Текст книги "Ёзувчи учун атир"
Автор книги: Неъмат Арслон
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 21 страниц)
КЎП ҚАВАТЛИ ҲИКОЯ
Соат ўн. Аслзодалар уйқудан туриб нонушта қиладиган маҳал. Қуроқ дастурхонга ўраб қўйилган бир бўлак қотган нон ва бир коса сув, баъзида эса, омад чопганда бир чойнак чой билан икки дона сомса. Ҳаётдан нолимайман. Чунки нолишга ҳаққим йўқ. Шу тўғрида узоқ ўйладим. Нега ҳаққим йўқ? Ўйлайман ва тишларим орасида эзилиб синиб садо бераётган нон увоқларининг ҳузурбахш говдирашига қулоқ тутаман. Ошқозонимда енгилгина оғриқ бор. Унинг ҳаётдан ҳамиша норозилиги ва гоҳида миямга ултиматум йўллаб ичакларни қўзғолон кўтаришга даъват этиши ўта нонкўрлик. Кеча ярим тунда уйғониб кетиб, ичимдан эшитилаётган ҳукмрон овозларга қулоқ тутдим. Нима қилишяпти ўзи булар? Чап ёнимда нимадир бот-бот қулдирар, ўнг томонимда оч бўрининг увлашидай нолакор ва ваҳимали овоз, инграган-синграган товушлар мажмуаси. Бу мажмуа ҳаммасидан устивор. Эрталаб тўшакдан турганимда ҳам тинмаган эди қўзғолончилар алолоси. Билиб, билмасликка олдим. Ўзимни чалғитиш ниятида дераза олдига бордим. Бу ердан “Афсона” емакхонаси яққол кўриниб туради. Хўрандалар учта-тўртта бўлиб, столлар атрофида ўтиришибди. Оқ пешбандли хизматкорлар ҳаракатда. Ана, банд этишди беҳи дарахти остида тош деворга тақаб қўйилган столни ҳам. Ёшгина қиз билан юзма-юз ўтирибди қориндор бир кимса.
Деворга тақаб қўйилган бу стол менинг энг севган жойим. Гарчи бирор марта ҳам емакхонанинг эшигидан киришга журъат этмаган бўлсам-да, ҳеч кимга бергим келмайди стол устига олачалпоқ соя ташлаб турадиган беҳи дарахти остидаги бир бўлак жойни. Шабадада силкинаётган япроқлар шивири. Қошиқ-товоқларнинг жарангидан кўра япроқларнинг майин садоси аниқроқ эшитилади менга. Оқ пешбандли гумашта… Дарвоқе, хўрандаларга хизмат кўрсатувчи официанткаларни гумашта десак тўғри бўлармикин, шу ҳақда ўйлаб қолдим. Бир ёзувчи бу касбдаги кишиларни “лаганбардорлар” деб ишлатибди. Қўшилмайман. “Лаганбардор” деган сўзни юз йил сувга ботириб қўйсангиз ҳам, хушомадгўйдан бўлак маънони бермайди. Балки лагандор деб ишлатилгани маъқулроқдир… Хуллас, лагандор қиз янги келган хўрандалар дастурхонига жимжимадор шиша ва икки дона узуноёқ финжон келтириб қўйди. Дастурхон ўртасидаги суйрисимон чинни товоқда кейинги йиллар таоми – Гриль! Мен бу таомни ғоят эъзозлаганим сабабли уни ҳамиша бош ҳарф билан ёзиб, охирида ундов белгиси қўяман. Ва қачон бўлмасин, мақсадимга эришсам, бир мартагина бўлса ҳам тўйиб Гриль(!) есам дейман. Гриль(!) газ печка ёки ультрақизил нур таратадиган электр генераторли шкафда айлантириб пишириладиган парранда ёки мол гўшти. Шубҳасиз, жуда лаззатли!
Қорним қаттиқ қулдираб, ичакларим чуриллай бошлаши билан деразадан узоқлашдим. Қорин жониворнинг ҳам кўзи бор. У кўради. Ахир қорин инсон вужудини ҳаётий куч билан таъминловчи тўртинчи чатра. Бу кўп улуғ чатра. Астойдил ҳаракат қилсам мақсадга эришаман. Яъни, қўзғолонни бостираман ва асабийлашаётган чатрани тинчитаман. Мақсадим эса умримда бир мартагина бўлса ҳам тўйиб Гриль(!) ейиш. Бунинг учун астойдил меҳнат қилишим керак. Новелламнинг охири кучли портлаш билан тугаши тўғрисида узоқ ўйладим. Шуни ўйлаб хонада бир муддат кезиндим. Аммо хаёлимни қанчалик жиловлашга ҳаракат қилмай, беҳи дарахти остидаги дастурхон ва унинг устида турган Гриль(!) томон қочаверди хаёл қурмағур. Ва мен беихтиёр яна деразадан қарадим. Қориндор билан қиз оқ рангдаги машинага ўтиришди. Лагандор қиз стол устидаги овқат қолдиқларини йиғиштириб олмоқда. Товоқда чала чайналган гўшт бўлаклари…
Новелла устида қанча ўйламай, хаёлимга дурустроқ фикр келмади. Шунда рассомчиликни арзимас бир сабаб билан ташлаб қўйганимдан қаттиқ пушаймон едим. Ва “Аквариум” емакхонасида – иккинчи қаватга чиқаверишдаги зина устида – турган портрет кўз ўнгимда гавдаланди. Унинг тагида, яъни суврат бўёғи тугаган жойда, матоҳ ўртасида “Бу – сен”, деган ёзув бор. Ўнг томонда эса “Султ Ост” деган имзо. Султон Остон бу менинг номим. Бошимга катта ташвишлар солган шу сурат ҳамон ўша жойда илинган турибди. Сувратдаги қиз ҳамон ўша алфозда: кўз узмайди рўпарасидаги одамдан. Кўзларида эса туғён урган ишқ ёлқини. Бекорга эмас бу. Ўзи ёқтирмаган ёки севмаган эркакка бундай қарай олмайди аёл. Ҳар ҳолда, ўртамизда ҳали тамоман пишиб етилмаган, аммо беқиёс куч билан миғжалаётган ва ҳадемай қийғос гуллар очадиган нимадир бор. Энг бефаросат киши ҳам сувратдаги аёл кўзларига қараб туриб “да, амаки” деганча бош тебратиб қўйиши мумкин. Улфатлари билан емакхонага келган Тўлаган ҳам иккинчи қаватдаги хилват хонага кўтарила туриб, сувратга кўзи тушди. Қаради-ю, турган жойида қотди. Бу сувратни аввал ҳам кўп марта кўрган дўстлари бир неча зина юқорига кўтарилиб, ортда қолган улфатга қарашди. “Ҳа, севиб қолдингми сен ҳам”, дея кулгига олди улардан бири. Сир бой бермасликка ҳаракат қилди Тўлаган. Бу қизни танимайди улфатлари…
2
Қандайдир бир куч мени кўча томон судради. “Афсона”нинг олдидан ўтиб борарканман, катта қозонга кўзим тушди. Яримлаб қолган паловни ошпаз капгир билан титиб сабзига аралаштиряпти. Капгир устида ўйнатади гўшт бўлакларини. Паловнинг бетакрор ҳиди… Оғзимда ғалати бир таъм. Чуқур-чуқур нафас оламан. Шубҳаланиб қарайди ошпаз. Энди палов ҳидидан баҳраманд бўлиш имкони тугаган, бу ердан кетишим керак. Ахир мен, аслзода Тиркашкруннерман. Шундай бўлгач, қандайдир бир ифринди ошпазнинг шубҳали қарашини кўтара олмайман. Аммо кетмадим ва ошпазнинг кўзларига қаттиқ тикилиб туравердим. Заҳарханда кулги кўринди унинг ёғли мийиғида. “Ошхонани бу ердан кўчириш керак”, дедим шунда мен жиддий туриб. Оёғимдан тортиб бошимгача таҳқиромуз назар ташлади ошпаз. Ошнинг ва Гриль (!)нинг ҳиди димоғимга ёмон урилиб кўнглимни айнитаётганини айтдим. Ошпазнинг юзида таажжуб. Аччиқроқ бирор гап айтишни ўйларди афтидан. Қозон олдидан узоқлашдим. Қадамларим чалкашиб бораётганини сезиб, хиёбондаги скамейкага томон юрдим. Ерда, шундайгина оёғим остида ярим палла ёнғоқ тушиб ётарди. Уни олишдан олдин ичида мағзи бор-йўқлигини тахминладим. Агар мағзи бўлса, ўнгидан келади ишим, новелламни яхши баҳолайди ва қабул қилади журнал. Кейин камида юз минг сўм қаламҳақи беришади. Шунда мен беҳи остидаги столда ўтириб Гриль(!) буюраман… Ёнғоқ палласини ердан олиб қарадим. Тўнкарилиб ётгани сабабли мағзига ёпишган қум зарраларини кўриб, бироз ранжидим. Оғзимга яқин тутиб қаттиқ пуфладим. Пуф! Пуф! Ёнғоқ кўрак навли бўлгани сабабли, оппоқ мағзини маҳкам чангаллаб турарди пўчоғининг ички томонга қайрилган четлари. Ҳам тиғи, ҳам шохаси ва бигизчаси бор чопқимни олдим чўнтагимдан. Мағиз ерга тушиб кетмасин деб, дастрўмолчамни тиззаларим устига ёйдим-да, бигиз учини ишга солиб, худди бемор миясини операция қилаётган хирургдай эҳтиёткорлик билан мағизни авайлаб чиқариб олдим.
3
Дунёдаги бор мевалар орасида фақат ёнғоқ мағзигина инсон миясига жуда ўхшайди. Мағизнинг тепа қисми бош мия пўстлоғидай; жарликлар, чуқурликлар, тоғ тизмаларидан иборат. Ва худди бош чаноғидай қаттиқ қобиқ ичига олинган буларнинг ҳаммаси. Гарчи уни тезроқ чайнаб ютгим келаётган бўлса-да, бармоғим учида тутиб обдан қарадим. Шу лаҳзада мен ўзимни инсониятга миянинг калитини тутқазган Гольджи ва ҳатто Кахал деб тасаввур қилмоқдаман. Мана, Сильвиев жўяги, мана, бош миянинг пешона қисмида стриатум маркази. Аниқ кўраётганимнинг сабаби шундаки, баъзан кун бўйи бош мия яримшарларини ёнғоқ мағзига муқояса қилиб, лупа орқали қараб ҳайратланарли даражада ўхшашликдан донг қотганман. Ёнғоқ мағзи ҳам иккита ярим шардан иборат. Ундаги таламус, гипоталамус, гиппокамп марказларини топиб, белгилаганман неча бор қизил ва кўк сиёҳ билан. Сабрим чидамади бу сафар. “Бош мия”ни оғзимга солиб, кўзларимни юмганча узоқ чайнадим. Оқмағиз ёнғоқнинг таъми нақадар мазали! Қаттиқ норозилик билан қабул қилди бу таомни ошқозоним.
Кўзимни очганимда бўйчангина бир киши турарди рўпарамда. Узун эди унинг қўл-оёқлари ҳам. Эътиборимни тортди унинг беқарор чақнаб турган кўзлари. Бу одам ўғри, деган фикр миямга урилди дафъатан. Ва унинг бармоқларига разм солдим. Ҳа, унинг енгил гавдасини зарур бўлганда бемалол кўтариб тура оларди бу чайир бармоқлар. Ҳар ҳолда шундай тасаввур қолдирди манда. Рўпарамдаги скамейкага ўтирди-да, кўз қири билан менга қараб олди ўғри. Ҳа, назаримда, ҳамма нарсани бирйўла кўрарди унинг кўзлари. Қаердандир ўқигандим. Чивиннинг ҳар бир кўзи икки юзтадан майда кўзлардан иборат бўларкан. Ва шу боис чивин дастурхон устидан учиб ўта туриб, ундаги ҳамма нарсани биратўла илғай оларкан. Менимча, бундай хусусият ўғриларга ҳам хос.
Рўпарамда ўтирган киши дастлаб менга бир-икки қаради-ю, қиёфамдан диққатга сазовор бирор нарса топмай, зериккан алфозда рўпарадаги уй томон ўгирилиб олди. Шунда уни обдан кузатдим мен ҳам. Ва ишонч ҳосил қилдимки, унинг юзига ва умуман қиёфасига кун бўйи қараб ўтирсангиз ҳам зерикмайсиз: Чувак юзи қотма гавдасига жуда мос. Елкалари унча кенг бўлмаса-да, мушакларида куч гупириб турганлигини англаш қийин эмас. “Бу одам ўғри”, деган фикр янада мустаҳкамланди шууримда. Ва унинг томоғи остидаги яримта ёнғоқ палласидек кекирдагига кўзим тушаркан, овози арранинг дариллашига ўхшаса керак, деб ўйладим. Жуда эшитгим келди унинг овозини. Бунинг учун нимадир деб унга мурожаат этишим керак:
– Дўстим, сиз мабодо Эшевни танимайсизми?
– Таниганда қандоқ! Эшев Мустофни айтяпсизми? Менинг энг қалин улфатим бўлади Эшев Мустоф. Мустоф билан бир камерада уч йил ўтирганмиз. Ўзингиз ким бўласиз, братан? Ҳар бир ҳарфига, хусусан “б” ҳамда “р” товушларига бетакрор урғу жойлаб айтди сўнгги сўзни. Таҳдид ва менсимаслик бор эди унинг “братан”ида.
– Мен… Бенавоман.
Юқори лаби бурун остига томон жийирилиб, пастки тишлари кўринди унинг ва қулоқни тешгудек кучли, тиғиз ингичка ҳуштак овози янгради.
– Ўзингизни таништирмадингиз?..
– Тиркашкруннер дейишади мени.
Дурустгина ҳуштак чалардим мен ҳам. Энг муҳими, бармоқларимни оғзимга тиқмасдан чалишнинг раптини олгандим ва ҳамсуҳбатимнинг овози тиниши билан, санъатимни ишга солдим. Скамейка суянчиғига ястанганча иягимни юқорига кўтариб бор кучим билан ўшқирдим.
– Бессопан?! – дея ўрнидан туриб кетди Тиркашкруннер.
– Бессопан.
Қаттиқ ҳаяжонланиб кетди Тиркашкруннер ва ўртадаги масофани икки ҳаккалашда босиб ўтиб, менинг ёнимга келиб ўтирди-да, елкамга қўл ташлаб секин хиргойи қила бошлади:
Кладил кирпеч,
Поставил казан.
В казане сазан.
Бессопан, Бессопан.
Налей мне,
Налей мне, Братан,
Полний стакан.
Бессопан, Бессопан!
Нақаротига жўр бўлдим мен ҳам:
“Бессопан! Бессопан!”
– Оқшомлар ғишт уюми устида ўтириб, эҳ, қандай куйлардик бу қўшиқни! Қандай ҳаволанарди овозимиз. Ўзиям крутой эди-да бу қўшиқни ёзган йигит. Одамнинг жони эди… Куйлай туриб, озодликдаги эркин ва беғам ҳаётимизни кўз ўнгимизга келтирардик. Ўша ҳаётда …
Мавзуни бирдан ўзгартирди Тиркашкруннер ва ички бир овоз билан қандайдир монологни ҳилқиниб айта бошлади:
“О, битганда эди менинг пешонамга ҳам пул деб номланган, одамлар бармоғига туфлаб санайдиган ифлос қоғоз. Атрофимни ўраб олишарди қавму қариндошларим, укаларим. Минг афсуски, қашшоқ, уйсиз-жойсиз бир кимсаман!” Ана шундай деб, чайир бармоқларини кенг ёйганча кўксига босди Тиркаш ва давом этди: “Дастурхондаги қоқнонга қарадим. Ҳозир есаммикин уни сувга ивитиб ёки асраб қўйсаммикин эрталабки нонуштага, деган хаёл билан пешонамни ишқалаганча бир муддат ўйга толдим. Қаттиқ ишқаладим яна шўрлик пешонамни, худди унда битилган тақдир ёзувини сидириб ва ўчириб ташламоқчидек. Тулки олиб қочиб бораётган хўрознинг ноласи чалинди қулоғимга. Ва гўдаклигимда момом айтиб берган эртакдаги мисраларни аввал ўз ҳолича айтиб кўрдим, сўнгра бироз ўзгартириб, бор овозим билан қичқирдим:
Укагинам, Бахтижон,
Мени кутқазгин шу он.
Очлик мени элтмоқда
Ўлим диёри томон!
Қийқиллаб хўрознинг қичқиришига монанд садо чиқарди менинг томоғимдан. Аччиқ кулгига қўшилиб кетди шеърнинг охири. Ва шу лаҳзада жаранглаб урилди шууримга ўктам бир садо: “Ўғирла!” Бу садо ортидан бостириб келди бир қатор мушоҳада. Ўғирласам, бой бўлсам, машина олсам ва миндириб юрсам гоҳ Ёқутни, гоҳ Назирани! Қўлга тушсам, қамалсам… Йўқ, йўқ, қўлимдан келмайди, қилолмайман мен бу ишни. Стол устида ётган газетани олиб қарадим ана шундай хаёллар билан…”
Э, воҳ! Булар менинг ҳаётим ва менинг фикрларим эди. Ва энди мен эшитмасдим ёнимда ўтирганча алжираётган Тиркашкруннернинг ҳикоясини. Бир маромда ғинғирларди унинг овози қулоғим остида. Гўё менинг ичимга кириб олган-у миямда содир бўлаётган воқеаларни ўқиб ўз номидан айтаётгандай. Шундай бўлиши мумкинми? Ёки бу одам изма-из юриб, менинг ҳаётимни ўрганганмикин? Балки кўринмас қиёфага кириб мен билан бирга яшагандир… Ё бўлмаса, хонам тепасидан яширин туйнук очиб кузатиб турганмикан? Кўз узолмай қолдим ундан. Қўрқиб бутун вужудим музлай бошлади. Ҳаётингизни икир-чикиригача биладиган одам… Ёлғизликда нималар қилмайсиз ахир… Буларнинг барчасини кўриб турган одам қўрқинчли эмасми?
Кейин уят ҳисси қамраб олди борлиғимни. Сўзлашдан тўхтамасди у. Ҳамон шивирларди унинг лаблари. Ёқутойнинг сувратини ёстиғим устига қўйиб ётганим ва бошқа воқеалар ёдимга тушди. Кичик бир новеллам босилган газетани қўлимга олиб, қанча қалам ҳақи чиқаркин дея балки юзинчи бор…
“…Балки юзинчи бор кўз югуртирди ўзи ёзган ҳикояга” деб, менинг ҳаётим тўғрисидаги воқеаларни энди учинчи шахс номидан сўзлашга киришди Тиркашкруннер: “…Биринчи уриниш, биринчи муваффақият ва биринчи қалам ҳақи… Аммо қуруқ эди айни дамда унинг чўнтаги. Қалам ҳақи наридан-бери уч кун тамадди қилишга етди холос. Беихтиёр ёзув столига ўтирди ва узоқ ўйлаб ўтирмасдан сарлавҳа қўйди-да, мана бундай деб ёза бошлади: “Тун қоронғи эди. Тиркаш нафасини ичига ютиб девор тагида биқиниб турди. Деразада сўнди чироқ нурлари…” Аммо ёқмади унга азалдан мерос бўлиб келаётган бу услуб. Бутун бошли асарда ҳамма гап “ди, ди” ва “эди, эди” билан тугаши жуда хунук, жуда қашшоқ, жуда ночор… Сўнгра “Қоронғу эди тун…” тарзида тескарисига айлантириб ёзишга киришди барча гапларни. Жуда қийин эди бу усул. Дастурхонга қаради ортига ўгирилиб бир неча бор. Дастурхон четига ўраб қўйилган яримта нон бамисоли оҳанрабодек тортарди уни ўзига. “Ейман!” Қатъият билан айтилди бу сўз. Ва Тиркаш оч бўридек ташланди нонга. Аммо очликдан ҳам даҳшатли бир куч – эртанги кундан қўрқув сақлаб қолди ноннинг жонини. Кун давомида учинчи бор такрорланмоқда эди бу ҳолат. Тиркаш кўзларини юмганча нонни ҳидлади ҳузур қилиб ва дастурхонга ўраб қўйди яна… Ҳикоя қаҳрамони эса ҳамон девор тагида турар ва хонада чироқ ўчишини, хонадон аҳли уйқуга кетишини кутарди. Ойсиз қоронғи тун. Соат икки. Хонада чироқ ўчганига ярим соатдан ошди. Ва ниҳоят, чайир қўллари билан деворга тирмашди Тиркаш. Шу лаҳзада гавдасининг бор оғирлигини ғиштлар оралиғидаги чизиққа ёпишган бармоқлари тутиб турар, яланг оёғи билан таянч излар ва шарпасиз ҳаракатлар билан бамисоли калтакесакдек юқорига томон интиларди. Уйнинг ташқи кўринишидаги улуғворлик ва темир дарвозадан ҳар кун “Каптива” маркали машинанинг кириб чиқишига қараб хонадон жуда бой бўлса керак, деган қарорга келганди ўғри. Шунга қарамай, хонадон эгаларининг ит сақлашмагани ва бошқа пулдор кишиларникидек қоровулларнинг йўқлиги бироз ажабланарли. Девордан ошиб ўтаркан, бинонинг шарқ томонидаги деразалардан бири ҳамиша очиқ туришини назарда тутиб, шу томон ҳаракатланди…”
Шу жойда узилиб қолди Тиркашкруннернинг ҳикояси. Энди менга шубҳа ва ўкинч билан тикилиб турарди унинг кўзлари. “Нима гап?” деб сўрамоқчи бўлдим. Аммо суҳбатдошим мендан олдин мақсадини англатди.
– Бу хавфли ўйин, – деди бошини сарак-сарак қилиб. Ва қовоқ уйиб босим тикилди менинг юзимга:
– Мени бундай ишга йўллашинг инсофдан эмас.
– Ўғирликни айтяпсанми? – сўрадим мен ҳам сенсираб.
– Бошқа нимани бўларди…
– Иккалангиз икки дунёдаги одам…
– Ёки яна қамалишимни ва яна Бессопанда ўтириб чиқишимни хоҳлайсанми? – ўкинч билан сўради Тиркашкруннер гапимга қулоқ солишни ҳам истамай.
– Тиркашкруннер, дўстим, айтяпман-ку ахир, сен реал ҳаётдаги одамсан. Борсан, тириксан. Мана мен билан суҳбатлашиб, дардлашиб ўтирибсан. У эса ҳикоямнинг қаҳрамони, холос. Сен ҳаётда ҳаракатланасан, у эса қоғозда. Ораларингда ер билан осмонча фарқ бор.
– Аммо ўғирлиқ учун яхши шароит яратилган, – деди у хаёлчан бир тарзда. – Бундай шароитда ўғирликка кирмаган ҳам номард. Ҳовлида ит йўқ, хона деразаси очиқ… бой-бадавлат хонадон.
– Нима қил дейсан унда?
– Давом эттирамиз, майли, мен розиман. Фақат ўғирлиқ ҳаддан ташқари осон бўлмаслиги керак. Баъзи бир ноқулайликлар ярат. Қалтисликлар ярат, қўлга тушиб қолиш хавфи дегандай. Акс ҳолда ўғирлиқ татимайди. Худди ўз уйингдан олгандай… Дўстларга сўзлаб беришга ҳам арзимайди бу воқеа…
Уйга қайтиб, ёзувларимга кўз югуртирдим. Ҳаммаси тўғри, худди Тиркашкруннер айтиб берганидай. Ўғри (унинг оти Тиркаш) очиқ турган дераза томон ҳаракатланмоқда…
4
… Ажиб бир нозанин билан танишгандим бир неча ҳафта аввал. Аммо чўнтагимда ҳеч вақо йўқлиги сабабли, уни на сайрга, на бирон-бир кўнгил очиш масканига, на емакхонага таклиф этолдим. Агар бу новеллам муваффақиятли чиқиб, журналда босилса… Йўқ, қалам ҳақи арзимас пул, бунинг устига асар босилгандан кейин, орадан бир ой ўтиб берилади қалам ҳақи. Уни ҳам қўлга эмас, пластикка ўтказишади. Қиз болани бирон-бир жойга таклиф этиш учун чўнтак қаппайиб туриши керак. Аммо Ёқутхон кўринишидан соддадилгина ва камсуқумгина қиздай тасаввур қолдирди менда. Аслида, қандай инсонлигини айтолмайман. Касб-ҳунар коллежида дарс бераркан. Эвоҳ, нариги хиёбондан жадаллаб келаётган унинг ўзи эмасми! Йўлни кесиб ўтяпти. Шу ерга келиши аниқ. Бирон-бир тадбир ўйлаб топишга улгурмадим. Бошимни хам қилиб, нигоҳимни ердан олмай туравердим. Ҳадемай рўпарамга келиб тўхтади унинг оппоққина туфличаси. Бошимни кўтармасам, иложим йўқ энди. Овозимга ҳам ҳаяжон, ҳам савол урғуларини жойлаганча, ўрнимдан отилиб турдим ва нидо қилдим:
– Ёқутхон?!
– Ёнингизда ўтирган киши ким эди, Бенаво ака?
– Бир танишим… нимайди?
– Наҳотки?
– Ажабланманг, у яхши одам.
– Дўстингизми?
– Биз жуда қадрдонмиз.
– Шубҳаланиб қолдим сиздан.
– Бунга ўрин йўқ.
– Ўша дўстингиз ё ўғри, ёки маньяк.
– Нималар деяпсиз, Ёқутхон, унинг исми хунукроқ холос, ўзи…
– Яхши бўларди, унинг исмини билиб қўйсам.
– Танишмоқчимисиз, майли, айтаман. Унинг исми Тиркашкруннер. Айтинг-чи, нега бунча қизиқиб қолдингиз унга?
– Вой, ану кишини қаранг, рашк қиляпсизми дарровдан?
Индамай бошимни четга бурдим. Аслида кўнглимда рашк ҳам, бошқа бирор аризигулик туйғу ҳам йўқ. Шу қақажон билан шунчаки вақт ўтказиш учун валақлашиб ўтирмоқчиман, холос. Ҳаммаси очлик азобини унутиш учун.
– Қайси ошхонада ишлайсиз? – дедим ундан қандайдир егулик ҳиди келаётганини сезиб. (Оч одамнинг ҳид билиш қобилияти беҳад кучайиб кетишини кўп марта синаб кўрганман). Қиз индамади. Скамейкага ўтириб сумкачасини тиззаси устига қўйди ва менга бир қараб олди-да, “ўтиринг” деб имо қилди. Ўтирдим. Сумкачасидан аввал кичкина дастурхонга ўхшаш тўртбурчак сочиқча олиб иккимизнинг ўртамизга ёйди, сўнгра иккита Хот-дог олиб, дастурхонга қўйди.
– Олинг!
Мен бурнимни жийирдим.
– Агар емасангиз…
– Бунақа таомларни жиним суймайди.
– Жинингиз суймаса суймас, сиз жиннинг раъйига қараманг.
Қизнинг нуктадонлиги ва сўз ўйинига усталигидан мамнун бўлдим. Ёзувчи қавмига асқатади бундай гаплар. Шунга қарамай, “Нега менга овқат олиб келди. Очлигимни пайқаб қолганмикин. Кеча суҳбатлашганимизда нималар тўғрисида гаплашгандик ўзи…” деган андишалар кўнглимдан ўтаркан, “емайман”, дедим қатъий қилиб.
– Емайсизми? Унда сиз билан умуман гаплашмайман ва ҳозироқ кетаман!
Ўрнидан турмоқчидек ҳаракат қилди у ва сумкачасини қўлига олиб яна менга қаради.
– Оббо, қўймадингизда, начора…
Юмшоқ нон ҳиди ва унинг ичига жойлаштирилган колбаса бўлаги, қизил сабзи тўғрамаси! Воҳ, қанчалар жозиб куч бор бу таомда. Кўз қирим билан дастурхончага қараб олдим. Ва беихтиёр қўл чўздим. Мана, хотдог менинг қўлимда, мана, ҳиди гупиллаб урилмоқда бурнимга ва мана, лабларим, тишларим, тилим унинг таъмидан жунбишга келяпти. Дастлабки луқмани ютдим ютақиб. “Ваҳ, бунча лаззатли” деган нидони ҳам хот-дог билан қўшиб ичга ютдим. Сумкачасидан атирга бўктирилган рўмолча олиб, лабларимни артиб қўйди. Бу қиздан қандай қилиб қутулсам, деган ташвиш бор кўнглимнинг бир четида. Ҳаддан ташқари тўпори. Мен эса ёзувчиман. Диди нозикроқ аёл керак менга.
– Нега бундай сўлжайиб қолдингиз? – дея тирсаги билан туртди биқинимга. Ночор илжайиб қарадим унинг юзига. Шиддат билан бостириб келмоқда эди бир туп қора булут. Бошим билан осмонга имо қилиб, булутни кўрсатдим.
– Ёғади, – деди у бошини ҳинд киноартистларидай чайқаб.
– Хайр, мен кетдим.
– Мен ҳам.
Биз йўлга тушдик. Халоскоримдан тезроқ қутулишни истардим. Аммо қадамимни қанча тезлатмай, ортда қолдиролмадим уни.
– Келдим.
– Кираверинг, мен ҳозир… – деганча, йўлнинг нариги бетидаги емакхона томон юрди Ёқутхон. Энди мени топиб бўпсан дедим-у, ўзимни ичкарига урдим. Югургилаганча кўтарилдим тўққизинчи қаватга. Мана менинг уйим. Бир хонали квартира. Сен қайси қаватда туришимни сўрамадинг ҳам ҳатто. Худди аввалдан келиб-кетиб юргандай, “сиз кираверинг”, эмиш. Мана, деразанинг ўнг томонида ёзув столим. Тиркашкруннер ҳозир қаерда бўлса, деган хаёл билан каравотимга узандим. Мана энди Ёқутхон 185 квартирали бу уйнинг у бошидан бу бошига изғийди… Фикримни тугатишга улгурмай, эшик очилди: .
– Ушланг! Ушланг! Ҳадемай тушиб кетади қўлимдан! – деганча қутини қўйишга жой излаб, атрофга аланглади Ёқутхон. Қутини олдим қўлидан. Қўлёзмаларимни бир зарб билан стол устидан сидириб ташлаб дастурхон тузади. Мен учун шоҳона базм эди бу. Эрталаб ўрнимдан туриб қоғозларимни тополмадим. Ёқутхоннинг ўзи ҳам ҳеч қаерда кўринмасди. Бир хонали уйда ҳам яширинса бўладиган жойлар бор-да ахир. Столнинг таги, шифоньернинг ичи, ювиниш хонаси, нимқоронғи даҳлизча… Йўқ, уни қидириб бу жойлардан топа олмадим. Энди зиёлилар олами янги ҳикоядан маҳрум. Қораламаларимнинг унга нима кераги борлигини қанча ўйламай, хаёлимга дурустроқ фикр келмади. Наҳотки қоғозларимни ҳалигидай… мақсадда ишлатиш учун олган бўлса? Ёзув столига ўтириб ҳикояни қайта тиклашга уриниб кўрдим. Аввалгидек чиқмади дастлабки сатрлар. Диққинафаслигим ортиб борарди вақт ўтган сайин. Носкадисини йўқотган носкашдан бадтар аҳволдаман. Ниҳоят соат ўн бирларда эшик очилиб, қўлида бир даста қоғоз билан кириб келди менинг шилқим “энагам”. Ҳа, уни айни пайтда бошқача атай олмайман. Мен боғча боласи-ю, у энага.
– Тиркашнинг тақдири нима билан тугайди, сиз шуни айтинг аввало менга! – қичқирди ер тепиниб, ҳали мен оғиз очишга улгурмасдан.
– Қўлга тушадими ёки қутулиб кетадими?
– Барибир эмасми сиз учун? – мен ҳам қичқирдим жаҳл билан.
– Барибир эмас. Тиркаш менинг эрим!
– Бу одамларга нима бўлган ўзи, – деганча унинг қўлидаги қоғозларга чанг солдим.
– Бермайман. Тиркаш ё ўлиши, ёки… ҳеч бўлмаганда қамалиши керак.
– Нега?
– Чунки менга хиёнат қилган у номард. Энди унинг бошқа ойимтилласи бор. Мен қасос олишим керак. Қасос!
– Кимни назарда тутяпсиз? Тиркашними ёки Тиркашкруннерними?
– Круннерга бало борми? Менга Тиркашни ўлдириб ёки қаматиб берсангиз бас.
– Майли, ҳаракат қилиб кўраман, – дедим унинг қўлидан қоғозларимни олиш учун атайлаб муросага келиб.
– Қачон ўлдирасиз? Қанча вақт керак сизга?
– Бир ҳафта. – Оғзимга келгани шу бўлди. – Бир ҳафтада дунёни ўзгартириш мумкин. Фақат келаси жумагача мени безовта қилмасангиз бас.
– Мен рози!
Болаларча қувонч барқ уриб турарди унинг юзида. Лабларини кенг ёйиб табассум қилди ва “чечетка” рақсига тушаётган испан раққосасидай этагини силкитиб ер тепинди. Шу ҳолатда жуда дилбар бўлиб кўринди кўзимга. Новеллани тезроқ ёзиб тугатиш энди мен учун ҳаётий зарур масала. Сўнгги саҳифага кўз югуртирдим: “…Тиркаш хона ўртасида. Чап томонда, хона тўрида баланд каравот. Кимдир кўрпага бурканиб ётгандай. Каравот ёнидаги жавонча устида нималардир ярқираб кўринади. Шарпасиз қадамлар била каравотга яқинлашди Тиркаш ва жавонча устидаги тақинчоқларга бирзум тикилиб қолди”.
– Ол! – дедим ва икки ҳарфдан иборат шу қисқа сўзни қоғозга туширдим. Бирзумда ғойиб бўлди билакузук, сирғалар ва маржонлар. Энди тарк этса ҳам бўларди бу жойни, аммо қўлга киритилган тилла тақинчоқлар қониқтирмади уни ва каравот адоғидаги темир эшикка тикилиб қолди.
– Қайт!
Бу сафар менинг буйруғимга бўйсунишни истамади ўғри. Тўғрисини айтсам, менинг ўзим ҳам темир эшик ортида нималар борлигига қизиқаётган эдим. Ногоҳ Ёқутхоннинг қўйган талаби ёдимга тушиб иккиланиб қолдим. Тиркашни “ё ўлдиришим, ёки қаматишим” шарт. Шу лаҳзанинг ўзида каравотда ётган қиз уйғониб дод солса, Тиркаш унинг овозини ўчириш учун қандай тадбир қўллайди? Деразадан сак раб тушиб қочадими ёки қизни бир ёқли қиладими? Мантиқан олиб қараганда, Тиркаш қизни ўлдириши керак. Чунки ўғрини кўрди қиз, уни таниб қолди. Бу хавфли. Бу полиция маҳкамаси, қийноқлару сўроқлар ва қамоқ. Гувоҳни ўлдирса ва ими-жимида чиқиб кетса… Йўқ, бундай қилолмайди Тиркаш. Шу билан бирга, яна қамоққа тушишни ҳам истамайди. Шундай экан, қизнинг уйғониб кетмагани ва дод солмагани маъқул.
– Нима қил дейсан? – сўради Тиркаш.
– Темир эшикни оч! – буюрдим ҳеч иккиланмай. Каравотда ётган қиздан кўз узмаган кўйи темир эшик томон юрди ўғри. “Эшикда сирена ёки сигнализация ўрнатилган бўлса-чи?” деган ўйдан этим жунжикиб кетди. Нима бўлса бўлди. Тақдирда борини кўрамиз. Индамай кутаман. Қани нима бўларкин? Тиркаш тажрибали ўғри. Қалтис ишга қўл урмайди. Кузатиб турдим. Кўнглимнинг бир четида Ёқутойнинг талаби айланади. Мен Тиркашни ўлдиришим, ҳеч бўлмаганда уни қаматишим керак. Унинг овози қулоғимга чалинади: “Бессопан, Бессопан!..” Ўғри жамиятимиз учун хавфли. Шунча йил қамоқда ўтириб тўғри йўлга кирмади ва мана энди яна менга нотаниш қандайдир бойваччанинг уйига ўғирликка тушди. Бойвачча ҳалол одамми? Ойлик маош билан шундай ҳашаматли бинони қуриш мумкинми? Йўқ, юз йил емай-ичмай йиғинса ҳам бундай данғиллама саройни қура олмайди. Демак, бойвачча ҳам ўғри. Халқнинг, давлатнинг мулкини ўмарган. Аввало, унинг ўзини жазолаш керак! Мен токи шундай фикрлар оғушида турарканман, эшикка қўл чўзди Тиркаш. Сукунат. Оҳиста ва бир маромда нафас оляпти уйқудаги қиз. Чўнтагидан бир даста асбоб-ускуналарини олди ўғри ва улардан бирини, кейин унинг ўрнига иккинчисини қулф тирқишига тиқиб, фақат қулфбузарларгагина таниш бўлган қандайдир ҳаракат билан эшикни очди. Ана, унинг рўпарасида сейф! Темир сандиқ! Атрофни кузатди Тиркаш. Хонада ҳеч ким йўқ. Сейф кодланган. “Овора бўласан, дўстим, қайт ортингга!” деган нидо шууримдан отилиб чиқиб, сейф олдида турган кимсанинг шуурига урилди ва у бир дам иккилангандай бўлди. Аммо сейф олдидан кетишга куч топмади ўзида. Сейф томон юрди шарпасиз қадамлар билан… Худди шу лаҳзада димоғимга гриль (!) ҳиди урилди ва мен беихтиёр ортимга ўгирилиб қарадим. Ёқутхон турарди остонада. Қўлида зарқоғозга ўралган гриль(!). Ё тавба! Наҳотки бир ҳафта шунча тез ўтиб кетган бўлса?
– Нима бўлди Тиркаш?! – шанғиллади у эшикдан кирар-кирмас бор овози билан. “Овозингни ўчир” деган ишорани қилдим мен ҳам қўлимни бор кучим билан силтаб.
– Ҳа, намунча?.. – шивирлашга яқин бир овозда гинахонлик қилди жувон.
– Тиркашнинг ҳаёти қил устида. Ичида катта хазина бор сейф олдида турибди.
– Вой, шундайми? Очсин! Очсин! Сейфда олтин ва бриллиант тақинчоқлар бор! Ишончим комил… Очсин тезроқ! Очсин!
– Қўлга тушса-чи?
– Тушмасин! Тушмасин! Худойим, ўзинг мадад бер унга! Паноҳингда асра уни!.. Тап этиб ерга тушди ёқутнинг қўлидаги грил (!)иккала қўлини осмонга чўзиб илтижо қилишда давом этди аёл.
– Аллоҳим, Тиркаш бегуноҳ банданг. Болалигимдан бери биламан уни. Бир партада ўтирардик биз. Мактабни олтин медаль билан битирган. Олий маълумотли филолог Тиркаш… Оҳ, унинг шеърларини ўқиганингда эди!..
– Нималар деб жавраяпсиз?! Бас қилинг! Худо шеър ўқийдими! Динимизга шак келтирманг! Ахир сиз уни ўлимга буюрмаганмидингиз!
– Иссиқроқ қилинг нафасингизни, – деди энди Ёқутхон хотиржам оҳангда, – нима бўлганда ҳам у менинг эрим…
– Унда билганингизни қилинг. – Шундай деб пальтомни йўл-йўлакай кийганча кўчага отилдим. Ва қай томон боришини суриштириб ўтирмай, бекатга келиб тўхтаган автобусга чиқдим. Гўё ортимдан Ёқутхон қувиб келадигандай бетоқат эдим ва шошилардим. Нима бўлса ҳам, уйдан узоқроққа кетсам бўлди. Хоҳламайман бу аёл билан бир ҳаводан нафас олишни. Ана шундай ғазабнок ўйлар оғушида ўзим билан ўзим гаплашиб борарканман, ногоҳ осмон билан бўйлашиб турган бир минорага кўзим тушди. Кўк гумбаз! Наҳотки Шаҳрисабзга келиб қолган бўлсам?! Ҳа, ана, қадимий обида ортида Гумбази Саидоннинг ҳаворанг пештоқи. Ундан нарида дарвешлар кулоҳидай бўлиб улуғвор Ҳазрати Имом масжидининг ғиштин гумбази кўриниб турибди. Шошилганча турдим ўрнимдан ва овоз бердим:
– Шу ерда тўхтатинг!
– Пулини тўламайсизми? – Заҳарханда қилди ҳайдовчи эшикдан чиқаётганимда. Гарчи чўнтагимда ҳемири ҳам йўқлигини билсам-да, пальтомнинг барча чўнтакларига бир-бир қўл суқиб, елка қисдим ва айбдорларча минғирладим:
– Пулим бор эди… Ҳозир… Мана, ҳозир…
– Савлатидан туя ҳуркади-ю… – тўнғиллади ҳайдовчи. Эшиклар шақир-шуқир ёпилди, оғир инграганча ўрнидан жилди автобус. Раҳмим келди бечора автобусга. Аммо начора, пулим бўлмаса нима қилай. Бир дам йўл четида гарангсиб турдим. Кейин оғир қадамлар билан ортга қайтдим-да, Гумбази Саидон томон юрдим. Ер билан гаплашаётгандай ё осмонга ўз дардини айтаётгандай шивирлаб, шитирлаб учиб тушарди ҳовли ўртасидаги кекса тут дарахти новдаларидан заъфарон япроқлар. Гумбаз эшигидан кирарканман, оғир сукунат ва оғир босим остида қолгандай сездим ўзимни. Рўпарамда узунлиги икки метрлар келадиган қабртош. Сағананинг ўзи қаердалигини билиб бўлмайди. Одам жасади гўё шу тош ичида ётгандай туюлди бир дам ва тезда чекинди бу алдамчи тасаввур. Аввал ҳам бир неча марта зиёрат қилгандим бу жойни. Ўнг тарафда яна бир хона бор. Унда ҳам сағана йўқ, фақат қабр тоши ва сукут. Умуман, қабристон ва сукунат мангу бирга. Қабртошлар олдида бош эгиб турарканман, одам одамга ғанимат деган фикрдан кўнглим ўксиди ва ғамгин тортганча, зиёратгоҳни тарк этиб, Мираки мавзеси томон йўл олдим. Автобусга чиқишга юрагим бетламади. Бу мавзе Шаҳрисабздан ўттиз киломатр узоқда. Агар соатига ўртача беш километр йўл боссам, олти соатда етиб бораман, деган ўй билан Эски почта бекатигача бордим. “Хўш, туфлинг-чи!” дея ҳайқирди ичимдан бир овоз. Оёғимга қарадим ва ички овознинг танбеҳи тўғрилигига тан бердим. Ҳақиқатан ҳам туфлимнинг аҳволи ночор. Миракигача мени олиб боролмаслиги аниқ. Ўнг оёғимнинг жимжилоғи кўриниб турибди туфли зеҳидан. Чап оёқ туфлисининг таглиги ёрилган… Дарҳол бўйинбоғимни ечиб, чўнтагимга солдим. Оёқда йиртиқ ва рангсизланиб қолган туфли, бўйинда шоҳи бўйинбоғ! Мана сизга контраст тасвир. Қўлимни чўнтакдан чиқаришга улгурмай, миямга урилган фикрдан қувониб кетдим. Бугун жума. Нефтиразведка мавзесидаги барахолка бозори ишлайди бугун. Бўйинбоғни билагимга ташлаганча бозор ораладим. Ёши етмишлардан ошган бир қария харидор бўлди. Кўринишидан пенсияга чиққан компартия ходими. Кўкрагининг ўнг томонида узунлиги олти-етти сантиметр келадиган қизил, сариқ ва кўк шишачалар тизими. Агар янглишмасам “колодка” дейишарди буни. Ва бу орден медаллари бор, деган маънони ифодаларди. “Чампул?” деди қария масхараомуз оҳангда. “Сколька дадите?” дедим унинг тожикча саволига жавобан. Кейин биз ўзбекча савдолашишга ўтдик.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.