Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 21 страниц)
6
Етти йил ўтди орадан. Энди менга кўп нарса маълум. Энг муҳими, Ойнисанинг қаердалигини биламан! Токи унинг дарагини топгунимга қадар, аввал унинг мақсадини топдим, яъни нималарга интилганини аниқладим:
Маҳшар гуни гўрам дерам ул сарви қомати,
Шул гуниям гўрунмаса гел гўр қиёмати…
Дафтар муқовасидаги икки мисра шеърни бир неча бор ўқиган бўлсам-да, қилаётган тадқиқотларимга дахлдор эмас деб ўйлагандим. Бир кун оқшом каравотда чалқанча ётиб шу икки мисрани бот-бот такрорлардим. Ой шом еган, яъни у осмонга кеч кўтарилади. “Ой шом еган” дейишади бизнинг Мираки томонларда ойнинг бу фазасини. Салгина ғалатироқ, аммо ифода аниқ. Ой шомни емайди бундай қараганда, аммо бирор жиҳатини ҳисобга олгандирки, халқ шундай деган. Хуллас, ой ҳали кўтарилганича йўқ. Хона қоронғу. Мен одатда шам ёки чироқ ёқмай ётишни хуш кўраман. Қоронғуда яхши фикрлайман. Мана унинг яна бир натижаси. “Маҳшар куни…” дедиму нафасим ичимга тушиб кетди. Маҳшар куни нима бўлади? Ҳар бир муслим биладики, маҳшар, яъни қиёмат куни барча ўликлар тирилади. Шунда оға-инилар, ота-она-ю бола-чақалар, севишганлару бу дунёда учрашганлар ва хуллас ҳамма бир-бирини кўришга сазовор бўлади. Модомики шундай экан, Ойниса ҳам Субҳонни кўради! О, бу қизнинг зукколигини қаранг! Қаранг унинг кичкина косани катта коса тагига яширишини! Нега мен бу мисраларни неча бор такрорлашим ва ҳатто хиргойи қилиб юришимга қарамай, “гўрам дерам” деган сўзлар моҳиятини англамадим. Қиёмат куни уни кўраман деб аниқ айтяпти-ку қизгина. Қувонч ва ўкинчлар аралашиб кетди дилимда. “Ул сарви қомати” деган сўзлар тизими айнан Субҳонга қаратилган. Сирихдай сипта, қадди-қомати ғоят хушбичим эди Субҳоннинг. Кўкраклари кенг. Ўмровли… шунга қарамай рангпар эди унинг юзи… хаёлчан эди кўзлари. Кулишга, ҳеч бўлмаганда жилмайишга мажбурларди ўзини гоҳида. Туғма шол эди бир қўли… Ва у ҳамиша ғамгин воқеаларни сўзлашга мойиллик билдирарди. Олди-қочди гаплар билан қизнинг кайфиятини кўтаришни ўйламасди, афтидан. Ва афтидан, у анчагина кучли психолог эдики, қизнинг қандай суҳбатларга мойиллигини ва бундай суҳбатлар унга нима учун кераклигини тушунарди.
7
Дарвоқе, чалғиб кетибман бироз. 27 август тунида юз берган ҳолат ҳам шу икки мисрада мужассам экан аслида. Малоика Исрофил сувратини ой сиртида кўрган Ойниса, балки ўша оқшом тезроқ сур тортишини ва қиёмат қойим бўлишини сўраган ундан. Қизнинг кўзларида ой нурига қоришган илтижо, кўксининг тўлқинланиши, юрак уришидаги кескин ўзгариш ва ёнида мен ўтирганимни ҳам унутиб қўйганлиги фақат елкаларидан тутиб силкилаганим, отини айтиб овоз берганимдан кейингина ўзига келиши… Субҳонни кўришга бўлган илинж иштиёқ, тийиқсиз куч… Малоика Исрофил сур тортса, қиёмат юз берса, ҳамма тирилса ва Субҳонни кўрса!.. Бирозгина малол чўкди менинг ярадор дилимга. Мен ҳам севардим бу қизни ахир! Ёнгинасида ўтирган эдим мен. Бирдан бошимни қаттиқ силкиб ўзимга келдим. Ойнисага нисбатан ҳатто хаёлимда ҳам барча туйғулар ойдин ва риёдан холи бўлиши керак. Шу ҳақда андаккина шама қилгандим бир куни унга.
Иккаламиз хиёбон бўйлаб борардик ўша антиқа лаҳзаларда. Бу қиз билан ёнма-ён юришдан бироз фахрланардим. Хиёбоннинг ҳар иккала томонида оқ танли баҳайбат чинорлар. Ҳамма ёқ оппоқ. Учрашиб қолганимизда соат ўн бирга яқинлашиб қолган эди. Мана энди ўн икки ярим. Қор ёғмоқда ҳамон. Чинорлардан сўрайман хаёлан: “Шундай қизни кўрганмисиз ҳеч”. Улар жим. Фақат оёқ остида майингина ғижирлайди қор. Унинг киприкларига қўнади қор парчалари… Туйғуларнинг оқлиги тўғрисида бошланган шамадан бошқа фикрлар устунлик қилди ва сўрадим.
– Ўзи мавжуд бўлмаган нарсани севиши мумкинми инсон?
– Мумкин. Бордан йўқ бўлмайди хеч нарса. Агар сен Субҳоннинг бедарак йўқолганига шама қилаётган бўлсанг, шуни айтаманки, у бор эди.
– Нотўғри тушундинг, Ойниса, кўзингни юм, оч, хаёллардан қоч, мавжуд борлиққа қайт. Инсон ниманингдир хаёли билан яшай олмайди. Биз тирик одамлармиз… – гапдан тўхтадим. Бироз нотўғри ва мантиққа зид гапираётганимни англаб тилимни тишлаб қолдим. Ёнимда бошқа бирор қиз бўлганда мумкин эди шундай давом эттиришим, аммо Ойниса… Суҳбатлашиш қийинроқ у билан. Умуман, қиз боланинг ва умуман аёл зотининг ўта ақллиси, бунинг устига ўта хаёлчани биз эркакларга унчалик ҳам маъқул кўринмайди. Шундай бўлишига қарамасдан Ойнисанинг хаёли билан яшардим мен. Қандайдир мубҳам ва кўзга кўринмас куч таъсирига тушиб қолгандим. Назаримда, ўзга сайёрадан, борингки, ойдан тушган эди бу қиз. Шу гаплардан кейин ишонч билан айтаманки, тадқиқотлар туфайли эришган энг катта натижам уни топганим бўлди. Ойниса ўз ички дунёсининг ичида! Унинг ички дунёси эса узоқ йиллар давомида олиб борган тадқиқотлари ичида! Тадқиқотлар эса мана шу хонада, дераза рапида ва дафтар ичида.
8
Ана шундай фикр билан ўзимни овутиб юрган кунларнинг бирида дераза токчасида бир туп ёронгул пайдо бўлди. Алвондай қизил. Эшик дераза берк эди, шу туфайли алғов-далғов бўлди кўнглим. Уйнинг калити чўнтагимдалигини ва мен шу калит билан қулфни очиб кирганлигимни аниқ билсам-да, дам қулфга, дам калитга қарар ва ҳатто чўнтагимни ҳам пайпаслаб қўярдим. Гулга қарайман, дераза токчасида, сопол гултувак ичида яшнаб турибди. Барглари худди қалдирғочкулчаникига ўхшаш. Четлари яшил ўртасида қўнғиртоб парраксимон ҳошия. Унга яқинроқ боришга журъатим етмай, хона ўртасида туриб қолдим.
– Чиройлими?..
Чўчиб ўзимни эшикка урдим. Ва остона ҳатлаётиб ортимга қарашга улгурдим. Хона бурчагида мутлақо бегона бир аёл! Нигоҳларимиз тўқнашди.
– Қўрқма, Султон Остон, сенга зиён еткизмайман.
– Кимсиз? – сўрадим овозим титраб унинг оппоқ сочларига қарарканман.
– Дўстингман.
– Исмингиз ким? Сизни танимаяпман.
– Ойшуносман.
– Ойшунос!?..
Лабининг бир четгинаси билан жилмайди аёл ва гўё сочларининг оқлигига ишора қилгандек қўллари билан чеккасидаги толаларни силаб қўйди. Ўз ҳаракатимдан ўзим хижолат чекиб ичкарига кирдим.
– Олиб келдим ниҳоят шу гулни.
Нима сабабдан “ниҳоят” деётганига ақлим етмади. Ҳамма жойда бор-ку ахир ёронгуллар. Ойдан олиб тушмагандир уни. Менга қолса, ёронгулларга нисбатан цикламинлар жозибадор ва камёб… Савол назари билан қараб турарди аёл, шу боис ёндош фикрлардан чекиниб хотиржам тортдим ва сўрадим:
– Ойшунос… Бу исмингизми ёки касбингизми?
– Исмим ҳам, касбим ҳам.
Унинг овозидаги айрим товушлар танишдай туюлиб яна сўрадим:
– Сиз Ойниса деган қизни танимасмидингиз мабодо?
Ниманидир эслашга уринаётгандай бироз жим қолди аёл. Тикилиб турди кўзларимга бир муддат. Агар бу аёл Ойнисанинг ўзи бўлса, унинг ёши ҳозир йигирма тўққизда бўлиши керак. Шундай бўлгач сочлари… Аёл яна бармоқларини чеккасига қўйди. Кафти билан сочларининг оқини беркитмоқчидек туюлди менга. Ва шу ҳолатини ўзгартирмаган кўйи боши билан дераза томонга ишора қилди.
– Шу гулни олиб келдим…
– Миннатдорман. Жуда чиройли экан.
– Менга шу гулнинг суврати керак. Фақат қоғозга чизма, мана бунга чиз.
Аёлнинг қўлида дераза шишасига ўхшаш аллақандай нарса турарди. Сира кўрмагандим бундай антиқа матони.
– Қачонга керак? – сўрадим кўзимни унинг қўлидаги нарсадан узмай.
– Фурсатингга қара. Мен уч кундан кейин қайтаман.
– Дарвоқе, мен уйда бўлмасам-чи ўша куни?
Бу саволни беришдан мақсадим унинг уйга қандай кирганини аниқлаш эди.
– Менда уйнинг калити бор, – деди аёл хотиржам тарзда.
– Ойниса берганмиди сизга?
Ҳамон унинг шахсини аниқлашга уринаётганимни тушунди аёл.
– Ўша қиз сени севарди, – деди бироз маҳзун тортиб. Ва яна гулга ишора қилди. Аммо ҳеч нарса демасдан хона деворларига кўз югуртириб чиқди-да, токчада турган култапўшокни қўлига олди.
– Баъзан сиз буни кийиб ўтирардингиз, – дедим таваккал қилиб.
Оғир хўрсинди аёл. Култапушокнинг сиртини силади бармоқлари билан. Юзига яқин олиб борди. Менимча, ҳидлаб кўрмоқчи бўлди. Балки ҳидлагандир ҳам… Кейин у шарпасиз қадамлар билан эшик томон юрди. Қўлида култапўшок. Журъатим етмади бирор нарса дейишга. Эшик ёпилди.
9
Агар эътибор қилган бўлсангиз, мамлакатнинг энг номдор ресторанлари ва бообрў корхоналарининг фойелари ва залларини безаб турибди мен чизган портретлар ва натюрмортлар. Ёронгулни чизишга ҳам ишонч ва иштиёқ билан киришдим. Ван Гог услубида танладим рангларни. Фикр ва туйғуларимни эркин қўйдим, эркин қўйдим қўл ва оёқларимни. Қўлимга мўйқаламни оларканман, инсон ва коинотнинг, микро ва макро оламнинг бир бутунлиги тўғрисида улуғ Винсент синглисига ёзган хатини эсладим. Ва айни пайтда бу улуғ рассомнинг “Дунёга келаркансан, сен биргасан осмон билан, қуёш билан, ой билан ва учаётган булутлар билан” дея хиргойи қилганча ўзининг машҳур асари “Ток навдаси”ни чизаётган ҳолатига киришга ҳаракат қилдим. Ўзига хос бундай имутация жуда зарур эди менинг айни дамдаги руҳиятимга. Неча йилдирки, сурат чизишни ташлаб қўйган бўлсам-да, (тадқиқотлар туфайли) ёронгул кўнгилдагидек чиқди. Қийин бўлди албатта нималиги номаълум холстда суврат чизиш. Аслида уни холст деб ҳам бўлмасди, мен шартли равишда шундай номлаяпман. Матоҳ сирти худди кўкимтир кукун сепилгандай бироз дағал, аммо зеҳн солиб қарасангиз, шу дағаллик остида бошқа бир қават борлигини ва бу қават нурга, аниқроғи ой шуъласига ўхшашини пайқайсиз. Худди сувдай килкиб турганга ўхшайди бу нур деганим. Унинг остида яна бир қават бўлиб, бу қават осмон рангини эслатади. Хуллас, “Ёронгул” тайёр. Мўйқаламни латта билан артиб шиша идишдаги суюқликка солиб қўяётиб остонада Ойшунос турганини кўрдим. Бу пайтда қорамтир қанотларини секинлик билан ёймоқда эди куз оқшоми ва деразамда уфқ шафағининг ёқтиси титраб турарди ҳали. Титроқ шафақ ёронгул япроқларини сиртдан ёритар ва назаримда гулбарглар чўғдек яшнамоқда ва кўзга кўринмас нур эпкини таъсирида титраб ҳам турарди бирозгина. Чироқни ёқишга шошилдим. “Ёқманг”. Энди аёл мени сизлар ва аввалгидан майинроқ муомала қиларди.
– Ёқманг, бу лаҳза узоққа чўзилмайди, мен ёронгулнинг шу ҳолатини кўриб қолмоқчиман.
– Хоҳишингиз…
– Кейин уни эгасига топширамиз.
Унинг сирли гаплари бироз меъдамга теккани сабабли эътироз билдирмадим ва гулнинг эгаси кимлигини ҳам сўрамадим. Унинг имоси билан дераза тагига тўшаб қўйилган кўрпачага ёнма-ён ўтирдик. Худди бундан етти йил муқаддам ўша август оқшоми тўлин ойга қараб ўтирганимиздай. Кейин у катта лаганда намакопли сув келтиришимни сўради. Лаганни дераза токчасига жойлаштирди-да, сувратни сув устига қўйди. “Жоду қилишга ҳозирлик кўраётган сеҳргарнинг ҳаракатлари…” Шундай фикр ўтди хаёлимдан. Кейин биз ташқарига чиқиб эшикни қулфладик ва тунги чироқлари парпираб турган шаҳар томон йўл олдик. Унинг истаги билан бўлди буларнинг ҳаммаси. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирига етганимизда емакхонага таклиф этдим уни. Бу таклифга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Индамай кетаверди. Мен ҳам эргашдим ортидан. Ҳадемай ой нурига чўлғаниб ётган кенг адир намоён бўлди рўпарамизда.
– Шу ерда хайрлашамиз…
Оғир, жуда оғир бир мунг ва ҳорғинлик бор эди унинг овозида. Узоқ уфқдан узмасди нигоҳини.
– Суврат-чи? – дедим ранжиган қиёфада.
– Суврат эгасига топширилди…
Хайрлашув олдидан менга қарар ва яна бирор сўз айтар деб ўйлаган эдим. Йўқ, нигоҳини уфқдан узмаган кўйи Ерга тўшалиб ётган ой нури устига оҳиста қадам қўйди. Биз юриб келган йўллар ҳам ой нурлари билан чароғон эди аслида, аммо бу ерда унинг ҳаракатлари қандайдир бошқачароқ тус олди. Худди автобус зинасидан чиқаётгандай ёки платформадан метро поездига ўтаётгандай кескин бир интилиш билан адир четига қадам қўйди. Нимагадир қоқиниб кетди деган хаёлга бориб, уни йиқилишдан сақлаб қолмоқчи бўлгандек беихтиёр қўлларимни чўздим. Ҳавода муаллақ осилиб қолди менинг қўлларим. Шунда ажабтовур бир ҳолат рўй берди менинг кўз ўнгимда. Аёлнинг эгнидаги оқ шоҳи кўйлаги оппоқ сочлари устига беҳисоб нур толалари ёғилаётганини, бошқа бир бўлак ингичка ва нозик нурлар оқими эса унинг атрофидан айланиб ва гоҳида юқоридан пастга, пастдан юқорига томон ҳаракатланиб тобора қалинлашиб ва қуюқлашиб бораётганини, нурларнинг бу антиқа ҳаракатидан қандайдир сутранг матоҳ тўқилаётганини кўриб турардим. Кўзга кўринмас моҳир тўқувчи ишга солмоқда эди бор санъатини. Гўёки Арахнанинг ўзи тўқимоқда эди бу матоҳни. Ниҳоят, енги, этаги ва ёқаси йўқ бир либос ичида қолди Ойшунос. Кўзларимга ишонмас ва наҳотки шу кўриб турганларим ҳақиқат бўлса дея сирли манзара кашф этган бепоён адирдан ва Ойшунос атрофида тобора қуюқлашиб, уни ўраб-чирмаб олганча, борган сари узоқлашиб кетаётган нурлар оқимидан кўз узолмай турардим. Ой нурларига қўшилиб, унинг соҳир қаватларига сингиб тобора узоқлашиб борарди бу шаффоф издиҳом.
Ғира-шира тонг ота бошлаганди уйга қайтдим ва хонага киришим билан деразага қарадим. Эвоҳ, йўқ эди ёронгул! Кучли бир ҳорғинлик бутун вужудимни тўшакка томон тортаётган бўлса-да, дераза олдига бориб ерга чўккаладим ва сув килкиб турган лаганга қарадим. Эвоҳ, ҳалиги холст ҳам, мен чизган суврат ҳам йўқ эди унинг ичида! Фақат бироз қуюқлашибди сув. Унинг сиртида эса турли рангдаги бўёқларнинг билинар-билинмас изи…
Ерга мўк тушганча Ойнисанинг дафтарларини титкилай кетдим. Мана, муқовасига макрокосм белгиси чизилган дафтар. Мана, дафтарнинг энг сўнгги саҳифаси ва мана ўша мен излаган ёзув:
“Ой мунгли сайёра. Туни билан ерни ёритади ой, силаб-сийпалайди уни нурлари билан, ниманидир излайди ва нималарнидир сўрайди. Ўзига тортади ҳамма нарсани: дарахтларни, гулларни, одамларни, денгизу дарёларни ва ҳаттоки қабрларни ҳам… Қани энди шу мунгли сайёрага бир тўпгина ёронгул совға қилсам!..”.
ОСМОННИНГ БЎЁҒИ
Хиёбондан майда қадамлар билан пилдираб кетаётган киши умрида биричи марта мутлақо одатдан ташқари ҳолга дуч келди. Ҳамма нарсанинг рисоладагидек бўлишига кўникиб қолгани учун ҳам қаттиқ ҳаяжонга тушиб “Ё парвардигор, бу нимаси” деб хитоб қилди-ю, шу хитоб ҳам ҳаётнинг ҳамма учун умумий бўлган тарзидан ташқарилиги ва ғайриихтиёрийлигини ўйлаб саросимага тушди.
Саросимага тушганда пешонасидаги ажинлар йиғилиш ўрнига ёйилиб текислашар, қоши қовоғи устига, қовоғи эса киприклари устига босиб тушарди. Қаншарида, буруннинг пешона билан туташган нуқтасида узунчоқ тугун ҳосил бўларди.
Киприклари пирпираб учиб кетишга чоғланган капалакдек титрарди.
Қўшқаватли бинонинг томида ҳилпираётган бир бўлак латтага ҳайратланганча қараб тураркан, узоқдан кимдир чақираётгандек бўлди. Ортига ўгирилиб қараб ҳеч кимни кўрмади ва яна қулоқ тутди. Шунда “Чаппаев! Ўртоқ Чаппаев!” деган чорловни аниқ эшитди. Атрофга аланглаб товуш эгасини тополмади.
– Ўртоқ Чаппаев!
Бу сафар Чаппаев дарахт тепасига қараб шох учида ўтирган кишини пайқади.
Қўлида узун дастали чўтка, дарахтнинг тўмтоқ новдасига челак илиб қўйилган. Таниди: бу одам Латтаев. Қўшни корхонада ишлайди. Жуда ишчан одам. Ҳар кун икки-учта дарахт бўяйди, бунинг устига корхонасидаги юмушларини ҳам чала қолдирмайди. Дарахт бўяш жамоатчилик топшириғи, иш ҳақи тўланмайди, азбаройи ватанпарварлик туйғуси билан қилинади.
Чаппаев орқароққа тисарилиб новдалар сийракроқ ўсган жойдан юқорига қаради. Ложувард осмон шох-шаббалар орасидан бамисоли денгиздек кўринди. Ҳа, ҳали осмон зангор рангда. Лекин вақти келади, бу поёнсиз кенглик, улкан шамсия одамлар бошига алвон ёғдулар таратиб туради. Аввалроқ радиодан бир хабар эшитганди. Гўёки одамларимиз осмонни қизилга бўяш устида ишлаётганмиш.
Кашфиёт! Жуда узун нарвон ясалиши керак. Ўша хабардан нарвон энди етмиш уч метрга етгани тўғрисида айтилганди. Қурилманинг етмиш уч пиллапояси бор эмиш. Албатта, Чаппаев бундан анча ранжиди. Ҳар метрда битта зина бўлса, менга ўхшаган калтабақайлар сира чиқолмас экан-да, деб ўйлади ва балки янглишаётгандирман деган хаёл билан жумҳурият радиосига хабар ёзиб юборди. Жумҳурият радиосидагилар юқоридан сўрашди, юқоридагилар яна юқорироқдан жавоб кутишди. Ниҳоят, нарвоннинг фақат бўйи узун кишиларга мўлжаллангани маълум қилинди. Аммо Чаппаев оптимист киши эди, руҳан тушмади. Аксинча, ҳаракатга келди. Ўзимнинг бўйим етмаса, ўғлимники етар деган мақсадда Зардакчанинг тарбиясига эътиборни кучайтирди. Кейинги уч-тўрт ой мобайнида уйига биринчи марта гўшт олиб келди. Гўшт яхши таом, бўйни ўстиради. Оқсил, ҳаёт учун бошқа зарур моддалар кўп унда. Ҳисоблаб кўрса, бир ойлик маошга беш кило картошка олиш мумкин экан. Ўзининг пакана бўлиб қолиш сабабини гўштни кам истеъмол қилишдан деб билгани сабабли олиб келган гўштини фақат ўғлига едиришга қарор қилди. Зардакча бўйчан бўлиши, нарвонга чиқиши ва осмонимизни қизил рангга бўяши шарт. Ота ғайрат билан ишга киришиб кетди. Бир кило гўштни майда бўлакларга бўлди. Ҳар бир бўлакни тарозуда ўлчаб алоҳида-алоҳида қоғозларга ўради. Қоғозлар устига рақамлар ва кунларни ёзиб қўйди. Хотини жимгина ўтириб эрининг антиқа машғулотини кузатарди. Нафас олишга, қимирлашга, бирор товуш чиқаришга қўрқарди аёл. “Илоё, ҳисобдан адашмасинлар-да”, деган илтижо бор эди унинг дилида. Назарида, эри улғайиб борар, унинг олимлардек хаёлга чўмиб қолиши, бўлакларни қайта-қайта ҳисоблаши ва рақамларни гажакдор қилиб битиши, ҳатто ҳисоблаётганда лабларини чапиллатиб қўйишида олимларга хос нимадир бор эдики, бу аёл юрагини ифтихор туйғуларига тўлдириб юборди. Энг сўнгги бўлакни тарозуда тортиб, қоғозга ўраб, устига “31” рақамини ёзаркан, бош кўтариб хотинига қаради. Аёл муштдайгина бўлиб тиззаларини қорнига тортганча этаги билан оёғининг учигача ёпиб ўтирарди. Дарвоқе, фақат аёлларгина ана шундай алпозда узоқ муддат ўтира оладилар.
Эркаклар учун бу жуда ўнғайсиз ва қийин. Чаппаевнинг ўзи худди номоз ўқиётгандай қилиб оёқлари устига ўнғай жойлашиб олганди.
– Буларни нима қиласиз? – сўради аёл ниҳоят тавоқчага ботартиб терибқўйилган бўлакларга имо қилиб.
– Кучук ҳап деса, оғзига урамиз.
– Вой, епқўяди-ку!
– Есин! Ахир итларимиз ҳам фаровон яшамоғи керак.
Эрига илтижо билан термулди аёл. Унинг мўлтираган кўзлари, рангпар юзи, чит кўйлак остидан яққол билиниб турган қоқсуяк елкаси, ана шу суяклар орасида ҳандалакдеккина бўлиб турган ва аёл ҳолатни салгина ўзгартирадиган бўлса, юмалаб пастга тушиб кетадигандай тасаввур қолдирадиган боши шу қадар ғариб эдики, эр афв сўрагандай бир оҳангда “ҳазиллашдим”, деди.
– Буларнинг ҳаммаси Зардакча учун, – давом этди қизғинлик билан, – унинг бўйи ўсиши керак. Акс ҳолда нарвонга чиқолмайди, зиналар ораси бир метрдан.
– Қанақа нарвон?
– Мамлакатимизда буюк кашфиётлар қилиняпти. Биз осмонни қизил рангга бўяймиз! Тузумимизнинг афзаллигини ҳамма душманларимизга кўрсатамиз! Бу ишни менинг ўғлим бажаради. Ҳали кўрасан, кўкси орденларга тўла Зардакчанинг расми рўзномаларда босилади. Мана, бундай!..
Чаппаев ўрнидан туриб қаддини ростлаганча бошини кескин кўтариб қотиб қолди. Ҳамон ўша алпозда чўнқайиб ўтирган аёлга энди унинг юзи кўринмасди.
– Бундай тушмасин, – эътироз билдирди аёл, – қошу кўзи кўринмасакан, бу туришда ўғлимизни ҳеч ким танимайди.
– Ундай бўлса, мана бундай!
Чаппаев қўлларини белига қўйиб, бошини аввал ўнг томонга, сўнгра чап томонга ўгирди, ияги бақбақасига қўшилиб кўкрагига тақалди. Ноқулай ҳолатда тургани сабабли зўриққанидан кўзлари ёшланди. Аёл хурсанд бўлиб ўрнидан турди. Кўзлари чарақлар, қонсиз лаблари табассумдан кенг ёйилган, юзида худогами ёки умиду орзуларини рўёбга чиқарувчи бошқа бир кучгами илтижо ифодалари.
Рўпарасида ер шохламоқчи бўлган бузоқчадек бошини эгиб, кўзларини олайтирганча қараб турган эри. Шу дамда уни қучоғига олгиси, эркалагиси, тўзғиб ётган сочларини силагиси келди.
Ўша кунги ҳолат, уйга гўшт келиши, хотинининг ҳайрати, Зардакчанинг ватан хизматига бориб осмонни қизилга бўяши тўғрисидаги ўйлар Чаппаевга ҳам қаттиқ таъсир этганди. Фақат эрталаб ишга бораётиб том бўғотида ҳилпираб турган латтага ногоҳ кўзи тушганда нима қиларини билмай гангиб қолди, бунинг устига кимсасиз хиёбонда кимдир уни чорлади. Дарахт тепасига қараб таниши Латтаевни кўрди ва осмонга, бепоён кўкликка кўзи тушаркан, беихтиёр ўша гўштни бўлаклаш, тортиш ва рақамлаш жараёни, хотинининг ҳолати, Зардакчанинг газетада босиладиган расми билан боғлиқ манзаралар яна бир бор кўз ўнгидан ўтаркан, ҳаяжон ичида сўзсиз қотиб қолди.
Бошига юқоридан чак-чак этиб бир неча томчи тушганда Чаппаев ана шу воқеаларни мушоҳада этаётганди. Қўли билан бошини пайпаслаб кўрди. Сочлари орасидан қўлига илашган ҳўл ва ёпишқоқ нарсанинг мойбўёқлигини билди, рангини кўз олдига келтирди, бармоқлари билан соч толаларини қаттиқ ишқалади ва қон рангига бўялган панжасига қаради. Қизил! Қип-қизил! Мамлакатни лолазордек қамраб олган байроқлар, шиорлар, транспарантларнинг ранги! Чаппаевнинг юраги ҳар бир зарбида “Яшасин, дальтонизм! Мен қон рангини тан оламан, йўқолсин бўлак ранглар” деб урар, аммо юрак соҳиби бу зарбларни ва нидоларни сўз биланифода этолмай кўкка қараганича қотиб турарди. Шу аснода мойбўёқ челак ағдарилиб кетиб бор кийимбоши қизил рангга бўялишини истар ва айни пайтда, бундан виждонан қийналарди. Ахир дарахт бўялмай қолади-ку. Улуғвор режалар амалга ошмайди, энг ёмони Зардакча қаҳрамонлик кўрсатолмайди. Хаёлига ана шу эътироз келиши билан ўзини қўлга олди ва дўстига танбеҳ берди:
– Ҳой, Латтаев, бу нима қилиқ?!
– Узр, ўртоқ Чаппаев. – Шошиб жавоб қилди Латтаев, кейин тагдор қилиб қўшиб қўйди, – сиз бу ердан ўтмаганингизда бўёқ томмаган бўлармиди…
Чаппаев гапнинг сиёсий тус олишидан чўчиди. Айбнинг бир учи ўзига келиб тақалишини ўйлаб оғриқнинг олдини олган бўлди. Бармоқларидаги бўёқни пойабзалига суртаркан, деди:
– Ташвишланманг, мана, исроф қилмадик.
– Сиз ҳақиқий ватанпарварсиз! – деган мақтов эшитилди тепадан.
– Дарвоқе, нима учун ишга бормай дарахт бўяяпсиз?
– Бу нима деганингиз? – ажабланди Латтаев. – Мен ҳар кун ишдан кейин дарахт ранглайман.
– Ишдан кейин?..
– Ҳа, шундай.
– Унда ҳозир кечқурунми?
– Албатта.
– Ундай бўлса мен ишга бормабман-да?
– Билолмадим.
Чаппаев бармоқлари билан нималарнидир ҳисоблай кетди ва ўз хулосасини баён этди:
– Сиз янглишибсиз, дўстим. Ҳозир эрталаб. Соат йигирма бешта кам саккиз.
– Йўқ, кечқурун.
– Эрталаб! Аниқ биламан. Аниқ билганимнинг сабаби шуки, бозор куни етти кило гўшт олгандим. Қўй гўшти… Ҳар кун бир килодан соламиз қозонга, бунинг орасида беш-ўн кило колбаса билан қази ҳам кетади, албатта. Товуқ, қуён сўйганимиз ҳисоб эмас. Бугун хотиним гўштдан икки кило қолганини айтаётгани эсимда. Демак, бугун жума куни эрталаб. Мен ишга бораяпман, хайр!
– Биз эса ҳар куни икки килодан гўшт еймиз! – Алам билан қичқирди унинг ортидан Латтаев.
Чаппаев ишга бир неча дақиқа кечикиб борди. Директор зина олдида одатдагидек кутиб турарди.
– Ҳа, қани?.. – деди ходимини кўриши билан.
– Йўлда сал англашилмовчилик бўлди. Бўёқ масаласида. Айрим ўртоқлар исрофгарчилик қилишяпти. Бироз тушунтиришга тўғри келди, – деди Чаппаев юзига суркалган рангга ишора қилиб.
– Яхши, – маъқуллади директор, – ҳозир битта шогирдингизни олиб чиқинг-да, идора пештоқидаги шиорни алмаштиринг, қаранг, ранги униқиб кетибди. Биров кўрса нима дейди. Ранги…
Директор оқ демоқчи бўлдию тилини тишлади. Оқ шиор, оқ байроқ деган сўзлар бомбадек туюларди. “Кейин бино ортидаги шиорлар билан том тепасидаги байроқларга ҳам қаранг, ранги учган бўлса, алмаштиринг”, дея кўрсатма берилди.
– Майли-ку, лекин омборда қизил матоҳ тугаганди-да…
– Топинг.
Ҳеч бир ҳиссиётсиз ва тўмтоқ эди бу сўнгги буйруқ. Чаппаев омборга кириб ҳаммаёқни тит-пит қилди. Йўқ, омбор ранги оқариб қолган латталар билан тўла. Ҳаммаси эски шиорлар. Начора, ҳеч бўлмаганда томнинг орқа тарафидаги байроқни алмаштириш керак. Биров кўриб юқорига хабар қилса тамом! Чаппаев хонасига кириб ўзи олди-берди қилиб юрадиган корхоналарнинг ҳаммасига қўнғироқ қилиб кўрди, дўконлардан суриштирди, нажот бўлмагач, уйига телефон қоқди.
– Алвондан қолганми?! – сўради аёлнинг товуши эшитилиши билан.
– Йўқ, дадаси, ўтган сафар охиргисини бергандим.
– Топ!
– Вой ўлай, энди нима қиламан!
– Ҳалиги қизил кўрпачанг бор эди-ку…
– Ўшани сўтиб бергандим-да ўтган ҳафта.
– Аҳ, каллаварам-а!
Чаппаев ялинишга тушди. Ишдан ҳайдалиши, қамалиб кетиши, агар судланса, Зардакчанинг бахти ҳам қаро бўлишини айтиб оҳ-воҳ қилаверди.
– Қўйинг, куйинаверманг, бир гап бўлар, – деди ниҳоят аёл.
– Топсанг, тезда етказ, – буйруқ қилди эр ва бошқа мавзуга ўтди:
– Тушликка нима пиширасан?
– Билмасам…
– Озгина шўрва қил.
– Гўшт солайми?
– Сол. Менга қара, нечанчи рақамда тўхтагансан?
– Тўртинчи.
– Яхши, бешинчи рақамли бўлакни сол.
– Вой, худога шукур!
– Ҳовлиқаверма. Картошканинг… Сабр қил, дафтарни қарай… Ҳа, мана, картошканинг қирқ еттинчи, қирқ саккизинчи…
– Қирқ тўққизинчисини… – Эрининг сўзини бўлиб билағонлик қилмоқчи, шу билан бирга рўзғорда ўзининг ҳам маълум даражада ўрни борлигини англатмоқчи бўлди аёл.
– Қирқ тўққиз дедингми? Бекор айтибсан! Қирқ тўққизинчи картошка қарийб товуқнинг тухумича келади-ку! Ахир келим-кетим бор… Эллик тўққиз билан бир юз учни сол. Ҳу бир томони чириган эгригинаси бору ўшани айтяпман. Икки дона сабзи ташла.
– Тўқсон саккиз билан…
– Йўқ! Йўқ! – қичқирди эр, – у айтганларинг қизил сабзи. Тўғрими? Ҳа, балли! Шўрвага оқи ҳам бўлаверади. Қизилни асраш керак… Ногоҳ меҳмон-пеҳмон келиб қолар. Саксон бир, саксон еттини сол.
– Нон бўлакларини рақамламай кетганакансиз… Қайси бўлакларини ейишни билмай ўтирибмиз. Ўғлингиз нон деб, хархаша қиляпти.
Чаппаевнинг нафаси ичига тушиб кетди. Наҳотки, шундай катта хатога йўл қўйган бўлсам деб ўйлади. Бир муддат жим қолди ва деди:
– Кут. Ҳозир етиб бораман.
Чаппаев уйига ҳансираганча кириб келди. Зардакча нон деб йиғларди. Ота дастурхон очиб бўлакларга кўз ташлади. Аёл ўғлининг бошини силаганча ерга чўнқайди. Ҳаяжонли дамларда ҳамиша шу алпозда ўтирарди. Чаппаев икки бармоқ энидаги бўлакни олиб ўртасидан бўлди-да, бирини ўғлига, иккинчисини хотинига узатди. Аёлнинг қоп-қора, ҳамиша намланиб турадиган кўзларида миннатдорчилик ифодаси балқиди. Зардакча бўлса нонни олиши билан қўшиқ куйлаб юборди:
Туймусимиз фаявон, Пайтиям бўйгин омон…
Эр хотинига мамнун боқди. Кейин ўзича қофия қилди: “Қизил яхши, оқ ёмон, алвон бўлсин осимон “. Зардакча қиқирлаб кулди. Аёл ҳам ота-боланинг бахтига шерик бўлиб бошини қуйи солганча жилмайди. Ўғлининг бошини силади. Боланинг чучук тил билан айтган ҳар сўзи кичкина оилага ҳамиша қувонч бағишларди.
Аслида нима мақсадда келганини ҳам унутиб ширин хаёллар оғушида турарди ота. Деворнинг қизил бўёғи кўчган жойидан тангадек оқлик кўриниб турганига кўзи тушмаса, балки ҳали-бери ўрнидан қўзғалмасди. Оқликни кўрдию ташвиш билан хотинидан сўради:
– Қани латта?
Аёл нариги хонадан бир бўлак алвон олиб чиқди. Эр шошиларди. Латтани қўлтиғига қисди-ю йўлга равона бўлди. Икки ёш йигит билан бино олдидаги шиорни алмаштиришга тутинди, учинчи йигитни чақириб том ортидаги байроқ ўрнига илиб қўйиш учун қўлига ҳалиги латтани тутқазди. Терлаб-пишиб ишлади, директор айтган топшириқлар бажарилди, аммо кўнглининг бир четида турган хиралик сира кетмасди.
Шанба куни ташвишу таҳлика билан бошланди. Шовқин-суронни эшитиб эндигина ишга келганларнинг ҳаммаси бино ортига ўтди. Ҳатто кўчадаги дарахт бўёвчилар ҳам келишди. Бошлиқнинг бесаранжом нигоҳи Чаппаевни қидирарди. Аксига олиб Чаппаев худди шу лаҳзада уйи билан гаплашмоқда эди. Хотинига “Олтинчи тугундаги нўхатни ишлатма”, деб кўрсатма бераётган бир паллада уни бошлиқ чорлаётганини айтишди. Чаппаев далага чиқиб ҳовли одам билан лиқ тўлганини кўрди. Ҳамманинг нигоҳи осмонда. Ногоҳ юраги ҳаприқиб кетди. “Наҳотки осмонни бўяш бошланган бўлса!” деган ҳам қувончли, ҳам аламли ўй билан кўкка қаради. Осмон сатҳида илон тилидек айри бир нарса ҳилпирарди.
Осмон тиниқ, ложувард рангда, байроқ эса қипқизил. Жуда юксакда ҳилпирамоқда. Одамлардан садо чиқмасди. Шунда Чаппаев бирдан сесканиб кетди. Юксакликда, хода учида ҳилпираётган нарсани таниди. Хотинининг иштони! Ҳа, ана икки пойчаси қизил алвондан, оғи ҳам қизил, фақат пойчадан юқори қисми, иштоннинг оғи ва бошини, яъни липпа томонини қандай матоҳданлигини фарқлаб бўлмайди.
Балки шоҳи ёки атлас, ё бўлмаса бахмалдир деган хаёлга борди. Нима сабабдандир шу оддий нарсага қолганда тескари фикрлади. Аёллар иштониниг пойчаси алвондан бўлса, юқориси ҳеч қачон бахмал ёки шоҳидан бўлмаслиги хаёлига келмасди.
Хотинининг нега бундай қилганига ҳам ақли етмади. Хиёнатми ёки адашдимикин бечора. Балки бошқа ҳеч нарса топилмаганидан қилгандир бу ишни. Лекин бу яхшими ёки ёмонми?..
Чаппаев ана шу фикрга аниқлик киритиш учун бошлиғининг юзига қарарди. Ҳеч нарса англаб бўлмасди унинг кўзларидан. Нигоҳида аралаш фикрлар тумани. Орадан бир фурсат ўтиб яна қараганида туманлик тарқалган, кўзларининг тиниқ соққасида аёл иштонидан таралаётган қизил шуъла жилваланарди. “Бу яхшими ёки ёмонми?” – ўз-ўзидан сўради Чаппаев. Аммо жавоб тополмади. Шунда хотинининг бисотида шу битта иштони борлиги ёдига тушди. Аёл энди иштонсиз юради.
Назарида бу яхшига ўхшаб туюлди. Ҳар ҳолда маданиятли аёллар шундай қилишини биларди. Ичкаридан бир қиз югуриб чиқиб, катталар келишганини айтди. Ҳамма ичкарига томон юрди. Жамоани басавлат икки киши кутиб турарди.
– Том тепасидаги нима?
Басавлат кишининг биринчи саволи шундай бўлди.
– Байроқ, – жавоб қилди директор.
– Қандай байроқ?
– Қизил.
– Буни ўзим ҳам биламан. Бизда оқ ёки кўк бўлиши мумкин эмас. Мен байроқнинг шаклини назарда тутяпман.
– Шакли айрисимон.
– Нега?
– Чунки у иштон.
– Лозима, – деб директорнинг хатосини тўғрилади бир аёл.
– Ҳа, лозима.
– Тунбон, – деди мулланамо бир ходим.
– Кимники?
– Чаппаевники! – Шошилинч жавоб берди директор. Басавлат раҳбар атрофдагиларга аланглаб қаради ва сўради:
– Чаппаев деганингиз аёлми?
– Эркак.
– Унда аёлча иштон кимники? Шунда Чаппаев ўртага чиқди.
– Хотинимники, – деди у гуноҳкорона бош эгиб.
Жамоа нафасини ичига ютиб ҳозир нимадир портлаб кетишини кутарди.
– Раҳмат сизга! – деди басавлат раҳбар сира кутилмаганда ва ёнидаги ёрдамчисига имо қилди. Ёрдамчи чўнтагини кавлади, қутича олди. Чаппаевнинг олдига келиб унинг кўкрагига бир бўлак ялтироқ темирчани тақиб қўйди. Ҳамма қарсак чалди. Чаппаевнинг қилган иши ватанпарварлик деб баҳоланди. Биринчидан, ватанпарварлик, иккинчидан, аёлларни маданиятга ўргатиш йўлидаги жонбозлик эканлиги айтилди.
…Чаппаев пилдираганча уйи томон кетиб бораркан, ўғли тирноқчаси билан кўчириб олган жойни бўяб қўйишни ва хотинига медалини мақташни ўйларди. Аёлнинг қувонишини кўз ўнгига келтириб қадамини тезлатди. Ногоҳ биров чақиргандай бўлди. Атрофига қараркан, кўзи ўтган куни эрталаб ўзини ҳайратга солган нарсага тушди. Кўп қаватли уй томида бир бўлак яшил тусдаги латта осилиб турарди. “Ё парвардигор, бу нимаси!” – хитоб қилди Чаппаев ва лаҳза ўтмай деворга ёпишди. Ғиштларга панжа уриб, оёқлари билан таянч нуқталарини пайпаслаганча юқорига кўтарилаверди. Ит ҳурди, мушук миёвлади, қандайдир қуш патирлаб учди. Аммо Чаппаев йўлидан қайтмади. Ниҳоят, панжалари бино бўғотига етди. Латтанинг учи бўғот четига тегиб турарди. Ватанпарвар бир зарб билан уни юлқиб оларкан, матоҳ келиб бўйнига ўралди. Чаппаев иккала қўлини ҳам қўйвориб бутун кучи билан латтани парчалашга тушди. Кўксидаги медали силкиниб жаранглади. У пастга томон қулаб тушаётганини аниқ билди, аммо бирор нарсага осилиб қолишини ўйламади. Қулаб тушаётиб силкинганда тескари бўлиб қолган медалини тўғрилаб қўймоқчи ёки уни ерга қаттиқ урилишдан асрамоқчи бўлдими, қўлини кўксига қўйди ва қайтиб кўксидан узолмади. Ерга келиб қаттиқ урилди ва бетонланган йўл устида кўксини маҳкам чангаллаганча чўзилиб қолди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.