Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +
4

Ҳовлида тўпланиб турган кишилар эшик очилиши билан маданий мулозамат ва муомалани ҳам бир қадар унутиб, бир-бирларини туртиб-суриб ичкарига ошиқдилар. “Нор алкаш”ни бу ерга олиб келарканман, сувратнинг жозибали чиққанига ишонгандим ва нимадандир умид қилгандим, аммо бу даражада талатўп бўлишини кутмаганлигим аниқ. Мана, уч кундирки, “зиёратчи”ларнинг кети узилмайди. Навбат кутаётган кишилар балки бекорчиликдан пештоқдаги қуёшга қараб туришгандир. Аслида, улар тезроқ навбат келишини кутишмоқда. Уларнинг хаёлида Нор алкашнинг сиймоси. Худди шу лаҳзаларда Норни деҳқон бозори дарвозаси олдида ёки бирон-бир раста қаршисида кўриш мумкин. Балки кўргазмага келган кишиларнинг айримлари ҳозиргина Нор алкашнинг ўзини учратиб ва балки унинг садақага чўзилган кафтига бир неча чақа танга ташлаб келаётгандирлар. Аммо нима сабабдандир кўчада тирик Норни кўришдан кўра унинг жонсиз сувратини томоша қилиш… Мана энди “Ра” билан суврат ўртасидаги рамзни англадингизми? Хуллас, Нор алкашни зиёрат қилиш учун ҳар кун юзлаб кишилар “Ра” сувратлар кўргазмаси томон келишарди.

Ногоҳ ғала-ғовур тиниб, сукунат чўкди. Ҳамманинг нигоҳи бир гуруҳ аъёнлар қуршовида залга кириб келаётган басавлат кишида. Ҳеч қаёққа қарамасдан тўғри “Нор алкаш” томон юрди гуруҳ пешқадами. Қўлларини чўнтагига чуқур суққанча, кўксини кериб бироз орқага чалқайган ҳолатда Норга қаради. Узоқ қаради. Норнинг қиёфасида нималарни кўргани ва унга айнан нималар таъсир кўрсатганини ҳеч ким билмади. Узоқ давом этган сукунатдан сўнг чап қўлини тирсакдан букиб елкаси баравар кўтарди. Энди унинг кўрсаткич ва ўрта бармоғи нон ҳидини олган суваракнинг шохидек бир маромда қимирлай бошлади. Бу ишорани ёнидаги гумашталаридан бошқа ҳеч ким тушунмади. Гумашталаридан бири менинг олдимга келди:

– Ўн минг. Бўладими?

Бу рақамнинг мазмунига тушунмадим. Ва савол назари билан қарадим.

– Доллар… – деди гумашта.

Одамлар орасида енгилгина шовир-шувир бошланди. Ҳамон жим турардим мен.

– Йигирма минг!..

Сукунат. Басавлат харидор яна қўлини елка баробари кўтариб бармоқларини ўйната бошлади. Гумашталардан бири ихчамгина чамадонча кўтариб, тўғри мен турган жойга келди-да, олдимга бир даста доллар ташлади. Бошқа савдолашиб ўтиришмади улар, менинг розилигимни сўрашмади ҳам. Басавлат харидор бармоқлари яна аввалгидек елка устида ҳаракатланаркан, гумашталар “Нор алкаш”ни авайлаганча кўтариб, унинг ортидан юришди. Бирдан ғала-ғовур бошланди залда. Қулоғимга чалинган узуқ-юлуқ сўзлардан англаганим шу бўлдики…

… Нор алкашнинг туғишган акаси эди, бадавлат ва басавлат бу харидор.

МАТЕМАТИК ҲИКОЯ

1

… Ярим тунда мудроқ аралаш қулоғига чалинган шивир-шивирлар инсон овозига ўхшамасди, шундай бўлса-да, узоқ мозий қаъридан келаётган айтишув мазмунига тушуниб турарди Ражаб Али:

– Жонгинам, Биссектриса! Қайсарлик қилма. Эшит. Икковидан бирини танла.

– Менга ёққани сизга маъқул бўлмаса, нима қилай?!

– Дилингдагини айт.

– Катет Тик.

– Катет Тик?.. – дея савол назари билан қаради Гипотенуза хоним.

– Албатта, у менга яқин. Энг муҳими, у ҳамиша тик!

– Қизим, Катет Ётиқнинг садоқатини ҳам ўйла. Оёқларинг остида ётибди бечора.

– Шу ётганича турмайди, ойи, – истеҳзо аралаш кулди мадимуазель Биссектриса.

Ойна олдига бориб қизи ва куёв бўлмишларнинг ҳолатига назар солди мадам Гипотенуза. “Пифагор иштони” ичида туришарди улар ва шу сабабли ойнадангина аниқ кўринарди уларнинг сарвдек бежирим қоматлари. Тик ва ётиқ Катетларнинг умумий жиҳатларига эътибор қилди Гипотенуза-она. Ҳаёти узвий туташ эди бу жанобларнинг, 90 градусли бурчак боғлаб турарди уларни. Ўзи эса тўғрибурчак, яъни 90 градусли бурчак қаршисида… ҳар иккала Катетнинг бошини боғлаган ҳолатда…

Қизга оғиз солаётган, яъни Биссектрисанинг қўлини сўраётган, совчи юбораётган бадавлат оилалар кўп, жумладан: Синуслар оиласи, Катангенслар хонадони, Секонслар сулоласи… кўп бадавлат оилалар… Қизи тушмагур эса Катет Тикни деб турибди. Бу мураккаб теоремани фақат “доира”лар сулоласидан етишиб чиққан фолбин, мадам Конхоида ечиши мумкин деган фикр устида тўхталди Гипотенуза хоним…

Тонгда уйғониб стол устида турган қоғозни қўлга олди Ражаб Али. Уйқу аралаш ёзилган беўхшов ҳарфлар айқаш-уйқаш бўлиб, рақс тушаётгандай. Қулоғига такрор-такрор чалинди яна Гепотенуза хонимнинг жарангдор овози ва қизи тушмагурнинг шаддодлик билан қайтарган жавоб сўзлари. Хотинининг уйқусини бузмаслик учун қоронғида тусмоллаб ёзганди уларнинг айтишувларини. Беҳуда хаёллардан соқит бўлиш учун магнитофон тугмасини босди одатдагидек ва унинг товушини ҳам ҳар доимги меъёрга келтирди. Ҳамиша мадад берарди унга “Тошкент ушшоғи”: ёмон фикрлар чекинарди уни тинглаганида ва маҳзунлик либосига ўранган тетиклик, ижодга ва яратишга бўлган иштиёқ қоларди фақат.

2

“Эй сарвинози гулшани…”

Жуда тиниқ эди “Санйо”дан таралаётган бу овоз, тонгдай мусаффо. Сокин эди куй ҳам. Шу қадар сокин эдики, бамисоли улкан бир дарё оҳиста чайқалиб ётгандай ва беозоргина сингиб борарди миянинг чуқур қаватларига. Тай-тай қилиб юрарди хонада: гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб бир ёшли бола. Қийқириб-қийқириб қўярди ўзича нималардандир қувониб. Бир ёшли гўдак учун қувонч манбаи нима? Балки ерда ётган ялтироқ тугмачадир, гугурт чўпидир, ёки қизил тасмачага боғланган сўрғич. (Бу алоҳида тадқиқот талаб қиладиган масала). Ҳар замон бош кўтариб болага қараб қўярди ота. Ва яна китоб варақлашга тушар, хаёлини банд этган асосий мақсаддан чалғимаган ҳолда бажарарди буларнинг барчасини.

Қозон билан капгирнинг ҳамоҳанг алолоси келарди ошхона томондан. Рўзғор юмушларига кўмаклашиб юрадиган қизгина нонушта тайёрламоқда. Чалғимасликка ҳаракат қилди Ражаб Али. Аслида, бўлинмас диққатга эга олим қавми. Машина ҳайдовчисининг диққати эса тамом ўзгача, бўлинувчан. Рулда ўтирган ҳайдовчи ҳам агар олимдай ўйласа… диққати фақатгина манзилга етиш ёки масофани қисқартириш билан бўлиб қолса, нималар юз бериши ҳаммага маълум.

“Ал жабр в-ал муқобала” теоремасининг моҳияти ва унинг қай йўсинда пайдо бўлгани, яъни Муҳаммад ибн Мусанинг шууридан қандай ҳолатда қоғозга тушгани устида ўйларкан, тамоман чекинди тунда қулоғига ўрнашиб қолган овозлар. Хоразмийнинг шу теоремани ёзаётган ҳолатига кириш заруратини ҳис этди. Оддий ҳиссиёт эмасди бу. Мия қаватларини ва энг аввало, бош чаноғининг пешона қисмида жойлашган стреатум марказини бошқаришга уриниб кўрди унинг толиққан вужуди. Аммо шуниси аниқки, гарчи мия ҳам вужуднинг бир қисми бўлса-да, ҳеч маҳал мияни бошқара олмайди вужуд. Шунга қарамай, вужуднинг фақатгина ҳорғинлик ҳолатини рад этмади бош мия. Чунки чарчоқ ҳам аслида миянинг маҳсули. Ҳолатга киришга тайёр эмасди ҳали ёш олим. Энг аввало, ҳолатга кириш бу айнан Хоразмий бўлиш эмас, имконсиз иш бу. Йўқ, бу мутлақо имконсиз. Унинг имконсизлиги теорема эмас, балки аксиома. Аммо ҳолатга кириш учун бўлган узоқ машқлар ва уринишлардан кейин инсон атрофдаги борлиқни ҳис этмай қўйиши… Ва ким биландир, тўғрироғи, ўз-ўзи билан танҳо қолиши ва ҳаттоки нирвана ҳолатига кириши ҳам мумкин. Шу мақолани ёзаётганда қандай ҳолатда эди Хоразмий. Қаерда ва қай тарзда ўтирганди. Давот, қалам-қоғоз, паргар ва жазбар бор эди албатта унинг олдида. Аммо қандай эди унинг юзидаги ифода? Вақт-чи? Соат неча эди ўшанда? Қаерда турган эди осмоннинг улуғвор ёритгичи – қуёш? Ёки парпираб турганмиди Хоразм диёри устида тўлин ой. Дарвоқе, ўшанда, яъни “Ал жабр ва-л муқобала” яратилганда балки Дамашқда эди улуғ олим. Ва ё бу жараёнда ер куррасининг бирор нуқтасида бўлмаган, балки коинотнинг мубҳам кенгликларида учиб юрган эди Курраи заминнинг Ибн Муса деб ном олган фарзанди. Йўқ, бу асар тўлин ой кечаси яратилмаган. Балки тонг саҳар палласи, кундузи ёки янги ой чиққан оқшомда ёзилган. Чунки тўлин ой ер сатҳидаги ҳамма нарсани тортади. Ва инсон руҳиятида нотинч тўлқинларни жўштиради. Инчунун, инсоннинг бош чаноғи ичидаги мия ҳам ойга томон тортилади. Қандай бўлади бундай лаҳзаларда фикрлаш? Неча қават эди фикрлаётганида олимнинг улуғвор пешонасидаги чизиқлар… Тепчиб турганмиди пешона чизиқлари орасида реза-реза тер. Аслида ҳолатга кириш эмас, ҳолатни тасаввур этиш эди ёш олимнинг бошланғич мақсади.

3

Яна бир неча бор алмашинди вақт тарозусига қўйилган посангилар. Бир ҳовуч фарзандини бағрига босганча миллион-миллион фарсаҳ масофани айланиб ўтди 12 соат орасида Ер. Субҳи козиб ўз ўрнини субҳи содиққа бўшатиб бергунга қадар кўз юммади Ражаб Али. Ва тун охирлаб тонг оқара бошлаганда қандайдир шарпа шовуридан ҳушёр тортди толиққан шуур. Стол устида турли муқовада жамланган Лобачевский, Эйлер, Киплер, Ньютон ва бошқа буюк ақл эгалари. Леонардо Пизанскийнинг (ўн учинчи асрда ёзган) китобини, яъни “Ал жабр в-ал муқобала”нинг лотинчага қилинган таржимасини бир неча кундирки, қайта-қайта варақлайди, Пизанский тўғрисида фикрлайди Ражаб Али. Жуда ҳаяжонда эди “Ал жабр”-ни лотин тилига таржима қилаётганда Европанинг бу улуғ олими. Тепаси гумбазсимон деразанинг шишалари орқали сизиб ўтаётган ой нури, шаъм, стол устида давот, қалам ва “Ал жабр…”

Олимнинг хаёлини ўғирлаган нарса мубҳам бир тасаввур. Пизанский ўзи таниган ва танимаган, эшитган, сувратини кўрган буюкларнинг қиёфасини хаёлига келтирар ва Хоразмийнинг юз тузилишини тасаввур этишга интиларди. Бир неча эскиз-чизгилар турарди стол устида. Ҳаммасида одам бош қисми турли кўринишда тасвирланган. Шарқ олимининг қиёфасини, кўз қарашини, юз тузилишини, хусусан, пешонасини кўз олдига келтирмагунча “Ал жабр”нинг моҳияти билан боғлиқ ҳолатни ва ё шу асарнинг яратилиш жараёнини тушуниш, тубига етиш қийин. Гўдак нафасидай нафис мусиқа эшитиларди қўшни хонанинг қалин деворлари ортидан. Ой нурига қоришиб, майин оҳанг таратиб Леонардо Пизанскийнинг ёзувлари устига ёғиларди шам алангаси.

Инсоннинг бу қадар кенг тафаккурга эга бўлиши нимадан? Магарамки мусиқадан бўлмаса ёки… Ҳаёт аравасини тортиб бораётган тўрт тулпор: олов, сув, ҳаво, тупроққа боғлиқмикин? Балки тонгга боғлиқдир. Шарқ одами одатда тонг саҳарда туриб таҳорат олиши ва намоз ўқиши маълум эди унга. “Салла!” Овозсиз бир ҳайқириқ вужудини ларзага солди: Салла!! Бошни кўпқаватли мато билан ўраб юради шарқ одами. Мато тагидан учи гумбазсимон кийим кияди. Пизанский ўтирган ўрнида атрофга босиқ назар ташлади. Деразанинг шифтдан ергача узаниб турган пардасига қадалди нигоҳи ва ўрнидан шарт туриб пардани юлқиб олди. Аммо силлиқ ипак матони бошга ўраш қийин кечди. Қўнғироқсимон, тўлқинсимон ва ё бошқа кўринишдаги улуғвор парикларни бошга кийиш нисбатан ўнғай, аммо европа одами учун қийин эди салла ўраш, икки қўллаб узоқ уриниб бир амаллаб бошига қўндирди. Жуда беўхшов ва омонат чиқди унинг салласи. Бошни сал қаттиқроқ қимирлатса салла ечилиб тушиб кетадигандай. Тиззаларини бироз буккан кўйи оҳиста қадамлар билан иш жойига яқинлашди…

Ёш олим шуурида зуҳур этган Пизанскийнинг бу ҳолати анчайин кулгули эди, бу табиий ҳол, (олимлар баъзан хаёлпарастлик таъсирида кулгили ҳолатларга тушадилар) ва ёш олим хаёлидан кечган шу ҳолат таъсирида лабларидаги табассум билан ўрнидан туриб кийим жавонини титкилай кетди. Отасидан қолган, балки бобосидан қолган салла узоқ йиллардан бери реликвия сифатида сақлаб келинаётгани ёдига тушди. Ниҳоят, тугунча ичидан узунлиги икки қулоч келадиган мато қўлига илинди. Узунасига оқ йўл билан “сув” берилган кўкимтир мато. Матонинг дағаллиги қандайдир хуш ёқди қўлига. Болалигида, эсини таниган дамларда ва йигитлигида бобосининг салла ўрашига эътибор берганлиги туфайли иш осон кўчди. Матонинг бир учини, бир қулочга яқин қисмини кўкраги устига осилтириб қўйиб чап қўли билан иккинчи учини ўнг чеккасига маҳкам босиб турганча ўнг қўли билан матонинг қолган қисмини боши атрофида сириб айлантира бошлади ва ниҳоят бир қаричча қолган учини салла остига қистирди-да, столга ўтириб қоғоз, қаламини қўлга олди. Балки бошқалар саллани ўзгачароқ тарзда ўрашар, аммо бобосининг усулида боғлашни маъқул кўрди Ражаб Али. Энди у тамоман ўзгача қиёфада ўтирарди иш столи ортида. Қўлида Лейбницнинг “Монадология” деб номланган асари ва математикага доир илмий ишлари.

4

Теорема… юнончадан ўгирганда “қараб чиқаман, ўйлаб кўраман” деган мазмунни беради. Теорема устида фикр юрита туриб Хоразмийнинг ҳолатига қандай қилиб кирди экан Европа. Албатта бу Пизанскийнинг таржимасидан кейин бошланди. Мисрда ўқигани ва бошқа араб мамлакатларида бўлгани, араб тилини пухта ўзлаштиргани сабабли “Ал жабр в-ал муқобала”-ни лотин тилига ўгирди Пизанский ва уни Европага тақдим этди. Бошидаги тўлқинсимон ва кунгирадор парикни ечиб ташлаб, ўзининг энг асосий асари “Монадология”ни ҳам четга суриб қўйиб, гардишсиз ойнаги орқали араб ёзувига тикиларди немис олими Готфрид Вильгельм Лейбниц, қоғозга тўкиларди унинг миясидан сизғириб чиқаётган шарҳлар. Ва иккита сўз остида тўпланарди улар. “Алгорисмус” ва “Алгоритмус” эди бу сўзлар. Кейин ҳам “Ал жабр”ни шу тарзда ёзишди Европа олимлари. Янги фан дунёга келди. Хоразмийнинг “Ал жабри”дан туғилган янги фанга “Алгебра” деб ном берилди.

… Манзара ва ҳолат бирдан ўзгариб сон-саноқсиз олимлар издиҳоми кўринди Ражаб Алининг кўзига. Англия, Италия, Германия, Франция … Токи Хоразмийга етиб боргунича, токи Хоразмийнинг ҳолатига киргунича кўп сувлар оқиб ўтди. “Ал жабр в-ал муқобала” нинг Европа тилларига таржимасидан кейин фикрлар қуюни кучайиб, хаёлида жозиб бир куч билан, ойнинг тортиш кучидай айланди немис олимининг теграсида. “Алгорисмус”, “Алгоритмус” дунёда биринчи марта Лейбницнинг столи устидаги кулранг қоғоз ҳошиясида пайдо бўлди бу сўз. “Алгоризм” дея Хоразм сўзини бироз бузиб талаффуз қилди аввал, бир неча бор қилинган такрордан кейин фан тарихида илк марта “Алгоритм” кўринишида ёзди уни Лейбниц.

Тўлқинлар кучаяди. Жуда катта ва улуғвор кашфиётлар юзага келади Европада ва Америкада. Ал Хоразмий номидан бироз ўзгаришларга учраб пайдо бўлган алгоритм жаҳонга довруғ солади ўзининг муаммоларию ечимлари билан. Ана шундай хаёллар таъсирида тонгда туриб Ичан қалъа томон юрди ёш олим. Дарвоқе, бир неча ҳафтадирки, Хоразмда, деҳқон савдогарлар учун мўлжалланган харобгина меҳмонхонада яшаётганди. Хаёлида Омон Матчоннинг “Бири Ичон қалъа, бириси Дишон” деган мисраси. Математик тушунчалар қуюни ичра ва ё уларнинг теграсида зуҳур этмоқда эди бу мисралар шовури. Шоир қай мазмунда ёзганидан қатъи назар, унга бир қўшилиб, бир қўшилмай Ичон қалъа ва Дишон қалъани ўзича талқин қилиб борди. Оддий гап эмас бу, бу – рамз. Инсоннинг ички ва ташқи дунёси. Ичон ва Дишон. Дишоннинг ичида Ичон. Бири пўст бири мағз. Худди шундай фикрни қайси китобдан ўқигани аниқ ёдига келди. Мирзо Бедил! Тўрт қаторда: дин, фалсафа, мантиқ, табиат ва Худо ва бошқа яна кўп тушунчалар мужассам этилган. Шивирлаб ярим овоз билан ўқиди:

 
Яке куфрро ғайри ислом дид
Яке ҳар дуро нақши авҳом дид
Яке хонд мағз, яке хонд пўст
Яке гуфт олам, яке гуфт Ўст.
 

“Яъни…” – деди ёш олим энди баралла овоз чиқариб, йўл-йўлакай форсийдаги мисраларни таржима қила борди:

 
Бири кўрди исломга зиддир бошқа дин,
Бири ҳаммасида кўрди ақл маҳсулин,
Бири мағзини ўқиди, бири пўстини,
Бири деди: табиат, бири деди: Ўзи!
 

Қофиялардан мамнун бўлмади олим. Ва “ахир мен шоир ё адиб эмасман, мен математикман” деб таскин берди ўзига. Шундай бўлса ҳам мисралардаги оҳангни бузгани учун хаёлан узр сўради Мирзо Бедилдан.

5

Мана, Ичон қалъа. Осмон билан ер ўртасида бир антиқа қурилма. Қўлдан-қўлга ўтган унинг ҳар бир ғишти. Унда Инсон нигоҳи ва бармоқларининг изи ва кафтининг тафти… Бетиним алмашинарди хаёлий манзаралар. Ўрганч. Баланд минора остида ёшгина, олти ёшлардаги қизалоқ. Сочи жўхори попугидай малларанг. Қадимий обида нақшлари бўйлаб кезади унинг нигоҳи.

– Исминг нима, қизалоқ?

– Анна.

– Отангни исми-чи?

– Ҳерман.

– Қандай келиб қолдинг бу ерга?

Ёқмади қизгинага бу савол ва қовоқ уйиб иддаҳа билан қаради:

– Мен шу ерда туғилганман. Менинг ватаним Ўрганч.

– Минорага қараб нималарни ўйлаяпсан?

– Отамни.

– Тушунмадим, отанг билан минора орасида қандай боғланиш бор?

Хўрсинди қиз ва лабларини қимтиганча индамай тураверди.

– Нима иш қилади отанг?

– Тегирмончи – ҳисобчи… – бошини эгди қизгина, ўриб қўйилган ва учига лоларанг тасма боғланган сочининг бир ўрими елкасидан кўксига томон оғиб ўтди ва муаллақ туриб қолди ҳавода. Оёғидаги оддий осиё калиши устига икки томчи қайноқ ёш тўкилди…

Хаёлот олами учун вақт баъзан ўз ҳукмронлигини унутади. Масофалар қисқаради, Хивадаги минора Урганчда зуҳур этади. Ўтмиш ва келажак орасида қисилиб, кичрайиб қолади ташвиш тараддудларга қоришиб ётган “бугун”. Йиллар ўтди орадан. Бир гуруҳ шумтака болаларга қўшилиб тупроқ чангитиб юрарди Анна. Тенгдошларининг бўйидан баланд эди унинг қадди-басти. Ражаб Али диққат билан ботиний назар солди қизга. Қизгина эса бу сафар ҳам баланд минорага қараб турарди. Аямай қиздирарди Хоразм қуёши. Хаёлга ботди олим. Ва хаёл ичра қандайдир жонзотнинг майингина ғинғиллашини илғади унинг қулоқлари. Аммо хаёлдан ажралолмади. Минорадан кўз узмаган ҳолда ҳавода, балки осмон сатҳида тортилган чизиқларни қўрди. Ерда ҳам чизиқлар, доиралар, бурчаклар… Борлиқ фақат геометриядан иборат. Ерда ётган оддий чўпни “тўғри чизиқ” деб тушунтиради бу фан. Тўғри тўртбурчаклар, квадратлар, кублар орасида яшайди инсон. Нечта катет ва нечта гипотенуза бор Наполеоннинг шляпасида? Доира ичида кўплаб доирачалар ҳосил қилиб, уларни қўл ва кафтлар, бармоқлар зарби билан ҳаракатлантиради ва ритм яратади одамлар. Бу ҳам геометрия. Қатор тизилиб туради Синус ва унинг укалари; Косинус, Тангенс, Котангенс, Секонус, Косеконус… Ҳамма томонда учбурчаклар, тўртбурчаклар, оғмалар, перпендикулярлар, катетлару гепотенузалар, биссектрисалар. Катет ва яна катет, 90 градусли бурчак. Тенг бурчаклар қаршисида тенг томонлар ётади деб тушунтирарди мактабда ўқиб юрганида ўқитувчиси Ажитаров. Ўртада Биссектриса ва унинг рўпарасида… олдида, атрофида яъниким ўзида “пифагор иштони…” Пифагор учбурчаги ўхшатиш қилиб шундай аталган. Инглиз олими Д. Пидоунинг бу ўхшатиши ёдига тушди. Биссектриса учбурчакдан ташқарига тортилган хаёлий чизиқларни бирлаштиради ва ҳосил бўлган лахтаклар туташувида “пифагор иштони”ни кўради инглиз математиги Пидоу. Биссектрисанинг “онаси”– Гипотенуза унга, яъни ўз қизига раҳнамо. Иккала Катет қаршисида ҳушёр турибди Гипотенуза. Катетларнинг иккаласи ҳам ёш йигит қиёфасида…

6

Аммо бутунлай бўлак нарса тўғрисида ўйлаётганди олим. Гарчи кўз олдида минора ва сариқсоч қизалоқ бир-бирига қараганча қотиб турган бўлса-да, Европа бўйлаб кезарди унинг хаёли. Фан оламида катта шов-шув: Шарқ. Харезм. Алгоритм. "Ал жабр вал муқобала" Ал жабр! Бу ибора европа талаффузига мосланди ва олимлар Алгебра деган фан устида тер тўкиб ижодга ва ишга киришиб кетдилар. Бутун Шарқ Ал Хоразмийнинг улкан қиёфасига айланди. Математиклар Шарққа қарашар ва бутун борлиқни қоплаб турган улуғвор қиёфани кўрардилар.

Ражаб Алининг фикри шу жойга етганда ўша овоз, яъни қандайдир жонзотнинг ғинғиллаган, балки инграган майин ва ёқимли овози қулоғига чалинди яна. Қизалоқ минорага қарар, унинг атрофидан айланар ва қўшиқ айтарди. Сўзсиз эди унинг қўшиғи, аммо кўп нарсани англатарди. Жуда сокин, тиниқ ва майин эди унинг товуши. Баҳор тонгидай мусаффо эди қизалоқнинг овози. Бутун вужуди билан тинглади олим бу сўзсиз қўшиқни ва ихтиёрсиз бир тарзда унга жўр бўлди:

 
Эй сарвинози гулшани боғи малоҳати…
 

Эртага ёки яна бир неча кундан кейин диссертация ёқлаши керак. Докторлик иши… Олим дегани қадимда барча фанларни билиши ва ҳатто бирорта мусиқа асбобида куй чалиб бериши шарт бўлган. Мусиқадан етарли билимга эга бўлмаган, созандаликнинг кўчасидан ўтмаган киши бошқа фанлардан қай даражада мукаммалликка эришган бўлмасин, олимликка қабул қилинмаган. Шу боис ёш олим бир неча ойдирки, шаҳрисабзлик бастакор Абдураҳмонбекнинг “Савти Сарвиноз” шуъбасидаги куйларни машқ қиларди. Мавлуда Аъзамова чертиб куйлаган дутор унга ҳамроҳ. Бу мусиқа асбобини шаҳрисабзлик Тўйчи исмли бир машшоқдан сотиб олган ва укасига совға қилганди олимнинг шоиртабиат ва дарвишнамо акаси. Бирозгина эгриланган эди бу қадимий дутор. Эгрилангани сабабли бошқа дуторларникига нисбатан баландроқ харрак қўйишга тўғри келарди. Косаси билан дастаси туташган жойдан салгина орқага эгриланиб турса-да, овози тиниқ ва ёқимли.

Орадан икки кун ўтиб Олий Аттестация комиссияси – ОАК (ВАК) навбатдаги анжуманга ҳозир бўлди. Яъни ҳимоя куни етиб келди. Ражаб Али ҳаммадан аввал олимлар йиғиладиган хонага кириб, деворга тақаб қўйилган пано ортига яшириб қўйишга улгурди дуторини. Минбар эса панодан узоқ эмас, ортга бир қадам ташлаб қўл узатса етади. “Алгебра ва геометриянинг янги туташ нуқтаси ва “Шашмақом” мавзусида ёзган илмий ишини баён этишга киришди Ражаб Али. Ҳамма жим. Олим қавми азалдан шундай: Кафтини иягига тираб, пешонасини тириштирганча, бир нуқтадан кўз узмай қулоқ тутади мавзуга. Унинг диққати бўлиниши қийинроқ. Ньютон деган олим йўлда турган рикшани қора доска деб ўйлаб қандайдир янги бир формулани ўша доскага ёза бошлаган. Рикша ўрнидан жилганини ва югуриб кетаётганини пайқамаган, қора доска ортидан чопганча масаласини ечаверган. Ва бутунлай бошқа бир шаҳарга бориб қолгандан кейингина масала ечган доскаси фойтун эканлигини англаб қолган. Хаёлпаришонлик борасида француз олимлари донг таратганлар. Уларнинг хаёлпаришонлиги – реал ҳаётни унутиб гўёки тамоман фан қасри ичига кириб кетганлари туфайли содир бўлади. Ражаб Али алгебра билан геометрия ўртасидаги тамоман янги бир боғланиш нуқтаси тўғрисида гапираркан, бу нуқтанинг ички қаватларида мусиқа оҳангларига хос шакллар ва кўзга чалинмас нақшлар ва шу нақшлар қатида Абдураҳмонбекнинг “Савти Сарвиноз”и яшириниб ётганлигини ва яширинган хилқат айлана шаклидалигини, айлана ичида эса “пифагор иштони” борлигини ва иштоннинг оғи ўрнида Биссектриса намоёнлигини, унга Гипотенуза раҳнамолик қилиши, шу боис Катетлар Биссектрисага яқинлаша олмаслиги тўғрисида гапираркан, залда бирдан ғавғо бошланди. Олимларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўзаро тортишуви ўша кун кечгача давом этди. Эртаси куни янги раддиялар баён этилди. Жуда ҳориб қайтди Ражаб Али ўша кунги анжумандан ва ечинишга ҳам ҳафсаласи бўлмай ухлаб қолди.

Ўша кунги йиғинда олимлар илмий иш юзасидан аниқ хулоса бермагандилар. Бугун докторлик диссертациясининг тақдири ҳал бўлади. Шоша-пиша чой ичди, кийинди Ражаб Али, узун қора палтоси тиззадан пастга тушиб турарди. Бўйнида қизғиш шарф. Бошида ондатра телпак. Балки нутриядир, ҳар ҳолда, бу либосларда анча савлатли кўринарди ёш олим. Бўйинбоғи ўзига ёқмади, ечиб ташлаб, бошқасини, йўл-йўл чизиқли қора бўйинбоғини боғлади. Бўйчан одамларга бўйинбоғнинг шунақаси ботишади. Бундай тантанали маросимларда ишлатиладиган хушбўй атири бор эди унинг. Пизиллатиб атир пуркади юзига ва бўйнига. Сўнгра, эшикдан чиқаркан, бир дона “но-шпа” олиб тилининг тагига ташлади. Тил остидан ҳар қандай дори керакли манзилга тез етиб боради…

Минбарга кўтарилди Ражаб Али. Мунозаранинг қолган жойидан давом эттирди аҳли анжуман. Ногоҳ ана шу ғала-ғовур орасидан улуғ ҳофиз Мулла Тўйчининг овози қулоғига чалинди-ю, пано ортида яшириниб ётган дутор ёдига тушди. Дуторни қўлига олди, бармоқлар зарбидан титраб кетди торлар. “Савти Сарвиноз “ шуъбасидан иккита куй чалди Ражаб Али. Оғир ва жуда оғир сукунат пировардида ВАК раис хулоса қилди:

“Олимнинг докторлик иши муваффақиятсиз чиққан деб ҳисоблансин!”

Уйига бош эгиб қайтди Ражаб Али. "Нега улар “Ал Жабр в-ал муқобала” аслида “Шашмақом” таъсирида яратилганини пайқашмади…" деган ўй билан ўз уйининг деворларига қаради, деворга илинган тақвимга кўзи тушди. 2000 рақамига тикилиб хаёлга берилди бир муддат. Ва гўё барча бахтсизликларга шу сана айбдордек, илашимли хаёл таъсирида қўлига қизил сиёҳли қалам олиб “2” рақамини дарҳол ўзгартирди ва уни илдиз остига олди. Энди тақвимда “0000” рақами турарди.

… Беҳуда ўтган йиллар эквиваленти эди бу рақамлар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации