўтариб, салмоқлаб давом этди биринчи йўловчи. Чунки микроблар чумолини, чумоли одамларни кўрмаганидек, одам ҳам ўз навбатида ўзидан миллион-миллион марта катта мавжудотни кўролмайди. Мана сизга нисбийлик назарияси, мана сизга худо ва исбот.
Бекатга автобус келиб тўхтади. Унда ўтирган йўловчилар деразадан қараб офтоб тиғида терлаб-пишиб кетган, юзлари иссиқдан бўғриққан икки кишини кўришди. Улар оёқлари билан худди тандир лойини тепаётган кишилардай ҳаракатланишар, қўллари эса, гоҳ осмонни, гоҳ ерни, гоҳида дунёнинг тўрт томонини кўрсатар, асабий титраётган бармоқлари ҳавода қандайдир шакллар чизарди. Мана, улар бирданига хас-хашаклар орасини титкилаб қолишди ва иккаласи ёнма-ён турганча бараварига ўрмалаб кетишди. Тинимсиз лиқиллаб нималарнидир маъқуллаётган ва нималарнидир рад этаётган бошларидан қоп-қора тер қуйилмоқда. Ўринларидан турганда бўйин ва елкаларининг буралиб-буралиб кетиши худди аэробика ўйинларидаги кишиларнинг ҳаракатига ўхшаса, кўзларининг олайиши, оғизларининг қийшайганча туриб қолиши нерв толалари шамоллаган кишининг башарасидан фарқ қилмасди. Босиб-босиб сигнал берди ҳайдовчи, аммо рақиблар ажралишмади. Автобус ўрнидан жиларкан, ногоҳ унинг деразасидан сўнгги марта қараган йўловчи аёл ҳангу манг бўлиб қолди, автобусни тўхтатмоқчи бўлди, аммо овози чиқмади. Зеро, жуда ғаройиб, қоғозда ёзиб бўлмайдиган ва шу пайтгача ҳеч ким кўрмаган ҳолатнинг гувоҳи бўлганди аёл.
КУЛГУ ФАЛСАФАСИ
1
Қизилқум чўлининг бир минтақасида қатор тизилган тақир тепаликлар бор. Юмронқозиқлар мамлакати ва мамлакатнинг бош шаҳри Юмрония ана шу тепаликлар бағрида жойлашган. Неча минг йилдирки, одоб-ахлоқда ва тавозеда барча ҳайвонларга ўрнак бўлиб келаётган бу жониворлар оқшом палласи тепаликлар устига чиқадилар-да, қатор тизилганча бепоён қумлик салтанатини томоша қиладилар. Чўли биёбоннинг юракларга ваҳима солувчи поёнсизлигидан, қаҳри қаттиқлигидан, унда яшаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермаслигидан таъсирланиб ва ғурурланиб гоҳида кўз ёши ҳам қиладилар кекса юмронқозиқлар. Қайдам, балки фарзандларига ватанпарварлик руҳини сингдириш учун шундай қилишар. Ҳамиша кўкраклари устида қовуштирилган бўлади бундай пайт уларнинг қўллари. Икки оёқда тик туриб, гўёки сопол ҳайкалчалардай қотиб қолган ҳолатда қум барханларини кузатишаркан, ҳеч нарса эътиборидан четда қолмайди бу зийрак жониворларнинг. Тавозе билан қўл қовуштириб туриш ота мерос уларга.
Тепаликлар занжири остидаги шаҳарда эса кўча ва йўлаклар худди балиқчилар тўридай турли томонга кесишиб ўтган. Йўлларнинг ҳар иккала томонида уйлар, қатор ва қатор хонадонлар, бошқа маданий, маъмурий бинолар. Ҳа, айнан шундай, чўл жониворлари билим олишни яхши кўрадилар. Тулкининг айёрлигини билмай туриб яшаш мумкин эмас. Акс ҳолда ҳаёт тугайди. Бўри унданда хавфли. Аммо энг хавфлиси одам. Буларнинг ҳаммаси билимли бўлишни талаб этади. Шаҳарнинг гавжум кўчаларидан бирида Юмо исмли бола юмронқозиқ яшайди. Ота юмронқозиқ Юмонинг шўхлиги ва қайсарлигидан ранжиган пайтида унинг қулоғини бураб тулкининг сувратини кўрсатади ва сўрайди:
– Бу нима?
– Тулки хола…– жавоб қилади оғриқдан юзи қийшайиб кетган Юмо.
– У нима қилади?
– Бизни ейди…
– Нафасингни иссиқроқ қил, Юмо, болагинам, – ялингансимон овоз беради бурчакда ўтириб юнг титаётган она юмронқозиқ.
– Бу нима? – Яна саволга тутади ота.
– Одам…
– У нима қилади?
– Бизни тутиб олиб қафасга солади…
Яна бир қатор савол-жавоблардан кейин дарсни якунлайди ота. Кейин ҳаммалари ўтириб момо юмронқозиқдан эртак тинглайдилар. Ана шундай ўтади узун қиш кечалари. Табиатан шўх ва ўйинқароқ Юмо оиланинг эркаси ва арзандаси. Чўл манзарасини ва хусусан, уфқни томоша қилиш унинг жони-дили. Баъзан кун бўйи давом этади унинг бундай машғулоти. Ва гоҳида ўзи билмаган ҳолда шаҳардан узоқлашиб кетади. Ана шундай кунларнинг бирида, яъни Юмо табиатни кузатиб унинг сирлари билан ошно бўлиб турган бир паллада алланарсанинг шап этган товуши эшитилди ва ёш Юмо тўр ичида кўрди ўзини. Қўрқиб кетиб ўзини ҳар томонга урди Юмо, тўр ипларини тишлари билан ғажишга ва қутилиб кетишга беҳуда уринди, чийиллаган овоз билан отасини ёрдамга чорлади ва талвасага тушиб, ёмон бир фалокат рўй берганлигини англади.
– Ҳа-ҳа ҳа!.. – деган овоздан титраб кетди қум барханлари.
– Қўлга тушдинг-ку! Ҳа-ҳа-ҳа!
– Тишининг ўткирлигини қаранг! Ваҳ-ҳаҳ-ҳа!..
Турли оҳангда эди кулгу овозлари.
– Қандай жонивор ўзи бу?
– Бўрсиқми?
– Сассиқкўзан бўлса керак.
– Юмронқозиқ бу, – деди чаққон ҳаракатлар билан тўр оғзини боғлаётган киши ва яна бор овози билан кулди:
– Қаққ-қақ-қақ! Мана энди буни ўғилчага совға қиламиз. Какраз шу ҳафта охирида туғилган куни.
2
…Ва мана, неча кундирки, бегона шаҳарда, ўзга уйда, одамлар қароргоҳида тутқунликда, темир қафас ичида яшамоқда Юмо. Тишлари ўткир унинг аммо қафас сими қаттиқ. Кун бўйи ва албатта туни билан кемиради сим деворни, тиши ўтмайди. Ҳар кун қафас олдига келади бир бола. Кўзлари… қатта-катта бўлиб кўринади сим чивиқлар ортидан Юмога унинг кўзлари. Бола кулади гоҳида ва қўрқинчли кўринади унинг тишлари. Юмо умрида кўрмаган турли егуликлар келтиради бола, сув беради, эркалаб нималарнидир ғўлдирайди. Аслида боланинг овози нозиккина, жарангдор ва ёқимли, аммо Юмо учун унинг оғзидан чиқадиган ҳар қандай товуш дағал ва қўрқинчли. Гоҳида ўзидан бироз кичикроқ қизчани ҳам эргаштириб келади бола. Ва уни огоҳлантиради:
– Эҳтиёт бўл, Асила, қўлингни сим орасига суқма, бармоғингни узиб олади, қара, қандай ўткир унинг тишлари.
– Унинг оти нима? – сўрайди қизча ёқимли овоз билан.
– Юмо, – жавоб қилади бола.
– Нега Юмо?
– Чунки у юмронқозиқ, шунинг учун унга Юмо деб ном қўйганмиз. Мана сенинг отинг Асила, меники Ўтаган, уники эса Юмо.
Бир муддат жим қолишади болалар. Кейин қизча сўрайди.
– Онаси борми унинг?
– Бор, акс ҳолда туғилмаган бўларди.
– Синглиси-чи?
– Билмайман. Сўрайверма кераксиз нарсаларни. Менимча, уларда ака, сингил деган тушунчалар йўқ. Онгсиз жониворлар улар.
– Нега унда қафас симини тишлаб тортқилайди?
– Симни синдириб чиқиб кетмоқчи бўлади.
Ўйлаб қолади қизча ва хулоса қилади:
– Қафас сими синса қутилиб кетиши мумкинлигини биларкан, демак онги бор…
– Онг эмас, инстинкт. Ҳайвонларда онг бўлмайди, инстинкт билан ҳаракатланади улар деб ўргатган ўқитувчимиз.
– Ахир онасини танийди-ку улар, отасини ҳам танийди.
– Бу ҳам инстинкт.
Индамади қизча ва ғамгин нигоҳ билан қафас ичидаги жониворга тикилди. Эртаси куни ғала-ғовур бошланди уйда. Эшикдан кириб келаётган кишилар саломлашар ва совғаларини Ўтаганга топширардилар, шовқин-сурон билан стол атрофидан жой олардилар. Вужудига титроқ югурди бу овозлардан Юмонинг. Айниқса кулгу чўчитарди уни. Кулгуни эшитиши билан тўрга тушган ҳолати ва ўлжадан қувонган одамларнинг қаҳ-қаҳ уриб кулишлари уриларди шуурига. Отанинг ҳукмрон овози эшитилади:
– Ўтаганжон, қани олиб чиқ энди Юмони!
– Юмо?.. Қанақа Юмо?– Ажабланишади меҳмонлар.
– Ҳозир кўрасизлар! – дейди қувончини яширолмай ота.
Қафасни кенг ва ёруғ хонага олиб чиқади Ўтаган. Кулгуларга туташиб кетади. “Оҳо! Уҳу! Зўр-ку!” деган овозлар. Стол ўртасига қўйилади қафас. Жавдираган кўзлари билан атрофга аланглайди Юмо. Атроф-теваракда эса, катта-катта кўзлар, оппоқ тишлар ва баҳайбат юзлар, титраётган ияклар. Шунда кулаётган кишилар орасида басавлат бир одамни кўрди Юмо.Қизил эди ва ялтираб нур таратиб турарди бу одамнинг тишлари. Қафас ичида қалтираб титраб турган жониворга тикилиб қаради бу одам. Ва сўради:
– Эчкиэмар деганлари шуми?
Кулгудан ларзага келди хона деворлари. Ҳайвонот дунёсидан фақатгина эчкиэмарни биларди бу одам. Шунга қарамай катта бир жамоанинг бошлиғи эди. Ва “Сен эчкиэмарни ишдан ҳайдайман!” деб пўписа қиларди жаҳли чиққанда нўноқ ходимга қараб. Ниҳоят кулгулар босилди, қафас олиб кетилди, дастурхонга қўйилган ноз-неъматлардан тановул қилишга киришдилар меҳмонлар. Кейин қадаҳлар кўтарилди ва Ўтаганбойнинг ўн икки ёшга тўлгани муносабати билан табрик нутқи сўзлади бошлиқ. Ана шундагина бошлиқнинг ҳайвонот оламини нақадар яхши билиши аён бўлди.
– Бўридай баҳайбат, Туяқушдай учағон, Самандар қушдек сузағон, ва … – гапдан тўхтаб атрофга қараб олди бошлиқ. Ва…
– Жайрадек…– дея луқма ташлади ходимлардан бири.
– Ва жайрадек чопағон йигит бўлсин!
Олқишлар ёғилди бошлиқ шарафига. Қаҳ-қаҳалар янграб, хона деразалари зириллаб турган бир паллада қафасдаги тутқун жониворга қараб ўтирарди Асила.
– Онангни соғиндингми, бечорагина Юмо? – шивирлади қизча қафасга эгилиб қараб ва унинг титрабқалтираётганини кўриб яна сўради:
– Совқотяпсанми, Юмо? Ёки мендан қўрқяпсанми? Қўрқма, мен Асиламан. Совқотятган бўлсанг, мана сенга гуппичамни ечиб бераман.
Гуппичаси билан Юмони ўраб қўйиш учун қафас эшикчасини очди Асила. Ва… эшик очилгандан кейин нима бўлганини ҳозирча айтмай турамиз, акс ҳолда Юмони яна ушлаб олишлари мумкин.
3
… Уч ҳафта-ю, уч кун деганда уйига кириб келди Юмо. Кўп юрди, кўп юрса ҳам мўл юрди, чўл юрди ва ниҳоят ота-она бағрида кўрди ўзини. Акалари ва опалари силаб-сийпалашарди унинг қоқ суяк бўлиб қолган елкаларини. Хурсандчиликдан йиғларди муштипар она. Қалин хас-хашаклар устига ўтқазишди Юмони. Мисли кўрилмаган мўъжиза юз берди шунда. Қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади Юмо. Сингиллари йиғлаб юборишди қўрққанларидан. Акалари девор ортига беркинишди. Ота-она ҳам хона тўрига чекиниб ҳайрат ичра қараб қолишди. Юмо тўхтамай кулар, оғзидан пақ-пақлаган, қат-қатлаган, ваҳ-ваҳлаган овозлар отилиб чиқар, Юмонинг ўзи эса ўтирган ўрнида чўпчиларди, ҳа, бўғзидан отилиб чиқаётган овозлар зарбидан чўпчиларди…
Ташвишланиб қолган ота ўғлининг миясида юз берган ўзгаришдан қаттиқ ўйга толиб, кўп йиллик қадрдон дўсти профессор Нормўйнинг олдига борди ва бўлган воқеани гапириб берди.
– Ўғлинг йўқолиб қолмаганмиди? – сўради дўстига синчков тикилиб профессор.
– Шундай бўлганди, уйдан чиқиб кетиб уч ҳафтадан кейин қайтганди.
– Одамлар орасида бўлибди бола, – хулоса қилди доктор.
– Энди нима бўлади? Нима учун беўхшов ва ёқимсиз овозлар чиқаради менинг болам? Нима учун ўтирган ўрнида ўзини ҳар томонга уриб “қат-қат”лайди, бўридай улийди?
– Кулгу касаллигининг аломатлари бу.
– Кулгу? Бу нима деганинг, қандай касаллик ҳақида гапиряпсан, дўстим?
– Кулгу жуда юқумли касаллик. Инсониятнинг қарийб саксон ёки тўқсон фоизи шу дардга чалинган. Мана, қара, – деб компьютернинг тугмачасини босди Нормўй. Экранда давра олиб ўтирган бир гуруҳ одам намоён бўлди. Ва қаҳ-қаҳа овозлари янгради.
– Сен кулаётган кишиларнинг ҳолатларига эътибор қил.
Ота экранга қараб қўрқиб кетди. Ўтирган ўрнида қорақурт чаққандай бураланарди бир одам, қаттиқ қулдирарди унинг халқуми.
– Бу чиранма кулгу, – изоҳ берди профессор.
Оғзини катта очиб осмонга қараганча “ваҳ-ваҳ”лар ва гоҳ олдинга, гоҳ орқага ташларди ўзини бошқа бири.
– Буниси қандай кулгу?
– Жазава кулгусининг бир кўриниши.
Ерга эгилиб “қийқ-қийқ” қилаётган одам давра тўридаги кишига қарар ва астойдил кулаётганини ўша одамга англатишга уринарди.
– Давра тўрида ўтирган киши корхона бошлиғи, қийқиллаётган ва кулгусини унга пеш қилаётган киши унинг ходими.
– Нега кулгусини бошлиқ кўришини истайди?
– Чунки бу хушомад кулгуси. Кулаётган одам эса хушомадгўй.
Бошлиқнинг ўнг томонида ўтириб иккала қўли билан қорнини чангаллаганча ув тортаётган кишининг ҳолига ачиниб кетди Ота юмронқозиқ ва хулоса қилди:
– Ичбуруғга чалинган кўринади бу одам.
– Йўқ, “аския кулгуси” дейилади бу ҳолатнинг номи.
– Менинг ўғлим бу дардларнинг қай бирига чалинган?
– Кулгу вируси аслида бир хил бўлиб, шохлаб кетган дарахтга ўхшайди. Инсоннинг темпераменти. Соғлиги, характери, кулгу қўзғатган вазиятга қараб туриб турли кўринишда зуҳур этади.
– Бошқа барча ҳайвонлардан ақли билан ажралиб турадиган инсон наҳотки бу касалликка қарши даво тополмаса?
– Аксинча улар кулгуни соғлиққа фойдаси бор деб уни тарғиб этадилар. Аслида ҳам кулгу инсон соғлиғи учун фойдали.
– Зиёни нимада?
– Жуда мураккаб масала бу. Маънавияти юксак, халқнинг ғами билан яшайдиган кишиларнинг жиғига тегади бундай ҳолат. Инсон кулаётганда ўта хунук ва беўхшов ҳаракатлар қилади. Масалан ит, эшак ёки балиқ худди шундай ҳаракатлар қилса уларга қараб турган одам бу жонивор қутурибди деб дарҳол уни ўлдиради.
– Яна қандай кулгулар бор?
– Сонига шапати уриб кулиш, бир-бирининг елкасига туртиб кулиш, кула-кула йиқилиб қолиш ва ҳоказо.
– Бу жуда хунук ҳолат-ку ахир. Наҳотки…
– Худди шундай фикрни уларнинг кўпгина мутафаккирлари ўртага ташлаганлар. Ҳазрат Навоий деган улуғ шоир ва мутафаккир кулаётган кишининг ҳолатини қурбақанинг вақиллашига, унинг ҳаракатини эса шу жониворнинг сакраб-сакраб юришига менгзаганлар. Ўзлари эса умриларида овоз чиқариб кулмаганлар. Жилмайиш, табассум қилиш, мийиғида кулиш хос бўлган бундай кишиларга. Жуда қизиқ ҳолатга дуч келганларида ҳам овоз чиқармасдан ичдан кулганлар. Инсон зиммасига юкланган ғамнинг нақадар буюк ва нақадар залворли эканлигини, изтиробнинг ва мунгнинг беҳад оғир юкини англайди бу улуғ мутаффаккир яратган асарларни бошдан охиригача ўқиб чиққан киши. “Бу шодликлар бари ғамдан яралган” дейди инсон зотининг яна бир буюк вакили Мирзо Бедил.
– Шундай фикрда яна бошқа кишилар ҳам бўлганми?
– Албатта, бор ва бўлган. Маънавияти етук кишилар орасида кулгуни қаттиқ қоралаб, унинг механизмини, сабабларини ва четда турганларга таъсирини ва умуман кулгунинг ўзи нималигини тушунтириб беришга интилиб катта-катта трактатлар ёзган кишилардан бири Шарль Бодлер саналади. Кулгу ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқалар учун таҳқирлаш ва ҳақоратдан иборат бўлиб, ўта маданиятсиз кишиларнинг касаллиги эканлигини исботлашга уринган фарангларнинг бу мутафаккир шоири. Хусусан менга Нобел мукофоти совриндори Кнут Гамсуннинг “Мистерия” романидаги мана бу гаплари жуда маъқул: “Халқумдан отилиб чиқадиган кулгу, шармандали товушлар бўлиб, бизга маймунлардан мерос қолган атавистик белгидир…” Дарҳақиқат, кулаётган кишига ҳар қандай бошқа бир жониворнинг нигоҳи билан қараган инсон, кулгунинг қанчалар беўхшов, аянчли ва ҳатто қўрқинчли ҳолат эканлигини, кулаётган одам бамисоли телбалардай ўзини тутолмай, ўз вужудини бошқаролмай қолишини яққол кўрган бўларди, – дея хулоса қилди профессор Нормўй. Чуқур хўрсинди Ота юмронқозиқ.
… Оғир дардга чалинган эди унинг кенжатойи.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?