Электронная библиотека » Неъмат Арслон » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Ёзувчи учун атир"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 01:20


Автор книги: Неъмат Арслон


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +
2

Тонг саҳарда “Оёққа қалқ!” деган садодан ларзага келди хонадон. Бирин-кетин уйғонди оила. Ёстиқдан бош кўтариб уйқули кўзлари билан атрофга аланглашарди укалар.

– Ҳа, Қоплонжон, нима гап? – шошиб ва ҳовлиқиб сўради ота.

– Оёққа қалқ!

Белигача яланғоч ҳолатда остонада туриб, мазмунини дафъатан англаш қийин бўлган сўзларни куч билан ҳайқираётган ўғлига ағрайиб қаради ота. Ва ўғилнинг норғул гавдаси, кучга тўлиб турган мушаклари, ўктам овози отанинг қалбини шунчалар ифтихор туйғусига тўлдирдики, бу туйғу алангаси бошқа барча ҳиссиётларнинг ожиз шамини хиралаштириб қўйди.

– Оёққа қалқ!!

Ҳамма ўрнидан турди. Икки сингил билан она тунда ғижим бўлиб қолган кўйлакларини тортқилашарди.

– Сафлан!

Бу буйруқни биринчи бўлиб тушунган Сиртлон югуриб келиб акасининг чап ёнида турди.

– Алпон! Талпон! Ботмон!

– Ботмонни рўйхатингдан ўчир, – деди ота бошини қуйи эгиб.

Ботмондан бошқа номи айтилган укалар сафга турдилар. Ўтган йил қишда ўтин кесиб келиш учун тоққа чиқиб қайтиб келмаганди Ботмон. Онанинг кўзи ёшланди. Сингиллар ҳам қимтиниброқ бўлса-да сафга турдилар. Бироз саросимадан сўнг ота ҳам хотинини етаклаб келиб, сафнинг бошидан жой олди. Бўлаётган бу ишлар ҳазилга ўхшар ва болалар қиқирлаб кулишарди. Аммо тез орада ишнинг жиддийлиги маълум бўлди. Кенг ҳовли бўйлаб сафни югуртира кетди ғаввослар мактаби ўқитувчиси. Ерга ётиб эмаклаш машқи бошлангандан кейин норозилик эълон қилди она. “Ҳамсоялар нима дейди”, деган андиша билан сафдан чиқди.

– Тўхталсин!

Буюрди Қоплон. Турган жойида қотди саф.

– Нега тартибга бўйсунмайсиз, ўртоқ… – гапнинг давомини ичига ютиб жим қолди Қоплон, онасига нима деб мурожаат қилишни билмаётганди. – Ўртоқ… Она!? – деди ниҳоят ер тепиниб. Зеро, ҳарбий интизомга кўра қўмондон ўз туғишганларига ота, она ёки ука деб мурожаат этиши қоидага хилоф. Шундай бўлса ҳам, “она” дейишдан бошқа илож йўқлигини англади, жаҳли чиқди бундан ва дағдаға билан мурожаат қилди:

– Ўртоқ она, сиздан сўраяпман!

– Э, менга индамасанг бўларди, ўғлим…

– “Ўғлим!?” бу қандай муомала?! – ҳайқириб юборди Қоплон. – Қариндош-уруғчилик кетмайди бизнинг хизматда. Ўртоқ қўмондон, деб мурожаат қилинсин.

Ёрдам сўрагандай эрига илтижо билан қаради аёл. Ерга қаради эр. Ҳушёр қўмондоннинг назаридан четда қолмади бу ҳолат. Саф бўшашиб турарди. Шунда қўмондоннинг бўғзидан отилган ҳайқириқ атрофни ларзага келтирди:

– Ҳер-рр-а-а-а!

Буйруқнинг таъсирини кучайтириш мақсадида русча “смирно” сўзини шундай талаффуз қилди. Бир пайтлар Афғон урушида бўлганлиги сабабли, буни тушунди ота ва қаддини ғоз тутди. Бошқалар ҳам шундай қилишди.

– Шалпай!

Буйруқ бажарилди.

– Тарқал!

Ёш ғаввосларнинг қийқириқларига тўлди ҳовли. Аммо ота билан она оғир уф тортиб, дарахт соясига олишди ўзларини.

3

Эртаси кун тонг саҳардан ун элаб, хамирга уннади Она. Бу пайтда ҳали тинчгина ухларди оила. Нон ёпишни атайлаб эрталабки машқлар бошланадиган пайтга тўғрилаганди. Тандир қизиб, нон ёпишга эндигина киришган пайтида қўмондоннинг овози янгради. Одатдагидай “шахсий составни” оёққа турғизди ва сафлади. Бу сафар одатдан ташқари нарса шу эдики, унинг қўлида курсантлар рўйхати ёзилган қалин муқовали дафтар бор эди. Дафтарни очиб ўқий бошлади қўмондон:

– Курсант Ахтамбоев!

– Мен!

– Курсантка Шафоатова?

Жавоб бўлмади. Онасининг тандирда нон ёпаётганини билса-да яна такрорлади қўмондон:

– Курсантка Шафоатова?!

– Ойим нон ёпаяптила, – жавоб қилди Гулфон.

– Курсант Сиртлон, икки дақиқа муддат. Онани топиб кел!

– Хўп бўлади!

Югуриш, сакраш ва ўрмалаш машқлари икки соат давом этди. Шундан сўнг бир соат ғаввослик илми бўйича назарий машғулот олиб борилди. Қўмондоннинг ўзи бошига шиша ойнакли чарм қалпоқ кийиб, ерга дустаман ётганча сув остида сузиш машқларини кўрсатди. Бу машқларни барча курсантлар бирма-бир бажарганларидан кейин “тарқалинг”, деган буйруқ бўлди. Тандирхонага томон чопдилар она ва икки қиз. Аммо улар қанчалик тез ҳаракат қилишмасин, нонлар кўмирга айланиб бўлган эди. Курсантлар яна сафландилар. Ночор қолган Шафоатова енгса-рапидасини ечишни ҳам унутиб, эрининг ёнига сафга келиб турди. Қўмондоннинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлди бу ҳолат. Ва у салобат билан буйруқ берди:

– Курсант Шафоатова, икки қадам олға!

Буйруқ маъносига тушунмади Шафоатова ва эрига қаради. Тирсаги билан туртиб олға юриш зарурлигини англатди эр.

– Курсант Оловхон Ахтамбоев, сафдан чиқиб, Шафоатовани қуролсизлантиринг!

Буйруққа бўйсунди ота ва хотинининг қўлларидан тандир оловида чуркаб қорайиб кетган “Қуролларни” ечиб олди-да, уват четига қўйиб сафга қайтди. Шафоатова ҳам унинг ёнидан жой олди. Шундан сўнг яна югуриш, сакраш ва ўрмалаш машқлари бошланиб кетди. Икки соат давом этган машғулотлардан кейин ўн дақиқа танаффус берилди. Курсантлар бу муддатда кийим-бошларини қоқиб тозалашлари ва тартибга келтиришлари зарур эди. Шундан сўнг яна бир соат ғаввослик таълимоти юзасидан назарий машғулот олиб борилди. Қўмондоннинг ўзи худди аввалгидай бошига шиша ойнакли чарм қалпоқ кийиб ерга ётганча, сув остида сузиш машқларини обдан тушунтирди. Машқни барча курсантлар энди анча уқув билан бирма-бир бажариб кўрсатганларидан кейин “тарқалинг” деган буйруқ бўлди.

4

Орадан бир ҳафта ўтиб, ҳарбий машқлар икки ҳисса кучайди. Сабри тугаган курсант Шафоатова билан икки қиз шанбадан якшанбага ўтар кечаси бедарак ғойиб бўлдилар. Отанинг норозилиги ва тўнғиллашларига қарамасдан, ўз фикридан қайтишни ўйламасди қайсар қўмондон. Оиладаги ҳар бир кишининг соғлом бўлиши, кучли, чаққон ва ёвқур бўлиб тарбияланишини орзу қиларди ғаввослар мактаби ўқитувчиси. Бедарак йўқолган курсантлар учун бир кун оч ва сувсиз туриш жазосини олди ўша оқшом навбатчиликда турган Ботмон билан Ғуфрон.

Назарияни амалиёт билан боғлаш зарур эди. Шу боис, навбатдаги машғулот тугаши билан саф тортиб турган курсантларни боғ томон бошлади. Дастлаб эндигина ҳосилга кира бошлаган етти туп хурмо ниҳолини томири билан суғуриб отди. Барқ уриб гуллаб ётган олма дарахтларини кесиш ва томиригача кавлаб ташлаш учун роса олти кун сарфлашди курсантлар. Оиланинг соғлиғи олдида дарахт дегани ҳеч нарса эмаслигини писанда қилиб, отасига далда берарди Қоплон. Яна уч кун ичида узунлиги йигирма беш метр, эни ўн икки метрли чуқурлик ҳосил бўлди дарахтзор ўрнида. Кун кечга томон оғди, Қоплон пешонасидан оқаётган терни кафти билан сидириб ташлади-да, сакраб чуқурга тушди. “Мих!” деди тепада хомуш турган курсантларга қараб бош бармоғини ўйнатганча. Ўтган икки ҳафта давомида отанинг қовоғи очилмади. Курсант Шафоатова билан икки қизнинг бедарак йўқолиши дастлаб қўмондоннинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлса-да, кейинги кунларда уларни йўқламай қўйди. Афтидан темир интизом аёл зоти учун яратилмагани тўғрисида устозлари берган таълимотнинг нечоғли тўғрилигига амин бўлган ва уларнинг йўқолиши ҳарбий интизомни мустаҳкамлашга хизмат қилишини ўйлаб ўзига таскин берди. Бу ишлардан қаттиқ норози бўлса-да, фарзандларининг бақувват бўлиб ўсиши, қийинчиликларга чидамли бўлиши йўлида қилинаётган бундай ишларга ён бера бошлаган ва Қоплон бу борада ҳақ деган фикрга келганди ота. Хотини билан икки қизининг қўшни қишлоқда холаси билан яшаётганларини биларди ва шу жойга бориб туришни ўзи маслаҳат берганди хотинига. Ҳа, оиланинг мустаҳкамлиги ва жипслиги, укаларнинг метин иродали бўлиши учун қайғурмоқда эди ака. Ҳақиқатан ҳам эрталабки машқларнинг таъсири анчагина сезилиб қолган, айниқса, Алпон билан Талпоннинг юзларига қон югуриб, мускуллари ҳам бўртиб қолгандай… Кўкракларини кериб, салмоқли қадам ташлаб юришарди улар. Курсант Шафоатовадан хат келди орадан бир ой ўтиб. “Болажонларим, сизларни соғиндим, лекин нима қилай, энди мендан саллот чиқмайди”, деб ёзганди она. Бу хатга жавобан “дезертир”, деган бир оғиз сўзни айтиш билан чекланди Қоплон.

– Курсант Ахтамбоев!

Бу чорловни эшитмас ва хаёл дарёсида шўнғиб ўтирарди ота.

– Курсант Ахтамбоев!!

Дарахтлари кесилиб, ҳувиллаб қолган боғига ғамгин термилиб ўтирган Ахтамбоев чорловни аранг илғаб ўрнидан оғир қўзғалди. Хомуш турди қўмондоннинг олдига келиб. Сув тўлдирилган бочка олдига олиб борди уни Қоплон. Шахсий таркибнинг тўққиз нафар аъзоси саф тортиб турардилар бу ерда. Ғаввослик таълимотининг биринчи амалий машғулоти эди бу. Қўмондон ҳали бассейн тайёр эмаслигини айтиб вақт кутиб турмаслигига бир қанча далиллар келтирди ва амалий машғулотга киришди. Курсант Ахтамбоев унинг талаби билан белигача ечинди. Энди у бошини сувга тиқиши ва шу алфозда тўрт ярим дақиқа туриши керак. Бу машғулотни ўта қизиқиш билан кузатиб туришарди ёш ғаввосчалар. Ахтамбоев бочкага яқинлашаркан, бошини сувга тиқишдан аввал мунғайиб қаради ўғлига. Афғон урушидан яқиндагина қайтган ва ҳали батамом битмаган эди ўпкасини тешиб ўтган ўқ жароҳати. Аммо отанинг нигоҳидаги ўтинч ва илтижони пайқамади қўмондон. Пайқаганда ҳам шахсий таркиб олдида сўзидан қайтиш, қўмондоннинг шаънига тўғри келмасди.

– Сиз собиқ солдатсиз, ёшларга ўрнак бўлишингиз керак, – таъкидлади курсант Ахтамбоевнинг бошини сувга тиқаркан. Дастлабки ўн машғулотда тўрт ва тўрт ярим дақиқадан, ундан кейин яна ўн машғулотда беш ва беш ярим дақиқадан ва сўнгги машғулотларда беш ярим-олти дақиқадан сув ичида нафас олмай туриш зарурлигини яна бир бор таъкидлади саф тортиб турган курсантларга томон ўгирилиб қараб. Бурқираб пуфаклар чиқа бошлади сув юзасига. Шунда қўмондоннинг секундомери чўнтагида йўқлиги эсига тушди ва буйруқ берди:

– Курсант Алпон Ахтамбоев, югур, менинг хонамдан секундомерни олиб чиқ!

Бироздан сўнг хонадан Алпоннинг овози келди:

– Тополмаяпман!

– Сафархалтамнинг чўнтагини қара!

Бесаранжом типирчилай бошлади боши сув ичида турган Ахтамбоев. Яна бир муддатдан кейин югургилаб келиб секундомерни қўмондоннинг қўлига тутқазди курсант Алпон. Бошини сувдан чиқармоқчи бўлиб жонҳолатда типирчиларди кекса курсант. Аммо бўйнидан босиб турган бақувват панжалар таъқибидан қутула олмади. Булқ-булқ этган товушларни эшитиб қўмондоннинг жаҳли чиқди.

– Кулиш тўхтатилсин! – зуғум қилди Қўмондон, – Бундай хатти-ҳаракат бўлғуси ғаввосларга ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Кулманг, ўртоқ Ахтамбоев!

Қоплоннинг ўктам овозидан ҳушёр тортган ёш курсантлар кўкракларини керганча қотиб қолишди. Аканинг ҳар қандай буйруғини бажаришга шай туришарди шу аснода улар. Секундомерга қаради Қоплон ва бочкага энгашиб қичқирди:

– Энди тўрт минут бўлди, ҳали ярим дақиқа вақтингиз бор!

Рақамлар устида йўрғалаб борарди секундомернинг узун қора тили…

– Бўлди! – деди ниҳоят қўмондон бочкадан узоқлашаркан. Машғулот тугади, аммо курсант Ахтамбоев бошини сувдан кўтармади…

КАЛИТ

Шоира Хосият Рустамовага


1

“Мен туғилиб тўғри қилдимми?”

Дафъатан шуурига урилган ва жавоб кутгандай бир неча сония муаллақ қолган бу савол оҳисталик билан яйралиб қўнғиртоб ғуборга айланди. Аслида, мавҳумлик пардасига, яъниким, ғуборга бурканган бўлади ҳар қандай савол ортидаги манзара. Беҳад ва беадад талқинлар, фикрлар сояси бор эди руҳий олам сарҳадларида. Замин билан илк бор танишув жараёни зуҳур этиб, фикр моддаси тиниқ тортаркан, англадики, Ер деб номланган сайёрада ёлғиз ўзи эмас: “Бу чувалчанг, бу илон, кун-тун. Тепада осмон, пастда ер. Қабрлар бор ернинг бағрида. О, қабрлар бор ернинг бағрида! Туғилган илк дамларидан бошлаб қай томон юрмасин, пировард натижада фақат бир томонга – қабристон томонга – боради инсон. Ортга йўл йўқ. Бундай муқаррарлик қаршисида хотиржам тортди ва деди:

 
Ҳозирча кута тур
Беруҳ, бетаъма
Жудаям ишим кўп
Боришим қийин.
Вақт топсам мен сенга
Кириб бораман,
Албатта бораман,
Ҳаётдан кейин.
 

Боқий дунё кучларининг энсасини қотирди бу гаплар: “Ерда ҳаёт пойдор бўлганидан буён бизга бундай муомала қилишмаган эди. Шу пайтгача ҳеч бир инсон айтмаганди бундай хотиржам гапларни. ”Вақт топсам бораман”, дегани нимаси? Гўёки ёш боланинг бошини силаб, унга насиҳат қилаётгандай. “Албатта бораман ҳаётдан кейин”, деб ваъда ҳам бермоқда. Биз шу қадар ожиз ва ғарибмизми унинг олдида? Унинг йўриғига юришимиз керакми? “Жудаям ишим кўп” дейди, гўёки ўз дугонасига гапиргандай…

Дарҳақиқат иши кўп эди унинг. Стол устида кутиб турарди дафтар, қалами. Гуноҳкор одамдай қадди эгилган симтор устида ёйиб қўйган кирлари қолган… Кунлар… тунлар… адоқсиз ўйлар ҳали тугамай ногоҳ шамол эсди. Шу қадар шиддатли эдики кўзга кўринмас бу куч, шуурида жойлашиб олган ва бош миянинг мулки бўлган хаёлларини учириб кета бошлади. “Балки ўтаётгандир дунё йўлимни кесиб”, деган андиша билан ўзини четга олишга уринди. Паналашга жой қидирди нигоҳи билан. Ҳеч нарса кўринмасди. “Ўзим-чи? Ўзим қани? Асли рўёманми, чин? Бормикан яна осмон, Ё борми бошқа замин?” дея нидо қилди, рўёлар чекиниб борлик зуҳур этди, поёнсиз дала минтақасида турарди:

 
Ҳали ҳам юрибман чўлу даштингда,
Бугунги кунимда нималар зоҳир?!
Ҳаёт, шу лаҳзада
Сенинг қаршингда
Ўзимни йўқотиб турибман ҳозир.
 
2

Ўзгариб кетди манзаралар, дафъатан қаерда турганлигини англамади, боши эгилди, мавж уриб ўсиб ётарди майсалар. “Қаерда жойлашганман?” Мен истиқомат қилаётган меҳмонхона қай томонда? – деб сўради улардан. Чунки ҳар қандай гиёҳ бу дунёга инсондан аввал келган. Дунёнинг исмин айтиб чақирди, гоҳ йиғлади, гоҳида қаҳ-қаҳ отиб кулди. Қўлини кўкка чўзиб қоронғи осмонни ушлаб кўрди. “Осмон ўзимизга ўхшаган фақир”, деган хулосага келди. Дунёни, одамларни, ҳаётнинг нималигини англагиси келарди: “Ҳаёт, тушун, сенинг юртингга – Биринчи бор қадам қўйишим… Бўлмаганман бу ерда ҳеч ҳам, қаерда Ғарб, қаерда Шарқинг?! Илк бор келдим. Балки шу важдан, кўп нарсага етмайди ақлим”.

Боғларнинг жим туришидан, тоғларнинг соқовлигидан жаҳли чиқди. Ва умид билан турган манзилини англашга уриниб кўрди. Осмон билан ер ўраб олган бир баҳри муҳит, чор томонга кесишиб ўтган йўлда турарди. Бу жойга қандай тушиб қолгани улуғ бир тилсим. Эшик олдида пойлаб ётган шаклу шамоили мубҳам жонзот кўринди. Беркинишга жой йўқ, шунда ўз вужудининг ичига кириб яширинди. Энг ишончли жой. Фақат комил инсонларгина шундай қила оладилар. Аммо ҳаёт – бешафқат қузғун, кўриб қолган эди унинг беркинган жойини. ”Милтиғингга жойланганми ўқ?”– сўради ва ҳаётни алдашга уриниб кўрди, ўзини аллақачон отганлигини пеш қилди. Мабодо пичоқ урадиган бўлса, вужудида бунга ҳам жой йўқлиги, бўғзигача қарзга ботганлигини англатди.

Ногоҳ манзара ўзгариб кетди ва қандайдир мамлакат намоён бўлди. Қий-чув кўтарарди одамлар. Муштлашув, ким уряпти, ким калтак еяпти англаш мушкул. Шунда бу қандай гап, ёрдам бермайсизларми ахир дегандай, осмонга қаради. Юлдуз, осмон, ой бефарқ. Тунни бошига кўтариб шовқин соларди арзон шароб ичиб олган ва тўйдан маст-аласт қайтаётган халқ. Қарангки, бу ерда ҳам бўрига ўхшаш бир жонзот турар ва ўлжа пойларди.

Бошқа саҳифа очилиб, бир уй намоён бўлди. Ҳовли, жимжит боғ. Инсон вужудидан ташқаридаги бир ҳолат. Еру кўкни қоплаган ғубор. Ер оёғи остидан ажралиб пастга томон кета бошлади. Осмон ҳам баландлаб бормоқда. Нажот йўқ, шунда ўз вужудига қулоқ тутди ва тани ичра оқаётган улкан бир дарёнинг шовурини сезди. Вужудида оқаётган дарё гувранишидан ҳузурланди.Барибир қайсарлик билан қаерда жойлашганман, деб сўрайверди. Боғлар ҳам, тоғлар ҳам жим турарди. Майсалар ҳам жим. Аламли нидолар отилиб чиқди кўксидан ва сен айтмасанг, ўзим айтаман дегандек аччиқ билан нидо қилди:

 
Ҳаёт бўлсанг қараб қўй, турибман бурилишда,
Мен номини билмаган юлдузга тўла осмон.
 

Қийин эди ортга қайтиш, бошқа тарафга қочишга кучи етмасди, ўзи илк бор очган эшикни излади, киришга журъат қилолмади. Бундай мубҳам ҳолатдан қутқарувчи ягона йўл кўринди ўша ғуборли парда ортидан ва мустаҳкам қулф урилган эшик намоён бўлди. Инсон қалби эди бу Қулф! Фақат ҳақиқатни куйлаш билангина очиларди қулфнинг тилсими. Ана шу эшикни очсагина, инсон қалбига кириши мумкинлигини англади ва бор овози билан ҳақиқатни чорлади. Аммо бир гуруҳ махсус кишилар овозни тутиб олишга, парвозини чеклашга, унинг бор гўзаллигини яшириш учун “кўйлак кийдиришга” масъул эдилар:

 
Кўйлагим яширар мени ҳар сафар,
Тоғларга чиқсаму боғларга кирсам,
Одамлар кўрмасдан ўтар тонг саҳар
Ўзимнинг ортимга беркиниб турсам.
Салга аччиқланиб кетади тилим,
Неча бор олдириб қўйганман юрак,
О, шундай бўлса ҳам,
Неча йилларким –
Менинг овозимга бичилар кўйлак…
 

Кўпларни ҳайратга солди бу мисралар. Инсон ўзининг ортига ўзи беркина олишини тасаввур қилиш қийин. Овоз эса мавҳум тушунча, қўл билан ушлаб бўлмайди, қанчалар зеҳн солиб қарамасин, кўз ҳам кўрмайди уни. Аммо овозга кўйлак бичиш, жуда ғаройиб ижтимоий ҳодиса. Демакки, овознинг бўйи-басти ўлчанади, ҳеч нарса ортиқча бўлмаслиги, ўлчовдан чиқиб кетмаслиги керак. Ёқаси, енги, эни ва узунлиги бичувчини қаноатлантирмоғи лозим. Шу кўйлак ичида яшайди овоз. Жамият ақидаларига мос бўлмаган овозни, қандайдир ғояларга ётмаган овозни бўға бошлайди бичилган кўйлак. Бундай чуқур фалсафа ва кўринишидан беозор туюлган мисралар ортида аждодлардан қолган неча минг йиллик тафаккур ҳақиқат ва адолат чўғини излаб, ёлқинланиб ётарди. Сўроқлай-сўроқлай ҳаётни баҳоли қудрат ўрганди, кўникди, аста-секинлик билан “қулфни” очди ва халқнинг юрагига кириб борди. Шунда дунё юзини кўрди унинг бир қатор китоблари. “Август” деб номлади улардан бирини. Номаълум сўқмоқлар ва йўллар пайдо қилди унинг саҳифаларида, фалсафа, маҳорат, ҳайрат водийлари бамисоли бир бекатдай турарди мисралар қатида. Ана шу бекатлар орасида моҳият излаб кезиб юрарди Ўзга тафаккур. Ва овоз соҳибининг ички дунёсини англашни истарди. Ана шу мақсадда “Август”ни яна қайта варақлашга киришди.

3

“Август”.

Узатса қўли етадиган жойда туради бу китоб. Шундай бўлгани маъқул, шу қаторда Икром Искандарнинг “Висол қушлари” ҳам бор. Бензоарранинг нохуш ўкиригини эшитмаслик учун, хиёбондаги дарахтларнинг аёвсиз кесилаётганини кўрмаслик учун “Август”ни қўлига олди. Борлиқ, Вақт, Ҳаёт чекинди ва ёлғиз қолди ҳиссиётга тўла қалби ва ундан-да тўлароқ азоблари билан. Ва ногоҳ Икром Искандарнинг модернистик овозини эшитди:

“Азоб чекмай

Яшамоқ –

Азоб”.

Ўткинчи дунёнинг аслида қандай қурилганини, инсон ички дунёсининг ботиний қаватларини, яшашдан мақсад нималигини баҳоли қудрат англатувчи бу китобларни солиштирмоқчи эмасди Ўзга Тафаккур. Уларда жамланган шеърлар бутунлай бошқа-бошқа дунё. Арктика билан Антарктидага муқояса қилиш мумкин “Август” билан “Висол қушлари” орасидаги масофани. Бир-биридан беҳад узоқ бу икки қутбни туташтириш инсоннинг қўлидан келмаса-да, улардаги ўхшаш манзараларни кашф этиш имконсиз иш эмаслигини англади ва хулоса қилди: “Адабиётимизда бўй кўрсатган ана шундай китоблар туфайли шеъриятимиз юксак поғоналарга кўтарилди ва дунё адабиётидан муносиб ўрин олди. Ана шу тенглашув чизиқларида турган китоблардан бири, ҳеч шубҳасиз, “Август”.

Лекин нега август?

Япон ёзувчиси Кобо Абэнинг “Август жинлар базм қиладиган ой” деган таърифига муқоясами? Китобни бошдан-оёқ ўқиб чиқиб, фақат бир жойда “Тунлар қўрқитиб чиққан баҳайбат жинлардайин” деган мисрага дуч келди Ўзга Тафаккур. Жинлар ҳақида бошқа гап йўқ, аммо унинг ҳар бир варағидан топилган хазинани ҳатто шу мисрадаги жиндан ҳам яширишни истарди, чунки жинлар шеъриятга жуда ишқибоз. Минг йил аввал яшаб ижод қилган дунёнинг буюк ақл эгаларидан бири Абу Аъло ал-Маарийнинг “Афв салтанатидан мактублар” асарида тасвирланишича, жинлар мингдан ортиқ вазнда шеър ёзишни биларканлар: “Одамларга шеър ёзишни бизнинг шумтака набираларимиз ўргатган”, дейди жинлар сардори Абраш. Нима бўлишидан қатъи назар, Шарқда шеърнинг қадри баланд бўлган. Туя бир динор баҳоланиб турган замонда яхши шеърнинг бир мисрасига минг динор тўланганидан хабар беради ушбу китоб. Шу нуқтаи назардан туриб баҳолашга уриниб кўрди Ўзга Тафаккур ва “Август”да жамланган шеърларнинг қадру қимматини тошу тарозу билан ўлчаб бўлмаслигини англади. Шундан сўнг жиддий тадқиқотга киришди ва қуйидагича хулоса қилди:

Бадиий ижодда биз мавжуд ҳаётни, яъниким, атрофимизни ўраб турган борлиқни ва у билан боғлиқ ҳолатларни тасвирлаймиз. Ва “Ҳаёт” деб номланган дунё марказида ўзимиз турамиз. Яъни биз беҳисоб ташвишу тараддудларга тўла ҳаётнинг ичидамиз, ҳаёт эса дунёнинг ичида. Фақат ушбу китоб қаҳрамонигина мавжуд оламдан ва ёки ҳаётдан чиқиб кетади баъзан ва у билан мулоқотга киришади:

 
Ҳаёт! Шу иссиқда қаердан келдинг,
Бунча ҳолинг забун –
Не гап оламда?
Дарахт бўлсам,
Бироз чўзилармидинг,
Қўрқиб кетмасмидинг
Менинг соямдан?!
 

Икки дунё юзма-юз турибди. Ҳаёт чарчаган, ҳоли забун… Асар қаҳрамонининг кўнглида унга нисбатан сокин раҳм-шафқат бор. Шу боис, дарахт бўлишни, соя солишни ва ҳоли забун хилқатнинг шу сояда бироз чўзилиб, ором олишини истайди. “Август” саҳифалари борлиқдан, ҳаётдан, вақтдан, оламдан ва ҳатто коинотдан ташқарида туриб ёзилгандай таассурот уйғотувчи ана шундай шеърлар маскани.

Оддий гугурт чўпи ёки бир қучоқ ўтин воситасида ҳосил қилинган умумлашмалар руҳиятингизни саволларга кўмиб ташлайди. Ва “Худоданми – фалакдан” деб бошланувчи шеър манзилида, совуқ бир минтақа намоён бўлади. Муз қотган дунё, ҳатто юрак ҳам музлаган, йўл берк, аммо имконият ҳам бор: ўтин терилган, қўлингизда бир дона гугурт чўп. Беҳад авайлайсиз уни. Зеро, озгина эҳтиётсизлик ҳаммасини барбод қилади. Жуда қалтис вазият. Гугурт чўпи яшаш учун берилган имконият эмасмикин ё бўлмаса муҳаббатмикин деган хаёлга борди Ўзга Тафаккур. Нима эритишга қодир юракдаги музни? Ана шундай савол урилди шуурига ва бошқа саҳифани очди:

 
Сенга ишонч қолмаганми ё,
Ёки бугун камроқми ишим?
Ўйламайман дейману аммо –
Бошда сўнгги куннинг ташвиши.
Қандай тарқалади бу хабар,
Ўлим тирилтирарми юртни?
Гўристонга ким олиб борар –
Менинг мурдам ётган тобутни?
 

Турли мунозара ва мусоҳабаларга олиб борди бу мисралар талқини: қуруқ мақтовни ва оддий сўзлар йиғиндисини шеър деб қабул қилишга одатланган айрим китобхонларнинг энсаси қотди. Шунда ўз фикрини баён қилди Ўзга Тафаккур: “Ҳаммамиз ҳам ҳаёт йўлимизнинг сўнгида муқаррар тарзда юз берадиган манзарани ўйламасликка ҳаракат қиламиз. Лекин барибир, ўйлаймиз. Ҳар бир одамнинг бошида бор сўнгги кун таҳликаси… Аммо оптимистик руҳ тушкунликка тушишга йўл қўймайди. Аксинча, ўлим ҳақидаги фикрлар бу дунёда чала қолган ишларни битиришга, вақтдан унумли фойдаланишга, ҳаётни яхшилаш учун курашга ундайди.

“Август”да жамланган бир қатор шеърлар биз билган ва яшаб турган бу дунё ва тасаввуримиздаги нариги дунёдан ташқарида, бутунлай ўзга оламда туриб ёзилгандай таассурот қолдиради. Қуйидаги мисраларни эса бир қолипга солиб, бир хил фикр сандиғига жойлаб бўлмайди:

 
Шундан кейин сени бошқа кўрмадим,
Шифокорнинг халатига олгандинг қўниб,
Турмуш ўртоғимнинг илтижо тўла
Кипригида қолгандим кўриб.
 

Мисралар мазмунидан англашиладики, бу гаплар қандайдир сирли хилқатга қараб айтилмоқда. “Сирли хилқат” эса бамисоли капалакдек шифокорнинг халатига қўниб олган ва шу жойдан туриб беморнинг аҳволини кузатмоқда, мана энди у ҳаёт-мамот курашига илтижо билан қараб турган меҳрибон инсоннинг кипригида намоён…

Шифокорнинг халатига қўниб турган хилқат нима? Нега энди у илтижо тўла киприкларга учиб ўтди? Албатта, бу ҳаёт дейсиз, чунки ўлим бизнинг эртакларимизда тасвирланишича, енгил қанот қоқиб учадиган капалак кўринишида эмас. “Шундан кейин сени бошқа кўрмадим” деган мисра бизни бутунлай йўлдан уради ва чилпарчин қилиб ташлайди бизнинг тасаввуримизга ина бошлаган аниқликни. Киприкка қўниб олган жонзот нима? Ҳаётми, ўлимми ёки муҳаббатми? Балки кўз ёшидир?

– Буларнинг барчаси ичкарида, – давом этди Ўзга Тафаккур, – ташқарида эса, қаҳрамонимиз яхши кўрган ўрик дарахти бор, чала қолган ишлар бор, шеърият бор, ҳали ифор таратиб ётган гуллар бор. Улар ҳам ифорини бекорга сочаётгани йўқ, ”Учинчи август”нинг ғашига тегиш учун шунга жазм қилишган. Чунки, қаҳрамонимизни ҳаётдан олиб кетмоқчи эди бу кун. Балки ана шу гуллар ифори қутқазиб қолгандир уни, ва ё суюкли кишисининг илтижо тўла кўзлари мададкор бўлгандир, балки қизалоғининг тунда кўрган туши кўмаклашгандир…

 
Тун ўрмалаб ётган ўша кундан сўнг,
Мен сенга боғландим юрагим билан.
 

Мана, энди бу мисраларда кучли оптимистик руҳни кўрамиз, – дея енгил тин олди Ўзга Тафаккур. – Қаҳрамонимиз Ўлим билан бўлган ҳаёт-мамот курашида ғалаба қилди. (Табриклаймиз уни!) Ва Ҳаётга юраги билан боғланди. Аммо жуда қалтис эди вазият, қил учида эди қаҳрамоннинг ҳаёти. Вазият шу даражада қалтис эдики, ҳатто тун ҳам қаддини кўтаролмай ўрмалаб борарди. Инсон ҳамиша ва ҳамма ҳолатларда ғалабага интилади, ўтмиш ва келажак орасида қисилиб қолган “бугун”, яъни умр ва ҳаёт аслида, қил устида туришига қарамасдан бақувват руҳ билан, умид ва орзулар билан яшаймиз. Зеро, умрнинг ҳар лаҳзаси ҳамма нарсадан қимматли. Бу ҳолатни қуйидаги мисраларда ҳам кўрамиз:

 
Мен ўзимни топширгим келмас
Қўлларига Сентябрнинг.
 

Бу икки сатр орасида кўплаб ёзилмаган мисралар бор, – давом этди Ўзга Тафаккур, – уларнинг мазмунини шарҳлаш учун Пушкиннинг икки мисрасини келтираман:

 
Бас, етар, бас, жон дўстим, тинчлик сўрайди юрак,
Кун кетидан кун ўтар,
Соатлар узиб кетар умримиздан бир бўлак.
 

Шеърнинг ёзилмаган мисралари қатида Пушкиннинг фикрига муқояса қилса бўладиган ана шундай мазмун бор. Август давом этмоқда. Августдан сентябрга ўтиш, демакки, кун кетидан куннинг ўтиши ва соатларнинг умримиздан бўлаклаб-бўлаклаб узиб кетиши билан баробар…

* * *

Ҳамон гувраниб эсарди шамол. Ва ҳамон адашиб юрарди “Август”нинг Қаҳрамони: кўп юрди, кўп юртларда бўлди, оёғи остида майса кўринди яна. Сўради ерга бош эгиб:

– Билмаяпман то ҳануз қайда мен очган эшик?

Жавоб бўлмади.

– Бу дунё борми ўзи?

Сукунат билан жавоб қилди борлиқ.

– Мен қаерда турибман, қайси меҳмонхонада жойлашганман?

Ана шу мангу савол устида учратдик биз ҳам “Август”нинг Қаҳрамонини. Қўлида калит. Англадикки, унинг қўлидаги оддий калит эмас.

… Инсон қалбининг калити!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации