Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 21 страниц)
– Ҳали яп-янги, бир-икки марта таққанман, холос.
– Қанча дейсиз?
– Э, бир нима берингу олинг-да, амак. Сиздай кишиларга пул қаҳатми?
Бу хушомад нишонга урди. Мақтовга ўрганган унинг кўнгли ийиб кетди шекилли, кутганимдан анча зиёд рақамни тилга олди. Бу пул Миракига бориб-келишимга кифоя қилар ва бир нав қорин тўйдиришга ҳам етарди. Кайфиятим кўтарилиб кетиб хиргойи қилганча йўлга тушдим:
Йўл бўлсин-а, йўл бўлсин,
Эккан пахтанг Кремлга гул бўлсин!
Деярли ҳар кун радио орқали эшитадиган қўшиғимиз эди бу. Яна бир қўшиғимиз бор эди ёшликда. Мактабдан қайтишда баъзан комсомоллар йиғилишидан чиққанда тунда уйга қайтаётганимизда баралла овоз билан айтардик:
Ташлади қадам Коммуна сари,
Шонли комсомол яна илгари…
Ой нурида ялтирарди кўксимиздаги ВЛКСМ деган ёзуви бор қизил шиша қопламали нишонларимиз ва биз бундан чексиз даражада фахрланардик. Қўлма-қўл бўлиб ўқиларди Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди?” деган романи. Мана, ортда қолди ҳаммаси кераксиз бир нарсадай. Энди Брежневнинг “Омборда ғалланг бўлса, қўшиқ ҳам оғзингдан тушмайди” деб номланган китобини ўқиймиз. Эртага-чи? Эртага нима бўлади? Ўшанда ва ундан кейинги даврларда миямизга сингдирилган ғоялар нима берди?
Ногоҳ оёғимдаги йиртиқ туфлим ёдимга тушиб йўлдан четга чиқдим. Қандайдир корхона эшиги остидаги зинага ўтирдим ва навбат билан туфлимнинг ҳар иккала пойини қўлга олиб кўздан кечирдим. Ва “ташлади қадам…” деганча яна йўлга тушдим. Ҳа, чўнтагингда пулинг бўлса, қўшиқ ҳам оғзингдан тушмасакан. Бекатгача чамаси беш юз метр. Жадаллаб борарканман, район ва область миқёсида бўладиган катта йиғилишларда пионерларнинг барабан чалиб ва барабандан таралаётган ритм оҳангига мос қадам ташлаб залга кириб келишлари кўз ўнгимдан ўтди. Пионерлар ҳам партия ишига кенг жалб этилганди. Бирорта нуфузли мажлис ўтмасди уларсиз. Етти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг бўйинларида қип-қизил галстук. Ҳа, “галстук”, дейиларда учбурчак шаклидаги қизил латта. Унинг бир учи калтароқ, иккинчи учи узунроқ қилиб боғланар ва катта маъно юкланарди бунга. Галстукнинг калта учи – пионер, узун учи – комсомол ва бу иккаласининг бирлашган жойидаги тугун партия деб тушунтириларди. “Октябрять” деган ном билан аталарди пионердан кичиклар. Хуллас, биз болалар ана шу қизил латта мазмунидан ва унинг рангидан ранг олиб, барабан ва горн садолари остида тўлиб-тошиб яшардикки, ҳатто қорин очлиги ҳам унчалик билинмасди. Нон тақчил эди ваҳоланки ўша эллигинчи йилларда. Мана энди ёшим йигирма еттида. Нимага эришдим? Ота-боболаримиз ношукрчилик қилмасликка ўргатишган. Олдинда эса коммунизм! О, қани энди тезроқ етсак унга. Коммунизм инсоният яшаши мумкин бўлган формацияларнинг энг қизиғи. Нимаси биландир жаннатни эслатади. Коммунизмда давлат ўз функциясини йўқотади. Озод, эркин, тўқ ва фаровон ҳаёт ато этади коммунизм. Унда инсоннинг фикрлаши ва онги шу даражада ривожланадики… Масалан, пойабзаллар магазинига кирасиз. Туфли олмоқчисиз. Ҳамма нарса текин. Туфлилар ҳам. Магазинда, айтайлик, минг хил туфли бор. Сиз энг арзон ва энг оддийгинасини танлайсиз, чунки яхшисини ва қимматбаҳосини олишга виждонингиз йўл қўймайди. Овқатланиш ҳам худди шундай. Палов ёки шашлик гуркираб ҳид таратиб турибди. Иштаҳангизни қитиқлайди қозонкабобнинг ҳиди. Аммо сиз суюққина ва арзонгина карамшўрва буюрасиз… Кийим-кечаклар ҳам, машиналар ҳам худди шундай. “Арзон” деган сўзни янглишиб ишлатаётганим йўқ. Ҳамма нарсанинг нархи ёзиб қўйилган бўлади, албатта, фақат нарх пулни талаб қилмайди, чунки пул деган нарса бўлмайди коммунизмда. Нарх дегани менимча, маҳсулотнинг қийматини кўрсатиб туради, холос. Шундай қилинмаса, сиз оддий тиринка костюм ўрнига коверкот костюмни олишингиз ва виждонингиз бундан бехабар қолиши мумкин-да. Ана шундай. Биз болалар коммунизмга етиш орзуси билан яшардик. Албатта, сароб эди бу орзулар. Аммо ишонардик унга. Хаёлим бўлинди. Бекатга келиб тўхтаган автобус қаттиқ сигнал бериб, жўнашга тайёрлигини билдирди. Бир гуруҳ хотинларга қўшилиб мен ҳам автобус томон югурдим. Худди шу пайт “Бэимкон ака!” деган чақириқни эшитиб тўхтадим ва атрофга аланглаб, мен томон югуриб келаётган йигитни кўрдим. “Сизни хўжайин чақиряптилар”, деди йигит ва нарироқда турган “Волга” томон бошлади. Токи манзилга етгунча машинанинг орқа ўриндиғида ўтириб “Ҳисорак” сув омбори бошлиғи Турсун Муродов билан гапзанам бўлиб кетдик. Бу одамнинг илтифотидан бироз ўнғайсизланардим мен. Камгаплик яхши фазилат. Пифагор мактаби тарафдорлари “Гапирма, тингла” деган ақидага амал қилганлар. Аммо Турсун ҳаддан ташқари камгап одам. Индамай кетавериш ноқулай туюлди менга ва “Тетис” деган роман ёзаётганлигимни билдириб, айрим ўринларини гапириб бердим. Имом Али деган шоир дўстимнинг шеърини ўқидим:
Тетис, Тетис!
Эй, қадим момо,
Уммонларнинг онаси Тетис.
Беш юз миллион йил ўтиб, илло,
Хилхонангда турибман ёлғиз.
Руҳим қақшаб нени сўроқлар,
Қочиб борар жилғалар қаён…
“Беш юз миллион йил…” деди Турсун ва гапнинг давомини оғир бир хўрсиниш билан якунлади. Кейин Полмон қишлоғигача ҳар ким ўз хаёли билан бўлди. Қаънига етганимизда Турсуннинг ўзи билан ўзи гаплашгандай хаёлчан овози қулоғимга чалиниб, унга томон ўгирилдим:
– Шу, Абдурашид тоғангиз ҳам кўп нарса биладилар-да.
– Тоғам доно одам.
– “Буғдойзорда” деган ҳикоянгизда тоға-жияннинг суҳбати бор…
– Ҳа, ҳикоя қаҳрамони…прототип… йигитча эса ўзим.
Осмон тоқига туташиб узоқдан сув омбор тўғони кўринди. Халач қишлоғига етганимизда кўзга ташланади тўғон тепасидаги “Гиссарак” деган ёзув ҳам. Биз Оқдарё бўйигача бордик шу машинада. Қўшқаватли бир иморат турарди соҳил бўйида. “Шу ерда яшаб ижод қилаверинг”, деди коттеж томонга ишора қилиб Турсун. Пастки қаватда катта зал ва иккита хона. Тепада учта мансарда. Каравот, диван, кўрпа ястиғу қозон-товоққача ҳаммаси бор. Атроф қалин дарахтзор. Баҳайбат ёнғоқ дарахтлари супа ва чорпояларга қуюқ соя солган. Атрофда ариқ, чашма, бассейн… Аммо қораламаларим Қарши шаҳридаги уйда қолиб кетганди. Эртаси куни ёзишга шу қадар иштиёқ сездимки, қоғозларимни олиб келиш мақсадида дарҳол Қарши томон йўл олдим.
Мана мен яшаб турган уй. Эшигим олдида кутиб ўтирган аёлга кўзим тушиб нима қиларимни билмай туриб қолдим. Заҳар солишга чоғланган чаёндек эшик олдида бетоқат юриб турибди Ёқутой. Аста ўзимни зина панасига олдим. “Уялманг, кираверинг!” деган овоз келди ичкаридан. Пайқаб қолган экан қурмағур.
– Нима ишингиз бор менда. Тезроқ айтинг, вақтим йўқ. Қоғозларимни оламан-у кетаман, – дедим соатимга қараб олиб.
– Қоғозларингиз менда.
– Қанақасига сизда бўлади? Нима ҳаққингиз бор менинг…
– Мен ёзувни давом эттирдим.
– Ким сизга рухсат берди қоғозларимга тегинишга!? – ҳайқирдим ер тепиниб. Ҳақиқатан ҳам жаҳлим чиқиб кетганди. Бадиий асар оддий бир мақола эмаски, уни қайта тикласанг… Йўқ, ҳатто мақолани ҳам айнан аввалгисидай қилиб қайта ёзиш қийин.
– Кутиб туришга вақтим йўқ. Сиз жуда имиллаб ёзаркансиз.
– Қани новеллам?
Сумкасини кавлаб, букланган, ғижимланиб кетган бир даста қоғоз чиқарди Ёқутхон.
– Мана. Фақат мен ёзганларни ўзгартирманг.
Биз хонага кирдик. Қоғозларни стол устига қў йиб кафтим билан текисладим. Ёпишиб қолган овқат қолдиқларидан тозаладим қоғозларни ва шоша-пи ша охирги саҳифага кўз югуртирдим. Унда қизил сиёҳ билан ажи-бужи қилиб ёзилган шундай сўзлар турар ди: “Тиркаш сейфни очди. Қимматбаҳо тақинчоқлар ва тўрт килодан зиёд олтин тангалар тўла сандиқчани олди. Каравотида ҳамон ухларди прокурорнинг қизи. Деразадан пастга сакради Тиркаш. Ҳеч ким пайқамади. Сандиқча ичида бриллиант кўзли ўн дона узук, зумрад тош қадалган олтин ҳалқалар, гавҳар ва садаф тошли билагузуклар, ҳар бирининг нархи етти миллион сўм турадиган йигирма дона тилла занжир, олмос кўзли брошкалар бор. Тиркаш буларни эсон-омон уйига олиб келди ва ҳеч ким топа олмайдиган жойга яшириб қўйди”.
Кулдим: – Олтин танга оз-ку. Нега йигирма кило ёзмадингиз?
– Оғир бўлиб кетади дедим. Қўлга тушиб қолиши мумкин. Йигирма кило олтин танга, яна тақинчоқларни кўтариб қочиш осонми?
– Йигирма-ўттиз кило бўлганда бир нималик бўлиб қолармидик…
– Тўрт кило тилло ҳам кам эмас. Бир нечта иномарка олиш мумкин. Данғиллама уйлар қурса бўлади. Шаҳар марказидаги “Биё-биё” ресторанини сотиб олсам дейман. Айтгандай ҳозир қайси иномарка модада? "Каделлак”ми, Шевролет… ёки…
Машиналар номини билмай жим қолди Ёқутхон. Бу соҳада билими етарли эмасди унинг.
– “Кенагасбегим либослари” супермаркети даромаднинг уяси. Шуни ҳам сотиб олсам… Ундан кейин… Сиз Одилани танийсизми?
– Билмадим. Одилалар кўп бўлса…
– Йўқ, мен айтганим шаҳарда, балки республикада битта. Одила Пурмановна. Танийсиз, ҳамма танийди уни, жуда зўр кийинади-да. Товуснинг ўзи дейсиз…
Рўпарамда ўтирган аёлнинг юзига қараб, шу лаҳзада дунёни унутгани ва олтинларни нималарга сарфлашни ўйлаётгани, Одила Пурмановнани йўлда қолдириб кетаётган ҳолатдалигини пайқаб, ич-ичимдан тошиб келаётган кулгини босиш учун лабимни маҳкам тишлаб турардим. Ниҳоят ўзимни қўлга олиб сўрадим.
– Хазина тўла сандиқчани ўзингиз айтган “Ойимтилла”сига бергандир-да, Тиркаш?
– Вой, худо асрасин!
Чўчиб ўзига келди Ёқутхон. Пушаймонлик акс этди юзида. Оғир хўрсинди. Ва хайрлашишни ҳам унутиб, бошини қуйи солганча жимгина чиқиб кетди.
Мен ҳам шу жойда ҳикояга нуқта қўйдим. Бундай ҳикояни яна давом эттириш бошимга бир дунё ғавғо орттириш билан баробарлигини тушуниб етган эдим.
ҚАДР
1
Хилват бир гўша топиб Тиркашнинг тақдирини қай йўсинда ҳал қилиш йўлларини ўйлаб олишим керак. Тиркаш янги бошлаган ҳикоямнинг қаҳрамони. Раъйимга бўйсунмай тихирлик қилади, шу сабабли қоғозга туширган барча тасвирларим ёқмайди ўзимга. Аввал ўқитувчи сифатида гавдаланди ҳикояда ва пахта масаласида мактабдан ҳайдалди. Кейин дўкондор бўлди ва текширувда камомад чиқиб, қамалиб кетишига сал қолди. Россияга мардикорчиликка кетиб оёғини совуққа олдириб қайтди ва ҳоказо… Уни бахтли қилишга уринишларим беҳуда. Мен аслида ёзувчи эмас, омади чопмаган рассомман. Балки ёзувчиликдан ёруғ тонгларни кўрарман, деган мақсад билан мўйқаламни оддий қаламга алмаштирганман. Яъни рассомчиликни ташлаб, бўёқ билан эмас, сўз билан тасвирлашга ўтганман. Нима бўлганда ҳам бой-бадавлат одамга айлантиришим керак Тиркашни. Менга умид кўзини тиккан бечора Тиркаш. Инсон тақдири билан ўйнашиб бўлмайди, демак жиддийроқ ўйлаб олишим керак. Ана шу мақсадда ҳамишаги жойимга бормай, хиёбоннинг тескари томонига юрдим. Бу томонларда одам кам. Хилватсаро гўшалар кўп. Хиёбоннинг ўнг тарафидаги улкан чинор остида кимнингдир қораси кўринди. Аммо дурустроқ қарамадим. Майли, менга халақит бермайди. Ўтириб хаёл суриш учун каштан дарахтининг тагидаги скамейкани танладим. Хаёлга келган баъзи бир фикрларни ёзиб қўйиш мақсадида чўнтагимдан ёндафтарни оларканман, қурбақанинг қуриллашига ўхшаш аллақандай товуш қулоғимга чалинди. Гарчи рассом бўлсам-да, сўзлар билан ўйин қилишни яхши кўраман. “Қурбақа қуриллади, ичагим чуриллади”, деб ёздим-у, йилнинг бу фаслида бақалар сайрамасди шекилли, деган ўй билан атрофга бирров қараб олдим. Рўпарадаги скамейкада антиқа бир жонзот ўтирарди. Кваземода. Аргус… У бошини кўтарди. Шунда англадимки рўпарамда пайдо бўлиб қолган бу одам Кваземода ҳам, Аргус ҳам эмас. Бу одам Веласкес қалами остидан чиқиб қочгану мана шу жойга келиб қарор топган Калабасас ҳам эмас. Бу одам ўзимизнинг Тиркаш, яъни Нор алкаш. Унинг бутун жозибаси изтиробли кулгисида ва кўзларида. Лабида кулги, кўзларида асрий мунг.
Чўнтагимдан қалин муқовали ёндафтаримни олганимда Сариқ тумшуқ майнани нон увоқлари билан сийламоқда эди Нор. Гарчи унинг чўнтагидан бир бўлак ноннинг учи чиқиб турганини кўриб турган бўлсам-да, шу лаҳзада очлик азобини унутган ва бутун вужудим билан унинг юзига қараб қолгандим. Хунукликнинг ҳам ўзига хос жозибаси бор. Ёзувчиларни билмадим-у лекин рассомларни гўзал малакнинг чеҳрасидан кўра, кўпроқ ўзига тортади бу ҳолат. Шаҳар майдонида, кўчада ёки хиёбонда ногоҳ рўпарангиздан чиқиб қолган таъвияга бир марта қарасангиз бас, бир умр ёдингиздан кўтарилмайди унинг юз ифодаси. Бу овлоқ шаҳарда яшай бошлаганимдан буён дам-бадам уни учратсам-да, сира хаёлимга келмаганди сувратини чизиш. Нима жин урди бугун ёки бу қорним очлигининг ва унинг чўнтагида яримта ноннинг учи кўриниб турганининг касримикин? Нима бўлса ҳам шиддат билан ишга киришдим. Дастлаб белдан юқори қисмини чизишга чоғландим. Аммо унинг эгриланиб кетган баҳайбат ботинкаси эътиборимни тортди ва беўхшов оёқ кийими ҳамда унинг ёнида донлаётган майна аввалроқ пайдо бўлди менинг дафтаримда. Бу ҳам ўзига хос бир тажриба. Қаламим Норнинг маймоқ туфлиси устида ҳаракатланаётганда вазият ўзгарди. Чўчиб ҳавога кўтарилди қуш. Ўрнидан қўзғалган эди қушнинг раҳнамоси. Ва бир томонга сал оғганча, бироз чўлоқланиб деҳқон бозори томон кетиб борарди.
Чала қолди чизгилар. Ишни “объект”нинг юзидан бошламаганимга афсусландим ва унинг ортидан юрдим. Якшанба бўлганлиги сабабли, ҳар кунгидан ҳам гавжум эди бозор. Бодринг ва помидор сотиб турган аёл қаршисида тўхтади Нор. Бошини бир ёнга эгиб бир неча бор лабларини чапиллатди, ютинди ва сотувчи опанинг юзига қараб бош бармоғини кўрсатиб, “зўр” деган ифодани англатди. “Сен ўлмадинг, мен қутулмадим”, деди опа ёнидаги ҳамроҳларини кулдириш мақсадида ва бир дона бодринг олиб Норга ҳавола қилди. Кўринишидан ландавурдек тасаввур қолдирса-да, худди цирк жонглёридек чаққон ва эпчил эди менинг “объектим”. Ҳавода чирпирак уриб учиб келаётган бодрингни ерга туширмай илиб олганини кўриб кулиб юборди шу атрофдаги бозор аҳли.
2
Йўлда давом этди Нор. Биров олма отди, биров бир бош узумни унинг қўлига тутқазди. Бир бойлам кўк пиёзидан кечди яна биров. Ҳадя этилган нарсаларни қўйнига солиб, бозор расталари ортига ўтди. Измаиз бордим ортидан. Унинг сувратини чизсам, ажойиб асар чиқишига ишонардим ва шу ният билан уни кузатишда давом этдим. Нор алкаш келяпти қўшиқ айттирамиз, деди дўкондорлардан бири шеригига кўз қисиб. Анов барматухадан бир стакан қуй. Шериги бир стаканни тўлдириб, “Портвейн” қуйди. Дўконга яқинлашди Нор. Пештахта устидаги винони кўрди, аммо атайлаб тескари қараганча ўтиб кетаверди. Дўкондорлар чақиришини ва вино ичиришини биларди. Улар ҳай-ҳайлаганча ортга қайтардилар уни. Ютақиб стаканга қўл чўзди Нор. Аввал қўшиқ, кейин вино деб стаканни нарироқ сурди дўкондор. Бугун овози панд бериб турганлигини билдирди Нор, стакандаги қирмизи суюқликдан кўз узмай. Дўкондор винони олиб токчага қўйди.
– Аввал қўшиқ, кейин вино!
Томоқ қириб олди Нор ва ҳирқироқ оҳанг билан ажабтовур қўшиқ таралди унинг дўрдоқ лабларидан:
Абжал деган бойвачча
Аёғида нўғайча
Юринг, ўртоқ, борайлик,
Аёғидан ичайлик…
Аёғидан беммаса,
Қизини олиб қочайлик.
Аслида, “р” товушини туппа-тузук талаффуз қила оларди у, аммо қўшиқнинг таъсир кучини ошириш учун атайлаб “ароқ” сўзини бузиб айтарди. Ва шу сўзни айтаётганда дастлабки бўғинларни икки-уч ҳисса чўзар ва баланд пардаларда тугалларди. Мириқиб ва қийқириб кулишди дўкондорлар. Олдига суриб қўйилган винони қўлига олди Нор ва Саҳрои Кабирда сувсиз қолган йўловчидек икки юз эллик граммли стаканни бир кўтаришда бўшатди. Сомонранг чакмонининг дағал енги билан лабларини артди. Қорни оч эди шекилли, “Портвейн” яхшигина таъсир кўрсатди, каловланиб дўкон олдида бироз турди-да, алкаш-чалкаш қадам ташлаб, нари кетди. Орадан ўн дақиқалар ўтганда дўкон ортидаги хилват оралиқда донг қотиб ухлаб ётганини кўрдим. Яримта бодринг қўлида, қўйнидаги “захираси” ерга сочилган. Бир гала майна учиб келиб ҳеч нарсадан тап тортмай узумни чўқилай-чўқилай чиқиндилар қутиси томон олиб кетишди. Афтидан, Норни яхши танир эди бу қанотли жониворлар ва унинг маст бўлишидан манфаатдор эдилар.
Мана, энди унинг юзини ва юзидаги чизиқлару белгиларни бемалол тадқиқ этиш мумкин. Аммо мақсадга мувофиқ чиқмайди алкашнинг бу ҳолатдаги суврати: Кўзлари юмуқ, сўлжайган лаблари орасидан оқаётган сўлаги ва умуман, унинг уйқудаги ҳолати… Норнинг бутун қиёфаси бир тараф, кўзининг ўзи бир тараф. Унинг қаҳраборанг кўзлари ва жуда чуқурликдан, балки миянинг нақ гипоталамус марказидан порлаб чиқадиган қаҳрабо нур шу даражада тиниқ ва айни пайтда мияда юз бераётган жараёнлар ифодасини шунчалик ёрқин акс эттирадики, ундан кўз узолмай қоласиз. Бир карати минг тиллога тенг бўлган, ўзидан нур сочувчи ноёб маъдан ҳам эътиборингизни бу даражада тортмайди. Йўқ, бу мутлақо ножоиз қиёс. Сўз билан таърифлаёлмас эканман, унинг қиёфасини ва хусусан, кўзларини сизга чизиб кўрсатишим керак.
…Бу шаҳарга келган дастлабки кунларимдаёқ унга эътибор бергандим. Ўшанда биз “Ҳулё” хиёбонида, бир скамейкада ёнма-ён ўтириб қолганмиз. Унга эътибор қилмадим дастлаб, жуда толиққан эдим, бунинг устига қорним ҳам оч. Чўнтагимдаги танга-чақа тамадди қилиб олишга етармикин деган ўй билан скамейкага оғир чўкдим ва ёнимда ўтирган киши карсиллатиб бодринг еётгани, бодринг ҳиди димоғимга урилиб турганидан нима учундир жаҳлим қўзиб унга, яъни ёнимда ўтириб бодринг еётган кишига ғазабнок назар ташларканман, унинг кўзларига тўқнаш келди нигоҳим ва мен… ҳамма нарсани, очликни ва ҳатто ўзимни ҳам унутдим. Бундай бадбашара десам хато қилган бўламан, бундай беўхшов инсонга шу даражада ифодаларга бой, шундай тиниқ ва айни пайтда шу қадар маҳзун кўз ато этган табиатга ич-ичимдан тасаннолар айтганча унга тикилиб, кўз узолмай қолдим.
Юқорида мен баён қилган воқеалар бўлиб ўтди шундан кейин. Бир ҳафтада тайёр бўлди унинг суврати. Илҳом билан ишладим. Худди шу кунларда маҳаллий рассомлар асарларининг кўргазмаси бўлаётган эди. Ва мен беш-тўрт сўм ишлаб олиш мақсадида “Нор алкаш”ни даст кўтариб, шаҳар маданият саройи томон йўл олдим. Шартли равишда бу бинони ҳашаматли “Ра” деб атайман. Қуёш – табиий, бино пештоқидаги тасвир сунъий, Одамлар қуёшга эмас, унинг сувратига қараб ҳайратланадилар.
3
… Ва мана, ниҳоят, Сиз ҳашаматли “Ра” олдида турибсиз. Ҳовлида тумонат одам. Бино пештоқида Галактикамизнинг улуғ ёритгичи порлаб нур сочади. Олтинданми ёки шунга ўхшаш ярқироқ бошқа металлданми ясалган қуёш рамзи бу. Осмонда ҳақиқий қуёш чарақлаб тургани ҳолда одамлар сунъий қуёшга ҳайрат ила қарашаётгани сира ҳам таажжубланарли эмас. Инсон зотининг табиати ўзи шунақароқ…
Ичкарида эса “Нор алкаш”. Унинг қиёфасида дафъатан бирон-бир ғайритабиий белгини кўрмайсиз. Аммо одамлар сувратдан айнан ана шу нарсани излайдилар. Кимдир уни топгандай бўлади. Балки бор сеҳру жозиба Норнинг баҳайбат ва беўхшов бошмоқлари орасида сочилиб ётган нон увоқларини териб ейишдан умидвор бўлиб турган қушдадир. Чўчинқираб турибди жонивор. Бирор кори-ҳол юз бергудек бўлса, учиб қочиш тараддудида. Иккала оёғини ёнма-ён қўйиб тиззасини бирозгина букканча, қилт этмай қотиб туриши шуни англатади. “Унинг кафтидан ва панжалари орасидан тўкилаётган увоқлар кимга аталган? Нега ўзи емай увоқларни ерга сочяпти? Мени тутиб олиш учун эмасмикин унинг бу саховатпешалиги?” Қушнинг кўзларида ана шу савол. Увоқларни териб есам майлими, индамайсанми? Уларни ўзинг емайсан-ку, деган ўтинч ҳам бор қушнинг кўзларида. Бу қуш, айтайлик, ҳайвонот оламига бой Австралия қитъасида яшайдиган чайлачи қушдай, ё бўлмаса, муҳташам калибридай, ҳеч бўлмаганда кивидай ҳайратомуз ҳам эмас. Ўзимизнинг оддийгина, кўримсизгина майна. Патлари қўнғиртоб, ҳар иккала қанотининг учгинасида жимжилоқдай оқи бор. Гавдаси ҳам мусича ва ёки қумриникидан катта эмас. Аслида, унинг қанотида яна бир нечта оқ патлар бор, аммо бу патларни фақат парвоз қилганидагина намойиш этади майна. Қанотини икки ёнига йиғиштириб турган ҳолатида жигарранг патлар орасида яширинган бўлади улар.
Норнинг нигоҳида беқиёс завқу шавқ. Ҳа, завқланишни ҳам биларди бу одам. Дунё бўм-бўш. Дондан умидвор бўлиб турган шу қушдан бўлак ҳеч нарса йўқ. Ҳатто ўзини ҳам, тупроққа беланиб ётган чакмонини ҳам унутгандай кўринади Нор. Зеро, бунинг ҳеч қандай ажабланадиган жойи йўқ. Кейинги даврда кечган ҳаёти давомида ҳеч қачон кийимнинг ғамини емаган ва ўн йиллар давомида биронта пайпоқ сотиб олмаган. Устидаги чакмонга ўхшаш дағал кийими аскарлар киядиган сомонранг шинель. Қарийб ўн йилдирки, унинг танини совуқлардан ва ҳатто ёзнинг жазирамасидан ҳам ҳимоя қилади, кўрпа ва кўрпача вазифасини ҳам ўтайди ана шу чидамли оғир ва дағал ”чакмон”.
Одамлар Норнинг юзидан кўз узиб майнага қарайдилар. Авваллари бу қуш ҳаммадан қаттиқ чўчир ва одамни хавфли дарранда деб биларди. Аммо кейинчалик, дунёда Норга ўхшаш кишилар ҳам борлиги туфайли, одамларга шу қадар ўрганиб қолдики, бу қушлар, ҳатто оёқ остида ўралашиб юрадиган бўлди. Мана, у Нор алкашни диққат билан кузатиб турибди. Тумшуғи ним очиқ. Боши бир ёнга эгилган. Тумшуғи билан оёғи сариқ рангда. Нега шундайлигини худо билсин. Нима бўлганда ҳам табиат майнага қолганда рангни бироз аяган. Норнинг чўнтагида анчагина нон увоғи бор. Этаги ерда тўшалиб ётган чакмонининг киссасидаги бир бўлак ноннинг учи аниқ кўриниб турибди суратда. Албатта, майна буни эътибордан соқит қилмаган ҳолда ва қум зарраларига аралашиб кетган увоқларни, Норнинг қўл ҳаракатини, баҳайбат ва беўхшов жигаррангдаги бошмоғини назардан қочирмаган ҳолда бутун эътиборини Норнинг кўзларидаги ифодага қаратган”. “Бу одамнинг мақсади нима?” Қушнинг данак катталигидаги миясида энди ана шу савол. Ҳушёр турибди қуш. Нима бўлганда ҳам одам – одам-да. Ундан ҳар балони кутиш мумкин, гарчи у Нор алкаш бўлса ҳам.
Одамлар майнадан кўз узиб, яна Норга қарашади. Бошидаги қора телпакнинг бир қулоғи осилиб елкасига тушган. Иккинчи қулоғининг қатида бир дона сигарет. Ва телпакнинг пешона қисмида қаламнинг учи кўринади. Энг қизиғи, бўйнида аёлларнинг зарбоп кўйлагидан қирқиб тайёрланган қўлбола бўйинбоғ. Ҳа, бўйинбоғ жуда антиқа. Ҳатто менда ҳам бунақаси йўқ. Бу жиҳатдан Нор мутлақо танҳо. Телпак остидан жўхори попугидек сариқ қизғиш соч толалари қулоғи устини қоплаб олган. Сувратга ботиний нигоҳ билан қараган зиёли кишилардан бири ёнидаги ҳамроҳининг қулоғига шивирлади:
– Сиз унинг кўзларига қаранг! Ундаги мунгнинг улуғлигини кўряпсизми?
– Назаримда, нимадир бордай.
– Бор. Унинг ҳаёти билан таниш бўлмаган киши фожианинг нақадар улуғлигини пайқамаслиги мумкин.
– Сиз танирмидингиз бу одамни?
– Биз университетда бир гуруҳда таҳсил олганмиз. Бир минг тўққиз юз тўқсонинчи йиллар…
– Олий маълумотли одам нега бу ҳолатга тушган?
– Гапни бироз ўйламай тик гапирадиган одати бор эди… Кейин у катта лавозимдаги раҳбарлар билан ўчакишадиган бўлди ва тузумга қарши чиқди… Қамалди…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.