Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

НУР ВА СОЯЛАР

1

Қизчасини эргаштириб оғилга кирди ота. Қуёш аллақачон ботган. Оғил қоронғу. Қўл фонарни ёқиб қизига тутқазди. Мана бундай ушла деб, ўзи оғил кунжагида турган майриқ табуреткани олиб келиб текисроқ ерга ўрнатди. (Стулни уч кун аввал шу жойга беркитиб қўйганди) Оғил тўрида боғлаб қўйилган эшак бу ташвиш тараддудни ўзича тушуниб қаттиқ ҳанграб орқасидан ел чиқариб юборди. (Табиий бу жараён, яъниким ҳаётий эҳтиёж жониворлар учун уят ҳисобланмайди). Эшакнинг бу қилиғидан завқланиб кулди қизча. Сўнгра қўлчасини қаттиқ силкитиб танбеҳ берди:

– Уялмайсанми ёки эшакмисан? Дадамнинг олдиларида-я?! Дада, адабини бериб қўйинг бу шармандани!

Унинг сўзларини эшитди ота, аммо хаёлини банд этган руҳий таназзулдан ташқарида рўй бераётган ҳолатларни пайқаш даражасида эмасди шу лаҳзада. Стул устида омонатгина турганча қўлларини шифтга чўзиб нималарнидир пайпасларди ва нималарнидир қидирарди унинг титроқ бармоқлари.

– Шифтга тут!

Бор вужуди билан юқорига томон интилиб, бўйнини чўзиб ноқулай ҳолатда турганлиги, бўйнини чўзганда кекирдаги ва товуш пайчалари таранглашгани сабабли овози қалтираб чиқди Тиркашнинг.

– Юқорига қарат!

Қизча эшакка танбеҳ бераётганда фонар нури шифтдан пастга сакраган ва қоронғуликда қолган эди ота.

– Бу томонга тут деяпман сенга!

– Мана, мана…

Фонар ёруғида отанинг ияги ва қўллари болорлар сатҳида ажабтовур шакл олиб эгриланиб кўринарди.

– Қўрқаяпман, ота…

Яна карнай чалди эшак ва яна бекаму кўст такрорланди аввалги ҳолат. Қийқириб кулди қизча, эшакнинг “одобсизлиги” бир лаҳзада қувиб юборди қўрқувни. Бир даста ёруғ нур оғил деворларида ўйнаб қизча кулганда зуҳур этган титроқ ва силкинишлар сувратини чизарди ёруғ нур.

– Садбар!

Қизчанинг кулгусига ва нурлар ўйинига барҳам берди отанинг қичқириғи. Қорайиб турган ваҳимали шифтни ёритди Садбар. Болорлар орасидан қидирган нарсасини тополмади Тиркаш, оёқ учида туриб қанчалик интилмасин бармоқлари керакли нуқталарга етмади ва пастга тушиб қизининг қўлидаги фонарни шундай ушлаб тур деганча оғил тўрига томон юрди. Узун, ориқ баҳайбат соя тобора катталаша бориб янада баҳайбат кўриниш олиб борлиқни тўсиб қўйди. Сўнгра кичрая бориб миттигина одамча шаклини олди. Охур устига энгашди бу “одамча” ва сакрашга ҳозирланаётган кенгуруга ўхшаб қолди.

– Дада?!

– Нима дейсан?

– Қўрқиб кетяпман.

Девор сиртидаги соянинг қўлларида доира шаклидаги буюм пайдо бўлди. Бу антиқа манзаранинг бирорта белгиси ва ҳаракатини эътиборсиз қолдирмай, ўзи ва отаси иштирок этаётган “кинога” қараганча қотиб турарди қизгина. Тоғорани табуретка устига жойлаштирди Тиркаш. Икки четидан ушлаб мустаҳкамроқ жойлаштириш учун турли томонга суриб кўрди. Сўнгра унинг устига чиқди ва яна шифтга томон интилди. “Энди мени икки дунёда ҳам тополмайсан, мендай эрни тушингда кўрасан ва қилган ишларингдан пушаймон бўлиб зор-зор йиғлайсан”. Бундай аламли гаплар кўп эди унинг дилида. Шуури эса бўлиб ўтган воқеаларни қайсарлик билан қайта жонлантирарди.

– Яна қаерга отландинг?

– Дугонамникига.

– Нега?

– Билмайсизми?

Елка қисди эр.

– Жуда яхши биласиз.

– Билсам ҳам айт, ўз оғзингдан эшитай.

– Кўчага чиқсангиз ўзингиз кўрасиз.

– Дугонанг ким?

– Муҳтожлик.

Қошлари чимрилди эрнинг. Уйдан чиқиб кетди Зарнисор. Орқасидан пойлаб бормоқчи бўлди эр, аммо ҳали дарвоза олдига бормай фикридан қайтди. Бунга сабаблар кўп, шу боис дарвозани очмай унинг тирқишидан қаради. Ҳамсоянинг уйи. Қўшқаватли, тирқишдан юқори қават билан пастки қаватнинг жанубий чети “Акфа” русумидаги деразаси, девор устидан бир метрлар чиқариб ишланган “қош”, том бўғотининг ялтироқ тунука қопламаси, ёмғир суви учун ўрнатилган тарнов… Кўзлари ёшланди Тиркашнинг, аччиқ эди тирқишдан кираётган шамол. Девор сиртида аёл сояси пайдо бўлди. Бир сония юришдан тўхтади соя…

– Дада, кўзимга гард кирди. Нолиш қилди қизча.

Қизининг инграниб айтган гапи хаёллар оламидан ажратиб олди Тиркашни.

– Фонарни тут, юқорига қарат!

– Кўзим ачишяпти…

– Майли, юқорига тут.

Аввал шифтни ёритди-да, лаҳза ўтмай деворга сакради нур. Қизча ерга чўнқайиб ўтирар, фонарни тиззалари орасига қисганча, қўллари билан кўзларини ишқаларди. Пастга тушди ота, устига тоғора тўнкарилган табуреткани жойидан кўчириб оғилнинг ўртароғига олиб борди. Ўша ерда туриб қизини чақирдида, унинг қўлидан фонарни олиб мана бундай ушла деб яна унга тутқизди-да, тоғора устига чиқди. “Танк” этган овоз таралди тоғорадан, чўчиб тушди қизча. Яна болорлар орасидаги вассаларни пайпаслай кетди отанинг бармоқлари.

2

Оғил томга вассажуфт қилинмайди одатда, шунга қараганда бу бино одам яшашга мўлжаллаб қурилганлигини англаш қийин эмас. Ҳовли томонга очилган оддий тўрт кўзли ёғоч кесакили дераза ҳам шундан далолат беради. Кейинчалик дераза роми кўчириб олинган ва ўрнига ғишт қалаб пори чиқариш учун кичикроқ тешик қолдирилган. Ўтган йилнинг ёзидан буён бу жойда етти ёшли кўк эшак яшайди. Боласи сотиб юборилганидан буён у ёлғиз. Аввал кўк куррача эди, кейинчалик ўсиб тайхарга ва ундан кейин эшакка айланди. Ва хонадоннинг кору борига ярайдиган бўлди. Ҳар кун тонгда уни миниб ишга борарди хонадон бекаси. Эри мардикорчиликка кетган кунлар Садбарни ҳам миндириб ўзи билан олиб кетарди. Дастлабки пайтлар тўқим устида ўтиришдан қўрқарди Садбар, Ер сатҳи жуда пастда, ўзи эса худди жар тепасида тургандай. Қўрқма, ёлидан маҳкам ушла деб тушунтирарди онаси. Хулқи мураккаб жонивор тайхар. Уни тушуниш қийин. Мустаҳкам туёқлари билан тошлоқ йўлда шақир-шуқир қадам босиб кетаверади ва сира кутилмаганда таққа тўхтаб ерга эгилади. Тупроқни ҳидлайди, пишқиради. Бурнидан бурқираб чиққан кучли ҳаво оқимида чангиб кетади кўчанинг тупроғи. Бундай пайт унинг қайсар бўйнига халачўп билан аямай уради аёл. Аммо токи ўз ишини ниҳоясига етказмагунча ердан бош кўтармайди тайхар. Токи далага етиб боргунга қадар камида ўн-ўн беш марта такрорланади бу ҳолат, яъни неча жойда тезак бўлса ёки бошқа эшак юриб ўтганидан бирор белги қолган бўлса шунча марта такрорланади бу ҳолат. Хусусан, ўзидан олдин ўтиб кетган ва тупроқни ҳўл қилган моча эшаклар белгиси уни бефақ қолдирмайди. Узоқ ҳидлайди, тумшуғини осмонга кўтариб лабларини жийиради. Сарғиш ва бақувват тишлари билан худди осмонни тишламоқчидек қотиб қолади бир неча сония. Буларнинг ҳаммаси Садбар учун ҳам қизиқ, ҳам қўрқинчли. Тайхарни бараварига карнай чалиб қарши олишади дала четидаги тут дарахтларига боғлаб қўйилган ҳангилар. Бараварига ўгрилиб қарайдилар далада ишлаётганлар. Хуллас, ана шу каби нуқсонлари бўлишига қарамай Кўктайхар жуда бақувват ва чиройли жонивор. Тумшуғи атрофидаги майин оқиш юнглар юқорига томон борган сари қўнғир тус олади. Бўйнидан елкасигача кўкимтир, елкасидан бошланган қора ҳошия олдинги оёқларининг тиззасига томон ингичкалаша бориб, тиззага етганда оқиш юнглар орасида кўринмай кетади. Айниқса кенг пешонасидаги таралиб турадиган бир даста кокили унга эркалик бахш этган. Энг муҳими, унинг кўзлари. Катта-катта тим қора ва қандайдир маънодор унинг кўзлари. Киприклари узун-узун. Елкасида қора ҳошиянинг туташган жойи қонталаш, бу халачўп учига қоқилган бигизнинг касри. Ҳар сафар халачўп зарбасини менсимай саркашликни ошириб юборганда аёл аёлнинг жаҳли чиқиб кетар ва охирги чора сифатида халачўп учидаги узунлиги уч сантиметрли бигизни унинг елкасига ботиришга мажбур бўларди эгаси.

– Қандай қилиб тўйга бораман эгнимдаги шу йиртик кўйлак билан?

– Борма.

– Элдан ажралиб қолайми сизга ўхшаб!? Шусиз ҳам ҳеч ким йўқламай қўйди бизни.

– Нима қил дейсан? Сенинг зуғуминг билан Якутияга бориб нима орттирдим. Орттирганим – оёғимни совуққа олдирганим.

– Бошқалар ишлаб топиб келяпти-ку. Бировга қўшилмайсиз, бирини ака, бирини ука деб “жон-жон”лаб жонига кириб кетолмайсиз.

– Бу гапинг рост, худо шундай яратган бўлса нима қилай.

Гап худога бориб тақалганидан кейин бошқа сўз айтолмади аёл, аммо йиғини кучайтирди.

– Бор ўша Шобердининг олдига.

Ялт этиб эрига қаради аёл. Нафрат акс этди нигоҳида. Ношуд эрга йўналтирилган бу кучли ҳиссиётни кўзларида қалқиб турган ёш пардаси тўсиб қололмади. Ва деди:

– Далла!

Бу сўзнинг мазмунини дафъатан тушунмади эр. Сувоғи тўкилган деворга тикилиб ўтирган хотинига савол назари билан қаради. Қачонлардир, қаердадир дуч келганди бу сўзга. Ёмон сўз, далла, далла, далла такрорлаб кўрди ичида ва бирдан ёниб кетди.

– Талоқ! Бор, талоқ қилдим сени! Талоқ! Талоқ! Талоқ! Уч талоқ!

Оғир жимлик чўкди хонага. Кейин ўрнидан турди аёл, тиззалари қалтираб кетди. Жаҳл оловида ёнган эр энди ўзига келиб тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини англади. Уч талоқ демаганда ҳам бир нав эди. Лекин бу сўз айтилди, унинг зарби хонани тўлдириб бошқа ҳамма нарсани кўчага улоқтириб юборди…

– Дада, қўрқиб кетяпман. Тайхар менга қараб кўзини ёндиряпти.

– Бор энди уйга кет.

– Сиз-чи?

– Мен бироздан кейин бораман.

Эшикка томон сакради фонар ёруғи. Керакли нуқтани топган ва қўлидаги арқонни вассага боғлаганча унинг сиртмоқли учини пайпасларди отанинг қўллари…

3

Йиллар ўтди орадан.

2003 йил 25 августда, яъни янги ўқув йили бошланиш арафасида қишлоққа янги ўқитувчи келибди деган хабар тарқалди. Олий ўқув юртини битириб қишлоққа қайтди Садбар. Кўп йиллардан бери очилмаган дарвоза олдида баркамол бир қиз турганини кўришди одамлар, аммо ҳеч ким унинг олдига бормади. Занглаган қулф очилди ниҳоят ва дарвозанинг турмлари ғажирлаб қангиллаб овоз берди. Инсон ноласига монанд эди бу овоз.

ОЙ ЖОДУСИ

1

Дераза токчасида ойнинг нимранг шуъласи. Нимранг: на кўкимтир, на сарғиш ва на оқ. Тўлишган ой нурига хос рангни тополмади Ойниса. “Сутдай ойдин” шивирлади унинг лаблари. Дарҳақиқат, ҳовли сутдай ойдин. Шу таърифга мойиллик бор қизнинг шуурида. Бошқа бирор таъриф ёки тавсиф мос эмас. Аслида бу момосидан қолган гап. Ой ойдин кечалар деразадан қараб “сутдай ойдин” деб қўярди ва оғир-оғир хўрсинарди кампир. Шундай дерди, хўрсинарди, хаёлчан тарзда ва гўё иситмоқчи бўлгандек ой шуъласига тутиб турарди қуришган бармоқларини. Шунда кампирнинг исмсиз бармоғидаги мис узукнинг кўзида парчаланиб кетиб хирагина милтирарди самовий шуъла. Дераза рапини силаётгандай ёки унинг ғуборини артаётгандай оҳиста ҳаракатланарди унинг узукли бармоқлари. Энди кампир йўқ, ой шуъласи эса ҳамон ўша-ўша. Сокин, хаёлчан ва мунгли. Нимадандир ўксинаётгандай, нималарнидир сўзлаб бермоқчидай ва яна қандайдир сирдан – инсон зотига маълум бўлмаган, унинг тасаввурига сиғмайдиган сирдан – огоҳ этмоқчидай… Дераза токчасида, хонтахта четида ва хона деворидаги йўл-йўл чизиқлар ҳам худди аввалгидек. Ҳеч нарса ўзгармаган. Ойниса учун бу жуда антиқа манзара. Унда қандайдир сир-синоат бор. Момосининг култапўшогини бошига кийиб оларди-да, бу синоатнинг нималигини англашга ҳаракат қиларди қиз. Оддий нақшлар эмас улар. Йўқ, улар оддий нақшлар эмас. Бу нақшлар дераза шишасининг вужуди. Ҳар қандай вужудда эса сир-синоат яширин.

2

Ой тўлиша бошлаган кечалар чироқни ўчириб қўйиб хона деворидан кўз узмай ёлғиз ўтирган қизни тасаввур қилинг энди. Бошида ўша, йўл-йўл кандирдан тикилган ва мисқолгарди деган матоҳдан астар қўйиб қовилган култапўшок. Унда Ойларой момонинг оппоқ сочлари қолдирган ажабтовур, қўнғирсиқ ҳид бор. Қизнинг нигоҳида аллақандай ховотир, Ойнинг соҳир шуъласида эса кўз илғамас ҳаракат. Бу ҳаракатда енгиб бўлмас бир куч ва муқаррарлик, айни пайтда: сокинлик ва майинлик ва маҳзунлик ва яна аллақандай мунг бор. Аслида ҳам Ой мунгли сайёра. Бирон-бир жонзотга, ҳеч бўлмаганда бир тупгина гулга ҳам эга эмас. Қани энди, унинг кулранг тупроғида бир тўпгина ток ўсса, ток навдасида бир бош қора кишмиш ёки нимранг тоиби бўлса, ёки бир бутагина райҳон ҳид таратиб турса! Балки шунинг орзусида соҳир нурлари билан ерни пайпаслар, гиёҳларни, денгиз ва дарё сувларини ўзига тортар… Модомики шундай экан, ер юзидаги одамларни ҳам, бинолар ва дарахтларни ҳам, ҳаттоки қабристонни ва улар қаторида Субҳоннинг қабрини ҳам интиқ бир куч билан ўзига тортаётгани тайин.

Ҳовлида, супа тагида бир туп садарайҳон бор. Агар гул кўп бўлса, биридан бошқасига, ундан яна бошқасига сакрайди нигоҳинг. Нимадир йўқолади, нимадир сусаяда. Қай бирига меҳр қўйиш керак? Кўп гул бу – гулзор, гулзор эса бамисли оломон. Якка ўсган бир тўп гул ёлғизлиги билан ва яна танҳолиги билан, Субҳонга ўхшаши билан қизнинг дилига яқин, оломондан эса узоқ.

Тунда ой нурига чўмиб ухлаётган қабристонга қараш… Фақат бир мартагина бунга журъат этганди Ойниса. Кейин кўп нарсалар ўзгариб кетди. Ва ниҳоят, Субҳон айтиб берган воқеа такрорланди. Дарахт ғўласи устида ёнма-ён ўтиришди улар кунлардан бир кун. Ёз фасли. “Тирч-тирч” этиб сайрайди қорачигирткалар. Узун, қора дирижёрлик либосида улар. “Худди шундай ёз оқшоми эди, – дейди Субҳон. – Ой ойдин, сутдай. Етти…йўқ, тўрт-беш ёшларда эдим чамаси… (Субҳоннинг овозини эшитиши билан машғулотини таққа тўхтатади шу яқин ўртада мусиқа асбобини жўр қилаётган қорачигиртка. Инсон овозига қулоқ тутиб қолади, афтидан)… Ҳа, беш ёшларда. Хонанинг ўртасида ётардилар онам. Оқ кўйлакда. Мен қўрқмадим аввал. Онамни қучоқлаб йиғладим. Ўлим ҳақида унчалик тасаввурга эга эмасдим. Хона қоронғу. Ҳар доим бирор нарса устида хархаша қилганимда бошимни силайдиган қўллар беҳаракат. Нега бундай? Нега меҳрибон онам ҳамма нарсага бефарқ? Ҳеч нарага тушунмай, шу ҳолатда ухлаб қолибман…”

3

Энди Ойниса хонада ёлғиз. Оҳиста ҳаракатланаётган нур оқими гўё девор сиртидан ниманидир қидираётгандай. Девор сирти лимон рангида, ўртада дафтар катталигида қуроқ кашта. Кашта ўртасида Субҳоннинг суврати. Сувратга томон оқади нур. Субҳон эса тобора яқинлашиб келаётган ой шуъласидан кўз узмай бундан уч йил аввал сўзлашни бошлаган қўрқинчли ҳикоясини ҳамон давом эттираётгандай. Онасининг ўлими, тунда беш ёшли боланинг жасад ёнида ёлғиз қолиши, ой оҳиста силжиб келиб оқ кўйлакда ётган жасадни ёритиши… Онанинг кўкрагидан бўйнига томон, ундан иягига, лабларига томон сирғалиб ўтаётган оқ илонга ўхшаш ингичка ва узун ой нури. Жасаднинг кўзлари ҳайратлангандай очиқ. “Ой сутдай ойдин кечалардан ҳозир ҳам қўрқаман. Ой нури кафанни эслатади”. Суврат томон тобора яқинлашиб бораётган ой нурига қараб тураркан, Субҳоннинг гапларини эслади ва бутун вужуди билан титраб кетди Ойниса. Ва ойга қаради, унинг сувратга томон бетиним ҳаракатланаётган шуъласидан кўз узиб. Қизиқ бир нарсани – ҳали дунёда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган нарсани – кашф этди шунда. Ой юзидаги доғ осмон малаги Исрофил! Ё парвардигор, нега бир ожиз бандангни хаёлига бундай нарсаларни соласан?! Бир оёғини олдинга қўйиб, иккинчи оёғига таянганча бироз ортга чалқайган куйи турарди малоика Исрофил. Оғзида қиёмат куни чалинадиган карнай. Исрофил сур тортадиган карнайнинг беҳад катталигини ва бу карнай ҳамма нарсани, ҳатто ер куррасини ҳам ютиб юбориши мумкинлигини эшитганди Ойниса момосидан. “Исрофил сур тортса қиёмат бўлади”. Шундай дер эди момо. Аммо ойнинг бетидаги доғнинг фаришта Исрофилга ўхшашини ҳеч ким айтмаган. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бу кашфиёт.

Бора-бора жиддий машғулотга айланди Ойнисанинг ой билан мулоқоти. Балки бу ёлғизликнинг оддий эрмагидан бошқа нарса эмас дерсиз? Унда нима сабабдан ой нури чизган тасвирларга лупа орқали қарайди қизгина ва дафтарга нималарнидир ёзиб қўяди? Қўлига паргар ва чизғич олиб само ёритгичидан тўкилаётган ёрқин ва хира нур йўлакчалар оралиғини ўлчайди… Рақамлар билан белгиланган дафтар варақларида улар. Бетартиб бир тарзда сочиб ташланган ҳарфлар, турли кўринишдаги белгилар бор.

Кейинчалик – орадан бир неча йил ўтиб, Ойниса бедарак йўқолгандан кейин унинг эгасиз қолган уйига кўчиб ўтдим. Ва Ойшунос қизнинг тадқиқотларини жиддий тадқиқ этишга киришдим. Айтиш мумкинки, сочиб ташланган ҳарфларда ҳамда шаклларда узвийлик борлигини аниқладим. Қадимги дунёнинг улуғ рассоми Леанардо да Винчи ҳеч ким ўқиёлмасин деб хатни тескарисига ёзар ва зарурат туғилганда уни ойнага тутиб ўқирди. Ойна барча ўнг нарсаларни чаппасига ва аксинча тескари нарсаларни ўнгариб кўрсатади. Ана шундай қайсар ва сирли “жонзот” ойна деганлари. Хуллас, шу воқеа ёдимга тушиб дераза жомларидан иккитасини ўрнидан кўчириб олдим, бор ҳунаримни ишга солиб шиша жом сиртига кумуш эритмаси суртдим ва аввал кулранг бўёқ билан, сўнгра қизил бўёқ билан бўядим. Шишанинг шаффоф вужуди ўзлигидан кечиб тиниқлашди ва ойнага айланди. Ойналарни бир-бирига қаратиб қўйдим. Шунда чексизлик ҳосил бўлди. Дафтарнинг биринчи варағини ўзимга тескари турган ойна сиртига ёпиштирдим, натижада ҳарфлар, белгилар ва шакллару чизгилар чексиз даражада такрорий тасвир зуҳур этди. Аммо бу тажриба кутилган натижани бермади. Дафтар варағидаги барча белгилар ойна сиртида тескари бўлиб кўринарди, холос. Худди шу усулда ой тасвирини ойнага тушириб чексиз даражада ой ҳосил қилишдан ҳам қониқмадим. Алламаҳалгача кўзимга уйқу илинмади. Ухламоқчи ҳам эмасман. Ўйларим чувалашган, уларнинг ҳаммаси бир томонга қараб оқим ҳосил қилган. Бу оқимда ҳаттоки ўзим ҳам сузиб бораётгандайман. Оқим Ойнисага ва унинг ой нури билан ўтказган тажрибаларига бориб урилади. Ва мен болалигимда юз берган бир воқеани эслайман ҳар сафар: Ташқарида, ҳовлининг ўртасида ётардик биз, яъни онам иккаламиз. Супасиз, деворсиз бир чети қишлоқ марказидаги подахонага туташиб кетган ҳовли. Ёз оқшоми, ҳовли сутдай ойдин. Нақ пешонамнинг устида парпираб турган ой гўё шу харобгина қишлоқни ва шу қишлоқнинг харобгина ҳовлисида ётган қўрқоқ бир вужудни, яъни мени қўрқитиш учун кўкка кўтарилгандай. Юрагим тўла ваҳм. Ваҳм вужудимни шу қадар исканжасига олганки, бошимни буришга ва ёнимда ухлаб ётган онамга қарашга, умуман, қилт этиб қимирлашга қўрқаман. Гўё бутун дунёни қўрқув ўз исканжасига олган. Онамга яқинроқ сурилишни ўйлайман, қўлим билан онамнинг қўлларини ушласам озгина бўлса ҳам юрагимни тўлдирган ваҳмдан қутилардим балки. Афсуски, бундай қилолмайман, бирор туким қилт этса қўрқув мени кўриб қоладигандай. Ана шундай ҳолатда ётарканман, подахонанинг нариги четида, Ўтаган аканинг уйи ортида катта қора тўртбурчакка кўзим тушди. Шу қора тўртбурчакнинг ўртасида – балки унинг бир четроғидадир – ўша қоронғуликдан ҳам қорароқ бир нарса ҳаракатланарди. Антиқа бир тарзда – худди рақс тушаётгандай – ҳаракатланарди ўша қора нарса.

4

Ўшанда гарчи беш-олти ёшларда бўлсам-да, бу рақснинг беўхшовлигини ва шу беўхшовлиги билан ғайришуурийлигини англадим. Гоҳ ёйилар, гоҳида йиғилиб бир жойда қуюқ қора бўёқ ҳосил қилар ва гоҳида юқорига томон ўсиб бораётган каби ғайритабиий шаклга кирарди ўша қора нарса. Ой тўлишган ва борлиқ сутдай ойдин бўлса ҳам ёрита олмасди ўша қоронғуликни. Том бўғоти остидан, девор соясидан паноҳ топганди ўша қора раққоса. Рақс тушаётган қора туманлик – балки қора қурум десам тўғри келар – назаримда мендан кўзини узмаган ҳолда ҳаракат қилар, даҳшатдан бир бўлак кесакка, дарахтнинг кесиб ташланган ғўлачасига айланиб қолган менинг вужудимни ҳам рақсга чорларди, афтидан. Имларди мени… ушанда бу ўлим рақси эканлигини англамаганман. Аммо мубҳам бир ваҳима шарпаси оғир қанотлари билан ерга киргизиб юбормоқчидек ёки ётган жойимда маҳв этмоқчидек куч билан босиб турарди мени. Инсон танаси жон учун қамоқхона. Коинотнинг узоқ бир ҳудудидаги сайёрада яшайдиган жонлар ҳам гуноҳ қиладилар. Шунда гуноҳининг нечоғли оғирлигига қараб бир неча дақиқадан бир неча йил муддатга зиндон жазосига маҳкум этилади жон. Ва муддат тугаши билан вобаста қилинган занжирларни узиб инсон танасини тарк этади ва учиб кетади ўз сайёраси томон. Занжирларни узиб ташларкан, рақс кўринишида намоён бўлади бу жараён. Ана шу жараён эди мен кўриб турган ҳолат.

Ҳаммаси маълум бўлди эрталаб. Одамлар тўпланишди саҳарданоқ. Тушириб олишди том бўғоти остида осилганча оҳиста тебраниб турган жасадни. Ўн етти ёшли бу қиз нима сабабдан осди ўзини? Турли фикрлар айтишарди одамлар, аммо мен ҳали уларнинг фикрини тушуниш даражасида эмасдим, ёш эдим. Тунда бўлган мудҳиш воқеани кўрганлигимни ҳам айтолмадим. Одамлардан, жасаддан ва бошқа ҳамма нарсадан қўрқиб турардим. Ойнисанинг дафтаридаги ёзувлар, шакллар ва белгилар кўпроқ ўзига тортарди мени шу воқеани эсласам. Дафтардаги тилсим сирини очишга уринишларим ҳеч қандай самара бермаётган бўлса-да, бу машғулотни ташлаб кетишга ўзимда куч тополмадим. Ва унинг хонасида ўтириб ойни кузатар, унинг ҳар бир фазасида рўй берадиган шаклий ўзгаришларни қоғозга туширардим.

5

Август ойининг сўнгги ўн кунлиги. Ой аста-секин тўлишиб бормоқда. Кундузи ҳам кўрдим уни. Нурсиз, бир томони қурт егандай ёки уқувсизлик билан ушатиб олинган нондай. Тикилиб қарагандим шаффофланиб, гўё ортидан кўкимтир тусда кўрингандай бўлди осмон. Ой тўғрисида тадқиқотлар кўп фанда. Бир томони юз даражадан иссиқ, иккинчи бети бир юз ўн даража совуқ. Сирти кулсимон модда билан қопланган, сув ва ҳаво йўқ. Аниқроғи, мутлақо ҳаёт асари кўринмайди. Ерда юз кило тош босадиган одам ойда… аниғини билмайман, етмиш ва балки олтмиш кило чиқса керак. Бу сайёра айтишларича, ердан кўринганидай нурафшон эмас, балки қорамтир бир сиртга эга, нурни эса қуёшдан олади…Ана шундай тадқиқотлар бор. Америкаликларнинг ойга боргани ва унинг устида ўз оёқлари билан юргани ҳақида ҳам анчагина гаплар бўлгани эсимда, аммо кейинчалик мутлақо ҳаёт асари йўқ бу сайёрадан ерлик тадқиқотчиларнинг кўнгли совигандай. Энди бизни Марс сайёраси қизиқтирмоқда. Қизил сайёра деб ном олган бу осмон ёритгичига унчалик қизиқиш билдирмасди Ойниса. “Қани унинг ўзи? Қани унинг деразам рапини ёритиб турган қизил нури?” деди бир оқшом иккаламиз ёлғиз ўтирганимизда. Биз ташқарига чиқиб осмонга қарадик ва Қизил сайёрани қидирдик. Бизда на телескоп, на бошқа бирон кузатув асбоби бор. Ҳатто оддий дурбин ҳам йўқ. Ҳеч нарсага аниқлик кирита олмадик. Ой ҳали батамом тўлишган бўлмаса-да, парпираб нур сочар ва осмонни кузатишга монелик қиларди. Ўшанда билмасдим бу қизнинг ой нуридан қўрқишини ва айни пайтда унга қизиқишини. Ўша оқшом унинг ойшунослигига доир баъзи бир белгилар намоён бўлди. Улардан айримларини мен кейинчалик кузатув дафтаримга ёзиб қўйдим. Биз супа четида ёнма-ён ўтирардик. Осмон ёритгичлари тўғрисида билганларимни унга сўзлаб берарканман, анчадан бери унинг сукут сақлаб тургани ва менинг гапларимни умуман эшитмаётганини пайқаб қолдим. Ойга қараганча қотиб турарди у. Ихтиёри ўзида эмас, хаёли ҳам. Бироз энгашиб унинг кўзларига қарадим. Кейин рўпарасига ўтиб ерда чўнқайдим. Унинг ҳолати ўзгармади. Мени унутганди, афтидан. Кўкси тез-тез кўтарилиб тушаётганига қараб нафас олиши тезлашгани ва юраги ҳам қафасдаги кабутардай патирлаётганини англадим. Ва яна кўзларига тикилдим. Унинг нигоҳида қотиб қолганди ой шуъласи. Кўзлари атрофида оппоқ ҳалқа. Кейин ҳаракатга келди ҳалқа ва унинг пастки чети томчи шаклини олди-да, қизнинг кўзларидан оқиб туша бошлади. Қўрқинчли эди бу ҳолат. Ногоҳ болалигимдаги ўша воқеа, том бўғотига ўзини осган қиз билан боғлиқ манзаралар, соялар ўйини ва ўлим рақси кўз ўнгимга келди-ю, қизнинг елкасидан тутиб: “Ойниса! Ойниса!” деганча силкилай бошладим. Албатта дарҳол ўзига келди қиз ва оғир хўрсинди. Биз хайрлашдик, аммо уни ташлаб кетгим келмасди. Мана шу супада ётишимни билдирдим. Қаршилик кўрсатмади ва супа устига жой солиб берди. Табиийки, уйқу келмайди бундай паллада. Осмонга тикилганча ётавердим. Ҳа, дарвоқе, кейин билсам, ўша ҳолатда у ой сиртидаги доғни яна такрор малоика Исрофилга ўхшатган ва ўзининг бу кашфиётидан қўрқиб кетган экан. Аммо айтмади буни менга орадан кўп йиллар ўтса ҳам. Қаттиқ сир тутди нима сабабдандир. Балки унинг кашфиёти муқаддас динимизга бориб тақалганини ўйлаб сир сақлашга қарор қилгандир. Унинг тадқиқотлар дафтари бўлмаганда билмаган бўлардим мен ҳам бу сирни.

Ойниса бедарак йўқолгандан кейин унинг тадқиқотларини ўрганишга киришиб эришган илк муваффақиятим – шу. Аммо осонликча эришмадим бунга. Шартли белгилар воситасида ёзган эди қизгина бу сўзни. Ой ва кун саналаригина ўз ҳолича эди фақат. Худди ўша кунни топдим дафтардан. Мана, 27 август. Йили кўрсатилмаган. Бир йил кутдим. Ва ниҳоят, 27 август кечаси дераза рапига қулайроқ ўрнашиб ўтирганча ишга жиддий киришдим. Олдимда: паргар, жазбар, дафтар ва соат. Лупа ҳам бор, албатта. Ой осмонда муаллақ, батамом тўлишган, ярқираб, балқиб, тиниқ тортиб турибди. Деразадан тушиб турган чизиқлар ва улар орасидаги ҳошиялар, ҳошиялардаги оқликдан кўкимтир рангларга томон уйғунлашиб ўтаётган нур дасталари… Дасталар орасидаги қисқа чизиқлар ва нуқталар… Дераза вужудидан тушаётган нурли чизиқлар тагига дафтар варағини тўғрилаб қўйиб секинлик билан шарқдан ғарбга ва ғарбдан шарққа томон ҳаракатлантира бошладим. Ва ногоҳ нур ҳошияси қатида, яъни дераза жомидан тушган узун-қисқа, параллел чизиқлар оралиғида “И” ҳарфи ҳосил бўлганини аниқ кўрдим! Деразанинг ғарб томондаги учинчи кўзида тариқ донаси катталигида нуқта борлигини аввал ҳам кўп марта кўрган ва шу нуқта орқали ҳовлига қараб қизиқ-қизиқ ўйинлар қилгандим. Баайни мўъжизанинг ўзи бу нуқтача. Дарахт танасида ҳаракатланиб турадиган улкан кавак ҳосил қила олади. Девор сиртида қават-қават чизиқлардан иборат доира чизади. Ерга тўғрилаб қарасам ер худди аталадай суюлиб менинг бош ҳаракатимга мос айланаверади ўша доиралар. Худди қуюқ аталани қошиқ билан аралаштираётгандай. Шиша қуйиш жараёнида унга томган тариқдек ва ё мош катталигидаги шу нуқтача иккинчи ҳарфни берди менга. Дафтарга нуқтанинг ярим ҳолатини туширгандим, “С” ҳарфи ҳосил бўлди. Энди менга Ойнисанинг узоқ йиллар давомида олиб борган кузатувлари ва кашфиётлари ўз сирини очмоқда! Ва мен қизнинг ички дунёсига томон кириб бормоқдаман. “Исрофил” деган шу сўзни ёзиб қўйиш учун шунчалик машаққат чекиш зарурмиди дея ажабланишингиз табиий. Аввало, шуни айтишим керакки, шу биргина сўз эмас, бир дунё сўз ва жумлалар, яхлит тузилган гаплар, бутун бошли манба ва матлалар бор унинг дафтарларида. Инсон ҳиссиётларининг ранги, шакли ва оҳанглари туширилган сирли белгилар ҳар қандай одамни жозиб куч билан ўзига тортиши табиий. Уларни ўрганишни мен шу сўздан бошладим, холос. Чунки ўтган йили худди шу кечада – яъни 27 август тунида – супа четида ўтириб тўлин ойни кузатишимиз ва қизнинг ғайритабиий ҳолатга тушиб қолиши… Тўғрисини айтсам мени бефарқ қолдиролмасди. Унга бўлган муҳаббатим бутун умримни ва ҳаётимни шу қизнинг бахти учун қурбон қилишга даъват этарди. Демакки, унинг ички дунёсини билиш ва шу йўл билан уни англаш мен учун ҳаётий зарур. Ойнисанинг бедарак йўқолиши-чи!? Эрталаб туриб қарасам Ойниса уйда йўқ. Ва ҳозиргача бедарак. Қидирув органлари кўп ҳаракатлар қилишди, эълонлар берилди, қизнинг суврати ва бор ташқи қиёфаси ёзилган қоғозлар тарқатилди. Натижа йўқ. Мен эса ҳамма гап унинг ташқи белгиларида эмас, балки ички дунёсида деган фикрдаман. Ҳаттоки Ойниса ўз ички дунёси ичига кириб яшириниб олган деган фикр ҳам миямга урилиб мени безовта қилади гоҳида. Мана, бир йилдирки, ўзи ёзган белгилар, шакллар, чизгилар қатидан излайман уни. Ўша август оқшомидаги ҳолат тилсим калитини қўлимга тутқазган эди. Тўғри, гоҳида узун тунлар уриниб бирор натижага эриша олмаганимда, кузатувларим натижа бермаганда Ойнисанинг дафтарларини бир неча кун давомида қўлга олмаганман ва ҳатто бу кераксиз машғулот деган хулосага келган пайтларим ҳам бўлган. Шундай пайтлар Миср эҳромлари, Тутмос, Тутанхамон, Нефертити саркофагларидаги ёзувларни ўрганишга бутун умрини ва бор бойлигини сарфлаган олимларнинг машаққатли меҳнати тасаввуримга келган ва янада куч ва ғайрат билан ишга шўнғиганман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации